loader

046. Аҳқоф сураси

Маккада нозил бўлган. 35 оятдан иборат.

Бу сураи кариманинг номи унинг ўзидаги йигирма биринчи оятдан олингандир. «Аҳқоф» сўзи Од қабиласи яшаб ўтган диёрларнинг номи бўлиб, луғавий жиҳатдан «қум тепаликлар» деган маънони англатади.
Аҳқоф сураси бошқа Маккий суралар каби ақида масаласини муолажа қилади. Бу сурада Аллоҳнинг ягоналигига, ваҳий ва Пайғамбарлик, ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳамда ҳисоб-китоб бўлиши ҳақлиги масалаларига алоҳида аҳамият берилади.
Бу сурада Ҳуд  алайҳиссалом Пайғамбар қилиб юборилган Од қавми қиссаси келтирилади. Улар ўз Пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, саркашлик қилганларидан сўнг, Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлганликлари ҳикоя қилинади.
Сура кўзга кўриниб турган борлиқ Аллоҳнинг улғлигига, қудратига далил эканига ишорат қилишдан бошланади.
Ундан сўнг мушриклар сиғинаётган сохта худолар фош қилиниб, улар ҳеч нарсани эшита олмасликлари, дуони ҳам қабул қила олмасликлари, уларга эътиқод қилаётганлар катта хато қилаётганлари баён қилинади.
Кейин эса, Макка мушриклари ўзлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган одам) эканлигини яхши билишига қарамасдан, Қуръонни унинг ўзи тўқияпти, у ёлғончи, худонинг номидан гапирмоқчи, деб Қуръонга қарши чиққанлари, ваҳий ва Пайғамбарликка нисбатан зид муносабатлари баён қилинади.
Шу аснода икки хил инсон тоифаси ҳақида сўз юритилади.
Биринчиси-аввал бошдан Аллоҳга иймон келтириб, ибодатларини адо этган, тўғри инсоний йўлда ўсган, иймон йўли ҳам, насаб йўли ҳам рисоладагидек бўлиб, ўз Роббисининг ва ота-онасининг ва шулар боис, жанатга сазовар бўлиб, ҳаққини таниган ҳидоятдаги мўмин инсондир.
Иккинчиси эса-тўғри йўлдан озиб, инсонийлик табиатини бузиб, иймон йўли рнига куфрни ихтиёр қилган, Аллоҳ таолонинг ва ота-онасининг ҳаққини унитган динсиз инсондир. Албатта, унинг жазоси жаҳаннам бўлажак.
Шу орда қиёматнинг даҳшатли манзараларидан бир манзара-кофир ва жинотчи қавмларнинг хору зор бўлиш манзараси ҳам келтирилади. Аллоҳга иймон келтирмай, қиёматга ишонмай, охиратни унутиб юрганларнинг оқибати нима бўлиши тасвирланади.
Сўнгра Худ алайҳиссаломнинг кибрга, туғёнга кетган қавмлари қандоқ ҳалокатга учраганлиги баён қилинади. Бу қавм Қуръонни инкор қилаётган Макка аҳлидан кўра жисмонан бақувват, улкан гавдали, қадамидан ер титрайдиган бўлишига ва бошқа кўпгина устунликларига қарамасдан Аллоҳ таоло уларни арзимаган сабаб билан ҳалок қилди. Бошқалар ҳам куч-қувватга ишониб кетмасин, деган танбеҳ учун келтирилган бу қиссадан ибрат олишга даъват қилинади.
Кофир қавмлар инсонликларига ор келтириб, яратганнинг чақириғига қулоқ осмай, иймондан, исломдан, хайр-баракадан юз ўгириб юрган бир пайтда, бир гуруҳ жин келиб, Қуръонга қулоқ осиб, иймонга келганлари, ундан таъсирланиб, тезда ўз қавмларини иймонга чақириб, уларга мағфират ва раҳмат башоратини етказишга шошилишлари ҳам сурада ўзига хос услубда баён этилади.
Хотимада эса, Аллоҳ таоло Ўз ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломни сабрга чақириб, кофирларга тезроқ азоб келишига ошиқмасликка буюради. Чунки уларни кутиб турган нарса шундоқ ҳам жуда яқиндир.


БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

1. Ҳа мийм.
«Аҳқоф» сураси, ўзидан олдинги олти сура каби «Ҳа мийм» ҳарфлари билан бошланаяпти. Булар ҳам ҳижо ҳарфларидандир. Улар ҳақида олдин кўп гапирилди. Бу ҳарфлар ҳақида уламолар турлича таъвилларни айтганлар. Шулардан энг кучлиси-ушбу Қуръон «Ҳа, мийм»га ўхшаш оддий араб харфларидан иборат, лекин шу билан бирга, барчани ожиз қолдирувчидир.
Бунга ўхшаш китобни ҳеч ким келтира олмайди, демоқдир. Чунки бу китоб:

2. Китоб туширилиши Ғолиб ва ҳикматли Аллоҳ тарафидандир.
Яъни, бу китобни кофирлар даъво қилаётганидек, Муҳамад ўзи тўқиб олгани йўқ ёки бошқа бирор масдардан олингани йўқ. Қуръоннинг масдари ягона Аллоҳдир, ҳа, У зотнинг Ўзидир. Китобнинг бирор ҳарфида на Пайғамбарнинг ва на фариштанинг ва на бошқа бирор зотнинг ҳиссаси йўқ. Мушриклар айтаётганидек, Муҳаммад алайҳиссалом шоир ҳам, сеҳргар ҳам эмаслар, балки Аллоҳнинг элчисидирлар, холос. Қуръондек ожиз қолдирувчи китобнинг эгаси бўлган Зот кўзингизга кўриниб турган, қалбингиз идрок этиб турган борлиқ, деб аталмиш Китобнинг, Қуръоннинг ҳам эгасидир.

3. Осмонлару ерни ҳамда улар ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва белгиланган муддат ила яратдик. Кофирлар бўлса, ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгурувчилардир.
Қуръонни ҳикмат ила нозил қилган ғолиб ва қудратли Аллоҳ осмонлару ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ҳам ҳақ ила, ҳикмат ила яратган.
«Осмонлару ерни ҳамда улар ўртасидаги нарсаларни фақат ҳақ ва белгиланган муддат ила яратдик».
Ушбу махлуқотлар Аллоҳнинг қудрати ва ҳикматидан бир кўриниш ҳисобланади. Шу билан бирга уларни дақиқ ўлчов билан муайян вақтгача яратган ва у вақтда шу яратишдан бўлган ҳикмат ва кўзланган ғоя юзага чиқади.
Услуби, ҳидояти, ҳукмлари ила жами инсонни қондирувчи ва тўғри йўлга бошлагувчи Қуръон ҳам ва яратилишининг ўзиёқ улуғлик, ҳикмат ва тадбиркорлик аломати бўлмиш борлиқ, деб аталган китоб ҳам, ҳар иккаласи Аллоҳнинг борлигига, қудратига, ҳикматига ёрқин далил бўлишига қарамай, кофирлар ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгирдилар.
«Кофирлар бўлса, ўзлари огоҳлантирилган нарсадан юз ўгурувчилардир».
Нима учун улар уйлаб кўрмайдилар? Нима учун Қуръоннинг маъноларини чақиб кўрмайдилар? Нима учун атрофларини ўраб турган борлиқдаги барча нарсалардан ибрат олмайдилар? Осмонлару ер ва уларнинг орасидаги бошқа махлуқотларга ибрат назари билан қарасалар, буларнинг барчаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмагани, балки қудратли ва ҳикматли зот тарафидан яратилганини билишар эди-ку!
Улар эса, бўлар-бўлмас нарсаларга сиғиниб, ибодат қилиб юрибдилар.
Кейинги оятда Қуръони Карим араб мушрикларининг буту санамларга сиғиниб, Аллоҳга ширк келтираётганларини инкор этиб, шундай дейди:
Эй Пайғамбар!

