Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ушбу сурайи карима эллик тўрт оятдан ташкил топган бўлиб, Маккада нозил қилинган.
Сура Қуръони Карим таърифи билан бошланиб, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи бўлган бу Китобнинг оятлари онгли - ақлли кишилар учун муфассал баён қилиб берилганлигини уқтиради. Шунингучун ҳам бу сура «Фуссилат - Муфассал баён қилинган сура» деб аталгандир.
Сўнгра Еру осмонларнинг Оллоҳ таоло томонидан яратилиб - интизомга солингани ва Ўша Зот томонидан идора килиб турилиши батафсил баён қилинади.
Ушбу сурада Оллоҳтаоло Қиёмат Кунида ҳар бир инсоннинг кўз-қулоғидан терисигача тил-забон бериб, дунёдан куфру исён билан ўтган кимсаларнинг аъзойи баданлари ҳам ўзларига қарши гувоҳлик бериши ҳақида огоҳлантирилади ва инсоннинг «қилаётган амалларимни Оллоҳ билмайди», деган гумонда бўлиши унинг Охиратини куйдириши аниқ эканлиги таъкидланади.
Шунингдек, бу сурада Ёлгиз Оллоҳ таолони Парвардигорим деб, сўнгра У Зот кўрсатган Тўғри Йўлда устивор бўлган зотлар учун Охират диёрида тайёрлаб қўйилган мукофот-зиёфатлар ҳақида ҳам хабар берилади.
Сура бутун борлиқда ҳам, ҳар бир инсоннинг вужудида ҳам Яратган-нинг Қудрати ва Ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатлар мавжуд эканлиги ва Оллоҳ таоло бор мавжудотни Ўз Илму Қудрати билан иҳота қилиб - ўраб олган Зот эканлиги ҳақида ҳикоя қилгувчи оятлар билан ниҳоясига етади.
Ушбу сурайи каримани яна Сажда сураси деб атайдилар. Бунга сабаб, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Қурайш катталарига ушбу суранинг аввалидан сажда оятига қадар ўқиб сажда қилганлар. («Тафсири Мунийр»дан).
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1-2. Ҳо, Мим. (Ушбу Қуръон) Меҳрибон ва Раҳмли (Оллоҳ) томонидан нозил қилингандир.
Яъни, ушбу Қуръон бандаларига чексиз Меҳру Раҳмат Соҳиби, бениҳоя Меҳрибон Оллоҳ таборака ва таоло томонидан Унинг Қули ва сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Китобдир.
Сурайи карима аввалида Қуръони Карим Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китоб экани Зикр қилинишининг ҳикмати, муфассирларнинг айтишларича, ушбу Қуръон ҳар бир шахс, барча жамоат ва миллатлар учун уларнинг бор мушкила-муаммоларини ҳал қилиб берадиган, барча маънавий ва руҳоний хасталикларига шифобахш малҳам бўлган Китоб эканини таъкидлашдир. Демак Қуръони Азим бутун олам учун Буюк Илоҳий Меҳру Раҳмат бўлиб нозил қилинган Китобдир. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам айтилган эди: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни барча оламларга фақат Раҳмат (яъни, Оллоҳнинг Раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик». (Анбиё сураси, 107-оят).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг барча оламларга ва хусусан инсоният оламига ато этган энгулуғ Илоҳий Марҳамати Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб юборганидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва сал-ламга нозил қилинган Қуръон, у зот жорий қилган Шариати Исломийя албатта биринчи навбатда мўминлар учун ҳар икки дунёда улуғ Илоҳий Раҳмат-Марҳаматдир. Чунки ким у зотга иймон келтирса ва итоат этса, у инсон дунёда ҳам, Охиратда ҳам Оллоҳнинг Раҳматига эришади.
3-4. У - биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар бергувчи (кофирларни азобдан) огоҳлантиргувчи арабий Куръон ҳолида (нози. қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас, (кофир ларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгир дилар, демак, улар «эшитмаслар».
Уламолар «оятлари муфассал баён қилинган Китоб» иборасини турлича тафсир қиладилар: Қатода. “У оятларда нима ҳалол, нима ҳаром экани батафсил баён қилинган”, дейди. Мужоҳид эса: “Сўнгра алоҳида-алоҳида оятларда тавҳид (Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ деб эътиқод қилиш), нубувват, пайғамбарлик ҳақиқати, қайта тирилиш ва бошқа шу каби ҳар бир инсон билиши зарур бўлган барча ҳужжат-далиллар батафсил баён қилинган”, деб тафсир қилади. Яна уламолардан мазкур иборани: “Лавҳул-Маҳфузда жамул-жам бўлган оятлар сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга йиллар давомида фасл-фасл қилиб, яъни, бўлиб-бўлиб нозил қилинган”, деб тафсир қилган кишилар ҳам бордир. ,Куртубий тафсиридан).
Оятдаги “арабий” калимасининг бир маъноси “соф араб тилида”, де-гани бўлса, иккинчи маъноси, “аён, тушунилиши осон тилда”, деган мазмунни ҳам англатади. Шу маънода “арабий Қуръон” ибораси “очиқ-равшан Қуръон”, деб тушунилиши мумкин.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг очиқ-равшан Китоби бўлмиш Қуръони Каримни Ер юзига одамлар ақл юритиб, англаб, амал қилишлари учун араб тилидаги Қуръон ҳолида нозил қилганини таъкидлаш билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг она тиллари бўлмиш араб тилини шарафлайди, шунингдек, бу тил фасоҳат ва балоғатда тенгсиз эканига, жамийки тиллар ичида энг бой, оз сўз билан кўп маънони ифодалашга қодир, бошқача айтганда, Каломуллоҳни инсонлар онгига етказиш учун энг муносиб бир тил эканига ишора қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг Ер юзига туширган сўнгги ва ҳеч қачон ўзгармайдиган Каломи учун ана ўша буюк тил танланиши албатта бежиз эмасдир. Аллома Ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири”да бундай дейди: “Араб тили ҳар жабҳада бошқа тиллардан афзал ва мукаммал тил бўлгани учун ҳам Илоҳий Китобларнинг энг улуғи бўлмиш Қуръони Карим мана шу энг улуғ тилда энг улуғ Элчига энг улуғ фаришта орқали нозил қилинди ва бу иш Ер юзидаги энг улуғ шаҳарда ойларнинг энг улуғи бўлган Рамазони шарифда бошландики, бу фазилатларнинг барчаси Куръон тенги ва ўхшаши йўқ бирдан-бир мукаммал Калом эканига далолат қилади”.
«Тафсири Қуртубий»да айтилишича, ояти каримадаги: «биладиган қавм» иборасидан мурод, Қурайш қабиласи ва бошқа араблардир. Биринчи навбатда ана ўша араблар билсинлар деб Қуръон арабий тилда нозил қилинди ва улар тушундилар-у, аммо унга ўхшаган бирон сўз айта олмадилар. Агар Қуръон араб тилида нозил қилинмаганида араблар уни тушунмаган-билмаган бўлар эдилар ва «Биз Муҳаммад айтган сўзларни тушунмаймиз», деб баҳона қилсалар бўлар эди. Бас, улар Қуръон маъноларини билиб-тушуниб туриб Қуръонга ўхшаган бирон оят келтира олмаганларининг ўзи Қуръон инсоннинг сўзи эмас, Каломуллоҳ эканига аниқ-равшан далиллардан биридир. Шу сабабдан Оллоҳ таолонинг Каломига қулоқ тутишни истамаган у жоҳил қавм ўзларининг куфру исёнларини оқлаш учун бошқача йўл ўйлаб топдилар -
5. Улар (Пайғамбар алайҳис-саломга) дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бор. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер, бизлар ҳам албатта (ўз амалларимизни) қилгувчидирмиз».
Ояти карима тафсирида «Ал-Жомиъ лиаҳкомил-Қуръон» китобида ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилади: Зайёл ибн Ҳармала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У деди: «Қурайш зодагонлари ва Абу Жаҳл бир-бирларига: «Муҳаммаднинг иши бизга номаълум бўлиб қолдику. Бирон-бир шеърни ҳам, фолбинликни ҳам, сеҳргарликни ҳам би-ладиган киши топсаларингиз эди, у Муҳаммад билан гаплашиб, сўнгра келиб бизга унинг қилаётган иши нима эканини баён қилиб, тушунтириб берса эди», дейишган эди, Утба ибн Рабийъа: «Худо ҳаққи, мен фол-бинликни ҳам, шоирликни ҳам эшитиб-ўрганганман ва ўша илмлардан шунчалик хабардорманки, агар Муҳаммад ўшандай фолбин ёки шоир ёки сеҳргар бўлса, мендан яшира олмайди», деди. Бас, Қурайш зодагонлари: «Ундай бўлса, сенинг ўзинг бориб у билан сўзлашиб кўргин», дейишди. Шундан кейин Утба Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, у зотга: «Эй Муҳаммад, сен яхшироқмисан ёки бобокалонинг Қусай ибн Килобми? Сен яхшироқмисан ёки катта бобонг Ҳошимми? Сен яхшироқмисан ёки бобонг Абдул-Мутталибми? Сен яхшироқмисан ёки отанг Абдуллоҳми?! Бас, нега сен бизнинг илоҳларимизни сўкмоқдасан, ота-боболаримизни адашганлар демоқдасан, бизларни ақли пастлар, деб, динимизни мазаммат қилиб ҳақоратламоқ-дасан?! Агар сен бу ишинг билан кўзлаган мақсадинг раёсат - подшоҳлик бўлса, у ҳолда биз сенга онт берайлик, умрбод бизга раис - бошлиқ бўлиб қолгин, агар сен уйланиб рўзғор қилишни истаётган бўлсанг, у ҳолда биз сени ўзингтанлаган Қурайш қизларидан ўнтасига уйлаб қўяйлик, агар сен бу ишинг билан мол-дунё тўплашни истаётган бўлсанг, у ҳолда биз сенга ва кейин уруғ-авлодларингга ҳам етадиган мол-дунё тўплаб берайлик, агар сенга келаётган нарса жин шарпаси бўлиб, у сени босиб - енгиб олган бўлса, у ҳолда биз бутун мол-дунёмизни сарфлаб, сени даволатайлик ёки сени ундан қутқариб олайлик», деган сўзларни айтди. Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам эса сукутда эдилар. Бас, қачонки Утба сўзини тугатгач, «Эй Абул-Валийд, (Утбанинг лақаби), сў-зинг битдими?» дедилар. У: «Ҳа», деб жавоб берган эди, «Эй биродаримнинг ўғли, қулоқ солгин», дедилар. У: «Эшитяпман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам «Бисмиллоҳ» деб бошлаб мана шу Ҳа, Мим, Фуссилат сурасининг биринчи оятидан «Бас, агар улар (яъни, Макка мушриклари юқоридаги оятларда баён қилинган тафсилотлардан кейин ҳам Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ - ҳалокат (келиши)дан огоҳлантирдим», деб айтилган ўн учинчи оятигача ўқиб бердилар. Пайғамбар алайҳис-салом мана шу оятга етганларида, Утба сакраб туриб, қўли билан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оғизларини ёпди ва Оллоҳни ҳамда қариндошликни ўртага қўйиб, у зотдан қироатни давом эттирмасликни сўрадида, уйига қайтиб кетди ва Қурайш олдига ҳам чиқмади. Унинг олдига Абу Жаҳл келиб: «Муҳаммадга оғиб кетдингми ёки сенга унинг таоми ёқиб қолдими?» деган эди, Утба ғазабланиб «Ҳеч қачон Муҳаммадга гапирмайман», деб қасам ичди, сўнгра: «Худо ҳаққи, сизлар менинг Қурайш қабиласидаги энг бой-бадавлат кишилардан эка-нимни жуда яхши биласизлар. Лекин қайтганимдан кейин сизларнинг олдингизга чиқмаганимнинг сабаби шуки, мен Муҳаммаднинг олдига бориб ўзимнинг сўзларимни айтганимда у менга шундай нарса билан жавоб қилдики, Худо ҳаққи, у нарса шеър ҳам, фолбинлик ҳам, сеҳргарлик ҳам эмас эди», дедида - кейин улар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган оятларни то «Мен сизларни Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ - ҳалокат (келиши) дан огоҳлантирдим», деган жойгача ўқиб берди. Сўнгра деди: «Мен Муҳаммаднинг оғзини ёпиб, ўртага қариндошлигимизни солиб зўрға тўхтатиб қолдим. Сизлар Муҳаммад сўзлаганида ҳеч қачон ёлғон сўзламаслигини яхши биласизлар. Шунинг учун Худо ҳаққи мен устингизга чақмоқ - азоб тушиб қолишидан қўрқдим».
Ушбу хабар Абу Бакр Анборий томонидан ҳам ривоят қилинган бўлиб, у ривоятда Утба Қурайш катталарига юқорида айтган сўзларини айтгач: «Сизлар менинг гапимга кириб Муҳаммадни ўз ҳолига қўйинглар. Оллоҳга қасамки, мен Муҳаммаддан эшитган сўзларда пайғамбарлик бор эди. Бас, агар араблар унинг бошига етадиган бўлсалар, сизлар ўзгаларнинг қўли билан ундан қутуласизлар. Аммо агар у подшоҳ ёки пайғамбар бўлиб чиқса, у сабабли сизлар энг бахтли-саодатли одамларга айланасизлар. Чунки унинг подшоҳлиги қабиладош бўлганларингиз учун сизларнинг ҳам подшоҳлигингиз, унинг шарафи сизларнинг ҳам шарафингиз бўлади», деди. Утбадан бу сўзларни эшитган Қурайш катталири: «Войбў, эй Абул-Валид, Муҳаммад сени сеҳрлаб қўйибдику», дейишган эди, у: «Бу менинг сизларга берган маслаҳатим. Агар сўзимга кирмасаларингиз, хоҳлаган ишингизни қилаверинглар», деди. Шунда улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ояти каримадаги сўзларини айтдилар.
6-7. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам худди сизлар каби бир одамдирман. Менга Илоҳингиз Ёлғиз Илоҳ (яъни, ОллоҳнингЎзи) экани (яъни, сизлар учун ҳам, мен учун ҳам Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ экани) ваҳий қилинмоқда. Бас, сизлар Унинг Ўзига истиқоматда, (яъни, тўғри тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз! Закотни (ҳақдорларга) ато этмайдиган, ўзлари Охиратга кофир бўлган мушрикларга ҳалокат бўлгай!»
Яъни, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизга шундай деб айтинг: “Албатта мен ҳам худди сизларга ўхшаган башар авлодиданман, фаришта эмасман ёки бирон илоҳий сифатга эга эмасман. Мен фақат Оллоҳ таоло менга билдирган нарсанигина билурман. Сизлардан менинг биргина фарқим - Оллоҳ таоло мени Ўзининг Элчиси қилиб танлади ва менга ваҳий қилмоқдаки, сизларнинг Илоҳингиз бирон тенги ва шериги бўлмаган Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Демак, сизлар фақат ана ўша Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таологагина ибодат қилишларингиз лозим. Бас, сизлар Оллоҳ таолога қиладиган ибодатингизда истиқоматда, яъни, тўғри ва бардавом бўлингиз, мудом Унга истиғфор айтиб, қилган хато ва гуноҳларингизга кечирим сўрангиз!»
Албатта Оллоҳ таоло Тўғри Йўлни топишни фақат бахтли бандаларига насиб этади. Аммо ана ўша Тўғри Йўлдан қайтмай, ўнг ёки сўл тарафларга бурилмай, бир умр истиқоматда бўлиш эса, осон бўлмаган, шунинг учун ҳам кишининг дунё ва Охиратда нажот топишига сабаб бўладиган энг шарафли вазифадир.
