loader

041. Фуссилат сураси

Фуссилат сўзи суранинг 3-оятидан олинган бўлиб, муфассал баён қилинди, деган маънони англатади. Сурада дунё ҳаётининг фонийлиги, охиратдаги абадий ҳаёт учун эзгу амаллар қилиш билан унга тайёргарлик кўришликнинг муҳимлиги, бу дунёда фош этилмаган маъсият ва гуноҳлар охиратда унутилмаслиги, балки инсон аъзоларининг ўзи қилган қилмишларини сўйлаб бериб, гувоҳлик беришлари каби эслатма ва насиҳатлар, шунингдек, Аллоҳнинг ҳикмат ва қудратининг буюклиги ва бошқа нарсалар тўғрисида баён этилади.  

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

1. Ҳо, Мим.
2. (Ушбу Қуръон) меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ томонидан нозил қилингандир.
3. У биладиган қавм учун арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир.
4. (У) хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчидир. Бас, (кофирларнинг) кўплари юз ўгирдилар. Демак, улар "ешитмаслар".
5. Улар дедилар: "Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан тўсилган, қулоқларимизда эса оғирлик (карлик) бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда (бир) парда бордир. Бас, Сен ҳам (ўз) амалингни қилавер, бизлар ҳам, албатта, амал қилувчидирмиз".
6. (Эй, Муҳаммад, уларга) айтинг: "Ҳақиқатан, мен ҳам худди сизлар каби бир башардирман. Менга "Тангрингиз ёлғиз Аллоҳ" деб ваҳий қилинмоқда. Бас, сизлар Унинг Ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Мушрикларга эса ҳалокат бўлгай!"
7. (Улар) закот бермайдиган ва ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалардир.
8. Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун битмас-туганмас мукофот бордир!
9. Айтинг: "Ҳақиқатан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Ана Ўша (барча) оламларнинг Парвардигори-ку?!
10. У (Ернинг) устида тўла тўрт кунда тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (ер)да унинг емишларини белгилади (тақсимлади). (Бу тафсилот) сўровчиларга мосдир.
Изоҳ: Ҳадисда келган маълумотга қараганда, Аллоҳ таоло Ерни якшанба ва душанба кунлари яратган. Тоғларни сешанба куни, дарахтлар, сув, ободон ва харобаларни чоршанба куни яратган. Шу билан тўрт кун ўтган. Жума куни осмонларни, шанба куни эса юлдузлар, қуёш, ой, фаришталар ва куннинг охирида Одам (а.с.)ни яратган. ("Мадорик тафсири" дан).
11. Сўнгра тутун ҳолатда бўлган осмонни (яратишни) қасд этиб, унга ва Ерга: "(Фармонимга) ихтиёрий ёки мажбурий ҳолда келинглар!" - деган эди, улар: "Ўз ихтиёримиз билан келдик", - дедилар.
12. Бас, икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) ишни (вазифаси)ни ваҳий қилди. Биз қуйи осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва (уни офатлардан) сақладик. Бу қудратли ва билимли зотнинг тақдири (ўлчови)дир.
13. Бас, агар улар (Макка мушриклари) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: "Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ (ҳалокат)дан огоҳлантирдим".
14. Ўшанда пайғамбарлари уларнинг олдиларидан ҳам, орқаларидан ҳам келишиб: "Фақат Аллоҳгагина ибодат қилинглар" (деганларида), улар: "Агар Раббимиз (пайғамбар юборишни) хоҳлаганида, албатта, фаришталарни нозил қилган бўлур эди. Бас, (сизлар одамзот экансизлар,) сизлар элчи қилиб юборилган динга биз кофирдирмиз", - дедилар.
15. Бас, Од (қабиласи) ерда ноҳақ кибрландилар ва "Куч-қувватда бизлардан ким зўрроқ?" - дедилар. Ахир, улар ўзларини яратган Аллоҳ куч-қувватда улардан зўрроқ эканини билмадиларми?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор этувчи бўлдилар.
16. Бас, уларга (мана шу) дунё ҳаётида хор қилувчи азобни тотдириб қўйиш учун наҳс кунларда устиларига бир даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса, шубҳасиз, янада хор қилувчироқдир ва уларга ёрдам берилмас.
