loader

107. Моъун сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

[1]. Динни (охират жазосини) инкор этадиган кимсани кўрганмисиз?!
Ушбу суранинг нозил бўлиши хусусида ҳар хил қарашлар мавжуд. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У Мадинада нозил бўлган», деган бўлса, Муқотил, Мужоҳид ва бир гуруҳ (муфассирлар): «У Маккада нозил бўлган»,(Бу гапни Ибн Аббос, Ибн Зубайрдан Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 682-бет.) деганлар. Суранинг боши Маккада нозил бўлган бўлиши эҳтимоли бор. Чунки бу сура унинг ҳақида нозил бўлгани айтилган киши - Ос ибн Воил Саҳмий (Ос ибн Воил Саҳмий: Қурайш қабиласидан, жоҳилият даврининг ҳукмдорларидан бири. Ислом дини келганида ҳаёт бўлган, аммо мушриклигича қолган. У мўмин-ларни мазах қилувчилар ҳамда кофир, бутпараст бўлиб ўлганлардан бири ҳисобланади. Тахминан 620/1224 йили вафот этган. Зириклий. «Ал-аълом», 3-жилд, 247-бет) маккалик эди. Қолаверса, дин (жазо) кунини ёлғонга чиқарган кимсалар ҳам айнан улар (маккаликлар) бўлишган. Суранинг охири эса Мадинада нозил бўлган. Чунки унинг охирида мунофиқларнинг сифатлари келган. Улар - сурада зикр қилинганидек, намозда риёкорлик қилиш ҳамда (энг сўнгги оятда) айтилган нарсаларни ман қилиш (каби сифатлар)дир.
Агар бу сура кофирлар ҳақида нозил бўлган бўлса, унинг маъноси ва сабаби мунофиқлар ҳақида нозил бўлган ҳолатдаги сабаб ва маънодан бошқа бўлади.
Оятда келган [ароайта] калимаси сўроқ-савол учун ишлатиладиган калимадир. (Сўроқ қилинувчи кишини) ундан хабардор қилиб қўйишни истаган нарсасини (унинг ўзига) эътироф эттириш мақсадида савол эгаси тарафидан ишлатилиши ҳам жоиз. Бунга ҳадисда келган ушбу ривоят мисол бўлади:  [ароайта лав каана ъалаа абийка дайнун фа қодойтаҳу амаа қубила минка].(Яъни «Айтгин-чи, агар отангнинг зиммасида қарзи бор бўлса-ю сен уни адс этсанг, сендан қабул қилинармиди?». Савда бинти Заъма розияллоҳу анҳо шундай деди: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳақиқатан, менинг отам ёши улуғ қария бўлиб, ҳаж қилишга унинг курби етмайди», деди. Шунда у зот: «Менга айтгин-чи, агар отангнинг зиммасида қарзи бор бўлса-ю, сен унинг номидан адо этсанг, сендан қабул қилинармиди" - дедилар. У: «Ҳа!» - деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, Аллох ўта раҳмлидир, отангнинг номидан ҳаж қил», дедилар». Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад», 6-жилд, 429-бет. Насоий. «Сунан», Ҳаж амаллари китоби, 11-бет.) (Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг) бу ҳадислари эътироф эттириш ўрнида айтилган. Шу сингари [ароайта] ояти ҳам - яна Аллоҳ билувчироқ - «(Эй Муҳаммад!) Шуни билиб қўйингки, етимни жеркийдиган ва мискинларга таом беришга тарғиб этмайдиган кимса - бу жазо кунини инкор этадиган зотдир», деган маънодадир. Барча муфассирлар [юказзибу бид дийн] оятига «ҳисоб-китоб ва қайта тирилишни инкор этадиган», - деб маъно берганлар. [юказзибу бид дийн] ояти «У (ўзини унга ишонган қилиб) кўрсатадиган динни қалбида инкор этадиган кимса»,
- деган маънодадир. Яъни агар бу оят мунофиқлар тўғрисида бўлса, у «Сизга ўзини (унга ишонадиган қилиб) кўрсатадиган, аммо аслида уни ҳақ деб билмайдиган, динни инкор этадиган кимса»,
- деган маънони англатади. Чунки мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларга ўзлари очиқчасига маъқуллаб юрган нарсани (динни аслида) инкор қилар эдилар.
