Маккада нозил бўлган. 56 оятдан иборат.
Ушбу суранинг биринчи оятидаги «Муддассир» сўзи унга ном қилиб олингандир.
Худди Муззаммил сурасидек, бу сурада ҳам улуғ Пайғамбар алайҳиссаломнинг баъзи шахсий хусусиятларини зикр қлинади.
Сураи карима Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни даъват қийинчиликларинини кўтаришга ва жиддият ила кишиларга илоҳий таълимотларни етказишга, кофирларни огоҳлантиришга, фожирларнинг берган озорларига сабр қилишга чақириш билан бошланади.
Сўнгра гуноҳкорларга қиёмат куни бўладиган қийинчиликлар, бериладиган шиддатли азоблар ҳақида баён қилинади.
Ундан сўнг сурада Қуръонни эшитиб, унинг Аллоҳнинг каломи эканлигини билиб туриб мансаб, обрў деб тўғри йўлни қўйиб нотўғри йўлни танлаган фожир ва фосиқ Валид ибн Муғийранинг ҳоли не кечганлиги ҳақида Аллоҳ Ўз бандаларини огоҳлантиради.
Кофирларга ваъда қилинган дўзах ҳақида, дўзахнинг кучли посбонлари, ундагиларни азобловчи фаришталар ҳақида, уларнинг сони ҳақида ҳам оятлар келади.
Сурада ой ва тонг билан қасам ичилади ва жаҳаннам улкан балоларнинг бири эканлигини таъкидланади.
Охиратда жаннатга кирган мўминлар ва дўзахга тушган гуноҳкорларнинг сўзлашуви келтирилади.
Мушриклар иймондан юз ўгиришларининг сабаби ҳақидаги оятлар суранинг охирида нозил бўлган.
Тафсир китобларида «Муззаммил» ва «Муддассир» сураларининг нозил бўлиш сабаблари бир-бирларига ўхшашлиги таъкидланади. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, суралар бир-бирларига тарих ва мавзуъ жиҳатидан жуда ҳам ўхшаш. Нозил бўлиш сабаби ҳам ўхшаш бўлиши табиий.
Ривоятлардан бирини келтирамиз:
Қурайш қабиласи мушриклари йиғилиш ўтказиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг чақириқларидан одамларни тўсиш учун тадбирлар қабул қилишганда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ғам-ғуссага ботиб, кийимларига бурканиб ётиб олганларида, фаришта Жаброил алайҳиссалом келиб «Яаа айюҳал муддассир» сурасининг аввалини ўқиган эканлар.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Эй бурканиб ётган!
2. Тур ва огоҳлантир!
Бу илоҳий нидо, жуда ҳам таъсирчан нидодир. Ётиш, дам олиш вақти ўтганлиги, туриш, ҳаракат қилиш, кишиларни тўғри йўлга бошлаш, бу ишда дуч келадиган кўплаб қийинчиликларни енгиш они келгандан хабар эди.
«Огоҳлантир!!» деганда ғофилларни яқинлашиб келаётган хавфу хатардан воқиф қилишни айтган эди. Бу эса бандаларга бўлган Аллоҳнинг раҳматидир. Чунки агар барча холойиқ йўлдан адашиб кетса ҳам ёки ҳамма тўғри йўлдан юрса ҳам, Аллоҳнинг мулки камайиб ёки зиёда бўлиб қолмайди. Лекин Аллоҳнинг Ўз бандаларига раҳмати кенглигидан уларга огоҳлантирувчи Пайғамбарлар юбориб турди.
3. Ва Роббингни улуғла!
Фақат Аллоҳни улуғланглар ҳузурида бошқалар кичик бўлиб қолади. Фақат Аллоҳни улуғланглар ҳузурида барча машаққатлар енгил бўлиб қолади.
4. Ва кийимингни покла!
Араблар одатича, «кийимингни покла» ибораси умумий поклик, жумладан қалб поклиги маъносида ҳам ишлатилади. Кишиларни ҳидоятга чорлашга ҳозрлаётган киши учун поклик, айниқса қалб поклиги ниҳоятда зарурлигидан ушбу илоҳий фармон келган.
5. Ва азоб(сабабчиси)дан четлан!
