Маккада нозил бўлган. 40 оятдан иборат.
«Наба»-муҳим хабар дегани, суранинг ичида келган шу сўз унга ном бўлган. Бошланиш сўзини эътибор қилиб, бу сураи каримани «Амма» сураси ҳам дейилади.
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилганларидан, у зотга Қуръони карим нозил бўла бошлагандан, у зот одамларга диний таълимотларни етказишни ўз зиммаларига олганларидан сўнг мушриклар ўзаро: «Нима келибди унга? Қиёмат бўлади, дейдими?» каби саволларни бир-бирларига бериб юришганда, Аллоҳ таоло ушбу сурани туширган. Бу сурада Қиёмат куни ҳақ экани, унга ишонганлар оқибати хайрли бўлиб, охиратда жаннатга тушиши, ишонмаганлар дўзахи бўлиши таъкидланади. Аллоҳ таолонинг Қиёматни қоим қила олишига ақлий далиллар келтиради.
Сураи карима қиёмат, қайта тирилиш ва ҳисоб–китоб ҳақидаги оятлар билан бошланади. Зотан Макка мушриклари ҳам ўша пайтда айни шу ҳақда сўрар эдилар.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз эканлигига далиллар келтирилиб, ана шундоқ ажойиботларни қилишга қодир бўлган Аллоҳ ўликларни қайта тирилтириши ҳеч гап эмаслигига ишора қилинади.
Кейин эса ўша қайта тирилиш қиёмат кунида бўлишига, унда аввалгилару охиргилар ҳисоб-китоб учун тўпланишларига оид оятлар келади.
У оятларнинг ортида эса, Аллоҳ таоло кофир ва осийлар учун тайёрлаб қўйган жаҳаннам ва ундаги алвон азоблар ҳақида сўз юритилади.
Кофирлар ҳақидаги оятлар ортидан Қуръони Карим услубига мос равишда тақводорлар ва уларнинг оқибатлари ҳақидаги оятлар келади.
Суранинг охирида эса қиёмат куни даҳшатлари ва унда кофирларнинг ҳоли нима бўлиши ҳақида сўз кетади.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Нима ҳақида сўрашади?
Яъни, анави мушриклар бир-бирларидан нима ҳақида сўрашмоқда? Ушбу савол сўралаётган нарсанинг аҳамиятини ошириш учун билиб туриб қасддан сўраш услубига киради. Аввал айтиб ўтилганидек, Макка мушриклари ўзаро бир–бирларидан ўлгандан кейин тирилиш ҳақида истеҳзо ва инкор тариқасида сўрар эдилар. Ана ўша мушриклар сўраётган нарса улуғ ва аҳамиятли нарса эканини англатиш учун ушбу услуб ишлатилмоқда. Биринчи оятда савол берилиб туриб, бировнинг жавобини кутмасдан иккинчи оятда жавоб берилмоқда.
2. Улкан, муҳим хабар ҳақида (сўрашади).
Яъни, ўша мушриклар улкан, муҳим хабар ҳақида ўзаро бир–бирларидан сўрашмоқда.
3. Шундай хабарки, улар унинг ҳақида ихтилофдадирлар.
Яъни, мушриклар ўша ўзлари ўзаро сўрашаётган нарсада ихтилофдадирлар. Баъзилари унинг бўлишига шак–шубҳа қилса, баъзилари умуман унинг бўлишини инкор қиладилар, учинчилари эса масхара ҳам қилади.
4. Йўқ! Улар тезда билурлар.
«Каллаа» лафзи араб тилида нотўғри фикрларни шиддат билан рад этиш учун ишлатилади.
Ушбу оятда ҳам мушрикларнинг ўлгандан сўнг қайта тирилиш масаласига бўлган мавқифлари шиддат ила,
«Йўқ!!!», деб рад этилмоқда. Йўқ!!! Уларнинг бу қилмишлари нотўғри! Улар лгандан кейин тирилишни, албатта, биладилар. Бу иш уларнинг бошларига, албатта, тушади. Ҳамма тезда бу ишни ўз кўзи билан кўради.
5. Яна йўқ! Улар тезда билурлар!