Агар бу оят кофирлар ҳақида бўлса, демак, у уларнинг бошлиқлари тўғрисида келган, деб тушунилади. Шунга кўра, уларнинг динни инкор этишлари - бу уларга тобе кимсаларда буларнинг йўллари ҳақ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли эса ноҳақ деган фикр пайдо бўлиши учун уларга (ўзларининг) жидду жаҳдлари ва қаттиққўлликларини кўрсатиб қўйишлари, бу билан уларга фирибгарлик қилишларидир. Улар ўзларида бор қилиб кўрсатаётган ва изҳор қилаётган ана шу динни ўз тобеларига ботил қилиб кўрсатишлари билан динни инкор қиладилар. Бу сура мунофиқлар ёки кофирлар ҳақида нозил бўлганми ёки ҳисоб-китобни инкор қилганлар ёхуд биз айтиб ўтганимиздек, қалбида пинҳон тутган нарсанинг аксини ташқарига чиқарадиган киши ҳақида нозил бўлганми - қандай бўлса ҳам, бу сурада мўминлар учун огоҳликка чорлов, уларни анави кимсаларга ўхшаб иш тутишдан қайтариш бордир. Чунки агар (мазкур оятдаги) диндан мурод, ҳисоб-китоб ёки диннинг ўзи бўлса, бундай иш қилиш уни инкор этган кимсанинг сифатидир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай демоқда:
[2]. Бас, у етимни жеркийдиган
[3]. ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган (кофир) кимсадир.
Гўё У зот: «Ҳисоб-китоб ёки динни инкор этадиган кимса етимни жеркийдиган, яъни унга зулм қиладиган, унинг ҳаққини бермайдиган ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қил-майдиган кимсадир», дегандек. У зот - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - мўминларга шундай демокда: «Динни ёлғонга чиқарган кимсага ўхшаб етимга зулм қилманг, унинг ҳаққини ман этманг. етимга ёмон муомала қилманг. Мискинга таом беришга тарғиб қилинг». Аллоҳ таоло (бу оятларда) уларнинг бахилликларини. етим ва мискин-бечораларни хорлашларини ҳамда уларга нисбатан ёмон муомалада бўлишларини баён қилиб берган. Мўминларга насиҳат бериб, уларни ўша ишлардан қайтарган.
[ва лаа яҳудду ъалаа тоаамил мискийн] ояти: «Улар: «Кимга мол-давлат берилган ва дунёси фаровон қилиб қўйилган бўлса, у Аллоҳ таолонинг наздида улуғ зот бўлгани учундир. Кимнинг ризқи танг бўлиб, ундан маҳрум қилиб қўйилган бўлса, У зотнинг ҳузурида хору ҳақир бўлгани учундир», деб билганлари сабаб «мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир», (деган маънода) бўлиши эҳтимоли бор. Бунга мисол: «Бас, энди инсонни қачонки, Парвардигори синов учун икром этиб, унга неъмат ато этса, дарҳол: «Парвардигорим (лойиҳ бўлганим учун) мени икром этди», - дер. Аммо, ҳачонки, (Парвардигори) уни синов учун, ризҳини танг қилиб ҳўйса, дарҳол: «Парвардигорим мени хор қилди», - дер» (Фажр сураси, 15-16-оятлар.) ва: «Агар Аллоҳ хоҳласа, Узи озиқлантирадиган кишиларга бизлар таом берамизми?»(«Қачонки, уларга: «Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон килингиз!» - дейилса, кофир бўлган кимсалар имон келтирган зотларга (истеҳзо билан): «Агар Аллоҳ хоҳласа, Узи озиқлантирадиган кишиларга бизлар таом берамизми? Сизлар, шубҳасиз, аниқ залолатдадирсиз», - дерлар». (Ёсин сураси, 47-оят).) оятларидир. Улар ўйлайдиларки, Аллоҳ таоло кимга ўша нарсани ман қилган бўлса, У зотнинг ҳузурида у бадбахт бўлгани туфайлидир. Кимнинг ризқи кенг қилиб қўйилган бўлса, У зотнинг ҳузурида унинг ҳурмати борлиги учундир. Шу сабабли у: «Аллоҳ таоло хор қилиб қўйган кишини мен қандай қилиб икром қиламан?» - дейди. Бинобарин, оятда зикр қилинганидек, унинг мискинга таом беришга тарғиб қилмаслиги ана шу маъно сабабидан бўлиши мумкин. Унинг етимга зулм қилиши ва унга таом бермай қўйиши қайта тирилишни инкор этиш (маъносида) бўлиши эҳтимоли бор. Чунки етимнинг ёрдамчиси, унга зулм қилиш қасдида бўлган ва ҳаққини ман қиладиган кимсалардан ҳимоя қиладиган кишиси бўлмайди. У (етимга зулм қилади-ган киши) қайта тирилишга имон келтирмагани учун ҳам унинг оқибатидан қўрқмайди.
