Маккада нозил бўлган, 123 оятдан иборат
Ҳуд алайҳиссалом Яманда яшаган Од қавмига юборилган пайғамбар эди. Қуръони каримнинг ўн биринчи сураси унинг исми билан номланган. Ушбу сура Маккада нозил бўлган, 123 оятдан иборат. Бу сурада ёлғиз Аллоҳга, Унинг пайғамбарлари ва улар келтирган динларнинг ҳақ эканига имон келтириш, қиёмат куни қайта тирилиб, яхши ёки ёмон амаллар учун мукофот ёки жазо олишга ишониш исломий ақиданинг моҳият-ҳақиқати экани ҳақида сўз боради. Сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб, Мусо ва бошқа пайғамбарлар қиссалари анча муфассал баён қилинади. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоятига кўра, Абу Бакр розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломга “Сочларингиз оқариб кетибди”, деганларида Фахри коинот: “Менинг сочларимни Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Наба ва Таквир суралари оқартирди”, деганлар.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
1. Алиф, лам, ро. (Бу) оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра ҳикматли ва хабардор Зот томонидан батафсил баён қилинган Китобдир.
Қуръони каримнинг ушбу сураси ҳам кесик ҳарфлар (ҳуруфи муқаттаъот) билан бошланади, булар ҳақида Бақара сурасининг илк оятида маълумот берилган. Оятлари қиёматгача асло ўзгармайдиган Қуръони карим инсониятни яккаю-ягона Аллоҳ таолонинг итоати ва ибодатига чақириш учун юборилган. Аллоҳ таоло Китобида Ўзининг амр-фармонлари, қайтариқларини очиқ-равшан ва муфассал баён этиб қўйган. Буларни бандаларига етказиш учун пайғамбарларини ер юзига йўллаган. Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг охирги китоби Қуръони карим орқали бутун инсониятни қиёматгача ҳақ йўлга, ҳидоят йўлига чорлаш вазифаси юкланган. У зот ақлларни лол қолдирувчи мўъжиза Китоб воситасида инсонларни дунё ҳаётида қандай яшаб ўтиш, Аллоҳдан қўрқиш ва ҳамиша Унга итоатда бўлиб бандалик қилиш йўлларини ўргатдилар ҳамда шу йўл билан икки дунё саодатини қўлга киритишни таълим бердилар.
2. У Аллоҳдан бошқасига сиғинмаслигингиз учундир. Албатта мен Ундан сизларга келган огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман;
Ушбу китобни Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбарига Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган, унинг қисқача баёни эса Аллоҳдан ўзгага сиғинмасликка чақириқдир. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла Пайғамбар алайҳиссаломга буюряптики, хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбарим атрофингиздагиларга шундай денг: “Мен Аллоҳ таоло томонидан юборилган куфр ва ширк келтириш сабабидан жазо берилиши ҳақида огоҳлантирувчи ва имон эгаларига ва солиҳ амал қилганларга жаннат хушхабарини етказувчидирман.
Дарҳақиқат, ҳозиргача инсониятга юборилган барча дин ва таълимотларнинг асос-негизини ҳеч қандай шериги, тенги ва ўхшаши бўлмаган ягона Аллоҳга итоат ва ибодат қилиш (тавҳид) ташкил этади. Ҳақиқат шундан иборатки, Исломнинг Аллоҳ таоло борлигига ва ягоналигига имон келтириш асосига қурилиши бунинг бир фитрий эҳтиёж бўлгани учунгина эмас. Инсонлар ҳақиқатдан ғофил бўлмаслик учун ҳам исломий борлиқнинг руҳи бўлган тавҳидни билшлари керак. Имонли кишилар тавҳидни маҳкам тутиб, фақат Аллоҳга сиғинишади, Унгагина қуллик қилишади, барча ҳожатларини ана шу ҳамма нарсага қодир Зотдан сўрашади. Мушрик кимсалар Аллоҳга қандайдир сохта илоҳларни шерик қилиб, мушриклик йўлини тутишади ва ана шу гумроҳликлари оқибатида икки дунё саодатидан бенасиб қолишади. Муоз ибн Жабалдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Эшакка миниб Пайғамбаримизнинг изларидан кетаётган эдим. У зот менга шундай дедилар: “Эй Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги, бандаларнинг эса Аллоҳдаги ҳақларини биласанми?” Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билувчидир”, дедим. “Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи Унга ибодат қилишлари, Унга ҳеч бир нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, ширк келтирмаган бандаларига Унинг азоб бермаслигидир”. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу ҳақда одамларга хабар берайми?” дедим. “Йўқ, бунга суяниб қолиб, амални тарк қилиб қўядилар”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
3. Парвардигорингиздан мағфират тиланглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. У маълум муддатгача сизларни яхшиликлардан фойдалантиради, ҳар бир фазилат соҳибига Ўзининг фазлидан беради. Агар юз ўгирсанглар, улуғ Кундаги азобланишингиздан қўрқаман;
Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари яна шуларни айтишга буюрилдилар: эй мўминлар, гуноҳ ёки хатога йўл қўйсангиз, дарҳол уни кечиришини сўраб, Парвардигорингизга илтижо қилинглар, Ундан мағфират сўранглар. Шундан кейин бу гуноҳларни қайта қилмаслик ниятида тавбага шошилинглар. Ким гуноҳларига тавба қилиб, Аллоҳнинг мағфиратидан умидвор бўлса, Аллоҳ уни фазли билан яхши йўлга йўллаб қўяди. Ким Аллоҳнинг мағфиратидан юз ўгирса, уни охиратда Аллоҳнинг азоби кутиши муқаррардир.
Гуноҳдан сўнг дарҳол тавба қилиш вожибдир. Чунки гуноҳларни ҳис қилмаслик, ўнгланишни ўйламаслик, фақат ёмонликка берилиш шайтоний феъллардан саналади, ёмонликдан тезда яхшиликка қайтиш эса инсоний заруратдир. Тавбани кечиктириш мумкин эмаслигини англаган киши дарҳол яхши амалга ўтади, ўзини ёмон ишлардан тия бошлайди. Ҳатто Пайғамбардай (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гуноҳ-хатолари Аллоҳ таоло томонидан кечирилган маъсум, юксак ахлоқ соҳиби бўлган зот ҳам ҳар куни бир неча бор тавба қилганлар ва умматни ҳам шунга чақирганлар: "Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар ва Ундан доимо гуноҳларингни кечиришини сўранглар! Мен Аллоҳга ҳар куни юз марта тавба қиламан", деганлар (Имом Муслим ривояти). Байҳақий Муоз ибн Жабалдан (розийаллоҳу анҳу) ушбуни ривоят қилган: "Агар бир гуноҳ қилсангиз, унга каффорот бўладиган бир яхшилик қилинг. Махфий гуноҳга махфий яхшилик, ошкора гуноҳга ошкора яхшилик каффорот бўлади". Чунки Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: "Яхшиликлар албатта ёмонликларни кетказади". Жунайд Бағдодий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган эканлар: "Тавба-тазаррунинг уч маъноси бор: пушаймон бўлиш, такрор гуноҳ қилмасликка қарор қилиш ва ўтказган ситамларига кечирим сўраб, ноҳақ олган нарсаларини эгаларига қайтариб, хусуматдан халос бўлишдир".
4. Аллоҳга қайтасизлар, У эса ҳамма нарсага қодирдир».
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорларининг амрига кўра яна умматни огоҳлантиряптиларки, ҳар бир жон эгасининг ажали етиб вафот этиши, қиёмат куни ўлганларнинг қайта тирилиши ҳақдир. Ҳеч ким бу илоҳий қадардан қочиб қутула олмайди. Охиратда барча инсонлар ва жинларнинг Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб бериш учун ҳашр майдонига тўпланишлари ҳам ҳақдир. Ҳар бир инсон ва жин дунё ҳаётида қилган амаллари учун ҳисобга тортилади. Ким дунёда Аллоҳга итоат қилган бўлса, Унинг ибодатида қоим турган, қайтариқларидан четланган бўлса, бундай саодатманд кишилар Аллоҳнинг фазлу марҳамати ва олий мукофотларига сазовор бўлишади. Дунё ҳаётини куфр ва ширкда ўтказиб, Аллоҳнинг охиратдаги ҳисобга тортиши ва азоб беришига ишонмаган гумроҳ кимсалар эса бошларига тушган улкан мусибат қаршисида дағ-дағ титраганча ҳасратда қолишади. Энди уларни бу қисматларидан қутқара оладиган, Аллоҳнинг азобини кечиктира оладиган бирор зот топилмайди, бунинг асло иложи ҳам йўқ. Чунки Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодир Зотдир.
5. Огоҳ бўлингки, улар Ундан беркитиш учун дилларидагини яширишади. Огоҳ бўлишсинки, кийимларига ўраниб олганларида ҳам пинҳон ва ошкора қилмишларини билади. Албатта, У диллардаги пинҳон сирларни ҳам билувчидир.
Ушбу оятда жоҳилият пайтидаги қизиқ ва кулгили ҳолатлардан бири баён этиляпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Қуръони Карим оятларини ўқиб бериб, илоҳий амрларни етказаётганларида баъзи мушрик кимсалар «мен ҳам бу гапларга дахлдор бўлиб қолмай» дегандек, кўринмасликка уриниб, бошларини кўксига эгиб, беркинишга ҳаракат қилишар экан. Оятда уларнинг қилмишлари «Ундан (Аллоҳдан) беркитиш учун», деб таърифланмоқда. Бу ҳақиқатан ҳам кулгили ҳол. Қуръон оятлари ўқилаётганда ўзига қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги, «Фалон жойда мана бу оятларни эшитган эдинг-ку», дейилмаслиги, Аллоҳнинг назарига тушиб қолмаслик учун бошини кўксига яшириб беркиниш ниҳоятда аҳмоқона бир ҳолат. Қоронғу тунда ер остида ўрмалаган энг майда чумолини ҳам кўриб турган Аллоҳ таоло наҳотки ўша яширинган одамни кўрмай қолса? Бундай бўлиши асло мумкин эмас!
Бундайлар огоҳ бўлишсинки, Аллоҳдан ўзларининг ҳеч бир қилмишларини, пинҳона ишларини, ҳийла-найрангларини яшира олишмайди. Чунки У Зот Ернинг устидагию остидагини ҳам, коинот ва осмонлардаги нарсаларни ҳам, ҳатто Ўзи яратган махлуқларининг дилларидагию хаёлларидаги нарсаларни ҳам яхши билувчи, хамма нарсадан ўта хабардор Зотдир. Али ибн Аҳмад Найсобурийнинг “Асбабун-нузул”ида келтирилишича, бу оят Ахнас ибн Шурайб ҳақида нозил бўлган. У жуда ширинсўз, хушсурат киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиққанида у зотга ёқадиган сўзларни айтар, аммо дилда у зотни ёмон кўрар эди. Калбий айтади: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтириб, у кишини қувонтирадиган нарсаларни зоҳир қиларди. Қалбида эса, зоҳир қилган нарсаларининг тескарисини сақлаб-беркитиб юрарди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Саййид Маҳмуд Тарозийнинг (Олтинхонтўра) ўзбекча тафсирида зикр этилишича, Имом Бухорийнинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисига кўра, ушбу ояти карима карамли саҳобалардан бўлган ҳаёли зотлар ҳақида нозил қилинган.
6. Ер юзидаги жонзот борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билади. Ҳаммаси очиқ-ойдин Китобдадир.
Яъни, Ер юзида қимирлаган бирор махлуқ йўқки, ризққа (еб-ичишга, маскан ва кийимга, тўғри йўлга йўлланишга) муҳтож бўлмасин. Барча жонзотга кундалик ризқини етказиб туришни Аллоҳ таоло Ўз фазли-карами билан зиммасига олган. Кимга қанча ва қачон ризқ ато этишни Унинг Ўзи билади. Бандаларнинг тирикчилик ғамида елиб-югуришлари ана шу илоҳий ризқнинг дарвозасидир, холос. Уламолар ояти каримадаги «қароргоҳ»ни банданинг бу дунёдаги турар жойи ёки ота-онасининг пушти камари деб, «оромгоҳ»ини эса, қабри ёки онасининг бачадони, деб изоҳлашган. «Очиқ-ойдин Китоб»дан мурод, Лавҳул Маҳфуздир. Шайх Абдулазиз Мансур тафсирида ёзилишича, Лавҳул Маҳфуз (Муҳофазадаги Лавҳ) Аллоҳ таоло барча мавжудотни яратмасдан олдин то қиёматгача яратиладиган мавжудотларни, қиладиган ишларини, инсонлар тақдирини, илоҳий китоблар матни ва бошқа маълумотларни ёзиб қўйган манбанинг номи (яна Юнус сурасининг 61-ояти изоҳига қаранг).
7. У сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун осмонлар ва Ерни олти кунда яратган Зотдир. Ўшанда Арши сув устида эди. (Эй Муҳаммад), агар «Ўлгандан кейин албатта қайта тирилтириласизлар» десангиз, куфр келтирганлар: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас!» дейишади.
Аллоҳ таоло осмонлар ва Ерни олти кунда яратган. Сув ҳамма нарсага ҳаёт манбаи бўлиб хизмат қилиши учун осмонлар ва Ердан олдин сув яратилган: «Важаална минал маи кулла шайъин». Ўша пайтда Аллоҳнинг Арши сув устида бўлган. Аллоҳ таолонинг бутун оламларни яратишдан, бу қадар ажойиб ва ўзгармас низом асосида бошқаришдан муроди: инсонларнинг Ер юзини обод қилиш йўлида, Аллоҳнинг буюк мўъжизалари ва яратиш ҳикмати ҳақида тафаккур қилишлари, Унинг розилигини топиш учун қандай яхши ишларни амалга оширишларини синовдан ўтказиш эди. Модомики дунё ҳаёти бир синов экан, ундан яхши ўтганлару ўта олмаганларни ҳисоб-китоб қиладиган жой ҳам бўлиши аниқ. Бу жой Аллоҳ таоло яратган барча инсонларнинг дунё ҳаётида яшаб ўтганидан кейин вафот этгач, Аллоҳ таолонинг изни билан яна қайта тирилганида қилган амалларининг ҳисоб-китоб қилиниши учун тўпланадиган ери бўлмиш охират майдонидир. Макка мушриклари Қуръони каримдан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тилларидан Қиёмат воқеаларини эшитганларида доимо таажжубга тушиб, «Бу гаплар сеҳр-жодудан бошқа нарса эмас», дейишган.
8. Агар уларга азобни маълум муддатга кечиктирсак, улар «уни нима тўхтатиб турибди», дейишади. Огоҳ бўлишсинки, азоб келадиган кунда ҳеч нарса уларни бундан тўса олмайди ва уларни ўзлари масхара қилган нарсалар чирмаб олади.
Маълумки, Аллоҳ таолонинг ҳақ китоби Қуръони каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларда кофир ва мушрик кимсалар дунё ва охиратда Аллоҳнинг азобига учрашлари баён этилган. Масалан, Аллоҳ таолонинг ваҳийларини инкор қилган, У Зот юборган пайғамбарларга итоатсизлик кўрсатиб, осийлик қилган ўтмишдаги жуда кўп қавмларнинг бошига дунёда Парвардигорнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган оммавий бало-офатлари келгани ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида батафсил зикр этилади. Аммо Аллоҳ таолонинг охирги дини бўлмиш Ислом келгач, охирги уммат бошига оммавий азоб юборишни У Зот ирода қилмаган. Аллоҳ таоло Ўзининг азобини қиёматгача кечиктириб тургани ҳикматини тушунмаган Макка мушриклари Пайғамбар алайҳиссаломни “Сен ваъда қилаётган ва бизларни қўрқитаётган азоб қачон келади?” деб қийин-қистовга олишни бас қилишмаган. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали ўша нодон кимсаларни огоҳлантиряптики, уларга ваъда қилинган азобнинг келиши ҳақ, аммо унинг келишига ишонмаганлари учун уни бунчалар интизор кутаётган ана шу гумроҳ кимсаларни келадиган бу азобдан қутқариб қола оладиган бирор чора ёки қувват бўлмайди. Улар ҳозирча Пайғамбар устидан кулиб, унинг огоҳлантиришларини масхара қилиб туришаверсин, қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла уларни ўзлари масхара қилган нарсалари билан ўраб-чирмаб олиб азоблайди.
9. Ҳақиқатан Биз инсонга Ўзимиздан бирор неъматни бериб, сўнг ундан тортиб олсак, у албатта ноумид ва ношукр бўлади.
Ислом ва имон билан шарафланмаган инсонларнинг аҳволи ҳақиқатан аянчли: Парвардигори унга бирор неъматни бериб қўйган бўлса, худди уни ўзи ишлаб ёки елиб-югуриб топгандай хотиржам юради, неъматни ато қилган Зотни ҳатто эсламайди. Бордию Аллоҳ таоло уни имтиҳон қилиш учун унга берган неъматини тортиб қўйса ёки камайтирса, осий инсон дарров “оҳ-вой”га ўтади, уйқуси қочади, ғамга ботади, неъматнинг заволга учрашидан жиддий хавотирга тушади. Бундай кимсалар Аллоҳ таолонинг ваҳийларини, Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмаларини инкор этиб, ёлғонга чиқаргани учун ўзига неъмат берилганида шукр ҳам қилмайди, у тортиб олинганида эса қаттиқ умидсизликка тушиб қолади. Мўминлар эса Аллоҳ бирор неъмат берганида ҳамиша унинг шукрини қилишади, агар олиб қўйса сабр қилиб, У Зотнинг марҳамати ва фазлидан умидвор бўлишади.
10. Агар унга кулфат етганидан кейин неъматларимиздан тоттириб қўйсак: «Энди кулфатларим ариди», дейди ва хурсанд бўлиб керилади.
Энди бу ҳолатнинг акси ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бошига кулфат ёки мусибат тушиб, қаттиқ қийналиб турган бир бандасига раҳм ва меҳрибонлик кўрсатиб, унинг балосини аритади ёхуд сўраганини ато қилади ёки ризқини ҳар қачонгидан кўпайтириб қўяди. Энди унинг аҳволига бир назар солинг: у гўё ҳаммаси ўзининг уддабурролиги ёки меҳнати туфайли қўлга киритилгандай, неъматларнинг асл Эгасини эсга ҳам олмайди, мени қийнаб ётган бу кулфатларим ариди-қолди, дея хурсанд ҳолда мақтанади. Бошидаги балоларни Аллоҳ аритганини, унга яхши кунни ҳам, ёмон кунни ҳам беришга фақат Аллоҳгина қодир эканини англаб етганида бу қадар адашиб, залолатда юрмаган бўлур эди.
11. Сабрли бўлувчилар, яхшиликлар қилувчилар бундан мустасно. Ана шуларга мағфират ва катта мукофотлар бор.
Кофир ва мушрикларга, Аллоҳ таолога итоатсизлик қилувчиларга Унинг қаттиқ азоби келиши муқаррардир. Азобни қачон юбориш эса Ўзининг ихтиёридадир. Шўрлик гуноҳкорлар Парвардигор берган муҳлатдан фойдаланиб қолиш ўрнига беҳуда эътирозлар ва масхара қилишлар билан баттар гуноҳларини кўпайтиришади. Улар билишмайдики, агар Аллоҳ таолонинг азоби келиб қолса, уларнинг жонларини бир лаҳзада олиб қўяди. Инсонларда яна шундай кайфият ҳам бор: Аллоҳ таоло ато этиб қўйган неъматлар ва яхшиликларнинг қадрига етишмайди-да, бир кун келиб бу неъматларни тортиб олса, бундан ҳушёр тортиш ва ўзини ўнглаш, тавба қилиб, Парвардигорга ёлбориш ўрнига дарров маъюс тортиб, Унинг раҳматидан ноумид бўлишади, тушкунликка тушишади. Агар Аллоҳ таоло уларга нажот бериб, кулфат ва машаққатларини аритиб қўйса, тезда бу марҳаматни унутиб, яна беҳуда ғурур ва нодонликларига боришади. Лекин сабрли, солиҳ амаллар қилувчи бандалар бундай эмаслар, уларга Аллоҳ таолонинг мағфирати ва катта мукофотлари насиб бўлади. Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, Аллоҳ мўмин банда учун нимани ирода қилса, ўша унинг учун яхши бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, унга яхши бўлади. Бу фақат мўминлардагина бўлади», деганлар.
12. (Эй Муҳаммад), балки уларнинг: «Унга нега хазина туширилмаган ё нега у билан бир фаришта келмаган?» дейишгани учун ўзингизга ваҳий қилинган нарсаларнинг баъзисидан кечиб, юрагингиз сиқилаётгандир?! Сиз огоҳлантирувчисиз холос, Аллоҳ ҳар бир нарсага вакилдир!
