Маккада нозил бўлган бу сура қирқ оятдан иборатдир.
«Набаъ» сўзи хабар маъносини англатади. Қиёмат кунида мўминлар эришажак улуғ неъматлардан ва кофирларга етажак аламли азоблардан хабар бергани учун ҳам сурага шундай ном берилган. Баъзан бошланиш сўзи эътибор қилиниб, «Амма» сураси деб ҳам юритилади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
1-5. Кофирлар (мушриклар) бир-бирларидан нима нарсани сўрайдилар (нима ҳақида сўрашиб турибдилар)?! (Улар) улуғ хабарнинг аҳволидан сўрайдилар. Бу кофирлар унинг шаънига ҳамиша (доимо) ихтилоф қилувчилардир. У сўраган ва ихтилоф қилган хабар Қиёматнинг ёки Ислом динининг хабари эди. Албатта, унга (у хабарга) ихтилоф қилмасликлари керак! Яқинда (унинг ҳақлигини) биладилар. Яна, албатта, (у хабарга) ихтилоф қилмасликлари керак! Яқинда унинг ҳақлигини биладилар.
6-11. Ахир Биз ер юзини одамлар (учун) ором оладиган бисотлари (гилам) қилиб халқ қилмадикми? Тоғларни унинг устида мустаҳкам қилиш (тутиб туриши) учун михларга ўхшаш қилиб яратмадикми? Сизларни жуфт-жуфт қилиб яратдик. Уйқуларингизни сизларга роҳат қилиб пайдо этдик. Кечани сизларга ўраб оладиган (тўсиб турадиган) либосларингиз қилиб яратдик. Кундузни меҳнат қилиб, ризқ ҳосил қилишларингиз учун халқ қилдик.
12-16. Тепаларингизга етти қават мустаҳкам осмонни бино қилдик. У осмонда равшан (ёруғ) чироққа ўхшаш офтобни яратдик. Сизларга (сиқилган) булутлардан ёмғирлар ёғдирдик. У ёмғирлар сабаби билан сизларга донлар кўкартирамиз ва сабза (ўсимлик)лар кўкартирамиз (ўстирамиз). Шохлари бир-бирига ўралиб кетган (чирмашиб кетган) боғлар пайдо қиламиз.
17-20. Албатта, сур тортиладиган (чалинадиган) кун осийлар мўминлардан ажраладиган кун бўлади. Бас, ҳамма халойиқ гуруҳ-гуруҳ бўлиб қабрдан чиқиб, Маҳшаргоҳга тўпланади. Осмонлар пора-пора бўлиб очиқ дарвозаларга айланади. Тоғларни майда қилиб, ҳавога учириб юборадилар. Бас, у тоғлар саробга ўхшаб беҳақиқат (ҳақиқатдан йироқ) хаёлий бўлиб (хаёлга айланиб) қоладилар.
21-25. Жаҳаннам саркаш (осий)ларга мунтазир бўлиб туради ва унга кирувчиларга доимий (узоқ замонлар) қароргоҳ бўлади. Дўзахда дўзахийлар роҳатланадиган (бирор) совуқ ҳавони ҳам кўрмайдилар ва роҳатланиб ичадиган (бирор) шаробни ҳам тотмайдилар. Магарам заҳарли қайноқ сув ва дўзах аҳлининг зардобини (ичадилар).
26-30. Уларга муносиб жазо шудир, чунки улар у дунёда Қиёматнинг ҳисоб (китоби)дан қўрқмас эдилар. Ва Бизнинг оятларимизни мутлақ ёлғонга чиқарган эдилар. Биз (эса) уларнинг ҳар бир қилган амалларини ёзиб сақладик. Энди мушрикларга айтамизки: «Дўзахнинг азобини тотиб кўринглар. Энди сизларга азобдан бошқа нарсани зиёда қилмаймиз».
31-36. Албатта, муттақийларга улуғ мақсадга етадиган кун бордир. Уларга узумзорлар, боғлар ато қилинади. Ҳусн ва жамолда бир-бирларига ўхшаш (тенгқур) камолга (бўйига) етган қизлар ато қилинади. Шаробга тўлдирилган жомлар берилади. Жаннат аҳли жаннатда беҳуда ва ёлғон сўзларни эшитмайдилар. Булар (қилинган яхши амаллар ҳисобига) Парвардигоринг томонидан яхши ато (мукофот)ларга етадилар (эришадилар).
37-40. Парвардигор осмонлару ерни ва улар ўртасидаги нарсаларни яратувчидир ва улуғ эҳсонлар қилувчидир. У кунда осмондаги малоикалар ва ердаги инсонлар Парвардигорга сўзлашга қодир бўлмайдилар, магар Парвардигор томонидан рухсат берилса (гапиради). У кунда Руҳ (Жаброил) номли фаришта ва малоикалар саф тортиб турадилар. Шафоат тўғрисида ҳеч ким сўзлаёлмайди, магар Парвардигор рухсат берган зот (киши) сўзлай олади ва фақат тўғри (рост) сўзни айтади. Бу кун (Қиёмат) ҳақдир. Бас, агар ким (Аллоҳнинг розилигини) хоҳласа тоат-ибодат билан Худо тарафига қайтади. Биз сизларни яқин келажакдаги азобдан қўрқитамиз. У шундай кундирки, ҳар бир одам ҳаёти дунёда хоҳ яхши, хоҳ ёмон – қандай амал қилиб охиратга юборган бўлса, албатта, унинг (жазо ёки) мукофотини кўради. Ўша кунда кофирлар: «Кошки мен тупроқ бўлиб кетсам эди!», – ёки «Қабрда тупроққа айланиб қайта тирилмасам эди!», – деб айтадилар.