“Саҳиҳи Муслим”да Суфён ибн Абдуллоҳ Сақфий розияллоху анҳудан ривоят қилинди: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига кириб: “Ё Расулуллоҳ, Сиз менга Ислом ҳақида Сиздан кейин ҳеч кимдан сўраб бўлмайдиган бир сўз айтсангиз”, деган эдим, у зот: “Сен “Оллоҳга иймон келтирдим”, дегин, сўнгра истиқоматда бўлгин”, дедилар.
Усмон ибн Ҳозир Азудий айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Аббос розиялло-ҳу анҳумонинг олдига кириб: “Менга васият - насиҳат қилинг”, деганимда, у: “Хўп. Сен Оллоҳдан қўрқишни ва истиқоматни маҳкам ушлагин, эргашгин ва бидъатчи бўлмагин”, деди.
Абу Алий Саррий айтади: “Мен тушимда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ривоятларга қараганда, Сиз: “Ҳуд сураси, мени қаритди”, деган эмишсиз”, деган эдим, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Мен: “У сурадаги қайси оятлар Сизни қаритди? Пайғамбарлар қиссалари ва уларга иймон келтирмаган қавмларнинг ҳалок бўлиб кетганими?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Йўқ, балки мени Оллоҳ таолонинг “Ўзингизга буюрилгани янглиғ истиқоматда - Тўғри Йўлда барқарор бўлинг!”, деган Сўзи қаритиб юборди”, дедилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга истиқоматда бўлиш буюрилганидан у зот истиқоматда бўлмаганлари тушунилмайди, балки аксинча, у зоти бобаракот истиқоматда ҳаммага ибрат эдилар. Демак, бу Илоҳий Фармон ана ўша истиқоматда бардавом бўлишга буюр-моқда. Ҳақ таоло Ўз Расулини ва барча мўмин бандаларини истиқоматда бардавом бўлишга буюришининг бир ҳикмати, Оллоҳ таоло буюрганидек Тўғри Йўлда бардавом бўлган инсонлар ҳар қандай душмандан ғолиб бўладилар, аммо у йўлдан ўнг ё сўлга оғадиган бўлсалар, мағлуб ва душманларига қарам бўлиб қолишлари аниқдир. (Кейинги асрлардаги, хусусан, биз яшаётган асрлардаги мусулмонларнинг аҳволи бунинг аянчли мисо-лидир).
«Закот бермайдиган, ўзлари Охиратга кофир бўлган мушрикларга ҳалокат бўлгай!»
Ушбу жумлада уч сифатга эга бўлган, яъни, Ёлғиз Илоҳ бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилмасдан Унга ширк келтирган, Оллоҳ ато этган мол-дунёларини қизғониб, фақир-мискинларга закот бермайдиган ҳамда фақат дунё ва унинг матоларига ғарқ бўлиб, Охиратни бутунлай унутганлари учун Қиёмат Куни борлигини ҳам инкор этадиган кофир-мушрик кимсалар албатта ана ўша ўзлари иймон келтирмаган Охират диёрида ҳалокат-га - жаҳаннам азобига гирифтор бўлишлари ҳақида огоҳлантиради.
8. Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир.
Қуръони Азимда Ҳақ таоло мўмин бандаларига “ажри азим” (Моида сураси, 9-оят), “ажри кабир - катта ажр” (Ҳуд сураси, 11-оят), “ажри карим - улуғ ажр” (Ёсин сураси, 11-оят) ато этишни ваъда қилади. Маълумки, ажр сўзи мукофот, қилинган солиҳ амалга берилган ҳақ деган маъноларни билдиради. Яратган томонидан берилган ҳақ, мукофотга етишнинг ўзи банда учун буюк шарафдир. Энди агар у ажрга яна буюклик, улуғлик, катталик сифатлари ҳам қўшилса-чи, у ҳолда бундай улуғ Мукофотга сазовор бўладиган бандалардан ҳам бахтлироқ биров бўлиши мумкинми? У Мукофотнинг чек-чегарасини инсон тасаввур қила оладими? Озгина, чекланган бир муддатда - бир инсон умри давомида қилинган амал учун мангу Мукофот - жаннатларга эришишдан ҳам буюкроқ саодат борми? Ҳақ таоло солиҳ амаллар қилган бандаларига мана шундай буюк ва ҳеч қачон битмас-туганмас Бахт-Саодати абадийя ҳақида хушхабар беради.
9-10-11-12. Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенг қилур-мисизлар?! Ана ўша (Оллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У Зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қил-ди ҳамда ўша (Ер)да унинг емишларини (яъни, Ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб - тақсимлади. (Бу тафсилот) сў-рагувчилар учундир. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг Амри-Фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (Амрингга бўйинсундик)», дедилар. Сўнг яна икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Биз қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири - ўлчовидир.
Мазкур оятлар Қуръонда бир неча ўринларда келган Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақидаги оятларнинг тафсилотидир. Яъни, Ҳақ таоло Ерни икки кунда яратиб, тўрт кун деганда унинг ризқу рўзини ҳам тақсимлаб-бўлиб бергани ва олти кун деганда эса етти осмонни ҳам яратиб бўлгани баён қилиб берилди.
Оятлар аввалида Оллоҳ таоло Ерни икки кунда йўқдан бор қилган Зот экани айтилиб, мушрик-кофир кимсаларга гўё наҳотки сизлар ана ўша бутун оламларнинг Эгасига кофир бўлсангизлар, шундай Буюк Қудрат Соҳибининг тенги-шериги бор деб даъво қилсангизлар?! Ақл хушларингиз жойидами ўзи?! деб дашном берилади. Уламолар: «Оллоҳ таоло Ерни яратган икки кун якшанба (биринчи кун) ва душанба (иккинчи кун) эди», дейдилар. («Тафсири Куртубий»дан).
Шундан кейин сешанба (учинчи кун) ва чоршанба (тўртинчи кунлари) Ер қимирламаслиги учун унинг устига гўё қозиқ қилиб оғир - вазмин тоғларни ўрнаштириб қўйди ва унда хайру баракотлар - яшаш учун манфаатли бўлган барча қулайликлар, бандаларга ризқ-рўз бўлсин учун дов-дарахт, дон-дун ва экин-тикинларни, денгиз-дарёларни пайдо қилди ҳамда сўрагувчи - излагувчилар учун тенг - баробар қилиб, яъни, адолат билан Ернинг барча томомнларида ўша томонга хос бўлган ризқу емиш-ларини тақсимлаб, белгилаб қўйди. Шундай қилиб Яратганнинг тақдири билан Ернинг бир тарафида саноат ривожланса, яна бир тарафида тижорат гуллаб-яшнайдиган, бир тарафида яшовчилар зироат - деҳқончилик билан ризқу рўз истасалар, яна бир томонидагилар чорвадорлик билан кун кўрадиган, шунингдек, Ер юзидаги айрим жойларда илм-фан ва ҳунармандлик равнақ топиб, одамларни ризқу рўз билан таъминласа, бошқа жойларда Ернинг остига жойлаб қўйилган қимматбаҳо маъдан ва кон-лар қидириб топиб қазиб олиниб, ўша жойлардаги одамлар учун ризқу насиба бўладиган қилиб рўзи азалда Парвардигори олам томонидан яратилиб, мана шу Ерда ҳаёт кечиришлари такдир қилинган инсоният учун тап-тайёр ҳолга келтириб қўйилди. Яъни, ҳали инсоният яралмасидан Танҳо Илоҳ томонидан у маълум муддат ҳаёт кечириши учун маскан бўладиган Ер тўрт кун ичида яратилиб, яшаш учун барча қулайликларга эга, қут-баракага тўла қилиб худди кутилаётган меҳмон учун ховли-жой, меҳмонхона ва барча зарур бўлган қулайликлар ҳозирлаб кўйилгани янглиғ тайёрлаб қўйилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Ер юзидаги ҳар бир жойнинг ўзига хос табиати ва ўзига мос ризқу насибаси мавжуд экани сабаб, Ернинг турли томонларида яшайдиган инсонлар бир-бирлари билан танишиб, ўзаро алоқалар боғлаб, савдо-сотиқларни йўлга қўйиб ҳамкорликда ҳаёт кечиришлари учун замин яратилди.
«Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг Амри-Фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (Амрингга бўйинсундик)», дедилар. Сўнг яна икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Биз қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири-ўлчовидир».
Яъни, сўнгра, Ҳақ таоло тўрт кун мобайнида етти қат Ер ва ундаги бор қулайлик, ризку насибаларни яратгач, энди етти қавват осмонни яратишга киришди. Ўша пайтда осмон тутундан - Ердаги сувлардан кўтарилган буғдан иборат эди. Қудратли Оллоҳунга ва Ерга: «Сизлардан ҳар бирин-гизнинг устингизда Мен сизларга амр қилган вазифаларингиз бор. Хоҳласангизлар, ана ўша вазифаларингизнинг ҳаммасини итоаткорлик билан адо этингиз, бўлмаса, Мен сизларни ўша Амру Фармонларимни адо этишга мажбур қилурман. Қай бир йўлни танлайсизлар?» деган эди, Ер ҳам, осмон ҳам: «Ё Парвардигор, биз сенинг қулларингмиз, бас, буюрган ҳар бир Амр-Фармонингни, зиммамизга қўйган ҳар бир вазифангни тўла итоаткорлик билан адо этурмиз», дедилар.
Ушбу оятларнинг энг гўзал тафсири кейинроқ, Мадинайи Мунавварада нозил бўлган мана бу ояти каримадир: «У шундай зотки, Ердаги бор нарсани сизлар учун яратди. Сўнгра самога юзландида, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани Билгувчидир». (Бақара сураси, 29-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ушбу ояти карима аввалида Ердаги катта-ю кичик ҳар бир нарсани Ўзи яратгани - йўқдан бор қилганини ва буларнинг барчасини инсон учун қилганини таъкидлайди. Ибни Жарир Табарий “Жомиъул - баён” тафсирида баён қилишича, бу жумла ўтган оятнинг узвий давомидир. Яъни “Сизларнинг ўлик танангизга жон ато этган, сўнгра ажалларингиз етиб бу дунёдан ўтгач яна қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига тўплайдиган, Ердаги барча жонли-жонсиз нарсаларни сизлар учун яратиб, сизларга хизматкор қилиб қўйган Оллоҳ таолога қандай қилиб кофир бўласизлар-а?! дейилмоқчи”.
Оятнинг иккинчи бандида Жаноби Ҳақ инсонни, Ерни ва ундаги бор нарсаларни яратганидан кейин осмонларга юзланиб, уларни етти қават қилиб тиклагани ҳақида хабар бериб, Ўзининг барча нарсани Билгувчи эканини уқтиради. Яратган Парвардигоримиз осмонлар ва Ерни қандай, қай ҳолатда, қай бирини аввал, қай бирини кейин яратгани ҳақида турли оятларда, ҳар тарафлама баён қилиб берадики, иншооллоҳ Каломуллоҳ мазмуни билан танишиб - ўрганиб бориш баробарида Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигина хабар бериши мумкин бўлган бу бебаҳо маълумотлардан баҳраманд бўлиб борамиз. Ҳозир эса оятдаги “иставо” феълининг маз-мунини ўргансак. Бу сўз арабчада юзланди, юксалди, тикланди, ўрнашди, эгаллади каби маъноларда келадики, биз тафсиримизда “иставо” сўзини “юзланди” маъносида тафсир қилдик. Айтиб ўтганимиздек, бу сўз ҳар икки маънода ҳам қўлланади. Лекин ҳар қандай феъл ёки сифат Оллоҳ таолога нисбат берилганида тамоман ўзгача маъно касб этишини аниқ билишимиз зарур. Масалан, билим сифатини олсак, инсон билмаган нарсасини кўриб, ўрганиб ўша нарса ҳақида билимга эга бўлиши мумкин ва вақт ўтиши билан билган нарсаларини унутиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, инсон иқтидори ниҳоят даражада чекланган бўлиб, у нарса ёки ҳодисанинг асл-моҳиятини эмас, балки зоҳирий кўриниши -суратинигина билиши мумкин. Аммо Оллоҳтаолонинг Билими эса кейин пайдо бўлган эмас, балки аслий - азалий, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайдиган абадий, нарса ёки ҳодисанинг ҳам зоҳири - сурати ҳақидаги, ҳам мағзи-моҳияти ҳақидаги Ҳақиқий Билимдир. Оллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи дейилганида У Қудратли Зот ҳар бир нарсани у нарса вужудга келиб пайдо бўлишидан илгари ҳам, борлигида ҳам, йўқ бўлиб кетганида ҳам бирдай билиб туришини, балки ўша нарсани Ўзи пайдо қилиб, Ўзи унга ҳаёт бериб, Ўзи унга ўлим беришини тушунамиз. Шунга ўхшаш Оллоҳ Кўргувчи дейилганида У Зот ҳар олти тарафни, у тарафлардаги ҳар бир нарса ёки воқеани зоҳирини ҳам, ботинини ҳам туб-тубигача азалий ва абадий кўриб-билиб туриши тушунилиши лозим. Ана энди ўрганаётганимиз ояти каримадаги “Сўнгра самога юзланди” жумласидаги “юзланди” калимасини англашда ҳам биз ўзимизнинг қосир тасаввуримиз би-лан аввал бошқа тарафга қараб турган эди, энди само тарафга қаради, деб ёки самога юзланган пайтида бошқа тарафлардан юз ўгирди, деб тушуниб олсак хато қилган бўламиз. Балки биз бандаларнинг бор ҳаддимиз ва ҳаққимиз Каломуллоҳда ёки Ҳадиси Шарифда биз тасаввур қилишга ожиз бўлган сўзга ёки муташобиҳ оятга дуч келганимизда унинг луғавий мазмунини тушуниш билан кифояланиб, моҳиятини, қандай содир бўлганини - кайфиятини Оллоҳга ҳавола қилишдир. Акс ҳолда, ўзи тасаввур қилишга ожиз бўлган нарсаларни ўзгаларга “тушунтиришга, таъвил -шарҳ” қилишга чиранган кимса ўзи ҳам адашиб, бошқаларнинг ҳам адашишига сабаб бўладики, Меҳрибон Оллоҳимиз барчамизни бундай балодан асрасин. Ҳақ таоло бизларга ҳам мана бу оятида таърифлаган “Илмда собитқадам бўлган кишилар” қаторига кириш бахтини насиб этсин. Илмда собитқадам кишилар кимлар экани Оли Имрон сурасининг 7-ояти тафсирида алақадриҳол баён қилиб ўтилди.
Юқоридаги оятларда барча оламларнинг, жумладан биз инсонлар-нинг Танҳо Роббимиз бутун борлиқни - осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсани олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзи экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ экани таъкидланади. Муфассир уламолар: “Ўзи хоҳлаган нарсани бир лаҳзада йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақида хабар бериш билан биз инсонларга ишларни шошилмасдан, пухта қилишни таълим беради”, дейдилар. Ҳадиси шарифда: “Шошилмаслик Оллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан” дейилишининг маъноси ҳам шудир.
Уламолар: “Фақат гуноҳлардан тавба қилишда, қарзни айтилган муддат битиши билан тўлашда, меҳмон чақиришда, қиз болани бўйига етиши билан турмушга чиқаришда, вафот қилган кишини дафн этишда ва жунубликдан ғусл қилишда - фақат мана шу ишлардагина (шошилишлик) чиройли саналади”, дейдилар.
Мужоҳид ва Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ояти каримада зикр қилинган олти кундан мурод Охират кунлари бўлиб, ҳар бир кун дунё ҳисобида минг йилга баробардир”, дейди ва: “Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур”, оятини келтиради. (Ҳаж сураси, 47-оят). Бу тафсирга кўра осмонлар ва Ер Оллоҳ таоло томонидан дунё ҳисобида олти минг йилда яратилган деган маъно чиқади. Ҳолбуки, “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақ-тида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур”. (Ёсин сураси, 82-оят).
