Маккада тушган, 52 оятдан иборат
Ушбу сура Маккада Мулкдан кейин тушган етмиш еттинчи сурадир, Мусҳафдаги ўрни олтмиш тўққизинчи. Номи биринчи оятдан олинган бўлиб, «ал-Ҳоққа» ҳақиқатан содир бўлувчи, муқаррар воқеълик маъноларини англатади ва бу қиёмат номларидан биридир. Ал-Ҳоққа ҳам барча маккий суралар каби ақида ва имон масалалари хусусида сўз юритади. Унда қиёмат кунининг ҳақлиги ва даҳшатлари, мўминларнинг амал китоблари ўнг қўлдан, гуноҳкор ва куфр келтирганларники эса чап томонларидан берилиб, ўзлари хору зор бўлишлари, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг илоҳий каломи экани, ширк ва куфр эгалари иддао қилаётгани каби уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўқиб чиқармаганлари, чунки у зот бу туҳматлардан йироқ, Аллоҳнинг танлаб олган омонатдор бандаси эканлари васф этилади. Сурада бундан олдин ўтган Од, Самуд, Лут, Фиръавн, Нуҳ қавмларининг итоатсизлик ва инкорлари туфайли учраган балолари, уларнинг оқибати нима билан тугагани эслатилиб, инсонлар охират ҳаётида қаттиқ азобга учрамаслик учун бунга ишониб, тайёргарлик кўришга чақирилади. Сурада Пайғамбар алайҳиссалом умматга етказаётган Қуръони карим Аллоҳнинг илоҳий Каломи, тақво эгалари учун насиҳат экани, у ишончга сазовор бўлмаган шоирлар шеъри ҳам, эътиборга эга бўлмаган фолбинлар тўқимаси ҳам эмаслиги таъкидланади.
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
الْحَاقَّةُ {1}
1. Ал-Ҳоққа.
Бу сўз луғатда «шубҳасиз ҳақиқат, муқаррар воқеълик, албатта бўладиган иш» маъноларини билдиради. «Ал-Ҳоққа» қиёмат номларидан биридир. Ҳақиқатан, қиёмат албатта содир бўладиган, келиши аниқ бўлган, бунга асло шубҳа қилинмайдиган муқаррар ҳақиқат кунидир. Бу кунда барча ёлғон ва алдовлар фош бўлади, пинҳон тутилган сирлар очилади, савоб-гуноҳлар тарозига қўйилади, адолатли ҳукм жорий бўлади, мутлоқ ҳақиқат қарор топади.
مَا الْحَاقَّةُ {2}
2. Ал-Ҳоққа недир?
«Ал-Ҳоққа» нимадир? У қиёмат номи бўлса, қиёмат қачон, қандай қилиб, қай кўринишда содир бўлади? Инсон буларга жавоб беролмайди, чунки қиёматнинг ҳақиқати ва сифатларини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди, ҳеч кимга бу борада билим ё далил берилмаган. Бу Аллоҳ таолонинг ғайбий (яширин) сирларидандир. Аммо инсонлар ўшал Куннинг даҳшатию оғир ҳолати, шиддатию ва қўрқинчли сифатлари ҳақида ўйламай ғафлатда юришибди. Буларни билишганида Аллоҳга итоатсизлик қилмаган, оғир гуноҳларга ботмаган, жаннат боғларидан дўзах оташини афзал кўрмаган бўлишар эди.
وَمَا أَدْرَاكَ مَا الْحَاقَّةُ {3}
3. (Эй Муҳаммад), Ал-Ҳоққанинг нималигини қаердан ҳам билардингиз!
Эй суюкли Пайғамбарим Муҳаммад (алайҳиссалом), «Ал-Ҳоққа»нинг нималигини билмайсиз, қаердан ҳам била олардингиз, ахир у махлуқот илми доирасидан ташқаридаги нарса-ку!
Аллоҳ таоло бу ерда Ўз Ҳабибини билмасликда айблаётгани йўқ! Балки қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш, жаннат ва дўзах, инсондаги руҳ, қабр ва барзах ҳаёти каби ғайбий нарсаларнинг илми ва сифатини фақат Ўзи билишини, бу ҳақда бандаларига умумий тушунчалардан ташқари кўп нарсани очмаганини таъкидламоқда. Яҳё ибн Салом (раҳматуллоҳи алайҳ): «Қуръонда «Вама адрока» (билмайсиз) деб келган ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўргатган ва билдирган, чунки булар Пайғамбар алайҳиссалом билмайдиган нарсалар эди», деган. Суфён ибн Уяйна ҳам шу маънода фикр айтган.
كَذَّبَتْ ثَمُودُ وَعَادٌ بِالْقَارِعَةِ {4}
4. Самуд ва Од «Қориъа»ни ёлғон дейишди.
Шу оятдан бошлаб Аллоҳ таоло Пайғамбарига итоат қилмай, у зот келтирган ваҳий-огоҳлантиришларни инкор этган, қиёмат, ўлгандан кейин қайта тирилиш каби хабарларга «олдингиларнинг афсоналари» деб ишонмай юрган Макка мушриклари ва куфр келтирганларга пайғамбарларни ёлғончига чиқарган қанча қавмларни ҳалок этгани ҳақида хабар беради.
Ояти каримадаги «Қориъа» қиёмат номларидан бири бўлиб, «қаттиқ қоқиш, бонг уриш, ғафлатдагиларни уйғотиш» маъноларини билдиради. Қуръони каримнинг 101-сураси шу ном билан аталган. Қиёмат инсонлар ва бошқа махлуқлар дунёсига қаттиқ эшик қоқиб, бонг уриб, бирданига келади. Ер юзидаги ҳаёт бир зумда тўхтайди, тартиб-низомлар бузилиб кетади, ҳамма нарса таг-туги билан остин-устун бўлади. Дунё ҳаётида қилинган ҳар бир амал, ҳар бир яхшилик ва ёмонлик адолат мезони билан ҳисоб-китоб қилинадиган даҳшатли Кун албатта келади. Икки дунё саодатини бой берган бадбахт Самуд ва Од қавмлари қиёматни ёлғон дейишди, пайғамбарлари огоҳлантиришларини ҳам назарга илишмади. Уларнинг оқибати нима билан тугаганини бир эсланг, эй маккаликлар! Ҳаммаларига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган балолар келиб, Ер юзидан йўқ қилиб юборилди. Нега бундай далиллардан ибрат олмайсизлар, кўзларингни очмайсизлар, ҳидоят йўлига ўтмайсизлар? Аллоҳ таоло уларни қаттиқ жазолаган бўлса, уларнинг қилмишларини қайтариб, сизлар омонда қоламиз, деб ўйлаяпсизларми?
فَأَمَّا ثَمُودُ فَأُهْلِكُوا بِالطَّاغِيَةِ {5}
5. Шунда Самуд қарсиллаган овоз билан ҳалок қилинди.
Ояти каримада зикри келган Самуд қавми ҳам Од каби Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига итоат этмаган ва охир-оқибат ҳалок бўлган. Самуд қавми Ҳижознинг Водил Қуро деган ерида яшаб ўтган. Олимлар тахминига кўра, «Қуръонда зикр этилган Ҳижр халқи билан Самуд қавми аслида бирдир. Чунки Самуд «Асҳоби Ҳижр» деб ҳам аталган. Олдинги пайғамбарлар олиб келган тавҳид динидан адашиб, ўзларига сохта «илоҳ»лар топиб олган бу қавмга Парвардигор Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Аммо саркаш қавм унга бўйсунмади. Солиҳ алайҳиссалом ҳурмати баланд, обрўли киши эди, қавми уни ҳурматларди. У инсонларни Ҳақ йўлга чақиришни бошлаши билан вазият ўзгарди. Қавм унга қаршилик кўрсата бошлади. Жуда озчиликкина Солиҳ алайҳиссаломга эргашди. Имон келтирмаган бой-бадавлат, аслзода кишилар пайғамбарга зулм ўтказишга уринишди. Аллоҳдан ва ҳазрати Солиҳнинг пайғамбарлигидан шубҳаланаётган қавмнинг бир қисми Солиҳ алайҳиссаломни очиқ-ойдин инкор этгани етмагандек, бошига келаётган бало-офатларга пайғамбар ва унга эргашганларни сабабчи қилиб, ҳазрати Солиҳни ўлдиришга Аллоҳ номи билан қасам ичди. Лекин улар режаси амалга ошмади: Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарини мушриклар фитнасидан асраб қолди. Солиҳ алайҳиссалом осий қавмни бир неча бор огоҳлантирди, ҳатто қайсар қавмни йўлга солиш учун Аллоҳ таолодан уларга бир мўъжиза келтиришни сўради. Шунда ҳам, озчиликни истисно қилганда, қавм имонга келмади. Ҳеч қандай панд-насиҳат кор қилмаётганини кўрган Солиҳ алайҳиссалом қавмига уч кундан сўнг ҳалок этилиши, шу муддат ичида тавба қилиб қолиши кераклиги хабарини берди. Аллоҳ таоло имон келтирмаган қавмни даҳшатли овоз билан ҳалок этди» («Ana Britannica», 19-жилд, 232-бет).
