loader

083. Мутаффифун (Ўлчовда уриб қолувчилар) сураси

Маккада тушган, 36 оятдан иборат
Суранинг номи унинг биринчи оятидаги сўздан олинган. «Мутаффифун» луғатда ўлчов ва вазнларда уриб қолувчилар, хиёнат қилувчилар маъноларини билдиради. Сура охират ҳисоб-китобидан қўрқмаганлари учун бировнинг ҳақидан ҳазар қилмай, уриб қолувчи кимсалар Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишлари тўғрисида хабар берувчи оятлар билан бошлангани учун шундай номланган. Унда ҳаётларини фисқ-фужур билан ўтказадиган иймонсиз кимсалар топадиган даҳшатли оқибат – дўзах азоби ҳақида огоҳлантирувчи оятлар ҳам, бу фоний дунёдан Ҳақ йўлни маҳкам тутиб ўтадиган иймон аҳли учун тайёрлаб қўйилган абадий жаннат неъматлари зикр қилинган оятлар ҳам мавжуддир.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Уриб қолувчиларга вой бўлсин!
Ояти каримадаги «вайл» сўзи «вой, ҳалокат» маъноларини ва «дўзах водийларидан бирининг номи»ни англатади. Тарозидан, ўлчовдан уриб қолувчилар ҳолига вой бўлсин, дейиляпти. Яъни, улар бу қилмишлари билан ўзларини ҳалок қилишди. Икриманинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясрибга (Мадинага) келган вақтларида шаҳарликлар ўлчовдан уриб қолишар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди (туширди). Шундан кейин улар тўғри ўлчай бошлашди».
Қуртубий ривоят қилади: «Мадинада ўлчовдан уриб қоладиган тижоратчилар бор эди. Уларнинг савдоси худди қиморга ўхшарди. Молнии ушлаб кўрдими, олиши шарт эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорга чиқиб, уни ўқиб бердилар».
Ислом шариати тижорат-савдогарликни энг ҳалол касблардан санайди, унинг машруълиги Қуръон, Суннат ва уммат ижмоъи билан собит бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам тижорат билан шуғулланганлар. Ҳалол тижорат, савдо инсоний муносабатларнинг энг самарали ва яхшиси, охират неъматларига эришиш воситаси, Аллоҳ таоло ҳузурида банда даражасини кўтарувчи амал ҳамдир. Аммо Парвардигор ҳалол қилган савдога хиёнат, алдамчилик ва ёлғон аралаштирганлар учун Аллоҳ азза ва жалла қаттиқ азоб-жазолар ваъда қилган ва тарозини тўғри тортиш, ўзгалар ҳақига хиёнат қилмасликка чақиради: «Тўғри, адолат билан тортинглар ва тарозидан уриб қолманглар» (Раҳмон, 9); «Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз» (Анъом, 152); «Ўлчов ва тарозини комил қилинг ва одамларнинг ҳақларидан уриб қолманг» (Аъроф, 85).
2. Улар одамлардан ўлчаб олишса, тўлиқ олишади;
Шундай савдогарлар борки, улар одамлардан ўлчаб олишганида ҳеч ҳақларини кетказишмайди, тўлиғича олишади. Аммо бошқага сотишда ўзлари адолат ва инсофга риоя қилишмайди. Ҳужжатул-Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий: «Савдогар кийимнинг яхши тарафини кўрсатиб, ёмон жойини яшириб сотса, у ёлғончидир, шунингдек, молини қоронғи жойда кўрсатса, фирибгардир», деганлар. Ривоятда келишича, бир аёл мазҳаббошимиз Имоми Аъзамга ипак кийим келтириб, уни юз тангага сотмоқчи бўлади. Имом: «Бу кийим юз тангадан қиммат туради, нархини қанча белгилайсан?» дейдилар. Аёл юз тангадан қўшаверди, имом «Бундан ҳам қиммат», деяверди. Охири аёл кийимни беш юз тангага сотди.  
3. бошқаларга ўлчовда ё вазнда кам беришади.
