Маккада тушган, 19 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидаги сўздан олинган, «алақ» луғатда «лахта қон, зулук» деган маъноларни билдиради. Унинг яна «Иқро», «Қалам» каби номлари ҳам бор. Суранинг ўқиб-ўрганишга ва Яратганнинг қандай Зот эканини, инсоннинг нимадан яратилганини англашга даъват қилувчи дастлабки беш ояти илоҳий дастуримиз бўлмиш Қуръони каримнинг илк оятларидир. Сўнг сурада инсоннинг туғёнга кетиши сабаблари, Абу Жаҳл каби малъун кимсалар учун Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китоб борлиги ҳақида огоҳлантирилади. Инсон қуюқ, лахта қондан яратилгани илк марта айтилгани учун сура шундай номланган.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. (Эй Муҳаммад), сизни яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг!
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига: «сизни ва барча махлуқотларни яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг», деб буюрмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Хиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий ана шу «Ўқи!» деган амр эди. Пайғамбар алайҳиссалом бунга жавобан «Мен ўқишни билмайман», дедилар. Ушбу илоҳий амр қайтарилди. У зот яна ўқиш-ёзишни билмасликларини айтдилар. «Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» деган амр янгради ва Аллоҳнинг инсониятга қаламни (яъни ўқиш-ёзишни) ўргатган ўта карамли зот экани ҳақидаги ояти карималар нозил бўлди.
Ибн Исҳоқ ёзади: «Менга Зубайр оиласининг мавлоси Ваҳб ибн Кайсон бундай деди: «Мен Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг Убайд ибн Умайр ибн Қатода ал-Лайсийга: «Эй Убайд, бизга Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Жаброил алайҳиссаломнинг келиши дастлаб қандай бўлганини гапириб бер» деяётганини эшитганман. шунда Убайд: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Зубайр ва бошқаларга сўзлаётганларида ёнларида эдим. Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳар йили бир ой Ҳиро ғорида эътикоф (узлатдаги ибодатда) ўтирардилар. Бу қурайшийларнинг жоҳилият давридаги «таҳаннус» деган ибодатлари эди. Таҳаннус – ўзини ўзи поклаш, гуноҳлардан тозалаш, дегани. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ойлик ибодатни тамомласалар, мискин ва бечораларга таом берадилар. У зотнинг ғордан чиққандан кейин қиладиган биринчи амаллари Каъбани тавоф қилиш бўларди. Уни етти марта ёки Аллоҳ истаганча тавоф қилиб, сўнг уйларига кирардилар. Аллоҳ у зотни Пайғамбар қилишни ирода этган йили одатларига кўра, рамазон ойида Ҳиро ғорига чиқиб кетдилар. Ибодат кечаларининг бирида Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдиларига келди. Бу тўғрида Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари айтадилар: «Мен бир кеча ипак ёзувлар билан безатилган намат (кигиз) устида ётганимда Жаброил келиб: «Ўқи!» деди. Мен: «Нимани ўқийман?» дедим. Шунда у мени остимдаги наматим билан шундай қаттиқ қисдики, жоним чиқай деди. Сўнг қўйиб юбориб, иккинчи марта: «Ўқи!» деди. Мен яна: «Нимани ўқийман?» дедим. У мени яна қисди, яна жоним чиқаёзди. Сўнг бўшатиб яна: «Ўқи!» деди. Мен такрор: «Нимани ўқийман?» дедим. У мени учинчи бор қисди, бу сафар ўлиб қолсам керак, деб ўйладим. У ҳар гал менга «Ўқи!» деганида, мен: «Нимани ўқийман?» дер эдим. У ниҳоят: «(Эй Муҳаммад), яратган Парвардигорингиз номи билан ўқинг! У инсонни «алақ»дан яратди. Ўқинг! Парвардигорингиз энг мукаррамдир. У қалам билан илм ўргатган. У инсонга билмаганларини ўргатди», деди. Мен ушбу оятларни ўқидим, сўнг жаброил қайтиб кетди. Бир ухлаб турсам, мазкур оятлар қалбимга муҳрлангандек ёд бўлиб қолибди. Ғор ташқарисига чиқиб, тоғ ўртасига етганимда осмондан: «Эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг элчисисиз, мен эса Жаброилман» деган овоз эшитилди. Осмонга қарасам, Жаброил бир эркак суратида, икки қадамини осмон уфқига ёзганича турибди. У: «Эй Муҳаммад, сиз Аллоҳнинг элчисисиз, мен эса Жаброилман», дер эди. Мен унга тикилганимча, на олдинга, на орқага юришимни билар эдим. Осмоннинг қаерига қарамай, уни шу ҳолда кўрардим. Шу йўсинда ҳеч нарса қилолмай туравердим. Бу вақтда аёлим Хадича мени излаб, ортимдан одам юборибди. Улар Макка атрофларидан мени тополмай, орқаларига қайтиб кетишибди. Сўнг Жаброил кўздан ғойиб бўлди» (Ибн Ҳишом, «Сийратун-Набавийя», 176-178-бетлар).