Араб тилида «ружз» сўзи, оқибатда азобга сабабчи бўладиган гуноҳ ишларга айтилади. Баъзи тафсирчилар «ружз»ни бут деб айтганлар. Иккала маъно бир-бирларини тўлдириб келади. Демак, диний даъватга бел боғлаган киши гуноҳлардан батамом четланган бўлиши шарт.
Лекин минг афсуски, баъзи шахслар гуноҳ ишларнинг турлисини қилиб туриб, диний ишга ўзини уради. Содда кишиларни алдамоқчи бўлади. Бу билан ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказади.
6. Ва кўп (иш) қилган бўлсанг ҳам, миннат қилма.
Яъни, даъват ишидаги одам ҳам қанча кўп иш қилса-да миннат қилмаслиги лозим, ўз шахсини юқори кўтармаслиги зарур. Бу ҳукм Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида вожиб бўлса, умматлари ҳақида мандубдир.
7. Ва Роббинг учун сабр қил.
Аллоҳнинг йўлида даъват қилиш ниҳоятда қийин иш, доимо сабр, матонатли бўлишни талаб қилади.
Сўнгра Аллоҳ таоло мушрикларга қиёматни ва уларнинг оғибати ёмон бўлишини эслатади:
8. Бас, вақти келиб, дудга пуфланса...
9. Бас,ўша, ўшал кун қийин кундир.
Яъни, қиёмат қўпса, ғоят оғир кунлар келади.
10. У кофирларга осон эмасдир.
Келаси оятларда Аллоҳ таоло мушрикларнинг кўзга кўринган намояндаси Валид ибн Муғийрага бевосита таҳдид қилади. Бу шахс Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойлардан бўлиб Пайғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Ҳаа мийм танзийлул китаби» ояти тушганда, бу оятни масжидда ўқиётганларида Валид ибн Муғийра кўнгли эриб, ўз қавми бани маҳзум қабиласи олдига боради ва «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта унинг усти самарали, ости баракали, албатта у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деб айтди. Сўнгра уйига қараб кетди. Қурайш қабиласи аъзолари, Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, Қурайшнинг барчаси ҳам диндан чиқади энди», дедилар.
Шунда Абу Жаҳл ўрнидан турди ва:
«Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман», деди. Валиднинг олдига бориб хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб:
«Нега хафа кўринасан?» деди.
«Мен хафа бўлмай ким хафа бўлсин, деди, Абу Жаҳл муғомбирлик билан, Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти, уларнинг фикрича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берибсан ва Муҳаммад ва Абу Бакрнинг ортидан қолган таомларини сўрамоқчи бўлаётган экансан». Валиднинг аччиғи чиқди ва:
«Менинг молим ва фарзандим ҳаммадан кўп эканини билмайсанми, нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса», деди. Сўнг ўриндан туриб Абу Жаҳл билан бирга қабиласи аъзолари ўтирган жойга келди ва:
«Муҳаммадни жинни деяпсизлар, уни жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» деди.
«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», деди қабила аъзолари.
«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» деди.
«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.
«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» деди.
«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.
Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан аввал ростгўйликлари учун «амин» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага:
«Нима дейлик, бўлмаса?» дедилар.
Валид ўйланиб қолди, ўзича ўлчаб-бичди-да:
«Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди.
Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятларни нозил қилди:
11. Мени Ўзим якка яратган киши билан қўйиб қўй.
Яъни, эй Муҳаммад Ўзим яратган анови бадбахтни Ўзимга қўйиб қўй, Мен уни онасининг қорнида молу-дунёсиз, бола чақасиз, кучу-қувватсиз ёлғиз ўзини яратдим.
Муфассирларимизнинг аниқлашларича ушбу оятда кўзда тутилаётган нобакорлар намоёндаси Валид ибн Муғийра Қурайш каттаконларидан бўлиб «якка» ва «Қурайш райҳони» лақаби олган эди. Аллоҳ таоло унга кўплаб молу дунё ва фарзандлар ато қилган эди. Аллоҳ унинг ризқини кенг қилганидан молу дунёси дарёдек оқиб келар эди. Унинг Тоифда бир боғи бўлиб, меваси қишин ёзин узилмас эди. Валид ибн Муғийра Аллоҳнинг неъатларига шукр қилмади, куфр келтирди. Охири келиб ушбу сура тафсири мақаддимасида айтиб ўтилган гаплар юзага келди.
