loader

057. Ҳадид сураси

Ҳадид - темир. Суранинг 25-оятида темирнинг хислатлари кўп экани ҳақида сўз юритилган. Шунингдек, сурада илоҳий кўрсатмалар ва ақидавий таълимотга доир оятлар баён этилган.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.
2. Осмонлар ва Ер ҳукмронлиги Уникидир. У тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам. У ҳар нарсага қодирдир.
3. У Аввал, Охир, Зоҳир ва Ботиндир. У барча нарсани билувчидир.
Изоҳ: Аллоҳнинг сифатларидан баъзилари келтирилмоқда. Аввал, яъни, бошланиши ёъқ. Охир, яъни, тугаши ёъқ. У азалий ва абадийдир. Зоҳир, яъни, Унинг борлиги ҳамма нарсадан билиниб туради. Ботин, яъни, Уни бу дунёда бешта маълум сезги аъзолари билан кўриб бўлмас.
4. У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Арш ўзра муставий бўлган зотдир. У ерга кирадиган нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган нарсаларни ҳам, осмондан тушадиган нарсаларни ҳам, унга (осмонга) кўтариладиган (яхши амал ва дуолар каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар, У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
5. Осмонлар ва Ер ҳукмронлиги Уникидир. Ишлар фақат Аллоҳга қайтарилур!
6. У кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. У диллардаги сирларни билувчидир.
7. (Эй, инсонлар,) Аллоҳга ва унинг пайғамбари (Муҳаммад)га имон келтиринглар ҳамда У сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан (бойликларингиздан) эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан имон келтирган ва эҳсон қилган зотлар учун катта мукофот бордир.
8. Агар сизлар имон келтирувчи бўлсангизлар - пайғамбар сизларни Раббингизга имон келтиришга даъват қилар экан, аҳду паймонингизни олгач, нега сизлар Аллоҳга имон келтирмаяпсизлар?!
Изоҳ: Бу "Алмийсоқ" воқеасидир. Яъни, Аллоҳ таоло дунёга келувчи барча инсонларнинг руҳларини илк бор яратиб, улардан: "Мен Раббингиз эмасманми?!" - деб сўраган. Шунда бўлажак мўминларнинг руҳлари "Раббимизсан" деб жавоб беришган. Мийсоқ-аҳд. Шу аҳдга вафо қилиш ҳақида сўз бораётир.
9. У Ўз бандаси (Муҳаммад)га сизларни зулматлар (куфр)дан нур (имон)га олиб чиқиши учун аниқ оятларни нозил қиладиган зотдир. Албатта, Аллоҳ, сизларга меҳрибон ва раҳмлидир.
10. Нега сизлар Аллоҳ ёълида эҳсон қилмаяпсизлар?! Ҳолбуки, осмонлар ва Ер мероси ёлғиз Аллоҳники-ку! Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари эҳсон қилган ва (кофирларга қарши) урушган кишилар (фатҳдан кейин эҳсон қилган ва урушганлар билан) баробар бўлмас. Улар кейин эҳсон қилган ва урушган кишилардан Улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (мукофот жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
11. Аллоҳга "қарзи ҳасана" (Унинг ёълида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна шарафли мукофот ҳам бордир.
12. Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида (амал) нурлари юрганини кўрадиган Кунни (есланг)! (Ўша Кунда уларгадэйилур:) "Сизлар учун бугунги хушхабар - остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу қолинадиган жаннатлардир. Бу улкан ютуқнинг ўзидир!
13. У Кунда мунофиқ ва мунофиқалар имон келтирган зотларга: "Бизга қаранглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб фойдаланайлик", - десалар, (уларга:) "Ортингизга қайтиб нур истанглар", - дэйилур. Сўнг улар (билан мўминлар) ўртасида дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат (жаннат), ташқарисида эса азоб (дўзах) бўлур.
14. Улар (мўминларга) "Биз (дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик", - деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: "Ҳа, лекин сизлар ўзларингизни фитнага солдинглар ва (бизларга мусибат етишига) кўз тутдинглар ҳамда (динимиз тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Аллоҳнинг амри (ўлим) келгунича хом хаёллар сизларни алдади. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдовчи (шайтон) ҳам алдаб қўйди".
