loader

112. Ихлос сураси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У – Аллоҳ бирдир (яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). 2. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни, барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). 3. У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий Зотдир).
4. Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир».

Бу сура кўп исмлар ила номланди. Улардан энг машҳури Ихлосдир. Чунки бунда Аллоҳ азза ва жаллага холис бўлган тавҳид ҳақида сўз юритилади. У Аллоҳ барча камчилик ва ширкдан йироқдир. Шунинг учун бу сура бандани ширкдан ёки дўзахдан халос қилур. Бундан ташқари мазкур сура ат-Тафрид, ат-Тажрид, ат-Тавҳид, ан-Нажот, ал-Маърифа, ал-Валая (яъни, ким бу сурани ўқиса, Аллоҳнинг валийси бўлади), деб номланади. Яна бу сура дин усулларини ўз ичига олгани учун асос, деб ҳам номланди.

СУРАНИНГ ЎЗИДАН аввалги сурага муносабати

Бу сура билан олдинги суранинг орасидаги муносабат очиқ-ойдиндир. Олдиндаги Кофирун сураси жамики куфр ва ширк турларини ўзидан йироқ қилади. Ихлос сураси эса Аллоҳ таолога нисбатан тавҳидни, комил сифатларни, бардавомликни, шерик ва ўхшаши борлигидан пок эканини исбот этади. Шунинг учун бу икки – Кофирун ва Ихлос суралари кўп намозлар қироатида бирга тиловат қилинади, масалан, икки ракатли бомдод, тавоф, зуҳо, шомнинг суннати, мусофирнинг намози кабиларда.

Сура ўз ичига олувчи нарсалар

Бу сура Ислом ақидаси ва шариат рукнларини ўз ичига олади. У Аллоҳнинг тавҳиди, камчиликлардан поклиги, комил сифатларга лойиқлиги ва ширкдан йироқ эканлигидир. Ва яна бу сурада Аллоҳни учта, деб айтувчи насронийларга ҳамда Аллоҳга бошқа илоҳни шерик қилиб ибодат этувчи мушрикларга раддия бордир.

Суранинг фазилати

Бу суранинг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Албатта уни қироат қилгандаги савоб Қуръоннинг учдан бирини қироат қилгандаги савоб билан баробардир. Чунки Қуръондаги барча келтирилган нарсалар бу сурада мужмал (қисқа) ҳолатда келтирилган. Албатта шариатнинг умумий усуллари учтадир: 1) тавҳид; 2) ҳадлар ва ҳукмлар; 3) амаллар баёни.
Бу сура мана шу учдан бири бўлган тавҳид масаласини баён этган.
Имом Бухорий, Абу Довуд ва Насаийларнинг Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) қилган ривоятларида айтилишича, бир киши бошқа кишининг «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини қайта-қайта ўқиётганини эшитди. У тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб унинг Ихлос сурасини қайта-қайта ўқийверганини зикр қилди. Гўёки бу сўзи билан унинг амалини паст санади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта бу Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг келади», дедилар.
Имом Бухорийнинг Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) қилган бошқа ривоятида эса шундай келтирилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Сизлардан бирингиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини ўқишдан ожизми?» деганларида, бу саҳобаларга оғир ботди. Улар: «Эй Аллоҳнинг расули, қайси биримиз бунга тоқат қила оламиз?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳу Воҳид ас-Сомад, яъни Қуръоннинг учдан бирига тенг бўлган Ихлос сурасидир», дедилар».
Имом Муслим ва Термизийларнинг Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилган ривоятларида бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Тўпланинглар, бугун мен сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман», дедилар. Кейин у ерга бир қанча киши тўпланишди. Расулуллоҳ тўпланганлар олдига чиқиб «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини ўқидилар-да, сўнгра кириб кетдилар. Шунда баъзимиз баъзиларимизга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман, бунинг хабари осмондан келган, деб ўйлайман, деб айтаётган эдилар», дедик. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бизнинг олдимизга чиқиб: «Ҳақиқатдан мен сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман, деб айтган эдим. Албатта бу Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тенг келади», дедилар».
Имом Аҳмад, Термизий ва Насаийларнинг Абу Аюб ал-Ансорийдан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини ўқишдан ожизми? Кимки кечаси «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиса, ҳақиқатдан ўша кеча Қуръоннинг учдан бирини ўқибди», дедилар.

СУРАНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБИ

Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Жарирларнинг Убай ибн Каъбдан қилган ривоятларида келтирилишича, мушриклар Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Муҳаммад, бизга Раббингни таърифлаб бер», дейишганида, Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг, У – Аллоҳ бирдир. Барча ҳожатлар Ундан сўралади. У туғмаган ва туғилмагандир, чунки қайси нарса туғилган бўлса, у албатта ўлади. Қайси бир нарса вафот этса, албатта у мерос қолдиради. Лекин Аллоҳ таоло ўлмайди ҳам, мерос қолдирмайди ҳам. Ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир». «Унинг мисолидек Зот йўқдир, бирор нарса У каби эмас»ни зиёда қилишди.
Қатода, Заҳҳок ва Муқотиллар айтишларича, яҳудийлардан бўлган кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Бизга Раббингни сифатлаб бер, чунки Аллоҳ Ўзининг сифатларини Тавротда нозил қилган. Бизга Унинг нимадан бўлгани, қайси жинсдан эканининг хабарини бер: У тилладанми, мисданми ёки кумушдан? У еб-ичадими? Дунёни кимдан мерос олган ва кимга мерос қолдиради? Шулар ҳақида хабар бер», дейишганида, Аллоҳ таоло бу сурани нозил қилди. У сурадаги нарсалар Аллоҳнинг хос нисбатидир.

