loader

102. Такосур сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)


[1]. (Эй инсонлар!) Сизларни (мол-дунё) кўпайтириш (Аллоҳга ибодат қилишдан) машғул қилди.
[2]. Ҳатто мақ-бараларингиз (кўплиги билан фахрланиш)гача бордингиз.
Яъни (мол-дунё) кўпайтириш билан бир-бирингизга мақтаниш сизларни машғул қилиб қўйди.
Аллоҳ таоло (мазкур оятда ўзаро мақтаниш бандаларни) нимадан машғул қилиб қўйгани ҳақида сўз юритмади. Бинобарин, оятнинг маъноси қуйидагича бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас: [алҳаакуму], яъни «сизларни машғул қилиб қўйди» [ат-такаасуру], яъни «(мол-дунё) кўпайтириш Аллох таолонинг тавҳидидан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган ҳужжатлар ҳақида фикр юритишдан ёхуд қайта тирилишни ёдга олишдан».
Сўнгра Аллоҳ таолонинг [Алҳаакумут такаасуру ҳаттаа зуртумул мақобиро] деган сўзи икки хил талқинни қабул қилади. Биринчиси, ушбу оят билан хитоб килишдан кўзланган мақсад, уларнинг ота-боболари, яъни аввалроқ уларнинг қабиҳ қилмишлари ҳамда аҳмоқлик билан машғул бўлишларининг хабари бериб кетилган олдин ўтган ўтмишдошлари бўлиши мумкин. Шунга кўра бу оят «Албатта, бизлар ота-боболаримизни (маълум) бир дин узра топдик ва албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашувчидирмиз»(Зухруф сураси, 23-оят.) ва бошқа бир қатор оятларнинг давоми бўлади. Аллоҳ таоло гўёки уларни ўз ота-боболари сабабли таъна қилиб, уларга эргашишдан қайтармокда. Чунки улар (яъни ота-боболари) то ўлгунларига қадар ҳикмат доирасидан ташкарида бўлган амалларга кўл урган эдилар. Ҳикмат доирасидан ташкарида бўлишни икки хил изоҳлаш мумкин:
Биринчиси, ўзига неъмат берилган, аммо унинг шукрини адо этмаслик билан уни инкор қилган ҳар бир инсон азоб-уқубатга ҳақли бўлади. Аллоҳ таоло шундай демоқда: «Ҳолбуки, ота-боболарингиз Аллоҳ берган неъматларга ношукрлик ва нонкўрлик қилган бўлсалар-да, сизлар қандай қилиб уларга эргашасиз?!»
Иккинчиси, бу оятда қайта тирилиш борлигига аломат ва далолат бор. Яъни уларнинг ота-боболари азоб-уқубатга дучор этадиган ишларни қилганлари ҳамда бу дунёда уларга ўша ишларнинг жазоси етмасдан туриб ўлиб кетганлари шу нарсага далолат қиладики, улар ўзлари қилган ишлари туфайли азоб ва иқобга тутиладиган бошка бир дунё бор.
Агар (мазкур оятлар билан қилинган) хитоб фақат уларнинг ўзларига йўналтирилган бўлса, демак, унда мол-дунё кўпайтириш билан бир-бирларига мақтанишлари, ҳатто Унинг Расули алайҳиссалом олиб келган ҳужжатларни инкор қилишларида уларнинг аҳмоқ эканликларининг хабари берилган.
Ёки мазкур оятда бошқа бир жиҳатдан уларнинг аҳмоқликлари ҳақида хабар берилаётган бўлиши мумкин. У ҳам бўлса, ўлиб кетган (ота-бобо)лар билан қандай қилиб мақтаниш мумкинлигидир. Ваҳоланки, ўлганлар билан мақтаниш тўғри иш эмас.
Ёки унда учинчи талқин ҳам бор бўлиши мумкин. Яъни улар ўзларига алоқадор бўлмаган нарсалар билан мақтанмоқдалар. Чунки улар мол-давлат ва болачақалар билан мақтанган эдилар. Булар (мол-давлат ва фарзандлар) эса Аллоҳ таолонинг лутфи ҳамда гўзал эҳсонларидандир. Демак, мана шу нарсаларнинг барчасида улар ўзларидаги аҳмоқлик ва эсипастлик билан тилга олинаётган бўлади.
