loader

028. Қасос сураси

Бу сура Маккада нозил бўлган. Суранинг 85-ояти Макка ва Мадина орасида, 52 ва  55-оятлари  эса, Мадинада нозил бўлганлиги ҳақида ривоят бор. Сура  88 оятдан иборат. «Қасос»-воқеалар, ҳикоялар деганидир. Бу сура номини 25- оятидан олинган. Суранинг асос мавзуларини Мусо (а.с)нинг болалигидан бошлаб ҳаёти, мужодалалари, тавҳид аҳлининг зафари ва дунё сарватига(бойлигига) ишониб бўлмаслиги ташкил этади.

Бандаларига бу дунёда ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.

1-6. Бу ҳарфларнинг маънолари Парвардигорга ҳосдир. Сура ҳукмлари равшан (очиқ, аниқ) китобнинг (Қуръоннинг) оятидир. Эй Муҳаммад, биз сенга Мусо алайҳиссаломнинг хабарини ва Фиръавннинг ҳикояларини Жаброил алайҳиссалом воситасида ҳаққу ростлик билан сенга ўқиймиз. Токи иймон келтирганларга ибрат бўлсин. Албатта Фиръавн ер юзида (Мисрда) ғолиб бўлиб кибр қилди. Халқни гуруҳ-гуруҳ бўлиб ташлади. Булардан бир тоифасини ожиз ва асир қилиб ўзига хизматкор қилиб олди. Ўғил болаларни қатл қилиб, қизларни (тирик) қолдирар эди. Албатта бу Фиръавн муфсидлардан (фасод қилувчилардан) эди. Фиръавнга мунажжимлар хабар берган эдиларки: «Яҳудлардан бир бола туғилади, сени ҳалок қилиб мамлакатингга эга бўлади». Шунинг учун ҳам Фиръавн ўғил болаларни ўлдирар ва қиз туғилса, қолдирар эди. Биз ожизаларга эҳсон қилиб, Фиръавннинг зулмидан нажот беришни ирода қилдик. Ва Бани Исроилни бошқа халқга пешво қилишликни, буларнинг мамлакатига ворис қилишликни ва Бани Исроилга Миср ерларидан жой бериб, буларни қудратлик қилишни хоҳладик. Фиръавнга, ҳомонга ва уларнинг лашкарларига Бани Исроил тарафидан хавф қилган нарсаларини кўзларига кўрсатишни ирода қилдик.

7-9. Вақтики, Мусо алайҳиссалом туғилиб дунёга келдилар. Булар Мусонинг онасига илҳом қилдикки: «Қўрқмасдан болангни эмизиб тарбия қилавер». Болангни Фиръавн қатл қилишидан қўрқсанг болангни бир сандиққа солиб дарёга оқизиб юбор. Болангни нобуд бўлишидан қўрқма, ғамгин бўлмагин. Биз болангни ўзингга қайтариб берамиз. Охир болангни пайғамбарлардан қиламиз». Ҳазрати Мусонинг оналари Мусо алайҳиссаломни бир сандиққа солиб сув кирмайдиган қилиб маҳкам қилди-да, кечаси олиб бориб дарёга ташлади. Дарёдан оқиб бориб бир канал (наҳр) орқали Фиръавннинг боғига кирди. Эрта билан Фиръавннинг хотини кўриб сандиқни сувдан олди. Худонинг иродаси билан бу бола (келгусида пайғамбар бўлиб) уларга душман ва ғамгин бўлишларига сабабкор бўлувчи эди. (Бу болани) ўзлари тарбия қилгани турдилар. Албатта, Фиръавн ва Ҳамон ва уларнинг лашкарлари беҳуда, хато қилиб болаларни ўдирар, ва Худонинг иродасини даф қилмоқчи бўлар эдилар. Лекин Худо хоҳлаганини қилади. Фиръавн болани кўриб ўлдирмоқчи бўлди. Унинг хотини айтдики: «Бу болани ўлдирма, бизга фарзандимиз бўлиб, мени ва сенинг кўзимизнинг нури бўлсин. Шоядки бизларга кўп манфаат етказар». Лекин булар билмас эдиларки, бу бола буларнинг ҳалокатига сабаб бўлади.

