loader

074. Муддассир (Бурканиб олган) сураси

Маккада тушган, 56 оятдан иборат
 Сура номи биринчи оятдаги «муддассир», яъни «бурканиб олган» сўзидан олинган ва у ваҳийлар кела бошлаганида қўрқиб, либосига бурканиб олган зот – Пайғамбаримизга хитоб билан бошланади. Ушбу сура ҳам бошқа маккий суралар каби имон ва ақида масалаларини қамраб олган. Унда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга даъватлари бошида айрим кўрсатмалар беради. Мушрикларга қаратилган таҳдид ва улар кирадиган дўзах сифатларини баён этади. Сурада қиёмат кунининг даҳшатли манзаралари, Қуръони каримни олдин Аллоҳ каломи, дея иқрор бўлатуриб, кейинчалик обрў-мартабасидан айрилиб қолмаслик учун уни сеҳрга чиқарган бир кимса (Валид ибн Муғийра) мисолида Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш ўрнига итоатсизлик ва қайсарлик туфайли ўзига жаҳаннамдан жой тайёрлаган осийлар қисмати зикр этилади. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, Унинг ваҳий-кўрсатмаларига биноан ҳаёт кечирган ва солиҳ амаллар қилган тақволи инсонлар охиратда эришадиган саодат ҳамда Аллоҳ таоло ва Унинг элчиси амрларига бўйсунмай, куфр ва ширк кўчаларида саргардон кезган гумроҳларнинг фожиали тақдирини бир-бирига муқояса қилиш орқали имон ва куфр моҳияти очиб берилади. Сура мушрикларнинг Қуръондан ва имондан бош тортишлари сабабларини келтириш билан якунланади.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

يَا أَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ {1}
1. Эй бурканиб олган!
Ушбу сура Аллоҳ таоло ваҳийлари кела бошлаганида қўрққанидан кийимига бурканиб олган зотга, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб билан бошланган. Жобирдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Ҳиро ғорида бир ой ибодат қилдим. Ибодатимни тугатиб пастга тушдим. Водий ўртасига келганимда менга нидо қилинди. Олдимга, ортимга, ўнг ва чап томонимга қараб ҳеч кимни кўрмадим. Кейин нидо яна қайтарилди. Бошимни кўтариб қарасам, у (Жаброил алайҳиссалом) ҳаводаги тахт устида турибди. Уйга келиб: «Мени ўраб қўйинглар», дедим. Кейин мени ўраб, устимдан сув қуйишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу сурани туширди» (Али ибн Аҳмад Найсобурий, «Асбабун-нузул», Тошкент, 2009 йил, 388-бет).
Ибн Ҳишом ёзади: «Бир олим кишининг менга айтишича, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурайш томонидан етказилган озорларнинг энг оғири шуки, бир куни Пайғамбар (алайҳиссалом) кўчага чиқдилар. Шунда кимга дуч келсалар, у хоҳ озод, хоҳ қул бўлсин, ҳаммаси у зотни ёлғончига чиқариб, озор берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларига қайтиб, бу мусибатнинг оғирлигидан либосларига бурканиб ётиб олдилар. Шунда Аллоҳ таоло «Я айюҳал муддассир» оятини нозил қилди» («Сийратун-Набавийя», 2011 йил, 210-бет).
قُمْ فَأَنذِرْ {2}
 2. Туринг ва огоҳлантиринг!
Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), кийимларингизга ўраниб ётаверманг, ўрнингиздан туринг  ва инсонларни охират тўғрисида огоҳлантиринг. Уларни Аллоҳнинг динига тарғиб қилинг. Парвардигорга ишонишга, амр-фармонларини маҳкам тутишга, қайтариқларидан четда бўлишга чақиринг. Сизга бўйсунмай, гапларингизни ёлғонга чиқараётган, Биз юборган ваҳийларни инкор қилаётган ношукр ва итоатсиз кимсаларни Парвардигорнинг яқинлашиб келаётган қаттиқ жазоси, қиёматдаги ҳисоб-китоб ва мудҳиш оқибат ҳақида огоҳлантиринг.
وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ {3}
3. Ва Парвардигорингизни улуғланг!
Аллоҳ таоло улуғ ва буюкдир, бунда Унга ҳеч ким шерик бўла олмайди. Шундай бўлгач, Парвардигор бандаларидан Ўзини улуғлашни талаб қилишга ҳақлидир. Аллоҳ таолони улуғлаш Унинг зикрини доимо ва кўп қилиш, берган неъматларига шукр айтиш, Уни ҳар қандай ширк ва нуқсонлардан поклаш, ҳар ишда фақат Унинг Ўзига юкуниш билан бўлади. Мўмин бандалар У зотни улуғлаш билан Аллоҳ таоло берган неъматлар шукрини қилишади, Унинг раҳмати ва мағфиратидан умидвор бўлишади, қиёматда Унинг розилигини топиш, жамолига етишни ўйлашади. Парвардигорни улуғлаш орқали бандаларнинг мушкуллик-машаққатлари енгиллашади. Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни, яхшиликларни бериб қўйган, буларнинг ҳатто саноғига етиб бўлмайди. Эвазига эса фақат Ўзига қуллик қилишни, Ўзини улуғлашни талаб этяпти, холос. Унинг ажр-мукофотларидан умидвор ҳар бир киши доимий равишда Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиши, Уни улуғлаши лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳни зикр қилиш улуғдир» (Анкабут, 45); «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб, 41). Касир ибн Мурра улуғ саҳобий Абу Дардонинг (розийаллоҳу анҳу): «Сизларга амалларнинг яхшироғини, Парвардигорларингизга севимлироғини, савоб жиҳатидан ортиғини… айтиб берайми?»  деганларини эшитган экан. Шунда саҳобалар: «У нима амал, эй Абу Дардо?» дейишибди. «Аллоҳни зикр қилиш, Аллоҳнинг зикри буюкдир», деди Абу Дардо» (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).
وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ {4}
4. Кийимингизни пок тутинг.
Аллоҳ таолони улуғлаш, Унга бандалик ва ибодат қилиш эса мўминларга Парвардигорлари ҳузурида ҳамма жиҳатдан покланиб туришни, бадан, ўрин-жойлар қатори кийимларни ҳам нажосат-ифлосликлардан пок тутишни тақозо этади. Шунинг учун ояти карима кийимларни поклашга чақирмоқда. Бу оятнинг яна бошқа маъноси ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни нафақат бадан, балки қалбини ҳам ҳиссий ва маънавий жиҳатдан поклангандагина Аллоҳ ҳузурида ибодатга туришга буюрмоқда. Бир киши гуноҳ қилиб, тавба орқали бундан покланмаган бўлса, араблар уни «кийими ифлос бўлибди», агар гуноҳларидан покланиб, савобли ишларни бажаришга киришса, «у кийимини поклаб олибди», дейишади. Умуман чиройли ва покиза кийиниш, қалбни поклаш комил инсонлик белгиси бўлгани учун унинг одобларига риоя қилиш талаб этилади. Кийим энг аввало  авратни тўсиш, яъни инсоннинг бошқалар кўзидан яширилиши лозим бўлган уят жойларини бекитишга хизмат қилади ва у бадан ҳамда уят жойларни бекитиш даражасида фарз (мажбурий) саналади.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Либосларингизни чиройли қилинглар, от-уловларингизни яроқли тутинглар, юздаги холдек одамларга намуна бўлинглар», деганлар. Ривоят қилинишича, бир куни саҳобийлар жангдан сўнг дам олиш учун бир дарахт остига тўпланиб, тамадди қилишга киришишди. Улар орасида Пайғамбар алайҳиссалом ҳам бор эдилар. Шу пайт туя боқиб юрган бир саҳобий уларнинг олдига келиб қолди. У эскириб, тўзиб кетган либосда эди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг аҳволини кўриб, Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Унинг бошқа кийими йўқми?» деб сўрадилар. У киши: «Тўрвасида яна иккита кийими бор», дедилар. Фахри коинот: «Уларни кийса бўлмайдими?» дедилар. Жобир бояги кишини чақириб, у зотнинг гапларини етказдилар. У дарров кийимларини алмаштириб олди ва нари кетди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мана шуниси яхши эмасми?» дедилар.
وَالرُّجْزَ فَاهْجُرْ {5}
5. Нопокликлардан четланинг.