Ояти каримадаги «тоғия» сўзи «ҳаддан ошувчи, кучли овоз» маъноларини билдиради. Муфассирлар буни ҳаддан ортиқ кучли ҳайқириқ, чақнаган чақмоқ ва гулдираган момақалдироқ, шовқин билан бўлган даҳшатли зилзила, деб тафсир қилишади. Демак, имонга келмаган Самуд қавмини Аллоҳ таоло жуда қаттиқ азоби билан жазолаган.
وَأَمَّ عَادٌ فَأُهْلِكُوا بِرِيحٍ صَرْصَرٍ عَاتِيَةٍ {6}
6. Од эса даҳшатли бўрон билан ҳалок этилди.
Од Нуҳ алайҳиссаломнинг эвараси Авснинг ўғлидир, Авснинг отаси Эрам бўлган (Ибн Жарир Табарий). Тарихчи ва муфассирлар бу қавмни «Биринчи Од» ва «иккинчи Од» дея иккига ажратишган. Ҳазрати Ҳуд пайғамбар этиб юборилган қавм Биринчи Оддир. Олимлар ёзишича, «Од қавми яшаган жойлар Уммон ва Хазрамавт оралиғида, ҳозирги Ямандадир. Од қабиласининг ҳукмдори Шаддод исмли киши бўлиб, халқига ўзини Худо деб танитганди. Жаннатга қиёс қилиб бир боғ барпо қилдирган, унга «Боғи Эрам» деб ном ҳам қўйган эди» (Афиф Абдул Фаттоҳ Таббора. «Маъал анбиё фил-Қуръанил карим», Лубнон, 86-бет). Қуръони каримда: «Ҳақиқатан У олдинги Одни ҳалок этди», дейилган (Нажм, 50). Қуръони карим баёнига кўра, Од қавми муҳташам саройларга, беҳисоб мол-дунё, кўплаб чорва ҳайвонлари, ўхшаши йўқ боғларга, зилол сувли булоқларга эга эди. Шу сабабли у ғурур ва кибрга берилиб, бут-санамларга, ҳукмдор Шаддодга сиғинди. Ўзига зулм қилиб, Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари Ҳуд алайҳиссалом даъватларига қулоқ солмади. Ҳаддан ошиб, камбағал ва ночор кишиларга зулм ўтказа бошлади. Аллоҳ берган неъматларга шукр қилиш ўрнига куфрони неъматда бўлди, имонга келмади. Аллоҳ таоло қавмни огоҳлантириш учун жазо ўлароқ бир муддат ёмғирни тўхтатиб қўйди. Од фахрланадиган машҳур Эрам боғлари қуриб, йўқ бўлди. Ажойиб булоқларининг суви ерга сингиб кетди. Шунда ҳам нодон қавм имонга келиш ўрнига бутпарастлигидан кечмади. Аллоҳ уларни қаттиқ жазолади. Қавм яшаётган водийга қора булутларни юборди. Улар узоқ давом этган қурғоқчиликдан қутулдик, мана, ёмғирли булутлар ҳам келяпти, дея севинишди. Аммо қутурган, ўта совуқ, овози ва қўрқинчи даҳшатли бўрон ҳаммаларини ҳалок қилди.
«Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида бир қатор машҳур газеталар «Ҳашаматли араб шаҳри топилди», «Қумлар Атлантидаси – Убор» сарлавҳалари остида мақолалар эълон қилишди. Ўшанда бу топилмалар номининг Қуръони каримда зикр этилгани уларни ҳайратга солган эди. Чунки кўпчилик Од қавми ҳақидаги хабарни афсона деб биларди. Изланишлар натижасида мутахассислар юнон жуғрофия олими Птоломей (Батлимус) милоддан олдинги 200 йили чизган харитани топишди. Харитада ҳозирги Яманда жойлашган қадимий Убор шаҳри ва унга борадиган йўллар кўрсатилган эди» (Интернет материалларидан).
سَخَّرَهَا عَلَيْهِمْ سَبْعَ لَيَالٍ وَثَمَانِيَةَ أَيَّامٍ حُسُوماً فَتَرَى الْقَوْمَ فِيهَا صَرْعَى
كَأَنَّهُمْ أَعْجَازُ نَخْلٍ خَاوِيَةٍ {7}
7. Аллоҳ уни етти кечаю саккиз кундуз бетўхтов ҳукмрон қилиб қўйдики, қавмнинг тўнтарилган чирик хурмо дарахтлари каби чўзилиб ётганини кўрардингиз.
Аллоҳ таолонинг амри билан бу даҳшатли совуқ бўрон етти кечаю саккиз кун давом этди. Парвардигорнинг бу балосидан бирор тирик жон омон қолмади. Ҳамма ерда ўликлар худди танаси чириб, қулаган хурмо дарахтлари каби чўзилиб ётарди. Ҳуд алайҳиссалом ва унга имон келтирган мўминларгина бу фалокатдан қутилиб қолишди. Гуллаб-яшнаган водийда ҳувиллаган, кимсасиз уй-жойларгина кўзга ташланар эди.
فَهَلْ تَرَى لَهُم مِّن بَاقِيَةٍ {8}
8. Улардан бирортаси боқий қолганини кўрдингизми?
Аллоҳ таолонинг бало-офатларидан бирор жон қочиб қутула олмайди, яшаб қолмайди, жонини асраб қололмайди. «Ҳўлу қуруқ – баробар», дейилганидай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишилардан ташқари ҳаммани баробар жазолайди. Сабаби, гуноҳкорларни қилган маъсиятлари учун жазолайдиган бўлса, бошқаларни эса уларни ёмон ишлардан, итоатсизликдан қайтаришмагани учун азоблайди.
وَجَاء فِرْعَوْنُ وَمَن قَبْلَهُ وَالْمُؤْتَفِكَاتُ بِالْخَاطِئَةِ {9}
9. Фиръавн ҳам, ундан олдингилар ҳам, яксон бўлган шаҳардагилар ҳам гуноҳ қилишган эди.
Фиръавн Миср ҳукмдорларининг умумий номи бўлиб, тарихда бир неча фиръавнлар яшаб ўтган ва улар Юсуф, Яъқуб, Исҳоқ ва Иброҳим (алайҳимуссалом) динларида бўлишган. Аммо Мусо алайҳиссалом замонида ҳукмронлик қилган фиръавн Волий ал-Валид ибн Мусъаб (тарихий номи Рамзес Иккинчи) бошқаларига қараганда қалби қора, нияти бузуқ, эътиқодсиз, Бани Исроил қавмига нисбатан адовати кучли, ўта миллатчи ва ҳатто Худолик даъвосини қилган золим кимса эди. Бунинг устига унинг коҳинлари Бани Исроилда туғилажак бир бола уни ағдариши башоратини берганди. Шунинг учун жоҳил Фиръавн Бани Исроил қавмига қаттиқ адоват сақлаб, улар бошига кўп кулфат ва хунрезликлар солди («Тарихи Табарий», 1-жилд, 272-бет). Мусо алайҳиссалом фиръавн зулмидан Бани Исроилни ҳимоя қилганида, фиръавн қавмни қаттиқ қийноқ-азобларга солди, кўпларни қиличдан ўтказди. Охири юртдан бош олиб кетаётган қавмни ўлдириш ниятида таъқиб қилиб борганида Аллоҳ таоло фиръавн ва унинг лашкарини денгизга ғарқ қилди, Мусо алайҳиссалом етакчилигидаги Бани Исроилни қутқарди.
Фиръавндан олдин ўтган қавмлар ҳам куфри ва ширки, Аллоҳ таолога ва Унинг пайғамбарларига итоатсизлиги туфайли Унинг қаттиқ азоби ва жазосига гирифтор бўлишган. Масалан, пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этди, акс ҳолда ўзларини қаттиқ жазо кутаётгани ҳақида огоҳлантирди. Аммо гумроҳ қавм пайғамбарининг куйиб-пишиб қилган даъватларига қулоқ солмади, аксинча, уни ёлғончига чиқарди. Шунда улар Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийсига кўра, кучли тўфон ичра ғарқ қилиб юборилди. Од қабиласига пайғамбар этиб юборилган Ҳуд алайҳиссалом қабиладошларини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирди, турли бутларга сиғинишдан қайтарди. Лекин Од қавми куч-қудратига мағрурланиб, Ҳуд алайҳиссаломни калака қилди. Оқибат Аллоҳ уларга қаттиқ қурғоқчилик азобини юборди. Бунинг устига бепуштлик дардига дучор қилди. Од қавми шу тариқа ҳалокатга учраб, йўқ бўлиб кетди. Исёнкор Самуд қабиласи ҳам итоатсизлиги ва куфри учун умрида эшитмаган даҳшатли ва кучли қичқириқдан турган жойида тутдек тўкилиб, ҳалокат топди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам қавмини ёлғиз Аллоҳга сиғинишга, Унинг амрига итоат этишга даъват қилди, бутларни синдириб ташлади. Аммо жаҳолатга ботган қавм унга қулоқ солиш ўрнига Иброҳимни ўтда куйдиришга қарор қилди. Золим ва жоҳил қавмга катта азоблар юборилди, подшоҳ Намрудга эса тузалмас бош оғриғи берилиб, ўша билан жони олинди ва дўзахий бўлди.