10-13. Вақтики, Мусо алайҳиссаломнинг оналари боласини Фиръавннинг қўлига тушганини эшитди. Дилида сабру тоқат қолмади. «Боламни ўлдиради», деб қўрқди. Агар Мусонинг онасининг дилига сабрни ва Худога ишончни мустаҳкам қилмаганимизда эди, қарибки, сирни ошкора қилиб қўяр эди. Мусонинг синглисига айтди: «Боланинг кейнидан бориб хабар ол». Мусо алайҳиссаломнинг опалари узоқдан бориб қараб турар эди. Бунинг келганини Фиръавн аҳли билмас эдилар. Биз Мусога опалари келмасидан олдин бошқа дояларни эмишни ҳаром қилдик. Бас, опалари Фиръавн аҳлига айтдики: «Бу болани яхши эмизиб тарбия қилувчи хонадонни сизларга кўрсатайми?» Фиръавн аҳллари қабул қилишди. Кейин бориб онасини олиб келди. Бас, биз Мусони онасига қайтариб бердик, токи боласини кўриб кўзлари равшан бўлсин, ғамгин бўлмасин ва билсинки, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Ўз ваъдасига вафо қилади. Лекин кўп бандалар буни билмайдилар, ғофилдирлар.

14-17. Вақтики, Мусо алайҳиссалом балоғатга етдилар ва қувват топдилар унга илм ва дониш ато қилдик. Яхшиларга бизлар шундай жазо (мукофот) берамиз. Бир кун Мусо ҳеч ким билмаган ҳолда шаҳарга кирди. Бас, шаҳарда кўрдики икки киши бир-бири билан уришиб турибдилар. Бири Мусо алайҳиссаломнинг қавмлардан, бири душманлари Фиръавннинг қавмидан. Мусо алайҳиссаломдан, қавмидан бўлган одам ёрдам талаб қилди. Душманларининг зиддига (туриб) Мусо алайҳиссалом келиб қибтийни урдилар. Қибтий ўлиб қолди. Мусо алайҳиссалом пушаймон бўлиб айтдилар: «Бу қилган ишим Шайтоннинг иғвосидан бўлди. Албатта Шайтон бандаларга ошкора душмандир». Ҳазрати Мусо айтдилар: «Эй Парвардигоро, мен бу одамни ноҳақ ўлдирдим. Ўз нафсимга зулм қилдим. Мени кечиргин». Бас, Худо гуноҳини кечди. Албатта Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини кечирувчи меҳрибондир. Мусо алайҳиссалом айтдилар: « Эй Парвардигоро, менга инъом қилган неъматларингга қасамки, иккинчи гуноҳкорларга ёрдам бермайман».

18-21. Бас, Мусо алайҳиссалом эрта билан туриб, шаҳарнинг кўчасида қўрқиб юрдилар. Ҳар вақт мунтазир бўлиб турардиларки, «мени Фиръавннинг одамлари ушлаб кетадилар». Ногоҳ кўрдиларки, кечаги Мусо алайҳиссаломни ёрдамга чақирган одам бир қибтий билан жанжал қилиб, яна Мусо алайҳиссаломни ёрдамга чақиряпти. Мусо алайҳиссалом унга айтдилар: «Сенинг ўзинг очиқ жанжалчи, гумроҳ одам экансан. Ҳар куни куни бир киши билан жанжал қиласан». Мусо алайҳиссалом хоҳладиларки, у қибтий душманга ҳайбат қилиб, бу яҳудга нажот берсалар, у қибтий Мусо алайҳиссаломга айтдики: «Эй Мусо, сен кеча бир кишини ўлдирган эдинг. Бугун хоҳлайсанки, мени ўлдирсанг. Сен ислоҳ қилишни хоҳламайсан, балки зулм қилиб, одам ўлдиришни истайсан». Бу воқеани билган кишилар Фиръавнга хабар бердилар. Фиръавн вазирлари билан машварат қилганда, ҳаммалари Мусо алайҳиссаломни ўлдиришни маслаҳат бердилар. Шаҳарнинг чеккасидан бир киши хабардор бўлиб, югуриб келиб, айтди: «Эй Мусо, Фиръавннинг вазирлари сени ўлдиришни маслаҳат қилдилар. Бу шаҳардан чиқиб қоч. Мен сенга хайрихоҳ дўстлардандирман». Бас Мусо алайҳиссалом шаҳардан чиқиб, ниҳоятда қўрққан ҳолларида қочдилар. Худодан нажот сўраб дуо қилдилар. Айтдиларки: « Парвардигоро, золим қавмдан менга нажот бергин».

