loader

085. Буруж (Буржлар) сураси

Маккада тушган, 22 оятдан иборат
«Буруж» «осмондаги буржлар» маъносини англатади. «Бурж» сўзи юлдузларнинг манзиллари маъносидадир. Сура бошидан-охиригача имон-эътиқод мавзуини ёритувчи сура бўлиб, унда аввал узоқ ўтмишда мўминларни фақат Аллоҳ таолога имон келтирганлари учун азоблаб ўлдирган бир тўда золим кимсалар ҳалокатга дучор қилинганлари ҳақида хабар берилади ва барча замонлардаги аҳли имонни фитнага солиб, уларга зулм қиладиган кимсалар дўзах азобига гирифтор бўлишлари таъкидланади. Сура Аллоҳ таолонинг буюклигини, сифатларини, Ўз душманларидан ўч олишда қудрати улуғлигини кўрсатиш, туғёнкор, золим фиръавн қиссасини келтириш билан якунланади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Буржли осмонга қасам;
Олдинги сураларда айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган ва ҳузурида эътиборли бўлган нарсаларга қасам, дейди. «Буруж» (буржлар) ҳам ана шундай эътиборли нарсалардандир. «Бурж» луғатда қўрғон, баланд қаср, само жисмлари манзили маъноларини билдиради. Масалан, Аллоҳнинг иродаси билан Қуёш бир бурждан иккинчисига бир ой мобайнида етади ва барча буржларни бир йил давомида айланиб чиқади. Ой эса ҳар буржга эллик олти соат ичида етади ва барча буржларни йигирма саккиз кунда айланиб чиқади, икки кун кўринмайди.  Фан олимлари айтишича, Қуёш буржларининг олтитаси Ер кураси белбоғидан (экватордан) шимолда, қолган олтитаси эса жанубда жойлашган. Шимолдагилари ҳамал, савр, жавзо, саратон, асад сунбула, жанубдагилари эса мезон, ақраб, қавс, жадий, далв, ҳутдир. Қуёш бу буржларни тўрт фасл ичида айланиб чиқади. Буржлар ҳақида бошқа сураларда ҳам маълумот берилган, ўрни келганида, иншааллоҳ, яна батафсил баён қиламиз.
2. ва ваъда қилинган Кунга қасам;
Ваъда қилинган, келиши албатта муқаррар бўлган кун қиёматдир. Бу кун инсонларнинг Ер юзидаги ҳаётига хотима қўювчи, дунёдаги қилган амалларига мукофот ёки жазо берилувчи, барча инсонлар ҳисобга тортилувчи улуғ кун бўлгани учун Аллоҳ таоло ана шу ваъда қилинган кунга қасам, демоқда.
3. гувоҳга ва гувоҳ бўлинганларга қасам.
Ояти каримадаги «шоҳид» ва «машҳуд» сўзларини олимлар турлича тафсир қилишган. Аксари уламолар «шоҳид» жума кунини, «машҳуд» эса арафа кунини билдиради, дейишган. Бу фикрларини исботлаш учун Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ушбу ҳадисларини келтиришади: Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Явмил-мавъуд қиёмат кунидир, ал-машҳуд арафа кунидир, аш-шоҳид жума кунидир», деганлар». Баъзи муфассирлар эса «Вал-явмил мавъуд, ва шоҳидив ва машҳуд» оятларини «Қиёмат кунига ва у кунга гувоҳ бўлган, ҳисоб учун ҳозир бўлган кишиларга ва гувоҳлик бериладиган кунга қасам» деб ҳам тафсир қилишади.
4. «Ҳандақ эгалари» ҳалок бўлсин!
