loader

012. Юсуф сураси

Маккада нозил бўлган, 111 оятдан иборат
Қуръони каримнинг ўн иккинчи сураси Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Юсуф алайҳиссалом номи билан аталади. Ушбу сура Маккада нозил бўлган, 111 оятдан иборат. Унда асосан Юсуф ибн Яъқубнинг (алайҳиссалом) ҳаёти, у зот билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўз боради. Ушбу сура Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларининг энг ғамгин ва мусибатли кунларида нозил қилинган ва у зотга тасалли, ором-осойиш бўлган. Бошқа маккий суралар каби унда огоҳлантириш ва таҳдид   қилиш хусусиятлари йўқ. Ато розийаллоҳу анҳу: “Агар ғамгин киши Юсуф сурасини эшитса, хотиржам бўлади”, деган. Бу сура услуби шунчалик латофатли, жозибадор, майинлик ва назокат билан йўғрилганки, Исломнинг энг буюк қалам аҳллари унга шеъру достонлар, уламолар эса жилд-жилд китоблар бағишлашган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)

1. Алиф, лам, ро. Булар очиқ-равшан Китобнинг оятларидир.
Юсуф сураси ҳам бошқа айрим суралар каби кесик ҳарфлар (ҳуруфи муқаттаот) билан бошланган бўлиб, уларнинг маъносини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Ушбу сурада Қуръони карим “равшан баён этувчи” деб сифатланишининг сабаби – сабрли, олийжаноб пайғамбар Юсуф алайҳиссалом бошдан кечирган воқеалар ҳақида муфассал баён қилинганидир. Абулқосим Замахшарий ушбу оятни шундай тафсир қилган: “Бу сурада сизга туширилган оятлар арабларни лол қолдиришда аҳамияти равшан суранинг оятларидир”. Абу Ҳайён эса шундай дейди: “Китоб”дан мурод, Қуръондир”. Унинг ўзи очиқ-равшандир. Очиқ баён этилган нарсалар: ҳалол ва ҳаром, жазолар ва ҳукмлар, керакли диний масалалардир. Қуръони карим тўғри йўлни, ҳидоятни ва баракани кўрсатувчидир.
2. Биз уни англаб-тушунишинглар учун арабий Қуръон ҳолида нозил қилдик.
Биз бу Қуръонни араб миллатидан бўлган Муҳаммадга (алайҳиссалом) сизлар бехабар бўлган қисса, хабар, одоб-ахлоқ, ҳукм ва соғлом турмуш қонун-қоидаларини билинг, унинг тўғри йўлга солувчи маъно ва мақсадларини фикр қилинг, деб фасоҳатли, маъноларни тўла ва кенг баён этадиган тилда – араб тилида нозил қилдик. Ўқиш-ёзишни билмайдиган умматга саводи йўқ Пайғамбари орқали Юсуф алайҳиссалом қиссасининг араб тилида туширилишидан мурод, Қуръони карим ва унинг қиссалари қиёматгача бутун инсониятга дастуриламал ва ибратланиш манбаи эканини англатишдир. Илоҳий китобларнинг шарафлиси бўлмиш Қуръони карим тилларнинг шарафлиси араб тилида пайғамбарларнинг шарафлиси Муҳаммад алайҳиссаломга шаҳарларнинг шарафлиси Маккаи мукаррамада ойларнинг шарафлиси Рамазонда нозил қилина бошлаган эди. Шунинг учун Қуръони карим барча самовий китобларнинг энг мукаммал, мўътабаридир (“Ибн Касир тафсири”).
Юсуф алайҳиссалом қиссалари Қуръонда ғоят гўзал, беназир суратда баён этилган. Юсуф сурасида Қуръони каримдаги энг чиройли қиссалардан бири зикр қилинибгина қолмай, унинг замирида бир қанча илмлар ва ибратлар дарвозаси очиб берилган: масалан, Аллоҳ таолонинг тақдиридан ҳеч нарса тўса олмайди; агар Аллоҳ таоло бир бандага фазлу карамини ато этгудай бўлса, бутун дунё одамлари тўпланиб ҳам бундан уни маҳрум эта олишмайди; сабр ва қаноат дунё ва охиратдаги саодат калитидир; ҳасад ва адоват дунё ҳаётининг энг ёмон хатоси ва расволигидир; гўзал ахлоқ ва тўғрилик инсонни ҳатто душманлар қўлида ҳам азизу мукаррам қилади; инсон ақли бир ноёб гавҳардирки, унинг ёрдамида турли мушкуллик ва ташвишларни енгиб, ҳаётини изга солса бўлади ва ҳоказо. Ушбу сура орқали Аллоҳ таоло суюмли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом умматини ҳаётларида учрайдиган воқеа-ҳодисаларга ақл назари билан қараш, машаққатларни енгишда Юсуф алайҳиссалом бошига тушган кўргиликлардан ибратланишга чақирган ва Коинот Фахрига илоҳий тасалли-таскин берган. Чунки бу пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам энг яқин кишилари Ҳазрати Хадича ва Абу Толибдан айрилган, мушриклар у зотга озор ва душманликларини ҳаддан ортиқ кучайтириб юборган эди.  
3. (Эй Муҳаммад), Биз сизга ушбу Қуръонни ваҳий қилиш орқали энг гўзал қиссани айтиб берамиз. Сиз ундан олдин бехабарлардан эдингиз.
Яъни, эй Пайғамбарим, Биз сизга мукаммал, барча нарсани баён этган ушбу Қуръонни ваҳий қилиш орқали хабарларнинг энг яхшисини етказамиз. Бу сурада Юсуфнинг (алайҳиссалом) юксак ғояли, кўп ибратли қиссаси тўла баён этилади. Биз сизга ваҳий қилишимиздан олдин уни билмас эдингиз, сиз ҳам қавмингиз каби ўтганларнинг хабар ва қиссаларидан бехабар эдингиз.
Қуръоний қиссалар орасида бу сурадаги қисса бошқаларидан фарқланиб, “энг гўзал қисса” деб номланишига сабаб шуки, унда имон ва тавҳид, ибрат ва ҳикмат, фиқҳ ва сийрат, оила ва рўзғор юритиш, дин ва дунё манфаати, набий ва солиҳлар, фаришталар ва шайтонлар, жин ва инс, ҳайвон ва қушлар зикр этилгани, подшоҳ ва раъият, савдогарлар, уламолар, жоҳиллар, эрлар ва аёллар, аёлларнинг ҳийла-макрлари ҳақида сўз борлигидир. Ушбу сура ибрат ва чиройли ваъзларга тўладир. Саъд ибн Абу Ваққосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозил бўлган оятларни саҳобаларга тиловат қилиб берардилар. Улар Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қисса айтиб беришларини сўрашди. Шунда Юсуф сурасининг 3-12-оятлари нозил бўлди” (Имом Ҳоким ривояти).
4. Эсланг, Юсуф отасига айтди: «Эй отажон, мен тушимда ўн битта юлдуз, қуёш ва ойни менга сажда қилган ҳолларида кўрдим», деди.
Эй Муҳаммад, қавмингизга Юсуфнинг отаси Яъқубга “Отажон, мен тушимда ўн битта юлдузни, қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилишаётганини кўрдим” деганини сўзлаб беринг.
Юсуф алайҳиссалом тушларида кўрган ўн битта юлдуз ўн бир нафар ака-укалари, қуёш ва ой эса ота-оналаридир. Бир қанча муфассирлар ушбу оятни шундай тафсир қилишган. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) шундай деганлар: “Набийларнинг тушлари ваҳийдир. Яхши туш, агар уни солиҳ киши кўрса ва солиҳ олим таъвил қилса, нубувватнинг бир бўлаги, ғайбдан хабар берилишининг бир туридир. Яхши туш воқеаларнинг соф руҳда акс этиши бўлиб, кўпинча кўнгилда қатъий бўлмаган ўйга мувофиқ кўринади”.
Ибн Жарир Табарий Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Яҳудийлардан Бустонатул Яҳудий исмли бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб, “Эй Муҳаммад, Юсуф тушида ўзига таъзим қилганини кўрган юлдузларнинг исмлари нима?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом) бир муддат жим қолдилар. Жаброил алайҳиссалом тушиб, Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) уларнинг исмини айтиб берди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўша яҳудийга одам юбориб, “Агар уларнинг исмларини айтиб берсам, имон келтирасанми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. Пайғамбар (алайҳиссалом) уларнинг исмини қуйидаги тартибда айтиб бердилар: Жараён, Ториқ-Зайёл, Зулканифот, Қобис, Васоб, Умудон, Фулайқ, Мисбаҳ, Заруҳ, Вадулфарағ, Зиё-Нур.
5. Отаси айтди: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтма, яна улар сенга бирор шумлик қилишмасин, чунки шайтон инсонга аниқ душмандир»;
Юсуф (алайҳиссалом) тушларини оталари Яъқубга (алайҳиссалом) айтганларида у киши ўғилларига “Тушда кўрганингни акаларинггга айтма, улар сенга ҳасад қилиб, ҳийла ишлатиб, сени ёмон ҳолга солиб қўйишмасин. Зеро, шайтон Одам (алайҳиссалом) ва унинг зурриётларига аниқ душмандир”, дедилар. Инсонлар орасида фитна тарқатиш ва уларни йўлдан оздириш шайтонларнинг одатларидандир.
Имом Бухорийнинг Абу Саламадан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сизлардан бирингиз яхши кўрадиган нарсасини тушида кўрса, уни сўзлаб берсин. Агар ёмон кўрадиган нарсасини тушда кўрса, бошқа ёнига ағдарилиб олсин ва чап тарафига уч марта туфласин, Аллоҳ таолодан паноҳ сўрасин, ўша тушини ҳеч кимга айтмасин. Ана шунда туши унга зарар қилмайди”, деганлар. Муовия ибн Ҳаяда Қушайрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Туш таъбир қилинмаса, ўткинчидир. Агар таъбир қилинса, амалга ошади”, деганлари келтирилади (Имом Аҳмад ривояти).
6. «Парвардигоринг сени шу тариқа танлаб олади, тушлар таъбирини ўргатади ҳамда сенга ва Яъқуб наслига боболаринг Иброҳим ва Исҳоққа бергани каби неъматларини тўлиқ қилиб беради. Парвардигоринг албатта билувчи ва ҳикматлидир».
Яъни, Парвардигоринг сени танлагани ва сенга юлдузлар, қуёш, ой таъзим қилганини тушингда кўрсатганидек, сени оилангдагилар ва бошқаларга Ўзининг хабарчиси қилиб сайлайди ва сенга туш таъбирини ҳам ўргатади. Ҳазрати Яъқуб алайҳиссаломга ўғиллари Юсуф алайҳиссалом тушидан олдин ҳам шу нарса яхши маълум эдики, Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг лутфи-инояти билан келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби пайғамбар бўлиши мумкин эди. Шунинг учун отанинг бу ўғилга муҳаббатлари бўлакча эди. Ана шу муҳаббат туфайли акалари шайтон васвасасига учиб, бирор шумликни бошлаб юришмасин ва укаларига зиён етказишмасин, деган ниятда Яъқуб алайҳиссалом Ҳазрати Юсуфга кўрган тушини уларга айтмасликни тайинладилар. Чунки Аллоҳ билдирган туш таъбирига кўра, ўн бир юлдуз шунча нафар ака-укалар, қуёш ва ой эса уларнинг ота-оналарини англатар, бир куни келиб, ҳаммалари Юсуф алайҳиссаломга берилган азимат олдида бош эгишар эди.
Абу Қатодадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши туш Аллоҳдандир. Алғов-далғов тушлар шайтондандир”, деганлар” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти). Ҳазрати Умардан (розийалллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Тилакларга етишиш учун уларни сир тутинг, чунки ҳар қандай неъматга эришган одамга ҳасад қилинади” (Имом Табароний ва Байҳақий ривояти).
7. Сўровчиларга Юсуф ва унинг ака-укалари қиссасида албатта ибратлар бордир.
Мана, ўн беш асрдирки, инсонлар Қуръони каримнинг бу қиссасидан ўзларига ибрат, хулоса, насиҳат олиб келишяпти, ўзларини қизиқтирган жуда кўп саволларга жавоб топишяпти. Бунинг учун Юсуф алайҳиссалом қиссаларини эътибор ва тафаккур билан ўқиб-ўрганиш лозим. Юсуф алайҳиссалом ва унинг ота бир ака-укалари қиссасида улар ҳақида сўраганларга Аллоҳ таолонинг қудратию ҳикматига Юсуф ҳамда бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ҳақлигига далолат қилувчи сабоқ ва ибратлар бор. Юсуф алайҳиссалом қиссасида унга кўрсатилган ситамларнинг оқибатлари, тушининг ростлиги ва тўғри таъвил қилгани, нафсини жиловлаб бўйсундиргани ва омонат ҳаққини адо этганининг баёни бор. Бу хабарлар билдиришга лойиқ бўлган ажойиб илоҳий қиссадир.  
8. Шунда улар айтишди: «Биз кўпчилик бўлсак-да, Юсуф ва укаси отамизга биздан кўра суюмли, отамиз аниқ адашяпти»;  
Юсуфнинг (алайҳиссалом) ота бир оғалари “Юсуф билан унинг туғишган укаси Бинямин отамизга биздан кўра суюклироқ. Кичик бўлишса-да, отамиз у икковини ўн кишидан иборат кўпчилик бўлсак ҳам бизлардан яхши кўради. Отамизнинг Юсуф билан укасини биздан ортиқ кўриши, муҳаббатда тенглик ва адолатга риоя қилмаслиги аниқ хатодир. Нега икки кичик, заиф, қўлидан унча иш келмайдиган ўғилларини ўзининг ҳаёти ва ҳимояси учун керакли барча ишларини уддаловчи кучли ўғилларидан ортиқ кўради?” дейишди. Аслида оталаридан хато ўтмаган, у киши адашаётган ҳам эмас эдилар. Балки болалар нотўғри ўйлашаётган эди. Оталари Юсуфни яхши кўришига Юсуф ва укасининг оналари ўлиб, ёш етим қолишгани, Яъқуб алайҳиссалом Юсуфда нубувват (пайғамбарлик), ақл ва ҳикмат аломатларини кўраётгани сабаб бўлган эди.
Ушбу оятдан хулоса шуки, болаларни бирдай тенг ва яхши кўриш, ҳатто бирини эркалатиб-ўпиб, бошқасига беэътибор бўлмаслик зарур. Бундай муносабат улар ўртасида нафрат ва кўролмаслик, ҳасад ва хусумат туғдиргани учун фарзандларни ҳамма соҳада баравар кўриш керак. Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқинг, болаларингизни тенг кўринг”, деб васият қилганлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Яна шу кишидан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга болаларингиз бирдай яхшилик ва марҳамат қилишларини истаганингиз каби болаларингизга бирдай ҳадя беринг”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
9. «отамиз бизга яна эътибор бериши учун Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқроққа ташлаб келинглар, кейин солиҳ қавмлардан бўлиб оласизлар».
Юсуфнинг ака-укалари муаммони ҳал этиш учун бир-бирларига шундай дейишди: “Отамизнинг яна муҳаббатини қозониш учун Юсуфни ўртадан кўтариб ташлашмимиз керак. Бунинг учун уни ё ўлдиринглар ёки бирор хилват жойга ташлаб келинглар, токи у яна олдимизга қайтиб кела олмасин. Шунда ундан қутуласизлар ва оталарингиз фақат сизларга тегишли бўлади. Юсуфни ўлдирганларингдан ёки бирор жойга ташлаб келганларингдан кейин жиноятларингга яраша тавба қиласиз ёки оталарингизга узр айтиб ораларингни ислоҳ қиласиз. Шу йўл билан оталарингнинг аввалги муҳаббатини қозонишларинг мумкин, муносабатларинг тартибга тушиб, сизлардан отангиз ҳам, Аллоҳ ҳам рози бўлади”. Имом Қуртубий тафсирида айтилишича, “Қотилнинг тавбасини Аллоҳ таоло қабул қилади. Бунинг далили – Юсуф алайҳиссалом акаларининг “кейин солиҳ қавмлардан бўлинг” дейишгани оят билан рад этилмагандир”.
10. Улардан бир сўзловчи айтди: «Юсуфни ўлдирманглар, балки агар бирор нарса қилмоқчи бўлсанглар, уни қудуқ тубига ташланглар, уни баъзи йўловчилар олиб кетар!”.
Акалари Юсуфни йўқотиш режасини тузишаётганда уларнинг каттаси Яҳузо (баъзи ривоятларда Рувайбил) бундай деди: “Агар тўғри фикрга амал қилмоқчи бўлсанглар, Юсуфни ўлдиришга асло журъат қила кўрманглар. Чунки уни ўлдириш улкан жиноят, ахир у укангиз! Уни бирор қудуққа ташлаб юборинглар, тижорат сабабидан юрт кезиб юрган бирор тожирлар карвони уни топиб, юртига олиб кетиши мумкин. Шу йўл билан ундан қутуласизлар ҳам, Юсуфни отасидан узоқлаштириш мақсадингиз рўёбга чиқади ҳам, энг асосийси уни ўлдиришга ҳожат қолмайди”.  
Муфассирларнинг ёзишларича, юқоридаги оятлар қуйидаги маъноларга далолат қилади: “Пайғамбарлар алайҳимуссалом ҳақдирлар; ситам ва ҳасад қилганларнинг оқибати ёмондир; нафсни жиловлаш фазилатдир; болаларнинг бирини бошқасидан ортиқ кўриш гина, ҳасад ва турли офатларга сабаб бўлади; Яъқуб алайҳиссаломнинг Юсуф ва унинг укасига муҳаббати ортиқ эди холос, зотан, муҳаббат инсон измидаги нарса эмас”.
11. Улар айтишди: «Эй ота, сиз нега Юсуфни бизга ишонмайсиз, ҳолбуки биз унга хайрихоҳмиз-ку!»;
Юсуфнинг акалари катталари ўргатганидек уни ўзлари билан бирга олиб кетишга ва қудуққа ташлашга тил бириктириб олишгач, оталари Яъқуб алайҳиссалом олдиларига келиб: “Эй ота, сиз нима учун Юсуфни ҳеч бизга ишонмайсиз, ҳамиша уни биздан эҳтиёт қиласиз, ваҳоланки, биз унга меҳр-шафқат кўрсатамиз, унга фақат яхшилик тилаймиз”, дейишди. Акалари Юсуф кўрган тушни эшитишган, ундаги пайғамбарлик аломатлари ва улкан яхшиликлар туфайли оталари уни бошқалардан кўра яхши кўришини билишган, шунинг учун унга ҳасад қилишар, ундан қутулиш йўлларини излашар эди.
12. «эртага уни бизга қўшиб беринг, яйраб ўйнаб келсин, уни қўриқлаб юрамиз».
Шунинг учун акалар тўпланиб, оталари Яъқуб алайҳиссаломдан Юсуфни олиб кетишга ижозат сўраш учун келишди. “Биз одатимизга кўра эртага яна саҳродаги яйловга борамиз. Юсуфни биз билан қўшиб берсангиз, кенг яйловда яйраб ўйнаб келарди, биз билан камон отиш мусобақаларида қатнашган бўларди. Биз уни ҳар қандай вазиятда ҳам уни ҳимоя қилиб, қўриқлаб юришга сўз берамиз”, дейишди.