Бу оят олдинги ояти кариманинг маъносини яна ҳам кучлироқ таъкидлаш учун келган. Йўқ! Яна йўқ! Мушриклар тезда, ўз бошларига тушганда, азобни тортганларида қайта тирилиш нима эканлигини, унинг бўлиши ҳеч шубҳасиз ҳақ эканини албатта биладилар.
Келгуси оятларда эса, ўлгандан сўнг тирилтириш, қиёмат қоим қилиш Аллоҳга осонлигини билдириш учун, инсонга ҳар доим учраб турадиган, Аллоҳнинг қудрати чексиз эканига далолат бўладиган нарсалар ҳақида сўз кетади.
6. Ерни яшаш учун мослаб-тайёрлаб қўймадикми?
«Миҳадан»-луғатда бешик, мулойим этиб тайёрланган нарсани билдиради. Ҳақиқатда ер тузилиши, ундаги хусусиятлар, инсон яшаши учун мос қилинган сон-саноқсиз нарсалар Аллоҳнинг қудратига ёрқин далил. Фақат ақлни ишга солиб эътибор бериш керак, холос.
Ана шундоқ қилиб ерни яшаш учун ҳар тарафлама тайёрлаб, ажойиботларга тўла қилиб, одам боласи учун худди бешикдек қилиб яратиб қўйган зот ердаги нарсаларнинг кичик бир бўлаги бўлган ўлган одамларни қайта тирилтириб, сўроқ-савол қилиб жазосини беришга қодир бўлмасмиди?!
7. Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?).
Ер юзидаги тоғлар ҳам улкан нарсалар, улар доим инсонга кўриниб, уни ҳайратга солиб туради. Бундай улкан нарсаларни ҳам Аллоҳ яратмаса, ким яратади. Ёки Аллоҳдан ўзга бирорта зот тоғ яратганнинг хабари борми? Шу оятда тоғларнинг қозиқ қилиб қўйилгани айтиляпти. Уламолар тоғлар қанча юксак бўлса, ер остида ўз юксаклигига тўрт ярим баробар узунликда томирга эга бўлишини кашф қилдилар. Ана, қозиқнинг сири. Агар тоғлар қозиқ бўлиб турмаса, ер курраси ҳозирги ҳолида турмасдан, низоми бузилишини ҳам уламолар исбот қилдилар.
Шунчалик улкан, баланд тоғларни ўзига тўрт ярим баробар томири билан яратиб, ерга қозиқ қилиб қўйган Аллоҳ, ўлиб ётган, тоғлар қаршисидан ҳеч нарса ҳисобланмайдиган, одамларни қайта тирилтириб, сўроқ-савол қилиб жазосини беришга қодир эмасмиди?!
8. Ва сизларни жуфт қилиб яратдик.
Яъни, эркак ва аёл қилиб.
Ҳа, Аллоҳ таоло одам зотини жуфт қилиб, эркак-аёл қилиб яратишининг ўзи улкан мўъжизадир. Аввало эркак ва аёлнинг тузилиши ва эркаклигу аёллик хусусиятлари улкан мўъжизалардир. Бу ишни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қила олмайди. Бу ишга фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи қодир.
Қолаверса, ҳар-бир жуфтга, унинг икки томонига ҳам ўзидан насл қолдиришга чексиз муҳаббат бериб қўйилганидир. Ҳаттоки, улар ўзидан насл қолдириш йўлида жон беришга ҳам тайёр даражага етган. Кўп аёллар ўлимни бўйнига олиб фарзанд кўришга қарор қиладилар. Умуман олганда эса ҳар бир ҳомиладор аёлда бу журъат бордир. Туғилган фарзандни тарбиялаб ўстириш машаққат, осон эмас. Хўш, ушбу омилни ҳар-бир инсон табиатига ким солиб қўйган? Нима учун бу нарса миллионлаб йиллардан буён давом этиб, инсон наслининг ер юзида бардавом қолиш воситаси бўлиб келмоқда? Албатта, буларни фақатгина Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина қилиши мумкин. Буни қилишга қодир Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтириб сўроқ-савол қилишга, жазолашга қодир бўлмасмиди?