Аммо ўша ноинсоф савдогарлар бошқаларга ўлчаб беришда кам тортишади, харидор ҳақидан уриб қолишади, бошқа вазн-ўлчовларда ҳам алдамчилик қилишади. Суддийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Абу Жуҳайна исмли бир кимса бор эди. Унинг икки тарозиси бўлиб, биттасида ўлчаб берар, бошқасида ўлчаб олар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди» («Асбаб ан-нузул», 392-бет).
4. Улар қайта тирилишни ўйлашмайдими;
Тарозидан уриб қолувчи, харидорларни алдовчилар қайта тирилишларини ўйлашмайдими? Бозорларимизда тарозидан уриб қолаётганлар, алдов ва хиёнатдан ҳазар қилмаётганлар ўлимни, ўлгандан кейин қайта тирилиб, ҳар бир қилмиши учун Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида ҳисоб беришга тўғри келиши ҳақида бош қотиришмасмикин? Улар қиёматдаги ҳисоб-китобни, бировнинг ҳақини еганлар ўша куни буни эгаларига қайтаришларини, хиёнат ва алдовлари учун кўз кўриб-қулоқ эшитмаган азобларни эсдан чиқармасинлар. Бу дунёда алдаб топаётган мол-давлатлари у дунёда топажак оқибатлари олдида сариқ чақага ҳам арзимаслигини бир ҳисобга олиб қўйишсин. Қайс ибн Абу Ғаразадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй тожирлар жамоаси, савдога албатта шайтон ва гуноҳ ҳамроҳдир, савдоларингизга садақа аралаштириб туринглар», деганлар (Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
5. улуғ бир кунда?
Қайта тирилиш, қилган яхши-ёмон амаллари, хусусан тарози ва бошқа ўлчовлардаги хиёнатлар ҳисоб китоб қилинадиган кун жуда улуғ бир кундир, қиёмат кунидир. Қиёмат куни шармандали ҳолатга тушмаслик, Аллоҳ таолонинг жазосига гирифтор бўлмаслик учун дунё ҳаётида бировлар ҳақига асло хиёнат қилмаслик, ҳалол савдони ҳаромга айлантирмаслик керак бўлади.
6. У кунда инсонлар оламлар Парвардигори ҳузурида тик туришади.
Тарозидан, ўлчовдан уриб қолаётганлар қиёмат куни бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тўпланиб, қилмишларига ҳисоб бериш кераклигини билишмасмиди? Дарҳақиқат, уларга бу нопок ишлардан узоқда бўлиш ҳақида огоҳлантиришлар келган эди, аммо улар Аллоҳнинг ваҳийларига, охиратга ва қиёматга ишонмагани учун хиёнатда, ўзгалар ҳақидан уриб қолишда давом этаверишди. Агар уларнинг қалбида заррача имон уруғи бўлганида бу жиноятга қўл урмаган бўлишарди. Энди ҳолларига вой бўлди!
7. Йўқ, фожирларнинг китоби «сижжийн»дадир.
Йўқ, улар қанча елиб-югуришмасин, қандай баҳоналар топишмасин, нималарга умид қилишмасин, энди ишлар битган, жазо  куни етиб келди. Уларнинг номаи аъмоллари, яъни қилган амаллари битилган китоб «сижжийн»дадир. Ибн Ҳожар Асқалоний (раҳмаҳуллоҳ): «Мўминларнинг номаи аъмоллари «иллийн»да, кофирларники «сижжийн»да бўлади», деганлар.
8. (Эй Муҳаммад), «сижжийн» нима эканини қаердан билардингиз?
Эй Пайғамбарим, «сижжийн» нима эканини қаердан ҳам билардингиз? Сижжийн Аллоҳ таоло наздида эътиборли нарсалардан бири бўлгани учун ҳам унинг нималигини Ўз элчисига билдириш учун у зотга шундай хитоб қиляпти. Чунки бунгача Сарвари олам ҳам, у зотга эргашганлар ҳам сижжийн нима экани ҳақида бирор маълумотга эга эмас эдилар. «Сижжийн» сўзи «сажана» (қамамоқ) феълидан олинган, «тор жой, зиндон» деган маънони билдиради ва кофиру фожирларнинг номаи аъмоллари ёзилган китобнинг турар жойидир. Бундайлар вафот этгач, амаллар китоби ёпилади, бирор жойига ўзгартириш киритилмайди ва сақлаш учун сижжийнга қўйилади. Ўзлари қиёмат кунигача азоб-уқубатда бўлганларидек, амал китоблари ҳам ер остида, тор жойда (сижжийнда) сақланади.  