13. У: «Уни олиб кетишларинг дилимни сиёҳ қилади, қаровсиз қолдирганингизда уни бўри еб кетишидан қўрқаман», деди.
Яъқуб алайҳиссалом уларга жавобан: “Юсуфни олиб кетишингиз ва унинг ҳар қандай фироқи дилимни сиёҳ қилади, қалбимни ўртайди. Сизлар ўйинга берилиб ёки мол боқиш билан банд бўлиб қолганингизда Юсуфни эсдан чиқариб қўясиз, шунда бўри уни еб кетишидан қўрқаман, сизлар буни ҳатто билмай қолишларинг мумкин”, деб эътироз билдирдилар. Яъқуб алайҳиссалом икки сабаб туфайли Юсуфни акаларига қўшиб бергилари келмаётган эди: Юсуфни бошқалардан кўра яхши кўрганлари боис ундан айрилиб қолишдан қўрқардилар ва акалари унга анча эътиборсиз эканини яхши билардилар. Шунинг учун улар подани боқиш ёки ўйин билан овора бўлиб кетишганида бўри суюкли ўғилларига хавф солиши мумкин эди. Яъқуб алайҳиссалом бу жавоблари билан уларга баҳона қилишни ўргатиб қўйгандай бўлдилар. Аслида қаттиқ эҳтиёткорликлари шундай дейишларига сабаб бўлган эди.  
14. Улар: «Аллоҳга қасамки, биз кўпчилик бўлатуриб уни бўри еб кетадиган бўлса, лаёқатсизлардан эканмиз-да!» дейишди.
Аммо ўғиллар ҳам бўш келишмади, дарров оталарининг хавотирларига қарши ўзларининг далилларини рўбарў қилишди: “Аллоҳ таолога қасамки, биз муқаддасотни ҳимоя қила оладиган кучли жамоа бўлганимиз ҳолда уни бўри еб кетгудай бўлса, лаёқатсиз, пасткаш, қўлидан иш келмайдиган лақма одамлардан бўлиб қоламиз-ку!”. Улар ана шундай далиллар билан Юсуфни ота назоратидан ажратиб олиб кетишни режалаштиришган эди.
15. Уни олиб кетиб қудуқ тубига ташлашга келишишганида унга: «Уларнинг бу қилмишлари ҳақида албатта уларга хабар берасан, унда сени танишмайди ҳам», деб ваҳий юбордик.
Сўнг акалари Юсуфни ота ҳузуридан олиб кетишгач, ҳасад туфайли қатъий қасд қилишди: истаган томонига кетиши ё ўлиши учун уни ўзлари билган қудуқ тубига ташлаб юборишади ва ундан батамом қутулишади. Аллоҳ таоло ўта қудратли, хоҳлаганини қилувчи, меҳрибон ва раҳмли, қийинчиликдан сўнг енгиллик, ғамдан кейин қувонч ато қилувчи марҳаматли Зотдир. У учиб юрган асаларига ва Мусонинг онаси қалбига илҳом қилганидек, хотиржам ва собит туриши учун Юсуфнинг қалбига ҳам “Ҳолингдан қайғуга тушма, бу қийинчиликлардан халос бўласан, уларга сенга қилган ёмон ишларининг хабарини берасан, улар ҳатто сенинг Юсуф эканингни ҳам билишмайди”, деб ваҳий юборди. Аллоҳ таоло Юсуфга (алайҳиссалом) бу машаққатлардан қутқаришини, улар устидан зафар ато этишини, уларни унга бўйсундириб беришни ваъда қилди.
16. Кечқурун оталари олдига йиғлаб келишди.
Укаларига нисбатан ҳасад ва адоват ўтида қовурилаётган акалар охири оталари хавотирланган ёмон ишга ўтишди. Бир чуқур қудуққа Юсуфни ташлаб, унинг кўйлагига ёлғондакам қўзичоқнинг қонини суртишди-да, оталари олдига «укамизни бўри еб кетди»,  деб йиғлаб келишди. Ҳасад инсонларни не кўйларга солиши мана шу ояти каримадан яққол кўриниб турибди. Укаларига ҳасад ўтида куйган инилар бегуноҳ бир инсоннинг жонига қасд қилишди, уни ҳалокат чоҳи ёқасида қолдириб кетишди, бунинг устига азиз оталарини алдаб, унга ёлғон баҳоналар кўрсатишди. Шунинг учун ҳасад динимизда қаттиқ қораланган зарарли иллатлардандир.
17. «Отажон, Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб, қувалашиб кетганимизда уни бўри еб кетибди. Агар рост айтсак ҳам, балки бизга ишонмассиз», дейишди.
Улар тун қоронғусида қайтишди ва ўзларини йиғлаётган ва Юсуфга ачинаётган қилиб кўрсатиб: “Биз камон отиш мусобақасига кетаётганимизда Юсуфни кийим ва буюмларимизни қўриқлаб ўтириши учун қолдирган эдик. Келсак, уни бўри еб кетибди”, дейишди. Яъқуб алайҳиссалом айнан шу нарсадан қўрққан ва огоҳлантирган эдилар. Ўғиллари: “Биламиз, наздингизда ростгўй ва ишончли бўлсак-да, сиз бу ҳолатда бизга ишонмаслигингиз мумкин. Зеро, бунда албатта бизларни айблайсиз. Балки ишонмассизу, аммо биз ростини айтяпмиз. Сиз Юсуфни жуда қаттиқ яхши кўрганиингиздан бизни ёлғон гапирди, деб ўйлайсиз. Бўлган воқеа ғалати ва ғайриоддий бўлганидан балки бунда бизни айбларсиз?!” дейишди. Бу сўзлар уларнинг ўз гапларига ўзлари ҳам ишонмасликларини, ёлғонлигини фош этиб турарди.
18. Улар унинг кўйлагига ёлғондан қон суртиб келишди. Яъқуб: «Йўқ, нафсингиз қилмишингизни маъқул кўрсатибди. Энди ҳолим чиройли сабрдир. Айтганларингизда менга ёрдам берадиган Аллоҳнинг Ўзидир!» деди.
Улар ёлғонни ниҳоятда ошириб юборишди: бир қўзичоқни сўйиб, қонига Юсуфнинг кўйлагини бўяшди, кейин оталарига бўри уни шу кўйида еб кетди, деб тушунтирмоқчи бўлишди. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг кирдикорларини фош этиб қўйди: улар кўйлакни йиртишни ва илма-тешик қилиб қўйишни унутишган эди. Агар Юсуфни бўри еган бўлса, кўйлагини илма-тешик қилиб юбориши керак эди. Яъқуб алайҳиссаломнинг нодон ўғиллар устидан кулиб: “Эй бўри, бунчаям юмшоқкўнгилсан, ўғлимни ейсану кўйлагини йиртмайсан”, деганлари ривоят қилинган.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга бўлажак воқеалар моҳиятини  англатганидан у киши суюмли ўғилларидан ажраганларига изтироб ҳам чекмадилар, уни ахтариш чораларини ҳам кўрмадилар, шумлик қилган ўғилларни айблаб, жазоламадилар ҳам. Фақат чиройли сабр қилиш билан кифояландилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чиройли сабр ҳақида сўрашганида у зот: “Ҳасрат-надоматсиз сабр қилиш гўзал сабрдир”, деганлар. Қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирор мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб, имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида хатодан (гуноҳлардан) онаси туққан кундагидек пок бўлиб туради”. Шайх Умар ибн Усмон Маккий айтади: “Сабр улдирки, банда ўз ихтиёрини Аллоҳга ташлагай ва ҳар турли бало келса, хушлик ва розилик ила қабул қилғай”. Бошларига улкан мусибат тушган Яъқуб алайҳиссалом ҳам «Сизлар келтирган даҳшатли хабарда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина менга ёрдам беради», деб таскин топдилар. Бошга оғир бир бало ёки мусибат тушганида ана шундай чиройли сабр қилиш мусулмонларга Яъқуб алайҳиссаломдан суннат бўлиб қолган.
19. Йўловчилар ўтиб қолишди ва одамларини сувга юборишди. У челагини қудуққа тушираркан: «Суюнчи беринглар, бола бор экан!» деди. Уни сотишни ўйлаб, яшириб қўйишди. Лекин Аллоҳ уларнинг қилмишларини билувчидир!  
Юсуф алайҳиссалом қудуққа ташланганининг тўртинчи куни Мадян томондан келаётган бир карвон ҳазрати Юсуф ташланган қудуқ ёнидан ўтиб қолди ва дам олишга тўхтади. Акаси Яҳузо ўша кунгача Юсуфга овқат келтириб турган экан. Карвондагилар сув келтиргани бир одамни юборишди. У челагини қудуққа ташларкан, унинг тубидаги бир болани кўриб қолди ва: «Қудуқда бола бор экан! Ёқимтой, чиройли ва келишган бу қул роса харидоргир бўлади» деб қичқириб юборди. Сўнг уни қудуқдан челакда чиқариб олди. Карвондаги савдогарлар ўзаро маслаҳатлашиб, Юсуфни Мисрга элтиб қул сифатида сотишга қарор қилишди ва яшириб қўйишди.
Аллоҳ таоло ҳамма нарсани олдиндан билиб-кўриб турувчидир. У бир гуруҳ йўловчини Юсуф (алайҳиссалом) ташланган қудуққа йўллади. Кейин Юсуф ака-укаларининг  уни қудуққа ташлашлари ҳам, уни топиб олиб, қул қилиб сотишни ният қилганларнинг қилмишлари ҳам Аллоҳ таолодан яширин қолмайди. Буюк Аллоҳ юз берган ҳар бир ишни ўзгартиришга ҳам, уни даф қилишга ҳам қодирдир. Ҳар бир иш Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва иродаси билан бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Билингки, яратиш ва буюриш Унга хосдир. Оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ баракотлидир” (Аъроф, 54).
20. Уни арзонга – бир неча дирҳамга сотиб юбордилар ва унга қизиқмадилар ҳам.  
Юсуфни (алайҳиссалом) ака-укалари ёки карвондаги йўловчилар Мисрда жуда арзонга – у каби қуллар баҳосидан ҳам камига, бир неча дирҳамга сотиб юборишди. Унинг Аллоҳ таоло наздидаги мақомини билмай, қандай қилиб бўлмасин ундан қутулишни исташган эди.
21. Уни сотиб олган мисрлик хотинига: «Унга яхши жой бер, эҳтимол бизга фойдаси тегиб қолар ё ўғил қилиб олармиз», деди. Тушлар таъбирини ўргатишимиз учун ҳам Биз шу тариқа Юсуфни ўша ерга жойлаштирдик. Аллоҳнинг Ўз ишида ғолибдир, аммо кўп одамлар буни билишмайди.
Юсуфни (алайҳиссалом) мисрлик бир зодагон – айрим ривоятларга кўра миршаблар бошлиғи сотиб олди. Баъзи муфассирлар уни шаҳар ҳокими деб ҳам келтиришади. У кейинчалик Юсуф алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига имон келтирган ва Юсуфдан олдин оламдан ўтган. Унинг исми Қуръонда зикр этилмаган. Аёллар унинг Миср хазиналарининг бошқарувчиси деб атаганларигина эслатиб ўтилади. Тарих китобларида Юсуф алайҳиссалом Миср подшоҳи Райён ибн Валиднинг саройида хазинабон, молия вазири (азизи) ёки миршаблар бошлиғи бўлган Қитфийр (ёки Атфийр) ибн Руҳайбга сотилгани айтилган. У қараса, бола сотиладиган қулга ўхшамайди, тоза ва аслзода оиланинг фарзанди эканига амин бўлди. Шунда у хотинига: «Бу болага яхшироқ қара, бирор фойдаси тегиб қолар ёки ўзимиз ўғил қилиб олармиз», деб тайинлайди, чунки амалдорнинг ўзи бепушт эди. Миср азизининг хотини исми Қуръон ва ҳадисларда зикр этилмаган, лекин кўплаб адабиётларда Зулайҳо номи билан машҳур бўлган бу аёл Роил бинти Руобия бўлган, дейишади.
22. Вояга етганида Биз унга ҳикмат ва билим бердик. Биз яхшилик қилувчиларни шундай мукофотлаймиз.
Аллоҳ таоло Юсуфга ака-укаларидан кўрган ситам-озорларга сабр қилгани учун Миср ерида салтанат берди. Бу унга ато этилган мукофот эди. Камолотга етгач, унга пайғамбарлик берди. Пайғамбарлик эса илмнинг мукаммал даражсидир. Аллоҳ таоло яхши амал қилувчиларни шундай мукофотлайди. Юсуф (алайҳиссалом) яхши амал қилувчи, Аллоҳга итоат этувчи эди. Унга берилган салтанат ва мартаба – илм, ҳикмат ва нубувват (пайғамбарлик) унинг яхши амаллар қилгани, умри баҳоридан бошлаб тўғри йўлда бўлгани эвазига илоҳий мукофот эди. Аллоҳ таоло истаганига қодирдир. Уни бирор нарса ожиз қолдира олмайди, истаганидан қайтара олмайди, хоҳлаганига қарши чиқа олмайди. Саид ибн Жубайр айтади: “Кўп одамлар Аллоҳ таолонинг ҳикматини, марҳаматини ва истаганини қилишини билишмайди. Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ҳам ана шундай кишилар эди. Улар: “Агар Юсуфни узоқлаштирсак, отамиз ёлғиз бизга бўлади, сўнг яна солиҳ кишилардан бўламиз”, деб ўйлашди ва адашишди”.
Аллоҳ таоло бўлажак пайғамбари Юсуф алайҳиссаломга кўп неъматларини ато этган эди: унинг ҳусни таърифга сиғмас, бир кўрган киши кўз узолмай қоларди. Бундан ташқари, Парвардигор унга дунё ишларида ҳакамлик қилиш иқтидори ва чуқур билим берди. Бундай комил йигитни ўз хонадонида кўрган азизнинг хотини Зулайҳо унга ошиқу беқарор бўлди, нима қилиб бўлса ҳам йигитни домига илинтиришга ва у билан яқинлик қилишга уринди. Ўзини тузаб, эшикларни беркитиб, тўшакка таклиф этди.
23. У бўлган уйнинг бекаси уни йўлдан урмоқчи бўлди. У эшикларни беркитиб: «Ёнимга кел!» деди. Юсуф: «Аллоҳдан паноҳ сўрайман! Хожам менга яхши қарагандир. Золимлар нажот топишмайди», деди.
Юқорида зикр этилганидек, Юсуф алайҳиссалом ғоятда келишган, чиройли йигит эди. Уни сотиб олган зодагон (Миср азизи, яъни сарой хазинабони) хотинига Юсуфни ҳурмат қилишни, унга яхши қарашни буюрди. Зодагоннинг хотини хушсурат ва қоматдор Юсуф алайҳиссаломни яхши кўриб қолди. Уни йўлдан урмоқчи бўлиб, ёнига чорлади. Бор найрангини ишга солиб, йигитнинг васлига етмоқчи бўлди. Уйнинг еттита эшигини бирма-бир беркитиб, “Ёнимга кел!” деб буюрди. Юсуф алайҳиссалом унинг амрини кескин рад этди, “Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Хожам менга яхшилик қилди, “Унга яхши қарагин!” деб сизга буюрди. Мен унинг яхшилигини хиёнат билан, оиласида бузуқлик қилиш билан қарши олмайман. Чунки бундай ўз жонига зулм қилувчилар асло мақсадга ета олишмайди”, деди. Юсуф алайҳиссалом аёлнинг истагини рад қилганлари учун аёл уни жазолашга (ёки мақсадини амалга оширишга) интилди.
24. Аёл унга мойил эди, агар Парвардигорининг далилини кўрмаганида у ҳам мойил бўларди. Биз ундан ёмонлик ва фаҳшни шундай қайтардик, чунки у танлаб олинган бандаларимиздандир.
Юсуф алайҳиссалом мияларида аёлга майл пайдо бўлди. Бу майл инсон иродасига боғлиқ бўлмаган, унда табиатан пайдо бўладиган туйғу эди. Агар у қасдга айланмаса, одам бундай туйғу учун шаръан жазоланмайди. Имом Бағавий қуйидаги ҳадисни келтирганлар: “Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар бандам яхшиликка майл қилса, унга бир яхши амал савобини ёзинглар. Агар у майлини амалга оширса, савобини ўн баробар қилиб ёзинглар. Агар бир ёмонликни қасд қилиб, уни амалга оширмаса, бир яхши амал савобини ёзинглар, чунки уни Менинг учун амалга оширмади. Агар уни амалга оширса, битта ёмон амал гуноҳини ёзинглар”. Имом Насафий тафсирида бундай дейилган: “Юсуф алайҳиссаломнинг майллари аёлнинг майли-интилиши каби бўлганида Аллоҳ таоло “у танлаб олинган бандаларимиздандир” деб мақтамаган бўларди”.
Аёл уни хоҳлаб турибди, балоғатга етиб навқирон йигит ёшида бўлган ҳар қандай инсон бундай ҳолатда ўзини тутолмай қолиши мумкин эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳужжат-далилларини билгани учун дарров Аллоҳдан паноҳ сўради. Жой ва таом бериб, фарзанди каби тарбиялаб турган хонадон эгасига хиёнат қилмаслигини, зино ва хиёнат қилувчи золимлар асло нажот топмаслигини айтди. Юсуф алайҳиссалом ёдида тутган Аллоҳ таолонинг ҳужжати хусусида муфассирлар бир қанча фикрларни айтишган, улар эса қарийб бир маънодадир: Аллоҳ азза ва жаллага итоат қилиш ва ҳаромлардан сақланиш бандаларга вожибдир! Юсуф алайҳиссалом буни ёдда тутган эди. У киши шундай қилганлари учун ўзларини асрашга ва аёлдан қутулишга интилди. Аёлга ёмон ният билан яқинлашмай, ундан қочди. Зеро, пайғамбарлар гуноҳ-маъсиятдан асралишган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломни нафс туғёнида иффатини асради – ёмонликдан асровчи ҳужжатини унинг ёдига солди. Зеро, Юсуф алайҳиссалом ҳам, бошқа пайғамбарлар ҳам Аллоҳ таолонинг рисолати ва ваҳийини бандаларга етказиш учун танлаб олган, нуқсонлардан пок қилган бандаларидандир. Шу боис, шайтон уларни йўлдан оздира олмайди!
25. Иккови эшикка қараб югурди, аёл унинг кўйлагининг орқасини йиртиб олди. Эшик олдида эрига дуч келишди. Аёл: «Хотинингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси зиндонга ташлаш ё қаттиқ қийноқ бўлиши керак», деди.
