loader

070. Маориж (зиналар) сураси

Маккада тушган, 44 оятдан иборат
«Маориж» сўзи «меърож»нинг кўплиги бўлиб, «ъуружун» масдаридан олинган, «юқорига кўтарилиш, зиналар, нарвонлар» маъноларини билдиради. Ушбу сурада Аллоҳ таоло «Меърожлар эгаси» деб васф қилинган. Сура номи унинг учинчи оятидан олинган. Ушбу сура Маккада Ал-Ҳаққодан кейин етмиш саккизинчи бўлиб тушган, Мусҳафдаги тартиби етмишинчи. Маориж ҳам барча маккий суралар каби ақида ва имон масалалари хусусида сўз юритади. Суранинг бош мақсади ўлгандан кейин қайта тирилиш, ҳисоб-китоб, мукофот ва жазо, жаннат ва дўзах кабиларни тушунтириш, уларнинг сифатини баён этишдир. Унда асосий эътибор Макка мушрикларининг қиёматда қайта тирилишни инкор этганлари, улар Аллоҳнинг ҳақ динини етказмоқчи бўлган Пайғамбарни (алайҳиссалом) масхара қилиб кулганлари, бу гуноҳлари туфайли охиратда абадий қийноқ-азобларга гирифтор бўлишлари муқаррар эканига қаратилади. Сурада Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг энг афзали бўлмиш имонли кишилар ахлоқидаги ўнта чиройли сифат зикр этилади. Уларнинг бу фазилатли белгилари қиёматгача барча инсонларга ибрат бўлиши уқтирилади.  Сурада, шунингдек, қиёмат кунининг ҳақлиги ва даҳшатлари, гуноҳкор кимсаларнинг қандай аҳволга тушишлари ҳақидаги оятлар ҳам келган.  

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Сўровчи келадиган азобни сўради –
2. кофирларга. Уни қайтара олувчи йўқдир;
3. бу Аллоҳдандир – меърожлар Эгасидан!
Яъни, бир талаб қилувчи кимса кофирларга келадиган азобнинг қачон келишини сўради. У албатта келади, уни қайтарувчи бирор жонзот йўқ, чунки у меърожлар Эгаси бўлмиш Аллоҳ таолодан келади. Айрим муфассирлар «саъала» сўзини «сўровчи» деб тафсир қилишган, бизнингча, бу оятда кўпроқ «талаб қилувчи» маъносини англатади. Чунки «сўраш» юмшоқроқ маънода: «шу нарсани берсанг яхши бўларди, бермасанг яна ўзинг биласан» каби. Талаб қилиш эса қатъийроқ: «шу нарсани берасан, бермаганингга қўймайман» каби. Оятда келишича, бир талаб қилувчи кимса масхара қилиш ниятида куфр келтирганлар устига тезроқ Аллоҳнинг охиратда бўладиган азоби келишини талаб этди. Дарҳақиқат, инсонларнинг жуда кўпчилиги «Қиёмат қачон бўлади, Аллоҳ охиратда жазолайди, дейишади, шу дунёнинг ўзида жазолаб қўяқолмайдими?» қабилидаги бемаъни саволларни бераверади. Ваҳоланки, вақт нисбийлиги сири инсоннинг англаш имкониятларидан баландроқда туради. Инсоният ҳали Аллоҳнинг ғайбий (яширин) сирларини англай олиш даражасига етиб келмаган. Агар у қуйидаги тўрт ҳақиқатни тушуниб етганида бундай саволларни ҳеч қачон бермаган бўлар эди: 1) қиёмат албатта бўлади, уни ҳеч ким бекор қилолмайди; 2) у кофирлар учун  қаттиқ азоб нақддир, мўминлар ташвиш чекмаса ҳам бўлади; 3) жазо кўр-кўрона берилмайди, балки адолат ва раҳм-шафқат Парвардигори бўлган Аллоҳдан келади; 4) қиёмат яна «Меърожлар Эгаси» бўлмиш Аллоҳ номини эслатади, У буюк қудрати ва азаматининг Аршида ўрнашган эса-да, беҳисоб фазл-раҳмати қатори бандаларига Ўз ҳузурига кўтарилиш имконини ҳам беради.
Шундай бўлгач, эй гуноҳкор инсон, шошиб нима қиласан? Нега Аллоҳнинг азоби тезроқ келишини сўрайсан? Шундоқ ҳам унинг яқинда бошингга келиши муқаррар-ку! Бу азобни орқага суриш ёки уни бутунлай қайтаришга ҳеч ким қодир эмас! Чунки жазо-азобларни бутун оламларнинг, барча махлуқотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ азза ва жалла юборганидан кейин буни ким ҳам тўса оларди? Чунки У ўта қудратли, ҳамма нарсага қодир Зот, У меърожлар Эгасидир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) учинчи оятдаги «Зил-маъариж»ни «меърожлар (осмонлар) Эгаси» деб тафсир қилганлар. Зухруф сурасининг 33-оятида «меърож» (кўтарилиш, зиналар) зоҳирий маъносида келган. Маориж сураси 3-оятининг эса чуқур ботиний маъноси бор. Биз Аллоҳнинг ҳузурига кўтарила оламизми? Қуръон хабарига кўра, фақат охирзамон Пайғамбарига (алайҳиссалом) Исро кечасида бундай имконият берилган. Фазли ва раҳмати беқиёс Аллоҳ бундай ҳуқуқни фаришталарига ва айрим танлаган солиҳ бандаларига ҳам ато этган. Инсон маърифати, тақвоси, имони билан охиратда бу мартабага етиши мумкин. Фақат бунинг йўли олис ва машаққатли: дунёдаги суюмли ёр висолига етиш қанчалик мушкул ва қийноқларга тўла бўлса, охиратдаги Ёр жамолига мушарраф бўлиш бундан-да кўп куч-ғайрат, оғир йўқотишлар, чексиз сабр-бардошни талаб этади.  
«Юқоридаги уч оят Назр ибн Ҳорис ҳақида тушган. У: «Эй Аллоҳ, агар шу (Қуръон) Сенинг ҳузурингдан келган Ҳақиқат бўлса, устимизга осмондан тош ёғдир ёки бизларга қаттиқ азобингни келтир», деган эди. У ўз зарарига дуо қилиб, бало сўраган эди. Шунда сўраган нарсаси Бадр куни содир бўлди. У ҳимоясиз қолган ҳолда ўлдирилди ва бу ҳақда оят туширилди» (Абул Ҳасан Воҳидий-Найсобурий. «Асбабун-нузул», Т., 2009 йил, 387-бет).
4. Эллик минг йилга тенг кунда фаришталар ва Руҳ Унинг ҳузурига кўтарилишади.
Оятдаги «ҳузурига» деб таржима қилинган «илайҳ»дан Аллоҳнинг макони бор экан, деб тушунмаслик керак. Бутун оламлар Парвардигори замон ва макондан холи, пок Зотдир. «Илайҳ»дан мурод, барча ишларнинг пировард мақсадга етиши, азизлик ва улуғлик мақомига эришувидир. Инсонлар ҳисобидаги эллик минг йилга тенг кунда барча фаришталар ва Руҳ Парвардигор ҳузурига кўтарилишади. Кўпчилик муфассирлар Руҳдан мурод Жаброил алайҳиссалом, дейишади. Айримлари эса бундан инсонлар руҳи тушунилади, чунки Аллоҳ инсонларга ато этган руҳ қиёматда Парвардигор ҳузурига кўтарилади, дейишади.
Ушбу оятда бир кун эллик минг йилга тенгланяпти. Ҳар бир нарсадан мантиқ қидирадиган, фақат моддий дунёни тан олиб, руҳий олам сирларидан бехабар кишилар учун балки бу ўринда ўлчов бузилгандай туюлар? Аслида ундай эмас. Вақтни Аллоҳ таолога нисбат бериб бўлмайди, чунки У вақт, замон, макон тушунчаларидан холи Зотдир. Вақт Аллоҳ таоло яратган мавжудотларга хосдир, фақат Яратувчига эмас! Охират дунёсида эса вақт инсонларга ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолади. Ҳорун Яҳё ёзишича, «Замонавий илм-фан кашфиётлари вақт-замоннинг мутлоқ воқеълик эмас, балки нисбий бир тушунча эканини тасдиқлайди. Илм-фан милодий йигирманчи асрга келибгина кашф этган (Эйнштейннинг нисбийлик назарияси) бу ҳақиқатни ўн тўрт аср олдин Қуръони каримда баён этиб қўйилгани ҳайратланарли эмасми?» («Қуръони карим нисбийлик ҳақида», «Ҳидоят» журнали, 2005 йил 9-сон, 32-бет).
Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида вақт ҳодисаси макон ва шароитга қараб ўзгариб турадиган руҳий бир тасаввур экани ҳақида айтилади. Масалан: «Аллоҳ тўплайдиган кунда улар гўё кундузнинг бир соатича тургандек бир-бирларини танишади» (Юнус, 45); «Дарвоқе, Парвардигорингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил кабидир» (Ҳаж, 47); «Аллоҳ уни (Узайр пайғамбарни) юз йил муддатга ўлдирди. Сўнг тирилтириб: «Қанча (ўлик ҳолда) турдинг?» деб сўради. «Бир ё ярим кун», деди. Аллоҳ: «Йўқ, юз йил турдинг», деди» (Бақара, 259). Бу оятлардан маълум бўладики, вақтни яратган Аллоҳ азза ва жалла Ўзи унга мутлақо боғлиқ эмас, инсон эса Аллоҳ белгилаб берган вақтга ҳар томонлама боғлиқдир. Инсон, Қуръон аниқ хабар берганидай, ҳатто қанча ухлаганини ҳам билишга қодир эмас. «Қуръони каримнинг илмий мўъжизалари» китобида бундай ёзилган: «Зотан, ояти каримадаги ақл бовар қилмас бир мўъжиза ҳам эллик минг йилдан баҳс этаётган экан, «сизнинг вақтингиз билан эллик минг йил» дейиш ўрнига «эллик минг йилга тенг», деб очиқчасига масофаларга нисбатан тезликнинг шиддати баён этилмоқдаки, бу ҳозирги суръат, замон ва макон тушунчаларига бутунлай мос келади» (Холуқ Нурбоқий китоби, 39-40-бетлар).
5. (Эй Муҳаммад), энди чиройли сабр қилинг!
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), куфр ва ширкка берилганларнинг ваҳийларимизни ёлғонга чиқариб, жазоларимизни масхара қилаётганига эътибор берманг. Сизни ёлғончига чиқаришларига, сиз келтирган ҳақиқатни инкор қилишларига, азобларимизни тушмайди, деб ўйлаб, унинг келишини тезлаштиришни сўрашларига хафа бўлмай, чиройли сабр кўрсатинг. Аллоҳ таолонинг динини ёйишга киришган ҳар бир даъватчи ниҳоятда сабр-бардошли бўлиши керак. Чунки бу йўлда у машаққат-қийноқларга, нодон ва осий қавмларнинг озор-хўрлашларига ва азоб-уқубатларига дуч келади. Парвардигор Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам ваҳийни етказишда чиройли сабрга чақирмоқда. Имом Қуртубий: «Кишининг ичидаги жиззакиликни йўқотиши ва Аллоҳдан бошқага шикоят қилмаслиги чиройли сабрдир», деган.  
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом) олдин ҳам барча элчиларини ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. Чунки Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: «Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради».
6. Улар буни ҳали узоқ деб ўйлашади.
Нодон ва гумроҳ кимсалар қиёматга ҳали узоқ, деб ўйлашяптими? Йўқ, улар адашадилар. Қиёматга жуда яқин қолди. Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Унинг ҳақ Пайғамбари (алайҳиссалом) бунинг хабарини беришган. Аллоҳ таоло айтади: «Қиёмат соати яқинлашиб қолди ва Ой ҳам бўлинди» (Қамар, 1); «Қиёматнинг аломатлари келди» (Муҳаммад, 18). Қиёматнинг яқинлиги ҳақидаги энг биринчи аломат Муҳаммад алайҳиссаломнинг юборилишлари эди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен пайғамбар этиб юборилганимда қиёмат мана шундай эди», дея ўрта ва кўрсаткич бармоқларига ишора қилдилар» (Имом Бухорий ва Муслим). Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларнинг ҳаётда муҳлат-ажалларингиз илгаригилар ажали олдида аср намозидан қуёш ботгунчалик холос», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим).
7. Биз уни яқин деб биламиз.
Аллоҳ таоло: «Биз қиёматнинг жуда яқинлигини кўриб турибмиз», деяпти. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас! Бутун Коинот ва борлиқларни, инсон ва жинларни, барча жонли ва жонсиз мавжудотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ таоло қиёмат, жаннат ва дўзах кабиларнинг ҳам Эгасидир. Ҳамма нарсани йўқдан бор қилган буюк Парвардигор уни қачон ва қай ҳолатда келишини Ўзи яхши билади.
8. Ўша куни осмон мис каби эрийди.
Ояти каримадаги «муҳл» сўзи «қорамой қуйқаси, мис ёки қўрғошин эритмаси» маъноларини билдиради. Инсон дунё ҳаётида атрофига боқаркан, борлиқдаги ҳамма нарса уйғун, мўътадил ва сокин бир ҳолатда эканини кўради. Қушлар учиб юрган мусаффо осмон, кўкка бўй чўзган улуғвор тоғлар, ям-яшил водийлар, суви шарқираб оқиб турган сой ва дарёлар, бари илоҳий бир низом асосида яшнаб-яшаришда бўлади. Аммо қиёмат куни келгач, бу манзара батамом ўзгаради. Кечагина одамлар тепасида том каби мустаҳкам турган муаззам осмон худди эртилган мис ёки қорамой қуйқуми каби оқиб тушади.
9. Тоғлар тўзиган юнгга айланади.
Улкан тоғларнинг титилган, тўзғиган юнгга (ъиҳн) ўхшатилиши ҳам қиёматнинг бутун даҳшатини кўрсатиб турибди. Ҳеч ким ўрнидан жилдира олмайдиган, Ерга қозиқ қилиб қоқиб қўйилган тоғларнинг худди титилган юнг каби осмонда учиб юриши ҳақиқатан қўрқинчли манзара.  Қуръоннинг бу оятида тоғларнинг юнгга қиёсланиши ҳар қандай кишини ўйга толдириши, ибратланишга ундаши керак. Қўй-эчки, туялар юнгини саваганда худди пар-момиқ каби енгил учиб юради. Шундай баҳайбат, зил-замбил тоғларнинг енгил пар каби тўзғиб юриши қиёматнинг даҳшатли бир кун эканидан хабар беради.
10. Дўст дўстидан ҳол сўролмас
Қиёмат шундайин оғир синовки, ўша куни инсонлар фақат ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолишади. Ота боласига, фарзанд ота-онасига ёрдам беролмайди, ҳолидан хабар ололмайди. Қуръони карим бундай огоҳлантиради: «Бирор жон бирор нарсада бошқасининг ўрнига ўтолмайдиган, ундан шафоат ҳам қабул қилинмайдиган ва бадал ҳам олинмайдиган ҳамда уларга ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар!» (Бақара, 48). Ҳатто дунё ҳаётида бир-бирларига ниҳоятда содиқ, меҳрибон бўлган дўст-биродарлар ҳам қиёмат куни оғайнисининг қийин аҳволда қолганини кўриб-билиб турса ҳам, тариқча ёрдам беролмай қолади. Оддийгина бир мисол: сиз талабасиз, бугун имтиҳонга кирмоқчисиз. Шунда бир дўстингиз «манави нарсани тушунтириб бер ёки манави ишда ёрдамлашиб юбор», деса, «нари тур, мен нима аҳволдаю, сен ёрдам сўраб юрибсан», дея рад қиласиз. Имтиҳонларнинг энг улуғи, энг каттаси олдида турган одам эса дўсти ва яқинларига асло ёрдамга келолмайди. Чунки ҳозир унинг ўзи қўллашга, далдага муҳтож.