Ояти каримадаги «муътафикат» сўзи «яксон қилинган, тўнтариб урилган» маъноларини англатади. Таги-туги билан яксон қилинган Садўм ва Ғамура шаҳарларида (ҳозирги Ўлик денгиз ўрнида) Лут алайҳиссалом қавми яшаб ўтган. Бу қавм бут-санамларга сиғинишдан ташқари ахлоқан бузуқлик, қароқчилик билан ном чиқарган эди. Бундан-да даҳшатлиси, энг жирканч одат – ливота (бесоқолбозлик) касалига мубтало бўлганди. Залолатга ботган қавмни ҳидоятга бошлаш учун Лут алайҳиссаломнинг барча ҳаракатлари бесамар кетди. Қавм тузалиш ўрнига баттар бузуқлик, жирканч ишларга рўжу қўяверди. Охири бузуқ қавм устига Аллоҳнинг балоси ёғилди. Шаҳар бир кечада остин-устун бўлиб кетди, осмондан ёғилган сопол-тош парчалари остида бирон тирик жон омон қолмади.
Юқоридаги мисоллар шуни англатиб турибдики, қайси қавм Аллоҳга ва пайғамбарларига осийлик қилса, Парвардигорининг амр-фармонларидан чекинса, куфр, ширк, гуноҳ ботқоғига ботса, Унинг жазо ва азоби муқаррардир! Янги тарихда кечган жуда кўп балолар (масалан, бир неча аср олдин Италиядаги бузуқлик уяси Помпея шаҳрининг бир кечада Ер юзидан йўқ қилингани, милодий йигирма биринчи аср бошида Жанубий-шарқий Осиёда бўлган кучли довул ва тўфон кабилар) ҳам инсонларга жиддий огоҳлантиришдир.
فَعَصَوْا رَسُولَ رَبِّهِمْ فَأَخَذَهُمْ أَخْذَةً رَّابِيَةً {10}
10. Парвардигорлари пайғамбарига итоатсизлик қилишганида У қаттиқ жазолади.
Парвардигорларига итоатсизлик қилган барча қавмлар жазосиз қолмаган, уларга албатта Аллоҳ таолонинг азоби келган. Мавлоно Жалолиддин Румий айтади: «Шамолнинг Од қавмига нималар қилганини кўрмадингми? Сув ва тўфоннинг Нуҳ қавми бошига қандай кунлар солганини эшитмадингми? Денгизнинг Фиръавнни қандай ҳалок қилганинию, Қоруннинг ер тагига қандай кўмилганини-чи? Абобил қушларининг Фил қўшинларига нелар қилганини, тангрилик даъвосини қилган Намруд бошини миттигина чивин еганини-чи? Лутнинг ахлоқсиз қавми устига тошлар қандай тушганини ва уларнинг зулматда сувга ғарқ қилинганини билмайсанми?» («Маснавий боғчасидан бир кўза сув», 140-бет). Тарихдан маълумки, дунё яралганидан буён Ер юзида яшаб ўтган қавмларнинг жуда озини истисно қилганда, деярли кўпчилиги Аллоҳ таолонинг амр-фармонларидан юз ўгирган, Унинг пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, итоатсизлик қилган. Оқибатда турли азобларга гирифтор бўлган. Аллоҳ таоло айтади: «Биз ҳар бирини ўз гуноҳи билан тутдик. Улар орасида устига Биз тош ёғдирганлар ҳам, даҳшатли қичқириқ тутганлар ҳам, Биз Ерга ютдирганлар ҳам, Биз сувга чўктирганлар ҳам бордир. Аллоҳ уларга зулм қилмади, балки улар ўзларига зулм қилишди» (Анкабут, 40). Гуноҳлар, ёмонликлар боис бундай жазолаш Аллоҳ таолонинг ўзгармас қонунидир. Гуноҳ барча ёмонликлар сабабчиси, тавба ва истиғфор барча яхшиликлар йўлидир. Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): «Қандай бало келган бўлса, фақат гуноҳ ва ёмонлик сабабидан тушган, қайси азоб кўтарилган бўлса, тавба орқали кўтарилган», деганлар.
إِنَّا لَمَّا طَغَى الْمَاء حَمَلْنَاكُمْ فِي الْجَارِيَةِ {11}
11. (Эй инсонлар), сув тошганида Биз сизларни кемага чиқардик;
Аллоҳ таоло қадимда ўтган Нуҳ алайҳиссалом қавми бошига келган тўфон балосини, шунда имонлиларни кемага чиқариб қутқарганини эслатиб, бу воқеадан ибрат олишга чақирмоқда.
لِنَجْعَلَهَا لَكُمْ تَذْكِرَةً وَتَعِيَهَا أُذُنٌ وَاعِيَةٌ {12}
12. сизларга буни эслатиш ва эшитувчи қулоқлар англаши учун қилдик.
Эй инсонлар, эсланг, дунёни сув босиб, тўфон бўлганида Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга эргашган итоаткор қавмни бир кемага чиқариб, тўфон балосидан, сувга ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашдан асраб қолган. Бу сизларга охиратни эслатиш ва бу қиссаларни қулоқларингиз эшитганида огоҳ бўлиб, ибрат олишингиз учундир. Ким Аллоҳга ишониб, Унга итоат этса, Парвардигор балоларидан омонда бўлади, ким Унга осийлик қилиб, амрларидан чекинса, уни ҳеч ким жазодан қутқариб қололмайди.
Нуҳ алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримнинг йигирма саккиз сурасидаги қирқ уч оятда зикр этилган. «Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилган қавм бутпарастлик, шаробхўрлик, зинокорлик каби фаҳш ишларга муккасидан кетган эди. Ваҳоланки, Одам ва Нуҳ замонлари орасида одамлар солиҳ, якка Тангрига сиғинувчи ибодатли кишилар бўлган эди. Нуҳ алайҳиссалом залолатга тушган қавмни инсофга, диёнатга чақирди, аммо фойдаси бўлмади» («Тарихи Табарий», 1-жилд, 122-бет). Шунда Нуҳ алайҳиссалом ва унга эргашган бир гуруҳ кишиларни ҳамда жонзотлардан бир жуфтданини Аллоҳ таоло улкан бир кемага чиқариб қутқариб қолди ва қолган барча гуноҳкорлар устига тўфон балосини юбориб, сувга тамоман ғарқ қилди. Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло мушрикларга тўфон воқеасини эслатиб, эшитган қиссалардан ибрат олиш, залолатдан ҳидоятга юзланишга чақирмоқда.
Бурайда айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Алига бундай дедилар: «Мени Аллоҳ албатта сени (ўзимга) яқинлаштиришга, узоқлаштирмасликка, таълим беришга, сени эса эшитишга ва англашга буюрди. Сенинг англашинг Аллоҳ устидаги ҳақдир». Шунда мазкур оят туширилди.
فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ نَفْخَةٌ وَاحِدَةٌ {13}
13. Сур бир марта пуфланганида;
Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи бор сур чалиши билан қиёмат бошланади.
وَحُمِلَتِ الْأَرْضُ وَالْجِبَالُ فَدُكَّتَا دَكَّةً وَاحِدَةً {14}
14. еру тоғлар кўтарилиб, бир ҳамлада силкинганида;
Қиёмат содир бўлганида Ер ҳам, ундаги тоғлар ҳам ўрнидан силжиб, бирдан силкинади, уммонлар суви тошиб, борлиқдаги ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетади.
فَيَوْمَئِذٍ وَقَعَتِ الْوَاقِعَةُ {15}
15. Ана ўшанда қиёмат содир бўлади.
Қиёмат манзаралари жуда даҳшатли: биринчи сур (улкан бурғу) чалинганида қиёмат куни бошланади. Ўшанда бутун Ер кураси бир ҳамла билан ларзага келиб силкинади. Энди бир тасаввур қилинг: ҳозирги пайтда бир минтақанинг бир чеккасида кучсизгина зилзила бўлиб қолса, қанча вайронгарчиликлар келтириб чиқаради, қанчалаб одамларнинг умрига зомин бўлади. Энди бутун Ер ўз устидаги тоғлари, шаҳар-қишлоқлари билан бир ҳамлада силкитилса, нима ҳолат рўй беради? Аллоҳ асрасин, буни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қўрқинчли.
