loader

002. Бақара сураси

Бақара сураси Мадинада нозил бўлган ва у икки юз саксон олти оятдур ва қирқ рукуъдур.
Мадинада нозил қилинган бўлиб, 286 оятдан иборатдир. Қуръони Каримнинг энг узун сурасидир. Бу сура номини 67-71 оятларда яҳудийларга сўйиш амр қилинган сигирдан олинган. Фақат 281-ояти Маккада Видолашув ҳажида нозил бўлган. Шунингдек эътиқодга, ахлоқ ва ҳаёт низомига оид ҳукмларнинг муҳим бир қисми мазкур сурада келган.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Бу ҳарфларнинг маъносига Аллоҳу таолонинг ўзи донодур.
2-3. Бу Қуръон ҳақдир, ҳеч қандай шак ва шубҳага ўрин йўқ. Бу Қуръон Аллоҳдан қўрқадиган зотларга тўғри йўл кўрсатувчидур. Буларнинг сифатлари шуки, кўзларидан ғойиб бўлган Худога иймон келтирадилар, намозни шароитлари билан адо этадилар ва бизлар ато қилган ризқлардан муҳтожларга эҳсон этадилар.
4. Ва яна ул зотлар сизга нозил қилинган Қуръонга ва сиздан муқаддам (илгари) ўтган анбиёларга нозил қилинган китобларга иймон келтирадилар. Ва охиратнинг келишига (қиёмат бўлишига)яқин (аниқ) ишонадилар. 
5. Бу зотлар ҳақиқатдан (чиндан ҳам) тўғри йўлдадурлар. Шул зотлар қиёмат азобидан нажот топувчидурлар. 
6. Албатта, кофирлар шундай кишиларки, шақовати абадий (абадий бадбахтлик)ни ихтиёр қилгандирлар. Сиз азоби илоҳийдан (Аллоҳнинг азобидан) қанчалик қўрқитсангиз ҳам, қўрқитмасангиз ҳам уларга баробардир, ҳаргиз иймон келтирмаслар.
7. Чунки Аллоҳ таоло буларнинг эътиқодларига мувофиқ дилларига ва қулоқларига муҳр босган. Панд ва насиҳатни эшитмайдилар, қабул қилмайдилар, кўзларини парда босгандир, ҳақни кўрмайдилар. Қиёмат куни улуғ азобга мубтало бўладилар.
8. Шундай мунофиқлар ҳам борки, оғизлари билан: «Биз Худога ва охират кунига иймон келтирганмиз», -деб айтадилар. Ваҳоланки, булар Аллоҳ таоло наздида ҳаргиз мўъмин эмаслар.
9. Бу мунофиқлар Худога ва мўминларга макр ва фириб ишлатадилар. Ваҳоланки, булар ҳеч кимга фириб беролмайдилар, магар ўзларини алдайдилар. Бу фирибларини зарари ўзларига етади, лекин камоли ғафлатдан сезмайдилар.
10. Бу мунофиқларнинг дилларида нифоқ касали бордир. Аллоҳ таоло буларнинг қилмишларига мувофиқ бу касални (маразни) зиёда қилди. Қиёматда буларнинг ёлғон иймонлари учун аламли азоб муҳайё (муқаррар)дир.
11-12. Ҳар қачон буларга: «Ер юзида фитна ва фасод қилманглар», -деб айтилса, «Бизлар ёлғиз (фақат) ислоҳ қилувчидирмиз», - дейдилар. Эй мўминлар, огоҳ бўлингларки, албатта мана шу мунофиқлар фасод қилувчидирлар. Лекин камоли ҳамақот (аҳмоқлик)ларидан ўзларининг муфсидликларини (фасод тарқатувчи эканликларини) билмаслар.
13. Ва ҳар қачон буларга: «Сизлар ҳам шу мўминларга ўхшаб сидқидилдан иймон келтиринглар",- деб айтилса, «Биз шу аҳмоқларга ўхшаш иймон келтирамизми?» - деб жавоб қиладилар. Эй мўминлар, билингларки, мана шуларнинг ўзлари аҳмоқ (тубан, пасткаш) кишилардир, лекин (аҳмоқликларини) билмайдилар.
14-15. Қачонки мўминлар билан мулоқот қилсалар: «Биз ҳам сизлардек мўминдирмиз (иймон келтирувчидирмиз)», - деб айтадилар. Лекин ҳар вақт ўз жинслари (шайтонлари) билан танҳо бўлганда эса: «Биз сизлар биланмиз, эътиқодимиз ўзгаргани йўқ. Биз мўминларни масхара қилиб: «Иймон келтирганмиз»,- деб алдаймиз холос», - дейдилар. Лекин Аллоҳ таоло буларнинг тамасхур (масхарасига) Қиёматда жазо беради. Бу дунёда эса, то ажал келгунча муҳлат беради. Токи иймондан саркашлик қилган ҳолда ҳайрон ва мағрур бўлиб, умрларини охир қиладилар.
16. Бу мунофиқлар ҳидоят бадалига (ўрнига) залолатни олдилар. Лекин бу «тижорат»лари фойда келтирмади, (оқибат) булар гумроҳ бўлиб йўлдан адашдилар.
17. Буларнинг ҳоллари шундай кишиларнинг ҳолларига ўхшайдики, тунда ўт (машъала) ёқиб: «Энди атроф равшан бўлди (ёришди)», - деб турганларида Аллоҳ таоло равшанликни (ёруғликни) олиб (қўйиб), қоронғу ҳолда қолдирди. Атрофга қараб, ҳеч нарсани кўрмас эдилар.
18. Буларнинг ҳақ сўзни эшитмоқ (тинглаш) учун қулоқлари кар, ҳақ сўзни (ҳақиқатни) айтмоққа тиллари соқов ва ҳақни кўрмоқдан кўзлари кўрдир. Бас, булар ҳаргиз залолат йўлидан қайтмайдилар.
19. Ёки бу мунофиқларнинг аҳволи қаттиқ ёғиб турган ёмғирда қолган одамларнинг ҳолига ўхшайди: Улар кечанинг ва булутнинг қоронғулигидан, (момогулдуракнинг) ҳайбатли гумбирлаганидан, кўзни хира қиладиган яшин (чақмоқ)дан (шиддатидан саросимага тушиб), қўрққанларидан кўзларини юмиб, панжаларини қулоқларига тиқар эдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг илми кофирларнинг ҳолини иҳота қилгандир (ўраб, қамраб олгандир). Бундан (асло) қочиб қутулолмаслар. Шунингдек, улар мунофиқларнинг шаънига ҳар оят нозил бўлганда, асҳоблар (шу оятларни) тиловат қилганларида, эшитмаслик учун қулоқларини беркитар эдилар. Қўрқувдан дилларига ларза тушар эди. 
20. Яқиндурки, яшин (чақмоқ) кўзларини кўр қилгудек бўлади, қачон у ёруғ берса, улар (у туфайли) юриб олурлар ва қачон қоронғу бўлса, тўхтаб қоладилар. Агар Худо хоҳласа эди, уларнинг қулоқларини ва кўзларини йўқ қилиб қўяр эди. Аллоҳ таоло, албатта (шубҳасиз) ҳар нарсага қодирдир.
21-22. Эй мардум (инсонлар), сизларни ва сизлардан илгари ўтган халқларни йўқликдан бор қилган Парвардигорингизга ибодат қилинглар. Албатта, сизлар шундай ибодат қилганларингда Аллоҳ таолонинг азобидан қўрққан бўласизлар. У Зоти Парвардигор сизларнинг фойдангиз учун ер юзини сизларга ором оладиган бисот (қароргоҳ) қилди ва осмонни уйларнинг томи каби соябон қилиб, юқоридан фойдали ёмғирлар ёғдирди. Аллоҳ таоло сизларнинг ризқларингиз учун ёмғирдан дарахтлар ундириб, ундан мевалар чиқарди. Бу ишларга Аллоҳ таолодан бошқа зот қодир эмасдир. Бас, Аллоҳ таолога бошқаларни шерик қилманглар. Ваҳоланки, ўзларинг кўриб, билиб турибсизлар.
23. Биз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Қуръонга шак-шубҳада бўлсаларинг: «Бу Қуръон Худонинг каломи эмас, Муҳаммадни ўзининг каломи», - десаларинг, сизлар ҳам арабларнинг фасиҳ шоирларидансизлар, агар шу сўзларингда содиқ бўлсаларинг Қуръоннинг бирон сурасига ўхшаш фасиҳ (фасоҳатли) ва балиғ (балоғатли, етук ва нозик маъноли) сура тайёрлаб олиб келинглар. Аллоҳ таолодан бошқа маъбудларингни ҳам ёрдамга чақиринглар.
24. Бас, муқобила қилмоқ қўлларингдан келмади, мин баъд (бундан кейин) ҳам қўлларингдан келмайди. Бас, иймон келтиринглар ва Дўзах ўтидан ҳазар қилинглар. Унинг ёқилғиси одамлардан ва ибодат қилган бутларингдан (иборат)дир. У кофирлар учун тайёр қилиб қўйилгандир.
25. Эй Муҳаммад, менинг иймонли ва солиҳ бандаларимга хурсандлик хабарини етказинг. Менинг бу мўъмин бандаларим учун тагидан анҳорлар жорий бўлган жаннатларни муҳайё қилиб қўйгандирман. Қачонки бу боғнинг меваларини еганларида: «Биз мана шу меваларни у дунёда ҳам еган эдик», - дейдилар. Чунки аҳли жаннатга ато қилинган меваларнинг сурати бу дунёнинг мевасига ўхшашдир. Ва ҳам Жаннат аҳли учун жаннатда ҳурлардан ва ҳам ўзларининг бу дунёдаги солиҳ хотинлари муҳайё қилингандир. Бу хотинларнинг ҳаммаси ифлослик (нопоклик)лардан покизадирлар. Бу бандалар Жаннатда ҳамиша (абадий) айшу ишратда бўлурлар.
26-27. Аллоҳ таоло пашшани ва ё ўргимчакни мисол келтиришдан парво қилмайди (тортинмайди). Мўъминлар бу мисолни Худо тарафидан ҳақ ва ҳикматли деб биладилар. Аммо кофирлар масхара қилган ҳолда: «Худо бу ҳақир нарсаларни мисол қилиб келтирмоқдан нимани ирода қилади (назарда тутади)?. Худога бундай мисолларни баён қилмоқлик лойиқ эмасдир» (-деб айтадилар). Баъзилар бу мисолга эътиқод қилмагани учун Аллоҳ таоло уларни гумроҳлардан қилиб қўяди ва баъзилар бу мисолни ҳақ деб эътиқод қилганлари учун (уларнинг) иймонларини зиёда қилиб, ҳақ йўлига ҳидоят қилади. Аллоҳ таоло бу мисоллар билан ҳеч кимни гумроҳ қилмайди, магар (фақат) Ҳаққа итоат қилмаган фосиқларни, яъни рўзи мийсоқда, Худога қилган аҳдларини синдирувчи (бузувчиларни), Аллоҳ таоло буюрган силаи раҳмни узувчиларни ва ер юзида фасод қилувчиларни гумроҳ қилади. Мана шу зотлар ўзларига зиён келтирадилар.
28. Нечук Худога куфр қилиб, ишонмайсизлар? Ваҳоланки, сизлар йўқ эдингиз, у ҳаёт бериб дунёга келтирди, яна сизларни ўлдириб қабрга юборади, сўнгра яна қабрдан тургизади. Сўнгра ҳисоб учун Парвардигорнинг ҳузурига жам қилинасизлар.
29. Парвардигор (шундай зотки), сизларнинг манфаатларингиз учун ерни ва ер юзидаги нарсаларни яратди. Сўнгра осмонни халқ қилмоққа қасд (аҳд) қилди. Бас, етти қават (табақа) осмонни ниҳоятда мукаммал ва халқ қилди. У зот ҳар бир нарсанинг ҳикмати ва аҳволини билувчи донодир.
30. Эй Муҳаммад, фикр қилинг, вақтики Парвардигорингиз фаришталарга: «Ер юзининг интизоми учун, Менинг (Ўз) Худолигимни ошкора қилиш учун ўзимга ноиб ва халифа қилиб инсонни халқ қилмоқчиман»,-деб айтди. Фаришталар бу халқ қилмоқдаги асрор ва ҳикматларга илмлари етмагани учун бу сирни билиш учун ажабланиб, савол қилдилар (сўрадилар): «Эй Парвардигоро, ер юзида фасод қилувчиларни ва ноҳақ қон тўкувчиларни халқ қиласанми? Ваҳоланки, биз гуноҳ қилмасдан сенга тасбеҳ ва ҳамду сано айтамиз. Сенинг барча айбу нуқсонлардан поклигингни изҳор қиламиз (Сенга тасбиҳ айтамиз)». (Фаришталар бу сўзни, Лавҳул Маҳфуздаги воқеаларни кўриб айтдилар). Аллоҳ таоло буларга жавоб бердики: «Бунинг ҳикматини мен биламан, сизлар билмайсизлар».
31-32. Аллоҳ таоло Ҳазрати Одамга барча нарсаларнинг исмларини таълим берди. Сўнгра ушбу нарсаларни фаришталарга рўбарў қилди. Бас, Аллоҳ таоло малоикаларга дедики: «Агар сизлар биз инсондан афзалдирмиз деган даъволарингизда содиқ бўлсангизлар, ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб берингларчи?». Малоикалар ушбу саволнинг жавобидан ожиз бўлиб айтадиларки: «Эй Парвардигоро, Сен ҳар қандай нуқсонлардан поксан. Бизларда бу нарсалар тўғрисида ҳеч қандай илм йўқ, магар Сен билдирган бўлсанг. Албатта Сен ҳар бир нарсага доносан ва ҳар бир нарсани халқ қилсанг, унинг ҳикматини ўзинг биласан».
33. Парвардигор малоикаларнинг ўйлаган хатоларига огоҳлантириш учун айтдики: «Эй одам, сен малоикаларга ушбу нарсаларнинг исмларидан хабар бергин». Вақтики Одам алайҳиссалом малоикаларга тамом (барча) нарсаларинг исмларини айтиб хабар бердилар. Парвардигор малоикаларга дедики: «Эй малоикалар, Мен сизларга айтмадимми, Мен осмондаги махфий нарсаларни ҳам ва ердаги яширин нарсаларни ҳам биламан. «Ер юзида фасод қилувчи инсонни халқ қилурсанми?»-деб зоҳир қилган сўзларингни ва ҳам «Биз халифа бўлишга авломиз»,-деб дилларингизда яширган фикрларингизни биламан».
34. Эй Муҳаммад, вақтики Биз малоикаларга: «Ҳазрат Одамга таъзим учун сажда қилинглар»,-деб айтганимизни эсланг. Бас, ҳамма малоикалар амрни бажо келтириб, сажда қилдилар, фақат Иблис (лаънати Шайтон) амри илоҳийни бажо келтирмай, кибр қилди. Аллоҳ таолога эътироз қилгани учун кофир бўлди.
35. Биз Ҳазрат Одамни ҳурмат қилиб амр қилдикки: «Ўзингиз ва аёлингиз Жаннатнинг қайси жойини хоҳласангизлар, сукунат қилинглар (ўша ерни макон тутинглар). Жаннатнинг ҳар қайси меваларидан егингиз келса, хоҳлаганча еяверинглар. Лекин бу дарахтга, яъни буғдой дарахтига, яқин борманглар, агар яқин келсангизлар (ундан есангизлар) ўз нафсига зулм қилувчилардан бўлиб қоласизлар».
36. Бас, шайтон Ҳазрат Одам ва Ҳаввони зиллат ва хато қилмоқликлари учун рағбатлантирди (йўлдан оздирди), нозу наъим (неъмат)ларидан маҳрум бўлишларига сабаб бўлди. Бас, Биз айтдикки: «Ҳаммаларинг Жаннатдан чиқинглар ва то ҳаётларинг охирига етгунча бир-бирларингга душман бўлган ҳолатда ер юзига тушинглар. Ер сизларга қароргоҳдир ва унинг ҳар жойидан фойдаланинглар (фойдаланишларингиз жоиз)». Нақл қилибдурларки, илон билан товус Шайтоннинг Жаннатга киришига ёрдам берган экан. Улар Жаннатдан чиқарилди.
37. Ҳазрат Одам алайҳиссалом ушбу хатолари учун кўп йиғлаб, Аллоҳ таолога тавба қилдилар. Парвардигор марҳамат қилиб, Одамга «Раббано заламно анфусано» калималарини дилларига илҳом этди. Ушбу калималарни айтиб тавба қилдилар. Парвардигор тавбаларини қабул қилди. Аллоҳ таоло бандаларга меҳрибон, тавбаларни қабул қилувчи зотдир.
38. Ва яна Ҳазрат Одамга, завжаларига ва Шайтонга амр қилдикки: «Ҳаммаларинг Жаннатдан чиқиб кетинглар. Бас, менинг тарафимдан сизларга ва зурриётларингга ҳидоят қилувчи расул ва ҳам китоб келса, сизларнинг зурриётларингиздан кимки тобеъ бўлиб ҳидоят топса, Қиёмат куни уларга хавфу хатар бўлмас ва ғам тортмаслар ва Жаннатга дохил бўлурлар.
39. Аммо Худога мункир бўлиб (Аллоҳга иймон келтирмай), унинг оятларини ёлғонга чиқарган инсонлар Дўзах аҳли бўлиб, Дўзахда ҳамиша (абадий) азобга мубтало бўлиб қолурлар.
40. Эй Яъқуб авлодлари, сизларга инъом қилган неъматларимни фикр (тафаккур) қилинглар ва шукрини адо этинглар. Менга қилган аҳдларинггга вафо қилинглар. Яъни Тавротда Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиришни тавсия қилгандирмиз. Бу амрни бажо келтиринглар. Мен Жаннатни сизларга ваъда қилганман. Унга мен ҳам вафо қиламан. Ва аҳдларингни бузманглар, мендангина қўрқинглар.
41.Эй яҳудийлар, Менинг нозил қилган китобимга, яъни Қуръонга иймон келтиринглар. Бу Қуръон сизларнинг китобларингизни тасдиқлайди. Аҳли китоблар орасида сизлар биринчи бўлиб Қуръонни инкор қилувчи кофирлардан бўлманглар. Озгина (арзимас) дунё манфаати учун (дунёвий нарсаларни) Таврот оятларига бадал қилманглар (алиштирманглар). Мендан қўрқинглар.
42-43. Дунё манфаати учун ҳақ сўзни ботилга аралаштирманглар. Ҳақ сўзни яширманглар, яъни Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатларини халқдан пинҳон қилманглар. Ваҳоланки унинг ҳақлигини билурсизлар. Ва мусулмонлар жамоати билан намозни барпо этинглар ва закотни адо этинглар ва рукуъ қилувчи аҳли Ислом билан намозда рукуъ қилинглар.
44. Эй яҳудлар, халқни яхши ишларга далолат қиласиз, лекин ўз нафсингизни унутиб (ўз нафсингизга зулм қилиб) ўзингизга яхшилик қилмайсизларми? Тавротни тиловат қиласизлару аҳкомларига амал қилмайсизларми? Нима учун ақлларингизни ишлатмайсизлар?!
45-46. Ҳар бир ишларингизнинг кулфати (зиёни) ва оғирлигидан нажот топиш учун сабр қилган ҳолда намоз ўқиб, Парвардигордан астойдил ёрдам сўранглар. Албатта намоз ўқиш оғир ва машаққатлидир, магар муттақийларга осондир. Чунки бу зотлар Аллоҳ таолодан қўрқадилар ва «Қиёмат куни Парвардигорга мулоқи (рўбарў) бўламиз, охир (оқибат) Худонинг ҳузурига қайтамиз»,-деб яқин қиладилар (ишонадилар).
47. Эй Яъқуб авлодлари, сизларга инъом қилган неъматларимни эсланглар ва шукрини бажо келтиринглар. Эслаб, фикр қилингларки, сизларнинг мартабаларингни ўз замонингиз аҳлларидан баланд қилдим.
48. Шундай кундан қўрқингларки, Парвардигорнинг изн-амрисиз у кунда бирор киши бировга ёрдам бериб, унинг ҳуқуқини адо этолмайди, биров бировдан мадад ололмайди. Илоҳий изнсиз бирон нафс тарафидан супориш (буйруқ, топшириқ) қабул қилинмайди. Азобнинг дафига фидя олинмайди ва ҳам буларга бирон тарафдан ёрдам берилмайди.
49. Эй яҳудлар, ота-боболарингга Фиръавннинг аҳлидан нажот берган кунимизни ёд қилинглар (эсланг)! Фиръавн сизларга қаттиқ азоблар берган, ўғил болаларингни сўйдириб, қизларингни меҳнат ва кулфатда сақлар эди. Аллоҳ тарафидан бу балои азимга сизлар ёмон феълларингиз учун мубтало қилинган эдингизлар.
50. Эй яҳудлар, Менинг сизларга қилган марҳаматларимни ёд қилинглар. Сизлар учун дарё сувини иккига бўлиб йўл очиб бердик. Бас, сизларга Фиръавннинг лашкаридан нажот бердик ва Фиръавннинг лашкарларини дарёга ғарқ қилдик. Бу аҳволни кўриб турган эдингизлар.