Ушбу оятда ва ундан кейин келадиган оятларда ўша нобакор Валид ибн Муғийра мисолида унга ўхшаш барча ношукр кофирлар ҳақида сўз юритилади.
12. Ва унга кўплаб молу дунё.
13. Ва ҳозиру нозир фарзандлар бериб қўйдим.
Аллоҳ таоло Валид ибн Муғийрага кўплаб молу-дунё: туялар, отлар, қўйлар, гўзал боғлар ва бошқаларни берган эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтишларича, унинг молу дунёси Маккадан Тоифгача чўзилган эди.
Аллоҳ таоло унга яна:
«ҳозиру нозир фарзандлар бериб қўйдим», демоқда.
Валид ибн Муғийранинг ўнта ўғли бўлиб у қаерга борса бирга боришар эди. У эса ўз ўғиллари билан фахрланиб юрар эди. Ўғилларидан қўрқиб унга бирор нарса дея олмас эди.
14. Ва унга (ҳамма нарсани) осонлаштириб қўйдим.
Яъни, молу дунё, обрў-эътибор ва бошқа ҳар бир керакли нарсаларни бериб қўйдим.
15. Сўнгра, яна зиёда қилишимни тамаъ қилур.
Яъни, шунчалар молу дунё, фарзандлар берсам ҳам шукр қилмай куфр келтириб туриб, яна зиёда қилишимни тамаъ қилади-я!
16. Йўқ! Чунки, у Бизнинг оятларимизга саркаш эди.
«Йўқ!»
У тамаъ қилишдан қайтсин! У кофир ва нобакорга энди неъматларни зиёда қилиш йўқ!
«Чунки, у Бизнинг оятларимизга саркаш эди».
Ҳақни инокр этар. Аллоҳнинг оятларини тан олмас ва Унинг Расулини ёлғончига чиқарар эди. Ана шундоқ бадбахт ва нобакор шахс қандоқ қилиб Бизнинг унга зиёда неъмат беришимизни тамаъ қилади?!
17. Тезда уни соъуд-машаққатли чиқш-ла ҳоритаман.
Яъни, қиёмат куни уни ўта қийин азобга дучор қилиб ҳоритиб, чарчатиб ҳолдан тойдираман.
Имом Термизий ва Имом ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда ушбу оятдаги «машаққатли чиқиш», деб таржима қилганимиз «Соъуд» сўзи қуйидагича шарҳ қилинган: «Соъуд оловдан бўлган тоғ бўлиб кофир унга етмиш куз чиқади. Сўнгра ундан худди шундоқ тушади ва бу абадий давом этаверади», дейилган.
Сўнгра Аллоҳ таоло бу мушрикнинг ҳолатини васф қилади.
18. Албатта, у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди.
Яъни, ўша кофир, фожир, осий Пайғамбар ҳақида, Қуръон ҳақида нима десам экан, деб фикр юритди, чамалаб кўрди. Ичида айтадиган гапини тайёрлади. Қандоқ қилиб таъна етказишни режалади.
Ушбу хабардан кейинАллоҳ таоло ўша кофир, фожирни дуои бад қилади.
19. Лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалади!
Яъни, Аллоҳ уни Ўз раҳматидан узоқ қилсин, хор қилсин, ҳалок қилсин, қандоқ ҳам ёмон нарсаларни чамалади. Сўнгра, келгуси оятда ушбу дуоибадни яна такрор қилинади. Бу таъкидлаш учун ва ўша кофирнинг ҳолини нақадар аянчли эканлигини кўрсатиш учун ҳамдир.
20. Сўнгра яна лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалади.
21. Сўнгра назар солди.
Яъни, ўйлаб-ўйлаб, у яна бир назар солди. Нима десам экан?, деб назар солиб чиқди. Нияти бузулиб айтадиган гапига қарор қилганидан кейин,
22. Сўнгра юзини буриштирди ва қавоғини солди.
23. Сўнгра юз ўгирди ва такаббурлик қилди.
Яъни, сўнгра иймондан юз ўгирди ва ҳидояту ҳаққа эргашишдан такаббурлик қилди ва:
24. Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас.
25. Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас, деди.