11. бир-бирини кўриб турса ҳам. Гуноҳкор хоҳлайди ўша кун азобидан қутулишни ўғиллари эвазига;
Инсоннинг бошига бирор мусибат ё бало келса, ҳамма нарсасини бериб бўлса ҳам ундан қутулишни истайди. Севимли ёлғиз фарзанди бетоб бўлиб қолса, уни тузатиш учун бор мол-мулкини беришга тайёр туради, ҳатто ҳовли-жойини, уловини сотишга ҳам рози бўлади. Сенга беҳисоб бойлик ёки катта мансаб берамиз, эвазига бирор ўғлингни бизга берасан, деб кўринг, асло бунга кўнмайди. Қиёмат куни эса ҳолат тамоман бошқача! Гуноҳларга кўмилиб, ҳисоб-китобидан кейин иложсиз қолган осий кимса дунё ҳаётидаги каби пул сарфлаб ё таниш-билишни ўртага қўяй, деса бунинг асло иложи йўқ! Шунда у ҳамма ўғилларини бериб бўлса ҳам Аллоҳ таолонинг жазосидан қутулишни истаб қолади. Аҳволи шунчалик ночорки, жонининг бир парчасини, кўзининг қувончини, арзанда фарзандларини ҳам қурбон қилишга тайёр. Булар ҳам фойда бермаганидан кейин энди бошқача йўл топади.
12. хотинию, ака-укалари;
Дунё ҳаётида қанча йиллар умргузаронлик қилган, ҳар куни неча бор муҳаббатини изҳор қилган, оёғи остига бутун бойликларини сочган суюмли хотинини ҳам, ҳаётдаги энг яқин кишилари, ҳамиша ёрдамга келган, ҳар ишда суянчиқ бўлган садоқатли ака-укаларини ҳам;
13. ҳатто ўз қариндош-уруғларию;
опа-сингил, тоға-амаки, амма-холаларинию, барча қавму қариндошларини ҳам;
14. ер юзидаги ҳаммани бериб бўлса-да, қутулса қанийди.
иложини тополса, Ер юзида яшаб турган бутун инсониятни қурбон қилиб бўлса-да, қиёмат қийноқларидан, Аллоҳ таоло ваъда қилган қаттиқ азоблардан, дўзах даҳшатларидан қутулиб қолишни истайди. Қанийди бунинг иложи, имкони бўлса!
15. Йўқ! У алангали оловдир;
Йўқ, бундай қилишнинг ҳаргиз иложи йўқ. Чунки сур чалиниб, қиёмат соати киргандан кейин ҳеч қандай эваз, бадал ўтмайди. Тавба-тазаррулар қабул қилинмайди. Ахир, бундай кимсалар дунё ҳаётида огоҳлантирилган эди-ку! Қиёмат яқинда келиши, бунгача залолатдан ҳидоятга ўтиши, гуноҳларга тавба қилиши кераклиги билдирилган эди-ку! Нега гуноҳкорлар ўшанда Аллоҳнинг буйруқларига бепарво бўлишди? Пайғамбари айтганларини нечун инкор этишди? Нимага Ҳақни англашни исташмади? Мана, энди уларни ловуллаб ёнаётган, ёнилғиси гуноҳкорлар ва тошлардан бўлган алангали олов, дўзах оташи кутиб турибди.
16. унинг бош терисини шилиб олажак!
У шундайин оғир жазо жойики, осий бандаларнинг бош терисини шилиб олади, таналари бир бор куйдирилиб азоблаб бўлинганидан кейин Аллоҳнинг амри билан уларнинг бутун териси яна янгиланиб, азоб-қийноқлар қайтадан бошланади. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни ловуллаб турган дўзахдан огоҳлантиргандим!» (Лайл, 14). Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Эй Одам фарзанди, Аллоҳнинг ваъидларини (таҳдидларини) эшитасану, яна сандиқларингни мол-дунё билан тўлдирасан», деган.
17. Чорлайди Ҳақдан қайтган ва юз ўгирганни;
Ловуллаган дўзах Аллоҳ таоло юборган ҳақ дин ва илоҳий Каломдан юз ўгириб-рад этган, охирзамон Пайғамбари (алайҳиссалом) етказган ваҳийларни инкор қилган бадбахт кимсаларни «бағри»га чорлаб турибди. Бундай аянчли, изтиробли жазодан қутулиб бўлармикин?!
18. мол йиғиб-босганни.
Булардан ташқари, яна Аллоҳ берган мол-дунёга бахиллик қилиб, фақир-мискинлар улушини (закот, садақа, эҳсон) бермаган, бойлигини йиғиб-босиб қўйиб, одамларни манфаатлантирмаганлар ҳам дўзахга тушади. Чунки закот бойлар учун ихтиёрий садақа эмас, балки Аллоҳ фарз қилган мажбурий молиявий ибодатдир. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ кимга бойлик ато этган бўлсаю у закотини бермаса, қиёмат куни бойлиги икки кокилли аждарга айлантирилади. Сўнг у эгасининг бўйнига ўралади-да, унинг икки лунжидан ушлаб: «Мен сенинг молингман, хазинангман», дейди», деганлар» (Имом Бухорий). Қиёмат кунининг бу қийноқлари куфр келтирганларгадир. Мўминларга қиёматдаги ҳисоб-китоб миқдори икки намоз ўртасидаги вақт каби тез ўтади. Пайғамбар алайҳиссалом яна бундай деганлар: «Дўзахга биринчи бўлиб кирадиган уч тоифа: золим амир, ўз молидаги Аллоҳ ҳаққини адо қилмайдиган бой ва мутакаббир камбағалдир» (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма).
19. Инсон ҳақиқатан бесабр яралгандир;
Ушбу оятдаги «ҳалуъ» ибораси «бесабр, тоқатсиз, чидамсиз, ҳирсини жиловлай олмайдиган» маъноларини англатади. Инсон насли Аллоҳ таолонинг Ўзи билган ҳикматига кўра бесабр қилиб яратилган. Ҳақиқатан, инсонга бирор хасталик келиши билан дарров «оҳ-вой»га тушади, тузалгунча сабр қилолмай ўзини ҳар томонга уради. Бирор ишга киришса, тезроқ ҳал бўлишини истайди. Бошқалар манфаатини ҳатлаб бўлса ҳам ўзининг иши тезроқ битишини хоҳлайди. Кун сал исиб кетса ҳам, совиб кетса ҳам, қорни очиб кетса ҳам, тўйиб кетса ҳам бесабрлик ва бетоқатлик қилаверади.
20. кулфат келганида чидамайди;
Ояти каримадаги «жазу» сўзи «сабрсизлик, чидамаслик, тақдирдан нолиш» каби маъноларни билдиради. Ҳақиқатан Аллоҳ раҳматидан ноумид кимсалар бошларига сал мусибат ё синов келса, бесабрлик қилишади. Оҳ-вой чекиб, қисматларидан нолишга тушишади. Бундай ҳолатларга сабр, бардошни қарши қўйиш керак. Шунинг учун Ислом мўмин-мусулмонларни ҳамиша сабрли бўлиш, Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсага кўнишга чақиради. Зеро, сабр мўминларнинг энг мақталган фазилатларидандир.
21. мол-мулк келса, бахилга айланади.
Кўпчилик инсонлар Парвардигорлари ато этган мол-дунёга бахиллик қилишади. Буни ўз куч-ғайратим, елиб-югуришларим, тадбиркорлигим орқасидан топганман, деб бир жойга ё идишга босишади. Бунда камбағал, фақир, бечора, ночор ва бемор кишиларнинг, етим ва тулларнинг, ҳақдорларнинг ҳам улуши борлигини ўйлашмайди. Аллоҳ таоло бундай бахил, хасисларга қиёматда қаттиқ жазо-азобларини тайёрлаб қўйган. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир», деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд).
22. Намоз ўқувчиларгина бундан мустасно.
Ушбу суранинг 15-22-оятларида Ҳақдан қайтган ёки ундан юз ўгирганлар қаттиқ жазоланиши ҳақида сўз борганидан кейин булардан намоз ўқувчилар истисно қилиняпти. Ҳақиқатан, намоз мўмин инсонни гуноҳ ва ширклардан тўсувчи улуғ ибодатдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «Намозни тўкис адо қилинг, намоз албатта бузуқлик ва ёмонликдан тўсади» (Анкабут,  45). Намозларни барча фарзлари ва талабларига риоя этиб адо қилиш мусулмонликнинг асосий шартларидандир. Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқ.