Ислом ақидасига кўра, мўмин-мусулмон киши охират, яъни Қиёмат кунига ишонади, бу имон шартларидан биридир. Охиратга ишониш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилиш ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашр), номаи аъмоллар берилишига, банданинг савоб-гуноҳи ҳисоб қилинишига, мезонга (тарози), ҳавзга (Кавсар), сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир. Қиёмат фаришта Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур чалишлари (нафха), яъни бурғуга ўхшаш карнайга пуфлашлари билан бошланади ва шу тариқа дунё ҳаёти поёнига етади.
«Осмонлару Ердаги бор жонзотни жонсиз этувчи бу биринчи нафха (сур чалиш) дан фақат Аллоҳ хоҳлаган баъзи яқин фаришталаргина тирик қолади. Лекин Аллоҳ таоло «Куллу ман алайҳа фан» калимаси ҳақлигини кўрсатиш учун сўнг уларнинг ҳам жонини олади. Сўнг Аллоҳ таоло сур эгаси Исрофил алайҳиссаломни тирилтириб, сурни яна бир бор чалишни буюради. Сурга иккинчи бор нафха урилгач, ҳамма қайта тирилади» (Муҳаммад Саламат Жабар. «Қиёматнинг аломатлари», Тошкент, 2003, 77-бет).
وَانشَقَّتِ السَّمَاء فَهِيَ يَوْمَئِذٍ وَاهِيَةٌ {16}
16. Ўша кунда заифлашиб қолган осмон ёрилади.
Еру тоғлар силкиниши билан ваҳимали соатлар тугамайди. Қиёмат шиддатидан осмон ҳам ўзини тутолмай қолади. Кучсизланиб, мустаҳкамлигини йўқотган осмон бирдан ёрилиб кетади, эриган мис каби оқиб тушади. Миллионлаб йиллар бир маромда ҳаракатланиб турган коинот тизими ҳам издан чиқади.
وَالْمَلَكُ عَلَى أَرْجَائِهَا وَيَحْمِلُ عَرْشَ رَبِّكَ فَوْقَهُمْ يَوْمَئِذٍ ثَمَانِيَةٌ {17}
17. Фаришталар чор атрофда туришади, ўша Куни Парвардигор Аршини улардан саккизтаси кўтариб туради.
«Арш» азамат, салтанат, моликлик маъноларини билдиради. Баъзи олимлар уни Аллоҳ таоло яратган махлуқотнинг энг каттасидир, дейишган. Ақида китобларида келишича, Арш оёқли бир тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. Арш махлуқотлар шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ, уни фақат Ўзи билган ҳикмат билан яратган. Аршга ишонамиз, аммо унинг ҳажми, кайфияти, сифатини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Қиёмат қоим бўлгач, фаришталар Аллоҳ таолонинг амрига мунтазир ҳолда осмон атрофида саф тортиб туришади. Ана ўша кунда барча фаришталар устида улардан саккизтаси Аллоҳнинг Аршини кўтариб туради. Саълабийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта Аршни кўтариб турувчилар бугун тўрттадир, қиёмат бўлганида Аллоҳ таоло уларни яна тўрттаси билан қувватлантиради ва улар сони саккизтага етади», деганлар. Бошқа ривоятларда эса: умумий сонини фақат Аллоҳ биладиган саккиз саф (ёки саккиз тоифа) фаришта кўтариб туради, дейилган.
يَوْمَئِذٍ تُعْرَضُونَ لَا تَخْفَى مِنكُمْ خَافِيَةٌ {18}
18. Ўша Кунда Аллоҳга рўпара қилинасизлар, бирорта ҳам сирингиз яширин қолмайди.
Мўминлар хурсандчилиги мукаммал бўлган, куфр келтирганларга азоб кучайтирилган қиёмат куни бандалар қилган амаллари ҳисобини бериш учун (гарчи улар Парвардигорларини кўришмаса ҳам) Аллоҳ таолога рўпара қилинадилар. Буни махлуқотларнинг бир-бирларига юзма-юз бўлишига ўхшатиб бўлмайди, чунки Аллоҳ таоло ҳеч нарсага ўхшамайди. Унинг жамолини кўриш ҳисоб пайтида эмас, балки бандалар жаннатга кирганидан кейин Ўзи ирода қилган вақт ва ҳолатда бўлади.
Аллоҳ таолога бирор кимсанинг ҳам гап-сўзи, қилган ишлари махфий қолмайди. Чунки У барча сир-асрорларнинг, ҳамма ошкор-яширин нарсаларни билувчидир. Собит ибн Ҳажжождан ривоят қилинади: «Умар (розийаллоҳу анҳу): «Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзларингни ҳисоб қилинглар, ўлчовингиздан олдин ўзларингни ўлчанглар. Албатта эрталик ҳисобда сизларга енгил бўлиши бугун ўзингизни ҳисобга тортишингизга ва катта учрашувга (қиёматга) тайёргарлик кўришингизга боғлиқ», деганлар» (Ибн Абуд-Дунё ривояти).
فَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِيَمِينِهِ فَيَقُولُ هَاؤُمُ اقْرَؤُوا كِتَابِيهْ {19}
19. Кимга амаллар китоби ўнг томонидан берилса: «Менинг китобимни ўқиб кўринглар», дейди.
Ҳар бир кишининг қилган иш-амаллари унинг икки тарафидаги фаришталар (кироман котибийн) томонидан ёзиб борилади. Қуръони каримда: «Биз қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўпара қилинадиган бир китобни (номаи аъмолни) кўрсатамиз» (ал-Исро, 13), дейилган. Бандаларнинг амалномалари – уларнинг тоат ва гуноҳлари ёзилган китобнинг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан, кофирларники орқа ва чап томонларидан берилиши ҳақдир. Қуръони каримда бундай марҳамат этилади: «Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак. Ва (жаннатдаги) аҳли-оиласига шод-хуррам ҳолда қайтажак (Иншиқоқ, 7-9). У дунё ҳаётидаги яхши иш-амаллари ва савоблари ёзилган китобидан фахрланиб, ҳаммага кўрсатгиси, ўқитгиси келади.
إِنِّي ظَنَنتُ أَنِّي مُلَاقٍ حِسَابِيهْ {20}
20. «Ҳисоб-китоб қилинишимга албатта ишонардим».
Чунки у қиёматда буларнинг ҳаммаси адолат тарозисига (мезон) қўйилиб, ҳисоб-китоб қилинишига ишонар эди. Ўнг томон эгалари қиёматда атрофдагиларга бундай дер экан: «Биродарлар, мана менинг амалномам, алҳамдулиллаҳ, ўнг қўлимдан берилди. Уни ўқиб кўринглар. Дунё ҳаётида яшаб юрганимда ўзимча: бир куни мен ҳам оламдан ўтаман, Парвардигорим ҳузурида қилган амалларимнинг ҳисобини бераман, яхшиси кўп бўлса, нажот топаман, гуноҳим кўп бўлса, расволикка учраб, дўзахийлар сафидан жой оламан, деб ўйлардим. Шу андишада яхши ишларимни кўпайтиришга, Аллоҳни рози қилишга уриндим. Оқибатда бугун кўзлаганимга эришдим, тилаганимни қўлга киритдим, энди мендан бахтли одам йўқ».
Инсоннинг барча яхши-ёмон ишлари қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида, ҳамманинг гувоҳлигида ҳисобга тортилади. Ҳисобнинг ҳақлигига ишониш ҳам Аҳли суннат вал жамоа ақидасига кўра шартдир. Мўмин киши бандаларнинг барча амаллари ҳисоб қилиниб, яхши ишларга мукофот (яъни, жаннат ва Парвардигор жамоли), ёмон, гуноҳ ишларга жазо (дўзахда азоб) берилишига ишонади.
فَهُوَ فِي عِيشَةٍ رَّاضِيَةٍ {21}
21. Энди у тилаган ҳаётда;
Мана энди мўмин киши дунё ҳаётида орзу қилинган, интилинган, шу йўлда яхши ишлар қилиниб, савоблар кўпайтирилган ҳаётига эришди. Энди у жаннат боғларида фаровон ва роҳатбахш ҳаёт кечиради. Аллоҳни рози қилиш йўлидаги интилишлари ва ҳаракатлари эвазига Унинг жамолига мушарраф бўлади. Инсон учун бундан-да шарафли, бундан ҳам орзиқиб кутилган мукофот бўлиши мумкинми?!
فِي جَنَّةٍ عَالِيَةٍ {22}
22. юксак жаннатда:
«Мухтасар фиқҳул Исламия» китобида Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Абдуллоҳ Тувайжирий нақл қилишича, жаннат зотида битта бўлса ҳам, исмлари бир нечтадир. Булардан машҳурлари: Жаннат, Фирдавс (олий), Адн (эшиклари ланг очиқ), Хулд (мангу), Наъим (неъматга тўла), Олия (юксак), Дорус-салом (тинчлик диёри), Дорул-охира (Охират диёри), Дорул-муттақийн (тақволилар диёри), Дорул-муқомаҳ (мангу диёр), Равза (боғ), Маъво, Туба, Фазл, Ямин ва бошқалар. Аъмолномалари ўнг томонидан берилганлар Оли я (юксак) жаннатида бўлишади…
قُطُوفُهَا دَانِيَةٌ {23}
23. мевалари қўл етгудай.