Кўпчилик муфассирлар оятдаги «ружза» сўзининг нажас, нопоклик, мушриклик, бут каби маънолари борлигини айтишган.  Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва у зот орқали бутун мўмин-мусулмонларга нопокликлардан четда бўлишни буюрмоқда. Айрим муфассирлар оятда зикр этилган бу нопокликлар фақат инсон танасидаги ва уст-бошидагилардан иборат эмас, балки бунга яна ширк, ахлоқсизлик, безорилик, ҳаром қилинган нарсалардан четланмаслик, бузуқлик каби маънавий нопокликлар ҳам киради, дейишган. Динимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхшилик кўзгусидир. Агар инсон кир-чиркинликлар ва бузуқликлардан тозаланиб юрса, бу борадаги одобларга риоя қилса, имон, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади.  Исломий одоб талабларига кўра, комил инсонлар ҳаётда ҳамиша ювинган (таҳорат олган), тоза кийимлар кийган ҳолда, тирноқ, соч-мўйлабларини ўстириб юбормай, уятли жойларни яшириб юришлари лозим. Ҳар куни камида икки марта – эрталаб ва кечқурун тишларни мисвок (махсус тозалаш воситаси) ёки тиш чўткаси ёрдамида тозалаш ҳам исломий одобнинг асосий шартларидандир.
وَلَا تَمْنُن تَسْتَكْثِرُ {6}
6. Яхшиликларингизни миннат қилманг.
Эй Пайғамбарим, одамларга ваҳийларимизни етказиш, уларга ваъз-насиҳатлар қилишдаги хизматларингизни асло уларга миннат қилманг, дейилмоқда. Чунки миннат мусулмонлар ахлоқидаги ёмон хислатлардан саналади. Араб тилидаги миннатни англатувчи «тамнун» сўзининг заифлаштириш, озайтириш каби маънолари ҳам бор. Шундан англашиладики, айримлар қилган яхшиликларини кўп санаб, миннат қилиш яхшиликлар савобининг камайишига сабаб бўлади.
وَلِرَبِّكَ فَاصْبِرْ {7}
7. Парвардигорингиз учун сабрли бўлинг (Муддассир, 7).
Аллоҳ таоло Пайғамбарини ҳам, мусулмонларни ҳам даъватни етказишда, инсонларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантиришда ниҳоятда сабрли бўлишга чақирмоқда. Исломнинг илк даврида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ваҳийларини маккаликларга етказиш, уларни ҳақ динга даъват қилишда катта қийинчилик, мусибат ва озорларга дуч келдилар. Буларни фақат сабр-бадош билангина енгиш мумкин эди. Чунки сабр инсоний фазилатларнинг энг муҳими ва афзалидир. Аллоҳ таоло: «Сабр ва намоз билан Аллоҳдан ёрдам сўранглар», деган (Бақара, 153). Имом Мусоҳибий: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади", деган. Сабр имоннинг бошидир. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, имон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир. Абдулқодир Жийлоний айтган: "Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади".
فَإِذَا نُقِرَ فِي النَّاقُورِ {8}
8. Сурга пуфланганида;
Қиёматнинг қоим бўлиши фаришта Исрофил алайҳиссаломнинг сур (бурғу) чалиши билан бошланади. Сурнинг шиддатли товушидан қабр аҳли даҳшатга тушади, барча жонзотлар қўрқувдан жон таслим қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Сур чалиндию, осмонлар ва Ердаги Аллоҳ хоҳлаган зотлардан ташқари барча жонзот ўлди. Сўнгра иккинчи бор чалинди, баногоҳ улар туриб, кўз тикишади» (Зумар, 68). Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қандоқ қувонай, сур эгаси бурғуни оғзига қўйди, қулоқларини «динг» қилган ҳолда қачон амр бўлишини кутяпти», деганлар (Имом Термизий ривояти). Баҳз ибн Ҳаким айтадилар: «Биз билан бирга Зирора ибн Убай Авфий намоз ўқиди. Сўнг «Фаиза нуқиро фин нақури» оятини тиловат қилдию жони узилди».
فَذَلِكَ يَوْمَئِذٍ يَوْمٌ عَسِيرٌ {9}
9. ўшанда кунларнинг энг қийини кечади.
Сур чалинган кун инсон тасаввур қиладиган кунларнинг энг оғири, энг қийини бўлади. Имом Ғаззолий ёзади: «Кўз олдингга келтир, сурнинг даҳшатли товушидан қўрқув ичра оёққа қалққан халойиқ гангиб, ўзини йўқотган. Лекин устларига ёпирилган шунча хорлик, синиқликка қарамай, битта туйғу уларда ҳали ўлмаган – кутиш туйғуси! Улар илоҳий ҳукмни кутишяпти: саодатми ё шақоват?! Тасаввур эт, сен ҳам шулар орасидасан. Сен ҳам улардек хор-ночор, ҳайроналик ичра қолгансан. Бу дунёда тўкин-сочин, турли ноз-неъматларга кўмилиб яшадинг. Бой эдинг. У кунда ваҳший ҳайвонлар бошлари эгик ҳолда саҳро, тоғлардан тушиб келади. Одамлардан қўрқиш ўрнига халойиққа қўшилиб, беозор ва бегуноҳ ҳолда Ҳашр сари юрадилар. Сурнинг даҳшатли садоси уларни шу томонга чорлайди» («Иҳёу улумид-дин», 4-жилд, «Ўлимдан сўнг» боби, 15-16-бетлар).
عَلَى الْكَافِرِينَ غَيْرُ يَسِيرٍ {10}
10. Кофирларга осон бўлмайди.
Қиёмат куни Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ишонмаган, илоҳий ваҳийларга куфр келтирган бадбахт кимсаларга айниқса осон бўлмайди. Улар йўлдан озган, осий бўлганлари учун мардуд (рад қилинган) ҳолда Маҳшаргоҳга келишади. Уларга ҳеч қандай нажот йўли қолмаган. Бирор кимса ҳолинг не, деб сўрамайди, бирор жонзот ёрдам беришга ошиқмайди. Аллоҳ таоло ҳузурида туриш қўрқинчи, ҳисоб-китоб қай ҳолатда кечиши ваҳимаси уларнинг бўйнини эгган, қаддини дол қилган, кўзларининг нурини сўндирган, ҳолларини абгор айлаган. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингизга қасам, Биз уларни албатта шайтонлари билан бирга тўплаймиз, сўнгра дўзах атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз» (Марям, 68).
ذَرْنِي وَمَنْ خَلَقْتُ وَحِيداً {11}
11. (Эй Муҳаммад), сўққабош қилиб яратганимни Ўзимга қўйиб беринг.
Эй Пайғамбарим, мен уни бошда сўққбош қилиб яратган эдим, онасининг қорнида турганида унинг на мол-дунёси, на бола-чақаси, на обрў-мартабаси бор эди. Берган неъматларимга шукр қилиш ўрнига туғёнга кетиб, ваҳийларимизни инкор қиляптими, энди уни Ўзимга қўйиб беринг. Уни шундай жазолайманки, бойликлари ҳам, фарзандлари ҳам, шон-шуҳрати ҳам унга ёрдам беролмайди.
Аллоҳ таоло ғазабига учраган бу бадбахт кимса Макка мушрикларининг улуғларидан Валид ибн Муғийра эди. Икрима саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Валид ибн Муғийра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Унга Қуръон ўқиб бердилар. Валид Қуръонни эшитиб, эригандек бўлди. Бу хабар Абу Жаҳлга етганида у: «Эй амаки, қавминг сенга бериш учун мол тўплаяпти, сен эса у тарафга мойил бўлиб, Муҳаммаднинг олдига борибсан», деди. Шунда Валид: «Мен қавмнинг энг бой кишиларидан эканимни Қурайш яхши билади», деди. Абу Жаҳл: «Ундай бўлса, бир сўз дегинки, қавминг Муҳаммадни инкор этаётганингни ва уни ёмон кўришингни билсин», деди. У: «Нима ҳам дейман? Аллоҳга қасам, орангизда шеърни, унинг вазнларини, қасидаларни менда кўра яхши биладиганингиз йўқ. Аллоҳга қасам, у айтаётган гаплар буларнинг бирортасига ўхшамайди. Аллоҳга қасам, унинг сўзларида ҳаловат бор, латофат бор. Унинг ости мева берувчи, усти эса унумдордир. У фақат олий бўлади, ундан ошиб ҳеч нарса олий бўлолмайди», деди. Сўнг бир он туриб: «Мени тинч қўй, фикрлаб олай», деди-да, ортидан: «Унинг айтаётганлари олдингилардан нақл қилинаётган сеҳрдир, бошқалар тарафидан унга айтиб-етказиб турилади», дея қўшиб қўйди. Шунда «Муддассир» сурасининг 11-оятидан 26-оятигача туширилди» (Али ибн Аҳмад Найсобурий, «Асбабун-нузул», Тошкент, 2009 йил, 388-389-бетлар).