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисларда бундай дейилади: «Ислом беш нарса устига қурилган: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» калимаси, намозни адо этиш, рамазон рўзасини тутиш, закот бериш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш» (Имом Бухорий). Расули акрамдан: «Қайси амал афзал (Аллоҳга севимли) деб сўрашганида: «Вақтида ўқилган намоз», деб жавоб берганлар. (Имом Бухорий ва Муслим). «Қиёмат куни банданинг биринчи ҳисоб қилинадиган амали намоздир» (Имом Термизий); «Қайси бир мусулмон намоз ўқиб, у билан Аллоҳнинг розилигини талаб қилса, гуноҳлари худди дарахтнинг барги тўкилгандек тўкилиб кетади» (Имом Аҳмад).
23. Улар намозларида бардавом бўлишади.
Яъни, мўминлар беш вақт намозларини мунтазам адо этишади. Мабодо турли узрли сабаблар билан қазо қилгудай бўлишса, унинг қазосини ҳам ўқишади. Бундан ташқари, нафл намозларини ҳам канда қилишмайди. Намозларида бардавом бўлган мўминлар Аллоҳ таоло розилигига эришиб, икки дунё саодатини қўлга киритишади. Намозда бардавомлик яна унинг барча фарз ва суннатлари, рукнларига қатъий амал қилиш, намозда Аллоҳга қаттиқ боғланиш, хушуъ-хузуъ билан туриш, намознинг асл моҳиятини англаган ҳолда ибодат қилишни ҳам кўзда тутади. Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинишича, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Амалларнинг Аллоҳга энг севимлиси оз бўлса-да давомлисидир», деганлар (Имом Бухорий). Дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз бандаликнинг, Аллоҳга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини отиб, қуллик либосини кийиш кайфиятидир. Мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган. Чин мўминлар намозларида ҳамиша бардавом бўлишади.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Ҳақ таоло бутун инсониятга ибрат бўлувчи, солиҳ амаллар қилувчи, Ўзининг амр-фармонларини бажариб, қайтарганларидан четланувчи чин мўминларнинг ўнта сифатини баён этишга киришади. Бундай мўминлар намозларини доимий адо этишади; ҳожатманд ва фақирларга молларидан закот ва садақа чиқаришади; улар қиёматдан қўрқишади; Парвардигорлари жазосидан хавфда бўлишади; хотинларидан ўзгасидан фаржларини сақлашади; бу ишда ҳаддан ошишмайди; омонатга хиёнат этишмайди; аҳдга вафо қилишади; тўғри гувоҳлик беришади; намозларини мукаммал, барча шартларига риоя қилиб адо этишади. Ана шуларни сидқидилдан, чин ихлос билан бажарган мўминларгина охират дунёсида Парвардигорлари жамолига мушарраф бўлиб, жаннат неъматидай улкан мукофотга сазовор бўлишади.
24. Ва молларидан улуш чиқаришади:
Биз «улуш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «ҳаққун маълум» кўринишида келган. Демак, ҳар биримизнинг молимизда бошқа эҳтиёжмандларнинг маълум ҳақлари, улушлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмайсиз» (Оли-Имрон, 92). Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мол садақа қилиш билан камаймайди ва киши ўзига етган зулмни кечирса, Аллоҳ унга азизликни кўпайтириб беради», деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ислом дини мусулмонларга бойлик, мол-дунёларидан камбағаллар ва ҳожатмандлар ҳиссасини чиқаришни буюради. Булар закот, садақа, хайр-эҳсон, нафақа кўринишида бўлиши мумкин. Аллоҳ нега бунга буюрган? Биринчидан, моли нисобга етган киши Парвардигори фарз қилган закотини чиқарсагина, бу моли покланиб, турли бало-офатлардан ҳимояланган бўлади. Иккинчидан, закот, садақа бериш орқали жамиятда моддий тенглик юзага келади. Яъни, Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунёни кўп берган бўлсаю, у буни муҳтож, фақир, ночор диндошлари билан баҳам кўрса, ижтимоий адолат юзага келади. Аммо инсон табиатан дунё ҳаётининг зийнати бўлмиш мол-дунёга ҳарис, ўчроқ бўлади. Шунинг учун Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло бандаларини намоз ўқишга буюрганидан кейин албатта закот беришга тарғиб қилган. Чунки камдан-кам одам қўлидаги мол ва бойлигини бошқа бир киши билан баҳам кўришга рози бўлади. Меҳнат билан ишлаб топган молидан бир улушини дилдан чиқариб, ўз ихтиёри билан муҳтожларга, фақир-мискинларга ялиниб элтиб бериш ҳаммага ҳам ёқавермайди. Аммо мўмин киши Аллоҳнинг буюрганига сўзсиз итоат қилади. Унинг буйруқларини бажаради. Чунки у дунё ҳаёти лаззат, зийнат ва фароғат билан, охират дунёси эса машаққат, қийинчиликлар билан ўраб қўйилганини яхши билади. Аллоҳнинг жамолига етишни истаганлар бу йўлдаги қийноқларга шай туришлари керак. Зеро, ишқ-муҳаббат ҳамманинг қалбига ҳам у ёки бу йўсинда макон қуради. Севган ёримизнинг кўнглини овлаш учун эс-ҳушимиздан айриламиз. Юрсак ҳам, турсак ҳам фикри-ёдимиз унда бўлиб қолади. Висолига етиш учун уйқу, ҳузур-ҳаловат, емоқ-ичмоқ ва бор-будимиздан воз кечишга тайёр турамиз. Ошиқликнинг қисмати, таомили–шу! Аллоҳни севиш учун эса маъшуқага етишмоқ машаққатларидан кўра кўп куч-ғайрат сарфлаш керак бўлади. Чунки Аллоҳ ниҳоятда гўзал! Унинг жамолига мушарраф бўлиш йўллари эса узун ва қийинчиликларга тўла. Унинг васлини орзулаган инсон бунга фақат чинакам қуллик ва тоат-итоат билангина эришади. Унга юкуниш орқалигина улкан саодат ва абадий лаззат-ҳаловатнинг олий мақомини топа олади. Молидан ўзгалар ҳисобига кеча билишга чорлаш ҳам бу йўлдаги бир синовдир!
25. ҳожатманд ва фақирларга.
Яъни, сўрасин ё сўрамасин, ҳар бир фақир ёки ҳожатманд кишиларга закот, садақа бериш, моддий ёрдам кўрсатиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи бўлибгина қолмай, балки бу ижтимоий тенглик ва жамият барқарорлиги асосидир. Аҳли-аёлингиз, қавму қариндошингиз ё маҳалла-кўйдаги қўшниларингиз оч, муҳтож бўлсаю, сиз неъматларга ғарқ бўлиб, тўкин-фаровон яшасангиз, исломий адолатга зид йўл тутган бўласиз. Мусулмонлар орасида закотини бермайдиган, ночорлар ҳолидан хабар олмайдиган, ҳатто бундайлар йўлидан чиқиб қолса, тескари қараб ўтадиган, ўзи кўча-кўйда қорнини тўйдириб, уйидаги бола-чақаси оч ўтирадиган кимсаларнинг ҳам борлиги айниқса аянчли ҳолдир. Қиёматга, ўлгандан кейин қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ишонган мўминлар бундай қилишмайди. Чунки бундай гуноҳга йўл қўйишса, Аллоҳнинг азобига учрашларини яхши билишади.
26. Булар жазо кунини тасдиқловчилардир.
Киши яхши амаллари билангина жаннатга киролмайди, Ҳақ таоло розилигини тополмайди. Унинг яна имони комил, эътиқоди соф, қалби салим бўлиши керак. Чин мўминликнинг шартларидан яна бири оятда зикр этилаётганидай қиёматга, унда ҳар бир банданинг ҳисоб-китоб қилинишига, шунга яраша мукофот ё жазо берилишига ишониш ҳамдир. Ана шундай мўминлар қиёматда Аллоҳнинг ғазаби ва азобидан омонда бўлишади.