Яъни, ваҳийнинг баъзи ўринларини қабул қилиб, баъзиларини тарк этиш Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) эътиқодларига зид нарсадир, у зот асло бундай қилмайдилар ҳам. Ушбу ояти карима у кишига ва Расулуллоҳ орқали бутун инсонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келяпти. Мушрик ва кофирларнинг сиз ўқиб эшиттираётган оятларга аҳамият бермасликлари, уларнинг: «Агар Муҳаммад чин пайғамбар бўлганида Аллоҳ унга катта бойлик-хазиналарни бериб қўйган ёки унга бирор фариштани юборган бўларди!» деган иддаолари сизни оятларимизни тўла етказишдан қайтармасин, сиз бундай таъналарга парво қилмай, зиммангиздаги вазифани адо этаверинг, сизнинг бурчингиз гуноҳкорларни ёмон оқибатдан огоҳлантириш, холос, қолган барча ишларга Аллоҳ таолонинг Ўзи мутасаддидир.
13. Ёки: «Буларни ўзи тўқиган», дейишяптими? Унда айтинг: «Агар ростгўй бўлсанглар, Аллоҳдан бошқа кимни бўлса ҳам чорлаб, шунга ўхшаш тўқилган ўнта сурани келтиринглар-чи!».
Яъни, эй мушриклар, агар Қуръони карим мен тўқиган нарса бўлса, у ҳолда сиз Аллоҳ таолога шерик қилаётган бутларингизнинг барини тўплаб, шунга ўхшаш ўнтагина сурани тўқиб кўринглар-чи! Аслида буни арабларнинг энг кучли сўз усталари ҳам асло уддалай олишмайди. Шундай бўлгач, бунинг илоҳий Китоб эканига нега ишонмайсизлар, ундаги амр-фармонларни бажаришга нега итоатсизлик қиласизлар? Бақара ва Юнус сураларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка мушрикларига агар улар ўзларига келтирилган илоҳий ваҳийга ишонишмаса, шунга ўхшаш бир сура келтириш таклифини айтганларида улар бунинг уддасидан чиқа олмаганлари баёни келган эди. Бағавий тафсирида келишича, бу ерда улардан ўнта сура келтириш талаб қилинишининг сабаби шуки, олдинги сураларда ғайбни айтиб бериш, шариат аҳкомлари, ваъда-ваъид каби мураккаб маълумотларни қамраган суралар келтириш сўралгани ва уларнинг бунга кучи етмагани ҳолда ушбу оятда ўнта, аммо мазкур мураккаб маълумотларсиз, фақат фасоҳатли ва балоҳатли суралар келтириш таклиф этилган.
14. Агар улар жавоб бера олишмаса, билингларки, Қуръон Аллоҳнинг илми билан туширилган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Энди сизлар мусулмон бўларсизлар?!
Қуръони карим оятлари шунчалар ҳикматга тўла, фасоҳатли, кенг қамровли ва ақлларни лол қолдирувчики, ҳозиргача бирор инсон унинг ўхшашини ёки тенглаша оладиганини ижод қила олмаган. Тарихда ўзининг ўта сўзамоллиги, гапга чечанлиги, фасоҳатли сўзлаши билан бошқа халқлардан анча устун бўлган араблар ҳам Қуръоннинг бирор оятига ўхшаш нарсани келтиришга қодир бўлишмаган ва буни қила олмасликларини Аллоҳнинг Расули ҳузурида тан ҳам олишган. Ояти каримадаги “жавоб бера олмаганлар” кофирларнинг ўзлари ёки улар ёрдамга чақирган олимлар бўлиши мумкин. Бут-санамларингиз бу таклифга жавоб бера олмайди, улар бирор сурага ўхшаш нарсани келтира олмайди ҳам. Чунки Қуръони карим Аллоҳ таоло ҳузуридан, Унинг илми билан туширилган. Ундан ўзга бирор илоҳ йўқдир! Шу далиллардан кейин энди Исломга кирарсизлар?!
15. Ким дунё ҳаёти ва унинг зийнатларини истаса, амалларига ярашасини берамиз, бунда зиён кўришмайди.
Аллоҳ таолонинг адолатини қаранг: ким дунё ҳаётини истаса, шу дунёнинг ўзида ҳамма нарсага эришиш, унинг бор лаззатларидан фойдаланиб қолиш истагида бўлса, бундайларнинг қилмиши ва ниятига яраша уларга ҳамма нарсани шу дунёнинг ўзида бериб қўяди. Уларни қиёфа, гўзаллик, мансаб, бойлик, шуҳрат, бола-чақа каби дунё матоҳлари билан фаровон ва тўкин ҳаётга эриштиради. Яъни улар қилган савобли ишларининг мукофотини шу дунёнинг ўзидаёқ олиб, охиратдаги улкан савоб ва мукофотлардан бенасиб қолишади. Икки дунё саодатини истаганлар учун эса Аллоҳ таоло дунёда ҳам, охиратда ҳам савоб-мукофотларини асло камитмай беради. Ушбу оят савобли амалларни охират учун эмас, шу дунёда обрў ва шуҳрат орттириш мақсадида қилувчи риёкор кимсалар учун жиддий огоҳлантириш ҳамдир.
16. Уларга охиратда оловдан бошқа насиба йўқ ва бу дунёдаги ишлари фойдасиз, қилган барча амаллари беҳудадир.
Дунё матоҳлари ва лаззатларига мубтало бўлиб, Аллоҳнинг амрларидан юз ўгирган, ҳаётини фақат еб-ичиш, кўнгилхушликлар қилиш билан ўтказган кимсаларнинг оқибати қўрқинчли: улар қилмишлари учун охиратда дўзах оловидан бошқасига эришишмайди. Бу дунёда қилган шунча ишлари, қилган барча амаллари имонсизликлари сабабидан ҳабата, яъни беҳудадир. “Адабуд-дунё вад-дин” китобида шундай дейилибди: “Ҳою ҳавас фитна ўчоғидир, дунё машаққат уйидир. Ҳой-ҳавасдан воз кеч, саломат бўласан. Дунёдан юз ўгирсанг, роҳат топасан. Ҳавойи нафсинг сени гўзал ва ёқимли ўйин-кулгулар туфайли алдаб қўймасин. Дунё ўзининг ўткинчи матоҳлари билан сени йўлдан урмасин. Кайф-сафо муддати ниҳоятда оз. Дунё берган нарсалар қайтариб олинади. Гуноҳларинг ва ҳаром ишларинг сен билан бирга қолади”.
17. Парвардигоридан аниқ ҳужжатга эга бўлган, кетидан Унинг гувоҳи келиб хабар берган, бунгача Мусонинг китоби дастур ва раҳмат бўлиб турган кишилар улар билан тенг бўлармиди? Ана шундайларгина унга ишонишади. Қавмлардан ким уни инкор қилса, борар жойи дўзахдир. (Эй Муҳаммад), бу ҳақда шубҳага борманг, чунки унинг Парвардигорингиздан келгани ҳақдир, лекин кўплар ишонишмайди.
Аллоҳ таолонинг ваҳийларига сўзсиз имон келтирган кишилар билан Унинг Пайғамбари Унинг оятларини Унинг гувоҳи воситачилигида келтириб турса ҳам бу оятларга ишонмайдиган, уларни инкор қиладиган кимсалар асло тенг бўлишмайди. Ваҳоланки, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг охирги Китобидир, Китобдаги амр-фармонлар қиёматгача инсонларга дастуриламалдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари бунга имон келтиришган. Қуръони каримнинг илоҳий дастур эканига Парвардигорнинг биринчи гувоҳи Жаброил алайҳиссалом бўлсалар, иккинчи гувоҳ Мусо алайҳиссаломга туширилган Тавротдир. Ким Қуръонга ишонса, икки дунё саодатига эришади, ким уни инкор этса, бундайларнинг борар жойи абадий азоб макони дўзахдир.
18. Аллоҳга туҳмат қилувчидан ҳам золимроқ ким бор? Бундайлар Парвардигорга рўбарў бўлишганида, гувоҳлар: «Ана шулар Парвардигорингизга туҳматчилардир!» дейишади. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир.
Аллоҳ таолонинг ваҳийларига, Унинг пайғамбарларига ишонмаган жоҳил кимсалар ана шу осийликлари билан ўз жонларига қанчалар зулм қилишаётганини билишса эди? Қиёмат куни улар Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисобга тўпланишганида Унинг гувоҳлари Аллоҳ шаънига туҳмат қилганларни ҳаммага билдириб, ҳақиқий башараларини очиб қўяди. Ушбу ояти карима қаттиқ огоҳлантиряптики, Аллоҳнинг ваҳийлари Унинг ҳузуридан тушмаган, уни пайғамбар тўқиган дея туҳмат қилувчи кимсаларга Аллоҳнинг лаънати бўлғусидир! Ояти каримадаги «гувоҳлар» Аллоҳ таолонинг фаришталаридир. Улар пайғамбарларнинг инсонларни ҳақ йўлга чақиришгани, кофирларнинг эса буни инкор этишганига гувоҳлик беришади ҳамда уларнинг «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиган», деб Аллоҳ шаънига туҳмат қилиб, Унинг Пайғамбарини ёлғончига чиқаришганини исбот этишади.
Қатода розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Сафвон ибн Мақриз шундай дейдилар: “Ибн Умарнинг қўлидан ушлаб кетаётган эдим. Бир одам йўлимизни тўсиб чиқди-да: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат куни пичирлашиш ҳақида қандай ҳадис эшитдинг?” деб сўради. Ибн Умар: “У зотнинг шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳ азза ва жалла мўминни ўзига яқинлаштириб, уни Ўзига тортиб, одамлардан тўсган ҳолда гуноҳларига иқрор қилдиради. Унга «Манави гуноҳни биласанми? Бунисини-чи? Мана бунисини-чи?” дейди. Ўша банда гуноҳларига иқрор бўлиб, ҳалокатга учраганини тан олиб турганида, Аллоҳ таоло: “Мен у дунёда буларни сатр қилган (беркитган) эдим, энди эса мағфират қиламан”, дейди ва яхшиликларининг китобини беради. Аммо кофир ва мунофиқларга эса: “Гувоҳлар айтурлар: “Манавилар Парвардигорларига нисбатан ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир!” дейди”, деб жавоб қилди” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).¬ Ушбу оятдаги “гувоҳлар”дан мурод фаришталар, пайғамбарлар ва мўминлардир.
19. Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи, унинг эгри бўлишини хоҳловчи ҳамда ана шулар охиратга куфр келтирувчилардир.
Ширк балосига мубтало бўлган мушрик кимсалар ўзларига гуноҳга ботганлари етмагандай энди бошқаларнинг ҳам ўзлари каби адашишини истаб, уларни Аллоҳнинг йўлидан қайтармоқчи, ҳақ йўлдан адаштирмоқчи бўлишади. Уларнинг мушриклиги охиратга, ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмасликдир. Ширк инсон жонига бир зулмдир. Чунки ширк келтирган инсон ўзига ўхшаш бировга ёки ўзи яратиб олган нарсага қул бўлиб қолади. Ҳолбуки, Аллоҳ инсонни ҳур яратгандир, ҳар қандай қулликдан қайтаргандир. Ширк айни пайтда бошқаларга ҳам зулмдир. Чунки бошқаларни “илоҳ” қилиб олиб, уларни Аллоҳга шерик қилиш, уларга турли нарсаларни аташ билан уларга зулм қилинади.
20. Ана шулар ер юзида қочиб қутулишолмайди, улар учун Аллоҳдан бошқа ҳимоячи ҳам бўлмайди. На эшитишга қодир бўлмаганлари, на кўрмаганлари учун азоб кўпайтириб берилади.
Юқоридаги икки ояти каримада тавсифланганлар золим мушриклардир. Улар ўзларининг гуноҳлари етмай, бошқа кишиларни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан тўсмоқчи ёки чалғитмоқчи бўлишади. Ўзлари охиратга ишонишмагани у ёқда қолиб, ўзгаларни ҳам бунга ишонмасликка мажбурлашади. «Охират, жаннат ва дўзах ҳақидаги гаплар бари афсона, бу дунёда айшингни суриб қол, қиёмат руҳонийларнинг ўйлаб топган гапи» қабилидаги ёлғон-туҳматлар қилишгача боришади. Энди ўзлари ҳақни инкор қилишгани ва бошқаларни ҳам бундан тўсишгани учун уларга азоб икки баравар кўпайтириб берилади. Ҳақиқатни англашга адоватлари шу даражада қаттиқ эдики, уни на эшита олишди, на кўра олишди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Ким Аллоҳга шерик қилса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади, унинг жойи дўзах бўлади ва бундай золимларга мададкорлар йўқдир” (Моида, 72).
21. Ана ўшалар ўзларига зиён қилганлардир ва тўқиган нарсалари улардан ғойиб бўлди.
Дунё ҳаётида Аллоҳни қўйиб, қандайдир сохта “илоҳ”ларга ишонган, уларга суянган ва уларни раҳнамо қилиб олган мушрик кимсалар охиратда жуда катта зиёнга учрашади, доғда қолишади. Ёлғон “илоҳлар”нинг ўзи танг ҳолатда қолгани учун ўзларига эргашиб юрган нодон одамларнинг барини ташлаб қочади. Уларга ишониб юрганлар эса суянганлари ғойиб бўлиб қолгани учун нима қилишни, кимдан ёрдам сўрашни, кимга бош уриб боришни била олмай, сарсонликда қолишади. Уларнинг ўшандаги ҳолати ҳақиқатан фожиали бўлади: охиратда Аллоҳ таоло ширк келтирганларни асло кечирмайди. Устига-устак бундай кимсаларни қаттиқ ва аламли азоблар билан азоблайди. Ширк келтирганлар учун жаҳаннамдан бошқа бирор қочадиган жой қолмайди. Уларнинг жаннатга киришлари мутлақо ҳаромдир.
22. Шубҳа йўқки, улар охиратда ҳам энг зиёнкорлардир.
Ширк балоси инсонни хайрли ишлардан узоқлаштириб юборгани боис, мушрикларнинг охиратдаги қисмати ҳам ўта аянчли бўлади: улар дунё ҳаётида Аллоҳга ишонмай, Унга кимларнидир ё нималарнидир шерик қилишгани учун энди ёлғиз Парвардигорнинг ҳузурида жам бўлишгач, ўзларини қайга уришни, қилмишларига нимани баҳона қилишни билолмай, зиёнкорлардан бўлиб қолишади. Чунки ҳақиқатларнинг энг буюги Ундан бошқа Тангри бўлмаган, Ундан бошқа Парвардигор бўлмаган, Ундан бошқа ҳукм юритувчи бўлмаган Аллоҳ таолодир. Ширк келтирганлар эса, Ундан бошқани тангри деб, Ундан бошқани парвардигор деб, Ундан бошқани ҳукм юритувчи деб билишади.
23. Имон келтириб, эзгу ишларни қилган ва Парвардигорларига бўйсунганлар – айнан ўшалар албатта жаннатийлардир ва улар унда мангу қолишади.
Мушриклардан фарқли ўлароқ, мўминлар дунёда ҳам, охиратда ҳам фақат фойдага эришадилар. Улар дунё ҳаётида Аллоҳга имон келтирганлари учун фақат яхши, эзгу ишларни қилишади, Парвардигорларининг тоатида бўлиб, гуноҳ ишлардан тийилишади, Унга қуллик қилиб, ибодатларини комил қилишади ва икки дунё саодатини қўлга киритишади. Буларнинг мукофоти сифатида охиратда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб, мангу яшаладиган роҳат-фароғат диёри бўлмиш жаннат билан тақдирланишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Қиёмат куни мўмин киши Аллоҳга шунчалик яқин бўладики, ҳатто Аллоҳ таоло унга дунёда қилган гуноҳларини бирма-бир эслатганида у ҳаммасини тан олади. Шунда Парвардигор унга “Гуноҳларингни дунёда беркитдим, одамларга фош қилмадим, мана энди бугун уларни кечирдим” деб қўлига фақат савоблари ёзилган номаи аъмолини берар экан. Кофир ва мушрикларнинг қилмишини эса фаришталар ёки Аллоҳнинг Ўзи халойиққа эълон қилиб, “Парвардигорни инкор қилган кимсалар мана шулардир, ўзига зулм қилганларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай”, дер экан” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
24. Иккала гуруҳнинг мисоли худди кўр ва кар одам билан кўрувчи ва эшитувчи кабидир. Иккиси мисолда тенг бўлармиди?! Ўйлаб кўрмайсизларми?!
Икки гуруҳ, яъни мусулмонлар ва мушрик-кофирларни бир-бирига асло тенглаб-ўхшатиб бўлмайди. Мушрик ва кофирлар худди кўр ва кар одамлар каби ҳақиқатни эшитишни ҳам, кўришни ҳам исташмайди. Мўминлар эса, илоҳий ваҳийларни ва ҳақни эшитишади ҳам, кўришади ҳам. Мўмин-мусулмонлар бир Илоҳга сиғинадиган, Уни рози ва хафа қиладиган нарсаларни биладиган, фақат Уни рози қиладиган ишлар билан машғул бўлувчи бандалардир. Мушриклар эса, бир неча “илоҳ”га сиғинадиган кимсалардир. Уларнинг бу эътиқодлари туфайли кар ва кўр одамлардан фарқи бўлмайди: “илоҳ”ларидан бири шарққа йўллаб юборса, бошқаси ғарбга йўналтиради. Бири ўнгга чақирса, бошқаси чапга чорлайди. Мушриклар эса бу “илоҳ”лардан қай бирининг сўзига киришни билолмай, сарсон-саргардонликка тушиб қолишади, саботсиз ва беқарор бир ҳолда дунёдан ўтиб кетишади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ бир мисол келтирди: бир киши (қул) бўлиб, унинг устида талашувчи шериклар бор. Яна бир киши (қул) борки, бутунича бир кишиникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?” (Зумар, 29).
25. Ҳақиқатан Нуҳни қавмига юбордик ва (у деди): «Мен сизларга аниқ огоҳлантирувчиман;
Аллоҳ таоло томонидан ўз қавмига Унинг азобидан огоҳлантирувчи қилиб юборилган Нуҳ алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримда йигирма саккиз суранинг қирқ уч оятида келган. Нуҳ алайҳиссалом Одам алайҳиссаломнинг вафотларидан бир юз йигирма олти (баъзи манбаларда бир юз қирқ олти) йил кейин Бобилнинг ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган мавзеда дунёга келган. Нуҳ алайҳиссалом тили ширин, сўзи равон, ўткир ақлли, ниҳоятда ҳалим ва сабрли киши бўлган. Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган пайтда унинг қавми қанчалик залолатда экани борасида уламолар турли фикрларни айтишган. Баъзиларнинг фикрича, улар фаҳш ишлар, ароқхўрлик, зинокорлик билан машғул бўлишган. Бошқаларнинг таърифлашича, ўша пайтда Буюросиб (арабча Заҳҳок) деган кимса подшоҳ бўлган. У собиийлар (юлдузпарастлар) эътиқодида бўлиб, қавмнинг ҳаммаси ҳам итоат юзасидан подшоҳлари каби залолатда эди.
26. «Аллоҳдан ўзгага ибодат қилманглар, чунки мен сизларга аламли Куннинг азоби бўлишидан қўрқаман».
Аллоҳ таолонинг Каломида хабар берилишича, Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми бутпарастга айланган эди. Улар олдин ўтган Вад, Сувоъ, Яғус, Яуқ, Наср исмли солиҳ кишиларнинг тимсоллари асосида суратлар чизиб, кейинчалик уларга сиғинишни бошлаб юборишган. Орадан бир қанча вақт ўтгач, ўша одамлар тимсолида эркак, аёл, арслон, от, бургут ва калхат шаклларида бутлар ясаб олишди ва энди ўша бутларига сиғина бошлашди. Қавмига пайғамбар қилиб юборилган Нуҳ алайҳиссалом уларни бундай бутларга сиғинмасликка, ягона Аллоҳга қуллик қилишга чақирди. Аммо қавми Нуҳ алайҳиссаломнинг қўрқинчли кундан (қиёмат ёки тўфон балоси) огоҳлантирганига қарамай, итоатсизлик қилиб, ҳалокатга учради. Нуҳ алайҳиссалом бутларга сиғина бошлаган қавмига қарата лутф ва одоб билан бундай деди: “Эй қавмим, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга бирор нарсани шерик қилманглар. Сизлар ширк ва залолат йўлида давом этадиган бўлсангиз, қиёмат куни қаттиқ азобга гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”.
27. Шунда қавмининг кофир зодагонлари: «Сенинг ҳам фақат ўзимизга ўхшаган инсонлигингни кўряпмиз, сенга орамиздаги зоти пастларгина тушунмай эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг бизлардан афзалликларингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончилардан деб гумон қиляпмиз», дейишди.
