Маккада тушган, 5 оятдан иборат
Сура Каъбатуллоҳни вайрон қилиш ғаразида келганлари сабабли Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок бўлган «Асҳоби фил – фил минган лашкарлар» қиссаси ҳақида сўзлагани учун шундай номланган. Бу воқеа Пайғамбаримиз алайҳиссалом туғилган милодий 570 йили содир бўлган. Сон-саноқсиз лашкари билан қудратли филларга миниб Аллоҳнинг Уйинии бузиш учун Яман ҳокими Абраҳа бошчилигида бостириб келган кофирларни Аллоҳ таоло Ўзининг ожиз махлуқлари бўлмиш қушлар келтирган майда тошлар билан ҳалок қилади ва Каъбатуллоҳни яқинда туғилажак Расули учун, янги дин, янги уммат учун сақлаб қолади. «Фил воқеаси» («Фил санаси» µам деб аталади) маккаликлар орасида таівим боши ҳисобланади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини нима қилганини кўрмадингизми?
Яъни, эй Пайғамбарим, Парвардигорингизнинг фил эгаларини қандай ҳалок қилганини кўрмадингизми? Маккада нозил бўлган ушбу сурада «фил эгалари» қиссаси баён этилган. Бир пайтлар Яманда ҳабашистонлик Абраҳа ибн Сабоҳ ал-Ашрам исмли подшоҳ ҳукм сурган эди. У Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) имон келтирган Ҳабашистон нажошийи (подшоҳи) Адҳама ибн Амрнинг бобосидир. Ўша Абраҳа бир ҳашаматли бутхона қурдириб, уни «Қуллис» деб номлади. Арабларни Байтуллоҳга бориб ҳаж қилишдан тўсиб, ўзи қурдирган черков зиёратига бурмоқчи бўлди. Канона қабиласидан бир киши тунда ўша бутхонада ёзилиб қўйди. Абраҳа ғазабланиб, шу ҳодиса баҳона Каъбани бузаман, деб қасам ичди. Лекин асл мақсади Маккани босиб олиб, Яман ва Шом шаҳарлари ўртасини боғлаш, насроний оламини кенгайтириш эди. У жуда катта қўшин тўплади, одамларни қўрқитиб-ваҳимага солиш учун кўплаб филларни ҳам эргаштирди. Лашкар Макка яқинидаги Муғаммас деган жойга келиб тушгач, шаҳар аҳли билан урушгани эмас, Каъбани бузгани келишгани хабарини етказиш учун элчи юборилди. Макка аҳли бундан қаттиқ ташвишга тушиб, олдинига Абраҳа қўшини билан урушмоқчи бўлди. Лекин уларга бас келолмаслигини англаб, нима ҳодиса рўй беришини кузатиш учун тоғларга чиқиб кетишди. Чунки улар Каъбани ҳимоя қилувчи Эгаси борлигига чин дилдан ишонишар эди.
Қўшин Маккага яқинлашганида Абраҳа арабларнинг бутун мол-мулкини тортиб олишга буюрди. Расулуллоҳнинг боболари Абдулмутталибнинг икки юзта туясини ҳам ҳайдаб кетишди. Абраҳа Қурайшнинг энг обрўли кишисини чақиртириб, шаҳар билан урушмоқчи эмаслиги, балки фақат Каъбани бузишга келганини билдирмоқчи бўлди. Элчи Абдулмутталиб ибн Ҳошимни подшоҳ олдига бошлаб борди. Абраҳа унинг улуғ ва обрўли киши эканини англаб, тахтидан тушди ва гиламга ўтирди. Зеро, Абдулмутталиб салобатли ва келишган киши эди. Абраҳа ундан: «Нима ҳожатинг бор?» деб сўради. «Менга тегишли икки юзта туяни қайтаришингни истайман», деди у. Абраҳа таажжубланиб: «Ота-бобларинг динида улуғланган Байтни бузмоқчи бўлиб келсаму сен икки юзта туянгни гапириб ўтирибсан-а!» деди. Абдулмутталиб: «Мен ўша туяларнинг эгасиман, Байтнинг эса ўз Эгаси бор, уни сендан ҳимоя қилади», деди. «Мендан ҳимоя этадими?» деб сўради ўз куч-қудратига ишонган Абраҳа истеҳзо билан. «Ҳа, сендан ҳимоя қилади», дея жавоб қилди Абдулмутталиб. Араб зодагонларининг Каъбани бузмаслик эвазига катта мол-мулк бериш ҳақидаги таклифларига ҳам Абраҳа кўнмади. Аммо икки юзта туяни қайтариб берди. Шунда Абдулмутталиб ва у киши билан бирга бўлганлар тўғри Каъба эшигига олдига боришди, эшик ҳалқаларини ушлаб, Аллоҳга дуо-илтижолар қилишди, Абраҳа қўшинларидан нажот беришни сўраб ёлборишди. Кўп ўтмай Абраҳа қўшинлари Каъба томон юриш бошлади.
2. Уларнинг ҳийлаларини йўққа чиқармадими?