4. Сен: «Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар? Ёки осмонларни (яратишда) иштироклари борми? Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бу(Қуръон)дан олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг», деб айт.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга мушрикларни лол қолдирувчи, Аллоҳдан бошқага сиғинувчиларнинг ақидаси пуч эканини очиқ-ойдин фош этувчи далилларни талқин этмоқда.
Мушриклар тошдан, ёғочдан, лойдан ва бошқа турли моддалардан ўз қўллари билан ясаб олган буту санамларга сиғинадилар. Ўзи қўли билан ясаб олган бутга ибодат қилувчи одам нима деган одам бўлади?!
Баъзилар жинларни Аллоҳнинг шериги, деб эътиқод қилиб, уларга сиғинишар эди. Жинга сиғиниш ҳам инсон шаънига ор эмасми?
Шунингдек, Аллоҳнинг қизлари, деб фаришталарга сиғинадиганлар ёки қуёш, ой ва баъзи юлдузларга топинадиганлар ҳам бор эди. Араб мушриклари, бу нарсалар Аллоҳнинг ҳузурида бизга шафоат қилади, деб эътиқод қилар эдилар. Ҳар бир уйнинг, ҳар бир шахснинг ўз худоси бор эди. Ҳаттоки, туяни қумга соғиб, лой қилиб, бут ясаб сиғинган пайтлари ҳам бўлган.
Ҳазрати Умардек закий, оқил инсон ҳам мушриклик пайтида ақл бовар қилмайдиган ишни қилгани ривоятларда келган. У киши сафарда кетаётиб, ибодат қилгиси келиб қолибди. «Худо»си эсидан чиқиб, уйида қолган экан. Ўйлаб туриб халтасидаги хурмоларни олибдида, бир-бирига ёпиштириб, бут ясаб, унга ибодат қилибди. Сўнг йўл юриб, чарчаб, оч қолиб, халтадан ҳалиги «худо»сини олиб, еб қўйибди. Қорни тўйгандан сўнг, ақли жойига келиб, ўзи еб қўйиши мумкин бўлган нарсага сиғинганидан ўзининг кулгиси келиб, ахмоқлигини англаб, кула-кула йиқилиб қолган экан. Шундай бўлгандан сўнг, ояти карималардаги танбеҳга нима, деб жавоб бера оладилар?
«Аллоҳдан ўзга сиғинаётган нарсаларингизнинг хабарини беринг-чи, менга кўрсатинг-чи, улар ердан нимани яратдилар?»
Эй мушриклар, сизлар сиғинаётган буту санамлар, сохта худолар нимани яратганлар ўзи? Тоғ тошними, набобатлардан бирортасиними ёки ҳайвонними? Шундай ожиз нарсаларни худо, деб сиғиниш инсон учун ор эмасми?!
«Ёки осмонларни (яратишда) иштироклари борми?»
Ҳеч бир одам осмонларни яратишда ўзини таниган буту санамларнинг иштироки бор, деб айта олмайди. Осмонга бир назар солишнинг ўзи унинг яратувчиси чексиз қудратга эга зот эканини кўрсатади. Ҳеч бир мушрик менинг бутим ёки санамим осмонни яратишда қатнашган, дея олмайди. Баъзи боши бузуқларнинг ўйига шунга ўхшаш хомхаёллар келиши мумкин. Шунинг учун уларни лол қолдириш учун, эй Пайғамбар, ҳужжат ва далил талаб қилиб:
«Агар ростгўй бўлсаларингиз, менга бу(Қуръон)дан олдинги китобни ёки илмий асарни келтиринг», деб айт».
Бу масалада Қуръони Карим яна ҳам чуқурроқ кетиб, мушрикларнинг буту-санамлари дуоларини қабул қила олмасликлари, ҳатто сезмасликларини, уларга сиғинаётганлар эса энг жоҳил бандалар эканлигини баён қилиб қуйидагиларни айтади:

5.  Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?! Ҳолбуки, у(бут)лар  уларнинг дуосидан ғофилдирлар.
Мушриклар бут-санамлардан тортиб, ой, қуёш, дарахт ёки шунга ўхшаш ўзлари «худо» деб эътиқод қилган махлуқотга сиғинадилар, уларга ҳожатларини раво қилишини сўраб дуо қиладилар. Кошки у буту-санамлар бу дуоларни эшитсалар, уларнинг сўраганини берсалар. Ҳеч нарсани эшитмайдиган жонсиз нарсалар нима ҳам қила олар эдилар! Қиёматгача ҳам дуолари мустажоб бўлмайди. Бу дуоларни қилувчилар эса энг қаттиқ адашган инсонлар ҳисобланади. Ахир,
«Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигича дуосини мустажоб қилолмайдиганларга илтижо этадиганлардан ҳам адашганроқлар борми?!»
Улардан адашганроқ кишилар ер юзида йўқ. Ахир, лоақал заррача ақли бўлган одам кўру-кар бутларга илтижо қиладими?
«Ҳолбуки, у(бут)лар  уларнинг дуосидан ғофилдирлар».
Адашган мазкур бандалар бу дунёдан шундай ўтадилар.

 6. Одамлар маҳшарга тўпланганда, ўша(бут)лар уларга душман бўлурлар ва ибодатларига ҳам мункир бўлурлар.
Демак, қиёмат қоим бўлиб, одамлар маҳшаргоҳга тўпланганда  ўша бутлар бу дунёда ўзларига сиғириб юрган мушрикларга душман бўладилар. Бизга ибодат қилганингиз йўқ, деб инкор қиладилар. Ҳатто шайтон ҳам ўзига эргашганлардан тонар экан. Мен сизларга ҳеч нарса қилганим йўқ, чақирсам эргашаверасизларми, мени эмас, ўзингизни маломат қилинг, деб айтади.
Инсон ақлига ва зотига ор бўладиган ақидада юргувчи мушрикларнинг Қуръони Карим ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида нима дейишларини билсак, уларнинг нақадар адашганликларини яна ҳам ойдинроқ равишда тушуниб етамиз.

7. Қачонки уларга равшан оятларимиз тиловот қилинса, куфр келтирганлар Ҳақ (Қуръон) уларга келгандаёқ, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дерлар.
Бу ояти каримада мушрикларнинг ваҳийга бўлган муносабатлари баён қилиняпти. Аллоҳ туширган оятлар очиқ ва равшан, ҳеч шубҳали ёки ноаниқ жойи йўқлигига қарамай, куфр келтирганлар шубҳа қиладилар, ишонмайдилар, ҳақ бўлиб келган Қуръони Каримни «сеҳр» дерлар Ахир, ҳақ билан сеҳр бир бирига зид нарса-ку. Мушриклар фақат шу билан кипояланиб қолмайдилар, балки Муҳаммад алайҳиссаломни ёлғончиликда айблайдилар ва, Қуръонни ўзи тўқиб олган, худодан тушяпти дегани ёлғон, дейишади.

8. Балки у(Қуръон)ни ўзи тўқиб олган ҳам дерлар. Сен: «Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассиз. У зотнинг Ўзи ҳақида сиз шўнғиётган нарсаларни яхши билувчидир. Мен билан сизнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир. Ва У кечирувчи ҳам раҳмли зотдир», деб айт.
Ушбу оятда аввало мушриклар Қуръони Карим ҳақидан айтиши мумкин бўлган гаплардан бири зикр қилинмоқда:
«Балки у(Қуръон)ни ўзи тўқиб олган ҳам дерлар».
Яъни, эҳтимол мушриклар, Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган, уни Аллоҳ нозил қилган эмас, дерлар.
Сўнгра беодоб мушрикларга жавоб беришда Муҳаммад алайҳиссаломга айғамбарлик одобига риоя қилишни тавсия этиб, қандай жавоб беришни Аллоҳ Ўзи ўргатмоқда:
«Агар уни тўқиб олган бўлсам, Аллоҳдан (келадиган) бирор нарсани мендан қайтаришга қодир эмассиз».
 Агар Қуръонни ўзим тўқиб олиб, бу Аллоҳнинг сўзи, деб ёлғондан айтаётган бўлсам, Аллоҳ мени тинч қўймайди. Азобга олади. Сизлар Аллоҳнинг азобини мендан қайтаришга қодир эмассизлар. Мен эсам кўриб-билиб туриб ўзимни Улуғ Аллоҳнинг азобига дучор қилмайман. Қандай қилиб ўзимча тўқийман? Нима чун тўқийман?
«У зотнинг Ўзи ҳақида сиз шўнғиётган нарсаларни яхши билувчидир».
Сизлар нима десангиз деяверинглар, аммо Қуръон ҳақида қанақа гап тарқатаётганларингни Аллоҳ таолонинг Ўзи жуда яхши билиб турибди.
«Мен билан сизнинг ўртангизда гувоҳликка Унинг Ўзи кифоядир».
Мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ таолонинг Ўзи етарли гувоҳдир: менинг ҳақлигим ва ростгўйлигимга, сизларнинг эса, ёлғончи ва иғвогарлигингизга гувоҳлик беради.
«Ва У кечирувчи ҳам раҳмли зотдир», деб айт».
Аллоҳ таоло кечирувчи зот, ҳали ҳам вақт борида тавба қилиб қолиш керак. У раҳмли зот, шоядки раҳм қилса...
Эй Пайғамбар!

9. Сен: «Мен биринчи Пайғамбар эмасман, менга ва сизларга нима қилинишини билмасман. Фақат, ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашурман. Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», деб айт.
Мушриклар нимага Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар эканликларига ишонмайди?
Аллоҳ таоло ушбу оятда ана шу ҳақиқатни ўша нобакор мушрикларнинг юзига айтишни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг зларига топширмоқда:
«Сен: «Мен биринчи Пайғамбар эмасман, менга ва сизларга нима қилинишини билмасман». деб айт.
Ахир, мендан аввал ҳам кўплаб Пайғамбарлар келган-ку?! Мен ҳам ўша Пайғамбарларнинг бириман, холос. Меннинг Пайғамбар бўлиб келишим ҳайратга тушадиган янгилик эмас. Мен, агар Пайғамбар бўлсам ҳам, келажакда ўзимга нима бўлишини ҳам билмайман, сизларга нима бўлишини ҳам билмайман. Мен,
«Фақат, ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашурман, холос».
Мендан олдин келган Пайғамбарларнинг барчасига ҳам Аллоҳ таоло ваҳий юборганку?! Мен ҳам бошқа айғамбарлар каби, ўзимга келган ваҳийни қавмларимга етказяман, холос.
«Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», деб айт».
Аслида, Пайғамбарнинг иши шу-да. У ғайб илмини билгани учун ёки ўзига ва қавмларига елажакда нималар бўлишини билгани учун Пайғамбарлик қилмайди. Балки Аллоҳ нимани буюрса, шуни қилади. Парвардигорига итоат этади. Қавмлврини огоҳлантиради. У ўзига берилган амрни бажаради, чизилган чегарада юради.
Сўнгра, Аллоҳ таоло яна Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилиб, У зотга  мушрикларни Исломнинг ҳақиқатига чуқур назар солишга чақириб, баъзи яхудий олимлар ҳам ибрат ва эътибор оқибатида Исломга кирганликларини таъкидлашни амр қилади.
Эй Пайғамбар!

