Маккада нозил бўлиб, 54 оятдан иборат. Фақат 6-ояти Мадинада нозил бўлган. Сура номи 15-оятда келган Ямандаги бир жой ёки қабила номи бўлган Сабо сўзидан олинган.
Дунё ва ҳам охиратда бандаларга меҳрибон бўлган Аллоҳ таолонинг номи билан бошлайман.
1-2. Ҳамма яхшиликлар кимдан содир бўлса, Аллоҳ учундир. Охиратда жаннат аҳлининг ҳамдлари ҳам Худоникидир. Аллоҳ таоло ўзининг ишида ҳаким ва бандаларнинг аҳволларига доно Зот. Аллоҳ таоло ҳар нарса ерга кирса ҳам, ва ҳар нарса ердан чиқса ҳам билади, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам билади ва осмонга чиқадиган нарсаларни ҳам билади. Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибондир.
3-6. Кофирлар айтадиларки: «Қиёмат келмайди ва бўлмайди». Сен айт: «Бало бўлади, Парвардигоримга қасамки, албатта сизларга келади. Лекин қачон бўлишини Парвардигор билади. Ғайб илмини билувчи Парвардигордир. Парвардигорнинг илмидан зарранинг баробаридаги нарса, хоҳ осмонда бўлсин, хоҳ ерда бўлсин, ҳоли эмасдир. Заррадан кичик бўлсин ё катта, ҳаммаси Лавҳул Маҳфузда ёзилгандир. Мўъминларни қилган яхши амалларини ҳам Парвардигор билади. Қиёмат куни мўъминларни қилган амалларига яраша ажр беради, гуноҳларини кечиради, жаннатда яхши нозу наъимларни уларга муяссар қилади». У кофирларки, бизнинг оятимизга муқобала қилиб, ботил қилишга ҳаракат қиладилар, қиёмат куни уларга қаттиқ азоб берилади. Худо тарафидан илм берилган одамлар биладики, Парвардигорнинг тарафидан сенга нозил қилинган Қуръон ҳақдир. Албатта бандаларнинг ҳамдига сазовор бўлган Зот ва ҳамма нарсадан ғолиб Парвардигорнинг йўлига Қуръон ҳидоят қилади.
7-9. Кофирларнинг баъзилари баъзиларига айтадиларки: «Сизларга шундай одамни кўрсатайликми? У сизларга хабар берадики, вақтики сизлар гўрда пора-пора бўлиб чириб кетсаларинг албатта сизлар янгидан махлуқ бўлсасизлар. Яъни Муҳаммад (а.с.) одамларга шундай дейди, Муҳаммад Худога ёлғонни туҳмат қиляптими? Ё ўзи мажнун бўлиб қолганми?» Кофирларнинг бу айтган сўзлари бекор. Охиратга ишонмайдиган кофирлар қиёматда азобда бўлади. Чунки булар оғир гумроҳликка учраган қавмдир. Оё бу мункирлар кўрмайдиларми, олдиларидаги ер юзида бўлиб турган нарсага қарамайдиларми? Ё орқаларидаги ўтиб кетган нарсаларига қарамайдиларми? У нарсалар хоҳ осмонда бўлсин, хоҳ ерда – шу нарсалардан ибрат олсалар бўлади. Агар Биз хоҳласак буларни ерга юттириб юборамиз, ё буларни тепасига осмондан бир парчасини тушириб юборамиз. Бу нарсаларга қудратимиз етади. Бу ашёларда Худога ружуъ қилган мўъминлар учун ибратлар бор.
10-11. Биз ҳазрат Довуд (а.с.)га пайғамбарлик ато қилган эдик ва кўп мўъжизалар берган эдик. Тоғларга ҳукм қилдикки, эй тоғлар, ҳазрат Довуднинг тасбеҳларига сизлар ҳам ҳамроҳ бўлиб, тасбеҳ айтинг! Паррандаларга амр қилган эдикки, Довуд билан қўшилиб тасбеҳ айтинг. Темирни Довудга мулойим қилган эдик. Довудга буюрдикки, темирдан кенг зирҳлар тайёрла! Зирҳни туқиган вақтингда халқаларини баробар қил! Яна Довудга, аҳли байтинг билан Худога яхши амал қил, деб амр қилдик. Мен сизларнинг қилган амалларингизни кўрувчиман.
