loader

091. Шамс (Қуёш) сураси

Маккада тушган, 15 оятдан иборат
Сура номи биринчи оятдаги «шамс» сўзидан олинган, «ваш-шамс»нинг «қуёшга қасам» деган маъноси бор. Сурада Аллоҳ таоло Ўзи яратган бир қанча мавжудотга ва Ўз зотига қасам билан жонини имон билан пок тутган киши нажот топиши, уни куфр билан хор қилган кимса эса номурод бўлиши ҳақида хабар беради. Сўнгра ана шундай ҳалокатга учраган қавмлардан Самуд қабиласи мисол қилиб келтирилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Қуёш ва унинг шуъласига қасам;
Олдинги суралар тафсирида зикр қилинганидек, Аллоҳ таоло бандалар эътиборини бирор муҳим ҳақиқат, масалага қаратиш учун Ўзи яратган борлиқдаги жисм ва ҳолатларга қасам. дейди. Бу билан у ўша жисм ёки ҳолатнинг шаънини кўтаради ва шу йўл билан инсонлар диққатини зикр этилаётган масаланинг ўта муҳимлигига қаратади. Аллоҳ азза ва жалла ушбу сурани осмон жисмларидан Қуёш ва у таратаётган шуълага қасам, демоқда. Маълумки, Қуёш Парвардигор яратган нарсаларнинг энг буюкларидан. Унинг сифати ва моҳиятини тўла ўрганишга ҳали инсоният қодир бўлганича йўқ. Агар Қуёш нури келмай қолса, Ер юзидаги барча жонзот ҳалокатга юз тутиб, ҳаёт батамом тўхтаган бўлур эди. Олимлар ҳисобича, Қуёш марказидаги иссиқлик 15 000 000 (ўн беш миллион) даражага боради. Аммо у Ер юзидаги нарсаларни ва жонзотларни куйдириб юбормайди ёки нуридан бебаҳра қолдириб музлатиб ташламайди. Аллоҳ таоло Қуёш ва Ер орасини шунчалик дақиқ ҳисоб билан, уйғун масофада қилганки, Ер Қуёш иссиқлигининг тахминан миллиондан икки фоизи етиб келадиган нуқтада ўрнаштирилган. Аллоҳ таолонинг ҳикматини қаранг: агар Қуёш иссиқлигининг миллиондан уч фоизи Ерга етиб келгудай бўлса, ундаги барча мавжудот тамоман ёниб кетади, агар бу рақам миллиондан бир фоизга тушиб қолса, ҳамма нарса музлаб қолади.
2. унинг ортидан келган Ойга қасам;
Аллоҳ таоло яратган яна бир мўъжизавий жисм Қуёш нурини олиб, уни таратувчи Ойдир. Ой зулматли тунларни ёритувчи улкан чироқдир, у Қуёш чиққунича самони мунаввар қилиб туради, тунги йўлчиларга йўл кўрсатади.
3. у ёритган кунга қасам;
Қуёш шуъласидан бутун борлиқ ёришиб, янги бир кун бошланади. Инсонларнинг ризқ излаш, бу йўлда касб-ҳунар қилиш, сайру саёҳатларга чиқишлари учун Аллоҳ таоло кундузларни ёрқин, нурафшон қилиб қўйган. Бу ҳақда олдинги суралар тафсирида батафсил сўз юритилган.
4. уни ўраб олган тунга қасам;
Қуёшни тун зулмати ўраб олгач, энди инсонларнинг кундузги оғир меҳнат ва турмуш ташвишларидан бўшаб, ҳордиқ чиқариш, куч тиклаш онлари етиб келди. Бу нарсанинг ҳам ўта муҳимлиги сабабли Аллоҳ таоло тунга қасам, демоқда. Юқоридаги икки ҳолатда ҳам Ерда яшовчилар учун жуда катта манфаатлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Мана шу ҳолатларда, яъни борлиқдаги ўзгаришларда юлдуз ва осмон жисмларини илоҳийлаштириб олган мушрикларга ҳамда «оламнинг икки илоҳи, яъни нур ва зулмат илоҳлари бор» дейдиган «иккихудоликчилар»га (санавияларга) раддия бор. Борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона яратувчиси ёлғиз Аллоҳ таолодир, бундай қудратли ва ҳар нарсага қодир Зот эса икки ёки бунда кўпроқ бўлиши мумкин эмас.  