9. Ва уйқуларингизни роҳат қилиб қўйдик.
Уйқунинг нима эканини, усиз ҳеч қандай роҳат йўқлигини, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким уни ато қилолмаслигини ҳамма билади.
Беҳудага Аллоҳ таоло Ўз бандаларига хитоб қилиб,
«Ва уйқуларингизни роҳат қилиб қўйдик», демаяпти!
Уйқу Аллоҳ таолонинг қудрати чексизлигига далиллардан бир далилдир. Аллоҳ таоло уни роҳат олиш омили қилиб қўйган. Ҳеч бир жонзот уйқусиз яшай олмайди. Уйқу пайтида миянинг идрок қилувчи қисми ишдан тўхтайди. Натижада жисмнинг бошқа аъзолари ва тўқималари дам олади. Уйқу пайтида инсоннинг ҳамма нарсаси, ҳатто асаблари ҳам дам олади. Нафас олиш ҳам секинлашади, томир уриши озаяди ва ҳоказо. Бу нарсаларнинг барчаси инсонга уйқу давомида роҳат бахш этади.
Уйқу етишмовчилиги эса, инсон ҳаётини тамоман издан чиқаради. Уламолар тажрибаси шуни кўрсатдики, одам 30-40 кунлик очликка бемалол чидай олар экан. Аммо уйқусизлик 2-3 кундан ортиқ бўлиши мумкин эмас экан. Шунингдек, кечасиги уйқу, кундузгисидан бир неча баробар яхшилигини ҳамма билади.
Уйқу кичик ўлим, дейилади. Ўша кичик ўлимдан кейин бандани ҳаётга янги куч, янги ғайрат билан қайтишиниАллоҳ таолонинг Ўзигина таъминлайди. Кичик ўлимдан кейин ҳаммани қайта тирилтиришга фақатАллоҳ таологина қодирдир.
Шунчалик нарсага қодир бўлган зот, ўлганларни қайта тирилтириб, сўроқ-савол қилиб, жазосини беришга қодир бўлмасмиди? Албатта қодир бўлади!
10. Ва кечасини либос қилиб қўйдик.
Худди либос баданни тўсиб турганидек, кеча ҳам кўп нарсаларни тўсиб туради. Кечаси ҳаёт учун зарур нарса, у бўлмаса ҳаёт бўлмайди, уни Аллоҳдан ўзга зот қилолмайди ҳам.
Кечасини либос қилиб қўйишга қодир бўлган ёлғиз Зот-Аллоҳ таоло ўлганларни қайта тирилтиришга, уларни сўроқ-савол, ҳисоб-китоб қилишга ва жазо ёки мукофотини беришга қодир бўлмасмиди? Албатта бўлади!
11. Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик.
Кундузи тирикчилик, рўзғор ҳаракати вақти, буни ҳам Аллоҳдан бошқа ҳеч зот қилолмайди. Аллоҳ таоло кундузини маош учун қилиб қўйган. Фақат кундузнинг ёруғлигигина эмас, ундаги жуда кўплаб хусусиятлар инсон маоши учун керакдир. Мисол учун, ёруғ бўлсаю, Қуёши бўлмаса унда маош бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Кундуздаги қуёш иссиқлиги, ёғдусидан нафақат инсон, балки бутун мавжудот ўз маош-ҳаёти учун фойдаланади. Бунга ўхшаш Аллоҳ кундузга хос қилиб қўйган нарсалар кўп. Бу нарсаларни Аллоҳдан бошқа ким ҳам қила олар эди? Ҳеч ким! Энди ўз-ўзидан, равшан-ки, шунчалик нарсаларни осонлик билан қилишга қодир бўлган Аллоҳ учун ўлганларни қайта тирилтириш, уларни сўроқ-савол қилиш ва уларга жазо бериш қийин бўлармиди? Йўқ! Ҳеч ҳам қийин бўлмайди. Бу ишни қилишАллоҳ таоло учун жуда ҳам осон.
12. Тепаларнгизга етти мустаҳкам (осмонни) бино қилдик.
Бу ҳам Аллоҳнинг қудратини бизга ҳар лаҳзада эслатиб туради, чунки осмонни доим кўриб турамиз. Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай зот бундай чексиз улкан осмонларни ярата олмаслиги ҳаммага маълум.