Ояти каримадаги “малаъ” сўзи “тўлдирмоқ” феълидан ясалган бўлиб, бу ўринда у “зодагонлар” деб таржима қилинди. Қавмнинг ашроф ва машҳур кишиларининг виқор ва ҳайбати одамларнинг кўзини қўрқув ва ҳадик билан тўлдиргани учун улар “малаъ” (зодагон) деб аталган. Яъни, сен ҳам эй Нуҳ, бизга ўхшаган бир инсон экансан-ку, сенга эргашаётганлар эса қавмининг бизга ўхшаган аслзода зодагонлари эмас, балки зоти паст, майда ҳунармандлардир. Улар ҳам мулоҳаза қилиб ўтирмай, бир-бирларига тақлид қилиб сенга қўшилиб кетишган. Сизлар имонга келганингиз билан бизлардан ҳеч қандай афзалликларинг йўқ, аксинча ёлғончисизлар.
Қавмнинг жоҳиллиги шу қадар эдики, улар инсон зотидан пайғамбар чиқмайди, деб ўйлашарди. Ҳолбуки, Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва лутфу инояти пайғамбарларни ҳар бир қавмнинг ўз орасидан бўлишини тақозо этади. Жоҳилларнинг даъвосига қараганда, Нуҳга қавмнинг ашроф, зодагон кишилари эмас, фақат фақир, камбағал, паст табақадаги кишилар эргашмоқда. Сўнг улар бошқа даъвога ҳам ўтишди: “Биз сени фаҳм-фаросат, ақл ва бошқа жиҳатларда биздан устун эканингни кўрмаяпмиз, балки сени ёлғончи деб ҳисоблаяпмиз”.
28. У айтди: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар Парвардигоримдан аниқ ҳужжатим бўлса, У Ўз даргоҳидан менга раҳмат ато этган бўлсаю, бу сизларга мавҳум бўлса, сизлар ёқтирмаган нарсаларни сизларга мажбурлармидик?!»
Шунда Нуҳ алайҳиссалом бундай ботил даъволарни йўққа чиқарувчи жавобни айтди: “Эй қавмим, мен Парвардигорим томонидан ҳақни ботилдан ажратувчи аниқ ҳужжатга эга бўлсам, Аллоҳ таоло мени пайғамбарлик билан тақдирлаган бўлса, сизлар учун ҳидоятдан баҳраманд бўлиш махфий қолмасин. Сизлар ўз сўзингизда оёқ тираб олсангиз, мен сизларга фикримни ўтказа олармидим ёки сизлар уни ёмон кўрсангиз ҳам ҳақ йўлга эргашишга мажбур этармидим? Шубҳасиз, бу иш қўлимдан келмас экан, демак, бунга сизларни мажбурламайман”. Нуҳ алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳузуридан берилган раҳмат пайғамбарлик рутбасидир, аммо Аллоҳ тавҳидига ишонмаган гумроҳлар Унинг пайғамбарини ҳам танишни истамайди. Пайғамбарларнинг вазифаси инсонларни Аллоҳни танишга чақиришдир, улардан баҳра олганлар ҳақ йўлга киришади, баҳра олмаганларни эса бунга мажбурланмайди.
29. «Эй қавмим, сизлардан бунинг учун мол-дунё сўрамайман, мукофотим ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. Лекин имон келтирганларни ҳайдай олмайман, улар албатта Парвардигорларига рўбарў бўлишади. Лекин сизларнинг жоҳил қавм эканингизни кўряпман».
Сўнгра қавмнинг асло ҳидоят сари юрмаётганини кўрган Нуҳ алайҳиссалом уларга қарата иккинчи марта нидо қилди: “Эй қавмим, сизларга қилаётган даъватим, ҳақ йўлга чорлашим эвазига сизлардан на мол-дунё, на бирор пул ёки матоҳ сўрамайман. Инсонларни тўғри йўлга даъват қилган пайғамбарлар хизматлари эвазига асло ҳақ сўрашмайди, бирор нарса таъма қилишмайди. Чунки барча пайғамбарларнинг ажри, шу жумладан менинг ҳам ажр-мукофотим фақат Аллоҳнинг зиммасидадир. Мен тўғри йўлга чақирганимда ижобат қилганларни эса асло ҳузуримдан ҳайдамайман. Уларнинг бой ёки камбағал бўлишининг фарқи йўқ, чунки Аллоҳ бандаларининг амалига қараб ҳисобга тортади. Мана шу ҳақиқатни тушунмаганингиз учун сизларни нодон, беақл ва жоҳил кимсалардан, деб биламан”.
30. «Эй қавмим, агар уларни ҳайдасам, Аллоҳнинг (азоби)дан қутулишда менга ким ёрдам беради? Нега ўйламайсизлар?!»
Қавмнинг зодагонлари кибрга бориб, Нуҳ алайҳиссаломдан ўзига эргашган фақир ва паст табақадаги одамларни ҳайдашни сўрашганида, у шундай жавоб қилди: “Эй қавмим, сизлар фақир-камбағал деб атаётган мўминларни ҳузуримдан ҳайдайдиган бўлсам, қиёмат куни ким мени Аллоҳнинг азобидан қутқара олади? Ахир, бу ҳикматли иршодларни ўйлаб кўрмайсизларми?”.
31. «Ва сизларга “Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор”, ҳам демайман, ғайбни ҳам билмайман, “Мен фариштаман” ҳам демайман. Назарингизга илинмаётганлар борасида Аллоҳ уларга бирор яхшилик бермайди, ҳам демайман. Уларнинг дилидагиларни Аллоҳ яхшироқ билади, акс ҳолда мен золимлардан бўлиб қоламан!».
Барча замонларда пайғамбарларга (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) ҳаммадан олдин, ҳаммадан кўпроқ ғариб ва фақир кишилар имон келтиришган эди. Аслзода ва бадавлат кишилар, қавм зодагонлари шуларга ўхшаб ўзимиз каби бир инсонга эргашайликми, деган хаёлда ор ва кибрга боришган, пайғамбарлардан уларни ҳайдаб юборишни талаб этишган эди. Лекин пайғамбарлик ахлоқи ва шафқати ҳаргиз бу шартни қабул қилишга йўл қўймас эди.
32. Улар: «Эй Нуҳ, биз билан баҳслашдинг, аммо баҳсни кўпайтириб юбординг, агар ростгўйлардан бўлсанг, ваъда қилган азобингни келтир-чи!» дейишди.
Нуҳ алайҳиссалом кофир қавмни очиқ-ойдин ҳужжат билан мағлуб қилиб ташлаганларидан кейин улар чидамаслик йўлига ўтиб шундай дейишди: “Сен биз билан ҳатто жавоб қайтаришга ҳолимиз қолмагунча баҳслашдинг. Энди айтаётган барча гапларинг рост бўлса, ўзинг ваъда қилаётган ўша азобни бизларга келтир-чи!”. Жоҳил ва нодон кимсалар барча замонларда ҳам шундай фикр қилишади: қачон ҳақиқатга қарши ҳужжат топа олмай қолишса, ҳеч нарсага ишонмаганлари учун ҳатто бошларига азоб келишини ҳам истаб қолишади. Бундай нодонлар ҳеч қачон мағлубиятларини тан олишмайди, отдан тушишса ҳам эгардан тушгилари келмай, ўзларига зарар бўлишидан ҳам тап тортишмайди.
33. Нуҳ айтди: «Аллоҳ хоҳласа, уни албатта келтиради, сизлар Уни ожиз қолдира олмайсизлар!»
Нуҳ алайҳиссалом ҳам бу қатъий мурожаат ва талабдан ўзини йўқотиб қўймай, одоб билан қавмга шундай жавоб берди: “Эй қавмим, сизлар истаётган азобни фақат Аллоҳ таоло юборади, У хоҳлаган вақтида сизларнинг бошингизга келтиради. Мен сизларни ҳар томонлама ҳақиқат йўлига чақирдим, ундан бирон нарсани яшириб қолмадим”.
34. «Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни хоҳлаб турган бўлса, сизларга насиҳат қилишни истаганим билан сизларга насиҳатимнинг фойдаси бўлмайди. У Парвардигорингиздир ва Унинг ҳузурига қайтариласизлар!»
Яна Нуҳ алайҳиссалом итоатсиз қавмига шундай мурожаат қилди: “Агар сизлар жоҳилликда ва куфр келтирган ҳолингизда турадиган бўлсангиз, насиҳатларим асло сизларга кор қилмайди. Агар Аллоҳ азза ва жалла сизларни адаштиришни хоҳласа, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. У сизларнинг Парвардигорингиз, Унгагина қайтариласиз ва Аллоҳ таоло сизларни амалларингизга қараб ҳисоб-китоб қилади”.
35. (Эй Муҳаммад), ёки улар: «Уни ўзи тўқиб олган», дейишяптими? «Агар уни тўқиган бўлсам, жинояти ўзимга-ку, сизларнинг қилаётган жиноятингиздан покдирман», денг.
Қуръони каримнинг ҳикмати ва фасоҳати шундаки, Нуҳ алайҳиссалом қиссаси ҳақида сўз борар экан, бирданига Макка мушрикларининг итоатсизлигидан азият чекаётган Аллоҳнинг ҳабиб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилишга ўтилади. Аллоҳ таоло у зотга шундай тасалли беряпти: “Эй суюкли Пайғамбарим, мушрик кимсалар Қуръон оятларига ишонмай, уларни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган, деб туҳмат қилишяптими? Уларга: “Агар Қуръон оятларини сизлар даъво қилаётгандай мен тўқиб олган бўлсам, бунинг барча гуноҳи ўзимгадир, сизларнинг Аллоҳнинг ваҳийларига ишонмай, уларни инкор этаётганингиз, ёлғонга чиқараётганингизнинг гуноҳи ўзларингизгадир, бунга менинг мутлақо дахлим йўқ, мен бундай гуноҳлардан покдирман!” деб айтинг!”
36. Ва Нуҳга ваҳий қилинди: «Қавмингдан олдин имон келтирганларидан ташқари бошқа ҳеч ким энди имонга келмайди, уларнинг қилмишлари туфайли қайғурма!»
Қуръони карим яна Нуҳ алайҳиссалом қиссасини баён қилишга ўтади. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмини ҳидоятга даъват қилишда маҳорат билан иш тутгани, уларнинг жоҳилона ва аҳмоқона маломатларига чиройли сабр қилганига қарамай, нодон қавм осийлик йўлидан чекинмади, ҳақни танишни истамади. Шунда Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга қавмнинг имонга келишидан умид йўқлигини билдирди: “Қавмингнинг ҳозиргача имон келтирганидан бошқаси энди имонга келмайди. Уларнинг қилаётгандек ишлари сабабидан сен ташвишга тушма, қайғурма! Осий ва итоатсизларни қилмишларига яраша жазолаш Бизнинг зиммамиздадир!”
37. «Бизнинг кузатувимиз ва ваҳийимиз билан бир кема яса ва золимлар ҳақида Менга сўз очма, улар албатта ғарқ қилинувчилардир».
Кофир қавмнинг имонга келишидан умид узилгач, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига кофирлар тўфонда ғарқ қилинганда мўминларнинг нажот топишлари учун улкан бир кема ясашни буюрди. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми у зотга итоатсизлик қилавергач, Аллоҳ таоло ваҳий орқали маълум қиляптики, энди ҳар қанча тиришсанг ҳам бу осий қавм сенга эргашмайди, олдин имонга келган кишиларгина бундан мустасно. Энди имонсизлар билан тортишиб ўтирма, уларнинг гуноҳини кечиришни сўраб, Менга сўз қилиб ҳам юрма! Яъни, ўша золимларга раҳм қилишимни сўраб, Менга илтижо қилма! Уларни ғарқ қилиш ҳақида Менинг ҳукмим қатъий бўлди, зеро, Менинг ҳукмимни ҳеч ким қайтара олмас ва ортга суролмас! Бизнинг назоратимизда ва Биз айтгандай қилиб бир кема яса, сени ва имон келтирганларни қутқариб, қолган барча золимларни сувга ғарқ қиламиз.
38. У кема ясаркан, қавмининг зодагонлари ҳар гал унинг олдидан ўтаётиб унинг устидан кулишарди. У айтди: «Агар бизни масхара қилсанглар, сизлар масхара қилгандек биз ҳам сизларни масхара қиламиз»;
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, кема ясашни бошлади. Қавмининг кофир кимсалари ҳар гал унинг олдидан ўтишар экан, улар пайғамбарнинг устидан кулишар, унинг ишларини истеҳзо қилишар эди. Шунда Нуҳ алайҳиссалом уларга шундай жавоб қилди: “Агар бугун бизнинг устимиздан кулаётган бўлсангиз, яқин кунларда биз ҳам сизларнинг устингиздан куламиз. Ана ўшанда бу масхара қилишларингизнинг оқибати нима билан тугашига ўзларингиз гувоҳ бўласизлар”.
39. «Яқинда кимга шармандали азоб келишини ва унга мангу азоб тушишини биласизлар».
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан ўзига эргашганларни ва барча жонзотлардан бир жуфтдан жойлаш учун бир йил мобайнида улкан бир кема ясади. Қавмнинг мутакаббир зодагонлари ҳар гал у киши олдидан қилаётган ишларини масхара қилиб, устларидан кулиб ўтишар эди. Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига буюрдики, уларни бу дунёда шармандаю шармисор қиладиган, охиратда эса абадий қийноққа соладиган жазолар кутиб тургани ҳақида огоҳлантиринг. Ким хор-зор қилувчи азобга мустаҳиқ эканини ўшанда билиб олишади. Қавм даъватдан бўйин товлайвергач, Нуҳ алайҳиссаломга ҳар бир жонзотдан бир жуфтдан олиб, мўминлар билан кемага чиқиш ва шу тариқа Аллоҳнинг буюк азобидан нажот топиш буюрилди.
40. Ниҳоят амримиз келиб, таннур жунбушга келганида: «Унга ҳар нарсадан бир жуфтдан, олдин ҳукм қилинганлардан бошқа аҳли-аёлингни ҳамда имон келтирганларни кемага чиқар!» дедик. Аммо у билан имон келтирганлар жуда озчилик эди.
Ояти каримадаги «таннур» сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган: Абдуллоҳ ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) қилган тафсирда «Таннур»дан мурод, бутун ер юзи назарда тутилган, дейилади. Яъни, ер юзидаги барча сув манбалари қайнаб-тошиб кетди, маъноси бор. Ибн Касир: бу олдинги ва кейинги барча уламолар сўзидир, дейди.
Аллоҳ таолонинг амри билан тўфон бошлангач, Нуҳ алайҳиссаломга ҳайвонот оламининг насли давом этиши учун ҳар бир жонзотдан бир урғочи ва бир эркагини, ўзининг аҳли-аёлини ва пайғамбарга ишониб, имонга келганларни кемага чиқариш буюрилди. Кемадаги одамлар сони ҳақида ҳам турлича фикр айтилган: кўплар улар сони саксонта, ярми эркак, ярми аёл эди, дейди. Имом Табарий фикрича, муайян бир сон тайин этилмагани яхши. Лекин ғарқ этилганлар ичида Нуҳ алайҳиссаломнинг Воила исмли хотини ва ундан Ём исмли (лақаби Канъон) ўғли бўлган.
41. (Нуҳ): «Унга чиқинглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми биландир. Парвардигорим албатта кечиримли ва раҳмлидир», деди.
Нуҳ алайҳиссалом ўзига эргашганларга айтяптики, кема каби барча уловларнинг бехатар юриши ҳам, осуда туриши ҳам фақат Аллоҳнинг исми биландир. Агар барча ишлар меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи билан бошланмас экан, охирининг хайрли бўлиши даргумон. Ушбу ояти шарифадан маълум бўляптики, барча ишлар қатори кема, улов кабиларга миниш чоғида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейиш керак экан. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) калимасини қисқартириб «Басмала» ёки «Бисмиллоҳ» дейилади. Қуръони каримнинг Тавба сурасидан бошқа барча суралари шу калима билан бошланади. У Намл сурасидан бир оят бўлиб, Фотиҳа сурасининг бошида ҳам собитдир. Қироат уламолари Тавба сурасидан бошқа барча сураларнинг бошида Басмала айтишга келишишган. Унинг ҳукми суннати муаккададир. Исломда барча ибодатлар ва хайрли ишларни Басмала билан бошлаш суннатдир. Мусулмон киши Қуръон тиловати, намоз, таҳорат, ғусл, тавоф каби амалларни Басмала билан бошлаши лозим. Бундан ташқари, бир ишга киришиш, овқатланиш, кийиниш, уйқуга ётиш, уловга миниш, хуллас ҳар қандай юмушни Басмала билан бошлаш зарур. Бусиз бошланган ишнинг ниҳояси кесик бўлади, хайрли тугамайди. Ислом шариатига кўра Басмала айтилмай сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳаром, истеъмолга яроқсиз саналади. Динимиз одобига биноан мактублар, ёзишмалар, диний асарлар ҳам Басмала билан бошланади.
42. Кема тоғдай тўлқинлар узра сузиб кетаётганида Нуҳ бир четда турган ўғлини чақириб: «Ўғлим, биз билан бирга чиқ, кофирлар билан қолма!» деди.
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрига биноан кемани ясади, унга жонзотлар ва ўзига эргашган мўминларни жойлади. Қараса, унинг ўғли кемага чиқмай бир четда қолиб кетяпти. Нуҳ алайҳиссалом шунда мўминлар жамоасидан узоқда бўлган кофир ўғлига оталик меҳри жўш уриб шундай деди: “Эй ўғилчам, биз билан кемага мин, кофирлар билан қолма!” Нуҳ алайҳиссалом ўғли Канъоннинг баъзи мунофиқона муомалаларидан уни мусулмон гумон қилиб ёки кофир бўлса ҳам тўфон ҳодисасини кўриб балки имонга келар, деган умидда уни кемага чақирган эди.
43. (Ўғли): «Тоққа чиқиб оларман, у мени сувдан сақлайди», деди. (Нуҳ): «Бугун Аллоҳ раҳм қилганлардан ташқари Унинг азобидан қутқарувчи йўқдир», деди. Шу заҳоти тўлқин икковининг ўртасини тўсди ва (ўғли) ғарқ этилганлардан бўлди.
Отасининг чорлашига парво қилмаган ўғил: “Мен бирон баланд тоққа чиқиб олсам, у ерда ҳеч қандай тўфон хавф сола олмайди, шундай йўл билан Аллоҳнинг офатидан қутулиб қоламан”, деди. Нуҳ алайҳиссалом ҳар бир ота каби ўғлининг ҳалок бўлиб кетишини истамас эди, шунинг учун у ўғлига шундай деди: “Бугун Аллоҳ таолонинг азобидан омонда қолувчи бирор киши йўқ, кимгаки Аллоҳ Ўз лутфу карамини дариғ тутмаса, ўшагина соғ қолур”. Аллоҳ таоло жазо сифатида бир бало-кулфатни юборганида Унинг азобидан на тоғлару, на дарахтлар, на қутқарув гуруҳлари, ҳеч нарса асраб қололмайди. Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли ҳам кофирлиги сабабли отасидан жудо бўлиб, сув остида қолди.
44. «Эй Ер, сувингни ютгил, эй осмон, ўзингни тутгил!» дейилди. Сув қуриди. Иш битди ва (кема) Жудий тоғида ўрнашди ҳамда «Золим қавмлар ҳалок бўлсин!» дейилди.
Аллоҳ таолонинг тақдирини ўзгартирадиган бирор куч ёки қудрат ер юзида йўқ! Аллоҳ таоло кофир кимсаларни тўфонда ғарқ қилиб ҳалок этди, мўминларга нажот берди. Ерга “Сувингни ютгил!” деб, осмонга “Ўзингни тутгил!” деб амр қилинди. Ер юзидаги ҳамма сув илоҳий буйруқдан кейин батамом қуриди, булутлардан ёғаётган ёмғир ҳам тўхтади. Улкан кема Жудий тоғига бориб ўрнашди. Золим кимсалар батамом ҳалок бўлиб битди, мўмин инсонлар золимларнинг зулмидан халос бўлди.
Ушбу тўфон бутун дунёда бўлганми ё у айрим мамлакатгагина хосмиди, деган ихтилофлар ҳам бор. Бутун Ер юзида тўфон бўлган деювчилар ҳозир дунёдаги барча инсонлар Нуҳ алайҳиссаломнинг уч ўғли Сом, Ҳом, Ёфасдан тарқаган, дейишади. Жудий тоғини Шомда, Туркияда, Арманистонда деб тахмин қилувчилар ҳам бор.
45. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб: «Эй Парвардигорим, ўғлим аҳлимдандир, ваъданг эса ҳақдир, Сен ҳукм қилувчиларнинг энг доносисан!» деди.
Ушбу сурадаги қисса Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли борасидаги илтижолари билан якун топади. Яъни, Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога ёлбориб бундай деди: “Эй Парвардигорим, менга аҳлингни қутқараман, нажот бераман, деб ваъда қилган эдинг. Кимга ҳалок бўлишни тақдир қилган бўлсанг, албатта у ҳалок бўлгай. Лекин ушбу оғир дамларда Сендан ўғлимга раҳм қилишингни, уни кечиришингни сўрайман. Эй Парвардигорим, ҳукмингни рад этувчи ва амрингга қарши борувчи бирон зот йўқдир! Сенинг ваъданг ҳақдир! Сен барча ҳукм қилувчиларнинг энг адолатлисисан!”
46. У: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта бу яхши иш эмас! Билмаган нарсангни Мендан сўрама! Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди.
Яъни, у оилангдан бўлсаям, нажот топувчилардан эмасдир, унинг қилган ишлари нақадар ёмонлигини Ўзим биламан, сен эса билмаган нарсаларингга суяниб, уни қутқаришни Мендан сўрама, жоҳиллардан бўлиб қолмаслигинг учун сенга бу насиҳатлар қилиняпти. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғлини мўминлардан эмаслиги, У фақат мўминларгагина нажот беришини ваъда қилганини айтди. Пайғамбарнинг ўғли бу дунёда жуда кўп ёмон амалларни қилди, булардан энг улкани – у куфрни маҳкам тутди, Парвардигорига имон келтирмади.
47. Нуҳ: «Парвардигоро, билмаган нарсамни сўрашдан Сендан паноҳ тилайман, агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламан», деди.
Шунда Нуҳ алайҳиссалом дарров Парвардигорига тавба қилди, билмаган нарсасини сўрашдан У зотдан паноҳ тилади. Агар Парвардигор раҳм қилиб, пайғамбарини кечирмаганида унинг ўз жонига зулм қилувчи золимлардан бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди. Аллоҳнинг танлаб олган пайғамбарлари Парвардигорларидан шунчалик қўрқиб, дарров тавбага ва истиғфорга шошилишгани ҳолда биз гуноҳларга ғарқ бўлган оддий инсонлар нега гуноҳларимизнинг кечиришни сўраб, Парвардигорга илтижо ва дуолар қилишни пайсалга соламиз? Унинг азоб ва жазоларидан бунчалар хотиржам бўлиб, ғафлатда бемалол юрамиз?
48. Шунда: «Эй Нуҳ, Биз сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга берган салом ва баракотларимиз билан (кемадан) туш! Шундай умматлар ҳам бўладики, уларни бироз нафлантирамиз-да, сўнгра уларга Биздан аламли азоб етади», дейилди.
Яъни, энди сизларга келган тўфон балосидан сўнг Аллоҳ таоло ҳузуридан тинчлик замони ва баракотлар юборилди, кемадан тушиб бемалол яшайверинглар. Аммо сизлардан кейин баъзи қавмларга ҳам гуноҳлари сабабидан турли бало-офатлар юборилади ва улар гуноҳда бардавом бўлганлари, тавба қилмаганлари боис ҳалок бўлишади. Нуҳ алайҳиссалом тирик қолган мўминлар, уч ўғли ва келинлари ҳамда кемадаги махлуқотлар билан Ерда иккинчи бор ҳаёт кечириш учун кемадан тушди. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумонинг ривоят қилишларича, Нуҳ алайҳиссалом Ерга тушгач, Аллоҳга кўп шукрлар айтди, узоқ вақт ибодат қилиб, Аллоҳдан инсонларни бошқа оммавий тўфонга йўлиқтирмасликни сўраб, илтижолар қилди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуосини ҳам қабул қилди ҳамда ваъдасига ишора сифатида ва халққа оммавий тўфондан омонлик рамзи қилиб булутлар узра камалакни зоҳир қилди.
49. (Эй Муҳаммад), булар сизга ваҳий қилинган ғайбий хабарлардандир, буларни олдин сиз ҳам, қавмиингиз ҳам билмас эдинглар. Сабр қилинг, оқибат албатта тақводорларникидир.
Эй суюкли Пайғамбарим, сизларга баён этиб берилаётган пайғамбарлар қиссасидан сиз ҳам, умматингиз ҳам олдин хабардор эмас эдинглар. Бу ғайбий хабарлар шунинг учун илоҳий ваҳий орқали сизларга баён этиб бериляптики, сиз ва сизга эргашганлар бу қиссалардан ибрат олинг, итоатсиз мушрик қавмларни Аллоҳнинг қандай бало-офатлари ва азоблари кутиб турганидан огоҳ бўлинг. Мана, Нуҳ алайҳиссалом ва ҳамроҳларининг оқибати нажот ва ғалаба билан якун топди. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), шундай оқибат сизга ва умматларингизга ҳам бўлади. Бунинг учун сизлар ҳам Нуҳ алайҳиссалом ва ҳамроҳлари сабр қилганидай сабрли бўлинглар. Имом Табаронийнинг ҳадис китобида Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Нуҳ пайғамбарнинг ўғлига қилган васиятларида “Сени икки нарсадан қайтараман ва икки нарсага буюраман”, дедилар ва ширк ва кибрдан сақланишга, “Ла илаҳа иллаллоҳ” билан “Субҳаналлоҳи вабиҳамдиҳи субҳаналлоҳил азим”ни кўп айтишга буюрдилар”.
50. Од қавмига биродарлари Ҳудни юбордик. У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга сиғининглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир! Сизлар фақат тўқиб олувчиларсиз, холос!»;
Аллоҳ таоло Од қавмига ўзларидан бўлган Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборган эди. У ҳам инсониятга Аллоҳ таоло томонидан юборилган бошқа барча пайғамбарлар каби қавмини ҳеч қандай шериги ёки тенги бўлмаган ягона Аллоҳга сиғинишга чақирди. Уларга Аллоҳ таолонинг ҳеч бир ўхшаши, тенги ёки шериги йўқлигини, нодон қавм сиғинаётган сохта “илоҳ”лар эса одамларнинг ўзлари ўйлаб топган, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган жонсиз бут ва санамлар эканини тушунтирди.
Ҳуд алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримнинг кўпгина сураларида зикр этилган. Ҳуд алайҳиссаломнинг насаби Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. Унинг қавми Од қабиласи бўлиб, бу қабила унинг бобоси Од ибн Авс номи билан аталган. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми ҳам ота-боболаридек бут-санамларга сиғинар эди. Қавм бу жоҳилона ишида давом этавергач, уларнинг ягона Аллоҳга ибодат қилиши ва бошқа нарсаларга сиғинмаслиги учун Ҳуд алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилди. Хабарларга кўра, Ҳуд алайҳиссалом биринчи Од қабиласига, Солиҳ алайҳиссалом эса иккинчи Од қабиласига пайғамбар қилиб юборилган. Ораларида тахминан юз йилча муддат фарқ мавжуд.
51. «Эй қавмим, сизлардан ажр сўрамайман, ажр-мукофотим мени яратган Зотнинггина зиммасидадир, ақлни ишлатмайсизларми?!»;
Ҳуд алайҳиссалом қавмига айтяптики, қилаётган даъватим учун сизлардан ҳақ ҳам сўрамайман, мукофот-ҳадялар берилишидан умид қилмайман, чунки бу ишимнинг мукофотини фақат Парвардигоримдан умид қиламан. Ҳуд алайҳиссалом Ҳаққа даъват этишда энг ҳикматли ва тўғри йўлни танлади: аввало, қавмига Аллоҳ таолодан ўзга сиғинишга ва ибодат қилишга ҳақли бошқа ҳеч бир илоҳ йўқлигини таъкидлади; иккинчидан, пайғамбар даъвати ва панд-насиҳатлари учун ҳеч қандай ҳақ олмаслигини билдирди; ҳар бир пайғамбар ўз қавмига айтганидек, Ҳуд алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга, ҳалокатга олиб борувчи бут-санамларга сиғинишни бас этишга чақирди. Аммо саркаш қавм бу даъватни қабул қилмади. Бунинг устига пайғамбар шаънига турли туҳмат ва бўҳтонларни ёғдирди, уни ёлғончига чиқарди. Ушбу суранинг 29-оятида Нуҳ алайҳиссалом каби Ҳуд алайҳиссалом ҳам қилган даъватлари эвазига қавмидан ҳақ ҳам, мол-дунё ё мукофот ҳам сўрамаётганини таъкидламоқда. Токи, одамлар улар меҳнатини дунёвий тамаъга йўймаслиги, даъват ва панд-насиҳатлар холис, беғараз, таъсирчан бўлиши учун пайғамбарлар ҳақ талаб этишмаган, ишларининг мукофотини ёлғиз Аллоҳ таолодан умид қилишган.
52. «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, кейин Унга тавба қилинглар! Шунда У осмондан мўл сув ёғдиради, қувватингизга қувват қўшади. Жиноятчи бўлиб, юз ўгириб кетманглар!».
Ҳуд алайҳиссалом қавмини ҳақ йўлга чорлаш билан бир пайтда уларга шуни алоҳида таъкидладики, қавм агар истиғфорни кўпайтирса, гуноҳ амалларни тарк этиб, сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ уларнинг бойликларига бойлик, куч-қувватларига яна куч-қувват ато этади. Акс ҳолда уларнинг бошига Аллоҳ таолонинг азоб ва балолари келишидан огоҳлантирди. Од қавми Аллоҳ таолонинг берган неъматларига ношукрлик қилгани, куч-қувватига мағрур бўлиб, кибр ва исёнга боргани ҳамда пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломга итоатсизлик этгани учун Парвардигор уларга бало юборади. Уч йилгача ёғиндан маҳрум бўлишади, қурғоқчилик ва қаҳатчилик бошланади. Шунда Ҳуд алайҳиссалом: «Агар имонга келсанглар, Аллоҳ таоло осмондан ёмғирлар ёғдириб, баракотини беради ва қаҳатчиликдан қутқаради, яна олдингидай бақувват бўласизлар, фақат гуноҳга ботиб, ҳақ йўлдан юз ўгириб кетманглар», деб огоҳлантирди.
Аввал айтиб ўтилганидек, Од қавми куч-қуввати ила ном чиқарган қабила эди. Истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват зиёда бўлиши ваъда қилинмоқда. Истиғфор ва тавбанинг фойдалари ҳақида бошқа оятларда ҳам гапирилган. Шунингдек, бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган. Шундай ҳадислардан бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан кушойиш, ҳар бир тангликдан кенглик беради ва ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради», деганлар.
53. Улар айтишди: «Эй Ҳуд, бизга очиқ ҳужжат келтирмадинг, сенинг гапинг билан илоҳларимиздан кечувчи ҳам эмасмиз, сенга имон келтирувчи ҳам эмасмиз»;
Лекин жоҳил қавм пайғамбарнинг бу огоҳлантиришларидан кейин ҳам эс-ҳушини йиғиб олмади. Аксинча кибр қилди, истеҳзо ва масхара аралаш Ҳуд алайҳиссаломга “Эй Ҳуд, сен бизга бирон ишонарли ҳужжат келтирмадинг. Сенинг бу гапларинг билан биз илоҳларимиздан кеча олмаймиз. Шунинг учун сенга имон келтирмаймиз”, дейишди. Қавмнинг пайғамбардан ҳужжат талаб қилиши ўз-ўзидан ўринсиз итоатсизликнинг бир кўриниши эди. Шунча далил-ҳужжатларни кўриб ва эшитиб туриб ҳам яна бошқа нарса талаб қилиш шунчаки пайғамбарни эрмак қилиш учун бир баҳона эди. Шу билан саркаш кимсалар ўзларининг ҳақиқий башараларини очиб қўйишади. Уларнинг мақсади ҳужжат келтирилса, унга ишониб ҳидоят йўлига ўтиш эмас, балки куфр ва исёнларида қолиш учун бир сабаб-баҳона излаш, холос. Бундайлар даъватга эргашиш у ёқда турсин, ҳатто бу ҳақда умид қилмасликка очиқ-ойдин ишора қилишади.
54. «илоҳларимиздан баъзилари сенга ёмонлик қилибди», деймиз, холос». Шунда у деди: «Аллоҳни гувоҳ қиламан, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар, мен сизлар ширк келтираётган нарсаларингизга алоқадор эмасман!»;
Яъни, менинг Аллоҳга У Зотдан ўзга нарсаларни шерик келтиришингизга менинг ҳеч қандай дахлим йўқ. Мен ширкка қарши курашга, сизларни тавҳидга даъват қилиш учун пайғамбар бўлиб келган эдим. Сизлар даъватимни қабул қилмай, мушриклигингизча қолдингиз. Энди сизлар билан орамиз очиқ! Агар сизларнинг насабингиздан, ирқингиздан, қабилангиздан бўлсам ҳам, орамизда ҳеч қандай муносабат қолмади. Чунки сизлар асосий алоқа риштаси бўлмиш имонни тутмадингиз. Энди биз бошқа-бошқа оламлармиз. Сизлар кофир ва мушриксиз, мен эса мўмин-муваҳҳидман.
Бу ҳам етмагандай, Ҳуд алайҳиссалом қавми ўзларини ҳақ йўлга чорлаётган пайғамбарни қўрқитишгача боришади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми ҳам яна илоҳларимиздан баъзилари сенга жиннилик ёки бирор касаллик етказиб, ёмонлик қилган бўлса керак, деб ўйлаб турибмиз, деди. Уларнинг ўз пайғамбари ва йўлбошчисига жавоби ақл бовар қилмайдиган даражада шаккоклигидан, куфр ва туғёни чуқурлашганидан, қавмнинг фисқ-фужури ва исёни барча чегаралардан чиқиб кетганидан дарак берарди.
Шундай қилиб, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига Аллоҳ таолонинг пайғамбари келтирган исбот-далиллар асло кор қилмади, уларни ишонтира олмади. “Маъбудлардан баъзи бирлари сенга ёмонлик қилган бўлса керак?” дея унинг далилларини инкор қилмоқчи бўлишди. Қавм ўз пайғамбарларини бутлар билан қўрқитмоқчи бўлганда Ҳуд алайҳиссалом уларга қарата: “Мен албатта Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, сизларнинг Аллоҳни қўйиб, Унга сохта, ёлғон “илоҳ”ларни шерик қилишингиздан безорман”, деди. Зотан, Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Бордию Аллоҳ сизга бирор зарар етказса, Ундан ўзга даф қилувчи йўқдир. Агар сизга бирор яхшиликни раво кўрса, Унинг фазлини тўсиб қолувчи йўқдир. У фазлини хоҳлаган бандасига беради, У кечирувчи, раҳмлидир!” (Юнус, 107).
55. «У ундан ўзгасидир. Менга ҳаммангиз макр-ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат бермай ҳам қўяверинглар!»;
Ҳуд алайҳиссаломнинг кофир қавм илоҳларини пастга уриб, эътибор ҳам бермаслиги Ер юзида ўрмалаган ҳар бир жонни тасарруф этувчи Зот, буюк қудрат соҳиби – Аллоҳ таолога таваккал қилганликлари туфайли эди. Сохта илоҳлари билан қўрқитмоқчи бўлаётган қавмнинг пўписаларига қарши ўзининг фақат Аллоҳга суянишини, Унга таваккал қилишини, Ундангина ёрдам кутишини изҳор этди. Яъни, ўзларинг ва Аллоҳ таолога шерик қилган сохта маъбудларинг бирлашиб, мени йўқотиш йўлида нима фитна бўлса, қилаверинглар. Қутулиб кетишим учун муҳлат ҳам бериб ўтирманглар, мен Парвардигоримнинг Ўзигагина суянаман! Мантиқли бу оят мустаҳкам имон ва азму қарорга тўла, қўрқув ва заифлик билмайдиган руҳ ҳақидадир. Чунки бу руҳ бор кучини Аллоҳга таваккалдан олади: “Ким Аллоҳга таваккал қилса, Аллоҳ албатта қудратли ва ҳикматлидир” (Анфол, 49).
56. «Мен Парвардигорим ва сизларнинг ҳам Парвардигорингиз Аллоҳгагина таваккул қиламан. Ҳар бир ўрмаловчи жонзотнинг пешонаси Унинг чангалидадир. Парвардигорим албатта тўғри йўлдадир!»;
Сўнгра Ҳуд алайҳиссалом барча тирик жонзотнинг ягона илоҳи бўлмиш Аллоҳ таологагина таваккал қилишини айтиб, ўз қавмини куфрда оёқ тираб туришнинг оқибати ниҳоятда ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Ҳақиқатан инсоният тарихига назар солсангиз, ҳозиргача Ер юзида қанча-қанча халқлар, элат ва миллатлар, турли қавмлар яшаб ўтишди. Аммо уларнинг оз қисмигина Аллоҳ таолонинг уларни ҳидоятга бошлаш учун юборган пайғамбарларига эргашди. Ҳақ йўлга юрганлар нажот топди, куфр ва ботил йўлини танлаганлар эса Аллоҳ азза ва жалланинг азоб ва балоларига гирифтор бўлди. Ояти каримадаги «жонзотнинг пешонасидан тутиш» ибораси Аллоҳ таоло яратган барча жонзотлар – инсон, жин ва фаришта, ҳайвонот ва қурт-қумурсқа – барининг инон-ихтиёрига ёлғиз Ўзи эгадир, Унинг бу борадаги адли ва карамига зид келувчи бирор ҳукм бўлмайди, маънодасидир.
57. «Агар юз ўгириб кетсанглар, менга юклатилган нарсани сизларга етказдим. Энди Парвардигорим ўрнингизга сизлардан бошқа қавмни келтиради, Унга бирон-бир зарар беролмайсизлар! Парвардигорим ҳақиқатан ҳамма нарсани асровчидир».
Яъни, эй саркаш қавм, сизларнинг яхши панд-насиҳатдан юз ўгирганингиздан на менга, на Парвардигоримга заррача нуқсон етмайди, аксинча бундан ўзларингга катта зарар келади. Аллоҳ таоло золим қавмларни ҳалок қилиб, бошқа бир қавмни дунёга келтиради ва яшаш жойларингиз, мол-мулкларингизни уларга мерос қилиб беради. Гумроҳларнинг итоатсизлигидан дунёдаги илоҳий низоми заррача ўзгариб қолмайди, уларда заррача тартибсизлик бўлмайди, чунки буларнинг асровчиси ҳамма нарсага қодир ёлғиз Парвардигордир!
58. Амримиз келганида Ҳудни ва у билан имон келтирганларни Ўз раҳматимиз билан асраб қолдик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик.
Аллоҳ таоло инсонларни дунё ҳаётида тўғри йўлда юришларини ирода қилгани учун уларга вақти-вақти билан ҳаққа ва ҳидоятга чорловчи, Парвардигорнинг жазоларидан огоҳлантирувчи пайғамбарларини юбориб туради. Пайғамбарларга эргашган имонли кишилар нажот топишса, итоатсиз ва осий бандалар жазо ва азобга мубтало қилинади. Бу гал ҳам худди шундай бўлди: Аллоҳ азза ва жалла Ҳуд ва у киши билан бирга бўлган мўминларни қутқариб, кофир қавмни ҳалок этди. Кофирларни азоблаш ва жазолаш пайти келганида Ҳуд ва унга эргашган мўминлар даҳшатли ва шиддатли илоҳий азобдан асраб қолинди. Аллоҳ таоло огоҳлантириб-ваъда қилган амр етиб келди: Од қавми етти кун ва саккиз кеча эсган қайноқ шамол бўронидан батамом ҳалок бўлиб, ер юзидан беному нишон кетди. Ҳуд алайҳиссалом ўзига эргашган тўрт минг нафар уммати билан Аллоҳ таолонинг ҳимояси ва паноҳида омон қолди.
59. Ана шулар Оддир. Улар Парвардигорларининг оятларини инкор этдилар, Унинг пайғамбарларига итоатсизлик қилдилар ва ҳар бир жабр қилувчи қайсарнинг буйруғига эргашдилар.
Ҳуд алайҳиссаломга итоатсизлик кўрсатиб, унинг огоҳлантиришларига парво ҳам қилмаган Од қавми шу тариқа куфри ва исёни учун Аллоҳ азза ва жалланинг буюк жазосига гирифтор бўлди. Улар дунё ва охиратда Аллоҳнинг раҳматидан узоқлашиб, тавқи лаънатга учрашди. Од қабиласи ўзига Аллоҳ таоло инъом этган неъматларга ўта ношукрлик кўрсатиб, ҳалокатга учради ва шармандали ўлим топди. Бу уларнинг ҳақ йўлни инкор қилганлари, куфрда қолиб кетганлари ва залолатни афзал билганлари сабабли бўлди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Бас, улар (Ҳудни) ёлғончига чиқаришгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта, бунда ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари имон келтирувчи бўлишмади” (Шуаро, 139).
