Маккада тушган, 5 оятдан иборат
Суранинг охирги оятида «масад» сўзи иштирок этгани учун сура шу ном билан аталган. Масад – пишиқ толадан эшилган арқон бўлиб, Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамилнинг бўйнига боғланади. Сурада гарчи ўзи Пайғамбар алайҳиссаломга амаки бўлса ҳам у зотга ҳаддан ташқари азиятлар етказган Абу Лаҳаб (дўзах отаси) деган лақаб олган бир ашаддий кофир ва унинг куфрда эридан қолишмайдиган хотини ҳақида сўз юритилади. Сура аввалида «таббат» (қуригай, ҳалок бўлгай) сўзи иштирок этгани учун унинг шундай номи ҳам бор. Бундан ташқари мазкур сура Абу Лаҳаб сураси ҳам дейилади. Сура қайсарлик ва куфр туфайли имонга келмаган кимсаларга охиратда дўзах азоби муқаррарлиги ҳақидаги жиддий огоҳлантиришдир.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
1. Абу Лаҳабнинг икки қўли қурисин, ўзи ҳалок бўлсин.
Яъни, Абу Лаҳабнинг икки қўли қуриб, ёнига тушсин, ўзи ҳалок бўлиб кетсин! Аллоҳ таолонинг бундай қаттиқ таҳдиди ва ғазаби қаратилган кимса Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари, у зотнинг ва Исломнинг ашаддий душмани эди. «Лаҳаб» арабчада «ўтда куювчи, аланга олиб ёнувчи, дўзах» маъноларни билдиради, Абу Лаҳаб эса «дўзахнинг отаси» дегани. Абдулуззо ибн Абдулмутталиб (куняси Абу Лаҳаб) Ислом динини қабул қилмаган эди. Расулуллоҳнинг икки қизлари Абу Лаҳабнинг икки ўғлига берилган эди. У Абу Толиб ўлимидан сўнг Бани Ҳошим қабиласи бошлиғи бўлди, Пайғамбаримизни масхаралаб, хотини билан бирга у зотга кўп озорлар етказди. Қуръони каримнинг ушбу сурасида Абу Лаҳаб ва хотинининг аянчли оқибати Ислом душманларига абадий ибрат ўлароқ келтирилган. Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ» китобларида Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: «Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг» ояти каримаси нозил бўлганида Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Сафо тепалигига чиқдилар ва «Эй бирдарлар!» деб нидо қилдилар. Эшитганлар: «Нидо қилаётган ким бўлди?» деб сўрашди. «Бу Муҳаммаддир, унинг атрофига йиғилинглар», дейилди. Расули акрам: «Эй фалончи фарзандлари, эй пистончи фарзандлари, эй Абдуманоф фарзандлари, эй Абдулмутталиб фарзандлари» деб чақирган эдилар, улар тўпланишди. Шунда Расулуллоҳ: «Агар сизларга мана шу тоғ чўққисидан отлиқлар бостириб келяпти, десам, менга ишонасизларми?!» дедилар. Улар: «Ҳа, чунки ҳеч қачон ёлғон гапирганингизни кўрмаганмиз», дейишди. Расулуллоҳ: «Мен сизларни яқин кунларда содир бўладиган қаттиқ азобдан огоҳлантираман», дедилар. Шунда Абу Лаҳаб: «Вой қўлинг қуригур-эй, бизни шу гапга тўпладингми?» деб ўрнидан туриб чиқиб кетди. Шундан сўнг «Таббат йада Аби Лаҳабин…» сураси нозил бўлди. Кўп ўтмай Қуръони карим башорати тасдиқланди: Абу Лаҳаб хорликда, ҳасрат-надоматда қолиб ҳалок бўлди.
Ушбу оят Абу Лаҳаб ҳақидаги уч ғайбий хабарни ўз ичига олган: ҳалок бўлиб, ҳасратда қолиши хабари, бу воқеъликда юз берди; моли ва болаларидан фойдалана олмаслиги хабари, бу иш ҳам воқеъликда содир бўлди; албатта у дўзах аҳлидан бўлиши хабари, шундай ҳам бўлди – чунки у кофир ҳолатида ўлиб кетди.
2. Бойлигию касб орқали топганлари ҳам асқотмади.
Яъни, қиёмат куни унинг топган мол-дунёси ҳам, бола-чақалари ҳам, обрў-мартабаси ҳам асқотмайди, асло фойда бермайди, Аллоҳнинг азобидан қутқариб қололмайди. Бадбахт Абу Лаҳаб Пайғамбаримизга шаддий душманлиги, одамларни имонга киришдан тўсгани сабаб шу ҳолга тушди. У доимо Сарвари олам ортларидан юрар, у зот нима десалар ҳам уни ёлғон, дер эди. Робиъа ибн Аббоддан (Робиъа олдин жоҳил эди, кейин Исломни қабул қилган) бундай ривоят бор: «Мен Расулуллоҳни жоҳилият даврида Зулмажоз бозорида кўрганман. У зот: «Ҳой одамлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денглар, нажот топасизлар», дердилар. Одамлар у зот атрофларида тўпланишар эди. Ортларидан эса чиройли юзли, кўзи ғилай, жингалак сочли бир кимса эргашиб юрар ва: «Ишонманглар, бу юлдузпараст ёлғончи» дер, қаёққа борсалар бирга кетарди. Ўша одам ҳақида сўраганимда: «Бу одам амакилари Абу Лаҳаб» деб жавоб беришди» (Имом Аҳмад ривояти).
