Маккада нозил бўлиб, 45 оятдан иборатдир.
Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман.
1-2. Ҳамма яхшиликлар кимдан содир бўлса, Худо учундир. Аллоҳ таоло осмонни ва ерни ҳалқ қилучи. Малоикаларни пайғамбарлар тарафига элчи қилиб юборувчи Зотдир. Бу малоикалар икки-икки, уч-уч, тўрт-тўрт навъ қанотларига эгадирлар. Аллоҳ таоло халқ қилмоқликда нимани хоҳласа, зиёда қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир Зотдир. Аллоҳ раҳмат дарвозасини бир бандага очса, уни ҳеч ким беркита олмайди. Агар уни беркитиб қўйса, кейин ҳеч ким оча олмайди. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда ғолиб ва ҳар бир феъли ҳикматли Зотдир.
3-6. Эй Худонинг бандалари, сизларга Худонинг берган неъматларини ёд қилинглар ва шукрини адо этинглар. Ўйлангларчи, Худодан бошқа халқ қилувчи борми? Сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, ердан гиёҳлар кўкартириб, ризқ халқ қилиб беради. Ёлғиз Парвардигордан бошқа ҳеч маъбуд йўқ. Энди сизлар тавҳид йўлидан қаёққа буриляпсизлар. Эй Муҳаммад, агар сени кофирлар такзиб қилса, сабр қил. Сендан илгари ўтган пайғамбарлар ҳам такзиб қилингандирлар. Охири ҳамма ишлар Худо тарафига қайтарилади. Эй бандалар, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақдир. Унга хилоф бўлмайди. Шундай бўлгач, дунёнинг зийнатлари сизларни мағрур қилмасин. Охиратни эсларингдан чиқарманглар. Худо карами билан гуноҳларни кечираверади деб, шайтон сизларни мағрур қилмасин. Шубҳасиз шайтон сизларга сизларга очиқ душмандир. Сизлар ҳам унга душман бўлинглар. Шайтон ўзининг тобеъларини дўзах тарафига чақиради. То бу бечоралар Қиёмат куни дўзахнинг азобига гирифтор бўлсинлар деб.
7-8. Қиёматда кофирларга қаттиқ азоб беилади. Ва Аллоҳ яхши амал қилган мўъминларнинг гуноҳларини кечириб, улуғ ажр беради. Оё ҳар кимнинг ёмон амалларини шайтон тарафидан зийнатлантириб кўрсатилса, бас, у банда ўзининг ёмон амалларини яхши деб билса, солиҳ мўъмин бўладими? Аллоҳ таоло кимни хоҳласа гумроҳ қилади ва кимни хоҳласа ҳидоят қилади. Бас эй Муҳаммад, умматларингни ёмон амаллари учун афсус қилма. Сен унга жавобгар эмассан. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло уларнинг қилган ишига донодир.
9-10. Аллоҳ таоло шундай зотки, шамолни юборади. У шамол булутларни ҳайдаб, гиёҳ кўкармай қуриб қолган ерларга олиб боради. Қуриган ерларни сувга сероб қилиб, гиёҳлар кўкартирамиз. Қиёмат куни ўликлар ҳам ердан шундай чиқадилар. Ҳар кимки бу дунёда иззат ва обрў истаса, иззатнинг ҳаммаси Худоникидир., Худодан талаб қилиш керакдир. Худонинг тарафига яхши савобли сўзлар кўтарилади. Яхши амалларни Парвардигор юқорига кўтаради. Гуноҳни ўйлаб макр қиладиган одамларга Қиёмат куни қаттиқ азобдир. Макрлари албатта ботил бўлади.
11-12. Аллоҳ таоло сизларнинг боболарингиз ҳазрати Одамни тупроқдан яратди. Сўнгра сизларни бир қатра манийдан яратди. Сўнгра сизларни бир қатра манийдан халқ қилди ва сизларни хотинлар билан жуфт қилди. Хотинларнинг қоринларида қандай ҳомилалари бўлса, қайси рангда ва қандай туғадилар Аллоҳ таоло билади. Ва ҳар кимнинг умрини зиёда қилса ёки ноқис қилса, Аллоҳ таолонинг ихтиёридадир. Лавҳул Маҳфузда умрни зиёда қилмоқлик ва кам қилмоқлик ёзилгандир. Аллоҳга осондир икки дарё бирининг суви ширин, ёқимли, яна бирининг (денгиз) суви шўр, аччиқ. Бу икки дарё баробар блмайди. Бу масала шунгадирки, мўъмин билан кофир баробар бўлмайди. Бу иккала дарёдан пайдо бўлган гўшти ширин ва покиза бўлган балиқларни ейсизлар. Хотинларинг зийнатланиши учун маржон ва марваридилар чиқариб оласизлар. Кўрасизларки, кемалар дарёнинг сувларини ёриб ҳаракат қилади. Токи, сизлар бу кемаларда сафар қилиб Аллоҳнинг сизларга муқаддар қилган ризқларини ҳосил қиласизлар. Албатта Аллоҳ таолонинг бу неъматларига шукр қилишларинг лозимдир.