5. осмонларга ва уни тиклаганга қасам;
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло осмонларга ва уларни устунсиз тиклаб қўйган Зот, яъни Ўзига қасам, деяпти. Аллоҳ таоло яратган борлиқ шу қадар улкан ва бепоёнки, бунинг миқёсига ақллар лол қолади, тафаккур кучи етмайди. Биргина Сомон йўли галактикаси (осмон жисмлари мажмуаси) 200 миллиард юлдуздан иборат, борлиқда эса бундай галактикалардан миллиардлаби борлиги ҳақида олдин ҳам маълумот берган эдик. Мана шундай улкан осмонларни тиклаб қўйган, ундаги беҳисоб осмон жисмлари ҳаракатини қатъий низом асосида уйғунлаб, мослаштириб қўйган, бунда бирортаси ҳам бир-бири билан тўқнашиб кетмаслиги олдини олган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир!
6. Ерга ва уни ёйганга қасам;
Ерни ёйиб, текис қилиб, уни инсонларнинг яшаши учун қулай қилиб қўйган, барча махлуқотга тайёр макон ва ризқланиш ўрни этиб берган Зот ҳам Қодиру Зулжалолнинг Ўзидир. Ҳақиқатан, Ердаги дов-дарахтлар, сув манбалари, экин ерлари, унинг бағридаги нефт, газ, олтин, кўмир каби  хазина-бойликлар бўлмаганида инсонлар ҳаёти қай аҳвода бўларди. Нафақат инсонлар, балки сон-саноқсиз ҳайвонлар, қушлар, ҳашаротлар ва бошқа мавжудотларга ҳам Ерда яшаш учун шароит яратиб қўйилган. Шунинг учун Парвардигор Ерга ва уни ёйган Зот бўлмиш Аллоҳга қасам, демоқда.
7. нафсга ва уни мукаммал қилганга қасам;
Нафсни яратган, уни мукаммал қилган Зот Аллоҳ таолога қасам, дейилмоқда. Оятдаги «савва» сўзи тана аъзоларини эҳтиёж миқдорича ҳаракатлантириш учун қувват бериш, яъни ички ва ташқи ҳис қилиш аъзолари, табиий куч-қувват маъносини англатади. Бу нарса аъзоларни ўз ўрнида, ҳар томонлама мутаносиб қилиб ўрнаштирилганида, ҳар бир аъзо ўз вазифасини аъло даражада ўташида яққол кўринади. Аллоҳ таоло инсонга ушбу аъзоларни ато этганидан кейин унга яна онг, фикр, ақл берди ва булар ёрдамида инсонга дунё ва охирати учун нима фойдаю, нима зарар бўлиши илмини ўргатди.
8. унга гуноҳ ва тақвони билдирганга қасам.
Инсонларга гуноҳ ва савоб нима, тақво ва имонсизлик нима, яхши ва ёмон нима, барини ўргатган буюк Зот Аллоҳга қасам, дейилмоқда.
9. Уни поклаган муродига етди.
 Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали таълим берган қоида-тартиблар асосида ўз нафсини поклаган, тарбиялаган, шаҳват ва ёмонликлардан тийган, ҳаромдан сақлаган, яхши ишлари билан уни олий даражага кўтарган саодатманд кишилар, шубҳасиз, зафар топади, муродига етади, икки дунё саодатини қўлга киритади. Ва аксинча, нафсини турли дунё васвасалари, шайтоний шаҳватларга, ёмонликлар ва ифлосликларга қул қилган, уни асрамаган, поклаш ҳақида ўйламаган кимсалар мағлубиятга учрайди, катта зарар кўради, охиратини барбод бериб, бебахтлардан бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Ва нафсив вама савваҳа, фаалҳамаҳа фужураҳа ва тақваҳа, қод афлаҳа манн заккаҳа» оятларини ўқиганларида: «Эй Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер, Сен унинг эгаси ва мавлосисан, уни поклайдиганларнинг энг яхшисан», дер эдилар» (Имом Табароний ривояти).
10. Уни покламаган ютуққа эришмади.
