Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
«(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Мен тонг Парвардигоридан (Менга) Ўзи яратган нарсаларнинг ёмонлигидан, зулматга чўмган кечанинг ёмонлигидан, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлигидан ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман» (1-5–оятлар).
Бу сура аксар уламолар сўзларига қараганда, Маккада нозил бўлган. Аввалида фалақ – тонг сўзи келгани учун шу ном билан аталган.
Фалақ сўзининг- ёриш, бўлиш ва парчалаш маъноларини англатади. Бу ҳар бир ёриб чиқувчи нарсаларни у ҳоҳ уруғ ёки дон ёки ерни ёриб ўсувчи наботот, хоҳ тоғдан отилиб чиқувчи булоқ хоҳ она қорнини ёриб чиқувчи бола бўлсин барчасини ўз ичига олади. Бу ерда зулматни ёриб чиқувчи тонг тушунилади.
Ўзидан олдинги сурага муносабати
Аллоҳ таоло Улуҳият ишларини Ихлос сурасида баён қилиб, зотига-ю сифатларига лойиқ бўлмаган нарсалардан ўзини покламоқда. Бу ва бундан кейинги «Муаввизатон» деб номланувчи сураларда, оламдаги ёмонликлардан қай тарзда ўзини номи ила паноҳ тилашни ҳамда Аллоҳнинг тавҳидидан тўсувчи мушрик ва бошқа инсу-жинни шайтонидан ҳам паноҳ тилашни баён қилмоқда. Бу сурани махлуқотларни ёмонидан, кечани зулматидан, сеҳрдан ва ҳасадчидан паноҳ тилаш билан бошланади. Сўнгра ан-Нос сурасида инсу-жинни шайтонларини ёмонлигидан паноҳ сўрашни зикр қилди. Шунинг учун бу уч сура-Ихлос, Фалақ ва Нос-ҳадисларда «Муаввизатон» паноҳ сўралувчи, деб номланди. Фалақ сураси ан-Нос сурасига нисбатан лафз шакли мос равишда тузилгани учун муқаддам келди. Лекин «Таббат» сураси ўртага тушиб, Ихлос сураси билан орани ажратиб қўйди.
Сура ўзида қамровчи нарсалар
Бу сура махлуқотларни ёмонидан хусусан кечани зулматдан, сеҳргарлардан, чақимчилардан ва ҳасадчилардан паноҳ тилашни ўз ичига қамраган. Мана шу нарса, инсонларда нафсий касалликлар мавжуд бўлгани сабабли баъзилари баъзиларидан ҳимояланишлари учун улкан фойда ва етук дарсдир. Бундан ташқари заҳар эгаларини ёмонликларидан ва кечаси зулмат бўлгандаги ёмонликлардан, хусусан ғор ва коваклардаги қўрқинчлардан ҳимояланишни ўзида мужассам қилган.
Муаввизатон сураларини фазилати
Имом Муслим, Аҳмад, Термизий ва Насаийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:»Бу кечада нозил бўлган оятларга қарамайсизларми? Бу каби (фазилатли) оятлар ҳали кўрилмаган. У «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббин нас» суралари, деб айтдилар.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, бу зот: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир намоз сўнгида паноҳ сўралувчи сураларини ўқимоқлигини буюрдилар», деб айтдилар.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насаийлар Уқба ибн Омирдан қилган ривоятларида, бу зот: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тоғ йўлларидан бирида кетаётган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эй Уқба миниб олмайсанми? Деганларида, Уқба: «Гуноҳ бўлиб қолмасин деб шафқат қилдим», дедилар. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларидан тушдилар, мен уни бироз миндим. Кейин у зот яна уловларини миниб, эй Уқба! Мен сенга одамлар ўқиб юрадиган иккита яхши сурани ўргатайми? дедилар. Мен ўргатинг эй Аллоҳнинг Расули! дедим. Шунда узот менга: «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббин нас» ни ўқиб бердилар. Кейин намозга иқомат айтилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб, у намозда ҳам бу икки сурани ўқидилар. Кунларнинг бирида менинг олдимдан ўтаётиб, эй Уқба ҳар ухлаш олдидан ва ҳар уйғонганимда бу иккита сурани ўқишимга қандай қарайсан», дедилар.