51. Эй яҳудлар, Мусо алайҳиссаломга Таврот китобини ато қилишни ваъда қилганимизни ёд қилинг (эсланг)!. Мусо алайҳиссаломнинг қирқ кундан сўнг Тур тоғига келиб Тавротни олмоғини ваъда қилдик. Бас, Мусо кетгандан сўнг Сомирий заргар тайёрлаган бузоқнинг суратига (хайкалига) Худо (илоҳ) деб сиғиндиларинг. Ваҳоланки сизлар ўз нафсларингизга зулм қилувчидурсизлар.
52-53. Сўнгра сизлардан тавба қилганларнинг ушбу гуноҳларини кечирдик. Шоядки бу авф қилганимизга шукр қилғайлар. Эй яҳудлар, шоядки ҳидоят топгайсизлар, деб Мусога Таврот китобини, ҳақ ва ботилни ажратувчи мўъжизаларни берган вақтимизни ёд қилинглар (эсланглар).
54. Эй яҳудлар, Мусонинг ўз қавмига айтган гапларини эсланг: «Эй қавмим, албатта, сизлар бузоқни Худо (Илоҳ) деб ибодат қилиб, ўзларингга зулм қилдиларинг. Бас бу гуноҳи азимдан яратувчи Парвардигорга тавба қилинглар. Шу билан тавбангиз қабул бўлади. Шу тариқа тавба қилмоқларинг Худонинг наздида яхшидир». Бас, яҳудлар илоҳий амрни бажо келтирдилар. Худои таоло тавбаларини қабул қилди. Аллоҳ таоло бандаларининг тавбаларини қабул қилувчи меҳрибондир.
55-56. Эй яҳудлар, Ҳазрат Мусога: « То Худони очиқ, рўбарў (юзма-юз) кўрмагунимизча сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз», - деб айтганларингни эсланг. Яъни Бани Исроилнинг ашрофларидан етмиш киши улар бузоққа сиғинганлари учун Ҳазрат Мусо билан Тур тоғига борган эдилар. Токи Худога узрхоҳлик (тавба) қилмоқлари керак экан. Худонинг каломини эшитгандан сўнг: «Худонинг ўзини кўрмасак иймон келтирмаймиз», - деб айтдилар. Бас, сизларни осмондан соиқа (чақмоқ) келиб ҳалок қилди. Ваҳоланки сизлар кўриб турган эдиларинг, сўнг Ҳазрат Мусонинг дуолари билан яна сизларга ҳаёт бердик. Шоядки бу марҳамати илоҳийга шукр қилгайсизлар.
57. Вақтики Ҳақ таоло тарафидан яҳудлар қавми Жабборин билан жиҳод қилмоққа маъмур бўлдилар. Булар саркашлик қилиб итоат қилмадилар. Худои таоло буларни жазолаб қирқ йил ободончиликдан маҳрум қилиниб, даштда сарсон бўлиб юрмоқ билан жазоландилар (маҳкум этилдилар). Даштда офтоб ҳароратидан қаттиқ азобга қолдилар. Ҳазрат Мусонинг дуолари баракотидан бир парча булут бошларига соя солар эди. Шунинг учун Ҳақ таоло дедики: «Эй бани Исроил, биз бошларингга булутни юбориб соя қилдирдик. Сизларга таом учун осмондан шакар (ширинликлар) ёғдирдик ва ҳам паррандалардан бедонанинг кабобини юбордик. Сизларга амр қилдикки: «Худонинг покиза ризқларини ҳар қанча хоҳласаларинг енглар. Аммо захира қилиб, эрта мабодо келмай қолса, ермиз деб Худога бадгумон бўлманглар. Худо ризқларингизни тўхтатмайди. Лекин, исён қилиб амримизни бажо келтирмадинглар, захира ва омбор қилиб олдинглар, Бизга ишонмадинглар. Бу билан Бизга зарар етказмадинглар балки ўзларингга зулм қилдинглар».
58. Эй яҳудлар, вақтики ота-бобонгиз дашти Тиҳдан қутулди. Уларга: «Байтул Мақдис қарясига (қишлоғига) киринглар. Дарвозадан кирган ҳолларингда тавозуъ билан бошларингни эгиб: «Худоё гуноҳларимизни маҳв қилгин»денглар, шундай қилганларингда гуноҳларингни кечирамиз. Яна амримизни яхши бажо келтирганларга зиёда савоб берамиз»,-деганимизни эсланг.
59. Бас, ўзларига зулм қилган ота-боболарингиз истеҳзо тариқасида: «Гуноҳларимизни маҳв қилгин, эй Парвардигор», - дейиш ўрнига «Бизларга емак учун буғдой керак», - дедилар. Бас, Биз буларнинг беодоблиги, (исёни учун) золимлар тепасига осмондан азоб уқубатни нозил қилдик (юбордик). Яъни осмондан ўт келиб, фосиқларни куйдирди.
60. Эсланг, эй яҳудлар, вақтеки Мусо алайҳиссалом қавмлари даштда чанқаганда Худодан сув талаб қилдилар (тиладилар). Бас, биз Ҳазрат Мусога: «Асонгизни тошга уринг», - деб айтдик. Ҳазрат Мусо алайҳиссалом Худонинг буйруғини бажо келтириб, асоларини тошга урдилар. Бас, тошда ўн икки қабила учун ўн иккита чашма пайдо бўлди. Ҳар қабила ўзларининг сув оладиган жойларини маълум қилдилар. Биз уларга: «Худо берган тайёр ризқни енглар. Худо берган сувлардан ичинглар ва шукрини бажо келтиринглар. Ер юзига фасод тарқатманглар», - дедик.
61. Ҳазрат Мусога: «Эй Мусо, биз бир хил таомга ҳаргиз сабр (қаноат) қила олмасмиз. Бас, биз учун Худодан сўрагинки, бизга Парвардигор ер ундирадиган нарсалардан: кўкат (сабзавотлар) таррасидан - бодринг, саримсоқпиёз, буғдой, мош ва пиёз каби (ўсимликларни) тайёрлаб берсин (ундириб берсин)», - деганингизни эсланг. Ҳазрати Мусо айтдилар: «Эй яҳудлар! Сизлар яхши нарсанинг ўрнига ёмон нарсани бадал қилиб олишни истайсизларми? Худонинг сизларга берган меҳнатсиз ризқи яхши эдику? Вақтики бунга рози бўлмайсизлар, борИнглар Шом мулкининг шаҳарларидан бирига, сизлар савол (талаб) қилган нарсаларингиз у жойда муҳайёдир».
Худонинг неъматига куфрон қилганликлари учун Худои таоло буларнинг тепасига хорлик келтирди ва буларга бечораликни, (мискинликни) ато қилди. Худонинг ғазабига мубтало бўлдилар. Яҳудлар Парвардигор оятларини инкор қилганликлари, пайғамбарларни ноҳақ қатл этиб, Худонинг ҳукмига исён қилганликлари ва ҳадларидан тажовуз қилганликлари (ошганлари) учун Худо уларни бу кулфатларга гирифтор қилди.
62. Албатта иймон келтирган одамлардан, яҳудлардан, насоролардан ва бошқа динсизлардан (олдинги дину эътиқодидан қатъий назар) агар ҳар кимки (якка-ёлғиз) Худога, Қиёмат кунига иймон келтириб, яхши амалларни қилса, бас улар учун Аллоҳ таоло наздида улуғ савоблар бор. Қиёмат куни буларга Дўзах азобидан ҳеч хавф йўқ, буларга ғам ҳам йўқ.
63. Эй яҳудлар! Эсланг, сизлардан Ҳазрат Мусога мутобаат (итоат) қиласизлар деб аҳд-паймон олдик. Сизлар аҳд-паймондан сўнг саркашлик қилдиларинг ва: «Бизга Таврот аҳкоми кўп оғирлик қилади. Биз бунга амал қила олмаймиз», - дедиларинг. Бас Жаброил алайҳиссаломга буйруқ бердик, Тур тоғини тепаларингга олиб келди. Сизларга Ҳақ таоло айтди: «Мен берган китобни қабул қилиб олинглар. Аҳкомига тоқатларинг етгунча амал қилинглар. Агар қабул қилмасаларинг буюраман Тур тоғини тепаларингдан ташлайди. Ҳаммаларинг ҳалок бўласизлар. Сизларга яхшиси шуки, Тавротдаги ҳукмларга амал қилинглар. Шоядки шу вақтда парҳезкорлардан бўлурсизлар».
64. Шу аҳд-паймондан кейин сизлар Менинг фармонимдан юз ўгирдинглар. Агар сизларга Худонинг фазл-инояти ва раҳмати бўлмаса эрди, сизлар зиён кўрувчилар жумласидан бўлиб қолар эдингизлар.
                          
65-66. Албатта сизлар яхши билдинглар, ўша қавмники, ўзларининг ҳадларидан тажовуз қилган эдилар. Сизларнинг қавмларингдан эди. Шанба куни балиқ овлашни ман қилган эдик. Сизларга дунё ишига машғул бўлишни ҳаром қилган эдик. Сизлар бизнинг амримизни бажо келтирмадинглар. Макр ва ҳийла билан шанба куни балиқ овладинглар. Бас ўша ҳийла қилувчиларга: «Ҳаммаларинг хор бўлган ҳолда маймунга айланинглар», -деб айтдик. Бас, биз бу уқубатни сизларнинг олдиларингдаги ва сиздан кейин келувчи кишилар учун ибратга, парҳезкор инсонлар учун мавъизага (панд-насиҳатга) айлантирдик.
67-68. Ёдларингга келтиринглар, у вақтники, Ҳазрат Мусо қавмларига айтдилар: (Ўша даврда шундай бир воқеа содир бўлган эди. Авлоди йўқ бир бойнинг меросини оламан деб, бир жияни кечаси ўлдириб маҳалла кўчасига ташлаган эди. Кундузи маҳалла аҳлларига даъво қилдики: «Амакимни сизлар ўлдирдинглар». Маҳалла аҳли Ҳазрат Мусога келиб айтдилар: «Сиз Худодан сўранг. Бу бойнинг қотили ким?» Ҳазрат Мусо Худога арз қилдилар. Парвардигордан ваҳий келди. Бас, Ҳазрат Мусо қавмларига айтдиларки: «Худо сизларга бир молни топиб сўймоққа амр қилади». Яҳудлар Мусога: «Сен бизларни масхара қиласанми?»-деб айтдилар. Ҳазрат Мусо айтдилар: «Масхарабоз жоҳиллардан бўлишдан Худодан паноҳ тилайман». Яҳудлар айтдилар: «Бундай бўлса, Худодан сўрагин у мол қандай сифатда?» Ҳазрат Мусо айтдилар: «Худо айтадики, у мол қари ҳам эмас ва ёш бузоқ ҳам эмас, балки ўрта ёшда. Сизлар нимагаки маъмур (амр этилган) бўлсанглар уни бажо этинглар (бажаринглар).
69. Яна Ҳазрат Мусога айтдилар: «Парвардигорингдан бизларга у молнинг ранги қандайлигини баён қилишни сўрагин». Ҳазрат Мусо айтдилар: «Худо айтадики, у молнинг ранги тўқ сариқдирки, ҳусни кўрувчиларни хуш қилур».
70. Яна Ҳазрат Мусога айтдилар: «Парвардигорингдан сўрагин. У молнинг сифати қандай эканини бизга баён қилиб берсин. Ишлайдими ё саҳроларда ўтлаб юрадими? Моллар бир-бирига ўхшайди, бизларни иштибоҳга солди. Биз Худо хоҳласа охир уни топамиз». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган эканлар: «Яҳудлар «иншаа Аллоҳ» демаганларида то Қиёматгача бу хилдаги молни топмаган бўлар эдилар».
71. Ҳазрат Мусо айтдилар: «Худо айтадики, бу мол меҳнат қилиб, ер ҳайдаб юрган ҳам эмас ва сув чиқариб (сув ташиб) экинларни сероб қилгин (суғорган) ҳам эмас. Бундай ишлардан саломатдир, рангида ҳеч доғи йўқ». Бас яҳудлар айтдилар: «Мусо, ҳозир сен бизга тамом ҳақиқатни маълум қилдинг». Бас, яҳудлар (кўп изланиб) у молни топиб сўйдилар. Бу амрни бажаришда астойдил эдилар.
72. Ёд қилинг шу воқеаники, бир нафсни ҳақсиз ўлдирдинглар. Бас, ўша ўлдирилган нафснинг «қотили ким?»- деб ихтилоф қилдинглар. Аллоҳ таоло сизларнинг яширган нарсаларингизни изҳор қилувчидир.
73. Бас, биз яҳудийларга айтдик: «Молнинг баъзи аъзолари билан мурдани уринглар». Бас, баъзи аъзоси билан урдилар, ўлик тирилди. Ўзининг қотилини кўрсатиб берди. Ҳақ Таолонинг шундай қудратлари борки, ўликларни шу тариқа тирилтиради. Сизларга оятларини шу ҳилда кўрсатади. Шоядки, сизлар бу оятларни фикр қилиб, панд оларсизлар.
74. Шу оятларни кўргандан кейин ҳам дилларингизга таъсир бермади. Дилларингиз мисли тошдек қаттиқ, балки ундан ҳам қаттиқроқдир. Чунки баъзи тошлар орасидан чашмалар чиқиб анҳорлар жорий бўладур. Тошлардан баъзилари ёрилиб орасидан сувлар чиқади ва баъзи тошлар Парвардигордан қўрққани туфайли (чатнаб), парчаланиб кетади. Аммо сизларнинг дилларинг ҳаргиз мутаассир бўлмади (таъсирланмади). Шуни билингларки, Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингиздан ғофил эмасдур.
75. Эй мўъминлар, бу яҳудийларни иймон келтирмоғини умид қиласизларми? Ваҳоланки, булардан баъзи фирқалари Тур тоғида каломуллоҳни эшитдилар, ўзлари билгандан сўнг ўз қавмларига келиб, каломи илоҳийни ўзгартириб кўрсатадилар, ваҳоланки булар ёлғондан тўқиганларини ўзлари биладилар.
76. Вақтики, баъзи яҳудлар мўъминлар билан мулоқи (рўбарў) бўлсалар айтадиларки: «Бизлар ҳам сизларга ўхшаган иймон келтиргандирмиз». Вақтики хилватда баъзилари бошқалари билан қўшилсалар, катталари кичикларига айтадиларки: «Муҳаммад асҳобига Худо тарафидан сизларга маълум қилинган асрорларни айтиб берасизларми?» Яъни Тавротда ёзилган Муҳаммаднинг наътини (сифати, хабарини), Муҳаммаднинг асҳобларига хабар берасизларми. Ҳаргиз айтманглар. Шунинг учунки, Қиёмат куни Худонинг олдида Муҳаммад асҳоблари ҳужжат қиладилар. У вақтда Худонинг олдида расво бўласизлар. Бу аҳволни билмайсизларми?
77. Оё, билмайдилармики, Аллоҳ таоло буларнинг ичларидаги яширган сирларини ҳам билади. Оғизларидан зоҳир қилганларини ҳам билади.
78. Баъзи яҳудийлардан шундай жамоалар ҳам борки, ўқиш ва ёзишни билмайдилар. Тавротни ҳам билмайдилар, магар орзуларига (бехуда хом-хаёлларига) мувофиқ бадал қилинган (ўзгартирилган) ҳукмларга эътиқод қиладилар. Булардан ҳеч бирининг Таврот ҳукмига яқин (ишонч)лари йўқдир, магар гумон қиладилар, холос.
79. Вой ўша одамларнинг ҳолларигаки, қўллари билан Тавротнинг ҳукмларини ўзгартириб ёзадилар. Сўнг айтадиларки: «Шу ўзгартирилган ҳукм Худо тарафидан нозил бўлгандир. Булар ҳукмни шунинг учун ўзгартирар эдиларки, ўзгартириш бадалига озгина дунёвий ҳожатларини батариқи ришват (пора олиш йўли билан) ҳосил қилсинлар. Вой буларга қўллари билан ёзган ёлғонлари учун. Яна вой буларнинг ёлғон бадалига (эвазига) олган пуллари учун.
80. Яҳудийлар айтадилар: «Бизга ҳаргиз дўзах ўти етмайди, магар озгина кун, яъни қирқ кун бузоққа ибодат қилган кунларимизнинг миқдорида. Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтинг: «Сизлар бу тўғрида Худодан аҳд-паймон олгансизларми? Агар Худо ваъда қилган бўлса ҳаргиз ваъдасига хилоф қилмас, ёки Худога билмаган нарсаларингизни туҳмат қилаётирсизларми?
81. Ҳаргиз сизлар ўйлагандек бўлмайди, балки ҳар кимки ёмонлик қилиб, уни гуноҳлари ўраб олган ҳолда куфр билан ўлар экан, бас, мана шулар Дўзах аҳлидирлар. Дўзахда ҳамиша қолурлар.
82. Ва у зотларки, Аллоҳ таолога иймон келтириб ва яхши амаллар қилибдилар, ана шу зотлар жаннатийдирлар. Улар Жаннатда абадий қолажаклар.
83. Фикр қилинглар, вақтики биз Тавротда бани Исроилдан аҳд-паймон олдик, шу мазмундаки, Худодан бошқага ибодат қилмайсизлар, ота-оналарингга яхшилик қиласизлар, қариндошларингга силаи раҳм қиласизлар, етим ва бечораларга раҳм қиласизлар, оммаи мардумга (ҳамма инсонларга) фойдали сўзлар айтасизлар, намозни ўз вақтида шартлари билан адо этасизлар, закотни Тавротнинг ҳукмига мувофиқ адо этасизлар. Кейин сизлар шу аҳд-паймондан юз ўгирдинглар ва бу ҳукмга амал қилмадинглар, магар озгиналаринг амал қилдинглар, холос.
84. Яна шуни фикр қилинглар, сизлардан шу мазмунда аҳд-паймон олдикки, бир-бирларингизни қонларингни ноҳақ тўкмайсизлар, ўз ватанларингиздан ўз халқингизни чиқариб юбормайсизлар. Кейин сизлар шу аҳд-паймонни қабул қилдинглар. Эй Мадинанинг яҳудлари, ота-бобонгизнинг қилган ишларига гувоҳсизлар. Кейин сизлар ўша гуруҳлардан сизларки, аҳд-паймонни буздинглар, ўз халқларингизни ҳақсиз ўлдира бошладинглар. Баъзи фирқаларингни ўз ватанларидан чиқардинглар, баъзи фирқаларингизга зулму адоват билан ғалаба қилдингизлар.
85. Агар сизлардан биронтаси бир-бирларингиз билан жанг қилган ҳолатда асир бўлиб қўлга тушиб қолса, ўзларинг фидя бериб халос қилиб оласизлар. Ваҳоланки, Тавротда ўз халқингиз билан жанг қилиш ҳаром қилинган эди ва диёридан чиқариб юбориш ҳам ҳаром эди. Оё, сизлар Тавротнинг баъзи ҳукмларига ишониб ва баъзи ҳукмларига кофир бўласизларми? Бас, бу қилмишларингизнинг жазоси бу дунёда хорлик ва расволикдир. Қиёмат кунида дўзахнинг қаттиқ азобларига дучор қилинасиз. Аллоҳ таоло сизларнинг қилиб турган амалларингиздан ғофил эмасдир.
86. Булар шундай жамоаларки, охиратнинг бадалига (ўрнига) дунё ҳаётини ихтиёр қилганлар. Қиёмат куни булардан Дўзах азоби тахфиф (енгил) қилинмас. Буларга бирон тарафдан ёрдам ҳам берилмас.
87. Албатта, биз Тавротни Мусо алайҳиссаломга бердик. Мусодан кейин яна бошқа пайғамбарлар юбордик. Ва Ийсога ҳам мўъжизалар бердик. Жаброил алайҳиссаломни Ҳазрат Ийсога муқаррар қилдик. Вақтики бизнинг тарафимиздан расул (пайғамбар) сизлар хоҳламаган ҳукмларни олиб келса, сизлар саркашлик қилдинглар ва қабул қилмадинглар. Расулларнинг бир жамоасини инкор қилдинглар, бир жамоасини ўлдирдинглар.
88. Яҳудларга Муҳаммад алайҳиссалом насиҳат қилсалар, яҳудлар айтар эдиларки: «Дилларимиз маҳкам (берк). Сизнинг насиҳатингиз кирмайди (кор қилмайди)». Булар айтганидек эмас, балки Худои таоло буларни куфрлари боис лаънат қилган. Ўзининг раҳматидан узоқ қилган. Иймон келтирса ҳам, булардан озгиналари иймон келтиради.
89. Ўша вақтдаки, Худо тарафидан буларнинг китобларини тасдиқловчи Қуръон келганда қабул қилмадилар ва ишонмадилар. Ваҳоланки булар Қуръон нозил бўлмасдан илгари шу келадиган Қуръонни шафеъ келтириб, араблар билан бўлган жангда Аллоҳ таолодан фатҳ-нусрат талаб қилар эдилар. Вақтики Қуръон нозил бўлди, Ислом дини келди. Булар ўзлари билиб юрган Қуръонга кофир бўлдилар, Муҳаммад алайҳиссаломга мункир бўлдилар. Бас, кофирларга Худонинг лаънати бўлсин.
