loader

084. Иншиқоқ (Ёрилиш) сураси

Маккада тушган, 25 оятдан иборат
Мазкур сура номи биринчи оятдаги «ёрилиш» маъносидаги «иншиқоқ» сўзидан олинган. Сура аввалида қиёмат қойим бўлган куни само ёрилиб, замин эса ёйилиб, теп-текис бўлиб қолиши баён этилгани учун у шундай ном олган. Бошқа маккий суралар каби бунда ҳам ақида масалалари, қиёмат куни юз берадиган даҳшатли воқеалар баён этилади. Сурада инсон зоти дунёга келган вақтидан тортиб ўзи билса-билмаса, хоҳласа-хоҳламаса Парвардигори томонга, яъни дунё ва охират ўртасида ўрнатиб қўйилган ўлим номли кўприк орқали Аллоҳ таолонинг одил ҳисоб-китоби сари интилиб бориши таъкидланади. Сўнгра ўша жазо кунида қандай кишиларнинг ҳисоб-китоби осон бўлиши ва қандай кимсалар мангу азобга йўлиқишлари ҳақида хабар берилади. Сура мушриклар ва Аллоҳга ишонмайдиганларга танбеҳ бериш ва аламли азоблар билан қўрқитиш, имон ва солиҳ амалларни жамлаган мўминларга нажлт ва туганмас доимий савоблар беришни ваъда қилиш билан якунланади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1.Осмон ёрилганида;
2. Парвардигорига итоат қилган ҳолда.
Қиёмат куни ҳам бутун борлиқ одатдагидай Парвардигорига итоат қилган ҳолда бўлади. Миллиардлаб йиллар мобайнида коинот, осмонлар, Ер, Қуёш ва Ой, юлдузлар Аллоҳ таоло белгилаб қўйган қатъий низом асосида ҳаракат қилган, фаолиятда бўлган эди. Аллоҳ ваъда қилган қиёмат қоим бўлиши билан тинч турган осмон Парвардигорига итоат қилган ҳолда ёрилади.
3. Ер кенгайиб кетганида;
4. ўзидаги ҳамма нарсани чиқариб бўшанганида;
Қиёмат куни келганида Ер ўз ўқидан чиқиб-кенгайиб кетади ва бағридаги ҳамма нарсани – ўликлару дафина-хазиналарни ташқарига чиқариб ташлаб, «юки»дан холи бўлиб олади. Қуръони каримда бундай баён этилган: «Зилзила бўлиб Ер қимирлаганида, ичидагиларни чиқариб ташлаганида ва инсон: «унга нима бўлди?» деганида, ўша куни ҳамма гапни айтади» (Залзала, 1-4).
5. Парвардигорига итоат қилган ҳолда.
Ер кенгайиши ва барча нарсани ичидан чиқариб ташлаши ҳам унинг Парвардигорга итоат қилганидандир. Чунки қиёматдаги бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг изни-иродаси билан бўлади. Бутун борлиқ, коинот, осмон жисмлари, инсонлар, жинлар ва фариштлар, яъни барча махлуқот ва мавжудот Парвардигор амрига қулоқ тутган ҳолда Унга итоатда бўлади. Иккинчи ва бешинчи оятлардаги «ҳуққот» сўзи «фалон ишни қилиши керак» маъносидадир. Осмонлар ҳам, Ер ҳам, бошқа мавжудотлар ҳам ҳамиша, ҳатто қиёмат куни ҳам Парвардигорига итоатда бўлиши лозим.
6. Эй инсон, Парвардигорингга йўлиққунча машаққат-меҳнат билан Унга интиласан, Унга албатта йўлиқасан.
Эй инсон, Парвардигорингга йўлиқадиган кун, яъни қиёмат келгунча Аллоҳ азза ва жалла сари интилдинг. Унинг амрларини бажаришга тиришдинг. Унга тоат-ибодатда бўлдинг. Пайғамбари келтирган ваҳийларга имон келтирдинг. Ҳаётингни солиҳ амаллар билан безадинг. Охиратингга тайёргарлик кўрдинг. Буларнинг ҳаммасини қиёматда Унга албатта йўлиқишингни билганинг учун қилдинг. Мана энди Парвардигоринг билан албатта учрашасан. Унинг олий мукофотларига – жаннатига, жамолига эришасан. Ояти каримадаги «кадҳан» сўзи «меҳнат қилувчи, тиришувчи» маъносида, инсон умр бўйи Аллоҳ розилиги йўлида меҳнат қилса, тиришса, интилса, кўзлаган мақсадига албатта эришади. Бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Қуръони карим бундай огоҳлантирган: «У кунда барча одам оламлар Парвардигори ҳузурида тик туради» (Мутоффифин, 6); Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) қилинган ривоятда келишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ана шу оятни тиловат қилиб: «Аллоҳ сизни муддати эллик минг йилга тенг бир Кунда,  ўқларни садоққа жойлаган каби жамлаб, лекин сизга боқмаган Кунда аҳволингиз нима бўлади?» дедилар» (Имом Табароний ривояти).