Изоҳ: Наҳс кунлар - Шаввол ойи охирининг чоршанба кунидан келаси чоршанба кунигача. Шу ҳафта мобайнида бўрон бўлган. Бошқа ривоятда уч йил дейилади.
17. Самуд (қабиласи) эса, бас, уларни (тўғри ёълга) ҳидоят қилган эдик, улар ҳидоятни қўйиб, кўрликни (залолатни) ихтиёр қилдилар. Бас, ўз қилмишлари сабабли уларни хор этувчи азоб чақмоғи урди.
18. Имон келтирган ва тақволи бўлган зотларга нажот бердик.
19. Аллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (есланг).
20. Бас, қачонки, улар (дўзахга) келишгач, уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарса (иш)лари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик берур.
21. Улар териларига: "Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?" - дейишганида, (терилари): "Бизларни, барча нарсани сўзлатган зот - Аллоҳ сўзлатди. Сизларни илк бор У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзигагина қайтарилмоқсиздалар", - дейдилар.
22. Сизлар (дунёда гуноҳ ишларда) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз сизларга гувоҳ бўлишидан яширинмас эдингизлар. Лекин сизлар қилаётган амалларингиздан кўпини Аллоҳ билмайди, деб ўйладингизлар.
23. Раббингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди. Бас, сизлар зиён кўрувчиларга айланиб қолдингизлар.
24. Энди, агар улар (азобга) чидасалар, ана ўша дўзах жойларидир. Агар ортга қайтишни талаб қилсалар, энди улар қайтарилувчилардан эмаслар.
25. Биз улар учун (ёълдан оздирадиган) "дўстлар" тайёрлаб қўйдик, бас, ўшалар уларга олдиларидаги ва орқаларидаги (гуноҳларини) чиройли кўрсатдилар ва уларга ҳам, ўзларидан аввал ўтиб ҳалок бўлган инсу жиндан иборат умматлар қаторида, Сўз (азоб) муқаррар бўлди. Ҳақиқатан, улар зиён кўрган бўлдилар.
26. Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига): "Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва (уни чалғитиш учун) жаврайверинглар, (шунда) зора ғолиб бўлсангизлар!" - дедилар.
27. Бас, албатта, (ўша) кофир бўлган кимсаларга қаттиқ азобни тоттирурмиз ва уларни ўз қилмишлари учун энг ёмон жазо билан жазолаймиз.
28. Бу (азоб) Аллоҳ душманларининг жазоси бўлмиш дўзахдир. Улар учун оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари сабабли ўша жойда мангу қолиш бордир.
29. Кофир бўлган кимсалар дейдилар: "Парвардигоро, бизларни (Тўғри ёълингдан) оздирган инсу жиндан бўлмиш кимсаларни бизларга кўрсатгин, уларни оёқости қилайлик, токи улар (дўзахнинг қаъридаги) энг тубан (хор) кимсалардан бўлсинлар".
30. Албатта: "Раббимиз - Аллоҳ", - деб сўнгра (тоат-ибодатда) тўғри (устивор) бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): "Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!
31. Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир.
32. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (томони)дан бўлмиш зиёфатдир".
33. Аллоҳ (ёъли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, "Мен мусулмонлардандирман", - деган кишидан ким чиройлироқ сўзловчидир?!
34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур.
35. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур.
36. Агар Сизни шайтон томонидан васваса тутмоқчи бўлса, у ҳолда Аллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У эшитувчи ва билувчи зотдир.
37. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилувчи бўлсангизлар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилмангизлар, (балки) уларни яратган зот - Аллоҳга сажда қилингизлар!
38. Бас, агар (сажда қилишдан) кибрлансалар, бас, (билингки,) Раббингиз ҳузуридаги зотлар (фаришталар) кеча-ю кундуз (ҳеч) малолланмасдан Унга тасбеҳ айтурлар (сажда қилурлар).
Изоҳ: 37-38-оят Сажда оятлари.
