Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
[1]. (Эй Муҳаммад!) Айтинг: «Эй кофирлар!
Зикр қилинишича, ушбу сура мушрикларнинг итоатсизлари ва била туриб, ҳақиқатга қарши чиқадиганларига раддия сифатида нозил бўлган. Бу кимсаларнинг ҳеч ҳам имон келтирмасликлари, ўзлари ибодат қилиб турган бутларни қўйиб, тавҳид ва исломга қайтмасликлари Аллоҳ таолога маълумдир. Чунки кофирларнинг ҳаммаси ҳам ҳамма вақт Аллоҳ таолога ибодат қилмайдиган сифатда бўлмайди. Зеро, у бир вақтлар кофир бўлиши, бошқа бир вақтга келиб, мусулмон бўлиши мумкин. Биз зикр қилиб ўтган гаплар шуни кўрсатадики, бу сура уларнинг ҳеч ҳам имон келтирмасдан куфрда барқарор қолишлари Аллоҳ таолога маълум бўлган итоатсиз ва била туриб, ҳақиқатга қарши чиқадиган кофирлар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло хабар қилганидек бўлди ҳам. Демак, бу сурада Пайғамбар алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқлайдиган далолат бор. Чунки У Зот кофирларнинг имон келтирмаслигини хабар берган бўлиб, улар (чиндан ҳам) имон келтирмасдан кофирликларича ўлиб кетдилар.
[2]. Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага (бут ва санамларга) ибодат қилмасман.
[3]. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз.
Баъзи муфассирлар (бу оятларни таъвил қилиб), шундай деганлар: «Мен ҳозир, айни вақтда сизлар ибодат қилиб турган нарсага ибодат қилмайман. Сизлар ҳам бугун мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз. Мен ҳам сизлар бугундан кейин ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман».
Яна баъзилари: «Биринчиси (яъни шу суранинг 2-4-оятларидан биринчиси) ўтиб кетган замон ҳақида, иккинчиси ҳозирги замон, яна бири эса келгуси замон ҳақидадир», деганлар. Аммо бунақа бўлиб келиши мумкин эмас, аксинча, «Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмайман» ояти янги вақт ҳақидадир. Чунки [лаа] ҳарфи замонлар ичидан янгисига ишлатилади. Киши: [лаа афъалу казаа] деса, ундан янги вақтни назарда тутган бўлади.
«Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз» ояти ҳам худди шу сингари, янги замонлар ҳақида ёки ҳозирги вақтдан хабар бериш учун келган.
[4]. Мен сизлар ибодат қилган нарсага ибодат қилувчи эмасман.
Бу оят фақат ўтган замонлардан хабар бериш учун келган. Гўёки у зот алайҳиссалом: «Мен бирор вақтда (сизлар ибодат қилган нарсага) ҳеч ҳам ибодат қилувчи бўлган эмасман», демоқчи. Бу оят шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан бошқага умуман ибодат қилган эмаслар.
[5]. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз.
Бу сурада далолат қилишнинг икки хил жиҳати бор: биринчиси, биз зикр қилиб ўтганимиздек, у зот алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини исботлаш, иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг динларига қайтиб қолишларидан умуман умидларини узиб, ноумид қилиш.
Бу сурада, шунингдек, Аллоҳ таолога ибодат қилишда Унга бошқаларни шерик қилган ёки Аллоҳ таолога яқин қилади, деган умид билан Уни қўйиб, бошқага ибодат қилган киши Аллох таолога ибодат қилувчи ҳам, Уни ягона деб эътиқод қилувчи ҳам эмаслигига ишора бор. Чунки улар (кофирлар) бизни шафоат қилади, бизни Аллоҳ таолога яқин қилади деган умид билангина бутларга ибодат қилар эдилар. Аллоҳ таоло хабар бермоқдаки, улар (бутлар) кофирларни Аллоҳга яқин қилмай-дилар. Улар Аллоҳни ягона деб эътиқод қилувчи ҳам, У зотга ибодат қилувчи ҳам эмаслар.
[6]. Сизга - ўзингизнинг динингиз, менга - ўзимнинг диним».