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтади: «Оллоҳтаоло Ерни икки кунда - якшанба ва душанба кунлари яратди, кейин яна икки кунда - сешанба ва чоршанба кунлари Ернинг емишларини яратди ва яна икки кунда - пайшанба ва жумъа кунлари етти қават осмонни ва улардаги бор махлуқотни - малоикаларни, қуёш, ой ва юлдузларни... яратди, сўнгра ўша жумъа кунининг охирида Оллоҳ таоло тезлик билан Одамни яратди. Жумъа шунингдек, Қиёмат Соати қойим бўладиган кундир. Оллоҳ таоло яратган жонзотки бор, барча-барчаси -фақат инсонлар ва жинлар бундан мустасно - жумъа кунидан қўрқиб турадилар». («Тафсири Қуртубий»дан).
13. Бас, агар улар (яъни, Макка мушриклари юқоридаги оятларда баён қилинган тафсилотлардан кейин ҳам Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, у ҳолда айтинг: «Мен сизларни худди Од ва Самуд (қабилаларини урган) чақмоққа ўхшаган бир чақмоқ - ҳалокат (келиши)дан огоҳлантирдим».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳиссалом, Сиз келтирган Ҳақ Динни ёлғонга чиқараётган ва Ҳақ Йўлга юришдан юз ўгираётган ана ўша мушрик-кофирларга айтинг: «Агар сизлар Оллоҳ таолога Ёлғиз Илоҳдеб иймон келтирмасангизлар, менинг Оллоҳ таоло юборган Элчи эканимни тасдиқламай ёлғон дейдиган бўлсангизлар ва Ҳақ таоло Ер-у осмонларни қандай яратганини муфассал баён қилиб берганидан кейин ҳам Ҳақ Йўлга юришдан юз ўгирсангизлар, у ҳолда билингларки, мен сизларнинг устингизга ҳам илгари ўтган ва ўзларига юборилган, Ҳуд, Солиҳ пайғамбарларни ёлғончи деган Од ва Самуд қабилалари бошига тушган ва уларни худди бир чақмоқдек лаҳзада ҳалок қилиб, қириб юборган ҳалокат чақмоғи тушиб қолиши ҳақида огоҳлантирдим!»
14. Ўшанда уларнинг олдиларидан ҳам, орқаларидан ҳам элчи-пайғамбарлар келишиб: «Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар», (деганларида), улар: «Агар Парвардигоримиз (пайғамбар юборишни) хоҳлаганида, албатта фаришталарни нозил қилган бўлур эди. Бас, (модомики, сизлар фаришта эмас, балки одамзот экансизлар) бизлар сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», деган эдилар.
Яъни, ўшанда Од ва Самуд қабилаларининг чақмоқ уриб қирилиб кетишларига сабаб, Од қабиласига Ҳуд алайқис-салом, Самуд қабиласига Солиҳ алайҳис-салом Оллоҳ таоло томонидан элчи қилиб юборилганла-рида ва уларнинг олдиларидан ҳам, ортларидан ҳам келиб, яъни, уларни Ҳақ Йўлга чақириш, панд-насиҳат қилиш услубларини ҳар тарафлама қўллаб - гоҳо юмшоқлик билан, гоҳо қаттиқлик билан, гоҳо тарғибу ташвиқот билан, гоҳо тарҳиб - қўрқитув йўли билан: «Эй қавму қариндошлар, Ёлғиз ОллоҳнингЎзига ибодат қилинглар», деб даъват қилганларида, улар, яъни, Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи Ҳудга, Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми бўлган Самуд қабиласи Солиҳга: «Сизлар Оллоҳнинг элчиси эмассизлар, чунки агар Оллоҳ бизга элчи юборишни хоҳлаганида, ўзимизга ўхшаган Ердаги одамларни эмас, осмондан малоикаларни туширган бўлар ва биз ўша фаришталарни Оллоҳнинг элчи-лари деб иймон келтирган бўлар эдик. Сизлар бўлсангиз, ўзимиздан ҳеч қандай фазли-фарқи бўлмаган оддий одамсизлар. Бас, биз сизларнинг «элчи» бўлиб келтирган динингизга кофирмиз, унга ҳеч қачон иймон кел-тирмаймиз», дедилар ва ана ўша кофирликлари сабаб Оллоҳ таолонинг Қаҳрига учраб, ҳаммалари қирилиб кетдилар.
Кофир-мушрикларнинг «Агар бизга фаришта элчи қилиб юборилса, ана ўшанда иймон келтирамиз», деган сўзлари ботил сўз эканлигини Ҳақ таоло бошқа бир оятида жуда аниқ баён қилган: «Агар унинг (Пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган бўлур эдик ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаштирган бўлур эдик». (Анъом сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига киритилмаса, кишилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганларида эса фаришта эканлигига ишонмайдилар.
Айрим тафсирларда ўрганётганимиз ояти каримада зикр қилинган «Ўшанда уларнинг олдилридан ҳам, ортларидан ҳам элчи-пайғамбарлар келишиб», деган жумла макон эмас, замон эканлиги айтилиб, «Ҳуд ва Солиҳдан аввал юборилган элчи-пайғамбарлар ҳам, улардан кейин юборилган элчи-пайғамбарлар ҳам келишиб», деб тафсир қилинган. Қуйидаги оятларда ана ўша икки машъум қабиланинг мана шу дунёнинг ўзида қандай азобларга гирифтор бўлгани тафсилоти баён қилинади -
15. Энди Од (қабиласига)га келсак, бас, улар Ер юзида ноҳақ кибр-ҳаво қилдилар ва: «Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?», дедилар.- Ахир улар ўзларини яратган Зот - Оллоҳ куч-қувватда улардан Зўрроқ эканини билмадиларми?! - Ва улар Бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар.
Яъни, Од қабиласи Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлишларига сабаб: қачонки Ҳуд алайҳис-салом уларни агар Ҳақ Йўлга юрмайдиган бўлсалар, албатта Оллоҳнинг азобига дучор бўлишлари аниқ экани ҳақида огоҳлан-тирганида, улар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан ва Унинг элчиларига итоат этишдан бош тортиб кибр-ҳаво қилдилар - Оллоҳ таолонинг элчилари орқали нозил қилган оятларини инкор этдилар ва: «Ер юзида бизлардан кучлироқ бўлган ҳеч кимса йўқ. Биз мана шу куч-қувватимиз билан ҳар қандай азобни дафъ қилишга қодирмиз», деб ўзларини ҳаммадан баланд олдилар, ҳадларидан ошиб, Яратганга исён қилишда давом этдилар, ҳатто ўзларини яратган Оллоҳ таоло улардан Кучлироқ, Қудратлироқ эканини ҳам ўйламадилар. Ҳақиқатан ҳам, Оллоҳ таоло Од қабиласини кучли-қувватли ва улкан гавдали қилиб яратган эди. Ибн Аббос розиялло-ҳу анҳумодан ривоят қилинишича, улардан новчалариниг бўйи юз газ, (етмиш метр атрофида), энг паканаларининг бўйи олтмиш газ (қирқ метрдан ортиқ) эди. («Тафсири Куртубий»дан).
16. Бас, Биз уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзидаёқ хор - расво қилгувчи азобни бир тотдириб қўйиш учун нахсли-шум кунларда устиларига даҳшатли бўрон юбордик. Охират азоби эса шак-шубҳасиз, янада хор қилгувчироқдир ва уларга (ўзлари сиғиниб ўтган бутла-ри томонидан ҳеч қандай) ёрдам берилмас.
Од қабиласининг қандай ҳалок қилинганлари ҳақида мана бу оятларда ҳам хабар берилган: «Энди Од (қабиласига келсак), бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Оллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб - ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб - ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар)». (Ал-Ҳаакҳа сураси, 6-8-оятлар).
«Тафсири Қуртубий»да Од қабилси устига Оллоҳнинг азоби бўлиб келган даҳшатли бўрон Шаввол ойининг охирги куни - чоршанбада бошланиб, кейинги чоршанба кунигача етти кеча, саккиз кундуз давом этгани ривоят қилинади. Яна Қамар сурасида ҳам Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилган Од қабиласи қандай жазолангани зикр қилинган: «Од (қабиласи ҳам ўзларига юборилган Ҳуд пайғамбарни) ёлғончи қилди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир давомли нахс кунида (яъни, нахс-шумлиги ҳеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки улар суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?!» (Қамар сураси, 18-21-оятлар).
17. Энди Самуд (қабиласи)га келсак, бас, Биз уларни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилган эдик, улар Ҳидоятни қўйиб, кўрликни, залолатни их-тиёр қилдилар. Бас, ўзлари қилгувчи бўлган нарсалари (яъни, куфрни ихтиёр этганлари) сабабли уларни хор қилгувчи азоб чақмоғи урди.
Яъни, Самуд қабиласи қандай ҳалок қилинганларига келсак, Биз қабилага Солиҳ алайҳис-саломни элчи қилиб, уларга Ҳидоят ва Нажот Йўлини баён қилиб бердик, Бизнинг Танҳо Илоҳ эканимизга далолат қилади-ган қанчадан-қанча далил-исботларни аниқ-равшан қилиб кўрсатдик, аммо у бахтсиз қабила одамлари иймонини қўйиб, куфрни танладилар, итоат қилиш ўрнига исён қилдилар, ўзларига юборилган элчини ёлғончига чиқардилар, Солиҳнинг ҳақ пайғамбар эканига очиқ-равшан далил бўлган туяни сўйиб юбордилар! Бас, Биз уларнинг қилган бу жиноятларига ва куфру исёнларига ҳақли жазо қилиб устларига хор қилгувчи азоб чақмоғини юбордик ва у осий-кофирлардан биронтаси қолмай куйиб кетдилар.
18. Ва Биз иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга (яъни, Самуд қабиласини Ҳидоят Йўлига даъват қилган Солиҳ пайғамбар ва у кишига иймон келтирган зотларга чақмоқ балосидан) нажот бердик.
Дарҳақиқат, Самуд қабиласи қирилиб кетган ўша кунда ўша қабиладан бўлган Солиҳ алайҳис-салом ва унинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирган мўминлар, Яратганнинг Амрига итоат этиб, У буюрган амал-ларни адо этган, куфру исёндан ўзларини сақлаган тақволи инсонлардан биронтасига ҳеч қандай ёмонлик ва зиён-захмат етмади, яъни, Оллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига нажот берди.
Од ва Самуд қабилаларининг бошига тушган можаролар ва улар нима сабабдан Оллоҳ таолонинг балосига йўлиққанлари ҳақида Аъроф сурасининг 65-79-оятларида янада батафсилроқ баён қилинган ва алақадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди.
19-20. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳнинг душманлари дўзахга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг)! То қачон (дўзахга) келишгач, уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Қиёмат Кунида албатта содир бўладиган ўта даҳшатли бир воқеани инсонларга зикр қилиб, эслатиб қўйишни буюради. Бу ўринда сўз иккинчи ҳашр - тўпланиш ҳақида боради яъни, хабар бериладики, Қиёмат қойим бўлганида жамийки ҳалойиқ қайтадан тирилиб, ҳисоб-китоб қилиниш учун маҳшаргоҳга тўпланганларидан кейин ўтган барча пайғамбарларнинг умматлари ичида Оллоҳ таолонинг оятларини ёлғон деган, Унинг элчи - пайғамбарларини ёлғончи қилган кофирларни аввалидан охиригача ҳамма-ҳаммасини алоҳида бир майдонга тўпланишлари буюрилади ва улар биронталари қолмасдан тўпланиб, жамул-жам бўлиб тизилиб, Ҳақ таолонинг ҳақ жазосини кутиб, қўрқиб-қалтираб турадилар. Бас, қачонки барча кофир кимсалар биронтаси қолмасдан сўроқ-савол қилинадиган жойга келтирилгач, Оллоҳ таоло уларга минг-минг афсусу надоматларга ғарқ қилиб юракларни қон қиладиган мана бу саволни беради: “Сизлар ҳаёти дунёдалик пайтингизда ҳеч бир ўйлаб, тафаккур қилмасдан, бирон-бир билимга эга бўлмасдан туриб мана бу Кунда Менга рўбарў бўлишларингиз ҳақида хабар берган оятларимни ёлғон деявердингизларми?! Ахир ақлларин-гизни ишлатсаларингиз, Мен Ўз элчи-пайғамбарларим орқали сизларга нозил қилган оятларни уқиб-ўргансаларингиз ва Менга иймон келтирсаларингиз бўлмасмиди?! Йўқ, сизлар ҳаёти дунёдан кофир ҳолда ўт-дингизлар, Менинг оятларимга ишонмадингизлар, Мен юборган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилдингизлар! Мана Бугун қилиб ўтган жиноятларингизга яраша ҳақли жазога гирифтор қилинасизлар - мангу-ликка дўзахга ташланасизлар! Ёки сизларни бу азоб-уқубатдан қутқариб қоладиган бирон иш-амалларингиз борми?!”
Улар эса ўзларини оқлаш учун бирон сўз айта олмасдан, гўё оғизларига муҳр уриб қўйилгандек, соқов бўлиб тураверадилар! «Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига Сўз - азоб тушди. Бас, улар сўзлай олмаслар». (Намл сураси, 85-оят). «Бу (Кун) улар сўзлай олмайдига ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир! У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай!» (Вал-Мурсалот сураси, 35-37-оятлар).
Ана ўша кунда Оллоҳ таолонинг душманлари бўлган золим-кофир кимсаларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари, яъни, баданларидаги жа-мийки аъзолари улар қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради!
«Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур!» (Ёсин сураси, 65-оят).
21. Улар териларига «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердинглар?», дейишганида, (терилари): «Бизларни барча нарсани сўзлатган Зот - Оллоҳ сўзлатди», дедилар. Сизларни дастлаб У яратган ва сизлар яна Унинг Ўзига қайтарилурсизлар.
Яъни, кофир-осий кимсалар қулоқ-кўзларини ва жамийки баданларини қоплаган териларини маломат қилиб «нега сизлар бизга қарши гувоҳлик бериб ўзларингиз билан қилган гуноҳларимизни битта-биттадан айтиб бермоқдасизлар?! Ахир биз сизлар дўзах ўтида куйманглар деб қилган гуноҳларимиздан тонмоқдамизку?!» дейишганида баданларидаги аъзолари гўё улардан узр сўрагандек, бизни худди бошқа барча махлуқотларини ҳам сўзлатгани каби Оллоҳтаоло сўзлатди. У Зот худди ҳаёти дунёда тилларни сўзлатганидек Охиратда бизга ҳам тил-забон бериб сўзлатган эди, биз сизлар бизнинг воситамиз билан қилган қабиҳ ишларингизни айтиб сизларга қарши гувоҳлик беришга мажбур бўлдик», дедилар. Шунда Ҳақ таоло айтди: «Эй осий бандалар, сизларни аввал-бошда йўқдан бор қилиб дунёга келтирган Зот Оллоҳдир. Охир-оқибатда барчаларингиз Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтишингиз ҳам ҳақдир. Бас, сизларни ўлиб, тупроққа айланиб кетганингиздан кейин қайта тирилтиришга, ҳамма-ҳаммангизни маҳшаргоҳга тўплаб бирма-бир ҳисоб-китоб қилишга Қодир бўлган Зот, ҳеч шак-шубҳасиз, баданларингизгада тил-забон бериб сўзлатишга ҳам Қодирдир.
Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Анас деди: «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, бас, у зот кулиб юбордилар ва «Менинг нимадан кулганимни биласизларми?» дедилар. Биз: «Оллоҳ ва Унинг Элчиси яхшироқ билгувчи», деган эдик, «Банданинг Парвардигорига қилган хитобидан кулмоқдаман. У Парвардигорга: «Сен менга зулм қилмасликка ваъда қилмаган-ми эдинг?» деган эди, Парвардигори: «Ҳа, шундай ваъда қилганман», деди. Шунда банда: «Мен қилган ишимга ўз нафсимдан ўзга ҳеч кимни гувоҳ қилмайман, (яъни, гарчи менинг қилган гуноҳларимга ўзимдан бошқа бирон гувоҳ бўлмаса-да, бошқа ҳеч ким менга қарши гувоҳлик бер-масада, Сен мени дўзахга ҳукм қилмоқдасан)», деган эди, Парвардигори: «Бугун ана ўша нафсинг ва икки елкангда ўтирган икки фаришта сенга қарши етарли гувоҳдир», дейди, сўнгра гуноҳкор банданинг оғзига муҳр урилиб, баданидаги аъзоларига «Қани, сўзла», дейилади. Бас, банданинг баданидаги аъзолари унинг қилган барча амалларини сўзлаб берадилар, сўнгра ўз нафси билан холи қолдирилганида у: «Эй, йўқ бўлиб кетгурлар, мен сизларни дўзах ўтидан химоя қилаётган эдим-ку», дейди. («Тафсири Мунийр»дан).
22-23. Сизлар (ҳаёти дунёда) қулоқларингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзларингизга қарши гувоҳлик беришидан яширингувчи эмас эдинглар, (чунки сизлар Қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам забон берилишини билмасдинглар). Лекин сизлар Оллоҳ қилаётган амалларингиздан кўпини (яъни, одамлардан яширинча қилган гуноҳларингизни) билмайди, деб ўйлар эдинглар. Ва Парвардигорингиз ҳақида ўйлаган мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди (яъни, дўзахга тушишларингизга сабаб бўлди). Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар.
Яъни, сизлар, эй дўзах аҳли, ҳаёти дунёда гуноҳ-маъсиятларингизни хуфёна тарзда, ҳаммадан яшириб қилар эдингизлар. Бунга сабаб, қулоқ-кўзларингиз, жамийки баданларингизни қоплаган ва ҳамма гуноҳларингизда бевосита иштирок этган териларингиз сизларга қарши гувоҳлик беришидан сақланиш учун эмас эди. Чунки сизлар Қиёмат Кунида аъзойи баданларингизга ҳам тил-забон берилишидан тамоман бехабар эдингизлар. Лекин сизларнинг ёмон ишларингизни одамларга кўрсатмай яши-ринча қилишларингизга сабаб, қилаётган жуда кўп ёмон амалларингизни агар ҳеч кимга кўрсатмасдан қилсангизлар, Оллоҳ таоло ҳам билмай қолади, деган гумон-ўйларингиз бор эдики, Парвардигорингиз ҳақида қилган мана шу гумонларингиз, яъни, Оллоҳ ошкора қилган ишларимизни билади, аммо яширинча қиладиган ишларимизни билмайди деган ўйларингиз мана бугун Қиёмат Кунида сизларни ҳалокатларингизга - дўзахнинг мангу азобида ёнишларингизга сабаб бўлди ва ҳеч ўнглаб бўлмайдиган зиёнга мубтало қилди.
Ушбу оятларнинг нозил қилинишига Имом Аҳмад, Бухорий Муслим ва Термизийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф сабаб бўлгани айтилади. Ибн Масъуд айтди: «Мен Каъба пардалари остида кўринмай турган эдим, уч киши - бир курайшлик ва унинг бани Сақиф қабилсидан бўлган икки куёви ёки бир бани Сақифлик ва унинг икки қурайшлик куёви келди. Учовлари ҳам қоринларининг ёғи кўп, қалбларида билим оз бўлган кимсалар эдилар. Улар паст овозда нималарнидир гаплашишди, аммо мен сўзларини эшитмадим. Кейин улардан бири: «Сизлар Оллоҳ мана шу сўзларимизни ҳам эшитади деб ўйлайсизларми?» деган эди, бошқаси: «Агар овозимизни баланд қилиб гапирсак эшитади, овозимизни кўтармасак эшита олмайди», деди. Яна бошқаси эса: «Агар Оллоҳ сўзларимиздан биронтасини эшитса, демак ҳаммасини эшитади», деди». Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Мен бу воқеани Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганимда айтиб берган эдим, ўша онда Оллоҳ азза ва жалла ушбу оятларни нозил қилди». («Тафсири Мунийр» ва «Руҳул-маъоний» тафсиридан).
24. Бас, агар улар (азобга) чидасалар, ана ўша дўзах жойларидир (яъни, азоб-уқубатни тортаверадилар), агар ортга қайтишни талаб қилсалар, энди улар қайтарилгувчи эмаслар.
Яъни, дўзах аҳли агар дод-вой қилмасдан у жойдаги азобга сабр қил-салар ҳам, сабр қилмасалар ҳам баробардир - мангу ётар жойлари ўша дўзахдир. Ундан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб чиқиб кета олмаслар, агар бесабрлик қилиб, дўзах азобига ҳеч чидай олмасдан кечиришни, ҳамласини ортга қайтаришни сўраб ялиниб-ёлвориб энди фақат солиҳ амаллар қилишлари ҳақида қасамлар ичсалар ҳам, ҳеч қачон узрлари қабул қилинмас ва ортга қайтарилмаслар, чунки улар ана ўша солиҳ амалларни қилишлари керак бўлган ҳаёти дунёдан ажралиб бўлганлар, энди ҳеч қандай афсус-надоматдан фойда йўқ. Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Ўлимдан сўнгузр сўраш ва ортга қайтиш йўқдир», деганлар. Чунки Охират диёри амал диёри эмас, балки ҳаёти дунёда қилинган амаллар учун жазо диёридир. («Тафсири Мунийр»дан).
Ялиниб-ёлворишларидан ҳеч қандай нафъ чиқмаслигини билишгач, “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) “Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик”, деб) нидо қилганларида, у: “Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар”, деди”. (Зухруф сураси, 77-оят).
Қачонки кофирлар дўзах азобидан ўлиб ҳам қутулиб бўлмаслигини, яъни, Охират диёрида ўлим йўқлигини билишгач, бир-бирларига қараб: “Бошимизда мана шу кўргуликлар бор экан, келинглар энди сабр қилай-лик, шояд сабрнинг бизга фойдаси тегса. Ахир ҳаёти дунёда Оллоҳ таолога тоат-ибодат машаққатларига сабр қилиб ўтган мўминларга ўша сабр-ларининг фойдаси тегдику - жаннат роҳатларига эришдиларку”, дейи-шиб, сабр қилишга қарор қилдилар. Аммо узоқ муддат сабр қилсалар ҳам (Муқотилдан ривоят қилинишича, улар дўзах азобига беш юз йил сабр қилганлар), бу сабрларининг уларга ҳеч фойдаси тегмади. Шундан кейин кофирлар яна шунча муддатни дод-вой билан ўтказдилар ва охир-оқибат ҳақиқатни тан олиб: “Энди бизлар дод-вой қиламизми ёки сабр қила-мизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир”, дедилар. (“Маолимут-танзийл”тафсиридан).
25. Биз улар учун (яъни, кофир-фосиқ кимсалар учун уларни Тўғри Йўлдан оздирадиган) «яқинлар»ни тақдир қилиб - ёзиб қўйганмиз, бас, ўша («яқинлар») уларга олдиларидаги (ҳаёти дунёда) ҳам, орқала-ридаги (Охиратни) ҳам чиройли кўрсатдилар ва уларга ҳам ўзларидан аввал ўтган - ҳалок бўлган инсу жиндан иборат умматлар қаторида Сўз - азоб ҳақ бўлди. Дарҳақиқат, улар зиёнкор бўлдилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло кофир-фосиқ кимсаларнинг пешоналарига динсизликни танлаганлари учун уларни дўзахга етаклаб борадиган, жин-шайтонлардан ва бошқа кофир-фосиқ инсонлардан бўлган «яқинлар»ни ёзиб қўйгани ҳақида хабар беради. Бас, ана ўша «яқинлари» уларга қилган ҳамма амалларини чиройли кўрсатиб, олдиларидаги ҳаёти дунёни ва нафслари тилаган энг чиркин ишларни ҳам зийнатлаб-безаб, ортларида уларни кутиб турган Охиратдаги ишларни ҳам безаб-зийнатлаб, ҳеч қандай қайта тирилиш, ҳисоб-китоб қилиниш йўқ, жаннат, дўзах деганлари ҳам йўқ нарсалар деб ишонтириб, васваса қилиб, жуда катта, ҳеч ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зиёнга гирифтор қиладилар - уларнинг устига ҳам илгари ўтган кофир-фосиқ инсу жинлар жамоаси устига тушган Сўз тушиши ҳақ бўлади: «(Оллоҳ) деди: «Ҳаққа (қасам). Ҳақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен билан ва (одамлар) ора-сидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!» («Сод» сураси, 84-85-оятлар). Бу ҳақда яна бошқа сураларда ҳам хабар берилган: «Ким Раҳмон Эслатмасидан (яъни, Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса - юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас, у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур. Шак-шубҳасиз, (шайтонлар, Қуръондан юз ўгирган кимсаларни Тўғри) Йўлдан тўсурлар, (аммо ўша шайтонларнинг етовидаги адашганлар эса) ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар. То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри Йўлдан оздирган шайтонга қараб): «Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса! Бас, (сен), нақадар ёмон ҳамроҳдирсан», дер». (Зухруф сураси, 36-38-оятлар).
«Кашфул-асрор» китобида ривоят қилинишича, қачонки Оллоҳ таоло бир бандага яхшиликни ирода қилса, унинг учун яхши яқинларни тақдир қилади ва улар ўша бандани яхши амаллар қилишга чақирадилар, тоат-ибодатда ёрдам берадилар. Қачонки Оллоҳ бир бандага ёмонликни ирода қилса, унинг учун ёмон «дўстлар»ни такдир қилади ва улар ўша бандани хатарли йўлларга бошлайдилар, гуноҳ-маъсиятларга чақирадилар. У «дўстлар»дан бири шайтон бўлиб, у инсонни васваса қилиб адаштиради, ундан ҳам ёмонроқ бир «дўст» борки, у инсоннинг ёмонликларга буюргувчи нафси бўлиб, у бугун, ҳаёти дунёда бандани гуноҳ-маъсиятга, яъни, ҳалокатга чақиради ва Эртага, Қиёмат Кунида ана ўша ўзи чақирган гунох-маъсиятни қилгани учун унга қарши гувоҳлик беради. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бизларни яхши дўстларга ёндошиб, фойда кўргувчилардан қилишини ва нафсга, иблисга ва бошқа шайтонларга қарши Ўзи биз-ларга Мададкор бўлишини, ёмонларга яқин бўлиб зиён кўргувчилардан қилмаслигини илтижо қилиб сўраймиз. («Танвийрул-азҳон» тафсиридан).
26. Кофир бўлган кимсалар (бир-бирларига «Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Куръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар (шунда) шояд ғолиб бўлсангизлар», дедилар.
Яъни, Маккадаги (ва, нафақат Маккадаги) кофир-мушриклар бир-бирларига: «Мана шу Қуръон тиловат қилинганида унга қулоқ солманглар ва жим туриб тингламанглар, балки баланд овоз билан турли шеър ва қўшиқлар айтиб, бақир-чақир қилиб, чапак ва хуштаклар чалиб Муҳаммад-нинг овозини босиб кетингларки, шунда шояд ундан устун келиб, овозини ўчирсангизлар», дер эдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Абу Жаҳл: «Қачон Муҳаммад Қуръон ўқиганида унинг юзига қараб ҳаммангиз бир бўлиб шундай қич-қирингларки, унинг ўзи ҳам нима деяётганини билмай қолсин», дер эди. Ушбу оят Қурайш мушриклари ҳам худди илгари ўтган Ҳуд ва Солиҳ пайғамбарларнинг қавмлари ўзларига юборилган элчиларни ёлғончи қилганлари каби Қуръонни ёлғон деганларига аниқ-равшан далилдир. («Тафсири Мунийр»дан).
Қуйидаги оятда ана ўша Макка мушрикларини (ва жамийки мушрик-ларни ҳам) қандай жазо кутиб тургани ҳақида хабар берилади -
27. Бас, албатта Биз ана ўша кофир бўлган кимсаларга қаттиқ азобни тотдирурмиз ва уларни қилиб ўтган энг ёмон амалларининг жазоси билан жазолармиз.
Яъни, Биз, ҳеч шак-шубҳасиз, барча кофирларни энг қаттиқ азоб би-лан азоблаймиз. Албатта уларнинг орасида одамларни Қуръон эшитишдан, уни англашдан тўсганлари сабабли Қурайш кофирлари ҳам бўлур ва кофир-мушрикларнинг ҳаммасига ҳаёти дунёда қилиб ўтган энг ёмон амаллари бўлган ширкнинг жазосини берурмиз ҳамда уларнинг қариндош уруғларни йўқлаш, меҳмондўстлик ва хайру саховат каби яхши ишларининг барчасини бекор - ҳабата қилурмиз. Чунки кофир ҳолда қилин-ган ҳар қандай яхши амал ботил - бефойда бўлиб, унга ҳеч қандай ажр берилмас.
Ушбу ояти карима барча кофирлар учун жуда қаттиқ огоҳлантириш-дир. Шунингдек, мусулмонлар орасидаги Қуръонга қулоқ солмайдиган, унинг оятларини тадаббур - тафаккур қилиб қалблари кўрқувга тушмайдиган ва бошқаларни ҳам Қуръондан тўсиб, уни тинглашларига ва англашларига халақит берадиган кимсалар учун ҳам бир танбеҳдир. Зотан, Ҳақ субҳонаху ва таоло: «Қачонки Куръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз - шояд (Оллоҳ тарафидан) Раҳматга сазовор бўлсангизлар». (Аъроф сураси, 204-оят).
28. Бу (қаттиқ азоб) Оллоҳ душманларининг жазоси бўлган дўзахдир. Улар учун, Бизнинг оятларимизни инкор этгувчи бўлганлари жазосига ўша жойда мангу қоладиган (азоблананадиган) Ҳовли бордир.
Яъни, кофирларнинг энг қабиҳ амаллари - мушрик-кофир бўлганлари учун Охират диёрида уларга бериладиган ана ўша жазо - уларнинг дўзахга киришларидир. Мазкур жазо Оллоҳ таолога ибодат қилишдан бўйин товлаган, Унинг элчи-пайғамбарларини ёлғончи қилган Оллоҳ душманларининг жазосидир. Энди улар учун дўзахда доимий турадиган ва абадул-абад азобланадиган ҳовли бор! Уларнинг бундай даҳшатли ва абадий жазога гирифтор бўлишларига сабаб, Қуръоннинг Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил қилинган ва ҳар бир ояти Ҳақиқат ва Ҳикмат бўлган Каломуллоҳ эканини инкор қилганларидир ва бошқаларни ҳам Қуръонни эшитиш-дан, у Азиз Китобга иймон келтиришдан тўсганларидир.
29. Кофир бўлган кимсалар (дўзах ўтида азобланар эканлар), деди-лар: «Парвардигоро, бизни (Сенинг Тўғри Йўлингдан) оздирган инсу жиндан бўлган кимсаларни бизга кўрсатгин, уларни оёқларимиз остига олиб (эзайлик), токи улар (дўзахнинг қаъридаги) энг тубан -хор кимсалардан бўлсинлар».
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: «(Оллоҳ) айтур: «Сизлардан илгари ўтган жин ва инсдан иборат (кофир) миллатлар билан бирга дўзахга кирингиз!» Қачон бир жамоат (ўша дўзахга) кирганида шеригини (яъни, ўзини йўлдан урганларни) лаънатлайди. Қачонки унда (дўзахда) ҳаммалари топишишгач, кейингилари (эргашганлар) аввалгилари (бошлиқлари) ҳақида: «Парвардигоро, ана ўшалар бизларни йўлдан оздирганлар, бас, уларга дўзах азобини икки баробар қилгин», дейдилар. (Оллоҳ) айтур: «Ҳар бирингиз учун икки баробар азоб бўлур, лекин сизлар билмайсизлар». Аввалгилари эса кейингиларига: «Сизларнинг биздан бирон афзаллик томонингиз йўқдир, бас, қилиб ўтган (гуноҳларингизга) яраша азобингизни тотаверинглар», дейдилар». (Аъроф сураси, 38-39-оятлар).