9. У битилган китобдир.
Кофир ва фожирларнинг амал китобларига кироман котибин уларнинг бирор ишини қолдирмай ёзиб боради, улар ҳатто бирор амални ўзларича ўчириб ташлай олмайди.
10. Ўша кунда ёлғончиларга войдир!
Қиёмат куни ёлғончиларнинг аҳволи ниҳоятда аянчли ва абгор бўлади. Чунки улар Аллоҳ таолога ва Унинг ваҳийларига ишонмаганлари учун буларга ҳам имон келтирмаганди. Энди, қарашса, ишлар улар ўйлагандан ҳам тамоман бошқача: қиёмат келиб турибди, олдинда муқаррар абадий азоб-уқубатлар, қилмишларини хас-пўшлашга ё улардан тонишга асло илож йўқ. Чунки бари Парвардигорига сира хиёнат қилмайдиган котиб фаришталар томонидан муфассал битиб қўйилган, сижжийнда сақланиб турибди. Кофир ва фожирлар учун бундан ҳам ёмон, хатарли оқибат бўлиши мумкинми?
11. Қиёматни ёлғонга чиқарувчиларга ҳам.
Охиратга ишонмаган, қиёматни ёлғонга чиқарганлар ҳам худди улар каби афсус-надоматларга ғарқ бўлган ҳолда саргардон туришибди. Уларнинг ҳоли ҳам ўта оғир, фожиали, ҳамиша ёлғон, афсона деб келган нарсалари, яъни қиёмат кўз ўнгиларида қоим бўлиб турибди.
12. Ҳаддидан ошган гуноҳкоргина уни ёлғонга чиқаради.
Ҳаддидан ошган, ўзидан кетган инсонгина қиёматни, охиратдаги ҳисоб-китобни, жаннат ва дўзахни ёлғонга чиқаради. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ишонмаган кимса буларни ҳам инкор қилиши аниқ. Бу айни куфрдир, «мукофоти» албатта дўзахдир. Ҳатто буларга ишониб турган ҳолида шайтон каби Аллоҳ раҳматидан ноумидлик ҳам куфрнинг ўзидир. Яъни, «мен фалон гуноҳни қилдим, Аллоҳ мени асло кечирмаса керак» деб ўйлаш ноумидликдир. Қалбига куфр, умидсизлик ўрнашганлар Аллоҳ таолога эмас, нафсига, шайтонга қул бўлади. Беақл ҳайвонлар каби кўнглига ёққан ишни қилаверади. Бировнинг ҳақидан уриш, тарози ва ўлчовларни кам тортиш бундайлар учун жиноят саналмай қолади. Разил, қабиҳ қилмишлари билан энг ҳақир, паст ва ифлос ҳайвон даражасига тушиб қолади. Савдосида асло барака бўлмайди: қоплаб пул топади, аммо ҳеч нарса орттиролмайди. Дунё ҳаётидаги йўқотишлари, машаққатлари ҳам майли-куя, энди унинг охиратдаги аҳволига бир назар солинг. Шунча елиб-чопиб, ҳаммани алдаб, одамларга ёмон кўриниб, қарғишига учраб эришган нарсаси жиноятлари битилган, сижжийнда сақланаётган амаллар китоби ва абадий дўзах қийноқлари! Бундан ҳам даҳшатли, бундан-да қўрқинчли оқибат бўлиши мумкинми?!
13. Унга оятларимиз тиловат қилинганида: «олдингиларнинг афсоналари-ку», дейди.
