Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Сура «Ал-Қориъа», яъни «даҳшат ва қўрқинч солувчи» калимаси билан бошлангани учун шу ном билан исмланди. «Ал-Ҳаққа» сураси ҳам худди шундай бўлган. «Ал-Қориъа» худди Ал-Ҳаққа, ат-Томмаҳ, ас-Саххаҳ, ал-Ғошияҳ ва шулар каби Қиёмат куни исмларидан биридир. Ва яна шу ном билан исмланди, чунки у Қиёмат қўрқинчлари билан қалбларга даҳшат солади.
СУРАНИНГ ЎЗИДАН олдинги сурага муносабати
Бундан олдинги сура Қиёмат кунини сифатлаб: «Ахир у билмасмики, (Қиёмат қойим бўлиб), қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида диллардаги сирлар ошкор қилинганида, Ана ўша кунда шак-шубҳасиз, Парвардигорлари улардан огоҳ-хабардор-ку!», деб хотима ясади. Бу сура эса бошидан охиригача Қиёматнинг даҳшатларию, қўрқинчлари ҳақида сўз юритади.
СУРА ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН НАРСАЛАР
Маккада нозил бўлган бу суранинг мавзуси, Қиёмат даҳшатлари билан қўрқитишдир. Демак суранинг барча мавзуси шу нарса устида айланади.
Суранинг биринчи оятидан тўртинчи оятигача Қиёматнинг шиддатларию, қўрқинчлари ҳақида сўз юритиб, Қиёмат кунида одамлар қабрларидан парвоналар каби тўзғишларини хабарини беради.
Бешинчи оятида эса, Қиёматнинг барча аломатларига ишора қилади. Ўша аломатларидан бири тоғлар вайрон бўлиб, титилган жун каби учиб юришларидир. Бундай бўлиши одамларнинг қалбига ваҳима солиб, қаттиқ таъсир қилади. Олтинчи оятдан ўн биринчи оятгача хабарларнинг хотимаси бўлиб, одамларнинг амалларини ўлчаш учун ўрнатиладиган тарозунинг хабарини беради. Яхшиликлари билан тарозуси оғир бўлганлар жаннатга, ёмонликлари сабабли тарозуси енгил бўлганлар дўзах томонгадир.
Тафсир ва баён
«(Ўз даҳшатлари билан кишилар қалбини) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат). У қаттиқ қоқувчи недур? (Эй, инсон) қаттиқ қоқувчи (Қиёмат) нима эканлигини сен қаердан билар эдинг».
«Ал-Қориъа» Қиёмат исмларидан биридир. Чунки у қалбларни қўрқитиш билан қоқувчидир. У ўзи нима нарса? Сен Қориъа нима эканини қаердан билардинг? Аллоҳнинг сўзидаги «Қориъа нима?» дейилиши билан, бу сўзнинг шаъни улуғ экани билинади. «Қориъа нима эканлигини сен қаердан билар эдинг», дейилиши, унин шиддатли ва ва қўрқинчли эканини таъкидлаш учундир.
Сўнгра ана шу нарсаларни тафсир қилиб, ўша Қиёматнинг бўладиган замони ва аломатларини ёритади.
У кунда одамлар тўзғитиб юборилган парвоналар каби бўлиб қолурлар.
Яъни, одамлар қабрларидан чиқишган кунда, йўлни топа олмасдан ҳар томонга юра бошлашади. Ўша куни уларнинг ҳолатлари, худди тўзғиб, қўзғалиб кетган учиб юрувчи ҳашаротга ёки пашша ва чигирткага ўхшаш учиб юрувчи жамики ҳашоратларга ўхшайди. Уларни ҳар томонга тарқалиб, тўзғиган ҳолда кетиб яна қайтиб келишлари мана шундай ғалати ҳолатга тушиб қолганлари сабаблидир. Улар тўзғиб, тарқалиб, тафриқа бўлиб кетган парвоналарга ўхшашади. Худди Аллоҳнинг қуйидаги «(Кофирлар) гўё ёйилган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар», деб айтганидек. (Қамар сураси, 7-оят).