22-25. Вақтики Мусо алайҳиссалом шаҳар тарафга мутаважжиҳ бўлдилар (юзландилар), айтдиларки: «Парвардигоримдан умид қиламанки, мени тўғри йўлга ҳидоят қилади». Вақтики Мусо алайҳиссалом Мадянда бир қудуқнинг лабига етиб келдилар. У жойда бир жамоа халқни кўрдиларки, қудуқдан сув тортиб қўйларини сероб қилиб туриблар. Яна кўрдиларки, икки қиз ҳам ўз қўйларини бир тарафда сақлаб турибди. Мусо алайҳиссалом у қизларга айтдиларки: «Нима қилиб турибсизлар?» У қизлар айтдилар: «Бизлар қўйларимизни то бу чўпонлар қайтиб кетмагунча суғоролмаймизлар. Отамиз бир мўйсафид одамдир». Бас у гуруҳ кофирлар қўйларини суғориб қудуқнинг оғзини тош билан беркитиб жўнадилар. Қизлар «Қўйлармиз сувсиз қолди» - деб йиғладилар. Ҳазрати Мусо келиб, қудуқнинг устидан тошни олиб буларга сув тортиб бердилар. У қизлар хурсанд бўлиб, қўйларини ҳайдаб кетдилар. Сўнгра Ҳазрати Мусо бир дарахтнинг соясига бориб ором олдилар. Сўнгра халталаридан озгина нон олиб едилар ва айтдилар: «Эй Парвардигоро, менга ўз марҳаматинг билан қандай ризқ берсанг, ўшанга муҳтожман. Берган ризқингга шукр қиламан». Бас икки қиздан бири Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига ҳаё билан қадам босиб келди ва айтди: «Отам сени чақиряпти. Қўйларимизни суғориб берганинг учун, ужрат (хизмат ҳаққи) беришни истайди». Бу мўйсафид Шуайб алайҳиссалом эдилар. Аъмо (кўр) бўлиб ўтириб қолган эдилар. Мусо алайҳиссалом келиб, бошларидан ўтган қиссани баён қилиб бердилар. Шуайб алайҳиссалом айтдиларки: «Энди қўрқмагин. Золим золим қавмдан нажот топдинг».

26-28. Шуайб алайҳиссаломнинг битта қизлар айтдики: «Эй ота, агар бу йигитни хизматкор қилиб олсанг, яхши эди, чунки қувватлик омонатдор йигит экан». Шуайб алайҳиссалом айтдилар: «Эй Мусо, шу икки қизимдан танлаганингни сенга никоҳ қилиб беришни хоҳлайман. Шу шарт биланки, менга хизматкор бўлиб, саккиз йил қўй боқиб берасан. Агар ўн йилни тамом қилсанг, сенинг тарафингдан бизга улуғ эҳсон (яхшилик) бўлади. Мен сенга кулфат ва машаққат солишни истамайман. Худо хоҳласа мени яхши муомала қилувчилардан топасан». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Бу аҳд сен билан менинг ўртамда муқаррар бўлди. Икки муддатдан бирини тамом қилсам, аҳдга вафо қилиб, менга зулм қилмайсан. Бизларнинг сўзимизга Аллоҳ гувоҳдир».

29-31. Вақтики Мусо алайҳиссалом хизматни тамом қилдилар. Шуайб алайҳиссалом аҳдларига вафо қилиб, қизларини никоҳлаб бердилар. Сўнгра Мусо алайҳиссалом ўз шаҳарларига кетишга рухсат талаб қилдилар. Шуайб алайҳиссалом ижозат бердилар. Сўнгра Мусо алайҳиссалом хотинларини олиб, Миср тарафига равона бўлдилар. Йўлда ёмғир ёғиб, совуқ бўлиб қолди. Мусо алайҳиссалом йўлдан адашдилар. Хотинларини туғиш дарди (тўлғоқ) тутди. «Менга ўт топиб беринг» - деди. Мусо алайҳиссалом қарасалар, Тур тоғи тарафидан ўт кўринди. Аҳлларига айтдилар: «Сизлар шу жойда тўхтаб туринглар. Мен ёниб турган ўтни кўряпман. Шоядки, ўша ўтдан сизларга бир лаҳча (чўғ) олиб келсам. Йўлнинг ҳам хабарини сўраб келаман. Шоядки, сизлар ўтга исиниб дарларинг паст бўлар». Вақтики Мусо алайҳиссалом ўтга яқин келдилар. Қарасалар ўт эмас, балки нур экан. У нур майдоннинг ўнг тарафида баракотлик бир жойда кўкарган дарахтдан чиқиб турибди. Ногоҳ у нурдан овоз келдики: «Эй Мусо, Мен Худоман ва жумла оламнинг Парвардигориман. Қўлингдаги асони ерга ташлагин». Ҳазрати Мусо ташладилар. Кўрдиларки, асо бир илон бўлиб ҳаракат қилди. Орқаларига қараб қочдилар. Нидо келдики: «Эй Мусо яқин кел. Асоингни ол. Қўрқма сенга зиён қилмайди. Омон топганлардандирсан».

