loader

093. Зуҳо (чошгоҳ) сураси

 

 

 

Маккада тушган, 11 оятдан иборат
«Ваз-зуҳа»нинг «чошгоҳ, туш вақтига қасам» деган маъноси бор, қуёш кўтарилиб, чошгоҳ пайтига яқинлашган вақт «зуҳо» дейилади. Сура Пайғамбар алайҳиссалом шахсиятларига хос бир сура бўлиб, унда Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбарига нисбатан меҳр-муҳаббати ва раҳм-шафқати ҳақида хабар беради, сўнгра у зотга илоҳий йўл-йўриқлар берилади. Ўтган Лайл сураси бахил ва Аллоҳ ваҳийларини инкор қилувчи кимса ҳақида бўлгани учун зулматли тунга қиёсланган, ушбу сура эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларида бўлгани учун ёруғлик, нур маъноларини англатувчи сўз билан номланган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Чошгоҳга қасам;
Аллоҳ таоло қуёш кўтарилиб, бутун борлиқни нурга тўлдирган, мунаввар қилган пайтга қасам, деяпти.
2. ва қоплаётган тунга қасам.
Ва атрофни зулмат билан ўраб-қоплаётган тунга қасам, деяпти. Аллоҳ таолонинг борлиқдаги бу икки ҳолатга қасам, дейишида чуқур маъно ва илоҳий ҳикмат бор. Ҳар бир тун ортидан албатта ёруғ кун келади. Тунги сукунат оғушида ўзини ожиз, ёлғиз, нотавон ҳис этган инсоннинг ёруғлик, нур келиши билан руҳий ҳаёти ва жисмоний қувват-ҳаракати янги паллага киради, ғайрат ва шижоат билан янги кунни бошлайди. Гўё куннинг интиҳоси инсон учун унинг ибтидосидан яхши бўлиши дарагини бераётганига ўхшайди. Юқоридаги икки оятда «зуҳа» (кундузининг бир қисми) ҳам ва «лайл» (туннинг ҳаммасини англатади) ҳам келтирилади. Бунинг маъноси шуки, охирзамон элчиси Муҳаммад алайҳиссалом барча пайғамбарларга тенглаша олганларидек, кундузнинг бир қисми туннинг ҳаммасига тенглаша олади. Шунингдек, кун ва туннинг алоҳида фазилатларга эгалигини билдириш учун олдинги Лайл сурасида тун олдин зикр этилганди, Зуҳа сурасида кун, чошгоҳ муқаддам келяпти. Бу эса вақтнинг шиддат билан ўтаётганига, кун ва туннинг тез алмашаётганига бир ишорадир.
3. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз сизни тарк этгани йўқ, ёмон кўргани ҳам йўқ.
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, Парвардигорингиз сизни ўз ҳолингизга, муаммо ва машаққатлар гирдобига ташлаб қўйгани йўқ, мушриклар иддаосига қарши ўлароқ У сизни ёмон ҳам кўрмайди. Сиз ҳаргиз Парвардигорим ғазаб қилди, деб ўйламанг, балки ҳар бир кун сизга манфаатли бўлади. Мен сизни ҳеч қачон ташлаб қўймайман, балки даражангизни ҳамиша юқори кўтараман. Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳозирги ҳолатингиз олдигисидан кўп жиҳатлардан афзал қилинди: Парвардигорингиз олдида улуғлигингиз, обрў-мартабангиз ошиб боряпти, бошқа пайғамбарларга ато этилмаган айрим нарсалар сизгагина берилди, Аллоҳ таоло сизни қиёматгача охирзамон пайғамбари қилиб танлади.
Зайд ибн Арқамдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий келиши бир муддат тўхтаб қолди. Ўша кунлари Жаброил алайҳиссалом келмай қолди. Шунда Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил: «Соҳибинг сени мутлоқ ташлаб кетди ва сенга ғазаб қилди, деб ўйлаяпман», деди. Аллоҳ таоло шунда Зуҳо сурасининг биринчи-учинчи оятларини нозил қилди» (Ҳоким ривояти). Ибн Жарир Табарий ўз тафсирида Абдуллоҳ ибн Шаддоддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ҳазрати Хадича (розийаллоҳу анҳо) Расулуллоҳга (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Парвардигорингиз ҳақиқатан сизга ғазаб қилдимикин?» деб ўйлаяпман», деганларида ушбу оятлар нозил бўлди». Ибн Ҳожар (раҳматуллоҳи алайҳ): «Умму Жамил бу гапини ҳақоратлаш учун айтган бўлса, Хадича онамиз куйиниб, ҳамдардлик билдирган ҳолда айтганлар», деган. Мана шу ҳодисалар Қуръони карим Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлаётганига далолат эди. Агар Китоб бир киши томонидан тўқилганида эди, бу каби нарсалар воқеъ бўлмасди.
4. Сиз учун охират дунё ҳаётидан албатта яхшидир.
Яъни, Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики: эй Пайғамбарим, ваҳийнинг тўхтаб қолишидан хафа бўлманг, изтироб чекманг, чунки унинг келиши мутлоқ тўхтатилиб, сизга ўлим келгудай бўлса, барибир охират сиз учун дунёингиздан яхшироқдир. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Менга ўзимдан кейинги умматим аниқ кўрсатилди ва (бундан жуда) хурсанд бўлдим, шунда Аллоҳ таоло «Валал-ахирату хойрул-лака минал- ула» оятини нозил қилди», дедилар (Имом Табароний ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бўйрада ётган эдилар, ёнбошларига бўйранинг изи тушибди. У зот уйғонганларида ёнбошларини силаб қўйдим ва: «Эй Аллоҳнинг элчиси, бўйра устидан бирор нарса тўшаб қўйишимизга изн бермайсизми?» деганимда: «Бу дунёда яшашимнинг мисоли бир отлиқнинг дарахт остида бироз дам олиб, сўнг ўз йўлига кетганига ўхшайди», дедилар» (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).  
5 Ва тезда Парвардигорингиз ато қилади ва рози бўласиз.
Яъни, тез кунларда Парвардигорингиз сизга ҳатто бошқа пайғамбарларига ҳам бермаган жуда кўп неъматларни ато этади, сиз булардан рози ва хурсанд бўласиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло охирзамон Пайғамбарига мисли йўқ неъматларни берди: у зотга қиёматгача илоҳий дастур ҳисобланмиш Қуръони каримни туширди, у зотга келган динни қиёматгача бутун инсониятга дин қилиб танлади ва бошқаларидан устун қилди. Охиратдаги неъматлар эса булардан ҳам хайрли эди: бу зотга улкан савоблар, Кавсар ҳовузи, умматларини шафоат қилиш, улардан бирортасини дўзахда абадий азобламаслик кабилар ато этилди. Шубҳасиз, Набий алайҳиссалом буларнинг баридан рози бўладилар. Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим алайҳиссалом сўзи зикр этилган (Иброҳим, 36) ва Мусо алайҳиссалом сўзи ҳақидаги (Моида, 118) оятларни тиловат қилдилар-да, қўлларини кўтариб: «Эй Аллоҳ, умматим, умматим…» деб йиғладилар. Жаброил алайҳиссалом у зот ҳузурларига келиб, сўрадилар.   Пайғамбар (алайҳиссалом) хабарини бердилар. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бу нарсаларни билади. Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга: «Муҳаммадга бориб, «Албатта, Биз умматингиз ҳақида сизни рози қиламиз ва сизни хафа қилмаймиз» деганимизни айт», деди». Хотиб (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзининг «Талхисул-муташабиҳ» китобида Пайғамбарнинг (алайҳиссалом): «Умматимдан бири ўтда бўлса, мен у ҳолда асло рози бўлмайман», деган гапларини ривоят қилган. Ибн Аббосдан (розийалллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматлари қишлоқма-қишлоқ кўрсатилганида хурсанд бўлдилар. Шунда «Валасавфа йуътика Роббука фатарзо» оятини нозил қилди» (Имом Ҳоким, Байҳақий, Табароний ривояти). Мана шу ояти карима Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дунё ва охиратда улуғликлари ҳақ эканига далилдир.