Ушбу ояти карима юқоридаги қасамнинг жавоби, яъни чоҳ, ҳандақ эгалари ҳалок бўлсин, уларга лаънатлар бўлсин. Улар қабиҳ ишлари билан Аллоҳнинг раҳматидан узилишди, Парвардигорнинг ғазабига учрашди. Бунга уларнинг кибрлари, ҳасад ва манманликлари, зулм ва зўравонликлари сабаб бўлди. Худолик даъво қилган жоҳил подшоҳ ва унинг аъёнлари мўминларни ўз динларидан қайтишга мажбурлашди. Сўзлари ўтмагач, ёвуз ниятларини амалга ошириш учун узун ва чуқур чоҳ, ҳандақ қазиб, унинг ичига олов ёқишди ва мўминларни бирма-бир чоҳга улоқтиришди.
«Ҳандақ эгалари» қиссаси кўпгина муфассирлар томонидан кенг ва атрофлича баён этилган. Яман мулкига Зу Нувос деган киши подшоҳ қилиб сайланган эди. Унинг атрофига Ҳимяр ва Яманнинг бошқа қабилалари ҳам бирлашишди. У Ҳимяр подшоҳларининг охиргиси бўлиб, «Ҳандақ» эгаси ҳам шунинг ўзидир. Уни Юсуф деб аташарди, унинг подшоҳлиги узоқ давом этди. Ибн Ҳишомнинг «Сийрат» китобида зикр қилинишича, «Шундан сўнг Нажронга Зу Нувос ўз аскарлари билан бостириб келиб, нажронийларни ўз дини бўлмиш яҳудийликка даъват қилди, агар ушбу динга киришмаса, қатл этажагини билдирди. Нажронликлар унинг динидан кўра ўлимни афзал кўришди. Шундан сўнг улар учун ухдуд (хандақ, яъни катта чуқур) кавлатиб, унинг ичини ўт ёқиб қиздирди. Тутқунларни қилич билан қулоқ-бурунларини кестириб, йигирма мингга яқинини ўлдириб юборди. Шунда Зу Нувос ва унинг аскарлари тўғрисида Аллоҳ Ўз Расули, саййидимиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу оятларни нозил қилди» («Сийрат», 43-48-бетлар).
5. У ёқилғиси кўп олов эди.
«Ҳандақ эгалари» қиссаси Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида, Имом Аҳмад ва Насоийлар Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда қуйидагича келтирилган: «Зуръа ибн Туббон Асъад Ҳимярий исмли кокилли яҳудий кофир подшоҳлардан эди. Унга қўл остидаги айрим кишиларнинг насроний динига имон келтирганлари хабари етиб келади. У насронийликни қабул қилганлар устига Ҳимярдан аскар юборади. Аскарлар уларни тутиб олиб, ё яҳудийликка қайтиш ёки оловда куйишни танлаш ихтиёрини беришади. Шунда барчалари қатл бўлиш йўлини танлашди. Аскарлар уларга чуқур (ҳандақ) кавлаб, ичига ўт ёқишди. Кейин яна янги динга имон келтирганларга қарата: «Сизлардан ким динидан қайтса, уни тинч қўямиз, қайтмаганларни эса ўтга улоқтирамиз», дейишди. Аммо  имонли кишилар сўзларидан қайтишмади. Шунда аскарлар уларни бирма-бир оловга отишди. Барчалари ўтда куйиб кетишди».
6. Улар ўшанинг устида ўтиришарди;
7. мўминларнинг азобланишига гувоҳ бўлиб.
Подшоҳ ва унинг аъёнлари ўтда азобланиб куяётган насронийларни томоша қилиб устларида туришарди. Ўз эътиқоди учун золим подшоҳ қўлида ҳалок бўлганлар сони бир ривоятда йигирма минг эди, дейилса, бошқа бир ривоятда ўн икки минг, деб келган. Калбий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Улар етмиш минг бўлган эди», дейди.
8. Азиз ва Ҳамид Аллоҳга имонлари учунгина улардан ўч олишарди.
