loader

092. Лайл (Тун) сураси

Маккада тушган, 21 оятдан иборат
Ушбу сурадаги «лайл» сўзи унга ном бўлган, «вал-лайл» эса «кечага қасам» маъносини билдиради. Унда инсонларнинг туриш-турмушлари ҳам, саъй-ҳаракатлари ҳам турли-туман экани ҳақида сўз бориб, охират кунидаги мукофотга иймон келтириб, тақво ва муҳтожларга хайру саховат билан умрларини ўтказадиган кишиларга ато этиладиган жаннат ҳамда бахиллик, имонсизлик билан тирикчилик қилиб ўтадиган кимсаларнинг борар жойлари бўлган дўзах азоби экани тўғрисида хабар берилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Қоплаётган тунга қасам;
Бошқа кўпгина сураларда бўлгани каби Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида эътибор бўлган нарсаларга қасам, дейиш орқали ушбу сурада инсонлар эътиборини қаратиши лозим бўлган жиҳатларни баён этади. Бу оятда атроф-борлиқни ўраб-қоплаб келаётган тунга қасам, демоқда. Парвардигор нега тунга қасам, дейиши сабабларининг тафсири Набаъ, Нозиот, Иншиқоқ, Ғошия, Шамс каби бир неча сураларда батафсил баён этилган.
2. Ёришаётган кунга қасам;
Аллоҳ азза ва жалла борлиқ ёришиб, инсонлар ҳаёти ва фаолияти учун бошланаётган янги кунга қасам, дейди. Ёришаётган кунга қасам, дейилиши сабаблари тафсири ҳам Қуръони каримнинг бошқа бир неча сураларида батафсил келтирилган.
3. Эркак ва аёлни яратганга қасам.
Аллоҳ таоло эркак ва аёл жуфтлигини яратган Зотга, яъни Ўзига қасам, демоқда. Дунёда ҳамма нарса, шу жумладан одамзод ҳам жуфт-жуфт қилиб, эркак ва аёл кўринишида яратилган. Ўз табиатига кўра, уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Қуръони каримда бундай дейилади: "Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди" (Наҳл сураси, 72-оят).
Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил-тотув бўлиб яшаб кетишлари, бора-бора бир-бирларисиз тура олмасликлари, муҳаббат қўйишлари, насл давомийлигини таъминлаб умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг санъатига ва ҳикматига далолатдир.
4. Ҳақиқатан ҳатти-ҳаракатларингиз турличадир.
Эй инсонлар, сизлар турлича яратилганингиз сабабли сизларнинг иш юритишларингиз, ҳатти-ҳаракатларингиз, орзу-мақсадларингиз ҳам турличадир. Муфассирлар ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида қуйидаги ривоятни келтиришади: Икрима Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир кишининг хурмо дарахти бор эди. Унинг бир шохи камбағал, серфарзанд бир кишининг ҳовлисига эгилиб тушган эди. Эгаси хурмо узиш учун дарахтга чиққанида кўпинча кабағал уйига ҳам мевалари тўкилар ва қўшни болалар уни териб олишарди. У эса дарахтдан тушиб, ҳатто болаларнинг оғзидаги хурмони ҳам чиқариб оларди. Камбағал киши бу ҳолатдан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шикоят қилди. У зот: «Сен боравер», дедилар. Кейин хурмо эгасини чақиртириб: «Шохи фалончининг ҳовлисига эгилиб турган хурмойингни жаннатда сенга бир хурмо бўлиши эвазига менга берасанми?» дедилар. Шунда у киши: «Менинг хурмоларим кўп, лекин кўп мева қилиб мени қувонтирадигани ўшаниси холос», деди. Ибн Даҳҳоҳ исмли бир киши Пайғамбар алайҳиссалом гапларини эшитиб турган эди, у: «Эй Аллоҳнинг элчиси, агар шу хурмони сотиб олиб сизга берсам, айтган нарсангизни менга берасизми?» деди. У зот: «Ҳа», дедилар. Ибн Даҳҳоҳ бориб хурмо эгасини топди ва у билан савдолашди. Хурмо эгаси унга: «Билмадингми, Муҳаммад (алайҳиссалом) бунинг эвазига менга жаннатдан бир хурмо беришини айтганида: «Унинг серҳосиллиги мени қувонтиради», дегандим-ку», деди. Ибн Даҳҳоҳ: «Уни сотмайсанми?» деб сўради. Хурмо эгаси: «Асло, мен ўйламаган бирор нарса берилсагина сотишим мумкин», деди. У: «Ниятинг нима?» деб сўради. У: «Қирқта хурмога айрбошлайман», деди. Ибн Даҳҳоҳ: «Катта нарса сўрадинг-ку, шу биргина эгилиб турган хурмойингга қирқта хурмо сўрайсанми?» деди. Бироз хаёлга чўмиб тургач: «Бўпти, сенга қирқта хурмо бераман», деди. Хурмо эгаси: «Агар гапинг рост бўлса, гувоҳ топ», деди. Одамлар ўтишаётган эди, уларни чақириб, савдога гувоҳ қилди. Кейин Ибн Даҳҳоҳ Расули акрам олдиларига бориб: «Хурмо менинг мулкимга ўтди», деди. Расулуллоҳ камбағал кишига бориб: «Хурмо энди сеники», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло бу оятни нозил қилди.