6. У сизни етимлигингизда жойламадими?
Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, Аллоҳ таоло сизни Ўзининг элчиси қилиб танлашни ирода этгани учун болалигингизда етим қолганингизда сизни паноҳига олмаганмиди, меҳрибон кишиларингиз қарамоғига топшириб-жойлаб қўймаганмиди? Дарҳақиқат, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳали туғилмасларидан олдин оталари, олти ёшларида оналари вафот этиб, шир етим қолдилар. Шунда Аллоҳ таоло ёш Муҳаммадни олдин меҳрибон боболари Абдулмутталиб, сўнгра унинг вафотидан кейин яна бир яқин кишилари – амакилари Абу Толиб хонадонига жойлади. Абу Толиб жиянини ниҳоятда яхши кўрганидан у кишини ўз кафиллигига олиб, ҳамиша ҳимоя қилиб юрди. Айниқса Ислом дини энди ёйила бошлаган қийин кунларда янги Пайғамбарни дин душманларидан жон-жаҳди билан муҳофаза этди.
7. Ва ғофиллигингизда ҳидоятга йўлламадими?
Яъни, эй Пайғамбар, Аллоҳ таолонинг дини келгунига қадар шариат ҳукмларидан бехабар, ибодат арконларини билиш, соф ақидани танишда ҳайронликда юрган эдингиз. Парвардигорингиз ваҳийлари ёрдамида  билмаган нарсаларингизни ўргатди, тўғри йўлга – ҳидоят йўлига бошлади. Бунинг натижасида нафақат ўзингиз буларни билдингиз, балки умматингизни ҳам Аллоҳнинг йўлига бошладингиз. Бу ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг сизга ато этган неъмати эди.
Ояти каримадаги «зоолла»нинг луғавий маъноси «адашувчи, ғофил»ни англатади. Оятни юзаки тушунувчилар унинг зоҳирий маъносини ушлаб олиб, «демак Пайғамбаримиз ҳам адашган эканлар-да», деган хулоса чиқармасликлари учун уни бироз кенгроқ тафсир қилишга тўғри келади. Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ислом келишидан олдин ҳам бут-санамларга асло сиғинмаганлар, гуноҳ ишларга юрмаганлар. Аммо, муфассирлар айтишганидай, у зот ақида ва шариат илмларидан хабардор эмасдилар. Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар қилгач, ақида ва шариатни ўргатди, бу йўлда Ислом умматига пешво қилди. Айрим муфассирлар «зоолла»ни «адашиб қолган, йўқолиб қолган» деб ҳам тафсир қилишган ва бунинг исботи учун баъзи ривоятларни келтиришган. Шулардан бирида Саъид ибн Мусаййаб (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Пайғамбар (алайҳиссалом) амакилари Абу Толиб билан Шомга сафар қилганларида қоп-қоронғи кечада туя устида ухлаб қоладилар. Шунда шайтон келади ва туя нўхтасидан тутиб, уни йўлдан буриб юборади. Шу пайтда Жаброил алайҳиссалом етиб келиб, шайтонга бир пуфлаган эдилар, у Ҳабашистонга бориб тушади. Туяни эса карвонга қайтариб қўйдилар. Оятдаги сўзлар шунга ишорадир». Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: «Муҳаммад (алайҳиссалом) кичикликларида Макка дараларидан бирида боболарини йўқотиб қўядилар. Боболари Каъба пўшига (ёпқичига) осилган ҳолда Муҳаммадни қайтариб беришни сўраб, Тангрига ёлбора бошлайдилар. Қўйлари олдидан қайтиб келаётган Абу Жаҳл ёш Муҳаммадни кўриб қолади ва боболарига олиб боради. Абу Жаҳл бўлиб ўтган ишларни Абдулмутталибга айтиб беради: болани кўрганида туясини чўктириб, Муҳаммадни ортига миндириб олади. Туя эса ҳеч ўрнидан жилмайди. Шунда у болани олдига олиб ўтқазади, шундагина туя йўлга тушади. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни оналарига Фиръавн алайҳиллаъна қўли билан топширганидай, Муҳаммадни (алайҳиссалом) ҳам боболарига дин душмани Абу Жаҳл қўли билан қайтарди». Ана шу каби ривоятларга асосланиб, айрим муфассирлар (масалан, Ибн Жарир Табарий Қатодадан қилган ривоятда): «Ушбу суранинг олтинчи-саккизинчи оятлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар этиб юборишидан олдинги ҳолатлари ҳақида эди», дейишган.