90. Ўз нафсларининг бадалига кўп ёмон нарсаларни ихтиёр қилдилар. У нарса шундан иборатки, Худо нозил қилган Қуръонга кофир бўлдилар, Худо ўз бандаларидан хоҳлаганига фазлу марҳамат ато қилишига ҳасад қилдилар. Бас Худонинг ғазаби устига ғазабига мустаҳиқ (лойиқ, сазовор) бўлдилар. Худонинг оғир азоби кофирларгадир.
91. Вақтики бу яҳудларга: «Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръонга иймон келтиринглар»,-деб айтилса: «Биз ўзимизга нозил қилинган Тавротга иймон келтиргандирмиз ва шунга иймон келтирамиз», - дейдилар ва Тавротдан бошқа Қуръонни инкор қиладилар. Ваҳоланки Қуръон ҳақдир. Буларнинг китобларини тасдиқ қилувчидир. Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: «Агар сизлар ҳақиқатдан Тавротга иймон келтирган бўлсанглар, нима учун илгари Худонинг набиларини ўлдирар эдинглар?».
92. Албатта Мусо алайҳиссалом сизларга мўъжизалар олиб келди. Кейин Мусо алайҳиссалом Тур тоғига кетгандан сўнг ҳамманглар бузоқпараст бўлиб кетдинглар. Шу билан сизлар золимлардан бўлдинглар.
93. Ёд қилинглар ўша даврники, ота-боболарингиздан: «Китоб нозил қилсак, амал қиласизлар»,- деб аҳд-паймон олдик. Шунга биноан Тавротни сизларга нозил қилдик. Сизлар қабул қилиб олишдан бош тортдинглар. Жаброил алайҳиссаломга фармон бердик. Тур тоғини тепангизга олиб келди ва сизларга айтдикки: «Биз сизларга берган китобни сидқидил билан қабул қилиб олинглар. Унинг панд-насиҳатларини жону дил билан эшитинглар». Улар айтдиларки: «Пандларини эшитдик. Лекин (унга) итоат қилмасмиз». Аслида куфрларининг сабабидан буларнинг дилларида бузоққа ибодат қилиш мустаҳкам бўлган эди. Эй Муҳаммад, яҳудларга айтгин: «Агар иймонларинг бўлса, бу иймонларинг сизларни бунга кўп ёмон ишларга амр қилади».
94. Яҳудларнинг эътиқодлари шундан иборат эдики: «Жаннат бизники, бошқа одамнинг Жаннатга киришга ҳаққи йўқ«. Худои таоло буларнинг жавобига дейдики: «Эй Муҳаммад, яҳудларга айтгин, агар ҳақиқатдан Аллоҳ наздида Жаннат сизларники бўлсаю, бошқа одамнинг ҳаққи бўлмаса ва агар сизлар шу гумонларингдростгўй бўлсангизлар (қаттиқ ишонсангизлар), бас, ўлимни талаб қилинглар, чунки Жаннатга тезроқ борурсизлар».
95. Лекин, булар ҳаргиз ўлимни орзу қилмайдилар шунинг учунки, буларнинг қилмишлари ниҳоятда оғир гуноҳлардан иборатдир. Бу гуноҳлар билан охиратга боришни ҳаргиз истамайдилар. Аллоҳ Таоло золимларни билувчи донодир.
96. Балки, эй Муҳаммад, ўлимни орзу қилиш ўрнига бу яҳудийларни ҳаётга ҳаммадан ҳарисроқ, (ўчроқ) топасан. Ва яна мушриклардан ҳам зиёда ҳарисроқдирлар. Ва баъзилари дўст тутуб: « Кошки минг йил умр кўрсам эди»,-деб орзу қиладилар. Ваҳоланки, узоқ умр кўриш Худонинг азобидан нажот бермайди. Аллоҳ Таоло буларнинг амалларини кўриб турувчидир.
97-98. Баъзи яҳудийлар Муҳаммад алаҳиссаломга дейдиларки: «Агар, сизга ваҳийни Микоил алайҳиссалом олиб келганда, сизга иймон келтирган бўлардик. Биз – яҳудийлар Жаброилни ёмон кўрамиз, чунки Жаброил яҳудийларни душманидир. Ҳамма балоларни яҳдийларга Жаброил олиб келгандир». Ҳақ таоло дейдики: «Эй Муҳаммад, яҳудийларга айтгин, ҳар кимки Жаброилга душман бўлар экан, ўзининг ғазаби аччиғидан ҳалок бўлсин. Чунки, Жаброилда ҳеч гуноҳ йўқдур. У Қуръонни оят-оят олиб келиб, сенинг қалбингга нозил қилади. У Қуръон (сендан) олдин Худодан нозил бўлган китобларни тасдиқ қилувчидир. Қуръон бандаларга ҳақ йўлни кўрсатувчидир. Мўъминларга Худонинг раҳматидан башорат берувчидир. Ҳар кимки Худога ва унинг малоикаларига ва пайғамбарларига, Жаброилга ва Микоилга душман бўлар экан, бас, Худои Таоло ҳам шундай кофирларга душмандир.
99. Бизлар сенга равшан мўъжизаларни юбордик. Бундай мўъжизотларга фақат Худонинг фармонидан бўйин товлаганлар мункир бўладилар.
100-101. Ва ҳар вақт яҳудийлар бирон аҳдини аҳд қилсалар улардан бир жамоалари аҳдни синдирмадиларми (бузмадиларми)? Балки кўпларининг Тавротга иймонлари йўқ. Вақтики, Муҳаммад алайҳиссалом Худо тарафидан пайғамбар бўлиб келдилар, буларнинг Тавротларини тасдиқ қилувчи эдилар. Аҳли китоблардан бир жамоалари Расулуллоҳдан хабар берган Тавротнинг ҳукмини (оятларини) гўё, ҳеч нимани билмагандек орқаларига ташладилар (отадилар).
102. Яҳудлар шайтонлар ўқиган нарсага иттибоъ қиладилар (эргашадилар). Сулаймон алайҳиссаломнинг подшоҳлик даврларида бу китоб шундан иборат эдики, деву-жинлар сеҳрларни, найрангларни бир китобга ёзиб, тўплаган эдилар. Халқ ичида бу китобни ўқиб, сеҳру-найрангларни тарқатар эдилар. Ҳатто Сулаймон алайҳиссаломнинг подшоҳликларини ҳам сеҳрга нисбат берар эдилар. Сулаймон алайҳиссалом хабар топиб, бу китобни қўлларидан олиб, ўтирган тахтларининг тагига кўмдирдилар. Сулаймон алайҳиссалом вафот этганларидан сўнг жинлар бу китобни ердан кавлаб, яна қўлларига олдилар. Бу китоб яна халқ ичида тарқалди. Яҳудийлар ҳам шу китобнинг нусхасини олиб амал қила бошладилар. Худои таоло бу оятда шуни баён қилди; яҳудийлар Сулаймон алайҳиссаломни сеҳрга нисбат бергани учун Ҳақ таоло айтди: «Сулаймон кофир бўлгани йўқ, лекин шайтонлар кофир бўлгандирлар. Шунинг учунки, халққа жодугарликни таълим берар эдилар. Яна яҳудийлар Бобил шаҳрида иккита малоикага нозил бўлган сеҳрга амал қила бошладилар. У фаришталарнинг номлари Ҳорут ва Морут эди. Бу малоикалар инсонлар гуноҳкор бўлганлари (яъни, гуноҳ ишлар содир қилишлари) учун таъна қилар эдилар. Ҳақ таоло бу малоикаларга айтдики: «Инсонга берилган нафс сизларга берилса, сизлар ҳам уларга ўхшаб исён қиласизлар». Булар Худога айтдиларки: «Агар бизга нафсни мусаллат қилганингда ҳам биз ҳаргиз исён қилмаймиз». Ҳақ таоло буларни ибтило (имтиҳон, синаш, мубтало) қилмоқ учун нафсни мусаллат, ғолиб қилиб, ер юзига туширди. Улар халқнинг тепасига қози бўлиб ҳукмронлик қилдилар. Ҳақ таоло буларни имтиҳон қилмоқ учун Зуҳро номли аёлни шикоят билан буларнинг олдига юборди. Бу аёл ниҳоятда соҳибжамол эди. Булар у аёлдан зино қилмоқни талаб қилдилар. У аёл буларга хамр (ароқ, маст қилувчи ичимлик) ичишни таклиф қилди. Хамрни ичдилар, бу аёлга зино қилмоққа қасд қилдилар. Шу ҳолда бир одам ҳозир бўлди. Буларнинг ишига монеъ бўлди. У одамни ўлдирдилар. Ҳукумотнинг қасос олишидан ниҳоятда хавфсираб қолдилар. Шу ҳолда шайтон ҳукумот одами суратида бўлуб буларга айтдики: «Агар, бутга сажда қилсанглар, сизларни қатлдан сақлаб қоламан». Булар бутга ҳам сажда қилдилар. Ҳақ таоло буларни фаришталик мартабасидан туширди. Ҳақ таоло уларга ё бу дунё ё у дунё азобини ихтиёр қилишни буюрди. Улар шу дунёнинг азобини ихтиёр қилдилар. Улар Чоҳи Бобилда сочларидан осилган ҳолатда азоб тортадилар.
Ўша даврда соҳирлар найранглар кўрсатиб, набийлик даъвосини қилар эканлар. Худои таоло бу икки фариштага доно одамларга сеҳр илмини ўргатишга рухсат берган экан. Токи, халқ соҳирларнинг найрангидан хабардор бўлиб, нубувват даъволарини рад қилсинлар. Булар аввал ҳеч кимга ўргатмас эдилар. Ҳаттоки, насиҳат қилиб айтар эдилар: «Бизлар Худо тарафидан фитнага мубтало бўлганмиз. Сизлар сеҳр илмини ҳақ деб эхтиқод қилиб, кофир бўлманглар». Бас, баъзилар икки фариштадан шу миқдор сеҳрни таълим олдиларки, эркак билан хотин орасига тафриқа солиб бир-биридан жудо бўлишига сабаб бўлар эдилар. Бу жодугарлар бу сеҳрлари билан ҳеч кимга зарар еткиза олмайдилар. Магар Худонинг ҳукми билан. Бу таълим олувчи жодугарлар ўзларига манфаат эмас зарар етказадиган нарсани таълим олдилар. Албатта бу сеҳрни ихтиёр қилувчилар биладиларки охиратда жаннатдан насибалари йўқ. Агар бунинг қабоҳатини билсалар, албатта ёмон нарсани нафсларининг бадалига ихтиёр қилдилар.
103. Агар булар Худога иймон келтирсалар, жодугарликдан парҳез қилсалар, Худо тарафидан бериладиган мукофотнинг яхшилигини билсалар эди.
104. Эй мўъминлар, Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб гапирганингизда «роиъна» деманглар, яъни менга эътибор беринг, деманглар, балки айтингларки, «унзурна» яъни бизга қаранг ё Расулаллоҳ. Ва бу насиҳатни эшитиб амал қилинглар, чунки бу лафз «роиъна» яҳудийлар тилида ҳақорат ва дашномдир, сизлардан ўрганиб яҳудийлар ҳам «роиъна» деб хитоб қиладилар. Ҳақоратга далолат қиладиган лафзни расулуллоҳга айтмоқ одобдан эмасдир. Шундай ҳақорат сўзни айтувчи кофирларга Худо тарафидан охиратда оғир азоб муқаррардир.
105. Аҳли китоб кофирлар ва мушриклар сизларга Аллоҳ тарафидан яхшилик (ваҳий) нозил бўлишини дўст тутмайдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ўзининг фазл-марҳаматига хоҳлаган одамни лойиқ қиладир. Аллоҳ таоло улуғ фазлга эгадир.
106-107. Вақтики, яҳудийлар қибла таҳвили бўлганда, яъни Байтул Муқаддасга қараб намоз ўқимоқ мансух бўлганда, эътироз қилиб айтган эканлар. «Худонинг буйруғи мансух бўлмайди», -деб мансух (бекор бўлган, ўзгарган) ҳукмга инкор қилганлар. Худои таоло бу оятни нозил қилди. Аллоҳ айтди: «Қуръондан бирор оятни мансух қилсак, ё дилларингиздан фаромуш қилдирсак, бу мансух бўлган оятдан яхшироғини нозил қиламиз. Бу мансухд оятларда ҳикматлар бордир, сизларга енгиллик ва ё зиёда савоб келтиради, ё ўша мансух бўлган оятнинг монандини (ўхшашини) нозил қиламиз. Агарчи савобда баробар бўлсада, баъзи маслаҳатларга мувофиқроқ бўлади. Агар Байтул Муқаддасга қараб намоз ўқимоқ ё хонаи Каъбага қараб намоз ўқимоқ савобда баробар бўлса-да, араб қавмининг розиликлари Хонаи Каъбага қараб намоз ўқимоқда эди. Билмайсизларми, эй мункирлар, албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Қандай хоҳласа шундай қилади. Сизларга Худодан бошқа дўст ва ёрдамчи йўқдир.
108. Ўтган замонда ота-боболарингиз Ҳазрат Мусога бефойда саволларни қилгани каби сизлар ҳам Муҳаммад алайҳиссаломдан «мо ло» (яъни, беҳуда, бефойда) саволлар сўрашни хоҳлайсизларми? Ҳар кимки иймон ўрнига куфрни ихтиёр қилса, бундай одам тўғри йўлдан адашиб, гумроҳ бўлгандир.
109. Кўп аҳли китоблар сизлар мўъмин бўлганингиздан сўнг яна кофирликка қайтаришни хоҳлайди. Буларга ҳақ дин зоҳир бўлгандан сўнг нафсларидан содир бўлган ҳасад туфайли шундай қиладилар. Эй мўъминлар, буларнинг қилган ишларини кечиринг, буларни то қитол (жиҳод) тўғрисида Худонинг ҳукми келгунча жазолашга уринманг. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодирдир. Вақти келганда интиқом (қасос) олади.
110. Эй мўъминлар, намозни ўз вақтида адо этинглар. Молларингизнинг закотини беринглар. Ҳар бир ишни нафсларингнинг фойдасига қилиб, ўзларингдан илгари охиратга юборар экансизлар, у қилган амалларингизнинг савобини Худонинг олдида албатта топасизлар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қилган амалларингизни кўриб турадир.
111-112. Яҳудлар айтадиларки: «Жаннатга ҳеч ким киролмайди, магар яҳуд бўлса киради». Насоролар айтадиларки: «Жаннатга ҳеч ким киролмайди, магар насоро бўлса киради». Бу даъволари ботил хаёллардан иборатдир. Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: «Агар бу даъволарингизда содиқ бўлсаларингиз ҳужжатларингизни олиб келинглар». Ҳаммаси ботилдир. Балки шундай одамлар жаннатга кирадиларки, ўзининг вужудини Худонинг ибодатига банд қилиб қўйган бўлса. Ҳар бир сўзда, ҳар бир феълда некукор (яхши, савобли иш қилувчи) бўлса. Бас, шундай одамга Худо наздида жаннат муҳайёдир. Ҳеч қандай хавф йўқ. Қиёмат куни булар ғамгин ҳам бўлмаслар.
113. Яҳудлар айтадиларки: «Насороларнинг динларини эътибори йўқ (ҳақ эмас)». Шунга ўхшаш насоролар айтадиларки: «Яҳудлар бирон эътимодли (ишончли, ҳақ) динда эмаслар». Ваҳоланки, булар Худонинг нозил қилган китобларини ўқидилар. Шунга ўхшаш бошқа мушриклар ҳам буларнинг (яҳуд ва насороларнинг) ҳар бирларининг динларини «ҳеч бир нарса (асосли) эмас», дейдилар. Хулоса шуки, ҳар бир миллат ўз динини ҳақ, бошқа динларни ботил деб билади. Қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таоло қайси дин ҳақ ва қайси дин ботил, ҳукм қилади.
114. Худонинг масжидида Худони зикр қилишдан ман қилувчи кишидан кўра золимроқ киши борми? У (золим) масжидни хароб қилишга ҳаракат қилади. Ваҳоланки, бу гуруҳга масжидга дохил бўлиш (кириш) жоиз эмас эди, магар тавозу ва тақво (қўрқув) билан кириш мумкин эди. Бундай одамларга бу дунёда хорлик ва расволик бўлиб, охиратда улуғ азоб муқаррадир.
115. Машриқ ҳам ва мағриб ҳам Худонинг мулкидир. Бас қайси тарафга юз ўгирсаларинг ўша тарафда Худони топасизлар. Албатта Худонинг эҳсони бандаларга васеъ (кенг)дир ва ҳолларига донодир.
116. Яҳудлар ва насоролар: «Худо ўзига валад (бола) муқаррар қилган» - деб айтадилар. Яъни яҳудлар Узайр алайҳиссаломни Худонинг ўғли дейдилар, насоролар Ийсо алайҳиссаломни Худонинг ўғли дейдилар. Аллоҳ таоло бу хил айблардан покдир. Буларнинг айтганлари ботилдир. Балки осмондаги ва ердаги ашёлар Худонинг мулкидир ва махлуқидир. Шунга ўхшаш Ийсо билан Узайр ҳам Худонинг махлуқи (бандаси)дирлар. Ҳаммалари Худога фармонбардордирлар.
117. Парвардигор осмонни ва заминни пайдо қилувчидир.Вақтики Худо бир нарсани мавжуд қилмоқчи бўлса, бас ўша нарсага «Бўл» деб айтади, бас, ўша нарса фавран (тезда) бўлади.
118-119. Макканинг мушрикларики, жоҳил эдилар ва Худони ҳам танимас эдилар айтадиларки: «Нима учун Худонинг ўзи бизга гувоҳлик бермайди, ёки бизга бирон махсус аломат зоҳир бўлмайди». Шунга ўхшаган сўзни булардан аввал ўтган кофирлар ҳам сўзлар эдилар. Буларнинг диллари куфр фасодда бир-бирига ўхшашдир. Бизлар дилларида шак бўлмасдан яқинлари (ишончлари) бор бўлган қавмга Исломнинг ҳақлигига нишоналар баён қилганмиз. Эй Муҳаммад, сизни мўъминларга ҳақ дин билан башорат берувчи ва кофирларга Худонинг азобидан қўрқитувчи қилиб юбордик. Сиз Қиёмат куни асҳоби дўзахнинг қилган ишларидан савол қилинмайсиз.
120. Яҳудлар ва насоролар токи буларнинг миллатларига (динларига) тобеъ бўлмагунингизча сиздан ҳаргиз рози бўлмайдилар, (уларнинг миллатига тобеъ бўлсангиз) шунда сиздан рози бўладилар. Эй Муҳаммад, буларга айтинг, ҳақиқатда тўғри йўл Худонинг кўрсатган йўлидир. Сизларнинг кўрсатган йўлингиз гумроҳликдан иборатдир. Агар, эй Муҳаммад, сизга Исломнинг ҳақлигига, буларнинг миллатини ботиллигига ваҳий келгандан сўнг, буларнинг орзуларига мувофиқ миллатларига тобеъ бўлар экансиз, у вақтда сизга Худонинг азобидан нажот беришга ҳеч дўст ва ғамхўр бўлмайди ва ҳеч ким ёрдам беролмайди.
121. Аҳли китобларики, мен уларга китоб бердим. Улардан баъзилари китобни тўғри тиловат қилдилар ва унга амал қилдилар. Ҳақиқатда шу гуруҳнинг имонлари бор. Абдуллоҳ ибн Саломга ўхшаганлар. Ҳар кимки кофир бўлиб илоҳий китоб ва аҳкомларига тағйир (ўзгартириш) берар экан, Қиёмт куни шу гуруҳ ўз нафсларига зиён қилувчилардандир.
122. Эй яҳудлар, сизларга инъом қилган неъматларимни ёд қилинглар ва шукрини адо этинглар. Шуни ёд қилингларки, ўша замонда сизларни оламнинг бошқа халқларидан афзал қилган эдим.
123. Қиёмат кунидан қўрқингларки, у кунда ҳеч бир нафс бошқа одамнинг тарафидан Худо азобидан қайтаролмайди. Ўша кунда азобдан нажот топиш учун ҳеч кимдан фидя ҳам қабул қилинмайди. Худонинг рухсатисиз ҳеч шафоат наф қилмайди, қабул қилинмайди ва ёрдам ҳам берилмайди.
124. Фикр қилинг, эй Муҳаммад, ўша вақтики Парвардигор Иброҳим алайҳиссаломни бир неча буйруқлар билан имтиҳон қилди. Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом Парвардигорнинг буйруқларини баркамол бажардилар. Бас, Парвардигор айтдики: «Мен сени тамом мардумга пешво қиламан, токи сендан кейин ҳамма халқлар сенга тобеъ бўлсинлар». Ҳазрат Иброҳим айтдиларки: «Зурриётларимни ҳам пешво қилгин». Ҳақ таоло жавобига айтди: «Бу рисолат, ва имоматни (авлодинг ичидаги) золимлар ва кофирлар тополмайдилар. Бу вазифа золимларга тегмайди”.