2. У инсонни «алақ»дан яратди.
Аллоҳ таоло инсонни «алақ», яъни лахта, увушган қондан яратган. Қуръони карим инсоннинг яратилиш босқичларини бундай баён этади: «Сўнгра манийни лахта қон қилиб яратдик, сўнг лахта қонни парча гўшт қилиб яратдик, кейин парча гўштни суяклар қилиб яратиб, суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга жон киритиб, олдинги ҳолидан бутунлай) бошқача бир вужудни пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали – Аллоҳ баракотлидир!» (Муъминун, 14). Қуръони карим ўн беш аср олдин хабар берган ҳомила ривожланишнинг илк даврида аёл бачадонига ёпишган лахта қон шаклида бўлишини ҳозирги даврга келиб ҳомилашунос олимлар ҳам тасдиқлашди. «Лахта қон» маъносида келган «алақ» сўзи арабчадан «нимагадир осилиб, ёпишиб олган нарса, зулук», деб ҳам таржима қилинади. Бир франсуз тиббиёт олими «алақ» қадимги кўчманчи араблар тилида ловия маъносини ҳам англатишини кашф этди. Ҳақиқатан, ҳомила дастлабки даврда ловия кўринишида бўлади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг яратиш қудрати ва Қуръони каримнинг ақлларни лол қолдирувчи (муъжиз) Китоб эканига далилдир.
3. Ўқинг! Парвардигорингиз энг мукаррамдир.
Яъни, эй Пайғамбарим, эй инсонлар, ўқинглар, илм эгалланглар, шундагина Парвардигорингизни танийсизлар, унинг энг мукаррам Зот эканини англаб етасизлар, Унга тоатда-ибодатда бўласизлар. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром ишлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтаради» (Мужодала, 11); «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?» (Зумар, 9); «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур» (Фотир, 28). Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб хабарлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган: «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, олимга Ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти); «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўл кўрсатади» (Имом Бухорий ва Муслим); «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» (Имом Муслим); «Фаришталар илм толибининг қилган ишидан мамнун бўлиб, унга қанотларини ёзишади» (Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон).
Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг амр-фармонлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган. Аксинча, илм-фандан юз ўгириб, лоқайдлик ва танбаллик туфайли жаҳолатга юз буришганида қўлларидан нусрат, салтанат, сарват кетган, ўзлари хўрланишган ва хорланишган.
4. У қалам билан илм ўргатган.
Аллоҳ таоло инсониятга илм олиш, ўқиб-ўрганиш воситаси қилиб қаламни яратган, яъни ёзувни ўргатган. Бу билан Ислом динига эргашувчи, асосан саводсиз бўлган қавмларни ўқиш-ёзишни ўрганишга, Қуръонни ёзиб олишга, инсонларга илм бериш билан Ислом ва унинг таълимотини Ер юзида ёйишга чақирмоқда. Шунинг учун Парвардигор қаламни дунёда энг олдин, ҳатто еру осмон ва махлуқлар халқ қилинмасидан олдин яратгандир. Инсонлар ичида қалам билан биринчи бор ёзган киши Идрис алайҳиссаломдир. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом): «Илмни ёзув билан мустаҳкамланглар», деган ҳадислари ҳам бор. Қаламнинг биринчи яратилгани ҳақида Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: Убода ибн Сомитдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (солллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ яратган нарсаларнинг энг биринчиси қаламдир, Аллоҳ унга «ёз!» деб буюрди, шу онда ҳамма нарса ёзилди», деганларини эшитганман». Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Аллоҳ яратган нарсаларнинг энг биринчиси қаламдир, унга ҳамма нарсани ёзишни буюрди», деганлар». Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ яратган нарсаларнинг биринчиси қаламдир. Сўнг нунни (сиёҳдон) яратди. Кейин Аллоҳ: «Амал ёки асар ё ризқ ёхуд ажалдан иборат нарсаларни ёз!» деди. Шунда қалам қиёмат кунигача бўлган ва бўладиган нарсаларни ёзди. Сўнгра Аллоҳ таоло қаламни муҳрлади. У қиёмат кунигача гапирмайди», деганларини эшитганман» (Ибн Асокир ривояти).