8. Ва фақирлигингизда бой қилмадими?
Эсланг, эй Пайғамбарим, сизга мерос ҳам қолмаган, мол-дунёингиз бўлмаган фақирлик ҳолатингизда топиб, сизни муҳтожликдан қутқарди. Хадичанинг (розийаллоҳу анҳо) молидаги тижорат фойдаси, Аллоҳ берган барака ва қаноат туфайли сизни бой ва беҳожат қилди, ўзгалар қўлига қаратиб, бойлардан сўрайдиган этиб қўймади. Бу ҳолат пайғамбалик келишидан олдин эди. Рисолат вақтида яқин дўстлари Абу Бакр Сиддиқ моли ёрдамида ўзгалардан беҳожат қилди, Абу Бакр барча молларини Пайғамбарга (алайҳиссалом) топшириб қўйди. Ҳижратдан кейин эса ясриблик ансорлар моли ва жангларда қўлга киритилган ўлжалар охирзамон Пайғамбарини моддий қарамликдан халос этди. Булар ҳам Аллоҳ таолонинг сизга ато этган неъматларидан эди. Қолаверса, сизни нафақат моддий жиҳатдан, балки руҳий, маънавий жиҳатдан ҳам бой қилди. Юқоридаги икки оятдан аён бўляптики, инсоннинг чинакамига камолотга етиши учун фақирлик ёки етимлик каби етишмовчиликлар тўғаноқ-тўсиқ бўлолмайди, одамлар ўйлаганидай бу икки сифат ноқислик саналмайди. Аллоҳ ирода қилган бўлса, фақир ва етим кишилардан ҳам салоҳиятли ва фазилатли пешволарни чиқариб қўяверади.
9. Шунинг учун етимга қаҳр қилманг.
Яъни, Аллоҳ таоло сизга етимлигингизни билдирмай, раҳм-шафқат ва меҳрибонлик кўрсатгани каби, сиз ҳам етимларга яхши муносабатда бўлинг, уларга раҳмли бўлинг, асло қаҳр ва зулм қилманг. Ушбу ояти карима инсонлар жамиятида етимга меҳр-мурувват кўрсатишга, унга доим яхшилик қилишга далолат этади. Қатода (раҳматуллоҳи алайҳ): «Сен етимга меҳрибон ота каби бўлгин», деганлар. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Бир киши Пайғамбарга (алайҳиссалом) қалби тошдай қаттиқлигидан шикоят қилиб келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар қалбинг мулойим бўлишини истасанг, етимнинг бошини сила ва мискинни таомлантир», дедилар». Шу кишидан қилинган бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўзининг ва бошқа бировнинг етимига кафил бўлган киши мен билан мана бу иккаласи кабидир», дедилар ва ишора ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар», дейилган (Имом Бухорий, Аҳмад ривояти).
10. Тиланганни эса жеркиманг.
Яъни, эй Пайғамбарим, Аллоҳ таолонинг сизга қилган яхшиликлари эвазига ҳузурингизга бирор нарсада ёрдам ёки маслаҳат сўраб келган одамни жеркиб ҳайдаманг. Озроқ нарса билан бўлса ҳам уни қуруқ ҳайдаманг, ҳеч нарса беролмасангиз, унга юмшоқлик билан яхши муомала қилинг. Ушбу оятдаги «соил» (тиланган) деган сўз биз билган тиланчи маъносинигина англатмайди, балки кенгроқ маънода бошига бир ташвиш-қийинчилик тушиб, моддий ёки маънавий жиҳатдан кимнингдир ёрдамига, маслаҳатига муҳтож бўлиб қолган кишини ҳам билдиради. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларнинг бирорталарингиз сўраб келувчини бир нарса бермай қайтариб юбормасин, ҳатто унинг қўлида икки тилла билагузук кўрса ҳам», деганлар». Яна Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) бундай ҳадислари бор: «Сўровчини озроқ ҳадя билан ёки гўзал муомала қилиб қайтаринглар. Чунки олдингизга инс ҳам, жин ҳам бўлмаган киши келади. У Аллоҳ таоло сизларга берган нарсада қандай амал қилишингизга қарайди».