Имом Насаий Абу Абдуллоҳ ибн Обис Жуҳанийдан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ибн Обис мен сени паноҳ тиловчилар паноҳ тилайдиган нарсани энг афзли ҳақида хабар берайми?» деганларида, мен ўргатинг эй Аллоҳнинг Расули! дедим. Шунда у зот: «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббин нас» суралари, дедилар.
Судай ибн Ажлоннинг ҳадисларида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга учта сура ўргатайми? У каби сура Тавротда ҳам Инжилда ҳам Забурда ҳам Фурқонда ҳам йўқ. Ўша уч сура «Қул ҳуваллоҳу аҳад» «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббин нас» сураларидир», дедилар.
Имом Бухорий ва Сунан китоби соҳиблари «Шифо талаб қилиш бобида бу уч сура ҳақида Оиша онамиздан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар ҳар кеча тўшакларига ётишни хоҳласалар кафтларини жамлаб унга пуфлаб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббин нас» сураларини ўқиб қодир бўлганларича уни жасадларига суртардилар. Уни аввал бошлари, юзлари ва жасадларини олди томонидан бошлардилар. Буни уч марта қилардилар.
Муаввизатонни нозил бўлиш сабаби
Аҳсам номли бир яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ни сеҳрлагани сабабли бу икки сура нозил бўлган. Оиша онамиздан қилинган ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ни тароқ ва каноп тивити билан хурмо гулининг эркак уруғ куртаги қобиғи ичига солиб, уни қудуқ остига ташлаб, сеҳрлашди. Унда ўн битта тугунча бўлиб, игна билан тикилган эди. Бас шунда мана шу икки Муаввизатон суралари нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар гал бу сураларни ўқиганларида ундан битта тугунча ечилар эди. Ҳар ечилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик ҳис қилардилар. Шу тарзда давом этиб, ҳаттоки охирги тугунча ҳам ечилди. У зот ўринларидан турганларида, гўёки кишандан халос бўлгандек ҳис қилдилар.
Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, қуйидаги калималар билан дам солдилар.
«Бисмиллаҳи урқийка мин кулли шай ин ю зийка мин шарри ҳасидин ва ҳайнин валлоҳу яшфийка»
(Маъноси: Аллоҳнинг исми ила дам соламан. Ҳар бир азият берувчи нарсадан, ҳар бир ҳасадчи ва кўзнинг ёмонидан Аллоҳ сизга шифо берсин.
Имом Термизийнинг Абу Саид ал-Худрийдан (р.а.) қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (икки «Қул аъузу…» сураси тушишидан олдин) жин ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ сўраб юрардилар. Қачонки, шу икки паноҳ сўралувчи Фалақ ва Нос суралари нозил бўлганда, бу икковини ушлаб, бошқа (паноҳ сўралувчи дуо)ларни тарк қилдилар.
Имом Моликнинг Оишадан (р.а.) қилган ривоятларида эса бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар бирор касалликка чалинсалар, икки «Қул аъузу…» сурасини ўқиб ўзларига дам солардилар. Борди-ю, касаллари оғирлашиб кетадиган бўлса, мен бу икки сурани ўқиб баракали бўлгани учун ўз қўлларини ўзларига суртар эдим».
Бу суранинг аввалги оятларида жамики махлуқотлардан паноҳ сўраш умумий қилиб гапирилган бўлса, кейингиларида эса хослаб, ёмонликлари улкан бўлгани учун улардан огоҳлантирилиб уч тоифа зикр этилмоқда. Улар зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги, тугунларга дам солувчи (жодугар)лар ва ҳасад қилувчи ҳасадгўйлардир.