Бундай фожир кимсаларга Аллоҳ таолонинг оятлари тиловат қилиб берилганида, уларга ишонмай «ахир булар ўтмишдагиларнинг афсоналари-ку» дейишгача боришади. Муфассирлар ёзишича, ушбу ояти карима Макка мушрикларидан Назр ибн Ҳорис ҳақида нозил бўлган, аммо ҳукми барчага умумийдир. Ахир, заррача инсофи бор одам Аллоҳ таоло ато этиб қўйган беҳисоб неъматлари, яъни ҳаёт, соғлиқ, хотин ва фарзандлар, тинчлик-хотиржамлик, шинам уйлар, чопқир уловлар, турфа таомлар, мева ва сабзавотлар, ширин зилол сувлар, чиройли шаҳарлар каби ҳисобсиз яхшиликлари учун Унга ҳеч тараддудсиз, баҳонасиз қуллик қилиши лозим. Бунинг ўрнига у Аллоҳнинг каломи ҳақида шундай куракда турмайдиган сўз айтадими? Наҳот у ақлини ишлатмаса, бу қилмишлари учун қиёмат куни ҳолига маймунлар йиғлашини тасаввур қилолмаса? Шунчалар ҳам ақлсизлик, гўллик, гумроҳлик, нодонлик бўладими?!
14. Йўқ, уларнинг қилмишлари дилларига занг каби ўрнашди.
Ана шу жоҳил кимсаларнинг қилмишлари туфайли дилларини занг босди, Аллоҳнинг Нури (Қуръонни) қабул қилолмайдиган даражада тош қотди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг: «Ҳар бир чақалоқ Ислом фитратида туғилади, кейинчалик ота-оналари уларни ё яҳудий ё насроний ё мажусий қилиб тарбияллайди» деган ҳадислари бор. Худди шу каби Макка мушрикларининг қалблари кофирларники каби залолатга ботиб, қорайиб кетгани учун Аллоҳ таолонинг ваҳийларини рад этди. Охирзамон Пайғамбари Парвардигор ҳузуридан келган Қуръони карим оятларини уларга етказганларида ўзларига берилган катта имкониятдан фойдаланишмади, занг босган дилларини Қуръон нури билан поклаб, мунаввар қилиб олишмади. Тўғрироғи, бу нурнинг қалбларига кириб боришини исташмади. Оқибатда дунё ва охиратларини бой бериб, энг бахтсиз ва жоҳил кимсалардан бўлишди.  
15. Йўқ, ўша кунда улар албатта Парвардигорларидан тўсилгандирлар;
Аллоҳ рисолатига қарши чиқиб, ўзи ва оила аъзоларини Исломга киришдан тўсган бахтсиз кимсалар қиёмат куни бу рисолатни юборган Зотдан тўсилишади. Охиратда бандаларга бериладиган энг катта неъмат бўлмиш жаннатдан ҳам олий бўлган Ҳақ таолони ўз кўзи билан кўриш бахтидан маҳрум бўлишади. Қандай қилиб бу бахт уларга насиб этсинки, улар Аллоҳга, Унинг элчисига, Китобига қарашдан, буларга эргашишдан бош тортишган бўлса?! Ана шу қилмишлари билан улар Парвардигор розилигини топиш, Унинг жамолига боқиш лаззатини шу дунёдаёқ йўққа чиқаришган эди. Шунинг учун энди Аллоҳ таоло қиёматда уларга раҳмат назари билан боқмайди, жамолини ҳаргиз кўрсатмайди.  
16. ва кейин албатта дўзахга киришади.
Аллоҳ таоло жамолини кўришдан бенасиб қолган кимсалар албатта дўзахга киришади. Чунки улар дунё ҳаётидаги Ҳақни инкор қилишлари туфайли бундан бошқасига ҳам эриша олмайдилар. Чунки Ҳақ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Парвардигорингизга қасам, у кунда Биз уларни албатта шайтонлари билан бирга тўплаймиз, сўнгра жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қиламиз» (Марям, 68).
17. Сўнг уларга: «Ёлғонга чиқарганларинг мана шудир!» дейилади.
Кўп огоҳлантиришларга қарамай, куфр ва ширк эгалари ёлғонга чиқарган қиёмат, ундаги ҳисоб-китоб, кофир ва мушрикларнинг дўзахга киришлари етиб келди. Ёлғонга чиқарган, ишонмаган нарсаларингни энди кўриб қўйинглар. Шайтоннинг сўзига кириб, дунё матоҳига ғурурланиб шу аҳволга тушдинглар. Ваҳоланки, буни сизлар ишонмаган, инкор қилган Қуръони карим оятлари очиқ-равшан баён этган эди: «Мен сизларга билдириб: «Эй Одам болалари, шайтонга итоат қилманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир, Менга ибодат қилинглар, мана шу тўғри йўлдир», демаганмидим?! У сизлардан кўп авлодларни йўлдан оздирди, ахир ақл юритмадингларми?! Сизларга ваъда қилинган дўзах шудир, кофир бўлиб ўтганингиз сабабли бугун унда куйингиз!» (Ёсин, 60-64).