Нафси аёлни шу кўйга солдики, у мақсадига етиш учун ҳазрати Юсуфни қува бошлади. Юсуф алайҳиссалом аёлдан шитоб билан қочиб, эшик томон югурди. Аёл ҳам уни қўлдан чиқариб юбормаслик учун унинг ортидан эшикка қараб чопди. Муфассирлар шу ояти карима борасида нозик бир нуктани зикр қилиб зтишган. Эшик томон югурган Юсуф алайҳиссалом унинг берклигини яхши биларди. Аммо ундаги ҳақнинг кучи берк эшик ортида ҳам нажот борлигига умид туғдирган эди. Зулайҳо ҳам эшик берклигини яхши биларди. Аммо ундаги ботил кучи ундаги ишончни тамоман йўққа чиқарганди. Юсуф алайҳиссалом эшикка қараб қочганида аёл аламидан унинг кўйлагининг орқа томонидан шартта йиртиб олди. Шу аснода икковлон эшик олдида аёлнинг эри, сарой азизига дуч келишди. Аёл дарров макр ва найранг қилишга ўтди, мақсади қилган жинояти ва шармандаликдан қутулиб қолиш эди. У Юсуф алайҳиссаломга туҳмат қилмоқчи бўлиб, эрига бундай деди: “Хотининггга ёмонлик истаганнинг жазоси фақат зиндонбанд қилиш ёки қаттиқ қийноқ бўлиши керак!”
26. (Юсуф): «Унинг ўзи мендан нафсимни (жинсий яқинлик қилишимни) талаб қилди», деди. Унинг қариндошларидан бири гувоҳлик бериб, шундай деди: «Агар кўйлагининг олдидан йиртилган бўлса, бека тўғри гапирган, Юсуф алдаган бўлади»;
Юсуф алайҳиссалом рост ва тўғри сўзлаб, аёлнинг туҳматидан ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлди: “Унинг ўзи мени хоҳлаб, йўлдан оздирмоқчи бўлди”, деди. Шунда аёлнинг яқинларидан бири гувоҳлик берди. Муфассирлар гувоҳнинг кимлиги хусусида турли фикрлар айтишган. Кўпчиликнинг фикри шундай: 1) гувоҳ аёлнинг амакисининг катта ёшли ўғли эди, у ақлли, доно, тўғри фикрли киши бўлган; 2) Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) ва бир гуруҳ муфассирлар эса, “Гувоҳ гўдак бўлган, Аллоҳ таоло уни бешигида гапиртирган”, дейишади. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўрт нафар: Фиръавннинг қизи Мошитанинг ўғли, Юсуфнинг гувоҳи, Журайжнинг соҳиби ва Исо ибн Марям гўдаклигида гапирган”, дедилар” (Ибн Жарир ривояти).
27. «агар кўйлаги орқасидан йиртилган бўлса, унда бека алдаган, Юсуф рост гапирган бўлади».
Миср азизининг хонадонидагилардан бири шундай йўл кўрсатди: “Агар кўйлагининг олдидан йиртилган бўлса, бека тўғри гапирган, Юсуф алдаган бўлади, агар кўйлак ортидан йиртилган бўлса, унда бека алдаган, Юсуф ростини гапирган бўлади”.  Воқеани ҳеч ким кўрмаган, фақат кўйлак йиртилган эди. Мазкур гувоҳ ҳакамликни худди шу бирдан-бир нозик нуқтадан чиқарди. Агар кўйлак олд томонидан йиртилган бўлса, Юсуф ҳамла қилган, хотин эса ҳимояланиш чоғида кўйлакнинг олдидан йиртиб олган бўлади. У ҳолда хотиннинг даъвоси тўғри, Юсуф ёлғончи бўлади. Агар кўйлакнинг орқа томони йиртилган бўлса, унда хотин ҳамла қилган бўлади, у қочаётган Юсуфни тутиш учун ортидан ташланиб, кўйлагини йиртган бўлади. У ҳолда хотин ёлғон гапирган, Юсуф эса ростгўй бўлади. Кўйлакнинг орқа тарафидан йиртилганини кўрган ҳакам оқилона ҳукм чиқариб, Юсуф алайҳиссаломнинг айбсиз эканини исботлаб берди.
28. Эр кўйлакнинг орқасидан йиртилганини кўриб айтди: «Бу албатта сиз, хотинларнинг макрингиздир, макрларингиз ҳақиқатан улкандир»;
Аёлнинг эри Юсуф алайҳиссаломнинг тўғрилигига, хотини эса Юсуфни ноҳақ айблаганига ишонч ҳосил қилгач, хотинига: “Сенинг айтганларинг сиз – аёлларнинг ҳийла-найрангларингиздандир. Сиз, хотинларнинг макри, найранги зўр бўлади. Эй Юсуф, сен бўлган воқеани унут, уни одамларга айтиб юрма! Хотин, сен гуноҳингнинг кечирилишини сўра, чунки сен катта гуноҳ қилдинг!” деди. Яъни, аёлларнинг ҳийла-найранглари одамларга тез ва бехато таъсир қилади. Эрлар кўпинча уларнинг найрангларини унча тушунишмайди. Эрларнинг ўзлари найранг қила олмайди, бунинг устига аёлларнинг ҳийла-тадбирларини тушунмайди. Юқоридаги ояти карималар мазмунидан шу нарса аён бўладики, Аллоҳ таолонинг ҳужжатини, амр ва қайтариқларини ёдида тутган одам шайтон ва нафс васвасаларидан омонда бўлади.
29. «Эй Юсуф, буни эсдан чиқар, сен эса айбингга кечирим сўра, чунки сен албатта гуноҳкорлардан бўлдинг».
Яъни, Юсуф алайҳиссалом Зулайҳонинг бузуқ ниятидан қайтарганидан кейин ҳам у Юсуфнинг висолига етишишдан воз кечмади. Аёл ҳазрати Юсуфга туҳмат қилишга ўтди, “зино қилмоқчи бўлди”, дея эридан уни жазолашни сўради. Юсуф алайҳиссалом ўзини оқлаб, «Аёлнинг ўзи менга ёпишди, аранг қочиб қутулдим», деди. Шунда хонадондагилар яхши ажрим топишди, ҳазрати Юсуф кўйлагининг қайси томонидан йиртилганига қараб айбдорни аниқлашни таклиф этишди. Сир фош бўлгач, Миср азизи Юсуфдан бу нохуш ҳодисани унутишни сўради, хотинига эса қаттиқ танбеҳ берди. Имом Насафий оятдаги “минал хотиин” калимасини “қасддан гуноҳ қилувчилардан” деб тафсир қилган. Юқоридаги ояти карималардан шу нарса аён бўладики, пайғамбарлар гуноҳлардан асралган зотлардир, улар ёмонлик ва бузуқлик сифатларидан сақлангандирлар, Аллоҳ таолонинг ҳужжатини, амр ва қайтариқларини ёдида тутган киши шайтон ва нафс васвасаларидан омонда бўлади, иншааллоҳ.
30. Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорини ром қилмоқчи бўлибди, уни севги ўраб олганмиш, аёлнинг аниқ адашаётганини кўряпмиз», дейишди.
Миср аслзодаларининг хотинлари «Хазинабоннинг (азизнинг) хотини Зулайҳо уйидаги хизматкор йигитни йўлдан урмоқчи бўлган эмиш, чунки уни қаттиқ севиб қолибди, бу шундай мартабали амалдорнинг хотинига муносиб иш эмас», деган иғво гапларни тарқатиб юборишди. Улар азизнинг хотинини айблаб ва койиб: “Зулайҳо ўз қулини йўлдан оздирмоқчи бўлиб, ўзига чорлабди экан. Унинг бу қилмишидан қулини яхши кўриб қолганини, уни ром қилмоқ ниятида қилаётган ишлари аниқ хатолигини, аёлнинг мартабасига ярашмаслигини, бу ишининг ғирт жаҳолатлигини биламиз”, дейишди. Бу гаплардан уларнинг мақсади ўзларини азиз хонадонига чорланиб, Зулайҳонинг қилмишига сабабчи бўлган ҳусни таърифга сиғмас чиройли йигитни ўзлари ҳам бир кўриб, завқланиш эди. Муҳаммад ибн Исҳоқ айтади: “Аёллар Юсуф алайҳиссаломнинг ҳусни ҳақида эшитишган, уни кўришни исташган эди. Уни кўриш учун эса ана шундай гапларни тарқатишди”.
31. Аёл уларнинг иғволарини эшитгач, уларни чақиртирди, суяниб ўтирадиган жой тайёрлаб, уларга  меҳмондорчилик уюштирди ва ҳар бирининг қўлига пичоқ берди. Сўнгра «Олдимизга чиқ!» деди. Улар уни кўриб, ҳайратда қолишди ва қўлларини кесиб олишди. «Субҳаналлоҳ, бу одам эмас, мукаррам фариштанинг ўзи-ку!» дейишди.
Зулайҳо бу ғийбат ва иғво-маломатларга чидай олмай, одам юбориб аёлларни хонадонига чорлади, уларга атаб зиёфат ташкил этди. Аёллар Юсуф алайҳиссаломни кўриш учун ҳийла қилишганига қарши у хотин ҳам ҳийла қилди – таом ва меваларни кесиш учун меҳмонларнинг қўлига биттадан пичоқ ҳам бериб қўйди ва ҳазрати Юсуфни аёлларнинг олдига чорлади. Йигит кириб келганида унинг ҳусни-жамолини кўрган аёллар ҳушларини батамом йўқотишди, мева ўрнига қўлларини кеса бошлашди. Бу воқеадан сўнг Юсуф алайҳиссаломнинг айбсиз, покдомон экани исботланди. У кишининг шарму ҳаёси шунчалик кучли эдики, аёллар тарафга ҳатто қиё боқиб ҳам қўймади. Буни кўрган аслзода аёллар: «Бу инсон боласи эмас, фариштанинг ўзи экан», дея хитоб қилишди. Бу билан улар Юсуф алайҳиссаломнинг тенгсиз чирой эгаси эканини ифодаламоқчи бўлишди. Зеро, инсон хилқатида фариштадан кўра чиройлироқ, шайтондан кўра хунукроқ жонзот йўқ, деган тушунча бор. Фахруддин Розий айтади: “Аёллар Юсуф алайҳиссаломда набийлик ва расуллик ҳайбатини, поклик ва иффат аломатини кўришгач, инсоний шаҳват асари ва башарий сифатларни унда йўқ билиб, унинг фариштадай поклигига иқрор бўлишди.
Шаҳарлик аёллар Юсуф алайҳиссаломни кўрганлари заҳоти Аллоҳ таолонинг бундай гўзал хилқатни яратганига қойил қолиб, тасаннолар айтишди: “Субҳаналлоҳ, бу йигитни кўрганимиздан сўнг сени айблай олмаймиз”, дейишди. Чунки улар Аллоҳ яратган инсонлар ичида ҳали бундай ҳуснлисини кўришмаган эди. Зеро, Юсуф алайҳиссаломга бутун инсониятга берилган чиройнинг ярми ато қилинган эди. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожда, учинчи осмонда Юсуф алайҳиссаломнинг ёнидан ўтаётиб “Унга ҳамма ҳусннинг ярми берилган экан”, деганлари келтирилади.
32. Аёл: «Менга қилган маломатларинг у туфайли бўлганди. Мен уни ром қилмоқчи бўлдим, у эса кўнмади. Агар буйруғимни бажармаса, албатта зиндонга ташланади ва хўрланганлардан бўлади», деди.
Миср азизининг хотини Зулайҳо аёлларнинг Юсуфни кўрганда не аҳволга тушишганига гувоҳ бўлиб мақсадига эришгач: “Сизлар у туфайли мени айбладинглар, ўзларинг эса уни бир лаҳзагина кўриб, шу аҳволга тушганингизда, у доимо уйимда бўлса, мен нима қилай? Эътироф қиламан, уни йўлдан урмоқчи бўлдим, аммо у мен истаган нарсадан ғурур билан бош тортди. Чунки у иффатли ва покдир. Унинг иффати ота-боболаридан меросдир”, деди ва уларни ўзига ҳамдард санади. Сўнг азизнинг хотини йигитга эшиттириб: «Агар бу йигит айтганимга кўнмаса, зиндонга ташлатаман, у ерда умрида эшитмаган хўрлик-азобларни кўради» деб дўқ урди. Шундан кейин зиёфатда ўтирган аёллар Юсуфнинг кўнглини Зулайҳога мойил қилиш учун унга насиҳат қилишга ўтишди.
33. (Юсуф): «Эй Парвардигорим, мени мажбурлаётганларидан кўра зиндон афзалдир, агар мендан уларнинг макрини даф этмасанг, уларга мойиллик кўрсатиб, нодонлардан бўлиб қоламан», деди.
Шундан сўнг Зулайҳо Юсуф алайҳиссаломга таҳдид қилишга ўтди: “Агар у эрта-индин айтганимни қилмаса, албатта уни зиндонбанд қилдираман ва у ерда инсон боласи кўрмаган хор-зорлик ва ситамларга дучор бўлади. Унинг жазоланиши муқаррар, чунки эрим айтганимни ва истагимни сўзсиз бажаради”, деди. Шунда Юсуф алайҳиссалом аёлларнинг макри ва ёмонлигидан асрашини тилаб, Аллоҳга илтижо қилди: “Эй Аллоҳим, Сен менинг паноҳимсан! Менга аёллар чорлаётган бузуқлик ва гуноҳни қилишдан кўра улар қўрқитаётган зиндон яхшидир”. Юсуф алайҳиссалом лаззатдан машаққатни афзал кўрди. Чунки гуноҳсиз ҳолда зиндонбанд бўлиш дунёдаги шармандалик ва охиратдаги азобланишдан енгилроқдир. Юсуф алайҳиссалом иккита ёмон ва иккита зарардан – зиндон ё бузуқлик қилишдан енгилини ихтиёр қилди. Зиндонда кўнгил тинч, нафс хотиржам, бузуқ муҳитдан узилиш бўлади. Юсуф алайҳиссалом дуосида ожизлик ва заифлигини баён этиб, ҳолини Аллоҳ таолонинг лутфи ва паноҳига топширди. “Агар Ўзинг аёлларнинг найрангини мендан даф қилмасанг, уларнинг истакларига мойил, шаҳватларига эргашган ва билганига амал қилмаган эсипаст жоҳиллардан бўлиб қоламан”, деди. Чунки ақлли киши ёмон ишни қилмайди. Илми фойда бермаган киши билан беақл нодоннинг фарқи йўқ. Ушбу оятлар шунга далолат қиладики, аёлларнинг нотўғри истакларига бўйсуниш жоҳилликдир; билганига амал қилмаганлар нодонлар қаторидадир; Аллоҳ таоло Ўзидан паноҳ сўраганларнинг, Унинг розилигини истаб гуноҳлардан тийилганларнинг, кулфат ва зулмда қолганларнинг дуоларини ижобат қилади.  
34. Парвардигори унинг дуосини ижобат қилди ва уларнинг макрини даф қилди. У албатта эшитувчи ва билувчидир.
Қийин аҳволга тушиб қолган Юсуф алайҳиссалом аёлларнинг макр-иғволаридан қутқаришни сўраб, Аллоҳ таолога қаттиқ илтижолар қилди. «Уларнинг сўзига кириб, гуноҳга қўл уриш ва нодон кимсалар қаторида бўлишдан кўра менга зиндонда тутқун бўлиш яхшироқдир», деди. Шунда Парвардигорлари ҳазрати Юсуфнинг дуоларини ижобат қилиб, уни аёлларнинг макридан қутқарди. Аммо дуосида зиндонни тилга олгани учун бир муддат қамалишига тўғри келди. Зулайҳонинг эри, Миср азизи шу йўл билан йигитни Зулайҳо фитнасидан узоқлаштирмоқчи бўлди. Юсуф алайҳиссалом ёш, гўзал бўлишига қарамай, Миср азизининг чиройли ва келишган хотини билан бирга бўлишдан бош тортди. Аллоҳ таолодан қўрқиб, Унинг марҳаматига умид қилди, зиндонни ихтиёр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло етти тоифа кишини Ўз паноҳидан бошқа бирор паноҳ бўлмаган кунда Ўз паноҳига олади. Булар: одил подшоҳлар; ёшлигидан Аллоҳ таолонинг тоатида бўлган йигит; қалби масжидга боғланган кишилар; Аллоҳ таоло учун чин дўст бўлганлар; ўнг қўли берганини чап қўлига билдирмай яширинча садақа қилувчилар; мавқе ва жамолли аёл ўзига чорлаганида “Аллоҳдан қўрқаман” деганлар; ёлғиз ҳолда Аллоҳ зикрини қилганда кўзлари ёшланган кишилар”.
35. Кейин унинг айбсиз экани белгиларини кўргач, бир муддат зиндонбанд қилишларига тўғри келди.
Бу воқеа хабари ёйилиб, Юсуф алайҳиссаломнинг иффати ва тўғрилиги ҳақидаги далиллар ошкор бўлганида ҳамда унинг айбсиз экани билинганидан кейин Миср азизининг аъёнларига бир фикр келди: гўё аёлни йўлдан урмоқчи бўлган қилиб кўрсатиб Юсуф алайҳиссаломни бир муддат зиндонбанд қилишади. Бу билан бўлиб ўтган ҳар хил гап-сўзларга чек қўйилади, Юсуфнинг пок номи оқланади, уни аёлнинг макр-ҳийлаларидан узоқлаштириш имкони туғилади.
36. У билан икки йигит ҳам зиндонга тушди. Бири: «Тушимда узум сувини чиқараётганимни кўрдим», деди. Иккинчиси: «Бошимда нон кўтариб турган эканман ва уни қушлар еяётган эмиш», деди. «Бизга тушимиз таъбирини айт, биз сизни яхшилик қилувчилардан деб биламиз», дейишди.
Юсуф алайҳиссалом билан зиндонга ташланган икки хизматкор йигитнинг бири подшоҳнинг шарбатчиси (шарбат қуйиб берувчиси), иккинчиси эса новвойи эди. Ҳар иккови ҳукмдорга заҳар берганликда шубҳаланиб қамалганди. Бу воқеа Юсуф алайҳиссаломнинг қамоққа ташланиши билан ўз-ўзича тўғри келиб қолмаган, балки Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлган эди. Юсуф алайҳиссалом зиндонда тўғрисўзлиги ва туш таъбирини айтиши билан машҳур бўлди. Улар  ёнларидаги ҳазрати Юсуфни солиҳ одам сифатида таниб, кўрган тушларини айтиб беришди. Шарбатчи тушида узумни сиқиб, сувини чиқараётганини кўрганини айтди. Новвой эса: “Тушимда бошимда нон кўтариб турган эмишман, ундан қушлар еяётганини кўрдим”, деди. Улар Юсуф алайҳиссаломга “Кўрган тушимизнинг таъбирини айтиб беринг, тушда кўрганларимиз ҳақиқатан рўёбга чиқадими ёки улар таъбирсиз, алғов-далғов тушларми? Сизни тушлар таъбирини тўғри қилувчи, одамларга фақат яхшилик ва эзгулик истовчи кишилардан деб биламиз”, дейишди. Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини айтиш воситасида йигитларни ота-боболарининг эътиқодига, ҳар қандай куфр ва ширкдан холи бўлган тавҳидга (яккахудоликка) даъват қила бошлади. Юсуф алайҳиссаломнинг зиндонга тушиши ҳикмати ҳам шунда эди.