32-35. Эй Мусо, қўлингни ёқангга тинг. Чиқарганингда бир иллатсиз нуроний бўлиб чиқади. Яна қайтадан қўлингни қўлтиғингга солгин аслига келади. Сен шу ҳолда қолади деб қўрқмагин. Сенга шу икки мўъжиза Парвардигор тарафидан ато қилинди. Фиръавн жамоасининг олдига бор ва ўз пайғамбарлигингни эълон қил. Булар бедин қавмдирлар. Ҳазрати Мусо айтдилар: «Парвардигоро, мен Фиръавннинг олдига боришдан қўрқаман. Мени ўлдиради Чунки одам ўлдириб қочганман. Бу биродарим Ҳорунни мен билан бирга ёрдамчи қилиб юборгин. Менинг сўзларимни тасдиқлаб туради ва ҳам унинг тили менинг тилимдан фасиҳроқдир. Мен қўрқаманки, Фиръавн мени такзиб қилиб, ёлғончи дейди». Парвардигор айтди: «Сенинг талабингни қабул қилдим, албатта биродарингни сенга ёрдамчи қилиб, сенинг дилингни бақувват қиламан. Ва ҳам ҳар икковингга душманлар устидан ғалаба ато қиламан. Сизларга зарар етказишга душманларнинг қуввати етмайди. Ато қилган мўъжизаларимиз сабабидан албатта сизлар ва сизларга тобеъ бўлганлар ғалаба қиладилар».

36-40. Вақтики, Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг ҳузурига келдилар. Ўзларини пайғамбарликларига равшан (очиқ) мўъжизалар кўрсатдилар. Бас Фиръавн айтди: «Бу мўъжиза эмасдир, балки, ўйлаб чиқарилган жодугарликдир. Бу хил жодугарлик ота-боболаримизда бўлмаган, эшитмаганмиз ҳам». Мусо алайҳиссалом айтдилар: «Парвардигорим кимларни пайғамбар қилиб юборган бўлса донодир ва ҳам донодирки, охиратда кимлар нажот топадилар. Албатта золимлар нажот топмайдилар». Фиръавн ўзининг тобеъларига айтди: «Эй қавмларим, сизларга мендан бошқа Худо бўлса уни билмайман». Ва вазири Ҳомонга айтди: «Эй Ҳомон, лойдан ғиштлар тайёр қилда, у ғиштларга ўт ёқиб, пиширгин. Менга бир баланд минора бино қилгин. Мен миноранинг тепсига чиқиб осмонга қарай. Шоядки Мусонинг Худосини кўрсам. Мен Мусони ёлғончилардан деб гумон қиламан». Фиръавн ахмоқлигидан оламни яратган Парвардигор осмонда деб ўйлайди. Сўнгра Фиръавн ва унинг лашкарлари ноҳақ саркашлик қилиб, ҳақ динни инкор қилдилар. Улар, «ўлмаймиз, қиёмат ҳам бўлмайди, маҳшаргоҳда Аллоҳнинг ҳузурига ҳам бормаймиз», - деб гумон қиладилар. Бас биз Фиръавн ва унинг лашкарларини ҳайдаб олиб бориб дарёга ғарқ қилдик. Бас, Эй Муҳаммад, золимларнинг оқибати қандай бўлишини кўргин.

