Маккада тушган, 8 оятдан иборат
Бу сура анжир ва зайтун меваларига қасам билан бошлангани учун у шу номни олган, «ват-тийн»нинг «анжирга қасам» деган маъноси бор. Унда Аллоҳ таоло яратган энг гўзал ва мукаммал хилқат инсон экани, лекин айрим кимсалар куфру исён ботқоғига ботиб, тубанларнинг тубанига айланиб қолишлари, дунё ҳаётида иймон ва эзгу амаллар билан яшаб ўтган инсонлар эса туганмас ажр-мукофотларга эга бўлишлари ҳақида сўз боради. Сура Аллоҳ таолонинг улуҳийяти, Унинг барча подшоҳларнинг ҳам подшоҳи экани ҳақидаги оят билан якунланади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. Анжирга қасам ва зайтунга қасам.
Аллоҳ таоло жаннат меваларидан анжир ва зайтунга қасам, деяпти. Аллоҳ таоло бандалар эътиборини бирор муҳим мавзуга қаратмоқчи бўлганида уларга таниш, фойдали, қадрли, шарафли нарсалар номига қасам, дейди. Бу ўринда ана шундай нарсалардан анжир ва зайтун зикр этилган. Маккада бу икки дарахт ўстирилар, одамлар улар мевасини еб, зайтундан ёғ ҳам олишар эди. Аллоҳ таоло бежизга ушбу икки неъматга қасам, демаган. Чунки анжир ва зайтун ҳам мева, ҳам таом, ҳам кўплаб касалликларни даволашда ишлатиладиган шифобахш доридир. Анжирнинг ҳазми тез, ошқозонда қолиб кетмайди, балғамни камайтиради, икки буйракдаги қум-тошларни ҳайдаб чиқаради, жигар ва талоқ йўлидаги тиқинларини очади ва ҳоказо фойдалари бор. Худди шу каби зайтун меваси ва ундан олинадиган ёғ энг шифобахш дори ҳисобланади, ҳозир у замонавий тиббиётда ҳам кенг қўлланилмоқда. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Зайтун мевасидан енглар ва унинг ёғидан фойдаланинглар, албатта у муборак дарахтдандир», деганлар (Абу Нуъайм «Тиб» китобида ривоят қилган)
2. Тури Сининга қасам.
Яъни, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан роз айтишган-сўзлашган Синин (Сино тоғи ҳам дейилади) тоғига қасам, дейилмоқда. «Синин»ни муфассирлар турлича тафсир қилишган. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу): «Синин – бу тоғ номи, у ҳабашлар тилидан «чиройли» маъносини билдиради», деган (Икрима ривояти). Мужоҳид бу сўзни «муборак, баракали жой» деб изоҳлайди. Муқотил: «Мевали дарахтлари бор тоғ «синин» деб аталади, набатий луғатида «сино» худди шу маънони билдиради», деган.
3. Бу омонлик шаҳрига қасам.
Ва яна ушбу омонлик шаҳри, яъни Маккаи мукаррамага қасам. Ояти каримада Макка бежизга «омонлик шаҳри» деб тавсифланмаяпти. Аллоҳ таоло ушбу шаҳарда Байтуллоҳ жойлашгани, бу ерда охирги Пайғамбари туғилиб, камолга етиши, Ўзининг ваҳийларини илк бор шу шаҳар аҳлига юбориши туфайли ҳам уни дунёдаги энг азиз ва мукаррам шаҳарлардан қилди. Аллоҳ таоло ана шулар шарафи ва ҳурматидан Маккаи мукаррамани қон тўкилмайдиган, уруш-жанжаллар бўлмайдиган, ҳеч қандай куч хавф солмайдиган тинчлик-омонлик шаҳрига айлантирди, унинг ҳудудини Ҳаром, яъни дахл қилинмайдиган, дов-дарахти, ҳайвонотига зарар етказилмайдиган шаҳар, деб белгилади. Фил сурасида баён этилганидай, Маккани босиб олиш учун келган Яман ҳукмдори Абраҳа қўшинларидан ҳимоя қилгани каби қиёматгача ушбу муборак шаҳарни паноҳида асрашини билдирди. Ҳадислардан бирида ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган куни: «Албатта Аллоҳ Маккадан филларни тўсиб, Ўз Расули ва мўминларга шаҳарга эгалик қилиш ҳуқуқини берди. Кеча унинг ҳурмати қандай бўлса, бугун ҳурмати яна асл ҳолига қайтди. Эслатиб қўяй, бу ерда бор кишилар йўқ кишиларга хабар берсин», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
4. Биз инсонни энг яхши суратда яратдик.
