loader

071. Нуҳ сураси

Маккада тушган, 28 оятдан иборат
Ушбу суранинг биринчи оятида Нуҳ алайҳииссалом номи келгани,  сурада асосан ҳазрати Нуҳ қиссаси баён этилгани учун у шу ном билан аталади. Барча маккий суралар қатори Нуҳ сураси ҳам ақида, имон масалалари ҳақида сўз юритади. Машҳур пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссаломни Аллоҳ таоло қавмига пайғамбар этиб юборгани, унга итоатсиз қавмини тавҳидга (яккахудолик) чақириш вазифаси юклангани зикр этилганидан кейин кишиларни ҳақ динга чорлаши, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқитиши, бу йўлда чеккан машаққат-қийинчиликлари, тўфон келишидан олдинги айрим воқеалар қиссаси баён этилади. Сура давомида золим ва итоатсиз қавм пайғамбар келтирган ваҳийларни назарга илмай, куфр, залолат ва саркашликда умр ўтказгани, бунинг учун дунё ҳаётида даҳшатли тўфон, охиратда эса дўзах азоби билан жазоланиши ҳақида сўз боради. Сура Нуҳ алайҳиссаломнинг золим ва саркаш қавмини дуоибади, мўминларга эса мағфират, икки дунё саодати тилаб, дуои хайр қилгани билан ниҳоясига етади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Биз Нуҳни: «Уларга аламли азоб келмасидан олдин огоҳлантир!» деб, қавмига пайғамбар қилиб юбордик.
Аллоҳ таоло: «Нуҳ алайҳиссаломни қавмига пайғамбар қилиб юбордик, бундан мурод, итоатсиз инсонларга юборадиган қаттиқ жазоимиз келмай туриб у қавмини бундан огоҳлантирсин, илоҳий тавҳид йўлига даъват этсин», деяпти. Қуръонда зикр этилишича: «Биз Нуҳни ўз қавмига юбордик, уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди. Шунда уларни золим бўлган ҳолларида тўфон тутди» (Анкабут, 14)
Нуҳ алайҳиссалом номи Қуръони каримда Нуҳ сурасидан ташқари Аъроф, Юнус, Ҳуд, Мўминун, Шуаро каби йигирма саккиз суранинг қирқ уч жойида зикр қилинади. Нуҳ алайҳиссалом насаби Нуҳ ибн Ломак ибн Матушалоҳ ибн Ханух (Идрис) бўлиб, у Одам алайҳиссалом вафотидан кейин бир юз йигирма олти йил (баъзи ривоятларда бир юз қирқ олти) ўтиб, Бобилнинг (Ироқ) ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган мавзеда дунёга келган. Ибн Касир тафсирида Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) бундай ривоят қилинади: «Бу қавм орасида солиҳ, яхши кишилар кўп бўлиб, вафот этишганида қавм уларга атаб масжидлар қуради. Уларга ҳурмат-эҳтиром маъносида суратларини масжидларга илиб қўяди. Орадан маълум вақт ўтгач, бу суратларни ўзларига санам қилиб олиб, сиғина бошлашади. Бу санамларнинг номларини ўша пайтдаги солиҳ кишилар исми билан Вад, Суваъ, Яғус, Яъуқ, Наср деб аташади. Ушбу амаллари уларни ширк келтиришга бошлагач, Аллоҳ таоло ёлғиз Ўзига ибодат қилишга чақириш учун Нуҳ алайҳиссаломни юборди» («Тафсиру Ибни Касир», 2-жилд, 232-бет). Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Элчи қилиб юборилган илк пайғамбар Нуҳдир, у бутун Ер юзига пайғамбар қилиб жўнатилганди», деганлар (Қатода). Шунинг учун ҳам куфр келтирган вақтида Ер аҳлининг ҳаммасини Аллоҳ сувга чўктириб юборган эди. Муфассирлар айтишича, ушбу сурадаги воқеалар буюк тўфон келмасидан бўлиб ўтган.
Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида Муҳаммад Ибн Қайснинг ушбу сўзларини келтиради: «Нуҳ қавми ибодат қилган бутлари олдин Одам ва Нуҳ замонлари оралиғида яшаган солиҳ кишилар бўлишган. Улар вафотидан кейин мухлис ва шогирдлари «кўзимиз тушганда эслаб турайлик, ибодат қилишга шавқ-завқ уйғотиб туришсин» деган ниятда суратларини ясатиб қўйишган, аммо буларга сиғинишмаган эди. Бу замоннинг одамлари дунёдан ўтиб кетишгач, уларнинг авлодлари даврида Иблис васваса қилиб: «оталаринг бу суратларга сиғинишар, улардан барака ва ёмғир сўрашар эди», деб солиҳ кишилар тимсолига ибодат қилишга ўргатди. Ҳамма бу ширк дардига гирифтор бўлди» (Ибн Жарир, «Жомиъул баён фи тафсирил-Қуръан», 1-жилд, 268-бет).
Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом) ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Ҳабашистон ҳижратидан қайтиб келган Умму Салама ва Умму Ҳабиба оналаримиз Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳабашистонда Мория номли ибодатхонага киришгани, у ерда жуда кўп тасвирлар борлигини ҳикоя қилиб беришди. Шунда Пайғамбар (алайҳиссалом): «Улар одатича, ораларидан бирор солиҳ киши оламдан ўтса, унинг қабри устига масжид қуришади, унинг суратини масжид деворига чиздиришади. Улар Аллоҳ наздида одамларнинг энг ярамасидир», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, «Саҳиҳ»).
