loader

108. Кавсар сураси

Маккада тушган, 3 оятдан иборат
Қуръони каримдаги энг ихчам бу сурада Пайғамбар алайҳиссаломга  хитоб қилиниб, Аллоҳ таоло у кишига ато этган буюк неъмат – жаннатдаги Кавсар ҳовузи зикр этилади ва ана шундай илоҳий мукофотга эришишнинг барча воситалари, яъни Қуръон, пайғамбарлик ато этилгани таъкидланади. Сўнгги оятда эса ким Пайғамбар алайҳиссаломни ёмон кўриб-душманлик қилса, ўша кимса беному нишон йўқ бўлиб кетиши ҳақида башорат берилади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад), Биз сизга Кавсарни ато этдик.
Яъни, эй Пайғамбарим, Мен сизга жаннатдаги Кавсар ҳовузини ато қилдим. «Кавсар»нинг луғатда «мўл-кўл, кўп яхшиликлар» деган маънолари бор. Яъни, пайғамбарлик, набийлик, Аллоҳ таолога имон, фаришталар орасида таниқли бўлишлари ва ёд этилишлари, у зотни Аллоҳ таоло Ўз исмига қўшиб ёд этиши, барча яратилганлар орасида қадр ва шаънларининг улуғланиши ва бошқа беҳисоб неъматлар Расули акрамга берилган кўп яхшиликлар жумласидандир. Баъзи муфассирлар  «Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат – жаннатдаги дарё-ҳовуз номи Кавсардир», дейишган. У зотдан Кавсар ҳақида сўрашганида: «жаннатдаги дарёдир», деб жавоб берганлар. Тафсир ва ҳадисларда зикр қилинишича, Кавсарнинг икки қирғоғи олтиндан, тупроғи мушкдан хушбўй, суви асалдан ширин, қор ва сутдан оқ бўлиб, уни ичган киши абадий ташналик билмайди. Қиёмат куни жаннатга кирган мўминлар Кавсар сувидан ичишлари ҳақида башорат бор. Мўмин-мусулмонларнинг унга имон келтиришлари вожибдир.
2. Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг.
Сизга Аллоҳ таоло кўпгина неъматлар ва яхшиликларни, жаннатда Кавсар ҳовузини ато этиб қўйган экан, бунинг шукрига Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва туя сўйиб қурбонлик қилинг. Ушбу ояти каримани ҳам муфассирлар турлича тафсир қилишган. Баъзилар бу оятнинг маъноси: намозни фақат Аллоҳ учун ўқинг, қурбонликни холис Аллоҳ учун қилинг, деганидир, чунки мушриклар бутларга атаб ибодат қилишарди ва қурбонликларини ҳам бутлар учун сўйишарди, дейишади. Ҳасан бу оятни «ҳайит намозини ўқинг, шундан кейин қурбонлик қилинг», деб тафсир қилганлар. Мужоҳид ва Ато (раҳимаҳумуллоҳ) бу оятни: «Муздалифада бомдод намозини ўқинг ва Минода қурбонлик сўйинг», деб таъвил қилишган. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) бу оятни намозда ўнг қўл кафтини чап қўл кафти устига қўйиш, деб таъвил қилганлари ривоят этилган (Абу Жавзо ривояти). Мазкур оятни Ҳазрати Али ҳам шундай таъвил қилганлари ҳақида ривоятлар бор. Аслида бу сура Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хитобан нозил этилган. Шунинг учун у зот ушбу сурада зикр этилган намоз, қурбонлик, Кавсар ва бошқа нарсалардан мурод нима эканини, маъносини ўзлари биладилар.
Оятда намоз ва қурбонлик ибодатларининг зикр этилиши уларнинг ўта муҳимлигига далолатдир. Намоз ибодатларнинг энг улуғидир. Пайғамбар алайҳиссалом бошларига бирор ташвиш-қийинчилик тушса, дарров намоз ўқишга киришганлар, намоздан кейинги дуоларида ана шу бало-мушкулотларни даф қилишини, Ўз паноҳида асрашини Яратгандан сўраганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топишди. Улар намозларида бўйин эгувчилардир» (Мўъминун, 1-2). Пайғамбар алайҳиссалом: «Банда Парвардигорига энг яқин бўладиган пайт сажда вақтидир», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳдан бошқага назр қилиш ва Аллоҳдан бошқага атаб қурбонлик сўйиш ҳам ширк (Аллоҳга шерик қилиш) турларидандир. Қурбонлик қилмоқчи бўлсангиз, уни фақат ва фақат Аллоҳ учун сўйинг. Ҳадисда бундай келган: «Ким Аллоҳдан бошқа учун қурбонлик қилса, Аллоҳнинг лаънати бўлсин» (Имом Муслим ривояти).
3. Албатта ғанимингизнинг ўзи маҳрумдир.
Яъни, душманингизнинг ўзи маҳрум, ўзининг думи қирқилган, абтардир. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Бу оят Ос ибн Воил ҳақида тушган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Ҳаромдан чиқаётган, у эса энди масжидга кираётган эди. Улар бир-бирларига Бани Саҳм эшиги олдида дуч келиб, суҳбатлашиб қолишди. Қурайшнинг бир неча катталари масжидда ўтирган эди. Ос киргач, улар: «Ким билан гаплашиб турган эдинг?» деб сўрашди. У: «Абтар (думи кесик, ортидан қоладигани йўқ) билан», деб Пайғамбар алайҳиссаломни назарда тутди. Озгина олдин ҳазрати Расулуллоҳнинг Хадичадан бўлган ўғиллари Абдуллоҳ вафот этган эди. Қурайшликлар кимнинг ўғли бўлмаса, «абтар» дейишарди. Шунда Аллоҳ таоло шу оятни нозил қилди. Язид ибн Равман бундай дейди: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилингудай бўлсалар, Ос ибн Воил Саҳлий: «Ўшани гапирманглар, у абтар киши-ку, унинг давомчиси йўқ, агар ўлса, иши тўхтайди, сизлар ҳам қутуласиз» дер эди. Шунда Аллоҳ таоло Кавсар сурасини нозил қилди».
Атонинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривояти бор: «Ос ибн Воил Расулуллоҳ (алайҳиссалом) олдиларидан ўтиб қолса: «Мен сени ёмон кўраман, сен абтар одамсан», дер эди. Шунда Аллоҳ таоло: «Сизни ёмон кўрувчининг ўзи абтардир (яъни, дунё ва охират яхшиликларидан маҳрумдир)» оятини нозил қилди». Ушбу ояти карима Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушриклар устидан ғолиб бўлишлари ҳақида ва ҳақ диннинг барча юртларда ёйилиши ҳақида башорат эди.

Орқага Олдинга