Мана шу сабабларни тилга олиш билан таъна қилиш - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - улардаги куфрдан бошқа хислатлар учун бўлмоқда. Чунки мазкур сабаблар (мол-давлат ва фарзандлар кўплиги билан мақтаниш) билан айрим ҳолларда мўминлар ҳам имтиҳон қилиб туриладиган ишлар сирасидандир. Бинобарин, мўминларга эслатма ва ўгит бўлсин учун Аллоҳ таоло ана шу ишлар билан уларни таъна қилмоқда. Агар бу ерда фақат кофирлар зикр қилинаёган бўлганида мўминлар мана шу амалларнинг ҳеч биридан узоқлашмаган бўлар эдилар.(Яъни Аллоҳ таолонинг мазкур хитоби кофирларга қаратилган, шундай экан, бу ишлар бизга ман қилинмаган, деган хулосага келиб, улардан ўзларини сакламаган бўлар эдилар. Яна ҳам Аллоҳ билувчирокдир. Тарж.)
Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам [алҳаакумут такаасуру] оятини ўқиб шундай деганлар: «Одам фарзанди «Молим! Молим!» - дейди. Ваҳоланки, мол-давлатингдан сен еб битирганингдан бошҳаси сеники эмас...»,(Қатода розияллоҳу анҳу бизга Мутаррифдан, у эса ўз отасидан ҳадис ривоят қилиб шундай деди: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келдим. У зот [алҳаакумут такаасуру] оятини ўқиб турган эдилар. «Одам фарзанди «Молим! Молим!» - дейди. Эй Одам фарзанди! Сенинг еб битирганинг ёки кийиб эскиртирганинг ёхуд садақа қилиб сарфлаганингдан бошқа мол-давлатинг борми?!» дедилар». Муслим. «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ», Зухд ва рақоиқ китоби, 3-бет. Термизий. «Сунан», Зухд китоби, 31-бет, Қуръон тафсири китоби, 102-бет.)
Демак, мазкур ҳадис шуни кўрсатадики, (Такосур сурасининг бу оятлари оркали келган) тахдид умумий бўлиб, мусулмонларга (ҳам) насиҳат бўлсин учун кофирлар унда очиқ-ойдин тилга олинмаган. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[ҳаттаа зуртумул мақобиро] ояти, эҳтимол, ҳақиқатан ҳам ўликларни зиёрат қилиш маъносидадир. Чунки Аллоҳ таоло уларга, агар охир-оқибатлари мана шундай бўлар экан, (яъни ўлим билан тугар экан, мол-давлатни) кўпайтириш уларга наф бермайдиган ишлардан бири эканини эслатиб қўймокда.
Эҳтимол, бу оят «Ўлгандан сўнг қабрларга қайтгунингизгача. Бас, ана шу пайтда Аллоҳ таолонинг ҳаққини эсга олурсиз. аммо у сизларга наф бермас», деган маънони англатиши ҳам мумкин. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[3]. Йўк! Яқинда (бунинг оқибатини) билурсиз.
[4]. Яна бир бор йўқ! Якинда билурсиз!
Баъзи муфассирлар: «(Бу оятда келган) [калла] лафзи инкор қилиш ва тўхтатиш1 маъносидадир», - деганлар.
Баъзилари эса:    [калла] лафзи «ҳақиқатан» деган маънони билдиради», - деганлар.
Бинобарин, агар у биринчи талқинда келганидек бўлса, Ал-лоҳ таоло гўё: «Иш сизлар ҳисоблаган, ўйлаган ва ўзларингизча белгилагандек эмас. Сизлар буни бошингизга азоб тушган пайтда биласизлар», - дегандек бўлади. [калла] лафзи эса оятнинг боши бўлиб келган бўлади.