Олия сифатидаги жаннатнинг кўринишларидан бир шуки, унда жаннатийлар қайси мевага қўл узатишса, дарахтлар эгилиб туради, мевасини узишга асло қийналишмайди.
كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئاً بِمَا أَسْلَفْتُمْ فِي الْأَيَّامِ الْخَالِيَةِ {24}
24. Уларга: «Ўтган кунлардаги амалларинг эвазига еб-ичаверинглар», дейилади.
Жаннатийларни соқчилар эҳтиром ва хурсандчилик билан кутиб олишади ва уларга: «Эй муҳтарам мўминлар, дунёдаги ҳаётингизда Аллоҳ ва Унинг Расули кўрсатмаларига итоатда бўлдингиз, буюрилганига мувофиқ амаллар қилдингиз. Мана энди меҳнат-машаққатларингиз роҳатини кўринглар. Жаннатга кириб, ундаги неъматлардан хоҳлаганча еб-ичинглар. Истаган жойингизда истироҳат қилиб, ором ва лаззат олинглар. Буларнинг бари сизнинг дунё ҳаётидаги амалларингиз мукофотидир», дейишади.
وَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِشِمَالِهِ فَيَقُولُ يَا لَيْتَنِي لَمْ أُوتَ كِتَابِيهْ {25}
25. Китоби чап томондан берилган айтади: «Қанийди, китобим берилмаганида эди»;
Қуръони каримда амалномаси чап (орқа) томонидан бериладиганлар ҳақида бундай дейилган: «Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, шунда у ўлимни тилаб қолажак ва дўзахда куяжак. Дарвоқе, у аҳли-оиласида шод-хуррам эди, ўзини ҳеч қачон (Парвардигорига) қайтмайман, деб ўйларди. Йўқ, Парвардигори уни, шубҳасиз кўриб турарди» (Иншиқоқ, 10-15). Бундай кимсалар шундай ночор ва аламли ҳолга тушиб қоладики, ҳатто ўлиб, ер қаърига кириб кетишни истайди. «Қанийди, номаи аъмолим берилмасайди», дея афсус-надоматлар чекади. Аммо энди кеч, надоматлар бефойда! Китоблар битилиб, сиёҳи қуриган, илоҳий ҳукм ўқиб бўлинган! Унинг афсусига қулоқ соладиган, Аллоҳнинг азобидан қутқариб қоладиган бирор киши ёки нарса бўлмайди.
وَلَمْ أَدْرِ مَا حِسَابِيهْ {26}
26. «ҳисоб-китобим қандай бўлишини ҳам билмасдим»;
Бундай кимсалар афсусининг поёни йўқ. Чунки улар қиёматга ҳам, охират дунёсига ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишга ҳам ишонмаган. Дунё ҳаётида берилган вақтинчалик муҳлатни ўйин-кулги, айш-ишрат, шод-хуррамликда ўтказган. Аллоҳ берган неъматларни роса еб, асло шукрини қилмаган. Аллоҳ берган мол-давлатнинг лаззатига маст бўлиб, кибр ва манманликка берилган. Бу бойликларни ато қилган Парвардигорини унутиб, амр-фармонларини назарга илмаган эди.
يَا لَيْتَهَا كَانَتِ الْقَاضِيَةَ {27}
27. «қанийди, қайта тирилмасам эди»;
Имоннинг яна бир шарти ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонишдир. Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом иккинчи сур тортганларидан сўнг барча жонзотлар, жумладан инсонлар тирилади. Уларнинг асл жасадларига руҳлари қайтарилади ва улар қабрларидан чиқиб Маҳшаргоҳга тўпланишади ҳамда ҳисобга тортилишади.
¤лим – инсоннинг дунё ҳаётидаги фаолиятига нуіта іґювчи ва охират ҳаётининг бошланишини билдирувчи бир ҳолат, чегара. Инсон ґлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мґминлар ґлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тґпланишларига, іилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига иймон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ґаі тарозуси (мезон)да тортилиб, яхши амалли, иймонлилар абадий ором-фароІат маскани – жаннатга киради, иймонсизлар ва айрим гуноҳкорлар дґзахга ташланади.
Ҳақиқий мўмин ўлимдан эмас, илоҳий салтанат чиқарадиган ҳукмдан қўрқади. Ҳатто тириклигида жаннат башорати берилган буюк саҳобалар сўзига эътибор беринг: Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу): «Кошки қушлар тумшуғи билан чўқиб юрган хурмо мевасига айлансам», деганлар. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу): Қанийди майса бўлсайдим, кошки ҳеч нарса бўлмасайдим», деганлар. Пайғамбаримизнинг покиза завжалари Ҳазрати Оиша (розийаллоҳу анҳо) эса: «Дарахт япроғига айлансам кошкийди», деганлар.
Булар Аллоҳ таолонинг ҳисобидан қўрқиб, шундай афсусда туришганида, гуноҳларга кўмилган ҳолда тавба қилмай Аллоҳга рўпара бўлган осийлар қиёматда қандай ҳолатга тушаркин? Ушбу оятда зикр қилинганидай, номаи аъмоли чап (орқа) томонидан берилган гуноҳкор кимса қаёққа қочишни, нима қилишни билолмай боши қотади. «Қанийди, қайта тирилмаганимда эди» деб ғам-аламда қолади. Инсоннинг ҳоли шу: муҳтож ва ночорлигида Аллоҳни ўйлаб, Унга илтижо қилиб қолади. Сал аҳволи ўнгланса, ўзи истаган нарсаларни ким берганини дарров унутади. Шукр қилмай қўяди, ҳаддидан ошади. Ҳолбуки, ҳамма нарсага нуқта қўядиган ўлимни, охиратни эсласа, Парвардигорини таниган, Унинг буйруқларига итоат қилган бўларди. Мўмин ўз аъмолномаси туфайли хурсанд бўлиб фахрланса, куфр келтирганлар у кунда ўлиминигина орзу қилади. Яна қайта тирилишни асло истамайди. Қаффол Шоший (раҳматуллоҳи алайҳ): «Хижолатчилик ва қайтар жойнинг ёмонлигини ўз кўзи билан кўрган вақтда ўлимни орзу қилиш ўлимдан ҳам ёмонроқ ва уятлироқдир», деганлар.
مَا أَغْنَى عَنِّي مَالِيهْ {28}
28. «бойликларим ҳам ёрдам беролмади»;
Амалномалари чап томонидан берилганлар дунё ҳаётида ҳамма ташвишларини ва юмушларини мол-давлат ёрдамида ҳал этишга ўрганишган эди. Охиратда эса уларнинг бу найранглари ўтмайди. Тоғдай-тоғдай бойликлар ҳам Аллоҳ таолонинг азобини бартараф эта олмайди. Тўплаган бойликлари фойдаларига эмас, зарарларига ишлайди.
هَلَكَ عَنِّي سُلْطَانِيهْ {29}
29. «ишонганларим ҳам йўқ бўлди».
Бундай кимсаларнинг ишонган тоғлари, ҳамиша қўллайдиган суянчиқлари кўп эди. Нега қиёмат куни улар кўринмай қолишди? Чунки уларнинг ўзи ҳам ҳисобга тортилган, уларнинг ўзи ҳам бошқанинг ёрдамига муҳтож. Дунё ҳаётини қандай ўтказганини оқловчи бирор ҳужжат-далил қолмаган. Мансабу обрў-эътибор ҳам, садоқатли дўст-ёронлару яқинлар ҳам, мол-мулку шон-шуҳрат ҳам, улар ишониб-сиғинган буту санамлари – бари кетди. Бандани охират жазосидан халос қиладиган, дўзахга тушишдан нажот берадиган ҳеч ким, ҳеч нарса қолмади!
خُذُوهُ فَغُلُّوهُ {30}
30. Шунда буюрамиз: «Уни ушлаб, кишанланг!»;
Шунда Аллоҳ таоло дўзах соқчиларига: «Анави осийни ушлаб, қўлу бўйнига кишан солинглар», деб буюради.
ثُمَّ الْجَحِيمَ صَلُّوهُ {31}
31. «сўнг дўзахга ташланг!»;
Соқчилар Аллоҳ таолонинг амри билан гуноҳкорни ловуллаб ёнаётган дўзахга улоқтиришади.
ثُمَّ فِي سِلْسِلَةٍ ذَرْعُهَا سَبْعُونَ ذِرَاعاً فَاسْلُكُوهُ {32}
32. «кейин етмиш қулочли занжирга боғланг!».