10. Сен:  «Айтинг-чи, агар у (Қуръон) Аллоҳдан бўлса-ю, сиз унга куфр келтирсангиз ва ҳолбуки, Бани Исроилдан бир гувоҳ у(Қуръон)га ўхшаш нарсага гувоҳлик бериб, иймон келтириб турибди, сиз эса, кибру ҳаво қиляпсиз. Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас», деб айт.
Ушбу оятда Қуръони Каримни, илоҳий ваҳийни инкор этаётган мушрикларга дағдаға бор. Уларга бевосита ақлни лол қолдирувчи мурожаат бор:
«Айтинг-чи, агар у (Қуръон) Аллоҳдан бўлса-ю, сиз унга куфр келтирсангиз…»
Унда нима деган одам бўласиз?!
Эй Қуръоннинг Аллоҳнинг каломи эканлигини икор қилаётган мушриклар! Айтинг-чи, сизлар Муҳаммад ўзи тўқиб олган, деб даъво қилаётган нарсангиз- Қуръон ҳақиқатдан Аллоҳнинг ҳузуридан бўлса, унда нима деган одам бўласизлар?
«…ҳолбуки, Бани Исроилдан бир гувоҳ у(Қуръон)га ўхшаш нарсага гувоҳлик бериб, иймон келтириб турибди,…»
Сизлар, эй мушриклар, илмсиз, жоҳил, Пайғамбарликлар тарихини билмайдиган одамсизлар. Лекин аҳли китоблардан, бунақа ишлардан тўла хабардор қавм бўлмиш Бани Исроилдан  айримлари Қуръон Аллоҳдан бўлиши мумкинлигига гувоҳлик бериб туришибди-ку. Чунки уларнинг Пайғамбари Мусо алайҳиссаломга ҳам Қуръонга ўхшаш илоҳий китоб-Таврот нозил бўлган эди. Ҳамда ўша Тавротда келган таълимотлар Қуръондагига ўхшайди, чунки иккаласини ҳам бир Аллоҳ нозил қилган. Бунинг устига, Тавротда Муҳаммад алайҳиссаломнинг васфлари бор. Ана ўшалардан хабардор (гувоҳ) яҳудий Қуръонга иймон келтирди.
«…сиз эса, кибру ҳаво қиляпсиз».
Сизлар бўлсаларингиз, жоҳиллигингиздан кибру ҳавога берилиб, иймон келтирмай, кофир бўлиб юрибсизлар. Бас, шундай экан, сизлар ўзига зулм қилган кишиларсизлар.
«Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас», деб айт».
Ҳа, золимларни  Аллоҳ таоло ҳеч қачон ҳидоятга бошламайди.
Қуръони Каримда бузуқ ақидаларни тузатиш, тўғри йўлга бошлаш учун турли услублар қўлланган. Ушбу оятда мушрикларнинг ақидасига шубҳа солиш йўли билан, уларнинг хатода эканликлари баён қилинмоқда.
Кейинги оятларда мушрикларнинг Қуръон ва Ислом ҳақидаги гап-сўзларини келтириш билан бирга, уларнинг иймондан юз ўгиришга келтирган ноўрин узрлари ҳам баён қилинади.

11. Куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Агар у (Қуръон) яхшилик бўлганида, унга биздан аввал бормасдилар», дедилар. У(Қуръон)дан ҳидоят топишмагач, бу-қадимги уйдирмадир», дерлар.
Маълумки, аввал-бошда Исломга камбағал, қул ва заиф кишилар киришган. Аммор ибн Ясир, унинг отаси ва онаси, Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳумлар бунга мисолдирлар.
Кибру ҳавога учган араб бойваччаларининг назарида ушбу амбағалларнинг Исломга кириши, Қуръонга ишониши камчилик, айб бўлиб кўринган.
«Куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Агар у (Қуръон) яхшилик бўлганида, унга биздан аввал бормасдилар», дедилар».
Улар ўзларича, «ялангаёқлар юрган йўл яхши бўлармиди?»демоқчилар. Лекин, айни чоқда, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳадича онамизга ўхшаш бой, задогонлар ҳам биринчилардан бўлиб Исломга киришганини эътиборга олишмайди. Ислом бойни ҳам, камбағални ҳам, кучлини ҳам, заифни ҳам бир оила аъзоси қилиш учун Аллоҳ тамонидан юборилган дин. Унда кишиларнинг қадр қиймати уларнинг кучига, бойлигига ёки мансабига қараб эмас, балки тақвосига, қилган амалига қараб белгиланади.
Аслини олганда, гап бунда эмас эди. Бой задогон мушриклар бир нарсадан шубҳалари борлиги учун ёки ҳақиқатни тушуниб етмаганлари учун эмас, балки Муҳаммад алайҳиссаломга эргашсак обрўдан тушиб қоламиз, деб кибру ҳавони ихтиёр қилган эдилар.
Албатта, ичларидаги бу машъум дардни очиқ айта олмайдилар ва ўзга баҳона иладилар. Модомики ҳаққа бўйинсуниб, унга эргашмаяптиларми, бир баҳона топиш керак. Модомики улар ўзларини бекаму кўст, яхшиликни ихтиёр қилувчи шахслар, деб ўйлайдиларми, демак камчилик ва айбни бошқа ёқдан қидирадилар. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни»бу эски уйдирма» дейишдан тоймайдилар. Ҳа,
«У(Қуръон)дан ҳидоят топишмагач, бу-қадимги уйдирмадир», дерлар».
Ваҳий ҳақидаги баҳснинг охирида Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган Қуръони Карим биринчи самовий китоб эмаслиги, балки ундан олдин ҳам ваҳий йўли билан Мусонинг китоби «Таврот» нозил қилинганлиги, Қуръон эса араб тилида уни тасдиқлаб келганлиги баён қилинади.

12. У(Қуръон)дан олдин Мусонинг китоби йўл бошловчи ва раҳмат эди. Бу (Қуръон) эса, араб тилидаги, тасдиқловчи, зулм қилувчиларни огоҳлантириш учун ва яхшиларга башорат китобидир.
Мусонинг китоби «йўл бошловчи» деб васф қилинишининг боиси шулки, шариатнинг ва ақиданинг асли Тавротда келган.
«У(Қуръон)дан олдин Мусонинг китоби йўл бошловчи ва раҳмат эди».
Тавротнинг «раҳмат» деб сифатланишига жабланмаса ҳам бўлади, чунки Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган хар бир хабари, жумладан, Таврот ҳам раҳматдир. Аллоҳ юборган ваҳий борлиқ учун битмас-туганмас раҳматдир, бу дунё-ю у дунёга етарли раҳматдир.
Ушбу оятдан Қуръони Каримга берилган васфлардан бирини-унинг «араб тилида» эканлигини биламиз.
«Бу (Қуръон) эса, араб тилидаги, тасдиқловчи, зулм қилувчиларни огоҳлантириш учун ва яхшиларга башорат китобидир».
Ушбу ояти каримада Қуръони мажиднинг тўртта сифати ҳақида сўз кетмоқда.
1-«…араб тилидаги…»
Бу хабар араблар учун миннат бўлиб, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги, ҳаммани ожиз қолдирувчи, қиёматгача боқий қолувчи китобига ушбу араб тилни танлагани бежиз эмаслигини эслатади.
2-«Тасдиқловчи»
Яъни, ўзидан аввалги китобларда, жумладан, Тавротда келган ақида аслини, илоҳий йўлни, дину диёнатни тасдиқлайди.
3-«Зулм қилувчиларни огохлантириш учун».
Бу иш Қуръони Каримнинг вазифаларидан ҳисобланади. Ислом доимо зулмга қарши. Қуръони Каримда бу ҳақда кўплаб оятлар бор. Зулмнинг барча кўринишлари Исломга, Қуръонга зиддир. Қуръон доимо олимларни охират азобидан огоҳлантириб туради.
4-«…яхшиларга башорат китобидир».
Қуръони Карим яхшиларга икки дунё бахт-саодати башорати-хушхабарини беради.
Келгуси оятларда мазкур яхшиларга бериладиган мукофот, башорот-суюнчилик хабар васф қилинади.

13. Албатта «Роббимиз Аллоҳдир» деган, сўнгра бунда мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло
«Роббимиз Аллоҳдир деган» бандаларини мадҳ этмоқда, чунки бу иборани айтганлар ягона Аллоҳнинг Ўзинигина ибодатга сазовор Зот эканига, ушбу борлиқнинг парвардигори эканига, фақат Унга ибодат қилиб, фақат Унга суянишга иқрор бўлганлардир.
Шу билан бирга, улар иймонга амални, яъни, мустақимликни ҳам қўшиб олиб боришади.
«…сўнгра бунда мустақим турганлар…»
Чунки мустақимлик деганимиз Аллоҳнинг буйруқларини сўзсиз бажариш ва қайтганларидан мутлақо қайтишни билдиради.
Имом Муслим Ибн Ҳажжож Суфён ибн Абдуллоҳ ас-Сақафийдан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам ушбу маъно ўз аксини топгандир. Суфён ибн Абдуллоҳ Розияллоҳу анҳу айтадиларки, «Мен, эй Аллоҳнинг Расули, менга Исломда бир гап айтингки, сиздан кейин у ҳақда ҳеч кимдан сўрамайин, деган эдим, у киши, Аллоҳга иймон келтирдим, дегин-да, сўнгра мустақим тур, дедилар».
Иймонга келиб, мустақим турганларга қиёмат кунида ҳеч қандай гап йўқ. Ҳа, уларга,
«…хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар».
Уларга ҳеч қандай хафагарчилик ҳам бўлмайди. Қилган яхши амалларининг мукофотига роҳат-фароғотда бўладилар.