41-43. Бу Фиръавнни ва унинг лашкарларини, халқни дўзахга тарғиб қиладиган бошлиқлар қилдик. Қиёмат куни буларни азобдан қутқарувчи ёрдамчилар бўлмайди. Бу дунёда буларнинг орасидан лаънатлар юборилади. Қиёмат куни бўлса, Худонинг раҳматидан махрум бўлгувчилардан бўладилар. Албатта биз бу ўтган кофирларни ҳалок қилгандан кейин Мусога Таврот китобини бердик. Албатта бу китоб халққа Худонинг ҳукмларини равшан қилиб (аниқлаштириб) беради ва ҳидоят қилади. Ва панд (ибрат) олувчи умматлар учун Худонинг раҳматига сабаб бўлади.

44-46. Эй Муҳаммад, сен Тур тоғининг ғарб томонларида бўлганинг йўқ эди. Вақтики, биз Мусо алайҳиссаломга ваҳий юбордик сен у жойда ҳозир эмас эдинг, лекин биз бу қиссаларни сенга ваҳий билан маълум қилдик. Бизлар Мусодан кейин кўп йиллар ва кўп замонлар ўтказдик. Мухталиф гуруҳлар пайдо бўлди. Уларга узун умрлар бердик. Сен бу даврларда ҳеч вақт бўлганинг йўқ эди. Ва ҳам Шуайб алайҳиссалом яшаган Мадянда муқим эмас эдинг. Токи сен бу яҳудларга ушбу қиссаларни ўқиб эшиттирсанг ё улардан хабар берсанг, лекин буларнинг ҳаммасининг хабарини сенга ваҳий орқали юбордик. Биз Мусо алайҳиссаломга нидо қилган ва Таврот китобини берган вақтда сен (эй Муҳаммад) Тур тоғи тарафида йўқ эдинг. Лекин сенга бу хабарлар Парвардигорингни фазлу марҳамати орқали етказилди, токи қавмингни Худонинг азобидан қўрқитарсан. Бу қавмга сендан илгари ҳеч пайғамбар келиб хабар қилмади. Шоядки насиҳатингни қабул қилсалар.

47-48. Агар кофирлар қиёмат кунинг азобини кўрганларида: «Бизга нима учун пайғамбар юбормадинг буни огоҳлантирмадинг? Биз ҳам оятингга иймон келтирар эдик» - деб ҳужжат (даъво) қилмаганларида пайғамбар ҳам юбормаган бўлар эдик. Балки шу дунёда азобларини қилган амалларини мувофиқ нақд берган бўлардик. Лекин шу ҳужжатлари учун азобларини таъхир қилдик. Пайғамбар юбориб огоҳлантирдик. Вақтики бизнинг наздимиздан Муҳаммадга Қуръон нозил бўлди, кофирлар инкор қилиб айтдиларки «Мусога берилган мўъжиза нима учун Муҳаммадга берилмади?» Ундай бўлса нима учун Мусога келган мўъжизани инкор қилиб кофир бўлдилар? Ўша даврда айтдиларки: «Мусо билан Ҳорун соҳирлардир. Бир-бирига ёрдамчилардир. Бизлар буларнинг ҳеч бирига ишонмаймиз».

49-52. Эй Муҳаммад, кофирларга айтгин: «Агар Қуръонни ва Тавротни сеҳр деб рат айтсаларинг, Худо тарафидан сизлар ҳам бирор китобни олиб келинглар. У китобларинг Қуръондан ва Тавротдан зиёда ҳидоят қилувчи бўлсин ва ҳақ йўлни кўрсатсин. Агар шундай китоб бўлса, мен ҳам амал қиламан». Агар кофирлар сенинг сўзингга жавоб бермасалар билгинки, булар нафсоний хоҳишларига эргашадилар. Худонинг ҳидоятига тобеъ бўлмайдиган одамдан ким зиёда гумроҳроқдир. Балки у нафсоний хоҳишларига тобеъ бўлади. Албатта Аллоҳ таоло золим қавмни ҳидоят қилмайди. Албатта буларга менинг оятларим пайдар-пай келади. Шоядки, нисиҳатларни қабул қиларлар. У зотларки, уларга Қуръондан илгари китоб юборган эдим, ўша зотларнинг баъзилари Қуръонга иймон келтирдилар.