27. Ва Парвардигорлари жазосидан қўрқувчилардир;
Аллоҳ таоло мўминларни кофир ва золим кимсалардан эмас,  фақат Ўзидангина қўрқишга чақиради: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ қилаётган амалларингиздан албатта хабардордир» (Ҳашр, 18). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: «Иззатим ва буюклигимга қасамки, иккита қўрқув ва иккита хотиржамликни  бандамда жам қилмайман. Ким дунёда Мендан қўрқса, охиратда уни хотиржам қиламан. Ким дунёда хотиржам бўлса, қиёматда уни қўрқитаман». (Абу Наъим ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  Ибн Масъудга (р.а.) бундай деганлар: «Мендан кейин мен билан кўришишни, бирга бўлишни истасанг, Аллоҳдан қўрқувни кучайтир. Аллоҳдан қўрқув инсонни яхши амалларга йўллайди... Аллоҳдан қўрққанлар кўп нарсадан қўрқадилар, эҳтиёт бўладилар... Аллоҳдан бошқасидан қўрққанларни эса Аллоҳ ҳамма нарсадан қўрқитади....»
Банда фақат Аллоҳдан қўрқиши керак, чунки уни ҳар қандай жазодан қутқарувчи Аллоҳнинг Ўзи! Ҳеч ким, ҳар қандай қудратли шахс Унинг ҳузуридаги ҳисоб ва жазодан қутқариб қола олмайди! Аллоҳдан қўрқиш – банда учун илоҳий неъмат, улуғ қаҳрамонлик! Унга сиғиниш ва итоатда бўлиш дунёнинг барча қўрқув ва гуноҳларидан бирданига халос бўлишдир! Ҳузури Олияда ўзни паст, ҳоксор тутиш – энг улуғ олийжаноблик! Айтишларича, Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада: тилда, қалбда, кўзда, меъдада, қўлда, оёқда, итоатда намоён бўлади. Ва буни шундай шарҳлашади: Аллоҳдан қўрққан одам тилини ёлғон, ғийбат, бўҳтон, беҳуда сўзлардан тияди, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлади. Аллоҳдан қўрққан киши қалбини ҳасад, кўролмаслик, душманлик, хусумат каби иллатлардан фориғ этади. У кўзини ҳаромдан асрайди, дунёга ҳирс эмас, ибрат назари ила боқади. У меъдасини шубҳали ва ҳаром нарса  билан тўлдирмайди. Аллоҳдан қўрққан одам қўлини ҳаромга узатмайди. Исён йўлида эмас, Аллоҳга бандалик йўлида одимлайди. Аллоҳдан қўрққан одам ёлғиз Аллоҳ ризоси учун Унга итоат этади, риё, иккиюзламачиликдан сақланади.
Аллоҳдан қўрқувчилар тақводорлардир. Тақводорлар Аллоҳдан қўрққанлари учун Унинг амрига итоатда туришади. Ўзларини барча ёмонликлардан тийишади. Охират йўлида ҳамиша ибодатда бўлишади. Жаннат неъматлари орзусида барча қийинчилик, азоб-уқубатларга сабр этишади. Тақводорликнинг белгиси қўрқув ва умид орасида туришдир. Яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг азобидан, дўзахидан, иқобга олишидан, ҳисоб-китобидан қўрқиш ва айни пайтда Унинг раҳмат-мағфиратидан, меҳрибонлигидан, жаннатга  киритишидан  умидворлик туйғуси  билан яшашдир! Сулаймон Дороний (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Қўрқувдан йироқ бўлган қалблар албатта хароб бўлғусидир». Маъсият-гуноҳлардан қўрқиш – солиҳларнинг иши. Аллоҳдан қўрқиш – сиддиқлар ва муваҳҳидларнинг амали. Гуноҳкор Қодири Зул-жалолни таниганида эди, гуноҳларидан эмас, Ҳақ таолонинг Ўзидан қўрқарди. Чунки Аллоҳдан қўрқув жаноби Пайғамбаримизни коинот сарварига, инсоният фахрига айлантирди. Аллоҳдан қўрқмаслик Абу Жаҳлни икки дунёда хор айлаб, дўзах тубига, асфаласофилинга отди.
28. чунки Парвардигорлари азобидан қутулиш йўқдир!
Мўминлар Аллоҳдан не учун қўрқишмасинки, қиёмат келганида бирор кимса, ҳатто пайғамбарлар ҳам Парвардигорнинг ҳисобга тортишидан, азобидан қочиб қутула олмайди. Чунки Унинг ҳузурида мол ёки бошқа бирор восита билан жазони бекор қилиш ё ортга суришнинг асло иложи йўқ. У кунда ҳеч қандай баҳона, сабаблар, кўз ёшию ёлборишлар ҳисобга ўтмайди. Қуръони карим бундай огоҳлантиради: «Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (дўзахдан) чиқар, қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхшиларини қилайлик», деб фарёд қилишади. Ахир Биз сизларга эслатма олувчи киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверинглар! Золимларга ёрдам берувчи бўлмайди» (Фотир, 37). Чунки уларга буюк Аллоҳнинг азобидан қутулиш йўқ! Ушбу оятлар қилган амалларига маҳлиё бўлиб, мен хато ё гуноҳ қилмайман, дейдиган ва кибрга борадиган кимсалар учун жиддий огоҳлантиришдир. Ҳеч ким, ҳатто энг яхши одамлар ҳам хато-камчиликдан холи эмас. Шундай экан, ҳар бир банда қўрқув ва умид орасида ҳаёт кечириши керак. Дунё ҳаётида Парвардигордан қўрққанлар, Унинг йўлида юрганларга қиёмат куни ҳеч қандай қўрқув, хавф-хатар, ғам-алам бўлмайди. Ўша куни фақат куфр ва ширк зулматида юрганлар, Аллоҳга бўйсунмаганларгина қаттиқ қўрқув ичида бўлишади.
29. Ва улар фаржларини сақлашади.
Оятда чин мўминларнинг яхши хислатлари қаторига фаржлари, яъни жинсий аъзоларини сақлаш ҳам кириши баён этилмоқда. Ислом дини мусулмонларни ҳаромдан тийилишга, зино, фаҳш ишларга яқин бормасликка буюради. Чунки зино, фаҳш ишлар улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) саналади. Эркак ҳам, аёл ҳам ўзини турли ҳаром ишлардан, бузуқликлардан, зинодан асраши зарур. Аллоҳ таоло: «Зинога яқинлашманглар, чунки у бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир», деган (ал-Исро, 32). Ривоят қилишларича, шайтон қўшинларини ер юзига юбора туриб: «Қай бирингиз бир мусулмонни йўлдан оздирса, ўшанингизга тож кийдираман», дейди. Уларнинг энг фитнакорларидан бири шайтонга энг яқини бўлади ва у шайтон олдига келиб: «Фалончини васваса қилаверган эдим, хотинини талоқ қилди», деб мақтанади. Шунда шайтон: «Бу ҳеч нарса эмас, талоқ қилган бўлса, яқинда бошқасига уйланаверади», дейди. Сўнг бошқаси келиб: «Фалончини васваса қилиб, яқин биродари билан уриштириб қўйдим», дейди. «Бу ишинг арзимас, яқинда яна қайтадан ярашиб олаверади», дейди шайтон. Сўнгра бошқа бири келиб: «Пистончини васвасага солган эдим, охири у зино қилди», дейди. Шайтон: «Сен жуда зўр иш қилибсан», деб уни ёнига чорлайди ва бошига тож кийдиради. Тафсир имомларидан Ибн Зайд (раҳимаҳуллоҳ): «Аниқки, зинокорлар фаржларининг ҳиди дўзах аҳлига озор беради», деган.
30. Хотинлари ва чўриларига бўлса, маломат қилинмайди.
Аммо мўминларнинг ўз никоҳларидаги хотинлари ва қўлларидаги чўрилари билан жинсий алоқа қилишларига шариатда ҳеч қандай монеълик йўқ. Бунинг учун уларга гуноҳ ҳам бўлмайди, маломат ҳам қилинмайди. Исломда хотинлар ўртасида адолат қилишга қодир кишиларга тўрттагача уйланишга рухсат берилган. Агар бунга қодир бўлишмаса, биттаси билан кифояланишади.
