loader

102. Такосур сураси

«Алҳакумуттакосур» муборак жумласи билан бошлангани учун, сура Такосур деб номланган. Такосур — мол-дунё, фарзандлар ва ёрдамчилар билан фахрланишингиз охиратдан машғул қилиб қўйди, деганидир.
СУРА ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН НАРСАЛАР
Маккада нозил бўлган бу суранинг мавзуи, фақат дунё амалларига машғул бўлишни қоралаш ва охиратга тайёргарликни тарк этишдан ва охиратдан огоҳлантиришдир. Шунинг учун бу сура уч мақсадни ўз ичига олган. Улар;
Инсонларнинг ҳаёт лаззати ва йўлдан урувчи қизиқарли нарсаларга машғул бўлиб, то ўлим келгунча (охиратдан) ғафлатда қолиши баёни. («Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизгача (яъни, ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди!» (1-2 оятлар).
Қиёмат куни барча амаллар хусусида савол-жавоб қилишдан огоҳлантириш. «Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингиз оқибатини) билурсизлар! Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар» (3-4 оятлар).
Чинакамига дўзахни кўриш, дўзах қўрқинчлари қаршисида юзма-юз бўлиш ва дунёдаги берилган неъматлар ҳақида сўроқ-савол қилинишини таҳдиди.
«Яна бир бор қасамки, сизлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар...»
Нозил бўлиш сабаби
Ибн Абу Ҳотам Ибн Бурайдадан (р.а.) қилган ривоятда келтирилишича, бу зот «Алҳакумуттакосур хусусида сўзлаб, бу ансорийлардан икки қабила ҳақида нозил бўлган. Булар Бани Ҳориса ва Бани Ҳорис қабилаларидир. Бу икки қабила мол тўплаб, кўпайтириб бир-бирлари билан фахрланишар эди. Бирлари: «Сизлар орангизда биздагидек фалончи ва пистончилар каби мол-давлатли киши борми?» дейишар, иккинчи томон ҳам шундоқ дер эди. Бири тириклар билан фахрланса, иккинчиси қабрларга боринглар дер эди. Яъни фалончи киши каби сизларда ҳам борми деб қабрга ишора қилса, иккинчи томон ҳам мана шундақ қилар эди. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди» оятини нозил қилди».
«Сизлар кўриб турган нарсаларингиздан иборат ва машғул бўлиш бордир», дейилган.
Ибн Абу Ҳотамдан қилинган ривоят, суранинг нозил бўлишига сабаб бўлгани юқорида келди.
Ибн Жарир Алидан (р.а.) қилган ривоятда келтирилишича, Али (р.а.): «Биз қабр азоби ҳақида шак қилар эдик. Шунда қабр азоби ҳақидаги шу сура биринчи оятдан тўртинчи оятгача нозил бўлди», дедилар.
Имом Аҳмад, Муслим, Термизий ва Насоийлар Абдуллоҳ ибн Шиҳҳирдан (р.а.) қилинган ривоятда келтирилишича, бу зот: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алҳакумуттакосур»ни ўқиб: «Одамлар молим, молим дейдилар, молингдан фақат еб улгурганинг, кийиб чиритганинг ёки садақа қилиб тугатганинг ўзингникидир», дедилар», деб айтдилар. Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилган ривоятда келтиришилича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Банда молим, молим дейди. Ваҳоланки, молдан уч нарсасигина яъни еб йўқ қилагни ёки кийиб эскитгани ёки садақа бериб, тугатгани ўзиникидир. Бундан бошқаси йўқ бўлиб кетгучидир. Қолдирган нарсалари эса одамлар учундир», дедилар.

Тафсир ва баён

«(Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни, ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди».
Яъни, мол-дунё, болалар, ёрдамчилари кўплиги билан фахрланиб, мақтаниб, уни кўпайтириб, қўлга киритишингиз сизларни машғул қилиб Аллоҳнинг тоати ва охиратга бўладиган амалдан тўсди. Мана шу ҳолатдалик пайтингизда ўлим сизларни қувиб етади.
Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар Анас ибн Моликдан (р.а.) қилишган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййитга уч нарса эргашади. Улардан иккиси қайтиб кетиб, бири ўзи билан бирга қолади. Яъни аҳли, моли ва амали маййитга эргашади. Аҳли ва моли қайтиб кетиб, амали ўзи билан бирга қолади», дедилар.
Имом Аҳмад ва икки саҳиҳ китоби соҳиби Бухорий ва Муслимлар Анасдан (р.а.) қилишган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласи қариса ҳам у билан бирга икки хислат қолади. У ҳарислик ва орзу», дедилар.
Энди қабрларни зиёрат қилиш ҳақида гапирадиган бўлсак, у шаръий одобларга риоя этган ҳолда бўлса мубоҳдир, яъни зиёрат қилувчи қабр соҳибини бош томонида туриб, салом бериб, сўнгра қибла томонга юзланиб, Аллоҳдан маййит учун, ўзи учун ва мусулмонлар учун раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилсагина мубоҳ амалдир.
Ибн Можа Ибн Масъуддан (р.а.) қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан ман этган эдим, энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки зиёрат қилиш дунёда зоҳид қилиб охиратни эслаттиради», дедилар. Бу ҳадис саҳиҳдир. Имом Ҳоким саҳиҳ китобларида Анасдан (р.а.) қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларни қабрларни зиёрат этишдан ман қилган эдим. Энди уни зиёрат этаверинглар. Чунки зиёрат қалбни юмшатиб, кўздан ёш тўктириб, охиратни эслаттиради. Сизлар у ерда беадаб сўзларни гапирманглар», деб айтдилар. Бундан, агар зиёратга мункер нарсалар яъни эркак-хотинлар аралашиб фитнага сабаб бўлишса ёки йиғи-сиғи қилишса, қабрни зиёрат этишлари ман экани тушунилади.
Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. Яъни, алоқаларни узилишга, бир-бири билан душман бўлишга, гина-кудуратларни келтиришга сабаб бўлувчи ҳамда охират амалларини, умматни яхши кишиси бўлишни ва соғлом турмуш тарзи ва ахлоқдан эътиборсиз бўлиб, назар-писанд қилмаслик каби нарсаларни келтириб чиқарувчи мўл-кўллик ва тўқликни рад этиб, дўқ-пўписа қилади. Сизлар яқин кунларда, яъни Қиёмат куни бу нарсаларни оқибатини биласизлар.
Имом Замахшарий: «Оятнинг араб матнидаги «Калла», сўзи танбеҳ ва раддия учун бўлиб, ўз нафсини назорат қилувчи (оқил) кимсага динига аҳамият бермай, барча ғамини дунёга қаратиш лойиқ эмасдир», дедилар.
Иккинчи жумлада «калла», сўзини такрор бўлиши қаттиққўллик, ваъийд ва дўқ-пўписани таъкидлаш учун келди.
Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди, (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар). Яъни, дунёга қизиқиб кўнгил беришдан ўзингизни тўхтатинглар. Чунки, сизлар, ишларни оқибатини аниқ билиш билан билсаларингиз эди, мол-дунё тўплаб кўпайтиришга ва у билан фахрланишдан ўзингизни тўхтатиб, солиҳ амаллар қилиб қолишга шошар эдингиз. Улкан охират ишига ва унинг учун тайёргарлик кўришдан машғул бўлмасдингиз.
Бу, шу дунёга бутунлай берилиб кетиб, унинг йўқ бўлувчи ҳаёт кўринишига ғурурланувчиларга дўқ-пўписа ва маломатни бўртириш учундир. Бу сўзлар насиҳатомуз сўзларни ўзигина эмас, балки, охиратни келажаги ҳақида чуқур фикр юритишни тақозо этувчи тўсатдан келадиган хатардир. Одатда бу туйғу, кучли имонга ва соғлом фикрга эга бўлмаганларда топилмайди.
Арабча матндаги «калла», лафзининг такрор келиш, дўқ-пўписани ифода этиш ва азобдан ташқари бўладиган бошқа зарарнинг юзага келишига далолатдир.