18. Йўқ, яхшиларнинг китоби «иллийн»дадир.
Аллоҳ ва Унинг ваҳийларига имон келтирган, дунё ҳаётида солиҳ амаллар қилиб ўтган яхшиларнинг амал китоблари «иллийн»дадир. Олдинги оятларда кофир ва мушрикларнинг қиёматда қай аҳволга тушишлари, оқибатлари аянчли бўлиши ҳақида сўз юритилган бўлса, ушбу оятдан бошлаб охиратда мўминлар сазовор бўладиган неъматлар ва мукофотлар баён этилади. Вафот этиши билан мўмин имони ва яхши ишлари туфайли роҳат-фароғат билан чулғаб олинади, унинг амаллари битилган китоби эса «иллийн»да сақланади.
19. (Эй Муҳаммад), «иллийн» нималигини қаердан билардингиз?
Эй Пайғамбарим, «иллийн» нима эканини сиз ва издошларингиз қаердан ҳам била олардинглар, бунинг илми фақат Парвардигорингиз ҳузуридадир. «Иллийн» ҳам олдинги оятларда зикри келган «сижжийн» каби Аллоҳ ҳузурида эътиборли бўлгани учун Аллоҳ таоло Пайғамбарига шундай хитоб қилди. Агар бунинг хабарини Биз сизга билдирмасак, унинг нималигини қаердан ҳам билардингиз?
20. У битилган китобдир.
«Иллийн» мўмин бандаларнинг амаллари битилган китобдир, номаи аъмолдир. «Иллийн» сўзи арабча «ъала яълу» (юксак бўлмоқ) феълидан олинган, олий, юксак ўрин-мақом маъносини билдиради. Мўминлар қиёматгача қабрларида роҳат-фароғатда бўлганларидек, уларнинг амал китоблари ҳам олий ўринда, улуғ фаришталар ҳузурида сақлаб турилади. Чунки мўминга дунё ҳаётида асло осон бўлмаган эди: у ҳамиша дин душманларининг ҳақорат, камситиш ва маломатларига учраган, улардан зулм ва озорлар кўрган, тирикчилик ўтказиш, оила нафақасини топишда йўқчилик-машаққатларни бошдан кечирган, ибодатларни вақтида ва мукаммал адо этиш ҳам қийин кечган. Қисқагина, ўткинчи дунё ҳаётида ана шу йўқотишларга қарамай, у имонини сақлаб қолди, Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги оғирчилик, тўсиқ-ғовлар олдида чекинмади, тоат-ибодатда саботли бўлди. Ана шундай итоаткор бандасини Аллоҳ таоло қиёматда ўз ҳолига ташлаб қўярмиди?! У бандасининг кучли имони, тақвоси, сабот-матонати, қатъияти мукофотини албатта беради, чунки Унинг бундай ваъдаси бор: «Эркакми ё аёлми – ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу амал қилса, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этамиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз» (Наҳл, 97).
21. Яқинлар унга гувоҳ бўлишади.
Мўминларнинг «иллийн»да асралаётган амал китобларига Аллоҳ таолога муқарраб (яқин) фаришталар албатта гувоҳ бўлишади. Амал китоблари муқарраб фаришталар томонидан олий мақомларда эҳтиром қилиб сақланадиган мўминларнинг ўзлари қандай эҳтиром ва роҳат-фароғатда, жаннат боғларида беҳисоб неъматлар ичра бўлишларини тасаввур қилиб олаверинг.
22. Ҳақиқатан, яхшилар неъматлар узра бўлишади.
Аброрлар, яъни яхши  инсонлар учун жаннатда тайёрлаб қўйилган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматларнинг ҳисобига етиш қийин. Ушбу ояти каримадан бошлаб имонли, тақволи, аброр зотлар учун охиратда бериладиган даражалар, энг ноёб неъматлар васфи бошланади.
