Ушбу сурайи карима эллик тўрт оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган.
Сура осмонлар ва Ерни яратган, дунё ва Охиратнинг Ёлғиз Подшоҳи бўлган Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошланиб, сўнгра У Зотнинг Еру осмондаги барча сирру-асрордан Огоҳ экани, бинобарин Қиёмат Кунида бу дунёда қилиб ўтилган ҳар бир зарра яхшилик ва ёмонликнинг мукофот - жазосини бериши ҳақида хабар берилади ва бу дунёда одамларни Ҳақ Йўлидан оздириб ботил йўлларга бошлаган кимсалар у дунёдаги даҳшатли азоб олдида уларга эргашган кишиларнинг гуноҳларини бўйинларига олмасликлари таъкидланади. Бу сурада Оллоҳ таоло ато этган неъматларга шукр қилиб, У Зотга сидқидилдан бандалик қилган Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг қиссалари ҳам зикр қилинади. Шунингдек, ушбу сурайи каримада Яман мамлакатида ўтган, Оллоҳ ато этган ноз-неъматларга ношукурлик қилганлари оқибатида Яратганнинг ғазабига учраб, у неъматлардан маҳрум бўлган «Сабаъ» қабиласи ҳақида ҳам ҳикоя қилинадики, суранинг «Сабаъ» деб аталишига сабаб шудир.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1. (Барча) ҳамду сано Оллоҳ учундир. У шундай Зотки, осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. Охиратда ҳам ҳамду сано Ёлғиз Унинг учундир. У Ҳикмат Эгасидир, (барча нарсадан) Огоҳдир.
Албатта, ҳеч шак-шубҳа йўқки, дунёда ҳам, Охиратда ҳам барча ҳамду санонинг Эгаси, бор мақтов-олқишларга мустаҳиқ бўлган Зот Танҳо Оллоҳ таолодир. Чунки бутун борлиқни - осмонларни ҳам, Ерни ҳам, ундаги барча жонли-жонсиз мавжудотни ҳам, жумладан, одамзотни ҳам Ёлғиз Унинг Ўзи яратди - йўқдан бор қилди. Демак, бутун борлиқ Ёлғиз Унинг мулкидир, Ёлғиз Унинг тасарруфидадир, бас, барча ҳамду сано ва шукроналар ҳам фақат Унга айтилиши вожибдир. Бинобарин, биз бандалар ушбу Ҳақиқатни бирон лаҳза ёдимиздан чиқармай доимо - тилимизда ҳам, дилимизда ҳам, қиладиган ҳар бир иш-амалимизда ҳам Яратган Эгамизга, бизларга ҳаёт ато этган, беҳисоб неъматлар бериб, Ўзининг Тўғри Йўлига Ҳидоят қилган Меҳрибон Парвардигоримизга ҳамду санолар ай-тишимиз зиммамиздаги энг биринчи бурчимиздир.
“Охиратда хдм ҳамду сано Ёлғиз Унинг учундир”.
Чунки мўмин бандаларига жаннатларни ва улардаги кўз кўрмаган, кулоқ эшитмаган ва ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган неъматларни, яъни, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган мангу саодатли ҳаётни ато этгувчи Унинг Ўзидир. Бас, Охират диёридаги ана ўша бахтли ҳаётга - Оллоҳ таолонинг Раҳматига - жаннатига эришиш учун инсон ҳаёти дунёда У Зотга бир умр ҳам лафзий, ҳам амалий ҳамду санолар айтиши лозим. Унинг лафзий ҳамди алҳамдулиллоҳ дейиш бўлса, амалий ҳамди Оллоҳ таоло буюрган амалларни чин ихлос билан адо этишидир.
Зотан, ҳар бир буюрилган амал-ибодатнинг зимнида Яратганга ҳамду санолар бор. Масалан, ҳар бир мусулмон ҳар куни беш маҳал адо этиши фарз бўлган намоз ибодатини олсак, “Оллоҳу Акбар” деб намозга кири-шимиз билан “Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика - Оллоҳим, Сен ҳар қандай айбу нуқсондан Поксан, Ўзингга ҳамд бўлсин” деб У Зотга санолар айтамиз ва “Алҳамдулиллаҳи Роббил-аламийн - бутун оламларнинг Пар-вардигори бўлмиш Оллоҳтаолога ҳамд бўлсин” деб қироатни бошлаймиз, агар жамоатда бўлсак, имом “самиаллоҳулиман ҳамидаҳ - Оллоҳ унга ҳамд айтган кишини эшитур”, дейиши билан биз “Роббана, лакал-ҳамд -Парвардигоро, Сенга ҳамду-санолар бўлсин”, деб жавоб қайтарамиз. Шунингдек, ҳар бир рукуъ ва саждада “Субҳана роббиял-азим, Субҳана роб-биял-аъло”, деб такрор-такрор Парвардигоримизни поклаб тасбеҳ айтамиз. Шундай килиб, бутун намозимизни такрор-такрор Яратганга ҳамдлар айтиш ва У Зотни улуғлаш билан адо этамиз. Лекин шуни аниқ билиб олишимиз керакки, бизнинг айтадиган ҳамду саноларимизга Оллоҳ таоло мутлақо мухтож эмасдир, балки ҳамд айтагинимиз учун ёзиладиган ажр-мукофотларга бизнингўзимиз жуда муҳтождирмиз.
Руфоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиётган эдик, у зот рукуъдан бошларини кўтарганларида “Самиаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, дедилар. Шунда орқадаги кишилардан бири: “Роббана лакал-ҳамду ҳамдан касийрон, тоййибан, муборакан фийҳ - Парвардигоро, Сенга жуда кўп пок ва муборак - баракотли ҳамдлар бўлсин”, деди. Бас, қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатганларидан кейин бурилиб: “Ҳозир сўзлаган ким эди?” деган эдилар, ҳалиги киши: “Мен”, деб жавоб берди. Пайғамбар алайҳис-салом: “Қасамки, мен ҳозир ўттиз неча фариштанинг сен айтган ҳамдни аввал ёзиб олиш учун шошилаётганларини кўрдим”, дедилар. (Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да ривоят қилган).