14. Ана ўшалар жаннат эгаларидир, унда қилган амаллари мукофотига абадий қолурлар.
Ушбу ояти каримадаги
«қилган амаллари мукофотига» деган иборага алоҳида эътибор бериш лозим. Унда, қилган амаллари, айтган гаплари ёки ниятлари, дегани йўқ.
Демак қуриқ гапнинг Исломда эътибори йўқ, балки айтилган гапни амал билан тасдиқлаш содир бўлгандагина мукофотларга сазовор бўлинади. Мукофот-жаннатда мангу қолишликдир.
Иймон ва мустақимлик ҳосил бўлгандан сўнг ота-онага яхшилик қилиш ҳақида насиҳат бошланади. Аллоҳ таоло билан бўладиган боғланишдан кейинги энг муҳим боғланиш ота-она билан бўладиган боғланиш эканини, ота-онасини фақат иймонли кишиларгина ҳақиқий ҳурмат қила олишини шундан ҳам билиб олса бўлади.

15. Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди ва уни қийланиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди.
Ушбу ояти кариманинг аввалида Аллоҳ таоло инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрмоқда.
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик».
Бу инсонийлик бурчидир. Инсон фақат инсонлиги учун ота-онасини ҳурмат қилиши, эъзозлаши зарур. Лекин шу билан бирга, оятнинг ўзида ота-онага яхшилик қилишнинг боисларидан баъзиси айтиб ўтилмоқда.
«Онаси унга қийланиб ҳомиладор бўлди».
Ҳомилодорлик катта машаққат. Ҳомила пайдо бўлиши билан онанинг машаққатлари бошланади. Кўнгли айнийди, заифлашади ва бошқа турли қийинчиликларни бошидан ўтказади. Вақт ўтиб ҳомила катталашиб борган сари онанинг машаққати ҳам катталашиб боради. Бу машаққатларни фақат Аллоҳ берган оналик меҳригина енгиллаштириши мумкин.
Кейин туғиш жараёни... Онаси
«уни қийланиб туғди».
Энг қийин жараёнлардан бири шудир. Ҳар бир она ўз фарзандини катта қийинчилик билан туғади. Тўлғоқ, туғиш-булар ҳаммаси фақат Аллоҳнинг инояти билан амалга ошади. Ҳар бир инсон ана шу қийноқларни бошидан кечириб туққан ўз онасини ҳар қанча эҳтиром қилса, шунча оз. Сўнгра туғилган болани эмизиб, ювиб-тараб, тарбиялаб ктта қилиш керак бўади.
«Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир».
Болага ҳомиладор бўлгандан тортиб уни сутдан ажратгунгача бўлган даврда қанчадан-қанча машаққатлар ўтади. Инсон боласи энг ожиз бўлиб туғиладиган жонзотдир. Бошқа ҳайвонларнинг боласи туғилганидан бир оз ўтгандан сўнг ўзининг кунини ўзи кўриб кетаверади. Аммо инсон боласи узоқ муддатли парваришга муҳтождир. Бу меҳнатни ҳам асосан она бажаради. Шунинг учун онага ҳурмат-эҳтиром қилиш алоҳида таъкидланади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики:»Бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида яхшилик қилишимга ким ҳақлироқ?» деб сўрабди. У Зот:
«Онанг», дебдилар. У киши:
«Сўнгра ким?» дебди. У Зот алайҳиссалом:
«Онанг», дебдилар. У киши:
«яна ким?» дебди. Пайғамбар алайҳиссалом:
«Онанг», дебдилар ва ниҳоят тўртинчи марта сўраганида,
«Отанг», дебдилар».
Оятда «Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир», дейилишидан баъзи уламолар ҳомиланинг энг оз вақти олти ой бўлиши мумкин деган фикрни айтишган. Чунки бошқа оятда, ким эмизишни батамом қилмоқчи бўлса, оналар болаларини икки йил тўлиқ эмизадилар, дейилган. Маълумки, икки йил-йигирма тўрт ойдан иборат. Эмизиш билан ҳомиладорлик ўттиз ой бўлса, демак ўттиздан йигирма тўрт чиқариб ташланса, олти ой қолади.
Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ал-Жуҳайнийдан қуйидаги қиссани ривоят қилади: «Биздан бир киши Жуҳайна қабиласига мансуб аёлга уйланган эди. У олти ойдан кейин бола туғди. Эри халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг хузурларига бориб, бўлган воқеани айтди. У киши аёлни келтиришга одам юбордилар. Аёл туриб кийимларини кияётганда синглиси йиғлай бошлади. У сингилисига қараб:
«Нимага йиғлайсан, Алоҳга қасамки, менга эримдан бошқа ҳеч ким қўл тегизгани йўқ. Аллоҳнинг Ўзи нимани хоҳласа, шу бўлади», деди. Уни ҳазрати Усмоннинг ҳузурларига олиб келишганида, у киши аёлни (зинода айблаб) тошбўрон қилишга буюрдилар. Бу хабар ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга етганда, ҳазрати Усмоннинг олдиларига келиб:
«Нима қилаяпсиз?», дедилар. Ҳазрати Усмон:
«Олти ойда туғибди, шундай бўлиши ҳам мумкинми?», дедилар. Ҳазрати Али:
«Агар бу аёл Қуръондан далил келтирса, сизни ютади», дедилар. Ҳазрати Усмон:
«Қандай қилиб», деб сўради. Ҳазрати Али:
«Аллоҳ таолонинг «унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир», деган сўзини ўқиганмисиз? «Оналар болаларини икки йил тўлиқ эмизадилар», деганини-чи? Шунда орадаги муддат олти ой қолмайдими?», дедилар. Ҳазарти Усмон:
«Бу ёғи хаёлимга келмабди, Али бўлмаганда ҳалокатга учрар эканмиз», дедилар.
Шундай қилиб, агар инсон иймонли, мустақил бўлиб,
«Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида, «Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин», дер экан.
Инсоннинг камолга етиши ўттиз билан қирқ ёшнинг ўртасида бўлар экан. Қирқ ёшга етган инсон ҳамма тарафдан мукаммаллашган ҳолга келади. Ушбу ёшда ҳамма нарсани чуқур мулоҳаза қиладиган, ўтган тажрибасига суянадиган, охиратни ҳам ўйлайдиган, хуллас камолат ҳаолтига етар экан.
Шунинг учундирки, Муҳаммад алайиҳиссалом ҳам қирқ ёшларида Пайғамбар бўлганлар. Бу ёш деярли умрнинг ўртаси бўлади. Ўша пайтда илтижо ҳам неъмат берувчи Роббил Оламийннинг Ўзига холис қаратилган бўлади.
«Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга…»
Ҳар бир инсон учун Аллоҳ таоло унга берган неъмат учун шукр қилиш муҳим ишдир. Ношукрлик куфрони неъматдир. Мўмин-мусулмонликка зиддир. Бу иш ўта муҳим ва нозик бўлганидан уни амалга оширишда бошқа ишлардан илгари айни шу масалада Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўралмоқда.
Шу билан бирга қолган умрини шукр билан қўшиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга, Аллоҳнинг розилигини ахтаришга истак кучаяди. Шунинг чун ҳам  ушбу дуода
«сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишга илҳом бергин», дейилаяпти.
Ҳақиқий мўмин ўзининг солиҳ амали билан кифояланиб қолмайди, балки зурриёти, бола-чақаси ҳам солиҳ бўлишини истайди. Чунки солиҳ зурриёт икки дунёнинг бахтидир. Шу боисдан ҳам,
«Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин», дейилаяпти.
Мўмин банданинг Парвардигори ҳузуридаги шафоатчиси, воситачиси унинг тавбасию мусулмонлигидир. У бирор гуноҳ қилса, дарров тавба қилади, Аллоҳга қайтади ва мусулмонлигини унутмайди. Бундай бандаларига Аллоҳ таолонинг Ўзи қандай муносабатда бўлишини кейинги оятда баён қилади.

16. Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз. Улар жаннат эгаларидандир. Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир.
Аввалги оятдаги мақтовли сифатларга эга бўлган мўминларнинг қилган яхши амалларини қабул қиламиз ва баъзи қилган гуноҳлари бўлса кечииб юборамиз, дейди Аллоҳ таоло.
«Ана ўшаларнинг энг яхши амалларни қабул қилиб, ёмонликларини ўтиб юборурмиз».
Албатта, амални қабул қилгандан сўнг унинг мукофоти ва савобини ҳам кўпайтириб беради. Ҳамда уларни жаннат эгалари сафига қўшиб қўяди.
«Улар жаннат эгаларидандир».
Бу оддий ваъда эмас, балки Аллоҳ берган ҳақ, содиқ ваъда бўлиб, амалга ошмай қолмайди.
«Уларга берилган ҳақ ваъда шулдир».
Ота-онасига яхшилик қилувчи мўмин фарзанднинг зикридан сўнг, ота-онага оқ бўлган фарзанд зикри келади.