Чуқурга ташланиб ўтда ёндирилганлар Аллоҳ таолога бўлган имонлари, У юборган пайғамбарга эргашганлари, янги динни қабул қилганлари учун ана шу қаттиқ имтиҳонга учрашди. Имонларини ширин жонларидан ҳам устун қўйишди. Аллоҳ таолога бўлган имон қаршисида ҳар қандай азоб-қийноқлар арзимас нарса эканини ибрат ўлароқ исботлашди. Шу ўринда ҳандақ эгалари ҳақидаги Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисни келтирамиз: «Айрим подшоҳларнинг хос сеҳргарлари бўларди. Ушбу подшоҳнинг сеҳргари қариб қолганида ҳунарини ўргатиши учун унга бир болани қўшиб қўйди. Ўша бола сеҳргарникига қатнайдиган йўл устида инсонларга панд-насиҳатлар қиладиган бир роҳиб бор эди. Бола қалби роҳиб сўзларига мойил бўлди. Бир куни йўлда одамларни тўсиб турган бир илонни кўрди. Қўлига каттагина тош олиб: «Эй Аллоҳим, агар Сенга сеҳргардан кўра роҳиб севимлироқ бўлса, илонни мана шу тош ўлдирсин», деди. Аллоҳ изни билан тош илонни тегиб ўлдирди. Шундан кейин бола туғма кўрни ва моховни даволайдиган, касалларни тузата оладиган даражага етгунича роҳибдан таълим олди. Ўша подшоҳнинг маслаҳатчиларидан бири кўр эди. Бола уни даволаб-тузатди. Подшоҳ унинг тузалганини кўриб: «Кўзингни ким қайтариб берди?» деб сўради. У киши: «Парвардигорим», деб жавоб қилди. Бу гапдан подшоҳ ғазабланиб, маслаҳатчини қийноққа солди. Подшоҳ бу ишни ким қилганини суриштиравергач, у болани кўрсатди. Подшоҳ болани келтириб, қаттиқ қийнаганида буни роҳиб қилганини айтди. Роҳибни динидан қайтариш учун қанчалик уринишмасин, у асло имондан кечмади. Шунда подшоҳнинг амри билан роҳибни арралаб, бўлаклаб ташлашди. Болани эса чўққидан ташлаб ҳалок этиш тоғ устига олиб чиқишди. Бола Парвардигорига дуо қилганида тоғ бир силкиниб, барчани ҳалок этди, фақат боланинг ўзи омон қолди. Буни кўрган подшоҳ аъёнлари уни очиқ денгизда чўктирмоқчи бўлиб, кичик бир кемага олиб чиқишди. Денгиз ўртасига етганда бола дуо қилган эди, кема ағдарилиб, барча ҳалок бўлди, болагина қутулиб қолди. Шунда бола подшоҳга бундай маслаҳат берди: «Одамларни бир жойга тўплаб, мени дарахт шохига осасан, ўқдонимдан бир ўқ олиб: «Боланинг Парвардигори Аллоҳ номи билан бошлайман», деб менга қарата отасан, шундагина мени ўлдиришинг мумкин». Подшоҳ у айтганидай қилиб отганида ўқ бола кўксига тегиб, у қўлини ўша ерга қўйганича жон берди. Шунда одамлар «Боланинг Парвардигорига имон келтирдик», дейишди. Аъёнлардан бири: «Подшоҳим, қўрққан нарсангиз бошингизга келди», деди. Подшоҳ йўл четига чуқур ҳандақ кавлатди, унга ўт ёқишни буюрди. Ким динидан қайтмаса, уни чуқурга ташлашарди. Ёш болали бир аёлга навбат келганида у чоҳга тушишдан бош тортди. Шунда гўдаги: «Эй онажон, сабр қилинг, албатта сиз ҳақ узрасиз. У чоҳ бир қоронғулик, бошқа ҳеч нарса эмас», деди. Аёл ўйлаб ҳам ўтирмай ўзини чуқурга отди».
9. Осмонлару Ернинг ҳукмронлиги фақат Ўзига хосдир, Аллоҳ ҳамма нарсага гувоҳдир.