Тафсир ва баён

Айтинг: «У – Аллоҳ бирдир. Яъни, эй Расул, Раббингиз сифаси ва нисбатини сўровчиларга айтингки, У – Аллоҳ бирдир. Яъни, зоти-ю сифатида бирдир. Унинг шериги, тенгдоши ва баробар чиқувчиси йўқдир. Мана шу нарса шерик, деган нарсани даф этиб, ваҳдоният ила сифатланиш, демакдир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, сизлар иқрор бўлиб танийдиган Аллоҳ еру осмон ва сизларнинг яратувчингиздир. У улуҳиятда ҳам бир бўлиб, шериги йўқдир. Мана шу нарса зотдаги ададни ҳам йўққа чиқаради.
Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир. Яъни, барча ҳожатларда У қасд қилинади. Чунки Аллоҳ у нарсаларни таҳқиқ топишга қодирдир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар бир маҳлуқ ҳожати юзага чиқишида Уни қасд қилади. Бирор киши ундан беҳожат бўлолмайди. У эса барча нарсадан беҳожатдир. Мана шу айтганларимизда восита ва шафоат мавжуд, деб айтувчи араб мушриклари ва шуларга ўхшаш тоифаларга раддия бордир.
Ибн Аббос «ас-Сомад» калимасининг тафсирида қуйидагиларни айтдилар: «Ас-Сомад – бутун халойиқ ҳожатлари-ю масалаларида Унга эҳтиёж сезишади. У саййидлиги, шарафлилиги, азамати, ҳалимлиги, илми ва ҳакимлиги мукаммал бўлган Зотдир. Унда жамики шараф ва саййидлик мукаммал бўлган. У Аллоҳ айб-нуқсонлардан покдир. Мана шулар Унинг сифатларидир. Булар фақат Аллоҳ учун хосдир. Унинг тенгдоши ҳам йўқ. Унинг мислидек бирон зот йўқ. У Аллоҳ барча айб-у нуқсонлардан пок бўлиб, ал-Воҳид, ал-Қаҳҳор сифатли зотдир».
У туғмаган ва туғилмагандир. Яъни, Ундан бирон бола содир бўлмаган, Ўзи ҳам бирон нарсадан содир бўлмаган. Чунки У бирон нарса билан жипсланмайди. Албатта У қадим сифатли Зотдир. Чунки янги пайдо бўлмаган. Вужудга келишининг бошланиши йўқдир. Ва яна жинс ҳам эмасдир. Мана шу сифати ўхшаши бор ва жинси бор, деган ақидани йўққа чиқаради. Аввал ва қадим сифатларга эга бўлиши эса янги пайдо бўлган, деган сўзни йўққа чиқаради. Аввалги жумлада Аллоҳнинг боласи бор, деювчиларнинг даъволари пучга чиқарилган. Яъни, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб айтувчи мушрикларга ва Узайр Аллоҳнинг ўғли, деб айтувчи яҳудийларга ҳамда Исо (алайҳиссалом) Аллоҳнинг ўғли, деб айтувчи насороларга раддия бордир.
Иккинчи жумлада эса отаси бор, деювчиларга ва аввал У йўқ бўлган, деб эътиқод қилувчиларга раддия бордир.
Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир. Аллоҳга баробар ва тенгқур бўлган бирор киши йўқдир. Унга бирор нарсада шерик йўқдир. Бу нарса Унинг жуфти бор, деювчиларнинг иддаоларини пучга чиқаради. Ва яна Аллоҳнинг феълида тенгқури бордир, деб айтувчи араб мушрикларининг иддаолари ботил эканини кўрсатади. Улар фаришталарни Аллоҳнинг шериги ва бут-санамларни Аллоҳнинг тенгқури, деб айтишар эди.
Ихлос сурасига ўхшаш бошқа оятлар ҳам бордир. Масалан, Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 101-оятида: «(У зот) осмонлар ва ерни пайдо қилгувчидир. Унинг жуфти йўқ-ку, қаёқдан боласи бўлсин?! У ҳамма нарсани яратди» ва яна Марям сурасининг 92–95-оятларида: «Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У Зот болага муҳтож эмас). Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйсунган ҳолда келгувчидир. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У Зотнинг ҳузурига келгувчидир» ҳамда Анбиё сурасининг 26–27-оятларида: «Улар (яъни, мушриклар) Раҳмоннинг (фаришталардан) боласи бор, дедилар. У Зот (мушрикларнинг бадгумонларидан) мутлақо покдир. Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг боласи эмас, балки) улуғ бандалардир. (Фаришталар) У Зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни, Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар). Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар», деб айтган. Саҳиҳ бухорийда келтирилишича, эшитган озорли нарсага Аллоҳчалик бирор киши сабр қила олмайди. Аллоҳ уларга ризқ бериб, офиятда қилса ҳам улар Аллоҳнинг боласи бор дейишади.
Имом Бухорий ва Абдураззоқлар Абу Ҳурайрадан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтдилар. Аллоҳ Таоло: «Одам боласи мени ёлғонга тутди», деди. У ёлғонга тутилган нарса Аллоҳда йўқ эди. Аллоҳ таоло: «Одам боласи Мени сўкди», деди. У сўкилган нарса Аллоҳда йўқ эди. Энди Мени ёлғонга тутиши, аввал яратганидек қайта тирилтира олмайди, дейди. Ахир қайта тирилтиришдан кўра аввал халқ қилиниши албатта енгил эмас. Лекин мени сўкиши, Аллоҳ бола тутди, деб айтишидир. Мен эса Бир, барча ҳожатлар билан кўзлангувчи, туғмаган ва туғилмаган ҳамда ҳеч ким Менга тенг бўлмаган Зотдирман.

СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

Бу кичик сура бир пайтнинг ўзида исбот ва нафийни ўз ичига олади. Бу сура баён қилишича албатта Аллоҳ зоти-ю, ҳақиқатида бирдир. Ва таркиб топишнинг барча туридан йироқдир. Оятдаги «Аллоҳ бирдир», дейилиши билан кўпликни барча туридан йироқ этмоқда.
Бу сура яна баён қилишича, албатта Аллоҳ таоло зотида, бой, саҳий, раҳимлидир. Барча махлуқотлар ҳожатлари рўёбга чиқишида Аллоҳга муҳтождирлар. У Аллоҳ барча камолот ва улуғлик сифатларига эга бўлгандир. «Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир» дейилиши билан Уни, бошқаларга нисбатан эҳтиёжи бўлишини барча туридан йироқ этмоқда.
Ва яна бу сура қарор қиладики, албатта Аллоҳ Бир ва Яккадир. Бирор нарса Уни жинсидан эмас. Ва бирор нарса Унга мисол бўла олмайди.
У туғмаган дейилиши билан Ўзидан жинс ва ўхшашликни йироқ этмоқда.
Шунингдек У Аллоҳ қадим, аввал, азалий сифатларига эга бўлиб, олдин йўқ бўлган деган сифатдан йироқдир. Унинг отаси йўқдир. Ундан олдин ҳеч нарса бўлмаган.
У туғилмаган дейилиши билан Ўзидан янги пайдо бўлган деган сифатни йироқ этмоқда.
У барча айблардан покдир. Уни борлиқда яқин келадигани, ўхшаши, тенгқури, жуфти йўқдир.
Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир дейилиши билан Ўз Олий Зотидан ўхшаши ва тенгдоши борлигини йўққа чиқармоқда.
Ҳар бир исбот сифатлари, тавҳид, поклаш ва улуғлаш устига қоим қилинган Ислом ақидасида қарор топган. Ҳар бир нафий сифатлари эса, ботил ақида эгаларига раддиядир. У ботил ақида эгалари, оламда икки илоҳ яъни нур ва зулмат мавжуд деб айтувчилар Санавийлар, Аллоҳни учта деб айтувчи Насоролар, фалак ва юлдузларга ибодат қилиш лозим деб айтувчи Соибалар, Аллоҳнинг ўғли Узайр деб айтувчи яҳудийлар ва фаришталар Аллоҳнинг қизлари деб айтувчи мушриклардир.
Бу сурада ал-Аҳад яъни бир дейилиши билан Санавия фирқасини фикрларини йўққа чиқарилмоқда.
Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчилир дейилиши билан Аллоҳдан бошқа холиқ борлигини исботловчи фирқани фикрларини йўққа чиқарилмоқда. Чунки бошқа холиқ бор бўлганда, жамики ҳожатларни талаб қилишда Уни кўзланиши ҳақ бўлмай қолар эди.
У туғмаган ва туғилмаган дейилиши билан Узайр ҳақда гапирувчи яҳудийлар, Исо ҳақида гапирувчи яҳудийлар, Исо ҳақида гапирувчи насоролар ва фаришталар Аллоҳнинг қизлари деб айтувчи мушрикларни фикрларини пучга чиқармоқда.
Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир дейилиши билан бут ва санамларни Аллоҳнинг тенгдоши ва шериги деб айтувчи мушриклар фикрини пучга чиқармоқда.
Уламолар айтишди. Кавсар сураси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида бўлганидек, бу Ихлос сураси Аллоҳ ҳақидадир. Расулуллоҳ ҳақларида қилинган таъна уни думи кесик яъни фарзанди йўқ, у ном нишонсиз кетади дейишганидадир. Лекин бу ерда Аллоҳга нисбатан таъналари, уни фарзанди бор дейишганидадир. Чунки инсон ҳаққида фарзандсизлик айбдир. Аллоҳнинг ҳаққида фарзанди бор дейишлик айбдир.
Мана шу сабабдан Ихлос сурасида Аллоҳ Ўзидан фарзанди бор дейувчиларни иддаосини даф этишлик учун «Айтинг» деган калимани ишлатмоқда. Кавсар сурасида эса «Айтинг» ўрнига, «Биз сизга бердик» деб тўғридан- тўғри айтмоқда.

Орқага Олдинга