Маккада нозил бўлган. 88 оятдан иборат.
Ушбу сураи карима ҳижо ҳарфи бўлмиш «сод» билан бошлангани учун шу номни олган. Унда, асосан, ақиданинг энг марказий уч масаласи–тавҳид, ваҳий ва охиратдаги ҳисоб-китоб масалалари муолажа қилинади.
Сод сурасининг аввалида Қуръони Карим билан қасам ичилади. Қуръони Карим ҳақ китоб эканлиги, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ Пайғамбар эканликлари таъкидланади.
Сўнгра тавҳид хусусида ва уни мушриклар инкор этишлари ҳақида сўз кетади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларидан уларнинг ажабланганлари баён қилинади.
Кейин мушриклар учун эслатма тариқасида аввал ўтган туғёнкорларнинг қилмишлари ва улар топган оқибатлар ҳақидаги хабарлар келтирилади.
Шу билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мухлис мўмин-мусулмонларга тасалли бўлсин учун ўтган Пайғамбарлардан Довуд алайҳиссалом ва у зотнинг ўғли Сулаймон алайҳиссалом, Аййуб, Исҳоқ, Яъқуб, Исмоил ва Зул-Кифл алайҳимуссаломларнинг қиссалари келтирилади.
Сод сурасида Аллоҳ таолонинг биру борлигига ва Унинг чексиз қудратига далолат қилувчи махлуқотларига, уларни бекорга яратмаганига эътибор тортилади.
Сураи кариманинг ниҳоясида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий вазифалари нимадан иборат экани баён қилинади.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Сод. Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам.
«Сод» алифбо ҳарфларидан биридир. Ушбу ҳарфни талаффуз қилишининг ўзи бир мўъжиза бўлса,бу ва унга шерик бошқа ҳарфлардан таркиб топган Қуръон эса, абадий илоҳий мўъжизадир. Оддий алифбо ҳарфларидан таркиб топган Қуръонга ўхшаш китобни ҳеч ким келтира олмаслиги унинг энг улкан мўъжиза эканини кўрсатади.
«Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасам».
Оятдаги «зикр» сўзига тафсирчи уламоларимиз икки хил маъно беришган: эслатма ва шон-шараф аслида, Қуръони Карим васфида бу икки маъно ҳам бор. Шунинг учун ҳам Қуръонда «эслатма» ёки «шон-шараф» эмас, балки шу икки маънони бирйўла ифода этадиган «зикр» сўзи ишлатилган. Қуръони Карим мўъжизасининг қирраларидан бири ҳам шудир.
Зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила Аллоҳ таолонинг қасам ичиши бежиз эмас. Аввало, Қуръони Каримнинг шону шарафи улуғланяпти, қолаверса, араб тили қоидалари бўйича,бу қасамдан кўзланган мақсадга эътибор тортиляпти. Лекин асл мақсад бу ерда очиқ зикр этилмаган. Сўзнинг бориши ва унинг умумий маъносига қараб, зикр соҳиби бўлмиш Қуръон ила қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ Пайғамбардир, Қуръон ҳақ мўъжизадир, деб гап маъносини тушунса бўлади.
2. Аммо куфр келтирганлар кибру ҳаво ва мухолифликдадирлар.
Улар кибру ҳавога берилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканларини, Қуръоннинг илоҳий мўъжизалигини инкор қилмоқдалар. Улар Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф йўл тутишда давом этмоқдалар.
Хўш, улар бу ҳолда қаергача борадилар? Нима натижага эришадилар? Уларнинг кибру ҳаволари нима қилиб беради? Аллоҳга ва Пайғамбарга хилоф иш қилганлари нима оқибат билан тугайди?
3. Биз улардан илгари ҳам қанча асрларни ҳалок этганмиз. Улар (ёрдам сўраб) нидо қилдилар. Аммо қочиб қутулиш вақти эмас эди.
Биз ҳозирда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбарлигини, Қуръоннинг ҳақ илоҳий китоблигини инкор этаётган кофир ва мушриклардан олдин ҳам қанчадан-қанча аср авлодларини ҳалок этганмиз. Ўшанда:
«Улар (ёрдам сўраб) нидо қилдилар».
Дод-фарёд солдилар. Ялиниб, ёлвордилар. Ўзларини ҳалокатдан соқлаб қолиш учун ёрдам сўрадилар.
«Аммо қочиб қутулиш вақти эмас эди».
Вақт ўтган, бўлар иш бўлган эди.
Ҳозирги кофир ва мушриклар ҳам фурсатнинг борида, ўзларини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб олмасалар, вақт ўтганидан кейинги дод-фарёдлари уларга фойда бермай қолади.
Энди мушрикларнинг кибру ҳавоси ва ихтилофларининг баёни бошланади:
4. Улар ичларига ўзларидан огоҳлантиргувчи келганидан ажабландилар ва кофирлар: «Бу, сеҳргар ва каззобдир», дедилар.
Макка мушриклари ўзларининг ичида юрган бир одам огоҳлантирувчи бўлиб келганидан ажабландилар. Уларнинг калта фаҳмига кўра, Пайғамбар дегани одам бўлмаслиги керак эмиш. Одам боласининг ўзига ўхшаш одамларга Пайғамбар бўлиши ажабланарли эмиш. Бу ишлари айни кибру ҳавога берилиш, айни Аллоҳнинг ишига хилоф қилишдир.
Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар эканларини инкор билан чегараланмадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши турли уйдирма, иғво ва бўҳтонлар ҳам тарқатдилар.
«Кофирлар: «Бу, сеҳргар ва каззобдир», дедилар».
Муҳаммад Пайғамбар эмас, ўзимизга ўхшаган оддий бир одам, Пайғамбар бўлиши мумкин ҳам эмас. Пайғамбарлик даъвосида тиловат қилаётган сўзлари одамларга таъсир қилаётган бўлса, унинг сеҳргарлигидандир. У сеҳргардир. Унинг Пайғамбарман, деган гапи ёлғондир, у каззобдир, дедилар.
Улар кибру ҳавога берилганликлари оқибатида шундай фикрга борганлар.
Макка мушриклари Пайғамбаримизнинг сеҳргар каззоб эмасликларини кўриб-билиб туриб, у зотга шу айбни тиркашларининг ўзига яраша сабаби бор эди. Буни тарихчиларимиз қуйидагича нақл этадилар.
Ибн Исҳоқ қуйидагиларни ривоят қилади: «Ал-Валид ибн Муғийра Қурайшнинг ёши улуғларидан эди. Ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганида, ал-Валид:
«Эй Қурайш жамоаси, мавсум ҳам келиб қолди. Яқин орада арабларнинг вакиллари ҳузурингизга келади. Улар ҳаммаси анави оғайнингиз ҳақида эшитган. Энди сиз унинг ҳақида гапни бир қилиб олинг. Яна гапингиз ҳар хил бўлиб, бир-бирингизни ёлғончи қилиб юрманг. Гапингиз хилма-хил бўлмасин», деди. Тўпланганлар:
«Эй Абу Абдушшамс, сен ўзинг бизга бир фикрни айт, биз ўшани тутамиз», дейишди. У:
«Йўқ! Аввал сизлар айтингиз, мен эшитай», деди. Улар:
«Коҳин деймиз», дейишди. У:
«Йўқ! Аллоҳга қасамки, у коҳин эмас. Коҳинларни кўп кўрдик. Унинг гапи коҳиннинг ғинғиллашига ҳам, сўзларни тартибга солишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар:
«Мажнун, деймиз», дейишди. У:
«Муҳаммад мажнун эмас. Батаҳқиқ, жинниликни кўп кўрдик. Унинг нима эканини яхши биламиз. Унинг гапи жиннининг бўғилишига ҳам, довдирашига ҳам, васвасасига ҳам ўхшамайди», деди. Улар:
«Шоир, деймиз», дейишди. Валид:
«У шоир ҳам эмас. Батаҳқиқ, биз шеърнинг ҳамма турларини–ражзини ҳам, ҳажзини ҳам, қарийзини ҳам, мақбузини ҳам, масбутини ҳам билганмиз. Бу шеър эмас», деди. Улар:
«Жодугар деймиз», дедилар. У:
«У жодугар ҳам эмас. Батаҳқиқ, жодугарларни ҳам, жодуларни ҳам кўрдик. Унинг гапи уларнинг дам солишига ҳам, тугун тугишига ҳам ўхшамайди», деди. Улар:
«Унда нима деймиз, эй Абу Абдушшамс?» деб сўрашди. Шунда Валид:
«Аллоҳга қасамки, унинг гапида ҳаловат бор. Гапининг асли кўп томирли. Шохлари сермева. Сиз у ҳақда нима десангиз ҳам, ботиллиги дарҳол билинади. Аммо унинг ҳақида айтиш мумкин бўлган энг ишончли гап «сеҳргар» дейишингиздир. У бир сеҳр гапни келтирди. Ўша гап билан болани отасидан, акани укасидан, эрни хотинидан, одамни қабиласидан ажратмоқда», деди. Шу тўхтамга келишиб, тарқалишди. Кейин ҳаж мавсуми бошланганида, йўлларга ўтириб олиб, олдиларидан ўтганларни у зотдан ҳазир бўлишга чақириб, ишларини зикр қилдилар».
Кофирларнинг ажабланиши бу билан тугамади. Улар бошқа гапларни ҳам айтдилар:
5. «У худоларни битта худо қилдими?! Албатта, бу ажабланарли нарса!»
Ушбу ояти карима ва ундан кейинги оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида тафсирчи олимларимиз қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Қурайш аъёнлари Абу Толибнинг ҳузурига келиб: «Биродарингнинг ўғлини тийиб ол. У динимизни айбламоқда, худоларимизни ёмонламоқда ва ақлимизни пастга урмоқда», дейишди. Абу Толиб жиянлари соллаллоҳу алайҳи васалламни чақириб, бу ҳақда гапирди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй амаки! Мен улардан фақатгина бир оғиз сўз истайман, холос. Бу сўз билан ажамларга молик бўладилар, у билан араблар уларга бўйинсунади», дедилар. Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар:
«Хўп, биз сенга ўша сўзни ва яна унга ўхшаш ўнтасини айтишга ҳам тайёрмиз», дейишди. У зот алайҳиссалом:
«Ла илаҳа иллаллоҳ! (Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ!), денглар», дедилар. Улар шошиб, кийимларини қоқиб, ўринларидан туришди ва:
«У худоларни битта қилдими? Албатта, бу ажабланарли нарса!» дейишди. Ана шунда Аллоҳ таоло ушбу оятларни нозил қилди.