Агар у «ҳакиқатан», деган маънода бўлса, демак, Аллоҳ таоло гўё: «Ҳакиқатан, иш ўз-ўзингизча ҳисоб-китоб қилгандек эмаслигини яқинда билиб оласизлар», дегандек бўлади. Бу маъноларнинг барчаси биз юқорида баён қилиб ўтган талқинларга бориб тақалади. Яъни «Сизлар эртага ҳақиқатан шуни аник билиб оласизларки, сизларни Аллоҳ таолонинг тавҳидидан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган ҳужжатлар ҳақида фикр юритишдан ёхуд қайта тирилишга имон келтириш-дан тўсган ва чалғитган нарса ботил ва беҳуда нарсадир. Сизлар Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтиришингиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган ҳужжатларга диққат назари билан қарашингиз ва қайта тирилишга имон келтиришингиз лозим эди».
Бу ердаги [калла] лафзини) такрорлашнинг фойдаси [ал-вайлу ал-вайлу],(Яъни ҳолига вой!) [бах бах](Яъни зўр! Офарин! (Бирор нарса маъқул келганда, ёққанда, мақташ учун айтиладиган сўз). «Ал-қомус», 134-бет.) ва ҳоказолар каби тахдид ёки умидсизлик ёхуд умидворлик пайтида айтиладиган сўзларни такрорлашдаги жорий одатга мувофикдир.
Муфассирлар орасида ҳар битта [калла] лафзини алоҳида таъвил қилганлари бор, яъни [каллаа савфа таъламун] ояти «Ўлиш вақтида азобни кўрган пайтингиз иш сизлар ўйлагандек эмаслигини билиб оласизлар. Қайта тирилиш куни эса унинг аниқ ҳақиқат эканини билиб оласизлар», деган маънони ифодалайди.
[5]. Йўқ! Агар (дунёпарастлик оқибатини) аниқ илм билан билганингизда эди (уни дўст тутмас эдингиз).
Аллоҳ таоло бу оят билан - яна ҳам Аллоҳ билувчирокдир - инсонлар бу дунёда гумон қилиб, ўйлаб юрган нарсаларини ботилга чиқаришни мақсад қилмокда. Ахир сиз кофирларнинг «Биз циёматп нима эканини билмаймиз, фацат гумон қиламиз, холос»,(«Қачонки, (сизларга:) «Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир, қиёмат шубҳасиз (келувчи)дир», - дейилса, сизлар: «Биз қиёмат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (қиёмат бўлишига) аниқ ишонувчи эмасмиз», - дедингиз». (Жосия сураси, 32-оят).) деган сўзларига қарамайсизми? Бас, уларга азоб тушгач, бу нарса улар учун ҳақиқатга айланади ва улар буни аниқ илм билан билиб оладилар.
Баъзи муфассирлар (бу икки оятни): «Иўқ! Сизга ўлим етган вақтда билиб оласиз! Яна бир бор йўқ! Қабрда билиб оласизлар!» - деб таъвил қилганлар.
Шунингдек, Алий розияллоҳу анҳудан унинг: «Мана шу сура нозил бўлгунига қадар биз қабр азоби хусусида шак-шубҳада эдик»,(Уни Ибн Жарир, Термизий, Ҳунайш ибн Асрам («Ал-истиқомат»да), Ибн Мунзир, Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд. 659-бет. Шунингдек, қаранг: Ибн Жарир Табарий. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 30-жилд, 363-бет. Қуртубий. «Ал-жомиъу ли аҳкомил Қуръаан». 20-жилд, 172-бет.) - дегани ривоят қилинган.
Шу ўринда яна бир талқин ҳам бор. У ҳам бўлса шуки, улар ўзларича билимдон, ўзларича ҳақ йўлда бўлишган. Бироқ Аллоҳ таоло уларнинг бу илмлари гумон бўлган эканини уларга баён қилган. Ахир сиз Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларига боқмайсизми: «...аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар».(«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: «Сизларга қилмишларидан энг кўп зиён кўрувчиларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёк йўқ бўлиб кетгану, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётган ҳисоблайдилар» (Каҳф сураси, 103-104-оятлар).) Бас, ана ўша вақтда аниқ нарса (азоб) уларга нозил бўлгач, улар билган нарса аниқ илм эмас, балки шак-шубҳа ва гумон бўлган экани уларга аён бўлади.
[6]. Қасамки, албатта, сизлар дўзахни кўрасиз!
Ушбу оятни икки хил талқин қилиш мумкин:
Биринчиси, «Сизлар дўзахни ўлим вақтида кўрасизлар».