Бутун осмонлару Ернинг, коинот ва борлиқнинг ҳукмронлиги фақат Аллоҳ таолога хосдир. Ҳамма нарса – борлиқдаги жараён ва ўзгаришлар, жамиятлардаги воқеа-ҳодисалар, инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг бари Аллоҳ таолонинг измида, ихтиёрида. Унинг иродасисиз ҳеч нарса содир бўлмайди. Аммо барча замон ва маконларда давлатига, сарватига, мансабига, насл-насабига ғурурланиб, кибрга кетувчи, инсонларни Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини бажаришдан тўсувчи, ўзини ягона ва мутлоқ Ҳукмдорга тенглашга уринувчи золим ва гумроҳ ҳукмдорлар бўлган. Улар ўз нафслари, шайтоний орзулари йўлида имонли кишиларни таъқиб қилади, уларни жисман маҳв этишга уринади, бундайларни таг-томири билан йўқ қилиш пайидан бўлади. Улар билишмайдики, Аллоҳнинг Ҳақ йўлидан инсонларни четга буриш мушкул иш, Унинг ҳидоят нурини тўсиш қийин, У белгилаган тақдирни ўзгартириб бўлмайди. Агар куфр ва ширк эгалари озгина ақл ишлатганида Буюк Парвардигорга имон келтиришни жиноят санармиди?! Наҳот улар ожиз ақлларини салгина ишлатиб, агар Аллоҳ таоло хоҳлаганида ёққан ўтларини ўчириб, мўминларни жазолашни тўхтатиб қўйиши жуда осон эканини англаб етишган бўларди. Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг зулм ва ҳақсизликларга гувоҳ бўлган ҳолда бунга бироз муҳлат бериб қўйиши кофирларнинг куфрини, мўминларнинг имонини ўзига хос имтиҳон қилишдир. Аллоҳ ҳузурида эътиборлиси ишларнинг оқибатидир. Аллоҳ таоло келажакда мўминларга чеккан азоб-қийноқларига яраша Ўз фазли-карами билан савоб беради, куфр эгаларини эса зулми ва исёнига яраша жазолайди. Чунки Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳар бир қилган ишига гувоҳдир.  
10. Мўминлару мўминаларни қийнаб, кейин тавба қилмаганларга дўзах азоби бордир ва уларга ўт азоби бордир!
Барча замон ва маконларда ҳам мўмин ва мўминаларга осон бўлмаган, улар ҳамиша куфр эгалари зулми ва қийнашларига дуч келишган. Фиръавн Бани Исроилни қандоқ қийноқларга солганини бир эсланг. Золим ҳукмдор Дақёнус «Ғор эгалари»ни (Асҳоби каҳф) қандай азоблаганини хотирланг. Ҳимяр подшоҳи «ҳандақ эгалари»ни ўтга ёқиб қийнаганини ўқиб турибсиз. Исломнинг илк даврида Макка мушриклар зулми ва хўрлашлари остида қолган оз сонли мусулмонлар тарихини бир ёдга олинг. Инсоният тарихида бундай ҳодисалар ҳамиша бўлган ва бўлаверади. Золимлар қилган зулм-истибдодлари учун албатта жазоланишади. Мўминлар эса имонларида қатъий ва собит турганлари учун Аллоҳ таолонинг мукофотига сазовор бўлишади.
11. Имон келтирган ва яхшилик қилганларга остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар бор ва бу улкан ютуқдир.
Аллоҳ таоло ва Унинг Пайғамбарига имон келтирган, инсонларга яхшилик қилганларни Парвардигорнинг буюк мукофотлари, яъни остидан анҳорлар оқиб турувчи, турли неъматлар ва инсон ақли бовар қилмайдиган роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннатлар кутиб турибди. Булар инсон дунё ҳаётида эришиши мумкин бўлган жуда улкан ютуқлардир. Аммо охиратда бундан-да шарафли, бундан-да гўзал мукофот бор: имонли ва солиҳ кишилар Аллоҳ таолонинг розилигини топишгани учун Унинг жамолини кўришга муяссар бўлишади.
12. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз азоби ҳақиқатан қаттиқдир!
Ояти каримадаги «батш» сўзи «қаттиққўллик, шиддат билан олиш» маъноларини билдиради. Аллоҳ таоло ўта қудратли, душманларига ўта муросасиз бўлганидан азобини шиддат билан, кўз очиб-юмгунча юбориши мумкин. У зот дунёда ҳам, охиратда ҳам куфр эгаларидан, золимлардан аёвсиз ўч олади. Эй Пайғамбарим, Макка мушрикларини огоҳлантиринг, куфр ва ширк эгаларига Парвардигорингизнинг қаттиқ, аламли, куйдирувчи азоблари бор. Фиръавн, Намруд, Дақёнус, Зу Нувос каби тарихда ўтган қанча-қанча золимлар имонлиларни ҳақ йўлдан қайтараман, деб овора бўлишмасин. Мўминларнинг улар қўлида азобланиши, золимларнинг чин имон эгаларидан аёвсиз ўч олишлари ҳар икки томон учун Аллоҳнинг имтиҳонидир. Бу малъун кимсаларнинг бирортаси тавба қила олмай, имон келтирмай кофирлигича ўлиб кетди. Бундай ўлим топишдан Парвардигорнинг Ўзи асрасин!  
13. Угина яратади ва қайта тирилтиради.
Имон эгаларини ҳам, куфр ва ширкка ботганларни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган, қиёмат куни уларни қайтадан фақат Ўзи тирилтиради, яъни охират дунёсига қайтаради. Бунда Унга ҳеч ким шерик бўлолмайди, Унинг иродасига ҳеч ким қарши бора олмайди, Унинг жазосидан қутқариб қолишга ҳеч ким қодир бўла олмайди!
14. У кечирувчи ва яхши кўрувчидир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ беш сифатини зикр қилиш билан мўминларга берган ваъдасини эслатмоқда: 1) кечирувчи; 2) яхши кўрувчи; 3) Арш эгаси; 4) жуда улуғ; 5) ирода қилган нарсасини бажарувчи. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг мўмин бандалари билиб-билмай гуноҳ қилиб қўйсаю, кейин Ўзига қайтиб гуноҳларига астойдил тавба қилса, У зот албатта кечиради. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло имонли бандаларини ниҳоятда яхши кўрувчи, ўта мағфиратли, кечирувчи Зотдир. Ҳамма гап банданинг гуноҳларига иқрор бўлиб, Парвардигори ҳузурига бўйнини эгиб келишида қолди. Аллоҳ таолонинг дўстлари чин итоаткорлардир, шунинг учун Парвардигор уларга тоати учун савобларни мукаммал қилиб беради.
15. Арш Эгаси ниҳоятда улуғдир.
Ақида китобларида Арш барча махлуқотларнинг энг улкани деб тавсиф қилинади. Аллоҳ таолонинг ниҳоятда буюклигини қарангки, У ҳатто ана шу улкан, миқёси ақл бовар қилмас Аршнинг ҳам Эгасидир. Аллоҳ азза ва жалла барча мулк ва султонликлар соҳибидир, улуғлик, олийлик, кибриёда етук, фазлу карамда ўхшаши ва тенги йўқдир.
16. Хоҳлаганини амалга оширувчидир.
Аллоҳ азза ва жалла ирода этган нарсасини амалга ошира олувчи мутлоқ қудрат эгасидир. Қачон бирор нарсани қилишни истаса, Уни бундан қайтарувчи, ҳукмини тўхтатувчи бўлмайди. Унинг улуғлиги, қаҳҳорлиги, ҳакимлиги ва одиллиги сабабидан қилган нарсаси ҳақида сўралмайди. Агар У куфр ва ширк эгаларини Ер юзидан йўқ қилиб юборишни ёки золимлар қўлида азоб чекаётган мўминларга ёрдам бермоқчи бўлса бундан Уни ҳеч бир куч тўсолмайди.