60. Бу дунёда ҳам, қиёмат куни ҳам уларга лаънат етиб туради. Огоҳ бўлинг, Од Парвардигорларини инкор қилган эдилар. Огоҳ бўлинг, Ҳуднинг қавми Одга ҳалокат муқаррардир!
Аллоҳ таолонинг, фаришталарнинг ва инсонларнинг лаънатига учраш инсонлар учун энг мудҳиш жазодир. Пайғамбарига итоатсизлик қилиб, у кишини ёлғончига ва адашганга чиқарган Од қавмининг оқибати ана шундай оғир жазо билан якун топди. Аллоҳ уларга энг яхши неъматларни ато этиб қўйганига қарамай, улар бунинг шукрини қилиш ўрнига ҳар бир тепаликда ўйин-кулгидан бўшамади. Ҳеч қачон ўлмай, мангу қоладигандек кимўзарга баланд ва муҳташам қаср-биноларни қуришга берилиб кетди. Аллоҳнинг зикрини қилиш ўрнига бекорчи ишлар билан машғул бўлди. Кибри ва исёни туфайли Парвардигорнинг огоҳлантиришларига нописандлик билан қаради. Жоҳил ва нодон қавм ўзининг куч-қувватига маҳлиё бўлиб, асло ўлмайдигандек осийлик қилаверди. Аллоҳнинг азобига учраб, ер юзидан супуриб ташланган бу қавмнинг номи қиёматгача ҳамма томонидан лаънат билан эсга олинадиган бўлди. Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали бандаларини ана шундай аянчли оқибатдан огоҳлантирмоқда. Қуръони каримнинг Макка аҳлига қаратилган бир оятида Од қавмининг нима сабабдан жазолангани сабаби шундай баён этилади: “Ҳолбуки, Биз уларни (бойлик ва қувватда) сизларни қодир қилмаган нарсаларга қодир қилган эдик ва уларга қулоқ, кўз ва диллар (ато) қилган эдик. Лекин улар Аллоҳнинг оятларини инкор этганлари учун уларга қулоқ-кўзлари ҳам, диллари ҳам бирор фойда бермади ва уларни ўзлари масхара қилиб юрган нарсалари (азоб) ўраб олди” (Аҳқоф, 26).
61. Самудга биродарлари Солиҳни юбордик. У: «Эй қавмим, фақат Аллоҳга сиғининглар, сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ, У сизларни ердан пайдо қилди ва сизларни уни обод қилувчи этди. Шунинг учун Ундан мағфират сўранглар, кейин Унга тавба қилинглар. Парвардигорим албатта яқиндир, ижобат қилувчидир.
Аллоҳ таоло Самуд қабиласини ҳақ динга даъват қилиш учун уларнинг ораларидан Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар этиб юборган эди. Солиҳ алайҳиссаломнинг қиссаси ҳам Қуръони каримнинг ўнлаб сураларида келади. Солиҳ алайҳиссаломнинг насаби Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади, Ибн Касир тафсирида бу қуйидагича келтирилади: “Солиҳ ибн Абд ибн Мосиҳ ибн Убайд ибн Ҳожар ибн Самуд ибн Обир ибн Ирам ибн Сом ибн Нуҳ”. Самуд қабиласи Ҳижоз ва Шом оралиғида жойлашган Ҳижр ўлкасида яшаган, бу ҳозирги Саудия Арабистонининг Ҳижоз ўлкаси ва Ўрдуннинг шарқий қисмига тўғри келади. Солиҳ алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби ўз қавмини ҳеч бир шериги ёки ўхшаши бўлмаган ёлғиз Аллоҳ таолога сиғинишга чақирган. Чунки Аллоҳ таологина барча инсонларни ердан яратиб, уларнинг яшашлари учун Ер юзини қулай ва обод қилиб берган. Яъни, Аллоҳ таоло олдин Одам алайҳиссаломни ердан-тупроқдан яратди. Унинг зурриёдлари Ерда яшаши, наслини давом эттириши учун кейин турли неъматлар (сув, ўсимликлар, чорва ҳайвонлари кабилар)ни пайдо қилди. Булар инсонларнинг пайдо бўлиши ва яшаши учун зарурий моддалардир.
62. Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин орамизда умид қилинадиган киши сен эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларга сиғинишдан қайтарасанми? Биз сен даъват этаётган нарсангдан шак-шубҳадамиз», дейишди.
Солиҳ алайҳиссалом ширк ва куфр ботқоғига ботган қавмни ҳақ йўлга, ҳидоят йўлига қанчалик даъват қилмасин, саркаш қавмнинг бу йўлга юргиси келмади. Аксинча, қавмни ўзига яқин олиб, ҳурматини жойига қўйиб юрган йўлбошчини маломат қила бошлашди. Улар: “Эй Солиҳ, ҳозиргача сенга ишониб юргандик, бор умидимиз ҳам сендан эди. Энди сен бизларни неча йиллардан бери ота-боболаримиз ибодат қилиб келган бут ва санамларга сиғинишдан қайтармоқчимисан? Биз сен чорлаётган янги диндан қаттиқ шубҳага тушиб қолдик”, дейишди. Барча замонларда бўлгани каби бир пайғамбар Аллоҳ таолонинг ҳузуридан янги шариат ва таълимотни олиб келганида ўша қавмлар ота-боболарнинг эски дин- таълимотларидан воз кеча олмагани каби Самуд қавми ҳам Солиҳ алайҳиссаломнинг гапларини инкор қилиб, у кишига ишонгиси келмади. Аллоҳ таоло бундайлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Сизларга илгари ўтган кишиларнинг – Нуҳ, Од, Самуд қавмларининг ва улардан кейин ўтган, фақат Аллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари ҳужжатлари билан келишганида улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: “Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага (динга) куфр келтирдик. Сизлар бизни даъват қилаётган нарсангиздан (динингиздан) шак-шубҳададирмиз” (Иброҳим, 9).
63. У айтди: «Эй қавмим, айтинг-чи, менда Парвардигоримнинг очиқ ҳужжати бўлатуриб, менга Унинг раҳмати берилган бўлсаю, Унга итоатсизлик қилсам, Аллоҳдан мени қутқаришга ким ёрдам беради? Сизлар эса менга зиённи кўпайтирасизлар, холос!»;
Яъни, Солиҳ алайҳиссалом исёнкор қавмига шундай деди: Аллоҳ таоло мени Ўз карами билан тўғри йўлга солиб қўйган бўлсаю мен Унга эмас, сизларга бўйсунсам, Унинг жазосидан бирортангиз қутқариб қололмайсизлар, аксинча менга етказадиган зарарларинг ортади, холос. Пайғамбарларига итоатсизлик қилувчи қавмларнинг исёнлари ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Улар дедилар: “Сизлар ҳам бизга ўхшаш одамларсиз, фақат бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (бут-санамларга сиғинишдан) қайтармоқчисиз, холос. Бас, (агар чин пайғамбар бўлсангиз) бизга аниқ бир ҳужжат келтиринг-чи!” (Иброҳим, 10).
64. «Эй қавмим, Аллоҳнинг ушбу туяси сизларга бир далил бўлсин: уни Аллоҳнинг ерида ўтлаб юришига қўйиб беринглар, унга бирор зиён етказманглар, акс ҳолда сизлар яқин азобга қоласизлар».
Саркаш Самуд қавми пайғамбар Солиҳ алайҳиссаломнинг даъватларига жавобан: Аллоҳ таоло бизга мўъжиза тариқасида тошдан бир урғочи туя юборсин, деб талаб қилди. Солиҳ алайҳиссалом дуо қилиб сўраганида Аллоҳ таоло қавмни имтиҳон қилиш учун бир урғочи туяни боласи билан юборди. Бошқа бир ривоятда айтилишича, Солиҳ алайҳиссалом бир харсанг тошни Аллоҳ таолонинг изни билан туяга айлантиради. Фақат бир шарт билан: туяга тегманглар, у Аллоҳнинг ерида бемалол ўтлаб юраверсин, акс ҳолда қавмнинг бошига бало ва мусибатлар келиши мумкин. Аммо исёнда давом этган қавм туяни сўйиб юборди ва Аллоҳга шаккоклик қилгани учун мангу жазога гирифтор бўлди. Айрим муфассирлар шундай дейишади: “Ушбу қисса ҳақида ҳеч қандай нақл ёки ақл тасдиқламайдиган жуда кўп ривоятлар тўқилган. Шунинг учун биз уларни зикр қилишдан четланиб, Қуръони каримда ворид бўлган хабарлар билан кифояланамиз”.
65. Лекин уни сўйдилар. Шунда у: «Уйларингда уч кун манфаатланиб туринглар, бу ҳақиқий жазонинг ваъдасидир», деди.
Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмини енгилгина синов билан имтиҳон қилган эди. Қавм бор-йўғи Аллоҳнинг мўъжизаси ўлароқ юборилган туяни сўймай, унга бирор зарар етказмай ўз ҳолига қўйганида кифоя эди. Агар туяга бирор ёмонлик қилинса, одамларнинг бошига аламли азоб келиши ҳақида ҳам вақтида огоҳлантирилган эди. Аммо инсон зоти ҳамиша саркашликка, исёнга боради. Бу гал ҳам шундай бўлди. Пайғамбарнинг огоҳлантиришларига қарамай, улар туяни сўйиб юборишди. Аслида туяни бир киши сўйган эди, лекин Аллоҳ таоло “улар туяни сўйдилар” демоқда. Чунки бошқалар ҳам бу ишнинг қилинишига рози бўлиб туришган эди. Кофир қавм туяни сўйиб ҳам тинчимади, пайғамбардан ваъда қилинган азобни тезроқ келтиришни сўради. Шунда Солиҳ алайҳиссалом уларга уйларида уч кун яшаб туришни ва Аллоҳнинг жазоси келишини кутишни айтди.
66. Амримиз келганида Солиҳни ва у билан имонга келганларни Ўз раҳматимиз билан ўша куннинг шармандалигидан ҳам қутқардик. Парвардигорингиз ҳақиқатан ўта кучли ва қудратлидир!
Имон қалбга мустаҳкам ўрнашса, инсонда шижоат, жасурлик ва кучли эътиқод пайдо бўлади. Буни Солиҳ алайҳиссаломга эргашган оз сонли мўминлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Қавмнинг энг машҳур ва мўътабар одамлари Солиҳ алайҳиссалом келтирган мўъжизаларга ишонмай, уни алдоқчи ва ёлғончига чиқариб турган бир пайтда мўминлар пайғамбарга имон келтиришди ва унга эргашишди. Оз сонли кишилар кўп одамларнинг сонидан, куч-қувватидан қўрқмади, балки асло чўчимай ҳақни – ҳақ, ботилни – ботил, дея олди. Бунинг мукофотини эса Аллоҳ шу дунёнинг ўзидаёқ берди. Кофир ва итоатсиз кимсаларнинг бари бир лаҳзада шармандаларча ўлим топганида Аллоҳ таоло мўмин бандаларини Ўз раҳмати билан асраб қолди ва шармандали ўлимдан қутқарди. Уларга охиратда ҳам Парвардигорларининг олий мукофотлари насиб этажак! Имонли кишилар ана шундай икки дунё саодатини қўлга киритувчи ва нажотга эришувчи бахтиёр инсонлардир!
67. Зулм қилганларни ҳайқириқ тутди ва ҳаммалари диёрларида ўлик ҳолда ётишарди;
Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига ўта итоатсизлик кўрсатиб исёнга борган, Аллоҳнинг оят ва мўъжизаларини инкор қилган Ҳижр эгалари (Самуд қабиласи), яъни Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми бир лаҳзада ҳалок бўлишди. Ваҳоланки, улар тоғлар бағрида тошдан йўнилган мустаҳкам қалъа уйларда яшашгани учун бизга ҳеч қандай бало-офат кор қилмайди, деб нодонларча фикр қилишарди. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Аниқки, Ҳижр эгалари ҳам пайғамбарларни (хусусан Солиҳни) ёлғончига чиқарган эдилар. Биз уларга Ўз оятларимизни келтирган эдик, лекин улар юз ўгирувчи бўлишди. Улар тоғлардан йўниб, уй ясаб хавфсиз юришар эди. Бас, уларни тонг палласида даҳшатли қичқириқ тутди. Уларга қилиб юрган нарсалари (тошдан ясалган қалъалари) фойда бермади” (Ҳижр, 80-84).
68. гўё бу ерда сира яшамагандек. Огоҳ бўлинглар, Самуд Парвардигорига куфр келтирган эди, огоҳ бўлинглар, Самуд ҳалок бўлсин!
Самуд қавмининг бу итоатсизлиги асрлар оша инсонларга ибрат бўлиб келяпти. «Ҳўлу қуруқ баробар», деганларидай, бир жамиятда гуноҳ ва фисқ ишлар кўпайса, осийлар ва ёмонлар қатори бу ишлардан қайтармаган, бепарво ҳолда томошабин бўлиб турган яхши кишилар ҳам Аллоҳ таолонинг жазосидан қуруқ қолишмайди. Бир донишманддан: «Солиҳ пайғамбарнинг туясини бир-икки киши ўлдиргани ҳолда нега Аллоҳ таоло бутун қавмни ҳалок қилди?» деб сўрашганида: «Чунки бошқалар бунга рози бўлиб туришган эди…», деб жавоб берган экан.
Оқил ва доно кишилар ўтган золим қавмларнинг қисматидан ибрат олишади, ўшаларнинг бошига келган азоб ва балолар ўзларига ҳам келмаслиги учун уларнинг йўлига юришмайди, уларнинг қилмишларини қайтаришмайди, ҳатто улар яшаган жойларга қадам ҳам босмайди. Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табукка кетаётганларида Ҳижрдан ўтаётиб шундай деганлар: “Ўзларига зулм қилувчиларнинг уйларига кира кўрмангки, улар дучор бўлган фалокатга сизлар ҳам йўлиқиб, йиғлаб қоласизлар!” дедилар ва сўнг бошларини ўраб олиб, водийга етгунча уловларини тезлатиб кетдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
69. Фаришталаримиз Иброҳимга хушхабар келтиришди ва «Cалом» дейишди. У ҳам «Cалом» деди ва тезда бузоқ кабобини келтирди.
Абул Баракот Насафий тафсирида келтирилишича, “Пайғамбарлар отаси” деб ном олган Иброҳим алайҳиссалом золим ҳукмдор Намруднинг жазосидан, яъни оловда ёндирилишидан омонда қолганидан кейин хотини Сора ва бошқа яқинларини олиб, она юрти – Ироқнинг Кусо шаҳридан олдин Ҳарронга, ундан ўтиб Фаластинга кўчиб борди. Бу сафарда унга акаси Ҳороннинг ўғли, Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканига биринчи бўлиб имон келтирган жияни Лут (алайҳиссалом) ҳамроҳ бўлди. Кейинчалик Лут алайҳиссалом Садум деган шаҳарда истиқомат қилган ва ўша жойнинг қавмига пайғамбар бўлган. Лут алайҳиссаломнинг қавми инсоният шаънига улкан доғ бўлган бузуқ иллат – баччабозлик балосига мубтало бўлган эди. Улар бунинг устига яна маънавий бузуқлик ва одобсизликларнинг барча кўринишларини қилишар эди. Пайғамбарга итоатсизлиги, куфр ва ширкда бўлишдан ташқари бу қавм одоб-ахлоқ қоидаларини поймол қилиб, Аллоҳнинг улкан жазосига учради ва батамом ҳалок бўлиб кетди. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ўзи кўрадиган фарзанди Исҳоқ ҳақида бир хушхабар етказиш ва Лут алайҳиссаломнинг қавми Ўзи томонидан ҳалокатга маҳкум этилгани хабарини бериш учун унинг олдига бир неча фариштасини одам суратида юборган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига келган фаришталар сони ҳақида ихтилофлар бор. Ибн Аббоснинг (розийаллоҳу анҳумо) айтишича, “Улар уч нафар бўлган: Жаброил, Микоил ва Исрофил”. Заҳҳок: “Улар тўққиз нафар бўлган”, деса, Суддий: “Улар ўн бир фаришта эди”, дейди. Улар нечталигининг аниғини Аллоҳ таоло билади. Фаришталар саломлашишгач, меҳмондўстлиги билан машҳур бўлган Иброҳим алайҳиссалом қараб турмай уларни меҳмон қилиш мақсадида пиширилган бузоқ гўштини келтирди.
70. Унга қўл узатишмаганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида қўрқувга тушди. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дейишди.
Фаришталарнинг пишган бузоқ гўштига қўл урмай туришганини кўрган Иброҳим алайҳиссалом хавотирланиб, қўрқувга тушди. Чунки меҳмоннинг олдига тортилган нарсадан унинг емаслиги яхшилик аломати эмас эди. Шунда фаришталар: «Қўрқма, биз Лут алайҳиссалом қавмини жазолаш учун юборилганмиз», дейишди. Аллоҳ таоло айтади: “Элчиларимиз (фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтишди: “Албатта бизлар мана шу (Садум деган) шаҳар аҳлини ҳалок қилувчидирмиз, чунки унинг аҳолиси золимдирлар” (Анкабут, 31).
71. Ёнида турган хотини кулиб юборди. Унга Исҳоқ ва Исҳоқдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик.
Имом Қуртубийнинг таъкидлашича, бу аёл Иброҳим алайҳиссалом амакиларининг қизи Сора бинти Ҳорон ибн Ноҳур бўлган. Унинг бу жойда туриши баъзи ишларни бажариш ёки меҳмонларга хизмат қилиш мақсадида эди. Ҳазрати Иброҳимнинг хотини Сора меҳмонларга хизмат қилар эди. У фаришталардан ўзларининг омон қолишганини эшитиб, хурсанд бўлди. Бунинг устига фаришталар эр-хотиннинг яқинда Исҳоқ исмли фарзандлари бўлишини, ҳатто унинг ўғли Яъқубни ҳам кўражаклари хушхабарини етказишганида Сора ниҳоятда таажжубга тушиб, кулиб юборди. Чунки ҳазрати Сора тўқсон тўққиз ёшда, эрлари Иброҳим алайҳиссалом эса юздан ошиб кетган эди. Бундай кекса кишиларнинг фарзанд кўришлари ҳақиқатан ҳайратланарли эди. Бундан олдин эса Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил исмли ўғил кўражаги башорати берилган эди.
72. У: «Вой шўрим, ўзим кампир бўлсам, эрим қари бўлса, мен туғармидим?! Бу нарса жуда қизиқ-ку!» деди.
Ўша вақтда Сора фарзанд кўриш ёшидан анча ўтиб кетган, лекин ундан бирор зурриёт дунёга келмаган ҳам эди. Бу башоратни эшитиб, у ҳайратга тушди ва: “Жуда ажойиб иш бўлди-ку! Ўзим аллақачон фарзанд кўриш ёшидан ўтиб кетган бўлсам, эрим Иброҳим ҳам қартайиб қолган бўлса, шу ҳолатда туғармидим?! Менга келтирган башоратларинг жуда қизиқ бўлди, ахир одатда бу ёшдаги аёллар туғмайди-ку!” деди.
73. Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланяпсанми? Эй хонадон аҳли, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлсин, У албатта мақтовга сазовор, олийшарафдир!» дейишди.
Бунга жавобан фаришталар Сорага бундай дейишди: “Нега Аллоҳнинг амридан ажабланасан? Ёки бу ёшда Аллоҳ сенга Ўз қудрати билан фарзанд ато этишидан шубҳаланаяпсанми? Йўқ, бу шубҳанг мутлақо ўринсиздир, чунки Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз! У ҳеч нарсадан ожиз қолмайди, балки У ҳамма нарсага қодир олийшараф Зотдир! Аллоҳ таоло ушбу хонадонни Ўзининг раҳмати ва баракотлари билан чулғаб олсин!”. Яъни, Аллоҳ Ўзи берган неъматларга ҳамду санолар ва шукрлар айтилишга мустаҳиқ, бандаларига яхшиликларни дариғ тутмайдиган Зотдир.
74. Иброҳимнинг қўрқуви кетиб, унга хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми ҳақида баҳслаша бошлади.