11. Ва Парвардигорингиз неъматлари ҳақида сўзланг!
Яъни, эй Пайғамбарим, Парвардигор ато этган неъматлар ҳақида гапириш буларнинг шукрини адо этиш саналади. Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга ҳамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: «Албатта, Биз шукр этувчиларни мукофотлаймиз» (Оли-Имрон, 145); Иблис шукрнинг қадрини билган вақтида одам боласига таъна қилиб айтди: «Уларнинг кўпларини шукр этувчилар деб билмайсан» (Аъроф, 17). Аллоҳ таолодан розилигини изҳор этиш ҳам тил билан шукр айтишга киради, зеро инсон бунга амр этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таолонинг неъматлари ҳақида сўзлаш шукрдир, неъмат шукрини гапирмаслик куфрдир», деганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал «Муснад» китобида ривоят этган). Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) мана бундай дуо қилишларини ривоят этишган: «Бизларни неъматингга шукр қилувчилардан, неъматинг учун Сени мадҳ этувчилардан қилгин ва неъматингни бизларга тўлиқ қилиб бергин». Мавлоно Жалолиддин Румий ёзганларидай, дунё ҳаётида қанчалаб одам Аллоҳ берган неъматларни Аллоҳ розилиги, охират тадорики учун сарфлайди. Қанча одам эса уларни ярамас иллатлар ва разолатлар йўлида қурбон қилади. Айримлар неъмат туфайли савобга эришади, баъзилар уни ёмон иш ва йўлларга сарфлаб, осийга айланади. Кимдир ана шу беҳисоб неъматларга шукр қилиб, уларнинг ҳаққини адо қилади. Бошқа биров эса унга ношукрлик билан неъматнинг заволига учрайди. Шу ўринда Ибн Саммокнинг халифа Ҳорун ар-Рашидга қилган насиҳатини эслаш ўринлидир. У ҳукмдорга ўрни келганида бир пиёла сув ичишнинг ва кейин унинг танадан ташқарига чиқариб олишнинг дунё ва ундаги жамики нарсалардан афзал бўлиб қолишини англатган эди. Чиндан ҳам Аллоҳ таолонинг чанқов вақтида бандага берган бир қултум сув неъмати ер юзидаги барча мулкдан ҳам улуғроқдир. Кейин бадан ичидан бавлнинг осонлик билан ташқарига чиқиши ҳам неъматларнинг энг улуғидир. Берилган неъматларга шукр қилиш фақат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларни бажариш билан камолига етади. Зеро, шукрнинг маъноси Аллоҳ неъматларини ¤зи яхши кўрадиган ва рози бўладиган жойларга ишлатишдир. Бунинг акси куфроналик, яъни неъматларни тарк этиш ёки Аллоҳ ёмон кўрадиган ерларда ишлатиш бўлади.
Ибн Исҳоқ айтади: «Орада Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий келиши бир муддат тўхтаб қолди. Бу у зотга оғир келди, кўнгилларини хафа қилиб қўйди. Сўнг фаришта Жаброил у зотга Парвардигорнинг қасами билан бошланувчи, Аллоҳ Расулуллоҳни қандай иззат-икром қилгани ва мушриклар айтганидек, Парвардигорлари у зотни ёмон кўриб қолмагани, тарк ҳам этмаганини баён қилувчи Зуҳо сурасини олиб келди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ ўзлари ва қолган инсонларга ато этган неъматларни ишонган яқинларига эслата бошладилар» (Ибн Ҳишом, «Сийратун-Набавийя», 181-182-бетлар).

 

 

 

Орқага Олдинга