2. У айтди: «Эй қавмим, мен албатта сизларга очиқ огоҳлантирувчиман»;
Нуҳ алайҳиссалом бут-санамларга, ҳатто осмондаги сайёраларга сиғинувчи қавмига: «Эй қавмим, мен сизларга юборилган ва Аллоҳ таолонинг қаттиқ жазосидан очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман», деди. Баъзи муфассирлар айтишича, Нуҳ қавми мушриклиги устига фаҳш ишлар, шаробхўрлик ва зинокорлик билан машғул бўлган. Уларни ҳидоятга чақириш учун Аллоҳ таоло ҳазрати Нуҳни азобдан огоҳлантирувчи (пайғамбар) қилиб юборди. Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларининг «Шафоат боби»да Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) Нуҳ алайҳиссалом Ер аҳлига юборилган биринчи пайғамбар эканлари ривоят қилинган. Баъзи уламолар ушбу ҳадисни таъвил қилиб, Одам ва Идрисдан кейин учинчи пайғамбар Нуҳ алайҳиссалом бўлганини айтишади.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) сўзларига қараганда, Нуҳ алайҳиссалом қавмга пайғамбар қилиб юборилганида 480 ёшда эди, у итоатсиз қавмни яна бир юз йигирма йил мобайнида Аллоҳнинг тавҳидига чақирди. Шунда ҳам имонга келмаган мушриклар устига тўфон балоси келиб, ҳазрати Нуҳ кемага чиққанида олти юз ёшда эди. Тўфондан кейин ҳам яна у уч юз эллик йилдан ортиқ ҳаёт кечириб, қарийб минг ёшда вафот этган, Маккада дафн этилган. Ибн Жарир Табарий ривоятига кўра, қабрлари Масжидул-ҳаром ичидадир.
3. «Аллоҳга бандалик қилинглар, Ундан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар»;
Нуҳ алайҳиссалом итоатсиз қавмга: «Аллоҳга бандалик қилинглар, Ундан қўрқинглар ва менга эргашинглар, бўйсунинглар», деяпти. Унинг бу сўзлари инсоният тарихида келган барча пайғамбарлар даъватининг асосини ташкил этади. Ҳақиқатан, барча илоҳий динлар  ҳамма ишда Аллоҳга бандалик қилишга, Унинг амр-буйруқларини бажаришга, қайтарганларидан четланишга, фақат ягона Парвардигордан қўрқишга (тақво) ҳамда ваҳий билан юборилган пайғамбарларга итоат этишга чақирган.
4. «шунда У гуноҳларингизни кечиради, ажалингизни белгиланган  муҳлатгача кечиктиради. Аллоҳнинг муддати келганида асло кечиктирилмайди, кошки билсайдингиз!».
Ояти каримадаги «яғфирлакум мин зунубикум» калимаси «айрим гуноҳларингизни кечиради» деган маънода. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига қилинган маъсият-гуноҳларни фазли билан кечиради, аммо банданинг банда устидаги ҳақидан кечмайди. Масалан, бир одам бошқа бир кишининг ҳақини ўзлаштирган бўлса ёки унга зулм қилган бўлса, то у рози қилинмагунча Аллоҳ бундан кечмайди. Агар уни кечирса, зулм кўрган кишига нисбатан адолатсизлик бўлади, Парвардигор бундай адолатсизликлардан холи, покдир!
Юқорида зикр қилинган уч иш: Аллоҳга бандалик, Ундан қўрқиш ва пайғамбарига итоат туфайли инсонлар ўзларига бўлган таклифнинг икки самарасини албатта кўришади. Яъни, Аллоҳ азза ва жалла уларнинг гуноҳини кечиради ҳамда яшаш муддатларини (ажални) маълум муддатгача кечиктириб, яъни умрини узайтириб туради. Мана шу оятдан уламолар: Аллоҳга тоатда бўлиш, инсонларга яхшилик қилиш, силаи раҳм ҳақиқатда умрни узайтиради, деган далил чиқаришган. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Силаи раҳм умрни узайтиради» (Абу Яъло). Аммо инсонлар куфру исёнда давом этишаверса, ҳидоятга келишни исташмаса, унда Аллоҳ таоло Ўзи белгилаб қўйган муддатни (ажални) асло кечиктирмайди, кошкийди бу ҳақиқатни улар англаб етишса! Инсон имон ва тоатда бўлса, умри узаяди, аммо ажали барибир келади. Бордию у куфр ва гуноҳда бардавом бўлса, умри қисқаради, бунда ҳам шубҳасиз ажали келади, дейилмоқчи! Энди ўзингиз бир тафаккур қилиб кўринг: бу икки йўлнинг қай бири афзал ва фойдали? Нуҳ алайҳиссалом ўзини ўнглашга шошилмаётган қавмини ана шу далиллар билан огоҳлантиряпти.
5. Нуҳ айтди: «Парвардигоро, қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим»;
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога илтижо қилиб, қавмига қанча панду насиҳат қилса ҳам, эртаю кеч ҳидоятга чақирса ҳам фойдаси бўлмагани, даъвати худди қумга сингган сув каби изсиз кетаётгани ҳақида арзи-ҳол қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Улар: «Эй Нуҳ, биз билан баҳслашиб, тортишишни кўпайтириб юбординг, ўша қўрқитаётган нарсангни келтир», дейишди. Нуҳ: «Аллоҳ хоҳласа, уни албатта келтиради, сизлар эса Уни бундан ожиз қолдиролмайсизлар», деди» (Ҳуд, 32-33). Одатда одамларни янги дин ёки шариатга чорлаш бошда кечаю кундуз давом этса ҳам, кўпроқ хос одамларга яширин тарзда тушунтириш орқали кечади. Нуҳ алайҳиссалом олиб борган чорлов, панду насиҳат ишлари уч хил услубда: дастлаб мунтазам, кечаю кундуз тўхтамай; кейинчалик бор халойиқни тўплаб ошкора тарзда; бу ҳам кор қилмагач, айрим одамларнинг ўзига яширинча усуллар билан қилинган. Юзлаб йиллар мобайнида, эртаю кеч одамларни имонга чақирган Нуҳ алайҳиссаломнинг бутун ҳатти-ҳаракатлари самарасиз кетди. Имом Розий (раҳимаҳуллоҳ): «Бу оят барча ҳодисалар Аллоҳнинг қазои-қадари ила бўлганига далолат қилади», деган.