5. У инсонга билмаганларини ўргатди.
Яъни, эй Пайғамбарим, Аллоҳ сизга ўқишни ва умматингиз манфаати учун фойда бўладиган кўплаб илмларни ўргатганига ажабланманг. Чунки Ҳақни таниш, имон-куфр, яхши-ёмон, ҳалол-ҳаром, ҳидоят-залолатни ажратиш фақат илм орқали бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: «(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб деди: «Агар ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз» (Бақара, 31). Бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: «Ким билган нарсасига амал қилса, Аллоҳ таоло унга билмаган нарсаларининг илмини мерос қилиб беради». Инсонга жаҳолат зулматидан илм нурига ўтиши учун билмаган нарсаларининг Парвардигор томонидан билдирилиши, ўргатилиши ҳақиқатан Аллаҳ таолонинг буюк фазли-карамидандир. Илм сабабидан башарият отаси Одам алайҳиссалом фаришталардан устун бўлдилар. Қатода айтади: «Қалам Аллоҳнинг буюк неъматидир, агар у бўлмаганида дин қоим, яшаш салоҳиятли бўлмас эди».
6. Йўқ, инсон барибир туғёнга кетаверади;
Яъни, инсон мол-дунё, қувват, обрў-мартаба ва эргашувчилари кўпайиши билан ўзини Аллоҳдан беҳожат сезиб, туғёнга кетаверади, ҳаддан ошаверади. Ҳатто илм олишга, буюк Парвардигорини танишга рағбат кўрсатмайди.
7. гар ўзини беҳожат сезса.
Инсоннинг туғёнга кетиши ўзини Аллоҳ таолодан беҳожат сезишида намоён бўлади. Беҳожатлик эса, Аллоҳнинг унга ато этган неъматлари шукрини қилмасликда, маъсият-гуноҳ ишларга бораверишда, итаотсизликда ҳаддан ошишида намоён бўлади. Ибн Абу Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Икки тўймайдиган очкўз бор: бири илм эгаси, бошқаси эса дунё эгаси. Лекин улар баробар эмас. Илм соҳибига Раҳмоннинг розилиги кундан-кунга зиёдалашиб бораверади, дунё эгаси эса туғёнида бардавом бўлади», дедилар ва «Калла, иннал инсана лаятғо, ар-роаҳустағна» оятини ўқидилар». Алақ сурасининг юқоридаги икки ояти Абу Жаҳл ҳақида тушган эса-да, ундан ибратланиш умумийдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: «Бу оятлар нозил бўлганида мушриклар уни эшитгач, Абу Жаҳл Пайғамбар (алайҳиссалом) олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад, «ким беҳожат бўлса, туғёнга кетади», деяётган эмишсан, бўлмаса бизга Макка тоғини олтин қилиб бер, биз ундан олиб туғёнга кетамиз, шояд динимизни ташлаб, сенинг динингга эргашсак!» деди. Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб: «Эй Муҳаммад, уларга мана шу нарсада ихтиёр беринг, хоҳлашса, биз улар сўраган нарсаларини берамиз, агар улар мусулмон бўлишмаса, Моида (дастурхон) эгаларига берганимиз каби уларга ҳам азоб берамиз», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавм буни қабул қилмаслигини билгач, уларни сақлаб қолиш учун (Жаброил алайҳиссаломни) бундан тўхтатдилар».
8. (Эй инсон), қайтиш албатта Парвардигоринггадир.