125. Вақтики биз Хонаи Каъбани инсонлар учун жам бўладиган ва омон топадиган жой қилиб бердик. Ва (буюрдикки) Иброҳимнинг турган мақомини намозгоҳ қилиб олинглар. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломдан Менинг Хонаи Каъбамни тавоф қилувчилар ва эътикоф ўтирувчилар ва рукуъ қилувчилар ва сажда қилувчилар учун пок тутинглар деб, ваъда олдик.
126. Эй Муҳаммад, ушбу воқеани ёд қилгинки, Ҳазрат Иброҳим: «Эй Парвардигоро, бу Маккани амну омон жойи қилгин. Қаҳатчиликдан ва бошқа самовий балолардан сақлагин. Бу шаҳарнинг аҳлидан фақат Худога ва Қиёмат кунига иймон келтирганларга мевалардан ризқ муқаррар қилгин», - деб сўради, дуо қилди. Худои таоло айтдики: «Озгина муддат кофирларни ҳам фойдалантирарман, сўнгра буларни дўзахга кетишга мажбур қилурман. Дўзах кўп ёмон жойдир».
127. Эй Муҳаммад, шу воқеани ёд қилгин. Иброҳим алайҳиссалом билан Исмоил алайҳиссалом Хонаи Каъбанинг пойдеворларини кўтариб, Байтуллоҳнинг итмомига (охирига) етказдилар. Кейин ота-бола икковлари Худонинг даргоҳига дуо қилиб айтдиларки: «Эй Парвардигор, бу хайрни биздан қабул қилгин. Сен албатта дуоларимизни эшитувчисан, ниятларимизни билувчисан».
128. Эй Парвардигоро, ҳар иккимизни ўзингга мутиъ ва мухлис қилгин. Зурриётларимизни ҳам ўзингга итоат қилувчи ва инқиёд қилувчи (бўйин сўнувчи) гуруҳлардан қилгин. Бизларга ибодат қиладиган, ҳаж аҳкомини бажо келтирадиган жойларни кўрсатгин. Қусурларимизни кечиргин. Сен албатта бандаларнинг тавбаларини қабул қилувчи, ҳолларига раҳм этувчисан.
129. Эй Парвардигоро, шу зурриётларимнинг ичида ўз жамоаларидан пайғамбар қилиб юборгин, то буларга сенинг китобингни ўқиб берсин. Буларга китобинг аҳкомларини таълим берсин, ажойиб ҳикматларни баён қилиб берсин ва буларнинг ахлоқларини тузатиб берсин, ёмон ахлоқлардан тоза қилсин. Албатта сен ҳар бир ишда тавоно (қудратли) ва доносан.
130. Ким миллати Иброҳимдан қайтади? Магар шундай одам қайтадики, ўзининг нафсига илми йўқ (золим), беақл бўлса. Албатта, бу дунёда Иброҳимни ихтиёр қилиб, шарафи нубувватга мушарраф қилганмиз. Хонаи Каъбанинг таъмирини шунга муяссар қилганмиз. У албатта охиратда солиҳинлардан ва муқаррабинлардандир.
131. Эй Муҳаммад, ўша вақтни ёд қилгинки Парвардигор Иброҳим алайҳиссаломга айтди: “Менинг фармонларимга инқиёд қил (бўйин сўн), ҳукмларимни бажо келтир.” Иброҳим алайҳиссалом айтди: “Мен Парвардигори оламга инқиёд қилдим ва ҳукмларига итоат этдим.”
132. Иброҳим алайҳиссалом фарзандларига итоат қилиш тариқаларини васият қилди. Ёқуб алайҳиссалом ҳам фарзандларига шу мазмунда васият қилдилар. Васиятлари шу эдики: “Эй фарзандларим, Аллоҳ таборак ва таоло сизларга ҳақ динни машруъ қилди. У Ислом динидир, бас, сизлар бу дунёдан кетманглар, магар муслим бўлган ҳолда, Худонинг фармонларига итоат қилган ҳолда бу дунёдан кетинглар.”
133. (Эй яҳудлар), оё, сизлар ўша вақтда ҳозир бўлган эдингизларми ва билган эдингизларми? Вақтики, Ёқуб алайҳиссаломга ўлим келди, ўша вақтда Ёқуб болаларига айтди: “Мендан кейин нима нарсага ибодат қиласизлар?” Ёқуб алайҳиссаломнинг болалари айтдилар: “Биз сенинг Худойингга ибодат қиламиз. Сенинг ота-боболаринг Иброҳим алайҳиссалом, Исмоил алайҳиссалом ва Исҳоқ алайҳиссаломнинг ибодат қилган Худосига ибодат қиламиз. У Худо якка ва ягонадир. Бизлар мана шу Худога инқиёд қиламиз, ҳукмини бажо келтирамиз.
134. Бу жамоат Иброҳим, Ёқуб ва буларнинг авлодлари бир жамоат эдиларки, оламдан ўтиб кетдилар. Булар қилган касбларининг ва амалларининг жазосини ўзлари кўрадилар. Сизларга уларнинг қилган амалларидан ҳеч фойда йўқ ва сизлар ҳам ўз амалларингизнинг жазосини ўзларингиз кўрасизлар. Сизлар уларнинг қилган амалларидан савол қилинмассизлар.
135. Яҳудлар аҳли Исломга айтдилар: ”Яҳудий бўлинглар, шунда ҳидоят топасизлар”. Насоролар аҳли Исломга айтдилар: ”Насоро бўлинглар, шунда ҳидоят топасизлар”. Эй Муҳаммад буларга айтинг: ”Биз на яҳудликни қабул қиламиз ва на насороликни. Балки Иброҳим алайҳис салом миллатига мутобаъат қиламиз. У кишининг миллатлари тўғри йўлдадир. Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан эмаслар”.
136. Эй мўминлар, сизлар аҳли китобларга айтингки: ”Бизлар Аллоҳ таолога ва бизга туширилган аҳкомга, Иброҳим ва Исмоил ва Исҳоқ ва Ёқубга ва унинг авлодига берилган нарсага ва Мусо ва Ийсога ва бошқа набийларга Парвардигоринг тарафидан берилган нарсага иймон келтирдик. Бизлар ҳеч бирларининг ҳақларида фарқ қилмасмиз ва иймон келтирамиз. Биз ул Парвардигорга мутиъдирмиз”.
137. Агар, яҳудлар ва насоролар сизлар иймон келтирган каби ҳамма китобларга ва пайғамбарларга иймон келтирсалар, бас, ҳақиқатда ҳидоят топган бўлурлар. Ва агар иъроз қилсалар (юз ўгирсалар), бас, булар нифоқда ва адоватда собитдирлар. Бас, эй Муҳаммад, буларнинг душманлигидан андеша қилманг. Яқинда Парвардигор буларнинг шаррини сендан даф қилади. Парвардигор буларнинг сўзларини эшитувчи ва эътиқодларини билувчидир.
138. Нақлда келибдики, насороларнинг хонадонлари бола таввалуд топса, етти кундан кейин ибодатхоналарига олиб келиб маъмудий сувига ғусл қилдирар эдилар. Эътиқодлари шуки, бола бошқа диндан пок бўлади. Буни қоим мақоми хатна (хатна ўрнида) деб биладилар. Айтмадиларки, болани насоро ният ранги билан рангладик. Эй мусулмонлар, буларга айтинг: «Биз Худонинг рангига тобеъмиз у дини Исломдир. Ким Худодан яхшироқ ранглайди?! Биз Парвардигорнинг ўзигагина ибодат қиламиз».
139-140. Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: «Оё Худонинг динида биз билан жанжал қиласизларми? Ваҳоланки Аллоҳ таоло бизнинг ҳам Парвардигоримиз ва сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалларимиз ўзимизга, жазосини ўзимиз кўрамиз. Сизларнинг амалларингиз ўзингизга, жазосини ўзингиз кўрарсизлар. Биз Парвардигорга холис ибодат қиламиз. Оё, эй яҳудлар: «Албатта Иброҳим ва Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб ва авлодлари ҳаммалари яҳудлар эдилар»-деб айтасизларми? Эй насоролар, сизлар бу зотларни насоро деб даъво қиласизларми? Ваҳоланки яҳудлик ва насоролик булардан кейин пайдо бўлгандир. Эй Муҳаммад, буларга айтинг: «Оё, сизлар яхши биласизларми ёки Аллоҳ таоло яхши биладими?» Худо тарафидан ҳақ гувоҳликни яширганлардан золимроқ киши борми? Сизлар ўз китобларингизда Муҳаммад алайҳиссалом нубувватини билиб туриб гувоҳлик беришдан инкор қилдинглар. Сизларнинг бу амалларингиздан Аллоҳ таоло ғофил эмасдир.
141. Бу қавм бир жамоат эдиларки, дунёдан ўтиб кетдилар. Уларнинг қилган амаллари ўзларига, жазосини (ажри эвазини) ҳам ўзлари кўрадилар. Сизларнинг ҳам қилган амалларингиз ўзларингизга, жазосини ўзларингиз кўрасизлар. Сизлар уларнинг қилган амалларига масъул бўлмайсизлар.
142. Нақл қилинадики, вақтики Муҳаммад алайҳиссалом Маккаи Мукаррамада эдилар Хонаи Каъба қиблалари эди. Намозда Хонаи Каъбага мутаважжиҳ бўлар (юзланар) эдилар. Вақтики Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келдилар, Худо амр қилдики: «Байтул Муқаддасга қараб намоз ўқигин». Бу илоҳий фармонда ҳикмат шу эдики, Мадина атрофида яҳудлар кўп эдилар. Шуларнинг диллари Исломга мойил бўлади, мусулмонлардан рози бўладилар деб, ушбу фармонни Худо буюрган эди. Лекин яҳудлар таъна қилиб айтдиларки: «Муҳаммад қайси тарафга қараб ибодат қилишни билмасдан ўз динида ҳайрондир». Баъзи яҳудлар айтдиларки: «Муҳаммад бизнинг динимизга кирди, чунки бизнинг қибламизга қараб намоз ўқиди». Расулуллоҳ бу сўзларни эшитиб табиатлари малул (ғамгин) бўлдилар. Дилларида Парвардигорга илтижо қилиб, яна Парвардигор Хонаи Каъбани қибла қилиб беришни орзу қилар эдилар. Худодан қибланинг таҳвилига (ўзгартирилишига) оят келди. Расулуллоҳ Байтул Муқаддасдан (Қуддус шаҳри) юзларини Хонаи Каъбага ўгирдилар. Шундан кейин яҳудлар ва мунофиқларнинг тиллари яна таъна қилишга узун бўлди. Ҳақ таоло шу ҳолларидан хабар бериб ушбу оятни нозил қилди. Худо айтди: «Яқин кунларда яҳудларнинг аҳмоқлари ва Мадинанинг мунофиқлари айтадиларки: «Мусулмонларнинг илгариги намоз ўқиб турган қиблаларидан юзларини нима учун ўгирди? Нима сабабдан Байтул Мақаддасдан Каъба тарафга юз ўгирдилар». Эй Муҳаммад, яҳудларга айтинг: «Машриқ ҳам Худонинг мулки мағриб ҳам Худонинг мулкидир. Худо хоҳласа ҳар кимни тўғри йўлга солади».
143. Сизларнинг қиблаларингизни афзал қиблага айлантирганимиз каби ўзларингни ҳам умматлар ичида адолатли ва ахлоқли ва фазилатли умматга айлантирдим. Токи сизлар қиёмат куни анбиёлар тарафидан гувоҳ бўласизлар. Нубуватга мункир бўлган халқлар, умматлар олдида Муҳаммад алайҳиссалом сизларнинг адолатларинг учун гувоҳлик беради. Хонаи Каъбани сенга намоз ўқиш учун яна қиблага айлантирдим. Токи Расулга иттибо қилувчилар (эргашувчилар) ва юз ўгирувчилар бир-бирларидан жудо бўлиши маълум бўлсин. Муҳаммадга ихлос билан тобеъ бўлганлар кимлар, орқасига қайтувчи мунофиқлар кимлар? Агарда бу воқеа баъзиларга оғир бўлса-да, магар Худо ҳидоят қилган, иймони росих (мустаҳкам) кишиларга оғир эмасдир. Аллоҳ таоло қилган амалларингизни зое қилмайди. Қайси тарафга қараб намоз ўқиган бўлсаларинг ҳам уни Худо бекор қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло бандаларга меҳрибон ва мушфиқдир.
144. Албатта Биз кўрамизки, сен ваҳийга мунтазир бўлиб осмонга юзингни ўгурасан. Хонаи Каъбанинг қибла бўлишини орзу қиласан. Шунинг учун ҳам сен рози бўладиган қибла тарафига юзингни ўгиртирдик. Ҳар жойдаки: хоҳ ерда, хоҳ тоғда, хоҳ машриқда, хоҳ мағрибда бўлсаларинг, намоз ўқиган вақтларингда юзларингни Масжидул Ҳаром тарафига ўгиринглар. Албатта, аҳли китоблар шу қибла таҳвилини Худо тарафидан ҳақ деб биладилар. Чунки бу воқеа китобларида ёзилгандир. Аллоҳ таоло албатта буларнинг инкорларидан ғофил эмасдир, лекин мункир бўладилар.
145. Ўзимнинг Жалолимга қасамёд қилиб айтаманки, аҳли китобга Худо тарафидан ўзингни ҳақлигингга ва қиблангни ҳақлигига тамом (барча) мўъжизларни келтирсанг ҳам сенинг қиблангга тобеъ бўлмайдилар. Сен ҳам буларнинг қибласига тобеъ бўлувчи эмассан. Аҳли китобнинг ўзлари ҳам баъзилари бошқаларининг қибласига тобеъ эмаслар. Яъни яҳудларнинг қибласи бошқа, насороларнинг қибласи бошқадир. Агар сен, эй Муҳаммад, Худо тарафидан сенга ҳақ қайси тарафдалигига илм ҳосил бўлгандан сўнг фаразан буларнинг орзуларига тобеъ бўлар экансан, бас албатта шу мутобиат қилган ҳолингда золимлардан бўларсан.
146-147. Аҳли китоблар Муҳаммадни шундай танийдиларки, ўғилларини танигандек. Бир фирқалари билиб турган ҳолда ҳақни яширадилар, аавомларига айтмайдилар. Худо тарафидан сенга ҳарна келса ҳақ ва содиқдир. Бас шак қилувчилардан бўлмагин.
148. Ҳар гуруҳеки худопарастлардан бўлса ва анбиёлардан бўлса, намоз учун муайян қибласи бордир. У юзини ўша тарафга ўгиради. Бас, эй мўъминлар, хайр ишларга бошқалардан сабқат қилинглар (пешқадам бўлинглар). Қаерда бўлсанглар ҳам қиёмат куни Худои таоло ҳаммаларингизни ўз ҳузурига жам қилади. У жойда ҳақ ботилдан ажрайди. Албатта Аллоҳ таоло ҳар бир ишга қодирдир.
149-151. Эй Муҳаммад, ҳар жойданки сафарга чиқасан намоз вақтида юзингни Масжидул Ҳаром тарафига ўгир. Бу қибланинг Каъба тарафига айланмоғи Аллоҳ тарафидан келган ҳақ ҳукмдир. Сизларнинг амалларингиздан Аллоҳ таоло ғофил эмасдир. Қайси бир ердан чиқсанг, қайси замонда сафар қилсанг, намоз вақтида Масжидул Ҳаром тарафига юзингни ўгир. Ва, эй мўъминлар, қайси маконда бўлсаларингиз хоҳ чўлда, хоҳ шаҳарда юзларингни Масжидул Ҳаром тарафига ўгиринглар, токи яҳудлар тарафидан, ё мушриклар тарафидан сизларнинг тепаларингизга хусумат бўлмасин. Магар у одамларки, ўз нафсларига зулм қилгандирлар, таъна қилиш ва айблашдан тўхтамайдилар. Буларга мухолифат қилишликда булардан ҳаргиз қўрқманглар. Аммо Менинг фармонимга мухолиф бўлишдан қўрқинглар. Мен бу аҳкомларни сизларга шунинг учун юбораманки, сизларга берган неъматимни баркамол қилай. Шоядки сизлар шукргузорлик билан ҳидоят топарсизлар. Берган неъматим шунга ўхшашки, ўз жамоаларингдан сизларга расул юбордим. У сизларга Менинг оятларимни тиловат қилади. Сизларни разил ахлоқлардан тозалайди. Сизларга Қуръонни, ҳикматли сўзларни ва сизлар билмайдиган нарсаларни таълим беради.
152. Эй мўъминлар, Мени тоат ибодат билан ёд қилинглар. Мен сизларни раҳмат ва мағфират билан ёд қиламан. Менинг берган неъматларим шукрини адо этинглар куфрон (кофирлик, ношукурлик) қилманглар.
153. Эй мўъминлар, Худонинг берган мусибатларига сабр қилган ҳолда ва мақсадларингни ҳосил бўлиши учун намоз ўқиб ёрдам сўранглар. Албатта Аллоҳ таолонинг марҳамати собирлар билан биргадир.
154. Эй мўъминлар, Худонинг йўлида шаҳид бўлганларни ўликлар деб айтманглар, балки булар Бизнинг ҳузуримизда тирикдирлар. Лекин сизлар буларнинг ҳаётини билмайсизлар.
155-157. Албатта сизларнинг тепаларингизга баъзи балолар юбориб, бу балоларга қандай сабр қилишларингизни маълум қиламиз. Чунончи дилларингизга душман тарафидан хавф соламиз, ўзларингизга очарчилик ва танглик юборамиз. Молларингизга нуқсон етказамиз, нафсларингга касаллик берамиз, меваларингизга самовий офат юборамиз. Агар мўъминлар мана шу кулфатларга сабр қилсалар, эй Муҳаммад, бу собирларга Худонинг раҳматидан башорат бергин. Буларнинг сифатлари шуки, вақтики буларга мусибат келиб қолса, айтадиларки: «Бизлар Худонинг бандасимиз, Худодан ҳарна келса, розимиз. Бизлар ўлгандан сўнг Худонинг олдига борувчимиз». Бундай одамларга Худо тарафидан раҳмат ва мағфират муҳайёдир. Мана шулар ҳидоят топган зотлардирлар.
158. Албатта Сафо тоғи ва Марва тоғи ҳажнинг нишоналаридандир. Бас ҳар кимки Хонаи Каъбани (ҳаж қилишни) қасд қилиб эҳром боғлар экан, ё умра қилар экан, бас ҳеч боки (зарари) йўқ шундай жойларни тавоф қилсалар. Шу икки тоғни ҳар кимки зиёда хайр қилар экан, яъни Хонаи Каъбанинг тавофини батариқи нафл бажо келтирар экан. Бас, Аллоҳ таоло шундай бандага ажр-мукофот беради. Унинг ҳолини Аллоҳ таоло билади.
159-160. Яҳудларнинг уламолари Тавротда Биз нозил қилган аҳкомларни қавмларидан яширадилар. Тавротда Биз бу ҳукмларни очиқ баён қилганимиздан сўнг бирон дунёвий ғараз учун халққа айтмайдилар.
Аллоҳ таоло шу гуруҳни Худонинг оятини беркитгани учун лаънат қилади. Бошқа лаънат қилувчи малоикалар, инс ва жин ҳаммалари: «Аллоҳим, уларни лаънатла”, деб Худодан дуо қилиб сўрайдилар. Магар у одамларки бу ёмон ишдан тавба қилган бўлсалар, ўзларининг ҳолларини ислоҳ қилсалар, яширган оятларни халққа баён қилсалар, бас, Мен буларнинг тавбаларини қабул қиламан. Мен буларнинг тавбаларини қабул қилувчиман ва уларга меҳрибондирман.
161-162. Албатта кофир бўлган гуруҳлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларига инкор қилганликлари сабабидан ва ҳам иймон келтирмасдан кофирлик ҳолда ўлганликлари учун (буларга) Худонинг лаънати собитдир. Ва ҳам малоикаларнинг ва тамом мўъминларнинг лаънати буларга собитдир. Булар дўзахда абадий қоладилар. Булардан дўзах азоби тахфиф (енгил) ҳам қилинмайди ва буларга муҳлат ҳам берилмайди. Буларнинг ҳолига раҳм билан назар ҳам қилинмайди.
163. Эй бандалар, сизнинг Худойингиз танҳодир, шериги йўқдир. Ҳеч маъбуд ибодатга лойиқ эмасдир, магар бир Зот (Парвардигор). Парвардигор бандаларга меҳрибон ва кечирувчи ибодатга лойиқдир.
