Воқеа - қиёмат номларидан бири.
Сурада қиёмат қойим бўлганда рўй берадиган мудҳиш ҳодисалар баёнидан бошланиб, охиратда бандаларнинг оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти билан давом этади.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Қачонки, Қиёмат воқе (қойим) бўлганда -
2. унинг воқе бўлишининг ёлғони ёъқдир -
3. (у одамларни) остин-устун этувчидир.
4. Ер ларзага келган,
5. тоғлар титилиб (тўзиб),
6. тўзонга айланган (бўлур).
7. Сизлар эса уч тоифа бўлурсизлар.
8. Бас, (у учнинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!
9. (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!
Изоҳ: Қиёмат куни бу дунёда қилган яхши-ёмон амаллари ёзилган номаи аъмоллари қайси тарафидан берилишига қараб тақдири маълум бўлади Китоби ўнг томондан берилса, бу унинг бахтли эканига далолат. Агар чап томонидан ёки орқа томонидан берилса, унинг бахтсиз эканлигига ишоратдир.
10. (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб-ўзиб кетган зотлардир.
11. Айнан ўшалар (Аллоҳга) яқин зотлардир
12. ноз-неъмат боғларида
13. (Ўзиб кетганлар) аввалги (уммат)лардан кўпчилик,
14. кэйингилар (Муҳаммад умматлари)дан эса озчиликдир.
15. (Улар олтиндан) ясалган сўриларда,
16. ястанган ҳолларида бир-бирларига рўбарў бўлиб (ўлтирурлар).
17. Устиларида эса мангу ёш болалар айланиб юрурлар
18. оқар чашмадан олинмиш (майли) қадаҳлар, кўзалар ва косалар билан.
19. У (май)лардан уларнинг бошлари ҳам оқримас, маст ҳам бўлмаслар.
20. Яна ўзлари танлаб оладиган мева билан,
21. иштаҳалари тортган қуш гўштлари билан ҳам (айланиб турурлар).
22. Яна (улар учун) кўзлари кенг ва тиниқ ҳурлар ҳам бўлурки,
23. улар худди ёпиқ марварид мисолидирлар.
24. (Бу) улар (дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир.
25. Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ (сўз)ни эшитмаслар,
26. фақат "Салом-салом" сўзинигина (ешитурлар).
27. Ўнг томон эгалари - ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!
28. (Улар) тикансиз бутазорларда,
29. тизилган бананзорларда,
30. ёйиқ соя (ости)да,
31. оқизиб қўйилган сув (бўйи)да,
32. кўплаб мева (узра)ки,
33. (улар) туганмас ва ман этилмасдир.
34. Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар.
35. Биз уларни (ҳурларни) дафъатан пайдо қилдик (онадан туқилмадилар).
36. Сўнг уларни бокира қизлар қилдик.
37. (Улар) жозибали ва тенгқурдирлар.
38. (Улар) ўнг томон эгалари учундир.
39. (Ўнг томон эгалари) аввалги (уммат)лардан ҳам кўпчилик,
40. кэйингиларидан (Муҳаммад умматларидан) ҳам кўпчиликдир.
41. Чап томон эгалари - чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!
42. (Улар) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида,
Изоҳ: Самум - қаттиқ иссиқ шамол, гармсел..
43. қора тутун сояси остидаки,
44. на совуқдир ва на ёқимли.
45. Улар бундан илгари (дунёда) ишратчи эдилар.
46. Яна улкан гуноҳ (ширк) узра устивор эдилар.
47. Яна айтар эдилар: "Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан ҳам қайта тирилтирилувчимизми?!
48. Аввалги ота-боболаримиз ҳамми?!"
49. (Эй, Муҳаммад, уларга) айтинг: "Албатта, аввалгилар ҳам, кэйингилар ҳам
50. маълум Кундаги белгиланган вақтда, албатта, тўпланувчидирлар!