Одам суратидаги фаришталар тўсатдан кириб келишганида Иброҳим алайҳиссалом қаттиқ қўрқиб кетган эдилар. Бунинг сабаби шунда эдики, аввало меҳмонлар у кишининг ҳузурига рухсатсиз, бемаҳал кириб келган эдилар. Яна Иброҳим алайҳиссалом улар билан олдиндан таниш эмасдилар. Қолаверса, улар олдиларига қўйилган таомдан тотишмади. Улар билан суҳбатдан кейин фаришталарнинг нима мақсадда келганлари аниқ бўлгач, ҳазрати Иброҳимдан қўрқув аломати кетди, ўзларининг фарзандли бўлишлари башоратидан кейин эса ҳатто қувониб ҳам кетдилар. Бироқ фаришталарнинг Лут алайҳиссалом қавмини жазолаш учун ҳам келганлари хабаридан кейин Садумда жиянлари Лутнинг борлигини фаришталарга эслатиб, уни ҳимоя қилмоқчи бўлдилар. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “(Иброҳим): “Ахир у ерда Лут бор-ку!” деди. Улар айтишди: “Биз у жойда кимнинг борлигини билувчироқмиз. Албатта, бизлар уни (Лутни) ва аҳлини қутқарурмиз. Фақат унинг хотини (кофир бўлгани сабабли) қолувчи (ҳалок бўлувчи)лардандир” (Анкабут, 32).
75. Иброҳим албатта ҳалим, нолон ва юкунувчидир.
Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарларга хос сифатларнинг эгаси эдилар. У киши ҳалим, юмшоқ табиатли, ҳамма ишда дарров Парвардигорларига қайтадиган киши эдилар. Лекин Лут қавмига азоб юборилганидан хабар топгач, қавмни ҳалокатдан асрашни сўраб Аллоҳ таолога ёлбора бошладилар. Шунда фаришталар илоҳий ҳукм ўқиб бўлингани, энди азоб келиши муқаррар эканини айтиб, уни Парвардигорлари билан баҳслашишдан қайтаришди.
76. (Фаришталар айтишди): “Эй Иброҳим, бундан қайт, Парвардигорингнинг ҳукми келиб бўлган, уларга қайтарилмайдиган азоб албатта келади”.
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига бесоқолбозлик, фоҳишабозлик, ахлоқий бузуқлик каби мудҳиш гуноҳларга йўл қўйган золим қавмни ҳимоя қилиш энди бефойдалигини, Парвардигорнинг ҳукми келганидан кейин азобнинг асло қайтарилмаслигини, Ўзининг ҳақ йўлидан чекинган итоатсиз қавмларни ана шундай илоҳий жазо кутиб турганини эслатмоқда. Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради: “Биз фосиқ (фаҳш ишларни қилувчи) бўлганлари учун бу шаҳар аҳли устига осмондан азоб ёғдирувчидирмиз” (Анкабут, 34).
77. Фаришталаримиз Лутнинг олдига келишганида, бундан ҳоли ёмонлашди, ташвишдан юраги сиқилди ва: «Бугун оғир кундир», деди.
Лут алайҳиссалом қавми жуда оғир гуноҳга, яъни бесоқолбозлик балосига мубтало эди. Олдиларига келган фаришталарни бошда танимаган Лут алайҳиссалом бу хушсурат, чиройли, келишган йигитчаларни кўриб, қавмим яна ёмон қилиғини бошлайди, деб ўйлаб жуда қайғуга ботди, ташвишга тушди. Ўз қавмининг ёмон феълини яхши билган Лут алайҳиссаломнинг ўз уйига мусофир кишиларнинг келиши катта хавф туғдирди. Чунки улар кимникига бирор мусофир эркак келса, ўша жойга бостириб кириб, меҳмонни баччавозликка мажбурлашар эди. «Бугун жуда оғир кун бўлади, шекилли», деб хавфсиради. Кейинги воқеалар унинг ташвиши бежизга бўлмаганини кўрсатди.
78. Унинг олдига қавми шошилиб келди. Улар олдин ёмон ишлар қилишарди. У: «Эй қавмим, мана булар менинг қизларим, улар сизлар учун покроқдир, Аллоҳдан қўрқинглар, меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар! Орангизда бирор тўғри йўлдаги одам йўқми?» деди.
Шу ондаёқ ўз пайғамбарлари олдига ёш “йигитча”лар қиёфасида келган фаришталардан хабар топган расво қавм деворлардан ошиб, дарвозаларни синдириб, уникига шошилинч кириб келишди. Шунда қийин аҳволда қолган ҳазрати Лут уларга ўз қизларига уйланишни ёки кўнгилларига хуш келган нарсани қилишни, Аллоҳнинг омонати бўлган меҳмонларни эса тинч қўйишни таклиф этди. Аммо бузуқ қавм бунга рози бўлмади ва Аллоҳ таолонинг оғир азобига учради. Улар яшаётган ўлка ер билан яксон бўлди, барчалари ҳалокатга юз тутди.
Муфассирлар Лут алайҳиссаломнинг «мана булар менинг қизларим» деган сўзи ўз пуштикамаридан бўлган қизларини ҳам ва имон келтириб, у кишига эргашган қизларни ҳам ичига олишини таъкидлаб ўтишган. Лут алайҳиссаломнинг «сизлар учун улар покроқ-ку», дейиши «уларга уйланиб, шаҳватларингизни қондиришингиз учун сизларга пок-ку», деганидир. Бу ердаги «поклик» ҳамма маъноларни – ҳиссий, маънавий, руҳий, жисмоний ва бошқа покликларни ўз ичига олади. Эркак кишининг эркак кишига жинсий яқинлик¬ қилиши энг катта ифлослик, нопокликдир. Лут алай-ҳиссалом қавмини ўша нопокликдан қайтариб, бу борадаги пок йўлга – аёлларни никоҳлаб олишга даъват қилди.
79. Улар: «Бизнинг қизларингга ҳожатимиз йўқлигини биласан, нимани хоҳлаётганимиз ҳам сенга аён», дейишди.
Аммо фосиқ қавмга пайғамбарнинг қизи керак эмас эди. Улар “Сенинг қизларингга хоҳишимиз ҳам, қизиқишимиз ҳам йўқлигини ўзинг яхши биласан, биз нимани хоҳлаётганимизни ҳам яхши билиб турибсан, биз сеникида қўнган ёш йигитчалар билан ишрат қилмоқчимиз”, дейишди.
80. У: «Кошкийди сизларга қувватим етсайди, қанийди мустаҳкамроқ ерга беркина олсам», деди.
Қавмининг ифлос қилмишларидан чуқур изтиробга тушган Лут алайҳиссаломнинг уларни қабиҳ ишларидан қандай қилиб тўхтатишни, уларга қарши қандай чора қўллашни билолмай боши қотди. Аллоҳ таоло имонли бандаларига баён этяптики, сизларнинг бошингизга бирор фалокат ёки мусибат келиб, нима қилишни, қандай чора топишни билолмай танг аҳволда қолганингизда фақат Менинг Ўзимга суянинглар, фақат Мендан нажот ва ёрдам кутинглар. Лут алайҳиссалом ҳам ана шундай ночор ҳолда қолганларида у кишига Аллоҳнинг Ўзи ёрдамга келди. Аллоҳ таоло Ўз фаришталари орқали пайғамбарига бузуқ қавмларининг кирдикорларидан асло ташвишга тушмаслик хабарини етказди.
Муфассирлар Лут алайҳиссаломнинг ушбу гаплари кимга қаратилгани ҳақида икки хил фикр билдиришган: бир гуруҳ Лут алайҳиссаломнинг гаплари қавмига қаратилганини айтади. Бошқа бир гуруҳ тафсирчилар эса «Бу гаплар меҳмон бўлиб келган ёш йигитларга қарата айтилган», дейишади. Шунда «Эй меҳмонлар, сизлар ёш, камқувват кўринасизлар. Қани энди, кучим етсаю, сизларни ҳимоя қилсам ёки мустаҳкам бир паноҳгоҳ топиб, жойлаштирсам», деган маъно чиқади.
81. Улар айтишди: «Эй Лут, биз Парвардигорингнинг фаришталаримиз, улар сенга ҳеч нарса қилишолмайди. Шунинг учун оилангни олиб, тун оққанда чиқиб кет. Хотинингдан бошқа бирор киши ортига ўгирилмасин. У ҳам бошқаларга ўхшаб жазоланади. Уларга жазо тайин қилинган вақт тонгдир. Тонг ахир яқин эмасми?»
Келган фаришталар айтишди: «Аллоҳ таоло қавмингни ҳалок қилиш учун бизларни юборган. Қўрқма, булар сенга қўл теккиза олишмайди. Тунда яқинларингни олиб, шаҳардан чиқиб кет, лекин ҳеч ким ортига ўгирилиб қарамасин, уларга тушган бало-офатларни кўрмасин», дейишди. Ҳазрати Лут хотинидан бошқа барча яқинларини шаҳардан олиб чиқиб кетди. Осмондан золимларнинг номи ёзилган сопол тошлар тушиб, барчаларини бир зумда ҳалок қилди, улар яшаган ўлка олдин таги-туги билан осмонга кўтарилиб, кейин ерга чаппа урилди.
82. Амримиз келганида Биз ўлкаларини ағдар-тўнтар қилиб ташладик ва устидан тинимсиз қаттиқ сопол тошлар ёғдирдик;
Биз «сопол тошлар» деб таржима қилган маъно оятда «сижжил» лафзи билан келган. Бунинг маъносини бир сўз билан англатиб бўлмайди. Луғат уламолари ушбу сўзнинг маъноси ҳақида «тошдай қотган лой» ҳам дейишган. Баъзи уламоларнинг баён қилишларича, Лут қавми истиқомат қилган диёр бешта шаҳар-қишлоқдан иборат бўлган, уларнинг каттаси Садум деб аталган. Аллоҳ таоло уларнинг барчасини остин-устун қилиб ташлаганидан сўнг устидан тошдай қотган лой ёғдирган. Фил сурасида баёни келган Абраҳа лашкари устига ҳам шундай сопол тошлар ёғдирилган эди.
Бузуқлик ва фаҳш ишларга муккасидан кетган Садум каби ифлосликлар юртига Аллоҳнинг азоб ва балолари келиши муқаррар эди. Лут алайҳиссалом қавмининг устига ҳам Аллоҳ азза ва жалла осмондан тошлар ёғдириб, ер қаърига киритиб юборди. Бунинг баёни Қуръони каримда шундай келган: “Тонг пайтида (тўсатдан) уларни даҳшатли қичқириқ тутди. Бас, Биз у шаҳарни остин-устин қилиб юбордик ва уларнинг устига сопол-тош ёғдирдик. Албатта, бунда фаросатли кишилар учун аломатлар бордир” (Ҳижр, 73-75). Ривоятларда келишича, Жаброил алайҳиссалом наъра тортиб, бир қичқирганида унинг товушидан барча садумликлар тутдай тўкилиб, ҳалок бўлган экан. Имом Аъзам мазҳабига кўра, баччавозлик билан шуғулланган кимсалар тоғнинг энг баланд чўққисидан пастга ташлаб юборилади ва орқасидан тошлар отилади. Чунки Лут алайҳиссаломнинг қавмини манфур ишлари учун Аллоҳ таоло шундай жазолаган.
83. Парвардигоринг ҳузурида уларга белги қўйилган эди. Булар золимлардан узоқ эмасдир.
Аллоҳ таоло бузуқликка муккасидан кетган Лут қавмини жазолаш учун улар яшаб турган ўлкани ер билан яксон қилиб ташлади, Лут алайҳиссаломнинг оиласи ва оз сонли издошларигина омон қолишди. Бузуқларга шерик бўлган унинг хотини ҳам ҳалок бўлди. Тарихчиларнинг ёзишларича, Лут алайҳиссалом қавми ҳозирги Ўлик денгиз ўрнида макон тутган экан. Улар яшаган Садум ва Ғоморра шаҳарлари ер остида қолиб кетган, дейишади. Аллоҳнинг амрларига бўйсунмай, фаҳш ишлар ва бузғунчилик қилганлар Аллоҳ таолонинг азобидан ҳаргиз қочиб қутула олишмайди, бундай жазолар золимларни узоқ куттирмайди. Масалан, кейинчалик фаҳшга ботган Помпей шаҳри ҳам туйқусдан отилган вулқон лаваси остида қолиб, батамом ҳалокатга юз тутган. Асримизда ҳам бузуқликлар уяси бўлган айрим юртларга Аллоҳ таолонинг балолари, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли офатлар кетма-кет келаётгани бежиз эмас.
84. Кейин Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга сиғининглар, сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ўлчов ва тарозуни камитманглар! Сизларни яхшиликда кўриб турибман. Улуғ кун азоби бошингизга албатта тушишидан қўрқаман»;
Аллоҳ таоло Мадян қавмига ўзларидан бўлган Шуайбни (алайҳиссалом) пайғамбар қилиб юборди. У ҳам ўзидан олдин ўтган бошқа пайғамбарлар каби бутпарастлик ва мушриклик балосига йўлиққан қавмини ҳеч қандай шериги ёки тенги бўлмаган ягона Аллоҳга сиғинишга даъват қилди. Шу билан бирга савдо ва бошқа ижтимоий муносабатларда бир-бирини алдаш ва чув туширишга одатланиб қолган қавмни тарози ва ўлчовларда ўзгаларни алдамасликка, уларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликка чақирди. Яъни, бу турган яхши, тўкин ҳаётингиз расво феъл-атворингиз, алдамчиликларингиз касофатидан ёмонлашиб кетмасин, охиратда эса Аллоҳнинг ғазабига учраб, Унинг жазосига гирифтор бўлиб қолманглар.
Шуайб алайҳиссалом араблардан чиққан тўрт нафар пайғамбарнинг (Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва Муҳаммад алайҳимуссалом) бири бўлиб, ваъз-насиҳатлари жуда таъсирчан ва фасоҳатли бўлгани учун “Пайғамбарлар хатиби” номини олган. Шуайб алайҳиссаломнинг бувиси Лут алайҳиссаломнинг қизи эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлган Мадян исмли бадавлат ҳукмдор бир шаҳар қурдирган бўлиб, у ҳам Мадян деб аталган.
85. «Эй қавмим, ўлчаб ва тортиб беришда адолатли бўлинглар, одамларнинг нарсаларидан уриб қолманглар ва ер юзида ҳаддан ошиб, бузғунчилик қилманглар».
Мадян аҳолиси асосан араблар бўлиб, Шомнинг жуда катта ҳудудини эгаллаган Маъон водийсида яшашарди. Кейинчалик улар ягона Парвардигорлари Аллоҳни унутишди. Сершох ва серяпроқ бир дарахтни муқаддас санаб, ўшанга сиғина бошлашди ва куфрга муккадан кетишди. Имон кетгач, ахлоқ ҳам барбод бўлганидай бу қавм яна йўлтўсарлик-қароқчилик билан ҳам шуғуллана бошлади. Улар савдо-тижоратда ва ўлчов ишларида хиёнатга берилиб, тарозидан уриш, ҳийла қилиш йўли билан ҳам пул топарди. Шунинг учун Шуайб алайҳиссалом Мадян ва кейинчалик ўзлари пайғамбар этиб юборилган Айка (ҳозирги Табук) аҳолисини ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга ва тижоратда ҳалол бўлишга чақирди. Ширк ва куфрга бориш, одамларга зулм ва ситам қилиб, тинч турган жамиятларни пароканда қилиш энг катта бузғунчиликдир. Одамлар билан муносабатларда инсоф ва адолатдан чекиниш, уларнинг ҳақидан уриб қолиш ҳам бузғунчиликка киради.
86. Агар имонли бўлсанглар, Аллоҳнинг қолдиргани сизларга яхшироқдир ва мен сизларга пойлоқчи эмасман.
«Аллоҳнинг қолдиргани» тижоратдан олинган ҳалол-покиза, боқий қолувчи фойдадир. Агар тижоратчи имонини ва инсофини унутса, ўлчаб ёки тортиб беришда ўзгалар ҳақидан уриб ё ёлғон гапириб, тижоратига ҳаром аралаштирса, унинг фойдаси вақтинчалик бўлади, баракаси кўтарилади ва тижоратчига юқмайди. Шунинг учун Шуайб алайҳиссалом қавмини бундан жиддий огоҳлантиряпти. Аллоҳ таоло барча қилмишларингизни кўриб-билиб турибди, мен сизларга доимий пойлоқчи эмасман, деб таъкидлаяпти.
87. Улар: «Эй Шуайб, наҳотки сенинг намозинг ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларни тарк этишга ёки молларимизни хоҳлаганимизча тасарруф этишдан қайтаришга буюраётган бўлса?! Ахир сен ҳалим ва тўғри йўлдаги кишисан-ку!» дейишди.
Шуайб алайҳиссалом ўта юввош, тўғри йўлдаги ва ростгўй киши эди, Аллоҳга тақвоси туфайли жуда кўп намоз ўқирди. У кишининг серибодатлиги куфрга ботган Мадян аҳолисига хуш келмас эди. Улар очиқдан-очиқ шаккокликка бориб, “Бу ўқиётган намозинг ота-боболаримиз ҳозиргача сиғиниб келган нарсалардан воз кечишга ёки тижоратимизни хоҳлаганимизча қилишдан қайтишга буюряптими?” деб пайғамбарни калака қилишгача журъат этишди.
Қавмнинг яна бир ёмон одати бор эди. Улар йўл бошида ўтириб олиб, Шуайб алайҳиссаломнинг олдига кетаётганларга пайғамбар ҳақида бўлар-бўлмас гапларни айтиб, уларни ортларига қайтариб юборишар, бунга кучлари етмаса, улардан “йўл солиғи” ундиришга ҳаракат қилишар эди. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Шуайб қавми қароқчи эди. Улар йўл бўйига ўтириб олиб, ўтган-кетганлардан солиқ оларди. Инсоният яралганидан буён биринчи йўлтўсарлик ўшалардан чиққан”.
88. У айтди: «Эй қавмим, менда Парвардигоримнинг очиқ-ойдин ҳужжати турганини ва У яхши ризқ билан таъминлаганини берганини кўрмаяпсизларми? Сизларга хилоф қилиб, қайтарган нарсаларимни ўзим қилмоқчи эмасман. Имкон борича ислоҳ қилишдан ўзгасини истамайман. Муваффақият фақат Аллоҳдандир, Унгагина таваккал қиламан, Унгагина илтижо қилурман!»;
Яъни, сизларни нимадан қайтарган бўлсам, энди уни ўзим қилармидим? Аллоҳ таоло Ўз марҳамати билан ҳалол ризқ бериб турган бўлсаю уни нопок этишни асло истамайман. Сизларга қўлимдан келганича яхшиликни хоҳлаганимдан ушбу насиҳатларни қиляпман, лекин бунга муваффақ этиш Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. Шунинг учун Аллоҳга таваккал қиламан ва Ўзига қайтажакман. Мен сизларга мухолифлик қилиб, сизларни қайтараётган нарсани ўзим қилмоқчи ҳам эмасман. Ислоҳдан ўзга нарсани имконим борича хоҳламасман.
Ҳақиқатан қавмнинг бир пешвоси одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарсаю, аммо ўзи бунга амал қилмаса, бундайлар Парвардигорларининг оғир жазосига гирифтор бўлади. Ибн Касирнинг “Қасасул-анбиё” асарида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кофир одамни келтиришади ва дўзахга улоқтиришади. Унинг ичак-чавоғи қорнининг тешигидан чиқиб судралган бўлади. Эшак худди ўз арқонига ўралгандек у ҳам ўз ичакларига ўралиб қолади. Аҳли дўзах унинг атрофига тўпланиб, ундан “Эй фалончи, сенга нима бўлди? Сен амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб юрмасмидинг?” деб сўрашади. Ўша одам: “Тўғри, мен амри маъруф қилардим, аммо ўзим амал қилмасдим, наҳйи мункар қилардим, аммо ўзим ундан қайтмасдим”, деб жавоб беради” (Қоҳира нашри, 161-162-бетлар).
89. «эй қавмим, менга мухолифлик қилиш тағин Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига келган балоларни сизларга ҳам келтирмасин. Лут қавми ҳам сизлардан узоқ эмас!»;
Яъни, ўтган умматлар пайғамбарларига қарши чиқиб, оқибатларини барбод этишди, Аллоҳ таолонинг жазосига учрашди. Сизлар ҳам улар каби менга ва қилган насиҳатларимга ўчакишиб, Аллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлманглар. Ҳазрати Нуҳ, ҳазрати Ҳуд, ҳазрати Солиҳлар қавмининг қандай жазога учрагани қиссалари сизларга яхши маълум, хусусан Лут алайҳиссалом қавмининг замони ва макони сизлардан ҳали унча узоқлашгани ҳам йўқ.
90. «Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, Унга тавба-тазарру қилинглар. Парвардигорим албатта раҳмли ва яхшиликни раво кўрувчидир».