Ояти каримадаги «қулоч» деб таржима қилинган «зироъ» сўзи араб манбаларида узунлик ўлчови номи, турли минтақаларда унинг ҳажми турличадир, кўп тарқалган ҳошимий зироъ эса 64 сантиметрга тенг. Аллоҳ таолонинг амри билан ширк ва куфрга ботган дўзахийларни хўрлаш ва тубан санаш учун улар танаси етмиш қулочли занжирлар билан маҳкам боғлаб-чирмаб ташланади.
إنَّهُ كَانَ لَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ الْعَظِيمِ {33}
33. Чунки у буюк Аллоҳга ишонмаганди.
Яъни, дўзахий дунё ҳаётида ғафлатда юраверди, мол-мулк ва шаҳватларига кўмилиб, Аллоҳ азза ва жалланинг борлиги ва бирлигига ишонмади. Бошқалар эслатса ҳам барибир имон келтирмади. У Аллоҳга турли шерикларни, сохта «илоҳ»ларни нисбат бериб, ширк келтирди. Парвардигори буюрганини инкор этиб, тоат-ибодат қилмади. Бу расво на Аллоҳнинг, на банданинг ҳаққини адо этди.
وَلَا يَحُضُّ عَلَى طَعَامِ الْمِسْكِينِ {34}
34. Қашшоққа таом беришга рағбатлантирмаган эди.
Бу сифат эгалари Макканинг ашаддий кофирларидан Ос ибн Воил, Валид ибн Муғийра каби бахил кимсалардир. Бундайлар Аллоҳга ибодат қилиш уёқда турсин, ҳатто жамиятдаги инсонларнинг ҳақларини адо этишни ҳам истамайди: бева-бечораларга ёрдам бермайди, улар ҳаққига тажовуз қилади, қашшоқ кишиларга таом бермайди. Булар етмагандай, бошқаларни ҳам бу савобли ишлардан тўсади. Мана шу оят туширилганидан кейин машҳур саҳобалардан Абу Дардо (розийаллоҳу анҳу) мискинлар аҳволини ўйлаб, овқат тайёрлаётган хотинини шўрвани кўпайтиришга ундар ва «занжирнинг ярмини имон билан олиб ташладик, қолган ярмини таом бериш билан олиб ташламаймизми?» дер эди.
فَلَيْسَ لَهُ الْيَوْمَ هَاهُنَا حَمِيمٌ {35}
35. Бугун бу ерда унга бирор дўст ҳам йўқ.
Охиратда куфр ва ширк эгаларининг бирор дўсти, ёрдамчиси бўлмайди, ҳеч ким уни шафоат қила олмайди. Чунки бундайлар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ишонмагани, у зот келтирган нарсаларни инкор қилгани туфайли Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратидан мосуво бўлган энг бахтсиз кимсалардир.
وَلَا طَعَامٌ إِلَّا مِنْ غِسْلِينٍ {36}
36. Йирингдан бошқа бирор емиш ҳам йўқ.
У ерда гуноҳкорнинг емиши фақат «ғислин», яъни дўзахийларнинг жароҳатлари ва фаржларидан оқиб турувчи йиринг, зардоб каби кўнгил айнитувчи нарсалар бўлади.
لَا يَأْكُلُهُ إِلَّا الْخَاطِؤُونَ {37}
37. Буни эса гуноҳкордан бошқаси емас.
Бундай ифлос емиш фақат гуноҳкорларгадир. Биз «гуноҳкор» дея таржима қилган оятдаги «хотиун» сўзи бир ишнинг очиқ гуноҳлигини билатуриб, уни қасддан қилган кимсага нисбатан қўлланилади. Қасд билан, билиб туриб ҳам гуноҳ қилиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтиради. Бундай кимсага энг қаттиқ жазосини беради. Уни дўзахга ташлайди, у ердаги емиши фақат йиринг-зардобдир. Лекин билмай гуноҳ қилганларни меҳрибон ва раҳмли Парвардигор Ўз фазли билан авф этади.
فَلَا أُقْسِمُ بِمَا تُبْصِرُونَ {38}
38. Кўраётганларингизга қасам;
Қалам сураси 1-ояти шарҳида айтилганидек, Аллоҳ таоло инсонлар эътиборини жалб қилиш учун муҳим ва манфаатли нарсалар номига қасам деб, сўнг асосий баёнга ўтади. Бу ўринда ҳам Аллоҳ азза ва жалла Қуръони карим моҳияти ва фазилатларини зикр этиш олдидан инсонлар кўрадиган ва кўрмайдиган нарсаларга қасам, деяпти. Инсон ниҳоятда мукаммал ва гўзал хилқатда яратилганига қарамай, Аллоҳ таоло фақат Ўзи биладиган ҳикматига кўра уни баъзи жиҳатлардан ожиз ва нуқсонли қилиб халқ этган. Инсоннинг кўриш қобилияти ҳам шунга киради. Инсон кўзи ўн миллион хил турли рангларни ажрата олишга қодир. Сезгир кўзлар ойдин кечада юз чақирим наридаги гугурт чўпи ёнишини кўра олади. Аммо шунчалик сезувчан кўзлар ҳам атрофидаги ва кўриниб турган борлиқдаги нарсаларнигина кўра олади. Яъни, инсон кўзи теварагидаги табиатни, яқин юлдуз ва сайёраларни, вужудидаги ташқи аъзоларни кўра олади. Булар ташқи, зоҳирий нарсалардир. Аллоҳ таоло ана шу нарсаларга қасам, деяпти.
وَمَا لَا تُبْصِرُونَ {39}
39. кўрмайдиганларингизга ҳам қасам.
Энди инсон кўришга қодир бўлмаган нарсалар ҳам бор: у ер остидаги хазиналарни, олис галактикалардаги мавжудотларни, ҳаводаги микроб ва вирусларни, жин ва шайтонларни кўриш имконига эга эмас. Булар инсон тириклигида мутлақо кўролмайдиган, аммо Аллоҳ ва Унинг Расули орқали етиб келган далил-ҳужжатларга таяниб, уларнинг мавжудлигини қалбан ҳис этиши мумкин бўлган нарсалардир. Бутун оламларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таолонинг мавжудлиги ва ягоналиги, охират дунёси, жаннат ва дўзах, фаришталар ва бошқа оламлардаги мавжудотлар, инсон мияси ва қалбида кечаётган жараёнлар, буларнинг ҳаммаси инсоннинг кўзидан яширинган. Аммо булар қалб кўзи очиқ бўлганларга руҳан намоён бўладиган оний манзаралардир. Эй ишонмайдиганлар ва инкор этувчилар, «қани, бизга далилларингни кўрсат», дея зоҳирий нарсаларга алданиб қолманг! Фақат моддий оламни тан олиб, руҳий, кўринмас олам ҳам борлигини эсдан чиқарманг! Сиз кўриб турган дунёдаги ёлғон охирида ҳақиқатга айланишини, бу дунёда кўролмаётганингизни басират (қалб кўзи) билан охиратда кўра олишингизни бир тафаккур қилиб кўринг! Аллоҳ таоло бежизга буларга қасам, демаяпти. Булар сизларга жиддий эслатма бўлиши, огоҳлантириш ва кўзингизни очиш учундир!
إنَّهُ لَقَوْلُ رَسُولٍ كَرِيمٍ {40}
40. Ҳақиқатан у мукаррам элчининг сўзидир.
Бу ояти каримада Қуръони каримни мукаррам элчи Муҳаммад алайҳиссалом сўзи, деб у зотга нисбат берилиши Сарвари олам илоҳий каломни тиловат қилувчи, инсонларга етказувчи эканларига ишоратдир. Оятдаги «Расул» сўзининг накра ҳолда келиши Қуръони карим айнан Пайғамбарнинг ўз сўзи эмаслигини англатади. Уламолар фикрича, Пайғамбаримизнинг оятда мукаррам (карамли) сифати билан васф этилишларида ҳам у кишининг ўта омонатдорлигига ишора бордир. Маълумки, пайғамбарлар (алайҳимуссалом) Аллоҳ таоло томонидан ўзларига топширилган рисолатни катта омонатдорлик билан, бирор ҳарфини ўзгартирмай, қолдирмай умматларга етказишади. Қуръони каримни ҳам оламлар Парвардигори Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали Ислом умматига туширганини, агар мабодо у зот бу омонатга хиёнат қилгудай бўлсалар, дарҳол жазолашини билдирмоқда.
وَمَا هُوَ بِقَوْلِ شَاعِرٍ قَلِيلاً مَا تُؤْمِنُونَ {41}
41. Шоир сўзи эмас, сизлар унча ишонмайдиган.
Оятда айтиляптики, эй куфр келтирганлар ва мушриклар, Қуръон оятлари сизлар ишонмайдиган шоирлар сўзи эмас. Уни сизларга етказаётган Пайғамбарда шоирлик иқтидори у ёқда турсин, ҳатто ўқиш-ёзишга имкон берувчи савод ҳам йўқ. Наҳот шуни кўриб-билиб туриб ҳам у сизларга етказаётган ваҳийлар Бизнинг ҳузуримиздан эканига ақл-фаросатларинг етмаётган бўлса?! Ахир, шоирлар сўзида ҳақиқат кам бўлади, улар кимларгадир ёқиш, кимларнидир рози қилиш учун ёлғон ва асоси йўқ гапларни кўп ёзишади. Гапларини исботлаш учун муболаға ва бўрттиришларга, ортиқча мақтовларга берилишади. Қуръони карим эса бундай ёлғон-бўрттирмалардан холи, Аллоҳнинг ожиз қолдирувчи чин каломидир.