Абу Ҳанифанинг “Муснад”ида келтирилишича, Салама ибн Набит шундай деган: “Мен Даҳҳоқ ибн Мазоҳимнинг ёнида эдим. Бир одам “Биз сени яхшилик қилувчилардан деб биламиз” (Юсуф, 36) оятининг маъносини сўраганида, у шундай деди: “У қийналган кишини кўрса, қийинчиликдан қутқарар эди, касални кўрса, унинг хизматини қилар эди, муҳтожни кўрса, унинг ҳожатини чиқаришни истар эди”.
37. (Юсуф) айтди: «Сизларга ризқ қилиб юбориладиган таом олдингизга етиб келмасидан аввал унинг таъвилини айтиб бераман. Бу менга Парвардигорим ўргатган нарсалардандир. Чунки мен Аллоҳга имон келтирмайдиган, охиратни инкор қиладиган қавмнинг динини тарк этганман»;
Юсуф алайҳиссалом уларни ҳаққа чақиришдан олдин тўғрисўзликларига далил бўладиган мўъжизани айтди: “Сизларга ризқ қилиб юбориладиган таом олдингизга келмасидан аввал унинг нималигини ва сифати қандайлигини айтиб бераман”. Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг илҳоми ва ваҳийи билан шундай деган эди. Ушбу оятдан маълум бўладики, ғайбни (келажакни ва кўздан пинҳон нарсаларни) ҳеч ким билмайди, Аллоҳ таоло билдирсагина фақат пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ғайбни билишлари мумкин. Юсуф алайҳиссалом зиндондагиларга бундай деди: “Аллоҳ таолони ва охират кунини инкор этувчи, турли илоҳларга ибодат қилувчи канъонлик ва мисрликлар динини мен ваҳий сабабли рад қилганман. Куфр ва ширк йўлини кесганман. Аллоҳ таолога ишонмайдиган, Унинг бирлигига, Ер ва осмонларни Угина яратганига иқрор бўлмайдиганларнинг динини рад қилганман”.
38. «ва оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқублар динига эргашганман. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилишимиз бизга мумкин эмас. Бу эса бизга ва барча одамларга Аллоҳнинг фазлидандир, аммо кўплар шукр қилишмайди»;
Ҳазрати Юсуф (алайҳиссалом) зиндондаги шерикларига айтди: “Пайғамбар ва расул оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг (алайҳимуссалом) динига бўйсунганман. Бирор нарсани кўрмайдиган, эшитмайдиган бутлар уёқда турсин, ҳатто фариштани, жинни, инсонни Аллоҳ таолога шерик қилишимиз биз, пайғамбарларга мумкин эмас. Илоҳ танҳо Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Унинг ҳеч қандай шериги ҳам йўқ. Тавҳид мана шудир! Аллоҳ Ўзининг борлигини, хожалик ва ягоналигини бизга билдирди. Бу Аллоҳ таолонинг бизларга фазли ва марҳаматидандир. Бизларни одамларга пайғамбар қилиб юбориши, бизларнинг одамларга тўғри йўлни кўрсатишимиз, залолат йўлидан уларни огоҳлантиришимиз биз, пайғамбарларга ва барча одамларга илоҳий марҳаматдир. Лекин кўп инсонлар Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига шукр қилишмайди. Аллоҳ таолонинг уларга пайғамбарлар юбориш неъматини англаб етишмайди”. Юсуф алайҳиссалом бу сўзлар орқали зиндондаги икки қўшнисини ширк ва куфр аралашган эътиқодларидан воз кечиб, ягона Аллоҳга сиғинишга, боболарининг ҳақ динига (тавҳидга), ҳидоят ва имон йўлига  тарғиб қилди. Юсуф алайҳиссаломнинг “оталарим” дейишлари бобо ҳам ота ўрнида эканини кўрсатади. Юсуф алайҳиссалом ғайбдан хабар беришлари боис унга ваҳий келишини, ўзининг пайғамбар эканини ҳам айтди.
39. «эй ҳамзиндонлар, кўпсонли илоҳлар яхшими ёки ягона ва қудратли Аллоҳми?»;
Юсуф алайҳиссалом шерикларига яна бундай деди: “Эй зиндонда ўтирганлар! Низога, тўқнашувга, ер юзида бузғунчиликка чорловчи кўп “илоҳ”лар яхшими ёки ҳукмига қарши чиқилмайдиган, бошқага муҳтож бўлмаган, ҳаммани бўйсундирган танҳо ва ғолиб Аллоҳ таоло яхшими? Сизлар ибодат қилаётган, “илоҳ” деб номлаган нарсаларингиз ўзингиз тўқиб чиқарган номлардир, холос. Уларнинг илоҳ деб аталишига Аллоҳ таоло ҳеч қандай ҳужжат туширмаган”.
40. «Уни қўйиб, ўзингиз ва ота-боболарингиз ўйлаб топган номларгагина сиғиняпсизлар. Аллоҳ эса уларга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган. Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига тегишлидир. У Ўзигагина сиғинишларингизга буюрган. Мана шу тўғри диндир, лекин кўпчилик буни билмайди»;
Бутун оламларни яратиб, уларни якка Ўзи бошқариб-тартибга солиб турган буюк ва қудратли Аллоҳ таоло қолиб, инсонларнинг ўзлари ва уларнинг аждодлари ўйлаб топган ва ҳар хил номлар қўйиб олган, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган қўлда ясалган турли-туман бут-санамларга ишониш, ибодат қилиш ва сиғиниш инсондек шарафли ва мукаррам зотга муносибмикин? Юсуф алайҳиссалом зиндондагиларга шундай деди: “Ҳукм Аллоҳ таолодадир. Аллоҳ таоло барча бандаларига ёлғиз Ўзига ибодат қилишни буюрган. Аллоҳ таоло буюрган тўғри дин шудир. Лекин кўп одамлар буни яхши англаб етмагани учун залолат йўлларида адашиб, илоҳий ваҳийларни инкор қилишгача боришяпти. Бу нарса эса қаттиқ адашувдир, хатодир, сўнгсиз кулфатдир!” Бундан кўриниб турибдики, динимиз ширкнинг (Аллоҳга бирор нарсани шерик қилишнинг) ҳар қандай турини – бутларга, оловга, юлдузларга, жинларга, дов-дарахтларга ва ҳайвонларга сиғинишни қатъиян рад этади. Зеро, илоҳ ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир, Ундан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ, Унинг ҳеч қандай шериги ҳам йўқдир!
41. «эй ҳамзиндонлар, бирингиз ҳукмдорига шарбат қўйиб беради, бошқангиз эса дорга осилади, қушлар унинг бошини чўқийди. Иккингиз сўраётган ҳолат бўлади».
Юсуф алайҳиссалом зиндондаги шерикларига тушларининг таъбирини шундай баён этади: “Бирингиз яна ҳукмдорга шарбат қуйиб бериш вазифасига қайтади, иккинчингиз эса дорга осилади, яъни унинг бошини қузғунлар чўқийди”. У киши хизматкор йигитларга тушларининг таъбирини айтаётганида уларни ранжитмаслик учун “бирингиз” ва “бошқангиз” деган сўзларни ишлатган. Розийнинг тафсирида келтирилишича, хизматкор йигитлар айтган тушларининг таъбирини эшитгач: “Биз ҳеч нарсани кўрмаган эдик”, дейишди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Иккингиз сўраётган ҳолат бўлади”, деди. Ҳазрати Юсуф таъбирларини тахмин ва гумонга асосланиб айтмаган эди, балки Аллоҳ таолодан келган ваҳийга асосан айтганди. Ваҳий эса гумон ва тахминни эмас, аниқ ишончни билдиради.
42. Ва у қутулиши гумон қилинганига: «Подшоҳинг ҳузурида мен ҳақимда эслат!» деди. Аммо шайтон унга буни унуттирди ва у яна бир неча йил зиндонда қолди.
Ҳазрати Юсуф зиндонда бирга ётган икки йигитга туши таъбирини айтиб берди ва таъбир тўғри чиқди: уч кундан кейин улар зиндондан чиқди, бири осилди, иккинчиси ўз вазифасида қолди. Юсуф алайҳиссалом омон қоладиганига: «Подшоҳга зиндонда бир бегуноҳ мусофир ётганини эслатиб қўй, гуноҳим йўқлигини билиб, шояд мени қамоқдан чиқариб юборса», дея тайинлади. Юсуф алайҳиссаломнинг бу айтганлари нажот топиш ва қутулиш учун одатан ва шаръан талаб этилган зоҳирий сабабларга қўл уриш жумласидандир. Аммо шайтон бу омонат сўзни етказишни унуттирди, зиндондан қутулиб чиққан йигит Юсуф алайҳиссалом қиссасини подшоҳга айтишни эсдан чиқарди ва у киши зиндонда яна бир неча йил қолиб кетди. Унинг унутиши – Юсуф алайҳиссалом зиндондан чиқиб, Аллоҳ таолонинг ягона эканига, Унга бандалик қилишга, мушрикларга қарши курашга ва шайтон васвасаларини йўқотишга чорламаслиги учун қилинган шайтон ҳийлаларидан бири эди. Шу боис Юсуф алайҳиссалом мазлум ва унутилган ҳолда яна бир неча йил зиндаонда қолишга мажбур бўлди. Унинг зиндонда қанча бўлгани ҳақида турли фикрлар айтилган. Булардан тўғриси “етти йил” деган фикрдир. Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: “Айюб алайҳиссалом балода етти йил бўлганлар, Юсуф алайҳиссалом зиндонда етти йил қолганлар, Бухтуннаср етти йил азобланган”.  
43. Подшоҳ: «Тушимда етти семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини, еттита думбул ва еттита қуриган бошоқни кўрдим. Эй аъёнлар, агар таъбир қила олсанглар, тушимни тушунтириб беринглар!» деди.
Миср подшоҳи кўрган тушининг таъбирини билиш учун ҳузурига коҳинлар (ғайбни билишни даъво қилувчи сеҳргарлар) ва давлат амалдорларини тўплаб, тушини уларга айтиб берди ва таъбир қилишларини сўради. Аммо подшоҳ саройига тўпланган кишиларнинг бирортаси бундай ғалати тушнинг таъбирини айтиб бера олмади. Подшоҳ тушда кўрган еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни ейиши, еттита пишмаган ва шунча қуриган бошоқ нимани англатиши уларга маълум эмасди.
44. Улар: «Булар чалкаш тушлар, бизлар чалкаш тушларнинг таъбирини билмаймиз», дейишди.
Коҳинлар ва амалдорлар ҳукмдорнинг тушини таъбир қила олмай, дарров баҳона излашга ўтишди: “Сиз кўрган тушлар узуқ-юлуқ, чалкаш тушлар экан, уларнинг ҳеч қандай маъноси йўқ. Одатда бундай ишлар кишининг еган таоми ҳазм бўлмаса ёки у қаттиқ чарчаганида тушга киради”, деб, подшоҳдан узр сўрашди.  
45. Иккисидан омон қолгани анчадан кейин эслаб: «Унинг туши таъбирини мен билиб келаман, мени унга юборинглар!» деди.
Ана шунда Юсуф алайҳиссалом билан зиндонда бирга ётган ва зиндондан қутулиб чиққан хизматкор йигит бирдан Юсуф алайҳиссаломни эслаб қолди ҳамда подшоҳ ва унинг аъёнларига: “Бу тушнинг таъбирини мен аниқлаб келаман, мени ҳозироқ зиндонда ўтирган ростгўй киши Юсуфнинг (алайҳиссалом) олдига юборинглар!” деди.
46. У: «Эй Юсуф, эй ростгўй одам, етти семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётгани ҳамда еттитадан думбул ва қуруқ бошоқ кўрилган тушнинг таъбирини айт, одамлар олдига борганимда шояд улар ҳам буни билиб олишса», деди.
Хизматкор йигит Юсуф алайҳиссаломнинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берди: “Эй ростгўй Юсуф, етти семиз сигирни етти ориқ сигир еяётгани, етти думбул ва шунча қуриган бошоқ кўрилган тушнинг таъбирини бизга айтиб бер. Миср подшоҳи шундай ажиб бир туш кўрди, ғалати туш бўлганидан ҳеч ким унинг таъбирини топа олмади. Шунда зиндонда ётганингизни эслаб қолдим, буни фақат сизгина таъбир қила олишингиздан умидвор бўлиб, олдингизга келдим”.  Ҳазрати Юсуф айтган таъбир ва бунинг тадбири учун кўрсатган таклифлари у кишининг зиндондан қутулишига сабаб бўлди.
47. У айтди: «Пайдар-пай етти йил экин экинглар, йиққанингиздан озгинасини ейишга олиб, қолганини бошоғида сақланглар»;
Юсуф алайҳиссалом гапларини унутиб қўйгани учун хизматчи йигитни койимади, уришмади ва олдин зиндондан чиқиш шартини қўймай подшоҳ тушининг таъбирини айтиб берди: “Кетма-кетига етти йил ҳосилдор ва серёғин бўлади. У йилларда дон экиб, тўплаган ғалла ва ҳосилларингизни қурт еб қўймаслиги учун бошоқлари билан асраб қўйинг. Ейиладиган озгина миқдорини янчиб олинг. Кўп янчманг, чунки қолганини кейин келадиган етти оғир қурғоқчилик ва қаҳатчилик йилларида ейсиз”. Юсуф алайҳиссалом семиз сигирларни ва думбул бошоқларни ёғинли, ҳосилдор йилларга, ориқ сигирлар ва қуриган бошоқларни очарчилик йилларига йўйди. Сўнгра у қийинчилик кўтариладиган серёғин йил келишини башорат қилди. Ўша баракотли йилда ёмғир мўл бўлиб, халқ кўп ҳосил кўтаришини, аввалгидек, зайтундан мой, хурмо ва узумдан шарбат олинишини баён қилди. Юсуф алайҳиссаломнинг бу айтганлари тушнинг оддий таъбири эмас, балки илоҳий ваҳий ва илҳом билан ғайбдан хабар бериш эди.
48. «кейин етти йил қурғоқчилик келиб, бироз асраб қўйганингиздан бошқасини битиради»;
Юсуф алайҳиссалом подшоҳ тушини таъбир қилар экан, ориқ сигирларнинг семиз сигирларни еб қўйиши ҳосилдор, серёғин йиллардан кейин етти йил қурғоқчилик-қаҳатчилик йиллари келиб, халқ йиққан ҳосилнинг еб битирилишини билдиради, деди. Самарқандлик таниқли физика-математика олими, профессор Рустам Ибодов Мисрда бўлганида Юсуф алайҳиссалом даврида қурилган улкан ғалла омборлари ҳозиргача мавжудлигини ёзади: “Миср заминининг Саккара чўлидаги зинапояли эҳром ёнида қадимшунослар (археологлар) ўн битта ғалла омборхонасини топишган. Ушбу омборхоналар юксак дид ва идрок билан лойиҳалаштирилган, улар бир-бири билан ерости йўлаклари орқали боғланган. Бу омборхоналар ғаллага тўлдирилганидан кейин усти ёғоч ва тошдан ясалган гумбазлар билан беркитилган. Омборхоналарга фақат уларнинг биттасидаги зинапоядан тушиш мумкин бўлган, қолганларидаги ғаллани ҳам ўша омбордан олишган. Қазилма изланишлари натижасида бу омборхоналарнинг тубидан ғалла ҳам топилган. Аммо Мисрнинг айрим олимлари ғалла ушбу жойга дафн этилганлар учун қўйилган таомлардир, деб даъво қилишади. Лекин мазкур жойда олимларнинг бу фикрни тасдиқловчи бирорта қабр асорати топилмаган”.
49. «сўнгра шундан кейин бир йил келади, одамлар унда ёмғирга сероб бўлишади, унда шарбатлар олишади».
Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг билдирганига биноан подшоҳнинг тушини бундай таъбир қилган эди: «Етти семиз сигир фаровонлик ва тўкинчилик билан ўтадиган етти йилни англатади, етти ориқ сигирнинг уларни ейиши эса, шундан кейин етти йил қурғоқчилик ва очарчилик бўлишини билдиради. Шунинг учун йиғиб-териб олинган ғалла ҳосилининг озроқ қисмини ейиш учун қолдиринглар-да, қолганини танг аҳволга тушилганида ишлатиш учун омборларда бошоғи билан сақлаб қўйинглар». Бундан у кишининг мақсади, Миср халқининг қурғоқчилик йилларида қийин аҳволга тушмаслиги учун етти йиллик ғалла ҳосилини ўн тўрт йилга етказиш чораларини кўриш эди.
Тарихчиларнинг яқинда кашф этишларича, Юсуф алайҳиссалом бунинг тадбири учун ўзлари бош бўлиб Мисрда тошдан бир неча улкан ғалла омборлари қурдирган экан. Аммо бу кўҳна ва тарихий иншоотларнинг нимага хизмат қилганига тадқиқотчиларнинг ақллари етмай, қадимий удумга кўра Миср ҳукмдорларини дафн этишда улар ёнига бир сиқимдан ғалла ташлаб қўйиш урф бўлган, деган нотўғри хулосага боришган. Юсуф алайҳиссаломнинг тушни тўғри башорат қилгани ва кўрган тадбирлари натижасида Миср халқи қирилиб кетишдан омон қолди. Кейинги йили Аллоҳ таоло мўл-кўл ёмғир ёғдириб, тўкинчилик бошланди, мевалар кўп ҳосил бериб, улардан мўл шарбатлар олинди.
50. Подшоҳ: «Уни бу ерга келтиринглар!» деди. (Юсуфнинг) олдига элчи келганида: «Хожангга бориб, қўлларини кесиб олган аёллар ҳоли нима бўлганини сўра, Парвардигорим ҳақиқатан уларнинг макрини яхши билади», деди.
Подшоҳда олдин ҳам Юсуф алайҳиссаломга бироз ихлос пайдо бўлган эди, элчи келтирган таъбирларни эшитиб, унга муҳаббати янада ортди. Унинг теран фикрли, ўткир заковатли эканини билиб, у билан шахсан учрашмоқчи ва вазият хусусида гаплашмоқчи бўлди. «Маҳбусни тезда ҳузуримга келтиринглар», деб буюрди. Аммо Юсуф алайҳиссалом келишга шошмади, балки ўзининг зиндонбанд қилинишига сабаб бўлган аёлларга нима бўлгани билан қизиқиб, элчига бундай деди: «Подшоҳдан сўра-чи, қўлларини кесган аёллар аҳволи нима бўлган экан?» Мен зиндонбанд бўлишимга сабабчи ишда айбланган ҳолда подшоҳ ҳузурига боришни хоҳламайман. Ҳузурига боришимдан олдин подшоҳдан бу ишни аниқлашни сўрагин, бор ҳақиқатни билсин. Менинг Хожам яширин ишларни ҳам, аёлларнинг менга қарши уюштирган найрангларини ҳам билувчидир”.
51. Подшоҳ аёллардан: «Уни ёқтириб қолганингизда нима бўлган эди?»  деб сўради. Улар: «Аллоҳ асрасин, биз унинг гуноҳини билмадик», дейишди. Азизнинг хотини: «Энди ҳақиқат очилди, уни мен ўзимга ром қилмоқчи эдим, у ҳақиқатан ростгўйлардандир», деди.