БУ СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Бу сура инсонларга дунё ва охиратдаги ёмонликларнинг барчасидан – инсон, жин, йиртқич, ҳашарот, олов, гуноҳ, нафс хоҳиши, ишларнинг ёмони ва бошқа махлуқотлар бўлсин, ҳатто ўз нафсидаги ёмонликлардан ҳам паноҳ тилаш йўл-йўриқларини ўргатмоқда.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраб юришлари учун сура нозил қилинишидан бирор ман этувчи йўқ. Сеҳр ҳақидаги ҳадис саҳиҳдир. Ҳеч қачон ўша ҳадис Қуръон оятлари билан қарама-қарши бўлмайди. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам сеҳр қилиниши фақат енгилгина бош оғриғи каби дунёга тааллуқли баъзи ҳолатларда бўлган, холос. Ҳадисдаги ўша сеҳр ваҳима маъносидадир. Худди бу ваҳима уйқуда ҳам содир бўлади. Аммо у сеҳргарлар мутлақо ақлий бошқарувларига таъсир ўтказмаганлар. Энди ваҳий ва рисолатга эса таъсир ўтказиш маҳол бир ишдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша ваҳийга ёмонликларнинг ҳар туридан, фикрлар аралашиб кетишидан ва асаб изтироблари бўлишидан сақлагандир.
Аллоҳ таоло бу сўз исботи учун Моида сурасининг 67-оятида «Аллоҳ сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай», деб айтган.
3. Аллоҳ таоло паноҳ сўраш йўл-йўриқларини ўргатиб, уч тоифа нарсадан паноҳ сўрашни хосламоқда. Биринчиси, зулматга чўмган кечанинг ёмонлиги. Чунки имом Розий зикр қилганларидек, қоронғулик тушиши билан йиртқичлар инларидан, ҳашаротлар маконларидан чиқишади ва ўғри, муттаҳамлар ҳам кечаси ҳужум қиладилар. Ёнғин ҳам кўпроқ тунда содир бўлади. Ёрдам берувчилар эса кам бўлади. Ёмон ва фасод кишилар ҳам кечаси қўзғалишади.
Иккинчиси, тугунларга дам солувчи (жодугар)ларнинг ёмонлиги.
Учинчиси, ҳасад қилувчи ҳасадгўйларнинг ёмонлигидан. Бошқаларга ҳасад қилувчи ҳасад қилинаётган кишидаги неъматларнинг йўқ бўлишини орзу қилади. Бу турдаги ҳасад ёмон саналади. Аммо ғибта, яъни ҳавас қилиш жоиз. Чунки бунда эгасидан неъмати йўқ бўлишини орзу қилмаяпти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад қилади», деб айтганлар.
Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, икки нарсада ҳасад қилиш жоиз. Бу ўринда ҳасад ҳавас маъносидадир.
Уламолар: «Ҳасад амалда ёки сўзда зоҳир бўлгандагина зарар қилади. Масалан, ҳасад қилинаётган кишининг ёмон йўлга киришига сабабчи бўлиш, унинг ёмон томонларини ахтариш, қоқилтириш кабилардир. Осмондаги биринчи гуноҳ Иблиснинг Одамга ҳасад қилиши оқибатида содир бўлган. Шунинг учун ҳам ҳасад энг разолатли, ғазаб қилинган ва лаънатланган нарсадир», деб айтишган.
Уламолар яна шундай деганлар: «Сеҳр, кўз тегиши, ҳасад ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ўзи зарар етказа олмайди. Балки Аллоҳнинг қудрати ва таъсири билан бўлади. Бу нарсаларга ўша тоифадаги кишилар зоҳирдагина таъсир ўтказишади, холос. Мана Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 102-оятида: «(Лекин) улар (яҳудий сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар», деб айтган.
Бу нарсалар ҳақиқатда таъсир ўтказа олмаса ҳам, шариат вабо, сил каби зоҳири юқумли бўлган касалликлардан имкон борича эҳтиёт бўлишни талаб қилади. Худди Умар ибн Хаттоб ва саҳобалар вабо, кўз тегиши ҳамда моховдан йироқ бўлишгани каби».