Ҳасан эса: «калла сўзи, ҳақиқатда деган маънодадир. Агар аниқ билиш билан билсаларингиз эди у ҳақдир деб айтилгандекдир», дедилар. Сўнгра ваъидларни тафсир қилиб;
Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар. Яъни, охиратда дўзахни ўз кўзингиз билан гувоҳи бўласизлар. Бундан мурод, қасамнинг жавоби бўлмиш дўзахнинг азобини тотишдир. У, дўзахни кўриш ҳолатини таҳдид қилиб, агар дўзах бир нафас тортса унинг маҳобатию, азамати ва қўрқинчидан барча муқарраб фаришта ва юборилган набийлар тиз чўкишади.
Сўнгра мана шу айтилган сўзни қуйидаги оят билан таъкидлайди.
Яна бир бор қасамки, сўзлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар. Яъни, сизлар дўзахни ўз кўзингиз билан кўриб гувоҳ бўласизлар. Шундоқ экан дўзахга олиб борувчи гуноҳ ва ёмонликларга қўл уриб, ҳалокат ва мункар ишларга шўнғишдан ўзингизни сақланглар. Сўнгра огоҳ бўлиш учун амаллар ҳақида сўроқ-савол қилиниш — таъкидлаб;
Сўнгра ана ўша Кунда албатта (ҳаёти дунёда сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида масъул бўлурсизлар.
Яъни, сизлар охират амалларидан чалғитган дунё неъматлари ҳақида ва дунё неъматларини турларидан бўлагн омонлик, соғломлик, бўш вақт, таом, ичкилик, маскан ҳамда бундан бошқа неъматлар ҳақида сўраласизлар.
Имом Замахшарий: «Сўраладиган неъмат у дин ва у бюрган нарсалардан тўсувчи лаззатларга машғул этувчи неъматлардир», дедилар.
Имом Розий эса: «Аниқроғи улар кофирлар бўлиб, ўшалар берилган неъматдан сўралинади», дедилар. Яна бошқа ўринда «У мўмин ва кофирлар хусусида умумийдир», деб Умардан (р.а.) қилинган қуйидаги ҳадисларни ҳужжат қилишди. Умар (р.а.): «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси неъмат ҳақида сўраламиз, ахир биз ўз диёрларимизу, мол-дунёларимиздан маҳрум қилиндик-ку?» деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни иссиқ ва совуқдан асровчи масканлар, дарахтлар ва чодирларнинг соялари ҳамда иссиқ кундаги совуқ сув каби неъматлар ҳақида сўралурсизлар», деб айтдилар.
Ибн Абу Шайба ва Имом Аҳмадлар Маҳмуд ибн Лабиддан (р.а.) қилинган ривоятда келтирилишича, Алҳакумуттакосур сураси нозил бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сурани ўқиб охирга ояти «Сўнгра ана ўша Кунда албатта неъматлар тўғрисида сўралурсизлар», дейилган жойга етганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қайси неъмат ҳақида сўралурмиз?» дейишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У икки қора неъмат; сув қа хурмодир», дедилар. (Эй Аллоҳнинг Расули, ) қиличларимиз гардонимизда, душман эса (олдимизда) ҳозир бўлса, яна қайси неъмат ҳақида сўралурмиз? дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўраладиган неъматлар тез кунларда содир бўлади, (яъни кейинги умматлар бундай сўроқ-савол қилинадиган неъматларга мушарраф бўлишади)», дедилар.
Имом Бухорий, Термизий, Насоий ва Ибн Можалар Ибн Аббосдан (р.а.) қилишган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, инсонларнинг кўпчилиги бу икки неъматдан маҳрумдирлар. У сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир», дедилар. Яъни улар бу икки неъматни шукрини адо қилишда камчиликка йўл қўйиб, уни шартларини бажо келтиришмайди. Ким энди уни шартларини бажо келтирмаса, ўша киши маҳрум бўлгандир. Имом Термизий Абу Борзадан (р.а.) қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қиёмат куни бандадан тўрт нарса ҳақида сўралмагунича қадамини силжита олмайди. Улар; умрини нима билан ўтагани, йигитлигини нима билан кечиргани, мол-дунёсини қаердан топиб, қаерга сарф қилгани ва илмни қўлга киритиб, унга қандай амал қилгани ҳақидадир.