Иккинчиси, «Сизлар бу дунёда дўзахни Аллоҳнинг оятлари ва ҳужжатлари хусусида фикр юритиш ҳамда уларга диққат на-зари билан қараш оркали кўрасизлар».
[7]. Яна бир бор қасамки, сизлар уни айни ишонч билан кўрасиз!
Унинг (мазкур оятда зикр қилинган    [айнал яқийн]
иборасининг) икки хил маъноси бор:
Биринчиси, ўз кўзи билан кўриш, бевосита шоҳиди бўлиш.
Иккинчиси, улар (дўзахни) ишонч кўзи билан кўришлари, иш улар ўйлаб юргандек эмаслиги. Яъни улар учун осмондан бир дарвоза очилса-ю, улар унга кўтарилсалар ва: «Шаксиз, бизларнинг кўзларимиз богланиб крлди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз»,(«Борди-ю, уларга осмондан бир дарвоза очиб қўйсагу, ундан (осмонга) кўтарила бошласалар ҳам, «шаксиз, бизларнинг кўзларимиз боғланиб қолди, балки бизлар сеҳрланиб қолган қавмдирмиз», деган бўлур эдилар» (Ҳижр сураси, 14-15-оятлар).) десалар. Аллоҳ таоло: «Уларнинг кўзларидан сеҳр кўтарилади ва улар дўзахни ишонч кўзи билан кўрадилар», - дейди.
[8]. Сўнгра ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!
Ушбу оят ўзининг зоҳирий маъносига кўра кофирлар дўзахга кирганларидан сўнг сўроқ қилинишларини тақозо қилади. Чунки У Зот кофирларнинг дўзахга киришларини баён қилганидан кейин: «Сўнгра албатта, сўроқ қилинурсиз!» - деган. Бундан аён бўладики, у (сўроқ қилиниш) ўша вақтда бўлади. Агар шундай бўлса, бу сўроқ қилиш азоб-уқубатга ҳақли бўлганликларини уларнинг ўзларига эътироф эттириш ўрнида бўлади. Чунки уларнинг наздида ҳам, бир киши ўзига берилган бирор неъматнинг шукрини адо қилмаган бўлса, азоб ва уқубатга ҳақли бўлар эди. Аллоҳ таоло азобга ҳақли эканликларини уларга эътироф эттириш учун ўзларига берилган неъматнинг шукри ҳақида уларни ўша вақтда сўроққа тутади. Бу иш (сўроқ қилиш) ҳисоб-китоб вақтида бўлиши ҳам мум-кин. Чунки Аллоҳ таоло: «Ўша кунда» деган, ундан олдин ёки кейин демаган, аксинча, умумий қилиб («ўша кунда» деб) айтган. Шундай экан, унга мувофиқ амал қилинади.
Агар сўроққа тутилишнинг сабаби мўминларга ҳам, кофирларга ҳам каратиладиган бўлса, мўминларнинг сўроққа тутилишларига сабаб уларнинг амаллари ўзларига берилган неъматнинг шукрини мукаммал тарзда адо қилиш даражасига етмаганини эслатиб қўйишдир. Шунингдек, (бу сўроқ) Аллох таоло уларга марҳамат кўрсатганини, уларни афв этганини, қилган хайрли ишлари шу даражага етгани учун эмас, балки Унинг фазлу карами билан улар Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлганликларини билиб қўйишлари учун ҳамдир.
Агар (сўроқ қилиш фақат) кофирларга оид бўлса, демак, бу Аллоҳ инъом этган неъматларнинг шукрини қилмаганлари боис Унинг азобига ҳақли бўлганликларини эътироф эттириш (маъносида)дир.
«Сўнгра ана ўша кунда, албатта, неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!» оятида (назарда тутилган) сўроқ кофирларга тегишли бўлса, улар Аллоҳ таолога имон келтирмаганликлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга олиб келган нарсалар ва булардан бошқа неъматлар ҳақида сўроқ қилинадилар.
Агар сўроқ мўминларга тегишли бўлса, бас, у емак, ичмак. кийим-кечак ва ҳоказолар каби (имондан) бошқа неъматлар хусусида бўлади. Тўгрисини Аллоҳ билувчироқдир

Орқага Олдинга