6. Уларнинг аъёнлари: «Юринглар, худоларингиз тўғрисида сабр қилинглар. Албатта, бу қасддан қилинаётган нарсадир.
7. Биз бу ҳақда охирги миллатдан эшитганимиз йўқ. Бу тўқилгандан бошқа нарса эмас.
8. Бизнинг ичимиздан ўшанга зикр нозил қилинибдими?!» деб туриб кетдилар. Йўқ! Улар Менинг зикрим ҳақида шак-шубҳададирлар. Йўқ! Улар азобимни татиб кўрмадилар.
Қурайш мушрикларининг катталари, раҳбарлари, аъёнлари:
«Юринглар, худоларингиз тўғрисида сабр қилинглар», деб ўрниларидан туриб кетишди.
Яъни,эй биродарлар, юринглар, кетдик, бор гапни эшитдингиз, энди худоларингиз ибодатида сабр билан бардавом бўлинглар. Ихлос билан киришинглар. Бу ёқдан фитна чиқиб қолди.
«Албатта, бу қасддан қилинаётган нарсадир».
Муҳаммаднинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» шиорини кўтариб чиқиши, албатта, худоларингизга қарши қасддан уюштирилаётган тадбирдир.
«Биз бу ҳақда охирги миллатдан эшитганимиз йўқ».
Биз Аллоҳнинг битта эканлиги ҳақида Аллоҳ Пайғамбар юборган, илоҳий китоб туширган охирги миллатдан–насоролардан ҳам эшитганимиз йўқ. Улар ҳам худони учта дейишади.
«Бу тўқилгандан бошқа нарса эмас».
Аллоҳ битта, деган гапни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган. Бундан бошқача эмас. Келиб, келиб,
«Бизнинг ичимиздан ўшанга зикр нозил қилинибдими?!»
Ичимизда шунча бой, зодагон, аслзодалар, улуғ ёшдаги кишилар туриб, ўша етим, ялангоёқ, саводсиз Муҳаммадга эслатма–илоҳий китоб тушибдими?!
Шундай деб, улар туриб кетишди.
Мажлисни тарк этишди. Хўш, уларнинг бу гаплари тўғрими?
«Йўқ!
Улар Менинг зикрим ҳақида шак-шубҳададирлар».
Мушриклар Менинг Қуръоним ҳақида шубҳададирлар.
«Йўқ!»
Уларнинг гаплари мутлақо тўғри эмас.
«Улар азобимни татиб кўрмадилар».
Шунинг учун ўзларича кибру ҳавога берилиб, Менинг амримга хилоф қилмоқдалар. Аммо азобимни татиб кўрганларидан кейин гап нимада эканини биладилар.
Улар нима учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарлигини инкор қилмоқдалар?
9. Ёки уларнинг ҳузурида азизу ўта саҳоватли Роббингнинг раҳмат хазинаси борми?
Нима учун мушриклар Пайғамбарлик ҳақида ўзларича ҳукм чиқарадилар? Ёки уларнинг ҳузурида азиз ва ўта саховатли (хоҳлаган бандасига хоҳлаган нарсасини берадиган, жумладан, хоҳлаган бандасига Пайғамбарликни берадиган):
«Роббингнинг раҳмат хазинаси борми?»
Улар ўша хазинадан ўз хоҳишлари бўйича неъматларни олиб, бошқаларга тарқатадиларми? Улар ўша раҳмат хазинасидан Пайғамбарликни ҳам ўзлари хоҳлаган одамга олиб бермоқчимилар?
10. Ёки осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки уларникими? Бас, унда сабаблари ила (осмонга) кўтарилсинлар!
Нима учун мушриклар Пайғамбарлик ҳақида ўзларича ҳукм чиқарадилар?!
«Ёки осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки уларникими?»
Улар ўша нарсаларнинг эгасими? Шунинг учун Пайғамбарлик ҳақида ҳукм чиқармоқдаларми? Агар ҳақиқатда осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг мулки мушрикларники бўлса,
«Бас, унда сабаблари ила (осмонга) кўтарилсинлар!»
У ҳолда бор сабаб-воситаларни ишга солиб, осмонга кўтарилсинлар. У ерга ўрнашиб олиб, ҳукмларини юргизсинлар. Хоҳлаган одамларига Пайғамбарликни берсинлар.
Йўқ, бундай қила олмайдилар? Унда мушриклар нега бунча катта кетадилар? Улар ким бўлибди ўзи?
11. Анави ердаги енгилган фирқалардан бўлган қандайдир лашкар.
Мушриклар, жуда борганда, енгилган фирқалардан тўпланган қандайдир ҳақир бир лашкар бўла олади, холос. Уларнинг бундан баландроқ қиймати йўқ. Уларнинг оғзидаги баландпарвоз гапларига, дабдабаларига эътибор бермаслик керак. Кофир-мушрикларнинг иши шу. Улар энди кўринаётгани йўқ. Уларнинг уруғи кўп. Улардан олдин ҳам қанчалари ўтган.
12. Улардан олдин ҳам Нуҳ қавми, Од, қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончи қилган.
13. Ва Самуд, Лут қавми ва дарахтзор эгалари ҳам. Фирқалар ўшалардир.
14. Барчалари, албатта, Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар. Бас, Менинг иқобим ҳақ бўлди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни каззобга чиқараётган мушриклардан олдин ҳам кўп қавмлар Пайғамбарларини ёлғончи қилганлар. Мисол учун:
«Нуҳ қавми, Од, қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғончи қилган».
Нуҳ қавми Пайғамбари Нуҳ алайҳиссаломни ёлғончи қилган. Од қавми Пайғамбари Ҳуд алайҳиссаломни ёлғончига чиқарган. «Қозиқлар эгаси Фиръавн» эса, Мусо алайҳиссаломни ёлғончи деган.
Фиръавн ўзига қарши бўлганларнинг қўл-оёқларини қозиқларга боғлаб қўйиб азоблар экан. Шунингдек, у қурдирган баланд эҳромлар ҳам ерга қоқилган қозиқ деб васф қилинади. Шу маънолардан келиб чиқиб, унга «қозиқлар эгаси» лақаби берилган.
«Ва Самуд, Лут қавми ва дарахтзор эгалари ҳам».
Самуд қавми Пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни, Лут қавми Пайғамбари Лут алайҳиссаломни, дарахтзор эгалари–Мадян аҳли Пайғамбарлари Шуайб алайҳиссаломни ёлғончи қилганлар.
«Фирқалар ўшалардир».
Аллоҳ таолога қарши турган фирқалар ўшалардир.
«Барчалари, албатта, Пайғамбарларни ёлғончи қилдилар».
Улар ўзларига юборилган Пайғамбарларни ёлғончи қилишда қаттиқ турдилар. Шундан кейин:
«Бас, Менинг иқобим ҳақ бўлди».
Уларга менинг иқобим–азобим ҳақ бўлди. Ҳаммалари ҳалок бўлдилар.
15. Ана ўшалар лаҳзага кечикмай келадиган биргина қичқириқдан бошқа нарсага интизор бўлаётганлари йўқ.
Биз «лаҳзага кечикмай келадиган» деб таржима қилган маъно оятда «фавоқ» дейилган. Бу сўз туяни соғаётганда елинни бир тортиб соғиб, яна иккинчи марта тортишгача ўтган вақтга нисбатан ишлатилади. Демак, қиёмат куни белгиланган муддатидан шунча миқдорда ҳам кечикмай келади. Вақти етганида, биргина қичқириқ билан ҳаммаси тамом бўлади. Мушриклар шунигина кутмоқдалар, холос.
Аллоҳ таоло уларни қиёмат кунигача тарк қилиб қўйгани мушриклар учун илоҳий раҳмат, фазлу карам эди. Аммо мушриклар бу фурсатнинг қадрини билмадилар.
16. Улар: «Эй Роббимиз, бизга ҳисоб кунидан илгари насибамизни тезроқ бер!» дедилар.
Мушриклар ўзларига ҳисоб-китоб куни–қиёмат кунида азоб берилиши ҳақидаги хабарни эшитганларидан кейин, масхара қилишиб, «Модомики, азобга қолар эканмиз, уни қиёмат кунига кечиктиришнинг нима кераги бор, ҳозирнинг ўзида бериб қўявермайдими?! « дедилар.
«Улар: «Эй Роббимиз, бизга ҳисоб кунидан илгари (қиёмат қоим бўлиб, ҳисоб бўладиган кундан илгари азобдан оладиган) насибамизни тезроқ бер!» дедилар».
Мушрикларнинг масхара ва истеҳзолари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир ботар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у зотга тасалли беради, сабрга буюради ва олдин ўтган Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақиради.
17. Улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Албатта, у ўта қайтгувчидир.
Эй Муҳаммад, сен мушрикларнинг беадаб гапларига сабр қил. Бу борада сенга ўрнак бўладиган бандаларимиз ўтган, ўшаларни, жумладан:
«Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла».
Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У киши динда бақувват эдилар. Кунора рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилар эдилар. Подшоҳликлари ҳам кучли эди.
«Албатта, у ўта қайтгувчидир».
Яъни, ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтувчидир-тавба қилувчидир. Тавбанинг луғавий маъноси ҳам қайтишдир.
18. Албатта, Биз унга тоғларни бўйсундирдик. Улар у билан кечки пайту эрталаб тасбиҳ айтардилар.
19. Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У зотга ўта қайтгувчидир.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни бўйсундириб қўйган эди. Тоғлар у зот билан бирга Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбиҳ айтар эди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қушларни ҳам тўп-тўп қилиб, бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у кишига қўшилиб, Аллоҳ таолога эртаю кеч тасбиҳ айтар эдилар.
Бунинг устига:
20. Ва Биз унга мулкини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилгувчи китобни бердик.
Биз Довудга унинг давлатини қувватли қилиб бердик. Довуд алайҳиссалом Пайғамбар бўлишлари билан бирга, давлат бошлиғи–подшоҳ ҳам эдилар. У кишининг салтанатини Аллоҳ таоло кучли қилиб қўйган эди. Аскарлари кўп эди.