Сўнгра «Бас, у етимни жеркийдиган ва мискин (бечора) га таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир» ояти эътиқод ва мулоҳаза ҳақида бўлиши,(Яъни бу хусусда мулоҳаза юритмайди, уни ўзининг зиммасидаги мажбурият деб эътиқод қилмайди, деган маънода бўлиши мумкин. Яна Аллоҳ билувчирокдир!) айнан шу амалнинг ўзи ҳақида бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Агар у эътиқод ва мулоҳаза тўғрисида бўлса, мусулмонлар ундай эътиқодда эмаслар. Агар ўша ишнинг айнан ўзи ҳақида бўлса, улар баъзан ана шу ишни қилиб қўйишлари мумкин. Бизнинг фикримизча, бу (икки) оятни эътиқодга буриб таъвил қилиш лозимроқ ҳамда биз айтиб ўтганимиздек, етимнинг ёрдамчиси йўқ, деган сўзимизга яқинроқ бўлади. Кофир кимса оқибатга ишонмагани сабабли ундан қўрқмайди. Кўпинча одам етимга ёмон муомала қилишдан мана бу икки сабаб туфайли ўзини тияди: ё охиратдаги мукофотни хоҳлагани учун ёки бу дунёда бериладиган жазодан қўрққани учун. Мискинларнинг бу дунёда уларни тақдирлайдиган ёки жазо берадиган кишилари йўқдир. Етимнинг ҳам ундан чўчиб туриладиган ёрдамчиси йўқ. Кофирда эса охиратда бериладиган савобга рағбат ҳам, бўладиган азобдан қўрқиш ҳам йўқ. Чунки у ўша нарсани тасдиқламайди.
«Ва мискин (бечора)га таом беришга тарғиб қилмайди», деган ояти уни бахиллик билан сифатлашнинг энг чўққи даражасидир. Чунки садақа беришга тарғиб этиш уни (ўзидан бошқа кишини) Аллоҳ таоло берадиган савоб (мукофот)дан умид-вор қилишдир. Шундай бўлгач, унинг ўзи (ўша мукофотдан) умидвор бўлмай туриб, ўзидан бошқаларни қандай умидвор қилсин? Шу билан бирга, ўша кофирларнинг фикрларича, ҳикмат шуки, ўзига бирор манфаат олиб келган киши - ана шуги-на ҳикмат соҳибидир. Узига зарар олиб келган киши золим бўлиб, ҳикмат соҳиби эмас. У агар садақа бермаса, ўзига фойда келтирган бўлади. Агар етимнинг ҳаққини тўлиқ адо этса, ўзига зарар қилган бўлади. Шунинг учун ҳам унга (садақа бериш ва етимга яхшилик қилишга) тарғиб этмайди. Биз баён қилиб ўтган мана шу сабаб бу оятни эътиқод ҳақида деб таъвил қилишга чорлайди.
[4]. Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки
[5]. улар на-мозларини «унутиб» қўядилар
[6]. риёкорлик қиладилар
Агар бу оятлар мунофиқлар тўғрисида бўлса, улар (чиндан ҳам) ана шундай - ибодатлардан ҳеч бирини қилмас эдилар. У тўғрисида беэътибор, уни унутиб қўядиган кимсалар эдилар. Агар бирор ибодат қилсалар ҳам, риёкорлик билан қилар эдилар. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари мисолдир: «(Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар»(«Дарҳакиқат, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллсх уларни «алдаб қўювчидир». (Улар) намозга турсалар ҳам дангасалик билан одамлар кўрсинга турадилар ва Аллоҳни жуда кам эсга оладилар» (Нисо сураси, 142-оят)) ва «... намозга фаҳат суст ҳолда келишлари ва нафаҳа (садақа)ни фаҳат ёҳтирмаган ҳолларида беришларидир».(«Нафақа (садақа)ларининг қабул қилинишидан тўсган нарса бу - уларнинг Аллоҳга, Расулига куфр келтирганлари, намозга фақат суст ҳолда келишлари ва нафака (садақа)ни фақат ёқтирмаган ҳолларида беришларидир» (Тавба сураси, 54-оят).) Зотан, Аллох таоло (бу оятларда) мунофиқларнинг (намоз борасида) дангасаликлари ҳамда бахилликларини зикр қилган. Аллоҳ таолонинг «Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки...» деган сўзи ҳам биз тепада сифатларини баён қилиб ўтган мунофиқлар ҳақида бўлиши эҳтимоли бордир.
