loader

108. Кавсар сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)


«1. (Эй Муҳаммад), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик. 2. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг! 3. Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни, беному нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)!»

Кавсар сураси жумҳур уламолар наздида Маккада нозил бўлган суралардандир. Ҳасан, Икрима, Қатода «Бу Мадинада нозил бўлган сурадир», дейишади ва бу Ибн Касирнинг ҳам фикрларидир.
Бу сура Аллоҳ таолонинг пайғамбарига «Биз сизга Кавсарни ато этдик», деган хитоби билан бошланганлиги учун Кавсар сураси, деб номланди. «Кавсар» сўзининг маъноси «дунё ва охиратдаги бардавом, бисёр яхшилик»дир.
Яна бир маъноси жаннатдаги дарёнинг номидир.

Ўзидан олдинги сурага муносабати

Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳамда охиратдаги жазони ёлғонга чиқарувчи кофир ва мунофиқларни МОЪУВН сурасида тўрт сифат билан билдирди:
1) Бахиллик. «У (яъни, кофир) етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин бечораларга таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир».
2) Намозни тарк қилишлик. «Бас, намозларини унутиб қўядиган кимсалар».
3) Намоз ва бошқа амалларда риёкорлик қилишлик. «Улар амалларини риёкорлик (одамлар кўрсин учун) қиладилар».
4) Яхшиликни ва закот-садақани ман қилишлик. «Улар рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман қиладиган кимсалардир».

Аллоҳ таоло Кавсар сурасида эса юқоридаги 4 та ёмон сифатнинг акси бўлган, Пайғамбар алайҳиссаломнинг 4 та улуғ сифатларини зикр қилди:
1) «Албатта биз сизга Кавсарни ато этдик», деган ояти билан бахилликнинг акси бўлмиш Аллоҳ таолонинг ўз расулига Кавсарни, яъни доимий кўп яхшиликни берганлигини билдиради, яъни «Сиз, эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, одамларга бахиллик қилманг, сизга кўп яхшилик ато қилинган».
2) Кофирларнинг намозни тарк қилиш одатларига хилоф равишда Аллоҳ таоло ўз оятида «Намоз ўқинг», яъни «Намозингизда давомли бўлинг, ўз вақтида ўқинг», деб буюрмоқда.
3) Кофирлар ва мунофиқлар ўз намозларини риё учун ўқишгани муқобилида Аллоҳ таоло ўз расулига «Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг», дейишлик билан намозни ихлос билан ўқишликни, одамлар кўрсин, деб эмас, балки Роббисининг розилиги учун ўқишликка буюради.
4) Кофирларнинг уй-рўзғор буюмларини ман қилишлик одатига қарши, унинг акси қилиб, Аллоҳ таоло ўз расулига қурбонлик қилинган ҳайвон гўштини камбағалларга эҳсон-садақа қилишни буюради.

СУРА ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН НАРСАЛАР

1) Аллоҳ таоло ўз расулига дунё ва охиратда кўп яхшиликларни, жаннатда эса ҳавзи Кавсарни ато қилганлиги Аллоҳнинг улуғ фазл, карам эгаси эканлигини баён этади.
2) Набий алайҳиссаломга ва у зотнинг умматларига намозни ўз вақтида ўқишлик, намозни ихлос билан Роббисининг розилиги учун ўқишлик ва Аллоҳга шукрона қилган ҳолатда жонлиқ сўйиб қурбонлик қилишлик ҳақидаги Аллоҳнинг буйруғи бор.
3) Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам душманлари дунё ва охиратда барча яхшиликлардан тўсилганлиги сабабидан уларнинг хор ва забун бўлишлиги, Пайғамбарни соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз душманлари устидан ғалаба қозонишлари башорати бор.