«Ҳамда ҳикматни ва ҳал қилгувчи китобни бердик».
Биз Довудга Пайғамбарликни ҳам бердик. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги жанжални ҳал қилиш ҳукмини бердик. У ҳеч иккиланмай ҳукм чиқарар эди.
21. Сенга даъволашганларнинг хабари келдими? Ўшанда улар меҳробга чиқишган эди.
22. Ўшанда улар Довуднинг олдига киришган эди. Бас, у улардан қўрқиб кетди. Улар: «Қўрқма, булар–икки даъволашгувчи томон. Биз бир-биримизга зулм қилдик. Бас, орамизда ҳақ ила ҳукм чиқар. Жабр қилма. Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил», дедилар.
Ушбу оятлар билан бошланувчи қиссада, Довуд алайҳиссаломнинг синовга, фитнага дуч бўлганлари ҳикоя қилинади. Юқоридаги оятларда васф қилинганидек, улуғ мартабали, ҳартомонлама етук ва қувватли бўлишига қарамай, у кишининг ҳам синовга йўлиқишларида ибрат ва ваъз-насиҳат бор.
Бу синов қиссаси қисқача қуйидагичадир. Довуд алайҳиссалом ўз вақтини аниқ қилиб тақсимлаб қўйган эди. Маълум бир вақтини подшоҳлик ишларига, одамлар ўртасида қозилик қилиб, ҳукм чиқаришга ажратган эди. Қолган вақтларда маълум муддат тоат-ибодат билан машғул бўлар эди. Унда Забур тиловат қилар, Аллоҳга тасбиҳ айтар ва бошқа илтижоларни қилар эди. У киши меҳробга кириб, ибодатни бошлаганида, то ўзи қайтиб чиқмагунича ҳеч ким ҳузурига киришга рухсат ололмасди.
Кунлардан бир куни Довуд алайҳиссалом ибодат қилиб турганида тўсатдан икки кишининг меҳробга чиққанларини кўриб қолди. Ҳеч ким киролмайдиган ерга бу икки одам нима учун девордан ошиб киришди, деб ўйлаб Довуд алайҳиссалом қўрқиб кетди. Яхши нияти бўлса, бу суратда келмас эди, деган фикр хаёлидан ўтди.
Ушбу оятларда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша ҳодисани эслатмоқда.
«Сенга даъволашганларнинг хабари келдими?»
Демак, даъволашганлар бор экан. Бир масалани талашиб қолиб, уни ҳал қилиш учун Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурига боришса, у киши ибодатда экан. Талашиб-тортишиб қизишганларидан, у кишининг ибодатни тугатишини ҳам кутиб турмасдан, яширинча меҳроб устига чиқиб боришибди.
«Ўшанда улар меҳробга чиқишган эди».
Довуд алайҳиссалом ибодат қиладиган меҳробга чиқиб олишган эди.
«Ўшанда улар Довуднинг олдига киришган эди».
Даъволашган ўша икки киши ибодат қилиб турган Довуд алайҳиссаломнинг олдига изнсиз кириб боришган эди.
«Бас, у улардан қўрқиб кетди».
Кутилмаганда, изнсиз, ман қилинган жойга девор ошиб кириб келишлари яхшилик аломати эмас эди. Мўмин одам Пайғамбарнинг ҳузурига бундай суратда кириб бормайди. Ишончли одам ҳам ҳеч қачон ўзига бу ишни эп кўрмайди. Шунинг учун ҳам Довуд алайҳиссалом қўрқиб кетди. Кириб келганлар буни пайқаб, у кишини тинчлантиришга ҳаракат қилишди.
«Улар: «Қўрқма, булар–икки даъволашгувчи томон».
Эй Довуд, сен биздан ёмонлик кутма. Биз икки даъволашувчи томонмиз.
«Биз бир-биримизга зулм қилдик».
Шунинг учун даъво талашиб, сенинг олдингга келдик.
«Бас, орамизда ҳақ ила ҳукм чиқар».
Сен бизнинг орамизда даъвомиз бўйича адолатли ҳукм чиқар.
«Жабр қилма».
Ҳукмингда ҳеч кимга зулм қилма.
«Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қил», дедилар».
Эҳтимол, талашиб-тортишиш оқибатида биз адашгандирмиз. Сен бизни тўғри йўлга солиб қўй, дейишди.
Сўнг биттаси асосий мақсадга кўчиб, деди:
23. «Мана бу менинг биродарим. Унинг тўқсон тўққизта совлиғи бор. Менинг эса, биргина совлиғим бор. Бас, у: «Уни ҳам менинг кафолатимга бер», деди ва сўзлашувда мендан устун чиқди».
Гап очиқ-ойдин эди. Икки даъвогарнинг бири иккинчисига очиқ зулм қилибди. Ўзининг тўқсон тўққиз совлиқ қўйига бировнинг биттагина совлиғини ҳам қўшиб олибди. Энди ўша мазлум одам Довуд алайҳиссаломга унинг устидан шикоят қилиб турибди. Довуд алайҳиссалом арзни эшитиб бўлиб, унга жавоб берди.
24. У : «Дарҳақиқат, сенинг совлиғингни сўраб, ўз совлиқларига (қўшиш) билан сенга зулм қилибди. Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз», деди. Ва Довуд Биз уни синаганимизни билди-да, тезда Роббига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди.
(Ушбу оят сажда оятидир.)
Довуд алайҳиссалом биринчи даъвогарнинг сўзини эшитиши билан дарҳол ҳукм чиқаришга киришди ва унга:
«Дарҳақиқат, сенинг совлиғингни сўраб, ўз совлиқларига (қўшиш) билан сенга зулм қилибди», деб унинг фойдасига ҳукм чиқарди.
Ҳолбуки, адолат юзасидан аввал иккинчи даъволашган одамнинг ҳам гапини эшитиб туриб, кейин ҳукм чиқаришлари керак эди.
«Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар», деб муносабатини яна таъкидлади.
Доимо молни аралаштириб шерик бўлганлар бир-бирларига зулм қилиб келган. Сенинг соҳибинг ҳам сенга зулм қилибди, демоқчи бўлди.
«Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар)».
Яъни, улардан зулм содир бўлмас, деди. Бу билан иккинчи одамга яна ҳам қаттиқроқ гап тегди. Сўнгра Довуд алайҳиссалом:
«Улар жуда ҳам оз», деди».
Яъни, иймон келтириб, солиҳ амал қиладиганлар жуда оз. Лекин шу пайт хато қилганини англаб қолди. Бу оддий ҳолат эмас, ўзи учун синов эканини тушуниб етди. Аввал- бошда, меҳробга кирган икки киши ҳақида ёмон гумон қилган, кейин бир томонни эшитиб турибоқ ҳукм чиқариб юборган эди. Бундай йўл тутиш олимақом, муқарраб бандаларга хос иш эмаслигини ёдга олди.
«Ва Довуд Биз уни синаганимизни билди-да, тезда Роббига истиғфор айтиб, саждага йиқилди ва тавба қилди».
Бошқалар ҳақида ёмон гумон қилганига, ҳукм чиқаришда бир оз шошилганига қаттиқ афсусланди. Аллоҳ таолога истиғфор айтди, саждага бош қўйди, ибодат этиб, тавба қилди.
Муҳаққиқ тафсирчи олимларимиз, жумладан, Фахриддин Розий, Абу Ҳаййон ва бошқалар оятдаги шу маънони таъкидлаш билан бирга, Бани Исроил Аллоҳ таолога ва Пайғамбарларга бўлган беодобликларидан яна бирини Довуд алайҳиссалом ҳақида нафақат Пайғамбарларга, балки ўзини билган оддий инсонларга ҳам тўғри келмайдиган бўҳтонлар тўқиганини айтиб ўтадилар. Шунингдек, ўша машъум Бани Исроилнинг баъзи уйдирмалари айрим тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганига қаттиқ афсус қиладилар. Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг маъсумлигини, гуноҳ қилишдан сақланганларини доимо эсда тутишимиз лозимлигини қаттиқ таъкидлайдилар. Довуд алайҳиссалом ҳеч қандай гуноҳ қилганлари йўқ, балки бир эътиборсизлик туфайли хато содир бўлди, холос, дерлар
25. Бас, Биз унинг ўша(хатоси)ни мағфират қилдик. Албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир.
Яъни, Довуд алайҳиссалом учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида муқарраблик ва гўзал оқибат бордир. Бу гап ҳам Довуд алайҳиссаломдан Бани Исроил тўқиган уйдирмалар асло содир бўлмаслигига далолатдир. Аллоҳга яқин бўлган бандалар ҳеч қачон гуноҳ ишларни қилмайдилар. Аллоҳ таолонинг ҳузурида гўзал оқибати бор бандалар ҳам ундай ишларни қилмайдилар.
Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссаломга айтган қуйидаги сўзлари ҳам одамлар орасида ҳукм чиқаришда ўта эҳтиёт бўлишни яна бир бор таъкидлайди:
26. Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавои нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир.
Инсон зоти, аслида, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқа бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса, зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир вазифа экани таъкидланмоқда.
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик».
Яъни, Биз сени ер юзида ўзимизга ўринбосар қилиб қўйдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бўл.
«Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит».
Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм юрит.
«Ҳавои нафсга эргашма!»
Ўзингнинг нафсингдан чиқадиган ўй-фикрларга эргашма.
«Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин».
Чунки ҳавои нафсига эргашиш доимо Аллоҳнинг йўлидан адаштириб келган. Одамлар орасида адолат билан ҳукм юритаман деган одам, албатта, Аллоҳ йўлидан адашишга дучор бўлиши турган гап. Бунинг эса, оқибати ёмон.
«Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир».
Ҳавои нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса, ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳнинг йўлидан адашиш дегани, Аллоҳни унутиш деганидир. Бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмлари турганда, бошқа ҳукм юритилар эдими?! Аллоҳнинг ҳукмидан юз ўгирганларга шиддатли азоб бордир.
Аллоҳ таоло Ўз иноятига олган бандаларини эса, худди Довуд алайҳиссалом сингари, аввал-бошдаёқ огоҳлантириб қўяди.