17. (Эй Муҳаммад), сизга «қўшин»лар хабари келдими;
18. Фиръавн ва Самудга тегишли?
Эй суюкли Пайғамбарим, ўзларига юборилган пайғамбарларга қарши жанг қилиш учун улар устига қўшин тортиб борган, «сен пайғамбар эмассан», дея улар келтирган ваҳийларни инкор қилган, уларни ёлғончига чиқариб куфрга ботган кофир қавмларнинг хабари сизга етиб келдими?! Ахир Аллоҳ таоло олдинги китобларда ҳам, инсониятга юборилган охирги китоб Қуръони каримда ҳам уларнинг қиссасини муфассал баён этиб қўйган. Адолатли Парвардигорингиз Мусо алайҳиссалом қавми бошига зулм ва хўрликлар солиб, уларни ҳақ йўлдан қайтармоқчи бўлган фиръавн лашкарларини денгизга ғарқ қилмадими? Пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссалом туясини забҳ қилган (сўйган) Самуд қавмини исёни ва куфри учун қаттиқ қичқириқ билан ҳалок этмадими? Улар яшаган шаҳарларини бир лаҳзада вайронага айлантирмадими? Иброҳим алайҳиссаломни имони учунгина гулханга отган золим Намрудни кичик бир чивин ёрдамида ҳалок қилмадими? Худди шу каби мусулмонлар бошига чидаб бўлмас кўргилик-азоблар солаётган Макка мушриклари ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ интиқомидан огоҳ бўлишсин!
19. Балки кофирлар ёлғонга чиқаришар?
Шунча ибратли қиссаларни ўқиб-билиб туриб ҳам, шунча огоҳлантиришларга қарамай, қалби кўр, ўзлари сўқир куфр эгалари сиз келтирган хабарларни ёлғонга чиқаришяптими? Бундай бўлиши табиий. Чунки қалбини куфр ва ширк моғорлари ўраб ташлаган бундай кимсалар ҳидоят йўлини кўришмайди, ҳақни тан олишмайди. Кибр ва исёнлари туфайли имон ҳақиқатидан юз ўгиришади.  
20. Ва Аллоҳ ҳамма томондан ўраб қўйган.
Чунки Аллоҳ таоло уларни ҳамма томондан ўраб, ғафлатда қолдирган. Уларнинг кўзлари имон нурларини кўришга қодир эмас, қалблари имон ҳаловатидан лаззатланишга мойил эмас, вужудлари Аллоҳга тоатда бўлишга собит эмас. Улар ана шундай бебахт кимсалардир. Уларнинг оқибати ниҳоятда аянчли, қўрқинчлидир.
21. Ва бу Қуръони мажиддир:
Улар ёлғонга чиқараётган, оятларини инкор этаётган бу Қуръони карим улар ўйлаганидек шеър ҳам, фолбинлар алжираши ҳам, сеҳргарлик сўзлари ҳам эмас. Балки у шараф ва даражада энг олий бўлган илоҳий Каломдир, Қуръони мажиддир.  
22. Лавҳул Маҳфузда битилган.
Қуръони карим Аллоҳ таоло ҳузуридаги Лавҳул Маҳфузда битилган, шайтонлар етишидан ҳимояланган китобдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Лавҳул-Маҳфузда Аллоҳ таоло ёзган нарсаларнинг энг биринчиси ушбулардир: «Албатта Мен – Аллоҳман! Мендан бошқа илоҳ йўқ. Муҳаммад Менинг Расулимдир (элчимдир). Ким Менинг ҳукмимга таслим бўлса, имтиҳонимга сабр қилса, неъматларимга шукр этса, уни «сиддиқ» деб ёзаман ва сиддиқлар билан бирга қайта тирилтираман. Ким Менинг ҳукмимга таслим бўлмаса, имтиҳонларимга сабр этмаса ва неъматларимга шукр қилмаса, Менда бошқани илоҳ қилиб олаверсин!»

Орқага Олдинга