Элчи хабаридан сўнг подшоҳ аёлларни топтириб келиб, йигитни ром қилмоқчи бўлганларидаги тафсилотлар ҳақида сўради: “Зиёфат куни Юсуфни (алайҳиссалом) йўлдан оздирмоқчи бўлганингизда сизларга нима бўлган эди?”. Аёллар бир овоздан: «Субҳаналлоҳ! Юсуфда (алайҳиссалом) бирор ёмонлик борлигини сезмадик. Аллоҳга қасамки, у асло гуноҳкор эмас эди», дейишди. Шунда азизнинг хотини Зулайҳо: «Энди ҳақиқат очилди, уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим, лекин уни Аллоҳ асради, у ўзини ва шарафини ҳимоя қилди, менинг истагимга бўйсунмади. У хиёнатчи эмас, покиза, ростгўй инсон экан», деб гувоҳлик берди. Аёл бу сўзлари билан ўзининг шарафини асрагани ва ишини яширгани учун Юсуф алайҳиссаломни тақдирлашни истади. Зулайҳонинг бу сўзлари Юсуф алайҳиссаломнинг айбсиз экани эътирофи эди.
52. «Бу қилмишларим азиз йўғида унга хиёнат қилмаганимни, Аллоҳ эса хоинлар макрига йўл бермаслигини англаши учун эди».
Ҳазрати Юсуф айтдики: «Мен бу тадбирни бекорга ўйламадим, яъни подшоҳ элчисини қайтариб, айбсизлигимни подшоҳ ва раъият билиши учун подшоҳдан ишимни аниқлашни сўрашим бежизга эмас эди. Мақсад, менга жой ва таом берган, фарзанди каби парвариш қилган азиз менинг айбсизлигимни, унинг йўқлигида хотинига кўз олайтирмаганимни, аксинча унинг хотини Зулайҳо нафсига қул бўлиб, эрига хиёнат қилишга чоғланганини билиб олиши учун эди». Юқоридаги ояти карималардан хулоса шуки, қийинчилик ва туҳматни кетказиш учун одамлардан ёрдам сўраш жоиздир; киши шаънини булғашдан ва айблашдан тийилиш зарур, тилни туҳмат, ғийбат, иғво каби иллатлардан тийиш энг фойдали амалдир; хиёнат ва найрангнинг оқибати албатта хорликдир.  
53. «Нафсимни оқламайман, Парвардигорим асрамаса, нафс албатта ёмонликка ундайди. Парвардигорим ҳақиқатан кечирувчи ва меҳрибондир».
Яъни, нафсимни хатолардан холи деб даъво қилмайман. Зеро, нафс ўз табиатига кўра шаҳватларга ва ёмонликларни яхши қилиб кўрсатишга мойилдир. Набий алайҳиссалом: “Сизлар ҳурмат қилиб, овқатлантириб, кийинтирсангизу сизларга ёмонлик қиладиган, бордию хорлаб, оч қолдириб, кийим бермасангиз ҳам сизларга яхшилик қиладиган йўлдошингиз ҳақида нима дейсизлар?” деганларида саҳобалар (розийаллоҳу анҳум): “У ер юзидаги энг ёмон йўлдошдир”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у сизларнинг нафсларингиздир”, дедилар. Фақат Аллоҳ таоло асраган кишининг нафси шаҳватларга ва ёмонликларга мойил эмас. Мен Аллоҳ таолонинг мағфирати ва меҳрибонлигидан умидворман. Аллоҳ таоло тавба қилганларнинг гуноҳларини кечирувчи ўта меҳрибон Зотдир. Ибн Касир ва бошқа кўпгина муфассирлар сўнгги икки оятни азизнинг хотини Зулайҳога нисбат беришади. Яъни, Зулайҳо айтяптики: «Мен Юсуфни алдаб, уни йўлдан оздирмоқчи бўлиб, Азизга хиёнат қилдим, лекин барча ҳаракатларим чиппакка чиқди, у поклигича қолди. Агар бундан ортиқ хиёнат қилганимда албатта сирим фош бўлар эди, чунки Аллоҳ хиёнаткорларнинг макрига йўл бермайди. Мен ўзимни оқлаб ўтирмайман, барча гуноҳларимга иқрор бўлдим, мен ҳам барча инсонлар каби нафсимни тия олмай қолдим. Юсуф каби Аллоҳнинг раҳмати ва меҳрибонлиги туфайли паноҳ топувчиларгина покликларича қолишади». Бир қанча муфассирлар эса бу икки оятда Юсуф алайҳиссаломнинг сўзлари баён этилгандир, дейишган.  
54. Подшоҳ: «Уни олиб келинглар, уни ўзимга хос кишилардан қиламан», деди. У билан сўзлашгач эса: «Энди ҳақиқатан бизнинг ҳузуримизда ҳурматли ва ишончлисан», деди.
Подшоҳга Юсуф алайҳиссаломнинг айбсиз экани маълум бўлгач, уни ҳузурига чақиришга қарор қилди ва мулозимларига: “Уни ҳузуримга олиб келинг, уни ўзимга хос дўст қилиб оламан”, деди. Подшоҳ Юсуф алайҳиссалом билан сўзлашгач, унинг фазилатини, илми ва маҳоратини, одоб ва гўзал хулқини кўриб: “Энди сиз ҳақиқатан ҳурматимизни ва ишончимизни қозондинг”, деди. У шунингдек Юсуф алайҳиссаломнинг яхши бошқарувчилик қобилиятини ва ҳар қандай ишни эплай олишини билди.
55. (Юсуф): «Мени шу ернинг хазиналарига бошлиқ қилинг, мен асрашни яхши биламан», деди.
Яъни, Юсуф алайҳиссалом подшоҳнинг ишонч билдираётганини кўриб, “мени мамлакатингиз хазиналарига, қаҳатчилик йиллари учун асраб қўйилган ғалла хазинасига  бошлиқ этиб тайинланг, чунки мен бу соҳада молни асраш илмини биламан”, деди. Шу тариқа подшоҳ Юсуф алайҳиссаломга ҳурмат ва ишонч кўрсатиб, ўзига яқин олганидан кейин ҳазрати Юсуф мамлакат хазиналари ва молия ишларига раҳбарликни ўзига сўради. Мақсади, шу йўл билан подшоҳнинг тушида аён бўлган мамлакатнинг қурғоқчилик келтирган зарарлардан эсон-омон олиб чиқиш ва халққа қаҳатчилик замонида кўпроқ фойда етказиш эди. Бундан кўриниб турибдики, пайғамбарлар ақлий камолот ва салоҳиятда оддий кишилардан анча устун бўлишади.
56. Биз Юсуфга мамлакатнинг хоҳлаган ерида ўрнашиши учун шундай имконият бердик. Биз хоҳлаганимизга инъомимизни берамиз ва яхшилик қилувчиларни мукофотсиз қолдирмаймиз.
Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, Биз Юсуфни (алайҳиссалом) подшоҳ кўнглига яқин қилганимиз каби Миср ерида унга салтанат бердик: уни истаганига эриштирдик, унга Мисрнинг катта лавозими-мансабини бердик, қулликдан ҳукмдор, баобрў кишига айланди. Бу неъматларга у сабри, Аллоҳ таолога итоати, иффати, хулқи ва теран ақли туфайли сазовор бўлди. У ака-укаларининг зулмига сабр қилди, ёмонлик ва бузуқликлардан тийилиб, иффатини сақлади, гуноҳ қилишдан тийилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло унга нусрат, мадад берди, уни асради, раҳм кўрсатди ва паноҳига олди. Аллоҳнинг фазли билан подшоҳ Юсуф алайҳиссаломга бутун мамлакатни бошқаришни топшириб қўйди, азиз (молия хазинабони) вафот этганидан сўнг уни азиз этиб тайинлади. Миср халқи етти йил давом этган қаҳатчиликни ҳазрати Юсуфнинг кўрган тадбирлари ва ҳаракатлари туфайли қийинчиликсиз ўтказди. Зулайҳо мусулмон бўлгач, Юсуф алайҳиссалом унга уйланди.
57. Лекин имон келтирган ва тақволиларнинг охиратдаги мукофоти яхшироқдир.
Юсуф алайҳиссалом Аллоҳнинг бу неъматларига бежиз муносиб кўрилмади. Аллоҳ таоло неъматларини Ўзи истаган бандасига беради. Аллоҳ азза ва жалла яхши амал қилувчиларнинг мукофотини бекор қилмайди: уларга дунёда бахту саодат, обрў ва мартаба, охиратда эса жаннатдаги мангу ҳаётни ато этади. Аллоҳнинг ана шундай улуғ мукофотига сазовор бўлиш учун банда Аллоҳга, пайғамбарларига, китобларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга имон келтирган бўлиши керак. Яна Аллоҳдан қўрқадиган-тақволи кишилар учун охиратда ажр-мукофотлар ҳаммасидан каттадир. Аллоҳ таоло икки дунё саодатини ато қилган кишилар илоҳий фазлга сазовор инсонлардир.
58. Юсуфнинг ака-укалари келишди ва унинг ҳузурига киришди, у уларни таниди, аммо уни танишмади.
Юсуф алайҳиссалом Миср юртида юксак мартаба ва шарафларга эришиб, унинг ҳукмдори бўлиб турган бир пайтда унинг ака-укалари юртлари Канъондаги (Фаластин) етти йиллик қаҳатчиликдан ниҳоятда қийналиб қолганларидан егулик ахтариб, Мисрга келишди. Чунки қаҳатчилик улар яшаётган Канъон ҳамда Шом ва Миср каби жуда катта ҳудудни қамраб олган, уларга Миср ҳокими одамларга донни ўз нархида бераётгани хабари етиб келган эди. Уларни Юсуфнинг олдига олиб киришди. Улар кириши билан Юсуф алайҳиссалом дарҳол ака-укаларини таниди, аммо улар ҳазрати Юсуфни танишмади. Одатда ёшликдаги қиёфа катта бўлганда ўзгариб кетади. Улар Юсуф алайҳиссаломдан жуда ёш бўлганида ажрашган, уни йўловчиларга сотиб юборишган эди. Шунинг учун уни аллақачон вафот этиб кетган деб ўйлашар, унутиб юборишган ҳам эди. Орадан шунча йил ўтгач укаларини учратиш уларнинг хаёлига ҳам келмаган эди.  
59. Уларга керакли нарсаларни берганидан кейин: «Ота бир укангизни ҳам ҳузуримга олиб келинглар, кўряпсизлар, тўла ўлчаб беряпман ва мен энг яхши мезбонман», деди.
Суддийнинг зикр қилишича, Юсуф алайҳиссалом уларни танимагандай бўлиб, нима мақсадда келишганини, қаерданликларини, яна ака-укалари бор-йўқлигини суриштириши мазкур ҳолатга қўшимча бўлди. Сўнг Юсуф алайҳиссалом аъёнларига уларни иззат-икром билан меҳмон қилишни буюрди. Юсуф алайҳиссалом акаларига бир туядан ғалла бериб, уларни кузатаётганида: «Бу сафар укаларинг Биняминни ҳам олиб келинглар, кўряпсизлар, сизларга қанча ғаллани  бериб юборяпман, агар уни олиб келмасанглар, бошқа ғалла берилмайди, ҳатто овора бўлиб олдимга кириб ҳам ўтирманглар», деб шарт қўйди.
60. «Агар уни олиб келмасанглар, даргоҳимда сизларга дон йўқ, менинг олдимга яқинлашманглар ҳам».
Ҳазрати Юсуф ака-укаларига керакли ғаллани бергач, “Укаларингни бирга олиб келмасанглар, бу ерга келиб оворо бўлиб ўтирманглар, даргоҳимда сизларга бошқа дон берилмайди, ҳузуримга қайтиб келманглар”, деди. Юсуф алайҳиссалом шу йўл билан укасининг ҳолини билмоқчи, у орқали отасининг аҳволидан воқиф бўлмоқчи эди.   
61. Шунда улар: «Отасидан сўраб олиб келишга албатта ҳаракат қиламиз», дейишди.
Улар “Отасидан уни астойдил сўраб кўрамиз, биз буни албатта уддалаймиз”, дейишди. Яъни, бор маҳоратимизни ишга солиб, отамиздан уни сўраймиз. Сизни ишонтириб айтамизки, уни сизнинг ҳузурингизга олиб келишга қатъий ҳаракат қиламиз.
62. (Юсуф) хизматкорларига: «Оилаларига қайтгандан кейин таниб, яна қайтиб келишлари учун уларнинг сармояларини юклари ичига жойланглар», деди.
Юсуф алайҳиссалом хизматчиларига: “Донга айирбошлаш учун олиб келган молларини билдирмай қайтариб юкларининг ичига солиб қўйинглар”, деб буюрди. Шу тариқа у акаларига ғаллани юклаб бергач, улар берган пул ва молларини ҳам юк ичига қўшдириб юборди, токи буни кўргач, эсларига тушиб яна Мисрга ғалла учун қайтиб келишсин. Яна шу мақсадда укалари Биняминга аталган ғаллани акаларига бердирмади.  
63. Улар оталари ҳузурига қайтгач: «Отажон, яна ғалла олишимиз учун укамизни бизга қўшиб жўнатмасангиз ғалла берилмайдиган бўлди, уни ҳимоя қиламиз», дейишди.
Улар оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳузурига қайтишгач, Миср ҳукмдори билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни, у ерда ўзларига кўрсатилган меҳмоннавозлик ва эҳтиромни, эндиги сафар укалари Биняминни Мисрга олиб боришмаса, ҳукмдор мутлақо дон бермаслигини, агар уни олиб боришса, ҳаммаларига дон берилиб, иззат-икром кўрсатилиши ҳақида сўзлаб беришди. Ўғиллар оталарига: “Укамизни бизга қўшиб Мисрга юборинг, шунда эҳтиёжимизга яраша донни тўла оламиз, укамизни авайлаб-асраймиз, деб сизга ваъда берамиз”, дейишди.
64. (Яъқуб): «Олдин унинг акасини ишонганимдек уни ҳам сизларга ишониб топширайми? Майли, Аллоҳ энг яхши асрагувчи, У меҳрибонларнинг меҳрибонидир!» деди.
Яъқуб алайҳиссаломнинг хотираларида олдин бўлиб ўтган воқеалар жонланди, йўқолган ўғилларининг фироқида чеккан заҳматлари ва изтироблари эсга тушиб, ўғилларига бундай дедилар: “Сизларга хўп дейишга ҳам ҳайронман. Укангизни сизларга ишониб топширсам яна Юсуфни ишониб топширганимдаги ҳолатга тушмасмикинман? Майли, бу гал ҳам ишонай, ўғлимни ҳимоя қилишга Аллоҳ кифоядир. Мен фақат Унга ишонаман. Сақлагувчи фақат Удир! Унинг фазли, раҳмати кенг, У меҳрибонларнинг ҳам энг меҳрибонидир!”
65. Улар юкларини очиб, сармоялари ўзларига қайтарилганини билгач: «Нима қилайлик, мана, сармоямизни қайтаришибди, укамизни ҳимоя қилган ҳолда яна борсак, оиламизга бир туя юк ортиқ оламиз, бу (Миср хазинабони учун) оз ўлчовдир», дейишди.
Юсуф алайҳиссаломнинг ака-укалари Мисрга олиб борилган моллари юк ичига солиб қўйилганини ҳали билишмасди. Келтирган юкларини очишганда уларнинг қайтариб берилганини кўришди. Бундан фойдаланиб, оталарининг кўнглини хотиржам қилишга, укаларини ўзлари билан бирга жўнатишга кўндиришга тиришишди. Улар оталарига шундай дейишди: “Ота, бундан ортиқ яна қандай яхшилик истайсиз, мана, олиб борган молимиздан бирор нарса камайтирилмай бари ўзимизга қайтарилган бўлса! Ваъдага биноан укамизни ҳам олиб борайлик, уни эҳтиёт қиламиз, боз устига оиламизга дон ҳам келтирамиз. Яна бир туя донни кўпайтириб олиб келамиз. Миср ҳокими ҳар бир киши учун бир туядан дон беришни белгилаб қўйган. Бу дон ҳоким учун жуда арзимас нарса, унинг ғалласи жуда кўп”
66. (Яъқуб): «Қайтариб келиш учун Аллоҳ номига қасам ичмагунларингча, уни сизлар билан юбормайман, сизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно», деди. Улар қасам ичишгач: «Аллоҳ сўзларимизга гувоҳдир!» деди.
Уларнинг бу гаплари Яъқуб алайҳиссаломга таъсир қилди. Кичик ўғилларини (Биняминни) олиб қолиш ҳақидаги фикрлари юмшади. Лекин қалблари янада таскин топиши учун фарзандларига бундай дедилар: “Агар бирор ҳалокат юз бермаса, албатта уни менга қайтариб олиб келиш ҳақида ишончли кафолат беришларинг керак, яъни Аллоҳ номи билан қасам ичишларинг даркор. Шундагина уни сизларга қўшиб беришга рози бўламан”. Фарзандлари ота истаган кафолатни беришгач, у киши: “Ваъда ва қасамларингга Аллоҳ гувоҳдир”, дедилар.
67. У яна: «Эй ўғилларим, бир дарвозадан эмас, бошқа-бошқасидан киринглар, Аллоҳнинг бирор ҳукмини сизлардан қайтара олмайман, ҳукм ёлғиз Аллоҳдандир! Унгагина таваккул қиламан, таваккул қилувчилар Унгагина суянишсин!» деди.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг Миср сафарига ҳозирланганларидан сўнг ёмон назарлардан ўғиллари ҳимоясини ўйлаб: «Ҳаммаларингиз шаҳарга бир дарвозадан эмас, бошқа-бошқа дарвозалардан кириб боринглар, чунки Аллоҳ ҳукм қилган бирор нарсани қайтаришга қодир эмасман», дедилар. Бу гаплар билан Аллоҳ таолонинг иродасига зид сўзлаб қўймаслик учун ортидан: «Аллоҳ таоло мутлоқ ҳукмдордир, нима бўлса Унинг Ўзига таваккал қиламан, таваккал қилувчилар ҳам ёлғиз Унга суянишсин», деб қўшиб қўйди. Кўз тегиши, яъни унинг зарарга аниқ сабаб бўлиши ҳақдир, лекин бу нарса фақат Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан бўлади. Яъқуб алайҳиссаломнинг фарзандлари оталари буюрганидай Мисрга бошқа-бошқа дарвозадан киришгани билан бунинг уларга ҳеч бир фойдаси бўлмади: улар ўғирликда айбланишди; иснодга қолишди; юклари ичидан “йўқолган” жом топилгани учун укалари товон сифатида олиб қолинди; оталарининг қайғу-мусибатлари ортди. Шундай бўлса-да, Яъқуб алайҳиссалом кўнглидаги истакни, фарзандларига бўлган меҳр-шафқатни “бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар”, деб изҳор қилдилар. Яъқуб алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ваҳий орқали билдиргани учун у киши эҳтиёткорлик ҳам илоҳий ҳукмни ўзгартира олмаслигини билардилар. Лекин кўп одамлар буни билишмайди.
Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғилларига бир дарвозадан кирмасликни буюрганлари жумҳур муфассирлар наздида кўз тегишидан сақланиш лозимлигига далилдир. Кўз тегишининг зарарга зоҳиран сабаб бўлиши ҳақдир. Имом Насафий: “Кўз тегиши одамни қабрга, туяни эса қозонга киритади”, деганлар. Мусулмон кишини бирор нарса мафтун қилса, ҳайратга солса, унга барака тилаб дуо қилиши керак. Шундай қилса, унинг кўзи тегмайди. Барака дуоси қуйидагича: “Табарокаллоҳу аҳсанул холиқин. Аллоҳумма барик фийҳи”. Бирор кишининг кўзи тегиши маълум бўлса, унинг одамлар ҳузурига кириши ман этилади.  
68. Оталари уларга буюрган томондан киришди, аммо улардан Аллоҳнинг бирор ҳукмини қайтара олмади, бу Яъқуб истагининг амалга ошгани эди, холос. Зотан, у Биз ўргатган билимдан хабардор эди, лекин кўпчилик гумроҳдир.
Ўғиллар ота буюрганидай турли дарвозалардан кирган бўлсалар-да, бу уларни Аллоҳ тақдир қилиб, белгилаб қўйган қийин ҳолатларга тушишдан қутқариб қолмади. Чунки инсон ҳатто пайғамбар бўлса ҳам ва кўп нарсаларни билса ҳам, Аллоҳ таоло ирода қилган хатар ва қийинчиликлардан асраб қололмайди. Ҳукм танҳо Аллоҳ таолодадир, мўмин киши фақат Аллоҳга суяниши-таваккал қилиши керак. Барча яхшиликларни берувчи ҳам, барча офат-балоларни даф қилувчи ҳам ёлғиз Аллоҳ таолодир. Фақат бу ҳолатда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломнинг ўксик қалбига тасалли бериш учун унинг истакларини рўёбга чиқариб қўйганди. Чунки пайғамбар яхшиларга ҳам, ёмонларга ҳам бирдай панду насиҳат ва даъват қилаверади. Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг қалби укаларига бўлган ҳасад, кин, ёвузлик, ёмонлик каби иллатлардан тозаланган эмас эди. Юсуф алайҳиссалом эса бунга яхшилик ва олийжаноблик билан жавоб берди, чунки у Аллоҳ белгилаган нарсанинг амалга ошувида бир восита эди.  
69. Улар Юсуфнинг ҳузурига киришгач, у укасини ёнига чорлаб: «Мен акангман, буларнинг қилмишига хафа бўлма!» деди.
Ака-укалар Юсуф алайҳиссалом ҳузурига киришганида у зот укалари Биняминни бир четга тортиб, «Мен ҳақиқатан сенинг акангман, булар етказган озорларга ўкинма, яқинда ҳаммаси яхши бўлади», деб тасалли берди. Чунки олдинги сафар Юсуф алайҳиссалом укаси Биняминни кўп суриштириб, уни алоҳида таклиф қилгани акаларнинг рашк ва ҳасадини янада кучайтириб юборган ва Мисрга келгунча унга таъна-маломатлар қилишган, хўрлаб, озор беришган эди.
70. Уларга юкларини ҳозирлаб бергач, жомни укасининг юки ичига яширди. Шунда бир хабарчи: «Эй карвондагилар, сизлар ўғри экансизлар!» деди.
Ака-укаларини яхши кутиб олиб, меҳмоннавозлик қилган Юсуф алайҳиссалом уларга сўраган ғаллаларини бергач, бир идишни (тафсирларда подшоҳ сув ичадиган ёки ғалла ўлчайдиган олтин ё кумушдан ишланган қимматбаҳо жом дейилган) укаси Биняминнинг юклари ичига қўшдириб юборди. Бундан мақсад ёлғончи ва тошбағир акаларнинг таъзирини бериб қўйиш ва Биняминни ушлаб қолиб, шу баҳонада кекса отани Мисрга олдириб келиш эди. Ака-укаларнинг карвони саройдан чиқиб йўлга отланаётганида подшоҳнинг бир жарчиси келиб, акаларга: «Ҳой карвондагилар, сизлар ўғри экансизлар-ку!» деб қолди.
71. Уларга юзланиб: «Нима йўқотдинглар?» деб сўрашди.
Улар бу гапдан ҳайрон бўлишди, хавотирга тушиб, хабарчига юзланишди ва “Нимани йўқотдинглар?” деб сўрашди. Улар Юсуф алайҳиссаломнинг қандай тадбир қилгани, жомни укасининг юки ичига яшириб қўйганини мутлақо билишмасди. Шунинг учун ака-укалар хизматчининг ўзларини ўғриликда айблаётганидан таажжуб ва саросимага тушиб қолишган эди.
72. Улар: «Подшоҳнинг жомини йўқотдик, ким топса, бир туя ғалла олади,  бунга кафилман», дейишди.
Хизматчи йигитлар: “Подшоҳнинг жоми йўқолиб қолди, ким уни топиб келтирса, унга бир юк туядаги буғдой мукофот қилиб берилади”, дейишди. Хизматчиларнинг каттаси эса “Мен бунга кафилман”, деди. Бу хам Юсуф алайҳиссаломнинг ака-укаларнинг очкўзлиги ва ёлғончилигини фош қилиш учун қўллаган тадбирларидан бири эди.
73. (Акалар): «Аллоҳга қасам, бу ерга бузғунчилик қилгани келмаганимизни ва ўғри ҳам эмаслигимизни биласизлар-ку?!» дейишди.
Юсуф алайҳисаломнинг ака-укалари бўлаётган воқелардан тамоман довдираб қолган ҳолда: “Бизни ўғриликда айблаётганларинг ғалати-ку! Аллоҳ таоло номи билан қасам ичиб айтамизки, биз юртингизга бузғунчилик учун, бошқаларнинг ҳақига тажовуз қилгани келмаганмиз. Олдинги ва ҳозирги сафаримиздан бизнинг ахлоқимиз гўзаллигини, динимизга амал қилишимизни яхши биласизлар. Биз сира ўғирлик қилмаганмиз. Ахлоқимиз бунга йўл қўймайди ҳам”, дейишди.
74. Улар: «Бордию ёлғон айтаётган бўлсанглар, жазоси нима бўлсин?!» дейишди.
Хизматчи йигитлар: “Агар сизлардан бирингиз ўғри чиқиб қолса, уни қандай жазолар эдинглар?” дейишди. Яъни, ўғирланган нарса сизлардан чиқиб қолса, нима жазо қўлланишини биласизларми, у ҳолда нима қиласизлар? Юсуф алайҳиссалом Биняминни акаларининг ҳукми билан ушлаб қолиш чорасини кўриб, хизматчиларига юкидан жом топилган кишига қандай жазо белгилашни акаларига ҳавола қилишни буюрди. Улар ўзлари ҳукм чиқаришса, Биняминни қолдиришларини сўраб, илтимос қилишга ўрин қолмасди.
75. Улар: «Агар у кимнинг юкидан чиқса, ўшанинг ўзи жазоланади, биз золимларни шундай жазолаймиз», дейишди.
Улар жомни ўғирлашмаганига қатъий ишонишгани учун ҳеч иккиланмай бундай дейишди: “Ким жомни олган бўлса, унинг жазоси қулликдир. Биз одамларнинг молини ўғирлаб уларга зулм ўтказган золимларни ана шундай жазолаймиз”. Яъни, бизнинг қонунларимизда йўқолган нарса кимнинг юки ичидан чиқса, ўша одамнинг ўзи жазоланади, дейишяпти. Чунки Иброҳим ва Яъқуб алайҳимассалом шариатида ким ўғирлик устида қўлга тушса, молини ўғирлатган одамнинг қўлида бир йил қул сифатида ишлаб бериши керак эди. Демак, маълум бўляптики, Мисрда жиноят қилган киши ўз юрти қонунлари бўйича жазоланишига керак экан. Ўзларидан хотиржам бўлган акалар ўғрига исталган жазо берилишига рози бўлишди.  
76. Шунда олдин уларнинг юкларини текширди, кейин укасининг юки ичидан уни «топиб» чиқарди. Юсуфга бу тадбирни Биз ўргатдик. Аллоҳнинг хоҳиши бўлмаганида подшоҳ қонуни бўйича укасини олиб қололмас эди. Биз хоҳлаганимизни улуғлаб қўямиз, зеро ҳар бир илмлидан ҳам Билимлироқ бор.
Ана шунда Юсуф алайҳиссалом акаларида шубҳа туғдирмаслик учун Аллоҳ таоло ўргатган тадбирларни ишга солди. Унинг ходимлари олдин акаларнинг хуржунларини текшириб чиқишди, энг охири Бинямин юки тафтиш қилинди ва “йўқолган” жом унинг юки орасидан чиқди. «Тафсири Жалолайн»да келишича, ўша пайтдаги Миср қонунларига кўра, ўғриларга фақат молиявий жазо қўлланилган, яъни ўғри ўғирлаган молини эгасига икки баравар қилиб қайтаришга мажбурланган, аммо уни қул қилиб ишлатиш кўзда тутилмаган. Аллоҳ таолонинг иродаси билан Юсуф алайҳиссалом акаларига «ўғри»ни Яъқуб алайҳиссалом шариатига кўра жазоланиши зарурлигини уқтириб, уларни бунга кўндирди ва Биняминни олиб қолишга йўл очилди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда хоҳлаган бандаси даражасини улуғлаб, мушкулотларига тадбир бериб қўяди, чунки Унинг билими барча махлуқлариникидан устундир.
77. Улар: «Агар шу ўғирлаган бўлса, олдинроқ акаси ҳам ўғирлик қилган эди», дейишди. Юсуф буни дилига тугиб қўйди, аммо уларга билдирмади ва: «Аҳволларингиз баттар бўлди, нима деяётганингизни Аллоҳ яхши билади», деди.
Ёвузлик ва ёлғон қон-қонига сингиб кетган акалар ҳаддан ошиб, Юсуф алайҳиссаломга ҳам туҳмат қилишга ўтишди. Бинямин «қўлга тушганини» кўргач, «бунинг ўғирлик қилганига ажабланманг, бу нарса ака-укаларнинг табиатида бор нарса, чунки акаси Юсуф ҳам олдин ўғирлик қилган эди», деб очиқ-ойдин ёлғон гувоҳлик беришди. Аммо Юсуф алайҳиссалом шунда ҳам ўзини танитмади, барчасини Аллоҳга ҳавола қилди, «бу қилмишларинг билан гуноҳларингни кўпайтирдинглар, Аллоҳ нима деганингизнию нималар қилаётганингизнинг ҳаммасини кўриб-билиб турибди», деб айтди. Бундан маълум бўляптики, банда ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат Аллоҳга юкунсин, бошига тушган бало-фалокатлар қаршисида довдирамай, Парвардигор синовларига чидаб, сабр қилсин, ишларнинг ечимини фақат Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этсин.
78. Улар: «Эй ҳукмдор, бунинг жуда кекса отаси бор, ўрнига бирортамизни олиб қолинг, яхши одамлардан эканингизни кўриб турибмиз», дейишди.
Уларнинг оталари Яъқуб алайҳиссаломга берган ваъдалари устидан чиқиш мақсадида укаларини қутқариб олиш ёки ўрнига товон тўлашга уринишдан бошқа чоралари қолмагач, кекса ота ҳақидаги сўзлар билан Юсуф алайҳиссаломнинг дилларини юмшатишга интилиб бундай дейишди: “Эй ҳукмдор, унинг ёши улуғ отаси бор, унга қаттиқ боғланиб қолган. Йўқотган ўғли ўрнига фақат у билан овунади. Отасига раҳм қилинг, унинг ўрнига бирортамизни олиб қолинг. Сизнинг олийжаноблигингизни, яхши одам эканингизни кўриб турибмиз”, дейишди.
79. У: «Молимизни кимдан топиб олган бўлсак, ундан бошқани ушлаб қолишдан Аллоҳ сақласин! У ҳолда золимлардан бўламиз», деди.
Юсуф алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло ўзига муваффақ қилган тадбирни бузиб, укасини қўлдан чиқариб юбориши мумкин эмас эди. Шунинг учун уларнинг раҳм-шафқатни қўзғаш мақсадида қилган баҳоналари унинг дилини юмшатмади. Аксинча уларга кескин рад жавобини берди: “Молимизни кимдан топиб олган бўлсак, ундан бошқани олиб қолиб, ўзимизга зулм қилишдан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Унинг айби туфайли бошқани жазоласак, айбсиз одамни гуноҳкор сифатида жазолаб, зулм қилувчилардан бўлиб қоламиз”.
80. Барча умидлари узилгач, маслаҳатга четланишди. Уларнинг каттаси: «Олдин Юсуфга нисбатан ваъдангизни бажармаганингиз учун отамизнинг Аллоҳ номи билан қасам ичиргани эсингиздан чиқдими? Отамизнинг рухсати бўлмагунича ёки Аллоҳ менга ҳукм қилмагунича мамлакатдан чиқиб кетмайман, У энг адолатли ҳукм қилувчидир!» деди.
Укалари Биняминни ўзлари билан олиб кетишга ҳукмдорни кўндира олмагач, умидсизланган аҳволда бир четга ўтиб маслаҳатлашишди. Акаларнинг энг каттаси ёшда ҳам, ақл-фаросатда ҳам бошқаларидан устун эди. Олдин Ҳазрати Юсуфни ўлдирмоқчи бўлишганида ҳам у бундан қайтарган эди. У ҳозир ҳам укаларига насиҳат қилиб: «Отамизга олдин берган ваъдамизни бажара олмай, Юсуфнинг ҳалокатига сабаб бўлгандик, Аллоҳ номига қасам ичиб, катта ваъдалар бериб бошлаб келган укамизни Мисрга ташлаб кетамизми? Йўқ, отамиздан бунга ижозат олмагунча ё Аллоҳ бирор йўл кўрсатмагунча, бу шаҳардан ҳеч қаёққа кетмайман, Аллоҳ энг одил йўл кўрсатувчидир», деб уларни ниятларидан қайтарди.
81. “Сизлар отангиз олдига қайтиб, унга айтинг: «Эй ота, ўғлингиз ўғирлик қилди, билганимизгагина гувоҳлик берамиз, ғайбий нарсаларни билмаймиз»;
Шундан кейин тўнғич ака укаларига шундай тайинлади: “Сизлар оталарингиз ҳузурига қайтинглар ва бўлган воқеани сўзлаб бундай денглар: “Ўғлингиз подшоҳнинг жомини ўғирлаб олибди, жом унинг юклари ичидан чиқди. Шунинг учун жазоланди: уни қул сифатида олиб қолишди. Биз сизга фақат кўрганимизни айтдик. Биз сиздан уни ўзимиз билан олиб кетишга изн сўраганимизда ва уни эсон-омон қайтариб келишга қасам ичиб ваъда берганимизда ғайбни, Аллоҳ таолонинг қазосини билмаган эдик”.
82. «биз бўлган шаҳар ва карвонимиздагилардан сўранг, рост айтяпмиз».
Яна тўнғич ака укаларига оталари ҳузурига борганда шундай дейишни тайинлади: “Агар сизга етказган хабаримизга шубҳа қилсангиз, бир кишини юборинг, у Миср аҳлидан сўрасин. Ўзингиз биз билан бирга қайтган карвондагилардан ҳам сўраб кўринг. Шунда бизнинг беайблигимиз сизга очиқ аён бўлади, рост айтаётганимизга ишонасиз”.
83. (Яъқуб): «Йўқ, ҳавойи нафсингиз қилмишингизни маъқул кўрсатган. Энди ҳолим чиройли сабрдир. Шоядки, Аллоҳ уларнинг барини менга қайтарса! У билувчи ва ҳикматлидир», деди.
Қолган ака-укалар оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг ҳузурларига қайтиб келиб, унга бўлган воқеани тўнғич акалари маслаҳат берган тарзда етказишди. Бу хабар отанинг қайғусини янгилади. Иккинчи ўғлини ҳам йўқотиши отанинг мусибатини кучайтириб юборди. Олдин ўғилларининг Юсуф алайҳиссаломга қилган ишларидан қаттиқ озорланган Яъқуб алайҳиссалом Биняминнинг йўқолишида уларнинг айбсиз эканига ишонмадилар. Ва ўғилларини очиқ айблаб бундай дедилар: “Ўғлимни ҳимоя қилиш ҳақидаги ниятингиз тўғри бўлмаган. Унинг акасидан қутилганингиз каби ундан ҳам қутулишни нафсингиз яхши қилиб кўрсатган. Ўғрилик қилганнинг қилмиши учун жазоси қул қилиш экани ҳақидаги ҳукмни айтмаганингизда ҳукмдор ўғлимни олиб қолмаган, катта акангиз Мисрда қолиб кетмаган бўлур эди. Аллоҳ таолодан барча фарзандларимни қайтаришини умид қилиб, бу мусибатимга чиройли сабр қилишдан бошқа чорам йўқ. Менинг ҳолимни ҳам, улар ҳолининг ҳақиқатини ҳам Аллоҳ таоло билади, У билим ва ҳикмат Эгасидир”.
84. Улардан юз ўгириб: «Эй Юсуфим!» деди. Кўзлари оқариб кўрмай қолди, дардини ичга ютди.
Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломни оғир синовдан ўтказди. Олдин у кишига Юсуф алайҳиссаломни қаттиқ севдириб қўйди, кейин эса ниҳоятда аламли бир тарзда суюмли ўғилдан жудо қилди. Фарзанд фироқида йигирма йилча куйиб, айрилиқ дардини чекди. Йиғлайвериб, охири кўзларига оқ тушиб, кўрмай ҳам қолди. Бу бесабрлик йиғиси эмасди, балки Аллоҳ таоло инсонлар табиатида туғма яратиб қўйган оталик меҳрининг бир кўриниши эди. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам норасида ўғиллари Иброҳим вафот этганида қаттиқ қайғуриб, кўз ёши тўкканлар ва бундай деганлар: “Кўз ёш тўкади, қалб қўрқади. Парвардигоримизни рози қиладиган нарсанигина айтамиз. Иброҳим, биз сендан айрилганимизга қайғудамиз” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Аммо Яъқуб алайҳиссалом айрилиқ ва мусибатларни мардона қарши олди, бирор марта тилидан шикоят, норозилик сўзи чиқмади, ҳаммасига чиройли сабр қилди. Кенжа ўғил Бинямин Мисрда гўё ўғрилик билан ушланиб қолганини эшитгач, бир дарди ўн бўлди, беихтиёр ичидан «Воҳ, Юсуфим!» деган нола отилиб чиқди. Буни кўрган ўғиллар отанинг оғир ҳолатини тушунмай, унга таъна-маломатлар қилишди.
85. Шунда улар: «Аллоҳга қасамки, ҳолдан тойгунча ё ўлиб кетгунча Юсуфни эслайверасизми?» дейишди.