31. Булардан ўзгасини истаганлар ҳаддан ошувчилардир.
Ҳалол йўл билан оила қуришдан бошқа барча ишлар, никоҳсиз, номаҳрам аёллар билан яқинлик (зино) қилиш динимизда қаттиқ қораланган. Бу ярамас ишлар шариат ва ахлоқ чегараларини бузишдир. Зино шариатимизда мутлоқ ҳаром, улкан гуноҳ саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зинокор зино қилаётганида мўминликдан чиқади», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Ислом дини бу масалада Аллоҳ белгилаган чегара-ҳадларни бузувчиларга турли жазолар қўллашни жорий этган. Зинокор қиз ва зинокор йигитга юз даррадан уриш, бир йил муддатга юртларидан бадарға қилиш кабилар қўлланган. Бундай жазони қўллашдан мурод, гуноҳкорлар ҳам жисман, ҳам руҳан қийналишади. Бошқалар ҳам халқ орасида шарманда бўлишдан қўрқиб, бу қабиҳ ишдан ўзларини тийишади. Уламолар айтишича, мазкур жазо оила қурмаган зинокорларга тааллуқлидир. Агар зинокорлар оилали ёки илгари оила қурган бўлса, бу ҳолда тошбўрон қилинади. Айрим зинолар, масалан ҳозир ғарб дунёсида кузатилаётган кишининг ўз онаси, опа-синглиси ёки бошқа маҳрами билан яқинлик қилишининг гуноҳи бундан ҳам оғир ва улкандир. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким маҳрамига яқинлик қилса, ўлдиринглар», деганлар (Имом Аҳмад).
32. Ва улар омонатларга ва аҳдларига вафо қилишади.
Омонатдорлик, яъни омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо мўмин кишининг энг яхши фазилатларидандир. Аллоҳ азза ва жалла бундай дейди: «Аҳдга вафо қилинглар, зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) масъул бўлинадиган ишдир» (Ал-Исро, 34). Зажжож айтади: «Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар аҳддандир». Аксинча, омонатга хиёнат қилувчи одам имонсиз, аҳдига вафо қилмайдиган кимса эса динсиздир. Омонат нима? Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо): «Омонатлар – Аллоҳ омонат қилиб берган амаллар, яъни фарзлардир», деган. Анас ибн Молик (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон бизга мурожаат қилсалар: «Омонати йўқ кишининг имони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дердилар (Табароний, Ибн Ҳиббон). Пайғамбар алайҳиссалом: «Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон сўзлайди, ваъдасини бузади, омонатга хиёнат қилади», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Калбий бундай дейди: «Аллоҳ ва Унинг Расулига хиёнат қилиш уларга осийликдир. Ҳар бир инсон Аллоҳ фарз қилган ишларда омонатдордир, хоҳласа хиёнат қилади, хоҳласа адо қилади, буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди».
33. Ва улар тўғри гувоҳлик беришади.
Тўғри гувоҳлик бериш, ҳамиша ҳақни айтиш ҳам мўминлик сифатларидандир. Аллоҳ таоло мўминларни васф этиб: «Улар ёлғон гувоҳлик беришмайди» (Фурқон, 72), деган. Ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳлардан саналади. Чунки бундай гувоҳлик ёлғон ва уйдирмага йўл очади, ҳақни ботилга айлантиради, зулм ва тажовузни урчитади, адолатни бузади, жамиятдаги қатламлар ўртасига фитна ва ихтилофлар солади. Мўмин киши ўзининг зиддига бўлса ҳам, манфаатига мос келмаса ҳам фақат тўғри гувоҳлик беради. Ўз манфаатини кўзлаб ёки хусумат туфайли ёлғон гувоҳлик берганлар Аллоҳ ғазабига учраб, ўзларига дўзахдан жой тайёрлайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ёлғон гувоҳлик бериш Аллоҳга уч марта ширк келтиришга тенглаштирилган», деган (Табароний). Расулуллоҳ солллалоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтайми?» деб сўрадилар-да: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш. Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар-да, бу сўзни такрорлайвердилар, ҳатто биз: «қанийди, сукут қилсалар», дедик» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий).
34. Ва улар намозларини адо этишади.
Мўминлар намозларини ўз вақтида, барча арконларига амал қилган ҳолда, хушуъ ва хузуъ, Аллоҳ кўриб турганидек самимий ихлос билан адо этишади. Чунки намоз ибодатларнинг энг муҳими, мўминга нажот ва паноҳдир, дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошларига бирор ташвишли иш тушса, кечаси кучли шамол бўлса, қуёш ёки ой тутилса, бирор ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қолган.
Бизларнинг эса намоз ўқимаслик учун узрларимиз, баҳоналаримиз, сабабларимиз кўп. Биримизга  «нега намоз ўқимайсиз?» дейилса, «Нима учун намоз ўқишим керак?» деб қарши савол берамиз, Ёки «намоз ўқимасам ҳам виждоним тоза, ўзганинг ҳақини емайман, ҳаммага яхши муомала қиламан, доимо яхшилик, хайр-эҳсонни унутмайман» деб тасалли ахтарамиз.
Ваҳоланки, дунёда ҳамма нарса ҳисоб-китобли эканини яхши биламиз. Биров зиёфатга таклиф этса ёки ҳадя берса, кўнглимизда: «Эвазига нима сўраркин, менда қандоқ юмуши бор экан?» деган шубҳалар ғимирлайди. Бировдан қарз олсак, муддати етиши билан уни қайтариш ҳақида бош қотира бошлаймиз. Бир мардикор устани ишлатсак, кетиши олдидан ҳаққини адо этишимиз керак. Ўзимиз ҳам ишхонадаги меҳнатимиз учун маош тўланиши сал кечикса, норози бўламиз.
Энди бир тасаввур қилиб кўринг: Аллоҳ таоло бизларни зулумотдан ёруғ дунёга келтирган бўлса, яшашимиз учун бу заминни, бағри хазинага тўла тоғларни, нафас олишимиз учун мусаффо ҳавони, ичишимиз учун зилол чучук сувни, емишимиз учун ҳайвон, парранда, балиқларнинг ширин гўшти ва сутини, арининг болини, анвойи, шириндан-шакар мева-набототларни яратиб берган бўлсаю, эвазига ҳеч нарса тўламай қочиб юраверсак, адолатдан бўлармикин? Бизни соғ-саломат, ҳамма аъзоларимизни бекаму кўст, уйли-жойли, оилали, фарзандли, давлатли қилиб қўйган бўлсаю бунинг эвазига Аллоҳга шукримизни, муҳаббатимизни, қуллигимизни изҳор этмасак, инсофдан бўлармикин? Буларнинг ҳаммаси фақат намоз билан адо бўлади. Беш вақт намоз ўқибгина  Аллоҳнинг розилигини топамиз. Топибгина қолмай, яна Унинг охиратдаги мукофотига – жаннатга эришамиз. Намоз бир инсоннинг мусулмон эканига ишоратдир, белгидир. Намоз покликдир, шукрдир, маданиятдир, сиҳатдир, охиратдан умидворликдир. Намоз қалбларнинг нури, кўзларнинг сурури, икки дунё саодатининг зуҳуридир. Ҳатто мусулмон бўлмаган инглиз ёзувчиси, Нобел мукофоти соҳиби Бернард Шоу: «Мусулмонларнинг намози икки мингинчи  йилда дунё тиббий Академияси профессорларининг дори тавсияномаларидан  жой олади», деган.