164. Албатта осмон ва ернинг яратилишида, кеча билан кундузнинг ихтилофларида, кемаларки дарёда ҳаракат қиладилар ва халқларга манфаат етказадилар ва ёмғирларки осмондан нозил бўлади. Шу ёмғирларнинг сабабидан Аллоҳ таоло қуруқ ердан гиёҳлар кўкартиради ва ҳар хил ҳа    йвонларнинг ер юзида ҳаракат қилиб ўзларининг ризқларини бу гиёҳлардан топиб ейишларида ва шамолларнинг ҳар тарафдан халқнинг манфаати учун ҳаракат қилишида, булутлар Худонинг ҳукмига мусаххар бўлиб (бўйсунуб), ер билан осмон ўртасида ҳаракат қилиб ёмғир ёғдиришларида ажойиб қудратига аломатлар, Худонинг сунъига (қудрати, санъатига) далолат қиладиган ҳикматлар бордир. Шундай қавмларки, бу ашёларга қараб тафаккур қилиб ва қалларини ишлатиб Худонинг азаматига ишонадилар ва иймон келтирадилар.
165. Ва одамлардан баъзилари борки, ибодат қилиш учун Худодан бошқа бутларни Худога шерик қиладилар. Бу бутларни шу қадар дўст тутадиларки, Худони дўст тутгандек. Аммо мўъминларнинг Аллоҳ таолони дўст тутишлари (севишлари) кофирларнинг муҳаббатидан зиёдароқдир. Чунки кофирлар бутларини кўриб турган ҳолда дўст тутадилар. Мўъминлар Худони кўрмай туриб дўст тутадилар. Ўз нафсларига зулм қилганлар фикр қилсалар, вақтики, дўзах азобини муояна қилган (аниқ кўрган) вақтларида биладиларки, қўдрат ва ғалаба ҳаммаси Худоники экан. Аллоҳ таолонинг азоби қаттиқ экан.
166-167. Эй Муҳаммад, маҳшаргоҳни ёд қилгин. Ўша вақтда кофирларнинг пешволари ўзларининг тобеъларидан безорлик изҳор қиладилар. Вақтики, тобеъларининг гуноҳларини бу пешволарга юклагандан сўнг дўзах азобини муояна (аниқ) кўргандан сўнг ва нажот асбоби мунқатиъ бўлгандан (нажот умиди узилгандан) сўнг: «Биз сизлардан безормиз»,-дейдилар. Тобеълари пешволарига айтадиларки: «Кошки иккинчи мартаба дунёга борсак эди, биз ҳам булардан безорлик изҳор қилган бўлар эдик. Чунки булар ҳозир биздан безорлик изҳор қилмоқдалар. Аллоҳ таоло шу хилда буларнинг қилган амалларини ҳасрат ва надоматларга сабаб бўлганини кўрсатади, булар ҳаргиз дўзахдан хориж бўлмайдилар (ташқари чиқмайдилар).
168-169. Эй мардум (одамлар), сизлар Худонинг ер юзида ҳалол-покиза қилган ризқларини енглар. Шайтоннинг орқасидан эргашманглар, чунки Шайтон сизларга ҳалол нарсани ҳаром деб кўрсатади. Ҳаром нарсани ҳалол деб уқтиради. У сизларга очиқ душмандир, чунки Шайтон сизларнинг гуноҳ ва ёмон ишларга, Худонинг шаънига билмаган нарсаларингизни нисбат беришга амр қилади.
170. Вақтики буларга: «Ҳалол ва ҳаром тўғрисида Худо Қуръонда нозил қилган ҳукмларга тобеъ бўлинглар ва шунга амал қилинглар»,-деб айтилса, бу кофирлар айтадиларки: «Биз Қуръонга тобеъ бўлмаймиз, балки ота-боболаримизнинг қилган амалларига тобеъ бўламиз». агарчи ота-боболари беақл ва гумроҳ бўлсалар ҳам, булар тобеъ бўладиларми?
171. Кофирларга насиҳат қилувчиларнинг аҳволи ҳеч нарсани билмайдиган ва эшитмайдиган жониворларга насиҳат қилиб (куюниб) гапираётган кишининг ҳолига ўхшайди. Бу жониворлар овоздан бошқа нарсани фаҳмламайдилар ва маънисига етмайдилар. Бу кофирлар ҳақ сўзни эшитишдан карлар ва ҳақни кўрмайдилар ва ҳақни сўзламайдилар. Буларнинг ақллари йўқ, балки ҳайвондирлар.
172-173. Эй мўъминлар мен ризқ қилган нарсалардан покизаларини енглар. Худонинг берган неъматларига шукр қилинглар. Агар сизлар ҳақиқатдан ҳам Худога ибодат қиладиган бўлсаларинг, сизларга Худонинг ҳаром қилган нарсалари мана шулардан иборатдир: Сизларга ўзи ўлиб қолган нарсани (ўлаксани), қонни, тўнғиз гўштини ва бут номига сўйилган ҳайвонларни ҳаром қилди. Бас, ҳар кимки очликка қолиб мажбур бўлса, ҳаромдан еса ҳам рухсатдир. Лекин егувчи кифоя қилгудек миқдорда есин. Ундан тажовуз қилмасин ва ҳам лаззат учун емасин. Агар шундай мажбурият боис еса, унга ҳеч гуноҳ йўқ. Албатта Аллоҳ таоло заруратдан қилган ишларни кечирувчидир ва раҳм қилувчидир.
174-176. Яҳуд уламолари ришват (пора) олиб, Тавротнинг баъзи ҳукмларини беркитар эдилар. Бунинг бадалига (эвазига) озгина дунё моли оладилар. Бу гуруҳлар Қиёмат куни қоринларига Дўзах ўтини ейдилар. Аллоҳ таоло Қиёмат куни буларга меҳрибонлик билан гапирмайди. Буларнинг гуноҳларини кечириб, пок қилмайди. Буларга қаттиқ азоб беради. Булар ўша жамоалардирки, ҳидоятнинг эвазига залолатни олганлар, мағфиратнинг ўрнига азобни ихтиёр қилганлар. Нима нарса буларни Дўзах ўтига сабр қилмоққа сабаб бўлди, бу ўтга рози бўлдилар? Бу азоб шунинг учунки, Аллоҳ таоло Тавротни ҳақ билан нозил қилган эди. Бу гуруҳ Таврот оятини тағйир қилдилар (ўзгартирдилар). У жамоаларки, Тавротнинг оятига ихтилоф қилдилар, баъзисига иймон келтирмай кофир бўлдилар. Ўзаро бир-бирларига душмандирлар.
177. Яхшилик фақат шундан иборат эмасдирки, намозда юзларингни машриқ тарафига ва мағриб тарафига ўгирасизлар. Лекин улуғ яхшилик шундаки, бир одам Худога, охират кунига, малоикаларга, нозил бўлган китобларга ва пайғамбарларга иймон келтиради. Худо муҳаббатида (йўлида) молини хеш-ақраболарига, етимларга, мискинларга, йўлда қолганларга, соилларга (садақа сўровчиларга), қарздорларнинг қарзларига сарф қилади. Намозини ўз вақтида адо этадилар, мискинларга закот берадилар, аҳд қилсалар вафо қиладилар, фақру фоқага (фақирликларга, етишмовчиликларга) ҳамда уруш вақтида қочмасдан сабр қиладилар. Мана шу сифатларга эга бўлган кишилар динларида ростгўйдирлар. Мана шулар парҳезкордирлар (тақводордирлар).
178-179. Эй мўъминлар, сизларга қотилдан қасос олмоқлик фарз қилинди. Башартики, қасддан ўлдирилган бўлса, озоднинг муқобилига озодни, ғуломнинг (қулнинг) муқобилига ғуломни, хотиннинг муқобилига хотинни. Имом Аъзам наздларида . . . . . . . . . . . . . . . ояти билан мансухдир. Ва яна Расулуллоҳдан ривоят қилинибдики, . . . . . . . . . . . . . .. . яъни «Мусулмонларнинг қонлари баробардир». бас, Имом Аъзам наздларида ғуломнинг қасосига озод, хотиннинг қасосига эркак ўлдирилади. Аммо Имом Шофийнинг наздларида ўлдирилмайди. Далиллари мана шу оятдир. . . . . . . . . . . . . Бас қотилни мақтул валийси авф этса, қасос соқит бўлади ва қотилдан дият олинади. Бас, қотилга лозим шуки, батавъи рағбат диятни адо этсин. Мақтулнинг меросхўрларига бадгўйлик қилмасдан кўп таъхир қилмасдан диятни адо этсин. Бу авф қилишлик - диятга қолдиришлик Худо тарафидан бандаларга енгилликдир ва меҳрибонликдир. Ҳар кимки шу авфдан сўнг қотилни ўлдирса, бас, унга Худо тарафидан Қиёмат куни қаттиқ азоб бордир. Эй бандалар, сизлар қасос олишдаги илоҳий ҳикматга амал қилсангизлар, биласизларки, сизларга қасос олмоқликда бақо (боқийлик) ва зиндалик (тириклик) бордир. Сизларнинг ҳаётларингизга бу қасос сабаб бўлади. Чунки қотилдан қасос олиш бошқаларга ибрат бўлиб, (бошқа) бир бегуноҳ ўлдирилишидан ҳазар қилинади (сақлаб қолинади). Бас, эй ақл эгалари, агар фикр қилсангизлар қасос олмоқ бошқаларнинг ҳаётига сабаб бўлар экан, бас, эй мўъминлар, бошқаларни ўлдиришдан парҳез қилинглар.
180-182. Эй мўъминлар, вақтики, қайси бирларингизга ўлим келса, агар кўп мол мерос қолдирса, ота-оналарга, хеш-ақраболарига васият қилмоқликлиги фарз қилинди. Худодан қўрқадиган кишиларга инсоф ва адолат билан бу васиятни қилмоқлик ҳақдир. Илгари жоҳилият вақтида араб жоҳиллари кибру катталик билан бегоналарга молларини бериб, ота-оналарини маҳрум қилиб кетар эдилар. Шунинг учун Худои таоло ота-оналарнинг ҳуқуқларини сақлашга, васият қилишликка амр қилди. Бу Ислом ибтидосида эди, кейин мерос ояти нозил бўлиб, меросхўрларнинг ҳуқуқларини Худо муайян қилди. Бу оят мансух бўлди. Ҳар кимки бу ҳукмларни эшитгандан сўнг (табдил қилар экан), унинг гуноҳи табдил қилувчиларнинг бўйнигадир. Аллоҳ таоло васият қилувчиларнинг каломини эшитади ва табдил қилувчиларнинг амалларини билади. Бас, агар ворислардан, ё васийлардан, ё қозилардан васият қилувчининг адолатсизлигидан ёки шариатдан ташқари бирон гуноҳ қилишидан қўрқар эканлар, бас, ислоҳ қилсалар, васият қилувчи билан васият қилинганларнинг ўртасида буларга ҳеч гуноҳ йўқ. Албатта Аллоҳ таоло саҳван бўлган хатоларни кечирувчи ва бандаларга меҳрибондир.
183-184. Эй мўъминлар, сизларга рўза тутмоқ фарз қилинди, чунонки илгариги ўтган умматларга фарз қилинган эди, шоядки сизлар рўза тутиш билан нафсларингизни мағлуб қилиб муттақилардан бўларсизлар. Сизлар Рамазон ойининг саноқли кунларида рўза тутинглар. Агар сизлардан бирорталарингиз касал бўлса, ё сафарда бўлса, бас, шундай одам Рамазондан бошқа кунларда ифтор қилган кунларининг ададича (саноғича) тутиб беради. У одамларки, рўза тутишдан машаққат тортсалар ва қувватлари етмаса, бундай одамлар ҳар бир кун учун фидя тариқасида бир мискинга таом берадилар. Ҳар кимки нафл тариқасида фидяни миқдоридан зиёда берар экан, ёки бир мискиндан зиёда одамга таом берар экан, ёки рўза билан таомни жам қилар экан, (ҳам рўза тутиб ҳам таом берса), бас шундай одамга зиёда ажр берилади. Бовужуди рухсат берилган ҳолатда ҳам (яъни фидя бериб ёки узрли ҳолат рўза тутмаганлардан кўра) рўза тутсаларинг агар билсангиз сизларга рўзанинг фазилати яхшироқдир.
185. Рамазон ойи шундай ойдирки, бу ойда Қуръон Лайлатул қадр кечаси Лафҳул Маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинди. Бу Қуръон халқни тўғри йўлга ҳидоят қилувчидир. Бунда ҳалол ва ҳаром очиқ ва равшан баён қилинган. Ҳақ ва ботилни жудо қилучидир. Бас сизлардан ҳар ким Рамазон ойини топса рўза тутсин. Ҳар кимки бемор бўлса, ё сафарда бўлса Рамазондан бошқа кунларда қазосини тутиб беради. Худо сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Сизлар Рамазонда ифтор қилган кунларни рўза тутиб тамом қилишларингизни талаб қилади. Яна рўзани тамом қилиб, Худони улуғлаб ёд қилмоқликни хоҳлайди, чунки сизларни шу ибодатларни қилишга ҳидоят қилди. Шоядки сизлар Худонинг бу марҳаматларига шукр қилгайсизлар.
186. Эй Муҳаммад, бандаларим агар сендан Менинг бандаларимга қиладиган муомаламдан савол қилсалар, бас, Мен бандаларимга меҳрибонликда яқиндирман. Вақтики, дуо қилувчилар дуо қилсалар, дуоларини ижобат қиламан. Шундай экан, бандаларим ҳам менга иймонларини мустаҳкам қилсинлар. Менинг чақириғимга ва фармонимга жавоб берсинлар. Шундай қилганларида, шоядки булар яхши одамлар бўлиб, тўғри йўлни топган бўладилар.
187. Сизларга рўзанинг кечаларида хотинларингиз билан жимоъ қилишлик ҳалол қилинди. Чунки сизларнинг бир-бирларингдан узоқ бўлишларингиз қийиндир. Чунки хотинларинг сизлар учун киядиган либосларингга ўхшайди ва сизлар ҳам уларнинг киядиган либосига ўхшайсизлар. Аллоҳ таоло сизларнинг ҳолларингизни билади. Агар кечаси жимоъ қилишга рухсат берилмаса, у ҳолда кундуз куни жимоъ қилиб, нафсларингизга хиёнат қиласизлар. Бас, Ҳақ таоло сизларга марҳамат қилиб кечасига рухсат берди. Аввалги сизлардан содир бўлган хиёнатларни афв қилди. Энди сизлар рўза кечаларида хотинларингиз билан мубошарат қилаверинглар. Худонинг муқаддар (тақдир) қилган фарзандларини талаб қилинглар. Рўза кечаларида то субҳи содиқ субҳи козибдан ажралгунча (оқ ип қора индан фарқлангунча) енглар ва ичинглар. Кейин то кечқурунгача рўзани тамом тутинглар. Масжидда эътикоф ўтирган ҳолларингда хотинларинг билан мубошарат қилманглар. Мана шу рўза ҳукмлари Худо тарафидан муқаррар қилинган ҳудудлардандир. Бу ҳудудларга яқин келманглар. Яъни бу ҳудудларга тажовуз қилманглар. Аллоҳ таоло шу ҳукмларни баён қилганга ўхшаш амр оятлари бўлсин ёки наҳий бўлсин, ё ваъда бўлсин, ё ваъийд оятлари бўлсин халқ оммасининг манфаати учун баён қилади. Шоядки бу халқ бу ҳудудлардан тажовуз қилишликда Худодан қўрқсалар.
188. Молларингизни ўрталарингизда ҳаром тариқасида еманглар. Ўзларинг ҳаромлигини билиб турган ҳолда мардум молини ҳаром йўл билан емоқ учун ҳокимларга ришват тариқасида берманглар.
189. Эй Муҳаммад, сендан ойларнинг тўлиши ва ноқис бўлишидан ва унинг ҳикматидан савол қиладилар. Сен айтгин ойларнинг ноқис бўлиши ва зиёда бўлиши халққа вақтларни белгилаш учун, намоз вақтларини билиш, ҳажнинг вақтини муайян қилиш, хотинларнинг иддаларини маълум қилиш учундир. Ҳаждан келгандан кейин, умра қилгандан кейин уйларингизнинг дарвозасидан кирмасдан орқа тараф деворларидан ошиб тушиш савоблик иш эмас, савоблик иш тақво қилган одамдадир. Уйларингизнинг дарвозасидан кираверинглар, Худодан қўрқинглар шунда нажот топарсизлар.
190-192. Худо йўлида сизлар билан муқотала (жанг) қиладиган кофирлар билан муқотала қилинглар. Муқотала қилишда аввал сизлар бошламанглар, Аллоҳ таоло тажовуз қилувчиларни дўст тутмайди. Сизлар билан муқотала қилганларни қайда топсаларинг, агарчи, (Масжидул) Ҳаромда бўлса-да, ўлдиринглар. Сизларни чиқарган (ҳайдаган) шаҳардан сизлар ҳам кофирларни чиқаринглар. Буларнинг куфри сизларнинг қатлларингдан ёмондир. Кофирлар билан Масжидул Ҳаром атрофларида, то улар муқотала қилгунча муқотала қилманглар. Агар улар муқоталани бошлаб юборсалар, парво қилмасдан ўлдираверинглар. Кофирларнинг жазосини бериш шундай бўлади. Бас, агар кофирлар куфрдан қайтсалар, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини кечирувчи ва меҳрибондир.
193. Кофирлар билан Аллоҳ таолонинг дини қоим бўлгунча жанг қилинглар, токи, фитнанинг асари қолмасин. Агар мушриклар куфрларидан қайтсалар, уларга ҳеч қандай тажовуз қилинмайди, магар золимларга қилинади.
194. Шаҳри ҳаром (уруш ҳаром қилинган ойлар)да кофирлар сизлар билан қитол (жанг, уруш) қилар эканлар, сизлар ҳам уларнинг муқобилига шаҳри ҳаромда қитол қилаверинглар. Ҳурматлар ҳаммаси баробар. Агар улар тарки ҳурмат қилар эканлар, сизлар ҳам унинг қасосига тарки ҳурмат қилаверасизлар, яъни ҳаром ойларда қитол қилаверасизлар. Кофирлардан кимки сизларнинг тепаларингга тажовуз қилса, бас, сизлар ҳам кофирларнинг тажовуз қилганларига ўхшаш уларнинг тепасига тажовуз қилинглар, Аллоҳ таолодан қўрқинглар. Шуни билингларки, Аллоҳ таоло муттақийлар билан биргадир. Шуларга ёрдам берадир.
195. Эй аҳли давлатлар, молларингизни Худо йўлида сарф қилинглар. Бахиллик қилиб ўзларингни ўз қўлларинг билан ҳалокатга урманглар. Халқи Худо (Худонинг махлуқоти)га яхшилик қилинглар. Худои таоло эҳсон қилувчиларни дўст тутади.
196. Ҳаж билан умрани тамом қилинглар. Яъни тамом аҳкомларини ва фарзларини, суннатларини, одобларини холис Аллоҳ учун бажо келтиринглар. Агар бирон сабаб билан, яъни бемор бўлиб қолсаларинг, ё душмандан қўрқув билан ёки зоди роҳлардан (йўл озуқасидан) ажраб қолиш билан йўлда қолсаларинг, бас шундай ҳолларда муяссар бўлган қурбонликларингизни Ҳаромга юборасизлар. Қурбонлик сўйилган тарихда (кунда, вақтда) эҳромдан чиқиб ҳалол бўласизлар. Қурбонликларинг сўйиладиган жойга етиб боргунча сочларингни олдирманглар. Бас, агар сизлардан бирорталаринг эҳром ҳолатида касал бўлиб қолса, ё бошларида жароҳатга ўхшаш бирон азияти бўлса, ё бош оғриғи-шу заруратлар сабабидан сочларингни олдирсаларинг, бас, шу қилган амалларингнинг жазоси учун фидя берасизлар, яъни бир қўй сўйиб мискинларга берасизлар. Агар бунга ҳам қодир бўлмасаларинг уч кун рўза тутасизлар. Вақтики қўрқувдан (монеъликлардан) қутулсаларинг ё касалдан тузалсаларинг, то ҳаж вақтигача ҳар кимки сизлардан умра қилар экан муяссар бўлган қурбонлигини қурбонлик қиладиган жойга олиб бориб сўяди. Бас агар қурбонликни (ҳадя қиладиган нарсани) мавжуд топмаса шу ерда - ҳаж кунларида уч кун рўза тутади. Вақтеки уйига қайтиб келар экан яна етти кун рўза тутади. Шу билан рўзаси комил ўн кун бўлади. Бу қурбонлик ҳукми шундай ҳожигаки, Макка аҳлидан бўлмаса ё Масжидул Ҳаромнинг атрофларидан бўлмаса. Ҳаж афъолларини (амалларини) нотўғри қилишда Худодан қўрқинглар ва билингларки Худонинг азоби қаттиқдир.