Яъни, бу эскилардан нақл қилиниб келинаётган сеҳр, шунинг учун одамларга бир оз таъсир қилмоқда. Бўлмаса аслида ўзи одамнинг оддий сўзидан бошқа нарса эмас, деди.
Кофирларнинг ҳоли шу. Ўзи ёлғиз қолганда Аллоҳга, Қуръонга, Пайғамбарга иймон келтиргиси келса ҳам кўпчилик шайтонларга қўшилганда, сиёсатдан қўрқиб, ўзини диндан олиб қочади. Валид ибн Муғийрага ўхшаб ўзи таъсирланиб, ичидан қизиқиб, ёниб турса ҳам, кўпчилик нима дейди, деб уриниб-берилиб динга қарши ёлғон гап тўғишгга ўтади.
Валид ибн Муғийра ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон тиловати эшитгандан кейин кўнгли эриб, ўз қавми Бани Махзум қабиласига бориб: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор, албатта унинг усти самарали, ости баракали, албатта у устун келади, унга ҳеч нарса устун кела олмайди»-деган эди.
Лекин, одамларнинг гап-сўзлари, Абу Жаҳлнинг иғвосидан кейин, тамомила тескари бўлиб олди. У ўз фикрига қарши, аммо қавмига ёқадиган гапларни гапирди. Залолатга кетган қавм ҳам ҳозиргина бошқача гап айтаётган эдинг, энди нима учун тескарисини айтмоқдасан, демасдан ёлғон, бўҳтон гапни билиб туриб қабул этди. Кофир қавм ва шахсларнинг ҳоли доимо шундоқ.
Сўнг Аллоҳ қиёматда бу мушрикка қандоқ муомала қилишини айтади:
26. Тезда уни сақар(дўзахи)га киритурман.
27. Ва сақар нималигини сенга нима билдирди?
28. У боқий қолдирмас ва тарк ҳам қилмас.
Яъни, ҳеч нарсани ўз ҳолича қўймайди.
29. У терини кўп куйдирувчидир.
Яъни, «Сақар» дўзахи ўзига тушган одамларнинг териларини қаттиқ куйдириб, жизғанак қилиб, қорайтириб ташловчидир. Шунда «башар» сўзи башара-тери маъносида бўлади.
Ояти кариманинг иккинчи маъноси ҳам бор. Унда «лаваҳутул» бўртириб кўринувчи «башар» эса, башарият-одамлар маъносида бўлади.
Шунда сақар дўзахи одамларга узоқда алоҳида бўртиб кўриниб турувчи, деган маънони билдиради. Баъзи ривоятларда, сақар, беш юз йиллик масофадан кўриниб туради, уни қаерда экан, деб излашни, бўйин чўзиб қарашнинг ҳожати йўқ, дейилган.
Ушбу маънолар бир-бирини тўлдириб келади, десак маъно яна ҳам тўлиқ бўлади, деб ўйлаймиз.
30. У(сақар)нинг устида ўн тўққизта (фаришта) бор.
Жобир ибн Абдуллоҳ исмли саҳобадан қилинган ривоятда айтилишича: Пайғамбаримиз ҳузурларига бир киши келиб:
«Эй Муҳаммад! Бугун саҳобаларринг мағлуб бўлдилар», деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Қандоқ қилиб?» дедилар. У киши:
«Яҳудийлар улардан сизларга Пайғамбарингиз дўзах аҳлини азобловчи фаришталарнинг сонини ўргатдими, деб сўрашган эди, улар: «Биз билмаймиз, Пайғамбаримиздан сўраб кўрайлик», дейишди», деди.
Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳали билмаган нарсаларидан сўроқ қилинсаю, қавм, Пайғамбаримиздан сўраб биламиз, деса, мағлуб бўлган бўладими? дедилар-да, Аллоҳнинг душманларини менга чақириб қўйинглар, улар ўз Пайғамбарларидан Аллоҳни очиқ-ойдин кўрсатиб қўйишни сўраганлар», дедилар. Яҳудийларни чақириб келишди. Улар:
«Эй Абул Қосим (яъни Муҳаммад), дўзах аҳлини азоблайдиган фаришталар нечта?» дедилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам, бунча, деб икки кафтларини бир-бирига уриб кўрсатдилар, иккинчи уришда битта панжани букдилар. Яъни, ўн тўққизта, дедилар.