7. Кимнинг номаи аъмоли ўнг тарафидан берилса;
Воқеа сурасида баён этилганидек, номаи аъмоллари ўнг томонларидан берилган мўминлар саодат эгаларидир, жаннатийлардир. «Номаи аъмол» сўзи «амаллар ёзилган китоб, амалнома» маъносини билдиради. Бандаларнинг номаи аъмоллари – уларнинг тоат ва гуноҳлари ёзилган китобнинг ва бандалар ҳисобга тортилишининг ҳақлигига ишониш Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг бир қисмидир. Қиёматда мўминларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан, кофирларнинг номаи аъмоллари оріа ва чап томонидан берилиши µаідир. Қуръони каримда зикр этилишича, кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса, у осон ҳисоб-китоб қилинади ва жаннатдаги аҳли-оиласи олдига хурсанд ҳолда қайтади. Кимнинг номаи аъмоли орқа (чап) томонидан берилса, у ўлимига рози бўлади ва дўзахга киради. Ҳар бир кишининг қилган ишлари унинг икки елкасидаги котиб фаришталар (кироман котибийн) томонидан ёзиб борилади. Қуръони каримда бундай мазмунли оят келган: «Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (номаи аъмолини) кўрсатурмиз» (Исро, 13).
8. Тез ва осон ҳисобга тортилади;
Амалномалари ўнг томонидан берилганлар тез ва осон ҳисоб-китоб қилинади. Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб шунчалик шиддатли, машаққатли бўладики, ҳатто Аллоҳнинг пайғамбарлари ақлини шошириб қўяди, билганларини унуттиради. Ана шундай таҳликали дамларда номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган бахтиёрларга ҳисоб-киоб осон кўчади.
9. яқинлари олдига хурсанд қайтади.
Бу саодатманд кишилар яқинлари, оила аъзолари олдига мамнун ҳолда, Аллоҳ таолонинг розилигига эришган хушнуд кайфиятда боришади. Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Жаннатдаги дарахт сояси бир отлиқ юз йил юрадиган масофачадир. «Ўнг томон эгалари ёйилган соядадирлар» (Воқеа, 30)».
10. Кимнинг номаи аъмоли орқа тарафидан берилса;
Амалномалари чап (орқа) томонидан берилганлар энг бахтсиз кимсалардир. Уларнинг дунё ҳаётида қилган гуноҳ, жиноят ва итоатсизликлари қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла томонидан ана шундай аянчли ҳолга гирифторлик билан жазоланади.
11. тезда ўзига ўлимни чақиради;
Номаи аъмоли чап (орқа) тарафидан берилиб, дўзахга кириши аниқ бўлган, ҳеч кимдан ёрдам ололмаган, ҳеч кимнинг шафоатига (васийлигига) муносиб кўрилмаган жинояткор, осий кимсалар аҳволлари танглигидан ўзига ўлим тилаб қолади, «қанийди ер остига кириб кетсам, анави қуш-ҳайвонлар каби тупроққа айланиб кетсам», деб қолишади. Лекин уларнинг илтижоларига ҳеч ким қулоқ солмайди, дод-войларию ҳасратларини ҳеч ким эшитмайди.
12. ва дўзахга киради.
Энди бу нобакор кимсалар учун биргина йўл қолган: у ҳам бўлса дўзахга кириш, унда абадий куйиш, ёниш. Чунки бундай оқибатни ўзлари хоҳлашган, дунё ҳаётида Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига ишонмай, улар даъватига қулоқ солмай, ўзларини бундай жазога муносиб санашган.  
13. Чунки у яқинлари орасида шод-хуррам ўтганди.
Охиратини совурган кимсанинг дунё ҳаётида қиёмат, ҳисоб-китоб ҳақида ўйлашга, бунга тайёргарлик кўришга вақти ҳам, тоқати ҳам, хоҳиши ҳам бўлмади. Дунё лаззатларига кўмилиб, «озгина берилган умрда маза қилиб яшаб қол!» қабилидаги бузуқ сафсаталарга ишониб ғафлатда юраверди. Аллоҳга, Унинг оятларига ишонмагани учун Унинг ҳузурида ҳисобга тортилиш, мукофот ёки жазо берилиши, жаннатга ёки дўзахга тушиши кабиларни ҳам афсона, ёлғон санади. Аллоҳ ваъда қилган қиёмат соати келиб, ҳамма ишлар рўёбга чиқиб турганида энди бу шўрликнинг ҳоли не кечади? Ким унга энди ёрдам қўлини чўзади? Минг афсус, энди кеч! Тириклигида имонга келиши, ҳидоятга юриши, охирати ҳақида ўйлаши керак эди.