39. Унинг аломатларидан (бири) ерни қўриқ ҳолда кўришингиздир. Бас, қачонки, Биз унинг устига сув (ёмғир) ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва унар. Албатта, ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро, У барча ишга қодирдир.
40. Албатта, Бизнинг оятларимизга қинғирлик қиладиган кимсалар Бизга махфий бўлиб қолмаслар. Ахир, дўзахга ташланадиган кимса яхшироқми ёки Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган кишими?! Нимани хоҳласангизлар, ўшани қилаверингизлар! Албатта, У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир.
41. Ўзларига Зикр (Қуръон) келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (азобга ёълиқурлар). Шубҳасиз, у азиз Китобдир.
42. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир.
43. (Эй, Муҳаммад,) Сизга ҳам, фақат Сиздан аввалги пайғамбарларга (кофирлар томонидан) айтилган сўзларгина айтилур. Шубҳасиз, Парвардигорингиз мағфиратли ва аламли азоб соҳибидир.
44. Агар, Биз (Қуръонни) ажамий (араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта, улар: "Унинг оятлари (ўз тилимизда) баён қилинмабди-да. (Муҳаммаднинг ўзи) араб-ку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)" - деган бўлур эдилар". Айтинг: "(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир". Имон келтирмайдиган кимсаларнинг эса, қулоқларида оғирлик (карлик) бордир ва у (Қуръон) уларга кўрлик (омили) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (каби)дирлар.
45. (Эй, Муҳаммад,) Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этганимизда, у (Таврот) ҳақида ҳам ихтилоф қилингандир. Агар Раббингиз томонидан (жазо қиёмат Куни бўлиши ҳақида) Сўз кечмаганида, уларнинг ўртасида ажрим қилинган бўлур эди. Ҳақиқатан ҳам, улар у (Қуръон) ҳақида шак-шубҳададирлар.
46. Кимки яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса ҳам ўз зиёнигадир. Раббингиз бандаларга зулм қилувчи эмасдир.
47. Қиёмат илми (ҳақида) Унинг Ўзигагина мурожаат қилинур. Барча меваларнинг ўз шоналаридан чиқиши ҳам, бир аёлнинг ҳомила олиб, кўз ёриши ҳам, албатта, Унинг илми билан бўлур. У зот (мушрикларга): "Менинг "шерикларим" қани"?! - деб нидо қиладиган Кунда, улар: "Бизлар Сенга билдирурмизки, орамизда ("шерикларинг" борлигига) бирорта ҳам гувоҳ ёъқдир", - дейдилар.
48. Ўзлари илгари (дунё ҳаётида) сиғиниб ўтган нарсалари улардан ғойиб бўлур. Улар ўзлари учун қочадиган бирор жой ёъқ эканлигига ишонадилар.
49. Инсон (ўзи учун) яхшилик тилашдан малолланмас. Агар унга ёмонлик етиб қолса, у умидсизликка, тушкунликка тушувчидир.
50. Қасамки, агар унга бирор кулфат етганидан сўнг Биз Ўз томонимиздан бирор марҳаматни тоттирсак, албатта, у: "Бу ёлғиз ўзимдан. Мен қиёмат қойим бўлишига ишонмайман. Қасамки, агар (қиёмат бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат) (жаннат) бўлур", - дер. Бас, албатта, Биз кофир бўлган кимсаларга ўзлари қилган амалларининг хабарини берурмиз ва албатта, уларга даІал азобдан тоттирурмиз.
51. Қачонки, Биз инсонга инъом этсак, у (Биздан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар. Қачонки, унга ёмонлик етиб қолганда эса, у узундан-узоқ дуо илтижолидир.
52. (Эй, Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: "Хабар беринг-чи, агар (Қуръон) ҳақиқатан ҳам Аллоҳ ҳузуридан (келган) бўлса-ю, сўнгра сизлар у (Қуръон)га кофир бўлсангизлар, (у ҳолда) ким (сизлардек) чуқур ихтилофда бўлган кимсалардан адашганроқ бўлур?!"
53. Токи уларга у (Қуръон)нинг ҳақ эканлиги аниқ маълум бўлгунича, албатта, Биз уларга атрофдаги ва ўз вужудларидаги аломатларимизни кўрсатажакмиз. Ахир, (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани кифоя эмасми?!
54. Огоҳ бўлингизким, албатта, улар Парвардигорлари билан мулоқотда бўлишдан шубҳададирлар! Огоҳ бўлингизким, албатта, У барча нарсани иҳота этувчидир!

Орқага Олдинга