23. Сўрилардан атрофга боқишади.
Улар келинчаклар уйидай чиройли безатилган, гиламлар тўшалган, юмшоқ ёстиқ-болишлар ташланган сўриларда атрофларига қараб лаззатланиб, ором ва фароғат ичра ўтиришади. Муфассирлар жаннатийларнинг нималарга боқиб ўтиришларини бундай баён этишади: «жаннатда атрофларидаги гўзал манзаралар, ўхшаши йўқ неъматлар ва ўзларига яратилган қулай шароитларга қараб туришади; дўзахда азобланаётганларга боқиб туришади; ўтирган жойларидан Аллоҳ таолонинг жамолини кўришади».
24. Чеҳраларида мамнунлик тароватини кўрасиз.
Улар дунё ҳаётида ҳам Аллоҳ таоло неъматларига шукр қилиб ўтишганидай, жаннатда ҳам кўз қувнатувчи неъматларга қараб, шукр қилишади, мамнун бўлишади. Улар чеҳрасида фақат мамнунлик, эришган нарсасидан розилик, миннатдорлик тароватини кўриш мумкин. Аллоҳ таоло айтган: «(Мўминларнинг) юзлари эса у кунда шод-хуррам» (Ғошия, 8); «Табассумли ва хурсанд» бўлади» (Абаса, 39).
25. Улар муҳрланган махсус шаробдан ичишади.
Жаннатийлар у ерда оғзи муҳрлаб қўйилган махсус шароблар ичишади. Бу шароблар дунёдагисидан тубдан фарқ қилади: маст қилмайди, ақл-ҳушдан айирмайди, бош оғритмайди, унга турли нопок нарсалар аралашмаган, ўта тоза, хушбўй, пок бўлади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: сиз жаннатда шинам сўриларда, шойи кўрпачалар устида роҳатланиб ёнбошлаб ётибсиз, хизматингизда чиройли ҳуру ғилмонлар. Улар Аллоҳнинг муқарраб (яқин) бандаларига бериладиган хушбўй шаробларни узатиб туришибди. Бу неъматлардан ҳам ажойиби – Аллоҳнинг жамолини кўриш ҳали олдинда. Наҳот, ана шу ажиб неъматлар, мисли йўқ роҳат-фароғат сизни қизиқтирмаса? Наҳот шундайин ақл бовар қилмас хурсандчиликларни беш кунлик фоний дунёнинг арзимас, зумда унутилиб кетадиган «лаззат»ларига алмаштиришни истасангиз? Унда нега разолат ва куфр чангалзорларида  гангиб-адашиб юрибсиз? Нега ана шу тенгсиз неъматлар эгаси Аллоҳга бандалик қилишдан, итоатда бўлишдан бўйин товлаяпсиз? Қачон ҳидоят йўлига юрасиз? Нимани, қайси муҳлатни кутяпсиз? Амаллар дафтари ёпилиб, ҳеч қандай узру баҳоналар ўтмайдиган, тавба эшиклари беркитиладиган қиёматними? Сизни жаннатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган яхшиликлар, мушк каби хушбўйликлар билан муҳрланган шароблар, турфа таом ва мевалар  кутиб турган экан, унда нега буларга эришиш йўлида ҳаракат қилмаяпсиз, тоат-ибодатга киришмаяпсиз?
26. Унинг муҳри эса мушкдандир ва мусобақачилар шу йўлда мусобақа қилишсин.
Жаннатда жаннатийларга тутиладиган май идишлари мушк билан муҳрланган бўлади. Ана шу мангу неъматга етишишни истаганлар бу йўлда бир-бирлари билан кимўзарга мусобақа қилишсин! Чунки, охират даража жиҳатидан мусобақалишга аризийдиган энг юксак, афзаллиги томонидан энг улуғ мезондир. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсангиз, жидду жаҳд қилинг, токи Аллоҳ таолога итоатда ҳеч ким сиздан ўзиб кетолмасин. Ахир Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада айни шу майдонда сизга мусобақа ва рақобатни буюряпти. Инсонлар ташқи кўриниш ва ички хулқда бир-бирларидан фарқланишгани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Абу Саъид Худрийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк жаннатийларга бамисоли узоқ уфқларда машриқу мағрибга сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек кўринади», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, уларга пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдими?» деб сўрашди. «Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Аллоҳга имон келтирган ва элчиларини тасдиқлаган кишиларнинг кўшкларидир», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
27. Унга тасним аралаштирилган.
