loader

109. Кофирун сураси

Маккада тушган, 6 оятдан иборат
Мазкур сура номи биринчи оятдаги «кофирун» (куфр келтирганлар) сўзидан олинган. Сурада Ислом дини кучайиб, тарқалиб кетаётганини кўриб хавотирга тушиб қолган куфр эгалари Пайғамбар алайҳиссаломни ҳам, саҳобаларни ҳам бу тўғри йўлдан чалғитиш мақсадида у зотнинг олдиларига келиб: «Эй Муҳаммад, кел, биз сенинг Худойингни тан олиб унга ҳам ибодат қилайлик, сен ҳам ўз Худойингга қўшиб бизларнинг бутларимизга ҳам сиғин», деганида нозил бўлган. Бу сурадан кўзда тутилган мақсад Пайғамбар алайҳиссаломни ҳам, у зотнинг Қиёматгача келадиган барча умматларини ҳам кофирларнинг бундай найрангларига учмасликка, ёлғиз Аллоҳ таологагина ибодат қилишга даъват этишдир. Сура имон билан куфр орасига, имон аҳли билан бутга топинувчилар орасига том маънода ажратувчи чегара қўяди, мўминлар ва куфр келтирганлар орасидаги фарқни абадий аниқ қилиб кўрсатади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй кофирлар,
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ҳақ Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, эй Муҳаммад, Макканинг куфр келтирганларига ҳақиқатни айтинг, етказинг (Бунда Ер юзидаги барча кофирлар ҳам назарда тутилган). Чунки Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, у зот келтирган ваҳийларни инкор қилиш, куфр келтириш ва ёлғонга чиқариш гуноҳларнинг энг улканидир. Улар билиб қўйишсинки, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги мутлоқ ҳақиқатдир, ҳақиқатларнинг энг ошкорасидир. Аллоҳ таолонинг мавжудлигига соғлом фикр ва қатъий далиллар далолат қилади. Инсоний фитратни рад этганларгина, ақл ва мантиқ йўлига қарши турганларгина Аллоҳ таолонинг мавжудлигини инкор этиш орқали тавҳиддан узилиб қолган. Улар жонли-жонсиз турли бут-санамларга сиғиниб, икки дунё саодатидан маҳрумликда қолиб кетишяпти. Аллоҳ таоло айтади: «Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Унгагина бандалик қилинглар, У ҳамма нарсанинг ҳомийидир» (Анъом, 102).
Ояти каримада «қул» (айтинг) сўзи келтирилишидан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча ишларда мулойим ва юмшоқ бўлишга ҳамда одамларга энг чиройли муомалада хитоб қилишга буюрилганлар. Аммо бу ўринда хитоб кескин бўлган. Хитобдаги бу кескинлик Аллоҳ таолонинг амри билан эканини кўрсатиш учун «қул» сўзи қўлланилган.
2. мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмайман;
Яъни, уларга: «Мен сизлар ибодат қилаётган бут-санамларга, сохта «илоҳ»ларга асло ибодат қилмайман. Чунки менинг диним тавҳид динидир, тавҳид эса Аллоҳга қандайдир бут-маъбудларни шерик қилишни мутлақо рад этади», деб айтинг. Ушбу суранинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Ибн Ҳишом бундай ёзади: «Менга етиб келишича, Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбани тавоф қилиб юрганларида Асвад ибн Мутталиб ибн Асад ибн Абдулуззо, Валид ибн Муғийра, Умайя ибн Халаф ва Ос ибн Воил ас-Саҳмийлар дуч келиб қолишди. Ҳар қайсиси ўз қавмида обрў-эътиборли кишилар эди. Улар: «Эй Муҳаммад, кел, биз сен ибодат қилаётган илоҳга сиғинайлик, сен эса биз ибодат қилаётган илоҳга ибодат қил. Шу билан бу ишда ҳамкорлик қилган бўлайлик. Агар сенинг илоҳинг бизникидан яхши бўлса, ундан ўз насибамизни оламиз. Агар бизнинг илоҳимиз сеникидан яхши бўлса, сен ўз улушингни (насибангни) оласан», дейишди. Шунда Аллоҳ улар ҳақида ушбу сурани туширди» («Сийратун-Набавийя», 272-273-бетлар). Ислом дини энди тарқалаётган пайтда дунёнинг ҳамма ерида, шу жумладан Арабистон яриморолида ҳам куфр ва ширк ҳукмрон эди. Араблар диёрида Иброҳим алайҳиссалом динига эргашган бир қанча ҳанифлар ва бузилган самовий динлар тарафдорларидан бошқа ҳамма куфр ва ширк ботқоғига ботган эди. Араб жамиятларининг жоҳиллиги шу қадар эдики, улар Аллоҳ таолога сиғиниш учун Иброҳим алайҳиссалом қурган Каъбанинг ичи ва ташига уч юз олтмишта бут-санам осиб ташлаган эди. Бу ҳам етмагандай, ҳар бир хонадоннинг оила аъзолари учун ҳам алоҳида бут бўлар эди. Ҳазрати Умар жоҳилият давридаги бир воқеани кейинчалик кулиб эслаб юрганлар: бутпарастлик даврида араблар ҳатто нон, хурмо каби озуқалардан ҳам бут ясаб, уларга сиғинар, қорни очиб қолса, боя ўзи сиғинган бутини паққос туширар экан. Абу Рожа ал-Харийдан ривоят қилинади: «Тошларга сиғинар эдик. Яхшисини топсак, эски сиғинган тошларимизни ташлаб юборардик. Тош тополмай қолсак, бир ҳовуч тупроқ олиб, уни қўй сутига қориб бут ясар ва ёнимизда олиб юрардик» (Имом Бухорий ривояти).
3. сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилмайсизлар.
Яъни, сизлар ҳам, эй Макка мушриклари, мен ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмассизлар. Чунки Аллоҳ таоло сизларни кар, кўр, гунг қилиб қўйган, ўзларингизнинг ботил ақидангиздан воз кечолмайсизлар. «Ушбу сура бир гуруҳ қурайшликлар ҳақида нозил бўлган. Улар: «Эй Муҳаммад, келинг, бизнинг динимизга эргашинг, биз ҳам сизнинг динингизга эргашамиз, бир йил бизнинг илоҳларимизга ибодат қилинг, биз ҳам бир йил сизнинг илоҳингизга ибодат қиламиз. Агар сиз келтирган нарса (дин) бизникидан яхшироқ бўлса, унда сизга шерик бўламиз ва сўнг ундан насибамизни оламиз, агар бизнинг динимиз сизникидан яхшироқ бўлса, унда бизга шерик бўласиз ва ўз насибангизни оласиз», дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу сурани туширди» («Асбабун-нузул», 401-бет).
4. Мен сизлар ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмасман;
Яъни, сизлар ибодат қилаётган бут-санамларга ибодат қилувчи эмасман, сизларнинг  йўлингизга юрмайман, эргашмайман ҳам. Мен Аллоҳга Ўзи яхши кўриб, рози бўладиган тарзда ибодат қиламан. Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Қурайшликлар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мол-дунё бериш мақсадида олдиларига чақириб: «Маккадаги энг бой киши бўласан, хоҳлаган аёлингга уйланасан, буларнинг барчаси сен учун, эй Муҳаммад. Фақат бизнинг илоҳларимизни сўкишдан, бизни ёмонлик билан эслашдан тийиласан. Агар бундай қилмасанг, унда бир йил бизнинг илоҳларимизга ибодат қиласан», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Парвардигоримдан бирор нарса келишини кутаман», деганларида «Қул йа айюҳал кафирун» сураси охиригача ва Зумар сурасининг «(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Эй нодонлар, ҳали сизлар мени Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюряпсизларми?» ояти (64-оят) нозил бўлди» (Табароний ва Ибн Ҳотим ривояти).
5. сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмассизлар.
Яъни, сизлар ҳам Аллоҳ таолонинг буйруқларига ва шариатига ишонмайсизлар. Балки ўзларингиз ўйлаб топган, ясаб олган нарсаларга сиғинасизлар. Буларнинг бари ботилдир, ширкдир. Чунки Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақбул дин, сўнгги дин Исломдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашганлар Аллоҳ таолога холис, ҳеч нарсани шерик қилмай сиғинадилар. Чунки Исломнинг шиори «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»дир (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир).
6. Сизларнинг динингиз – ўзингизга, менинг диним – ўзимга».
Яъни, сизларнинг куфр ва ширкингиз ўзингизга бўлаверсин, менинг диним ўзимгадир. Менинг диним тавҳид, ихлос, ва бўйсуниш динидир, сизларники эса кўпхудоликдир. Мен асло бутпарастлик йўлини танламайман, сизларга эса ҳақ дин томонга ўтишга кибр, ғурур ва жоҳилликларингиз йўл бермаяпти. «Аллоҳ таоло Кафирун сурасини туширганида эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул Ҳаромга бордилар. У ерда бир гуруҳ қурайшликлар турган эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга бу сурани охиригача ўқиб бердилар. Буни эшитгач, улар Расулуллоҳдан бутунлай умидларини узишди.
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилган саҳиҳ (ишончли) ҳадисда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Кафирун ва Ихлос сураларини икки ракатли тавоф намозида зам қилганлари (қўшиб ўқиганлари) айтилади.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Кафирун ва Ихлос сураларини бомдоднинг икки ракат суннатида ўқиганлар» (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можа ривояти).
Зайд ибн Ҳорисанинг жияни Жабаладан бундай ривоят ҳам бор: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Уйқуга ётаётганда «Қул йа айюҳал кафирун…»ни охиригача ўқи, чунки у ширкдан халосликдир», деганлар» (Табароний, Аҳмад ривояти).

Орқага Олдинга