Маккада тушган, 7 оятдан иборат
«Моъун»нинг луғавий маъноси «майда рўзғор ашёлари»дир. У сура охирида келган «моъун» билан номланган, яна у «Дин сураси» деб ҳам аталади. Сурада диннинг моҳияти ҳақида сўз юритилиб, ўзларини диндор ҳисоблаб юрган, лекин атрофларидаги етим-ғарибларга дилозорлик қиладиган, бечора-мискинларнинг ҳолидан хабар олмайдиган айрим кимсалар динни инкор қилувчилар, деб аталади. Шунингдек, унда ўзлари ёлғиз бўлганларида намоз ўқишни «унутиб қўядиган» ва фақат эл кўрсинга намозхон бўлган ҳамда қўни-қўшни, ҳамсоялардан одатда ўртада ишлатиладиган энг арзимас рўзғор буюмларини ҳам қизғаниб-аяйдиган мунофиқлар ёмонланади ва уларнинг уч сифати баён этилади. Сурада риёкор ва хасис кимсалар баддуо қилинади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. Динни ёлғон дейдиганни кўрдингизми?
Яъни, эй Пайғамбарим, динни, охиратни, қайта тирилиш, ҳисоб ва жазо кунини ёлғонга чиқарадиган кимсаларни кўрдингизми? Оятнинг сўроқ кўринишида келишидан мақсад таажжубдир. Инсоннинг гумроҳлигига бир мисолдир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу): «Суранинг боши Ос ибн Воил Саҳмий ҳақида нозил бўлган», дейди. Судий эса Воил ибн Муғийра ҳақида тушганини айтади.
2. У етимларни ҳайдайди;
Динни ёлғонга чиқарган яна етим ҳақидан парҳез қилмайдиган, етимга қўпол муомала қилувчи, унинг ҳақини еювчи ва молларини қизғанувчи кимсадир. Араблар жоҳилият пайтида (Ислом келгунига қадар) аёллар ва ёш болаларга мерос беришмас эди. Бир ривоятда мазкур оят Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган, дейилади. Унинг қарамоғида бир етим бор эди. Ўша етим кийимсиз қолиб ўзининг молидан беришни сўраганида, Абу жаҳл уни ҳайдайди. Шунда бу оят нозил бўлган. Ибн Журайж бу оятнинг Абу Суфён ҳақида тушганини айтади. У (мусулмон бўлишидан олдин) ҳафтасига туя сўярди. Агар ундан етим бирор нарса сўраса, ҳассаси билан уриб ҳайдар эди.
3. ва камбағалга таом беришга рағбатлантирмайди.
Динни ёлғонга чиқарувчи кимсаларнинг яна бир сифати шуки, улар камбағал, фақир кишиларга таом ва бошқа сўраган нарсаларини беришмайди. Қизғанчилик, хасислик қилиб, охиратдаги Аллоҳнинг мукофотидан бебаҳра қолишади. Улар нафақат ўзлари беришмас, балки бошқаларни ҳам муҳтож ва мискинлар (моли ва егулиги бўлмаган ўта фақир кишилар)га таом беришга рағбатлантиришмас эди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар етимни эъзозламайсизлар, мискинга таом беришга рағбатлантирмайсизлар, меросни очкўзларча ўзлаштирасизлар ва мол-мулкни кўп севасизлар» (Фажр, 17-20).
4. Шундай намозхонлар ҳолига войки:
Ушбу ояти каримадан бошлаб мунофиқ кимсаларнинг уч хислати баён этилади, булар: намозни унутиш ё ўқимаслик ёки аҳён-аҳёнда бир ўқиб қўйиш; риёга (одамларга ёқиш учун бир иш қилиш) бориш ва «моъун», яъни рўзғор ашёларини қизғанишдир. Бундай мунофиқ кимсалар намозни намозни хуши тутганда ўқийди, унга эътибор қилмай, ғафлатда адо этади. Чунки улар охиратга ишонмагани учун ўқиган намозларидан савоб умидида бўлмайди. Агар уни тарк этса, жазо берилишидан қўрқмайди. Бундайлар намозга беэътибор бўлганидан унинг вақтини ўтказиб юборади. Мўминларга қўшилса, улар билан бирга ўқийди, якки қолганида ўқимай юраверади. Бундай намозхонларнинг ҳолига вой бўлсин, улар қилган ибодатларига савоб олиш уёқда турсин, аксинча охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлишади.
5. улар намозларини «унутиб қўйишади»;
Мунофиқ кимсалар намозларини «унутиб қўйишади», яъни аҳён-аҳёнда, бошқаларга ёқиш ёки улар эътиборини қозониш учунгина ўқишади. Намоз ичида бирор рукн ё оятни унутиш кечиримлидир, зеро, у ихтиёрсиздир. Шунинг учун ушбу ояти каримада «намозларини унутиб қўядиган» дейилган, бундан мурод, намозни ўқимай юрганлар ёки гоҳи-гоҳида адо этадиганлардир.