53-56. Вақтики, Қуръон бу жамоага тиловат қилинса, айтадиларки: «Биз бу Қуръонга иймон келтирганмиз. Албатта Қуръон ҳақдир. Худо тарафидан нозил бўлгандир. Қуръон келмасдан илгари биз мусулмон эдик. Инқиёд қилган (бўйин сўнган) эдик». Сабр қилганлари сабабидан бу жамоанинг ажрларини икки маротаба (зиёда қилиб) берилади. Бу жамоанинг сифатлари шуки, ёмонликни яхшилик билан даф қиладилар. Берган ризқимиздан бизнинг ризомиз учун сарф қиладилар. Ва беҳуда сўзларни эшитсалар қулоқ солмай ундан юз ўгириб кетадилар. Айтадиларки: «Бизнинг амалларимиз бизгадир. Сизнинг амалларингиз сизгадир. Сизларга салом бўлсин, бизлар жоҳилларнинг суҳбатини хоҳламаймиз». Эй Муҳаммад, сен дўст тутган кишингни ҳидоят қилолмайсан, лекин Аллоҳу таоло кимни хоҳласа ҳидоят қилади. Албатта Аллоҳ таоло ҳидоят топганларнинг ҳолига донодир.

57-59. Макка кофирлари айтадиларки:«Эй Муҳаммад, агар биз сенинг ҳидоятингга тобеъ бўлсак ва иймон келтирсак, бошқа араблар бизларга душман бўлиб, ўз жойимиздан (ҳайдаб) чиқарадилар». Сен уларга айтгин: «Биз уларга амну омонлик Ҳарам ерини муқаррар жой қилиб бермадикми? У ерда ҳамма нарса амну омондадир. Бошқа мамлакатларнинг ҳар қисм (хил) меваларини сизларга ризқу рўз учун бизнинг ҳукмимиз билан (у жойга) келтирадилар». Лекин бу кофирлар буни билмайдилар ва шукр қилмайдилар. Кўп қишлоқларнинг халқларини ҳалок қилдик. Уларнинг мол-дунёлари, маишатлари мағрур қилиб кофир бўлган эдилар. Мана уларнинг уйлари хароб бўлиб ётибди. Улардан кейин ҳеч ким сукунат қилмагандир (яшамагандир). Фақат уларнинг озгина жойлари бизнинг тасарруфимизда қолди. Сенинг Парвардигоринг ҳеч бир қишлоқни ҳалок қилувчи эмас. У кўпларга пайғамбар юборади. У пайғамбар бизнинг оятларимизни уларга ўқиб насиҳат қилади. Биз бирор қишлоқ халқини ҳалок қилувчи эмасмиз, фақат ҳаддан ошиб золим бўлганларидан сўнг ҳалок қилурмиз.

60-61. Бу дунёда сизларга нимаики берилган бўлса, дунё ҳаётининг фойдаланадиган матоси. Ва ҳам зийнатидир. Охир йўқ бўлиб кетади. Аллоҳнинг наздидаги жаннат ва унинг нозу неъмати бу дунёнинг роҳатидан яхшидир. Ҳамиша боқий қолади. Сизлар буни фикр қилиб ўйламайсизларми? Ҳар кимга биз яхши ваъдалар қилган бўлсак, албатта, у одамга у нарсалар муяссар бўлади. Биз ўз ваъдамизга ваъфо қиламиз. Масалан бир киши, шу дунёда давлат ва роҳатдан фойдаланган ҳар бир нарса унга муяссар бўлган, дейлик. Лекин бундай одам қиёмат куни Худонинг олдида ҳозир бўлиб баҳраманд бўлган ноз ва неъматларидан ҳисоб беради.

62-64. Эй Муҳаммад, ўша кунни ўйлагинки Парвардигор кофирларни чақириб айтадики: «Ибодатда менга шерик қилган у Худоларингиз қани? «Қиёмат куни бизга ёрдам беради», деб гумон қилар эдиларинг». У гуруҳларки азоб қилмоқ учун Худонинг ҳукми бошларига собит бўлгандир. Айтадилар: «Эй Парвардигоро, шу гуруҳларки бизга тобеъ бўлдилар, ўзимиз гумроҳ бўлганимиздек, буларни ҳам гумроҳ қилдик». Энди сенинг ҳузурингда айтамизки: «Биз булардан безормиз, булар бизларга ибодат қилганлари йўқ, балки ҳавои нафсларига ибодат қилдилар». Кофирларга айтиладики: «Худога шерик қилган бутларингизни чақирингиз, сизларга ёрдам берсинлар». Бас кофирлар ибодат қилган бутларини ҳарчанд чақирсалар, бутлар буларга жавоб бермайдилар. Ва ҳасрат ва надомат билан айтадиларки, «кошки у дунёда ҳидоят топганимизда, бу ерда азоб тортмас эдик».