Аллоҳ таоло: Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик, деяпти. Аллоҳ таолонинг инсонни беками-кўст, чиройли суратда яратишдан, унга турфа неъматларни ато этиб қўйишдан иродаси Ўзига ибодат қилишлари учун эди: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зориёт, 56-оят). Инсоннинг яратилиш босқичларига бир эътибор қилинг: одамзодни яратиш учун Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилган, лойдан сополга ўхшаш жасад халқ қилган, сўнг ўша жасадга руҳидан пуфлаб, жон киритган. Одам вафот қилганида энг аввало руҳи (жони) чиқади. Сўнг жасад сополга ўхшаб қотади. Ерга дафн қилинганидан кейин у шишиб ёрилади ва лойга ўхшаб қолади. Охири тупроққа аралашиб кетади, яъни олинган жойига қайтади. Инсоннинг яратилиш босқичлари шу! Инсоннинг асли бир томчи ҳақир сувдан ва арзимас қора лой-балчиқдан иборат. Аллоҳ таоло унга Ўз руҳидан киритгандан кейингина у инсонга айланади, фаришталар сажда қиладиган даражада азиз-мукаррам ва шарафли жонзотга айланади, ер юзи халифаси мақомидаги олий мартабага мушарраф бўлади. Инсоннинг қадр-қиммати руҳ билан боғлиқдир. Унинг жасади, келишган қадди-қомати, чиройли ҳусни, мутаносиб тана аъзолари – ҳаммаси қурт-қумурсқага ем бўлиб, тупроқ билан қоришиб кетади. Демак, инсон қанча руҳоний бўлса, унинг қадр-қиммати шунча ошади. Инсон қанча имонли, диёнатли бўлса, Аллоҳга муҳаббати ва итоати қанчалик улуғ бўлса, шундагина у чин инсон бўлади, Аллоҳ таолонинг уни яратиш билан зиммасига юклаган шарафли вазифани кўнгилдагидек уддалаган бўлади. Аллоҳ таоло инсонни Ўзига ибодат қилиши, итоатда бўлиши учун халқ қилган. Бунга даъват қилиш учун элчиларини юборган, китоблар туширган. Унинг ҳақ йўлини тутганлар, Унга ибодат қилганлар, амр-фармонларини бажариб, қайтарган ишларидан чекинганлар ҳидоят топишган. Охиратда ажр-мукофотларга (жаннатга) эришиш хушхабари билан муждаланишган.
5. Сўнгра уни асфаласофинга ташладик.
Аллоҳ бандаларини Ўзига ибодат қилишлари учун азиз ва мукаррам, ердаги халифа қилиб яратиш билан бирга уларни имтиҳон ҳам қилмоқчи бўлган ва одамзотга икки йўлни – имон ва ҳидоят йўлини, куфр ва залолат йўлини рўпара қилиб қўйган. Биринчи йўлни танлаганлар Аллоҳга бўйсунишади, Ундан қўрқишади, Аллоҳ кўрсатганидай фақат солиҳ, эзгу амаллар қилиб ўтишади. Буларнинг эвазига абадий роҳат-фароғат маскани бўлмиш жаннатда яшаш билан мукофотланишади. Иккинчи йўлни танлаганлар эса Аллоҳга ширк келтирган, шайтон васвасасига, нафс найрангига учиб, умрини гуноҳ ва қабиҳ ишлар билан ўтказган, елга совурганлардир. Улар чексиз азоб-уқубат ўчоғи бўлмиш жаҳаннамда абадий азоб чекиш билан жазоланадилар. Гўзал суратда, ҳамма аъзолари мутаносиб яратилган инсон Аллоҳ таолонинг амр-фармонларида турсагина азиз ва мукаррамдир. Агар у Парвардигор йўлидан чекинса, Унинг ваҳийларини инкор қилса, Пайғамбар даъватига қулоқ солмаса, бундай инсон Аллоҳ таолонинг ғазабига учраши аниқ. У бундай итоатсиз инсонларни дўзахнинг энг чуқур жойига, асфаласофинга улоқтиради. Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Оятдаги гап мазмуни қиёмат кунидаги кофирнинг ҳолатига ишора этяпти. Куфр келтирганлар ўша куни берилган неъматларга шукр қилмагани, ушбу неъматларни ато этган Зот розилиги учун яхши амал қилмагани сабабли дунёдаги суврати гўзал ва жозибали бўлганига қарамай, қиёмат куни энг хунук ва жирканч кўринишда бўлади».
6. Фақат имон келтирган ва яхши амаллар қилганларга туганмас мукофотлар бордир.
Аллоҳ таоло фақат имон келтирган, яхши, солиҳ амаллар қилганларга туганмас мукофотлар бўлиши хабарини беряпти. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтирса, охират кунига, ўлгандан кейин тирилишга ишонса, дунё ҳаётида яхши амаллар қилган бўлса, Аллоҳнинг амр-фармонларидан чекинмаса, ана шундай кишиларга Парвардигорнинг улуғ ажр-савоблари бор. Улар мангу роҳат-фароғат маскани, неъматлари беҳисоб, остидан анҳорлар оқиб турадиган, асло ғам-кулфат, касаллик, ёвузлик бўлмайдиган жаннат боғларида шодон яшашади. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир» (Юнус, 26).