4. Аксар уламолар дам солиш жоиз, дейишган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлганларида Жаброил алайҳиссалом келиб қуйидаги сўзлар билан дам солганлар: «Бисмиллаҳи урқийка, мин кулли шайъин юҳзийка, валлоҳу яшфийка». Маъноси: «Ҳар бир озор берувчи нарсадан Аллоҳнинг исми ила дам соламан, Аллоҳ шифо берсин».
Ибн Аббос (р.а.): «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча оғриқларда ва иситма чиққанда «Бисмиллаҳил Карийм, аъузу биллаҳил азийм, мин шарри кулли ҳирқин наҳҳар ва мин шарри ҳаррин нар» дуосини ўқишни ўргатдилар», дедилар. Дуонинг маъноси: «Буюк Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ёмонидан ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким касал кўргани борса, агар ажали етмаган бўлса, унинг ҳузурида «Асҳалуллоҳал ҳазийм роббал ҳаршил ҳазийм ан йашфийака» дуосини етти марта ўқиса, Аллоҳ таоло уни касалидан халос қилиб шифо беради», дедилар. Маъноси: «Улуғ Аллоҳдан, буюк арш Раббидан сенга шифо беришини сўрайман».
Алидан (р.а.) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар касал кўргани кирсалар, «Азҳибил баҳса ишфи анта шафий, ла шафия илла анта», деб дуо ўқирдилар. Маъноси: «Сен инсонларнинг Раббисан, қийинчиликларни кетказ, шифо бер, Сен шифо берувчисан, Сенинг шифоингдан бошқа шифо йўқ».
Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинишича эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнларга «Уҳийзукума бикали матиллаҳит таммати мин кулли шайтонин ва ҳаммаҳ ва мин кулли ҳайнин ламмаҳ» дуосини ўқиб паноҳ тилардилар. Маъноси: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўзлардан сизларга паноҳ тилайман».
Усмон ибн Абул Осс (р.а.) шундай дейдилар: «Мен қувватимни кетказиб ҳолсиз қилиб қўйган оғриқ сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, у зот: «Ўнг қўлингни ўша оғриётган жойингга қўйиб етти марта «Бисмиллаҳ, аъузу биҳиззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду», деб айтгин», дедилар. Айтганларини бажарган эдим, Аллоҳ менга шифо берди». Маъноси: «Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимда топадиган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ тилайман».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилиб бирор манзилга тушадиган бўлсалар, «Йа арзу Раббий ва Раббукиллаҳу, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ма фийки ва шарри ма йахружу минки ва шарри ма йадиббу ҳалайки, аъузу биллаҳи мин асада ва асвада ва ҳаййата ва ҳақроба ва мин шарри сокинил балад ва волидив вама валада», деб айтардилар. Маъноси: «Эй ер, менинг ва сенинг Раббинг Аллоҳдир, Аллоҳнинг номи билан сенинг ёмонлигингдан, сендаги ёмонликдан, сенинг ичингдан чиқарилган ёмонликдан, сенда судралиб юрадиганларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Ва яна шердан, шахслардан, илондан, чаёндан, ерда яшовчи жинлардан, Иблис ҳамда шайтондан паноҳ тилайман».
Юқоридаги Оишадан (р.а.) қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жасадларини бирор беморлик безовта қилса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад…» ва икки «Қул аъузу…» сураларини ўнг кафтларига ўқиб ўша жойларига суртишлари айтиб ўтилди.
Энди дам солиш пайтида суф, деб айтиш Оишадан (р.а.) қилинган қуйидаги ҳадисга биноан жоиз, дейилди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дам солаётганларида суфлардилар».
Имом ал-Боқир эса ёш болаларга паноҳ тиланувчи (маъсур) дуоларни осиб қўйишни жоиз, дедилар. Аммо маъноси тушунилмайдиган, ноаниқ ёзилган дуоларни осиб қўйиш ман этилди. Валлоҳу аълам.