Бу ҳақда бошқа ривоят ҳам бор. Ибн Исҳоқнинг Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишича, «Абу Бакр Билолни Умайя ибн Халафдан ўн уқия (олтин) ва битта бурда (кийим) эвазига сотиб олиб, уни озод қилди. Аллоҳ таоло: «Ҳатти-ҳаракатларингиз турличадир» деб, Абу Бакр билан Умайя ҳаракатларини айтди». («Асбабун-нузул», 393-394-бетлар).
5. Аммо ким мурувватли ва тақволи бўлса;
6. ва гўзал сўзни тасдиқласа;
7. ўшани осонига йўллаймиз.
Юқоридаги уч оятнинг нозил бўлиши ҳақида Ибн Исҳоқдан бундай ривоят бор: «Менга Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Атийқ, Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрдан, у баъзи илм аҳлларидан ривоят қилиб айтишича, Абу Қуҳофа ҳазрати Абу Бакрга: «Эй ўғлим, заиф қулларни озод қилаётганингни кўряпман, озод қиладиган бўлсанг, сени ҳимоя қиладиган, ёнингда турадиган бақувват кишиларни озод қилишинг яхши эмасми?» деганида, Абу Бакр: «Эй отажон, мен бу ишни Аллоҳ учунгина қиляпман», деб жавоб берди. Айтишларича, «Ким мурувватли ва тақволи бўлса ва гўзал сўзни тасдиқласа, ўшани осонига йўллаймиз» оятлари Абу Бакрнинг  отасига айтган сўзи хусусида нозил бўлган». Оятдаги «билҳусна»ни муфассирлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси, деб тафсир қилишади. Ҳақиқатан, топган мол-дунёсини Аллоҳ таоло йўлида яхши ишларга сарфлайдиган мурувватли ва тақволи, «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини тил ва дил билан тасдиқлаган саодатманд кишиларни Аллоҳ таоло дунёда ишларнинг осонига йўллайди, охиратини эса обод қилади.
8. Ким бахиллик қилса ва ўзини беҳожат тутса;
Юқоридаги бахтиёр кишилардан фарқли ўлароқ, топган мол-дунёсини яхшиликка сарфлаш ўрнига ҳеч кимга бермай босиб қўядиган, дунёнинг лаззат-шаҳватларига маст ҳолда охиратини бутунлай унутиб қўйган кимсалар ҳам борки, улар ҳеч нарсага ишонмагани учун охиратни, дўзахни, ҳисоб-китобни инкор этади, ўлгандан кейин қайта тирилишига ишонмайди. Шунинг учун у Аллоҳ таолонинг раҳматидан ва мағфиратидан ҳеч нарса умид қилмайди. Шу боис булар бахиллик қилади, Аллоҳ таолодан, охиартдаги мукофотлардан ўзини беҳожат сезади.
9. ва гўзал сўзни инкор этса;
Янада аянчлиси, бундай бахтсиз кимсалар Ер юзидаги энг гўзал сўзни, мусулмонлик, мўминлик шиори «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини инкор этади.
10. ўшани қийинига йўллаймиз.
Аллоҳ таоло ана шундай инсонларни ишларнинг энг қийинига йўллаб қўяди, яъни уни фақат ёмон, машаққатли, охиратда ҳеч қандай фойдаси ва савоби бўлмайдиган ишларга йўллаб қўяди. У охират дунёсига бир йўлак бўлган қабрга кирганида ҳам, савол-жавоблар пайтида ҳам, Маҳшаргоҳда турганида ҳам ҳеч ким унинг жонига оро кирмайди, тўплаган мол-дунёси фойда бермайди. ишонганлари ёрдамга келмайди. Охири у қилмишлари учун дўзахга равона бўлади.
11. Унинг ҳалокатида мол-мулки асқотмайди.