Итоатсизлик ва саркашликда барча чегаралардан ўтиб кетган қавмга қарата Шуайб алайҳиссалом Аллоҳ таолодан мағфират сўраш ҳали ҳам кеч эмаслигини, Унга тавба ва илтижолар қилинса, бандаларига раҳмли ва муҳаббатли бўлган Парвардигорлари уларни албатта кечиришини эслатмоқда. Дарҳақиқат, инсон билиб-билмай қилган гуноҳларига сидқидилдан пушаймон бўлса, тавба қилиб истиғфорлар айтса, Ҳақ таолонинг йўлига қайтса, иншааалоҳ, гуноҳлари мағфират этилади, ёмонликлари яхшиликка алмаштирилади. Шунинг учун у ҳамиша Яратганнинг раҳмат-мағфиратидан умидвор бўлиши, яхши амаллари ва афсус-надоматлари билан Унга астойдил тавба қилиши лозим. Шунда унинг тоғча гуноҳи бўлса ҳам кечирилади. Аллоҳ таоло ҳабиби Ҳазрати Муҳаммадга (алайҳиссалом) амр қилиб айтади: "(Эй Муҳаммад), ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: "Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи мағфиратли ва раҳмли Зотдир" (Зумар, 53).
Демак, ҳар бир инсон доимо Аллоҳнинг кечиришидан умид қилиб яшаши, гуноҳларига ҳар вақт тавба қилиши, уларни яхши амалларни, тоат-ибодатни кўпайтириш билан "ювиши" зарур. Тавба қилишнинг эрта-кечи йўқ. Зеро, унинг эшиклари ҳамиша очиқ. Сарвари Коинот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таълим берганларидай, "Аллоҳ таоло бандасининг тавбасини унинг жони халқумига келгунча қабул қилади" (Имом Термизий ривояти).
91. Улар: «Эй Шуайб, айтаётганларингнинг кўпини тушунмаяпмиз ва сени ичимиздаги ожизлардан эканингни кўряпмиз. Агар қариндошларинг бўлмаганида сени тошбўрон қилган бўлардик, чунки сен бизга азиз эмассан», дейишди.
“Тафсири Насафий”да зикр қилинишича, мушрик қавм Шуайб алайҳиссаломнинг гапларини тушунмаётганини изҳор қилса ҳам, аслида жуда яхши англаб турарди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди, чунки у киши жуда фасоҳатли ва ўта маъноли сўзловчи уста нотиқ бўлган. Уларнинг пайғамбарга “Айтганларингнинг кўпини тушунмаяпмиз” дейишгани “Гапларингнинг тўғри эканига ақлимиз етмаяпти” деган маънодадир. “Агар қариндошларинг бўлмаганида...” дейишларига сабаб, Шуайб алайҳиссаломнинг қавми орасида у кишининг қариндошлари ҳам бор эди. Улар мушрик бўлишса ҳам қариндошлари бўлмиш пайғамбарни ҳимоя қилишлари мумкинлигидан ҳадикда эдилар. Шунинг учун жоҳил мадянликлар пайғамбарни тошбўрон қилишга ботина олишмади.
92. (Шуайб) айтди: «Эй қавмим, наҳот қариндошларим сизларга Аллоҳдан азизроқ бўлса?! Ундан юз ўгиряпсизларми, ваҳоланки Парвардигорим қилмишларингизни қамраб олувчидир»;
Шуайб алайҳиссалом қанчалик жон куйдирмасин, қавмни ҳидоятга йўллаш учун қанчалар ваъз-иршодлар қилмасин, қилмишларининг охиратда қанчалар улкан зарар келтиришини қанчалик куйиб-пишиб тушунтирмасин, жоҳил ва нодон мадянликлар унга эргашишмади. Ўзининг қариндошларини пеш қилиб, ҳамон нотўғри йўлидан қайтмаётган, итоатсизликни ўзига мақсад қилиб олган қавмга қарата Шуайб алайҳиссалом шундай деди: “Наҳотки сизлар учун қариндошларим Аллоҳдан ҳам азизроқ бўлса?! Сизлар қариндошларимнинг риоясини қиляпсизлару аммо ҳаммангизни яратган, сизларга неъматларини тўкис қилиб берган ва хотиржам яшашингизни таъминлаган буюк Парвардигорнинг ваҳийларини инкор қилиб, унинг динидан юз ўгирмоқчимисиз? Ахир У барча қилмишларингизни кўриб-билиб турибди-ку!”
93. «эй қавмим, билганларингни қилаверинглар, мен ҳам шундай қиламан. Яқинда кимга жазо келиб шарманда қилишини ҳам, ким ёлғончи эканини ҳам биласизлар. Кутинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман».
Шуайб алайҳиссалом қавмларининг ҳидоятидан умидини узганидан ва уларнинг Аллоҳ юборган пайғамбарларга қаршиликлари ва тажовузлари кучайганидан сўнг Аллоҳ азза ва жалладан бу осий қавмга азоб юборишини сўраб шундай илтижо қилди: “Эй Парвардигорим, биз билан қавмим ўртасида ҳақиқий ажрим ато эт! Сен ажрим қилувчиларнинг энг яхшисидирсан!” Кейин итоатсиз қавмини Аллоҳ таолонинг азоби келиб, барчалари хор ва шарманда бўлишлари, ана ўшанда кимнинг ёлғончи экани аниқ бўлиши тўғрисида огоҳлантирди.
94. Амримиз келганида Шуайбни ва у билан имон келтирганларга раҳматимиз ила нажот бердик. Зулм қилганларни эса даҳшатли қичқириқ ушлади ва ўз диёрларида юзтубан ётишарди;
Ушбу ояти каримада Шуайб алайҳиссалом қавмини даҳшатли бир овоз, яъни фаришта Жаброил алайҳиссаломнинг ҳайқириғи ҳалок этгани зикр қилиняпти. Аъроф сурасида саркаш қавм зилзила туфайли, Шуаро сурасида эса «азоби явми зилла» (устларига булутлар келиб) йўқ бўлгани айтилади. Ибн Касирнинг айтишича, Мадян қавми учала жазога ҳам учраган, Аллоҳ таоло ҳар қайси сурада уларнинг гуноҳларидан бир қисмини зикр этиб, шунга яраша жазолаганининг хабарини берган.
95. гўё у ерда ҳеч яшамагандек. Самуд ҳалок бўлганидек Мадян ҳам ҳалок бўлсин!
Мадянда кун қизиб кетди, сувлар қайнади. Бу иссиқ офат етти кун давом этди. Кейин осмонда бир булут пайдо бўлди. Одамлар паноҳ излаб шу булутнинг остига тўпланишди. Аммо кутилмаганда булутдан олов сели ёғилди ва Айка аҳолисининг ҳаммаси ёниб, кулга айланди. Мадян аҳолиси эса даҳшатли бир ҳайқириқдан бир зумда тутдай тўкилиб, шу ондаёқ ёппасига ҳалок бўлди. Қуръони каримда бунинг зикри шундай келган: “Бас, улар (Шуайбни) инкор этишгач, уларни “соябон куни”нинг азоби тутди. Дарҳақиқат, у улкан (даҳшатли) куннинг азоби эди. Албатта бунда ибрат бордир, (аммо) кўплар имон келтирувчи бўлмади” (Шуаро, 189-190). Шуайб алайҳиссалом қавми итоатсизлик қилавергани учун Аллоҳ таоло ана шундай иссиқлик балосини юбориб, барчасини бир зумда ҳалок қилди.
96. Кейин Биз Мусони оятларимиз ва очиқ-ойдин далилларимиз билан юбордик;
Аллоҳ таоло Қуръони каримда зикр этган пайғамбарларнинг қиссалари орасида Мусо алайҳиссалом қиссаси энг катта ва муфассал баён этилгани билан ажралиб туради. Мусо алайҳиссаломнинг номи Қуръони мажиднинг ўттиз тўрт сурасида бир юз ўттиз олти марта тилга олинади. Қадимда Миср мулкида жуда кўп Фиръавнлар (яъни подшоҳлар) ҳукмронлик қилишган ва улар ўзларига юборилган пайғамбарларнинг динидан юз ўгиришмаган. “Тарихи Табарий”да ёзилишича, Мусо алайҳиссалом даврида Фиръавнларнинг энг қалби қораси, нияти бузуғи, адовати кучлиси ва ҳатто мушриклигидан худолик даъвосини қилишгача борган Волий ал-Валид ибн Мусъаб (ғарбда уни Рамзес Иккинчи деб номлашган) Миср тахтига ўтирганидан кейин у Бани Исроил қавмининг бошига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган хорлик, уқубат ва кулфатларни солди. Аллоҳ таоло ана шу Фиръавн ва унинг аъёнларини тавҳидга, инсоф ва диёнатга чақириш учун Мусо алайҳиссаломни ваҳийлари ва мўъжизавий далиллари билан юборган эди. Муфассирларнинг ёзишича, бу далилларнинг энг кучлиси Ҳазрати Мусога берилган асо бўлиб, у Фиръавн сеҳргарларининг кучли сеҳри қаршисида қолганида Аллоҳнинг изни билан аждаҳога айланиб, сеҳргарлар ташлаган илонларни бирма-бир ютиб юборган.
97. Фиръавн ва унинг аъёнларига. Улар эса Фиръавн амрига бўйсунишди, Фиръавннинг амри эса нотўғри эди.
Фиръавн ҳам, унинг кўп сонли аъёнлари ҳам Аллоҳнинг амридан чекинган, ҳаддидан ошган, Исроил авлодларига чексиз зулм ва ваҳшийлик қилган нобакор кимсалар эди. Улар ўз подшоҳлари бошчилигида улуғ пайғамбарлар келтирган Аллоҳнинг ҳақ динидан юз ўгириб, юлдузлар ва бутларга сиғинишар эди. Фиръавн коҳинларнинг Бани Исроилдан чиқувчи бир бола подшоҳни ўлдириши ҳақидаги “башорати”га учиб, Исроил авлодидан чиққан ҳамма ўғил болаларни ўлдиришга буюради. Бу бадбахт ҳукмдор шунчалик ҳаддидан ошадики, “Мен олий роббингизман” дея қавмни ўзига сиғинишга буюради. Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳикматини қаранг, Фиръавннинг кушандаси бўлган Мусо алайҳиссалом турли йўллар билан унинг зулмидан омон қолгани устига у Подшоҳ хонадонида, унинг хотини томонидан тарбия қилинади.
98. Қиёмат куни у қавмини эргаштириб уларни дўзахга олиб тушади. Тушадиган жойлари қандайин ёмон-а!
Золимларга жазони кечиктирмай берувчи Аллоҳ азза ва жалла Фиръавн ва унинг атрофидагиларнинг жазосини берди. Улар зулм ва хорликлардан Аллоҳнинг паноҳига қочиш учун Мисрдан бош олиб кетаётган Бани Исроил қавмини қувиб кетишаётганда Аллоҳнинг иродаси билан денгиз иккига бўлинади ва Бани Исроил ундан эсон-омон ўтиб олади. Уларни таъқиб этаётган фиръавнийлар эса ёппасига денгизга ғарқ бўлиб, ҳалокатга юз тутади. Охирги лаҳзаларда Мусонинг Роббисига имон келтирмоқчи бўлган Фиръавннинг илтижоси инобатга ўтмади.
Саид ибн Жубайр ривоятида Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Фиръавнни сувга ғарқ қилган пайтда у бармоқлари билан ишора қилиб, баланд овозда “Мен Бани Исроил имон келтирган ягона Аллоҳга имон келтирдим”, деди”. Аммо энди кеч эди.
99. Уларни дунёда ҳам, қиёмат куни ҳам лаънат таъқиб қилади. Берилган «ёрдам» қандайин ёмон-а!
Фиръавннинг қавми ва аъёнлари бу дунёда унга эргашиб, нимани буюрса, шунга итоат қилиб юришган эди. Улар на пайғамбарлар насиҳатига қулоқ солар, на бўлаётган ишлар ҳақида фикр юритишар эди. Қиёмат куни келганида Фиръавн барчаларини етаклаб дўзахга туширди. Кофир ва мушрик ҳукмдорларга эргашган кимсаларнинг ҳоли жуда аянчли бўлди: улар дунё ва охиратда лаънатга дучор бўлишди, гумроҳликлари учун дўзах оташи билан «мукофотланишди».
100. (Эй Муҳаммад), булар Биз сизга баён қилаётган ўлкаларнинг қиссаларидир. Улардан сақланиб турганлари ҳам, йўқолганлари ҳам бор.
Аллоҳ таолонинг Каломида зикр этилган ва юқорида қиссалари келтирилган қавмлар пайғамбарларига итоат этишмади, уларни калака қилишди, хўрлашди, ҳатто жисман қийнашгача боришди. Оқибатда Аллоҳ таолонинг қаттиқ ва аламли азобига гирифтор бўлишди. Бундай золимлар яшаган жойларнинг баъзилари (масалан, Мисрдаги Фиръавн макони) бугунгача сақланиб қолган, баъзиларини эса Аллоҳ таоло батамом ер юзидан супириб, йўқ қилиб ташлашни ирода қилган.
101. Биз уларга зулм қилмадик, балки улар ўзларига зулм қилишди. Парвардигорингизнинг амри келганида Аллоҳни қўйиб сиғинган илоҳлари асло фойда бермади, уларга зиёндан бошқасини кўпайтирмади.
Аллоҳ таоло бирор қавмни жазолашни истаса, ҳеч ким Унинг азобидан қутқара олмайди. Бундай ҳолатларда улар сиғиниб юрган маъбудлари ҳам ҳеч нарса қила олмайди, ваҳоланки адашганларнинг ҳалокатига ана шу бут-санамлар, маъбудлар сабабчи эди. Аллоҳ таоло айтади: “Бунга сабаб, (сизларни) Аллоҳ ибодатига даъват қилинганда кофир бўлиб, агар Унга ширк келтирилса, ишониб кетишингиздир. Бас, ҳукм олий ва буюк Аллоҳникидир!” (Ғофир, 12).
102. Аҳолиси золим юртларни тутганда Парвардигорингизнинг тутиши шундайдир. Унинг тутиши албатта аламли ва шиддатлидир.
Аллоҳ таоло Ер юзидаги барча миллат ва қавмларга пайғамбарлар юбориб, уларни ҳидоятга ва ҳақ йўлга чорлашларини амр этган экан, ҳукмининг ижросини ҳам Ўз назоратига олган. Дунё ҳаётида имонга келиб, солиҳ амалларни қилган бандаларига жаннатдаги абадий роҳат-фароғатни ваъда қилган бўлса, Ўзига осийлик қилиб, куфр ва ширкда ўтиб кетган кимсаларни қаттиқ азоб-қийноқлар билан жазолаши ҳақида огоҳлантирган. Ҳақиқатан Аллоҳ азза ва жалланинг азоб ҳамда жазоси муқаррар, ўта қаттиқ, аламлидир. Қавмларнинг бошига келадиган Аллоҳнинг азоби эса уларнинг қилмишлари ва кирдикорлари сабабидандир. Аллоҳ таоло айтади: «Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир» (Рум, 41); «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз билан қилган нарса-гуноҳ сабабли (етур)» (Шўро, 30).
103. Албатта бунда охират жазосидан қўрққанга ибрат бордир. Ушбу кун одамлар тўпланадиган ва гувоҳ бўлинадиган Кундир!
Яъни, Ер юзида олдин ва кейин яшаб ўтган барча инсонлар қиёмат куни Ҳашр (жамланиш) майдонига тўпланади. Ҳар бир инсоннинг қилган яхши-ёмон ишлари ҳисоб-китоб қилиниб, шунга яраша илоҳий мукофот ё жазосини олади. Буни ҳамма кўриб, шахсан гувоҳ бўлиб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни одамлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда, қулоқларининг юмшоғигача терга ботиб юришади”, дедилар. Шунда Савда онамиз: “Вой, қандай шармандалик, бировнинг кўзи бошқасига тушмайдими?” деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолишади”, дедилар ва (ушбу оятни ўқидилар): “(Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур” (Абаса, 37).
104. Уни маълум муддатгача кечиктириб турамиз.
Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига итоатсизлик қилиб, илоҳий амрларни инкор этаётган нодонлар ўзларининг кўп марталаб огоҳлантирилганларига қарамай, Парвардигорнинг азоби ҳали-бери келмайди, деб хотиржам бўлишмасин ёки азобдан қутулиб қоламиз, деб хомтама ҳам бўлишмасин. Аллоҳ азза ва жалла бандаларини синаш ёки уларнинг инсофга келиб, ўзларини ўнглашларига имкон бериш учун азоб ва жазоларини маълум муддатга кечиктиради, холос. Осийларнинг бошига келувчи оғир азоблар муқаррардир, бунга ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас!
105. Ўша кун келганида Унинг изнисиз ҳеч ким гапирмайди. Уларнинг орасида бадбахтлари ҳам, бахтлилари ҳам бўлади.
Қиёмат куни келганида Аллоҳ таолонинг изнисиз бирор инсон гапира олмайди. Чунки бу кун ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қоладиган, ҳар қандай баҳона-сабаблар инобатга олинмайдиган, гуноҳ ва айбларни яширишга ҳеч қандай имкон қолдирилмайдиган даҳшатли кундир. Баъзи муфассирлар ояти каримадаги “гапира олмайди” жумласини “шафоат қила олмайди”, айримлари эса “умуман гапирмайди” деб тафсир қилишган. Инсонларнинг қиёмат куни Ҳашр майдонидаги ҳолатлари шундайки, бу куннинг даҳшатидан айримлар тилдан қолган бўлади, бошқаларига гапиришга изн берилади, айримларнинг хавф-хатарлари енгиллашгач эса ўзларини оқлаш учун баҳслашиб, айбларидан тонишга уринишлари ҳам кузатилади. Ўша пайтдаги ҳисоб-китобдан яхши ўтиб, номаи аъмоллари ўнг томонларидан берилганлар саодатманд инсонлар бўлишса, дунё ҳаётида куфр ва ширк сиртмоғида ўтиб кетганлар энг бахтсиз кимсаларга айланишади.
106. Бадбахтлар дўзахда бўлишади, у ерда фақат инграб-сиқташади.
Қиёмат кунининг даҳшати ва ҳайбатидан Аллоҳ таолодан ўзга бирор кимса ҳатто гапиргани лаб қимирлата олмайди. Ўша куни Маҳшаргоҳга тўпланган халойиқ иккига бўлинади: бир томонда бадбахтлар гуруҳи, иккинчи томонда некбин, саодатманд инсонлар гуруҳи. Дунёда ширк ва куфр ботқоғига ботиб, бахтини бой берганлар албатта дўзахга тушади. У ерда илоҳий азобга чидай олмай гоҳ эшак каби ҳанграса, гоҳ инграб-додлайди. Бу азоб-қийноқлар бир зум ҳам тўхтатилмайди, дўзахийлар жаҳаннамда абадий қолишади. Ояти каримадаги “зафир” сўзи “дод, инграш” маъноларини, “шаҳиқ” сўзи эса “йиғи, фарёд” маъноларини англатади. Аслида, “зафир” лафзи қийналиб нафас олишга, “шаҳиқ” сўзи эса қийналиб нафас чиқаришга ишлатилади. Демак, дўзахийлар нафас олишнинг қийинлигидан дод солиб, нафас чиқаришнинг машаққатидан фарёд чекадилар.
107. Улар осмонлару Ер тургунча ўша жойда абадий қолишади. Фақат Парвардигорингиз хоҳлаганлар мустасно. Парвардигорингиз нимани хоҳласа, ўшани албатта амалга оширувчидир.
Дунёда фақат гуноҳ ишлар қилиб, имонга келмаган ёки Парвардигорига бут-санамларни шерик қилган бадбахт кимсалар Аллоҳ таолонинг иродасига кўра дўзахда мангу қолишади. Фақат Аллоҳ хоҳласа, улардан баъзиларини абадий қийноқдан озод қилиб, жаннатига киритиши мумкин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла истаганини қилади: хоҳлаган бандасини кечиради, хоҳлаганини азоблайди, истаганини Ўзининг раҳматидан баҳраманд этади. Баро ибн Озиб ривоят қилган ҳадисда куфрга ботган банда ҳақида шундай дейилади: “Кейин унга дўзах тарафдан бир эшик очиб қўйилади ва у қиёматгача ўзининг дўзахда ўтирадиган жойига қараб ётади”.
108. Бахтлилар жаннатдадирлар, то осмонлару Ер мавжуд экан, у ерда абадий қолишади. Парвардигорингизнинг хоҳлагани мустасно. Бу битмас-туганмас атодир.
Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига итоатда бўлган бахтиёр инсонларнинг мукофоти эса абадий қолинадиган жаннатдир. Жаннатдаги шодмон ва фароғатли ҳаёт асло туганмасдир, осмонлару Ер тургунча боқийдир. Лекин имонлари саломат қолган мусулмонлар қилган гуноҳлари бадалига дўзахда Аллоҳ таоло хоҳлаганча бир муддат қолишгач, кейин ундан чиқарилиб, жаннатга киришади. Абдуллоҳ ибн Умардан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деганларга ўлим чоғида ҳам, қабрда ҳам, қайта тирилишда ҳам қўрқинч йўқдир. Гўё мен уларнинг (қиёмат кунидаги) қичқириқ чоғида бошларини тупроқдан кўтариб: “Биздан ғам-ғуссани кеткизган Аллоҳга ҳамд бўлсин” деяётганларини кўриб тургандайман” (Табароний, Абу Яъло ва Байҳақий ривояти).
109. (Эй Муҳаммад), улар сиғинаётган нарса борасида шубҳага борманг, олдин ота-боболари сиғинаётганидек сиғинишаверади. Биз ҳам уларнинг насибасини тўлиғича, камитмай берамиз.
Яъни, уларнинг ота-боболарига ҳам ширк ва куфрлари учун жазо берган эдик, буларга ҳам қилмишларига яраша жазоларини асло камайтирмай берамиз, улар охиратда аламли азобларимизни кўришади. Қуръони каримда шундай баён этилади: “Ёки Уни қўйиб, (бошқа) “илоҳ”ларни ўзлаштиришдими? (Эй Муҳаммад), айтинг: “Ҳужжатларингизни келтиринг. Мана шу мен билан бирга бўлганларнинг эслатмаси (Қуръон) ва мендан аввалгиларнинг эслатмалари (Таврот, Инжил). Йўқ, уларнинг аксарияти ҳақиқатни билмай туриб, (тавҳид ва итоатдан) юз ўгирувчилардир” (Анбиё, 24).
110. Мусога Китоб берган эдик, шунда у ҳақда ихтилоф қилинди. Агар Парвардигорингизнинг Сўзи бўлмаганида эди, уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлар эди. Улар у ҳақда шак-шубҳададилар.
Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳузуридан Таврот нозил қилинганидан кейин у киши Китобни қавмларига олиб келиб, ундаги аҳкомларга амал қилишни буюрдилар. Бани Исроил эса пайғамбарга эътироз билдириб, “Тавротдаги барча ҳукмларни бизга шарҳлаб-тушунтириб беринг, агар бизга маъқул келса, уларни қабул этиб, амал қиламиз”, дейишди. Мусо алайҳиссалом уларга бир неча бор мурожаат қилсалар ҳам, улар сўзларидан қайтишмади. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарига буюрди, улар катта бир тоғни кўтариб, Ҳазрати Мусонинг қавми устига келтиришди. Тоғ қавм устида булутдек соя солиб турарди. Фаришталар қавмга хитоб қилиб: “Агар Тавротдаги бор ҳукмларни тўлалигича қабул қилмасанглар, бошингизга мана шу тоғни ташлаб юборамиз”, дейишди. Қавм Тавротни қабул қилди. Сажда қилишга буюрилган эди, тоғнинг бошларига тушиб кетишидан хавфсираб, бир юзларини ерга қўйган, иккинчисини осмонга қаратиб, кўз қири билан тоғни кузатган ҳолда сажда қилишди. Ибн Касирнинг “Қисасул-анбиё” асарида келтирилишича, Абу Бакр ибн Абдуллоҳ шундай деган: “Аллоҳнинг фаришталари тоғни кўтариб, Бани Исроил қавмига таҳдид қилгач, сўнг азоб кўтарилганда ер юзидаги жамики тоғлар, тош ва дарахтлар силкиниб кетди”.
111. Парвардигорингиз ҳамманинг амалига ярашасини мукаммал беради, чунки қилаётган ишларидан У хабардордир.
Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳеч бир сир яширинча қолмайди, бирор бандасининг қилмишидан У бехабар эмас. Парвардигорингиз зарра миқдоридаги яхшиликни ҳам мукофотсиз қолдирмайди, зарра миқдорича ёмонликни ҳам жазосиз қолдирмайди. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсадан, ҳар бир ишдан яхши хабардор бўлгани боис, бандалар дилларидаги ёвуз ниятларини, ширкона ғаразларини буюк Парвардигорларидан яшириб қоламиз дея овора бўлишмасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бундай огоҳлантирган: “Ҳамма учун қилган амаллари сабабли даражалар бордир. Аллоҳ уларга қилган амалларининг (мукофот ёки жазосини) мукаммал берур ва уларга ноҳақлик қилинмас” (Аҳқоф, 19).
112. Демак, (эй Муҳаммад), буюрилганидек сиз ва сиз билан тавба қилганлар тўғри йўлда бўлинглар, ҳаддан ошманглар, чунки У нима қилаётганларингизни кўриб турувчидир.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримаси орқали Ўзининг ҳабиб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотга эргашган мўминларга тўғри йўлда бўлишни, ҳаддан ошиб, Парвардигорнинг белгилаб берган чегараларини бузмасликни буюрмоқда. Алоуддин Хозиннинг “Лубобут-таъвил фи маъонит-танзил” тафсирида келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўғри бўлишга буюрилганларида бу у зотга қаттиқ таъсир қилган. Ушбу оят ҳақида кўп тафаккур қилганларидан “Ҳуд сураси сочимни оқартирди”, деганлар. Суфён Сақафий розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломга “Менга Исломдан шундай бир сўз айтингки, Сиздан кейин у ҳақда бошқа ҳеч кимдан сўрамай” деганида Расули акрам: “Аллоҳга имон келтирдим”, дегин ва тўғри бўл!” деганлар”.
113. Зулм қилганларга суянманглар, токи сизларни олов тутмасин! Сизларга Аллоҳдан ўзга бирон дўст топилмайди, сўнг сизларга ёрдам ҳам берилмайди.
Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотга эргашиб имон нури билан шарафланган ва Исломда янги ҳаёт бошлаган мўминларга қаратилгандир. Уларга айтиляптики, ер юзида бузғунчилик ва адолатсизлик тартибларини ўрнатиб, Аллоҳнинг бандаларига зулм қилаётганларга асло суянманглар. Улар ҳеч қачон сизларга дўст бўлишмайди, сизларнинг Аллоҳдан ўзга дўстингиз бўлмайди. Агар бу золимларга суянгудай бўлсангиз, кейин сизларни дўзах ўтидан қутқаришда асло ёрдам берилмайди. Замахшарийга кўра, оятдаги “сумма” (кейин) сўзи замоннинг давомийлигини билдирмайди, балки Аллоҳдан келадиган ёрдамни қачондир олишнинг имконсизлигини англатади.
114. Кундузнинг бошию охирида ва кечанинг бир қисмида намозни адо қилинг. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Булар эсловчиларга эслатмадир.
Яъни, кундузнинг бошида бомдод ва пешин намозларини, охирида аср ва шом намозларини, кечанинг олд қисмида эса хуфтонни барча рукнларига амал қилиб адо этинглар. Чунки намоз барча гуноҳ ва фаҳш ишларга каффорат (эваз) бўлади. Ақлингизни ишлатиб, бу насиҳатлардан хулоса чиқаринглар. Муоз ибн Жабал (розийаллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўзига ҳалол бўлмаганга тегишган, жимодан бошқа эркак киши қиладиган ҳамма ишни қилган одам ҳақида нима дейсиз?” деди. У зот (алайҳиссалом): “Чиройли таҳорат қил, сўнг намоз ўқи”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни охиригача нозил қилди. Мен: “Бу оят фақат шу одам учунми ёки мусулмонлар учун умумийми?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу оят барча мусулмонлар учун умумийдир”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ! Гуноҳнинг изидан уни кетказадиган яхшилик қил!” деганлар (Имом Термизий ривояти). Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид-дин”ида ёзилишича, “Масжидда жунуб ҳолда ўтириш гуноҳига – масжидда ибодатлар билан машғул бўлиб эътикоф ўтириш савоби каффорат бўлади. Мусҳафни таҳоратсиз ушлаш гуноҳига Қуръондан кўп қироат қилиш, уни ўпиб ҳурматлаш, вақфга тарқатиш каффоратдир. Маст қилувчи ичимлик ичиш гуноҳига ҳалол-пок ичимликларни садақа қилиш каффорат бўлади”.
115. (Эй Муҳаммад), сабрли бўлинг, албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг мукофотини бермай қўймайди.
Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари бошига қавмни тавҳидга чақиришда, уларни ҳақ йўлга чорлашда жуда катта машаққатлар, нодон ва жоҳил қавмнинг азият ва озорлари етган. Кофир ва мушриклар айрим пайғамбарларга жисман тазйиқ етказиш, ҳатто уларни қатл қилишгача боришган. Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида ана шундай машаққат ва хорликлар қаршисида ночор қолган пайғамбарлар сабрли бўлишга чорланади. Бунинг эвазига эса Аллоҳнинг улуғ мукофоти кутиб тургани башорати берилади. Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари сабр-бардошда инсониятга ибрат бўлишган. Энг суюмли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, золим Фиръавннинг чидаб бўлмас хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломларнинг буюк сабрлари инсониятга ибрат ўлароқ тарих саҳифаларида қолган. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммаддан (алайҳиссалом) олдин ҳам барча элчиларини илоҳий ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда бошларига тушаётган машаққат ва озорларда сабр кўрсатишга буюрган.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Пайғамбарини ҳам, мусулмонларни ҳам даъватни етказишда, инсонларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантиришда ниҳоятда сабрли бўлишга чақирмоқда. Исломнинг илк даврида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ваҳийларини маккаликларга етказиш, уларни ҳақ динга даъват қилишда катта қийинчилик, мусибат ва озорларга дуч келдилар. Буларни фақат сабр-бардош билангина енгиш мумкин эди. Чунки сабр инсоний фазилатларнинг энг муҳими ва афзалидир. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига бундай амр қилади: “Бас, (эй Муҳаммад), сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг” (Аҳқоф, 35).
116. Сизлардан олдинги даврда ўтганлар ичида бузғунчиликлардан қайтарадиган фозил кишилар бўлганида эди! Лекин улар орасида Биз нажот берган озчиликкина шундай қилишди. Зулм қилганлар эса ўз маишатларини кўзлаб кетишди ва гуноҳкорлардан бўлиб қолишди.
Аллоҳ таоло олдин ўтган халқларнинг қиссаларини баён этиб Муҳаммад алайҳиссалом умматларини огоҳлантирадики, агар ўша халқларнинг фозил кишилари инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб туришганида, яъни амри маъруф ва наҳйи мункарни кўпайтиришганида бу бало-офатлар бўлмас эди. Фақат Биз нажот берган озчиликкина шундай қилган, холос. Ўзига зулм қилганлар эса насиҳатларга қулоқ солмай, айш-ишратга, нафс ва шайтон йўлига кириб кетишди ҳамда гуноҳга ғарқ бўлишди. Ишончли ҳадисда айтилишича, қайси жамоанинг пешволари золимнинг қўлидан тутиб, зулмидан қайтармаса, халққа амри маъруф ва наҳйи мункар қилишдан ўзини тортса, Аллоҳ таоло тезда шундай бало-офатларни юборадики, бундан бирор киши, ҳатто ўша пешволарнинг ўзлари ҳам қочиб қутула олишмайди.
117. Аҳолиси солиҳ шаҳарларни Парвардигорингиз ноҳақлик билан вайрон қилувчи эмасдир.
Аҳолиси имон билан шарафланган, Аллоҳ таолодан қўрқувчи, Унинг пайғамбарларига итоат этувчи, солиҳ амаллари билан охиратга захира тайёрловчи инсонлар бўлган шаҳар ва юртларни Аллоҳ таоло ҳеч қачон вайрон қилмайди. Аллоҳ азза ва жалла бундай ўлкаларни хароб қилмасликка, аксинча куфр ва гуноҳга ғарқ бўлиб, Парвардигорларига итоатсизлик қилишга ўтган қавмларнинг шаҳар-қишлоқларига тезда азоб юборишга ваъда қилган. Шунга биргина мисол: Қадимги Рим салтанатига қарашли Помпей шаҳри (ҳозирги Италия жанубида) денгиз соҳилида жойлашган гўзал ва обод шаҳарлардан эди, у аслзодаларнинг энг севимли дам олиш жойи бўлган. Шаҳар иқтисоди туну кун давом этадиган маишатбозликлар, бузуқчиликлар, судхўрлик, порахўрлик, тарозидан уриш, қиморбозлик, қўшмачилик, бесоқолбозлик, фоҳишабозлик, ҳаммомлардаги ишрат каби Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан келадиган ҳаром маблағлар асосига қурилган эди. Фаҳш ва бузуқликка тўлган Помпейни ҳалокат кўп куттирмади. Милоднинг 79 йили августида шаҳар устига Везувий вулқонининг даҳшатли олов сели қўққисдан ёпирилиб келди. Унинг ҳалол, диёнатли кишилари вулқон отила бошлаганини кўрибоқ, кемаларга ўтиришди ва фалокатдан жон асраб қолишди. Аммо ахлоқсиз, бузуқ кимсалар эса буни кўриб туришса ҳам «бизларга таъсир этмайди», деб ишратларини давом эттиришди ва шундай ҳолларида олов-чўғ остида даҳшатли ўлим топишди.
Шуниси ҳайратланарлики, Везувий вулқони Помпей ва Гергулан шаҳарларини яксон этиб ташлаганига қарамай, ўзининг шундоқ ёнгинасидаги Неапол шаҳрига мутлақо зиён етказмаган. Чунки Неапол аҳолиси помпейликлар каби бузуқ ишларга мубтало бўлмаган эди. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: «Биз қанча маишати ҳаддан ошган қишлоқ-шаҳарларни ҳалок қилдик. Бас, ўшаларнинг масканлари улардан кейин камдан-кам маскан қилинди. (Уларнинг барчалари ҳалок бўлдилар) ва (уларнинг диёрларига) Биз Ўзимиз ворис бўлиб қолдик…Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим-кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик» (Қасас, 58,59).
118. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида инсонларни бир уммат қиларди, аммо улар мудом ихтилофга боришаверади;
Агар Аллоҳ азза ва жалла хоҳласа, Ер юзидаги барча инсонларни бир хил қилиб яратган, бир тилда сўзлагувчи, бир динга эътиқод қилувчи этиб қўйган бўлур эди. Аммо У Зот ўзи биладиган ҳикматга кўра бундай қилмади. Парвардигорларининг буюк ҳикматини англаб етолмаган қавмлар бир-бирлари билан ҳамиша ихтилофга боришади, бузғунчилик ва тажовузга йўл қўйишади, талашиб-тортишиб, фитна ва фасод тарқатиб, ер юзидаги осойишта ҳаётга раҳна солишади.
119. Парвардигорингиз раҳм қилганлар эса бундан мустасно. Уларни шунинг учун яратган. Бу билан Парвардигорингизнинг: «Дўзахни жин ва одамларнинг бари билан тўлдираман» деган Сўзи ҳақ бўлди.
“Парвардигор раҳм қилганлар” Аллоҳ ва Унинг ваҳийларига имон келтириб, Унинг Пайғамбарига эргашган саодатманд кишилардир. Чунки Аллоҳ азза ва жалла инсонларни Ўзигагина ибодат қилишлари учун яратган. Лекин куфрда ўтиб кетган жин ва одамларнинг барини дўзах оловида азоблаши ҳақида Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлар эдик. Лекин Мен томондан: “Мен жаҳаннамни (куфрдаги) барча жин ва одамлар билан тўлдиргайман” деган сўз муқаррар бўлгандир” (Сажда, 13).
120. (Эй Муҳаммад), қалбингизни саботли қилиш учун сизга пайғамбарлар қиссасини баён этаётирмиз. Уларда сиз учун ҳақиқат, мўминларга насиҳат ва эслатма бордир.
Ширк ботқоғига ботган инсонларни ҳақ динга даъват қилишда Аллоҳ таолонинг бошқа пайғамбарлари қатори охирзамон элчиси Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўп азият ва қийноқларга, хорлик ва машаққатларга дуч келдилар. У зотнинг қалбларига тасалли, таскин бериш иродаси билан Аллоҳ таоло Ўз ваҳийлари орқали ўтган пайғамбарларнинг қиссаларини баён этди. Ҳар бир пайғамбар ўзига хос сифат- фазилатларга эга бўлгани учун уларнинг тарихида ва ҳаёт йўлида инсонлар учун сабоқ ва етарли ибратлар жуда кўп. Пайғамбарлар Аллоҳ ҳузурида олий мартабада бўлишгани, Аллоҳ уларни инсонлар ичидан танлаб олиб, Ўзининг фазли ва иноятидан баҳралантиргани учун ҳам уларнинг тарихи, ҳаёти ва даъват ишидаги жонбозликлари ҳар бир мусулмон учун катта ибрат мактабидир. Шунинг учун ҳам Қуръони каримнинг жуда кўп сураларида Одам алайҳиссаломдан тортиб барча пайғамбарларнинг зикри ва қиссалари муфассал баён этиб берилган. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй имон келтирганлар), сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21).
121. Имон келтирмайдиганларга айтинг: «Ўз ҳолингизча иш қилаверинглар, биз ҳам иш қилувчилармиз»;
Яъни, сизлар, эй мушриклар, қайси йўлдан борманг, қандай режаларни тузманг, нима фитналарни ўйлаб топманг, биз динимиздан, эътиқодимиздан, ҳидоят йўлидан асло қайтмаймиз! Аллоҳ таоло охирги Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, мушрикларнинг тазйиқ ва пўписалари сизни ташвишга солмасин, уларнинг қилмишларига яраша жазоланишларига оз қолди. Улар шуни билиб олишсинки, ҳозирча амрларимизни инкор қилиб туришаверишсин, аммо уларнинг итоатсизлиги Аллоҳнинг динига ҳеч қандай тўсиқ бўла олмайди. Имондан бебаҳра кимсалар Аллоҳ таолодан ва Унинг охиратдаги жазосидан қўрқмаганлари учун ҳам кўнгилларига ёққан ёмонликларни ва гуноҳ ишларни қилишаверади, бунда ҳеч нарсадан тап тортишмайди. Улар билишмайдики, тез орада Аллоҳнинг жазоси уларни ернинг остидан ҳам топиб олади.
122. «мунтазир бўлинглар, биз ҳам мунтазирмиз».
Модомики Аллоҳга, Унинг пайғамбарларига ва улар орқали юборган ваҳийларига имон келтирмас экансиз, қўлингиздан келган ишни қилаверинглар. Бизлар эса фақат Аллоҳнинг айтганини қиламиз. Сизлар ўзингизга ўхшаш имонсизларга келадиган азобларни мунтазир бўлиб кутиб туринглар, бизлар эса ўзимизга ўхшаш мўминларга келган нажотга мунтазирмиз.
123. Осмонлару Ернинг ғайбий нарсалари Аллоҳга хосдир. Барча ишлар Унга қайтарилади. Демак, Унгагина сиғининг, Унгагина таваккул қилинг. Парвардигорингиз қилаётган амалларингиздан бехабар эмасдир.
Сир-синоати фақат Аллоҳгагина аён бўлган малакут дунёси, руҳлар олами, келажакдаги ҳодисалар каби ғайбий (яширин) нарсалар инсоннинг ақл-идрокидан ташқаридаги илоҳий ҳикматлардандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридаким, уларни ёлғиз Ўзигина билур” (Анъом, 59). Юқоридаги ояти каримада эса Аллоҳ суюкли Расулига хитоб қилиб айтяптики, эй Пайғамбар, сиз кофирларнинг куфр ва ширкларидан дилингизни бузманг, хафа бўлманг, вазифангизни сидқидил бажараверинг. Уларни Аллоҳ таолога ҳавола қилингки, У осмонлару Ердаги барча яширин-ошкор нарсаларни билиб туради. Ҳамма нарса Унинг измидадир, иш-муомалалар Унинг Ўзигагина қайтади. Шундай бўлгач, фақат Аллоҳ таолога сиғининг, Унгагина суянинг, яъни таваккал қилинг. Қуръони карим шундай огоҳлантиради: “Аллоҳ одамлар учун қайси бир раҳматни очиб қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нимани тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат эгасидир” (Фотир, 2).
Юқорида зикр қилинганидай, Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳуд сураси сочларимни оқартирди», деганлар. Алоуддин Хозин тафсирида айтилишича, мазкур сурада баён этилган қиёмат, ҳисоб-китоб, жаннат ва дўзах ҳақидаги маълумотлардан таъсирланиш натижасида сочлари оқариб кетган бўлиши мумкин. Аллоҳ буюрганидай бандалик қилиш юки ҳатто Аллоҳ таолонинг суюмли Пайғамбарига бунчалик оғир тушган бўлса, бошқаларнинг ҳолига Аллоҳнинг Ўзи раҳм айласин!