Инсон Ер юзида нима қилмасин -- у Парвардигорига тоат ва ибодатда бўладими ёки Унинг ваҳийларини инкор этиб, улардан юз ўгирадими, яхши амаллар билан охиратига тайёргарлик кўрадими ёки дунё ҳаётини ўйин-кулги ва бузуқликлар йўлида совурадими, барибир ўлганидан кейин Парвардигор ҳузурига қайтади. Ҳеч ким, у ҳатто энг бой ё қудратли аслзодалар бўлмасин, бошқача йўл тутолмайди. Аллоҳ таолонинг бундай огоҳлантириши бор:
9. Кўрдингми анави қайтарганни;
Эй инсон, анави нодон кимса намоз ўқишдан қайтараётганини кўрдингми? Ибн Жарир тафсирида Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиётганларида Абу Жаҳл келиб, намозни адо этишларига тўсқинлик қиларди. Шунда Аллоҳ таоло Алақ сурасининг тўққизинчидан ўн олтинчи оятигача туширди».
10. бандани намоз ўқишдан.
Эй инсон, кўряпсанми, анави кимса бир бандамни намоз ўқишдан қайтаряпти. Ҳақиқатан, инсонларни ҳақ йўлдан, Парвардигорга тоатдан, Унга бандалик ва ибодат қилишдан қайтариш гуноҳларнинг энг оғиридир. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Абу Жаҳл «агар Муҳаммадни Каъбада намоз ўқиётганини кўриб қолсам, уни албатта бўйнидан эзғилайман», дейди. Бу гап Пайғамбарга (алайҳиссалом) етганида: «Агар шуни қилса, фаришталар уни пешонасидан, гирибонидан, бўйнидан албатта олишади», дейдилар» (Имом Бухорий, Термизий, Насоий, Ибн Жарир ривояти).
11. (Эй инсон), кўрдингми, агар ўзи тўғри йўлда бўлсайди;
Агар Абу Жаҳлнинг ўзи Аллоҳнинг ҳақ йўлида юрган бўлса ҳам майлийди. Ўзи залолат йўлида бўлсаю яна у Пайғамбарни ибодат қилишдан, намоз ўқишдан, одамларга динларини тушунтиришдан қайтаришга қандай ҳадди сиғди?
12. ёки тақвога чақирсайди.
Ёки у нобакор ўзи тақводор бўлиб, бошқаларни ҳам Аллоҳдан қўрқишга чақирса ҳам майлийди! Ваҳоланки, Абу Жаҳл кабилар Аллоҳ таолонинг амр-фармонларини инкор этиб, Парвардигорларига осийлик ва итоатсизлик кўрсатган бахтсиз кимсалардир.
13. Кўрдингми, агар у ёлғонга чиқарса ва юз ўгирса;
Эй инсон, агар у ваҳийларимизни ёлғонга чиқарса, улардан юз ўгирса, барча қилмишларини ипидан-игнасигача ҳамма нарсадан хабардор Парвардигор кўриб туришини билмасмикин? Аллоҳ таоло айтади: «Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни, қиёмат қоим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса, ғафлатда, (имон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгирувчилардир» (Анбиё, 1).
14. Аллоҳ кўриб туришини билмайдими?
У нобакор кимса Аллоҳ таоло инсонларнинг ҳар бир қилмишини кўриб туришини билмайдими? Ушбу ояти каримадан бошлаб тўғри йўлда бўлган ва тақводор мусулмонларни намоздан тўсувчи, ваҳийларни ёлғонга чиқариб, улардан юз ўгирувчи, Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб-билиб туришини инкор қилувчи мушрикларни қаттиқ азоб ва жазоларидан огоҳлантиради, уларни тезда ўзларини ўнглашга, акс ҳолда кейин барча ҳаракатлари бефойда бўлишини эслатиб, таҳдид қилади.
15. Йўқ! Агар бас қилмаса, ушлаймиз пешонасидан;
Яъни, мусулмонларни намоздан, ҳидоят йўлидан тўсишга ҳаракат қилаётган мушриклар агар бу қилиқларини ва ҳатти-ҳаракатларини бас қилишмаса, унда уларни қаттиқ азобимизга гирифтор қиламиз, пешонасидан тутиб, дўзахга отишни буюрамиз. Аллоҳ таолонинг бу таҳдиди нафақат Абу Жаҳлга, балки Ўзининг тоатидан, ибодатидан тўсувчи барча инсонларга, Абу Жаҳл шерикларига қаратилган. Улар ҳам шундай расволикларни қилишса, дин душманига аталган қаттиқ азоблардан «бебаҳра қолишмайди».