وَجَعَلْتُ لَهُ مَالاً مَّمْدُوداً {12}
12. Унга беҳисоб бойлик бериб қўйдим;
Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийрага ўхшаш Қурайш зодагонларига катта мол-дунё бериб қўйган эди. Бу фақат уларни имтиҳон қилиш учун эди. Қурайшлик мушриклар Аллоҳ таолонинг неъматига ношукрлик қилишди. «Бу бойликлар ўзимизнинг уддабурролигимиз, елиб-югуришларимиз, тадбиркорлигимиз туфайли қўлга кирган», деб ўйлашди. Оқибатда кибр ва туғёнга кетишди. Аллоҳ таоло айтган: «Ўшанда ким ҳаддидан ошган, дунё ҳаётини устун қўйган бўлса, у ҳолда дўзахгина унга макон бўлади» (Нозиот, 37-39). Бундайлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ишонишмади. Аллоҳнинг ваҳийларини (Қуръони карим) инкор қилишди. Ҳатто ўз бойликларига мағрурланиб, Пайғамбаримизга: «Олдингдаги анави ялангоёқ, жулдур кийимли қашшоқларни ҳайдасанггина сенинг динингга кирамиз», дейишгача боришди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) ривоятига кўра, Валиднинг Тоифда катта боғи бўлиб, дастурхонида қишин-ёзин мева узилмас, бойлик тўхтовсиз оқиб келар, унинг мол-мулклари Маккадан Тоифгача чўзилиб кетган эди.
وَبَنِينَ شُهُوداً {13}
13. ҳозиру нозир ўғилларни ҳам.
Валид ибн Муғийранинг ўнта, баъзи ривоятларга кўра ўн учта ўғли бўлиб, у қаерга борса, улар худди тансоқчилардай отасини кузатиб юришарди. Валид улар билан ниҳоятда фахрланар, уларни еру кўкка ишонмасди. Одамлар ҳам унинг ўғилларидан ҳайиқиб, унга бирор нарса дейишга ботинишмас эди.
وَمَهَّدتُّ لَهُ تَمْهِيداً {14}
14. Ҳамма нарсасини осонлаштириб қўйдим.
Аллоҳ таоло мушриклар етакчисининг ҳамма нарсасини осонлаштириб қўйганини билдирмоқда. У фақат Ўзи биладиган ҳикмати билан мушрик ва кофирларга ҳам беҳисоб мол-мулк, фарзандлар, чиройли ҳаёт бераверади. Бу билан уларни синовга солади. Уларнинг аксарияти Аллоҳнинг бу неъматларига ношукр бўлади, ҳаётининг фаровонлиги, қўлини қаерга узатса етавериши, турмушининг беками-кўстлиги уларни туғёнга солади. Ғурур ва кибрга бориб, Парвардигорига исён ва итоатсизлик қилади. Худди шу каби Валид ибн Муғийранинг ҳам Макка ва Тоифда жуда катта экинзорлари, чорва ҳайвонлари, йўлга қўйилган тижорати бор эди. Унинг ўғил фарзанди ҳам кўп эди. Оталари шу қадар бой эдики, ўғилларнинг тижорат мақсадида бошқа шаҳарларга боришга эҳтиёжи ҳам йўқ эди. Макканинг баобрў кишилари ичида Валид тенгсиз эди, уни «Қурайш райҳони» деб аташарди. Ҳамма жиҳатдан ўзига тўқ, ҳаёти фаровон, ҳамма нарсаси осонлаштириб қўйилган бу кимса Аллоҳ динининг ашаддий душманига айланди, неъматларга шукр қилиш ўрнига туғёнга кетди.
ثُمَّ يَطْمَعُ أَنْ أَزِيدَ {15}
15. Кейин эса яна зиёда этишимни тамаъ қилади.
Шунга қарамай, бу банда яна тамаъ қилади. «Ятмау ан азида» жумласи дунёга қаттиқ ҳирс қўйган, маъносини билдиради. Аллоҳ таоло шунча яхшилик, мол-мулкларни бериб қўйса ҳам бу ношукр банда яна кўпроқ нарсага эришиш, кўпроқ бойликка эга бўлишни тамаъ қилаверади. Аммо Аллоҳ таоло золимларнинг ҳирси ва нафси чегарасиз бўлишига йўл қўймайди.

كَلَّا إِنَّهُ كَانَ لِآيَاتِنَا عَنِيداً {16}
16. Йўқ! Чунки у Бизнинг оятларимизни инкор этган.
Оятдаги «анид» сўзи «анада» феълидан олинган, «ҳақ нарсани қасддан инкор қилиш» маъносини билдиради. Пайғамбар келтирган ваҳийларни атайлаб инкор қилган, Аллоҳ таоло неъматларига шукр келтирмай, исён ва туғёнга кетган куфр ҳамда ширк эгалари Аллоҳнинг фазли ва раҳматидан умид қилишмасин. Уларнинг ўйлагани ҳеч қачон амалга ошмайди. Чунки Валид Қуръони каримнинг ҳақлигини, Аллоҳ ҳузуридан тушганини билиб турса ҳам, дилидаги касали ва қайсарлиги туфайли унга кофир бўлди. У дилида Қуръоннинг Аллоҳ таоло каломи эканига иқрор бўлган эди, аммо қабила улуғларини рози қилиш, обрўсини сақлаб қолиш учун тили билан ваҳийни инкор қилди. Бу ояти карима Қуръон оятларини инкор этиб, уларни ёлғонга чиқарганларнинг кофирлигига далилдир. Бундай кимсалар тез кунда қилмишларининг жазоси қандай бўлишини аниқ кўришади.
سَأُرْهِقُهُ صَعُوداً {17}
17. Яқинда уни машаққатга учратаман.
Аллоҳ таоло бундай кимсани машаққатга дучор қилишга ваъда беряпти. Муфассирлар бу машаққатни баланд тоғ чўққисига чиқмоқчи бўлган кишининг қийинчиликларига қиёс қилишган. Оятдаги «урҳиқуҳу» сўзи инсонни тоқати етмайдиган оғир, қийин нарсага мажбурлаш, маъносини билдиради, «соъуда» эса дўзахдаги баланд тоғдир. Абу Саид Худрийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «саурҳиқуҳу соъудан» ояти ҳақида сўралганида, у зот: «У дўзахдаги оловдан бўлган тоғдир. Кофир у тоққа чиқишга мажбурланади. Унга чиқиш учун қўлини қўйса, қўли эриб кетади, қўлини кўтарса, ортга қайтиб кетади. Оёғини қўйса, у эриб кетади, ундан оёғини кўтарса, ортига тушиб кетади», деганлар (Баззор ривояти).
إِنَّهُ فَكَّرَ وَقَدَّرَ {18}
18. У ўйланди ва чамалади.
Валид ибн Муғийра Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва Қуръон ҳақида ўйлаб, тафаккур қилди, айтмоқчи бўлган гапларини ичида қайтариб, нималарнидир чамалаб кўрди. Ҳатто Қуръоннинг илоҳий ваҳий эканига ишона бошлади. Аммо ундаги кибр, ғурур устунлик қилди, қавми олдига борганида барча ўйлаб турганларидан воз кечди.
فَقُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ {19}
19. Ҳалок бўлгур нимани чамалаяпти?
Ҳалок бўлгур лаънати нималарнинг режасини қиляпти, деб ўйлаяпсиз?
ثُمَّ قُتِلَ كَيْفَ قَدَّرَ {20}
20. Яна ҳалок бўлгур нимани мўлжаллаяпти?
Бу яна бир карра ҳалок бўлгур лаънати кимса Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига қарши тағин қандай фитналар қилишни мўлжаллаяпти, деб ўйлаяпсиз? Нима қилса, қилаверсин, унинг қиёматда қаттиқ азобга гирифтор бўлиши аниқ. Ўшанда бу мутакаббир ва осий кимсанинг бирорта ёрдамчиси бўлмайди жонига ҳеч нарса оро кирмайди.
ثُمَّ نَظَرَ {21}
21. Кейин аланглади.
Аллоҳ таоло юборган Пайғамбарни ёлғончига чиқариш, Қуръони каримни инкор қилишга имкон топа олмай қолган Валид шундан кейин атрофига аланглаб, чора излашга тушди.
ثُمَّ عَبَسَ وَبَسَرَ {22}
22. Сўнг юзини тириштириб, хўмрайди.
Ҳеч қандай чора тополмай, ноилож қолган осий аламидан юзларини буриштириб, хўмрайиб олди. Илоҳий каломга, Аллоҳнинг элчисига бўлган нафрати унинг юзига кўчди.
ثُمَّ أَدْبَرَ وَاسْتَكْبَرَ {23}
23. Кейин юз ўгириб, кибрга борди.