Нафсини покламаган, унинг орзу-ҳавасларига йўл очиб қўйган, дунё шаҳватлари ва нафс васвасаларига муккасидан кетганлар ҳеч қандай ютуққа эришмайди, охиратда бутун эришгани муфлислик (яъни, ҳамма нарсасини бой бериб, синиш, инқирозга учраш) бўлади. Зайд ибн Арқамдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дуо қилганлар: «Эй Аллоҳим, ожизлик, дангасалик, кучсизлик, қўрқоқлик, бахиллик ва қабр азобидан Сендан паноҳ тилайман. Эй Аллоҳим, нафсимга тақво бер, уни покла, Сен покловчиларнинг энг яхшисисан. Сен унинг эгаси ва хожасисан. Эй Аллоҳим, қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан, фойда бермайдиган илмдан, қабул қилинмайдиган дуодан Ўзингдан паноҳ сўрайман». Зайд айтади: «Мана шу нарсаларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга ўргатдилар ва биз уни сизларга ўргатяпмиз» (Имом Аҳмад, Муслим ривояти).
11. Самуд қавми туғёни туфайли уни ёлғончи деди.
Қуръони каримда зикр этилган қиссалардан маълумки, худди Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончи ва сеҳргарга чиқаргани каби Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш ўрнига ғурур ва кибрга кетган Самуд қавми туғёнга бориб, Аллоҳ элчиси Солиҳ алайҳиссаломни ёлғончига чиқарди.
12. Энг бадбахти ўрнидан турганида;
Қавм итоатсизларининг энг ашаддийи, золимларининг пешвоси Қудор ибн Солиф қаттиқ огоҳлантиришларга қарамай, пайғамбар Солиҳ алайҳиссаломга Аллоҳ мўъжиза қилиб юборган туясини сўйиб юборди. У туяни сўйишга турганида Солиҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг мўъжизаси – бу туяни сўйиш ва навбати етганда сув ичишига халақит беришдан сақланиш лозимлигини таъкидлади. Аммо бу огоҳлантиришларга қарамай, золим қавм туяни сўйиб юборди.
13. Аллоҳнинг элчиси: «Аллоҳ туяси ва унинг сувига  тегманглар», деди.
Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломнинг чин пайғамбарлигига далолат этувчи мўъжиза қилиб харсангтошдан тирик туяни чиқариб берди. Шунда Солиҳ алайҳиссалом: «Бу менинг рост пайғамбар эканимни исботловчи туя, у маълум бир куни булоғдан сув ичса, сизлар бошқа куни ичинглар, бу туя сизлар ичадиган куни ўша сувдан ичмайди. Унга бирор ёмонлик етказиб қўйманглар, у ҳолда сизларни буюк кун – Қиёматнинг қаттиқ азоби ушлайди», деб огоҳлантиради.
14. Шунда ёлғончига чиқариб, уни сўйишди ва гуноҳлари сабабидан Парвардигорлари барчаларини ҳалок қилди.
Бахтиқаро Самуд қавми гуноҳ-маъсиятда ҳар қандай чегаралардан ўтиб кетди ва ўзларига огоҳлантирувчи қилиб юборилган Солиҳ алайҳиссаломнинг насиҳатларига қулоқ солмай, катта итоатсизлик кўрсатди ва натижада Парвардигор ғазаби ва жазосига учради. Унинг бу қилмиши учун бутун қавмни даҳшатли азоб тутди ва барчалари ҳалок бўлди. Гуноҳ ишни бир ёки бир неча киши қилгани ҳолда нега бутун қавм ҳалок этиб юборилди, деган саволга муфассирлар «чунки қолганлар бу ишга рози ҳолда туриб, катта ношукрчилик қилишганди», деб жавоб беришади.  
15. У бунинг оқибатидан қўрқмайди.
Қудор каби золим ва осий кимсалар ўз қилмишининг оқибатидан, гумроҳлиги ва жоҳиллиги туфайли кўпчиликка катта зарар етказиб қўйишдан ҳам қўрмайди. Қавмнинг энг бадбахти Қудор каби золим кимсалар барча замон ва маконларда ҳам бўлган. Бундайлар Аллоҳ таолонинг ваҳийларига, мўъжизаларига ишонмаганидан Унинг итоатсизликлари учун қаттиқ азоблаши ҳақидаги огоҳлантиришларини ҳам назарга олишмайди ва қилаётган ишларининг оқибатидан қўрқмаган ҳолда ёппасига ҳалок бўлиб кетишади. Бутун борлиқлар эгаси, барча махлуқотларнинг ягона яратувчиси Аллоҳ азза ва жалла кимга, қай муддатда, қандай азоб туширишни яхши билади ва бу ишини ўта адолат билан амалга оширади.

СУРАНИНГ ФАЗИЛАТИ
Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида келишича, Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабалга (розийаллоҳу анҳу): «Намозингга Аъла, Шамс, Лайл сураларини ўқимайсанми?» деб қизиқтирар эдилар.

Орқага Олдинга