15. Мана бугун сизлардан ҳам, (эй, мунофиқлар,) кофир бўлганлардан ҳам (азобдан қутулишларингиз учун) тўлов олинмас. Жойларингиз дўзахдир! У сизларнинг муносиб жойингиздир! Нақадар ёмон оқибат бу!
16. Имон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳақ (Қуръон)га мойил бўлиш (вақти) келмадими?! (Яна улар учун) илгари китоб ато этилган, сўнг (пайғамбарларидан кейинги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Улардан кўплари фосиқ (итоатсиз)дирлар!.
17. (Эй, мўминлар,) билингларки, албатта, Аллоҳ "ўлган" ерни тирилтирур. Мана Биз ақл юргизишингиз учун сизларга (қудратимизга далолат қиладиган) оятларни батафсил баён қилдик.
18. Албатта, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар ҳамда Аллоҳга "қарзи ҳасана" берганлар учун (садақалари) бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарилур ва улар учун яна шарафли мукофот бордир.
19. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар - айнан ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқлар ва шаҳидларнинг ўзидирлар. Улар учун (охиратда) мукофотлари ва (ёълларини ёритувчи) нурлари бўлур. Кофир бўлган ва оятларимизни инкор этган кимсалар - улар дўзах эгаларидир.
Изоҳ: Сиддиқлар имонида садоқатли кишилардир. Тасаввуфда Сиддиқ пайғамбарликдан кейинги юқори мақом, валийлик. Бу мақомга биринчи бўлиб Абу Бакр Сиддиқ эришганлар. Сиддиқ - сўзида, ниятида, амалида ва ваъдасида садоқатли кишидир.
20. Билингларки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарқайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матосидир.
21. (Эй, инсонлар,) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ Улуғ фазл соҳибидир.
22. Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир.
23. Токи, сизлар қўлларингиздан кетган нарсага қайқурмагайсизлар ва (Аллоҳ) ато этган нарса билан шодланиб (ҳаволаниб) кетмагай сизлар. Аллоҳ ҳар қандай кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни суймас.
24. Улар бахиллик қиладиган ва одамларни ҳам бахилликка буюрадиган кимсалардир. Ким (бахиллик қилиб эҳсон қилишдан) юз ўгирса, бас, албатта, Аллоҳнинг Ўзи беҳожат ва ҳамдга лойиқ зотдир.
25. Биз Ўз пайғамбарларимизни ҳужжат (мўъжиза)лар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон (тарози) туширдик. Яна, Биз темирни туширдик. Унда қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ Ўзига ва айғамбарларига (Аллоҳ ёълида жиҳод қилиш билан) қойибона ёрдам берадиган кишиларни билиш учун ҳам (темирни яратди). Албатта, Аллоҳ кучли ва қудратлидир.
26. Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва Китобни (Таврот, Инжил, Забур, ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик. Бас, уларнинг орасида ҳидоят топувчи (кишилар) ҳам бор, (аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (итоатсиз)дирлар.
27. Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил ато этдик ҳамда унга эргашган зотларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз ёъқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнг унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан имон келтирган зотларга мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (итоатсиз)дирлар.
28. Эй, (Исога) имон келтирган зотлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад)га ҳам имон келтиринглар, (шунда) У зот сизларга Ўз раҳматидан икки баробар ато этур ва сизларга (Қиёматда ёритувчи) нур (пайдо) қилур ҳамда сизларни мағфират қилур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.
29. Аҳли китоблар ўзлари Аллоҳнинг фазлидан бирор нарсага (етишга) қодир бўла олмасликларини ва фазл Аллоҳнинг "қўли"да бўлиб, уни фақат Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этишини билишлари учун (Аллоҳ шундай қилди). Аллоҳ улуг фазл соҳибидир.

Орқага Олдинга