Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)
[1]. (Эй Муҳаммад!) албатта, Биз Сизга Кавсарни ато этдик.
Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни такдирлаш, мукофотлаш ҳамда у зотга илтифот кўрсатиш маъносида келган бўлиб, бу (сура) билан Унга шукр қилиш ва бўйсунишни талаб қилиш назарда тутилган.
Сўнгра (мазкур оятда келган) «Кавсар» сўзи хусусида турлича қарашлар мавжуд. Баъзи уламолар шундай деганлар: «Кавсар - бу кўп яхшиликдир. Кўп яхшилик - бу у зотга ато қилинган пайғамбарлик ва расулликдир. Шунингдек, ҳеч ким усиз Аллоҳ таолонинг ғазабидан қочиб қутила олмайдиган нарса - у кишига имон келтириш, у зотни тасдиқлашдир. У зотни фаришталар орасида машҳур ва доим тилга олиб туриладиган шахс қилиб қўйгани, исмларини Ўзининг исми билан ёнма-ён қилиб қўйгани,(Яъни иккита шаҳодат калимасида, азон ва иқоматда ва ҳоказолар.) қадр-қимматлари ҳамда мартабаларини барча халойиқлар ичида кўтариб қўйгани ва булардан бошка сон-саноқсиз неъматлардир. Бу ўша - «Зикрингизни (исмингизни) ҳам баланд кўтариб кўйдик»,(Шарҳ сураси, 4-оят.) - деган сўзидир».
Яна баъзи уламолар шундай деганлар: «Кавсар - жаннатдаги дарёдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган хабарлар ана шу маънода келган. Яъни у зотдан Кавсар ҳақида сўралганда: «(У) жаннатдаги бир дарёдир»,-деганлар».(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Умар, Оиша, Анас ва бошқалар (розияллоҳу анҳум) ҳам шу гапни айтганлар.) Ёки у ҳакда сўралмасдан туриб ҳам шу гапни айтганлар. Шундай экан, борди-ю, бу ҳақдаги хабарлар ўз тасдиғини топса, демак, Кавсар ўшадир (яъни жаннатдаги бир дарёдир) ва биз у ҳақда сўз юритишимизга эҳтиёж йўқ. Борди-ю, бу ҳакдаги хабарлар ўз тасдиғини топмаса, биринчи талқин бизнинг фикримизга яқинроқдир. Чунки Пайғамбар алайҳиссаломга (жаннатдаги) дарёни ато қилишида улуғлаш ва у зотни хослаш мавжуд эмас. Чунки Аллох таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларига бундан ҳам кўпроқ нарсаларни ваъда қилган. Бунинг далили у зотдан ривоят килинган ушбу ҳадисдир: «Албатта, жаннат аҳлиучун жаннатда кўз курмаган, кулокрар эшитмаган ва инсонларнинг хаёлига келмаган нарсалар бордир»(Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 2-жуз, 313-бет; Имом Бухорий. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ». Тавҳид китоби, 35-бет.) Биз биламизки, инъом беришда бу нарсалар юқорида васф қилинган дарёдан кўра кўпроқдир.
Айрим уламолар: «Кавсар - бу Аллоҳ таоло Ўзининг Расулига ато этган нарсаси бўлиб, у бизга маълум эмас», - деганлар. Аслида-чи, у Аллоҳ таолонинг ўз Расулига у билан хитоб қилган нарсаси бўлиб, у зот уни яхши билганлар. Шундай бўлгач, унинг нималигини билиш ва уни тушунтириб ўтиришга уриниб ўтирилмайди. Чунки бирор одам у ҳақда нотўғри гапириб қўядиган бўлса, динига зарар етади. Агар тўғри гапни гапирадиган бўлса, унга кўп ҳам манфаат келтирмайди.
«Кавсар - (Қуръони Каримдан) олдин нозил қилинган китоблардан олинган калимадир», - деган таъвиллар ҳам бор.
[2]. Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!
Бу хусусда бир-биридан фарқли қарашлар мавжуд. Баъзилар шундай деганлар: «Намознинг моҳияти - бу хузуъ,(Яъни хокисорлик билан итоат қилиш.) хушуъ(Яъни ўзини паст тутиш, тавозели бўлиш.) ва дуодир. Аллоҳ таоло у зотни аслида Унга ибодат бўладиган барча ишларга буюрмоқда. Инсонлар табиати хуш кўрмайдиган ишлардан бўлмиш (ибодат мақсадида) жонликдар сўйиш ҳамда қурбонликлар қилиш каби Аллоҳга ибодат бўладиган амалларни бажаришга амр қилмокда. Ҳатто кофирлар орасида жонлиқ сўйишни ва қурбонлик қилишни бу ишларда (жонлиқларга) азоб бериш борлиги ва инсонларнинг табиати бу ишларни хуш кўрмагани учун мумкин эмас, деб ҳисоблайдиган кимсалар бор. Демак, Аллоҳга ибодат қилиш инсоннинг табиатига қарши чиқиладиган ҳамда уни хуш кўрмайдиган ишлар билан бўлар экан».