Яъни, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида Одам болаларидан ва жинлардан кофир бўлганларининг ҳаммасини дўзахга ҳукм қилади, кейин келган кофирларни аввал ўтган кофирларга қўшилишга, Ҳақ Йўлдан оздиргувчи доҳийларга тақлид қилиб, эргашиб куфр йўлига кириб кетган кимсаларни дўзахда ўзларининг пешволари билан бирга бўлишга буюради. Шундай қилиб, то Қиёмат қойим бўлгунича ҳаёти дунёдан бирин-кетин ўтган барча кофирлар ўша Кунда бирин-кетин дўзахга ташланиб, ҳаммалари жаҳаннамда тўпланадилар. Ояти каримада хабар берилишича, олдин-кейин ўтган кофирлар дўзах қаърига ташланиб, ўша жойда топишиб - тўпланишганларидан кейин ловуллаб ёнаётган дўзах яна ҳам қизиб кетади - куни кеча апоқ-чапоқ дўст бўлган, ана ўша дўстликларини сақлаш учун Оллоҳнинг Динидан кечиб кофир бўлган кимсалар У Кунда бир-бирларини кўргани кўзи йўқ энг ашаддий душманларга айланадилар, бир-бирларига тинмай қарғиш-лаънатлар ёғдирадилар. Эргашганлар ўзларининг дўзахга тушишларига уларни йўлдан урган бошлиқлари - йўлбошчилари сабаб бўлганларидан шикоят қилиб, Оллоҳ таолодан уларга азобнинг энг қаттиғини беришни сўрашса, бошлиқлари эса, одамларни йўлдан уриб, дўзахга тушишларига сабаб бўлган доҳийлари эса ўзларига эргашиб, улар чизиб берган йўлларга, оқимларга юриб, улар тузиб берган ҳизбларга кириб Ҳақ Йўлдан озган ва оқибат натижада дўзахи бўлган тобеларига аввал ҳаёти дунёда берган ваъдаларидан тониб: “Сизлар бизларга эргашганларингизда ақлларингиз қаёқда эди? Энди сизлар ҳам, биз ҳам баробармиз”, деб жавоб қиладилар.
Ҳақтаоло ҳар икки тоифа кофирларга - бошлиқларига одамларни йўлдан уриб адаштирганлари учун, уларга эргашиб дўзахга тушганларига эса бошлиқларига кўр-кўрона тақлид қилиб эргашганлари учун энг ашаддий, ҳеч қачон тўхтамайдиган мангу азоб беришини айтиб огоҳлантиради.
30-31-32. Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деб, сўнгра (истиқоматда - Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўгри - устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар! Биз ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) Мағфиратли ва Меҳрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтди: «Ушбу оятлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақида нозил қилинган. Бунга сабаб, мушриклар ҳам «Роббимиз Оллоҳ», дедилар-у, кейин «Фаришталар Унинг қизлари, анави бутларимиз эса, бизларнинг Оллоҳ хузурида қўлловчиларимиз», деб Тўғри Йўлдан оғиб кетдилар. Абу Бакр бўлса, «Роббимиз Оллоҳнинг Ўзи, Унинг бирон шериги йўқ, Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам Унинг қули ва Элчисидир», деб истиқоматда - Тўғри Йўлда барқарор бўлди».
Термизий, Насоий ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анхудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни ўқиб, дедилар: «Одамлар «Роббимиз Оллоҳ», дедилар-у, сўнгра уларнинг кўплари (ана шу сўзларида барқарор турмасдан) кофир бўлиб кетдилар. Бас, ким то ўлгунича «Роббим Оллоҳ» деган сўзда турса, ана ўша киши устувор турганлардандир». («Тафсири Мунийр»дан).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда у зотнинг барча умматларини - ширк ва куфрдан қайтиб, Оллоҳ таолога тавба қилиб, Расулуллоҳга итоат этган асҳобларини ҳам (Оллоҳ барчаларидан рози бўлгай), улардан кейин дунёга келадиган ҳамма мўмин-мусулмонларни ҳам, уларга буюрилганидек истиқоматда бўлишга, яъни, бутун ҳаётлари давомида ўнгга ҳам, сўлга ҳам бурилмасдан Оллоҳ таоло буюрган Тўғри Йўлда устивор бўлишга, ўзларининг ҳадларидан ошмасликка - туғёнга тушмасликка буюради.
Албатта Оллоҳ таоло Тўғри Йўлни топишни фақат бахтли бандаларига насиб этади. Аммо ана ўша Тўғри Йўлдан қайтмай, ўнг ёки сўл тарафларга бурилмай, бир умр истиқоматда бўлиш эса, осон бўлмаган, шунинг учун ҳам кишининг дунё ва Охиратда нажот топишига сабаб бўладиган энг шарафли вазифадир.
“Саҳиҳи Муслим”да Суфён ибн Абдуллоҳ Сақфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб: “Ё Расулуллоҳ, Сиз менга Ислом ҳақида Сиздан кейин ҳеч кимдан сўраб бўлмайдиган бир сўз айтсангиз”, деган эдим, у зот: “Сен “Оллоҳга иймон келтирдим”, дегин, сўнгра истиқоматда бўлгин”, дедилар.
Усмон ибн Ҳозир Азудий айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг олдига кириб: “Менга васият - насиҳат қилинг”, деганимда, у: “Хўп. Сен Оллоҳдан қўрқишни ва истиқоматни маҳкам ушлагин, эргашгин ва бидъатчи бўлмагин”, деди.
Бас, Оллоҳ таолонинг Танҳо Парвардигор эканига иқрор бўлиб, сўнгра ана ўша ақидада устувор бўлиб, то ўлгунларича Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиб, гуноҳ-маъсиятлардан йироқ бўлган инсонлар Тўғри Йўлда устувор бўлган истиқоматдаги кишилардир.
«Истиқомат»нинг тафсирида хулофайи рошидийндан (Оллоҳ таоло уларнинг ҳаммалридан рози бўлгай), бир-бирини тўлдирадиган турли тафсирлар ривоят қилинган: Абу Бакр розияллоҳу анху: «Улар сўзда «Роббимиз Оллоҳ» деб Тўғри - истиқоматда бўлганлари каби амалда ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилиш билан истиқоматда бўлган кишилардир», деди ва қўшимча қилиб айтди: «Оятдаги «сўнгра истиқоматда -тўғри устувор бўлганлар», деган сўзнинг маъноси «Оллоҳ таолога бирон нарсани шерик қилмаганлар», деганидир».
Умар розияллоҳу анҳу минбарда хутба қилар экан, деди: «Улар, Оллоҳга қасамки, «Роббимиз Оллоҳ» деб тоат-ибодатда Тўғри Йўлда бўлганлар, сўнгра тулкилар думларини ликиллатганлари каби уёқ-буёққа ликилламаганлар». Усмон розияллоҳу анҳу деди: «Улар «Роббимиз Оллоҳ» дедилар, сўнгра холис Оллоҳ учун амал қилдилар». Алий розияллоҳу анҳу деди: «Улар «Роббимиз Оллоҳ» дедилар, сўнгра Оллоҳ фарз қилган амалларни бекаму кўст адо қилдилар».
Ояти каримада таъкидланишича, ҳаётларини ана шундай иймон ва истиқоматда ўтказган кишиларнинг олдиларига, муфассирлар айтишларича, уч ўринда, аввало уларнинг ҳаётларининг сўнгги соатида, сўнгра қабрларида ёлғиз қолганларида, кейин Қиёмат Куни қайта тирилганларида фаришталар тушиб, дейдилар: «Сизлар ўлимдан, қабрингизда ёлғиз қолишдан ва Қиёмат Кунидаги сўроқ-савол даҳшатидан қўрқманглар, ортингизда қолдирган оила ва фарзандларингизнинг ғамини еманглар, сизлардан кейин биз уларга кафилдирмиз. Сизлар ўзларингизга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар. Бизлар ҳаёти дунёда ҳам сизларнинг энг яқин дўстларингиз эдик, доимо сизлар билан бирга эдик, энди Охиратда ҳам сизларнинг энг яқин дўстларингиз бўлиб, то сизлар жаннатга киргунларингизча сизлардан бир қадам ҳам ажрамаймиз. Биз қабрларингизда ёлғиз қолганларингизда ёнингизда бўламиз, қайта тирилиш ва маҳшаргоҳга тўпланиш даҳшатларидан қўрқмасликларингиз учун сизларни ўз ҳимоямизга оламиз, то сизларни сирот кўпригидан ўтказиб жаннатларга етказгунимизча сизлар билан бирга бўламиз. У жойда сизлар учун Мағфиратли ва Меҳрибон Парвардигоримиз томонидан ҳозирлаб қўйилган ва ҳеч қачон тугаб қолмайдиган Илоҳий зиёфат - меҳмондорчилик бордир. Олдингиздаги дастурхонда кўнгилларингиз тилаган барча нарса муҳайёдир. Сизлар мангу роҳат-фароғат ва бахту саодатда яшашингиз учун нимани истасангиз, ўша онда ҳозиру нозирдир. Чун-ки жаннат ва унинг неъматлари гуноҳларингизни кечириб юборган ва Ўз Раҳмат-Марҳамати билан сизларга жаннатидан жой берган Парвар-дигорингизнинг зиёфатидир».
33. (Одамларни) Оллоҳ(нинг Дини)га даъват қилган ва солиҳ амал қилиб, «Шак-шубҳасиз, мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи борми?
Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен ушбу ояти карима (одамларни Оллоҳ Динининг устунларидан бўлмиш намозга чақирадиган) муаззинлар ҳақи-да нозил бўлган деб ўйлайман», деди. Тобеинлардан Икрима розияллоху анҳу бўлса: «Оят муаззин Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу ҳақидадир, оят давомидаги «солиҳ амал»дан мурод, азон ва такбир ўртасида ўқиладиган икки ракъат намоздир. Абу Умома азон айтганидан кейин такбир айтишдан олдин албатта икки ракъат намоз ўқир эди», дейди. Чунки бу намоз ҳақида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам томонларидан ҳадис ворид бўлган эди. У зот: «Ҳар бир азон ва такбир ўртасида намоз бор», деб уч бор такрор айтиб, учинчисида: «хоҳлаган кишилар учун», дегандилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анхудан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам: «Азон билан иқомат ўртасида қилинган дуо рад этилмайди», деб марҳамат қилдилар. (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривоят қилганлар. «Тафсири Бағавий»дан).
Ояти каримада умумиятла кишиларга айтиладиган энг гўзал сўз Оллоҳ таолонинг Динига даъват қилиш эканлиги, энди ўша гўзал сўзни айтган киши одамлар унинг даъватини қабул қилишлари учун айтган сўзига ўзи ҳам амал қилиши ва ўзининг чин мусулмон эканини эълон қилиши лозим эканлигини уқтиради.
34. Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур.
Яъни, ҳеч қачон Оллоҳтаоло рози бўладиган ва ажр-мукофотлар берадиган чиройли амал билан Оллоҳ таоло ёмон кўрадиган ва албатта жазо берадиган ёмон амал баробар бўлмас. Шунинг учун эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушриклар етказаётган турли озор - ёмонликларга қарши ёмонлик қилманг, балки аксинча энг чиройли сўз ва гўзал муомала билан уларни дафъ қилинг, уларнинг озор-азийятларига сабр-бардош билан, кечиримлилик билан, уларга омонлик тилаш каби гўзал калом билан жавоб қайтаринг. Биз улар айтадиган барча сўзларни, Бизни шериклари бор деб, Сизни эса ҳали сеҳргар деб, ҳали шоир деб, ҳали мажнун деб ботил сифатлар билан сифатлашларини жуда яхши билурмиз, аммо уларни дарҳол жазоламай сабр қилурмиз. Бас, Сиз ҳам сабр-таҳаммул қилинг ва барча ишни Бизга топширинг! «(Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур».
Муқотил ибн Ҳуббон айтади: «Ушбу оят Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил қилинди. У аввал мусулмонларни жуда ёмон кўрар эди. Лекин қачонки у билан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида қуда-андалик барпо бўлгач - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг қизи Ҳиндни никоҳларига олгач, Абу Суфённинг қалби мусулмонларга юмшади, сўнгра Исломни қабул қилиб, ҳам диний дўст, ҳам қайноқ қариндошга айланди». («Тафсири Бағавий»дан).
Шунингдек, ояти карима мазмунидан келиб чиқадиган ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш амри инсонлар ўртасида хушмуомалали бў-лиш, ноҳақ берилган озорни кўтариш ва бировнинг хатосидан кўз юмиш каби гўзал хислатларни тарбиялашга хизмат қилади. Ояти карима тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай мисол келтиради: бир киши бир кишини турли айблар билан айблаб ҳақорат қилган эди, у киши айтди: «Агар сен айтган гаплар рост бўлса, Оллоҳ мени кечирсин, агар сўзларинг ёлғон бўлса, Оллоҳ сени кечирсин». Мана шу, ёмонликни яхшилик билан қайтаришдир. Тафсир китобларида келишича, мазкур сўзларни Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анҳу уни сўккан бир кишига қарши айтган эди. («Тафсири Куртубий»дан).
35. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришур, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур.
Қатода ва Мужоҳид раҳимаҳумаллоҳ ояти каримада зикр қилинган «улуғ насиба»ни жаннат деб тафсир қилганлар. Демак, ёмонликни яхшилик билан дафъ қилган инсонлар шундай улуғ насибага - жаннатга эга бўлишлари умид қилинади. Ибн Аббос розияллоху анҳумо ушбу оят тафсирида айтади: «Оллоҳтаоло мўминларни ғазаб келган вақтида сабр қилишга, жаҳл келганида ҳалим бўлишга ва ёмонлик кўрган вақтида афв қилишга буюрди. Бас, қачонки мўминлар Оллоҳнинг Амрини адо қилган эдилар, Оллоҳ уларни шайтоннинг шарридан асради, душманларини уларга қарам қилиб қўйди ва улар гўё қайноқ дўстга айландилар». («Таф-сири Мунийр»дан).
36. Агар сизни шайтон томонидан бирон васваса йўлдан озди-риб (мазкур хислат эгаси бўлишдан қайтармоқчи бўлса), у ҳолда Оллоҳдан паноҳ сўранг. Зеро, У Эшитгувчи, Билгувчи Зотдир.
Айрим муфассир уламолар: ‘Тарчи ояти каримада Расулуллоҳ соллол-лоху алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлсада, умматлари ирода қилинган. Оллоҳ таоло мўмин бандаларига шайтон васваса қилган чоғида Оллоҳдан паноҳ сўраб илтижо қилишни буюради”, деганлар.
Ғазаб мавзуйида кўплаб ҳадислар ворид бўлган: Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам биродари билан жанжаллашаётган бир ки-шини кўрдилар. Ғазабдан ҳалиги кишининг юзлари қизариб, томирлари шишиб кетган эди. Шунда алайҳис-салоту вассалом: “Мен бир сўзни биламанки, агар у ўша сўзни айтса ғазабдан тушади - агар у: “Шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраб Оллоҳга илтижо қиламан”, деса, албатта ғазабидан тушади”, дедилар.
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта ғазаб шайтондандир, албатта шайтон оловдандир, олов эса сув билан ўчади. Бас, қачон бировингиз ғазабланса, дарҳол таҳорат олсин”, дедилар. (“Руҳул-баён” тафсиридан).
Муслим ривоят қилди: Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳар бирингизга жиндан бир “дўст” ва малоикалардан бир дўст вакил қилиб қўйилгандир”, дедилар. Саҳобалар: “Сизга ҳамми, ё Расулуллоҳ”, дейишган эди, айтдилар: “Менга ҳам. Аммо Оллоҳ менга ёрдам қилди - менга вакил қилинган шайтон мени васваса қилишдан бош тортиб, менга бўйинсунадиган бўлди. Бас, у менга фақат яхшиликни айтиши мумкин”.