Машҳур тафсирчиларимиздан Ҳофиз Исмоил ибн Касир ушбу ояти каримага тегишли хабарлар ичида қуйидаги ривоятни ҳам келтиради: «Абу Заръа розияллоҳу анҳу халифа Валид ибн Абдулмалик олдига кирди. Ал-Валид унга:
«Менга айт-чи, халифа ҳам ҳисоб-китоб қилинадими? Сен Қуръонни яхши ўргангансан, чуқур биласан», деди. У:
«Эй мўминларнинг амири, айтаверайми?!» деб сўради. Ал-Валид:
«Аллоҳнинг омонидасан, айтавер», деди. Абу Заръа:
«Эй мўминларнинг амири! Аллоҳ учун сен ҳурматлимисан ёки Довуд алайҳиссолату вассаламми?! Аллоҳ таоло унга халифалик ва Пайғамбарликни жамлаб берганидан сўнг унга Ўз китобида таҳдид қилиб: «Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавои нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир», деган», деди».
Довуд алайҳиссалом ҳаётида рўй берган бир синов ва у кишига қилинган насиҳат айтиб ўтилганидан кейин, энди келадиган икки оятда бу дунёнинг ишлари ҳам осмондаги ишлар каби беҳуда эмаслигига, ўз ҳолича ёки ҳар кимнинг хоҳишига биноан бўлавермаслигига, балки ҳар бир нарсадан кўзланган аниқ мақсад борлигига ишорат қилинади:
27. Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганлар учун дўзах(азоби)дан вой бўлсин!
Гап фақат одамлар орасида адолат билан ҳукм юритишдагина эмас. Гап ундан кўра катта, ундан кўра умумийроқ бўлган нарса ҳақида–бутун борлиқнинг бу дунёсию охирати ҳақида кетмоқда.
«Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ».
Биз осмонни ботилдан яратганимиз йўқ. Биз ерни ботилдан яратганимиз йўқ. Биз осмон билан ер орасидаги ҳамма-ҳамма нарсаларни ботилдан яратганимиз йўқ. Биз осмонни ҳақ билан яратганмиз. Биз ерни ҳақ билан яратганмиз. Биз ер билан осмон орасидаги ҳамма-ҳамма мавжудотни ҳақ билан яратганмиз. Шунинг учун ҳам осмонлару ерда ва уларнинг орасидаги барча нарсаларда ҳақ қонун ҳукм суриши керак. Одамлар орасида ҳукм юритишда ҳам илоҳий ҳақиқат ҳукм суриши керак.
Бу ҳақиқатни тан олмаганлар, осмону ер ва уларнинг орасидаги нарсалар ботил учун, беҳудага яратилган, деган бўладилар.
«Бу куфр келтирганларнинг гумонидир».
Куфр келтирганларнинг бутун борлиққа муносабати шу гумондан иборатдир. Уларга қолса, осмон ҳам беҳуда яратилган, ер ҳам беҳуда яратилган, осмону ер орасидаги бутун борлиқ ҳам беҳуда яратилган. Шунинг учун улар бу дунёда Аллоҳнинг айтгани бўйича эмас, ўзларининг ҳавои нафслари хоҳлаганича яшаб ўтадилар.
Демак, борлиққа нисбатан одамлар икки хил муносабатда бўладилар. Иймонли, солиҳ амалли ва тақводор кишилар жаноби ҳақ борлиқни ҳақ билан яратган деб қарайдилар ва бу дунёда Аллоҳнинг ҳақ кўрсатмаси билан яшайдилар. Куфр келтирган бузғунчи фожирлар эса, уларнинг барчасини ботил деб биладилар. Шунинг учун ҳам бу дунёда Аллоҳнинг ҳақ ҳукми асосида эмас, ўзларининг ботил ҳукмлари асосида яшаб ўтадилар.
Қиёматда ҳамма Аллоҳнинг ҳузурига қайтган чоқда ҳар кимга бу дунёда қандай яшаб ўтганига қараб муомаласи қилинади. Ҳамма баробар бўлавермайди. Мазкур ҳақиқатни Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилади:
28. Йўқ! Биз иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик?! Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!
Куфр келтирган кимсалар борлиқ ҳақида, ундаги ишлар ҳақида нотўғри гумонга борадилар.
«Йўқ!»
Кофирлар гумон қилганидек, ҳар ким ўз билганини бажариб, сўнгра қутулиб кетавермайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади.
«Биз иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларни ер юзида бузғунчилик қилувчилар каби қилармидик!»
Ҳаммага бир хил муомала бўлмайди. Иймон келтириб, солиҳ амал қилганларни охиратда олий мукофотлар билан мукофотлаймиз. Ер юзида бузғунчилик қилувчиларни эса, дўзахга солиб, шиддатли азоблар билан азоблаймиз.
«Йўқ!»
Куфр келтирганларнинг борлиқ ва ундаги ишлар ҳақидаги гумонлари нотўғри.
«Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!»
Улар билан булар айри-айри муомала кўрадилар. Тақводорлар тақволарига яраша охиратда жаннатнинг олий даражаларига эришадилар. Фожирлар дўзахнинг энг қаърига тушиб, анвойи азоблар билан азобланадилар.
Мўминлар ва кофирларга бир хилда муносабатда бўлиш Аллоҳ таолонинг ҳикматига ҳам, адолатига ҳам тўғри келмайди. Итоаткор, тақводор банда мукофотланиши, осий, фожир банда жазоланиши керак. Бунинг учун эса, охират, қиёмат, ҳисоб-китоб бўлиши зарур. Чунки ҳамма тақводор ҳам ўзига яраша мукофотни бу дунёда тўлиқ олмайди. Адолат тўла юзага чиқиши учун охират керак. Охиратда эса, юқорида зикр этилганидек, ҳар кимга ўзига яраша муомала қилинади.
Ана шуларни кишиларга баён қилиш учун Қуръони Карим нозил қилингандир.
29. Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир.
Эй Муҳаммад, одамлар орасида ҳақ билан ҳукм юритишинг учун Биз сенга Қуръонни туширганмиз.
«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир».
Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу Китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга–Қуръонга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин. Биз Қуръонни кишиларни икки дунё саодатига бошлаш учун нозил қилдик.
«Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир».
Қуръон оятларини ақлли кишилар тадаббур қиладилар–чуқур тафаккур қиладилар. Қуръон оятларидан ақлли кишилар эслатма оладилар.
Энди Довуд алайҳиссаломнинг ўғили Сулаймон алайҳиссаломнинг қиссаси келади:
30. Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай ҳам яхши бандадир. Албатта, у ўта қайтгувчидир.
Аллоҳ таоло бу оятда бандаси ва Пайғамбари Довуд алайҳиссаломга бошқа бир Пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломни ўғил қилиб берганининг хабарини бермоқда ва Сулаймон алайҳиссалом ҳақида мақтов сўзларини айтмоқда.
« Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай ҳам яхши бандадир».
Яъни, Сулаймон қандай ҳам яхши бандадир. Ўша яхши бандалигининг энг кўзга кўринган хислатларидан бири шуки:
«Албатта, у ўта қайтгувчидир».
Ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтувчидир. Доимо Аллоҳга тавба қилиб турувчидир.
31. Эсла, бир оқшом унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди.
Сулаймон алайҳиссаломга кунлардан бир куни оқшом-асрдан кейинги пайтда, ғоятда гўзал ва учқур отлар кўрсатилди. У зот отларни завқ билан томоша қилди. Бу ҳолат бир муддат давом этди. Сўнг Сулаймон алайҳиссалом сергак тортди.
32. У: «Албатта, мен Роббимнинг зикридан кўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто (қуёш) парда ила беркинибди-ку!
33. Уларни менга қайтаринг!» деди. Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини «силай» бошлади!
Яъни, дунё матоҳлари бўлмиш отларга қизиқиб кетиб, вақтни ўтказибман, улар зеҳнимни Роббимнинг зикридан чалғитибди. Уларга берилиб кетганимдан қуёш парда ортига ўтганини-ботганини ҳам сезмай қолибман, деди.
Қуёш ботганидан кейин ўзига келиб, бир онлик бу сустликни тузатишга киришди.
«Уларни менга қайтаринг!» деди.
Яъни, менинг эътиборимни тортган ўша отларни менга қайтариб олиб келинг, деди.
«Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини «силай» бошлади!»
Яъни, қурбонлик қилиб, сўйиб юборди. Бир муддат зеҳнимни Аллоҳнинг зикридан чалғитгани учун бу отларни Аллоҳ йўлида қурбонлик қилай, деб бўйинлари ва оёқларини кеса бошлади.
Бани исроилликлар худди Довуд алайҳиссалом ҳақида ёлғон уйдирганидек, Сулаймон алайҳиссаломнинг бошидан кечган бу воқеани ҳам шарҳлаб, у зот алайҳиссаломнинг шаънига турли-туман иғво ва бўҳтонларни ёғдиришган. Ана шу уйдирмалардан баъзилари, минг афсуски, тафсир китобларимизга ҳам кириб қолган. Аммо муҳаққиқ тафсирчиларимиз, жумладан, улуғ имомлар Имом Розий, Имом Байзовий ва Имом Насафийлар бу ботил ривоятларга етарлича жавоб берганлар. Бу ҳақда Сулаймон алайҳиссалом от ўйнатишга берилиб кетиб, аср намозини қазо қилган, дейишигача бориб етилган. Аммо бу қусур Пайғамбарларнинг исматига-гуноҳ қилмаслик табиатига мос эмас. Кейин келадиган оятларни шарҳлаб, Сулаймон алайҳиссаломнинг узугини шайтон тақиб олиб, ўрнига ҳукм юритган, деган бўхтонлар ҳам тўқилган. Аммо буларнинг ҳаммаси Бани Исроилнинг уйдирмаларидан бошқа нарса эмас.
Эътибор билан ўрганилса, бу синов нима учун юз бергани ойдинлашади:
34. Батаҳқиқ, Биз Сулаймонни синадик. Унинг курсисига жасадни ташладик. Сўнгра у тавба қилди.
Ушбу ояти каримадаги зикр қилинган синов нимадан иборат? Курсига ташланган жасад нима эди? Бу саволга бошқа оятларда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам очиқ-ойдин жавоб йўқ. Шунинг учун ҳам турли асоссиз қисса ва ҳикоялар кўпайиб кетган.