7. (Эй инсон), охиратни ёлғонга чиқаришингга сени нима мажбурлади?
Эй инсон, буларни кўриб-билиб туриб ҳам нега охиратни, ҳисоб-китобни ёлғон дейсан, инкор қиласан? Ахир юборган Пайғамбаримиз сенга ваҳийларимизни етказмадими? Имон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳидоят ва залолатни, ҳалол ва ҳаромни, жаннат ва дўзахни тушунтирмадими? Шунда ҳам нега ибрат олмайсан, ҳақ йўлга юрмайсан? Сени энг гўзал суратда яратган Парвардигорингга нега осийлик қиласан, берган неъматлари шукрини адо этмай, уларни ножўя ишларга сарфлайсан? Ахир Аллоҳ азза ва жалла қилмишларинг, гуноҳларинг учун дўзахнинг энг чуқур қаърига, асфаласофинга улоқтиришидан огоҳ бўлмайсанми? Ақл, идрок, фаҳм-фаросатинг бўлатуриб, нега кўзингни очмайсан, Аллоҳнинг азобидан сергак тортмайсан? Аммо кўпчилик инсонлар ҳамон ғафлатда юришибди, охиратни ёлғонга чиқариб юрганлар қанча. Улар Аллоҳ таолонинг мана бу огоҳлантиришни эсга олишса, ёмон бўлмасди: «Одамларга ҳисоб-китоблари яқинлашиб қолди, улар ҳануз ғафлатда, юз ўгирувчилардир. Уларга Парвардигорларидан бирор янги эслатма-оят келса, уни албатта ўйнаб (масхаралаб) туриб тинглайдилар» (Анбиё, 1-2).
8. Аллоҳ ҳукмдорларнинг ҳукмдори эмасми?
Аллоҳ таоло подшоҳларнинг, ҳукмдорларнинг ҳам ҳукмдоридир. Аллоҳ таоло бандаларнинг барча иш-амаллари жазоси ёки мукофотини бериш учун ҳар ишга адолат билан қарайдиган, уларга жабр ҳам, зулм ҳам қилмайдиган, ҳақ билан ҳукм чиқарадиган энг олий ҳукмдордир. Бу ишларда ҳеч ким Унга шерик бўлмайди, тенг келмайди. Ислом ҳам, бошқа самовий динлар ҳам тавҳид асосига қурилган. «Тавҳид»нинг маъноси тоатда, бўйсунишда, Еру кўкда Аллоҳ таолони шериги йўқ ва бўлмаган, деб билишдир. Тавҳид эса рубубиёт ва улуҳиёт тавҳидларининг қўшилувидан келиб чиқади. Улуҳиятнинг маъноси шуки, инсон Аллоҳдан бошқа бирон нарсани ўз Раббиси сифатида тан олмаслиги; Аллоҳдан ўзгани Аллоҳни севганчалик севмаслиги ва дўст тутмаслиги; Аллоҳдан бошқани ҳакам сифатида қабул қилмаслиги; ҳар бир ишда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳга таваккул қилиши талаб этилади. Қуръони каримда бундай дейилган: "Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик" (Оли-Имрон, 64). Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: « Агар билувчи бўлсангиз, Ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Албатта Аллоҳникидир», дейишади. Айтинг: «Унда эслатма-ибрат олмайсизми?» Яна айтинг: «Етти осмоннинг Парвардигори, яъни улуғ Аршнинг Парвардигори кимдир?» Улар: «Аллоҳникидир», дейишади. «Ахир қўрқмайсизларми?» денг. Айтинг: «Агар билсангиз, барча нарсанинг ҳукмронлиги измида бўлган, Ўзи ҳимоя қиладиган, Ундан ҳимоя қилинмайдиган Зот кимдир?» Улар: «Аллоҳдир!» дейишади. Айтинг: «Унда нега сеҳрланяпсизлар?» (Мўъминун, 84-89).
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан қай бирингиз «Ват-тийни ваз-зайтун»ни ўқиса ва уни охирига: «Алайсаллоҳу биаҳкамил-ҳакимин»гача етказса, «Ҳа, худди шундай ва мана шунга гувоҳларданман», деб айтсин», дедилар. Охирги оятни ўқиганда шундай дейиш мустаҳабдир.
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТИ
Имом Молик (раҳимаҳуллоҳ) ўзларининг «Муватто» китобларида Барро ибн Озибдан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафаларидаги намозларида икки ракатнинг бирида «Ват-тийни ваз-зайтун» ни қироат қилар эдилар. У кишидан кўра гўзал савт ва қироатда бўлган бошқа кишини кўрмадим».