12-13. Биз Сулаймон (а.с.)га шамолни мусаххар қилдик. Эрта билан ҳам бир ойлик йўлга ҳаракат қилар эди ва кечқурун ҳам бир ойлик йўлга сафар қилар эди. Ва унга эритилган миснинг чашмасини жорий қилдик. Ҳамда жинларни мусаххар қилдик, улар Худонинг ҳукми билан Сулаймон (а.с.) учун ишлар эди. Кимки Бизнинг фармонимизга саркашлик қилса дўзахнинг азобига гирифтор қиламиз. Жинлар Сулаймон (а.с.)нинг хоҳлаган ишларини бажарар эдилар. Баланд қалъалар ва меҳроблар бино қилар ва ҳайкаллар ясар эди. Сулаймон (а.с.) учун ҳовуздек косалар ясаб, баланд қозонлар тайёрлар эди. Биз ҳукм қилдикки, эй аҳли Довуд, Худонинг берган неъматларига шукр қилинг. Менинг бандаларимдан шукр қилувчилар камдир.
14. Қачонки Сулаймонни ўлимга ҳукм қилдик. У асосига суянган ҳолда ўлди. Сулаймоннинг ўлимидан ҳеч ким хабардор бўлмади, магар асосини еган қурт хабар берди. Қачонки асосини қурт егандан сўнг синди, Сулаймон ерга йиқилди. Жинлар билдиларки, Сулаймон ўлган. Шунинг баробарида ғайбни билмаслиги маълум бўлди. Агар жинлар ғайбни билганларида эди, хор қилувчи меҳнатнинг азобига мубтало бўлмасдилар.
15. Албатта, Сабо деган қабиланинг жойида Аллоҳ қудратига далолат қиладиган аломатлар бор эди. У аломат шундан иборат эдики, у манзилнинг ўнг ва чап тарафида иккита боғ бор бўлиб, у қавмнинг пайғамбарлари айтди: «Парвардигорнинг ризқ қилган бу боғнинг меваларидан енглар. Худонинг шукрини бажо келтиринглар. Сизларнинг сукунат қилган шаҳрингиз боғлар билан зийнатланган покиза шаҳар. Сизларга Худонинг марҳамати бениҳоя ва гуноҳларингни кечирувчидир».
16-19. У аҳли Сабо қабилалари пайғамбарларининг сўзларидан юз ўгириб, насиҳатларини қабул қилмадилар. Бизнинг ато қилган неъматимизга ношукр бўлиб, боғларининг мевасидан Худонинг ҳаққини адо этмадилар. Биз буларнинг тепасига қаттиқ селни жорий қилдик. Обод боғларини ва шаҳарларини ҳароб қилиб кетди. Сўнгра буларнинг жаннатга ўхшаган боғлари ўрнида чангалзорлар битди. Аччиқ мевали дарахтлар пайдо бўлди. Канор деган дарахтдан озгина намуна қолди, токи одамларга ибрат бўлсин. Биз бу оғир жазони Худонинг неъматига куфрон қилганлар учун бердик. Худо жазони ношукрларга беради. Аҳли Сабо билан Байтил Мақдиснинг муборак қишлоқлари ўртасида очиқ-обод қишлоқлар пайдо қилган эдик. У қишлоқлардан сафар қилиб ўтмишни осон қилган эдик. Ўша давр пайғамбарларининг воситаси билан амр қилдикки, у қишлоқлардан кечаю кундуз амну омонатда сафар қилаверинглар, бу қишлоқлар сизлар учун обод, сизларга ҳеч зиён-азият бўлмайди. У қишлоқнинг бойлари ҳасад билан талаб қилар эдиларки, сафарларимизнинг ўртасида манзил-масофасини узоқ қил ва биёбонга айлантиргин, деб ўз нафсларига зулм қилдилар. Бас, Биз буларнинг роҳатларини кулфатга айлантирдик. Буларнинг ҳаммасини мутафарриқ қилдик ва мамлакатларини ҳароб қилдик. Буларнинг аҳволини кейинги одамларга ибратли афсона қилдик.Бу Бизнинг қиссамизда собир ва шокир одамлар учун ибратлар бор.