Мазкур оят намоз ўқиш ва (жонлиқ сўйиб) қурбонлик қилишга буюриш маъносида келмаган бўлиши, бироқ у «Агар шу ишларни қиладиган бўлсангиз, Аллоҳ учун қилинг», деган маънода келган бўлиши эҳтимоли бор. Чунки анави кофирлар «Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти ҳам ҳаром қилинди)»(Моида сураси, 3-оят.) оятида келгани каби, санамлари учун ибодат қилар, уларга атаб жонлиқ сўяр эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссаломга ўша ишларни Аллоҳ таоло учун қилиш амр қилинмоқда.
Ҳасан (Басрий бу оятни таъвил қилиб) шундай деган: «Раббингиз учун Ийд намозини ўқинг. Ундан сўнг (жонлиқлар сўйиб) қурбонлик қилинг».(Ибн Жарир ривояти.)
Мужоҳид ва Ато: «Жамоат билан бомдод (намози)ни ўқинг ва Минода (жонлиқ сўйиб) қурбонлик қилинг»,(Абдураззоқ, Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ривояти. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 689-бет.) деб таъвил қилган.
Баъзи муфассирлар қуйидагича таъвил қилганлар: «Бас, Раббингизга ҳаққоний намоз ўқинг! У (беш вақт этиб) фарз қилинган одатдаги намоздир. У, хабарларда келганидек, ибодатнинг мағзидир».(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Ибн Мунзир ривоят қилган. Уша манба.)
Шунингдек, хабарларда келишича, намоз ўқигувчи киши (намоз асносида) Парвардигори олийга муножот қилаётган бўлади. Бунинг сабаби - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - ҳар қандай ибодатда бир оз лаззат, юриш, (уловга) миниш, еб-ичиш, сўзлаш, бир жойдан бошқасига кўчиб ўтиш ва булардан бошқа тоат-ибодатлардан иборат нафснинг хоҳиш-истакларини амалга ошириш бор. Булар эса, ҳаж, закот, жиҳод ва бошқалар каби унда нафс учун бир оз лаззатланиш, оз бўлса-да, унинг хоҳишини амалга ошириш мавжуд бўлган амаллар жумласидандир. Аммо айнан намоз унақа эмас. Чунки унда нафсни унинг барча хоҳиш-истакларидан, у лаззатланадиган турфа хил лаззатларнинг барчасидан тўсиш бор. Мусо алайҳиссалом ҳам ана шу маънода «Калимуллоҳ,(Калимуллоҳ: Аллоҳ билан кўп-кўп гаплашувчи зот.) Нажиюллоҳ»,(Нажиюллоҳ: Аллоҳга кўп-кўп муножот қилувчи зот.) деб аталган. Чунки у киши ўз қавмидан узоқлашиб, нафс учун лаззат ва роҳат бор бўлган барча нарсани тарк этиб, ҳеч ким йўқ бўлган бир тоғ олдига келганда ўша ерда Парвардигори у киши билан сўзлашди. Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссалом «Нажиюллоҳ» деб аталдилар. Намоз ўқувчи банда ҳам ана шу маънода Парвардигорига муножот қилувчи деб номланди ва биз айтиб ўтган сабаблар туфайли бу исм фақат унга (Мусо алайҳиссаломга) тегишли бўлиб қолди.
(Мазкур оят таркибида келган) [ванҳар] ибораси биз айтиб ўтганимиздек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатлари у билан бўлган туя ёки молни қурбонлик учун сўйиш бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодатлари ана ўша иш биландир. Чунки уни сўйишда ўзининг амали сабаб бошқасида пайдо бўладиган азобланиш сабабли нафс бу ишни хуш кўрмаслиги бор. Зеро, инсоннинг ўз амали туфайли азоб чекиши бошқа бировнинг амали сабабли азоб чекишидан кўра кучлироқ бўлади. Бу - нафсни истак ва талабларидан қайтариш, уни машаққатга солишдир.
Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни Узининг розилиги учун машаққат чекиш билан - бир гал ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да, кофирларга динни етказиш билан, бир гал оқшомларни ибодат қилиб бедор ўтказиш орқали ўз нафсига қарши курашиш билан, яна бирида туя ёки молларни қурбонлик қилишдан иборат кишининг табиатига терс бўлган ишларни бажариш билан имтиҳон қилди. Чунки инсонларнинг табиати қон тўкишни хуш кўрмайди. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг халойиқларига нисбатан энг шафқатли ва энг меҳрибон инсон бўлишларига қарамай, хабарда зикр қилинганидек,(Ибн Касир. «Ал-бидоя ван-ниҳоя», 5-жуз, 178-бет.) Унинг амрига чиройли тарзда жавоб қайтардилар ва юзта мол ёки туяни ҳайдаб келиб, улардан олтмиштасини ўз қўллари билан сўйган бўлсалар, қолганларини сўйишни Алий розияллоҳу анҳуга топшириш билан Унга итоат қилдилар.