Мазкур оятларда Оллоҳ таоло ҳар бир мўмин мусулмон учун зарур бўлган гўзал фазилатларни баён қилди. Қуйидаги оятларда энди Ўзининг Қудрат ва етук Ҳикматига далолат қиладиган оят-аломатларни келтириб, Ёлғиз Ўзигина маъбудликка Лойиқ Зот эканлигини уқтиради.
37. Кеча ва кундуз, қуёш ва ой ҳам Унинг (Танҳолиги ва Қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар ибодат қил-гувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, улар-ни(нг барчасини) яратган Зотга - Оллоҳга сажда - ибодат қилинглар!
Яъни, Оллоҳ таолонинг ҳеч қандай шериги ёки тенги бўлмаган Танҳо Маъбуди Барҳақ Зот эканлигига аниқ-равшан далолат қилиб турган оят-аломатларидан яна бири, У Зот кеча ва кундузни ҳамда қуёш ва ойни яратганидир. Мазкур махлуқотлар гарчи сиз инсонлар учун беқиёс аҳамиятли ва манфаатли бўлсалар-да, уларга сиғиниб-сажда қилишларингиз асло дуруст эмасдир. Сажда қилинишга - ибодат қилинишга Ягона Мустаҳиқ бўлган Зот - уларни Ўз Ҳикмат ва Қудрати билан яратган ҳамда сизларни ҳаёти дунёда ором ва роҳат-фароғатда яшашларингиз учун му-каммал тартиб-интизомга солиб, бўйинсундириб қўйган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Демак, эй инсонлар, агар сизлар ақл ва инсоф эгалари бўлсангизлар, қуёш ва ойга эмас, балки ана ўша буюк сайёраларни ҳамда кеча ва кундузни йўқдан бор қилиб, сизларга хизмат қилдириб қўйган Оллоҳтаолога сиғиниб-сажда қилинглар!
38. Баски, агар (кофир-мушрик кимсалар Ёлғиз Оллоҳга сажда қилишдан) кибр-ҳаво қилсалар, бас, (билингки), Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) кеча-ю кундуз, ҳеч зерикмасдан-малолланмасдан У Зотга тасбеҳ айтурлар - сажда қилурлар. Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар ой-қуёш каби турли сайё-раларга сиғинадиган мушриклар Яратганнинг Амрига итоат этмасалар ва Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишдан каттазанглик билан бош тортиб, Унга бошқа махлуқотни ширк келтиришда давом этаверсалар, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқдир - Оллоҳ таоло уларнинг ибодат қилишларига мутлақо муҳтож эмасдир. Зотан, Парвардигорингиз ҳузуридаги, бутун осмонларга тўлиб-тошган сон-саноқсиз малои-калар - улар Ердаги мушрик-кофирлардан саноқ жиҳатидан ҳам, Парвардигор ҳузуридаги мақом-мартаба жиҳатидан ҳам беқиёс даражада яхшироқдирлар - Ҳақ таолога ибодат қилишдан кибр қилмайдилар, балки ҳеч малолланмасдан, зерикмасдан, кеча-ю кундуз, узлуксиз ра-вишда Оллоҳтаолонинг ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан Ўз махлуқотига шерик бўлиш нуқсонидан ҳам Пок Парвардигор эканини эътироф этиб, Ёлғиз Унинг Ўзига тасбеҳ айтишда ва ибодат қилишда бардавомдирлар.
Ушбу ояти карима навбатдаги сажда оятидир. Бундай оят ўқилганда, ўқувчига ҳам, тингловчига ҳам бир марта Оллоҳга сажда қилиш вожиб бўлади.
39. Унинг (Танҳолиги ва Қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз Ерни ҳокисор (яъни, қуп-қуруқ) ҳолда кўришингиздир. Бас, қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва кўпчир. Албатта ўша Ерни тирилтирган Зот ўликларни ҳам тирилтира олгувчидир. Зеро, У барча ишга Қодирдир.
Яъни, Оллоҳ таолонинг ўликларга қайтадан жон ато этиб тирилти-ришга Қодир Зот эканлигига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатларидан яна бири, эй инсон, сенинг кўз ўнгингда ҳокисор бўлиб - қуриб-қақшаб ётган Ердир. Бас, қачонки ана ўша ўлик Ерга Оллоҳ таоло ёғин ёғдирса, у секин-аста ҳаракатга келиб, кўпчиб қайтадан жонланади ва ёрилиб, ундан ўт-ўлан, экин-тикин униб чиқади. Албатта ана ўша қуруқ-ўлик Ерни ҳар йили қайтадан тирилтирадиган - унда турли экин ва дов-дарахтларни ундириб-ўстирадиган Зот шак-шубҳасиз, Ер остидаги ўликларга қайтадан жон киритиб, тирилтиришга ҳам Қодирдир. Зотан, У ҳамма нарсага Қодир Зотдир, на Ер, на осмонда Унинг Қудрати етмайдиган бирон нарса йўқдир. Бас, эй инсон, кўзларинг очилсин, ўлганингдан кейин албатта қайта тирилишинг ва Яратган ҳузурида қилган ҳар бир ишинг учун ҳисоб беришинг ҳамда ўзинг мустаҳиқ бўлган жазони олишинг муқаррар эканлигига иймон келтиргин.
40. Албатта Бизнинг оятларимизга эгрилик қиладиган (яъни, уларни бузмоқчи бўлган) кимсалар Бизга махфий-номаълум бўлиб қолмаслар. Ахир дўзахга итқитиладиган кимса яхшироқми ёки Қиёмат Кунига (Оллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган кишими?! Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверинглар! Албатта У қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир.
Бағавий ва Қуртубийларнинг тафсирларида айтилишича, ояти каримада зикр қилинган «Оллоҳнинг оятларига эгрилик - ғирромлик қиладиган» кимсалардан мурод, суранинг 26-оятидаги: «(Муҳаммад тиловат қилаётган вақтда) сизлар бу Куръонга қулоқ солманглар ва (уни ўзгаларга ҳам эшиттирмаслик учун оғизларингизга келган гапни) жаврайверинглар», деган Абу Жаҳл бошлиқ Макка мушрикларидир. Ҳақ таоло у мушриклар ва улар каби ғирромлик билан Қуръон оятларига тўсқинлик қиладиган кимсаларнинг кимлиги ўзига жуда яхши маълум-лигини айтиб, ундай бузғунчиларни Қиёмат Кунида беаёв жазолаши ҳақида қаттиқ огоҳлантиради. У гўё шундай дейди: «Оллоҳнинг оятла-рини ғирромлик билан тўсмоқчи бўлгани ва Унинг Элчисини ёлғончи қилгани учун Қиёмат Куни беаёв дўзахга улоқтириладиган кофирлар билан у Кунда хотиржам ҳолда келиб, жаннатга ҳукм қилинадиган мўминлар ҳеч қачон баробар бўлмаслар. Уларнинг ўртасидаги фарқ роппа-роса Ер билан осмончадир, яъни, кофирларнинг борар жойи етти қават Ернинг қаърида жойлашган энг тубан дўзах, мўминларнинг эса, етти қат осмонлардан ҳам юксакда жойлашган жаннатдир». Бас, эй аҳли донишлар, у икки жойдан қай бири афзалроқ экани ҳақида ўзларингиз ҳукм чиқарингларда, кейин ўзларингиз хоҳлаган ишни қилаверинглар, албатта Оллоҳ таоло сизларнинг қиладиган ҳар бир амалингизни Кўргувчидир - Билгувчидир, яъни, иймон билан яхши амал қилган мўминларга яхши жазо - жаннат, куфр келтириб ёмон амал қилган кофир мушрикларга эса, ёмон жазо - жаҳаннам ҳукмини қилгувчидир.
41-42. Албатта ўзларига Эслатма - Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (бу жиноятлари учун қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз, у (Оллоҳ томонидан нозил қилинган шундай) Азиз - Иззатли Китобдирки, унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни, Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) Ҳикмат ва ҳамду сано Эгаси томонидан нозил қилингандир.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзи инсонлар учун Эслатма қилиб туширган Қуръон келган вақтида ўйламай-нетмай, унинг оятларини чуқур ўрганмай, тадаббур қилмай ёлғонга чиқариб, инкор қилган ва кофир бўлган кимсалар бу жиноятлари учун ҳеч таърифлаб бўлмайдиган қаттиқ жазога гирифтор қилинишларини таъкидлаб, ушбу Китобнинг учта улуғ сифатини зикр қилади. Биринчи сифат, ушбу Қуръон уни нозил қилгувчи Зот наздида бениҳоя азиз - иззати баланд Китобдир. У шу қадар азиз - қудратли Китобки, ҳеч ким у билан талашиб-тортиша олмайди ва ҳеч ким унинг бирон оятини келтира олмайди. Иккинчи сифат, ушбу Китоб шундай мутлақ Ҳақиқатдирки, унинг ҳеч қайси томонидан бирон кимса келиб ботил қила олмайди - ёлғон дея олмайди ёки унга бирон нарса қўша олмайди, унинг бирон калимасини қисқартира олмайди. Чунки унинг Эгаси «Албатта ушбу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни Сақлагувчи-дирмиз», (Ҳижр сураси, 9-оят) деб ушбу Эслатмани Ўзининг Илоҳий муҳофазасига олгандир. Шу боис, бошқа - илгариги умматларга нозил қилинган Илоҳий Китобларга ўзгаришлар киритилиб, бузилгани ҳолда (масалан, Инжилнинг етмишдан ортиқ таржималари бор, лекин асл нусхаси ҳеч қаерда мавжуд эмас). Қуръон мана, ўн тўрт асрдан буён Пайғамбар алайҳис-саломга қандай нозил қилинган бўлса, (йўқ қилишга уринишлар, бало-офатлардан асралиб) худди ўшандай сақланиб келмоқда. Учинчи сифат, бу Китоб ҳар бир Сўзи Ҳикмат бўлган, барча мах-луқоттомонидан мақталиб, ҳамду сано айтилгувчи бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил қилинган, бинобарин, бирон-бир хато ёки нуқсони бўлмаган Китобдир.
43. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сизга ҳам (кофирлар томонидан) фақат Сиздан аввалги пайғамбарларга (кофирлар томонидан) айтилган сўзларгина айтилур (яъни, агар мушриклар Сизга озор-азийятлар етказаётган бўлсалар, Сиз бунга сабр қилинг, чунки аввалги пайғамбар-ларга ҳам кофирлар томонидан худди шунга ўхшаган озор-азийятлар етгандир). Шак-шубҳасиз, Парвардигорингиз ҳам мағфират Соҳиби-дир, ҳам аламли азоб Соҳибидир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, анави мушрик-кофир кимсалар томонидан Сизга қандай сифатлар тақилаётган бўлса, мушриклар Сизни ҳали сеҳргар, ҳали ёлғончи, деб камситаётган, Сизга озор-азийятлар бераётган бўлсалар, билингки, худди шундай сўзлар Сиздан аввал ўтган барча пайғамбарларга ҳам уларнинг қавмлари томонидан айтилгандир. Худ-ди Сиз ёлғончи қилинганингиз каби улар ҳам ёлғончи қилингандирлар. Энди Сизнинг ишингиз худди аввал ўтган элчи-пайғамбарлар қавмларининг озор-азийятларига сабр қилганлари каби қавмингизнинг Сизга етказаётган турли-туман озорларининг ҳаммасига сабр қилишдир. Билингки, албатта Парвардигорингиз тавба қилгувчиларни Кечиргувчидир, динсиз-ликда давом этган, туғён ва қайсарлигида оёқ тираб туриб олган ва тавба қилмасдан, Исломга кирмасдан кофир ҳолда ўлган кимсаларни эса, албат-та, бениҳоя аламли азобга - жаҳаннам оловига гирифтор қилгувчидир.
Ушбу ояти карима мазмунидаги оятлар бошқа сураларда ҳам келган: «Худди шунингдек, (яъни, Сизни сеҳргар, мажнун, шоир деганлари каби) улардан (яъни, Макка мушрикларидан) аввалги (кофир бўлган) кимсаларга бирон пайғамбар келганида, улар ҳам албатта (ўша пайғамбарни ё) сеҳргар ёки мажнун, дер эдилар». (Ваз-зариёт сураси, 52-оят).
44. Агар Биз уни (Қуръонни) ажамий (яъни, араб тилида бўлмаган) Қуръон қилганимизда, албатта улар: «Унинг оятлари (бизларнинг тилимизда) баён қилинганида эди. (Муҳаммаднинг ўзи) арабку, (нега унга) ажамий (Қуръон тушибди?)», деган бўлур эдилар. Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун Ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) Шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни, гарчи Қуръон оятларини эшитсаларда, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар).
Ушбу ояти карима «Қуръон агар ажамларнинг тилида бўлганида биз-лар ҳам. унга иймон келтирган бўлардик», деб баҳона қилган айрим мушрикларга жавобан нозил бўлгандир.
Яъни, мушрик-кофир кимсаларнинг Қуръонга иймон келтирмаслик учун топадиган ҳар қандай важ-корсонлари, жумладан, «бу Қуръон нега арабчадан бошқа тилда нозил қилинмади?», деган баҳоналари ҳам тамоман ботил ва беҳудадир. Чунки агар фаразан Оллоҳтаоло Қуръонни араблар тушунмайдиган ажамлар тилида нозил қилганида эди, албатта улар ўзларининг куфрларини оқлаш учун яна бошқа баҳона топишар ва: «Қани эди, Қуръон бизлар тушунадиган араб тилида нозил қилинганида ва унинг оятлари ўз тилимизда батафсил баён қилиб тушунтириб берилганида эди, ана ўшанда биз унинг маъносини англаб Каломуллоҳ эканига иймон келтирган бўлар эдик. Ахир Муҳаммаднинг ўзи арабку, нега унга ажамлар тилида Қуръон тушибди?», деб иймон келтирмасликлари аниқ эди. Бу ҳақ-да бошқа сураларда ҳам аниқ қилиб айтилган: «Агар фаразан Биз (Қуръонни) ажамлардан (яъни, араб бўлмаган кишилардан) бирига нозил қилганимизда, бас, у (Қуръонни) уларга ўқиб берган тақдирда ҳам, унга иймон келтиргувчи бўлмас эдилар». (Шуаро сураси, 198-199-оятлар). Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўша, Қуръонга иймон келтирмайдиган кимсаларга айтингки, ушбу Қуръон фақат унинг Каломуллоҳ эканига ва Сизнинг Расулуллоҳ - Оллоҳнинг Элчиси эканингизга аниқ ишонган -«иймон келтирган зотлар учун Ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) Шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни, гарчи Қуръон оятларини эшитсаларда, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)».
Қуръони Карим оятлари Оллоҳдан кўрқадиган мўминлар учун Ҳидоят, Раҳмат ва шифо экани ҳақида мана бу оятларда ҳам хабар берилган: «Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, диллардаги (бузуқ эътиқодлардан иборат) нарсаларга шифо ва мўминларга Ҳидоят ва Раҳмат (яъни, Қуръон) келди». (Юнуссураси, 57-оят).