6. улар риёга боришади;
Яъни, мунофиқ кимсалар намоз ўқиса ҳам, бирор яхши иш қилса ҳам риёкорлик билан, хўжакўрсинга, бошқаларга мақтаниш, ўзини кўрсатиш учун қилади. Бандаларнинг ибодат ва яхшиликлар, савоб ишлар ва инфоқ-эҳсонларни одамларга ошкор этиб, бунинг эвазига эҳтиром, мақтов, мол-дунё ёки мартаба кутишлари «риё» дейилади. Риёнинг ёмонлиги Қуръони каримнинг бир неча оятларида ва ҳадиси шарифларда зикр этилган: «Ҳақиқатан мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўлишади, ҳолбуки Аллоҳ ўзларини «алдаб» қўювчидир. Улар намозга эриниб туришади, хўжакўрсинга ўқишади ва Аллоҳни камдан-кам эсга олишади» (Нисо, 142). Ибн Лубайддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардаги энг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир», дедилар. Шунда саҳобалар: Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?» деб сўрашди. У зот бундай дедилар: «Бу риёдир. Қиёмат куни одамлар ўз амаллари билан келишганида Аллоҳ таоло: «Дунёда риё қилганларингизнинг олдига боринглар. Назар солинглар-чи, уларнинг олдида мукофот бормикан?» дейди» (Имом Аҳмад ривояти). Риё қилган киши «муроий» (риёкор) ҳисобланади. Агар киши амалида риё бўлса, бу риё амалнинг савобини йўқ қилади. Зарра миқдорича риё аралашган амални Аллоҳ таоло қабул қилмайди, деб айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом риёни «кичик ширк» деганлар. Шариатда риёнинг бир қанча даражалари бор. Риё амал-ибодатлардан ташқари бадан, кийиниш, сўзлаш, ўзини тутиш, эҳсон қилиш каби ҳолатларда ҳам учрайди. Масалан, аҳли дунёлар одамларга тўла-семизликларини ва чиройли рангларини, келишган қадди-қоматларини, гўзал юзларини ҳамда озодаликларини кўрсатиб риё этишади. Юрганда бошни қуйи солиб юриш, юз-пешонада сажда асарини қолдириш, ёдлаб олинган гаплар билан сўзамоллик қилиш, қимматбаҳо, ноёб кийимлар кийиш, ўзига кўп зеб бериш, одамларга кеккайиб, кибр билан, назар-писанд қилмай муносабатда бўлиш, таниқли кишиларнинг мухлис-эргашувчилари кўплиги билан фахрланиши ҳам риё саналади. Риёнинг зидди ихлосдир. Иш-амалларда ихлоснинг камайиши ёки йўқолиши бандани ширкка етаклайди. Қалб қораймаслиги, савоблар зое бўлмаслиги учун амал ва ибодатларни чин ихлос билан адо этиш, энг кичик риёдан ҳам сақланиш лозим. Агар риё ибодатларда бўлса, бу ҳаром. Чиндан ҳам, намози, садақаси, ҳажи ва шу кабилар билан риё этса, у осий ва гуноҳкор, чунки бундай киши бу билан ибодатга мустаҳиқ бўлган ягона Аллоҳдан бошқани қасд этган бўлади. Бу билан риёкор Аллоҳ таолонинг ғазабида қолади. Аммо риё ибодатлардан бошқа нарсада, масалан, мол-дунё талаби кабиларда бўлса ва бу билан бандалар қалбидан жой олиш истагида риё қилса, у ҳаром бўлмайди.
7. ва рўзғор ашёларини беришмайди.
Яъни, улар рўзғорга ишлатиладиган нарсаларни қўни-қўшниларга фойдаланиб туришга беришмайди ва одамларга яхшилик қилишдан бош тортишади. Ибн Касир ушбу оят тафсирида бундай ёзади: «Яъни, улар Парвардигорларига ибодатни ҳам яхши адо этишмайди, риёкорлик қилишади ва У зотнинг халқига манфаат ҳам беришмайди». Оятдаги «моъун» қозон, болта-теша, челак, элак, идиш-товоқ каби қўни-қўшнилар бир-биридан фойдаланиб туришга оладиган рўзғор буюмларидир. Кишилар бир-биридан сўраб турадиган нарсаларга яна тутантириқ (гугурт, олов кабилар), сув, туз ҳам киради. Абу Ҳурайрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Уч нарса қизғанилмайди: сув, тутантириқ (олов ёки гугурт) ва туз» (Ибн Можа ривояти). Бу нарсаларни қизғанадиган кимсалар пасткаш, табиати ва хулқ ёмонларга киради. «Моъун» аксар муфассирлар наздида, одатда сўралганида ҳеч ким «йўқ» демайдиган, камбағал ҳам, бой ҳам сўраб турадиган нарсалардир. Уни сўраган пасткаш дейилмайди, аксинча сўраганга бермаганлар пасткаш ва бахилдир. Мунофиқлар Парвардигорларига ибодатни ҳам, кишиларга муомалани ҳам яхши қилмайди. Улар ориятга (фойдаланиб туришга) ҳеч нарсасини бермайди. Шундай бўлгач, закот каби Аллоҳ фарз қилган садақаларни ҳам бермайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Барча яхшилик садақадир. Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида челак ва қозон каби нарсаларни ориятга беришни «моъун» дер эдик» (Имом Насоий ривояти). Ибн Асир ҳам «Саҳобалар тарихи» китобида шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мусулмон мусулмонга биродардир: агар учрашса, салом беради ва унга яхшироқ қилиб жавоб қайтаради, моъунни рад этмайди», деганлар».