20-22. Инсон ҳаққига шайтон гумон қилган эдики, агар инсоннинг аҳволи шундай бўлса, кўпларини мен иғво қиламан деб. Энди шайтоннинг бу гумони рост бўлиб чиқди, чунки кўпчилик одамлар шайтоннинг орқасидан эргашадилар. Магар бир фирқа - холис мўъминлар эргашмайдилар. Буларнинг тепаларига мусаллат бўлмайди. Инсонни динда фирқа-фирқа бўлгани шунинг учунки, қиёматнинг бўлишига иймони бор билан шак қилган ажралади. Парвардигор ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчидир. Эй Муҳаммад (а.с.), Худодан бошқага ибодат қилувчиларга айт: «Чақиринглар Худоларингни, сизларга ёрдам берсин». Ваҳоланки, кофирларнинг ибодат қилган Худолари на осмонда ва на ерда бир зарра миқдорича нарсага молик эмаслар. Бу бутларнинг на осмонда ва на ерда ҳеч қандай шериклари ва ёрдам берувчилари йўқ.
23. Қиёмат куни Парвардигорнинг олдида ҳеч қандай шафоат фойда бермайди. Магар Парвардигор бирор одамга шафоат қилиш учун ҳуқуқ берса, шафоат қила олади. Ҳамма Маҳшар аҳли қўрқувдан изтиробга тушадилар. Биров бировнинг ҳолига илтифот қилмайди, шафоат қилишни ҳам эсдан чиқарадилар. Фақатгина дилларидан қўрқувни кўтарилса, баъзи баъзиларидан сўрайдиларки, Парвардигор сизларнинг ҳақларингда қандай ҳукм қилди? Улар жавоб бериб айтадиларки, Парвардигормиз тўғри ва ҳақ сўзни айтди. Мўъминлар мўъминларни шафоат қилишига руҳсат берди, кофирларни эмас. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан улуғдир.
24-27. Эй Муҳаммад (а.с.) кофирлардан сўрагин, осмондан ёмғир ёғдириб ва ердан гиёҳ кўкартириб сизларгаким ризқ берди? Агар кофирлар жавоб бермасалар сен айт: Аллоҳ ризқ беради. Биз Парвардигорни «Яккаю ягона ризқ берди» - деб эътиқод қиламиз. Сизлар инкор қиласизлар. Энди айтингларчи, бизлар ҳидоятдами ёки сизлар ҳидоятдами? Бизлар гумроҳми ёки сизлар гумроҳми? Эй Муҳаммад (а.с.), кофирларга айт, Бизларнинг гуноҳларимизни сизлардан сўрамайди ва сизларнинг қилган амалларингизни бизлардан сўрамайди. Айт: «Маҳшаргоҳда Парвардигор сизларни ва бизларни жамъ қилади. Кейин ўртамизда адолат билан ҳукм қилади. Ростлик билан ҳукм қилувчи, доно Парвардигордир». Эй Муҳаммад, мушрикларга айт, Худо билан ҳамроҳ қилган шерикларингизни менга кўрсатинглар. Улар ҳаргиз шерик бўлмайдилар, балки Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ғолиб ва феъллари ҳикматли Зотдир.