17. Ота-онасига: «Уфф сизларга, (қабрдан) чиқарилишимнинг ваъдасини бераяпсизларми?! Мендан аввал ҳам асрлар ўтган-ку! деган кишига, Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда улар: «Ҳолингга вой бўлгур, иймон келтир, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», дедилар. У бўлса «Бу ўтганларнинг афсоналари, холос», дер.
Ушбу ояти каримада оқпадар фарзанднинг руҳий-маънавий ҳолати, ўз ота-онаси ила бўлган муамоласи баён қилинмоқда. Маълумки, ҳар бир мусулмон ота-она ўз фарзанди ҳам мусулмон бўлишини ва ўз умрида эришган бахтга фарзанди ҳам эришишини хоҳлайди. Унинг икки дунёда бахтсиз бўлишини, охиратда дўзах азобида қолишини истамайди. Шу меҳр, фарзанд ҳақидаги қайғу таъсирида ота-она ўз фарзандларини иймону Исломга чақирсалар, оқпадар фарзанд уларнинг бу даъватларидан ранжиб
«Ота-онасига: «Уфф, сизларга...» дейди.
«Уфф» лафзи арабларда бирор ёқмаган одамга, кўнгли қолган нарсага нисбатан ишлатилади. Бизда аввал халқ орасида юрадиган «суф сенга», деган иборага ўхшайди. Демак, оқпадар ҳам ота-онасининг иймонга чақиришларидан ижирғаниб:
«Уфф сизларга, (қабрдан) чиқарилишимнинг ваъдасини берасизларми?! Мендан аввал ҳам асрлар ўтган-ку!», демоқда.
Ўз-ўзидан маълумки, дину диёнатга даъват қилинаётган шахсга одатда охират эслатилади: беш кунлик дунё ўтиб кетади, эртага қиёмат бўлиб, қайта тирилиб, қабрдан чиқарилганингда савол-жавобда нима дейсан, дейилади. Ота-она ҳам фарзандларига ушбу маъноларни айтган бўлса, у оқпадардан юқоридагидай жавобни олганлар. Оқпадар ўзининг охиратга ишонмаслигига далил қилиб, ўзидан аввалги асрларда ўтган аждодлардан бирор кишининг қабрдан қайта тирилиб чиқмаганлигини келтиради. Лекин у ўзига ўхшаш кофирлар сингари, қайта тирилиш доим бўлавермаслигини, фақат қиёмат куни, Аллоҳнинг амри билан бўлишини, инсонни йўқдан бор қилган қудратли зот учун бу иш ҳеч қийин эмаслигини хаёлига ҳам келтирмайди!
Албатта, раҳмли ота-она оқпадар фарзанднинг бу нобакорлигини кўтара олмайдилар, меҳрлари, иймонлари уларни тинч қўймайди. Бу нозик ишда Аллоҳ таолодан мадад сўрайдилар ва оқпадар фарзандларига қарата:
«Аллоҳдан мадад сўраган ҳолда улар: «Ҳолингга вой бўлгур, иймон келтир, албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир», дедилар».
Аммо залолатга кетган оқпадар ўз фикрида, адашувида давом этади ва:
«Бу ўтганларнинг афсоналари, холос», дер».
Қайта тирилишни инкор этиш доимо барча гуноҳларни тап тортмасдан қилаверишга сабаб бўлади. Бу ҳолат ҳозиргикунда айниқса кенг тарқалган. Юқоридаги оят ҳаммага огоҳлантириш бўлмоғи лозим. Бунинг устига кейинги оят уларнинг охиратдаги ҳолларини баён қилмоқда:

18. Ана ўшаларга ўзларидан аввал ўтган жин ва инс умматлари қаторида (азоб) сўзи ҳақ бўлгандир. Албатта, улар зиён кўрувчилардан бўлдилар.
Қайта тирилшни инкор этувчилар, бунга ўзларидан аввал ўтган аждодларнинг қайта тирилмаётганини далил қилиб келтирган эдилар. Бу оятда эса:
«Ана ўшаларга ўзларидан аввал ўтган жин ва инс умматлари қатори (азоб) сўзи ҳақ бўлгандир», дейилмоқда.
Яъни, охиратда қайта тирилишни инкор қилганларга, инс бўлсин, жин бўлсин, аввал ўтсин, кейин ўтсин–барча-барчасига Аллоҳ таолонинг азоб сўзи ҳақ бўлган, уни қайтариб бўлмайди. Албатта, воқеъ бўлади.
«Албатта, улар зиён кўргувчилардан бўлдилар», бундан ортиқ ҳам зиён бўлиши мумкинми?! Улар зиён кўрмаса, боқалар зиён кўриши мумкинми?!
Ҳидоятда, иймонда юрган, ота-онасини рози қилганларнинг, ҳамда куфрда, залолатда ўтган, ота-онасига оқ бўлганларнинг умумий ҳоллари баён қилиниб бўлгандан сўнг, кейинги келадиган ояти каримада улардан ҳар бир шахсга алоҳида дақиқ ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлиши таъкидланади.

19. Ҳар бирларига қилган амалларига яраша даражалар бордир. Ва уларга амалларининг (мукофот ёки жазоси) тўлиқ берилур ва уларга зулм қилинмас.
Ушбу оятда ҳар бир инсонга бу дунёда қилган амлига яраша у дунёда даража берилиши таъкидланмоқда.
«Ҳар бирларига қилган амалларига яраша даражалар бордир».
Қиёматда яхшиларни кўплаб жаннатга, ёмонларни дўзахга киритиб юбориш билан кифояланмаслиги маълум бўлмоқда. Балки ҳар бир инсон бу дунёда қилган амалига қараб алоҳида даражага эга бўлади. Заррача яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ҳисоб-китобдан четда қолмайди. Кўп яхшилик қилганларнинг даражалари жаннатда олий бўлади. Шунинг учун яхшиликни иложи борича кўпроқ қилишга уриниш керак. Аксинча, ёмонлик қилганлар фақат дўзахга кириш билан чегараланиб қолмайди. Балки қилган ёмонлиги заррача бўлса ҳам ҳисоб-китоб қлинади ва шу жиҳатдан азоби қаттиқ ёки жуда қаттиқ бўлади. Демак, иложи борича ёмонликдан қочиш керак.
Оятнинг иккинчи қисмидаги
«Ва уларга амалларининг (мукофат ёки жазоси) тўлиқ берилур ва уларга зулм қилинмас», деган жумладан мурод ҳам шудир.
Сўнгра ҳақиқат, адолат ва яхшиликни паймол этиб, дунё лаззатларига берилиб, такаббурликка кетганлар огоҳлантиради.

20. Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз. Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дейилур.
Кофирлар, қайта тирилишни инкор қилганлар ва бошқа барча гуноҳкорлар қиёмат куни дўзахга кўндаланг қилинганда, улар албатта, қўрқиб, бўлари бўлади, лекин азоб яна ҳам зиёда бўлсин учун жисмоний қийноққа қўшиб, маънавий қийноқни ҳам ўлганннинг устига тепгандек, таъна сўзлари айтилади.
«Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз».
Бугун сизларга ҳеч қандай ҳузур, ҳеч қандай ҳаловат йўқ, сиз «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз», дейилади.
Чунки улар «Бу дунёда уйнаб қол, гуноҳ нима қилади»ни ўзларига шиор қилиб яшаганлар. Беш кунлик дунёда уйнаб маза қилиб олайлик, эртага ўлсак ҳаммаси ортда қолади, тупроққа қоришиб кетамиз, дейишган. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаганлар. Хулласи калом, охиратга ҳеч нарса қўймай, бу дунёда тугатиб бўлганлар. Шунинг учун натижа ҳам, ниятларига яраша бўлган-уларга бу дунёда маза бўлиб, охиратда эса фақат азоб қолган.
«Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дейилур».
Қиёмат кунида улар хорлик азоби ила жазоланадилар. Чунки улар бу дунёда кибру ҳавода бўлганлар. Кибр фақат Аллоҳ таолога хос. Бандасининг на кичик ва на катта ишларда такаббурликка ҳаққи йўқ. Хорлик азобининг яна бир сабаби «фисқу фасод қилганингизда», яъни Аллоҳнинг шариатидан чиққанингиздадир.  Аллоҳ таоло такаббурликдан ва шариатга хилоф йўл танлашдан  Ўзи сақласин !
Куфр ва ширк, Пайғамбарни тан олмаслик, Аллоҳнинг айтганига юрмаслик оқибатлари ҳақида қалбни ларзага солувчи оятлар ила баён қилингандан сўнг Од қавми ва бошқа осий қавмлар ҳаётидан жонли мисоллар келтирилади.