197-199. Ҳажнинг замони муайян ойларда бўлади. Яъни Шаввол, Зулқаъда ойлари ва Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни. Ҳар кимки шу ойларда ўзига ҳаж қилишни фарз қилган бўлса, бас, эҳром боғлагандан кейин хотин билан жимоъ қилиш ҳаромдир. Ва ҳам шариатда ҳаж мавсумида ман қилинган нарсаларга муртакиб бўлмоқ (содир этмоқ) ва ҳам жанг-жадал қилиш ҳаромдир. Ҳар яхши ишларки, сизлардан содир бўлса, Парвардигор уни билади. Зоди роҳила (йўл озиғи) тайёрланглар ҳаж учун. Бас билингларки, зодларнинг (озуқанинг) энг яхшиси Худодан қўрқмоқдир. Эй ақлли кишилар, мендан қўрқинглар. Сизлар агар ҳаж мавсумида Худо тарафидан ризқу рўзни талаб қилсаларинг ҳеч бокиси (зарари) йўқдир. Яъни ҳаж йўлларида тижорат қилсаларинг, шундан фойдалансаларинг сизларга гуноҳ бўлмайди. Вақтики Арафотдан қайтсаларинг, бас, Худони талбия ва таҳлил билан ёд қилинглар. Машъар-ул-Ҳаромга етганингизда, яъни Муздалифага келганингизда сизларни ҳидоят қилгани учун Парвардигорни ёд қилинглар. Албатта сизлар бундан илгари ҳеч нарсани билмас, бир гумроҳ эдиларинг. Бас, халқ (одамлар) қайтиб келган йўлдан қайтинглар. Худодан мағфират талаб қилинглар. Албатта Аллоҳ таоло гуноҳларни кечирувчи ва меҳрибондир.
200-202. Вақтики ҳаж аҳкомларини тамом қилганингиздан сўнг бас зикр қилинглар, Худога сано айтинглар, гўёки ота-боболарингизни фахр билан ёд қилгандек, ё ундан зиёдароқ (Аллоҳни зикр қилинглар). Бас одамлардан шундай одамлар борки: “Парвардигоро, бизга дунёда дунё матоҳларини бер”,-дейди. Бундай одамга охиратда ҳеч насиба йўқдир. Улардан баъзилари айтадиларки: “Эй Парвардигоро, бизга дунёда (ҳам) яхши ишларни қилмоққа тавфиқ ато қилгин ва охиратда (ҳам) яхши савоблар бергин. Расулуллоҳнинг шафоатларини насиб қилгин. Дўзах азобидан сақлагин”. Бу гуруҳ (инсонлар) дунё ва охиратнинг хайрини (яхшилигини) талаб қиладилар. Буларнинг қилган амаллари учун савобдан насибадор қилинди. Аллоҳ таоло тезда ҳисоб олувчи (ҳисоб қилувчи) зотдир.
203. Эй мўъминлар, Худони ёд қилинглар. Яъни такбир ва ташриқ айтинглар, ийди Қурбон (Қурбон ҳайити) ойининг арафа куни бомдод намозидан кейин бошлаб ийднинг учинчи куни аср намозигача. Ҳар кимки Минодан таъжил қилиб икки кун тургандан сўнг Маккага жўнар экан, унга ҳеч гуноҳ йўқ. Ҳар кимки таъхир қилиб, уч кундан сўнг Минодан кетар экан, унга ҳам ҳеч гуноҳ йўқ. Яъни одамларки, тақводорлигидан ҳажнинг бошқа аҳкомларини бажо келтирган бўлса, мухайярдир (ихтиёрлидир). Эй мўъминлар, боқий (қолган) умрларингизда Худодан қўрқинглар. Шуни билингларки, ҳаммангиз Худонинг олдига маҳшур бўласиз (тўпланасиз, йиғиласиз).
204-206. Эй Муҳаммад, халқнинг ичида шундай одамлар борки, унинг ширин ва мулойим сўзлари дунёвий муомалаларда сени мафтун қилади. Ҳар бир гапида «сидқидил билан гапираяпман»,- деб, Худони гувоҳ қилади. Ваҳоланки, шулар ашаддий душманлардандир. Вақтики сенинг олдингдан қайтгандан сўнг, Мадина атрофларида фасод қилишга ҳаракат қилади. Экинларни барбод қилади. Мусулмонларнинг ҳайвонларини ҳалок қилади. Аллоҳ таоло шундай фасод қилувчиларни ёмон кўради. Вақтики бундай мунофиққа: “Худодан қўрқ, фасод қилма”,- деб айтилса, унинг ҳамияти жоҳилияти (кибру ҳавоси, жоҳил нафси) яна гуноҳ қилишга тарғиб қилади. Бундай одамга Қиёмат куни жаҳаннамнинг азоби кифоя қилади. Жаҳаннам нақадар ёмон жойдир.
207. Ва баъзи инсонлар борки, Аллоҳ таоло ризоси учун ўз нафсини фидо қилади. Аллоҳ таоло бандаларига кўп меҳрибондир, яхши амалларининг ажрини беради.
208-209 Эй мўъминлар, ҳаммаларинг Исломда собитқадам бўлинглар. Шайтоннинг юрган йўлига иттибоъ қилманглар (тобеъ бўлманглар). Бу Шайтон сизларга очиқ душмандир. Бас агар шу қадар ояти баййинот (аниқ-таниқ ҳужжат ва далиллар) келгандан кейин ҳам шайтонга тобеъ бўлиб йўлдан адашсаларинг, бас билингларки, Аллоҳ таоло ҳамма нарсага ғолибдир. Сизларга азоб беришга қодир ва донодир.
210. Бу кофирлар ҳеч инкор қилмайдилар, магар Худонинг азобининг келишига мисли булут тепаларига соя солгандек кўз тутиб турибдиларми? Ё малоикаи азобнинг (азоб фариштасининг) келишини кутиб турибдиларми? Ваҳоланки, ҳар кимга қандай жазо бериш тўғрисида Худонинг ҳукми муқаррар бўлган. Ҳар бир (иш-амал) Худо тарафига қайтарилади.
211. Эй Муҳаммад, яҳудлардан Худои таоло буларнинг ота-боболарига қанча ояти баййинот (аниқ-таниқ ҳужжатлар, мўъжизалар) юборганлигини сўрагин. Ҳудди ҳазрати Мусонинг асоларидек, шунга ўхшаш Дашти Тиҳда юрганда ширинликлар, бедоналар берган, шунингдек бошқа кўп мўъжизалар ато қилган. Ҳар кимки оят келгандан кейин шукр қилмасдан Худонинг неъматини тағъйир қилса (ўзгартирса), бас, албатта, буларга Аллоҳ таолонинг азоби қаттиқдир.
212. Кофирлар (алданиб, мағрур бўлишлари учун) дунё ҳаёти уларга зийнатлаб берилди (чиройли қилиб кўрсатилди). Бу кофирлар мўъминларнинг ҳолини кўриб масхара қиладилар. Айтадиларки: “Муҳаммад шу гадолар билан дунёга ғалаба қиламан дейди”. Аммо мана шу гадолар, парҳезкорлар Худодан қўрқадилар. Қиёмат куни бу кофирлардан юқори даражада турадилар. Кофирлар буларнинг ҳолларини кўриб, афсус ва надомат қиладилар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло ҳар кимни хоҳласа, унга ризқни беандоза (ҳисобсиз) беради, унинг мартабасини юқори қилади.
213. Ҳазрат Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари аслида бир жамоа ва бир миллат эдилар. Буларнинг орасида ҳеч ихтилоф йўқ эди. (Ораларида келишмовчиликлар юз бергач), бас, Аллоҳ таоло буларга набийларни юборди. Улар Худонинг марҳаматидан башорат берувчи ва азобидан қўрқитувчи эдилар. Аллоҳ таоло бу пайғамбарлар билан бирга ҳақни баён қилувчи китобларни нозил қилди токи ҳар пайғамбар шу китоблар билан халқ ўртасидаги ихтилофли масалаларда ҳукм қилсинлар. Ҳеч ким шу китоб ҳақида ё дин ҳақида ихтилоф қилмади, магар китоб берилган шу яҳудлар ва насоролар ихтилоф қилдилар. Буларга мўъжизалар ва бошқа далиллар келгандан кейин, китобларни табдил ва таҳриқ қилгани жазм этдилар. Бу ихтилофларига бир-бирларига қилган ҳасадлари ва буғзлари сабаб бўлди. Бас, Худо буларнинг ичидан иймон келтирганларини ҳидоят қилди. Ихтилоф қилган ҳукмларнинг баёнига ҳақни ботилдан ажратиб, баён қилиб берди. Бас, мўъминлар Худонинг ҳукми билан ҳақни билдилар. Аллоҳ таоло хоҳласа ҳар кимни тўғри йўлга ҳидоят қилади.
214. Оё, меҳнатсиз ва машаққатсиз осонгина жаннатга киришни гумон қиласизларми? Ваҳоланки сизлардан аввал ўтган анбиёлар ва солиҳларнинг меҳнат ва машаққатлари сизларга бўлган эмас. У зотларга қаттиқ кулфатлар, касалликлар ва очликлар келган эди. Балонинг қаттиқлигидан у зотлар изтиробга тушган эдилар. Ҳатто баъзи пайғамбарлар, иймон келтирган зотлар айтар эдиларки: “Қачон Худо таоло ёрдам бериб, бу балолардан қутулар эканмиз”. Ҳақ таоло буларга ваҳий орқали дедики: “Огоҳ бўлинглар ва хотиржам бўлинглар, сизларга Худонинг мадади яқин келди”.
215. Сендан аҳли давлатлар Худо йўлида қандлай нафақа қилиш ва кимларга бериш тўғрисида савол қиладилар. Эй Муҳаммад, буларга айтгин: “Молларингдан ҳар нарсани Худо йўлида берасизлар. Бас, аввал ота-оналарингиздан бошланглар, кейин хеш-ақраболарга, кейин етимларга ва мискинларга, йўлда қолган мусофирларга беринглар. Аллоҳ таоло қилган ҳар (бир) хайр ишингизни билади”.
216. Эй мўъминлар, сизларга дин душманлари билан қитол (жиҳод) қилиш фарз қилинди. Агарчи буни табиатларинг макруҳ кўради (ёқтирмайди), лекин сизлар ҳар нарсани макруҳ кўрасизлар, ваҳоланки, у нарса яхшилик келтириши ёки сизлар бирор нарсани яхши кўрасизлару у (нарса) сизларга ёмонлик келтириши мумкин. Аллоҳ таоло сизлар учун хайр иш қайси нарсада, билади. Ваҳоланки, сизлар уни билмайсизлар.
217. Эй Муҳаммад, сендан ҳаром ойда қитол (уруш) қилишлик ҳақида савол қилишади. Сен уларнинг жавобига айтгин, ҳаром ойларда жанг ва жадал қилишлик оғир ишдир, лекин Худонинг йўлидан монеъ бўлишлик, Ислом йўлига тўсқинлик қилиш, Худога кофир бўлиш,Масжидул Ҳаром тавофидан ман қилиш, Каъба аҳлини ўз жойларидан чиқариш Аллоҳнинг наздида ҳаром ойларда қитол (жанг) қилишдан ҳам ёмонроқдир. Бу мушриклар то қудратлари етгунча сизни динларингиздан чиқариш учун жанг қиладилар. Ҳар кимки сизлардан муртад бўлиб динидан қайтиб, шу ҳолда ўлар экан, бас, бу гуруҳнинг амаллари дунёда ботил бўлиб, охиратда савобга эга бўлмасдан аҳли дўзахдан бўладилар. Бу дўзахда абадий қоладилар.
218. Худо ва расулига иймон келтирган у зотлар, дин учун Ватанларини тарк этиб ҳижрат қилганлар ва Худо йўлида жиҳод қилганлар, мана шу гуруҳлар Худонинг раҳматидан умид қиладилар. Худонинг раҳматига лойиқдирлар. Аллоҳ таоло шундай зотларнинг хатоларини кечирувчи ва меҳрибондир.
219. Эй Муҳаммад, сендан хамр ичиш ва қимор ўйнаш тўғрисида савол қиладилар. Сен буларнинг жавобига айтгин: “Бу икковининг истеъмолида халқ учун катта гуноҳ бор, манфаат ҳам бор. – Чунончи хамр ичганда таомни ҳазм қилади, ҳароратни зиёда қилади. Қимор ўйнашда имскинларга сабаби ризқ бўлади, одамни сахий қилади, лекин гуноҳлари нафларидан кўпроқдир”. Эй Муҳаммад, «Худо йўлида қанча миқдорда садақа қиламиз?»,- деб савол қиладилар. Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: “Ўзларингнинг ҳожатларингдан ва нафақаи аҳли аёлдан зиёдасини Худо йўлида бераверасизлар. Бу ҳукм закот ояти билан мансухдир, чунки закот бергандан сўнг қанча зиёда бўлса, ўз манфаатига сарф қилаверади. Мана шунга ўхшаган оятнинг ҳукмларини Аллоҳ таоло сизларга баён қилиб беради. Шоядки, сизлар дунё ва охират ишларида фикр қиласизлар, ўзларингга қайси фойдали бўлса, ихтиёр қилиб оласизлар.”
220. Эй Муҳаммад, сендан етимлардан узоқ бўлиш, ё етимларга яқин бўлиб муомала қилиш тўғрисида савол қиладилар. Бу оятнинг нозил бўлиш сабаби шуки, Худонинг етимлар ҳақида нозил қилган оятлари, чунончи «етимнинг молига яқин бўлманглар», дейди. Яна «етимнинг молини еган ўт еган билан баробардир», дейди. Бу оятлар сабабидан саҳобалар етимга яқин бўлиб муомала қилишдан қўрқиб қоладилар. Шунинг учун бу саволни қиладилар. Эй Муҳаммад, буларнинг жавобига айтгин: “Сизларга етимларга яқин бўлиб, ҳолларини ислоҳ қилиш, молларини муҳофаза қилиш булардан узоқ бўлгандан яхшироқдир. Агар булар билан биргалашиб, таомларингизга чақириб меҳрибонлик қилсангиз, ниҳоят даражада савоби азимга эга бўласизлар. Чунки булар сизларнинг диний биродарингиздир. Аллоҳ таоло етимнинг молидан парҳез қилмайдиган (қўрқмайдиган) муфсидни ҳам билади, етимларнинг ҳолини ислоҳ қилувчини ҳам билади. Аллоҳ таоло агар сизларга ранж ва кулфат беришни ва ҳолларингни танг қилишни хоҳласа, шундай қилар эди. Етимларга оғир бўлар эди. Аллоҳ таоло ҳамма нарсадан ғолиб ва донодир.
221. Ва мушрик хотинларни то улар иймон келтирмасалар никоҳингизга олманг. Ва мушрик хотин сизларга нақадар марғуб (ёқимли) кўрилса ҳам, ундан мусулмон чўри албатта яхшироқдир. Мусулмон хотинни мушрик эрларга то улар иймон келтирмагунча никоҳ қилманглар. Мушрик озод эр сизларга нақадар яхши кўринса ҳам, ундан мусулмон қул албатта яхшироқдир. Мушриклар сизларни дўзахга чақирадилар. Ва Аллоҳ таоло ўз лутф ва марҳамати билан (сизларни) жаннатга ва мағфиратга чақиради. Ва Аллоҳ таоло ўз оятларини одамларга равшан баён қилади, токи бундан насиҳат ҳосил қилсинлар.
222. Эй Муҳаммад, сендан мўъминлар ҳайз кўрган ҳолатдаги хотинлар билан муомала қилиш тўғрисида савол қиладилар. Сен айтгинки: “У нопок давр, бас, сизлар ҳайз ҳолатида то пок бўлгунча хотинлардан узоқ бўлинглар, уларга яқин келманглар. Бас, агар пок бўлсалар Худо машруъ қилган (ҳалол қилган) жойдан яқинлик қилинглар. Аллоҳ таоло ман қилган нарсадан тавба қилиб қайтганларни дўст тутади. Ва яна ўзини пок тутганларни ҳам дўст тутади”.
223. Хотинларинг уруғ сочадиган ерларингга (зироатгоҳга) ўхшайди. Бас, бу ерларингга қандай уруғ ташласаларинг, шундай ташланглар, башартики, сочган уруғларингиз кўкарадиган жойда бўлсин, чирийдиган жойда бўлмасин. Фақат шаҳватни қондириш учун эмас, фарзанд талаби ниятида ўз нафсларинг фойдасига яхши ниятни муқаддам қилинглар. Ҳаромлик ҳолатда мубошарат қилишдан (қовушишдан) Худодан қўрқинглар. Билингларки, Қиёмат куни Худога мулоқий (рўбарў) бўласиз. Эй Муҳаммад, бу ҳукмларга итоат қилувчиларга беҳиштдан башорат бер.
224. Ҳар нарсага, яъни: “Ҳеч кимга яхшилик қилмайман, бировни бирор ёмон ишдан қайтармайман ва мардумнинг (одамларнинг) ўртасини ислоҳ қилмайман”, -деб Худонинг номи билан қасамёд қилманглар. Аллоҳ таоло сизларнинг қасамларингизни эшитувчи ва ниятларингизни билувчидир.
225. Аллоҳ таоло қасамларингизда лағв бўлса, гуноҳкор қилмайди. Имом Аъзам қавлларида лағв деб шундай қасамни айтадики: “Бир одам бир хабарни рост деб гумон қилиб қасамёд қилади, бироқ текширганда бу сўзнинг хилофи (тескариси) зоҳир бўлади”. Шундай қасамга Худои таоло жазо бермайди. Лекин Худо шундай қасамга муахаза қиладики (жазо берадики), дилларингиз билан қасддан қасамёд қилиб сўнгра ҳонис (гуноҳкор) бўлгансизлар. Аллоҳ таоло лағв қасамларингизни кечирувчи ва меҳрибондир.
226-227. У мўъминларки, хотинларга бирон сабабдан: «Бир йил ё икки йил сенга яқинлашмайман»,- деб қасамёд қиладилар, бундай одамларга тўрт ой муҳлат берилади. Шу тўрт ой ичида ружуъ қилсалар (хотинларига қайтсалар) шу хотин билан яшайверадилар. Аллоҳ таоло бу қасамларини кечирувчи ва меҳрибондир. Агар талоқ қилсалар бу тўрт ой ичида ружуъ қилмайдилар. Бас, бу муддатдан кейин хотин талоқ бўлади. Аллоҳ таоло талоқ, ийлоъ қилувчининг сўзини эшитувчидир, қасдини (ниятини) билувчидир.
228. Талоқ қилинган хотинлар жимоъ қилинган бўлсалар ва ҳомиладор бўлмасалар ўз нафсларини идда учун сақлаб турадилар. Имом Аъзам мазҳабларида (идда) муддати уч ҳайз ўтгунчадир. Агар буларнинг Худога ва охиратга иймонлари бўлса, бундай аёлларга раҳмларидаги Худо халқ қилган фарзандларини яширишлари ҳалол эмас. Агар эр ва хотинлар ўз ўрталарида ислоҳни хоҳласалар, идда вақтида ўз эркакларига қайтишлари (ружуъ) яхшироқдир. Бир-бирларига яхши муомала қилишларида бу аёлларнинг эркаклар устидаги ҳуқуқлари, эркакларнинг хотинлари устидаги ҳуқуқлари кабидир. Лекин эркакларнинг мартабалари хотинларникидан зиёдадир. Аллоҳ таоло ўз феълида ғолиб ва донодир.
229. Талоқи шаръий бир талоқ қилгандан кейин иккинчи талоқ қилмоқликдир, на ҳаммасини жам қилмоқлик бирданига. Шундан кейин ружуъ қилиб қайтадан хотин қиласизларми, ёки хоҳласаларинг яхшилик билан қўйиб юборасизларми сизларга ихтиёр. Эй эркаклар, сизларга хотинларингизга берган маҳрларингизни қайтариб олишларингиз ҳалол эмас, магар эр ва хотин ўрталаридаги шаръий ҳуқуқни барпо қилолмасликдан қўрқсалар (ҳалол, мумкин). Бас, эй ҳокимлар, шу эр ва хотин ҳудуди шаръийни барпо этолмаслигидан қўрқсаларинг, бас булар иттифоқлашиб хотинга берган маҳрни хотин қайтариб бериб ўзини холис қилса эр ва хотинга бир-бирларидан ажратиб қўйсаларинг, ҳеч гуноҳ йўқдир. Бу никоҳдаги ҳуқуқлар ийлоъ қилмоқлик ва талоқ қилмоқлик ва хулъ қилмоқлик Аллоҳнинг ҳудудидир. Бас, бу ҳудуддан тажовуз қилманглар. Ҳар кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилар экан ўз нафсларига зулм қилувчилардандир. (Ийлоъ, яъни тўрт ой хотинга яқин бўлмайман деб қасамёд қилмоқдир.)
230. Бас, агар эркак хотинни икки талоқдан кейин (учинчи марта) талоқ қилса, бу хотин шу эрига учинчи талоқ бўлгандан кейин ҳалол бўлмайди. Аёл эридан бошқа эркакнинг никоҳига киради, сўнгра аввалги эрига ҳалол бўлади. Бас, кейинги эр ҳам талоқ қилса, у ҳолда хотин билан илгариги эр бир-бирларининг ҳуқуқларини Худо буйруғига мувофиқ сақлашга умид қилсалар, идда тамом бўлгандан кейин бир-бирларига ружуъ қилишларида ҳеч гуноҳ йўқдир.