Нодон ва бемеҳр ўғиллар оталарининг ҳолатига тушунмай, шунча йил ўтиб кетса ҳам ўша Юсуфингизни эслайверасизми, деб оталарига маломатлар ёғдиришди. Ҳақиқатан ўша воқеадан буён орадан қанча кунлар ва йиллар ўтди. Яъқуб алайҳиссаломнинг қайғулари енгиллашмади, кун сайин оғирлашди. Олис юртда қолиб кетган фарзандларининг фироқи у кишини ўртар эди. Фарзандлар оталари аҳволининг оқибатидан қўрқиб, қайғуларини унутишга ундаш учун у кишининг ҳузурларига боришди. “Қайғуни унутмасангиз, Юсуфнинг (алайҳиссалом) ёду дарди аламингизни ошириб юборади. Ғам сизни букади ё ҳасратда ўлиб қоласиз”, дейишди. Бироқ уларнинг бу гапи оталарига таъсир қилмади.
86. У айтди: «Дарду ҳасратларимни Аллоҳгагина айтаман, сизлар билолмаган нарсани Аллоҳдан билиб оламан»;
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг таъна-маломатларига жавобан айтяптики: «Эй нодонлар, мен сизларга шикоят қилганим йўқ, қайғумни енгиллатишни сизлардан сўраганим ҳам йўқ. Сизлар менга қандай сабр қилишни ўргатяпсизларми? Бесабр одам Парвардигори берган мусибат-балолардан бандаларга шикоят қилади, мен эса дард берувчининг Ўзига дардимни айтяпман. Аллоҳ азза ва жалладан ўзга суянадиганим, топинадиганим йўқ. Аллоҳнинг Ўзидан сизлар билмайдиган нарсаларни билиб оламан. Сезишимча, Юсуф албатта тирик, укаси ҳам топилади, Юсуфнинг бир вақтлар кўрган туши ҳақиқатга айланади, буларнинг ҳаммаси менга Парвардигорнинг бир имтиҳонидир».
87. «Эй ўғилларим, бориб Юсуф ва укасини изланглар ҳамда Аллоҳ раҳматидан ноумид бўлманглар, Аллоҳ раҳматидан ҳақиқатан кофир кимсалар ноумид бўлади».
Аллоҳ таолога имон умидни жонлантиради. Шу туфайли ҳам Яъқуб алайҳиссалом икки фарзандининг қайтиб келишига ишончларини йўқотмадилар. Икковининг тириклиги, учрашув фурсатининг яқинлигини кўнгиллари сезди. Шунинг учун фарзандларига у икковини қидириб топишни буюрдилар: “Ўғилларим, Мисрга қайтиб боринглар, катта акангизга қўшилиб Юсуфни ва укасини одамларга сездирмай изланглар. Аллоҳ таоло у иккисини бизга қайтариб бериб, раҳм қилишидан умидларингни узманглар. Аллоҳ таолонинг раҳматидан фақат Унга ишонмаганларгина ноумид бўлади”.
88. Унинг олдига кириб: «Эй ҳукмдор, бизга ва оиламизга очлик балоси келди, аммо сармоямиз арзимас, шунга эҳсон сифатида ҳам ғаллани кўпайтириб бер, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни албатта мукофотлайди», дейишди.
Ўғиллар ота амрига қулоқ тутиб, ўзларидаги бор молларни йиғиштириб, дон-дунга айирбошлаш мақсадида Мисрга учинчи бор сафарга жўнаб кетишди ва у ерга етиб бориб, Миср ҳукмдори Юсуф алайҳиссалом билан учрашишди. Унинг ҳузурига киришгач, “Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оиламизни очарчилик қийнаб юборди. Сармоямиз оз бўлгани учун ўтмас матоларни олиб келганмиз, ҳар қандай савдогар бу молларимиздан юз ўгириб кетиши мумкин. Аммо сиз бизга марҳамат кўрсатинг, шунга етарли ўлчовда ғалла беринг, бизларга хайру эҳсон қилинг. Аллоҳ таоло, шубҳасиз садақа берувчиларга катта мукофотларни ато этур”, дейишди.
89. Шунда у: «Нодонлик пайтингизда Юсуф ва укасига нима қилганингизни эслайсизми?» деб сўради.
Шунда Юсуф алайҳиссалом уларнинг талабларига жавобан шундай деди: “Ёш, нодон пайтингизда Юсуф ва унинг инисига нима ишлар қилганингларни эслайсизларми?” Яъни Юсуф алайҳиссалом уларга бир танбеҳ бериш ва бир пайтлар содир этган хатоларини эслатиб қўйиш мақсадида: “Юсуф ва унинг укасига зулм ва азиятлар етказиб, кўп душманликлар қилганингизни биласизларми? Ўша пайтда сизлар бу қилмишларингизнинг оқибати ҳақида асло ўйлаб кўрмаган эдинглар”, деди. Юсуф алайҳиссаломнинг бу сўзлари у кишининг юксак одоб эгаси эканидан дарак беради. Зеро, оға-иниларининг мазкур қилмишлари уларнинг ёшлик пайтида ўйламай, нодонлик билан амалга оширилганини айтиб, ўзларини ўнглашга, хулқларини ислоҳ қилишга чиройли йўл орқали чақирмоқда.
90. Улар: «Наҳот сен Юсуф бўлсанг?» дейишди. У: «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса укам. Аллоҳ бизга марҳамат қилди, ким тақво ва сабр қилса, албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни мукофотсиз қолдирмайди», деди.
Фарзандлар оталарининг топшириғи билан яна Мисрга жўнашди ва Юсуф алайҳиссалом саройига кириб: «Юртимизда очарчилик, биз ҳам, бола-чақаларимиз ҳам – ҳаммамиз қийналиб кетдик. Аммо келтирган сармоямиз озроқ, шунга эҳсон тарзида бизга кўпроқ ғалла берсангиз, ахир Аллоҳ таоло эҳсон қилувчиларни асло мукофотсиз қолдирмайди», деб илтимос қилишди. Буни эшитиб ҳазрати Юсуф ўзларини тутолмай, кўзларидан ёш оқди. Шунда у кишига ўзини танитишга Аллоҳдан ижозат бўлди. Юсуф алайҳиссалом: «Юсуфга, унинг укасига қилган ёмонликларингиз эсингиздами? Лекин у пайтларда жоҳил, нодон эдингиз, шу туфайли ана шу гуноҳларга йўл қўйгансиз», деди. Акалари бирдан таниб қолишди ва: «Ие, наҳот сен Юсуф бўлсанг?» деб сўрашди. У: «Ҳа, Юсуфман, мана бу эса укам Бинямин, Аллоҳ таолонинг раҳмати билан ҳақ қарор топди, ким сабр қилса ва Аллоҳдан қўрқса, Унинг мукофотидан бенасиб қолмайди», деди. Яъни, сизлар айтаётган ва бошига қандайин кунларни солганингиз ўша Юсуф менман, бу эса туғишган укам Бинямин. Аллоҳ илҳом қилиб уни ўзим билан олиб қолишга муваффақ бўлдим. Унинг сизлар билан юртингизга жўнаб кетишидан қайтариб қолдим. Шу ерда Юсуф алайҳиссалом ўзи эришган ютуқ-муваффақиятлар сабабини айтиб ўтади: “Ким Аллоҳга тақво қилса, Унинг юборган бало-мусибатларига сабр қилса, у албатта чиройли амали учун Парвардигорининг ажру мукофотларидан бенасиб қолмагай!”
91. Улар: «Аллоҳга қасам, ҳақиқатан Аллоҳ сени биздан устун қилибди ва бизлар адашувчилардан эканмиз», дейишди.
Ҳазрати Юсуфнинг оғзидан бу гапларни эшитган ака-укалари кўз ўнгида қилган манфур жиноятлари гавдаланди, ўзларини йўқотиб нима қилишни билмай қолишди. Чунки улар Юсуфга шунчалар жабру ситам етказишган бўлса-да, у киши бунга фақат яхшилик ва мурувват билан жавоб қайтарган эди. Шунинг учун улар энди олдинги кибр ва виқорларини унутиб, паст овозда шундай дейишди: “Аллоҳга қасамки, У ҳақиқатан сени бизлардан афзал қилибди, яъни Аллоҳ сени азизу мукаррам, бизни эса хору фақир ва шарманда қилди. Бизлар шубҳасиз йўлдан адашган гуноҳкорлардан эканмиз. Энди бизларнинг гуноҳимизни кечиришингни сўраймиз”.  
92. У бундай деди: «Бугун сизларни айблаш йўқ, Аллоҳнинг Ўзи сизларни кечирсин, чунки У меҳрибонларнинг энг раҳмлисидир!»;
Юсуф алайҳиссалом уларнинг бу гапларига жавобан ниҳоятда бағрикенглик билан шундай деди: “Эй оға-иниларим, бугун сизларга маломат ҳам қилинмайди, гуноҳда ҳам айбланмайсизлар. Менга ва укамга қилган барча озор ва ситамларингизни кечириб юбордим. Энди эса Аллоҳнинг сизлардан ўтган барча гуноҳ ишларни мағфират этишидан умидворман. Зеро, У меҳрибонларнинг ҳам энг раҳмлисидир!”
93. «мана бу кўйлагимни олинг-да, отамизнинг юзига ёпинг, шунда кўзлари очилади. Кейин бутун аҳлу оилангизни бошлаб олдимга келинглар».
Ҳазрати Юсуф акалари билан танишиб, ўртада ҳол-аҳвол сўрашлар, узр-маъзурлар бўлди. Хайрлашув пайти келганида ҳазрати Юсуф: «Мен бу ҳолатда юртимизга кетолмайман, сизлар бориб бутун оиламиз ва яқинларимизни бошлаб келинглар, манави кўйлагимни олиб бориб, менинг фироғим сабабли кўзлари ожиз бўлиб қолган отамизнинг юзларига ёпсангиз, кўзлари яна кўра бошлайди», деди. Юсуф алайҳиссаломнинг бу сўзлари Аллоҳ таолонинг ваҳийси билан айтилган эди. Аллоҳ азза ва жалла ҳазрати Юсуфга кўйлаги отасининг юзига ёпилса, кўзлари яна кўра бошлашини билдирган. Бу нарса ушбу икки пайғамбарга хос мўъжизалардан биридир. Шундан кейин акалар Мисрдан ўз юртларига қараб йўлга тушишди.
94. Карвон йўлга чиққанида оталари: «Ақлдан озган деманглару мен Юсуфнинг ҳидини сезяпман», деди.
Карвон ўғилларини олиб йўлга тушгач, Яъқуб алайҳиссалом ўзлари билан ўтирган одамларга бундай дедилар: “Менга қаранглар, мен ўғлим Юсуфнинг ҳидини сезяпман. Бу яқин орада у билан учрашишимиздан дарак беради. Агар сизлар мени ақлдан озган деб ҳисобламасанглар, айтаётган сўзларимни тасдиқлаган бўлардинглар”. Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга бир кунлик масофадан ўғли Юсуфнинг ҳидини сездирган эди. Бу очиқ-ойдин пайғамбарлик мўъжизасидир. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Яъқубга Юсуфнинг ҳидини етказди. Шунингдек, Сулаймонга Билқиснинг тахтини у кўрмасидан олдин кўрсатган эди”.
95. Улар: «Аллоҳга қасамки, албатта сиз яна эски адашувингиздасиз!» дейишди.
Аммо оиладагилар бу гапни эшитиб: «Яна эски гапларни қўзғаяпсиз, сиз ҳамон адашувдасиз», дейишди. Ўғлингиз фироқи туфайли ҳамон ўша эски армонларингиздан воз кеча олмаяпсиз, бу нарса сизни сира тарк этмаяпти. Бунинг сабаби – Юсуфни ниҳоятда қаттиқ яхши кўришингиз ва у ҳақда кўп ўйлашингиздир. Уни бир кун келиб албатта кўраман, деган фикр миянгизга ўрнашиб қолиб, сизни ҳар хил ҳолатга соляпти, деб эътироз билдиришди.  
96. Хушхабарчи келиб, кўйлакни унинг юзига ташлаган эди, у кўрадиган бўлиб қолди. У айтди: «Сизларга Аллоҳ борасида сизлар билмайдиган нарсаларни биламан, демаганмидим?».
Аммо Яъқуб алайҳиссаломнинг оиласидагилар қаттиқ адашувда эди. У кишининг ўғиллари Миср сафаридан қайтиб, уйларига яқинлашар экан, Юсуфнинг кўйлагини кўтарган бир хушхабарчи Яъқуб алайҳиссаломнинг олдига келиб, кўйлакни унинг юзига ёпган эди, худди аввал ҳеч нарса бўлмагандек Яъқубнинг кўзлари яна кўра бошлади. Бу Аллоҳ таолонинг Яъқуб алайҳиссаломга берган бошқа бир мўъжизаси эди. Ўғлининг кўйлаги юзига ёпилиши билан ёруғ дунёни яна кўра бошлаш мўъжиза бўлмай, яна нима ҳам бўлсин?! Сўнгра Яъқуб алайҳиссалом “Мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман” деганида инкор қилиб, касаллик ё кексаликда айблаган одамларга қарата: “Мен сизларга Аллоҳ таоло раҳмат, фазл ва яхшилик Эгаси эканини биламан, деб айтмаганмидим?!” дедилар.
97. Улар: «Отажон, гуноҳларимизни кечиришини сўраб беринг, ҳақиқатан гуноҳ қилдик», дейишди.
Воқеанинг бундай тус олишини кутмаган ўғиллар тамоман довдираб қолишди ва қилмишларидан уялиб оталарига бундай дейишди: “Отажон, аслида бизлар хатокор ва гуноҳкор эканмиз, энди Аллоҳга илтижо ва тазарру билан гуноҳларимизни авф этишини сўраб беринг. Ҳақиқатан бизлар Юсуф ва унинг укаси Бинямин ҳаққига хиёнат қилдик, сизга ёлғон гапириб, кўп озорлар етказдик, оиламиз бошига шунча ташвишларнинг тушишига сабабчи бўлдик. Энди очиқ хато қилганимизни тушуниб турибмиз”.
98. У: «Парвардигоримдан гуноҳингизни кечиришини албатта сўрайман, У ҳақиқатан кечирувчи ва меҳрибондир», деди.
Меҳрибон ота ўғилларининг қилмишларига жавобан ғоятда самимият билан бундай деди: “Мен Аллоҳга сизларнинг гуноҳингизни кечиришини сўраб, истиғфорлар айтаман. Чунки У хоҳлаган бандасини мағфират қилади, истаган бандасига Ўз раҳматини ёғдиради”. Бундан аён бўладики, хато ёки гуноҳ қилган банда дарҳол Парвардигорига тавба-тазаарру билан ёлбориб, У Зотдан авф ва мағфират сўраши лозим. Аллоҳнинг мағфиратидан ва раҳматидан ноумид бўлиш шайтоний амаллардандир. Айниқса, жумага ўтар кечаси, икки ҳайит арафасида ёки тунги ибодатларда қилинган дуолар, мағфират сўраб қилинган илтижолар ижобат этилиши шубҳасиздир.   
99. Улар Юсуфнинг олдига боришганида у ота-онасини бағрига босиб: «Иншааллоҳ, Мисрга хотиржам киринглар», деди.
Юсуф алайҳиссаломнинг оға-инилари унинг даъватига жавобан ота-оналарини бошлаб Миср давлатига келишди. Улар Юсуфнинг ҳузурига киришгач, у барчаларини қучоқ очиб кутиб олди, узоқ айрилиқдан қийналган ота-онасини маҳкам қучиб: “Иншааллоҳ, Мисрга хотиржам киринглар”, деди. Яъни, бу юртга ҳеч бир ташвишсиз, очлик ва турли хавф-хатардан чўчимай, тинч-омон ва хотиржам кираверинглар. Муфассирларнинг ёзишича, отаси Яъқуб алайҳиссаломнинг бутун оиласи билан Мисрга келаётганидан хабар топган Юсуф алайҳиссалом ўз аъёнлари ва сарой амалдорлари билан уларнинг истиқболига чиқади. Оятдаги “Мисрга кириш”дан мурод, у ерда маскан ва қўним топиш, унинг турли ерларида истиқомат қилишдир. Айтилишича, ўша пайтда Мисрга сафар қилган Яъқуб алайҳиссалом оила аъзоларининг умумий сони тахминан саксон-тўқсон нафар бўлган.
100. У ота-онасини ўз тахтига чиқарди. Ҳаммалари унга таъзим қилиб, тиз чўкишди. Шунда у айтди: «Отажон, мана шу олдин кўрган тушим таъбиридир, Парвардигорим уни рўёбга чиқарди. У менга марҳамат қилиб, қамоқдан қутқарди, шайтон акаларим билан орамизни бузиб, иғво қилганидан сўнг, мана, сизларни чўл-саҳролардан келтирди. Парвардигорим хоҳлаган ишини лутф билан албатта амалга оширувчидир, У ҳақиқатан билимли ва ҳикматлидир»;
Ўша пайтда Юсуф алайҳиссаломнинг ота-она ва акалари қатори яқинларидан ҳам анча киши Мисрга келганди. Муфассирлар ҳазрати Юсуфнинг оналари ҳақида турли фикр айтишган. Аммо кўпчилигининг фикрига кўра, онаси Роҳила анча олдин вафот этган, Яъқуб алайҳиссалом кейин Роҳиланинг синглиси Олияга уйланган эди. Юсуф алайҳиссалом кейинги она ва хола бўлмиш Олияни ҳам ўз онасидай ҳурматлаб кутиб олди. Ҳамма тўплангач, ҳазрати Юсуф ота-она иззатини жойига қўйиб, ўз тахтига ўтқазиб қўйди. Келган ҳамма яқинлар тиз чўкиб, Юсуфга таъзим қилишди (Оятдаги «сажда қилишди» иборасини «таъзим қилишди» деб ўгирдик. Сабаби, Одам алайҳиссалом замонидан Исо алайҳиссалом давригача бундай сажда мумкин эди, лекин Муҳаммад алайҳиссалом шариати инсонга сажда қилишни ман этган. – Муҳаррир).
Барчалари Юсуф алайҳиссаломга таъзим бажо келтиришгач, у: “Эй отажон, ҳозир сизларнинг менга ҳурматан сажда қилаётганингиз ёшлик пайтимда кўрган тушимнинг рост чиқишидир. Парвардигорим бу тушимни ўнгидан келтирди, кўп йиллар ўтиб У Зот менга ўша тушнинг таъбирини ўз кўзим билан кўришимни насиб айлади”, деди. Муфассирларнинг айтишича, Юсуф алайҳиссаломнинг туш кўриши билан унинг рост экани маълум бўлгунича орадан қирқ йил вақт ўтган экан. Сўнг Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ўзига ато этган марҳамати ва эҳсонларини изҳор этиб, Унинг тақдирида белгиланган нарса албатта амалга ошиши, дунёдаги ҳамма иш Аллоҳнинг иродаси билангина содир бўлишини зикр қилди. Аммо акаларининг қилган душманликлари ҳақида лом-мим демади, балки бу ишлар шайтон васвасаси эканини айтиб, уларни хижолатликдан қутқарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ҳазрати Юсуф каби Макка фатҳ қилинганидан кейин ўзларига кўп озор-азиятлар етказган маккаликларнинг айбларини кечириб, улуғ марҳамат ва шафқат билан муносабатда бўлдилар.   