Дўзахга тушиши унинг ҳалокатга юз тутганидан дарак беради. Бу ҳалокатдан у тўплаган ва риё мақсадида, Аллоҳ буюрмаган ерларга сарфлаган мол-дунёси қутқара олмайди. Абдуллоҳ ибн Аббоснинг (розийаллоҳу анҳу) айтишича, мазкур ояти карима Умайя ибн Халаф тўғрисида нозил бўлган. Али ибн Абу Толибдан (розийалллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан «Бақиул-ғарқод» қабристонида жанозада бирга эдик. Шунда Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар бирингизнинг жаннатдаги ётар жойи ва дўзахдаги ётар жойи батаҳқиқ ёзилади», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг элчиси, умид қилмайликми?» дейишганида у зот: «Амал қилинглар, ҳар бир енгил қилинган нарса яратилган нарсаси учундир», дедилар ва юқоридаги олти оятни қироат қилдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).  
12. Ҳидоятга бошлаш албатта Бизнинг зиммамиздадир.
Аллоҳ таоло инсониятни Ислом дини билан мушарраф этганидан кейин Ҳақ ва ботил, ҳидоят ва залолат, ҳалол ва ҳаром, яхшилик ва ёмонлик, имон ва куфр ажраб бўлди. Парвардигори ваҳийларига ишонган, Унинг амр-фармонларига итоатда бўлган мўминлар ҳидоят йўлини танлашди. Аллоҳга осийлик қилувчи, оятларини инкор этиб, ёлғонга чиқарувчилар залолат йўлини танлаб гумроҳлардан бўлишди. Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла хабар бериб айтяптики, шариат аҳкомлари, ақида ва ибодатлар, ахлоқ ва муомала низомлари баёни бўлмиш китобларни тушириш, уларни сизларга баён этиш учун пайғамбарлар юбориш Бизнинг зиммамиздадир. Худди шу йўл билан Биз бандаларни ҳидоят йўлига йўллаймиз.
13. Охират ва дунё ҳаёти ҳам Бизникидир.
Аллоҳ азза ва жалла айтяптики, охират дунёси ҳам, ундаги ҳисоб-китоб ҳам, дунё ҳаёти ва ундаги барча неъматлар ҳам фақат Бизга тегишлидир. Уни хоҳлаганимизча тасарруф этамиз, бошқарамиз, бандалар ҳақида ҳукм чиқарамиз. Бунда ҳеч ким шерик бўлолмайди, ҳеч ким Бизнинг иродамизга қарши чиқолмайди. Борлиқдаги ҳамма нарса, жамики мавжудот фақат Бизга тегишли. Ким икки дунё саодатига эришишни истаса, уни Бизнинг ҳузуримиздан талаб қилсин, изласин. Биз ҳар бир инс ва жиннинг излаганини берамиз. Одамларнинг ёппасига мусулмон бўлиши Аллоҳнинг якка илоҳлигига заррача фойда бермайди ёки сифатларини ошириб қўймайди. Худди шу каби одамларнинг бари ёппасига кофир бўлиши Аллоҳга заррача зарар етказмайди ёки сифатларини камайтириб қўймайди. Аллоҳ ҳеч кимнинг аралашувисиз ҳам Олийдир ва ҳамма нарсага Қодирдир. У ҳеч кимга муҳтож бўлмайди, аммо ҳамма Унга муҳтождир. У қилаётган иши юзасидан ҳеч кимга ҳисоб бермайди, борлиқни бошқаришда бировнинг ёрдамига қарамайди. У Зот шундайин улуғдир ва улуғлиги абадийдир. Шунинг учун ҳар бир инсон Унинг йўлига юришга, Унга эргашишга, Унга итоатда бўлишга мажбурдир!
14. Сизларни ловуллаб ёнувчи дўзахдан огоҳлантирдим;
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ пайғамбари орқали бандаларини дўзах ўтидан кўп марта огоҳлантирди. Қуръони каримнинг бошқа жуда кўп оятларида бундай огоҳлантиришлар, дўзахга тушмаслик учун нималар қилиш кераклиги ҳақидаги насиҳатлар зикр этилган. Аммо Пайғамбар Парвардигори ҳузуридан келтирган ваҳийларни инкор этиб, ёлғонга чиқарганларнинг абадий дўзах оловида куйишлари муқаррар! Чунки Аллоҳ таолонинг ҳақ ваъдасига кўра Парвардигорига ишонмаган, Унинг ваҳийларига куфр келтирганнинг жойи мангу азоб жойи бўлмиш жаҳаннамдир. Нўъмон ибн Баширдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, «Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қиёмат куни дўзах аҳлидан энг енгил азобланадиганининг икки оёғи остига ёқилган оловдан унинг мияси қайнаб кетади», деганлар (Имом Аҳмад, Бухорий ривояти).