Нима учун ўн тўққизта? деган савол пайдо бўлиши мумкин. Жавоб аниқ-Аллоҳ шуни хоҳлагани учун. Мўминлар Аллоҳ таоло ҳузурида одоб сақлаб, ҳар бир сўзига ҳурмат билан эътиқод қиладилар. Лекин мушриклар, ўз одатларича, ушбу оятдан ҳам масхара, беодоблик учун йўл топдилар. Биттаси туриб, ўша ўн тўққизтанинг биттасига ўнтамиз бас келсак бўлар, деди. Иккинчиси эса, сизлар иккитасини эпласангиз бўлди, қолганларини ўзимга қўйиб қўяверинглар, деди.
Шунда қуйидаги оятлар нозил бўлиб, ҳақиқий ҳикматни баён этди.
31. Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учун. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учун. Ва иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учун. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учун ва қалбларида касали борлар (мунофиқлар) ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учун. Шундоқ қилиб, Аллоҳ хоҳлаган кимсани адаштирур ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур. Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. Ва у (дўзах) башар учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло нима учун дўзахнинг хазана-хизматкорлари фаришталардан бўлгани ва нима учун уларнинг сони ўн тўққизта бўлганини баён қилиб бермоқда.
Чунки, кофирлар томонидан бу масалада кўтарилган шов-шув шуни тақозо қилган. Шунинг учун ҳам, Маккий, қисқа-қисқа оятлар ичида биргина ушбу узун оят келмоқда.
Аллоҳ таоло бу тушунтиришни бошлаб оятнинг аввалида:
«Дўзах соҳибларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учун».
Бу биринчи ҳикмат. Дўзах соҳибларининг ўн тўққизта фаришта бўлиши кофирларни фитнага солади. Дарҳақиқат шундоқ бўлди ҳам. Абу Жаҳл, сизлардан юз киши улардан биттасини ушлаб олиб, дўзахдан қутилиб чиқишдан ожизмисиз?, деб масхара қилиб кулди. Яна шунга ўхшаш бошқа-гап-сўзлар бўлди. Умуман ушбу масала кофирларнинг ўз куфрларида чуқур кетишлари учун фитна бўлди.
Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг иккинчи ҳикмати:
«Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учун».
Яъни, яҳудий ва насронийлар Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ва Қуръони Карим ҳақ китоб эканига тўла ишонч ҳосил қилишлари учун. Чунки айни шу гаплар аҳли китобларга нозил қилинган илоҳий китобларда ҳам бор эди. Ўша гапларни Қуръони Каримда ҳам келиши уларнинг ишончларини ортдирар эди.
Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг учинчи ҳикмати:
«Иймонлиларнинг иймони зиёда бўлиши учун».
Чунки, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг келтирган хабарлари содиқ эканлиги Таврот ва Инжил томонидан ҳам тасдиқланганини билиб мўмин-мусулмонларнинг иймонлари яна ҳам зиёда бўлади.
Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг тўртинчи ҳикмати:
«Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учун».
Бу олдинги гапларни таъкидлаш учундир. Яъни, аҳли китоблар ва мўминлар дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта эканлиги ҳақидаги ишончларига ҳеч қандай шубҳа қилмасликлари учун.
Дўзах соҳибларини ўн тўққизта фаришта қилишнинг бешинчи ҳикмати:
«Қалбларида касали борлар (мунофиқлар) ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учун».
Дарҳақиқат, шундоқ бўлди ҳам. Мунофиқлар ва кофирлар худди шу гапни қайта-қайта айтдилар, айтмоқдалар.
Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шундоқ қилиб. Аллоҳ хоҳлгсан кимсани адаштирур ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур», дейди.
Яъни, Абу Жаҳл ва унинг шерикларини адаштирганга ва Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларни ҳидоятга солганга ўхшаб.
«Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас».
Уларнинг сони, қуввати ва бошқа нарсаларини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос.
«Ва у(сақар) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмас».
Ундан сўнг Аллоҳ таоло осийларни қўрқитишга ўтади. Ва Ўзининг баъзи махлуқлари ила қасам ичиб дўзахнинг ҳақ эканини таъкидлайди.
32. Йўқ! Ой билан қасам.