“У Ҳикмат Эгасидир, (барча нарсадан) Огоҳдир”.
Яъни, Ҳақ таоло яна шунинг учун ҳам ҳамд-санога мустаҳиқдирки, Унинг Сўзи - Китоби ҳам, бандаларига буюрган Шариати ҳам, ҳар бир нарса учун белгилаб қўйган қазо ва қадари ҳам мужассам Ҳикматдир. У Ўзининг барча махлуқотини тенгсиз Ҳикмат билан тасарруф қилади. У барча нарсадан Огоҳдир, нарсаларнинг сиртидан, ташқи қиёфасидан қанчалик хабардор бўлса, уларнинг ичидан, моҳиятидан ҳам баробар Хабардордир. Унинг учун махфий бўлган нарсанинг узи йўқдир ва бирон нарса Ундан яширина олмас! Шу қадарки, -
2. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазина-ю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, барча наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу РЎз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. У Меҳрибондир, Мағфират Эгасидир.
Яъни, Ҳақ таоло яна шунинг учун ҳам ҳамд-санога мустаҳиқдирки, Унга осмон ва унинг устидаги нарсалар ҳам, Ер ва унинг остидаги нарсалар ҳам жуда яхши маълумдир. Шунингдек, Яратганнинг Билгувчи Зот эканлиги фақат моддий нарсаларнинг ўзигагина тааллуқли эмасдир, балки бутун борлиқдаги барча нарсани - хоҳ у моддий нарса-жисм бўлсин, хоҳ маънавий, руҳоний, яъни, ғайри моддий нарса бўлсин - барча-барчасини Оллоҳ таоло кўриб, эшитиб, билиб тургувчидир.
У қоп-қоронғу кечада, қоп-қоронғу хонада, қоп-қора тош кавагида ўрмалаб кетаётган қоп-қора қумурсқани ҳам ўзини кўриб, сасини эшитиб тургувчи Зотдир. У ҳар бир инсоннинг очиқ-ошкора сўзлаган сўзини эшитиб-билиб тургани каби унинг яширинча-шивирлаб айтган сирларини ҳам, ҳатто ҳеч кимга айтмайдиган сирларини ҳам ва ҳатто унинг ичидаги ўзи ҳам билмайдиган сирларни ҳам жуда яхши билур. “Албатта Оллоҳ осмонлар ва Ернинг ғайбини (сирру асрорини) Билгувчидир. Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ Билгувчидир”. (Фотир сураси, 38-оят).
Бас, шундай экан, У бандаларининг қилаётган иш-амалларини ҳам хамма-ҳаммасини жуда яхши билиб туради. Инсон савоб иш қиладими ёки гуноҳми, ўша ишни ошкора қиладими ёки яширинчами, агар савоб иш бўлса, уни ҳаммага кўрсатиб ошкора қилдими ёки ҳеч кимга кўрсатмасдан яширинча қилдими, холис Оллоҳ учун қилдими ёки бирон ғараз биланми, агар гуноҳ иш қилган бўлса, уни биров кўрдими ёки ҳеч ким кўрмадими, қатъий назар, ҳамма-ҳаммасини Яратган кўриб-билиб туради, аммо У Зот бандаларига бениҳоя Меҳрибон, Кечиримли бўлгани боис ёмонларни дарҳол жазоламайди, айбларини ҳаммага ошкор этиб шарманда қилмайди, балки уларнинг тавба қилиб ўзларини ўнглашларини кутади, уларни ўша жиноятлари учун дарҳол жазолаб ҳалок қилиб юбормайди, балки жазолашни Қиёматга олиб қўйиб, уларга ўнгланиб олишлари ва ёмонликларини ювиб кетадиган яхши амаллар қилиш билан ўзла-рини оқлаб олишлари учун муҳлат беради. Чунки У Меҳрибондир, Мағфират Эгасидир. Лекин -
3. Кофир бўлган кимсалар «Бизларга (Қиёмат) Соати келмайди», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Йўқ, Ғайбни Билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисоличалик, ё ундан ҳам кичикроқ (ёки) каттароқ бирон нарса (Оллоҳ)дан махфий бўлмас - албатта очиқ Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда у) мавжуд бўлур».
Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Суфён Макка мушрикларига: “Лот ва Уззога (мушриклар сиғинадиган икки бутнинг номи) қасамки, бизга ҳеч қачон Қиёмат Соати келмайди ва биз қайта тирилмаймиз”, деганида ушбу оятлар нозил бўлди. Агар эътибор қилсак, Макка мушрикларининг мазкур оятда келтирилган сўзлари ҳамма замонлардаги динсиз -даҳрийларнинг сўзлари билан бир хилдир. Яъни, улар ҳаёти дунёдан бошқа яна бир дунё - Охират борлигига ишонмаганлари, ўлгандан кейин қайта тирилиш, Қиёмат Кунида тўпланиш, ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот борлигига иймон келтирмаганлари сабабли Оллоҳтаолонинг элчиларини ёлғончи қиладилар, улар келтирган Илоҳий ваҳий-огоҳлантиришларни инкор этадилар, айримлари Танҳо Яратгувчи борлигини инкор қилиб: “Бизлар маймундан тарқаганмиз, бизни ҳеч ким яратган эмас”, деб сафсата сотсалар, бошқалари “Сени ва дунёдаги барча нарсаларни ким яратган?”деб сўралганида: “Оллоҳ”, дейдилар-у, сўнгра ҳамма нарсани йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Оллоҳ таоло уларни ўлиб тупроққа айланганларидан кейин қайта тирилтиришга ҳам албатта Қодир эканлигини ёлғон деб, бу ҳақиқатдан жуда узоқ нарса деб тураверадилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Му-ҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у кофир кимсаларга яна бир бор Қиёмат Соати ҳеч шак-шубҳасиз келиши ва Оллоҳтаоло албатта барча инсонларни қайтадан тирилтириши тўғрисида, уларнинг катта-ми, кичикми, яхшими-ёмонми барча амалларига Унинг Ўзи Гувоҳ экани ҳақида, шунингдек, осмонлар ва Ердаги - жамийки коинотдаги ҳар бир мавжудот, у бир зарра вазничалик бўладими ёки ундан ҳам кичикроқми ё каттароқми, барча-барчаси У Зотга аниқ маълум экани, Унинг тақдир Китоби Лавҳул-Маҳфузда ёзиб қўйилгани ҳақида хабар беришни буюради.