Бу ҳам тасалли бермаганидан кейин батамом имондан юз ўгирди, кибрга борди ва қиёматгача инсонларнинг энг бадбахти ва жоҳилига айланди. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича, Валид ибн Муғийра ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) олдиларига бориб, у кишидан Қуръон ҳақида сўради. Абу Бакр бу ҳақда сўзлаб бердилар. Шундан сўнг Валид Қурайш қавми олдига чиқиб: «Во ажаб, Абу Кабшанинг ўғли (Муҳаммад алайҳиссалом) айтаётган нарса шеър ҳам, сеҳр ҳам, мажнунлик алжираши ҳам эмас, унинг сўзи албатта Аллоҳнинг каломидир», деди. Унинг сўзини эшитган бир гуруҳ қурайшликлар тил бириктириб: «Аллоҳга қасам, агар Валид динини ўзгартирса, Қурайш ҳам албатта янги динга кириб кетади», дейишди. Бу воқеадан хабар топган Макка мушрикларининг раҳбарларидан Абу Жаҳл ибн Ҳишом: «Аллоҳга қасам, уни бу йўлдан мен қутқараман», деди. У Валиднинг уйига бориб: «Қавминг сенга садақа йиғиб қўйди», деди. Валид: «Қавмнинг бойлиги ва ўғли энг кўпи менман-ку, уларнинг садақасига муҳтожмидим?» деди. Абу Жаҳл: «Одамлар сени Абу Қуҳофа (Абу Бакр) олдига унинг таомини ейишга кирди, дейишяпти-ку, қариндошларинг ҳам шу фикрдалар», деди. Шунда Валид: «Йўқ, Аллоҳга қасам, энди Абу Қуҳофа ўғлига ҳам, Умарга ҳам, Абу Кабша ўғлига ҳам асло яқинлашмайман», деди (Авфий ривояти).
فَقَالَ إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ يُؤْثَرُ {24}
24. Ва айтди: «Бу -- сеҳрдан ўзгаси эмас»;
Бу гумроҳ кимса шундан кейин қавми олдидаги обрўсини йўқотмаслик учун Қуръонга ишонмаслигини айтди. Муҳаммад (алайҳиссалом) айтаётган сўзлар сеҳрдан бошқа нарса эмас, дейишгача борди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу суранинг 11-26 оятларини туширди.
إِنْ هَذَا إِلَّا قَوْلُ الْبَشَرِ {25}
25. «инсон сўзининг ўзгинасидир».
У: «Муҳаммад бизга айтаётган сўзлар сеҳрдан бошқа нарса эмас, сеҳр бўлганда ҳам инсон сўзининг ўзгинасидир», деди. Мужоҳид айтади: «Валид ибн Муғийра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда Абу Бакр билан бирга кўп бўларди. Ҳатто Қурайш уни Исломга кирдимикин, деб ўйлаб қолди. Бир куни Абу Жаҳл унга: «Сен Муҳаммад ва Абу Куҳофа ўғли (Абу Бакр Сиддиқ) олдига бориб, таомларидан ер экансан», деди. Шунда Валид қурайшликларга: «Сизлар аслзода ва ақлли кишиларсиз, Муҳаммадни мажнун деяпсизлар, унинг бирор марта бўлса ҳам мажнунлик ё коҳинлик қилганини кўрганмисиз?» деди. Улар: «Йўқ!» дейишди. «Уни шоир деяпсизлар, бирор марта шеър айтганини кўрганмисиз?» деди. Улар: «Йўқ!» дейишди ва: «У ҳолда ким у?» деб сўрашди. «У фақатгина сеҳргардир, айтаётган нарсалари сеҳрдан бошқа нарса эмас», деди» (Али ибн Аҳмад Найсобурий, «Асбабун-нузул», Тошкент, 2009 йил, 389-бет).
سَأُصْلِيهِ سَقَرَ {26}
 26. Уни тез дўзахга соламан.
Ояти каримадаги Сақар дўзахнинг номларидан биридир. Аллоҳ таоло осийларни Сақар исмли дўзахга соладиган муҳлат жуда тез келади. Баъзи ривоятларга кўра, сақар инсонларга беш юз йиллик масофадан яққол кўриниб турувчи азоб жойидир. У гуноҳкорларни одамзот тасаввур ҳам қилолмайдиган қаттиқ ва аламли азоб-қийноқлар билан жазолайдиган даҳшатли жойдир. Унинг қандай сифат ва кўринишда эканини ҳатто Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари ҳам била олмайди, фақат Парвардигорнинг Ўзи билади.
وَمَا أَدْرَاكَ مَا سَقَرُ {27}
27. (Эй Муҳаммад), дўзах қандайлигини билмайсиз.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, сиз сақар нималигини билмайсиз. Сақар шундай жойки, у инсоннинг на қони, на гўшти, на суяги, на териси, ҳеч нарсани қолдирмай куйдириб битиради. Кейин азобни янгилаш учун у олдинги ҳолатига келтирилиб, қийноқлар яна янгидан бошланади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Аллоҳга қасам, инсоният дўзахдан кўра даҳшатлироқ нарса билан огоҳлантирилмаган», деган.
لَا تُبْقِي وَلَا تَذَرُ {28}
28. У шафқат қилмайди ҳам, қолдирмайди ҳам.
Сақар номли дўзах шунчалик шафқатсизки, гуноҳкордан ҳеч бир аъзосини қолдирмай батамом куйдириб ташлайди. Унинг қийноқ-азобларидан бирор жонзот қутула олмайди, ҳеч кимни омон қолдирмайди. Сақар узра жуда баҳайбат ва қаттиққўл забониялар (дўзах соқчилари) бўлишади. Улар табиатида раҳм-шафқат, меҳрибонлик деган тушунчалар бўлмайди. Улар кофир ва осийларга жуда қўпол, тўнг муомала қиладиган Аллоҳнинг содиқ ва итоаткор хизматчиларидир.
لَوَّاحَةٌ لِّلْبَشَرِ {29}
29.  У терини куйдиради.
Оятдаги «башар» сўзи инсон ва тери маъноларини англатгани учун муфассирлар ушбу оятни икки хил таъвил қилишган: Сақар номли дўзах одамларнинг терисини қаттиқ куйдириб, жизғанагини чиқариб ташлайди. Иккинчи маъносига кўра, дўзахийларга дўзах узоқдан аниқ кўриниб турувчи нарсадир. Бу ояти карима терини куйдиришга эътиборни бежизга қаратмаяпти. Маълумки, инсон терисининг уст қисмида оғриқ сезувчи асаб толалари жойлашган экан. Шунинг учун санчқи (укол) нинасини санчганда у терининг уст қисмидан ўтишда оғритади, ичкарироққа киргач эса оғриқ унча сезилмайди. Қиёматда гуноҳкорларни қаттиқроқ азоблаш учун улар терисининг бир қавати куйиб бўлгач, Аллоҳ таоло амри билан улар териси қайтадан янгиланади ва азоб яна бошқатдан бошланади. Аллоҳ таоло айтади:  «Оятларимизга куфр келтирганларни албатта дўзахда куйдирамиз. Терилари куйиб битгач азобни кучайтириш учун териларини янгилаймиз. Аллоҳ албатта қудратли ва ҳакимдир» (Нисо, 56). Ҳасан Басрий айтадилар: «Дўзах кофирларни ҳар куни етмиш минг марта еб тугатади. Ҳар еб тугатганида уларга: «Олдинги ҳолингизга қайтинглар», дейилади. Кейин улар олдин қандай бўлса, (янги азоб) учун яна шундай ҳолатга қайтишади».
عَلَيْهَا تِسْعَةَ عَشَرَ {30}
30. Устида ўн тўққиз фаришта.
Ушбу оятда дўзах устида ўн тўққиз фаришта қўйилган, дейиляпти. Нега айнан ўн тўққизта? Барро ибн Озибдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир гуруҳ яҳудийлар саҳобаларни мот қилиш учун улардан: «Пайғамбарингиз дўзахга кирадиганларни жазолайдиган фаришталар сонини биладими?» деб сўрашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни чақиртириб, икки кафтларини бир-бирига уриб кўрсатганлар, иккинчи уришда битта бармоқларини букканлар. Яъни, ўн тўққизта, деганлар (Имом Байҳақий, Ибн Мардавайҳ ривояти). Имом Фахриддин Розий буни инсон вужудидаги ўн тўққиз куч-талант, салоҳиятга йўяди. Агар улардан тўғри фойдаланилса, инсонни руҳий камолотга эриштиради, нотўғри ишлатилса, ҳалокатга олиб боради.  