Яъни,
«Йўқ!»
Аллоҳнинг оятларини масхара қилаётганлар, улар ҳақида турли бўлмағур гаплар айтаётганлар қилмишларидан қайтсинлар! Мен ой билан қасам ичимб айтаманки!
33. Ва чекинаётган тун билан қасам.
34. Ва ёришаётган тонг билан қасам.
35. Албатта у(дўзах) улкан(азоб)ларнинг биридир.
Машҳур муфассирлардан Абу Ҳайён раҳматуллоҳу алайҳ юқоридаги оятлар тўғрисида қуйидагиларни ёзганлар: «Аллоҳ таоло ушбу нарсалар ила уларни шарафлаш учун ва уларда зоҳир бўладиган ажойиботлар Аллоҳнинг қудратидан эканлигига ва уларни яратиш Ўзи тарафидан эканлигига ишора қилиш учун қасам ичди.
Жаҳаннам мислсиз улкан азоб эканлигини тасдиқлаш, таъкидлаш учун қасам ичди.
Ушбу оятларда қуёш билан ой Аллоҳнинг махлуқлари эканига, икковлари ўз ҳаракатлари, келишлари, кетишлари, улар туфайли кечаси ва кундузи бўлиши билан Аллоҳнинг амри бўйсинишларига ишора бор. Икковлари Аллоҳга сажда қилурлар. Бас шундоқ экан нега одамлар қуёш билан ойга ибодат қилишади. Уларнинг Холиқи, Аллоҳга ибодат қилишмайди?!
36. У башарият учун огоҳлантирувчидир.
37. Сизлардан пешқадам бўлишни ёки ортда қолишни хоҳлаётган кимсалар учундир.
Яъни, ўша жаҳаннам башариятга жумладан сизларнинг ичингизда илгарилаб-пешқадам бўлиб яхшилик, иймон, Исломга интилаётганлар учун ҳам ва ортга қайтиб, ёмонлик, куфр, фисқу фасодга чекинаётганлар учун ҳам эслатмадир.
38. Ҳар бир шахс ўз касбининг гаровидир.
Яъни, ҳар ким ўз хоҳишига қараб бўлади, ҳар ким қилганига яраша тортади. Ҳар бир жон охиратда ўз қилган ишининг тутқини-раҳийнасига айланиб қолади.Аллоҳ таолонинг ҳузурида гаровга олиниб, тутқин бўлиб туради. Бу дунёда қилган амали уни тутқинликдан кўтариб олиши зарур бўлади. Ўша ерда азоб ва уқибатлардан қутилиш учун гаровдан озод қилувчи нарса бу дунёдаги амалдир.
39. (Бундан) ўнг тараф соҳиблари мустаснодир.
Чунки, уларни иймонлари, тоат-ибодатлари аллақачон гаровдан озод қилиб олган бўлади. Ўнг тараф соҳиблари қаердалар ва нима қиладилар?
40. Улар жаннатларда, сўрайдир.
41. Гуноҳкорлардан.
42. «Сизларни дўзахга нима киритди?» (деб)
Гуноҳкорлар арзи дод қилишга муштоқ бўлиб турганлардан батафсил жавоб бера бошлайдилар:
43. Алар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик.
Бу ояти каримада дўзахиларнининг ўзлари дўзахга тушишларига сабаб бўлган асосий нарсани зикр қилмоқдалар. Аслида бош сабаб иймонсизлик, лекин улар намоз ўқимаслик дейишмоқда, демак намоз билан иймон ажралмас нарсалар экан. Бу оятда мусулмон киши ҳаётида намознинг аҳамияти нақадар улкан эканлиги яна бир бор таъкидланмоқда.
44. Ва мискинларга таом бермаган эдик.
Бу сифат ҳам иймонсизлик аломатларидандир. Мискинларга таом бериш иймондан бўлиб, ўз соҳибини Аллоҳнинг азобидан сақлайди. Табиийки, таомга кийим кечак ва уй-жой ҳам қўшилади. Мискинга таом бермаслик барча разилликларга ҳам борадиган қилиб қўяди. Шу билан бирга мискинларни жамиятга, қорни тўқларга қарши ҳам қилиб қўяди.