4. Токи (Оллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун ҳам (шак-шубҳасиз, Қиёмат Соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир.
Яъни, Ҳақиқат қарор топиши ва Илоҳий Адолат юзага чиқиши учун ҳам Қиёмат Соати албатта келур ва ана ўша Кунда кимда-ким Оллоҳ таолонинг Бор ва Бирлигига ҳамда Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Ҳақ Элчиси эканликларига сидқидилдан иймон келтириб, бутун ҳаёти давомида солиҳ амаллар - Оллоҳ таоло буюрган амалларни қилар экан ва У Зот қайтарган ишларни тарк этар экан, ундай кишиларнинг йўл қўйган хато ва қилган гуноҳлари албатта кечирилур ҳамда улар учун Оллоҳ таоло бандаларига берадиган ризқларнинг энг улуғи бўлмиш жаннат ато этилур. Мазкур Улуғ Ризқ ва унинг соҳиблари бошқа бир сурада шундай таърифланади: “(У Кунда уларга айтилур): «Эй, Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган бандаларим, бу Кун сизлар учун ҳеч хавфу-хатар йўқдир ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар. Сизлар жуфти ҳалолларингиз билан бирга шод-хуррам бўлган ҳолларингизда жаннатга кирингиз!» Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар(да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар. Қилиб ўтган амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир. Сизлар учун у жойда кўплаб мева-чевалар бўлиб, сизлар улардан ерсизлар.” (Зухруф сураси, 68-73-оят).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам мўминларнинг Охиратдаги ризқлари бўлмиш жаннатни таърифлар эканлар: “У жойда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бирон инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар бўлур”, деб хабар берадилар. (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
5. Бизнинг оятларимизга қарши елиб-югуриб енгмоқчи бўлган кимсалар учун эса, аламли жазодан иборат азоб бордир.
Яъни, Бизнинг оятларимизни ёлғон деб ноҳаққа чиқаришга, Дин таълимотини рад этишга уринган, одамларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришдан тўсмоқчи бўлган ва ўзларича Бизни ожиз қолдириб, Ҳукмимиздан қутулиб кетишни ўйлаб хомтама бўлиб юрган кофир-золим кимсалар эса, шак-шубҳасиз, абадул-абад ловуллаб ёниб турадиган дўзахнинг эгаларидир - ҳеч қачон ундан қутулиб чиқа олмаслар. Ундай бадбахт кимсалар ҳақида бошқа бир оятда шундай хабар берилган: “Кофир бўлган ва (одамларни) Оллоҳ Йўлидан тўсган кимсаларга бузгунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз”. (Наҳл сураси, 88-оят). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта дўзах аҳли унинг иссиғига чидай олмай дўзахдаги саёзроқ жойга интиладилар. Бас, ўша жойга етишганида, уларни худди қора хачирлар каби улкан чаёнлар ва гўё узун бўйинли баҳайбат туялардек илонлар кутиб олиб, аёвсиз чақа бошлайдилар. Мана шу уларга азоб устига азобнинг зиёда қилинишидир!” (Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилганлар. “Тафсири Мунийр”дан).
6. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), илм ато этилган зотлар Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (Қуръон) Ҳақ эканини ва у Китоб Тўғри Йўлга - Кудратли, ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига ҳидоят қилишини кўра билурлар.
Дарҳақиқат, шундай. Ушбу ояти карима одамлар орасидаги ҳақиқий илм эгалари кимлар эканлигини аниқ белгилаб берган оятдир. Яъни, кимда-ким Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръон Ҳақ Каломуллоҳ эканлигини ва у Китоб инсониятни енгилмас Қудрат Соҳибининг, барча мақтовлар Эгасининг Ҳақ Йўлига ҳидоят қилишини кўра билса, ана ўша киши ҳақиқий илм эгасидир, бошқача айтганда, чинакам илм эгалари - улар қайси замон ва маконда яшамасинлар, қайси миллатга мансуб бўлмасинлар ва қай соҳа-нинг билимдони бўлмасинлар, агар Қуръон оятларини қунт кўйиб ўқиб-ўргансалар, албатта унинг башар сўзи эмас, балки Каломуллоҳ - Оллоҳнинг Каломи эканлигини, унда хабар берилган Қиёмат Соати албатта келишини ва у Китоб одамларни албатта Тўғри Йўлга етаклашини тан ола-дилар ва Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва Ҳидоятига лойиқ бўлганлари албатта у Китобга иймон келтириб, Дини Исломни қабул қиладилар. Албатта шундай! Алҳамдулиллоҳки, Ҳақ таолонинг ушбу Ҳақ ояти нақадар Ҳақиқат эканлиги асрлар синовидан ўтиб, хамма замонларда, бизнинг замонимизда ҳам асли-насли мусулмон бўлмаган қанчадан-қанча илм эгалари Қуръони Каримни ўрганганларидан кейин ўзларининг динларини ёки динсизликларини тарк этиб, Дини Исломни қабул қилмоқдалар, кўзлари очилиб, Ҳақнинг Сўзи Ҳақ Сўз эканлигини тан олмоқдалар!
7-8. Кофир бўлган кимсалар эса: «Сизларга (қабрларингизда чириб) титилиб бўлак-бўлак бўлиб кетган вақтингизда албатта, яна янгитдан яратилурсизлар, деб хабар берадиган бир кишини кўрсатайликми? У Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиб олдими ёки жинни бўлиб қолдими?», дедилар. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салом ёлғон тўқиб олгани ҳам, жинни бўлиб қолгани ҳам йўқ, балки) Охиратга ишонмайдиган кимса-ларнинг ўзлари азобда ва (Ҳақ Йўлдан) йироқ залолатдадирлар.