Қуръони Карим тўла ҳолида ҳам, унинг ҳар бир ояти ҳам барча инсонлар учун Илоҳий Баёнотдир. Уларнинг орасидаги тақводор зотлар учун эса, ушбу Китоб Ҳидоят ва панд-насиҳатдир. Яъни, эҳтимол, ҳамма ҳам Қуръонга Каломуллоҳ деб иймон келтирмас ё унинг кўрсатмаларига амал қилмас ёки унинг маъноларини билмас. Энди бу “узрлар”нинг биронтаси ҳам унга фойда бермайди. Чунки Оллоҳ таоло одамларга Ўз Баёнотини тўла эълон қилди - уларга Ўз Каломини Қуръонни нозил қилди, унинг оятларида нимага ишонишлари кераклигини, нима қилишлари ва нима қилмасликлари кераклигини, кимдан қўрқишлари кераклигини очиқ-равшан баён ҳам қилди. Бас, биз билмаймиз дейишларига ўрин қолмади. Ким бу Илоҳий Ҳужжатга амал қилмаса, унга қарши турса, бу ўша кимсанинг айбидир, балки жиноятидир. Чунки Оллоҳ берган умрни яшаб, У берган ризқни еб, Унинг берган саноқсиз неъматларидан фойдаланиб туриб, Унинг Сўзига итоат этмаслик энг катта жиноятдир, бас, бу жиноят-нинг жазоси ҳам ўзига яраша каттадир, яъни, дўзахдаги мангу азобдир.
Энди ана ўша Қуръон, унинг ҳар бир ояти Оллоҳдан қўрқадиган ин-сонлар учун Тўғри Йўл ва панд-насиҳатдир. Яъни, Қуръони Азимдан ҳар икки дунёда том маънода фойдаланиш учун одам бўлишнинг ўзи, ақлли бўлишнинг ўзи етарли эмас, бунинг учун тоза, покиза, парҳезкор, бошқача айтганда, Ёлғиз Оллоҳдан қўрқадиган тақводор инсон бўлиш керак. Қуръон тақводорлар учун Ҳидоятдир. Қуръони Каримнинг иккинчи сифати, унинг оятлари қалблардаги жаҳолат, шак-шубҳа, нифоқ, куфр, бузуқ эътиқод ва бузуқ хулқлар каби энг бедаво дардларга шифодир.
Демак, инсон токи иймон келтириб, Каломуллоҳни ўрганиб, унинг кўрсатмаларига амал қилмас экан, мазкур дардлар уни дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳалок қилади.
«Биз Куръондан бир (оятларни) нозил қилурмизки, у (оятлар) мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлур, золим-кофир кимсаларга эса, фақат зиённи зиёда қилур». (Ал-Исро сураси, 82-оят).
Дарҳақиқат, Қуръони Азим мўминлар учун тўласича шифо ва буюк Илоҳий Раҳмат - Марҳаматдир, Унинг оятлари энг аввало қалблардаги жаҳолат ва шак-шубҳа иллатларини даволайди, қалбни қоплаб олган нодонлик пардасини очиб, Оллоҳ таолонинг Қудратига далолат қиладиган мўъжизаларни кўрадиган қилиб қўяди. Шунингдек, Қуръон оятлари жисмоний дардлар учун ҳам тенги йўқ малҳам ва даводир. Қуръонда ушбу оятдан ташқари Тавба сурасининг 14-оятида, Шуаро сурасининг 80-оятида, Юнус сурасининг 57-оятида, Наҳл сурасининг 69-оятида ва Фуссиллат сурасининг 44-оятида руҳоний ва жисмоний шифо ҳақида зикр қилингани боис, “Танвийрул-азҳон” тафсирида мазкур олти оят шифо оятлари эканлиги таъкидланади. Қуръон тенгсиз Илоҳий Мўъжиза эканлигига далолат қиладиган аломатлардан бири шуки, ушбу Азиз Китоб оятлари икки хил инсонга икки хил таъсир қилади: мўмин уни ўқиган сари дардларига шифо топиб фойдаланса, кофир эса, унинг оятларини ёлғон деган сари адашиб, Қуръон унга фақат зиённи зиёда қилади.
Ўрганаётганимиз ояти карима сўнггидаги иймон келтирмаган кимса-лар ҳақида айтилган «Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кимсалар (кабидирлар)», жумласини бизга мана бу ояти карима жуда гўзал тафсир қилиб беради: «Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ). (Бақара сураси, 171-оят).
«Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар».
Ушбу ояти каримада тинглаб туриб Ҳақни эшитмайдиган, билиб туриб Ҳақни айтмайдиган, қараб туриб Ҳақни кўрмайдиган динсиз кимсалар чўпоннинг овоз ва қийқириғини эшитадиган, аммо нима деяётганини, тушунмайдиган ақлсиз, қаёққа қараб ҳайдалса, ўша ёққа қараб кетаверадиган подага ўхшатилмоқда. Аммо жуда ўхшатиб ўхшатилмоқда! Уларнинг ҳолларини тасвирлашда бундан аниқроқ ташбеҳ қилишнинг имкони йўқдир. Ахир ҳамма нарсада жуда яхши ишлайдиган қулоқ-тил-кўзлари Динга даъват қилинганларида бирдан ишламай қолса, ҳамма нарсада жуда ўткир бўлган ақллари ҳам Ҳаққа чақирилганларида бирдан ишламай қолса, уларни ақлсиз ҳайвонлар демай, ақлли инсонлар дейиш мумкинми?! Дунёвий ишларни яхши билмаслик, тушунмасликнинг, бошқача айтганда, дунёдан мол-давлат билан мартабаларга эришмасдан ўтиб кетишнинг зиёни камдир, чунки уни ўнгласа бўлади, агар ўнглай олмаса ҳам зиёни камдир, чунки у мана шу тўрт кунлик дунёнинг зиёнидир. Аммо Охират иши бўлган Динда зиёнкор бўлиш, яъни, Ҳақ Динга кирмасликдан, мусулмон бўлмаслиқцан кўриладиган зиён кейин ҳеч қачон ўнглаб бўлмас зиёндирки, бунга рози бўлган кимсани ақлли деб бўлмас. “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англай олмайдилар, кўзлари бор-у кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмлиқца чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир.” (Аъроф сураси, 179-оят).
45. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб - Таврот ато этганимизда, у (Таврот) ҳақида ҳам (худди Қуръон ҳақида ихтилоф қилинганидек) ихтилоф қилинган эди. Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб Қиёмат Куни бўлиши хусусидаги) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, уларга иймонсизликлари учун дарҳол жазо берилган бўлур эди). Ҳақиқатан ҳам улар (Қуръон) ҳақида шубҳа-гумондадирлар.
Ушбу ояти карима ҳам Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва сал-ламга нозил бўлаётган Қуръон оятларига шак-шубҳа билан қарайдиган, у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ишонмай, Оллоҳтаоло нозил қилган оятлар устидан кулаётган Макка мушрикларига огоҳлантириш ва уларнинг иймонсизликларидан азият чекаётган Пайғамбар алайҳис-са-ломга таскин-тасаллийдир.
Жаноби Ҳақ Мусо алайҳис-саломга Таврот нозил қилганида унинг қавми ҳам бу Илоҳий Калом ҳақида талашиб-тортишиб, айримлари унга иймон келтирган бўлсалар, кўпчилик ундан юз ўгиргани ҳақида хабар бериш билан Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингиз Макка мушрикларининг Қуръон ҳақида талашиб-тортишаётганларига парво қилманг ва худди Мусо ўз қавми уни ёлғончи қил-ганларида сабр қилганидек, Сиз ҳам то Оллоҳ таоло ваъда қилган нусрат - ғалаба вақти келгунича мушриклар Сизни ёлғончи қилаётганларига сабр қилинг! Агар Парвардигорингиз Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли кофирларни жазолашни ва мўминларни мукофотлашни Қиёмат Кунига қолдириш ҳақида Ўз Сўзини айтмаганида эди, албатта уларнинг ўртасида дарҳол ҳукм чиқарилиб, Ҳақ Йўлдаги мўминларни ғолиб, кофирларни эса мағлуб қилиб қўйган бўлар эди. Дарҳақиқат, Мак-ка кофирлари Қуръон ҳақиқатан Каломуллоҳми ё йўқми, деб қаттиқ шак-шубҳададирлар”.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динларга бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг усти-дан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қилиниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин тасаллий беради.
Уламолар: “Ояти каримада сўз фақат мўминлар билан кофирлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида эмас, балки уммати Исломдаги Қуръон ва Суннатга оғишмай амал қиладиган мусулмонлар билан Динга бидъат-хурофотларни аралаштириб Исломни ёмонотлиқ қиладиган кимсалар ўртасида бўладиган ихтилофлар ҳақида ҳамдир”, дейдилар. Мусулмонлар ўртасида ҳам турли ихтилофлар бўлиши мумкинлиги ва бундай ҳолатларда мусулмонлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ҳақида Ирбоз ибн Сория розияллоху анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда айтилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай таъсирли мавъиза қилдиларки, ундан таъсирланган кўзлар йиғлади, қалбларга қўрқув тушди. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, бу мавъизангиз гўё видолашаётган инсонларнинг сўзига ўхшаяпти. Бизларга қандай васиятингиз бор?” деб сўраган эди, у зоти бобаракот: “Мен сизларга Ёлғиз Оллоҳдан қўрқишни ва гарчи устингизга қул амир қилиб сайланадиган бўлса ҳам, унга қулоқ солиб, итоат қилишларингизни васият қиламан. Албатта сизлар мендан кейин кўп ихтилофларни кўришингиз аниқдир. Ана ўшанда барчангиз менинг суннатимни ва Тўғри Йўлда барқарор бўлган халифа-ўринбосарларимнинг (яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анхумнинг) суннатларини маҳкам ушланглар ва озиқ тишла-рингиз билан маҳкам тишланглар - ҳеч қачон у суннатлардан ажраманглар”, дедилар. (АбуДовуд ривояти).
46. Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир. Ким ёмонлик қилса, ўз зиёнига қилур.
Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир.
Яъни, кимда ким ҳаёти дунёда Оллоҳ таолога куфр келтирадиган бўлса, унинг кофирлиги бошқа бировнинг эмас, фақат ўзининг зиёнига бўлади, яъни, унинг дўзахга тушишига сабаб бўлади ва ким иймон келтириб, солиҳ - Оллоҳ ва Унинг Расули буюрган амалларни қилса, бас, бундай мўминларнинг амаллари ҳам ўзлари учун бўлиб, улар бу тоат-ибодатлари билан ўзларига жаннатдан жой ҳозирлайдилар.
«Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир».
Муслим Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло айтур: “Эй бандаларим, албатта Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром қилдим, бас, бир-бирларингизга зулм қилманглар... Эй бандаларим, албатта Мен сизларнинг амалларин-гизни улар қандай бўлса, ўша ҳолида ҳисоблаб - ёзиб қўюрман. Бас, ким (номайи аъмолида) яхши амалларни топса, Оллоҳга шукр қилсин ва ким бошқасини (яъни, ёмон-гуноҳ амалларини) топса, фақат ўзини маломат қилсин!”
47-48. (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши) ҳақидаги билим Ёлғиз Унинг Ўзига қайтарилур (яъни, Қиёмат қачон бўлиши ҳақида сўралган киши «Уни Ёлғиз Оллоҳ билади», дейиши лозимдир). Меваларнинг ўз гулкосаларидан чиқиши ҳам, ҳар бир аёлнинг (урғочи жинснинг) ҳомила олиб, кўз ёриши ҳам албатта Унинг Илми билан бўлур. У Зот (муш-рикларга): «Менинг «шерикларим» қани?!», деб нидо қиладиган Кун-да улар: «Бизлар Сенга билдирдик, орамизда (Сенинг «шерикларинг» борлигига) биронта ҳам гувоҳ йўқдир», дедилар. Ва (мушриклар) ил-гари (ҳаёти дунёда) дуо-илтижо қилиб ўтган бутлари улардан ғойиб бўлди. Улар ўзлари учун (Оллоҳнинг азобидан) қочадиган бирон жой йўқ эканлигига ишондилар.
«(Қиёмат) Соати (қачон бўлиши) ҳақидаги билим Ёлғиз Оллоҳга қайтарилур».
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли ана ўша Соатнинг қачон келишини бандалари учун сир қилиб қўйди. Албатта мўмин-лар Оллоҳтаоло хоҳлаган соатда ўша Соат келишига иймон келтирадилар ва имкониятлари қадар ўша Соатдаги ҳисоб-китоб учун тайёргарлик кўриб, яъни, солиҳ амаллар қилиб, гуноҳлардан четланиб яшайдилар. Ко-фирлар эса - «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтингларчи) ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлан-тиргувчидирман, холос”. (Мулк сураси, 25-26-оятлар).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин экани ҳақида кўп бор огоҳлантирганлар: Бухорий, Муслим ва Термизий Анас розияллоху анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Мен ўзим билан Соат мана бу иккиси каби бўлганида пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини жуфт қилиб кўрсатдилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Қиёмат Соатининг қандай келиши ҳамда у Кун келганида одамлар қай ҳолатда қолишлари ҳақида ҳам хабар бердилар: Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “То қуёш кунботар тарафдан чиқмагунича Қиёмат Соати қойим бўлмайди. Бас, қачон қуёш кунботар тарафдан чиққанида уни кўрган барча одам иймон келтиради. Аммо илгари иймон келтирмаган ёки мўмин ҳолда яхши амал қилмаган кимсаларнинг ўша Куни келтирган иймонларининг фойдаси йўқдир.
Қиёмат Соати икки киши ўрталарига газмолларини ёйиб турган ҳолларида уни савдосини битирмасларидан ёки йиғиштириб олишга улгурмасларидан келиб қолади!
Қиёмат Соати қўйини соғиб олган киши ўша сутни ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши ҳовузини суваб унга сув тўлдирган ҳолида ўша сувдан ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши таомини оғзига олиб борган ҳолида уни ейишга улгурмасидан келиб қолади”, дедилар.
Аммо Оллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси ва сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у Соатнинг қачон келишини аниқ айтмадилар, чунки “(Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим фақатгина Оллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар”. (Аъроф сураси, 187-оят).
Яъни, Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум эмаслигини билмайдилар ёки у Соат қачон қойим бўлишини билмаслик бандалар учун яхшилик эканини билмайдилар ёхуд умуман Қиёмат қойим бўлишини билмайдилар - ишонмайдилар.
Шунингдек, гуллаган дарахт шохларидаги гулкосалардан қачон ва қай тарзда мевалар чиқиши ҳам, ғунча қачон очилиб гулга айланиши ҳам, она қорнидаги ҳомила қандай пайдо бўлиб, қачон дунёга келиши ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига аёндир. Яъни, инсонлар худди Қиёмат қачон қоим бўлишини билмаганларидек, мазкур ҳодисаларни ҳам қачон ва қай тарзда дунёга келишини аниқ билмайдилар.
Бу мазмун мана бу ояти каримада аниқ баён қилингандир: «Ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, умри узунми-қисқами, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми, бахтлими-бахтсизми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам Ёлғиз Оллоҳ билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир». (Раъд сураси, 8-оят).
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада Ўзининг ҳар бир она бачадонида пайдо бўлган ҳомилани ҳам билишини, унинг қандай пайдо бўлганини, қандай ривожланишини, она қорнида қанча муддат туришини - ўлик ёки чала, ногирон ҳолда дунёга келадими ёки ўз вақтида, соғлом ва бенуқсон ҳолда туғиладими ёхуд ҳомила муддати чўзилиб кетадими, у ўғилми-қизми, ёлғизми-эгизакми , умри узунми-қисқами, чиройлими-хунукми, ҳатто бахтли, яъни, жаннатими ёки бахтсиз, яъни, дўзахими эканигача барча-барчасини жуда яхши билишини айтади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “У сизларни она-ларингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!” (Зумар сураси, 6-оят).
Она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса, унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир. Ҳомиланинг она бачадонидаги ривожланиш жараёнини - тиббиёт фанида ҳали ҳанузгача аниқ маълум бўлмаган бу жараённи ўн тўрт аср муқаддам муфассал баён қилиб берган Қуръони Азим дарҳақиқат Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир.
«У Зот (мушрикларга): «Менинг «шерикларим» қани?!», деб нидо қиладиган Кунда улар: «Бизлар Сенга билдирдик, орамизда (Сенинг «шерикларинг» борлигига) биронта ҳам гувоҳ йўқдир», дедилар. Ва (мушриклар) илгари (ҳаёти дунёда) дуо-илтижо қилиб ўтган бутлари улардан ғойиб бўлди. Улар ўзлари учун (Оллоҳнинг азобидан) қочадиган бирон жой йўқ эканлигига ишондилар».