Ана ўша бепоён, мустаҳкам, ажойиботларга тўла, миллионлаб йиллардан бери инсон ҳали унинг нималигини тўла тушуниб етмаган етти осмонни осонлик билан яратиб қўйган Зот-Аллоҳга ўлган бандаларини қайта тирилтириш, уларни сўроқ-савол қилиш ва жазосини бериш қийин бўлармиди?! Албатта йўқ. Аллоҳ таоло учун умуман қийин нарсанинг ўзи йўқ.
13. Ва шуъла таратувчи чироқ ҳам қилдик.
Бу шуъла таратувчи чироқдан мурод, Қуёш бўлиб, у доим кўзга кўриниб, Аллоҳнинг чексиз қудратини эслатиб туради. Ушбу оятда Аллоҳ таоло Қуёшни шуъла сочиб турган чироққа ўхшатмоқда. Одатда мой, спирт ёки газ ила ёнадиган чироқлар ўт ила шуъла таратади. Янги илмий ўрганишлар Қуёш ёниб турувчи газлар тўплами эканини исбот қилди. Қуёш ўзидаги иссиқлик қувватини ўз ичидаги портлаш ва тўқнашувлардан олар экан. Бу билан илм яна битта қуръоний ҳақиқатни таъкидлади.
Шунчалар улкан ҳажмга, иссиқлик ва бошқа қувватларга эга Қуёшни яратиб, уни керакли жойга ўрнатиб, ўзидан иссиқлик, ёруғлик, шуъла таратиб турувчи қилиб қўйган Аллоҳ ўликларни қайта тирилтира олмас эдими, уларни сўроқ-савол қила олмас эдими, жазолай олмас эдими? Албатта, қила олади бу ишларни!
14. Ва сиқилган(булут)лардан оқувчи сувлар туширдик.
Буғнинг булутга айланиши ва ундан ёмғир ёғиш жараёни ҳам Аллоҳнинг қудратини бандаларга эслатиб турувчи нарсалардан бири. Бу жараённи илмий равишда диққат билан ўрганувчилар Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига тан берадилар. Бу ҳақиқатни айниқса ёмғир ёғишига боғлиқ ҳаёт кечирадиган ўлкалар аҳолиси яна ҳам яхши тушунади. Ушбу жараённи-булутлардан хоҳ ёмғир, хоҳ қор орқали сув туширишни Аллоҳдан бошқа ким ҳам қила оларди? Ҳеч ким қила олмайди. Хўш, осмондан сув тушириб бутун оламни, бутун мавжудотларни тирилтирган Зот, ўликларни тирилтира олмасмиди? Албатта, тирилтира олади. Охиратда ҳам бир ёмғир ёғади, ўшанда ўликлар ўзлари чириб кетган бўлса ҳам, «ажабуз занаб» номли орқа умуртқа ичида жойлашган, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган уруғликдан одамлар униб чиқадилар. Хўш, Аллоҳ таоло ёмғирни нима учун ёғдиради? Жавоб кейинги оятларда.
15. У(сув) билан дон ва наботот чиқаришимиз учун.
16. Ва дарахтлари бир-бирига киришган бўстонлар.
Сув–ҳаёт, дейди доно халқ. Албатта ўша доно халқ бу гапни динимиз таълимотларидан олгандир. Сувсиз ҳаёт бўлмаслиги, балки, барча жонзотларниАллоҳ таоло сувдан яратганлиги бошқа оятларда айтилган. Ўзи яратган сув, деб аталмиш модда билан ҳамма мавжудотларга ҳаёт бахш этган Буюк Аллоҳ қиёмат куни ўлган бандаларини қайта тирилтира олмасмиди. Аввал ҳам айтилганидек, қиёмат куни ҳам бир ёмғир ёғиб, сув тушиши билан ҳамма тирилади–қўяди. Бундоқ қилишАллоҳ таоло учун ҳеч нарса эмас.