Қиблага юзланиб намоз бошлаган инсон энг буюк Зот, ҳамма нарсага қодир Ҳукмдор, замину осмонлар, барча жонли ва жонсиз мавжудотлар, борлиқ ва замонларнинг ягона Хожасига сиғинади. Дунёнинг ҳамма нарсасини унутади. Унинг ҳашам-зийнатлари, лаззат-фароғатлари, мол-дунёси ва муносабат-муомалаларидан батамом узилади. Улуғ Парвардигор ҳузурида ҳоксор, ожиз, нотавон қул каби ёлбориш, шикаста диллик туйғуларига ғарқ бўлади. Чин юракдан, тенгсиз бир ихлос билан Унга қулликни бажо келтиради. Шунчалик қудратли, шунчалик буюк Зот ҳузурида турганини англайди. Ўзини қум заррасидан ҳам майда, капалак боласидан ҳам ожиз, майин шаббода пирпиратиб учириб-ўйнаб юрган бир хасдан ҳам қадрсиз махлуқ каби ҳис этади. Ўзини фано саҳросида адашиб-улоқиб, йўлини топа олмай тентираб юрган жулдур кийимли, ялангоёқ, қадди букилган ғариб кимсадай тасаввур қилади. Вужуди кузакдаги япроқ каби титрайди. Кўз ёшлари тинмайди. Тили Аллоҳга ҳамд, шукрона айтишдан толмайди. Шу тарзда имоннинг бошқалар тасаввур ҳам қила олмайдиган бир ҳаловатини, ажиб бир лаззатини топади. Буни ҳеч бир нарсага, фоний дунёнинг бирор матосига ўхшатиб, тенглаб бўлмайди.
35. Ана шулар жаннат боғларида иззатда бўлишади.
Дунё ҳаётида юқоридаги оятларда зикр этилган чиройли амалларни қилган тақводор мўминлар қиёматда мушрик ва кофирлар каби азоб чекишмайди. Уларга жуда осон бўлади: ҳисоб-китобдан ўтишгач, жаннат боғларида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматларга сазовор бўлишади. Уларга мисли кўрилмаган иззат-икром кўрсатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: «Жоним измида бўлган Зотга қасам, албатта у кун мўминларга енгиллаштирилади, ҳатто бу дунёда ўқийдиган фарз намозларидан ҳам осон кечади», деганлар (Имом Аҳмад). Бошқа бир ҳадисда мўминларнинг ҳисоби икки намоз оралиғидаги вақт миқдорида ҳал бўлади, дейилган.
36. (Эй Муҳаммад), кофирларга нима бўлди, сиз томонга чопиб қолишди;
Эй Пайғамбарим, куфр эгаларига нима бўлдики, сиз томонга қараб ҳар томондан югуриб қолишди?
37. ўнг томондан, сўл томондан тўп-тўп бўлиб?
Аллоҳ таоло хитоб қиляптики, «Эй суюкли Пайғамбарим, кофирларнинг аҳволига бир эътибор беринг, уларга нима бўлдики, олдингизга югуриб қолишди? Нега тўп-тўп бўлиб, гоҳ ўнг томондан, гоҳ чап томондан ҳузурингизга чопишяпти? Улар нимадан умид қилишяпти? Аммо уларнинг умидлари пучга чиқади, ўйлаганлари бўлмайди». Оятдаги «тўп-тўп» сўзининг алоҳида ҳикмати бор: куфр ва ширк эгаларининг далиллари пуч бўлгани сабабли ҳақиқатга қарши чиқиш учун атрофларига кўпроқ одам тўплашга, кўпчиликнинг фикрини ўзларига қаратишга, шу йўл билангина Аллоҳнинг буйруқларидан бўйин товлашга уринишади.
Ибн ал-Анборий «Ал-вақф вал-ибтидо»да, Табароний «Мўъжамул-кабир»да, Имом Суютий «Итқон» китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббоснинг (розийаллоҳу анҳумо) Нофиъ ибн Азрақ билан бўлган суҳбатларини келтиришган: «Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос Каъба соясида ўтириб, одамларнинг саволларига жавоб бераётган эди. Шу атрофда айланиб юрган Нофиъ ибн Азрақ шериги Нажда ибн Уваймирга: «Эй Нажда, юр, ўзини муфассир олим кўрсатиб мақтанаётган Ибн Аббоснинг олдига бориб, уни саволлар билан шарманда қиламиз», деди. Иккови Ибн Аббос олдига келиб: «Эй Ибн Аббос, сенга Қуръондан савол берамиз, сен уни тафсир қилиш билан бирга шеърлардан мисол келтириб, сўзингни тасдиқлайсан», дейишди. Ибн Аббос хотиржам ҳолда: «Нимани хоҳласанг, сўрайвер», деди. Нофиъ: «Аллоҳнинг «Ъанил ямини ва ъанил шимали ъизин» (ўнг томондан, сўл томондан тўп-тўп бўлиб) деган оятини тафсир қилиб, унга мувофиқ келадиган араб шеъридан ҳам келтир!» деди. Ибн Аббос шу ондаёқ оятни тафсир қилди ва: «Убайд ибн Абраснинг «Фажау яҳроуна илайҳи ҳатта, якуну ҳавла минбариҳи ъизина» (Одамлар унинг ёнига чопиб келдилар, минбари атрофида тўда бўлдилар) шеърини эшитмаганмисан?» деди.
38. Ё улардан ҳар бири Наъим жаннатига киришни тама қиляптими?
Ёки Макка мушриклари ўзларича Наъим номли (турфа неъматлар сероб) жаннатга киришни тама қилишяптими? Хомтама бўлишмасин, куфр ва ширк дардига мубтало бўлишгани учун уларга дўзахдан жой тайёрлаб қўйилган. Дунё ҳаётидаги кибрлари, қайсарликлари, Ҳақни кўра-била туриб ҳам инкор этишгани учун абадий қийноқ-азобларга гирифтор бўлишади.
39. Асло йўқ! Албатта Биз уларни ўзлари билган нарсадан яратганмиз.
Улар ҳеч қачон жаннатий бўла олишмайди. Бу гумроҳлар нималарига бунчалар кибр қилишади? Нечун Аллоҳ таолонинг пайғамбари келтирган амр-фармонларга нописандлик кўрсатишади? Ахир Аллоҳ таоло инсонларни нимадан яратганини бир ўйлаб кўришмайдими? Башарият отаси Одам энг паст саналган тупроқ-балчиқдан халқ қилинган-ку! Унинг зурриёдлари бир томчи ҳақир (ярамас) сувдан дунёга келади-ку! Аллоҳ ҳузуридан келган руҳ туфайлигина у инсонга, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади. Ер юзи халифаси мақомидаги олий  мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ ва ақл билан боғлиқдир. Илоҳий лутфгина ҳайвоний жасадни маънавий комиллик даражасига кўтаради. Инсон жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Фақат унинг руҳи асл маконига, Илоҳий даргоҳга қайтади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсонга айланади.   
Муфассирлар айтишади: «Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида тўпланиб ўтиришар, сўзларини тинглашар эди. Лекин сира манфаат олишмасди. Аксинча, у зотнинг даъватларини ёлғонга чиқариб, масхара қилишарди. «Агар манавилар жаннатга кирса, албатта биз улардан илгарироқ жаннатга кирамиз. У ерда бизга уларникидан кўпроқ неъмат бўлади», дейишар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни туширди» (Абул Ҳасан Воҳидий-Найсобурий. «Асбабун-нузул», Т., 2009 й. 387-бет).