65-67. Аллоҳу таоло қиёмат куни бўлганда бандаларидан нидо қилиб сўрайди: «Биз юборган пайғамбарларга нима жавоб қайтарган эдиларинг?» Бас булар пайғамбарларга бўлган муомалани эсларидан чиқариб жавоб бера олмайдилар. Бу халойиқ интиҳо (охирги, сўнг) даража даҳшатга учраб қандай жавоб қилишни бир-бирларидан сўролмайдилар. Аммо тавба қилган, иймон келтирган ва яхши амал қилган шахслар нажот топгувчилардандир. Агар бу сифатлар унда бўлмаса, азобга мубтало бўлгувчилардандир.

68-70. Макка кофирлари айтадиларки: «Худо пайғамбарликка Муҳаммаддан улуғроқ одамни топмадимикан?» Худо жавобига айтадики: «Парвардигоринг хоҳлаганини халқ қилади. Ихтиёр қилган одамни пайғамбар қилади. Ҳеч кимдан маслаҳат сўрамайди. Бу тўғрида ҳеч кимда ихтиёр йўқдир. Парвардигор тамом айблардан покдир. Мушриклар ширк келтирган бутлардан юксакдир. Парвардигор уларнинг дилларидаги яширин сирларни ҳам билади. Парвардигор шундай зотки, Ундай бошқа бирор илоҳ йўқ. Бу дунё ва охиратдаги яхшиликлар Аллоҳга хосдир. Ҳукм қилувчи ҳам ўзи. Охиратда ҳамма Худонинг тарафига қайтарилади».

71-72. Эй Муҳаммад, мушрикларга айтгин: «Менга менга хабар берингчи, агар Парвардигор сизларнинг бошларингга кечанинг қоронғулигини то Қиёматгача давом эттирса, Худодан бошқа қайси худоларинг сизларга равшанликни (ёруғликни) келтира олади. Оё насиҳатни эшитмайсизларми?» Эй Муҳаммад кофирларга айтгин: «Менга хабар берингларчи, агар Парвардигор сизларнинг бошларингда кундуз кунини то Қиёматгача давом эттирса, Парвардигордан бошқа қайси Худо сизларга роҳатланадиган кечани олиб келади. Оё фикр қилиб ўйламайсизларми?»

73. Худо сизларга фазлу марҳаматлидирки, ором олишларинг учун кечани яратди. Ризқу рўз топишлик учун кундузни яратди. Бу Худонинг неъматига шукр қилишларинг керак.

74-75. Қиёмат куни Парвардигор мушрикларни чақириб айтадики: «Эй мушриклар, эътиқод қилиб менга худоликда шерик қилган худоларингиз қаерда? Бу кун сизларга ёрдам қилиб. Сизларни азобдан нажот берсин. Ҳаргиз улар сизларга ёрдам беролмайди, азобдан қутқаролмайди». Қиёмат куни биз ҳар миллатдан гувоҳ ва ҳужжат талаб қиламиз. Уларга айтамиз: «Ўзларингни ҳақликларингга гувоҳ олиб келинглар ва далил келитиринглар. Бас у вақтда кофирлар биладиларки, ҳақ Худонинг тарафида экан. У кунда буларнинг умид қилган ёрдамчилари булардан йўқолади. Ўз ҳолларига саргардон бўладилар».

76-77. Қорун номли бир одам Мусо алайҳиссаломнинг қавмидан эди. Ҳамиша бани Исроилга зулм қилар эди. Биз Қорунга шу қадар ҳазиналар ато қилган эдикки, у ҳазинанинг калитларини бир жамоа қувватли одамлар машаққат билан кўтарар эдилар. Вақтики Қоруннинг қавми унга айтдилар: «Бу мол ва дунёларингга мағрур бўлма. Мағрур бўлганларни Худо дўст тутмайди. Худо берган молларингни сарф қилиб охиратни талаб қилгин. Ўладиган вақтингда дунёдан олиб кетадиган нарсангни фаромуш қилма. Бир кафандан ортиқ нарсани олиб кетолмайсан. Бу дунёни Худо сенга эҳсон қилди. Сен ҳам Худонинг халқига эҳсон қилгин. Ер юзида фасод ишларни қилмагин. Албатта Аллоҳ таоло муфсидларни дўст тутмайди».