Имом Бухорий «Адаб», номли китобларида ҳамда Термизий ва Ибн Можалар Убайдуллоҳ ибн Муҳсиндан (р.а.) қилишган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан қайси бирингиз кўнгли хотиржам, таскин топган ҳолда жасади соғлом, ҳузурида бир кунлик ризқи муҳайё ҳолда тонг оттирса, дунёнинг ҳаммасини ҳеч бир нарса қолдирмасдан қўлга киритибди», дедилар.
Ибн Жарир, Муслим ва сунан китоби аҳллари Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилишган ривоятда келтирилишича, бу зот: «Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.) икковлари ўтиришган эди, шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Сизларни бу ерда ўтқизган нарса нима?» деганларида икковлари: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки уйимиздан фақат очлик олиб чиқди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мени ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ундан бошқа нарса олиб чиқмади яъни мени ҳам фақат ўша очлик олиб чиқди» дедилар. Кейин уччалалари юриб, ансорийлардан бири (Молик ибн Таййиҳон)нинг уйига боришди. Боришганда, унинг хотини кутиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинига: «Фалончи яъни эринг қаерда?» дегандилар, у: «Бизга сув олиб келиш учун кетди», деди. Сўнгра дўстлари яъни ансорий сув идишни кўтариб келиб қолди. У: «Хуш келибсизлар, бугун мени уйимни Набийдан бошқа бирор афзалроқ зиёрат қилувчи киши борми?» деди-да, сув идишни хурмо дарахти яқинига илиб қўйди. Бориб хурмо меваси бор шохни олиб келди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳали меваларни йиғиштириб бўлмадингизми?» деганларида, у «Кўзингизга яхши кўринганини танлашингиз учун шундай қилишни маҳбуб кўрдим. Сизлар танлаб олганингиздан кейин уни узувчи нарсани олиб келиб йиғиб оламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Ҳайвонларингизни) яна соғиб юрмагин», дедилар, у киши шу пайт бир (жонлик) сўйди. Улар ўша сўйилган нарсадан ейишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар мана шу неъматлар ҳақида Қиёмат куни сўралурсизлар. Сизларни уйингиздан демак фақат очлик олиб чиқди. Сизлар бу неъматга етишиб уйингизга қайтдингиз. Ана шу эришганингиз эса, неъматдир», дедилар.
Кўриб турибдики, неъматлар ҳақида сўроқ қилиниши жинс ломи сабабли умумийдир. Кофирни сўроқ қилиниши таъзирини бериш учундир. Чунки у осийлик ва куфр келтирди. Мўминни сўроқ қилиниши эса эҳтиром учундир. Чунки мўмин итоат қилиб шукр айлади. Ва яна кўриниб турибдики, сўроқ қилиниш, ҳисоб-китоб майдонида бўлади. У жаҳаннамни кўришдан олдиндир. Оятдаги «сумма» — сўнгра маъносини англатувчи сўз, хабарни тартиблаш учундир. Яъни, сўнгра сизларни сўроқ қилинишингизни хабарини бераман.

СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1. Аллоҳ таоло, солиҳ амални ва охиратга тайёргарлик кўришни тарк этувчи кимсаларни огоҳлантириб, молнинг ва унинг қийматини кўплиги билан то вафот этиб қабрга дафн этилгунча фахрланиб юришлари машғул этадиганларга қаттиқ танбеҳ беради. Огоҳлантириб, танбеҳ бериш умумийдир. У мол-дунё, фарзандлар, қабилалар, қариндош-уруғлар, салтанат, обрў, одамлари ва ёрдамчилари кўплигини ўз ичига олади. Ва яна ўзи билан фахрланишни ҳам қамраб олади. У, илмлар, фазилатли ахлоқлар, бадани билан фахрланиш, масалан соғ-саломатлиги ва ҳусни жамоли ҳамда ўз нафсидан ташқари ишларда — мол-дунё, обрў, ёрдамчилар, қариндошлар, дўстларни кўплиги билан фахрланишларни ҳам ўз ичига олади.