6. «лекин чақириғим уларнинг қочишини кучайтирди, холос»;
Улар шунчалик кибрга кетган, шунчалик итоатсизки, имонга, яхши йўлга қанча чорласам ҳам, бу уларни мендан бездиряпти, холос. Мендан қочишларини, рўпара келмасликларини кучайтиряпти, холос.
7. «қачон уларни Сендан кечирим сўрашга чақирсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олишади, қайсарлик билан такаббурлик қилишади»;
Қавмимни ҳақ йўлга чақирсам, «Аллоҳга тавба қилинглар, У албатта кечиради» десам, улар эшитишини ҳам хоҳлашмаяпти. Гапларимни тингламаслик учун бармоқларини қулоқлари ичига тиқиб юришади. Мени кўрмаслик учун бошларини кийимлари билан ўраб ҳам олишади. «Нуҳга эргашган камбағал-бечоралар билан тенгмидик», дея қайсарлик билан кибрга боришади. Куфр ва ғурурлари уларга ўз амалларини чиройли кўрсатиб қўйди. Баъзи муфассирлар «кийимга ўралиб олиш»ни ёмон хулқлар, зарарли урф-одат ва бидъатлар, фахрга бориш, деб ҳам тафсир қилишган. Ҳақиқатан, бу нарсалар ҳақни таниш, ҳидоятга эришиш йўлидаги тўсиқлардир.
Мана шу оят ҳақ даъватга қулоқ солиш билан инсон қалби ўртасида нафсий кеккайиш ва кўринмас девор борлигига далилдир. Ҳақиқатан инсон ўзига ёқмаган бирор гапни эшитгиси келмаса, шундай нари кетаверса ҳам бўлади. Қалбидаги кибр ва нафратнинг зўрлигидан шунчаки кетолмайди. Яхши йўлга чорловчининг гапини эшитмаслик учун қулоқларига бармоқларини тиқиб олади. Уни кўрмайин деб бошини кийими ёки бошқа бирон нарса билан ўрайди. Ғазабининг зўрлигидан қайсарлик билан кибрланиб тураверади. «Сенинг ўзинг кимсану гапинг нима бўларди» қабилида яна мазах, истеҳзо ҳам қилиб қўяди. Нуҳ алайҳиссалом қавми орасида бундайлар кўп эди. Нуҳдан кейин ўтган барча пайғамбарлар қавми орасида ҳам бу кабилар етарлича бор эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом рисолат олиб келган Макка мушриклари ичида ҳам бунақалар керагича топилар эди. Бундай нодон ва жоҳиллар ҳозирги пайтда йўқ, деб ўйлайсизми? Аммо ҳаммалари билиб қўйишсинки, Аллоҳ таоло инсоният тарихининг ибтидосида ёқиб қўйган ҳидоят ва тавҳид машъаласини ўчиришга, куфр ва ширк балосини дунёга ёйишга қодир бирор жон ё куч чиқмаган, қиёматгача чиқмайди ҳам!
8. «кейин уларни ошкора даъват қилдим»;
Нуҳ алайҳиссалом шунда ҳам қавмини ҳақ йўлга чорлашдан тўхтамади, тушкунликка тушмади. Юқорида зикри келган усулларнинг яна бирини қўллаб, барча одамларни ҳамма ерда ошкора тавҳидга чақираверди.
9. «сўнг уларга очиқчасига ва кейин яширин гапириб ҳам кўрдим»;
Одамлар кўп тўпланган жойларда оломонга ҳам, баъзиларини якка ўзига ҳам, икки кўринишда илоҳий амрни етказиш Нуҳ алайҳиссаломнинг учинчи услубдаги кундалик вазифаси бўлиб қолди. Юқоридаги оятларда келган «сумма» (кейин, сўнг) ибораси бу услублар орасидаги ҳолат, муддат анча узоқ бўлгани, уларнинг даражаси фарқли эканига далолат қилади. Нуҳ алайҳиссаломнинг бу даъват усулларидан Макка ва Араб жазирасида фаолият олиб борган Пайғамбаримиз Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) ҳақ динга чорлаш услубларига ўхшайди.
10. уларга дедимки: «Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, У албатта кечирувчидир»;
Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмига қилган панд-насиҳатининг моҳияти уларнинг қилган гуноҳлари учун Аллоҳ азза ва жалладан кечирим сўратиш, шу йўл билан уларга келадиган қаттиқ жазони қайтариш эди. Пайғамбар умид қилганидай, Аллоҳ таоло куфр ва ширкка бормаган бандаларининг тоғлардан ҳам катта, денгиз кўпигидан ҳам кўп гуноҳларини Ўз раҳмати ва мағфирати билан кечириб юборади. Эй нодон ва жоҳил қавм, нега Аллоҳнинг буюк фазлидан фойдаланиб қолмайсизлар? Вақт борида нега Ундан мағфират сўрамайсизлар? Эртага кеч бўлади-ку!
Ривоят қилинишича, «Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига бир киши келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилганида истиғфор айтишни буюрдилар. Яна бошқа бир киши келиб, камбағалчиликдан шикоят қилса, унга ҳам кўп-кўп истиғфор айтишни тайинладилар. Бошқа биров фарзанди озлиги, яна бири ерининг камҳосиллигидан арз қилиб келганида ҳам уларнинг барига истиғфор айтишни буюрдилар. Шунда у кишига: «Келганлар турли нарсалардан шикоят қилишса ҳам, ҳаммаларига бир хил йўл кўрсатдингиз», дейишганида Ҳасан Басрий «Фақултус-тағфиру роббакум иннаҳу кана ғаффоро» оятини тиловат қилдилар».