Макка мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тиловат қилиб берган оятларга ишонмас, булар шоир ё фолбинлар сўзидир, демак Муҳаммаднинг ўзи ҳам шоир ё фолбин бўлса керак, деб Қуръон ҳукмларини инкор қилишар эди. Бундайлар барча замон ва маконларда бўлган. Улар баъзи нарсаларга ишонса, баъзисига ишонмайди. Масалан, бундайлардан Еру осмонни ким яратган, деб сўрасанг, иккиланмай «Аллоҳ» дейди. Қуръонни ким туширган, десанг, ўйлаб ўтирмай «Муҳаммад (алайҳиссалом) ёзган», дейди. Исломда бир ҳақиқатга ишониб, иккинчисини рад этиш йўқ. Бундайлар асло мусулмон саналмайди.
وَلَا بِقَوْلِ كَاهِنٍ قَلِيلاً مَا تَذَكَّرُونَ {42}
42. Сизлар кам эслайдиган фолбин сўзи ҳам эмас.
Қуръони карим ақлли одамлар эътиборга олмайдиган фолбин сўзлари ҳам эмас. Фолбинлар ғайбий, келажакда содир бўладиган ҳодисаларни айтиш ва одамлар тақдирини ўзгартира олиш даъвосидаги алдамчи ва ёлғончилардир. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Одамлар Расулуллоҳдан фолбинлар ҳақида сўрашди. «Улар ҳақ эмаслар», дедилар у зот. Шунда: «Эй Аллоҳнинг элчиси, улар гоҳо шундай гапларни айтишадики, у тўғри бўлиб чиқади», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу ҳақ калимани жин ўғринча билиб олади-да, уни дўсти бўлмиш фолбиннинг қулоғига етказади. Фолбинлар эса унга юзта ёлғонни аралаштириб юборишади», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Ким башоратчи ёки фолбин олдига бориб айтаётган гапини тасдиқласа, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди», деганлар (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа). Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): «Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир», деганлар. Демак, Қуръони карим айтган сўзининг эътибори бўлмаган бундай фолбинларга тегишли эмас.
تَنزِيلٌ مِّن رَّبِّ الْعَالَمِينَ {43}
43. Уни оламлар Парвардигори нозил қилган.
Қуръони карим бутун оламлар Парвардигори ҳузуридан тушган. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа, гумон бўлиши мумкин эмас. Мана, ўн беш асрдирки, дин душманлари Аллоҳ Каломига иғво-туҳмат тошларини отиб келишади. Аммо уларнинг бирорта ёлғони тасдиғини топмади. Аксинча, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ҳақ кўрсатмалари, илоҳий дастури экани ҳар қадамда, ҳар жабҳада исботланмоқда. Қуръонни Аллоҳ таолонинг фариштаси Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Муҳаммадга (алайҳиссалом) йигирма уч йил мобайнида босқичма-босқич туширган. Қанақасига у Муҳаммаднинг сўзи бўлсин, у зотнинг саводлари бўлмаса, ўқиш-ёзишни билмасалар?! (Бунинг ҳам алоҳида ҳикмати борлиги ҳақида уламолар кўп ёзишди). Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифалари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломдан қандай эшитган бўлсалар, инсонларга ва жинларга етказиш, уни пайғамбарликларига ҳужжат қилиб, инсу жинни имонга даъват этиш эди. Сизлар Аллоҳ элчисини ғайбдан хабар бериш даъвосидаги сеҳргар фолбинга ё шеър тўқийдиган шоирга ўхшатиб, қаттиқ адашяпсизлар! Пайғамбар бу туҳматлардан йироқдир.
Шурайҳ ибн Убайд (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб (розийаллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Мусулмон бўлишимдан олдин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўришиш учун бордим. Мендан олдин намоз бошлаган эканлар, ортларига бориб турдим. Расулуллоҳ «Ал-Ҳаққо» сурасини ўқий бошладилар. Мен Қуръон оятларидан ажаблана бошладим. Мен у зотни коҳин (фолбин) деб ўйладим. «Танзилум мир-Роббил оламин»дан то сура охиригача ўқидилар. Шунда қалбимга Ислом ўрнаша бошлади» (Имом Аҳмад). Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ): «Бу воқеа Аллоҳ таолонинг Умар ибн Хаттоб ҳидоятига таъсир қилдириб қўйган сабабларидан биридир», деган.
وَلَوْ تَقَوَّلَ عَلَيْنَا بَعْضَ الْأَقَاوِيلِ {44}
44. Агар у Биз айтмаган сўзни тўқиганида;
Аллоҳ таоло айтяптики, Менинг қудратим ва азаматим шунчалар буюкки, ҳатто энг суюмли Пайғамбаримни ҳам Ўз ишларимга шерик қилмайман. Шунинг учун мушрикларнинг «Муҳаммад (алайҳиссалом) Парвардигори номидан Қуръонни тўқиб чиқараётир», деган туҳматлари ғирт ёлғон! Агар у Биз айтмаган сўзни тўқиганида ҳозирги ҳолатида, яъни соғ-саломат, сизларга ваҳийларимизни етказиб, турли мўъжизаларимизни кўрсатиб омон юрмаган бўларди.
لَأَخَذْنَا مِنْهُ بِالْيَمِينِ {45}
45. албатта уни ўнг қўлидан тутардик;
Пайғамбарнинг Бизнинг номимиздан ёлғон тўқиши асло мумкин эмас. Чунки бордию Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёки Жаброил (алайҳиссалом) ёлғон сўзларни тўқиб, кейин ўша ботил гапларини Аллоҳга нисбат бергудай бўлишса ёки Бизнинг ваҳийларимизга бирор ўзгартириш-қўшимча киритишга журъат этишса, Биз уларни ўша заҳоти қудратимиз билан ўнг қўлидан олиб, кечиктирмай азоблаган бўлардик.
ثُمَّ لَقَطَعْنَا مِنْهُ الْوَتِينَ {46}
46. кейин жонтомирини кесиб ташлардик.
Аллоҳ таоло: кейин бундайларнинг жон томирини кесиб ташлаймиз, Аллоҳга хиёнат қилувчи ҳар инсоннинг жазоси шу бўлади, деяпти. «Жонтомир» деб таржима қилинган «ватин» сўзи луғатда «шоҳ томир, бош қон томири» маъноларини билдиради. Бу юрак билан бош мияни боғловчи энг муҳим томирдир, агар у кесиб ташланса, инсон албатта ҳалок бўлади. Демак, Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонга бирор сўз қўшиб ўзгартирмоқчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳатто Ўзининг севимли Пайғамбарини ҳам шундай қаттиқ жазолашини таъкидламоқда.
فَمَا مِنكُم مِّنْ أَحَدٍ عَنْهُ حَاجِزِينَ {47}
47. Уни бирортангиз асраб қололмайсиз.
Аллоҳ таоло осий ва гуноҳкор бандалари қатори хато-камчиликка йўл қўйган Ўз пайғамбарларини ҳам вақти-вақти билан жазолаб туради. Масалан, Одам алайҳиссаломни жаннатдан ерга туширди, Юсуф алайҳиссаломни бир қанча вақт зиндонга ташлатди, Юнус алайҳиссаломни наҳангга ютдирди, Айюб алайҳиссаломга оғир дард ва мусибатлар берди. Бу инсонларга ибрат бўлиши, Аллоҳнинг жазосидан ҳеч ким, ҳатто пайғамбарлар ҳам омонда эмасликларини тасдиқлаш учундир. Аллоҳ таолонинг азоби-жазоси келганида бундан ҳеч ким, ҳатто ўта кучли, шавкатли инсонлару жинлар ҳам қутқариб қолишга қодир эмас.
وَإِنَّهُ لَتَذْكِرَةٌ لِّلْمُتَّقِينَ {48}
48. Қуръон ҳақиқатан тақволиларга насиҳатдир.
Тақволилар, яъни Аллоҳдан қўрқувчилар инсонларнинг энг яхшисидирлар. Улар тургандаю, ётганда ҳам, бошқалар билан муомала-муносабатлардаю, яхшию ёмон кунларида ҳам ҳамиша Аллоҳдан қўрқишади, Унинг амр-фармонларида собит туришади, қайтарганларидан четланишади. Уларнинг мақсади битта: дунё ҳаётида солиҳ амаллар қилиб, Парвардигорларига ҳамиша итоатда туриш, Унинг розилигига эришиш, жаннатга кирганда Мавлолари жамолига етиш. Қуръони карим ана шундай тақво эгалари учун бир эслатма, насиҳатдир. Оятда «тақволилар учун» дея хосланиши бежизга эмас. Чунки Аллоҳдан қўрқадиганларгина Унинг Каломига, яъни кўрсатмаларига ҳеч тараддудсиз ишонади. Буни пайғамбар ёки бошқа кимдир тўқиган эмас, Аллоҳ ҳузуридан индирилган илоҳий калом деб тасдиқлайди. Тақволиларгина Қуръондан баҳра ва манфаат олишади.