Шунинг учун Ислом мискинларнинг фаровон турмуш кечиришларига ҳисса қўшмаган одамни дўзахийликка сазовор, гуноҳкор ҳисобланади.
45. Ва ботилга шунғувчилар билан бирга шўнғир эдик.
Яъни, ақида, дин, эътиқод ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларда ботил сўзларни кўп гапирар эдик, ёлғонни кўз юммай сўзлар эдик.
46. Ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарар эдик.
47. Токи бизга ўлим келгунича», дерлар.
Инсонларнинг ана шундай тоифаларининг дунёга келиши, барча балоларнинг бошидир. Чунки қиёмат кунига ишонмайдиган киши олдида ҳамма мезон бузилади, сабаб-унинг фикрий ўлчови бузуқдир. У инсонларга улуғ неъмат қилиб берилган ҳаётни беш кунлик умр-да, деб чегаралайди. Барча нарсани ушбу тор доирада ўлчайдиган бўлиб қолади. Шу сабабли бундай тоифадаги инсонлар кўпайган жамиятда ҳамма нарса расво бўлади.
Гуноҳкорлар дўзахга киришларига сабаб бўлган мазкур ишларни, ўлгунларича қилаверганларини ўзлари эътироф қилмоқдалар. То ўлим келгунча қилганини қилиб юрган бўлса, ўлим келиб ҳақиқат юзага чиқса, ул гуноҳкорларнинг ҳоли нима бўлади?
48. Бас, уларга шафоатчиларнинг шафоати манфаат бермайдир.
Сўнгра Аллоҳ таоло ҳидоятга чақирган зотдан қочган тоифаларни кулгили ҳолда васф қилади.
49. Уларга нима бўлдики, эслатмадан юз ўгирарлар.
50. Худди қаттиқ қўрққан эшаклар.
51. Арслондан қочгани каби.
Бу оятларда ҳидоятга юрмай, ваъз-насиҳатлардан қочганлар худди саҳрода арслондан қочган ёввойи эшакларга ўхшатилмоқда. Арслоннинг овози эшитилиши билан ёввойи эшаклар турли тарафларга тартибсиз қоча бошлайдилар. Гуноҳкорлар ҳам Қуръонни, Ислом таълимотини эшитганларида шундоқ ҳолга тушадилар.
Сўнгра Қуръони Карим уларнинг руҳий ҳолатларини ва Пайғамбар алайҳиссаломга бўлган ҳасадларини васф қилади.
52. Балки улардан ҳар бири ўзига нашр қилинган саҳифалар берилишини ирода қилар.
Яъни, мушриклар Пайғамбар алайҳиссаломга Қуръони Карим берилганига ҳасад қилиб, кўра олмайдилар ва уларнинг ҳар бирига ҳам ушбу мартаба берилишини, илоҳий саҳифалар юборилишини хоҳлайдилар. Бу ҳолат айниқса мушрик қавмининг йўлбошчи ва бойларида авж олган эди.
53. Йўқ! Балки улар охиратдан қўрқмаслар.
Яъни, уларнинг ваъз-насиҳатларидан юз ўгиришларининг асосий сабабларидан бири охиратдан қўрқмасликларидур.
54. Йўқ! Албатта у(Қуръон) эслатмадур.
55. Бас, ким хоҳласа уни эслайдир.
56. Ва фақат Аллоҳ хоҳласагина эсларлар. У зот тақво аҳлидир ва мағфират аҳлидир.
Яъни, борлиғдаги ҳар бир нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлади. Биз ожиз бандалар Аллоҳнинг хоҳиши нимага кетганини била олмаймиз. Айнан бизга Аллоҳ нимани ирода қилганини ҳам билмаймиз. Лекин Аллоҳ биздан нимани хоҳлашини яхши биламиз.
Буюрганларига итоат қилиб, қайтарганларидан қайтмоғимиз лозим.
Аллоҳ тақвога аҳлдир. Яъни тақводорларнинг гуноҳларини кечирувчи зотдур.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу, «У тақво аҳлидир ва мағфират аҳлидир», оятини қироат қилдилар ва Роббингиз, Мен тақво қилинишимга аҳлман. Бас, ким Менга тақво қилса, Мен билан бирга бошқа илоҳ қилмайди. Бас, Мен уни мағфират қилишга аҳлман» деди-дедилар».