11. «У устингизга осмондан ёмғир ёғдиради»;
Ушбу ояти каримадан бошлаб Қуръони карим Аллоҳга ишонадиган, Унга ва пайғамбарларига итоатда бўладиган, гуноҳ қилса, дарров тавбага шошиладиган бандаларига Аллоҳ таоло ато этадиган беш улуғ неъмат зикри бошланади. Нуҳ алайҳиссалом шу йўл билан қавмнинг диққат- эътиборини Аллоҳ таолонинг азамати ва қудратини очиқ-ойдин кўрсатадиган далилларга бурмоқчи бўлади. Аллоҳнинг пайғамбари насиҳат қилишда шу усул воситасида қавмнинг ақл ва қалб пардаларини очишни истаган эди. Улардан биринчиси ва муҳими, Аллоҳ азза ва жалла осмондан мўл-кўл ёмғир ёғдиради. Бу эса дунё ҳаётига барака киритади. Қор-ёмғир кўп бўлса, ўт-ўлан ҳам сероб бўлиб, чорва моллари семиради. Деҳқончилик серҳосил бўлиб, эл дастурхонига қут-барака киради.
12. «сизларни мол-дунё, фарзандлар билан қўллайди, сизларга боғ-роғлар ва оқар дарёларни беради»;
Аллоҳ таоло ато этган муҳим неъматлар қаторига мол-дунё, фарзандлар ҳамда серҳосил боғлару, серсув дарёлар киради. Инсонга Парвардигори томонидан ҳақиқатан жуда кўп неъмат инъом этилган. Мол-дунё ана шу неъматларнинг инсонга энг азиз-мўътабари ва қадрлиси. Аллоҳ азза ва жалла бир бандасига беҳисоб бойлик берган бўлса, бошқасини мол-дунёдан қисиб қўйган. Бой уйида ишламай ётса ҳам бойлиги кўпаяверади. Камбағал эртадан-кечгача тинмаса ҳам бири икки бўлмайди. Нега? Аллоҳ бу билан бандаларини синайди: бойлар мол-дунёси билан фархрланиб, ғурурга, кибрга кетмайдими, бойлигини Аллоҳ буюрган жойларга сарфлайдими? Камбағаллар бу ҳолатлари Аллоҳнинг имтиҳони эканини англашадими? Бунга сабр, қаноат қилишадими ё исёнга кетишадими? Аллоҳ таолонинг фарзанд ато этиши ҳам шундай синов: бировга фақат ўғил, бошқасига фақат қиз, яна бирига ҳар икковидан берган, кимларгадир умуман фарзанд бермаган. Серҳосил боғ-роғлар, экинзорлар, зилол сувли анҳор-дарёлар ҳам инсонга берилган улуғ неъматлардан. Бир ҳафта сув бўлмай қолса, ўзимиз чидай олмай дод соламиз, боғ ва экинзорларимиз қуриб, ҳалок бўлади. Ер юзининг учдан икки қисми сувдан иборат бўлишига қарамай, ҳозир дунёда миллионлаб одамлар ичимлик суви муаммосидан азият чекмоқда, хасталанмоқда, яшаб турган юртини тарк этмоқда.
13. «нега Аллоҳни улуғлашни ўйламайсизлар?»;
Нуҳ алайҳиссалом қавмига: «Аллоҳ таоло сизга шунча неъматни бериб қўйди, нега бунинг шукрини қилмайсизлар, беҳисоб неъматлари учун Парвардигорни улуғламайсизлар?» деяпти. Қавм эса ношукрлик, жаҳолат, туғён йўлини афзал кўрди.
Дарҳақиқат, ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимиз борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, мол-дунё, фарзандлар бериб қўйилгани, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани – Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр айтишмизни талаб қилади, холос.
Биз билган ва билмаган барча нарсалар Аллоҳ таоло неъматлари денгизининг бир томчисидан ҳам оздир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ таолонинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, уларни ҳисоблай олмайсизлар» (Иброҳим, 34 ва Наҳл, 17). Бу неъматларнинг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади.  
Ривоят этилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси нафл ибодатда узоқ турдилар, ҳатто муборак оёқлари толди. Шунда Оиша розийаллоҳу анҳо айтдилар: «Ахир Аллоҳ таоло сизнинг аввалги ва охирги гуноҳларингизни мағфират этмаганми?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб бердилар: «Шукр этувчи банда бўлмайинми?» (Имом Муслим ривояти. Ибн Ҳиббон саҳиҳ ҳадис, деган).
Имом Ҳасан Басрий айтади: «Одам боласи бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин. Агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга  шукрлар айласин. Агар бунинг акси  бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму-қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. Банда соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳга шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўлдириш мумкин бўлади».
Неъматга шукр қилинмаса, Нуҳ алайҳиссалом қиссасида зикр этилганидай, неъмат албатта заволга учрайди, йўқолади. Фузайл ибн Иёз айтган: «Сизларга неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкулдир».   
Аллоҳ таолодан розилигини изҳор этиш ҳам тил билан шукр айтишга киради, зеро, инсон бунга амр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир», деганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад» китобида ривоят этган).
