loader

106. Қурайш сураси

Маккада тушган, 4 оятдан иборат
Сура номи Қуръони карим оятлари индирилган Арабистон жазирасидаги энг машҳур қабилалардан бирининг номи билан аталади, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам шу қабилага мансублар, Қуръон ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида туширилган. Мазкур сурада Пайғамбар алайҳиссалом қабилалари бўлмиш Қурайш қабиласига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган бир неча неъматлар саналган: Аллоҳ уларнинг сўзларини бир қилди, ўзларини иноқ қилди, бой-бадавлат яшашлари учун қишда Яманга, ёзда Шомга эркин тижорат сафарига чиқиш имконини берди ва уларга омонлик шаҳрида бирор киши билан низолашмасдан, хотиржам ва тинч яшаш неъматини ато этди. Қурайшликлар мана шундай роҳат-фароғатда яшашларига сабабчи бўлган Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишга даъват этилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Қурайшга қулай қилингани учун;
Макканинг Қурайш қабиласига Аллоҳ таоло яшашни осон, қулай қилиб қўйди. Шунинг учун улар Парвардигорларига итоатда бўлиб, ибодат қилишсин. Ояти каримадаги «илаф» сўзи Ибн Ҳишомга кўра, Қурайшнинг тижорат мақсадида Шом ва Яман ўлкаларига сафар қилишларидир. Улар қиш фаслида Яманга, ёз фаслида Шомга сафар қилишарди. Умму Ҳоний бинти Абу Толибдан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ Қурайшни етти хислат билан афзал қилди: 1) мен қурайшликман; 2) Набий улардан; 3-4) Каъба ёпқичини тикиш ва сув улашиш уларда; 5) фил эгалари, яъни Абраҳа қўшини устидан уларни ғолиб қилди; 6) бошқалар Аллоҳга ибодат қилмаган йили улар ибодат қилишди; 7) Аллоҳ улар ҳақида Қуръонда сура туширди», деб Қурайш сурасини тиловат қилдилар» (Имом Ҳоким, Байҳақий ривояти). Ушбу ҳадисда: «Улар ҳақида сура нозил бўлган, унда улардан бошқалар зикр қилинмаган» деган қўшимчаси ҳам бор. Маккада Аллоҳнинг Уйи – Байтуллоҳ бўлгани учун Парвардигор бу шаҳарни уруш-талонлар бўлмайдиган тинчлик, омонлик ва осойишталик шаҳри қилиб қўйди. Араблар бир-бирларининг устига тез-тез ҳужум қилиб таришар, баъзиларини асирликка олишар эди. Байтул Ҳаром борлиги учун Қурайш бу балодан, шунингдек, филлар билан келган Ҳабашистон (Абраҳа) лашкарларидан ҳам омон қолди. Уларга бошқа қавмлар ҳужум қилишмас, «Қурайш Байтуллоҳннг аҳли» дейишар эди. Қурайшга бу эҳтиром ва иззат Байтул Ҳаром туфайли эди. Улар бу неъматга иқрор бўлиб, танҳо Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишлари даркор. Ахир, Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: «Улар ўз атрофларида одамлар талон-тарожга дучор бўлаётгани ҳолда Биз Ҳарамни (яъни, Маккани) тинч-осойишта қилиб қўйганимизни кўришмайдими?» (Анкабут, 67).  
2. қишдаги ва ёздаги сафарлари осон қилингани учун;
Қурайш аҳли қишда Яманга, Ҳиндистон ва Халиж ўлкаларидан келтирилган атирлар, зираворлар сотиб олиш учун сафар қилишарди. У ерлар қишда иссиқ бўлади. Ёзда эса дон-дун ва деҳқончилик маҳсулотлари сотиб олиш учун Шомга боришарди. У ер ёзда мўътадил бўлади. Қурайшнинг тирикчилиги фақат тижорат эди. Агар ана шу икки юртга борилмаса, Маккада яшаб қолишнинг бошқа иқтисодий манбаи, иложи йўқ эди. Аллоҳ таоло қурайшликларга бу сафарларни осон қилиб қўйди, карвонларининг бехатар юришига имкон яратди. Шунинг учун улар Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишлари лозим.
