Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Суранинг номланиши
Бу сура Кафирун, деб номланди. Чунки Аллоҳ таоло набийси Муҳаммад алайҳиссаломга ўша кофирлар ибодат қилаётган бут-санамларга ибодат қилмасликларини хитоб қилиб: «Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман, деб айтинг», демоқда.
Бу сура яна ал-Мунобаза, ал-Ихлос, деб ҳам аталади.
Ўзидан олдинги сурага муносабати
Олдинги сурада Аллоҳ таоло набийсига шериги йўқ бўлган, якка Аллоҳга қилинадиган ибодатни ихлос билан бажаришни буюрди. Бу сура эса тавҳид сураси бўлиб, ширкдан йироқ бўлишга, кофирлар ибодатидан У Аллоҳнинг ибодатини мустақил қилиб, алоҳида эшитишга, фақат Унинг Ўзига ибодат қилиб, Ундан бошқа бут-у санамларга ибодат қилмасликка буюрмоқда. Ҳатто бу ҳақда муболаға этиб, такрорлаб таъкидладики, охири пайғамбарининг ўзининг дини ва мушрикларнинг ўзларининг динлари борлигини айтиб якун ясади.
СУРА ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН НАРСАЛАР
Бу маккий сура бўлиб, мушриклар амалидан ўзини йироқ тутишга ва Аллоҳ учун бўлган амалда ихлосли бўлишга чақиради. Бундан ташқари иймон билан куфр орасига ва иймон аҳли билан бутга ибодат қилувчилар орасига том маънода ажратувчи чегарани қўяди. Қачонки, мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир йил уларнинг илоҳларига ибодат қилишга ва бир йил улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илоҳларига ибодат қилиш учун сулҳ талаб қилишганида, бу сура уларнинг арзон-гаровли хоҳишларини буткул рад этиб нозил бўлди. Ҳамда мўмин ва кофирлар фирқаси орасидаги низони абадул-абад ажратиб қўйди.
Суранинг фазилати
«Саҳиҳ Муслим»да келган Жобир розийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сура ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад…»ни икки ракатли тавоф намозида ўқирдилар.
Яна Имом Муслимнинг Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Кафирун ва Ихлос сураларини бомдоднинг икки ракатида ўқир эдилар. Бу ҳадисни Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ҳам Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган.
Залзала сурасида келганидек, Имом Термизий Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида «Албатта бу ва Залзала сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тўғри келади» бўлиб келган.
Абулқосим Табароний Зайд ибн Ҳорисанинг инилари Жабала ибн Ҳорисадан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар тўшагингга ётсанг, «Қул йа айюҳал кафирун»ни охиригача ўқи, чунки у ширкдан сақловчидир», деганлар. Имом Аҳмад ҳам Ҳорис ибн Жабаладан худди шу каби ҳадис ривоят қилдилар.
Хулоса шуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Кафирун ва Ихлос сураларини икки ракатли тавофда, бомдоднинг икки ракатида, шомдан кейинги икки ракатда ҳамда витрда Аъло сурасидан сўнг ўқиганлари собит бўлган.
СУРАНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБЛАРИ
Имом Табароний ва Ибн Ҳотамлар Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида келтирилишича, қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мол-дунё бериш мақсадида ҳузурларига чақириб: «Маккадаги энг бой киши бўласан, хоҳлаган аёлингга уйлан. Буларнинг барчаси сен учун, эй Муҳаммад. Фақат бизнинг илоҳларимизни сўкишдан, бизни ёмонлик билан эслашдан ўзнингни тиясан. Агар бундай қилмасанг, унда бир йил бизнинг илоҳларимизга ибодат қиласан», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раббим томонидан нима келишини кутаман», деб айтганларида «Қул йа айюҳал кафирун» сураси охиригача ва Зумар сурасининг 64-ояти нозил бўлди. «(Эй Муҳаммад, у мушрикларга) айтинг: ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар, эй нодонлар?»
Абдураззоқ Ваҳбдан қилинган ривоятда айтилишича эса, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бир йил бизга эргашиб, бир йил динингга қайтиш сени хурсанд қиладими?» дейишганида «Қул йа айюҳал кафирун» сураси охиригача нозил бўлди.
Ибн Абу Ҳотам Саид ибн Мийнодан қилган ривоятларида айтилишича, Валид ибн Муғийра, Осий ибн Воил, Асвад ибн Мутталиб, Умайя ибн Халафлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, кел, биз ибодат қилаётган нарсага сен ибодат қил. Сен ибодат қилаётган нарсага биз ибодат қилайлик. Умумий ишларда сен ва биз муштарак бўлайлик», дейишганида, Аллоҳ таоло «Қул йа айюҳал кафирун» сурасини нозил қилди.