Эътиборли тафсирчиларимиз бу оятга бевосита боғлиқ ҳадислар бўлмаса ҳам, бир саҳиҳ ривоят борлигини айтиб, ўша ривоят эҳтимол бу оятни тўғри тушунишга ёрдам берар, дерлар
Имом Бухорий Ҳазрати Абу Ҳурайра розяллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Сулаймон, бу кеча етмиш аёлни айланиб чиқаман, уларнинг ҳар бири Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз туғади», деди. Инша Аллоҳ, демади. Бас, у аёлларни айланиб чиқди. Улардан биргина аёл ҳомиладор бўлиб, яримта (чала) бола ташлади. Менинг нафсим қўлида бўлган зот билан қасамки, агар, инша Аллоҳ, деганида уларнинг ҳаммаси чавандоз бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилар эдилар».
Бу ҳадиси шарифни оятга боғлиқ биладиган бўлсак, қуйидаги маънолар келиб чиқади.
«Батаҳқиқ, Биз Сулаймонни синадик».
Демак, Сулаймон алайҳиссалом ҳам бошқа Пайғамбарлар сингари, хусусан ўз отаси Довуд алайҳиссалом каби, Аллоҳ таолонинг синовига учраган. Синовнинг бир қисми у кишига отларнинг кўрсатилиши эди. Сўнгра, отларни кўриб, Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган чавандоз ўғиллари бўлишини орзу этди. Шунда, ҳадиси шарифда келганидек, хотинларидан етмиштасига бир кечада айланиб чиқишни ва улардан Аллоҳ йўлида жиҳод қиладиган етмишта чавандоз ўғил кўришни ният қилди-ю, лекин инша Аллоҳ, демади. Ўзидан ўтган бу кичиккина сустликни қалби дарҳол сезди. Бунинг устига, ашёвий далил ҳам келди.
«Унинг курсисига жасадни ташладик».
Ўша кеча ҳомиладор бўлган биргина хотини ҳам чала бола туғиб қўйди. Ўша яримта жасад Сулаймон алайҳиссаломнинг курсисига келтирилди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом гап нимада эканини тўла англаб етди.
«Сўнгра у тавба қилди».
Аллоҳ таолога қайтди–юзланди. Ҳеч қачон Аллоҳнинг зикридан бошқа нарсага кўнгил бурмасликка ва инша Аллоҳ демасдан бирор иш қилмасликка азму қарор берди.
35. У: «Эй Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин. Албатта, сен кўплаб атоларни бергувчисан», деди.
Арабларда: «Ҳасанатул аброр саййиатул муқаррабийн», деган гап бор. Яъни, яхши бандаларнинг гўзал амаллари муқарраб, (Аллоҳга яқин бандалар) учун ёғонлик ҳисобланиши мумкин. Шунингдек, Сулаймондек алайҳиссалом зотнинг отларга завқланиб кетиши, бир марта инша Аллоҳ демай гапириб қўйиши ўзи учун оғир мусибат бўлиб кўрилган. Шунинг учун:
«У: «Эй Роббим, мени мағфират қилгин...» деб Аллоҳ таолодан мағфират сўраган.
Аллоҳ таолодан мағфират сўраш учун, албатта, катта бир гуноҳни қилиш шарт эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, аввалгию охирги гуноҳларини Аллоҳ таоло кечирган бўлишига қарамай, доимо истиғфор айтиб юрар эдилар. Шунингдек Сулаймон алайҳиссаломнинг:
«ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин» дейиши асло қизғанчиқлик ё «ўзим бўлай» қабилидаги тилак эмас. Балки Сулаймон алайҳиссалом бу тилак билан ўзига хос бир мўъжиза бўлишини, мулки ўзидан кейин келадиган ҳар қандай мулкдан ажралиб туришини орзу қилди. Аллоҳ таоло у зотнинг дуоини қабул этди ва сўраганидек мулкни берди.
36. Бас, Биз унга шамолни бўйинсундирдик, у ирода қилган томонга майин эсаверади.
37. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам.
38. Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйинсундирдик).
Ушбу уч оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг дуосини қабул қилиб, унга хос қилиб берган нарсалари зикр этилмоқда. Бу неъматлар олдин ўтган сураларда ҳам зикр қилинган. Аммо бу сурадаги зикр ўзига хос услуб билан келмоқда. Ўзига хос тароват бахш этмоқда.
«Биз унга шамолни бўйинсундирдик...»
Сулаймон алайҳиссалом нимани истаса, шамол шу истаккка сўзсиз бўйинсунадиган бўлди.
«...у ирода қилган томонга майин эсаверади».
Бу иш Аллоҳ таолога жуда осондир. Чунки Сулаймон алайҳиссалом ҳам, шамол ҳам Аллоҳ яратган махлуқдир, Аллоҳнинг иродаси остидаги халқдир. Шулардан бирини иккинчисига бўйинсундириб қўйиш Аллоҳ учун иш эмас.
«Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам» бўйинсундириб қўйдик. Бинокор шайтон-жинлар у кишининг амрига бўйинсуниб, оддий одамларнинг қудрати етмайдиган улкан қасрлар қуриб беришар эди. Ғаввос шайтонлар эса, денгиздан дуру маржонлар териб беришарди.
«Ва бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйинсундирдик)».
Яъни, бошқа ўзбошимча шайтон-жинлар кишанланиб, иккита-иккита ёки кўпроқ ҳолда бир-бирларига жамланиб, Сулаймон алайҳиссаломга бўйинсундирилган эди. Улар Сулаймон алайҳиссалом хоҳлаган ишларни бажо келтиришарди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бир куни: «Бугун кечаси жинларни ушлаб боғлаб қўйган эдим. Биродарим Сулаймоннинг: «Эй Роббим, менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган мулкни ҳадя этгин», деган гапини эслаб, қўйиб юбордим, йўқса, сизлар ҳам уларни кўрар эдиларингиз», деганлар.
Ундан кейин Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга деди:
39. Бу Бизнинг ато этган нарсамиздир. Инъом эт ёки тутиб қол, ҳисоб йўқ.
Мана шу зикр қилинган нарсалар бизнинг сенга ато этган кенг ва ўлчовсиз неъматларимиздир. Ихтиёр ўзингда, хоҳлаганингча тасарруф қил. Хоҳласанг, бошқаларга ҳам улардан инъом эт. Хоҳласанг, бермай тутиб қол. Нима қилсанг ҳам, сенга бу борада ҳисоб-китоб йўқдир, деди.
Аммо Аллоҳ таолонинг Сулаймон алайҳиссаломга берган неъматлари бениҳоядир:
40. Ва, албатта, унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат бордир.
Сулаймон алайҳиссалом учун, албатта, у дунёда гўзал оқибат бордир. Бу эса, Аллоҳ таолонинг Сулаймон алайҳиссаломга берган улуғ даражаси, иззат-икроми ва тақдирловидир.
Энди яна бир синов ҳақида, сабр этиш ва сабрлиларга Аллоҳ таолодан фазлу карам бўлиши тўғрисида қисса келади:
41. Бизнинг бандамиз Аййубни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди.
Эй Муҳаммад, сен Бизнинг бандамиз Аййубни эсла. У ҳам кўп қийинчиликларга учраган. Бу нарса сенга ва умматларингга ўрнак бўлсин.
«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди».
Бутун дунёда Аййуб алайҳиссаломнинг сабри зарбулмасал бўлиб кетган. Биров ўзига сабр сўрайдиган бўлса, менга Аййуб алайҳиссаломнинг сабридек сабр бер, деб сўрайди. Биров бошқа бир шахснинг сабрини мадҳ қилмоқчи бўлса ҳам, фалончига Аллоҳ таоло худди Аййуб алайҳиссаломнинг сабридек сабр берган, деб васф этади. Аййуб алайҳиссалом ҳам ҳаётида худди Довуд алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссалом каби синовга дучор қилингани маълум ва машҳур. У зотнинг сабри айнан ўша машаққатли синовда намоён бўлган. Лекин айнан қандай синов келгани ҳақида маълумот йўқ. Чунки муҳими синовнинг келгани, унинг тури эмас. Моҳияти ибрат учун керак. Шу боисдан ҳам Қуръони Каримда Аййуб алайҳиссалом қандай синовга учраганлари зикр қилинмаган. Ҳадиси шарифларда бу хусусда ривоят йўқ. Бани Исроил эса, одатдагидек, бошқа анбиёларга нисбатан тўқигандек, Аййуб алайҳиссаломга ҳам бўхтонлар тўқиб ташлашган. Уларнинг асосий жиноятларидан бири ҳам шудир. Маълум сабабларга кўра, жумладан, Исломни қабул этган Бани исроилликлар орқали ёки улардан айримларининг душманликлари оқибатида улар тўқиган уйдирмалар баъзи тафсир китобларимзга ҳам кириб қолган. Лекин, алҳамдулиллаҳ, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз бу офатга қарши курашиб, у қиссаларнинг ботил эканини исбот қилганлар. Кўплари мусулмонларнинг зеҳнини заҳарламаслик учун ўша уйдирма қиссаларни зикр ҳам қилмайдилар.
Аййуб алайҳиссалом ҳақида, у кишининг сабри ҳақида тўқилган ёлғонларнинг энг одоблисида айтилишича, у киши алайҳиссалом жуда хунук дардга мубтало бўлган эмиш. Яқинида туриб бўлмайдиган даражада ёмон аҳволга тушган эмиш. Бадани парча-парча бўлиб, узилиб тушаверармиш. Фақат хотинигина қолиб, бошқалар ундан нафрат қиладиган ҳолга келишганмиш ва ҳоказо. Бундай афсоналар Пайғамбарлик мақомига мутлақо зиддир. Аллоҳ таоло бошқаларга ўрнак бўладиган хос бандасига–Пайғамбарга одамлар нафрат қиладиган даражада жирканч касаллик бермайди. Қолаверса, Аллоҳ таоло бандаларга Пайғамбарларнинг қиссаларидан ибрат олишни амр қилган. Улар ҳақида турли қиссалар тўқишга ёки касалининг турини ахтаришга буюрган эмас. Шунинг учун энг тўғри йўл Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифда келган хабарлар билан кифояланишдир.