Қуръони каримда ўн тўққиз рақами билан боғлиқ бир неча мўъжизалар келган. Илоҳий Каломнинг бу сирини орадан ўн тўрт аср ўтиб айрим Ислом олимлари кашф этишга муяссар бўлишди. Улар Қуръони каримда «ўн тўққиз» рақамининг мўъжизавий сирлари борлигини аниқлашди. Халифа Рашод «19 сони нима дейди?» мақоласида бундай ёзади: «Маълумки, Қуръони карим «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» ояти билан бошланади. Бу оятдаги арабий ҳарфлар сони ўн тўққизтадир. Ундаги калималар ҳам бевосита ўн тўққиз рақамига боғлиқдир: «исм» сўзи Қуръонда 19 марта келади; «Аллоҳ» лафзи жами 2698 марта такрорланади ва бу ўн тўққиз сонининг 142 га кўпайтмасига тенг; «Раҳмон» сўзи 57 марта учрайди ва бу ўн тўққизнинг учга кўпайтирганига тенг; «Раҳим» сўзи 114 марта такрорланади ва бу ўн тўққизнинг олтига кўпайтирилишига тенг. Дарвоқе, Қуръондаги жами суралар сони ҳам 114 та, 19Х6 =114. Эҳтимол, кимдир рақамлар мўъжизасини тасодифга йўяр? Аммо фикр қилайлик: бу ҳолат бир, икки, жуда нари борса уч марта учраса, тасодиф дейиш мумкиндир. Ҳолбуки, ўн тўққиз сонига алоқадор жиҳатлар кетма-кет ва бениҳоя кўп маротаба кўрилса, зиғирдек инсофи бор киши бу ҳолни кўр тасодифнинг қўлига бериб қўймайди» («Ҳидоят», 2001 йил, 2-сон, 19-бет). «Қуръонда «Бисмиллоҳ» каломи ҳар бир сура бошланишида, 114 марта ўтади (114:19=6). Лекин Тавба сурасида «Бисмиллоҳ» келмаган. Бу «йўқолган» Бисмиллоҳ Намл сурасининг 29-ояти бўлиб келган. Ана шу далилларнинг ўзиёқ Қуръони карим башар сўзи эмас, Аллоҳ таолонинг ақлларни лол қолдирувчи (мўъжиз) каломи эканига исбот эмасми?» (Холуқ Нурбоқий. «Қуръони каримнинг илмий мўъжизалари», Тошкент, 2002, 24-бет). Бундан ташқари, Қуръони каримда ўн тўққиз рақами билан боғлиқ жуда кўп математик кашфиётлар ҳам бор: масалан, биринчи бўлиб тушган Алақ сурасининг дастлабки беш ояти ўн тўққизта сўздан иборат бўлган; Юсуф сурасида ўн тўққизта шахс зикр қилинган ва булар инсондаги ўн тўққиз хусусиятни тамсил этади; Қуръондаги айрим суралар бошида келган алоҳида, кесик ҳарфлар (ҳуруфи муқаттъот) ҳам ўн тўққизга боғлиқ ва ҳоказо.

وَمَا جَعَلْنَا أَصْحَابَ النَّارِ إِلَّا مَلَائِكَةً وَمَا جَعَلْنَا عِدَّتَهُمْ إِلَّا فِتْنَةً
لِّلَّذِينَ كَفَرُوا لِيَسْتَيْقِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَيَزْدَادَ الَّذِينَ آمَنُوا إِيمَاناً
وَلَا يَرْتَابَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ وَالْمُؤْمِنُونَ وَلِيَقُولَ الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِم مَّرَضٌ
وَالْكَافِرُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَذَا مَثَلاً كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَن يَشَاءُ وَيَهْدِي
مَن يَشَاءُ وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إِلَّا هُوَ وَمَا هِيَ إِلَّا ذِكْرَى لِلْبَشَرِ {31}
31. Биз дўзах қўриқчиларини фаришталардан қилганмиз. Уларнинг саноғи ҳам кофирларни синаш учун. Аҳли китоблар ишонишлари, мўминларнинг имони зиёда бўлиши учун. Китобийлар ва имон келтирганлар шак-шубҳага бормасликлари учун. Дилида хасталик борлар ва куфр келтирганлар: «Аллоҳ бу мисол билан нимани хоҳлайди?» дейишлари учун. Шу тариқа Аллоҳ хоҳлаганини адаштиради, хоҳлаганини ҳидоятга бошлайди. Парвардигорингиз аскарларини Унинг Ўзидан бошқаси билмайди ва у одамларга фақат эслатмадир!
Аллоҳ таоло айтяптики, Биз куфр ва ширкка ботганларни қаттиқроқ азоблаш учун дўзахдаги қўриқчиларни ўта қаттиққўл, тошбағир фаришталардан тайинлаганмиз. Уларнинг саноғи ўн тўққизта бўлишининг ҳам бир неча сабаблари ва ҳикматлари бор. Биринчидан, бу кофирларни синаш, Қурайш мушрикларининг даъволарига раддия учун. Мушриклар раҳнамоси Абу Жаҳл: «Эй Қурайш жамоаси, нега мусулмонларнинг адабини бериб, мағлуб қилиб ташламайсизлар, Муҳаммаднинг аскари бор-йўғи ўн тўққизта экан, наҳотки ҳар ўнтангиз улардан биттасини енга олмасанглар?» деб хитоб қилганида ушбу оят тушган. Жоҳиллар Аллоҳ таолонинг қудратли фаришталаридан биттасига бутун бошли ўрду (лашкар) тенг келолмаслигини билишмасмикин? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна Аҳли китоблар, яъни Таврот ва Инжил туширилганларнинг охирги Пайғамбарга ишонишлари, мўминларнинг эса имонлари янада зиёда бўлиши учун фаришталар сони шунча бўлишини ихтиёр этган. Яна китобийлар ҳам, мўминлар ҳам турли шубҳаларга бормасликлари, воқеъликда рўй берувчи турли ҳодиса ва мушкулотлар олдида иккиланмасликлари учун фаришталарни шунча қилган. Дилида хасталик борлар, яъни мунофиқлар, шубҳа-гумонлари қайнаб-тошиб, ширк ва куфр касалига йўлиққанлар: «Аллоҳ бу ғаройиб саноқлар билан нимани ирода қилган экан?» деб ўйлашлари учун фаришталарни ўн тўққизта қилди. Осийларнинг мақсади аслида илоҳий Каломни инкор қилиш, унинг Аллоҳ ҳузуридан келганини ёлғонга чиқариш, холос. Оятдаги «фитна» сўзи бу рақамлар йўлдан адашганларни янада фитналантириш учунлигига далолатдир. Мана шундай йўллар билан Аллоҳ азза ва жалла хоҳлаган бандаларини тўғри йўлга йўллаб қўяди, хоҳлаганларини ҳақ йўлдан адаштириб, залолат ботқоғига отади.
Ибн Исҳоқ бундай ёзади: «Мен ривоятининг тўғрилигидан шубҳаланмаган бир кимса Абу Саъид Худрийдан ривоят қилиб, менга шуларни айтди: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитганман: «Байтул-Мақдисдан бўшаганимда Меърож нарвонини келтирдилар, мен ҳаргиз ундан яхшироқ бошқа нарса кўрмаганман. У шундай нарсаки, ўлганларининг руҳини топширар чоғда кўзларини ўша ерга тикади. Дўстим (Жаброил) мени юқорига чиқарди. Мени «Ҳафаза эшиги» деб номланувчи осмон эшикларидан бири олдига олиб келди. Унинг олдида Исмоил номли фаришталардан бири бўлиб, амри остида ўн икки минг фаришта, ҳар бир фариштанинг амри остида яна ўн икки минг фаришта бор экан (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни ушбу ҳадисни зикр қилганларида «Аллоҳнинг аскарларини Ўзидан бошқаси билмас», дедилар). Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг қалблар, руҳлар ва оламлардан иборат нарсалари ичида шундай аскарлари борки, унинг ҳақиқати, адади ва тафсилотларини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Булар инсонларга бир эслатмадир.

كَلَّا وَالْقَمَرِ {32}
32. Ойга қасам.
Ҳар қачонгидай, Аллоҳ таоло муҳим ҳақиқатларни зикр қилишдан олдин бандалар кўз ўнгидаги турли нарсаларга қасам, дейди. Бу гал осмонда нур сочиб турган Ойга қасам, демоқда. Аллоҳ таоло қасам билан огоҳлантиряптики, Аллоҳ оятларига ишонмай, уларни ёлғонга чиқараётган кўрнамаклар қилмишига тезда тавба қилиб, ҳақ йўлга кирсин. Шарафли нарсаларга қасам дейиш орқали уларни огоҳлантираманки, акс ҳолда уларни дўзахнинг чидаб бўлмас азоблари кутиб турибди. Ойга қасам, дейилишини яна муфассирлар шундай тафсир қилишади: Ой – инсон кўзига кўринадиган сайёраларнинг энг чиройлиси ва жозибалиси. Одатда гўзал юзларни Ойга ўхшатишади. Аммо Ой тунда ҳукмронлик қилса ҳам, унинг  нурлари Қуёш шуъласининг акси, холос: бу нурларда иссиқ ҳам, ҳаётий қувват ҳам йўқ. Шу каби Аллоҳ яратган нарсалардан паноҳ қидираётган кимсалар руҳий зулумотда адашишга маҳкумдирлар, чунки нур ва ҳаётнинг асл манбаи Аллоҳнинг Ўзидадир, фақат Унинг Ўзидадир!