Ана шу мўмин бандаларга аталган хушбўй ва фойдали шароблар Тасним номли булоқлардандир. Бу покиза ва сархуш қилмайдиган шаробга ана шу тасним сувларидан аралаштирилган.
28. У Аллоҳга яқинлар ичадиган булоқлардандир.
Тасним булоқларидан фақат Аллоҳга муқарраб (яқин) бандалар ичишади. Аллоҳ таолодан қўрқадиган, Унинг амр-фармонларини бажаришда собит турадиган, дунё ҳаётида солиҳ амаллар қилиб, охиратини безайдиган, инсонларга фақат яхшилик қиладиган, Аллоҳ таоло розилигини ҳамма манфаатлардан устун қўядиган яхши инсонлар Аллоҳ таолога яқин кишилардир.
29. Жиноятчилар мўминлар устидан кулишарди;
Аллоҳ таоло бу ерда кофирларнинг тўрт жиноятини баён қилиб беряпти: булар: шундай расво кимсалар ҳам борки, ўзида имонсизлик, ширк, жоҳиллик, зулм, мунофиқлик каби жиноятлари тўлиб-тошиб ётибдию яна мўминлар устидан кулади, уларни масхаралайди ва камситади. Бу ояти карима мушрикларнинг катталаридан Абу Жаҳл, Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил кабилар ҳақида нозил бўлган. Улар Исломга кирган Аммор ибн Ёсир, Суҳайл, Билол ибн Рабоҳ (розийаллоҳу анҳум) каби фақир камбағалларни масхаралаб, устларидан куларди. Пайғамбар алайҳиссалом Ясрибга (Мадинага) кўчганларида мунофиқлар ҳам бу жирканч ишни қилишди.  
30. ёнларидан ўтганда кўз қисишиб масхаралашарди.
Куфр эгаларининг яна бир жинояти мўминлар ёнларидан ўтиб қолишса, уларга кўз-қошлари билан имо-ишора қилиб мазахлашарди. Оятдаги «ятағомазун» феъли бир-бирларига қош, кўз, киприклар воситасида масхаралаш ва айблаш учун имо-ишора қилиш маъносидадир. Улар ёнларидан мўминлар ўтиб қолгудай бўлса, ана шундай имо-ишора билан уларни камситар, «туя ҳаммомни орзу қилибди-да» қабилида гап отишарди.  
31. Уйларига эса ҳазил-мазах билан қайтишарди.
Уларнинг яна бир жинояти: уйларига-оилаларига қайтаётганларида мусулмонларга етказган озорлари билан бир-бирларига, оила аъзоларига мақтанишарди. «Мен фалончининг боплаб адабини бердим», «Кўрдингларми, мен улардан устунман, мусулмон бўлсаям ўзи ночор, камбағал» каби сўзлар билан керилиб, ғурурланади. Инсон кофир, адашган бўлганидан кейин ақидаси ҳам шунга яраша бўлади. Ўзининг чиркин ақидасига нима тўғри келмаса, хато санайди, йўққа чиқаради, унга қарши жон-жаҳди билан курашади. Мусулмонлар устидан кулиб, уларни хўрлаб роҳатланадиган бундай бебахт кимсалар барча замон ва маконларда ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.
32. Уларни кўрганларида: «Анавилар ҳақиқатда адашганлардир», дейишади.
Бундай ўзи ҳақир, қалби сўқир кимсалар мўмин-мусулмонларни кўрганларида: «Бизлар эмас, манавиларнинг ўзи ҳақиқатан йўлдан адашган», деб маломат қилишдан ҳам уялмайди. Ақидаси бузуқлиги сабабли, айтилаётган панду насиҳат ва эслатмалар Аллоҳ таоло тарафидан келаётган бўлса ҳам, уларни эшитмайди, инкор қилади, ёлғонга чиқаради. Шунинг учун ўзидан бошқача фикрлайдиганларни, ўзидан бошқа йўлда кетаётганларни «адашганлар» деб ҳисоблайди. Айрим Макка мушриклари худди шундай эди, мусулмонларни ота-боболари динидан адашган, деб уларни мазах қилар, камситар, озор етказар эди. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари боболари Иброҳим алайҳиссалом динини (ҳанифликни) ўзгартириб, ботил эътиқодга, бутпарастликка айлантириб юборишган эди.