Замахшарий: «Парвоналарни кўплиги, тарқалиб юриши, заифлиги, хор бўлиши, сочилиб кетиши, худди кофирларнинг ҳар томондан даъват қилиб чақирилса ҳам, ўзини оловга уриб, учувчи парвоналарга ўхшатилмоқда», дедилар.
Тоғлар эса титилган жун каби (осмонда учиб юрадиган) бўлиб қолур.
Яъни, тоғлар тароқ билан титиб юборилган, сочилиб, тўзғиб юрувчи ҳар турли рангдаги жунларга ўхшатилмоқда. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Тоғлар ҳам (ўз жойларидан жилдирилиб), сайр қилдирилганида» (Таквир, 3-оят) ва яна: «У кунда Ер ва тоғлар титроққа тушар ва у тоғлар тўкилиб тургувчи қумтепаларга айланиб қолур» (Музаммил, 14-оят) деб айтган.
Юқоридаги Қиёматнинг икки аломатини зикр қилишда одамларни қаттиқ огоҳлантириб, қўрқитиш бордир. Сўнгра амалларнинг мукофотини ва одамларнинг ҳолатлари ҳамда икки гуруҳга бўлинишини қисқача баён қилиб;
«Бас, энди у Кунда кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўша (киши ҳар бир инсон) рози бўладиган – орзу қиладиган ҳаётда бўлур».
Яъни, кимнинг тарозу палласи ёмон амаллари олдида солиҳ амаллари ва яхшиликлари билан босиб, оғир келса, ўша киши барча инсонлар рози бўладиган ҳамда ўзи жаннатда рози бўладиган ҳаётда бўлур.
«Энди кимнинг тортилган (яхши амаллари) енгил келса, унинг жойи (онаси) жарликдир. Уни нима эканини қаердан ҳам билар эдинг. (У) қизиган дўзахдир».
Яъни, кимнинг ёмонлиги яхшиликлари устидан босиб тушса ёки ҳисобга олинадиган яхшиликлари бўлмаса, унинг маскани ёки ўрни жаҳаннамдир. Унинг «онаси жарликдир»даги онаси деб номланишига сабаб, худди ёш бола онасига таянгани каби у ҳам онаси бўлмиш жаҳаннамга таяниб у ердан бошпана олади.
Жаҳаннамни «Ҳовия», яъни ҳалок қилувчи деб номланди, чунки у туб қаҳридагилар билан бирга ҳалок қилади. Жаҳаннам олови ана шу даражада эркиндир.
Бизлар Қуръонда келганидек, тарозуни борлигига иймон келтирамиз, лекин унинг кайфияти, вазни ва ўлчовини билмаймиз.
«Бу оловни нима эканини қаердан ҳам билар эдинг?» дегандаги сўроқ, у оловдан қўрқитиб қўйиш учундир. Ҳамда биз таниган маълум оловдан ташқари нарса эканини баён этиш учундир. Ҳақиқатда уни моҳияти билинмайди. У олов шу даража шиддатлики, унинг ҳарорати ғоят катта даражага етади. Қиздириши ва куйдириши ҳам кучлидир. Бу билан унинг олови барча оловлардан устун экани келиб чиқади.
Имом Молик, Бухорий ва Муслимлар Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилишган ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам болалари (ишлатадиган) олов, жаҳаннам оловининг етмишдан бир бўлагидир», деганларида, саҳобалар: «Эй, Аллоҳнинг расули, агар ўша олов (бу дунёда) бўлса ёқиш учун кифоя қилармиди?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олтмиш тўққиз бўлаги ортиб қолади», дедилар.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайрадан (р.а.) қилган ривоятда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бу (сизлар ишлатаётган) олов жаҳаннамдаги оловнинг юздан бир бўлагидир», дедилар.
Имом Аҳмад Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳлининг энг енгил азобланадигани, уни (оловли) икки кавуши бўлади. Ўша сабабли мияси қайнайди», дедилар.
Икки саҳиҳ китоб, яъни Имом Бухорий ва Муслим ривоятларида келтирилишича, «Агар иссиқ қаттиқ бўлиб кетса, намозни (бироз кечиктириш билан) совутинглар. Чунки ҳароратни қаттиқ бўлиши жаҳаннам иссиғидандир», дейилган.
СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Қиёмат шиддатли ва қўрқинчли хавф бўлиб, қалбларни ларзага ва қулоқни қоматга келтиради. Бирор киши эса уни моҳиятини билмайди. Чунки унинг шиддатидан бирор ақл тасаввур қилолмайди. Уни қанча ўлчасанг ҳам ўлчовингдан улканроқдир. Дунё фалокати охират фалокати олдида гўёки фалокат эмасдир. Дунёнинг олови охират олови олдида гўёки олов эмасдир. Бу қаттиқ қўрқитиш ва огоҳлантириш бўлиб, бу каби қўрқитиш бошқа нарсада йўқдир. Муқотил: «У Аллоҳнинг душманларини азоблаш билан қийнайди. Аллоҳнинг дўстлари эса бундай қўрқинчдан омондадирлар».
2. Аллоҳ Қиёмат кунини икки иш билан васф қилади.
Биринчиси: Одамлар тафриқа бўлиб, тўзғиган парвоналарга ўхшайди. У парвоналар шундай ҳашоратки, ўзини оловга уради.
Иккинчиси: Тоғлар ранг-баранг, титилган жунларга ўхшаб қолади.
Аллоҳ тоғлар ҳолати ўзгаришини тўрт кўринишда сифатлаши мулоҳаза қилинади.
Биринчиси: Ал-Ҳаққа сурасининг 14-оятида келганидек, чилпарчин бўлиб кетиши. «Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида)».
Иккинчиси: Намл сурасининг 88-оятида келганидек, тўкилиб тургувчи қумтепаларга айланмоғи.
«Сизлар тоғларни кўриб тек қотиб турибди, деб ўйларсиз. Ҳолбуки, улар ҳам худди булутлар юргандек юрарлар».
Учинчиси: Титилган жун каби ёки деразадан кирувчи зарра бўлакларига ўхшайди.
Тўртинчиси: Наба сурасининг 20-оятида келганидек, саробга айланиб қолади. «Тоғлар ҳам (жойларидан) жилдирилиб, (осмонда учиб юрган) саробга айланиб қолур»
3. Қиёмат куни инсонлар тарозудаги амаллари оғир ва енгил бўлиши жиҳатидан икки қисмга бўлинади. Кимнинг яхшилиги ёмонлиги устидан оғир келса, рози бўладиган орзу қилинадиган ҳаётда бўлур. Кимнинг ёмонлиги яхшилиги устидан оғир келса, ҳарорати қаттиқ бўлган жаҳаннамнинг қизиган жойида бўлур.
Қизиган жойи дейиш билан, охиратнинг оловига қараганда бошқа оловлар қизимаганлигига ишора бордир. Мана шу нарса охиратнинг оловини иссиқлиги кучли даражада эканидан огоҳ этмишдир.
Итоат қилувчиларнинг яхшиликлари, тарозуда энг яхши суратда тортилади. Агар кучли бўлса, у киши учун жаннатдир. Кофирларнинг ёмонликлари эса энг ҳунук суратда келтириб, ўлчанади. Агар енгил келса, дўзахга киритилади.
Баъзи сўзловчилар: «Яхшилик ва ёмонликни айни ўзини ўлчаш деб тушуниш дуруст эмас. Балки бундан мақсад, яхшилик ва ёмонликлар ёзилган саҳифани ўлчашдир. Ёки яхшиликларга аломат қилиб, нур битилади. Зулумот эса ёмонликларга аломат бўлади», деб айтишган.
Абу Бакр (р.а.): «Дунё ҳаётида Ҳаққа эргашиш билан тарозулари оғир бўлганларни тарозуси оғир бўлади. Тарозуга ҳам ҳақ нарсани қўйилганида оғир бўлишга бурчлидир. Ботил нарсани қўйилганида эса енгил бўлишига бурчлидир», деб айтдилар.
Муқотил: «Ҳақиқатда ҳам шундай, чунки ҳақ нарса оғир бўлиб, ботил нарса енгилдир», дедилар.