2. Қуръони каримда қабрлар зикри фақат мана шу сурада келган. Қабрни зиёрат қилиш қалби қаттиқ кишиларга энг катта даводир. Чунки у ўлим ва охиратни эсга солади, орзуларни қисқартиришга ундайди, дунёда зоҳид бўлиб, унга бўлган рағбатни қолдиради. Имом Термизий Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилган ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатладилар.
Баъзи илм аҳлларининг фикрларича, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга рухсат беришларидан олдин эди. Демак унга рухсат берилгандан кейин эркагу-аёлнинг зиёрат қилишга рухсат борлиги келиб чиқади. Аммо баъзилар: «Қабрларни зиёрат қилиш аёллар учун макруҳдир. Чунки уларда сабр оз бўлиб, бетоқатлик кўпдир», дейишди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, эркакларга қабрларни зиёрат қилишда уламолар якдилдирлар. Лекин аёлларни зиёрат қилишда эса, ихтилоф қилишган. Бўйган етган ёш аёлларни қабиристонга чиқишлари ҳаромдир. Аммо катта ёшдаги аёлларни қабрларни зиёрат қилишлари мубоҳдир. Энди агар, умуман эркаклар аралашмасдан аёлларни ўзлари жамланишса, жоиздир. Демак эркак ва аёллар жам бўлишиб, фитна келиб чиқадиган бўлса қабрни зиёрат қилиш ҳалол ҳам жоиз ҳам эмас.
3. Уламолар: «Қалбни муолажа қилиш учун уч нарса лозимдир. 1. Аллоҳга итоат. 2. Лаззатларни кесувчи ўлимни кўп эслаш. 3. Мусулмонлар кўмилган қабрларни зиёрат қилиш», дедилар.
4. Аллоҳ таоло бу сурада қабр азоби ва охират азоби ҳақ эканини таъкидлаш учун таҳдидлар кетидан таҳдидларни такрор келтиради. Яъни ваъда қилинган қайта тирилиш ва уни сўнгидан эргашиб келувчи нарсалар, ҳақ ва ростдир. Сўнгра танбеҳ ва дўқ-пўписани яна қайтадан келтириб, агар ким солиҳ амалларни бажармаса ҳамда мол-дунёси, фарзандлари ва ўзига қарашли одамлари билан фахрланишни тўхтатмаса, надомат чекиб, азобга гирифтор бўлишади.
5. Аллоҳ бошқа яна бир таҳдид билан; «Қасамки, албатта, Сизлар дўзахни кўрурсизлар», деб келтиради. Баъзилар: «Мана шу оят қуйидаги оятга биноан умумий хитобдир», деб айтишди. «Сизлардан ҳар бирингиз унга (дўзахга) тушгувчидирсиз». (Марям – 71)
Ана шу жаҳаннам кофирлар учун ҳовли, мўминлар учун эса ўтиш йўли холос. Сўнгра Аллоҳ, жаҳаннамни ҳақиқий кўришда яъни қалб кўзи билан кўришни хабарини берди.
6. Қиёмат куни одамларни, дунёга турли алвон эришган неъматлари ҳақида сўроқ қилинди. Маскан ва дарахтлар сояси, тўкин ҳаёт, кўнгилхушлик ва бундан бошқа неъматлар ҳусусида барча кишилар сўроқ қилинади. Кофирларни сўроқ қилиниши дўқ-пўписа учундир. Чунки улар, шукрни тарк қилишди. Мўминларни сўроқ қилиниш, эҳтиром учундир. Чунки улар шукр қилишди. Бу неъматлар барча неъматларни ўз ичига олади. У ҳақда сўроқ қилиниши эса, ҳисоб майдонида амалга оширилади.
Баъзилар: «Дўзахга тушувчилар унга тушгандан кейин қўрқитган ҳолда сўроқ қилинади», дейишди. Лекин аввалги сўзимиз кўзга кўриниб турган очиқ-ойдин, яъни кучли сўздир.

Орқага Олдинга