Байтуллоҳнинг ўз Эгаси Аллоҳ азза ва жалла золим босқинчиларнинг ҳийлаларини йўққа чиқарди. Абраҳанинг ёнида «Маҳмуд» лақабли жуда улкан бир фил бор эди. Уни ҳар гал Каъба тарафга тўғрилаб қўйишса, чўкиб олар, бир қадам ҳам олдинга босмас эди. Яман ё бошқа томонга йўллашса, чопқиллаб кетарди. Аллоҳ зулм ва куфр йўлини ана шундай тўсиб қўяди. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), қавмингизга ушбу қиссани сўзлаб беринг, бундан улар ибрат олишсин, Аллоҳнинг азобидан қўрқишсин. Ҳолбуки, Абраҳа қўшинларидан омон сақлаб қолинган Макка мушриклари Аллоҳга, Унинг Расулига ва Китобига куфр келтиришяпти, одамларни имон ва Парвардигорнинг ҳақ йўлидан тўсишяпти.
3. Улар устига гала-гала қушларни юборди.
Яъни, Аллоҳ таоло Ўз Байтини бузишга келган қўшин устига гала-гала қушларни юборди. Кейинги куни ҳам Абдулмутталиб дуо қилиб, осмонга қаради. Яман тарафдан, яъни денгиз томондан тўп-тўп қушлар учиб келаётганини кўрди. Қушлар тумшуғи ва оёқларидаги тошларни ташлашар, у кимга тегса, ҳалок бўлар эди. Аскарлар келган томонларига қоча бошлади. Улар йўлма-йўл тўкилиб-ҳалок бўлиб боришарди. Абраҳа ҳам жароҳатланди, бармоқлари биттама-битта узилиб тушар, гўштлари ўйилгандай тушиб кетарди. Шу аҳволида уни Санъо шаҳрига олиб келишди ва у ўша ерда ёмон бир ҳолатда вафот этди. Ибн Ҳишом ёзади: «Абобил» сўзи гуруҳ-гуруҳ, деганидир. Араблар бу сўзни бирлик шаклида ишлатганларини кўрмадик» («Сийратун-Набавийя», 62-бет).
4. Устларидан сопол тошларни отишди.
Аллоҳ таоло юборган турли қора қушларнинг ҳар бирида учтадан: биттаси тумшуғида, иккитаси оёқларида тош бор эди. Ана шу сопол тошлар бирор жойга тегса, уни парчалаб ташларди. Қотган лойдан бўлган тошчаларнинг катталиги нўхатдай келарди. Бу воқеа Аллоҳ таолонинг қудрати, илми ва ҳикматига ҳамда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарликларига бир далилдир. Қушларнинг учиб келиши ва майда тошлар билан қудратли душманни батамом ҳалок қилиши ғайриоддий ишлардан ва пайғамбарларнинг мўъжизаларидандир. Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Қушлар тош отишганида Аллоҳ таоло уларга шамол жўнатди. Шамол тошни учириб, шиддатини янада кучайтириб юборди. У тош кимга тегса, албатта ҳалок қиларди». Ояти каримадаги «сижжил» сўзи ҳақида Ибн Ҳишом бундай дейди: «Сижжил» сўзига келсак, менга наҳв олимлари Юнус ва Абу Убайдаларнинг айтишларича, «сижжил» сўзи «қаттиқ, пухта» деган маъноларни билдиради. Баъзи муфассирлар эса, сижжил форсча икки сўз, яъни «санж» – тош ва «жил» – лой сўзларидан иборат, араблар уни бир сўзга айлантириб юборишган, дейишади. Яъни, шу икки жинсдан иборат бўлган тошдир» («Сийратун-Набавийя», 62-бет).
5. Ва уларни титилган сомон каби қилиб ташлади.
Қушлар аскарларни худди чайнаб ташланган, титилган сомон каби илма-тешик қилиб юборди. Яъни, ҳайвонлар экин ёки дарахт баргини еб, кейин ахлат қилиб чиқарганидан сўнг қоладиган чиқитлар каби хор этиб ташлади. Бу нарса уларнинг куфрига, ўзлари нақадар ҳақир, Аллоҳ наздида нақадар хор эканларига далолат қилади. Оятдаги «асф» Ибн Ҳишом фикрича, «атайлаб экилмасдан ўзи ўсиб чиқадиган (ёввойи) ўсимлик баргидир. «Асфнинг бирлиги «асфа» бўлади. Менга Абу Убайданинг хабар беришича, «усофа», «асифа» ҳам дейилади» («Сийрат», 62-бет). Ривоятда келишича: «Ҳудайбия сулҳи куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қурайш тушадиган тепаликда узоқ туриб қолдилар. Туялари ҳам чўккан эди. Атрофдагилар уни қистовга олишса ҳам сира жойидан жилмасди. шунда саҳобалар: «Қасва (Расулуллоҳ туялари) ўжарлик қилиб туриб олди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Унинг бунақа одати йўқ эди, уни ўша Абраҳанинг филларини ушлаган нарса тўхтатиб қўйди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Яна бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳ этилган куни: «Албатта Аллоҳ Маккадан филларни тўсиб, Ўз Расули ва мўминларга шаҳарга эгалик қилиш ҳуқуқини берди. Кеча унинг ҳурмати қандай бўлса, бугун ҳурмати яна асл ҳолига қайтди. Эслатиб қўяй, бу ерда бор кишилар йўқ кишиларга хабар берсин», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу тарихий ҳодиса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган йиллари, яъни милодий 570 йили юз берди. Тарихга «Фил воқеаси» номи билан кирган ҳодиса билан Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар этиб юборилишлари орасида қирқ йил кечди. Бу воқеага жуда кўп кишилар гувоҳ бўлишган. У Расулуллоҳнинг (пайғамбар этиб) юборилишларидан дарак берар эди.