Шунингдек, кофирлар хусусида бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таолонинг «Уларнинг Байт (Каъба) олдидаги намозлари факрт ҳуштак ва чапак чалишдан иборат эди»,(Анфол сураси, 35-оят.) деган оятида келганидек, улар ҳам намоз ўқир эдилар. (Аммо Аллоҳ таоло) уларнинг намозлари аслида намоз бўлмаганини хабар қилган. Шунга кўра, (уларнинг намозлари) чинакам намоз кўринишида бўлган бўлиши ҳам мумкин. Зикр қилинишича, улар одамларга ўзларининг бут ва санамларига ибодат қилиш борасида жуда ғайратли эканликларини кўрсатиб қўйган ҳолларида, уларга қараб намоз ўқир эдилар. Ҳатто уларни узокдан кўрган киши уни рост деб ўйлар эди. Уларнинг бу ишлари замирида (инсонларни) Пайғамбар(нинг даъвати)ни қабул қилишдан тўсиш ҳамда уларнинг эътиборларини у зотдан буриш бор бўлган. Бу ўша - (Аллоҳ таолонинг) «факрт ҳуштак ва чапак чалишдан иборат эди»(Ўша сура.) - деган сўзидир.
(«Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки...» оятлари) бўйсуниш ва итоат қилишдан киноя бўлиб, унинг маъноси: «(Аллоҳ таолога) бўйсунмайдиган ва итоат қилмайдиган кишилар ҳолига вой!» дегани бўлиши ҳам мумкиндир.
«улар намозларини «унутиб» қўядилар» ояти икки хил талқинни қабул қилади:
Биринчиси, «Узларининг фойдалари учун бўлган намозни унутиб қўядилар». Узларининг фойдалари учун бўладиган намоз - бу Аллоҳ таоло розилиги учун ўқилган намоздир. У фақат Аллоҳ учунгина ўқилган, У зотни қўйиб, бутлар ва улардан бошқалар учун адо этилмаган намоздир. Чунки ким Аллоҳ таоло учун намоз ўқиса, аслида, унинг манфаати ўзига қайтади. Негаки, чиройли мукофот у билан боғликдир. Шундай экан, улар (намозларини унутиб қўювчилар) ўша намозни унутиб қўйиш ва тарк қилиш орқали ўзларига ўзлари зарар қилаётган, ҳеч бир зарар ҳам, манфаат ҳам бермайдиган бутлар учун намоз ўқиган бўладилар.
Иккинчиси, улар намозни зое қилган пайтларида, уни унутган бўладилар. Бу «Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур»(Анкабут сураси, 45-оят.) ояти ҳақида Ибн Масъуднинг тафсирида зикр қилинган таъвилдир. Зеро у: «Намозни унутдилар. Шунинг учун ҳам намоз уларни (бу оятда) зикр қилинган нарсалардан (фаҳш ва ёмон ишлардан) қайтармади», деган.
Марфуъ (Марфуъ: санадининг охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кадар етиб борган ҳадис.) тарзда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: «Улар намозни ўз вақтидан кечиктирадиган кишилардир»,(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 402-бет Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 643-бет.) дейилган.
Мужоҳид шундай деган: «(Намозини) унутиб қўювчи киши - бу намозни ўқидими ёки йўқми, парвойига келмайдиган кимсадир. Ахир сиз У зотнинг: «Риёкорлик қиладилар», деганини кўрмаяпсизми?»
Ҳасан (Басрий): «Улар мунофиқлардир. Намозларини ўз вактидан кечиктириб ўқийдилар. Уқиган пайтларида ҳам риёкорлик қиладилар», деган.
Саъд: «(Намозни унутиш) вақтида ўқимасликдир»,(Абдураззоқ Санъоний. «Тафсирул Қуръон», 3-жилд, 465-бет. Ибн Жарир «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 402-бет.) деган.