14. «ҳолбуки У сизларни босқичма-босқич яратди»;
Инсоният отаси Одам алайҳиссаломнинг яратилиш босқичлари қуйидагича: Аллоҳ таоло уни тупроқдан яратди – тупроқдан лой, лойдан ҳидли лойга, сўнг сополга айлантирди, кейин унга жон киритди, у узунлиги олтмиш, эни етти зироъ бўлган тўғри одамга айланди. Одам алайҳиссалом зурриёдлари бўлмиш инсоннинг яратилиши ҳам нутфа, алақ, музға каби бир неча босқичда давом этади. Аллоҳнинг Каломи шарифида инсоннинг яратилиши ҳақидаги оятларни ўқир эканмиз, бир қатор илмий ҳақиқатлар очила бошлайди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсон наслини босқичма-босқич яратганини баён этмоқда. Ҳақиқатан еттинчи асрда туширилган Қуръони каримнинг инсон боласи бир неча босқичда яратилиши ҳақиқатини йигирманчи асрга келибгина янги пайдо бўлган ҳомилашунослик фани ҳам тасдиқлади. Эр-хотиннинг қўшилувидан кейин эркак уруғи аёл тухуми ҳужайраси билан қўшилгач, бола туғилишидаги дастлабки давр бошланади. Биологияда «зигота» деб аталган якка ҳужайра ўша заҳотиёқ бўлиниб, кўпая бошлайди ва лахта қонга айланади. Бироқ зигота ўсишни бўш жойда бошламайди. Бу ҳужайра ўз “илгакча”лари билан бачадон деворига ёпишиб олади. Ва у жойга, худди ерга кирган дарахт томиридек томир отади. Томирлар кўмагида танага тушаётган моддалардан ўзига кераклигини ола бошлайди. Худди шу ерда Қуръоннинг яна бир мўъжизаси ошкор бўлди. Зигота-ҳужайра ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир)» (Алақ, 2). «Лахта қон» маъносида келган “алақ” сўзи арабчадан «нимагадир осилиб, ёпишиб олган нарса, зулук», деб ҳам таржима қилинади. Франсиялик машҳур тиббиёт олими Морис Бокай Қуръон бўйича тадқиқотлари давомида «алақ»нинг яна бир маъносини кашф этди. Қадимда яшаган саҳройи бадавийлар тилида «алақ» ловия маъносини ҳам билдирар экан. Ҳақиқатан, эмбриолог олимлар ҳомила алақ ҳолатида худди ловияга ўхшашини айтишади.
Қуръондаги илмий мўъжизалардан яна бири боланинг она қорнидаги ривожланиш марҳалалари (босқичлари) аниқ баён этилишидир. “Муъминун” сурасининг 14- оятида Аллоҳ таоло: “Сўнгра бу нутфадан лахта қонни яратиб, лахта қондан парча гўштни яратиб, парча гўштдан суякларни яратиб, бу суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киргизиб, бошдаги бир томчи сув-нутфадан бутунлай) бошқа бир жонзот ҳолида пайдо қилдик. Бас энг гўзал яратувчи Аллоҳ баракотли, буюкдир”, дейди.
Боланинг она қорнида ривожланиш жараёнини ҳомилашунослик (эмбриология) фани ўрганади. Яқин даврларгача фанда инсоннинг суяги ва эти бир вақтда ривожланади, деган фикр бор эди. Шу туфайли баъзи ғарблик олимлар Қуръоннинг мазкур оятини ғайри илмий деб, танқид остига олишган эди. Аммо кейинги пайтларда ўтказилган бир неча микроэмбриологик тажрибалар Қуръони карим оятларидаги маълумотлар шубҳа-гумондан холи, чин ҳақиқат эканини кўрсатди. Ҳомилашуносликка оид “Ривожланаётган одам” китобида бундай ёзилган: “Олтинчи ҳафтада тоғайли тўқималар шаклланиши давом этиб, суяк ҳам пайдо бўла бошлайди. Еттинчи ҳафта сўнгида узун суяклар қаттиқлашади. Суяклар шаклланган сари унинг атрофида эт тўқимаси ҳам йиғила бошлайди. Шу тариқа, суякларнинг олд ва орқа томонида эт пайдо бўлади” (Ҳорун Яҳё. «Қуръон мўъжизалари», таржимонлар Ёқуб Умар, Асқар Шокир, 13-14-бетлар). Ушбу ояти каримадаги уч босқични инсон ҳаётида ҳам кўриш мумкин: болалик; ҳамма нарсага ақли етадиган навқирон ёш ва аста-секин билганларини ҳам унутувчи қарилик.
15. «кўрмаяпсизларми У етти осмонни устма-уст қилиб яратганини?»;
Нуҳ алайҳиссалом итоатсиз қавмига: «Аллоҳ таолонинг етти осмонни устма-уст қилиб яратганига бир боқинг, зора шундан ибрат олиб, айтганларимга ишонсанглар!», деяпти. Пайғамбарнинг олис ўтмишда буни мисол қилиб келтираётгани бежизга эмас. Ҳозирги замон олимлари осмонлар, яъни атмосфера устма-уст жойлашган бир неча қатламдан иборат эканини аниқлашди. Ҳар бир қатлам бошқасидан табиий хусусиятлари, босими ва таркибидаги газлар миқдорига кўра ажралиб туради.  Ер сатҳига энг яқин осмон тропосферадир. Ундан юқорида стратосфера, озоносфера, булардан кейин эса мезосфера, термосфера қатламлари бор. Энг юқорида ионосфера ва экзосфера жойлашган. Аллоҳ таолонинг яратиш қудрати ва ҳикматини қарангки, У зот бу осмонларнинг ҳар бирига муайян бир вазифани юклаб қўйган. Масалан, уларнинг бири инсон ва бошқа жонзотлар, ўсимликлар учун ўта керакли бўлган қуёшнинг ултрабинафша нурларини, инфрақизил нурларни ва радиотўлқинларни ўтказиб беришга хизмат қилади. Бошқаси Ерни турли осмон жисмлари, метеоритлардан ҳимоялаш вазифасини бажаради (ҳар йили Ер юзига йигирма мингдан зиёд само жисмлари, метеоритлар «ташриф буюради», уларнинг энг каттаси ўн тўрт кило тош босади). Баъзиси Ерни хавфли радиатсион нурлардан тўсиб туради. Бошқаси биз яшаётган Ерни Коинотнинг 270 даражагача борадиган совуғидан иҳоталайди. Инсонлар Аллоҳ азза ва жалла яратган устма-уст осмонлар ҳикматидан, Коинот тизимининг илоҳий низом асосида беками-кўст ишлашини кўришмаяптими? Булардан ибрат олишмайдими? Бунинг шукрини қилиб, Аллоҳ таолони улуғлашмайдими, қуллик қилишмайдими?
16. «Ойни нур таратувчи, Қуёшни ёғду сочувчи қилиб қўйганини».