21. Ўз қавмини қум тепаликларда огоҳлантирган Однинг биродарини эсла! Ва ҳолбуки, ундан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар ўтган. «У зотдан ўзгага ибодат қилманглар, албатта, мен улуғ кунда бошингизга тушадиган азобдан қўрқурман, (деди)».
Оятдаги «Однинг биродаридан» мурод Пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломдир. У киши ўз қавми Одга Аллоҳ томонидан Пайғамбар қилиб юборилганлар. Од қавми «Боида» арабларидан бўлиб, асли Арабистон ярим оролининг жанубида, Ҳазарамавт томонда, баландлик-қумтепа жойларда яшаган. Бундоқ жойларни араб тилида «Аҳқоф» дейилади. Ушбу сураи кариманинг номи манашу оятдан олинган. (Исмоил алайҳиссаломдан аввал ўтган арабларни «Боида» араблари дейилади).
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитоб қилиб:
«Ўз қавмини қум тепаликларда огоҳлантирган Однинг биродарини эсла!» демоқда.
Ҳуд алайҳисалом огоҳлантирувчи-Пайғамбар бўлишлари янгилик эмасди. У ишидан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар-Пайғамбарлар ўтган.
«Ва ҳолбуки, ундан аввал ҳам, кейин ҳам огоҳлантирувчилар ўтган».
Ўшаларга ўхшаб Ҳуд алайҳиссалом ҳам ўз қавмларини, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмасликка чақирдилар. Ҳамда «улуғ кун»-қиёмат азобидан огоҳлантирдилар.
«У зотдан ўзгага ибодат қилманглар, албатта, мен улуғ кунда бошингизга тушадиган азобдан қўрқурман, (деди)».
Аммо Од қавми ўз Пайғамбарлари Ҳуд алайҳисаломнинг огоҳлантиришларига қўпол жавоб берганлар:

22. Улар: «Бизни худоларимиздан оздиришга келдингми? Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар.
Саркаш қавм, мушриклар «фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга» даъват этилсалар доимо, даъватчи ўз фойдасини кўзлаб, бизнинг мавқеимизни пастлатмоқчи, бўлмаса нима учун аввалдан ўрганиб қолган нарсаларимиздан қайтаради, деган бадгумонликка борди. Ҳуд алайҳиссаломга:
«Улар: «Бизни худоларимиздан оздиришга келдингми?» дедилар.
Ҳақиқатни ўз жойида тушунгилари келмади. Огоҳлантирувчининг сўзларига истеҳзо билан қарадилар ва қўлингдан келса осмонни ташлаб юбор қабилида иш тутиб:
«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», дедилар».
Яъни, биз динга юрмасак, азобга қолишимизни айтаяпсан, қани ўша азобинг, келтир гапинг рост бўлса, дейишди. Од қавми Ҳуд алайҳиссаломга қандай муомала қилганликларини юқоридаги оятдан билиб олдик.
Аммо Ҳуд алайҳиссалом бу қўполлик, дағаллик ва киборликни Пайғамбарлик одоби ила қабул этиб, ўз вазифаларини садоқат ила адо этаётганликларини баён қилдилар:

23. У: «Албатта, илм Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен нима билан юборилган бўлсам, шуни етказмоқдаман. Лекин сизларнинг жоҳил қавмлигингизни кўриб турибман», деди.
Кофирлар Пайғамбар ҳуд алайҳиссаломдан ваъда қилинаётган азобни тезроқ келтиришни талаб қилишди.
Пайғамбар Ҳуд алайҳиссалом эса, қуйидаги жавобни бердилар:
«У: «Албатта, илм Аллоҳнинг ҳузуридадир».
Яъни, сизга ваъда қилинган азобнинг қаяон келиши ҳақидаги илм Аллоҳнинг ҳузурида. Мен ул азобни келтира олмайман ва уни қачон келишини ҳам билмайман, дедилар ва сўзларида давом этиб:
«Мен нима билан юборилган бўлсам, шуни етказмоқдаман».
Яъни, менга сизларни огоҳлантириш топширилган эди, шуни бажардим, дедилар.
«Лекин сизларнинг жоҳил қавмлигингизни кўриб турибман», деди».
Лекин шуни очиқ айтишим керакки, сизларнинг ўзингизни тутишингиздан, қилаётган муомалангиздан, оҳлантирувчига ишонмаганингиздан ўтакетган жоҳил экангингизни кўриб-билиб турибман.
Шундан сўнг, «Аҳқоф» сураси сиёқи бўйича, Пайғамбар билан саркаш қавм ўртасидаги узоқ тортишувни йиғиштириб қўйиб, ниҳоий мақсадга кўчиб қўя қолинади.

24. У(азоб)ни водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди. Йўқ! Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир.
Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ исиққа дучор бўлган, ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқ таъсиридан ҳаво тандирга айланган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: «...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қийн исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакирнинг олдига борибди ва ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, Жарадатани исмли икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгандан сўнг Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилиб: «Эй бор худоё! Ўзинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилганим ҳам йўқ. Эй бор худоё! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин», дебди. Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан: «Танлаб ол», деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда: «Ол ўшани», деган нидо келибди.
«У(азоб)ни водийлари томон кўндаланг бўлиб юрганини кўришганда, бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди».
Оятдаги, водийлари томон, яъни, Од қабиласининг водийлари томон кўндаланг бўлган нарса ўша азоб булутдир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм, энди қурғоқчиликдан қутуламиз экан, деб хурсанд бўлдилар ва
«бу кўндаланг бўлувчи бизга ёмғир ёғдирур, дейишди».
Лекин илоҳий раддия бошқа хабарни келтирди:
«Йўқ!»
Сиз айтгандек эмас, ўзингиз Ҳуд Пайғамбарга, агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир, деб шошилиб, орзиқиб сўраган  эдингиз.
«Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарса, аламли азоби бор бўрондир».
Бу, сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу, ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз, азобдир. Бу азоб, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир, дейилди.
Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:

25. У Роббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур. Бас, масканларидан бошқа нарса кўринмай қолди. Жиноятчи қавмларни шундоқ жазолармиз.
Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли эди. У Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон (ҳалок) қилиши керак эди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиздан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос. Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди, у ўтган жойлардан масканлардан (уйлардан) бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлди. Ҳар доим Аллоҳ таоло жиноятчи қавмларни шундай жазолайди. Аммо инсонлар бироз шошадилар, холос.
Ушбу воқеа мисолида Аллоҳ Макка мушрикларига хитоб қилиб, Од қавмининг хатосини такрорламасликка ундайди:

26. Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик. Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик. Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар. Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Макка мушрикларига хитоб қилиб, уларни ўзларидан аввал ўтган Од қавмига таққослаб кўришга ундамоқда. Од қавми ҳам ўтган замонда ўз Пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссаломга Худди Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга куфр келтираётганларига ўхшаб куфр келтирган эдилар. Аммо ораларида фарқ ҳам бор эди.
«Ва, дарҳақиқат, Биз уларга сизга бермаган имконларни берган эдик».
Яъни, Аллоҳ таоло Од қавмига Макка мушрикларига бермаган имконларни берган эди. Ҳа, шунча имконларга эга бўлсалар ҳам куфрлари сабабли ҳалок бўлдилар. Имконлари уларни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қола олмади. Энди, улардан кўра имкони оз бўлган макка мушриклари ўзлари билиб олаверсинлар.
«Ҳамда қулоқ, кўз ва қалблар ато этдик».
Ўша Од қавмига берган имкониятларимиздан ташқари, эшитиб ибрат олсин. Деб қулоқ, кўриб ибрат олсин, деб кўз, ақл юритиб ибрат олсин, деб қалблар бердик. Лекин, афсуски,
 «Бас, на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари уларга ҳеч бир фойда бермади. Чунки улар Аллоҳнинг оятларини инкор қилган эдилар».
Ҳа, қайси бир инсон Аллоҳнинг оятларини инкор қилар экан, унга на қулоқлари, на кўзлари ва на қалблари ҳеч бир фойда бермайди. Од қавми ҳам худди шундоқ бўлди. Оқибатда:
«Бас, уларни ўзлари масхара қилган нарса (азоб) ўраб олди».
Эй Макка мушриклари, огоҳ бўлинглар, вақт борида ўзингизни ўнглаб олинглар. Бўлмаса, Од қавмига ўхшаб сизларни ҳам азоб ўраб олиши ҳеч гап эмас.
Оятдаги хитоб Макка мушрикларига қаратилган бўлса ҳам, ҳукми ҳаммага баробардир. Яъни ақлли, кўзли, қулоқли инсонлар ибрат олишлари лозимки, қуввати бор қуввати ила, молу дунёси бор моли ила, илми бор илми ила, мансаби бор мансаби ила ғурурга кетиш яхшиликка олиб бормайди. Бу нарсалар ҳар қанча юқори даражага етган бўлса ҳам, Аллоҳнинг азобидан сақлай олмас экан.
Энди Од ва ундан бошқа қавмларнинг ҳалокатга учраганидан ибрат олишга даъват этувчи оятлар келади.

27. Ҳақиқатда, атрофингиздаги шаҳар-қишлоқларни ҳалокатга учратдик ва шоядки, ўзларига қайтсалар, деб ҳужжат-далилларни баён қилдик.
Бу оятда Аллоҳ таоло Макка мушрикларига ўзлари хабардор бўлган ҳодисаларни, уларнинг атрофида куфри ва инкори туфайли ҳалокатга учраган Од, Самуд, Сабаъ ва Лут қавмларини эслатмоқда.
«Ҳақиқатда, атрофингиздаги шаҳар-қишлоқларни ҳалокатга учратдик…»
Аллоҳ таоло, шояд, улар куфрдан иймонга, зулмдан адолатга, туғёндан рушди ҳидоятга қайтсалар, деб ҳужжат ва далиллар, оят ва мўъжизалар келтирса ҳам улар қайтмадилар.
«…ва шоядки, ўзларига қайтсалар, деб ҳужжат-далилларни баён қилдик».