3. Яқинда ловуллаган дўзахга киради;
Яъни, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилган бу нобакор яқинда ловуллаб ёниб турган дўзахга киради. Абу Ҳайённинг «Баҳрул муҳийт» тафсирида келтирилишича, «саясла» калимасидаги «са» ҳарфи зикр қилинган нарса келажакда рўй беришини англатади. Узоқ муддатдан кейин бўлса ҳам ўша ҳодиса албатта рўй беради, бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас» (8-жилд, 268-бет). Уламолар яна бундай дейишган: «Ушбу сура Расулуллоҳнинг пайғамбар эканларига очиқ-ойдин далил бўлган мўъжизалардан биридир. Чунки Аллоҳ таоло: «Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган хотини ловуллаган дўзахга киради» оятини нозил қилганидан ва уларнинг имонсиз бадбахтлардан бўлиб қолиши хабарини берганидан сўнг икковига ҳам хоҳ зоҳирий, хоҳ ботиний, хоҳ пинҳона, хоҳ ошкора бўлсин, имон келтириш насиб этмади. Бу эса Расулуллоҳнинг ҳақ пайғамбар эканларига энг кучли далиллардан биридир.
4. ўтин орқалаган хотини ҳам;
Абу Лаҳабнинг хотини ҳам эри билан бирга ловуллаган дўзахга тушади. Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган бу бебахт аёл Макканинг улуғларидан Абу Суфённинг синглиси Арво бинти Ҳарб (куняси Умму Жамил) эди. У эри Абу Лаҳаб каби Пайғамбаримизнинг энг кўролмас душманлари эди. Унга «ўтин орқалаган» сифати берилишига сабаб, Умму Жамил Пайғамбаримизни қаттиқ ёмон кўргани учун ўзи ёнадиган ўтинини дўзахга орқалаб боради, дейилмоқчи. Баъзилар: «Чақимчилик билан одамлар орасига фасод тарқатгани, ёмонликларни ёйгани, душманлик оловини ёққани учун «ўтин орқалаган» деган ном олди», дейишади. Абу Ҳайённинг «Баҳрул муҳийт» тафсирида: «Ҳақиқатда у Расулуллоҳнинг ва саҳобаларнинг йўлларига (уларга) жароҳат етказиш мақсадида тиконли шохларни ташлаб кетарди. Шу сабабли «ўтин орқалаган» номини олган» (8-жилд, 268-бет), дейилган. Заҳҳок ва бошқалар: «Умму Жамил Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) камбағалликда айблар эди. Ўзи эса ўтин териб, эшилган ипга боғлаб, орқалаган ҳолда олиб келарди. Аллоҳ таоло уни бу дунёда бўғиб ҳалок қилди, охиратда эса оловдан бўлган арқон билан бўғади», дейишган.
5. бўйнида пишиқ арқони билан.
Охирги икки оят Умму Жамилнинг қандай азобланишини тасвирлайди. У эри билан дўзахга ташланганида унинг бўйнида ниҳоятда пишиқ эшилган арқон ва оловдан занжир бўлади. Расулуллоҳга озор бергани, одамлар орасида адоват тарқатиб, чақимчилик билан фисқ-фасод қилгани учун дунёда ҳалокатга учрайди, охиратда эса бўйнига олов занжири ва узилмас арқон билан қаттиқ азоб берилади. Умму Жамил эри ва ўзи ҳақида сура тушганини эшитиб, Абу Бакр (розийаллоҳу анҳу) ҳузурларига келди. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан масжидда эдилар. Аёлнинг қўлида бир тош бор эди. У: «Менга етиб келишича, дўстинг менинг устимдан кулибди. Мен уни ундай-бундай қиламан», деди. Шунда Аллоҳ таоло унинг кўзига Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўринмайдиган қилиб қўйди. Абу Бакр ундан: «Ёнимда бирор кишини кўряпсанми?» деб сўрадилар. У: «Мени масхара қиляпсанми, сендан бошқа ҳеч кимни кўрмаяпман», деди.
Саид ибн Мусаййаб айтади: «Умму Жамилнинг қимматбаҳо маржони бор эди. У: «Лот ва Уззо санамлари номига қасамки, бу бойлигимни Муҳаммадга қарши сарфлайман», дер эди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уни оловдан эшилган арқон билан азоблади».