Бу ояти карима коинот жисмларининг хизматини баён этибгина қолмай, инсоният ҳозирга келибгина кашф этган илмий мўъжизаларни ўн беш аср олдин айтиб қўйгани ҳам ойдинлашади. Аллоҳ таоло нега Ойни нур таратувчи, Қуёшни ёғду сочувчи қилиб яратган? Чунки одатда Қуёш ўзидан ёғду, шўъла чиқариб ёниб туради, бу худди чироқнинг ёниб туришига ўхшайди. Ой эса ўзидан ёғду чиқармайди, балки Қуёшнинг нурини қайтариб, нур таратади. Замонамиз олимлари Қуёш ва Ой устида тадқиқот ўтказиб, Қуёшнинг тинимсиз ёнаётган газ мажмуасидан иборат экани, у ўз ўзагидан қувват олиб портлаши натижасида ўзидан ҳам иссиқлик, ҳам ёруғлик чиқариб туришини, Ой эса Ер каби оддий моддадан ташкил топгани учун қуёш нуридан аксланиб, унинг нурини оламга таратишини исботлашди.
17. «Аллоҳ сизларни ердан ундирди»;
Ушбу ояти карима Қуръони каримнинг яна бир мўъжизасига ишора қилади. Аллоҳ таоло инсонларнинг асли ердан яратилганига (ундирилганига) ишора қилмоқда. Яъни, инсон наслининг отаси Одам алайҳиссаломни ердан-тупроқдан яратганмиз, Одам болалари ҳаётининг давом этиши ҳам ерга боғлиқ, деяпти. Ҳақиқатан, инсон ўзига керакли деярли ҳамма нарсани ердан олади. Ўсимликлар, мевалар, ғалла-донлар, тупроқда унади. Ҳайвонлар, қуш-паррандалар, сувдаги балиқлар ҳам ердан ўсиб чиққан ўсимликларни истеъмол қилиб ўсиб-кўпаяди. Ўсимликлар манбаи эса Ердир. Бу нарса биолог олимлар тажрибасида исботини топган ҳақиқатдир. Кейинги даврда кашф этилган илмий хулосаларга кўра, инсон жисмида тупроқда учрайдиган барча кимёвий бирикма ва моддалар, ҳатто калий, фосфор, темир, олтингача мавжуд экан. Масалан, инсон танасидаги углероддан тўққиз юзта қалам, фосфордан икки минг гугурт донаси, темирдан каттакон битта мих тайёрлаш мумкин. Демак, ўн тўрт аср олдин Қуръони карим орқали жуда қисқа иборалар билан билдирилган маълумотларнинг замонавий илм-фан томонидан исботланиши ҳам Қуръоннинг ақлларни лол қолдирувчи илоҳий каломлигига далилдир.
18. «кейин сизларни унга қайтариб, сўнг Ўзи яна чиқаради»;
«Эй нодон қавм, нега ибрат олмайсан: инсон вафот этиши билан ерга қайтади, яъни, унинг жасадини ерга кўмишади», деяпти ҳазрати Нуҳ. Одам алайҳиссаломнинг ўғли Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдириб қўйиб, ерга кўмганидан буён бу инсонларга одат бўлиб қолган. Бир шоир айтганидай, «Ердан чиқиб ерга кирган инсонларнинг ҳолига боқ!». Ер бағрида суякларигача чириб битаёзган инсонлар қиёмат куни келгач, Аллоҳ таолонинг амри билан яна қайта тириладилар. Ҳашр майдонига тўпланиб, дунё ҳаётидаги амалларидан ҳисоб берадилар. Эвазига мукофот ё жазо оладилар. Мўминлар учун чинакам бахту саодатга тўлиқ абадий роҳат-фароғат, йўлдан озганлар учун эса мангу азоб даври ана ўшанда бошланади.
19. «ва Аллоҳ сизларга Ерни ёйиб-текис қилиб қўйди»;
Нуҳ алайҳиссалом айтяптики, эй қавмим, Аллоҳ таоло инсонлар Ер юзида ҳаёт кечиришлари, сафар қилишлари, охират учун тайёргарлик кўришлари учун бу муаззам заминни ёйиб, текис қилиб қўйди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида Ерни бутунлай паст-баланд, ўтиши қийин тепалик ва чуқурликлардан иборат қилиб қўярди. Оқибатда инсонлар ундан тирикчиликлари учун фойдалана олмай, чорваларини боқолмай, экинларини ўстиролмай, бир-бирлари билан борди-келди қилолмай қолишар эди.   
20. «ундаги кенг йўлларда юришингиз учун».
Нуҳ алайҳиссалом қавмига уқтиряптики, меҳрибон ва раҳмли Парвардигорингиз қийналмаслигингиз учун шундай катта Ерни яратибгина қолмади, балки унда яшашга қулай водийлар, юришга осон кенг ва равон йўлларни ҳам чиқариб берган. Ҳақиқатан, ҳозир Еримизга юксакликдан туриб қаралгудай бўлса, ундаги катта-кичик йўллар худди ўргимчак тўри каби поёнсиз заминимизнинг ҳамма жойини ўраб олган. Бу йўллар турли мамлакатларни, халқларни, минтақаларни бир-бирига боғлаб турибди. Агар Парвардигор бандаларига раҳм қилмаганида, бу йўллар ўтадиган жойларга дарё-денгизлару, баланд тоғлардан, чуқур даралардан иборат тўсиқларни ҳам қўйиши мумкин эди-ку! Шундай улуғ меҳрибончиликни кўра, билатуриб, нега У зотга турли «маъбуд»ларни шерик қиласизлар, Унинг пайғамбарига итоатсизлик қиласизлар?
21. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, улар ҳақиқатан менга бўйсунишмади, балки мол-дунёси, бола-чақаси зиённи кўпайтирадиганга эргашишди»;
Нуҳ алайҳиссалом замонидан бошлаб инсонлар икки табақага – кибор-зодагонлар ва фуқароларга бўлиниб кетди. Аллоҳ таоло наздида эса бир ота-онадан тарқаган, бир хил кўринишда яратилган инсонлар тенгдир. Шунинг учун улар бир-бирларини ажратмай, камситмай, аксинча биродар бўлиб яшашлари керак эди. Аллоҳ ҳузуридаги ҳуқуқ-бурч ва вожиботлар барча инсонларга баравар тақсимланган, улар ўртасида ҳеч қандай тафовут йўқ, ҳеч кимга имтиёз берилмаган. Нуҳ алайҳиссалом қавми эса пайғамбарга кўпроқ камбағаллар эргашганини рўкач қилиб, манманлик, кибр туфайли унга эргашмади. Аксинча мол-дунёси, бола-чақаси кўп бўлган ва шу билан фахрланиб юрган киборларнинг этагидан тутди. Булар фахрланадиган, суянадиган нарса эмаслиги маълум-ку! Мол-дунё ва фарзандларнинг кўплиги зиёндан бошқа нарса эмас-ку! Барча даврларда бўлгани каби Ислом келганида ҳам Макка зодагонлари ва мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом) имонга келган камбағал, бева-бечора мусулмонларни ҳузурингдан ҳайдаб юборсанггина динингни қабул қиламиз, дея шарт қўйишган эди.
22. «улар жуда катта макр қилишди»;
Ношукр  ва итоатсиз қавм жуда катта макр қилди. Қавм камбағаллар билан тенг бўлиб, Нуҳга эргашишни истамади, уни ҳатто ёлғончига чиқарди, Нуҳ алайҳиссалом олдига келиб имонга кирган фақирларни ҳайдаб юборишни ундан талаб этди. Уларнинг макри бу билангина чекланмади. Нодон қавм чиройли хулқ ва фазилатлар эгаси бўлган Нуҳни жинни деб масхара қилди, тобўрон қиламиз, деб қўрқитди: «Нуҳ фақат бир жинни одамдир, уни бироз муддат кузатиб туринглар», дейишди» (Мўминлар, 25). Ёмон макр-ҳийланинг касофати макр қилган, уюштирган кимсаларнинг ўзига уради. Бунга Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор: «Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб-ҳалок қилади» (Фотир, 43). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин киши содда, улуғ бўлади, фожир кимса эса маккор ва хор бўлади», деганлар (Термизий, Абу Довуд ривояти).
23. «ва: «Илоҳларингизни ҳаргиз тарк қилманглар, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам, Насрни ҳам асло ташламанглар», дейишди»;
Булар ҳам у ёқда қолиб, кофир ва осий қавм паст табақадаги кишиларга «ота-боболарингиз сиғиниб келган «илоҳ»ларга ибодат қилишни тарк этишдан эҳтиёт бўлинглар, уларнинг ғазабидан қўрқинглар», дейишди. Мушрик қавмнинг аёл шаклидаги Суваъ, эркак кўринишидаги Вадд, арслон тимсолидаги Яғус, от шаклидаги Яъуқ, бургут-калхат кўринишидаги Наср каби бутлари бор эди. Қавмнинг киборлари фуқароларни ана шу санамларга сиғинишга, Нуҳ келтирган далилларга ишонмасликка чорлар эди. Макканинг Абу Жаҳл, Абу Суфён, Валид ибн Муғийра каби мушриклари ҳам Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган камбағалларни ота-боболари сиғиниб келган Лот, Манот, Уззо каби бутларнинг ғазабидан қўрқитишаётгани, имонга келиб, Аллоҳга тоат-ибодат қилганларга куфр йўлини чиройли кўрсатишга уринганлари ҳам ўша олис тарихнинг яна бир бор қайтарилиши, холос.
24. «улар кўпчиликни адаштиришди. Сен бу золимларга гумроҳликдан бошқа нарсасини кўпайтириб берма!».
Нуҳ алайҳиссалом қавми каби барча замон ва маконларда ҳам ҳаддидан ошган кимсалар оммани мана шундай тарзда ҳақ йўлдан адаштириб, ширк ва гуноҳ чоҳига бошлаб кетди. Неча йиллар халқини инсоф-диёнатга чақириб, ҳеч нарсага эриша олмаган пайғамбарга бу золим қавмни дуоибад қилишдан ўзга чора қолмади. Нуҳ алайҳиссалом Парвардигорига ёлбориб, кофир ва фожир қавмнинг залолати устига залолатни зиёда қилишини сўради.
25. Улар гуноҳлари сабабли сувга ғарқ қилинишди, ўтга ташланишди ва Аллоҳдан ўзга бирор мададкор топа олишмади.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари дуосини ижобат қилди. Осийлар устига тўфон балосини юборди, бутун дунёни қутурган сув босди. Нуҳ алайҳиссалом ва у зотга эргашган саноқли одамгина ҳамда бир жуфтдан жонивор Аллоҳ амри билан ясалган бир кемада тўфондан омон қолди. Аллоҳнинг жазосидан бирор кимса қутула олмади, ҳатто она-болалар ҳам. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Агар Аллоҳ таоло Нуҳ қавмидан бирор кишига нажот берганида «гўдакнинг онаси»га нажот берарди. Нуҳ алайҳиссалом қавми орасида уларни тавҳидга чақириб, эллик йили кам минг йил турдилар… У киши кема ясаб бўлганларидан кейин Аллоҳнинг амри билан ҳамма томондан сув, ёмғир, сел кела бошлади. Бир чақалоқнинг онаси гўдагини яхши кўрганидан уни сақлаб қолиш мақсадида тоққа кўтарилди. Сув сатҳи тоғни ҳам кўмадиган даражага етди ва онани бўйнигача кўмди. Шунда она боласини қўли билан юқорига кўтарди, аммо сув болани ҳам олиб кетди. Агар Аллоҳ Нуҳнинг гуноҳкор қавмидан бирор кишига раҳм қилганида, ўша она-болага нажот берган бўларди» («Тарихи Табарий», 1-жилд, 124-бет).