Аййуб алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаси, танлаб олган Пайғамбаридир. Бошқа Пайғамбарлар қатори, Аллоҳ таоло у кишини ҳам синовга солган. Ўзининг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишининг умматларига ибрат, тасалли бўлиши учун ўша синов ҳақида хабар бермоқда. Аллоҳ таолонинг синовини Аййуб алайҳиссалом жуда ҳам гўзал сабр билан қарши олган. Афтидан, синов молу дунё, аҳли аёл ва саломатлик борасида бўлганга ўхшайди. Аййуб алайҳиссалом бу синовларнинг ҳаммасига сабр қилиб, бирор лаҳза ҳам Аллоҳдан узилмай, Унга бўлган ишончи сусаймай, розилигини тилаб турган.
Шайтон эса, машаққатли синов лаҳзаларида Аййуб алайҳиссалом билан бирга қолган барча мухлис кишиларни васваса қилар эди. Ўша мухлислар ичида у зот алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам бор эди. У аёлга ҳам турли томондан васваса қилинарди. Унга, агар Аййубни Аллоҳ яхши кўрганида уни балога гирифтор этмас эди, дейиларди. Бу гаплар Аййуб алайҳиссаломга ҳам етиб келди. Хотини мазкур гаплардан баъзиларини айтганида, у киши имкон топганида аёлни уришга қасам ичди.
«Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Албатта, мени шайтон машаққат ва азоб ила тутди», деди».
Аййуб алайҳиссалом ҳамма нарса Аллоҳ таолодан бўлишини яхши билса ҳам, кўнгилсиз нарсани одоб юзасидан шайтонга нисбат берди. Шунингдек, бу шикоят билан мухлис кишиларини шайтон васвасага солаётганига, бундан ўзи ҳам озорланаётганига ишора қилди.
Аллоҳ таоло у кишининг бу нидосига, илтижосига, ёлборишига муносиб жавоб берди:
42. «Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)».
Яъни, оёғинг билан ерни тепгин, деди. Аййуб алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига итоат этиб, оёғи билан ерни тепган эди, у ердан сув чиқди. Шунда Аллоҳ таоло:
«Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», деди.
Демак, шу сувга чўмилган одам шифо топади. Ундан ичилса, ички дардларга даво бўлади. Шундай бўлди ҳам.
Уламоларимиз шу жойда ўта нозик бир жиҳатга эътибор берадилар. Аллоҳ таоло Аййуб алайҳиссаломга тайёр сувни кўрсатмасдан:
«Оёғинг ила ерни тепгин», деди. У киши ерни тепганида, сув чиқди. Сўнгра Аллоҳ:
«Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», деди.
Бундан Аллоҳ таоло ҳамма нарсани тайёрлаб бермайди, балки банданинг ўзида ҳаракат бўлса, ёрдам беради, деган маъно англашилади. Шунинг учун ҳар бир нарсада, жумладан, дардга даъво излашда ҳам банда Аллоҳдан ёрдам тилаган ҳолида ўзи ҳаракат қилиши керак.
43. Ва Биз унга аҳлини ва яна улар билан бирга мислларичани ҳам ҳадя этдик. Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди.
Аййуб алайҳиссаломга мазкур сувда чўмилиб, ундан ичиб, шифо топганидан кейин Аллоҳ таоло у кишига аҳлини қайтарди. Улар билан бирга зиёда қилиб, яна ўшанча аҳл ҳам берди. Қандай қилганини Ўзи билади. Ўлиб кетганларини тирилтирганми, қочиб кетганларини қайтарганми ёки бутунлай янгитдан берганми бу томони Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум.
«Бу Биздан раҳмат ўлароқ ва ақл эгаларига эслатма учун бўлди».
Аййуб алайҳиссаломга аҳли қайта берилиши ва яна уларнинг мислича аҳл ҳам зиёда қилиниши Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Шунингдек, ақл эгалари учун эслатма ҳамдир. Бу ҳодисадан хабардор бўлган ҳар бир ақлли одам бошига бало-офат ва мусибат тушганида Аййуб алайҳиссалом каби гўзал сабр қилса, охир-оқибат Аллоҳнинг раҳмати келишини эслайди, ибрат олади.
Шундай қилиб, Аййуб алайҳиссалом соғайиб кетди, аҳли ҳам икки баробар бўлиб қайтди. Энди учинчи нарса қолди. Энг оғир пайтларда ихлос билан ёнида турган вафодор хотинини имкон топганида уришга қасам ичиб қўйган эди, ўша қасамга амал қилиш қолди. Бу мушкул иш эди. Шундай вафодор ва мухлиса аёлни, оғир ва машаққатли лаҳзаларда елкадош бўлган, бало-офатларни бирга тотган инсонни мушкул ариганидан кейин юз таёқ уриш керак. Дарҳақиқат, бу оғир муоммо эди. Лекин Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ила бу муаммони ҳам ҳал этди. Аллоҳ таоло Аййуб алайҳиссаломга деди:
44. «Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма», (деди). Биз уни сабрли топдик. У қандай ҳам яхши банда. Албатта, у ўта қайтгувчидир.
Аллоҳ таоло Аййуб алайҳиссаломга қасамини қандай адо этишни ўргатмоқда ҳамда у кишига ўзи томонидан бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабабини баён қилмоқда:
«Қўлингга бир дастани ол-да, у билан ур. Қасамингни бузма».
Эй Аййуб, неча марта уришни айтган бўлсанг, ўшанча новдани бир даста қилиб ол-да, у билан хотинингни ур. Шунда қасамингни адо этган бўласан. Қасаминг бузилмайди.
Бунчалик фазлу карам кўрсатилишининг сабаби:
«Биз уни сабрли топдик».
Синов келганида, Аййуб ўта гўзал сабр ила сабр қилди. Бизга бўлган ишончи сусаймади. Бир лаҳза ҳам Бизнинг розилигимизни топишдан умидини узмади.
«У қандай ҳам яхши банда».
Аййуб ниҳоятда яхши бандадир.
«Албатта, у ўта қайтгувчидир».
Довуд, Сулаймон ва Аййуб алайҳимуссаломларнинг қиссалари батафсил зикр қилинганидан кейин, эндиги оятларда бир қанча Пайғамбарлар ҳақида қисқа-қисқа хабарлар келади. Барчасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли берилади:
45. Қўллар ва кўзлар соҳиблари бўлган бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсла.
Эй Муҳаммад, бандаларимиз Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларни эсла. Улар қўллар (қувват) ва кўзлар (ақл-заковат) соҳиблари эдилар. Уларнинг ҳаётларида ҳам қийинчиликлар, машаққатлар ва синовлар бўлиб ўтган.
46. Албатта, Биз уларни холис бир хислат-ла ажратдик. У (охират) диёрини эслаш эди.
Яъни, Биз юқорида номлари зикр этилган Пайғамбарларга–Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларга хос бир хислатни ато этдик. Доимо охират диёрини эслаш хислатини бердик. Улар бир лаҳза ҳам охиратни унутмас эдилар. Уларни бошқалардан ажратиб турадиган хислат шу эди.
47. Албатта, улар Бизнинг ҳузуримизда танланган ахёрлардандирлар.
Бу бандаларимиз одамлардан Пайғамбарликка танлаб олинган, мустафо ва хайрли бандалардандир.
48. Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-Кифлни ҳам эсла. Барчалари ахёрлардандир.
Бу уч Пайғамбар ҳаётида ҳам эслашга лойиқ ибратли ҳодисалар бўлиб ўтган. Улар ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ахёр–энг яхши бандалардан бўлганлар.
Ана ўша Пайғамбарларнинг ҳаётидан, Аллоҳ йўлидаги курашишларидан, дин йўлидаги фидокорликларидан, бало-офатларга, машаққатларга сабрларидан, турли синовларга бардош беришларидан, кофирлар, мушриклар ва мунофиқлардан келган озорларни кўтара билишларидан ибрат, ўрнак олиш керак.
49. Бу эслатмадир. Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат.
50. Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари бордир.
Бу қиссалар эслатмадир. Уларни эслаб, ибрат ва ўрнак олиб туриш керак. Яна шуни ҳам унутмаслик кераки:
«Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат» бордир.
Нима бўлса бўлсин, бу дунёда тақво билан яшаган кишилар учун энг гўзал оқибат бордир. Ўша гўзал оқибат фақат тақводорлар учун эканини унутмаслик керак. Ҳа:
«Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари бордир».
Адн жаннати истиқомат жаннатидир. Охиратда тақводорларни эшикларини очиб кутиб олади.
Тақводорлар адн жаннатларига кириб:
51. У ерда ёнбошлаган ҳолларида ундаги кўплаб мевалар ва шароблардан чақирадилар.
Ўша адн жаннатидаги сўриларда ястаниб, ёнбошлаган ҳолларида ундаги турли-туман мева-чевалар ва шароблардан чақирадилар. Нимани чақирсалар, ўша заҳоти ҳозир қилинади. Улар бу мевалар ва шаробларни эҳтиёжлари тушганидан эмас, лаззат учун, яна ҳам кўпроқ ҳузурланиш учун чақирадилар. Ҳолбуки, жаннатда оч қолиш ҳам, чанқаш ҳам йўқ.
52. Уларнинг ҳузурида кўзларини (номаҳрамдан) тийган тенгдош(ҳур)лар бордир.
Ёшда ҳам, ҳусн-жамолда ҳам тенгдош бўлган ҳурлар ўз жуфтларидан бошқа кишиларга назар солмаган бўладилар. Яъни, улар тақводор жаннатиларгагина хос қилингандирлар.
53. Бу сизга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир.
Яъни, юқоридаги оятда зикр қилинган адн жаннати, мева-чевалар, шароблар, ҳурлар ҳаммаси сизга ҳисоб–қиёмат куни учун ваъда этилган нарсалардир.
54. Албатта, бу Бизнинг (берадиган) ризқимиздир. Унинг ҳеч тугаши йўқдир.
Зикр қилинган ана ўша нарсалар Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига берадиган жаннати, ризқи. У ризқ доимий ва абадийдир. У ҳеч қачон тугаб қолмайди.