231. Вақтики хотинларингизни талоқ қилсанглар ва хотинларингизнинг иддаси тамом бўлишга яқинлашса, бас сизлар хотинларингизга ружуъ қилиб, шариатга мувофиқ хотинларингизни сақланглар. Агар хоҳламасангиз яхшилик билан ажралингиз ва хотинга зарар етказиш мақсадида (унга жабр қилиш учун) уни сақлаб турманг. Сизлардан кимки хотиннинг ҳақига шу хилда зулм қилар экан, бас, ўз нафсига зулм қилган бўлади. Худонинг ҳукмларини масхара қилманглар. Парвардигорнинг хотинларнинг никоҳида берган неъматларини, сизларга берган ҳуқуқларини, чунончи бирдан то тўрттагача хотин олишга рухсат берганлигини ёд қилинглар. Ва ҳам сизларнинг ҳидоятингиз учун, сизларга панд бериш ва ёмон ишлардан қайтариш учун Қуръонни нозил қилди. Худонинг аҳкомларига мухолифат қилишда Худодан қурқинглар. Шуни билингларки, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага олимдир.
232. Вақтики хотинларингизни талоқ қилсангизлар ва уларни идда муддатлари тамом бўлишга яқинлашса, бас икковлари рози бўлиб бир-бирлари билан шариатга мувофиқ ружуъ қилишни истасалар, эй волийлар, сизлар уларни ман қилманглар. Шу ман қилмаслик билан сизлардан Худога ва охиратга иймони бўлган одамга панд берилади. Мана шу аҳкомга амал қилишлик сизларнинг маош (яшаш)ларингизда ва бир-бирларинг билан муомалаларингизда покизароқ ва муносиброқдир. Аллоҳ таоло сизларнинг ҳолларингизни билади ва сизлар билмайсизлар.
233. Оналар агар эрларидан жудо бўлган бўлсалар, қўлларидаги эмизадиган болалари бўлса, болаларини икки йил комил эмизадилар. Агар эрлари эмизиш вақтини комил қилишни хоҳласа шу вақтда хотинларининг нафақаси, киядиган кийими эрларига батариқи инсоф (инсоф юзасидан) вожиб ва лозимдир. Ҳеч бир нафсга (кишига) тоқатидан ортиқ нарса таклиф қилинмайди. Оналар ширхора (сут эмадиган) гўдакларни эрларига топшириб қўйиб, ёш гўдакларнинг ҳаётига зарар етказмасинлар. Болаларнинг отаси ҳам нафақани тўхтатиб қўйиб, болаларнинг тарбиясига зарар етказмасинлар. Ворисларнинг зиммасига ҳам шунга ўхшаш нафақа лозимдир, яъни гўдакларнинг отаси вафот этиб бола етим қолганда, ушбу ўлган одамнинг ворисларининг зиммасига нафақа бериш лозимдир. Бас, боланинг ота-оналари ўзларининг розиликлари билан маслаҳатлашиб, болани эмчакдан чиқаришни (айиришни) хоҳласалар, буларга ҳеч гуноҳ йўқдир. Агар болани эмизиш хусусида бошқа аёлни муқаррар (тайин) қилишни хоҳласангиз, эмизиш учун доя муқаррар қилиб, буларга инсоф билан кифоя қиладиган нафақа таслим қилсаларинг, сизларга ҳеч гуноҳ йўқ. Болаларга зарар етказишда Худодан қўрқинглар ва ҳам билингларки, Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингиздан огоҳдир.
234. Сиз (мўъмин)лардан баъзиларингиз вафот этса, ундан кейин хотинлар (идда сақлаб) қолса, бу хотинлар тўрт ой ва ўн кун тамом бўлгунча эрга тегмай мунтазир бўлиб ўтирадилар. Вақтики иддаларини тугатсалар, бас, эй волийлар, бу хотинларнинг ўз нафсларига қилган муомалаларида, яъни яхшилик билан эрга тегсалар, жоиздир. (Бу борада сиз валийлар учун) ҳеч гуноҳ йўқдир. Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингиздан бохабардир.
235. Эй хотин олишга рағбат қилувчилар, бирор бева хотинга ўз дилларингиздаги рағбатларингизни киноя билан арз қилсаларинг ё дилларингдан ўтказсаларинг, сизларга ҳеч гуноҳ йўқдир. Аллоҳ таоло дилларингдаги сирни билади. Никоҳ бўлгандан кейин албатта хотинларга (уйланиш масаласини) зикр қиласизлар, лекин дилларингда яширинган ҳар амални хотинларга ваъда берманглар (яъни махфий тарзда ваъдалашманг), фақат яхши сўзларни киноя тариқасида айтинглар. Ва то Худо муқаррар қилган хотиннинг иддаси охирига етгунча никоҳ қилишга қасд қилманглар. Билингларки, Аллоҳ таоло дилларингдаги ножоиз фикрларингизни билади, бас ундай (фикрлардан) иҳтироз қилинглар (сақланинглар). Билингларки, Аллоҳ таоло хатоларни кечирувчи, азобни таъхир қилувчи (кечиктирувчи)дир.
236. Сизларга никоҳларингдаги хотинни яқинлик қилмасдан (қўл тегизмасдан) туриб талоқ қилсаларинг ёки маҳр муқаррар қилмасдан талоқ қилиб юборсаларинг ҳеч гуноҳ йўқ. Бас, шундай ҳолда (аёлга) бирор нарса бериб хурсанд қилиб рухсат беринглар. (Бирор нарса беришда) ҳар ким қудрати еткунча беради; бой кишиларга ўзларининг бойликларига мувофиқ, камбағал кишилар ўзларининг қудратларига қараб беришлари лозим, яъни ўзаро шаръан, урфан бериладиган нарсаларни беринглар. Шундай қилмоқлик яхши эҳсонлик одамларга бурч бўлди.
237. Агар никоҳда маҳрни муайян қилган бўлсаларинг, хотинларингизни яқинлик қилмасдан аввал талоқ қилсаларинг, бас, бу ҳолда ярим маҳрни берасизлар. Магар хотинлар маҳрдан кечиб юборсалар ёки талоқ қилган одам пурра (тўлиқ) бериб юборса, жоиздир. Кечиб юборганингиз тақвога яқиндир. Бир-бирларингизга марҳамат ва меҳрибончиликни унутманглар. Албатта Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингизни кўради.
238. Беш вақт намозни ўз вақтида шароитлари билан мукаммал адо қилишга ҳаракат қилинглар. Ва ҳам ўртадаги намозни, яъни асрни адо этишга риоя қилинглар. Намозда Худо учун хушуъ ва хузуъ билан туринглар.
239. Агар душмандан қўрқсаларинг, чунончи, жанг вақтларида, бас сизларга юриб кетаётган ҳолатда ё сувора (пиёда ёки отлиқ) ҳолатида имо билан намоз ўқишларингиз жоиздир. Бас, агар хавфдан эмин бўлсаларинг, намозни Худо таълим берганига мувофиқ шароитлари билан ўқинглар.
240. Сизлардан (вафот қилган кимсалар) хотинларини бева қолдирган бўлсалар, (вафотидан олдин) меросхўрларига хотинлари хусусида шу мазмунда васият қилсинки, хотинларини уйдан чиқармасдан бир йилча нафақа бериб турсин, бас бир йилдан кейин уйдан чиқиб кетиб, шариатга мувофиқ эрга тегиб кетса, сизларга ҳеч гуноҳ йўқ. Аллоҳ таоло ўз иродасида ғолиб ва ўз феълида ҳакимдир. Бу оятнинг ҳукми идда тўғрисида келган оят билан мансухдир.
241-242. Талоқ бўлган хотинларга идда ҳолатида инсоф билан нафақа бериб туришларинг лозим. Буни адо этиш мўъминларга вожибдир. Аллоҳ таоло бандаларига оятнинг ҳукмларини мана шундай баён қилади. Шоядки сизлар бу ҳукмларга яхши фикр қиласизлар.
243. Эй Муҳаммад, оё сен (ўлумдан ҳазар қилиб) ўз диёрларидан хориж бўлган одамларнинг ҳоли (хабари ҳақида) фикр қилмадингми? Ваҳоланки, улар неча минг нафар эдилар. Баъзи муфассирлар қирқ минг ва баъзилари етмиш минг, дейдилар. Вақтики, мамлакатларида вабо бўлди, бу жамоалар ўлимдан қўрқиб, мамлакатларини ташлаб чиқдилар. Бас, Аллоҳ таоло «Ўлинглар»,-деб хитоб қилди. Ҳаммалари баробар ўлдилар. Вақтики бу қабристон олдидан Ҳизқил пайғамбар ўтдилар бу ўликларга марҳамат назари билан қарадилар. Ҳақ таоло айтдики: «Агар бу чириган суякларнинг ҳаётини истасанг, буларнинг ҳаққига дуо қил, мен ҳаёт бағишлайман». Бас, дуо қилдилар, Ҳақ таоло буларга ҳаёт берди. Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳақига фазл соҳибидир, лекин кўпчилик одамлар Худонинг неъматига шукр қилмайди.
244. Худо йўлида жиҳод қилинглар ва динга нусрат беринглар. Билингларки, Аллоҳ таоло жиҳодга хилоф қилганларнинг сўзларини эшитувчи ва ниятларини билувчидир.
245. Ким Худонинг фақир бандаларига беминнат ва бериё эҳсон қилиб, Худони қарздор қилади? Бас, Аллоҳ таоло шундай бандаларга бу дунёда неча баробар қилиб мол беради ва охиратда неча баробар қилиб, савоб беради. Аллоҳ таоло ўз илм ва ҳикматига мувофиқ баъзи бандаларга камроқ мол беради ва баъзиларга кенгравлик билан давлатини фаровон қилади. Худонинг олдига ҳаммаларинг жам қилинасизлар.
246. Оё Мусо алайҳиссаломдан кейин бани Исроилнинг бир жамоасининг ҳолларини билмадингми ва фикр қилмадингми? Вақтики улар пайғамбарлари Юшаъ ибни Нун алайҳиссаломга айтдилар: «Бизга бир подшоҳ тайин қилиб юборинг, токи биз унинг байроғи остида кофирлар билан жиҳод қилайлик». У пайғамбар айтдилар: «Агар сизларга жиҳод фарз қилинса, (эҳтимол) муқотала (жанг) қилишдан бўйин товлаган бўлармидингиз?». Улар айтдилар: «Нега биз Худо йўлида муқотала қилмас эканмиз. Ваҳоланки, кофирлар бизларнинг диёрларимиздан чиқардилар, болаларимиздан жудо қилдилар». Бас, вақтики буларга жиҳод фарз қилинди, булар кофирларга муқобил бўлишдан юз ўгириб, қочдилар. Магар булардан озгина одам сабр қилиб, қочмай жиҳод қилди. Аллоҳ таоло золимларнинг ҳолига донодир.
247. Пайғамбарлари бани Исроилга айтди: «Аллоҳ таоло бизларга Толутни подшоҳ қилиб юборди». Бани Исроил айтди: «Қандай қилиб Толут бизнинг тепамизга подшоҳ бўлар экан, подшоҳликка биз ундан лойиқроқмиз. Ваҳоланки унга ҳеч қандай мол ва давлат берилмаган». Пайғамбар буларга айтди: «Худои таоло сизларнинг тепангизга подшоҳликка Толутни ихтиёр қилди. Худо уни сиёсат илмида, жисмоний қувватда зиёда қилди. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига подшоҳлигини беради. Худои таолонинг бандаларга фазл ва марҳамати кенгдир, ҳолларига донодир».
248. Бас, бани Исроилга набийлари айтдилар: «Толутнинг подшоҳлигининг аломати шуки, сизларга «Тобути сакина» келади. У тобут бир сандиқ эдики, у сандиқнинг ичида илгари ўтган анбиёлар ёдгорликлари (мерослари) бор эди. Ҳазрат Мусонинг асолари, Иброҳим алайҳиссаломнинг кўйлаклари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари, шунга ўхшаш нарсалар бор эди. Бани Исроил ғазотга борсалар, шу тобутни кўтариб борар эдилар. Шу тобут барокотидан душман устидан зафар топар эдилар. Шу тобут қўлларида бўлса, дилларида Аллоҳ таоло тарафидан ором, сабр ва тоқат ҳосил бўлар эди. Шунинг учун «сакина»,- деб аталади. Уни малоикалар кўтариб юрар эдилар. Бир вақтда бани Исроилнинг душманлари Уммолқа деган қавм бу тобутни бани Исроилнинг қўлидан олиб кетган эдилар. Энди шу пайғамбар бани Исроилга айтдилар «Тобут душманлар қўлидан халос бўлиб келса, Толутни подшоҳлигининг аломати шудир». Бас тобут пайдо бўлиб келди. Бани Исроил Толутни подшоҳ қилиб кўтардилар. Тобут келгандан кейин Шамъун алайҳиссалом айтдилар: «Мана тобутни малоикалар олиб келдилар. Агар сизлар бизнинг сўзимизни ростлигига ва Толутнинг подшоҳлигига ишонсаларинг, сизларга мана шу тобутнинг келишида катта ҳужжат бор». Бас, бани Исроил итоат қилдилар. Шамъун алайҳиссалом Толутга айтадилар: «Худо сенга Жолут билан жиҳод қилишга буюради». Бас, Толут лашкарини олиб Жолутнинг мамлакати тарафига равона бўлди.
249-252. Вақтики, Толут Шамъун алайҳиссаломнинг фармонлари билан лашкарини олиб, Байтул Муқаддасдан чиқди. Толут лашкарларига айтди: «Пайғамбаримизнинг хабар беришларича, йўлда бир ариқ (анҳор, дарё) келар экан. Шу ариқнинг суви билан Худо сизларни синар экан. Шу ариқнинг сувини ётиб ичмасдан, бир қўлларинг билан озгина олиб ичасизлар. Бас, ҳар кимки ўша сувдан ётиб ичса ёки икки қўли билан ичса, бас, у Худонинг фармонига итоат қилмаган бўлиб, бизлардан эмас. Агар билкулл тамоман ичмаса ёки бир қўли билан ичса, у маъфудир (афв этилгандир)». Ҳаво ниҳоятда иссиқ эди, итоат қилмасдан (кўплари) ичиб юбордилар, магар улардан озгиналари - 313 киши итоат қилиб ичмадилар. Толут итоат қилган мўъминлар билан бирга ариқдан ўтдилар. Итоат қилмаган қолган лашкарлар ариқнинг у тарафида ўтмай қолиб айтдиларки: «Бизни бугун Жолутнинг лашкарлари билан урушишга тоқатимиз йўқ». Итоат қилган одамлар Қиёматда Худо билан мулоқий (рўбарў) бўлишга ишонган эдилар ва айтдиларки: «Кўп вақтлар бўладики, Худонинг амри билан озгина жамоат кўп лашкарнинг устидан ғалаба қилади. Аллоҳ таоло собирлар билан биргадир. Биз Парвардигордан умид қиламизки, душманлар устидан ғалаба қилишимизга фатҳ ва зафар беради». Вақтики, мўъминлар Жолутнинг лашкари билан муқобил бўлдилар, айтдиларки: «Эй Парвардигоро, бизга душманнинг муқобилига сабр ва тоқат бергин. Жанг майдонида қадамларимизни собит қилгин. Кофир қавмнинг устидан ғалаба қилишига фатҳ ва зафар бергин». Бас жанг бошланди, Парвардигорнинг мадади билан кофирларга шикаст бердилар. Довуд алайҳиссалом Жолутни ўлдирдилар. Толут «Кимки Жолутни ўлдирса, унга қизимни бераман, ўрнимга валиаҳд қиламан»,-деб ваъда қилган эди. Ҳазрат Довуд алайҳиссалом шу даврда пайғамбар бўлганлари йўқ эди. Чўпонлик қилар эдилар. Толут лашкари урушга бораётганда ҳазрат Довуд ҳам лашкарларнинг ичида эдилар. Қўлларида тош отадиган палахмонлари бор эди. Йўлда бир тошдан: «Мени (қўлингга) олгин, Жолутнинг ажали менинг қўлимдадир»,- деган овоз келди. Ҳазрат Довуд шу тошни олдилар, охир шу тош билан Жолутни ўлдирдилар. Худои таоло Ҳазрат Довудга Толутдан кейин подшоҳликни ва пайғамбарликни ато қилди. Ва Худо хоҳлаган илмни таълим бердики, у зирҳ (совут) тўқиш эди. Агар Худои таоло баъзи мардум билан баъзи мардумни даф қилмаса, яъни мўъминларни жиҳод қилишга буюриб, золимларни даф қилмас экан, у ҳолда ер юзи фасодга айланиб, олам хароб бўлади. Лекин Аллоҳ таоло олам аҳлига иноятли ва марҳаматлидир. Мана шу қиссаларнинг ҳаммаси Худонинг қудратига далолат қиладиган нишоналардир. Эй Муҳаммад, сенга бу оятларни ҳақ ва ростлик билан Жаброилни юбориб, тиловат қиламиз. Токи, сен ва умматларинг ибрат олсинлар. Мен маълум қиламанки, сен албатта пайғамбарлардансан.
253. Мана шу сурада зикр бўлган пайғамбарларнинг баъзиларидан баъзиларига (ортиқ) фазилат бердим. Улардан баъзилари билан Парвардигор сўзлашди, чунончи Мусо алайҳиссалом билан. Ва баъзиларининг даражотларини юқори қилди, монанди Муҳаммад алайҳиссалоту вассалом. Биби Марям ўғиллари Ийсо алайҳис саломга мўъжизотлар бердик. Ва ҳам Жаброил алайҳиссалом билан мадад бердик. Чунончи чўл-биёбонларда Жаброил алайҳиссалом билан бирга юрар эдилар. Агар Парвардигор хоҳлаганда умматлар набийлардан кейин, оят ва мўъжизотлар келгандан кейин муқотала қилмас эдилар. Лекин ихтилоф қилдилар. Бас улардан баъзилари иймон келтирдилар ва баъзилари кофир бўлдилар. Агар Аллоҳ таоло ихтилоф қилмасликларини хоҳласа эди, ихтилоф қилмасдилар. Лекин Аллоҳ таоло ирода қилган феълини қилади.
254. Эй мўъминлар, у кун келмасдан илгари менинг сизларга берган ризқларимдан менинг йўлимда садақа қилингларки, у кунда олди-сотди йўқ, ҳимоя қиладиган дўстлик йўқ ва сипориш (буйруқ, топшириш) ҳам йўқ. Ваҳоланки, мана шу кофирлар иймон келтирмасдан ўз нафсларига зулм қилувчилардир.
255. Мана шу бир маъбуд ҳақиқий мавжуддир. Бошқа ибодатга лойиқ ҳеч қандай маъбуд йўқ, магар мана шу якка ва танҳо Аллоҳдир. У ҳамиша тирикдир, У тамом оламни мудаббири (тадбир қилувчиси)дир. Уни енгил ғафлат босмайди ва ухламайди. Осмондаги тамом нарсалар ва ердаги тамом нарсалар ва коинот унинг мулкидир. Қиёмат куни ҳеч ким ҳеч кимни қўлламайди, магар Худонинг изни билан қўллайди. У бу дунёдаги нарсаларни ва охиратда бўладиган аҳволларни билади. Ҳеч ким унинг маълумотини илми билан иҳота қилолмайди, магар ўзи хоҳлаб билдирса билади. Унинг курсиси осмон ва ердан ҳам кенглик қилади. Осмон ва ернинг муҳофазаси Уни чарчатмайди. У ҳамма нарсадан олий ва ҳамма нарсадан улуғдир.
256. Ислом динида ҳеч мажбурият йўқ. Ҳидоят залолатдан ажралгандир ва ботил зоҳир бўлган. Бас, ҳар кимки бутни инкор қилиб, Худога ишонса, у узилмайдиган ипни маҳкам ушлабди. Ҳеч вақт у ип узилмайди. Аллоҳ таоло сизларнинг иқрорларингизни эшитади, ниятларингизни билади. Бу оят қитол ояти билан мансух бўлган.
257. Аллоҳ таоло мўъминларнинг дўстидир. Буларни залолат қоронғулигидан ҳидоятнинг нури тарафига чиқаради. Кофирларнинг дўстлари бутлардир. Бу бутлар кофирларни ҳидоят нуридан зулмат тарафига чиқаради. Мана шу кофирлар дўзахийдир ва дўзахда абадий қолади.
258. Эй Муҳаммад, сен Парвардигорнинг исботида Ҳазрати Иброҳим билан мужадала қилган ўша кофир (Намруд)ни фикр қилмайсанми? Вақтики Иброҳим алайҳиссалом айтди: «Менинг Парвардигорим ўликларни тирилтиради ва тирикларни ўлдиради». Намруд жавобан: «Мен ҳам ўликни тирилтираман ва тирикни ўлдираман»,-деб айтди. Зиндондан икки жиноятчини олиб чиқиб, бирини қўйиб юбориб: «Буни тирилтирдим»,-деб айтди. Яна бирини ўлдириб: «Буни ўлдирдим»,- деди. Иброҳим алайҳис салом кўрдиларки, бу кофир ўликни тирилтириш ҳақиқатини билмайди. Иброҳим алайҳиссалом бошқа далил пеш қилиб, айтдиларки: «Менинг Худойим қуёшни машриқдан чиқариб, мағрибга ботиради. Сен қодир бўлсанг, мағрибдан чиқариб, машриққа ботиргин». Шу ҳолда кофир мутаҳаййир (лол) бўлиб, жавобдан ожиз бўлиб қолди. Аллоҳ таоло шунга ўхшаган золим қавмни ҳидоят қилмайди.