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги куфр келтирганларни сувга ғарқ қилибгина жазоламади, сўнг барини дўзахий қилди, ҳисоб кунигача қабрларида азобланиш тақдир қилинди. Аллоҳ азза ва жалланинг бу азоблари инсонни бутунлай йўқ қилиб юборишга етарли: сувга ғарқ бўлган кишининг бурни, кўзи, оғзидан сув кириб, нафаси қайтиб ўлади. Дўзах олови эса одам териси, тана аъзолари, миясисини батамом куйдириб йўқ қилади. Бу ҳам кам, уларни ҳали Аллоҳнинг Ўзи биладиган жазо турлари, қийноқлари кутиб турибди. Бу ояти каримада воқеаларнинг ўтган замон феълида баён этилиши жазо-азобларнинг муқаррарлигига далолатдир. Аллоҳ таолонинг бу азобидан уларни энди ҳеч ким қутқара олмайди. Ҳатто дунёдалик пайтларида сиғиниб, нажот сўраб юрган бут-санамлари ҳам ёрдамга келолмайди!
26. Нуҳ айтди: «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирортасини тирик қолдирма!»;
Нуҳ алайҳиссаломнинг бу гапи қавмидан қасос олиш мақсадида айтилмаган эди. У Парвардигоридан ҳар қандай зулмни таг-томирини кесиб ташлашни сўрамоқчи эди. Ҳаётда бир кишига яхшилик истаб, унинг қилмиши хато эканини қайта-қайта тушунтирсангиз, тўғри йўлни кўрсатсангиз-да, у гапингизга сира кирмаса, айтганларингизга ишонмаса, ҳатто устингиздан кулиб, масхаралай бошласа, шунда нима қилган бўлардингиз? Ҳа, унинг ишини  Аллоҳга ҳавола қилиш, дуоибад қилишдан бошқа чора қолмайди. Нуҳ алайҳиссалом ҳам шундай йўл тутди: Аллоҳ азза ва жаллага муножот қилиб, золим қавмни жазолашни сўради. Ораларида минг йилча юриб, тавҳидга чақирса ҳам йўлга юрмаган қавмнинг боридан йўғи яхши: Ер юзида бирорта ҳам ана шундай осий ва итоатсиз кимсаларни қолдирмай ҳалок этишни сўраб дуоибад қилди. Аллоҳ таоло ҳазрати Нуҳнинг дуосини ижобат қилди, бир юз эллик кунлик даҳшатли тўфон туфайли ер юзидаги барча куфр келтирганларни ҳалок қилди. Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинишича: «Нуҳ алайҳиссалом (тўфондан сўнг Ерга тушиб, Аллоҳга кўп шукр айтдилар, узоқ вақт ибодат қилиб, Аллоҳга ёлбориб, инсонларни бошқа оммавий тўфонга йўлиқтирмасликни илтижо билан сўради. Аллоҳ таоло Нуҳнинг бу дуосини ҳам ижобат этди ва ваъдасига ишора сифатида булут устида камалакни пайдо қилди. Бу камалак ўқсиз ҳолатда бўлиб, халқларга умумий тўфондан омонлик аломатидир».
27. «чунки уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздиришади, фақат кўрнамак ва нопокларни туғиб-кўпайтиришади»;
Ер юзида бундай расволардан бирортаси қоладиган бўлса, мўминларни йўлдан адаштиради, уларга ҳар қадамда душманлик қилади. Бу ҳам етмагандай, ўзига ўхшаган кўрнамак, фожир кимсаларни туғиб-туғдириб кўпайтиради. Бу наслдан тағин фасод-бузғунчилик қиладиган гумроҳ қавмлар пайдо бўлиб, кўпаяверади. Нуҳ алайҳиссаломнинг бу илтижоси бир қарашда бераҳмлик, тошбағирлик бўлиб кўриниши мумкин. Аслида Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) айтганларидай: «Нуҳ алайҳиссалом куфр келтирган ҳолида ўтган аждодлардан кейин авлодларнинг имонга келиб қолишидан умид қилардилар. Шу тариқа зурриёд кетидан зурриёдлар келиб, ҳатто орадан етти аср ўтиб кетди. Сўнг Нуҳ алайҳиссалом улардан умидларини узиб, дуоибад қилдилар. Тўфондан кейин у зот етмиш йил яшадилар, бу вақтда одамлар кўпайиб, атрофга тарқалиб кетишди».  
28. «Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирганларни, барча мўминлару мўминаларни мағфират қил ва золимларга эса ҳалокатдан бошқасини кўпайтириб берма!».
Нуҳ алайҳиссаломнинг Аллоҳ азза ва жаллага илтижоси ушбу дуо билан якун топади. Яъни, Аллоҳнинг пайғамбари барча мўмин ва мўминалар ҳаққига дуо қилиб, уларнинг гуноҳларини кечиришни, золим қавмларга ҳалокат ва жазоларини кўпайтириб беришини сўради. Дуо мазмунидан аён бўладики, Аллоҳга имон келтирган мўминларга икки дунёда ҳам раҳмат ва мағфират, куфр келтирганларга эса ҳалокат ва азоб бўлади.
Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг айтишича, Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари: Сом ибн Нуҳ араблар, форслар ва румликлар отасидир; Ҳом ибн Нуҳ суданлик ва бошқа африқолик қоратанлилар (занжилар) отасидир; Ёфас ибн Нуҳ эса барча туркий халқлар ва осиёликлар отасидир. Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Нуҳ пайғамбарнинг ўғилларига қилган васиятларида: «Сени икки нарсадан қайтараман ва икки нарсага буюраман», дедилар ҳамда ширк ва кибрдан сақланишга, «Ла илаҳа иллаллоҳ» билан «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азим»ни кўп айтишга буюрдилар.

Орқага Олдинга