Аллоҳ таоло тақводор бандаларига берадиган олий мартабалар, нозу неъматлар ва роҳат-фароғатлар васф қилиниб бўлгач, энди келадиган оятларда фосиқ ва фожирларга охиратда бўладиган муносабат ҳақида сўз юритилади:
55. Иш бундайдир. Албатта, туғёнга кетгувчилар учун ёмон оқибат.
56. Жаҳаннам бордир. Унга кирурлар. Бас, у қандай ҳам ёмон ётоқ!
Аллоҳ таоло бу икки оятда туғёнга кетиб, ҳаддан ошган, дунёдан кофир, мушрик, мунофиқ ва осий бўлиб ўтганларнинг оқибати нима бўлишининг васфини бошламоқда.
«Албатта, туғёнга кетгувчилар учун ёмон оқибат–Жаҳаннам бордир».
Бу дунёда нималар бўлса ҳам, туғёнга кетганлар нималар қилсалар ҳам, жазоларини тўла олмай ўтиб кетсалар ҳам, барибир охиратда улар учун ёмон оқибат бор. Бу ёмон оқибат жаҳаннамдир. Туғёнга кетувчилар қиёмат куни, албатта:
«Унга кирурлар».
Кирмасдан қолмаслар.
«Бас, у қандай ҳам ёмон ётоқ!»
Жаҳаннам нақадар ёмон ётоқ, нақадар ёмон турар жой!
57. Мана буни татиб турсинлар; қайноқ сув ва йирингни!
Тақводорлар адн жаннатига кирган бўлсалар, туғёнга кетганчилар жаҳаннамга дохил бўлдилар. Жаннат қандай ҳам яхши жой! Жаҳаннам қандай ҳам ёмон ётоқ! Тақводорлар жаннат роҳати устига турли-туман мевалар ва шароблардан тотиб, ҳузурларига ҳузур қўшсалар, туғёнга кетувчилар жаҳаннам азоби устига қайноқ сув ва йирингни тотиб, азоб чекадилар.
58. Ва бошқа унинг шаклидаги қўша-қўша (азоблар) ҳам.
Яъни, зикр қилинган азобга ўхшаган бошқа қўша-қўша азоблар ҳам бордир. Улар жаҳаннамга шиддат билан кетма-кет кириб қолаверадилар. Шунда дунёда пешволик қилиб, жаҳаннамга олдин кирганлар:
59. «Мана бу гуруҳ ҳам сиз билан бирга бостириб киргувчидир. Уларга марҳабо йўқ. Улар, албатта, жаҳаннамга киргувчилардир», дерлар.
Яъни, бу дунёда куфр ва исён йўлида пешволик қилганлар жаҳаннамга энг олдин кирадилар ва ортларидан кирганларни кўриб, бир-бирларига:
«Мана бу гуруҳ ҳам сиз билан бирга бостириб киргувчидир».
Яъни, мана бу гуруҳ ортингиздан жаҳаннамга шиддат билан бостириб кирган гуруҳдир, дерлар
«Уларга марҳабо йўқ».
Улар хуш келмабдилар. Бу жойга келиб нима қилар эдилар?!
«Улар, албатта, жаҳаннамга киргувчилардир».
Жаҳаннамдан бошқа қаерга ҳам кирар эдилар,! дерлар
Ёруғ дунёда кофир пешволарга эргашиб юрганлар уларнинг ортидан кираётиб, қуйдаги жавобни айтадилар:
60. Улар: «Йўқ! Ўзингизга марҳабо йўқ! Сизлар ўша(жаҳаннам)ни бизга тақдим қилдингиз! Бас, у нақадар ёмон қароргоҳ!» дерлар.
Бу дунёда эргашувчи бўлган, у дунёда пешволари ортидан жаҳаннамга кириб қолган шахслар, уларни жаҳаннамда туриб маломат қиладилар:
«Йўқ!»
Йўқ, эй пешволар, биз ҳақимизда айтган гапингиз нотўғри.
«Ўзингизга марҳабо йўқ!»
Сизнинг ўзингиз хуш келмабсиз. Жаҳаннамга киришимизни юзимизга солмоқдасиз. Буни бизга ким тақдим этди?!
«Сизлар ўша(жаҳаннам)ни бизга тақдим қилдингиз!»
Сизнинг гапингизга ишониб, ортингиздан эргашган эдик, энди жаҳаннамга кирадиган бўлдик.
«Бас, у нақадар ёмон қароргоҳ!» дерлар.
Яъни, пешволарнинг гапларини ўзларига қайтариб отадилар. Яна уларга азобни зиёда қилишни ҳам сўрайдилар.
61. Улар: «Эй Роббимиз, бизга бу(жаҳаннам)ни ким тақдим этган бўлса, унга дўзахда икки баробар азобни зиёда қил!» дерлар.
Яъни, эргашганлар пешволарига дўзах азоби икки баробар бўлишини сўраб, Аллоҳга дуо қиладилар. Ўша пешволарнинг ўзлари кофир ва осий бўлганлари учун бир баробар, бошқаларни ҳам адаштириб, уларга дўзахни тақдим қилганлари учун икки баробар азоб сўрайдилар.
Жаҳаннамга ўтин бўлган кимсалар атрофларига қараб, яна бир-бирларига сўз қотадилар:
62. Улар: «Бизга нима бўлди? Ёмонлардан ҳисоблаб юрган кишиларимизни кўрмаяпмиз?
63. Биз уларни масхара қилиб олган эдикми ё?! Ёки кўзлар улардан тойдими?!» дерлар.
Туғёнга кетганлар жаҳаннамда туриб, унга тушган одамларга қараб, ўз ҳисоблари бўйича тафаккур қилиб, кўзларига ҳам, ўзларига ҳам ишонмай, бир-бирларидан сўрай бошлайдилар:
«Бизга нима бўлди?»
Соғмизми ўзи? Ақли-ҳушимиз жойидами? Агар соғ бўлсак, ақли-ҳушимиз жойида бўлса, нима учун у дунёда
«Ёмонлардан ҳисоблаб юрган кишиларимизни кўрмаяпмиз?»
Агар жаҳаннам ҳақиқатда ёмонларнинг жойи бўлса, нима учун ўша биз ёмон ҳисоблаб юрган одамлар унга кирмадилар?
«Биз уларни масхара қилиб олган эдикми ё?!»
Ёки, аслида, улар яхши одамлар бўлсалар ҳам, биз уларни ўзимизча масхара қилиб, ёмон санармидик?!
«Ёки кўзлар улардан тойдими?!» дерлар».
Ёки улар жаҳаннамда бўлсалар ҳам, бизнинг кўзимиз тойиб, уларни кўра олмадикми, дерлар. Ҳолбуки, туғёнга кетиб, жаҳаннамга тушганларнинг эгри ва бузуқ ўлчовлари билан ёмонлардан ҳисобланган мўминлар жаннатда ҳузур-ҳаловатга кўмилиб ётган бўладилар. Йўқ, жаҳаннам аҳлининг кўзлари ҳам жойида, ўзларига ҳам ҳеч нарса бўлгани йўқ. Фақат ёруғ дунёда туғёнга кетиб, ҳамма нарсани Аллоҳнинг мезони билан эмас, ўзларининг бузуқ ўлчовлари билан ўлчаб юрганлар. Ўзларини яхшилардан, мўминларни ёмонлардан ҳисоблаганлар. Ҳолбуки, ҳақиқий ўлчов Аллоҳнинг ўлчовидир, шариат ўлчовидир, Қуръон ўлчовидир. Ушбу ўлчовда яхши деб ўлчанган инсон яхши бўлади ва жаннатга киради. Ўша ўлчовда ёмон деб ўлчанганлар ёмон бўладилар ва жаҳаннамга кирадилар. Туғёнга кетганларнинг ўлчови эса, тескари ўлчовдир. Уларнинг ўлчовида яхши деб ўлчанганлар улар каби жаҳаннамга кирадилар. Уларнинг ўлчовида ёмон деб ҳисобланганлар жаннатга кириб кетиб, «яхшилар», бизга нима бўлди, деб қоладилар.
64. Албатта, мана шу ҳақдир–дўзах аҳлининг ўзаро тортишувидир.
Яъни, ушбу оятларда зикр қилинганлар ҳақдир. Булар дўзах аҳлининг ўзаро тортишувидир. Бу нарса, албатта, бўладиган ишдир.
Шундай экан, Аллоҳнинг биру борлигига иймон келтириш керак. Пайғамбарнинг огоҳлантиришларидан огоҳ бўлиш керак. Аллоҳ таоло нозил этган ваҳий–Қуръонга амал қилиб яшаш керак.
Шунинг учун ҳам келгуси оятларда бевосита ушбу масалаларга қайтилади:
65. Сен: «Мен фақат огоҳлантиргувчиман, холос. Ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқдир, магар ягона ва ўта қаҳрли Аллоҳгина бор.
66. У осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби, Азизу Ғаффордир», деб айт
Эй Муҳаммад, сен ана у мушрикларга бор гапни айт. Улар ҳақиқатни очиқ билиб қўйсинлар. Сен уларга:
«Мен фақат огоҳлантиргувчиман, холос», деб айт
Улар ўзларича: «Муҳаммад худоларни битта қилиб қўйдими?! Бу жуда ажабланарли нарса-ку», деб юрмасинлар. Сен худоларни бирлаштирувчи ҳам эмассан. Қандайдир ажабланарли ишларни қилувчи ҳам эмассан. Сен фақат огоҳлантирувчисан, холос. Сен ўша огоҳлантиришинг зимнидаги қуйидаги маъноларни ҳам уларга айт:
«Ҳеч бир ибодатга сазовор зот йўқдир, магар ягона ва ўта қаҳрли Аллоҳгина бор».
Борлиқда Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор ҳеч қандай зот йўқ. Ўша Аллоҳнинг сифати ягоналикдир. Мушриклар даъво қилаётганидек Унинг шериги йўқдир.
У Қаҳҳор–ўта қаҳрлидир. Ҳар бир нарсани Ўзига бўйинсундиргувчидир.
«У осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби, Азизу Ғафордир», деб айтгин».
Ўша ягона Аллоҳ–осмонлару ернинг ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Робби–яратувчиси, тасарруф қилувчисидир. У яна Азиз–ҳаммадан ғолибдир, ҳеч кимдан мағлуб эмас. У яна Ғаффор–тавба қилганлар учун ўта мағфиратли зотдир.