Суранинг фазилати

Имом Аҳмад Анас ибн Моликдан (р.а.) қилган ривоятларида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни енгил мудрашлик билан ухладилар. Сўнг бошларини кўтариб табассум қилдилар. Саҳобалар: «Нима учун кулдингиз?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга ҳозиргина сура нозил бўлди», деб «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Албатта биз сизга Кавсарни ато этдик», дея Кавсар сурасини охиригача ўқидилар. Сўнг: «Кавсар нима эканлигини биласизларми?» деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Раббим менга ато қилган жаннатдаги дарёдир, унда яхшиликлар кўпдир. Умматим қиёмат куни унинг олдига келадилар, унинг (ичиш учун) идишлари осмондаги юлдузлар миқдоричадир, умматим ичида бир банда ундан тўсилади. Мен: «Эй Раббим, у менинг умматимдан-ку?!» дейман. Менга: «Улар сендан кейин нималар қилганларини сен билмайсан», деб айтилади», дедилар.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Насаий Анасдан (р.а.) ривоят қилишади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг орамизда пешин вақтида масжидда эдилар, у киши енгил мудрашлик билан ухладилар, сўнгра бошларини кўтариб табассум қилдилар. Биз: «Нима нарса сизни кулдирди, эй Расулуллоҳ?» деб сўрадик. У зот: «Дарҳақиқат менга ҳозиргина сура нозил бўлди», дедилар. Сўнгра: «Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман, Албатта биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг. Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни, беному нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)», деб Кавсар сурасини қироат қилдилар. Сўнг биздан: «Кавсар нима эканлигини биласизларми?» деб сўрадилар. Биз: «Аллоҳ ва Унинг расули билгувчироқ», дедик. У зот: «У Раббим азза ва жалла менга ваъда қилган дарёдир, унда кўп яхшиликлар бўлади. Умматим у ҳовузнинг атрофига қиёмат куни келишади. Ундаги (ичиш учун) идишлар осмондаги юлдузлар миқдоричадир. Умматимдан бир банда Кавсардан тўсилади, мен: «Раббим, у менинг умматимдан-ку», дейман. Раббим: «Сендан кейин қандай ҳодисалар бўлганлигини сен билмайсан», дейди», деб айтдилар».

СУРАНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБЛАРИ

Имом Баззор ва бошқалар Ибн Аббосдан (р.а.) саҳиҳ иснод билан қилишган ривоятда айтилишича, Каъб ибн Ашраф Маккага кириб келганда қурайшликлар унга: «Сен уларнинг улуғисан, бу сабр қилаётган ва ўзининг қавмидан узилган кишини кўрмаяпсанми? У ўзини биздан яхшироқ, деб ўйлаяпти. Биз эса ҳажиж аҳлиданмиз. Яъни, ҳожиларнинг сувига қараб Байтуллоҳни қўриқловчисимиз», дедилар. У эса: «Сизлар ундан яхшисизлар», деди. Шунда «Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни, беному-нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)», деган оят нозил бўлди.
Икрима (р.а.) ривоят қилган бу ҳадисни эса Ибн Мунзир ва Ибн Абу Шайба ўз таснифларида зикр қиладилар: «Набийга соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий кела бошлаган вақтда қурайшликлар: «Муҳаммад биздан қирқилди (узилди)», деб айтишди. Шунда: «Албатта сизни ёмон кўрувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни, беному-нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)», деган оят нозил бўлди».
Ибн Абу Ҳотам Суддийдан ривоят қиладилар: «Қурайш қавми орасида бирор эркак вафот этса, «Фалончи қирқилди», дер эдилар. Расули акрамнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари ўлган вақтда Осс ибн Воил: «Муҳаммад қирқилди», деди. Шунда Кавсар сураси нозил бўлди».
Имом Байҳақий Муҳаммад ибн Алидан қилган ривоятларида Расулулоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган фарзандларининг исми Қосим эди.
Мужоҳид қилган ривоятда шундай дейилади: «Осс ибн Воил: «Мен Муҳаммадни ёмон кўраман», деганида бу сура нозил бўлган».
Ибн Жарирнинг Саид ибн Жобирдан қилган ривоятларида айтилишича, «Раббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг», деган оят Худайбия куни нозил бўлган эди. Жаброил (а.с.) Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Жонлиқ қурбонлик қилинг ва намоз ўқинг», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб қурбон ҳайити хутбасини ўқидилар, сўнг икки ракат намоз ўқидилар, сўнг жонлиқнинг олдига бориб қурбонлик қилдилар.
Лекин бу ривоятда Имом Суютий айтганларидек, кучли ғариблик бор.
Ибн Мунзир Ибн Жарирдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳим вафот этганида Қурайш қабиласидагилар: «Муҳаммад қирқилди (яъни, унинг ишининг давомчиси – фарзанди йўқ)», дедилар ва бу гап шов-шув бўлиб кетди. Шунда: «Албатта биз сизга Кавсарни ато қилдик», деган сура Пайғамбарни соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаб-қувватлаб нозил бўлди».
Хулоса шуки, бу суранинг НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБЛАРИ Набий акрамнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам заифлашувлари, бошларига мусибат етганлиги, ўғил фарзандларидан бири Қосимнинг Маккада, Иброҳимнинг Мадинада вафот этишлигидир. Бу сура мусулмонларнинг қийинчилик ва оғир вақтларда хурсандчилик бўлиб нозил бўлди. Кавсар сураси Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли ва енгилмас эканликлари, у кишига эргашганларнинг ғолиб бўлишлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғилларининг вафоти у кишининг ишларини заифлаштириб қўймаслиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душманларининг охири йўқ, охири қирқилган эканлиги ва улардан бирон бир ном-нишон қолмаслиги, уларнинг барча яхшиликлардан узоқда эканлигини эълон қилиб, билдириб нозил бўлган.