Ушбу оятларда зикр қилинган нарсаларни мусулмон бўлмаган олимлар ҳам Аллоҳнинг борлигига далил қилиб келтирганлар. Улардан бири бу ҳақда қуйидагиларни ёзган экан: «Ёниб турувчи қуёш, нур сочиб турувчи юлдузлар, ҳаёт учун зарур нарсаларга бой ер ва ундаги ҳамма нарсалар борлиқнинг асли, асоси аввалбошдан бир нарсага боғлиқ эканига очиқ-ойдин далилдир. Бунинг маъноси азалдан борлиқнинг Холиқи борлиги, У Зот кейин пайдо бўлмаган» деганидир. У Зот–ҳар бир нарсани билиб, иҳота қилиб турувчи Зотдир. У Зот–ўта қувватли, қудратининг чегараси йўқ Зотдир. Ушбу борлиқ Унинг яратган нарсасидир. Ернинг ҳаёт учун мослигини ўз–ўзидан бўлиб қолган нарса, деб тафсир қилиб бўлмайди»!
Ушбу санаб ўтилган нарсаларга қодир бўлган Зот, ўлган одамларни қайта тирилтиришга қодир бўлмасмиди?
Ўлгандан сўнг қайта тирилишга шубҳа билан қараганларга ўз қудратига далил бўлувчи нарсаларни айтиб ўтгандан сўнг Аллоҳ таоло қайта тирилиш куни, қиёмат ҳақида сўз юритишни бошлайди.
17. Албатта, ажрим куни вақти белгиланган эди.
Ояти каримада зикр қилинган «Явмул фасл»-«Ажрим куни»–қиёмат кунининг исмларидан биридир. Чунки ўша кунда халойиқ орасида барча нарса ажрим қилинади.
Ана ўша куннинг келиш вақти белгилидир. У вақтАллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзининг илмидадир. У кун олдин ҳам эмас, кейин ҳам эмас, айни ўзи учун белгиланган вақтда келади.
18. У кунда сурга пуфланур ва сизлар тўп-тўп бўлиб келурсиз.
Қиёмат вақти келганда Аллоҳнинг амри билан фаришта Исрофил алайҳиссалом махсус сурни бир марта чаладилар, ўша пайтда ер юзидаги тирик мавжудот барчаси ўлади, яна бир марта чалганларида Одам Атодан тортиб ўша пайтгача ўтган барча умматлар қайта тириладилар. Бу оятда иккинчи чалиш ҳақида сўз кетяпти.
Сўнгра эса,
19. Осмон ёрилиб эшик-эшиклар очилур.
Қиёмат куни даҳшатидан шундай улкан нарса-осмоннинг низоми бузилиб, у ёрилиб эшиклар очилганга ўхшаб кетади. Юқорида келган оятлардан бирида, етти мустаҳкам осмон бино қилганини айтиб, Аллоҳ таоло Ўз қодирлигига далил келтирган эди. Энди эса, ўша мустаҳкам осмонлар парча-парча бўлиб, улардан эшиклар очилиб кетишини таъкидланмоқда. Демак, қиёмат ўзига яраша даҳшатга эга нарса. У Аллоҳнинг қудрати чексизлигининг яна бир далили.
Яна ўша даҳшатли кунда,
20. Тоғлар ўрнидан кўчирилиб, саробга айланур.
Ўша кун даҳшатидан улкан, сервиқор, ернинг қимирлаб кетмаслиги учун унга қозиқ вазифасини ўтавчи қилиб қўйилган тоғлар ҳам саробга, майда чанг заррачаларига айланиб кетар экан.
Бу оятда ҳам юқоридаги оят тафсирида айтилган гапларни айтишимиз мумкин. Аввал келган оятларнинг бирида Аллоҳ улкан тоғларни ерни ушлаб турувчи қозиқлар қилиб қўйгани ҳақида сўз юритган эди. Энди эса, қиёмат қоим бўлганда, ўша улкан тоғлар ерни тутиб туриши у ёқда турсин, ўзини ҳам тута олмай, чанг-ғуборга, саробга айланиб қолишини таъкидламоқда. Бу ҳам қиёматнинг қанчалар улкан ҳодиса эканлигининг ва Аллоҳ таолонинг чексиз қудратининг яна бир далилидир.