Ушбу оятларнинг мазмуни Анъом сурасида яна ҳам аниқроқ ва батафсилроқ баён қилинган: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда, ёлғиз- ёлғиз келдингиз. Биз сизларга берган нарсаларимизни (яъни, мақтанадиган мол-дунё-ларингизни) ортингизда қолдирибсиз. Сизлар билан бирга ўзингизча Оллоҳга шерик деб гумон қилган - қўлловчиларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Ўрталарингиз узилиб қолибди. Ишониб юрган нарсаларингиз - бутларингиз сизлардан йўқ бўлибди!» (Анъом сураси, 94-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таолонинг Қиёмат Кунида кофирларга айтадиган Сўзидир. У Куннинг келиши ҳам, бу Сўзнинг айтилиши ҳам жуда аниқ бўлгани учун ўтган замон феълида айтилди. Яъни, эй куфр аҳли, “мана” Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда - ёлғиз-ёлғиз, яланғоч, ялангоёқ, онадан туғилгандек ҳолатда келдингиз. Биз сизларга берган мол-дунёни, хотинларингизни, болала-рингизни, хизматкорларингизни ҳаммасини ташлаб келибсиз, улардан биронтаси сизларга ҳамроҳ бўла олмай қолишаверибди. Ёнларингизда кўлловчиларингиз - бутларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Улар қаёқда қолишди?! Ахир сизлар: “Бут-санамларимиз Оллоҳнинг шериклари,улар Оллоҳ ҳузурида бизларни шафоат қилиб кўллайдилар”, деб даъво қилар эдинглар-ку! Ўрталарингиз узилиб қолибди-ку! Ишониб юрган бутларингиз сизлар уларнинг ёрдамига роса муҳтож бўлган вақтингизда ғойиб бўлиб қолишибди-ку!”. Ана ўшанда мушрик-кофир кимсалар дўзах азобини ўз кўзлари билан кўришгач, ҳаёти дунёда сиғинган барча бут-санамларидан тонишиб: «Бизлар Сенга билдирдик, орамизда (Сенинг «шерикларинг» борлигига) биронта ҳам гувоҳ йўқдир», дедилар. Ва (мушриклар) илгари (ҳаёти дунёда) дуо-илтижо қилиб ўтган бутлари улардан ғойиб бўлди. Улар ўзлари учун (Оллоҳнинг азобидан) қочадиган бирон жой йўқ эканлигига ишондилар».
49. Инсон (ўзи учун) яхшилик (мулку давлат, бахт-саодат) тилашдан зерикмас. Агар унга ёмонлик (камбағаллик, бахтсизлик) етиб қолса эса у бутунлай ноумид, тушкунликка тушгувчидир.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, бу ўринда сўз динсиз иймонсиз инсонлар ҳақида боради. Чунки иймонли инсон Оллоҳ таоло унга неъмат ато этса, шукр қилади, агар у бандасини синаш учун ёки унинг ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ато этган неъматини олиб қўядиган бўлса, сабр қилади, ноумидликка тушмайди.
Мусулмон инсон қандай неъматга эришса, унинг Оллоҳ таоло ато этган неъмат эканини билади. Шунинг учун қўлидан бирон неъмат чиқиб кетганида ҳам умидсизликка тушмай сабр қилади ва Яратгандан аввалгидан яхшироқ неъматлар ато этишини сўраб дуо-илтижо қилади. Мў-минлар қўлларидан бирон неъмат кетса шундай дейдилар: “Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан яхширогини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчидирмиз”. (Калам сураси, 32-оят).
“Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).
50. Қасамки, агар унга бало-кулфат етганидан сўнг Биз унга Ўз томонимиздан бўлган Марҳаматни тотдирсак, албатта у: «Бу ёлғиз ўзимнинг (донолигим ва саъй-ҳаракатим билан бўлди). Мен (Қиёмат) Соати қойим бўлишига ишонмайман. Қасамки, агар (мабодо Қиёмат қойим бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат - жаннат) бўлур», дер. Бас, (ана ўша ўзлари иймон келтирмаган ва яхши амал қилмаган ҳолларида жаннатдан хомтамаъ бўлиб юрган кимсалар билсинларки), албатта Биз кофир бўлган кимсаларга қилган амалларининг хаба-рини берурмиз ва албатта уларга қаттиқ азобдан тотдирурмиз.
Яъни, агар Биз кофир кимсага касаллик, камбағаллик, қийинчилик, нотинчлик каби бирон бало-мусибат етганидан кейин Ўз томонимиздан соғлик, бойлик, кенгчилик ва тинчлик каби неъматларни тоттириб кўйсак, у албатта ўзидан кетиб: “Бўлди, мени хафа қиладиган ёмонликларнинг ҳаммаси мендан бутунлай нари кетди, энди улар ҳеч қачон қайтиб келмайди”, дея бошлайди. Иймонсизлиги туфайли балоларни кетказувчи неъматлар ато этгувчи Ёлғиз Оллоҳ таоло экани ҳақида ўйламайди ҳам.
Ҳақиқатан у димоғдор, мақтанчоқдир. Бас, бундай кимсалар бошларига бирон мусибат-бало етса сабр қилиш ўрнига дод-вой қиладилар, Оллоҳ таоло уларга кенгчилик, ноз-неъматлар ато этганида эса, У Зотга шукроналар айтиш ва бу неъматларнинг ҳаққини адо қилиш ўрнига кеккайиб, бошқалардан ўзларини юқори олиб, мақтанчоқлик қилишга тушадилар. Ундай кимсалар Оллоҳ таоло синов учун ато этган неъматларни «Буларнинг ҳаммаси менинг ўзимники, бу менинг ҳаққим, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмайди», деб, куни кеча қандай аҳволда бўлганини бутунлай унутади, эртага ҳам худди шундай ҳолатда бўламан деб даъво қилади. Энг ёмони, кофир кимса Киёмат Кунига ишонмайди, у Кунда албатта Оллоҳ таоло томонидан ҳисоб-китоб қилиниб, ҳаёти дунёда қилган ҳар бир амали учун жавоб беришига иймон келтирмайди ва: «Мен (Қиёмат) Соати қойим бўлишига ишонмайман. Қасамки, агар (мабодо Қиёмат қойим бўлиб), мен Парвардигоримга қайтарилсам, ҳеч шак-шубҳасиз, Унинг даргоҳида ҳам мен учун гўзал (оқибат - жаннат) бўлур», дер». У ўзини Қиёмат Соатидан, у Кунда бўладиган ҳисоб-китобдан огоҳлантирган инсонга: «Мен, эй биродар, қачондир ўша сен тинмай такрорлайдиган ҳисоб-китоб соати келишига ҳам ҳеч ишона олмайман. Қасам ичиб айтаманки, агар фаразан ўша сен айтган Қиёмат қойим бўлиб, мен ҳам қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилиниш учун Роббим ҳузурига қайтарилган тақ-диримда ҳам, ҳеч шак-шубҳасиз, ўша жойда ҳам мана бу боғларимдан-да яхшироқ боғ-роғ ва мулку-давлатга эга бўлурман, чунки Роббим менга мана бу молу мулкни мени яхши кўргани учун берди, демак, у дунёда ҳам мени хор қилиб қўймаслиги аниқдир”, деб алжирар. «Бас, (ана ўша ўзлари иймон келтирмаган ва яхши амал қилмаган ҳолларида жаннатдан хомтамаъ бўлиб юрган кимсалар билсинларки), албатта Биз кофир бўлган кимсаларга қилган амалларининг хабарини берурмиз ва албатта уларга қаттиқ азобдан тотдирурмиз».
51. Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: «Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур. Энди қачонки Биз ундан зиён-мусибатини кетказсак, гўё (ҳеч қачон) ўзига етган бало-мусибатдан Бизга дуо-илтижо қилмагандек (юз ўгириб) кетур. Исрофгар кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб қўйилди. (Юнус сураси, 12-оят).
Ушбу ояти карима мазмунан юқоридаги оятнинг давомидир. У оятда кофирларнинг Оллоҳ таолодан азоб сўрашлари: “Ё Оллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлса, бошимизга осмондан тош ёғдирган”, деган каби сўзларни айтишлари зикр қилингач, бу оятда улар бундай сўзларни фақат одамларни алдаб, ўзларини гўё ҳеч нарсадан қўрқмайдигандек кўрсатиш учун айтишлари, аслида эса улар ўта ожиз кимсалар эканлиги, агар бошларига андак ташвиш тушадиган бўлса, бирон дардга йўлиқсалар ё йўқчиликка дучор бўлсалар, ҳатто ишлари юришмай қоладиган бўлса ҳам, Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қолишлари, ўтиришга ҳам кучи етмай қолганлари ётган жойида, тура олмай қолганлари ўтирган жойида, юра олмай қолганлари турган жойида У Зотга чин ихлос билан дуо-илтижо қилиб қолишлари, аммо агар дуолари мустажоб бўлиб, Оллоҳ таолонинг раҳми келиб, бошларидаги балони аритганида эса, кечаги кунлари тамоман эсларидан чиқиб, гўё ҳеч қачон Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб дуолар қилмагандек яна аввалги динсизликларига қайтиб, ўз ҳадларини билмасдан катта гапириб, гуноҳ-маъсиятларга муккадан кетиб юраверишлари ҳақида хабар берилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.” (Фуссилат сураси, 51-оят).
Ҳақ таоло бундай кимсаларни мусриф-исрофгарлар, яъни, нарсаларни ўз ўрнига қўймасдан - Оллоҳ таоло берган куч-қувват ва имкониятла-рини илм-маърифат ҳосил қилишга, солиҳ амалларга сарф қилмасдан, ҳадларидан ошиб, нолойиқ, гуноҳ ишларга ишлатиб, исроф қилган кимсалар деб атайди ва бундай исрофгарларга қилган ёмон-хунук ишлари чиройли бўлиб кўриниши, улар ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам ёмонлик қила туриб мен яхши иш қиляпман деб ўйлайдиган бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантиради.
Уламолар: “Ушбу оятда нафақат кофир кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги бошларига мусибат-ташвиш тушганида тоат-ибодат қилиб қоладиган, ишлари юришиб кетганида эса Оллоҳни “унутиб”, худди динсизлардек умрларини исроф қиладиган кимсалар учун ҳам огоҳлантиришдир”, дейдилар.
Ояти карима тафсирида келган мана бу ҳадиси шариф ҳам биз учун ўзига хос бир огоҳлантиришдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бошига қаттиқчилик, мусибат тушган пайтида Оллоҳтаоло дуоларини мустажоб қилишини яхши кўрса, у кенгчилик кунларида ҳам дуо-илтижони кўп қилсин!”. (Термизий ривояти).
52. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар (Қуръон) ҳақиқатан ҳам Оллоҳ ҳузуридан (нозил қилинган) бўлса-ю, сўнгра сизлар унга кофир бўлсангизлар, ким (сизлар каби) мангу ихтилофда бўлган кимсалардан ҳам йўлдан озганроқ бўлур?!»
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингиздаги Қуръонни ёлғон деб, Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизни инкор қилаётган мушрик-кофир кимсаларга айтинг: «Агар ушбу Қуръон Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил қилинган Ҳақ Каломуллоҳ бўлса-ю, кейин сизлар уни ёлғон десан-гизлар, қабул қилмасангизлар ва ундаги ҳукмларга амал қилмасангизлар, у ҳолда айтинглар-чи, сизлар ким бўласизлар?! Оллоҳ ва Унинг Ҳақ Китобини душманлари бўлиб қолмайсизларми?! Ўз тилларингизда нозил бўлган, сизлар бошқа миллатларга нисбатан осон ва аниқ тушунишларингиз лозим бўлган Китобга қаршилик қилишларингиз билан, тинмай талашиб-тортишишларингиз билан Ҳақиқатни топа олмай мангу ихтилофда бўлган кимсалардан ҳам йўлдан озганроқ қавм бўлиб қолмайсизларми?!»
53. Токи (мушрикларга) унинг (яъни, ушбу Қуръоннинг ростдан ҳам Оллоҳ томонидан нозил қилинган) Ҳақ (Китоб) эканлиги аниқ маълум бўлгунича албатта Биз уларга атроф-офоқдаги ва ўз вужудларидаги (Бизнинг Борлигимиз ва Қудратимизга далолат қиладиган) оят-аломатларимизни кўрсатаверамиз. Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни, Оллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб олиб, Ўз Ҳукмини баён қилаётгани Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизни исботлаш учун) етарли эмасми?!
Сурайи кариманингушбу сўнгги оятлари нафақат Макка мушриклари, балки дунёдаги жамийки мушрик-кофир - динсиз кимсаларга қаратилган бўлиб, Ҳақ таоло уларга Ўзининг Ҳақ Оллоҳ эканини, Қуръоннинг Ҳақ Ка-ломуллоҳ эканини, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Расулуллоҳ эканликларини аниқ-тиниқ кўрсатиб қўйиш учун уфқ-нинг ҳамма томонларида, яъни, ўтмишда ва келажакда, осмонлар-у Ерда ва уларда мавжуд бўлган ҳар бир жонли-ю жонсиз нарсада, ҳатто ҳар бир инсоннинг вужудида мавжуд бўлган ва бўладиган шундай оят-аломатларни - воқеа-ҳодисаларни, бало-офатларни, қирғин-у ҳалокатларни вақтвақти билан, жой-жойи билан Қуръонда қандай хабар берилган бўлса худди шундай тарзда пайдо қилиб ва бу воқеа ҳодисаларга ўша жой, ўша замондаги одамлрнинг ўзларини гувоҳ қилиб боравериши ҳақида хабар беради-да, сўнгра: «Ахир (уларга) Парвардигорингизнинг барча нарсага гувоҳ экани (яъни, Оллоҳ таоло ушбу Қуръонда коинотдаги барча нарсани қамраб олиб, Ўз Ҳукмини баён қилаётгани Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизни исботлаш учун) етарли эмасми?!», деб сўрайди.
Ояти каримадаги «оят-аломатлар» ҳақида бошқа сураларда ҳам хабар берилган: «(Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-дараларда, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ҳамда ўз-ларингизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиз-даги ҳар бир аъзойингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар но-зик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб бори-шида) ишонгувчи зотлар учун (Оллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!» (Ваз-зариёт сура-си, 20-21-оятлар).
54. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, албатта улар Парвардигор-ларига рўбарў бўлишдан шак-шубҳададирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта У Зот барча нарсани Иҳота қилгувчидир.
Яъни, эй Қуръон ўқувчи инсон, билгилки, Қурайш кофирлари ҳам, ҳамма замон ва маконлардаги мушрик-кофир кимсалар ҳам Ҳақ Сўзни қабул қилмасликларига, Ҳақ Йўлга юрмасликларига, Ҳақ Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга иймон келтирмасликларига сабаб, уларнинг ўлгандан кейин қайта тирилишга, Парвардигор хузурида ҳар бир иш-амали учун ҳисоб-китоб қилинишга ва мўминлар жаннат билан мукофотланишларига, кофирлар дўзах билан жазоланиши-га ишонмасликларидир. Сен огоҳ бўлгинки, албатта ОллоҳЎз Илми билан жамийки тақдир қилиб-белгилаб қўйилган нарсаларни билиб - қамраб олган Зотдир. Барча махлуқот - мавжудот Унинг Қабзасидадир ва Унинг кўз ўнгидадир, уларнинг барчасини Ёлғиз У Ўз Ҳикмати билан тасарруф қилгувчидир ва Охират диёрида ана ўша кофирлар шак-шубҳа билан қараб ишонмаётган Қиёмат Кунида албатта ҳар бир инсонга жазо ва мукофот бергувчидир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва мадади билан Фуссилат сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.