Бу оятни икки хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси, «Сизга - ўзингиз эътиқод қилган динингизнинг жазоси, менга - ўзим эътиқод қилган динимнинг жазоси», деб. Иккинчиси, рад этиш ва умидни узиш маъносида «Сизга - ўзингиз тан-лаб олган дин, менга - ўзим танлаган диним, ҳеч биримиз иккинчимизнинг динига қайтмайди», деб. Бундан аввал ҳар бир тараф иккинчи тарафни ўзлари бўлган динга қайтишларидан умидвор бўлар эди.(Яъни Пайғамбар алайҳиссалом шоядки мусулмон бўлиб қолсалар, деган умид билан мушрикларни ўзлари олиб келган динга даъват қилаверар эдилар. Мушриклар эса ҳар хил йўлларни ишга солиш орқали мўмин-мусулмонларни, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз динларига (мушрикликка) қайтишларидан умид қилар эдилар. Тарж.)
Биз Ихлос ва муъаввизатайн (Яъни Фалақ ва Нос сураларида.) сураларида зикр қилиб ўтадиганларимизга кўра, [қул я айюҳал каафирун] ояти (даги «қул» калимаси) буйруқ маъносида келмаган. Чунки у буйруқ маъносида келган бўлганида, бизлардан ҳар биримиз ҳар битта кофирга шу гапни айтиб юришимиз лозим бўлар эди. Шу иш лозим бўлмаган экан, бу нарса унинг («қул» калимасининг) буйруқ маъносида эмаслигини кўрсатади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатида қуйидагича келган:(Убай ибн Каъб ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо: [қул лиллазина кафарув] деб ўқиганлар. Абдуллатиф Хатиб. «Муъжамул қироъот», 10-жилд, 617-бет.) Яъни «Куфр келтирган кимсаларга: «Мен сиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмайман. Сиз мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилмассиз. Сизларга - ўз динингиз, менга - ўз диним», - деб айтинг».
Ибн Масъуднинг: «Ким бу сурани ўқиса, бас, ҳақиқатдан ҳам кўпайтирибди ва узун қилибди», дегани ривоят қилинган.(Агар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга нисбат берилган ушбу ривоят тўғри бўлса, эҳтимол бу гапи билан у шу нарсани назарда тутганки, суранинг мазмуни сиз ўқиган нарса билан якун топади. Шундай экан, бу суранинг мазмунига амал қилишни истаган киши шу билан кифояланиши мумкиндир.)Марфуъ ҳадисда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Тўшагингга яқин келганингдани ўқи. Чунки у ширкдан омонликдир»,(Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 5-жилд, 456-бет. Термизий. «Сунан», Дуолар китоби, 22-бет. Доримий. «Сунан», Қуръон фазилатлари китоби, 23-бет.) деганлар.
Муфассирлар айтадиларки, ушбу суранинг нозил бўлиши ва кофирларга раддия беришига сабаб бир гуруҳ қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кел, биз сен ибодат қилганга ибодат қилайлик ва сен биз ибодат қилган нарсаларга ибодат қил. Ана шунда ишимиз битта бўлади», деганларида шу сура нозил бўлган.(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 430-бет. Ибн Атийя. «Ал-муҳаррар ал-важиз», 5-жилд, 531-бет. Қуртубий. «Ал-жомиъу ли ах-комил Қуръаан», 20-жилд, 225-бет. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 654-бет.)
Абу Авсажа: «Дин - одатдир. Бу менинг диним, яъни одатим, деб айтасиз», деган.
Сўнгра бизнингча, ушбу калималарнинг такрор келишига сабаб шуки, бу иш муболаға ўрнида ва гапдан назарда тутилган маънони таъкидлаш учун ишлатиш одат бўлиб келган бир йўналишдир. Уша гап умид бўладими ёки таҳдидми ёхуд ундан бошқасими, унинг қандай бўлишининг фарки йўқ. Арабларнинг [бах бах], [ал-вайлу ал-вайлу], [ҳайҳота ҳайҳота] ва ҳоказо сўзлари бунга мисолдир. Бу сурада ҳам худди шундай бўлиб келган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий орқали кофирларнинг имон келтирмаслигини билиб, уларнинг Аллоҳ таолога имон келтиришларидан умид йўқлиги учун ўша умидсизликни таъкидлаш ҳамда унда муболаға қилиш учун бу гап («Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассиз» ояти) такрор-такрор нозил қилинди. Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!