وَاللَّيْلِ إِذْ أَدْبَرَ {33}
33. Ва чекинаётган тунга қасам.
Кечаси билан дунёда ҳукмрон бўлиб турган тун аста-секин чекинади ва ўрнини оппоқ тонгга бўшатиб беради. Аллоҳ таоло борлиқдаги шу ҳолатга қасам, демоқда.
وَالصُّبْحِ إِذَا أَسْفَرَ {34}
34. Ва отаётган тонгга қасам.
Энди оқариб келаётган тонгга қасам, дейилмоқда. Аллоҳ таолонинг юқоридаги уч нарса: ойга, чекинаётган тунга ва отаётган тонгга қасам, дейишининг чуқур ҳикмати бор. Муфассирлар айтишича, бу уч нарсани Аллоҳ таоло яратган борлиқдаги ҳамма нарса унинг яратиш ҳикматига далолат қилишига мисол қилиш мумкин. Тунда ой чиқиб турган бўлса-да, барибир тун зулматини тўла ёрита олмайди. Тун эса маълум муддатдан сўнг барибир ўрнини оппоқ тонгга бўшатиб бериши керак. Инсонлар кўз ўнгида ҳар куни бехато алмашиб турадиган бу манзара Аллоҳ таоло буюк қудратининг далилларидандир. Баъзи муфассирлар зулматли осмонда турган тўлин Ойни инсониятга олдин юборилган китобларга қиёслашади, туннинг чекиниши ва тонгнинг оқариб, Қуёш бутун оламни чароғон қилишини эса инсонларга Қуръони карим индирила бошлаганига ўхшатишади.
إِنَّهَا لَإِحْدَى الْكُبَرِ {35}
35. У далилларнинг буюгидир;
Дўзах ва ундаги аламли қийноқлар Аллоҳ таоло инсонларга юборган далилларнинг энг каттасидир. Муфассирлардан Абу Ҳайён (раҳматуллоҳи алайҳ) ёзади: «Аллоҳ таоло ой, чекинаётган тун ва отаётган тонг ила уларни шарафлаш учун, буларда содир бўладиган ажойиботлар Ўзининг қудрати ва азаматига далил экани ва уларни яратиш фақат Ўзидан эканига ишора қилиш учун қасам, деган» (Ал-Баҳрул муҳийт», Қоҳира, 8-жилд, 85-бет).
نَذِيراً لِّلْبَشَرِ {36}
36. одамларга огоҳлантирувчидир;
Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбарлари бутун инсоният тарихи давомида Одам наслини қиёмат, ўлим, дўзахдаги азоб, охират жазоси билан огоҳлантириб келди. Аммо жуда оз кишиларгина бундан ибратланишди, насиҳатни олишди. Қолган кўпгина инсонлар Аллоҳнинг ва пайғамбарларнинг қўрқитишлари, огоҳлантиришларни эътиборга олмади, Ҳақ йўлга бурилмади. Оқибатда уларнинг «насиба»си дўзахга тушиш ва абадий азоб-қийноқларга гирифторлик бўлди.
لِمَن شَاء مِنكُمْ أَن يَتَقَدَّمَ أَوْ يَتَأَخَّرَ {37}
37. илгариловчи ёки чекинувчисига.
Оятдаги «ятақоддама», яъни илгарилаб кетувчи, пешқадам ҳамда «ятааххора», яъни секинлаб ортда қолган, чекинувчи сўзларини муфассирлар турлича шарҳ қилишган. Баъзилари «илгариловчилар» тақводорлар, ибодатда пешқадамлардир, «чекинувчилар» эса Аллоҳ раҳматидан умидини узган кофирлар, дейишган. Айрим муфассирлар фикрича, инсонларнинг баъзилари ҳамма ишда ғайрат-шижоат кўрсатиб, бошқалардан ўзиб кетади, баъзилари имиллаб, ҳаммадан орқада қолиб кетади. Бу икки тоифа учун ҳам маълум хатар бор: чунки Аллоҳнинг ваҳийлари ҳаммага бирдай қаратилган, уни бажаришда шошқалоқлик ҳам, имиллаш ҳам бирдай зарардир. Шунинг учун мўътадил бир йўлни танлаб олиш керак. Бошқа муфассирлар эса бундай дейишади: эй инсонлар, орангизда яхшилик ва тоат-ибодат қилиш томонга илгарилаётган пешқадамлар ҳам, куфру исён томонга чекинаётганлар ҳам борки, дўзах уларни огоҳлантирувчи улкан бир балодир. Ҳузайфа бундай дейди: «Ҳар куни эрталаб ва кечқурун бир нидо қилувчи (жарчи): «Эй инсонлар, отланинглар, отланинглар!» деб жар солади. Муддассир сурасининг ушбу оятлари бунинг тасдиғидир: «У далилларнинг буюгидир, одамларга огоҳлантирувчидир, пешқадамига ё ортда қолувчисига ҳам». Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу): «Ким шошилмаётган экан, бунда яхшилик бор, аммо охират учун қилинадиган яхши амаллар бундан мустаснодир», деганлар. Мунзир ибн Саълаба ал-Абдий айтади: «Молик ибн Динорнинг ўзига ўзи бундай деяётганини эшитганман: «Ҳолингга вой, ўлим келишидан олдин шошил! Ҳолингга вой, ўлим келишидан олдин шошил!». У бу лафзни ўттиз марта такрорлади. Мен уни тинглаб турардим, у мени кўрмасди».
كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ رَهِينَةٌ {38}
38. Ҳар бир жон қилмишига масъулдир.
Ҳар бир жон, инсон дунё ҳаётидаги ҳар бир амали, сўзи, қилмиши, савоб-гуноҳлари учун қиёматда масъулдир. Аллоҳ таоло бундай ваъда берган: «Парвардигорингиз номига қасам, албатта уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш-амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр, 92-93). Қиёмат қоим бўлгач, ҳар бир банда битта-битта ушланиб, сўроққа тутилади. Аллоҳ таоло уларнинг оз ва кўп, очиқ ва яширин амалларини ҳисоб-китоб қилади. Уларнинг кўз-қулоқлари, қўл-оёқлари, барча аъзолари гувоҳликка ўтади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, банда Парвардигори билан юзма-юз қилинади. Аллоҳ таоло ундан: «Сени жонзотларнинг энг мукаррами ва саййиди қилмаганмидим? Сени ҳалол жуфтинг билан қўшмаганмидим? От, туяларни сенга бўйсундирмаганмидим?» деб сўрайди. «Ҳа, шундай!» дейди банда. «Менга албатта юзма-юз бўлишингни ўйлаганмисан?» деб сўрайди Парвардигор. «Йўқ», дейди бандаси. Шунда Аллоҳ азза ва жалла бандага: «Мени унутганинг каби Мен ҳам сени унутдим», дейди» (Имом Муслим ривояти).
إِلَّا أَصْحَابَ الْيَمِينِ {39}
39. Ўнг томон эгалари мустасно.
Қиёматдаги бу каби таҳдидли сўроқлардан Ўнг томон эгалари, яъни амалномалари (номаи аъмоллари) ўнг қўлидан бериладиганлар мустасно. Чунки булар жаннатийлардир. Улар дунё ҳаётида қилган яхши ишлари, солиҳ амаллари учун қиёматдаги савол-жавоб ташвишларидан озод этиладилар. Парвардигорлари уларга жаннатда инсон тасаввур ҳам қилолмайдиган турли неъматларни, бокира ҳур қизларни, роҳат-фароғатни тайёрлаб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: «Ўнг томон эгалари недир? Улар тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорларда, қуюқ соя остида, оқин сувлар бўйида, туганмас, мўл мевалар ёнида, баланд тўшалган кўрпачалар устидадирлар» (Воқеа, 27-34-оятлар).  
فِي جَنَّاتٍ يَتَسَاءلُونَ {40}
40. Улар жаннатда сўрашади;
Ўнг томон эгалари жаннатда гуноҳкорлардан уларнинг не кўйга тушгани ҳақида сўрашади. Ушбу оятдан жаннат ва дўзах эгаларининг ўзаро мулоқот қилишлари имконияти борлиги аён бўлади.
عَنِ الْمُجْرِمِينَ {41}
41. гуноҳкорлар ҳолидан:
Амалномалари ўнг томондан берилиб, мукофотига жаннат билан шарафланганлар дўзахийларнинг оғир аҳволига ачиниб, уларга савол беришади:
مَا سَلَكَكُمْ فِي سَقَرَ {42}
42. «Сизларни дўзахга нима киритди?»