259. Эй Муҳаммад, бир қишлоқдан ўтган одам (Узайр пайғамбар) ҳолини фикр қилмадингми? У қишлоқ вайрон бўлиб, томлари одамларни босган ва ҳалок қилган эди. Бу одам Узайр алайҳиссалом эдилар. Бухту наср подшоҳ Байтул Муқаддасга ҳужум қилиб, яҳудларни ўлдириб, қишлоқларга ўт қўйиб, баъзи яҳудларни асир қилиб, ўз мулкига олиб кетган эди. Узайр алайҳиссалом ҳам асир тушган эдилар. Асирликдан қутулиб қайтиб келаётганда шу қишлоқдан ўтдилар. Айтдиларки: «Бу ўликларни қандай тирилтирар экан?». Дилларида қайтадан тирилиш тўғрисида қандайдир ҳайратли савол ҳосил бўлди. Чунки табиийдирки, кайфияти иҳёни (ўликнинг тирилганини) кўрмаган одам қандайдир таажжубланади. Шунинг учун ҳам Парвардигор Ҳазрати Узайрни юз йил муддатга ўлдирди. Юз йилдан кейин яна тирилтирди. Ҳазрати Узайр алайҳиссалом ўзлари билан бирга ейдиган таомларини ва ичадиган сувларини эшакка юклаган эдилар. Эшак ҳам ўлиб, чириб суяклари қолган эди. Ҳақ таоло бир фариштани юбориб ҳолини савол қилди. Фаришта сўрадики: «Бу ерда қанча ётдинг?». Узайр алайҳиссалом жавоб бердиларки: «Бир кун ёки ярим кун ётдим». Буни шунинг учун айтдиларки, ўлган вақтларида қуёш тулуъ қилган вақт эди. Тирилган вақтларида қуёш қиёмга келган экан. Шунинг учун ҳам: «Ярим кун»,-деб айтдилар. Фаришта айтдики: «Сен хато ўйлайсан, юз йил ётдинг. Худонинг қудратини кўргин, ейдиган таомингга ва шаробингга назар солгин. Ҳеч тағйир топгани (ўзгаргани) йўқ. Эшагинга назар қилгин, чириб суяги қолгандир. Мен сени тирилтирдим, то ибрат олгилки, ўликни тирилтирмоқ шу ҳилда бўлади. Мен сендан халқ панд ва ибрат олсин деб сени тирилтирдим. Сен энди эшагинг ўлигини қандай ҳаракатга келтиришимизга, чириб кетган гўштларини қайтадан суякларига қандай кийдиришимизга (қоплашимизга) қараб тургин». Вақтики Узайр алайҳиссаломга Парвардигорнинг қудрати зоҳир бўлди. У киши айтди: «Энди аниқ билдимки, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир экан».
260. Эй Муҳаммад, Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом Парвардигорга: «Ўликларни қандай тирилтирасан?»-деб айтганини ёд қилгин. Ҳақ таоло айтди: «Бунга яқининг (ишончинг) йўқми?» Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: «Албатта яқиним бор, лекин хоҳлайманки кўзим билан кўриб ишонч ҳосил қилай». Парвардигор айтди: «Паррандалардан тўрт қисмини олгин. Уларни олдингга жамлагин». Ровийларнинг ривоятларига қараганда, бу паррандаларнинг бири кабутар, бири товуқ, бири қарға ва бири товус эди. Сўнгра бу паррандаларни сўйгин, гўштларини поралаб бир-бирига аралаштиргин. Буларни иложи борича тоғларга тақсимлаб, бўлаклаб (жудо қилиб) қўйгин. Бошларини ўз олдингда сақлагин. Бас, буларни чақиргин ҳаммаси тирилиб, ўз бошларига уланиб, олдингга келадилар. Билгин, Аллоҳ таоло ўз феълида ғолиб ва донодир.
261. Худо йўлида молларини нафақа (садақа, эҳсон) қилувчиларни нафақаларининг сифати шунга ўхшайдики, бир дона буғдойни ерга эккан бўлса, етти дона сунбул (бошоқ) бўлиб ўсади. Ҳар бир сунбулнинг бошида юзтадан донаси бўлади. Худои таоло йўлида бериё қилинган садақанинг мисоли шунга ўхшайдики, бир дона буғдой кўкариб, еттита ниҳол бўлиб, ҳар бир ниҳол бошида юзтадан етти юз донага айланади. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига бундан ҳам кўп қилиб беради. Аллоҳ таолонинг бандаларга бахшойиши (фазлу карами) кенгдир, бандаларнинг ҳолига донодир.
                           
262. У зотларки, Худо йўлида молларини сарфлайдилар, ғарибларга молларини берадилар, орқасидан миннат қилмайдилар, ғарибларга азият ҳам бермайдилар. Буларни садақаларининг ажри Худо олдида муқаррардир. Қиёмат куни азоби илоҳийдан хавфлари йўқдир ва ғамгин ҳам бўлмайдилар.
263. Яхши сўзлар билан соилнинг кўнглини олиб қайтариш ва унинг беодоб сўзларини кечириш, садақа қилиб орқасидан азият бергандан яхшироқдир. Аллоҳ таоло сизларнинг садақаларингизга муҳтож эмасдир. Бандаларга ҳалим ва меҳрибондир.
264. Эй мўъминлар, садақаларингизнинг ажрини миннат ва азият билан ботил қилманглар. Айримлар молини риёкорлик билан нафақа қилади. Ваҳоланки, Худога ва охиратга ишонмайди. Бас, бу хилда садақаларинг ҳоли шунга ўхшайдики, бир силлиқ тошнинг устида гард ва ғубор бўлса, унга қаттиқ ёмғир ёғиб, гард ва ғуборлардан пок қилиб, силлиқ қилиб қўйди. Бу одамлар риёлари учун қилган садақаларининг ажрини озгина бўлса-да, ҳосил қилишга қодир эмаслар. Аллоҳ таоло кофирларни ҳидоят қилмайди.
265.Молларини Худонинг розилиги учун ва саботи иймон учун нафақа қилувчиларнинг сифатлари шундай бўстоннинг сифатига ўхшайдики, у бўстон баланд бир ерда воқеъ бўлган, тепасига зўр (шариллаб) ёмғирлар ёққан. Бас, бу боғнинг мевалари икки баробар ҳосил қилган. Агар бу боққа зўр ёмғир ёғмаса-да, заифроқ (майдалаб ёққан) ёмғир ҳам кифоя қилади, чунки боғнинг ери мулойим бўлиб, ўзида нам сақлайди. Худо йўлида беғараз ва риёсиз қилинган садақа шу боққа ўхшаб неча баробар ҳосил беради. Аллоҳ таоло ихлос билан қилган амалларингизни кўриб турувчидир.
266. Сизлар риё билан қилган амалларингиздан ҳазар қилинглар. Оё, сизлардан бирортангиз шу ҳолни дўст тутадимики, унинг мулкида хурмозор ва узумзор боғи бўлса, тагидан анҳорлар жорий бўлса, ўша одамнинг болалари бўлиб, ҳаммаси шу боғнинг ҳосилига тикилган (кўз тиккан) бўлса, бас, осмондан заҳарлик шамол келиб, шу шамол билан бирга яшин тушса, тамом боғни куйдирса. Бас, мўйсафид шу хил аҳволни муояна қилиб (кўриб кузатиб) турса, меҳнат билан обод қилган боғини бир соатда (ўтли бўрон) куйдириб яксон қилса, бундай одамнинг ҳоли қандай бўлади? Шунга ўхшаш риё билан қилган амалларингиз охиратда ботил бўлиб, сизни мана шундай маҳрум қилади. Аллоҳ таоло мана шунга ўхшаш мисолларни баён қилиб сизларни огоҳлантиради. Шоядки сизлар бу мисолга тафаккур қиласизлар.
267. Эй мўъминлар, энг яхши ҳалол молларингиздан Худонинг йўлида нафақа (инфоқ-эҳсон) қилинглар. Ўша нарсадан Мени йўлимга (нафақа) берингларки, сизларнинг ризқларингиз учун ердан кўкартириб сизларга ҳосилни етказган Менман. Менинг йўлимда хабис раддий (бузуқ, нопок), ташландиқ нарсаларни беришга уринманглар. Ваҳоланки, бошқа одам сизга шундай нарсаларни берса, олмайсизлар, фақат кўзингизни юмиб туриб, айбини кўрмасдан олишингиз мумкин. Шуни билингларки, Аллоҳ таоло сизларнинг берган нарсангизга муҳтож эмасдир. Аллоҳ таолога ихлосингиз керак. Аллоҳ таоло ҳамиша маҳмуд (ҳамду санога лойиқ)дир. Биров ситойиши (мадҳу саноси)нинг ихлоси бўлмаса, кераги йўқ.
268-269. Шайтон сизларга фақир бўлиб қолиш ваъдасини беради, яъни: «Худо йўлида харж қилсанг фақир бўлиб қоласан»,-дейди. Лекин Аллоҳ таоло сизларни Худо йўлида қилган нафақаларингиз эвазига гуноҳларингни мағфират қилишни, нафақа қилган молларингни неча баробар кўпайтириб беришни ваъда қилади. Аллоҳ таолонинг марҳамати бандаларга жуда кенгдир, ҳолларига донодир. Хоҳлаган бандаларига илм ато қилади. Ҳар кимга Худо тарафидан илм берилса, бас, унга кўп хайрлар ато қилинган бўлади. Бу мисоллардан панд олмайди, магар соҳиби ақллар панд олади.
270-271. Ҳар нафақа, ё ҳар назрки ўзларингга вожиб қиласизлар, бас Аллоҳ таоло унинг ихлос билан қилинганлигини, ёки риё билан қилинганлигини билади. Қиёмат куни ҳаддан тажовуз қилганларга ҳеч қандай ёрдамчи бўлмайди. Эй мўъминлар, агар садақаларингизни ошкора берсангиз ҳам яхши бўлади, чунки сизлардан бошқалар ҳам ибрат олади. Ва агар фақирларга махфий берсангиз, бас, бу сизларга жуда ҳам яхшидир, чунки риёдан холидир. Аллоҳ таоло бу садақаларингизни гуноҳларингизга каффорат қилади. Аллоҳ таоло қилган амалларингиздан хабардордир.
272. Эй Муҳаммад, яҳудларни ҳидоят қилиш сенинг зиммангда эмас, лекин Аллоҳ таоло хоҳласа ҳар кимни ҳидоят қилади. Ҳар молки Худонинг йўлида берасизлар, ўз нафсларингизга (ўзингизга) фойдалидир. Эй мўъминлар, нафақа қилманглар, магар Худонинг ризоси учун қилинг. Бунинг ажрини Парвардигорнинг ўзи беради. Ҳар молки, Худо йўлида нафақа қилсаларингиз, сизларга унинг ажри Худо тарафидан мукаммал берилади. Сизларнинг ажрларингиз камайтирилмайди.
273. Худонинг ибодатига банд бўлган фақирларга садақа қилинглар. Бирор жойга боришга қодир эмаслар, кеча ва кундуз ибодатга машғулдирлар. Ҳеч бир кимсадан бирон нарсани тамаъ қилмайдилар, камоли истиғно (жуда беҳожат бўлиб кўринганликлари) сабабидан буларнинг ҳолларини билмаган жоҳиллар буларни бой деб билади. Лекин буларнинг юзларига қараб, заифликларини кўриб, очликларини биласан. Ҳеч бир кимсадан гадойлик билан нарса сўрамайдилар. Бу зотларга ниманики нафақа қилсанглар, албатта, Аллоҳ таоло уни билади.
274. Молларини Худо йўлида кечаси ё кундузи ошкора ё яширин берадиган одамларнинг ажрлари Парвардигорнинг наздида муайяндир. Қиёмат куни буларга хавф йўқ, булар ғамгин ҳам бўлмайдилар.
275. У одамларки, дунёда судхўрлик қиладилар, Қиёмат куни қабрдан турмайдилар, магар шундай ҳолда турадиларки, гўё жин уриб кетган, ҳушлари йўқ жинниларга ўхшаб. Бу азоб шунинг учунки, улар айтар эдиларки: «Байъ (тижорат олди-сотди) билан судхўрлик ҳалолликда баробардир». Ваҳоланки, Аллоҳ таоло байъни ҳалол қилган, судхўрликни ҳаром қилгандир. Ҳар кимга Худо тарафидан наҳий келгач, шу наҳийга амал қилиб судхўрликдан тўхтаган бўлса, бас уни судхўрлик ҳаром бўлишидан илгари егани Худо тарафидан кечирилади. Мин баъд (бундан кейин) унинг иши Худо тарафига ҳавола қилинади. Ҳар кимки яна судхўрликка қайтиб ружуъ қилса ва ҳалол деб билса, аҳли дўзахдир. Дўзахда абадий қолади.
276. Аллоҳ таоло судхўрликдан ҳосил қилинган молни бебаракот қилади, Худо йўлида берган садақаларга баракот ато этади. Аллоҳ таоло Худонинг неъматига шукр қилмаган гуноҳкорларни дўст тутмайди.
277. Албатта иймон келтирганлар, яхши амалларни қилганлар, намозни ўз вақтида адо этганлар, молларининг закотини берганлар, бас, шундай зотларнинг ажрлари Худонинг наздида муайяндир (аниқдир). Буларга Қиёмат куни ҳеч қандай хавф ва андуҳ йўқдир.
278-281. Эй мўъминлар, Худонинг азобидан қўрқинглар. Агар сизларнинг рибо (судхўрлик, фоиз)нинг ҳаромлигига иймонларингиз бўлса, судхўрликдан боқий қолган маблағни тарк этинглар. Бас, агар рибо ҳаром бўлган ҳолда берган қарзларингизнинг фоизидан кечмас экансизлар, бас Худо ва расулига қарши жанг эълон қилибсиз! Агар судхўрликдан тавба қилсаларингиз, бас, сизларга раъсул мол (дастмоя, берилган қарз)ларингиз ҳалолдур. Яъни бефойда раъсул молларингизни қарздордан ундириб ейишларингиз ҳалолдир. Зиёда олиб қарздорларга зулм қилмайсизлар. Роъсул молларингиз камайтирилиб сизларга ҳам зулм қилинмайди. Агар қарздор фақир бўлса, бас, то қодир бўлгунча муҳлат беринглар. Ва агар қарзларингизни садақа қилиб қарздордан кечиб юборсаларинг, охиратда сизларга жуда фойдали бўлар эди. Агар сизлар ўзларингизнинг фойдаларингизни билсаларинг, ўшал куннинг азобидан қўрқинглар. Сизлар Худонинг олдига ҳисоб олиш учун йиғиласизлар. Бас, ўша вақтда ҳар бир нафсга қилган касбига яраша жазоси мукаммал берилади. Буларга зулм қилинмайди.
282. Эй мўъминлар, вақтики бир-бирларингиз билан қарз беришиб муомала қилсаларинг, бу қарзларингни адо қилиш бир муайян вақтгача маълум бўлса, бу қарзларингизни ҳужжат тариқасида ёзинглар. Қарз олувчи билан қарз берувчининг номи ёзилиши керак. Қарз қанча миқдорда, вақти қачонгача ёзилиши лозим. Сизларнинг ўрталарингизда қайси бирларинг котиб бўлсангиз, адолат билан ёзсин, яъни қарз миқдорини кўп ё оз қилмасдан тўғри ёзсин. Ёзишни биладиган одам ёзишдан бош тортмасин, чунки Аллоҳ таоло унга ёзмоқ илмини ато қилган, шунинг шукронасига ёзишдан ибо қилмасин. Котиб бўйнида қарзи бор одамнинг иқрорини ёзсин. Ёздирувчи Парвардигордан қўрқсин. Ҳақдан озгина бўлсада ноқис қилиб ёздирмасин. Бас, ҳужжатга иқрор қилиб, ёздирувчи қарздор беақл бўлса, ё ёш бола бўлса, ё баён этишга лаёқати бўлмаса, бас, унинг валийси инсоф билан тақрир этсин. Сўнгра ушбу ҳужжатга эркакларингиздан икки гувоҳни, агар икки эркак бўлмаса, бир эркак ва икки хотинники, сизлар уларнинг гувоҳлигидан рози бўладиган (адолатли) жамоалардан (кишилардан) гувоҳ қилинглар. Икки хотин шунинг учунки, бири ёдидан чиқарса, иккинчисининг ёдида қолади. Албатта гувоҳлар чақирилса, гувоҳлик беришдан бош тортмасинлар. Котиблар қарзларнинг миқдори хоҳ кўп, хоҳ оз бўлсада то муайян вақтгача ёзишдан малолланмасинлар. Мана шундай муомала қилишлар Худонинг наздида адолатдир, гувоҳлик бермоққа тўғридир. Буни ёзмоқларингиз, шак-шубҳа қилмасдан яқин (ишонч) ҳосил қилмоқларингиз (учун) зиёда фойдалидир. Магарки, олди-бердиларингиз тижорат тариқасида нақдма нақд бўлса, ёзмасаларинг ҳам сизларга ҳеч зарари йўқдир. Аммо бир-бирларингиз билан олди-берди қилган вақтларингизда гувоҳ келтиринглар. Бу зикр бўлган амрларнинг ҳаммаси истиҳбоб учундир, вужуб учун эмасдир. Шаҳодат бермоқликда гувоҳларга ва котибларга зарар етказилмасин. Ва яна баъзи нарсаларни ёзишда ва шаҳодат бермоқликда, агар ман қилинган нарсаларга муртакиб (машғул) бўлар экансизлар, бу нарса сизларнинг ҳақларингизга фисқдан иборатдир. Худодан қўрқинглар, буюрганига хилоф қилманглар. Чунки Аллоҳ таоло сизларга дин ҳукмларини таълим беради. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага донодир.
283. Бас агар сафар узрасида бўлсаларингиз, бир-бирларингизга қарз ё омонат берганда бир-бирларингдан гаров олинглар. Бас, агар баъзиларингиз баъзиларингизни омонатдор бўлсаларинг ва гаров олмасаларинг, бас у ҳолда омонат олган киши ё қарз олган киши Худодан қўрқсинда, омонатни эгасига топширсин, ё қарзни адо этсин. Эй шоҳидлар, шаҳодатни (гувоҳликни) яширмай адо этинглар. Ҳар кимки, шаҳодатни адо этмасдан дилида яширар экан, унинг дили гуноҳкордир. Аллоҳ таоло сизларнинг амалларингизга донодир.
284. Осмондаги махлуқотлар ва ердаги ашёлар-ҳаммаси Худонинг тасарруфидадир. Худо тарафидан масъулияти бор феълларингиз ё сўзларингизни зоҳир қилар экансизлар, сизлар Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларни ҳисоб-китоб қилишини ёдингизда сақланглар. Хоҳлаган одамнинг қилмишларини кечиради ва хоҳлаган одамнинг қилмишларига азоб беради. Аллоҳ таоло ҳар бир хоҳлаган нарсасига қодирдир.
285. Муҳаммад алайҳиссалом ва ҳам мўъминлар Худо тарафидан нозил қилинган китобларга ишонадилар. Ҳар бировлари Худога, малоикаларга, жами китобларга ва тамом пайғамбарларга иймон келтирганлар. Мўъминлар айтадиларки: «Биз ишонишда бирор пайғамбарлар ўрталарида фарқ қилмаймиз». Ва яна: «Худонинг фармонларини эшитдик ва унга итоат қилдик. Эй Парвардигоро, сенинг мағфиратингни талаб қиламиз. Қиёмат куни сенинг олдингга борамиз», - дедилар.
286. Аллоҳ таоло ҳеч бир бандани тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди, қўлидан келган ишга буюради. Ҳар бир нафс яхши ишлар қилса, савобини кўради, ёмон иш қилса ҳам жазосини тортади. Мўъминлар айтадиларки: «Эй Парвардигоро, агар бирон гуноҳни хато қилиб, ё фаромушлик билан қилиб қўйсак, бизни Қиёмат куни муохаза қилмагил, бизни кечиргил. Эй Парвардигоро, биздан илгари ўтган бандаларингнинг устларига юклаган оғир юкларни бизнинг устимизга юкламагин. Эй Парвардигоро, биз амал қилишга қувватимиз етмай ожиз бўлиб қоладиган нарсаларни бизнинг тепамизга (зиммамизга) юкламагин. Гуноҳларимизни номаи аъмолимиздан маҳв қилгин, хатоларимизни кечиргин. Фазл ва караминг билан ҳолимизга раҳм қил. Сен мавломизсан, холиқимизсан, кофирлар қавми муқобилига бизга ёрдам бергил».

Орқага Олдинга