Тафсир ва баён

«Албатта биз сизга Кавсарни ато этдик», яъни «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, сизга кўп одамларга етадиган мўл яхшиликни ҳадя-мукофот этдик ва у жаннатдаги дарёдир».
Аллоҳ таоло уни Ўз расулига ва унинг умматига каромат қилган. Бу эса дин душманларининг мусулмонларни оз ва паст санашликларига қарши раддия ҳамда бахил мунофиқлар ва куфр аҳли сифатининг зиддидир.
«Бас сиз Роббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг», яъни «Биз сизга дунё ва охиратда кўп яхшиликларни ато қилганимиздек, (юқоридаги буюрилган ишларни қилинг), охиратдаги яхшиликдан бири бу ҳавзи Кавсардир. Бас, сиз фарз ва нафл намозларингизни доимий ўқинг ва намозларингизни Раббингиз учун холис ўқинг ва Аллоҳ йўлида жонлиқ қурбонлик қилинг, бу сизнинг тақвоингиздир ва ҳадйни (қурбон ҳайитида қурбонлик учун мўлжалланган қўй ёки туя), ёлғизлигига шерик келтирмай, ягона Аллоҳнинг исми айтиб сўйиладиган жонлиқларни қурбонлик қилинг. Албатта Аллоҳ сизни тарбия қилишни ўз зиммасига олган ва бундан бошқа кўп неъматларни сизга марҳамат қилган». Бошқа бир оятда Аллоҳ: «Айтинг, (эй Муҳаммад), албатта намозим, ибодатларим, ҳаёту-мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен шунга буюрилганман. Ва мен бўйинсунгувчиларнинг аввали-пешқадамиман» (Анъом, 162-163).
Бу эса мушрикларнинг Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиши ва Аллоҳдан ўзгага қурбонлик қилиш феълларининг аксидир. Аллоҳ ўз Набийсига намози ва қурбонлиги фақат Унинг ўзи учун бўлишлигини буюрди ва бу мунофиқларнинг риё учун қилган амалларининг аксидир.
Имом Қатода, Ато ва Икрималар: «Намоздан мақсад қурбон ҳайити намози, қурбонликдан мурод қурбон ҳайитидаги сўйиладиган жонлиқдир», дейишди.
Ибн Касир: «Сўйишдан мурод қурбонликдир», деб айтдилар.
Имом Бухорий ва Муслим Барро ибн Озибдан (р.а.) қилган ривоятларида келтирилишича, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам одатлари аввал ҳайит намозини ўқирдилар, сўнгра қурбонликларини сўйиб: «Кимки намозни ўқиб қурбонлик сўйса, қурбонликдаги амалларни тўғри бажарибди. Кимки намоздан олдин қурбонлик сўядиган бўлса, унинг қурбонлиги йўқдир», дедилар. Шунда Абу Бурда ибн Ниёр (р.а.) ўринларидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен қўйимни намоздан олдин сўйиб қўйдим. Ва билдимки, у кунда гўштга кўп иштаҳа қилинади», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўйинг гўштнинг ўзидир, яъни қурбонлик эмасдир», дедилар. У киши: «Менинг ҳузуримда улоқ бор. У менинг ҳузуримда иккита қўйдан яхшироқ. Ўшани сўйсам, менга кифоя қиладими?» деганда, у зот: «Сенга кифоя қилади, лекин сендан кейин бошқа ҳеч бир кишига мумкин эмас», дедилар.
Ибн Жарир тафсирларида айтишларича, қуйидагича айтганлар тўғри айтишибди: «Намозингизнинг барчасини холис Раббингиз учун бажаринг. Лекин бошқа бут ва илоҳлар учун бажарманг. Шу сингари қурбонлигингизни ҳам бут-санамларга эмас, балки тенгқури бўлмаган, яхшилик ва кароматлар берувчи Зотга шукр қилган ҳолда бажаринг».
«Албатта сизни ёмон кўрувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни, беному нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)» – «Эй Муҳаммад алайҳиссалом, сизни ва сиз олиб келган ҳидоят, ҳақ, хужжат ва нурни ёмон кўрувчи кимсаларнинг думи қирқилгандир. Улар дунё ва охират яхшиликларидан узилгандирлар. Ўлимларидан кейин улар эсланмайди ҳам». Бу нарса Осс ибн Воилга ўхшаш баъзи мушрикларнинг Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадичадан (р.а.) туғилган Абдуллоҳ исмли фарзандлари вафот этгандаги айтган гапларига раддиядир.
Бу Ибн Аббос, Муқотил, Калбий ва тафсир аҳли оммасининг сўзидир.
Оятдаги «ал-Абтар» сўзи фарзанди йўқ одамга нисбатан ишлатилади.
Ибн Аббос: «Бу оят Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган», дедилар. Аслида нозил бўлишда зикри келган Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам адоват қилувчи барча кишиларни ўз ичига олади.
Ҳасан Басрий (р.а.): «Мушрикларнинг ўзларининг думлари кесикдир. Чунки мақсадларига етишларидан олдин улар кесиб қўйилади. Аллоҳ Ўз хусуматчилари ана шундай сифатга эга эканлигини баён этмоқда», дедилар.

СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1) Аллоҳ таоло набийси Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб мақтовли, етук, улуғ, буюк, ниҳоятда етук сифатларни ато этди. Шулардан бири жаннатдаги анҳордир. Бу нарсани Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Термизийлар Анасдан (р.а.) ривоят қилишган.
Имом Термизий Ибн Умардан (р.а.) қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кавсар жаннатдаги анҳордир, икки ёни олтиндан. Оқувчи нарсалар дур ва ёқут. Тупроғи мискдан ҳам хушбўй, суви асалдан ҳам мазали ва қордан ҳам оппоқдир», деб айтдилар.
Имом Муслим Анасдан (р.а.) қилган ривоятларида: «У Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳавзларидир», дейилади. Мана шу икки сўз энг саҳиҳ сўздир. Демак, у шомил бўлиб, жаннатдаги анҳор ва қиёмат кунида Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари тушадиган ҳавздир.
2) Аллоҳ таоло пайғамбарини ва у зотнинг умматларини фарз, нафл намозларни холис Унинг розилиги учун адо этишга ҳамда Унга бирор нарсани шерик қилмасликка буюрмоқда.
Ва яна эҳромдалик пайтда ҳадя қилинадиган ҳайвон, қурбонлик, қўйингки, барча сўйиладиган нарсани Аллоҳ учун ва шериги йўқ якка Аллоҳнинг исмига атаб сўйишга буюрмоқда.
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга келган шариатга ғазаб қилувчи кимсалар аслида ўзлари дунё ва охиратдаги нарсалардан узилгандирлар. Улар вафот этганларидан кейин эсланмайди ҳам. Чунки улар ҳақ рисолатга иймон келтиришмайди ҳамда ҳақ ва яхши нарсаларни холис Аллоҳ учун бажаришмайди.
Имом ар-Розий тафсирларида зикр қилганларидек, бу сура ўзидан аввалги сураларни мукаммал этиб тамомловчидир. Ва ўзидан кейинги сураларнинг аслидир. Аллоҳ таоло набийси Муҳаммадни соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига ато этган фазилат, хислат ва сифатларни Зуҳо, Шарҳ, Тийн, Алақ, Қадр, Баййина, Залзала, Адият, Қориа, Такасур, Аср, Ҳумаза, Фил, Қурайш, сўнгра Кавсар сураларида келтирди. «Сен уларга мурожаат қилгин, чунки уларда ажойиб сўзлар бор».

Орқага Олдинга