16. ўша ёлғончи ва гуноҳкорнинг пешона сочидан.
Қиёмат куни Аллоҳ таоло ваҳийларини ёлғонга чиқариб, улардан юз ўгирган осийлар пешоналаридаги сочларидан тутиб дўзахга улоқтирилади. Оятда Парвардигоримизнинг "пешона сочи"га бандалар диққатини қаратгани ҳайратланарли, албатта. Ҳозирги замон олимларининг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, бош суягининг айнан шу қисмида мия инсоннинг маълум бир ҳаракатини бошқариши аниқланди. "Анатомия ва психология эссенсияси" номли китобда бундай ёзилади: "Ҳаракат, фаолиятни режалаштириш миянинг пешона қисмида амалга ошади. Бу бўлак миянинг ассосиатив қисми ҳисобланади... Ҳаракат жараёнлари билан биргаликда бош миянинг олд қисми зўравонлик, агрессивлик марказидир" («Қуръон мўъжизалари», таржимонлар: Ёқуб Умар ва Асқар Шокир, Тошкент, 11-бет). Мисоллардан кўриниб турибдики, миянинг олд қисми режалаштирилган зўравонлик ҳаракати учун жавоб беради. Қуръони карим инсонлар эътиборини айнан пешона сочига қаратганининг ҳикмати ҳам шунда бўлса керак.
17. Қани, ўз одамларини чақирсин;
Қани, ўша Аллоҳ ибодатидан одамларни тўсаётган, мусулмонларни хўрлаётган мушрик Абу Жаҳл шунчалик қудратли, туғёнга кетган, олийнасаб бўлса, бор яқинларини: оила аъзоларини, қариндош-уруғлари ва қабиладошларини бошлаб келсин. Оятдаги «надия» аҳли-оила, қариндошлар ва оғайнилар маъносидадир. Яқинларининг барини чақириб келсин, шунда забонияларга, яъни дўзахдаги азоб фаришталарига бас кела олишармиди?
18. Биз ҳам азоб фаришталарини чақирамиз.
Шунда Биз азоб фаришталарини (забония) чорлаймиз. Улар мўмин бандаларни Бизнинг йўлимиздан тўсадиган ҳар қандай зўравоннинг таъзирини бериб қўяди. Ривоят қилинишича, Абу Жаҳл Пайғамбар алайҳиссалом Каъба ёнида намоз ўқиётганларида у кишини бундан қайтариш учун олдиларига келди. У Пайғамбарга яқинлашмоқчи бўлганида нимадир уни улоқтириб ташлади. У ортига тисарилиб, қўллари билан ҳимояланиб, кутиб турган шериклари олдига келди. Улар: «Сенга нима бўлди?» деб сўрашди. Абу Жаҳл: «У билан ўртамизда бир чуқурлик, даҳшат ва тўсиқ бор эди», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар у менга яқинлашганида фаришталар уни парча-парча қилиб ташлашарди», дедилар.
19. Йўқ, (эй Муҳаммад), сиз унга бўйсунманг, Аллоҳга сажда қилинг ва яқин бўлинг!
Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), Абу Жаҳл каби туғёнга кетган, Аллоҳга очиқ-ойдин душманлик қилаётган кимсаларга бўйсунманг. Бундайларнинг қилмишларига, фитналарига ва таҳдид-қўрқитишларига парво қилмай, Аллоҳ таоло учун намоз ўқинг, сажда қилинг ва Унга қурбат ҳосил қилинг, яъни яқин бўлинг. Ушбу оят Қуръони каримдаги ўн бешта сажда оятларидан биридир. Мусулмон киши ушбу сажда оятларини ўқиганда ё эшитганда тиловат саждаси қилиши вожиб бўлади. Ґанафий мазµабига кґра, тиловат саждасини іилмоічи бўлган одам таµорат билан іиблага юзланган µолда (дилида) “Холис Аллоµ таоло учун тиловат саждасини іиламан”, деб іґлини кґтармай Аллоµу акбар дея такбир айтади ва бир марта саждага боради, сўнг уч марта «Субµана роббиял аъло» деб тасбеµларни айтади. Яна такбир айтиб бошини кґтаради, тикка туради.