Эй Пайғамбар!
67. Сен: «Бу улуғ бир хабардир.
68. Сиз бўлсангиз, ундан юз ўгирмоқдасиз.
69. Менинг олий тўплам ҳақида улар тортишаётганларида ҳеч билимим бўлмаган эди.
70. Менга фақат ўзимнинг очиқ-ойдин огоҳлантиргувчи эканлигимгина ваҳий этилур», деб айт
Эй Муҳаммад, Қуръон ҳақида шак-шубҳага тушаётган ўша мушрикларга гапнинг очиғини айт. Сен уларга Қуръоннинг нималигини баён қилиб бер.
«Сен: «Бу улуғ бир хабардир», деб айт
Бу Қуръон улуғ хабардир. Бутун дунёни зулматдан нурга олиб чиқувчи улуғ хабардир. Қиёмат кунигача илоҳий мўъжиза бўлиб қолувчи улуғ хабардир. Қиёматгача инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб турувчи улуғ хабардир. Дунёдаги ҳар бир инсон унга иймон келтириши лозим бўлган улуғ хабардир.
«Сиз бўлсангиз, ундан юз ўгирмоқдасиз».
Сиз бўлсангиз, унга иймон келтирмасдан, юз ўгирмоқдасиз. Унинг нелигини тушунмай, у ҳақда бузуқ фикрларингизни ёймоқдасиз. Хоҳишингизга мос келмагани учун ундан юз ўгирмоқдасиз. Одамларга ҳам ўзингиз тўқиган уйдирмаларни сингдирмоқдасиз.
«Менинг олий тўплам ҳақида улар тортишаётганларида ҳеч билимим бўлмаган эди».
Эй мушриклар, бу Қуръон ва Пайғамбарлик шаъни сиз ўйлаётгандек оддий ва жўн эмас. У менинг шахсимга ҳам боғлиқ эмас. Бу гапларни мен ўйлаб чиқарганим йўқ. Олий тўпламда (фаришталар оламида) бу ҳақда ўзаро тортишувлар бўлаётганида менинг ҳеч илмим йўқ эди. Мен у ҳақда ҳеч нарса билмас эдим.
«Менга фақат ўзимнинг очиқ-ойдин огоҳлантиргувчи эканлигимгина ваҳий этилур», деб айтгин».
Бу ишларда менинг дахлим йўқ. Мен фақат огоҳлантиргувчи элчиман. Ўзимга келган ваҳийни сизларга етказаман, холос.
Шу ўринда ўша олий тўпламда бўлиб ўтган, Аллоҳ ваҳий қилмагунича ҳеч ким билмаган ишлардан биттаси келтирилади:
71. Эсла! Ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман.
72. Бас, қачонки уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб йиқилинглар!» деган эди.
Ушбу икки ояти каримада одамни яратишнинг маълум машҳур қиссаси ҳақида сўз бормоқда. Одамларга ўз асллари эслатилмоқда. Хусусан, кофир ва мушрикларга ким эканликлари билдирилмоқда ва қилаётган ишларининг оқибати нима бўлиши баён қилинмоқда.
«Эсла, ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман», деган эди.
Тупроққа сув қўшиб, ишланган лойдан одам яратишга Аллоҳнинг иродаси кетган ва бу ҳақда фаришталарга хабар берган эди. Ҳа, инсон лойдан яралгандир. Бошқа жонзотлар каби, оддий лойдан яратилган. Уни ўша лойдан бошқа барча нарсаларни ҳам яратган зот Аллоҳ ясагандир. Инсон қанчалик ўзини баланд тутса ҳам, барибир лойдан яралган, бир кун бориб, яна лойга айланади.
«Бас, қачонки уни ростлаб, ичига руҳимдан пуфлаганимда, унга сажда қилиб йиқилинглар!» деган эди».
Аллоҳ таоло сўзида давом этиб, эй фаришталар, мен лойдан Одамнинг шаклини, қоматини ростлаб, сўнгра унинг танасига руҳимдан пуфлаганимда, сиз унга сажда қилиб, йиқилинглар, демоқда.
Ҳа, Аллоҳ таоло Ўз руҳидан пуфлагани лойни олий мақомга кўтарди. Айнан ана шу руҳ уни бошқа жонзотлардан ажратди, уларнинг ҳаммасидан устун қилди. Айнан ўша руҳ Одамга фаришталар сажда қилишлари учун сабаб бўлди.
73. Бас, фаришталар барчалари жамланиб, сажда қилдилар.
Бу сажда ибодат саждаси эмас, балки табрикдир.
74. Магар Иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, Одамга сажда қилмади. У мутакаббирлик қилиб, ўзини юқори тутди. Шунинг учун кофирлардан бўлди. Аллоҳнинг амридан бош тортиб, сажда қилмаганлар кофир бўладилар.
75. У зот: «Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди.
Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган зот. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган Иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло:
«Эй Иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?!» деб сўрамоқда.
Қани айтчи! Нима учун Одамга сажда қилмадинг?! Нима?!
«Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» деди».
Мен Ўз қўлим билан яратган жонга–Одамга сажда қилмаганининг сабаби нима? Мутакаббирлик қилдингми?! Кибру ҳавога берилдингми? Айт-чи, боиси не?! Ёки олий даражалилардан бўлиб, бўйсунмайдиган бўлиб қолдингми?!
Аллоҳ таоло нима учун Иблиснинг Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо Иблисга айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун бу саволни берди. Натижада Иблиснинг дилидаги марази тилига чиқди.
76. У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни лойдан яратгансан», деди.
Бу жавобдан Одамга Аллоҳ таоло томонидан берилган мартабага Иблис ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.
«Мен ундан яхшиман».
Ҳамма балонинг боши «мен, мен», дейишликда.
Иблис, мен одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан, деб бош тортди.
«Мени оловдан яратгансан».
Уламоларимиз Иблиснинг шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтадилар. Иблис фаришталардан эди, деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни одамга сажда қилишга амр этганида, у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Бадбахт Иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган одамга сажда қилмасликни, Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортишни раво кўрди.
«Уни лойдан яратгансан», деди».
Лаънати Иблис ким нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканини тан олгиси келмади. Шунда:
77. У зот: «Сен ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан.
78. Ва, албатта, сенга жазо кунигача менинг лаънатим бўлгай», деди.
Аллоҳ таоло, эй Иблис, сен энди жаннатдан чиқ! Бас, энди сен, албатта, лаънатланган–раҳматимдан қувилгансан! Ва, албатта, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бардавом бўлгай, деди.
79. У : «Эй Роббим, менга улар қайта тирилтирилажак кунгача муҳлат бергин!» деди.
Иблис Аллоҳ таолога ёлбориб, одамлар қайта тирилтириладиган қиёмат кунигача бу дунёда туришга муҳлат сўради. Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикмат юзасидан Иблисга ўша кунгача муҳлат беришга У зотнинг иродаси кетди.
80. У зот: «Сен муҳлат берилганлардансан,
81. Маълум вақт кунигача «, деди.
Эй Иблис, сен келиш вақти маълум қиёмат кунигача муҳлат берилганлар қаторидасан.
82. У : «Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан.
83. Магар улардан танланган бандаларинггина (иғвога учмас)», деди.
Иблис Аллоҳ таолонинг иззати ила қасам ичиб, Одам болаларини қиёмат кунигача иғво қилишни қасд этди. Шу билан бирга, Аллоҳга ихлос қилган, Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларга иғвоси таъсир қилмаслигини ҳам айтиб қўйди. Инсонни шайтоннинг иғвосидан сақловчи қалқон унинг Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишидир. Аллоҳга ихлос билан ибодат қилмаганлар эса, Иблиснинг иғвосига учраши турган гап. Иблиснинг иғвосига учганларнинг оқибатини Иблиснинг ўзига ўша пайтдаёқ эълон қилиб қўйган.
84. У зот: «Ҳақ шулки, зотан Мен фақат ҳақни айтурман.
85. Албатта, Мен жаҳаннамни сен ва улардан сенга эргашганлар билан жамлаб тўлдирурман», деди.
Аллоҳ таоло ҳақиқатни очиқ-ойдин айтиб қўйди. Эй Иблис, сен одамларни иғво қилавер, улардан хоҳлаганлари сенга эргашаверсинлар. Аммо сен ҳам билиб қўй, улар ҳам билиб қўйсинларки, Мен, албатта, сени ҳам, сенга эргашганларни ҳам жаҳаннамга тиқиб, уни сизлар билан тўлдираман, деди.
Суранинг охирида Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мушрикларга ўта муҳим гапларни айтишни амр этади:
Эй Пайғамбар!
86. Сен: «Мен унинг учун сиздан ҳеч ажр-ҳақ сўрамасман. Мен сохтакорлардан ҳам эмасман.
87. У(Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос.
88. Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айт
Эй кофирлар, эй мушриклар, мен Қуръонни етказганим учун сиздан ҳақ сўрамайман. Мен Қуръонга даъват қилиш билан ўз манфаатимни кўзлаётганим йўқ.
«Мен сохтакорлардан ҳам эмасман».
Мен ўзида йўқ нарсани бор деб даъво қиладиган, ўзида йўқ хислатни бор қилиб кўрсатишга интиладиганлардан кимсалардан ҳам эмасман. Мен ҳақиқий Пайғамбарман.
«У(Қуръон) фақат оламлар учун эслатма, холос».
У, сиз даъво қилаётганингиздек, сеҳр ҳам, шеър ҳам эмас. У одамлар учун эслатмадир. У оламларга иймонни, ихлосни, ибодатни, жаннатни эслатади. У оламларга куфрни, исённи, нифоқни, дўзахни эслатади. У оламларни ваъз-насиҳат йўли билан яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради. Бас, бу улкан ҳақиқатни барчангиз эсингизда сақланг.
«Албатта, унинг хабарини бир муддатдан сўнг билурсиз», деб айтгин».
Бир оз муддат ўтсин, Қуръоннинг хабарини билиб оласиз. Унинг хабари бутун оламни олади. Унинг хабари ҳамманинг оғзидан тушмай қолади. Унинг хабари олдида бошқа хабарлар ҳеч нарса бўлмай қолади.
Шунингдек, у келтирган барча хабар тўғри бўлиб чиқади, буни ҳам кўрасиз.