15. унга кирар фақат бадбахтлар;
Оятдаги «ашқо» бадбахт маъносида. Дунё ҳаётидаги куфр-исёнлари билан ўзига дўзахни танлаган ва Парвардигори фазли ва раҳматидан мосуво бўлган кимсалар чинакамига бебахтлардир. Агар бадбахт бўлишмаганида Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбарининг огоҳлантиришларидан сергак бўлиб, ҳидоят йўлларига юрган, гуноҳлардан четланиб, мукофотига жаннат боғларига мушарраф бўлур эди.
16. ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган.
Лекин бу бахтсиз кимсалар ўзларига жуда аянчли оқибатни раво кўришди. Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари орқали юборилган ваҳийларини ёлғонга чиқариб, улардан юз ўгиришди. Пайғамбарга итоатсизлик кўрсатишди, унга эргашишмади, аксинча илоҳий ваҳийларни келтирган элчини ёлғончига, мажнунга, сеҳргарга, шоирга чиқаришди.
17. Тақволилардан у узоқлаштирилади.
Ояти каримадаги «атқо» сўзи тақволи, Аллоҳдан қўрқувчи маъносини анлатади. Қабрда ҳам, қиёмат куни ҳам ўзини куфр ва гуноҳлардан асраб юрган тақволи, солиҳ кишилардан дўзах олови ва унинг азоблари узоқлаштирилади. Чунки улар дунё ҳаётидаги имонлари, қилган яхши амаллари учун ана шундай яхшиликка муносибдирлар. Чунки бундай инсонларнинг роҳат-фароғатини ҳеч нарса, ҳатто дўзахга яқин келиш каби ноқулайликлар ҳам бузмаслиги аниқ. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Сўнгра тақволи бўлганларни (дўзахдан) қутқарамиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (дўзахда) қолдирамиз» (Марям, 72).
18. Улар покланиш учун молларини садақа қилишади.
Бундай инсонлар Аллоҳ таоло йўлида, Унинг розилигини топиш, гуноҳларда покланиш учун садақа қилишади. Барча муфассирларнинг якдил фикрларига кўра, ушбу ояти карима Пайғамбаримизнинг энг яқин саҳобалари, у зотдан кейин Ислом умматига раҳбар бўлган Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) ҳақларида нозил бўлган. Лекин оятнинг ҳукми барчага тегишлидир. Урва ибн Зубайрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Абу Бакр етти кишини озод қилди. Уларнинг бари Аллоҳ йўлида азобланаётган эди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
19. Унда қайтарилувчи эҳсон йўқ эди.
Абу Бакр Сиддиқ каби тақволи инсонларнинг барча амаллари каби садақа ва эҳсонлари ҳам, яхшиликлари ҳам риё ва сумъадан (одамлар кўрсин ёки эшитсин) холи, Аллоҳдан савоб умидида, фақат Ўзининг розилигини топиш мақсадида қилинар эди. Улар инсонларга берган нарсалари ёки қилган эҳсонлари эвазига улардан ҳеч қандай моддий ё маънавий эваз тамаъ қилишмас, бирор нарсалари яна ўзларига қайтарилишини умид этишмас эди.
20. Фақат буюк Парвардигор розилигини истаган эди.
Тақволи кишилар нима қилишмасин, ҳар бир ишда, ибодатда, ҳоли ҳаётда фақат Парвардигорлари розилигини исташади. Бу йўлда ҳаётнинг барча қийинчилик ва етишмовчиликларга, золимлар томонидан кўрсатиладиган зулм ва хўрликларга чидаб, сабр этишади. Ана шу хислатлари билан охиратда Парвардигорларининг буюк фазлига, марҳаматига сазовор бўлишади. Ана шундайлар икки дунёда ҳам чин саодат эгаларидир. Бундайлар ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: (Эй Муҳаммад): «Сизларга булардан ҳам яхшироқ нарса хабарини берайми? Тақволи кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида абадий қолинадиган, остидан анҳорлар оқиб турувчи боғлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳ розилиги бордир», денг» (Оли-Имрон, 15).
21. Яқинда у албатта рози бўлади.
Тақоли зотлар дунё ҳаётидаги имонлари, эҳсонлари ва яхшиликлари эвазига охиратда Аллоҳ таоло ато этадиган беҳисоб  неъматлар, жаннат боғлари, энг асосийси Ўзининг жамолига мушарраф этишига гувоҳ бўлишгач, Парвардигор фазли, марҳаматидан ниҳоятда рози бўлишади. У кун албатта келади, унинг келиши жуда яқин. Фақат гап ушбу гўзал оқибатга эришиш учун дунё ҳаётида нималар қилинганида қолди.
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТИ
Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида келишича, Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабалга (розийаллоҳу анҳу): «Намозингга Аъла, Шамс, Лайл сураларини ўқимайсанми?» деб қизиқтирар эдилар.

Орқага Олдинга