Нисобурийнинг зикр қилганлари бу айтилганларни қувватлайди. Бу бир неча Қурайш жамоаси ҳақида нозил бўлган. Улар: «Эй Муҳаммад, кел, келишайлик, сен бизнинг динимизга эргаш, биз ҳам сенинг динингга эргашайлик. Бизнинг илоҳларимизга бир йил ибодат қиласан. Биз ҳам сенинг илоҳингга бир йил ибодат қиламиз. Агар сен олиб келган нарса бизнинг қўлимиздаги нарсадан яхшироқ бўлса, бизни унда шерик қилгин. Ва ундан биз ўз насибамизни олайлик. Агар биз олиб келган нарса сенинг қўлингдаги нарсадан яхшироқ бўлса, сен шерик бўлгин. Ва ундан ўз насибангни олгин», дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга бошқа нарсани шерик қилишдан Аллоҳ сақласин», дедилар ва «Қул йа айюҳал кафирун» сураси охиригача нозил бўлди. Бу сура нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул ҳаромга бордилар. У ерда Қурайш жамоалари бор эди. Уларга Кафирун сурасини ўқиб охирига етганларида қурайшликлар режалари рўёбга чиқмаганидан кейин ноумид бўлиб кетишди.
Тафсир ва баён
Бу сура мушриклар амалидан узоқ туришга ва ибодатда ихлос билан туришга буюради: «(Эй Муҳаммад), айтинг: эй кофирлар, мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмасман», яъни «Эй набий, Қурайш кофирларига: «Эй кофирлар! Сизлар ибодат қилаётган бут-санамларга мутлақо, қайси ҳолатда бўлса ҳам, ибодат қилмайман», деб айтинг». Бу оят ер юзидаги барча кофирларни ўз ичига олади.
Арабча лафздаги «Қул» калимасининг фойдаси шуки, аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларда мулойим ва юмшоқ бўлишга ҳамда одамларга энг чиройли кўринишда хитоб қилишга буюрилганлар. Бу ердаги хитоб эса қўпол бўлиб, Аллоҳ таоло у зотдан қийинчиликни кўтариб, қўпол бўлса ҳам, қўполлик қилишга буюрмоқда. Буни у зот ўзларидан гапираётганлари йўқ.
«Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар», яъни «Сизлар ҳам, модомики, ўша мушриклигингиз, кофирлигингизда бўлар экансиз, мен ибодат қилаётган ўша шериги йўқ, якка Аллоҳга ибодат қилмайсиз». Сурадаги 2–3-оятлар маъбуддаги ихтилофга далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам якка Аллоҳга ибодат қиладилар. Улар эса бутларга, санамларга, тенгқурига, шафоатчиларга ибодат қилишади. Яъни, «Сизлар ҳозир ибодат қилаётган нарсангизга мен келажакда ҳам ибодат қилмайман». Бунинг маъноси хулосаси шуки, «Илоҳларингизга ибодат қилишда мендан талаб қилаётган нарсангизни келажакда ҳам бажармайман, сизлар ҳам келажакда менинг илоҳимга ибодат қилмайсиз».
«Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилгувчи эмасман. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилгувчи эмасдирсизлар», яъни «Сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмайман. Сизларнинг йўлингизга юрмайман ҳам, иқтидо ҳам қилмайман. Аллоҳ яхши кўриб рози бўладиган кўринишда ибодат қиламан. Сизлар эса Аллоҳнинг буйруқларига ва шариатига иқтидо қилмайсизлар. Балки (сизлар иқтидо қиладиган нарса) ўзингиз тўқиб олган нарсаларингиздир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга эргашганларнинг ибодатлари маъбудлардан ғафлатда қолмаган, шериги йўқ холис Аллоҳ учундир. Улар Аллоҳ шариат қилиб берган нарсага ибодат қилишади. Шунинг учун Ислом калимаси «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ»дир, яъни «Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, бирор ибодатга ҳам йўл йўқ, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсагина тўғри йўлдир». Мушриклар Аллоҳ изн бермаган, Аллоҳдан бошқа нарсага ибодат қилишади. Буларнинг барчаси ширк ва кўпхудолиликдир. Буларнинг келиб чиқиши ўз ҳавои нафслари ва шайтон сабабидандир.
Сурадаги 4–5-оятлар ибодатнинг ўзидаги ихтилофга далолат қилади.
Замахшарий ва шу каби олимларнинг фикрларича, «Ҳозирги ҳолатда ҳам, ўтган ҳолатда ҳам сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилувчи эмасман». Яъни, «Жоҳилият замонасида ҳам мендан санамларга ибодат қилиш содир бўлмаган-у, қандай қилиб сизлар Исломдаги ҳолатимда мендан умид қиласизлар? Демак, ҳозир сизлар ибодат қилмаётган нарсангизга мен ибодат қилувчиман».