Абул Олия: «(Намозини) унутиб қўювчи киши - бу жуфт ўқидими ёки тоқ, (неча ракат ўқиганини) билмайдиган кишидир»,(Абдураззоқ Санъоний. «Тафсирул Қуръон», 3-жилд, 464-бет. Суютий. « дур ал-мансур», 8-жилд, 645-бет.) деган.
Сулаймон шундай деган: «Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, [фии солаатиҳим сааҳун], яъни «намозлари ичида (неча ракат ўқиганликларини) унутиб қўядилар», эмас. балки    [ъан солаатиҳим сааҳун], яъни «намозларини «унутиб» қўядилар», деди».(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 402-бет. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 643-бет. Байҳақий. «Ас-сунан ал кубрс. 4-жилд, 404-бет.)
[7]. ва рўзғор буюмларини (кишилар омонатга сўрашганда) ман этадилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «У (мазкур оятда келган [ал-моъун]) закотдир», деган. Бу гапни ундан Ибн Зубайр, Икрима ҳамда Мужоҳид ривоят қилган. Алий розияллоҳу анҳунинг ҳам: «У закотдир»,(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 406-бет.) дегани ривоят қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган бошқа бир ривоятда: «У ориятдир»,(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 411-бет. Орият: бирор нарсадан маълум муддат эвазсиз фойдаланиб туриш. «Ал-қомус», арабча-ўзбекча қомусий луғат, 255-бет) деган. Ибн Умар: «Унга ўзининг ҳаққи, яъни закот берилмайдиган киши»,(Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 8-жилд, 645-бет.) деган. Алий розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа бир ривоятда у: [ал-моъун] қозон, челак ва болтани ман қилишдир»,(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 411-412 бетлар.) деган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ҳам шунга ўхшаш гап ривоят қилинган. Шунингдек, Ибн Аббосдан қилинган бошқа бир ривоятда ҳам худди шундай келган.(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 411-бет.)
Абу Убайда: «Унда инсонга манфаати бор ҳар қандай нарса [ал-моъун]дир»,(Абу Убайда. «Мажозул Қуръон», 2-жилд, 313-бет.) - деган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «(У) муддати эртага бўлиб келган нарсадир»,(Яъни эртага ёки кейинроқ олиб келиш учун вақтинча фойдаланишга олиб турилган ҳар қандай нарса.) - деган.
Агар бу оят қайтариш шарти билан олинган нарсалар ҳақида келган бўлса, демак, бу оятда бахиллик қораланмоқда. Ундан ҳам оғирроғи қарз бермасликдир. [ал-моъун] ҳар қандай кўринишдаги яхшилик, фойдаланиладиган ҳар қандай нарса бўлиши ҳам мумкин. Закот ва бошқалар ҳам шунга киради. Демак, бу оятда уларнинг (мунофиқларнинг) бахилликлари, хасисликлари, ҳақдорларга ҳақларини бермасликлари зикр қилинган.
Абу Авсажа шундай деган: [ядуъъул ятийма] ояти «уни уради ва орқасига итариб юборади», деган маънодадир. [даъъа, ядуъъу, даъъан ва (фоил сийғаси) дооъъун ва (мафъул сиғаси) мадъувъун] деб айтилади».
Қутабий шундай деган: [ядуъъул ятийма] ояти «Уни итариб ташлайди», деган маънодадир. [явма юдаъъуна илаа наари жаҳаннама даъъан](«У кунда жаҳаннам ўтига (куч билан) итарилурлар». Тур сураси, 13-оят.) оятида ҳам (бу калима) «уни итариб ташлайдилар», деган маънода келган».(Қутабий. «Тафсиру ғарибил Қуръон», 540-бет.)
Абу Авсажа шундай деган: [лаа яҳудду] (калимаси) «қизиқтирмайди, тарғиб қилмайди»,[сааҳун] (калимаси) «ғофилдирлар», (деганидир)».
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг, шунингдек, Убай розияллоҳу анҳунинг ҳам қироатида [лааҳун] ва [ароайтака] бўлиб «коф» ҳарфи билан келган.(Абдуллатиф Хатиб. «Муъжамул қироъот», 10-жилд, 606-607-бетлар.) Яна ҳам Аллоҳ билувчироқдир!       

Орқага Олдинга