Амалномалари ўнг томонларидан берилиб, жаннатийлик шарафига эришганлар гуноҳ аҳлидан «Сизларнинг дўзахга киришингизга нималар сабаб бўлди?» деб сўрашади. Улар кимгадир арзу дод қилишга имкон топилганидан дарров жавоб бера бошлашади.
قَالُوا لَمْ نَكُ مِنَ الْمُصَلِّينَ {43}
43. «Намоз ўқувчилардан эмасдик».
Гуноҳкорлар айтишяптики, бизлар дунё ҳаётида буюрилганига қарамай, намоз ўқимас, умуман ибодат қилмас эдик. Намоз динимизнинг имондан кейинги энг муҳим талабларидандир. «Улар ўзларидаги омонатларга ва берган аҳд-паймонларига риоя қилувчи кишилардир. Улар намозларини асрагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавсга меросхўр бўлувчи ворислардир». (Мўминун, 8-10). Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисларда бундай дейилади: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимаси, намозни адо этиш, Рамазон рўзасини тутиш, закот бериш, имкон ё қодир бўлганида Байтуллоҳни ҳаж қилиш». Расули акрамдан: «Қайси амал афзал (Аллоҳга севимлироқ) деб сўрашганида: «Вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 

وَلَمْ نَكُ نُطْعِمُ الْمِسْكِينَ {44}
44. «Мискинларга таом бермасдик».
Камбағал, фақир, муҳтож кишиларга таом бермаслик, яъни уларга ёрдам кўрсатмаслик, ҳолидан хабар олмаслик мусулмонларга ярашмайдиган ёмон хислат саналади. Аллоҳ таоло охират жазосини инкор этадиган кишини зикр этиб: «Мискинга таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир» (Моъун, 3) дейди. Мискин, ночорларга таом беришга тарғиб қилмайдиган кишининг охиратда насибаси бўлмагач, умуман таом бермайдиганнинг ҳоли нима бўларкин? Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Исломдаги қайси амал яхшироқ?» деб сўраганида у зот: «Овқат улашиб, одамларни таомлантиришинг ва таниган-танимаганга салом беришинг», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
وَكُنَّا نَخُوضُ مَعَ الْخَائِضِينَ {45}
45. «Беҳуда сўзлар ботқоғига шўнғигандик».
Гуноҳ аҳли яна дунёда беҳуда сўзлар ботқоғига шўнғишган. Пайғамбар алайҳиссалом бундай деганлар: «Қиёмат кунида гуноҳи кўп бўладиган киши дунёдалик вақтида аҳамиятсиз сўзни кўп сўзлаган кишидир» («Жавомеъул калим»). Бундай беъмани, фойдасиз сўзларнинг бари ботилдир. Шунинг учун ундан халос бўлиш йўли фақат дин ва дунёдаги муҳим ишларгагина аҳамият бериш билан чекланишдир.  Билол ибн Ҳорис айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Албатта киши Аллоҳ розилигидан бир калимани гапирадики, бунинг сабабидан етадиган жойига етишини ўйлаб ҳам кўрмайди. У билан Аллоҳ унга қиёматгача Ўз розилигини ёзади. Ва албатта бир киши Аллоҳнинг ғазабидан бир калимани гапирадики, бунинг сабабидан етадиган жойига етишини ўйлаб ҳам кўрмайди. У сабабдан Аллоҳ унга қиёмат кунигача Ўз ғазабини ёзади». Алқама: «Билол ибн Ҳориснинг ҳадиси мени қанча гапдан тийиб қўйди», дейдилар. Пайғамбар (алайҳиссалом) айтадилар: «Албатта бир киши суҳбатдошларини кулдирадиган калималарни гапиради ва у сабабидан Сурайёдан ҳам узоққа йиқилади». Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Албатта киши парво қилмасдан бир сўз гапиради ва шу сабаб жаҳаннамга йиқилади. Ва албатта киши парво қилмасдан бир сўз гапиради ва у сабаб Аллоҳ уни жаннатнинг олий даражаларига кўтаради». Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Қиёмат куни одамларнинг энг катта хатокори ботилга энг кўп шўнғиганидир». Бунга Аллоҳ таолонинг юқоридаги оятида ишора бордир. Салмон айтадилар: «Одамларнинг қиёмат куни гуноҳи кўплари Аллоҳнинг маъсиятида каломни кўпайтирганларидир». Ибн Сирин айтадилар: «Ансорлардан бир киши бир мажлисдан ўта туриб уларга дердилар: «Таҳорат қилинглар. Чунки гапирган айрим гапларингиз ҳадасдан (яъни, таҳоратсизликдан) кўра ёмондир».
Бу айтилганлар ботилга шўнғиш ҳақида. Ғийбат, чақимчилик, уятсиз сўзларни сўзлаш, бировларни ҳазил-мазах қилиш кабилар ҳам шундай ботиллар жумласидандир. Бунга яна бидъатлар ва бузғунчи мазҳаблар тўғрисидаги ҳикоялар, саҳобаларнинг урушларида содир бўлган, уларнинг айримлари ҳақида нотўғри тушунча туғдирадиган қиссалар ҳам кирадики, буларнинг барчаси ботилдир. Буларни сўзлашга киришиш ботилга шўнғишдир. Аллоҳдан лутфи ва карами боис чиройли мадад сўраймиз.
وَكُنَّا نُكَذِّبُ بِيَوْمِ الدِّينِ {46}
46. «Қиёмат кунини ёлғонга чиқаргандик»;
Осий-гуноҳкорларнинг дўзахга тушишларига сабаб бўлган нарсаларнинг яна бири уларнинг то вафот этиб Ҳашр майдонига тўплангунларича қиёмат кунини ёлғонга чиқарганлари, бу кун келишини инкор қилганларидир. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларни огоҳлантирган эди: «Одамларга ҳисоб-китоблари яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, юз ўгиришади. Уларга Парвардигорлари томонидан бирор янги оят-эслатма келганида улар буни масхара қилиб, диллари ғофил ҳолда тинглашди» (Анбиё, 1-2). Охиратга, яъни қиёматнинг келишига, ўлгандан кейин яна қайтадан тирилиб, Парвардигор ҳузурида тўпланишга ишониш имоннинг асосий шартларидандир. Аммо кўпгина гумроҳ бандалар Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбари тинмай огоҳлантирганига қарамай, кибр ва ғурурлари туфайли буни инкор қилишади. Юқоридаги тўрт оятда Аллоҳ таоло инсонларни дунё ҳаётида сақланишлари лозим бўлган гуноҳ ишлардан қайтармоқда. Булар: намозни тарк этиш; мискинларга таом бермаслик, яъни закот бериш, ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаш; бемаъни, ботил сўзларни кўп айтиш; қиёмат ва ўлгандан кейин тирилишга ишонмай, буларни инкор қилиш. Инсон дўзахда азобланмайин деса, бу гуноҳлардан сақланиши лозим.
حَتَّى أَتَانَا الْيَقِينُ {47}
47. «ўлимимиз келгунича».
Осийлар то ўлимлари етиб келмагунича қиёмат кунига ишонмай, уни ёлғонга чиқаришди. Ўлимлари келгандан кейингина ишлар тамоман бошқачалигини, ўзларига Аллоҳ таолонинг ваҳийларини келтириб, қиёмат кунинг азобларидан огоҳлантирган Пайғамбарнинг ёлғончи эмаслигига ишонишади. Аммо энди кеч! Ўлишдан кейин қайта тирилишнинг муҳим ҳикмати бор. Модомики, дунёга келган эканмиз, унда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳ таолонинг буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик, итоатсизлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўлади. Охиратдаги саодатли ва осойишта ҳаёт бу дунёда қилган амалларимизга, савобли ва яхши ишларимизга боғлиқ. Қуръони каримда: «Биз сизларни ердан яратдик, яна унга қайтарамиз ва сизларни яна бир бор ундан чиқарамиз», дейилган (Тоҳа, 55). Буни инкор қилиш Қуръонни инкор қилиш, демакдир. Бу эса очиқ куфрдир.
فَمَا تَنفَعُهُمْ شَفَاعَةُ الشَّافِعِينَ {48}
48. Энди уларга шафоатчилар шафоати фойда бермайди.
Қиёмат куни гуноҳ аҳлига ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди, яъни уларнинг гуноҳини кечишни Аллоҳдан сўрай олмайди. Пайғамбарлар ва солиҳ кишилар (авлиё, уламо ва зоҳидлар)нинг Аллоҳ таоло изни билан шафоат қилишлари, яъни гуноҳкорларнинг гуноҳларидан ўтишни Аллоҳ таолодан сўрашлари ҳақдир. Бунга ишониш Аҳли сунна вал жамоа ақидасидандир. Шафоат Аллоҳ таоло изни билангина, У берган изн чегарасида бўлади. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) шафоатлари мўмин ҳолида ўлган осий ва гуноҳкор мусулмонларга бўлажакдир. Имонсиз, куфр ва ширкка ботган ҳолда ўлган кимсаларга эса ҳеч ким шафоатчи бўла олмайди. Уларга ҳеч бир шафоатчининг оқлови ёрдам бермайди. Аллоҳ таоло уларни албатта дўзах билан жазолайди.