40. Бас! Мағриблар ва машриқлар Парвардигорига қасам, Биз албатта қодирмиз:
Юқорида айтилганидек, Аллоҳ таоло бандалар эътиборини ўта муҳим бир нарсага қаратишни ирода қилса, ана шундай муҳим ва аҳамиятли нарсага қасам, дейди. Бу ояти каримада мағриблар (кунботарлар) ва машриқлар (кунчиқарлар) Парвардигорига қасам, дея инсонларни Ўзининг қудрати ва азаматини англашга чорлаяпти. Аллоҳ таоло кунботарларни ҳам, кунчиқарларни ҳам, бутун оламлару мавжудотларнинг ҳам ягона Яратувчиси ва Парвардигори эканини тасдиқлатмоқда. Унда нега кунчиқар ва кунботар томонлар биттадан бўлгани ҳолда оятда кўплик шаклида келаётир? Раҳмон сурасининг 17-оятида эса «У икки машриқ ва икки мағриб Парвардигоридир», деб келган. Уламолар бу ҳақда турли фикрларни айтишган. Бирлари: бунда қуёшнинг ёзда ва қишда чиқиш-ботиш ҳолати кўзда тутилган, дейишса, бошқалари: бу, йилнинг энг узун ва энг қисқа кунларидаги қуёшнинг чиқиш-ботиш ўринлари, деган фикр билдиришган. Бизнингча, буни бошқачароқ шарҳ қилса ҳам бўлади. Ушбу сурада бошдан-оёқ қиёмат манзаралари, ўша кундаги мўмин ва кофирлар аҳволи ҳақида сўз боргани учун қуёш чиқиши ва ботишининг қиёматдаги ҳолатини назарда тутиш керак бўлади. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш то мағрибдан чиқмагунича қиёмат қоим бўлмайди. Қуёш мағрибдан чиққач, уни кўриб ҳамма имон келтиради», деганлар (Имом Бухорий, Муслим). Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) яна бундай ҳадислари бор: «Аллоҳ таоло тавба учун мағриб томондан кенглиги етмиш йиллик йўлча бўлган бир дарвозани очиб қўйди. Бу дарвоза то қуёш ўша ердан чиқмагунча беркилмайди» (Имом Термизий ривояти, Насоий ва Ибн Можа «саҳиҳ» дейишган). Қуёшнинг кунботардан кўтарилиши оламнинг  умри жуда оз қолганига далолатдир. Қуёшнинг ғарб томондан чиқиши борлиқнинг тебранишга тушганидан, оламнинг хароб бўлаётганидан даракдир. Ибн Ҳожар Асқалоний: «Қуёшнинг ғарбдан чиқиши юқори оламда ҳолатларнинг ўзгараётганини билдирувчи аломатларнинг энг бошидир, бу Исо алайҳиссалом вафоти ва қиёмат қоим бўлиши билан якун топади», деган.
Бу ҳодисани ҳозирги илм-фан кишилари ҳам тан олиб ёзишяпти. Дмитрий Поляковнинг «Қуёшнинг мағрибдан чиқиши замонавий фан талқинида» мақоласида бундай дейилади: «Н. Косинов раҳбарлигидаги россиялик бир гуруҳ олимлар илмий фаразига кўра, Ер кураси айланишининг, абадий музликлар ҳосил бўлишининг, сиклон ва тўфонлар келиб чиқишининг механизми очиб берилди. Геомагнит майдон қутбларининг ўрин алмашуви (инверсия) жараёнида Ер айланишининг йўналиши ўзгариб кетиши мумкинлиги айтилади… Ернинг айланиш суръатидаги ўзгаришлар сабабини фан ҳали аниқлай олганича йўқ… 1970 йилга қадар шимолий магнит майдони йилига ўн километрдан ошмаган тезликда ўзгариб борди, бироқ кейинги йилларда бу суръат қирқ километргача ошди. 2002 йил февралида Ернинг магнит қутбида бирданига 200 километрга силжиш юз берди, буни Россия марказий ҳарбий-техника институти асбоблари қайд этди» (Ислам.ру сайти материалларидан). Бу фикрлардан кўриниб турибдики, қиёмат соати келганида ҳозиргача дақиқ низом асосида ҳаракатланиб турган коинот жисмлари фаолияти ҳам издан чиқади, ҳатто қуёшнинг чиқиш-ботиш жойлари ҳам ўзгариб кетади, кунчиқар ва кунботар иккитадан бўлади.
Аллоҳ таоло буларга қасам, деганидан кейин итоатсиз инсонларга бошқа бир таҳдид билан хитоб қиляпти: Биз гуноҳкор қавмларни бир лаҳзада йўқ қилиб, ўрнига бошқа инсонларни, итоатгўй, амр-фармонларимизни қулоқ қоқмай бажарадиган, азоб-жазоларимиздан қўрқадиган яхши қавмларни келтириб қўйишга қодирмиз!
41. уларни яхшиларига алмаштиришга ва Биз бунга ожиз эмасмиз!
Биз учун саркаш, осий қавмларни йўқотиб, яхшиларига алмаштириш ҳеч қандай машаққат туғдирмайди, бунга ожиз ҳам эмасмиз. Фақат Ўзимиз биладиган ҳикмат билан бу золим қавмларга ўнгланиш, Ҳақни топиш ва тавба қилиш учун қиёматгача муҳлат бериб қўйдик.
42. Уларга қўйиб беринг, ваъда қилинган Кун келгунича валақлашиб, ўйнаб-кулиб юришаверсин.
Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), майли, уларни тарк этиб, ўз ҳолига ташлаб қўйинг. Қуръони каримда бундай келган: «Бу -- улар сўзлай олмайдиган, уларга узр айтишга ҳам изн берилмайдиган Кундир!» (Мурсалот, 35-36). Ваъда қилган кунимиз, яъни қиёмат қоим бўлгунича, ҳаммани ҳисоб беришга тўплайдиган муҳлат келгунича улар беҳуда сафсата, бефойда гап-сўзлар билан умрларини бой беришаверсин. Имтиҳон учун, охиратга ишлаб қолиш учун берилган дунё ҳаётини улар ўйин-кулги, айш-ишрат, роҳат-лаззатларга сарфлашаверсин. Уларнинг валақлашидан тариқча фойда йўқ. Ўзлари Аллоҳнинг динига қарши туришадию, яна «саховат, яхшилик қиляпмиз, савоб умидидамиз», дейишади.  Мусулмонларга душманлик қилишадию, яна жаннатга киришни орзулаб қўйишади. Ҳар қадамда Аллоҳ буйруқларини инкор қилишадию, яна Унинг авфидан умид ҳам қилиб қўйишади. Ваҳоланки, бундайларнинг кўпи Аллоҳнинг оламларни яратиш, бошқариш, ўзгартириш сифатларига ишонишмайди. Уларнинг «Бу олам ҳеч кимнинг аралашувисиз, ўзича пайдо бўлган, одам маймундан келиб чиққан, у тадрижийлик (эволютсия) натижасида тараққий этиб ҳозирги ҳолатига келган, охират ва ўлгандан кейин қайта тирилиш, деган гаплар йўқ нарса, буни қулдорлар ва золимлар ўйлаб топган» деган «доно» фикрлари бугунги кунда дунёдаги барча эсли-ҳушли, фаросатли кишилар томонидан якдил рад этилганининг ўзиёқ улар фалсафаси пучлигини исботлаб турибди.   
Ушбу оятдан бошлаб Аллоҳ таоло қиёмат куни муфлис (бор-будини бой берган, ҳозирги ибора билан айтганда синган) ҳолатидаги кимсаларнинг қандай аҳволга тушганини баён этади.
43. Ўша куни бутларига ошиққандек қабрлардан шоша-пиша чиқишади;
Улар қиёмат куни бўлиши билан қабрларидан худди дунё ҳаётида ўзлари сиғинган бут-санамлар олдига ошиққанлари каби шоша-пиша отилиб чиқишади. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Яна аниқки, қиёмат шаксиз келувчидир ва Аллоҳ албатта қабрдагиларни тирилтиради» (Ҳаж, 7).
44. кўзлари сўник, ўзлари шарманда ҳолатда. Уларга кўп марта ваъда қилинган Кун шудир!
Лекин қиёмат куни уларнинг аҳволи дунё ҳаётидагидан тамоман бўлакча: дунёда улар донга тўйган хўроздай тўқ, ҳеч қандай ғам-ташвишлари йўқ, ҳаётлари тўкин, фаровон, ўзлари саломат, омон юришган эди. Қиёмат кунидаги ҳолатлари эса бунинг бутунлай акси: жонларига оро кирадиган бирор амаллари, яхшиликлари қолмабди. Имонсиз бўлишгани учун дўзах билан «мукофот»ланишибди. Дод-фарёдларини эшитишга, ёрдамга беришга бирор меҳрибон, ғамхўр кимса йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «У кунда дўст дўстга бирор нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас» (Духон, 41. Шунинг учун кўзлари сўник, дилларида ғам-алам. Ўзлари эса дунёда менсимай, калака қилиб юрган одамлари орасида шармандаи-шармисор, маҳзун ҳолда қолишган. Уларга кўп бора ваъда қилинган, қайта-қайта огоҳлантирилган кун, Қиёмат куни мана шу! Энди қилмишларига, гуноҳларига, саркашликларига яраша жазоларини олишаверсин!

Орқага Олдинга