28-30. Эй Муҳаммад (а.с.), Биз сени дунёдаги ҳамма инсонга пайғамбар қилиб юбордик. Мўъминларга Худо раҳматидан башорат берувчи ва кофирларни Худонинг азобидан қўрқитувчисан. Лекин кўп халқ жоҳилдирки, ҳеч нарсани билмайдилар. Айтадиларки: «Агар рост айтадиган бўлсаларинг бизларга ваъда қилган азобинг қачон бўлади?» Айт эй Муҳаммад, «Сизларни азобларинг учун Худо тарафидан ваъда қилинган муайян кун бор. Сизлар у кундан кейин ҳам қолмайсизлар ва илгари ҳам бўлмайсизлар».
31-33. Мушриклар Муҳаммад (а.с.)га айтадиларки, бизлар ҳаргиз бу Қуръонга ва илгари нозил бўлган китобларга ишонмаймиз. Эй Муҳаммад, агар сен қиёмат куни буларнинг аҳволини кўрсанг, таажжуб қиласан. Бу кофирларни Парвардигорнинг олдига ҳозир қилинган вақтда баъзилари баъзиларига мурожаат қилиб, жанжал қиладилар. Кичкиналари катталарига айтадиларки, у дунёда агар сизлар бўлмаганларингда биз иймон келтирган бўлар эдик. Катталари кичкиналарига жавоб бериб айтадиларки, «Биз сизларни Ислом келгандан сўнг Исломдан манъ қилдикми? Балки ўзларинг гуноҳкорсизлар». Кичкиналари катталарига айтадики, «Бизларни Исломдан манъ қилган нарса - кеча ва кундуз сизнинг ишлатган ҳийлаларингдир. Чунки сиз бизни Худога кофир бўлишликка ва шерик қилишликка амр қилар эдиларинг». Қачонки азобни кўрганларида ҳаммалари дилларидан пушаймон бўлади. Буларнинг бўйинларига ғуллу ва занжирлар солиниб, дўзах тарафга судралади. Буларнинг амалларига яраша жазо берилади.
34-37. Бизлар ҳар қишлоқ ва ҳар (ҳеч) шаҳарга пайғамбар юбордик, у пайғамбарлар келганда қишлоқнинг аҳли давлатлари айтадилар: «Биз сизларнинг пайғамбарликларингга ишонмаймиз. (На сизлар) чунки бизни сизларга нисбатан молимиз ва авлодимиз кўп. Биз пайғамбарликка лойиқмиз, чунки бизларга Худо меҳрибонлик қилиб давлат берган. Сизларга ўхшаган хор қилмаган. Бизга азоб бермайди». Айт эй Муҳаммад, Шубҳасиз, Парвардигорим хоҳлаган кишига ризқни кенг ва хоҳлаган кишига кам беради. Буни куфр ва иймонга дахли йўқ. Лекин кўп халқ бунинг ҳикматини билмайди. Сизларнинг молларинг ва авлодларинг шундоқ ҳислатлардан эмаки сизларни Парвардигорга яқин қилса. Фақат Парвардигорга иймон келтириб, яхши амал қилган одам яқин бўлади. Бас, Аллоҳ бундай зотларнинг амаллари бадалига икки баробар савоб беради. Булар жаннатнинг яхши қаерларида ором билан ётадилар.
38-41. Кофирлар бизнинг оятимизга муқобала қилиб, рад қилишга ҳаракат қиладилар. Қиёмат куни булар дўзахнинг азобига хозир қилинадилар. Айт эй Муҳаммад: «Албатта Парвардигорим хоҳласа ризқни бировга кенг қилади ва бир бандага кам қилади. Худонинг йўлида ҳар молни сарф қилсаларинг Худои таоло унинг ўрнига беради. Худои таоло ризқ берувчиларнинг афзалидир». Қиёмат куни Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда кофирларни жам қилиб, малоикаларга айтади: «Эй малоикалар, сизларга ибодат қиладиган ва сизларни менга шерик қиладиган мана шуларми?» Малоикалар айтадиларки: «Эй Парвардигоро сен шерикдан покдирсан. Сен бизнинг маъбудимизсан, бизнинг дўстимизсан. Балки бу кофирлар жаҳолатдан в гумроҳликдан жинларга ибодат қилар эдилар. Кўплари ушбу жинларга иймон келтириб, мутобаъат (итоат) қиладилар».