Шу ерда сураи кариманинг аввалидан такрорланиб келаётган савол, шунчалар ишларни қилишга қодир бўлган Аллоҳ ўликларни қайта тирилтиришга, уларни сўроқ–саволга тутишга ва жазолашга қодир бўлмасмиди?–деган савол кўндаланг бўлади.
Жавоб эса кейинги оятда келади.
21. Албатта, жаҳаннам пойлаб турувчидир.
22. Туғёнга кетганларнинг қайтар жойидир.
Биз, «пойлаб турувчидир», деб таржима қилган ибора душманни пойлаб туришга ишлатиладиган иборадир. Йўлда, пана жойда, келса таппа босаман, деб душманни кутиб туриш «мирсод» дейилади. Жаҳаннам ҳам туғёнга кетган бандаларни қачон қиёмат бўлса, таппа босаман, деб кутиб турган бўлади. Қиёматда эса, вақти келиши билан уларни таппа босади ва:
23. Улар (унда) замонлар бўйи қоларлар.
Яъни, туғёнга кетган кофирлар жаҳаннамда абадий қоладилар. Улар унда битмас-туганмас азоб-уқубатларни тортаверадилар.
Ва яна:
24. Улар (унда) совуқни ҳам, шаробни ҳам татий олмаслар.
Маълумки, дўзахда осийлар шиддатли оловда куйиш билан азобланадилар, албатта қаттиқ иссиқда қолган одам совуқ бирор нарсани ичишни жуда хоҳлайди, лекин жаҳаннамийларга у нарсалар берилмасдан, ўрнига қуйидаги оятда зикр қилинган нарсалар берилар экан.
25. Магар қайноқ сув ва йирингни (татирлар).
Ўйлаб кўринг, қандай азоб: куйиб–ёниб турса-ю, бир нафас совуқлик, бир томчи шаробга зор бўлса-ю, унинг ўрнига қайноқ сув ва дўзахийларнинг танасидан оқиб турган йиринг берилса.Аллоҳ таоло шундай ҳолатдан Ўзи сақласин. Уларга бўлаётган бу азоб зулм эмас, балки...
26. Мувофиқ жазо ўлароқ.
Яъни, улар тортаётган мазкур жазолар ўзларининг бу дунёдаги куфр, ширк, нифоқ ва осийликларига мувофиқ жазодир. Уларнинг бундоқ жазоларни тортишлари адолатдир.
27. Чунки улар ҳисоб-китоб бўлишига ишонмасдилар.
Ана ўша охиратдаги ҳисоб-китобга ишонмаганлари учун турли ёмонликларни тап тортмасдан қилиб ўтган эдилар. Мана энди охиратга, қайта тирилишга, ҳисоб–китобга ишонмаганлари ва бунинг оқибатида қилган гуноҳларининг мувофиқ жазосини тортадилар. Ким охиратга, қайта тирилишга ва ҳисоб-китобга ишонмаса оқибати шундоқ бўлади.
Ҳа, мазкур жаҳаннамийлар ҳисоб-китоб бўлишига ишонмасдилар.
28. Ва Бизнинг оятлариимизни ёлғон дейишган эди, ёлғон!
Албатта, Аллоҳнинг оятларини, ёлғон, деганидан кейин жаҳаннамга тушиб, мазкур азобларни тортиши керак-да! Аллоҳнинг оятларини ёлғон, дейишликнинг ўзи ҳар қандай азоб-уқубатга лойиқ иш. Аммо, бунинг устига Аллоҳнинг оятларини ёлғон, деган шахс бутун умрини ёмонлик билан ўтказади. Бу эса дард устига чипқон бўлади. Ана шунга биноан охиратда ҳам азоб устига азоб бўлади. Бу дунёда қилган заррача гуноҳи ҳам четда қолмайди. Чунки...
29. Биз ҳар бир нарсани китобга жамлаб қўйганмиз.
Ҳа, улар бу дунёда қилган ҳар бир гуноҳ, ҳар бир жиноят, ҳар бир ёмонлик ўз вақтида, ўта аниқлик билан номаи аъмол китобига ёзиб борилган. Энди ўша китобга ёзилган нарса асосида ҳисоб-китоб қилинади ва туғёнга кетганларга қарата хитоб қилиниб:
30. Бас, татиб кўринглар, сизларга азобдан бошқа ҳеч нарсани зиёда қилмасмиз.