14. Ҳеч қачон ортга қайтмайман, деб ўйлаганди.
Бу жоҳил кимса ҳеч қачон қайта тирилмайман, ортга қайтмайман, деб ўйлаган эди. Лекин унинг эмас, Парвардигорнинг айтгани бўлади. Аллоҳ таоло ваъда қилган қиёмат албатта қоим бўлади: амаллар тарозига қўйилади, мўминлар мукофотланиб, кофирлар жазоланади. Бунинг ҳақлигига ишонмаганлар, буларни ёлғонга чиқариб инкор қилганлар бир лаҳзада дунёдаги энг бахтсиз, икки дунёсидан айрилган нодонларга айланишади. Эй ғафлатда юрган инсонлар, ана шундайлар ҳолига тушмаслик учун ҳали вақт борлигида кўзни очинглар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ экани ҳақида озгина тафаккур қилинглар. Охиратга тайёргарлик кўриб қолинглар! Ҳали тавба эшиклари ёпилмаган, ҳали ҳидоят йўллари тўсиқсиз-очиқ, ҳали даъват овозлари тинганича йўқ, ҳали занг босган қалбларни поклаш муҳлати ва имконияти бор! «Қаердан билурсиз, эҳтимол қиёмат соати яқин келиб қолгандир?!» (Аҳзоб, 63).
15. Ҳолбуки, Парвардигори уни кўриб турарди.
Бундай бахтсиз кимсалар дунё ҳаётида охирзамон Пайғамбарининг огоҳлантиришларига қулоқ солмаган, Аллоҳ таолонинг ҳамма ерда ҳозиру нозирлигини, инсонларнинг ҳар бир қилмишию, яхши-ёмон ишларини кўриб туришини инкор қилишган, бунга ишонишмаган эди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларни Ўз ваҳийи билан бундай огоҳлантирган эди: «(Эй Муҳаммад), ҳаргиз «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган ишларидан бехабар», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни кўзлар (қўрқинчдан) қотиб қоладиган Кунга қолдирмоқда, холос» (Иброҳим, 42).
16. Шундай! Шафаққа қасам.
17. Тун ва у қоплаганларга қасам.
18. Ва тўлин Ойга қасам.
Аллоҳ таоло бандалар диққат-эътиборини қуйида васф қилмоқчи бўлган нуқталарга тортиш учун ҳузуридаги эътиборли нарсалардан: Қуёш ботаётган чоғдаги шафаққа, тунга ва у ўраб оладиган нарсаларга ҳамда тўлишиб-нурлари жамланиб, думалоқ ҳолатга келган тўлин Ойга қасам, деяпти.
19. Ҳақиқатан сизлар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтасизлар.
Эй инсонлар, ҳақиқатан қиёматда сизлар бир ҳолатдан иккинчи бир ҳолатга ўтасизлар. Ояти каримадаги «тобақон ан тобақо» жумласи «бир босқичдан кейинги босқич» маъносини англатади. Муфассирлар «тобақо»ни «ҳолатлар» деб тафсир қилишган. Яъни, қиёмат куни унинг аломатларидан бўлган ҳолатларга бирма-бир йўлиқасизлар. Бундан англашиладики, кофир кимсалар Аллоҳ таоло яратган шафақ, тун ва унинг зулматига кўмилган нарсалар, кичрайиб-тўлишиб турувчи Ойга ишонадию, аммо буларнинг Яратувчисини тан олгиси келмайди, Унга ишонмайди. Аллоҳнинг яратиш ҳикматини, Унинг қудратини чегаралашга ким кофирларга ҳуқуқ берди? Ёки ҳали ҳам улар шафақ, тун, Ой каби нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлган, деган бузуқ сафсаталарга ишониб юришибдими? Шундан бепоён борлиқни, қатъий илоҳий низом асосида бехато ҳаракатланаётган Коинот тизимини, Еру осмонларни, улардаги барча мавжудотларни яратган Аллоҳ азза ва жаллага инсонларни ўлгандан кейин қайта тирилтириш, уларни ҳисоб-китобга тортиш асло қийин эмас!  