78-79. Қорун айтди: «Мен бу дунёларни ўзимнинг илмим билан топдим. Менга ҳеч ким бергани йўқ». Оё у билмайдимики, бундан зиёда қувватлироқ, бундан зиёда давлат тўплаган одамлар Қорундан илгари ўтгандирлар. Аллоҳ таоло ҳаммаси ҳалок қилгандир. Аллоҳ таоло тарафидан кофирлардан: «Сизлар нима гуноҳ қилган эдиларинг?» - деб сўралмайди. Ўзларининг юзларининг қоралиги етарлидир. Қорун ўзининг давлати билан зийнатланиб қавмларининг олдига чиқди. Дунёда яхши ҳаёт кечиришни орзу қилганлар айтадиларки: «Кошки бизларга ҳам Қорунга берилганидек давлат берилса эди. Бизлар ҳам дунёда давлатлик бўлиб, ҳаёт кечирар эдик. Чунки Қорун дунёдан улуғ насибага эгадир».

80-82. Парвардигор тарафидан илм ато қилинган ва тавфиқ берилган жамоалар Қоруннинг давлатини орзу қилганларга айтадилар: «Сизларнинг ҳолларингга вой. Аллоҳнинг мўъминларга ва яхши амал қилганларга берадиган савоби, Қиёматда Қоруннинг давлатидан яхшироқдир. Бу неъматларга собирлар етадилар». Бас биз Қоруннинг давлатини, қасру иморатларини ерга юттирдик. Ҳеч ким Аллоҳнинг балосидан Қорунга ёрдам бериб қутқаролмади. Унга Худонинг азобидан қутулиш ҳам муяссар бўлмади. Қорун ҳалок бўлгандан сўнг, у жамоаларки, кеча Қоруннинг давлатини орзу қилган эдилар. Бу кун «Вой бизларга. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига ризқи-рўзини кенг қилар. Ва хоҳлаган бандасига озроқ берар экан, бизлар шуни билишимиз керак эди. Агар Парвардигорнинг фазлу мрҳамати бизларга бўлмаганда Қорун билан бирга бизни ҳам ерга юттирар экан. Вой бизга. Биз буни билишимиз ва ибрат олишимиз керак эди. Албатта кофирлар нажот топмас эканлар-да» - деб айтардилар.

83-84. Бизлар охиратнинг нозу неъматларини ер юзида кибр ва фасод қилишни истамайдиган одамларга ато қиламиз. Охират роҳати муттақийларгадир. Ҳар кимки бу дунёда бир яхшилик қилса, Худойи таоло тарафидан унга қилган амалидан зиёда савоб берилади. Ҳар кимки, бир гуноҳ иш қилса, бу гуноҳ қилувчиларга лойиқ жазо берилади, ортиқ берилмайди.

85-88. Албатта у зотки Қуръонни нозил қилди. Шак-шубҳасиз У сенинг файтиб борадиган жойингга (Маккаи Мукаррамага) қайтаради. Айтгин, эй Муҳаммад: «Парвардигорим ўз тарафидан ҳидоят билан келган одамнинг ва гумроҳ бўлган одамнинг ҳолига донодир». Эй Муҳаммад, сен ўзингга китоб берилишидан умид қилмас эдинг. Фақат Аллоҳу таоло халқнинг ҳидоят қилиш учун, меҳрибонлиги учун Қуръонни нозил қилди. Энди сен кофирларга мададкор бўлма, мудоро қилмагин. Албатта, кофирлар сени иғво қилиб, Қуръон ўқиб, унга амал қилишдан ман қилмаслиги лозим. Вақтики, сенга оят нозил бўлганда, бунга амал қилишдан сени қайтара олмасинлар. Балки сен буларни Худо тарафига тарғиб қил. Сен мушрикларга қўшилма, ибодат қилишингда бошқа нарсани Худога (шерик қилиб) қўшмагин, чунки Худодан бошқа ҳеч маъбуд йўқдир. Ҳамма нарса йўқ бўлгувчидир, магар ёлғиз зоти Парвардигор абадийдир. Қиёмат кунининг ҳукми Худога хосдир. Ҳаммаларинг Худонинг олдига ҳозир қилинурсизлар.

Орқага Олдинга