дейилади. Ҳа, энди қиёмат қоим бўлди. Энди кофир ва осийларга, охиратга, ҳисоб-китоб бўлишига ишонмаганларга ва Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганларга азобдан бошқа нарса зиёда қилинмайди.
Юқорида келган ояти карималарда дўзах аҳлининг ҳоли баён қилиб бўлинганидан сўнг, энди жаннат аҳли баёнига ўтилади. Икки бир-бирига қарши нарсани бир жойда таърифлаш Қуръони Каримга хос эканлигини уламолар таъкидлашган.
Дўзах билан жаннатни бир жойда бир хил савияда васф қилиш илоҳий услубга хослигини катта адиблар ҳам тан олганлар.
31. Албатта, тақводорларга ютуқ бордир.
Яъни, ўша қиёмат қоим бўлиб, кофир ва осийлар ҳалокатга, азоб-уқубатга дучор бўлган кунда, мўмин, тақводор бандаларга ютуқ бордир. У ютуқ нима эканлигини келаси оятлар баён қилади.
32. Боғ-роғлар, узумзорлар бордир.
33. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир.
34. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир.
Эслатиб ўтмоқ лозимки, жаннат неъматлари бу дунёникига ҳеч-ҳеч ўхшамайди, ўзига хос бўлади.
Ана шу қоидага бипоан ўтган ояти карималардаги васф қилинган жаннат неъматлари ҳам ўзига хос бўлади.
Жаннатдаги боғ-роғлар ва узумзорларнинг мевалари фақатгина ҳузур бахш этади. Улар ўзларини хохлаган жаннатиларга ўзлари яқинлашиб келади. Жаннати банда у меваларни ҳеч қийланмай олади ва ўта ажойиб, васфига тил ожиз ҳузур ила тановул қилади. Бу жараён ғоят гўзал бир ҳолда кечади. Жаннат меваларида фақатгина олий даражадаги ҳузурбахшлик бор, холос. Бу дунёнинг меваларидаги ғўрлик, бемазалик, егандан кейин ёқмай қолиш ёки чиқиндисини чиқаришга эҳтиёж каби беҳузур қилувчи нврсалар мутлақо йўқ.
Шунингдек, жаннатдаги қизлар ҳам ўзига хос сифатларга эга бўлиб, бу дунёникига тамоман ўхшамайди. Улар ҳурлар бўлиб, бу дунёнинг аёл-қизларида бор кўнгилга ёқмайдиган барча нарсалар уларда йўқ.
Жаннатнинг шароби ва қадаҳлари ҳам васфига тил ожиз равишда гўзал ва ҳузурбахшдир. Уларда бу дунёнинг осийлари ичадиган Аллоҳ таоло ҳаром қилган шаробларга хос нарсаларнинг асари ҳам йўқ. Уларда мисли йўқ лаззат ва ҳузур бор.
Шунингдек,
35. У ерда бекорчи ва ёлғон гапларни эшитмаслар.
Шундан кўриниб турибдики, бекорчи, ёлғон гаплар инсон роҳатини бузадиган, аҳли жаннат бўламан, деганларга бу дунёда ҳам улардан узоқда бўлинадиган нарсалар экан.
Аҳли жаннатга шунчалик неъматларнинг берилиши сабабини келаси оят ёритади.
36. Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир.
Яъни, ушбу васфига тил ожиз рвишдаги гўзалу ҳузурбахш неъматлар Аллоҳ таоло томонидан жаннати баналарга бу дунёдаги келтирган иймонлари ва қилган амали солиҳларининг мукофоти ўлароқ ва ортиқча илоҳий совға ўлароқ бериладир.
Жаннати бандаларга мазкур неъматларни ато қилувчи Парвардигор қандай зотлигини келаси оят сифатлайди.
37. У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Роббиси, Роҳмандир. Унинг ҳузурида ҳеч ким хитоб қилишга қодир бўлмас.