13-14. Аллоҳ таоло кечани кундузга зиёда қилади ва кундузни кечага зиёда қилади. Ой ва кунни ўзига мусаххар этган. Булар то муайян вақтга давр ҳаракат қилади. Бу қудратли Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздир. Қандай тасарруф қилса мулк ўзига хосдир. Эй кофирлар, сизлар Худодан бошқа ибодат қилган бутларингиз ҳес нарсага молик эмас. Агар чақирсаларинг эшитмайди. Агар билфарз эшитса, жавоб беролмайди. Қиёмат куни бўлганида, сизларнинг ширкларингиз безор бўлиб, сизларга мункир бўладилар. Ҳеч нарсанинг ҳақиқатидан хабарсиз киши каби хабар беролмайдилар. (А. Мансурда бошқача)
15-17. Эй бандалар, сизлар Худога муҳтожсиз. Аллоҳ таоло албатта сизлардан мустағний (беҳожат) Зот. Ҳар бир феъли яхшидир. Агар Парвардигор хоҳласа, сизларни ер юзидан йўқ қилиб, янги фармонбардор ва мутеъ инсон халқ қилиб, ўринларингга олиб келади. Бу иш Аллоҳга қийин эмас.
18. Қиёмат куни ҳеч ким бировни ноҳақ гуноҳининг юкини кўтармайди. Агар юки оғир киши юкини енгил қилмоқ учун бировни чақирса, унинг оғирини енгил қилинмайди, ҳаттоки қариндош бўлса ҳам. Эй Муҳаммад, сен Худонинг ҳукмларини Худодан қўрққан одамларга ва намозни адо этувчиларга еткизасан. Сенинг насиҳатингни шу Зотлар қабул қаладилар. Ҳар ким гуноҳнинг киридан пок бўлса, ўз нафсининг фойдасига пок бўлади. Ҳамманинг борадиган жойи Парвардигорнинг ҳузуридир.
19-26. Албатта, кўр кўзи очиқ билан, қоронғулик ёруғлик билан баробар эмас. Соя иссиқ билан тенг бўлмайди. Шунга ўхшаш тириклар билан ўликлар ва яхшилар билан ёмонлар баробар эмас. Аллоҳ таоло хоҳлаганига эшиттира олади ва огоҳ қила олади. Эй Муҳаммад, сен қабрдаги ўликларга эшиттира олмайсан ва фаҳмлата олмайсан. Сен Худо тарафидан хабар берувчисан. Биз сени ҳақ дин билан пайғамбар қилиб юбордик. Мўъминларга Худонинг раҳматидан хабар бериб кофирларни Худонинг азобидан қўрқитасан. Ҳар бир уммат дунёга келиб кетган бўлса, уларга Худо тарафидан пайғамбар ҳам келган. Эй Муҳаммад, агар Макканинг кофирлари сени такзиб қилсалар, ҳеч таажжуб қилмаки, булардан муқаддам ўтган қавмлар ҳам ўз пайғамбарларини такзиб қилганлар. У қавмга пайғамбарлар мўъжизалар олиб келган эдилар. Худо тарафидан саҳифалар ва равшан китоб олиб келган эдилар. Лекин булар инкор қилди, тасдиқ қилмади. Сўнгра Биз инкор қилувчиларни азобга мубтало қилдик. Бас, буларни инкорининг оқибати қандай бўлади?! Охири ҳалокат билан тамом бўлди.
27-30. Оё, Парвардигорнинг қудратини кўрмайсанми, Аллоҳ таоло осмондан ёмғирлар ёғдириб ундан дарахтлар кўкартириб, у дарахтлардан ҳар хил рангдаги мевалар пайдо қилди. Тоғларда ҳар ранг – баъзи қора баъзи оқ рангда йўллар ҳалқ қилгандир. Одамлар ва ҳайвонларнинг рангларини мухталиф қилиб яратгандир. Парвардигорнинг бу қудратларини олим кишилар билади. Бандалардан олим кишилар Аллоҳдан қўрқадилар. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло ўз қудратида ғолиб, хатоларни кечирувчидир. Албатта у олим жамоаларки, Худонинг китобини тиловат қиладилар, унга амал қиладилар, намозни адо этадилар. Бизнинг ато қилган ризқларимиздан ошкора ва махфий садақа қиладилар. Умид қиладиларки қиёмат куни бу тижоратлари зиён қилмайди(ман) деб. Албатта Аллоҳ таоло қиёмат куни буларнинг савобларини комил қилиб беради. Ўзининг марҳамати билан зиёда ҳам қилиб берди. Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини ва шукрларини қабул қилувчи Зотдир.
31-32. Эй Муҳаммад, сенга ваҳй орқали Қуръонни юбордик. Қуръон бешубҳа ҳақдир. Илгариги китобларни тасдиқ қилувчидир. Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳолидан хабардор ва кўриб туради. Сўнгра бизларнинг яхши бандаларимизга Қуръонни қолдирдик. Бас, бандалардан баъзилари Қуръонга амал қилмасдан ўз нафсларига зулм қилувчидирлар ва баъзилари Худонинг тавфиқи бирла ўртача амал қилувчидирлар ва баъзилари ҳаммадан зиёда амал қилувчидирлар. Бу Худонинг улуғ марҳаматидир.