33. Ҳолбуки улар пойлоқчи қилиб юборилмаган.
Ваҳоланки, бу мушрик ва бутпарастлар мўминлар устидан пойлоқчи қилиб юборилмаган, уларнинг айбини топиш, хатосини тўғрилаш, йўлини аниқлаш вазифаси уларга топширилмаган. Бунинг учун Аллоҳ таоло бандалар орасидан танлаб олган ва элчилик вазифасини юклаган Пайғамбарини юборган. Мўминларни тергаш, ҳақ-ноҳақлигини аниқлашга ким уларга ҳуқуқ берди? Бундай бемаъни гаплар ўрнига улар ўзларини тузатса бўлмайдими? Моғор босиб, кирланиб кетган ич-ташларини поклаб, Аллоҳга чин бандалик қилишса бўлмайдими?
34. Ўша кунда мўминлар кофирлар устидан кулишади;
Дунё ҳаётида кофирлар имон эгалари устидан кулиб, калака қилиб ўтишган эди, қиёмат бўлганида кулиш навбати энди мўминларга келди. Куфр эгалари залолатда бўлгани учун ўткинчи дунёда мўминларни эрмаклаган эди, энди мўминлар куфр ва ширк эгалари устидан абадий кулишади. Бу кулишлар ҳам майли-куя, кофирлар калака бўлгани уёқда қолиб, бундан-да даҳшатли, бундан-да қийноқли дўзах азобини ҳам тортишга маҳкумдирлар. Уларнинг ҳолати шунчалар тангки, мўминларнинг ҳазил-мазахларига қарашга ҳам, жавоб беришга ҳам қодир эмаслар. Насафий тафсирида ёзилишича, «Дўзах билан жаннат орасида бир дарвоза очилиб, жаннатдаги мўминлар кофирларни ҳузурларига чақиришади. Кофирлар дарвозага яқин келишлари билан у ёпилиб қолади. Шунда мўминлар кулиб юборишади. Буларнинг бари дунё ҳаётида мўминлар устидан кулиб, уларни калака қилиб юрган кофирларга Аллоҳнинг жазосидир».
35. сўриларда қараб ўтиришганида.
Кофирлар мўминларни учратиб қолганда, кўча-кўйда мазах қилган бўлса, мўминлар Аллоҳнинг душманларини сўриларда ҳузурланиб ўтирган ҳолларида эрмак қилишади. Оятдаги «ароика» сўзи юқорида айтилганидек, келинлар учун хос безатилган шинам хонани англатади. Мўминлар ёқут ва маржонлар билан безатилган гўзал сўриларда ўтирган ҳолда душманлари устидан кулишади.
36. Кофирлар қилмишларига ярашасини олишмадими?
Ана шундай мазах-кулкига қолган, олдинда дўзахдаги абадий оғир қийноқ-азоблар кутиб турган куфр ва ширк эгаларининг ҳолати ана шундай қўрқинчли ва таҳликали. Улар Аллоҳ таоло ваҳийларини инкор этишгани, қиёмат ва охиратни ёлғонга чиқаришгани, Аллоҳнинг динига эргашганларни мазах ва калака қилишгани учун дўзахда абадий қаттиқ азобларга гирифтор бўлишгани ҳақ. Улар қилмишларига яраша бу жазога сазовор бўлишди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки Аллоҳ таоло дунё ҳаётида Ўз ваҳийлари орқали уларни кўп огоҳлантирган эди: «Кофир бўлган кимсаларга эса шундай жаҳаннам ўти борки, на уларга ҳукм қилиниб ўла олишади, на улардан азоби енгиллатилади. Ҳар бир кофирни мана шундай жазолаймиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни чиқар, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача (яхши) амаллар қилайлик», деб фарёд чекишади. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тортаверинглар. Золимлар учун ёрдамчи бўлмас» (Фотир, 36-37).

Орқага Олдинга