Яъни, тақводор бандаларга мазкур мукофотларни берувчи Зот Роҳман сифатига эга бўлган, осмонлару ернинг ва улар орасидаги нарсаларнинг Роббисидир.
«У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги барча нарсаларнинг Роббиси, Роҳмандир».
Аллоҳ таолонинг Робблик сифати ўзида Холиқ–яратувчилик, Розиқ–ризқ берувчилик, Мураббий–тарбия қилувчилик, Мудаббир –тадбир қилувчилик каби сифатларни жамлашини аввал ҳам айтилган эди. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг Робблиги фақат инсонларга эмас, балки,
«осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги барча нарсалар»га тегишли эканлиги таъкидланмоқда.
Аллоҳ таолонинг «Роҳман» сифати ҳам ўзида кенг маъноларни, жумладан, мўмину кофир, тақводору осийга ризқ ато қилувчи маъносини англатишини яхши биламиз.
Қиёмат куни
«Унинг ҳузурида ҳеч ким хитоб қилишга қодир бўлмас».
Ўшандоқ улуғ сифатлар соҳиби бўлмиш зот ҳузурида ким ҳам бирор нарса дейишга журъат эта оларди.
38. Ўша кунда Руҳ ва фаришталар саф бўлиб турар. Роҳман изн берганлар ва тўғри сўзлаганлардан ўзгалар ҳеч гапира олмаслар.
Яъни, қиймат кунида нафақат одамлар, балки, «Руҳ» номини олган фаришталарнинг каттаси Жиброил алайҳиссалом ҳам, ўзга фаришталарнинг барчаси ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида саф тортиб турурлар.
Тафсирчилар, ушбу ояти каримада зикр қилинган,
«тўғри сўз сўзлаганлар»дан мурод «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб-шаҳодат келтириб мусулмон бўлганлар, дейишади.
Демак, қиёмат куни барча фаришталару одамларАллоҳ таолонинг ҳузурида саф тортиб турганларида фақатгина иймон келтирган бандаларгина гапира олишлари мумкин.
39. У ҳақ кундир. Ким хоҳласа, ўз Роббисига қайтар йўл оладир.
Оятдан мурод, қиёмат куни, ундаги ҳисоб-китоб, жаннат-дўзах ҳаммасига шак-шубҳа йўқ, Ҳақ кундир.
Бас, шундай экан, ўша кунда обрў топишни хоҳлаганлар бу дунёда Аллоҳнинг розилигини топиш йўлига юришга ҳаракат қилсин.
40. Албатта, Биз сизларни яқин келажакдаги азобдан қўрқитдик. У кунда, ҳар киши қўли тақдим қилган нарсага назар соладир. Ва кофир «кошки тупроқ бўлиб кетсам», дейдир.
Аллоҳ таоло суранинг ниҳоясида бўлиб ўтган гапларга хотима ясаб, ушбу нидони қилмоқда:
«Албатта, Биз сизларни яқин келажакдаги азобдан қўрқитдик».
Ушбу жумладаги «яқин келажакдаги азобдан» мурод, қиёмат куни азобидир. Чунки, ҳар бир келувчи яқиндир, қоидасига биноан, у куннинг келиши яқиндир. Ўша кун келганда бандалар бошига турли савдолар тушадир. Жумладан,
«У кунда, ҳар киши қўли тақдим қилган нарсага назар соладир».
Яъни, ҳар бир инсонга бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан кўрсатилади.
«Ва кофир «кошки тупроқ бўлиб кетсам», дейдир».
Ривоятларда келишича, қиёмат бўлиб ҳамманинг ҳисоб-китоби бўлар экан. Бу дунёда зулм ўтказган ҳайвонлардан мазлум ҳайвонларга ўч олиб берилгандан сўнг, уларнинг барчаси тупроққа айлантирилар экан. Буни кўриб дўзахнинг азобидан хору-зор бўлиб турган дўзахийлар «кошки тупроқ бўлиб кетсам, ҳайвонларга ўхшаб», деб орзу қилар эканлар. Лекин бу орзу ҳеч қачон ушалмайди. Аллоҳ шундай ҳолга тушишдан ўзи асрасин, Омин!