loader

079. Нозиот сураси

Маккада нозил бўлган бу сура қирқ олти оятдан иборатдир.
Оятнинг номи «Сиқиб чиқарганлар» маъносини англатувчи «нозиъот» сўзидан олинган. Ушбу сурада эса, «нозиъот» – суғуриб олувчи, яъни жон олгувчи фаришталар маъносида келган. Сурадаги асосий фикр Қиёмат ҳақидадир. Аллоҳ таоло Ўз сўзини суранинг илк беш оятида зикр этилган куч ва фаришталар билан таъминланган борлиқларга қасам ичишдан бошламоқда. Шу билан Ҳақ таоло қайта тирилишнинг ҳақлигини таъкидлайди ва Қиёмат кунидаги даҳшатли манзараларни тасвирлайди. Сурада Фиръавн қавмининг ҳалокатга учраши баён этилади ва охирида яна Қиёмат мавзусига қайтилиб, кофирларнинг ҳаёти дунёда бир соат ҳам турмагандек бўлиб қолишлари таъкидлаб ўтилади.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

1-5. Кофирларнинг жонини қаттиқ (суғуриб) олувчи малоикаларга қасам! Мўминларнинг руҳини мулойимлик (билан) олувчи малоикаларга қасам! Худонинг фармонини бажаришда югуриб юрадиган малоикаларга қасам! Худога ибодат қилишда ҳаммадан сабқат қилувчи (шошиб ўзгувчи) малоикаларга қасам! Бандаларнинг ризқларини интизом (назорат) қилувчи малоикаларга қасамки, албатта, Қиёматда ҳамма тирилади ва қилган амалларидан ҳисоб беради.
6-14. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), у кунни ёд қилгилки, Исрофил (алайҳиссалом) биринчи сур тортганда еру осмонлар ларзага келиб, ҳамма тирик жон ўлади. Ундан кейин иккинчи сур тортганда ҳамма (жондор) тирилади. У вақтда қўрқувдан диллар титрайди, кўзлар (кучли изтиробдан) ерга тикилиб туради. Ва Қиёматга мункир бўлганлар айтадиларки: «Оё бизлар (ўлганимиздан кейин) аввалги ҳолатга қайтариламизми? Бизнинг суякларимиз чириб кетгандан сўнг ҳам яна (қайта) тириламизми? Агар шундай қайтиш бўлар экан, у ҳолда бу қайтишимиз (жуда) оғир зиён ва расволикдан иборатдир!» Бу иккинчи сур қаттиқ овоздан (бир қичқириқдан) иборатдир, ногаҳон ҳамма ўликлар тирилиб, ернинг бетига чиқадилар.
15-26. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Сенга Мусо қиссаси (хабари) келганми? Фикр қил, Парвардигор унга Туво деган покиза водийда нидо қилиб айтдики: «Фиръавннинг олдига бор. Уни иймонга далолат қил (ундагин), чунки у ҳаддидан ошгандир. Унга айтгил: «Эй Фиръавн, куфру исёндан покланишга майлинг борми? Мен сени Парвардигорни танишга ва Ундан қўрқишга ҳидоят қиламан». Мусо (алайҳиссалом) Худонинг ҳукми билан унинг олдига борди ва улуғ мўъжиза кўрсатди. Лекин Фиръавн ёлғонга чиқарди ва исён қилди. Кейин юзини (орқасини) ўгирди ва аждарҳодан қочгани турди. Кейин Мусо (алайҳиссалом)га: «Мен қавмим билан бир гаплашиб кўрай», – деб айтди. Мусо (алайҳиссалом) кетди. Кейин Фиръавн қавмини тўплади ва уларга: «Мен улуғ парвардигорларингман, менга сажда қилинглар», – деди. Бас, Аллоҳ таоло уни дунё ва охират азобига гирифтор қилди. Албатта, бу қиссада охират азобидан қўрқувчилар учун ибрат бордир.
27-33. Эй ҳашрга (қайта тирилишга) мункирлар, сизларни халқ қилиш қийинми ёки осмонни яратиш қийинми? Албатта, осмонни яратиш қийиндир. Аллоҳ таоло осмонни бино қилди ва унинг томини (шифтини) баланд кўтарди ва ҳамда уни баробар қилди (ҳар жиҳатдан мукаммал) қилди. Ва унинг кечасини қоронғу қилди ва кундузини равшан (ёруғ) қилди. Ва осмонни яратгандан кейин ерни текис қилиб қўйди. У ердан чашмалар чиқарди. Ҳайвонлар ўтлайдиган яйловлар пайдо қилди. Ер юзида тоғларни мустаҳкам қилиб яратди. Буларнинг ҳаммаси сизларнинг ва жониворларингиз (чорва ҳайвонларингиз) манфаати учундир.
34-41. Вақтики инсонлар бошига Қиёмат келса, Худонинг фармони жорий бўлади. Ўша кунда инсон ўзининг ҳамма қилган ишини ёд қилади (эсга олади). Ҳамма қараб турган ҳолда дўзах зоҳир қилинади. Аммо кимки бу дунёда ҳаддидан ошган, охиратни тарк этиб, дунё ҳаётини ихтиёр қилган бўлса, албатта, унинг жойи дўзахдир. Ва аммо, кимки Парвардигорнинг олдида ҳозир бўлишдан қўрқса ва нафсини шаҳватдан (беҳуда ҳою ҳавасдан) манъ қилса (қайтарган бўлса), албатта, унинг жойи жаннатдир.
42-46. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), кофирлар Сендан Қиёматнинг қай вақт барпо (қоим) бўлишини сўрайдилар. Уни билишда Сен қайси мартабадасан? (Сени илминг қай даражада?) Сен у куннинг вақтини (билмайсан ва) билишинг зарур ҳам эмасдир. Қиёмат илмининг интиҳоси Парвардигорингга (хос)дир. Сенинг вазифанг (фақат) Қиёматдан қўрқувчиларга хабар бериш ва қўрқитишдир. Агар Макка кофирлари Қиёматни кўрсалар,  (қўрқувдан) бу ерда (дунё ҳаётида) кечанинг бир соатидан, ёки эртанинг бир соатидан (ортиқ) тўхтамагандек (яшамагандек) бўлиб қоладилар. Кейин ҳаммалари ҳалок бўладилар. 

Орқага Олдинга