Яъни, қайта тирилишни инкор қиладиган Макка мушриклари Пай-ғамбар алайҳис-саломни масхара қилишиб бир-бирларига: “Бир одам чиқибдими, сизларга жуда ажойиб хабарлар берадиган? Хоҳласаларингиз сизларга уни кўрсатиб кўямиз. Айтармишки, сизлар ўлиб, жасадларингиз бўлак-бўлак бўлиб, чириган суяк ва тупроққа айланиб кетганларингиздан кейин яна янгидан яралиб, қайта тирилар эмишсиз! Нима бало бу унинг Оллоҳ шаънига тўқиган ёлғоними ёки ақлдан озиб қолдимикин? Шунинг учун ўйламасдан ҳар-хил сўзларни айтиб юборяптимикин?” дейишар эди. Бас, Жаноби Ҳақ у кофирларнинг Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни масхара қилиб айтган сўзларини рад этиб айтдики, йўқ, Муҳаммад алайҳис-саломда улар айтган Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш ҳам, ақлдан озиб қолиш ҳам мутлақо йўқдир, у зоти бобаракот бундай иллатлардан мутлако покдир. Аммо анави Охиратда қайта тирилиш Ҳақ экан-лигини инкор этувчи ва Оллоҳнинг Элчисини масхара қилувчи кофирлар эса, ўзлари инкор этаётган Охират диёрида албатта мангу азобга гириф-ор бўладилар, ҳаёти дунёда бўлса, улар Ҳақ Йўлдан адашиб шу қадар олисларга кетиб қолганларки, ўнгланиб Тўғри Йўлни топишлари умид ҳам қилинмайди! Маълум бўладики, ҳақиқий жиннилик улардадир. Зотан, азоб томонга қараб кетаётганидан бехабар ҳолда бутун умрини залолатда ўтказиш энг катта жинниликдир! Агар улар ўзлари даъво қилганларидек ақл эгалари бўлганларида, ёнларида туриб уларга Оллоҳ таолонинг оятларини етказаётган ва нажот Йўлини кўрсатаётган Оллоҳнинг Элчисини таниган ва у зотга итоат этиб, Ҳақ Динни қабул қилган бўлар эдилар.
9. Ахир улар олдиларидаги ва ортларидаги (яъни, чор-атрофларидаги) нарсаларга - осмону заминга боқмайдиларми?! Агар Биз хоҳ-ласак уларни Ерга ютдириб юборурмиз ёки осмонни устларига парча-парча қилиб туширурмиз. Албатта бунда ҳар бир (Оллоҳга) қайтгувчи банда учун оят-ибрат бордир.
Яъни, ҳар бир инсоф-диёнатли банда бундан ибрат олиб, Еру осмондек буюк мавжудотни яратган ва уларни Ўз Қудрати Илоҳийясига бўйин сундирган Оллоҳ таоло албатта қабрлардаги жасадларга ҳам қайта жон ато этишга Қодир эканини билиб олиши мумкиндир.
Бас, ушбу аён ҳақиқатни инкор қиладиган кимсалар кўзларини каттароқ очиб атрофларига боқсинлар ва қаерда турмасинлар, қай томонга юрмасинлар мана шу Ер ва осмоннинг ўртасида эканликларини бир ўйлаб кўрсинлар! Агар ўз ҳадларини билмасдан динсизлик, жаҳолат ва исён ботқоғига ботиб юраверсалар ва Ер-у осмон Эгасининг қаҳри келиб устларидан - осмондан ёки оёқлари остидан - Ердан бирон бало, офат юборадиган бўлса, қаёққа қочиб қутула оладилар?! Мана шу осмон остидан чиқиб кета оладиларми ёки мана шу Ердан бошқа ер топа оладиларми?! Ҳалок бўлишдан, қирилиб кетишдан бошқа чоралари қолмайдику! Бундай ҳодиса, фожеалар тарих давомида қайта-қайта содир бўлганку, қан-чадан қанча осий-кофир кимсалар Яратганнинг Қаҳрига учраб қирилиб-йўқ бўлиб кетганку! Мана Лут алайҳис-саломнинг қавми уни ёлғончи қилишиб, ўзларининг жирканч жиноятларини тўхтатмагач, Оллоҳ таоло уларнинг устига осмондан тош ёғдириб ҳалок қилиб юборди: “Ва Биз уларнинг устига бир ёмғир (яъни, тош) ёғдирдик. Бас, (азоб ҳақида) огоҳлантирилган (лекин ўзларининг нопок қилмишларидан қайтмаган) кимсаларнинг ёмғири нақадар ёмон бўлди”. (Шуаро сураси, 173 оят). Яна бир мисол: Уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло Шуайб алайҳис-саломнинг қавмини Шуайбга иймон келтиришдан бош тортишгач, аввало қаттиқ иссиқ билан ушлаган экан. Шунда улар нафаслари қайтиб уйларидан ташқарига - очиқ саҳрога чиққанларида Оллоҳтаоло уларнингустига “соябон” қилиб бир булут юборган ва улар ўша «соябон» остида тўпла-ниб турганларида осмондан олов ёғилиб барчалари тириклай ёниб кетган эканлар. “Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни «соябон» кунининг азоби ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли Куннинг азоби эди”. (Шуаро сураси, 189-оят). Ёки иймонсизлиги сабабли Ер ютиб кетган, Ер юзидаги энг бой-бадавлат кимса бўлган Қорун топган оқибатдан ибрат олиб кўзлари очилмайдими?! “Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун Оллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ёрдам олувчилардан бўлмади”. (Қасассурас, 81-оят).
Яъни, қачонки Қорун қўлидаги беҳисоб бойлигига ишониб, ҳаддидан ошиб, туғёнга тушгач, бошқа дунёпарастларга ибрат бўлсин учун Ҳақ таоло унинг жазосини мана шу дунёдаёқ берди - уни ҳамда унга қарашли бор дору-диёрини Ерга ютдириб юборди ва у нобакор ўзи учун Оллоҳнинг Ҳукми-қазосига қарши бора оладиган - унга ёрдам берадиган бирон бир жамоатни топа олмасдан тириклигича ерга кўмилиб кетаверди ва Оллоҳнинг азобидан қутулиб қолгувчилардан бўлмади.