فَمَا لَهُمْ عَنِ التَّذْكِرَةِ مُعْرِضِينَ {49}
49. Нега улар Эслатмадан юз ўгиришади?
Дўзах ва унинг азобларидан шунчалик қўрқишар экан, унда Аллоҳ таоло юборган Эслатмадан, яъни Қуръондан нега юз ўгиришади? Нега унинг оятларини ёлғонга чиқариб, инкор қилишади? Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг сўнгги Пайғамбари уларни қиёмат даҳшатларидан, охиратдаги ҳисоб-китоблардан вақтида огоҳлантирган эди-ку! Аллоҳ таоло айтади: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унга танг, бахтсиз ҳаёт бўлади ва Биз уни қиёмат куни кўр ҳолида тирилтирамиз. У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку?!» деганида, Аллоҳ: «Шундай эди, аммо Бизнинг оятларимиз келганида уларни унутдинг, бугун сен ҳам шундай унутилурсан», дейди» (Тоҳа, 124-126).

كَأَنَّهُمْ حُمُرٌ مُّسْتَنفِرَةٌ {50}
50. худди ҳуркиган эшакларга ўхшаб;
Арабларда бир нарсадан қаттиқ қўрқиб, ундан қочиш пайига тушиб қолган кимсалар шерни кўриб қолганида олди-кетига қарамай тумтарақай қочган ёввойи эшакларга ўхшатилади. Араблар умуман гап уқмас, қайсар одамларни ҳам эшакка тенглашади.
فَرَّتْ مِن قَسْوَرَةٍ {51}
51. шердан қочган.
Осийлар худди шер келиб қолганида қўрққанидан шаталоқ отиб қочиб қолган эшакка ўхшаб нега Аллоҳнинг ваҳийларини эшитишдан қочишяпти? Арслон наърасини эшитганида ҳар томонга тартибсиз қочган эшаклар каби нега улар Қуръонни, Пайғамбарнинг ваъз-насиҳатларини эшитишдан қочишяпти. Ахир Аллоҳ таоло уларнинг охиратдаги саодатини ирода қилиб, инсонларни ҳидоятга бошлайди, уларга Қуръони карим оятлари орқали ҳақ йўлни кўрсатади.
بَلْ يُرِيدُ كُلُّ امْرِئٍ مِّنْهُمْ أَن يُؤْتَى صُحُفاً مُّنَشَّرَةً {52}
52. Балки ҳар бири ўзига равшан саҳифа берилишини истар?!
Маккалик мушрикларнинг худбинлигини қаранг! Улар ўзларига ҳам Муҳаммад алайҳиссаломга туширилгани каби битик-саҳифалар туширилишини хоҳлашяптими? Абу Жаҳл бошлиқ Макка мушриклари «Сизларга Муҳаммадни элчи қилиб жўнатдим» деб ёзилган саҳифанинг ўзларига ҳам туширилишини талаб қилиб чиқишди. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) айтадилар: «Мушриклар: «Агар Муҳаммад рост айтаётган бўлса, ҳар биримизга унинг поклиги ва дўзахдан омон қолгани ҳақида саҳифалар туширилсин», дейишди». Уларнинг бу истаги ҳақиқатни топиш эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбарини тан олмаслик, унга ишонмаслик йўлидаги бир найранг эди, холос. Агар Аллоҳга имон келтиришганида, Унинг элчиси келтирган ваҳийларга ишонишар эди. Агар уларда озгина инсоф ва диёнат бўлганида Аллоҳни танишда Пайғамбарнинг ваъз-насиҳати уларга кифоя қилган бўларди.

كَلَّا بَل لَا يَخَافُونَ الْآخِرَةَ {53}
53. Йўқ, улар охиратдан қўрқишмайди.
Ваҳоланки, бу гумроҳ кимсалар охиратдан қўрқмагани учун ана шундай залолат ботқоғига ботган. Уларнинг имонсизлиги сабабини талабларининг бажарилмай қолганидан қидирмаслик керак. Улар охиратдан қўрқмагани учун ҳамма нарсани инкор қилади, ҳақни кўриб-билиб турса ҳам унга ишонмайди.
كَلَّا إِنَّهُ تَذْكِرَةٌ {54}
54. Балки бу бир Эслатмадир!
Қуръоннинг ўзи энг яхши эслатмадир. Эслатма бўлганида ҳам ҳамма нарсадан аъло, фақат ўзи кифоя қиладиган энг яхши эслатмадир. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръон Биз нозил қилган муборак эслатмадир. Ҳали сиз уни инкор қилувчимисиз?» (Анбиё, 50). Оқил ва инсофли кишиларга Қуръоннинг эслатиши, огоҳлантириши етарлидир. Бундай яхши инсонлар Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақ Каломига имон келтирган ҳолда унинг кўрсатмаларини оғишмай бажаришади ва охиратда улкан мукофотларни қўлга киритишади. Уни инкор этиб-ишонмаганлар эса Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига гирифтор бўлади.
فَمَن شَاء ذَكَرَهُ {55}
55. Хоҳлаганлар ундан эслатма олишади.
Аллоҳ таолодан қўрқувчи, Унинг амрида ҳамиша собит турувчи,  охират кунига қатъий ишонувчи, бутун ҳаётини Қуръони карим эслатмаларига мувофиқ тарзда олиб борувчи, дунё ҳаётини охират учун захира тайёрлаш манзили деб англовчи саодатманд кишиларгина Қуръони каримдан эслатма-насиҳат олишади.

وَمَا يَذْكُرُونَ إِلَّا أَن يَشَاءَ اللَّهُ هُوَ أَهْلُ التَّقْوَى وَأَهْلُ الْمَغْفِرَةِ {56}
56. Агар Аллоҳ хоҳласагина ундан эслатма олишади. У қўрқишга ва мағфират сўрашга муносибдир.
Улар Аллоҳ таоло хоҳласагина Қуръонга ишониб, ундан насиҳат, ибрат олишади. Аллоҳ таоло ҳеч қачон бандаларига зулм қилмайди. Тақводор, итоатли ва мўмин бандаларини имон билан шарафлаб, уларга ҳидоят йўлини кўрсатиб қўяди. Итоатсиз, осий, гумроҳ бандаларини эса залолатга йўллаб, уларни имон лаззатидан маҳрум қилади. Бундайлар ўзларидаги жоҳиллик, кибр, ҳасад каби иллатлари сабабли дўзахга равона бўлишади. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, амр-фармонларини бажариши учунгина халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун расулларини юборган, китобларини туширган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарганларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган. Аллоҳнинг буйруқларини инкор этган, расулларига итоатда бўлмаган, залолатга кетиб, куфр ва ширк йўлини танлаган кимсаларга эса охиратда аламли азоблар, дўзах қийноқлари борлиги хабари берилган. Мусулмон имони билангина бошқалардан ажраб туради. Имонгина уни олий мақомга чиқаради, саодатга элтади, дунё ҳаётидаги вазифасини белгилайди, охирати учун захира ҳозирлашга чорлайди. Инсон имони билангина барча махлуқларнинг гултожига айланади.
Имон инсоннинг дунё ҳаётидан охират манзилига йўл кўрсатувчи порлоқ маёғи, ҳар бир ишда ҳаракат дастури, барча амалларнинг дебочасидир. Имонсиз киши ўзини ҳар қанча покдомон, софдил, яхши фазилатли кўрсатмасин, инсоният равнақи йўлида қанчалик оламшумул ишларни бажармасин, Аллоҳ наздида чивин қанотича ҳам қадр топмайди, охират неъматларидан заррача насиба ололмайди. Фақат имонгина – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишга,  қадарга (барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билангина содир бўлишига) қатъий ишончгина инсониятни икки дунё саодатига эриштирадиган улуғ илоҳий неъматдир. Қўрқишга, мағфират сўрашга муносиб биргина Зот бор, у ҳам Аллоҳ азза ва жалладир. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги оятни тафсир қилиб, бундай деганлар: «Қудрати ва азамати улуғ бўлган Парвардигорларингиз сизларга: «Мен тақво қилинадиган Зотман, ким тақво қилса, Мендан бошқани илоҳ қилмайди. Гуноҳларни кечирувчиман, Мендан бошқа мағфират қилувчи йўқдир», деган» (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Насоий ривояти).


Орқага Олдинга