51. Сўнгра сизлар, эй, (қайта тирилишни) инкор этувчи гумроҳлар,
52. албатта, (жаҳаннам гиёҳи) Заққум дарахтидан егувчи,
53. ундан қоринларни тўлдирувчидирсизлар.
54. Сўнг унинг устига қайноқ сувдан ичувчи,
55. (ичганда ҳам) ташна туялар каби ичувчидирсизлар.
56. Мана шу жазо Кунидаги уларнинг "зиёфат"идир.
57. (Эй, инсонлар,) сизларни Биз яратдик-ку! Бас, (яна қайта ярата олишимизни) тасдиқ этмайсизларми?!
58. Сизлар (хотинларингиз бачадонига) тўкадиган маний (уруғ)ни (ўйлаб) кўрдингизми?
59. Уни сизлар (инсон қилиб) яратурмисизлар ёки Биз яратувчимизми?!
60. Сизларнинг ўртангиздаги ўлимни ҳам Биз ўлчаб қўйгандирмиз. Биздан ўзиб кетилмас.
61. Биз (ўрнингизга) сизларга ўхшаганларни алмаштириб қўйишга ҳамда сизларни ўзларингиз билмайдиган ҳолат - суратда қайта пайдо қилишга ҳам (ожиз эмасдирмиз).
62. Сизлар илк бор пайдо бўлишларингиз (қандай бўлгани)ни билдингиз-ку! Бас, эслатма олмайсизларми?!
63. Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!
64. Уни сизлар ундирурмисизлар ёки Биз ундирувчимизми?!
65. Агар Биз хоҳласак, уни қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверган бўлур эдингиз.
66. "Бизлар зиён кўрувчилармиз.
67. Балки, бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз" (деб надоматда қолган бўлур эдингизлар).
68. Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?!
69. Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?!
70. Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?!
71. Сизлар ёғаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?!
72. Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингизми ёки Биз пайдо қилувчимизми?!
73. Биз уни (жаҳаннам ҳақида) бир эслатма ва ёъловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик.
74. Бас, (Эй, Муҳаммад,) Улуғ Раббингиз номини (поклаб) тасбеҳ айтинг!
75. Мен юлдузларнинг ботиш жойлари билан қасамёд этурман -
76. бу (қасам) агар билсангизлар, албатта, буюк қасамдир -.
77. албатта, у Қуръони каримдир
78. яширин Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги).
79. Уни (Қуръонни) таҳоратли кишилардан ўзгалар ушламаслар.
80. (У) оламлар Парвардигори (томони)дан нозил қилингандир.
81. Бас, (эй, кофирлар,) сизлар шу Сўзга (Қуръонга) бепарволик қилаяпсизларми?!
82. Яна (Қуръонни) ёлғонга чиқаришингизни ўз ризқингиз қилиб олаяпсизларми?!
83. Бас, қачонки, (кишининг жони) ҳалқумга етганида,
84. ҳолбуки, ўша вақтда сизлар қараб турурсизлар.
85. Биз эса унга сизлардан кўра яқинроқдирмиз, лекин сизлар (буни) кўрмассизлар.
86. Бас, қани энди, сизлар жазоланмайдиган бўлсангизлар,
87. ва ростгўй бўлсангизлару, ўшани (жонни) қайтара олсангизлар!
88. Бас, агар ўша (вафот этган зот Аллоҳга) яқинлардан бўлса,
89. (унинг учун) роҳат, райҳон (бўйи) ва неъматлар жаннати бордир.
90. Энди, агар у ўнг томон эгаларидан бўлса,
91. бас, (эй, саодатли банда,) сенга ўнг томон эгаларидан салом!
92. Борди-ю, у (динни) инкор этувчи гумроҳлардан (чап томон эгаларидан) бўлса,
93. бас, қайноқ сувдан иборат "зиёфат"
94. ва дўзахнинг тоблаши бордир.
95. Албатта, бу (зикр қилинган нарсалар) айни ҳақиқатнинг ўзидир.
96. Бас, Улуғ Раббингиз номи билан тасбеҳ айтинг!