33-35. Қуръонга амал қилувчилар ҳамиша муқим бўладиган жаннатга дохил бўладилар. Бу жаннатда тилладан ва марвариддан тайёрланган зеварлар билан зийнатлантириладилар. Жаннат аҳлининг либослари жаннатда холис ипакдан бўлади. Жаннат аҳли Аллоҳ таолодан миннатдор бўлиб, айтадилар: «Ҳамд ва сано бўлсин Аллоҳ таологаки, бизлардан ғам андуҳни кўтарди. Албатта Парвардигоримиз хатоларни кечирувчи, шукрларимизга ажр берувчидир. Ул Зот бизни ҳамиша турадиган жойга фазлу марҳамати билан нозил қилди. Энди бу жойда бизга ҳеч ранж ва машаққат етмайди».
36-37. Қиёмат куни мушрикларга жаҳаннамнинг ўтини муяссар қилинади. Булар устига Худо тарафидан ўлимни муқаддар қилинмайди, токи булар ўлиб, азобдан қутулсалар ва на дўзах азобини ҳам кам қилинмайди. Мушрикларга шу хилда жазо берамиз. Дўзахда булар фарёд қилиб айтадиларки: «Эй Парвардигоро, бизни дўзахдан чиқариб у дунёга юбор, илгари қилган амалларимиздан бошқа яхши амаллар қилайлик». Оё, Биз у дунёда буларга узоқ умр бермадикми? Панду насиҳат олишлари учун узоқ муҳлат бермадикми? Сизларга пайғамбар келган эдику! Нима учун қабул қилмадинглар? Энди дўзах азобини тотинглар. Золимларга ҳеч қандай ёрдамчи йўқдир.
38-39. Албатта, Аллоҳ таоло осмонданги ва ердаги махфий нарсаларни билувчи ва диллардаги сирларга донодир. Парвардигор шундай Зотки, сизларни ер юзига бирин-кетин халифа қилиб яратди. Бас, энди ҳар ким инкор қилса унинг зиёни ўзига. Кофирларнинг куфри Худонинг ғазабидан бошқа нарсани зиёда қилмайди ва зиёндан бошқа нарсани келтирмайди.
40-41. Эй Муҳаммад кофирларга айт: «Худодан бошқа Худога шерик қилган ботил Худоларингизнинг ҳолини кўряпсизми? Менга кўрсатингларчи, улар ердан нима нарса ҳалқ қилдилар ёки уларга осмонни пайдо қилишда бирор шериклари борми?» Ёки уларни қўлларида менинг таримдан ёзиб берилган равшан ҳужжатлари борми? Балки баъзилари баъзиларини ёлғон ваъдалар бирла фириб берадилар ва гумроҳ қиладилар. Аллоҳ таоло еру осмонни ўрнидан бежо бўлишдан сақлайди. Агар ўринларидан бежо бўлсалар Худодан бошқа ҳеч ким сақлаб туролмайди. Аллоҳ таоло кофирларни азоб қилишда шошилмасдан сабр қилади. Мўъминларнинг гуноҳларини кечирувчидир.
42-43. Кофирлар Худонинг номига қаттиқ қасам ёд қилган эдиларки, бизларга Худодан хабар берувчи пайғамбар келса бизлар бошқа умматлардан олдин иймон келтирамиз ва ҳидоят топамиз, деб. Қачонки Худо тарафидан пайғамбар бўлиб Муҳаммад (а.с.) келдилар. Буларга нафратдан ва кибрдан бошқа нарса зиёда бўлмади. Балки дилларида пайғамбарларни ўлдириш учун ёмон макрларни ўйлайдилар. Ҳолбуки, ёмон макр ўзининг аҳлига зиён еткизади ва азобга сабаб бўлади. Магар бу кофирлар илгари ўтган умматларни йўлларига, яъни ҳалок бўлишга мунтазир бўладилар. Аллоҳ таолонинг суннатига ҳаргиз ўзгариш топмайсан, ҳаргиз Аллоҳ таолонинг суннати бошқача бўлмайди.
44-45. Нима учун ер юзини сайр қилмайдилар, токи булардан муқаддам ўтгн умматларнинг оқибатлари нима бўлган ва қандай тугаган, билар эдилар. У умматлар булардан зиёда қувватлик ва зиёда давлатлик эдилар. Аллоҳ таолони ҳеч нарса, хоҳ осмонда бўлсин, хоҳ ерда ожиз қила олмайдилар. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани билади, ҳар нарсага қударати етади. Агар Аллоҳ таоло халқнинг гуноҳларига яраша азоб қилганда эди, ер юзида бирон ҳайвонотни қолдирмасдан ҳалок қилган бўларди. Чунки инсоннинг шумлигини касофатига ҳамма ҳайвонлар қоладилар. Лекин Аллоҳ таоло азоб бермасдан муайян вақтгача муҳлат беради. Қачонки, муқаррар бўлган вақти келса, ҳалок қилади. Албатта Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳолларини кўриб туради.