20. Нега улар ишонишмайди;
Бундай кимсаларга нима бўлдики, шунча панд-насиҳатлар, Пайғамбар даъватлари кор қилмаяпти? Чунки қалби кўр, ўзи ғўр бу кимсалар ғурурлари ва кибрлари, жоҳилликлари ва фаросатсизликлари туфайли воқеликдан ўжарларча кўз юмишади. Аллоҳ ва Унинг оятларига ишонмай, ёлғонга чиқаришади. «Охират дунёси ҳақидаги гаплар афсона» деб безовта дилларига сохта таскин бермоқчи бўлишади. Йўқ ва яна йўқ! Қиёмат ҳақ, ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақ! Маҳшарда тўпланиш, сўралиш, мезон, тарози ҳақ! Жаннат ва дўзах ҳақ! Бунга ишонмаганлар эса икки дунё саодатидан маҳрум бўлганлардир. «Ҳали (қиёмат куни) кофир кимсалар мусулмон бўлишни истаб қолишади» (Ҳижр, 2).
21. Қуръон ўқилганида саждага боришмайди.
Улар ҳатто Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръон оятларини эшитиб ҳам саждага боришмайди. Тарихдан маълум, Ислом келган даврда араблар сўз фасоҳати ва балоғатида тенгсиз, ҳақиқий сўз усталари бўлишган. Улар нотиқликлари, шоирликлари, сўз ёрдамида рақибларини мот қилиш иқтидори билан мақтанишарди. Макка мушрикларининг ана шундай сўзамолликлари, тиллари бурролиги Қуръон оятлари тиловат қилинганида уни улуғлаб ва ҳурматлаб сажда қилишдан тўсиб қолди. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа тиловат саждаси вожиблигига мана шу оятни далил-ҳужжат қилганлар ва сажда оятларини эшитиб саждага бормаганларни қаттиқ койиганлар.
22. Балки кофирлар уни ёлғонга чиқаришар?!
Кофир ва мушриклар чин ҳақиқат эканини билатуриб ҳам Аллоҳ таоло ваҳдонияти, қайта тирилиш, савоб ва гуноҳ каби нарсалар ҳақлигини ўзида мужассам этган китобни, яъни Қуръони каримни инкор қилишяптими ва ёлғонга чиқаришяптими? Уларнинг бундай қилмишлари ё Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳасадлари, ичиқораликлари ёки бойлик, мансаб, мартаба каби манфаатлар қўлдан кетишидан қўрққанликлари ёхуд ота-боболарига тақлидлари ўта кучлилиги ё ўзларининг ўта қайсар ва мутакаббир эканлари туфайлидир.  
23. Аллоҳ нимани яшираётганларини яхши билади.
Лекин Аллоҳ таоло уларнинг барча қилмишлари, дилларида нималарни яшириб, устларида нима қилаётгани ёки гапираётгани, мусулмонларга қилаётган барча жабр-ситамларини – ҳаммасини яхши кўриб-билиб турибди. Улар жиноятларимизни ҳеч ким кўрмаяпти, демак ҳеч ким бунинг учун жазо бера олмайди, деб ўйлаб хомтама бўлишмасин.
24. (Эй Муҳаммад), уларга қаттиқ азоб «хушхабари»ни беринг.
Уларнинг бу фикрлари ҳақиқатдан мутлақо йироқ. Аллоҳ таолонинг адолати шунчалар улуғ ва қаттиқки, У бирор яхшиликни мукофотсиз қолдирмайди, бирор кичкина жиноят, зулмни жазосиз қолдирмайди. Эй суюкли Пайғамбарим, бундай куфр ва ширк эгаларига қиёматда аламли, абадий азоб-қийноқлар борлиги хабарини етказинг. Токи дунё ҳаётидаги ёмонликларига, гуноҳларига, зулмларига тавба қилишсин, Аллоҳдан мағфират сўрашсин. Одатда «хушхабар» сўзи яхши, қувончли хабарларга нисбатан ишлатилади, бу ояти каримада хушхабарнинг қўлланиши кофирларни яна бир бор хорлаш ва масхаралаш учундир.   
 25. Аммо имон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларга туганмас мукофотлар бор.  
Аммо, эй Пайғамбарим, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ) деб имон келтирган, бу калимани қалбига мустаҳкам ўрнаштириб олган, бутун ҳаётини ана шу калиманинг ғолиб-олий бўлиши учун бағишлаган, дунё ҳаётида солиҳ-яхши амаллар қилган саодатманд инсонларга эса охиратда Парвардигорлари ҳузурида туганмас мукофотлар, жаннатдаги абадий роҳат-фароғат, энг асосийси Аллоҳ таолонинг жамолига етишиш борлиги хушхабарини ҳам етказинг. Улар Аллоҳ таолонинг мана бу ваъдасини ҳамиша ёдда тутишсин: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир» (Юнус, 26).

Орқага Олдинга