“Тафсири Қуртубий”да ривоят қилинишича, Қорун тириклайин ерга кириб кетганича тўхтаб қолган эмас, балки у то Қиёмат қадар ҳар куни бир бўй баробар пастлаб бораверади ва қачонки Ернинг туб-тубига етиб борган кунида Исрофил сурни чалиб Қиёмат қойим бўлади.
Шундай қилиб, Жаноби Ҳақ Ўз Каломида ушбу тарихий ҳодисани эслатиш билан ҳаётини мол-дунё тўплашга сарф қиладиган ва кейин ўша бойлиги билан ғурурланиб, ўзгаларни менсимасдан кибр-ҳаво қиладиган дунё қулларини қаттиқ огоҳлантиради ва охир-оқибатда бирон кимса уларга ёрдам қўлини чўзмасдан хору забун бўлган ҳолларида ер билан битта бўлишлари аниқ эканлиги ҳақида ақлли инсонлар учун ўта ибратли мисол келтиради.
10-11-12-13-14. Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғамбарлик) ато этдик ва (дедик): «Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадо-ни), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидирман». Сулаймонга эрталаб бир ойлик, кечки пайт бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг Изни-Иродаси билан (Сулаймон) қўл остида ишлайдиган кимсаларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг Амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни - ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта) лаганларни ва (ўчоқ-ларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берурлар. (Эй) Довуд хонадони, (Оллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг) шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилгувчи (зотлар жуда) оздир. Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган Ер жонивори (ёгоч кемирувчи бир қуртгина) далолат қилди. Бас, қачонки у кулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар.
Ушбу улуғ оятларда Ҳақ таоло Ўзининг икки улуғ бандаси ва пайғамбари -аввало Довуд алайҳис-салом, сўнгра Сулаймон алайҳис-салом ҳақларида ҳикоя қилади. Айни мазмундаги оятлар Анбиё сурасида ҳам келгани боис биз ўқиб ўрганаётганимиз ушбу оятларга тафсир бўлиши учун бу ўринда ўша сурайи кариманинг 78-оятидан бошлаб, 82-оятигача тўла тафсири билан келтирамиз. “Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг)! Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга Шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик. Биз (Довуд ва Сулаймоннинг) ҳар иккисига ҳукм - пайғамбарлик ва илм ато этдик. Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтиб турадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз (Ўзимиз хоҳлаган ишни) қилгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 78-79-оятлар).
Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон пайғамбарларнинг олди-ларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд алайҳис-салом қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқаради. Буни эшит-ган ўғли Сулаймон алайҳис-салом эса «Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, орадан бир йил ўтгандан кейин, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтиб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларини ҳам ўзига олиб қолса», дейди. Шунда Довуд Сулаймонга қараб: «Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир», деб ўзи чиқарган ҳукмни бекор қилади. Чунки ҳар бир ота фарзандининг камолини кўрганида, уни ўзидан ўзиб кетганига гувоҳ бўлганида ҳеч қачон хафа бўлмайди, балки аксинча хурсанд бўлади ва Оллоҳ таолога шукр қилади. Шунинг учун ҳам Довуд алайҳис-салом ўғли Сулаймон алайҳис-салом чиқарган ҳукмни эшитгач, дарҳол ўзи чиқарган ҳукмни тўхтатиб ўғлининг ҳукмини тасдиқлади ва: “Сен тўғри ҳукмни топишга муваффақ бўлдинг. Оллоҳ фаҳмингни яна зиёда қилсин”, деб унинг ҳаққига дуо қилди. Ўшанда Сулаймон алайҳис-салом ўн бир ёшда экан. Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Сулаймон алайҳис-саломга мана шундай хуш фаҳм ато этган эди. Бунинг яна бир мисоли “Саҳи-ҳайн”да - Имом Бухорий ва Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламида Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифдир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Икки аёлнинг икки ўғилчаси бор эди. Бир куни бўри келиб, болалардан бирини олиб қочди. Шунда аёллардан бири иккинчисига: “Бўри сенинг болангни олиб кетди”, деди, иккинчиси эса: “Йўқ, сенинг болангни олиб кетди”, деб, талашиб қолдилар ва Довуд алайҳис-саломнинг олдига адолатли ҳукм чиқариб беришини сўраб бордилар. Бас, у зот болани аёлларнинг ёши каттасига ҳукм қилиб берди. Сўнгра у аёллар Сулаймон алайҳис-саломнинг олдига чиқиб, унга бўлган воқеани ва Довуд алайҳис-салом чиқарган ҳукмни айтиб беришганида, Сулаймон алайҳис-салом улар-нинг чиқарилган ҳукмдан рози эмасликларини кўриб, “Менга бир пичоқ келтиринглар, болани икковингизга тенг бўлиб берай”, деган эди, катта аёл жим тураверди, кичик аёл бўлса, “Йўқ, йўқ, Оллоҳ сенга раҳм қилсин, бола уники бўла қолсин”, деди. Шунда Сулаймон алайҳис-салом болани кичик аёлга ҳукм қилиб берди”. .
Албатта, юқоридаги экинзор масъаласида ҳам, кейинги йўқолган бола масъаласида ҳам Довуд алайҳис-салом хато ҳукм қилган эди, дейиш дуруст эмас, балки ҳар икки пайғамбарнинг хукми тўғри бўлган, фақат Сулаймон алайҳис-салом чиқарган хукм афзалроқ эди, дейиш мумкиндир. Чунки Оллоҳ таоло оят давомида: “Биз (Довуд ва Сулаймоннинг) ҳар иккисига ҳукм - пайғамбарлик ва илм ато этдик”, деб хабар беради. Қолаверса, “Сиҳоҳи ситта” - Олти саҳиҳ ҳадислар тўпламининг барчасида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоху анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон хукм чиқаргувчи ҳукм қилганида жидди жаҳд билан (яъни, бор билимини ишга солиб астойдил) ҳаракат қилса-ю, тўғри топса, унга икки ажр берилур, қачон у ҳукм қилганида жидди жаҳд билан ҳаракат қилса-ю, хато ҳукм чиқарса, унга бир ажр берилур”, деб марҳамат қилганлар.
“Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтиб турадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз (Ўзимиз хоҳлаган ишни) қилгувчидирмиз”.
Ушбу жумлалардан бошлаб, қуйида келадиган бир неча оятда Ҳақ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳис-саломга ато этган мўъжиза ва неъматларини эслатади.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Довуд алайҳис-салом тоғлардан тасбеҳ айтган ҳолда ўтса, тоғлар ҳам у билан бирга тасбеҳ айтар эдилар. Шунингдек, қушлар ҳам унинг тасбеҳига тасбеҳ билан жавоб қилар эдилар. (“Тафсири Қуртубшдан). Яна айтишларича, Довуд алайҳис-салом беназир хуш овоз соҳиби бўлиб, Забурни тиловат қилганларида самода учиб кетаётган қуш муаллақ қотиб, атрофдаги тоғлар ҳам бирга қироат қилар экан.
Абдуллоҳ Қуртубий зикр қилишича, Довуд алайсис-салом: “Мен бу кеча Оллоҳ таолога Унинг махлуқотидан биронтаси айта олмаган тасбеҳни айтурман: деган эди, шу онда унга ҳовлисидаги ариқдан бир бақа: “Сен айтадиган тасбеҳинг билан Оллоҳ таолога мақтанаяпсанми? Менинг бўлса, ёшим етмишга кириб, бирон лаҳза тилим Оллоҳнинг зикридан қуруқ бўлган эмас”, деб нидо қилди. (“Танвийрул азҳон”тафсиридан).
“Яна Биз (Довудга) сизларга (душман томондан) зиён етишидан сақлаши учун совут ясашни таълим бердик. Бас, сизлар, шукр қилурмисиз?!” (Анбиё сураси, 80-оят).
Ушбу ояти карима Довуд алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг ваҳий - таълими билан тарихда биринчи бўлиб урушда жангчиларни душман ўқи ва тиғидан ҳимоя қиладиган темир совутларни кашф қилган ва ўз қўли билан ясаган инсон бўлганига далилдир. Дарҳақиқат, Довуднинг кўлида те-мир хамир каби юмшоқ нарсага айланиб қолар ва у мутлақо қиздирмай, эритмай темирдан хоҳлаган нарсасини ясай олар эди. “Аниқки, Биз Довудга Ўз томонимиздан (улуғ) бир фазл-мартаба (пайғамбарлик) ато этдик ва дедик: «Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Ва Биз унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро, Мен қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидирман”. (Сабаъ сураси, 10-11-оятлар).
Албатта, Жаноби Ҳақнинг Довуд алайҳис-саломга темирдан совутлар, демакки, ҳимоя воситалари ясашни таълим бериши ва уларни пишиқ-пухта қилиб ясашга буюриши инсонларни жанг-жадалларда имкон қадар жароҳат ва ҳалокатдан ҳимоя қилиш учун эди. Шу боисдан оят ниҳоясида У Зот инсонларга хитоб қилиб, сизлар Менинг ушбу неъматимга шукр қилгувчимисизлар ёки йўқми?! дейди.
Шунингдек, ушбу оятда Оллоҳ таолонинг улуғ элчиларидан бири бўлган Довуд алайҳис-саломнинг ҳунарманд инсон бўлганлиги зикр қилинишидан касб, ҳунар билан рўзғор тебратиш шарафли иш эканлиги маълум бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Довуд ўз кўли меҳнати билан тирикчилик қилар эди”, дедилар. Дарвоқеъ, бошқа пайғамбарлар ва солиҳ кишилар тарихларига назар ташлаганимизда ҳам, уларнинг бирон бир касб, хунар қилганларини кўрамиз. Масалан, Одам алайҳис-салом деҳқон бўлгани, Нуҳ алайҳис-салом дурад-корлик қилгани, Идрис алайҳис-салом ва Луқмони Ҳаким тикувчи бўл-ганлари ривоят қилинади. Шунинг учун ҳам Дини Ислом мусулмонларга меҳнатсевар бўлишни, ҳалол касб ёки ҳунар билан рўзғор тебратишни буюради, бекорчилик ва ялқовликни қоралайди, меҳнат қилишга қодир кишинингўзи ишламасдан бировлардан хайр-садақа сўраши ҳаром эка-нини айтади. Бу хусусда ворид бўлган ҳадислар ҳар бир мўмин-мусулмон учун дастуруламал бўлиши лозим.
Имом Бухорий, Муслим ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сизлардан бировингиз арқонини қўлига олиб, сўнгра дала-тоғларга бориб, ўтин териб келиб сотиб ейиши ва садақа қилиши унинг учун одамлардан сўраб тиланчилик қилишдан яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар. Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Албатта Оллоҳ таоло шундай мўмин бандани яхши кўрурки, у гарчи ўзи ожиз-заиф бўлса ҳам бировдан сўрашдан ор-номус қилиб бирон касб-ҳунар билан ҳалол луқма ейди. Оллоҳ безбет тиланчини ёмон кўрур”, деб огоҳлантирдилар. (Ҳаким Терлшзий, Табароний ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. “Тафсири Мунийр”дан).
“Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб) унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган (қилиб кўйдик). Биз барча нарсани Билгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 81-оят).
