Мадинада тушган, 3 оятдан иборат
Сура номи унинг биринчи оятидаги сўздан олинган, «наср» «нусрат- ғалаба, мадад» маъноларини билдиради. Ушбу сурада Пайғамбаримизга ва барча мўминларга Аллоҳ таоло Ўз дини барча динлардан ғолиб қилган кунга гувоҳ бўлганларида берган мадад ва ғалабаси учун Аллоҳга ҳамду тасбеҳ айтиш ва У зотдан мағфират сўраб, тавба-тазаррулар қилиш таълими берилади. Сурада Макканинг фатҳ этилиши, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушриклар устидан ғалаб қозонишлари, Араб яриморолида Ислом динининг ёйилиши, ширк ва санамларнинг йўқ бўлиши мавзулари қамраб олинган. Шунингдек, бу сурада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари яқинлашгани хабари ва Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд, истиғфор айтишга буюриш ҳам бор.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. (Эй Муҳаммад), Аллоҳнинг мадади ва зафари келганида;
Яъни, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), сизга Аллоҳнинг мадади ва нусрати бўлиб, Макка фатҳ этилса (эгалланса), ғалабага эришиб зафар топсангиз, Аллоҳ азза ва жаллага ибодатни кўпайтириб, ҳамд айтинг ва неъматларини янада мўл-кўл қилиши учун сано айтишни кўпайтиринг. Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича, «Иза жаа насруллоҳи» нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг умрим (тез кунларда) тугаши хабари берилмоқда, мана шу йили жоним узилади», деганлар» (Имом Аҳмад, Байҳақий, Насоий ривояти).
Икриманинг Ибн Аббосдан қилган ушбу ривояти ҳам бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳунайн юришидан қайтаётганларида Аллоҳ таоло «Иза жаа насруллоҳи вал-фатҳ…» сурасини нозил қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Али, эй Фотима, Аллоҳнинг мадади ва ғалабаси келди ва одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришаётганини кўрдингиз. Бас, Парвардигорим покдир, Унга ҳамд айтиш билан Уни поклайман ва Унга истиғфор айтаман. У тавбаларни қабул қилувчи зотдир», дедилар» («Асбаб ан-нузул», 402-бет).
2. одамларнинг тўп-тўп ҳолда Аллоҳ динига кираётганини кўрганингизда;
Яъни, Аллоҳ таоло сиз орқали юборган динга араб ва бошқа халқларнинг жамоат-жамоат, тўп-тўп бўлиб киришаётганини кўрганингизда Парвардигорингизни улуғлаб ҳамд айтинг ва мағфират сўранг. Аллоҳ ҳузуридаги мақбул дин Исломдир. Бу ҳақда Оли-Имрон сурасининг 19-оятида: «Албатта Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир»; яна шу суранинг 85-оятида: «Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, унинг дини ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади», дейилган.
Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик янги келганида одамлар битта-иккита бўлиб Исломга киришган. Бора-бора бутун-бутун қабилалар ёппасига мусулмон бўла бошлади. Бу айниқса Макка фатҳ этилганидан кейин кучайиб кетди. Араблар: «Агар Муҳаммад (алайҳиссалом) Ҳарам (яъни, Макка) аҳли устидан ғалаба қозонса, сизларнинг унга кучингиз етмайди. Зеро, Аллоҳ Ҳарам аҳлини фил эгаларидан (яъни Абраҳа қўшинларидан) омон сақлаган эди», дейишарди. Мусулмон қўшини Маккага кирганида улар қабила-қабила ҳолда Ислом билан шарафланишди.
3. Парвардигорингизни улуғлаб ҳамд айтинг ва мағфират сўранг. У тавбаларни албатта қабул қилувчидир.
Яъни, агар Макка фатҳ этилиб, Ислом дини ёйилса, Аллоҳнинг бу неъмати учун намоз ўқинг, Аллоҳни барча нолойиқ нарсалардан поклаб, Унга тасбеҳ, ҳамд айтинг, Ундан гуноҳларингизга мағфират сўранг, чунки У тавбаларни албатта қабул қилувчидир. Аллоҳ берган ҳар бир неъмат учун Унга шукр, мақтов, сано айтиш вожиб бўлади. Ўшанда Парвардигор Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматларига жуда катта неъматни берди: душман устидан нусрат ва ғалабани ато этди, мусулмонлар қибласи бўлган Байтуллоҳни ўзларига қайтарди, араб ва бутун Ислом оламининг бош шаҳри Макка мушриклардан озод қилинди. Бундай улуғ неъматларни ато қилган Аллоҳ азза ва жалла ҳар қанча шукр айтишга, ҳамду сано изҳор этишга, мағфират сўрашга лойиқ Зотдир.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб мени Бадрнинг катта ёшли иштирокчилари билан бирга киритардилар. Бундан уларнинг баъзилари таажжубланар эди. Бир куни уларни ҳузурларига чақиртирганларида мени ҳам бирга киритишди. Буни фақат (кичик бўлсам ҳам) қандай эканимни кўрсатиш учун қилдилар, деб ўйладим. Умар ибн Хаттоб улардан: «Иза жаа насруллоҳ вал-фатҳ» сураси ҳақида нима дейсизлар?» деб сўрадилар. Айримлари: «Агар бизга зафар берилиб, ғалаба қозонилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтиш буюрилган», дейишди. Баъзилари эса жим туришарди. Умар ибн Хаттоб мендан: «Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?» деб сўрадилар. «Йўқ», дедим. У зот: «Унда нима дейсан?» дедилар. Мен: «У Расулуллоҳнинг ажалларидир, Аллоҳ таоло у зотга билдирган», дедим. Яъни, Аллоҳнинг мадади ва зафари келса, мана шу ажалингиз аломатидир, Парвардигорингизга ҳамд айтинг ва Ундан мағфират сўранг, зеро, У тавбаларни қабул қилувчидир». Ҳазрати Умар: «Мен ҳам сен айтган нарсанигина биламан», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
СУРАНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: «Наср ва Залзала суралари Қуръоннинг тўртдан бирига тенгдир», дейилган (Имом Термизий ривояти).
Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан бундай ривоят келтирилади: «Ибн Аббос менга: «Қуръондаги охирги нозил бўлган сурани биласанми?» деганларида: «Ҳа, биламан, бу «Иза жаа насруллоҳи…» сурасидир», дедим. У киши: «Тўғри айтдинг», дедилар» (Имом Насоий ривояти).