101. «Парвардигоро, менга подшоҳлик ато этдинг, тушлар таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару Ерни яратган Зот, дунёю охиратда менинг Хожамдирсан, мусулмон ҳолимда жонимни ол ва солиҳ бандаларингга қўш!»
Юсуф алайҳиссалом яқинлари билан учрашишни насиб этгани учун Парвардигорга ҳамду санолар айтишни қуйидаги умумий дуо билан якунлайди: “Эй Парвардигорим, Сен менга фазлу караминг ила подшоҳлик ато этдинг, яна тушлар таъбиридан таълим бердинг. Эй осмонлару Ерни бетакрор, мукаммал қилиб яратган Зот, дунёда ҳам, охиратда ҳам менга ёрдам бер. Мени дунёда мусулмон ҳолимда яшашга муваффақ қилганингдек, вақти-соати етиб, ажал эшик қоққанида ҳам мени асл фитратим бўлмиш Исломда вафот эттиргин. Қабримда ва қиёмат кунида мени бандаларинг орасидаги солиҳ, итоатли, тақводор бандаларинг сафида қилгин!” Яъни, ўлим соатлари келганида мени мусулмон ҳолатида вафот эттир, сўнг яхши, солиҳ бандаларингга бориб қўшилай. Уламоларнинг айтишларича, ҳазрати Юсуф оталари ҳаётлигида мамлакатни бошқариш ишлари билан машғул бўлган, Яъқуб алайҳиссалом вафотидан кейин ўз ихтиёри билан буни тарк этди.  
102. (Эй Муҳаммад), бу Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Улар ишларини ҳийла билан тадбир қилишаётганида уларнинг ҳузурида йўқ эдингиз.
Яъни, Эй Пайғамбарим, сизга ваҳий орқали етказилаётган ушбу қисса сизга олдин маълум бўлмаган ғайб хабарларидандир. Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғиллари укалари Юсуфга нисбатан макр-ҳийла билан тадбир тузишаётганда сиз гувоҳ бўлмаган эдингиз. Биз шу тариқа Қуръон карим қиссалари орқали инсонларни ибратланишга, ўтганларнинг тарихидан хулоса чиқаришга чорлаймиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад), булар сизга ваҳий қилинаётган Биздаги ғайб хабарларидандир. Буларни илгари на сиз, на қавмингиз билар эдингиз. Сабр қилинг, оқибат албатта тақводорларникидир!” (Ҳуд, 49).
Ўзида турли яхшилик ва хайр-баракани жамлаган юқоридаги дуолар билан Юсуф алайҳиссаломнинг Қуръони каримда келган гўзал қиссаси ниҳоясига етди. Аллоҳ таоло бу қиссани илоҳий ваҳий орқали Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом умматига етказиш орқали жуда кўп муҳим нарсаларни ирода қилган: ҳасад инсонларга хос бўлган ва охири улкан зарарларга олиб борадиган катта кулфатдир: обрў-эътибор, шон-шуҳрат, мансаб ва ҳукмронлик инсонни Аллоҳнинг итоатидан асло тўсмаслиги керак; қиёмат албатта қоим бўлади, ўша кунда бандаларнинг қилмишлари ҳисоб-китоб қилиниб, яхшиларга савоб, ёмонларга жазо берилади; дунёнинг ўткинчи матоҳлари ва лаззати инсонларни Аллоҳнинг йўлида юришдан адаштирмаслиги зарур ва ҳоказо.  
103. Гарчи сиз қаттиқ хоҳласангиз ҳам кўп одамлар мўмин бўлишмайди.
Тафсирлардан аён бўладики, Юсуф сураси Исро ва Меърож воқеаларидан сўнг нозил қилинган. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толиб ва завжаи мутоҳҳаралари Хадича онамиз вафотларидан сўнг мушрикларнинг Набий алайҳиссаломга озор ва азиятлари ниҳоятда кучайган эди. Шу боис, сурада Пайғамбар алайҳиссаломга жоҳил қавмдан етаётган жабр-зулмларга сабр қилишга чорлов ва тасалли бўлиб, унда Юсуф алайҳиссалом оға-иниларининг кирдикорлари, буюк пайғамбарларнинг турли фитна, иғволарга учраши ва жабр-зулм кўриши илоҳий ваҳий орқали чиройли тасвирланган ва агар чиройли сабр қилинса, буларнинг ҳаммаси охири яхшилик билан тугаши хабари берилган. Шунинг учун, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), одамларни тавҳидга ва имонга даъват қилаётганингизда сабрли ва матонатли бўлинг, одамлар сизнинг охирги ҳақ Пайғамбар эканингизни билиб турса-да, кўпчилиги бунга ишонмайди. Ваҳоланки, бунга далил-ҳужжатлар тўлиб ётибди, аммо гумроҳлар турли баҳона-сабабларни рўкач қилиб, Ҳақни танишдан қочиб юраверишади.
104. Бунинг учун улардан ҳақ ҳам сўрамайсиз. У оламлар учун бир эслатмадир!
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, сиздан олдин ўтган барча пайғамбарлар каби сиз ҳам ваҳийларимизни одамларга етказаётганингиз, уларни тавҳидга, ҳидоятга, ҳақ йўлга чорлаётганингиз учун улардан ҳақ ҳам сўрамайсиз, бирор нарса тамаъ ҳам қилмайсиз. Қуръонда зикр этилаётган қисса ва ривоятлар бутун оламлар, инсонлару жинлар учун ибратланишга чақирувчи бир эслатмадир. Қуръони карим шундай огоҳлантиради: “Дарҳақиқат, у (Қуръон) даргоҳимиздаги Асл Китобда (Лавҳул Маҳфузда) олий мақом ва пур ҳикматдир. Бас, ҳаддан ошувчи қавм бўлсангиз, сизлардан бу эслатмани буриб қўяйликми?” (Зухруф, 4-5).
105. Улар осмонлару Ердаги қанчалаб далиллардан юз ўгириб ўтишади.
Оқил инсонлар учун Аллоҳ таоло яратган мавжудотларда, осмонлару Ерда Аллоҳ азза ва жалланинг ягона яратувчи эканига, бутун коинот тизимини Ўзи бошқариб турганига далолат қилувчи беҳисоб далил-исботлар мавжуд. Қуёш ва ой каби само жисмларининг қатъий илоҳий низом асосида бирор сонияга ҳам хато қилмай ҳаракатланишида, Ердаги мувозанатни сақлаб туриш учун тоғларни тиклаб қўйилганида, осмонларни ҳеч бир тиргаксиз, ҳар бирига алоҳида вазифалар юклаган ҳолда кўтариб қўйилганида, инсонлар ва бошқа жонзотлар учун Ерни яшаш учун қулай қилиб қўйилганида, осмонда ёғиннинг аниқ ҳисоб билан ёғдирилишида, қўйингки, атрофимиздаги ҳамма нарсаларда Буюк Яратувчининг мавжудлигини исбот этувчи далиллар тўлиб-тошиб ётибди. Аммо мушрик кимсалар буларни кўриш, бу ҳақда тафаккур қилиш, Ягона Илоҳларини таниш ва Унга бандалик қилиш ўрнига ушбу далиллардан юз ўгиришади, уларни инкор қилишади. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта тун ва куннинг алмашиб туришида ҳамда осмонлар ва Ердаги Аллоҳ яратиб қўйган нарсаларда Аллоҳдан қўрқадиган қавм учун аломатлар бор” (Юнус, 6).
106. Уларнинг кўпи фақат мушрик бўлган ҳолларидагина Аллоҳга имон келтирадилар.  
Аллоҳ таолога турли бут-санамларни, сохта «илоҳ»ларни шерик қилувчи мушриклар эл кўзидагина имон келтирган эса-да, аслида ширклари устунлик қилиб, Аллоҳни танимайди, Унинг амр-фармонларидан бехабар юраверади. Қуръони каримда бундай дейилган: “(Мушриклар) эса Уни қўйиб, бирор нарса ярата олмайдиган, балки ўзлари яралувчи бўлган, ўзларига ҳам бирор зарар ёки фойда беришга эга бўлмайдиган, на ўлим беришга, на ҳаёт беришга, на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган “илоҳ”ларни тутдилар (уларга сиғиндилар)” (Фурқон, 3). Оятда зикри келганлар имон келтиришса ҳам, Аллоҳга ширк келтирган ҳолларида имон келтирадилар, холис тавҳид билан имон келтиришмайди. Чунки холис тавҳид нозик масала, ширкнинг турлари эса жуда кўп. Шунинг учун ҳам Ҳофиз Абу Яъло Маъқал Ибн Ясор розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ширк чумолининг ўрмалашидан ҳам сиздан махфийроқдир», деганлар.  
107. Улар Аллоҳнинг азоби қамсаб олишидан ёки сезмай туришганида қиёмат соатининг тўсатдан келишидан хотиржаммикинлар?!
Куфр келтирганлар ёки мушрик кимсалар нега Аллоҳнинг азобидан бунчалик хотиржам ва бепарво юришибди. Ё улар Аллоҳ таолонинг қаттиқ азоби тўсатдан келиб, бутунлай ўраб-қамсаб олишини ўйлашмаяптими? Ёки қиёматнинг қўрқинчли соатлари бирданига келиб қолишини билишмаяптими?! Ваҳоланки, Аллоҳ таоло дунё ҳаётида уларни шундай огоҳлантирган эди: “Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқинг ва яна шундай бир кундан қўрқингки, ўша куни бирор ота ўз боласи томонидан (гуноҳни) ўта олмас ва бола ҳам отаси томонидан бирор нарсани ўта олувчи бўлмас. Албатта Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин ва сизларни алдамчи (шайтон) Аллоҳ (кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин!” (Луқмон, 33).
108. «Бу менинг йўлимдир, мен ва издошларим очиқ далил билан Аллоҳга чақирамиз. Аллоҳ покдир ва мен мушриклардан эмасман», денг.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига буюряптики, ўша мушрикларга “Бу менинг йўлимдир, мен ва менга эргашганлар сизларни очиқ далиллар билан Аллоҳнинг динига чақирамиз, Аллоҳ сизлар келтираётган шериклардан, сизлар тақаётган айблардан покдир, мен эса сизлар каби мушриклардан эмасман”, деб айтинг. Алоуддин Хозин тафсирида келтирилишича, Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳумо) айтади: “Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари тўғри йўлда – рушду ҳидоятда бўлишган. Улар илм ва имоннинг хазинаси, Раҳмоннинг аскарлари эдилар”. Ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) эса бундай деганлар: “Кимгадир эргашмоқчи бўлган одам Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари йўлига эргашсин. Улар умматнинг сараси, қалби пок, илми теран, камтакаллуф кишилар бўлиб, Аллоҳ уларга Ўз Пайғамбари суҳбатини насиб этган ва дин ўшалар орқали ёйилган. Улардан ахлоқ ва йўл-йўриқларни ўрганинг, чунки улар тўғри йўлда бўлишган”.  
109. Биз сиздан илгари ҳам фақат шаҳарлик эркакларни ваҳий билан пайғамбар қилиб юборганмиз. Ер юзини кезиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Тақволилар учун охират уйи яхшироқдир, нега ақл юритмайдилар?
Исломий эътиқодга кўра, пайғамбарлик Аллоҳнинг бандаларига берган энг буюк лутфидир, инсонлик даражасининг энг юксак чўққисидир. Ҳеч ким пайғамбарлик мақомига ўз закоси, билими, ғайрати ёки тадбири орқали эриша олмайди. Пайғамбарларни Аллоҳ таоло бандалари орасидан Ўзи танлаб олади, улар фақат Парвардигорларининг амрини бажаришади. Фаришталардан, саҳройилардан, аёллардан пайғамбар чиқмаган. Аллоҳ таоло фақат Ўзигина биладиган ҳикматга кўра, пайғамбарларни шаҳарларда яшовчи эркаклардангина танлаб олади. Бу ояти каримадан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло иродаси билан пайғамбарлик фақат эрларга берилади, аёллардан ҳазрати Марямга фақат сиддиқалик мартабаси берилган эди. Бу аёлларни камситиш ёки даражасини тушириш эмас, пайғамбарликнинг оғир рутбаси ва вазифасини аёлларнинг нозик хилқати кўтара олмаслиги учундир. Агар баъзилар ўйлаганидек, аёл кишини пайғамбарликдан узоқ қилиш мақсади бўлганида унинг пайғамбарларга она бўлиши ҳам раво кўрилмас эди, ваҳоланки, пайғамбарларнинг барини оналар туққандир.  Шунингдек, саҳрода яшовчи бадавийлардан ҳам пайғамбар чиқмаган. Чунки шаҳар аҳли тарбияли бўлади, муомалани яхши билади, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонат, олийжаноблик кўрсата олади. Муҳаммад алайҳиссаломгача инсониятга минглаб пайғамбарлар илоҳий ваҳийни етказиш вазифаси билан юборилган, аммо инсонларнинг кўпи уларга эргашишдан бош тортган ёки бўйин товлаган. Ана шундай итоатсиз қавмларни эса Аллоҳ азза ва жалла Ер юзидан йўқ қилиб юборган. Агар бунга шубҳада бўлсангиз, Ер юзини сайр қилиб, ҳалок бўлган қавмлардан қолган харобаларни ва осори-атиқаларни кўринг, уларнинг оқибати нима билан тугагани ҳақида фикр юритинг, ибрат олинг. Шунда Аллоҳга итоатда, тақвода ўтган саодатманд кишилар учун охират уйининг афзал эканини англаб етган бўлардингиз.
110. Пайғамбарлар қавмлари имонга келишидан бутунлай умидини узиб турганида уларга Бизнинг ёрдамимиз келди ва хоҳлаганларимиз шундай қутқарилади. Лекин жиноятчи қавмлардан азобимиз қайтарилмас!
Эй инсонлар, Илоҳий азоб кечиктирилиб, маълум муҳлат берилгани сизларни хотиржам қилиб қўймасин. Олдинги умматларга ҳам катта муҳлатлар берилган эди, улар бундан бепарволикка тушиб, куфр келтириб юришаверди. Уларга юборилган пайғамбарлар эса олдинига уларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб қолишди. Кейин имон келтиришмаганини кўргач, ниҳоятда умидсизликка тушишди. Мана шундай ҳолатда бирдан қаттиқ азобимизни юборамиз, кимни хоҳласак омон қолдирамиз, қолганларни ҳалок қиламиз. Улар қанчалик дод-фарёд қилишмасин, нималарни баҳона қилишмасин, азобимиз ҳаргиз қайтарилмайди.
«Тафсири Жалолайн»да оятдаги «кузибу» сўзининг икки хил маъноси келтирилган: биринчисида, куфр келтирганларнинг инкори шу даражада қатъий эдики, уларнинг имонга келиши ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди, иккинчисида, одамлар пайғамбарлар ваъда қилган Аллоҳ таоло ёрдамининг келишига ишонмай, уларни ёлғончига чиқаришган эди.  
111. Оқилларга уларнинг қиссаларида албатта ибрат бор эди. Булар тўқилган сўз эмас, балки олдингиларнинг тасдиғи, ҳамма нарсанинг баёни, имон келтирганлар учун ҳидоят ва раҳматдир!
Қуръони карим энг чиройли, энг мазмундор, энг ибратли қиссаларни ўзида жамлаган. Чунки улар энг ишончли ва тўғри хабарлардир, хаёлий ёки тўқима эмасдир. Қиссаларнинг ҳикоя услуби ҳам ўзига хос кўринишга эга – ўта фасоҳатли, улардаги ибрат ва насиҳатлар тушунарли тарзда баён қилинган. Қуръоний қиссаларнинг энг гўзали эса, ҳеч шубҳасиз ундаги Юсуф алайҳиссалом қиссасидир. Юсуф сурасини тадаббур қилган, маъноси ҳақида фикр юритган киши ушбу суранинг жуда қизиқарли ва ҳикматли услубда баён қилинганининг гувоҳи бўлади. У одам нафсини разолатдан ҳидоят сари бошлайди, қалб кўзларини очади, фақат Аллоҳгагина маълум бўлган инсон табиатининг ўзига хос қирраларини кўрсатиб беради. Айтиш мумкинки, ушбу қиссани ўқиб, инсон руҳияти ҳаётнинг турли зиддиятли ҳолатларида қандай кўриниш касб этиши ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Шунингдек, мазкур қиссадаги ҳикмат ва панд-насиҳатлар орқали инсон нафсидаги ҳасад, иғво, бўҳтон, ёлғон, фитна каби турли иллатлардан узоқда бўлишга тарғиб қилинади.
Аллоҳ таолонинг Юсуф алайҳиссаломга туш таъбири илмини бергани ҳам катта неъматдир. Юсуф алайҳиссаломнинг тушларни тўғри таъбир қилишлари пайғамбарлик мўъжизаси ўрнида келмоқда. Инсонлар тушга ҳар хил қарашади: баъзилар тушни шунчаки “босинқираш” деб умуман тан олишмайди; бошқалари ҳамма нарсани тушга боғлаб қўйишади; айримлар эса ўртача йўл тутиб, вақти-вақти билан тушларини таъбир қилиб туришади. Исломда тушга бўлган муносабат айниқса ушбу сура орқали очиқ-ойдин билинади. Мусулмон уламолар тушни уч турга бўлишади: 1) Аллоҳдан бўлган илҳомий тушлар, ушбу сурадаги тушлар шунга мисол бўлади. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу хилдаги тушлардан; 2) ҳаётда бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олгач, сўнг ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг умуман аҳамияти йўқ; 3)  шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир кўрган тушга диққатни қаратиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: «Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига уч марта туфласин-да, бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг ёмонлигидан сақлашини сўрасин. Ҳеч кимга бу тушини айтмасин. Шунда туш унга зарар қилмайди», деганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муовия ибн Ҳайдатул Қушайрийдан ривоят қилган ҳадисда эса Набий алайҳиссалом: «Туш таъбир қилинса, воқеъликда зоҳир бўлади», деганлар.
Абул Баракот Насафийнинг тафсирида Юсуф алайҳиссалом қиссасидан инсонлар олиши мумкин бўлган жуда кўп ибратлар санаб ўтилган. Масалан, ҳасаднинг энг мудҳиш гуноҳлардан экани, бошга бир мусибат келганида Яъқуб алайҳиссалом каби чиройли сабр қилишнинг фойдалари, унинг суюкли ўғли Юсуф алайҳиссаломнинг акалар фитнаси туфайли олдин қудуққа ташланиши, бўйрада ўтирган “қул”нинг подшоҳ тахтига кўтарилиши, ҳийланинг барибир бир куни албатта фош бўлиши, Аллоҳдан қўрқиш бандани қуллик тубанлигидан ҳукмдорлик олийлигига кўтариши, сабр инсоний фазилатларнинг энг яхшиси экани каби ибратлар шулар жумласидандир. Аллоҳ билувчи ва тавфиқ эгасидир!

Орқага Олдинга