Айтилишича, оятда ибодат қилмайман, деб такрор-такрор келтирилишдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уларнинг илоҳларига ибодат қилишларини сўрашганда ижобат қилишларидаги орзуларини йўққа чиқариш учундир.
«Сизларнинг динингиз ўзларингиз учун, менинг диним ўзим учундир», яъни «Мушриклигингиз ёки кофирлигингиз ўзингиз учундир. Диним ўзим учундир. У тавҳид, ихлос ва Исломдир. Сизларнинг динингиз эса кўпхудолиликдир. У ўзингиз учундир. Менга у йўл топиб ўтолмайди. Диним ҳам ўзим учундир. У тавҳид, яъни ўзимга кифоя қилади. Мен учун у нарсаларингизга йўл топтирмайди».
Бу сура уруш ояти билан мансух эмас. Тадқиқотчилар: «Унда мансухлик йўқдир, балки ундаги мақсад таҳдиддир, худди Фуссилат сурасининг 40-оятидаги «Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверинглар», дейилган Аллоҳнинг сўзига ўхшаш», деб айтишган. Бу каби оятлар бошқа ўринларда ҳам келган. Масалан, Юнус сурасининг 41-оятида: «(Эй Муҳаммад), агар улар сизни ёлғончи қилсалар, у ҳолда айтинг: менинг қилган амалим ўзим учун, сизларнинг амалингиз ўзингиз учундир. Сизлар менинг амалимдан поксизлар, мен эса сизлар қилаётган амалларингиздан покдирман». Яна Қасос сураси 55-оятида «Бизларнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ҳам ўзларингиз учундир», дейилган.
Бу оятларнинг барчаси таҳдиддир. Бошқаларнинг динига рози бўлиш дегани эмас. Имом Абу Абдуллоҳ аш-Шофеъий ва бошқалар «Сизларнинг динингиз ўзингиз учун, бизнинг динимиз ўзимиз учундир» оятини далил қилиб: «Албатта кофирларнинг барчаси бир миллатдир. Яҳудийлар насороларга (ёки аксинча) агар ораларида насаб ё сабаб бўлса, мерос қолдиради. Чунки Исломдан бошқа барча динлар ботилликда бир нарсададир», деганлар.
Аммо Аҳмад ибн Ҳанбал ва у зотга мувофиқ бўлганлар насоролар яҳудийлардан (ёки аксинча) мерос олмайди, деб қуйидаги ҳадисни далил қилишган: «Амр ибн Шуҳайб оталаридан, оталари боболаридан қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки хил миллат бир-биридан мерос олмайди», деб айтганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари)».
Имом Розий: «Кишилар «Сизларнинг динингиз ўзингиз учун, бизнинг динимиз ўзимиз учун», дейилган оятни муваққат сулҳларда мисол қилишади. Бу нарса жоиз эмас, чунки Аллоҳ Қуръонни у нарсага мисол қилиб келтиргани йўқ, балки уни тадаббур этиб амал қилиш учун нозил қилди», деганлар.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
Бу сура мусулмонлар билан бошқалар ўртасида ибодат ва маъбудда фарқ борлигига далолат қилмоқда. Албатта кофир миллати Ислом қаршисида бир миллатдир. Мана шу уч омил сабабли куфр билан иймон ўртасида, адоватли, ғаразгўй диний душман билан Ислом аҳли ўртасида йўлиқиш – бирлашиш йўқдир.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар билан кофирлар ўртасидаги фарқ шуки, биринчи фирқа, яъни мусулмонлар шериги бўлмаган, якка Аллоҳга ибодат қилишади. Иккинчи фирқа эса Аллоҳни қўйиб, бут-санам, тенгқури, шафоатчи башар ёки фаришта ё юлдуз ёхуд шунга ўхшаш ботил нарсаларга ибодат қилувчи миллат ва фирқалардир. Бироқ ибодатдаги фарқ мўминлар шериги йўқ, маъбудлардан ғафлатда бўлмаган Зотга У рози бўладиган кайфиятда, яъни бандаларига шариат қилиб берган нарсага ихлос билан ибодат қилишади. Аммо кофир, мушриклар шундай бир кайфиятдаги маъбудга ибодат қилишадики, унда ширк, кўпхудолилик ёки шунга ўхшаш ўзлари тўқиб олган, Раббилари рози бўлмайдиган нарсаларга ибодат қилишади.
Лекин кофирларнинг барчаси Ислом қаршисида бирдир. Чунки Аллоҳ ҳузуридаги ҳақ ва мақбул дин у Ислом, яъни Аллоҳ учун холис қилинган тавҳиддир. Аммо тавҳид асосига мухолиф бўлган куфрнинг турлари тавҳиднинг аслидан бузилган эътиқодга тартиб олишда муштаракдир.