Энди ушбу ва қуйидаги оятда Довуд алайҳис-саломнинг ўғли Сулай-мон алайҳис-саломга Оллоҳ таоло томонидан ато этилган неъматлар зикр қилинади. Қатода розияллоху анҳу айтади: “Оллоҳ таоло Сулаймонга отаси Довуднинг мулки давлатини ва пайғамбарлигини мерос қилиб берди ҳамда унга яна икки нарсани зиёда қилди - Сулаймонга шамолни ва шайтон-жинларни бўйсундириб қўйди”. Яъни, Сулаймон алайҳис-салом на-фақат инсонларга, балки шамолу бўронларга, ҳатто жин ва шайтонларга ҳам амри ўтадиган подшоҳ бўлди, шунингдек, у зот нафақат отаси Довуд каби Шом ўлкасига, балки Ер юзидаги барча мамлакатларга хукмронлик қилди. Ривоят қилишларича, Сулаймон алайҳис-салом тиним билмасдан ғазот қилгувчи буюк саркарда бўлган. Ернинг қай бир чеккасида бир мамлакат борлигидан хабардор бўлса, албатта у жойга бориб ўзига буйсунди-риб қайтар эди. Бунинг учун унинг амри билан жин-шайтонлар бир зум-да ёғочдан жуда улкан ва муҳташам кема ясашар, сўнгра у кемага барча кўшин қурол-аслаҳа-ю от-уловлари билан жойлашгач, бўронли шамол у баҳайбат кемани даст кўтариб осмонга юксалар ва Сулаймон буюрган то-монга қараб йўл олар эди. Кемани устидаги бениҳоя оғир юки билан самога олиб чиққанидан кейин подшоҳнинг амри билан бўрон майин эса-диган шамолга айланиб, дала-ю даштлар устидан учиб ўтар экан дов-дарахтни қимирлатмас, қум-тупроқларни тўзитмас ва бирон қушга озор бермас эди. Шундай қилиб, Шом юртидан эрталаб чиқиб кетган шамол, минг-минглаб одам, от-улов ва қурол-аслаҳа жойлашган баҳайбат кемани кўтарганича бир ойлик масофани босиб бориб, кўзланган ҳарбий вазифа адо этилгач, кечки пайт Оллоҳ таоло хайр-баракотли қилиб қўйган Шоми шарифга - Сулаймон алайҳис-саломнинг ватанига қайтиб келар эди. У зотга берилган бу неъмати Илоҳийя ҳақида бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Бас, Биз (Сулаймонга) унинг амри билан, у истаган томонга майин эсаверадиган шамолни бўйинсундирдик”. (Сод сураси, 36-оят).
Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу айтади: “Қачонки учқур отлари Набийюллоҳ Сулаймон алайҳис-саломни машғул қилиб кўйиб, аср намозини қазо қилганида, у зот Оллоҳ учун ғазабланиб ўша суюкли отларини сўйиб юборгач, Оллоҳ таоло унга ўша шамолдек учадиган отлар ўрнига улардан яхшироғини - шамолнинг ўзини буйсундириб қўйди ва шамол Сулаймоннинг амри билан у хоҳлаган томонга қараб учадиган бўлди”. Сулаймон алайҳис-саломнинг отлари ҳақидаги қисса мана бу оятларда зикр қилинган: “Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир. Дарҳақиқат, у (Оллоҳ рози бўладиган Йўлга) қайтгувчидир. Эсланг, унга (бир куни) кечки пайт гижинглаб тургувчи учқур отлар рўбарў қилинган эди. Бас, у (ўша отларга маҳлиё бўлиб, кун ботиш олдида ўқийдиган намози қазо бўлгач), деди: «Дарҳақиқат, мен Парвардигоримни эслашдан (яъни, ўқийдиган намозим-дан қолиб) бу суюкли отларни суюб-эркалашга берилиб кетибман! Ҳатто (қуёш ҳам) парда ортига беркинибди (яъни, ботиб кетибди)! У (от)ларни менга қайтаринглар-чи! Бас, у (қилич билан отларнинг) оёқ ва бўйинларини «силаш»га киришди (ва уларни Оллоҳ Йўлида қурбонлик қилиб юборди)” (Сод сураси, 30-33-оятлар). (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Бағавий”дан).
“Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон) учун ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиган кимсаларни (яратдик). Ва Биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб тургувчи эдик”. (Анбиё сураси, 82-оят).
Шундай қилиб, мазкур оятларда ота-ўғил - Довуд ва Сулаймон пай-ғамбарларга Оллоҳ таоло ато этган неъматлар санаб ўтилди. Дарҳақи-қат, Оллоҳ таоло Довуд алайҳис-саломга шундай хуш овоз берган экан-ки, у киши Забурни тиловат қилганларида осмонда учиб кетаётган қушлар тек қотар ва чор атрофдаги тоғу тошлар у зотга жўровоз бўлиб тиловат қилишар экан. Ўша замонда темирчилик ҳунари ниҳоят дара-жада равнақ топган бўлиб, темирчилар ўзларининг асбоб-анжомлари воситасида истаган нарсаларини ясай олар эканлар. Асли касби совут-созлик бўлган Довуд пайғамбар эса шундай фазилатга эга эканларки, қўллари теккан темир хамирдек мулойим бўлиб қолар ва у зот бирон асбоб-анжомсиз уни ўзлари хоҳлаган шаклга киритар эдилар. Бу мўъжизанинг гувоҳи бўлган кишилар Довуднинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтиришар эди.
Энди Сулаймон алайҳис-саломга эса, Оллоҳ таоло инсу жин подшоҳлигини ато этган эди. Учар шамоллар ҳам у зотнинг инон-ихтиёрида бўлиб, истаган жойларига бир зумда элтиб қўяр эди. Сулаймон пайғамбарга берилган мўъжизалардан яна бири мис булоғи бўлиб, ривоят қилинишича, ундан сув ўрнига муздек мис оқиб ётар, пайғамбар измидаги жинлар эса ўша мисдан у зотнинг хоҳлаган нарсаларини ясаб беришар экан.
“Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўли-мига фақат асосини еяётган Ер жонивори (ёғоч кемирувчи бир курт-гина) далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар гайбни билгувчи бўлганларида бу хор қилгувчи азобда-меҳнатда қолмаган бўлур эдилар.”
Ушбу сўнгги оят айрим кишиларнинг жинлар ғайбни - яъни, келажакда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни биладилар, деган гумонларини рад этади. Чунки улар то ўтирган ҳолларида жон таслим қилган Сулаймон алайҳис-саломнинг суяниб ўтирган асоларини бир йил давомида ёғоч қурти еб, ана ўшандагина ерга қулаб тушмагунларича у зотнинг вафот қилганларини билмаганлар ва тиним билмасдан пайғамбар уларга буюрган оғир меҳнатда - баланд қаср бино қилишда давом этганлар.
Халқ орасидаги “Сулаймон ўлиб, девлар қутилди”, деган иборанинг тарихи мана шу воқеаларга боғлиқ бўлса керак.