3. мана шу Уйнинг Парвардигорига ибода қилишсин.
Қурайшликлар ўзларига берилган неъматлар учун муборак Уй – Байтуллоҳ Парвардигорига итоат ва ибодат қилишсин. Муҳаммад ибн Исҳоқ ва Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам фикрича, бу сура ўзидан олдинги Фил сураси билан боғлиқ. Суранинг маъноси: филларни Маккага киришдан тўсдик, Қурайш ўз шаҳрида омон, жам бўлиб яшаши учун фил эгаларини ҳалок қилдик, улар бошқа неъматлар учун Аллоҳга ибодат қилишмаса ҳам, бу икки неъмат – фил эгаларини тўсиш неъмати ва Байтуллоҳга қўшни бўлиб яшаш неъмати учун ибодат қилишсин. Имом Розий ушбу оятни тафсир қилиб бундай деган: «Билинглар, инъом икки хил бўлади: бири – зарарни даф қилиш; иккинчиси – манфаат келтириш. Биринчиси муҳим ва муқаддимдир. Шунинг учун зарарни даф қилиш вожиб, дейилган. Манфаат келтириш эса вожиб эмас. Аллоҳ таоло Фил сурасида зарарни даф этиш неъматини, бу Қурайш сурасида эса манфаат келтириш неъматини баён этди. Мана шу икки буюк неъмат учун Ўзига ибодат қилишни буюрди. Ибодат эса Маъбудга ғоят даражада бўйин суниб, ўзни хор тутишдир.
4. У уларни очликда тўйдирди ва хатарлардан қутқарди.
Павардигорнинг қурайшликларга ато этган неъматларидан яна бири – уларни очликдан қутқариб-таомлантирди ва хавфу хатарлардан омонда, тинч қилди. Яъни, Аллоҳ таоло бу Уйнинг Парвардигоридир. Улар оч қолишганида таом, ризқ берувчи фақат Унинг ўзидир. Уларга ризқларини тўкин қилиб, бу икки сафар сабабли тижорат йўлларини осон этди. Аллоҳ таолонинг бу неъмати ҳозиргача нафақат қурайшликлар, балки бутун Макка аҳлига тўхтовсиз келиб турибди. Гиёҳ ҳам битмайдиган жазирама саҳрога жойлашган бу шаҳарга дунёнинг ҳамма еридан энг сархил мева-чевалару турли сабзавот ва зироат маҳсулотлари, кийим-кечаклару бошқа моллар узилмай келиб туради. Макка дўконларида мол кўплигидан айлангани жой қолмайди. Яна бунинг устига Аллоҳ азза ва жалла уларга тинч-омон ҳаёт, чиройли истиқомат ва турғунлик (муқимлик) берди. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг бу неъматлари эвазига Унга ибодат қилишсин, бут-санамларга сиғинишмасин. Зеро, Ибн Абу Ҳотимнинг Асмо бинти Язиддан (розийаллоҳу анҳо) қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қурайш, сизларга вой бўлсин!», деганлари, бошқа ривоятда эса: «Қурайшга қиш ва ёз сафари осон қилингани учун, эй Қурайш, сизларни очликдан қутқариб, таомлантирган ва хавфу хатардан тинч қилган Аллоҳга ибодат қилинглар», дея марҳамат этганлари келтирилган.
Ибн Касир айтадилар: «Ким бу амрга бўйсунса, Аллоҳ унга дунё ва охират омонлигини беради. Ким Аллоҳга бўйин эгмаса, уни икки неъматдан маҳрум қилади. Наҳл сураси 112-113-оятлари мазмуни бундай: Аллоҳ бир шаҳарни (яъни, Маккани) мисол келтиради: у тинч, сокин эди, ҳар томондан ризқу рўз беками-кўст келиб турар эди. У(нинг аҳли) Аллоҳ неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ бу «ҳунар»лари сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар келганида уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида азоб ушлади».

Орқага Олдинга