42. Бас бу кун қиёмат куни баъзиларингиз баъзиларингга фойда етказмоққа ва зарар етказмоққа қодир эмассиз. Золимларга қиёмат куни айтамиз. Бу кун сизлар инкор қилган азобнинг мазасини тотиб кўринглар.
43-45. Қачонки, бизнинг равшан оятларимиз кофирларга тиловат қилинса, кофирлар айтадиларки: «Бу Қуръонни тиловат қилувчи одам бизни ота-боболармиз ибодат қилган бутлардан ман қилишни хоҳлайди». Айтадиларки: «Бу оятлар ёлғондан тўқилгандир Худонинг каломи эмас». Ва ҳам Қуръонга инкор қилувчи кофирлар: «Бу очиқ сеҳр ва жодудан иборат» - дейдилар. Бизлар бу кофирларга ўқишлари учун китоб юборганимиз йўқ. Сендан илгари арабларга пайғамбар ҳам келмаган. Булардан илгари ўтган умматлар ўз пайғамбарларини танзиб қилган эдилар. У қавмларга берган мол ва давлатларнинг Макка мушрикларига ўндан бирини ҳам берганимиз йўқ. Улар юборган пайғамбарларимизни танзиб қилдилар. Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлдилар. Бас бизга инкор қилувчиларнинг оқибатлари нима бўлди! Бундан ибрат олишлари керак эди.
46-50. Эй Муҳаммад, мушрикларга айт: «Мен сизларга бир нарса билан насиҳат қиламан. У ҳам бўлса шундан иборатки, бизнинг мажлисимиздан Худо учун иккита-иккита ва битта-битта туриб кетинглар. Мен ҳақимда ўйланглар, фикр қилинглар, сизларни мусоҳибларингиз жинларни эмасдир. Балки у Худонинг пайғамбаридир, келадиган қаттиқ азобдан қўрқитади. Бу сўзларга ишонишларинг керак». Айт эй Муҳаммад, «мен сизлардан пайғамбарлигимга ужрот сўрамайман. Агар ужрот берадиган бўлсаларинг уни ўзларингга бағишладим. Менинг ужротимни Худонинг ўзи бергай. Аллоҳ ҳар бир нарсага гувоҳдир». Айт кофирларга: «Менинг Парвардигорим ҳақ динни ошкор қилади, унинг ҳукмларини жорий қилади, маҳфий нарсаларни билувчидир». Айт эй Муҳаммад: «Ҳақ дин бандаларга келди, ботил бутлар ҳеч нарсани пайдо қила олмайди, ўлган нарсани тирилтира олмайди». Айт эй Муҳаммад: «Агар мен гумроҳ бўлсам, гумроҳлигимнинг зарари ўз нафсимгадир. Агар ҳидоят топсам, Парвардигоримнинг менга юборган ваҳийси орқали ҳидоят топаман». Аллоҳ таоло бандаларнинг дуосини эшитувчи ва бандаларига яқиндир.
51-54. Эй Муҳаммад, қиёмат куни кофирларнинг ҳолларини кўрсанг таажжуб қиласан. Агар кофирлар қиёматнинг дахшатидан қўрқиб қочмоқчи бўлсалар, ҳеч вақт қочиб қутилиб кета олмайдилар. Азобни кўрган вақт: «Қуръонни тасдиқ қилдик, иймон келтирдик» - дейдилар. Бу иймон келтирмоқлари буларга қаердан муяссар бўлади, бу масофа ниҳоятда узоқдир, чунки иймон келтирмоқ у дунёда қолди. Булар илгари кофир бўлиб иймон келтирмаганлар. Булар маҳфий узоқдан туриб Исломни маломат қилар эдилар. Энди хоҳишлари билан буларнинг ўртасида куфрлари тўсиқдир. Чунон булардан илгариги қавмларга ҳам шу муомала бўлган эди. У кофирлар паришон қилувчи шакка тушиб қолган эдилар.