28. Қани энди, Аллоҳни қўйиб, У зотга яқинлаштирувчи деб тутинган худолари уларга ёрдам берсалар эди. Йўқ! Улар ғойиб бўлдилар. Ва бу уларнинг уйдирма ҳамда тўқиган бўҳтонларидир.
Аввалги оятларни ўрганиш жараёнида тушунганимиздек, мушриклар буту санамларга, булар бизни катта худога яқирлаштирадилар, шафоат қиладилар, деб эътиқод қилар эдилар. Уларнинг фикрларича, бу сохта худолар доимо ҳомий бўлиб, ўзларига сиғинганларни бало-офатлардан сақлаб қолишлари, оғир пайтларида ёрдамга келишлари лозим эди. Аммо энг керак пайтда-қиёмат қоим бўлиб, уларга сиғирганларнинг барчаси қийин ҳолда қолганда, дўзахга ҳукм қилинганларида, даҳшатга тушиб ёрдамчи, ҳомий ахтариб хору зор бўлганларида, у бутлар заррача ёрдам беролмайдилар. Шунинг учун ҳам ояти каримада:
«Қани энди Аллоҳни қўйиб, У зотга яқирлаштирувчи деб тутирган худолари уларга ёрдам берсалар эди», дейиляпти.
Одамларнинг қўли билан ясалган жонсиз нарсалар, уларга нима деб эътиқод қилинса ҳам, ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар. Ёки ёрдам берармиканлар?
«Йўқ! Улар ғойиб бўлдилар».
Ёрдам бериш қаёқда! Улар бир йўла ғойиб бўлиб, гумдон бўлиб кетишди. Чунки бу асли йўқ нарсадир. Ақлга тўғри келмайдиган нарсадир.
«Ва бу уларнинг уйдирма ҳамда тўқиган бўҳтонларидир».
Мушриклик, мункирлик, иймонсизлик инсонга ор бўладиган иш эканини, куфру ширк ҳеч оқлаб бўлмайдиган жиноят эканини яна бир бор таъкидлаш учун кейинги оятларда жинларнинг Қуръонни бир бора эшитибоқ иймонга келганликлари ҳамда ўз қавмларини ҳам Исломга чақирганликлари воқеаси баён қилинади:

29. Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла . У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «жим, қулоқ осинглар!», дедилар. Қачонки, қироат охирлаганда, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар.
Оятдан маълум бўляптики, жинларнинг Қуръонга қулоқ осишлари тўсатдан, кутилмаганда содир бўлмаган, балки уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи буриб қўйган. Бу фазлни Пайғамбар алайҳиссаломга ҳам эслатмоқда.
«Ва сен томон бир гуруҳ жинларни Қуръон эшитишга бурганимизни эсла».
Жинлар Қуръонни эшитишга ҳозир бўлганларида, инсонларга ўхшаб, бу ўтганларнинг афсоналари, сеҳр, шеър ёки уйдирма деб ўтирмадилар, балки,
«У(Қуръон эшитиш)га ҳозир бўлганларида: «Жим, қулоқ осинглар!» дедилар».
Ушбу омил уларнинг бахтига сабаб бўлди. Аввал яхшилаб қулоқ осдилар, ҳақни ботилдан ажратишга уриндилар. Ҳақиқатни тушуниб етганларидан сўнг эса, зудлик билан иймон келтирдилар. Иймон қалбларидан жой олгач, бу улкан неъматни ўз қавмлари билан баҳам кўришга шошилиб:
«Қачонки, қироат охирлаганда, ўз қавмларига огоҳлантирувчи бўлиб қайтдилар».
Ва:

30. Улар: «Эй, қавмимиз! Биз Мусодан кейин туширилган, ўзидан аввалги нарса(китоблар)ни тасдиқловчи, ҳақ(дин)га ва тўғри йўлга ҳидоят қилувчи китобни эшитдик».
Оятдан маълум бўляптики, жинлар Мусо Пайғамбарни ва у кишига туширилган китобни ҳам билар эканлар. Улар илк эшитган оятларида Мусо алайҳиссалом ҳамда у зотга нозил қилинган «Таврот» китоби ҳақида гап бормаган бўлса ҳам, эшитган оятларининг маъноси, далолати, услуби ва бошқа жиҳатлари билан Қуръон ҳам Мусога туширилган китобни тасдиқловчи илоҳий китоб эканлигини тушуниб етганлар. Энг муҳими, жинлар Қуръони Карим оятларининг завқидан, таъсиридан, ҳаловатидан унинг тўғри йўлга бошлашидан бохабар бўлганлар ва қавмларига ҳам бу ҳақда хабар берганлар.
Сўнгра тушуниб етган шахс сифатида, огоҳлантириш зарурлигини англаб етган вакил сифатида, ўз қавмларини огоҳлантира бошлаганлар. Улар ўз сўзларининг давомида яна қуйидагиларни айтдилар:

31. Эй, қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг. У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар.
Жинлар Қуръони Каримдан баъзи оятларни тинглашлари билан, уни инсу жинга юборилган илоҳий китоб эканлигини тушуниб етганлар. Шунингдек, Муҳаммад алайҳиссаломни Аллоҳнинг даъватчиси эканликларини, у зотнинг чақириқларига жавоб бериш лозимлиги, Аллоҳга иймон келтириш вожиблигини ҳам англаб етганлар.
«Эй, қавмимиз, Аллоҳнинг даъватчисига жавоб беринг ва Унга иймон келтиринг».
Энг муҳими, жинлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қироатларини эшитганларидан сўнг, охиратни, қиёмат кунини билганлар, унда аламли азоблар борлигини, Аллоҳга иймонгина у азобдан сақлаб қолиши мумкинлигини фаҳмлаганлар.
«У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилар ва аламли азобдан сақлар».
Афсуски, инсонлар бу борада жинларчалик ҳам эмаслар.
Жинлар ўз қавмларига қилаётган даъватлари охирида Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирмасликнинг оқибати нима бўлишини баён қиладилар:

32. Кимки, Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас у ер юзида қочиб қутила олувчи эмасдир ва унга У зотдан ўзга валийлар ҳам йўқдир. Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир», дедилар.
Бу ояти каримада динни қабул қилмаган кофирлар ҳақида хабар берилмоқда. Улар Аллоҳнинг даъватчиси-Пайғамбарини қабул этмай, динни эътироф қилмай нима ҳам қила олар эдилар. Яратгандан қочиб қутилишнинг иложи борми? Улар Аллоҳнинг мулкидан ҳеч ерга қочиб чиқиб кета олмайдилар.
Моликул мулк бўлган қудратли Аллоҳ уларга кофирликларининг жазосини албатта беради. У азоблашни истаганда эса, кофирларни аламли азобдан ҳимоя қилувчи валийлари-дўстлари ҳам бўлмайди.
«Кимки, Аллоҳнинг даъватчисини қабул қилмаса, бас у ер юзида қочиб қутила олувчи эмасдир ва унга У зотдан ўзга валийлар ҳам йўқдир».
Аллоҳнинг даъватчисини инкор этиб бу ноқулай ҳолатга тушиб қолганлар очиқ-ойдин залолатдадирлар. Ҳа,
«Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадир».
Демак, залолатда қолмаслик учун Аллоҳнинг даъватчисини дарҳол қабул қилмоқ, айтганига юрмоқ зарур.
Мўмин-мусулмон инсоннинг Қуръонда келган ҳар бир хабарга иймон келтириши фарз. Худо кўрсатмасин, Қуръондаги бирор хабарга шубҳа билан қараш, ишонмаслик кофирлик бўлади.
Шундан келиб чиқилса, жин ҳақида Қуръонда оят келиши уларнинг борлигига иймон келтиришни барча мусулмонларга фарз қилади. Шундай экан, бир оз тўлароқ тушуниш учун бу борада баъзи маълумотларни ўрганиб қўймоғимиз зарур.
Маълумки, дунё сиру асрорларга тўла. Биз ҳали моҳиятини, сифатини, таъсирини билмайдиган ҳодисалар атрофимзда тўлиб-тошиб ётибди. Бирор нарса кўзимизга кўринмаса, уни йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни янги нарсалар, махлуқотлар кашф этиляпти. Кеча билмаган нарсаларимиз бугун кашф этилса, биз уни йўқ эди дея олмаймиз. Балки, кеча бу бор нарсани биз билмас эканмиз, деймиз. Ҳозирги кунда ўтган аждод билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган қанчадан-қанча нарсаларни биляпмиз. Албатта, биз билган нарсалар, кейинги авлодлар учун ўйинчоққа ўхшаб қолади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло инсонга берган қобилиятлар ёрдамида кашф қилинмоқда, буларнинг ҳаммаси инсон идроки чегарасидаги нарсалардир. Келажакда яна кўп нарсалар кашф этилиши турган гап. Демак, бирор нарсани бор ёки йўқ деб жазм ила ҳукм чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Биз бандаларнинг идрокимизни ишга солмай, Аллоҳ таоло Ўзи баъзи сирни кашф этиб берса шукр қилиб қабул этмоғимиз лозим. Масалан, жинга ишониш масаласида ҳам Аллоҳ таоло Ўз каломида сиз билан бизга жинлар ҳақида маълумот берган экан, уни ихлос билан қабул этиб, ишониб, иймон келтирмоғимиз лозим.
Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот бор, у оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар уларни кўрмайди. Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Бошқа сайёраларда яшаш имконлари ҳам мавжуд. Залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Инсоннинг овозини эшитиб, тилини тушунишади. Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бор. (Ўғлига Қуръон ёдлатмоқчи бўлган жин бизга таниш қорилардан бирига ёрдам сўраб мурожаат қилгани бизга ҳам маълум).
Жинларнинг Қуръон тинглаганликлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, айнан шу сафар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари, жинлар у зотнинг тиловатларига қулоқ осганидан ва ундан кейинги гаплардан бехабар бўлганлар. Фақат Аллоҳ таоло оят туширириб хабар берганидан сўнг билганлар. Аммо ушбу воқеадан сўнг жинлар яна келиб тинглашганда, Пайғамбар алайҳиссалом бу галгисини билиб турганлар.
Имом Муслим қилган ривоятда, бир куни саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни йўқотиб қўйиб, хижолат бўладилар. Биров бир нарса қилдимикан ёки бирор ҳодиса бўлдимикан, деб водийларни, тепаликларни қараб-ахтариб чиқадилар. Кечаси билан хавотирда тонг оттирадилар. Тонг отганидан сўнг у зотни Ҳиро ғори томонидан келаётганларини кўрадилар. Олдиларига бориб, сизни йўқотиб қўйиб ахтардик, топа олмай тунни безовта ўтказдик, дерлар Пайғамбар алайҳиссалом эса: «Жинларнинг вакили келувди, бирга бориб уларга Қуръон ўқиб бердим», деб жавоб берадилар ва саҳобаларни етаклаб бориб, жинларнинг изларини ва гулханларининг қолдиқларини кўрсатадилар.
Биз бу ҳодисанинг қисқача баёнини келтирдик. Ровийлар улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қиладиларки: «Расулуллоҳ бир куни саҳобаларга, ким жинлар ишига ҳозир бўлишни истаса, бу кеча марҳамат қилсин, дедилар. Мендан бошқа ҳеч ким бормади. Юриб бориб Макканинг юқорисига етганимизда оёқлари билан менга чизиқ чизиб бердилар-да, шундан чиқмай ўтир, дедилар. Ўзлари узоқроқ бориб Қуръон ўқий бошладилар. Бир зумда у кишини қора нарсалар ўраб, икковимизнинг орамизни тўсиб қўйди, мен овозларини ҳам эшитмай қолдим. Сўнгра ҳалиги қора нарсалар булутга ўхшаб парча-парча бўлиниб, тарқаб кета бошлади. Фақат бир бўлаги қолганда Расулуллоҳ бомдод намозини тугатдилар, бориб таҳорат ушатдилар ва менинг олдимга келиб, ҳалигилар нима қилди, деб сўрадилар. Мен, ҳов ана, туришибди, дедим. Пайғамбар алайҳиссалом уларга суяк ва тезакни бердилар. Бизни эса, суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтардилар».
Пайғамбар алайҳиссалом бомдод намозини ўқиётганларида бир гуруҳ жинлар у зотнинг қироатларини тинглаб иймонга келганликлари ва бошқа ҳодисалар «Жин» сураси ва бошқа суралар тафсирида батафсил келтирилади.
Шу жойга келганда жинларнинг ўз қавмларини Аллоҳнинг динига даъват қилганлари ҳақидаги гаплар тугаб, инсонларнинг куфрлари, ўлгандан сўнг қайта тирилишни инкор қилишларини муолажа этишга ўтилади.

33. Улар осмонлару ерни яратган ва уларни яратишда беҳол бўлмаган зот-Аллоҳ, ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканини англаб етмадиларми? Зеро, У зот ҳар бир нарсага қодирдир.
Бу-кофирлар ўлгандан сўнг ҳам жазодан қутула олмасликларини таъкидлашдир. Ҳозрги куннинг кофирларига ўхшаб ўлиб, тупроққа қўшилиб кетганингдан кейин нима ҳам қила олар эди, деган хаёл келмаслиги керак.
«Улар осмонлару ерни яратган ва уларни яратишда беҳол бўлмаган зот-Аллоҳ, ўликларни ҳам тирилтиришга қодир эканини англаб етмадиларми?»
Ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ ўлганларни ҳам тирилтириш, сўроқ-савол қилиш ва бу дунёда қилганига яраша жазо ёки мукофат беришга қодирдир. Наҳотки, Аллоҳнинг динини қабул қилмовчилар бу ҳақиқатни ўйлаб кўрмасалар.
«Зеро, У зот ҳар бир нарсага қодирдир».
Шунчалик гап-сўз, тушунтириш, баёнлардан кейин ҳам куфрда, инкорда давом этувчиларнинг ҳоли қиёмат кунида қандай бўлишини кейинги оят васф қилади:

34. Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда: «Бу ҳақ эмасми?!», (дейилур). Улар, Роббимизга қасамки, худди шундоқ, дедилар. «Бас, куфр келтирганингиз учун азобни тортинглар», деди.
Бу ояти каримада ҳаёти дунёда ўлгандан сўнг тирилишни, дўзах азобини уйдирма, афсона, деб юрганларга қиёмат куни бериладиган дағдаға саволи ва уларнинг жавоби васф қилинмоқда:
«Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда: «Бу ҳақ эмасми?!», (дейилур)».
Яъни, қиёмат куни кофирларни дўзахга равона қилинаётган вақтда, улар ўз ҳолларига вой бўлганини англаб етганларидан кейин, уларнинг ўзларидан, хўш, айтинглар-чи, дўзах ва унинг азоби ҳақ эканми?! деб сўралади.
Кофирлар бу саволга дарҳол жавоб бердилар.  
«Улар, Роббимизга қасамки, худди шундоқ, дедилар».
Барча жиноятчилар қўлга тушганда мулойим бўлиб қолганидек, бу кофирлар ҳам Роббил оламийннинг қаршисида аавалги мутакаббирликларидан асар ҳам қолмай, Роббимизга қасамки, деб турибдилар. Саволга жавобни аввало Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб олиб, кейин, худди шудоқ, деб бермоқдалар.
Ҳа, у дунёда биз инкор этиб юрган дўзах ва унинг азоби ҳақ экан, энди билдик, демоқдалар.
Кофирлар: «Худди шундай, ҳақ экан», дейиш билан чегараланишса ҳам бўлар эди, лекин у пайтда уларнинг ишончи шу даражага етганки, оддий жумла билан эмас, балки Аллоҳга қасам ичиб, «Роббимизга қасамки», деб таъкидлаб айтишмоқда.
Ана шунда савол берувчи томон охирги сўзни айтиб, сўзлашувга якун ясади.
«Бас, куфр келтирганингиз учун азобни тортинглар», деди».
У дунёда иймон келтир, дейилса, кўнмай куфр келтирган эдингиз, энди ўша кофирлигингиз сабабидан дўзах азобини тортаверинглар, деди.
Суранинг охирида Аллоҳ субҳаноҳу ва таоло Ўзининг суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли бериб, кофирлар ва мушриклар етказаётган азобларга душманликларга ва тазйиқларга худди илгари ўтган Пайғамбарлар каби сабр қилишни буюради.

35. Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинур, холос!
Аллоҳ таоло ушбу оятда кофир, мушрик ва динсизлар доимо мўмин-мусулмонларга зулм қилиб, озор бериб, тазйиқ ўтказиб келаганликларини эслатмоқда. «Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар-Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк Пайғамбарларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганлрида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.
«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) шошилма!»
У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.
Одатда, Аллоҳнинг амрига қарши чиққанларнинг бирор балога гирифтор бўлиши кутилади. Гоҳида бандалар шошилиб: «Нимага бунга ҳеч нарса бўлмайди экан?», каби ноўрин саволлар бера бошлайдилар. Пайғамбар алайҳиссалом вақтларида ҳам шундай ҳоллар бўлган. Эҳтимол Муҳаммад алайҳиссаломнинг дилларидан ҳам шундай савол ўтгандирки, у зотга Парвардигори олам:
«уларга (азоб етишига) шошилма», демоқда.
 «Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар».
Оятда зикр этилган «ваъда қилинган нарса»дан мурод охират азобидир. Демак улар охират азобини кўрганларида, унинг даҳшатидан, қийноқларидан, кучидан, давомийлигидан бу дунёда яшаб ўтказган ҳаётлари ўзларига «бир лаҳзагина»га ўхшаб туюлар экан. Демак бир лаҳзалик ҳаётни деб охиратни хароб қилмаслик керак.
«Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмларгина ҳалок қилинур, холос!»
Оятда Қуръони Карим «етказиш» холос эканлиги яна бир таъкидланмоқда. Ҳамда фақат фосиқлар, яъни, Аллоҳнинг амридан чиққанларгина ҳалок қилиниши, азобга дучор бўлиши айтилмоқда.
Ҳа, Аллоҳ таолонинг бу оламда жорий қилган суннати-одати шундоқ, иймон билан куфр орасидаги курашда доимо иймон ғолиб чиқади. Ушбу курашда иштирок этган тарафлардан  мўминлар икки дунё саолатига эришиб, кофир қавмларгина ҳалок қилинур.


Орқага Олдинга