وَإِنَّا لَنَعْلَمُ أَنَّ مِنكُم مُّكَذِّبِينَ {49}
49. Биз албатта айримларингиз уни ёлғонга чиқарганини биламиз.
Имоннинг асосий шартларидан бири Аллоҳ таоло нозил қилган (туширган) китобларга ишонишдир. Аллоҳ китобларининг энг улуғлари Таврот, Инжил, Забур ва Қуръон бўлса, буларнинг энг афзали Қуръони каримдир. Чунки олдинги уч китобнинг ҳукмлари муайян бир қавмга, бир замонда йўлланган эди, Қуръон ҳукми бутун инсониятга қаратилгандир. Пайғамбаримиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) туширилган Қуръоннинг ҳукмлари қиёматгача ўзгармайди. Бирор ҳарфи зиёда ё кам бўлмайди, тилларда ва дилларда сақланиб боради. Аммо инсонларнинг анчагина қисми ўзининг кибри, ҳасади ва жоҳиллиги туфайли Қуръон оятларини ёлғонга чиқаради. Бошқаларни ҳам унга ишонмасликка чақиради. Аллоҳ таоло хитоб қилиб айтяптики, ораларингиздаги Қуръонни ёлғонга чиқарувчиларни Биз яхши биламиз ва яқинда уларни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган аламли азобларга гирифтор қиламиз.
وَإِنَّهُ لَحَسْرَةٌ عَلَى الْكَافِرِينَ {50}
50. Ва у ҳақиқатан кофирларга надоматдир.
Қуръони карим тақволи бандалар учун Эслатма бўлса, кофирларга ҳақиқатан надоматдир. Аллоҳ таолонинг Пайғамбарини ёлғончига, мажнунга чиқариб, унга туҳматлар қилган, у зотга эргашганларга кўп жабр-ситамлар ўтказган мушриклар, куфрга кетганлар билиб қўйишсинки, Аллоҳнинг Китоби қиёматда улар зарарига гувоҳлик беради. Парвардигорнинг Ўз фазли-карами билан ўша кунда мўминларга ато этган мукофотлари ва неъматларини кўриб, улар афсус-надоматдан сочларини юлишади, аламларидан ўкириб йиғлашади. Аммо энди кеч! Ҳеч ким уларнинг «оҳ»ини эшитмайди. Ҳеч ким ёрдамга ошиқмайди. Ҳеч ким раҳм қилмайди. Инсон учун бундан ортиқ бадбахтлик, бундан ҳам қаттиқроқ жазо бўладими?
وَإِنَّهُ لَحَقُّ الْيَقِينِ {51}
51. Шундай! Ахир у айни ҳақиқатдир!
Эй инсонлар, нега Қуръони карим оятларига ишонмаяпсизлар? Ахир у айни ҳақиқатдир! У Аллоҳ таоло ҳузуридан Жаброил алайҳиссалом воситасида охирзамон пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган илоҳий дастурдир. Ҳукмлари қиёматгача давом этадиган Кўрсатмадир. Буни ҳозирги пайтда ҳатто Исломда бўлмаган олим ва мутафаккирлар тан олиб ёзишяпти. Масалан, франсиялик тиббиёт олими, профессор Морис Бокай: «Қуръони карим ҳақиқатан Аллоҳ таоло Бани башарга тақдим этган китобларнинг энг афзалидир. Бу илоҳий китобдир, унда ҳеч бир шубҳа йўқ», деган бўлса, АҚШлик олим Майкл Харт: «Пайғамбарлар тарихида барча ҳарфлари ила комил қолган, ўзгармаган биргина китоб Муҳаммад (алайҳиссалом) нақл қилган Қуръондир», дейди. Олимлардан Эрнест Ренан бундай ёзади: «Қуръон оятларига қулоқ солганингда сени ҳайрат ва муҳаббат қамраб олади».
Қуръони карим қуйидаги хусусиятларига кўра ҳам илоҳийдир, башар сўзи эмасдир: «Қуръон Аллоҳнинг охирги китоби бўлиб, унда олдинги барча илоҳий китоб ва саҳифаларнинг моҳияти мужассам; Қуръон ўзидан олдинги барча китобларни тасдиқловчидир; Қуръон ислоҳ китобидир, яъни олдинги илоҳий китоблардаги инсонлар томонидан ўзгартирилган ва бузилган ҳақиқатларни Аллоҳ таоло баён қилган ва тузатган; олдинги китоблар бир қавмга (халққа) юборилган бўлса, Қуръон бутун инсониятга тушган; Қуръонни Аллоҳнинг Ўзи муҳофаза қилади, ҳозиргача унинг бирор ҳарфи ўзгармаган, қиёматгача ҳам ўзгармайди; Қуръон Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига (алайҳиссалом) берган мўъжизаларининг энг улуғи; Қуръон мўминларга шифо, раҳмат, нур ва ҳидоятдир; Қуръон тиловати ибодат саналади. Шундай фазилатларга эга китобни ёлғонга чиқариш, унинг ҳақиқатига ишонмаслик айни гумроҳлик ва нодонликнинг, бахтсизлик ва калтабинликнинг ўзгинасидир!
فَسَبِّحْ بِاسْمِ رَبِّكَ الْعَظِيمِ {52}
52. Буюк Парвардигорингиз номи билан Уни поклаб ёд этинг!
Эй бандалар, инсонларни яратиб, уларни тавҳид ва ҳидоятга йўллаш учун Ўз Китобини туширган, Пайғамбари орқали бутун башар наслини ҳақ ва тўғри йўлига, абадий саодатга чорлаган буюк Парвардигоримиз ҳар қандай нуқсонлардан, шериклар нисбат беришдан покдир! Барча мақтов, шукрона фақат Унинг Ўзига хосдир! Аллоҳ таолонинг ҳисобсиз неъматларига, айниқса имон неъмати, Ислом неъматига шукрона сифатида Унинг номини ҳамиша поклаб зикр этинг! Шундагина икки дунё саодатига мушарраф бўласиз.
Мўмин-мусулмон учун намоздан кейинги энг аҳамиятли вазифа зикруллоҳ, яъни ҳар ерда, ҳар вақтда, ҳар ҳолатда Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш, Ундан гуноҳларимизга мағфират тилаш, берган неъматларига шукр қилишдир. Кўпларимиз намоз каби зикруллоҳга ҳам бепарвомиз. Қанча-қанча вақтни беҳуда совурсак-да Аллоҳни эслаш, Унга ҳамд ва шукр айтиш хаёлимизга келмайди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор этмангиз» (Бақара, 152), дея буюрган. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўлим фариштаси ўлаётган киши олдида ҳозир бўлиб, унинг қалбига назар солади. Қалбидан ҳеч нарса топмайди. Сўнгра унинг иккала жағини очиб, тилининг «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ҳолда танглайига ёпишиб қолганини кўради. Ихлос калимаси туфайли бу банда мағфират қилинади», деганлар (Байҳақий ривояти). Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом), асҳоби киром (розийаллоҳу анҳум) ва солиҳ салафларимизнинг тиллари ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган. Шунинг учун ҳам у зотларнинг ўлим олдидан айтган охирги сўзлари Аллоҳга илтижо, тазарру, ҳамд-шукрона бўлди.
Бизлар-чи? Бизлар ғафлатдамиз. Кун бўйи бекор ўтирамиз, зерикамиз, эснаймиз, мудраймиз. Қанча-қанча вақтларимизни телевизор қаршисида ёки мусиқа тинглаб, маза-матрасасиз баҳс ва гурунгларда, томошахоналарда, шахмат-нарда тахталари устида ёки ғийбатлар мажлисида совуриб юборамиз. Қанчалаб қимматли соатларимиз беҳуда амаллар, кимнидир-ниманидир кутишлар, номаъқул юмушларга сарф бўлиб кетади. Аммо Аллоҳни эслашга, Унинг зикрини қилишга, Унга ҳамд-шукрона айтишга тилларимиз эринади. Охиратга тайёргарлик қилмаймиз. Баҳоналар қидирамиз, шайтон васвасасига учамиз. Вақтнинг зиқлиги, соғлиқнинг ёмонлиги, тоқатнинг етмаётганидан зорланамиз. Ваҳоланки, оқибат жуда ёмон ва аянчли бўлиши мумкин. Сўнгги сўзларимиз фисқ-фужур, ширкона калом, баъзан эса шайтоний нағма бўлиб қолиши мумкин. Аллоҳ асрасин!
Орқага Олдинга