Абулжавзо Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, у киши шундай деган: [фа солли ли Роббика ванҳар], яъни «Бас, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, Раббингиз учун намоз ўқинг!». Алий розияллоҳу анҳудан ҳам худди шу каби ривоят бор.(Ибн Жарир, Ибн Абу Шайба («Ал-Мусаннаф»да), Имом Бухорий («Ат-Тарих»да), Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим, Дорақутний («Ал-Афрод»да), Абуш-Шайх, Ҳоким, Ибн Мардавайҳ, Байҳақий («Сунан»да) ривоят қилган. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 689-бет.)
Осим Жаҳдарий: «У (яъни «наҳр») намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйишдир»,(«Тафсиру Абдураззоқ», 3-жуз, 467-бет; Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъ-вили ойил Қуръон», 30-жуз, 422-бет.) - деган.
Бу ишда жонзотларнинг азоб тортиши ва азият чекиши борлиги сабабли санавийлар ҳеч бир жонзотни сўйишни жоиз деб эътиқод қилмайдилар. Уларнинг бу ақидалари тўғри эмас. Зеро, биз биламизки, ҳайвонни сўйиш орқали жондан маҳрум қилиш унинг бўғилиб ўлишидан кўра енгилроқдир. Сўймаса ҳам унинг жони танасидан чиқиши ҳикмат юзасидан жоиз бўлар экан, сўйиш орқали жонини чиқариш энг тўғри иш бўлади.
Аслида бу сура, тепада айтиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб тариқасида нозил бўлган ва бу билан одамлар орасидан айнан у зот назарда тутилганлар. Аллоҳ таоло улар хусусида Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилган намоз, «наҳр», Кавсар ва бошқалар нималигини у зот яхши билганлар. Шундай экан, биз Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон гапириб қўйишдан қўрққан ҳолда (бу борада) муфассирларнинг сўзларини зикр қилишдан бошқаси билан уларни тушунтираман деб ўзимизни машаққатга қўйиб ўтирмаймиз.
[3]. Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) маҳрумдир.
Шунингдек, ушбу оят хусусида ҳам муфассир уламолар: «Фалончи (У - муфассирлар айтганларига кўра, - Ос ибн Воил ёки Уқба ибн Абу Муъайт ёхуд Абу Жахлдир. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жуз, 426-бет; Самарқандий. «Баҳрул улум», 3-жуз, 519-бет; Ибн Атийя. «Ал-муҳаррар ал-важиз», 5-жуз, 529-бет; Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкомил Қуръаан», 20-жуз, 222-бет.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни [абтар] («Абтар» сўзининг ҳам бир неча тафсирлари мавжуд. Масалан, абтар - барча ях-шиликлардан маҳрум; номи ўчадиган; насл-насаби қурийдиган; сулоласи қирқилган ва ҳоказо. Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан мушриклар бу сўзни қўллаб, ундан ўғил фарзанд қолмади, демак, унинг номи ҳам, зурриёти ҳам қирқилди, деб таъна қилганлар) деганида «Албатта, Сизни «абтар» деган кимсанинг ўзи абтардир», деган оят нозил бўлган»,(Ибн Атийя. «Ал-муҳаррар ал-важиз», 5-жуз, 530-бет.) деганлар. Биз уни ҳақиқатан билмаймиз. Чунки (манбаларда) фиръавнларнинг болалари ва пайғамбарларнинг душманларидан бирортаси ўз отаси билан мақтангани ёки фиръавнларни дўст тутган ва уларга мансуб бўлганлардан бирортаси улар билан ғурурлангани зикр қилинмаган. (Аксинча,) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дўст тутганларнинг фарзандлари бу билан одамлар орасида ажралиб туриш учун уларга (айтиб) ғурурланиб юрганлар.
Аллоҳ таоло: [инна шааниъака ҳувал абтар], яъни «Сизни ўзига душман тутувчи ва ёмон кўрувчи кимсанинг ўзи абтардир, Сиз эмас!» ёки юқорида айтганимизга кўра: «Сизнинг душманларингиз - ана ўшаларнинг номлари изсиз кетади. Сизнинг дўстларингиз эса абадулабад тилларда зикр қилинадилар», демоқда.
Унинг асли биз тепада айтиб ўтганимиз кабидир, яъни Аллоҳ таоло бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилган ва у зот буни яхши билганлар. Биз эса бу қисса нима хусусида бўлгани, ушбу оят ким учун нозил бўлганини билмаймиз. Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир.
Абу Авсажа шундай деган: «ёмон кўрувчи» деганидир. Арабларда: «Мен уни ёмон кўрдим», деган маънони англатадиган [шанаътуҳу] деган сўз бор. [абтар] эса «ўғил фарзанди йўқ, орқаси кесик киши» деганидир». [инна шааниъака ҳувал абтар] оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирлар ва мушрикларнинг устидан ғалаба қозонишнинг, уларни енгишнинг, улар устидан зафар қучишнинг ҳамда дунёнинг турли бурчаклари ва мамлакатларида Аллоҳ таолонинг динини намойиш қилишнинг хушхабари бордир. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалом эмас, балки у зотни душман тутган ва ёмон кўрган кимсанинг охири кесик, сулоласи қуриганлигини хабар қилмоқда. Ёрдам фақат Аллоҳдан сўралур!