Дарҳақиқат, бандаси Довуд учун тоғ-тошни сўзлатиб, темирни хамирдек юмшоқ қилиб қўйган, бандаси Сулаймон учун эса, кўзга кўринмас махлуқлар бўлган шамол ва жинларни қарам қилиб қўйган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло беҳад Буюк ва Қудратлидир.
15. Аниқки, Сабаъ (қабиласи) учун ўз масканларида (Оллоҳнинг Фазлу Марҳаматига далолат қиладиган) бир аломат бор эди - ўнг томон ҳам, сўл томон ҳам боғ-бўстонлар бўлиб, (Биз уларга): «Парвардигорингизнинг ризқу рўзидан енглар ва У Зотга шукр қилинглар! (Шаҳрингиз) покиза шаҳар, (Парвардигорингиз) Мағфират қилгувчи Парвардигордир», (деган эдик).
Юқоридаги оятларда Оллоҳ таоло ато этган неъматларга шукроналар айтиб Унга тоат-ибодат қилган Довуд ва Сулаймон алайҳимас-салом каби солиҳ бандалар ҳамда, уларга ато этилган улуғ Илоҳий Фазлу Марҳаматлар зикр қилингач, ушбу ва қуйидаги оятларда энди Сабаъ қабиласи мисолида нонкўр, ношукр кимсалар ҳақида ва уларнинг иймонсизликлари сабабли қандай жазога гирифтор қилинганлари тўғрисида ҳикоя қилинади. Сурага сарлавҳа бўлган Сабаъ қиссаси Оллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмайдиган иймонсиз кимсалар учун Илоҳий огоҳлантиришдир.
Яман мамлакатидаги Сабаъ қабиласи маскан тутган водий ниҳоятда гўзал макон бўлиб, ўнг-у сўлини боғу бўстонлар ўраб олган, у боғларда йўқ меванинг ўзи йўқ эди. Бас, уларга айтилдики, “мана бу боғлардаги Парвардигорингиз сизларга ризқ қилиб берган анвойи мевалардан енглар ва сизларга шундай неъматларни ато этгани учун У Зотга шукр қилинглар, Унинг Танҳо Илоҳ эканлигига иймон келтириб, Ёлғиз Унга тоат-ибодат қилинглар. У сизларга шундай сердарахт, мевалари лаззатли боғ-роғларни, шундай мўътадил-тоза ҳаволи покиза шаҳарни неъмат қилиб берди. Агар сизлар Ёлғиз Парвардигорингизга тоат-ибодат қилишда бардавом бўлсангизлар, У сизларнинг хато ва гуноҳларингизни Кечиргувчидир”. Лекин у бадбахт қабила Яратганнинг Амрига бўйинсунмадилар, Унинг неъматларига шукр қилмадилар.
16. Бас, улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғоннинг селини (очиб) юбордик ва уларнинг боғларини аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бутазор «боғлар»га алмаштириб қўйдик.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимахуллоҳ айтади: “Оллоҳтаоло Сабаъ қабиласига ўн уч пайғамбар юборди. У пайғамбарларнинг барчаси қабила аҳлини Оллоҳнинг динига даъват қилдилар, уларга Оллоҳ таоло ато этган неъматларни эслатдилар ва агар бу неъматларнинг Эгасига шукр қилмасалар, Унинг азоб-укубатига дучор бўлажакларини айтиб огоҳлантирдилар. Лекин у бадбахт қабила: “Биз Оллоҳ бизга бирон неъмат берганини билмаймиз. Бас, сизлар ўша Роббингизга айтинглар, агар қўлидан келса, мана бу неъматларни бизлардан тўсиб, йўқ қилиб қўйсин-чи”, дедилар. Шунда Ҳақтаоло уларнингустига ояти каримада зикр қилинган балосини юборди. (“Тафсири Табарий”дан). Бас, у нонкўр қабиланинг водий ва боғлари бутунлай сув остида қолди, курган иморатларини даҳшатли сел теп-текис ерга айлантириб кўйди, водийнинг икки томонидаги кўз етмас даражадаги катта, серҳосил ва гўзал боғлари эса, бу неъматларнинг Эгаси томонидан “аччиқ-тахир мевали, юлғунзор ва яккам-дуккам бута-зор” боғларга алмаштириб кўйилди.
17. Кофир бўлганлари сабабли Биз уларни мана шундай жазоладик. Биз фақат ўта куфрони неъмат қилгувчи кофир кимсагагина (мана шундай) жазо берурмиз.
Ояти каримада Сабаъ қабиласига берилган мазкур жазо уларнинг қилмишларига - кофир бўлганларига ва куфрони неъмат қилганларига яраша мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида берилган жазо эканлиги айтилиб, Ҳақ таоло фақат кофир, мушрик кимсаларгагина қилган ҳар бир жиноят-гуноҳлари учун улардан биронтасини кечирмасдан тўла-тўкис жазо беришини, яъни, ҳисоб-китоб жуда қаттиқ ва кечиримсиз бўлишини эслатади. Аммо ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўминларнинг ҳисоб-китоблари эса, Қуръони Мажид гувоҳлик беришича, тамоман бош-қачадир: “Бас, у (яъни, Қиёмат Кунида номайи аъмоли ўнг томонидан берилган мўмин) осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинур”. (Иншиқок, сураси, 8-оят).
Бу хусусда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда хабар берилади. Оиша айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, ҳалок бўлиши аниқ”, деяётганларини эшитдим-у, ё Набийюллоҳ, у ҳолда Оллоҳ азза ва жалланинг: “Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинур ва ўз(ининг жаннатдаги) аҳли-оиласига шоду хуррам ҳолда қайтур”, (Иншиқоқ сураси, 8-9-оятлар) деган Сўзи қайда қолди?” деб сўрадим. Шунда у зот айтдилар: “У, (яъни, мўминнинг осон ҳисоб-китоб қилиниши) фақат арз қилинишдир (яъни, қилган гуноҳлари унга кўндаланг қилиниб кўрсатилиши ва кечириб юборилишидир), аммо кимнинг гуноҳлари бирма-бир ҳисоб-китоб қилинса, унинг ҳалок бўлиши аниқдир”. (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).
18. Биз улар билан Ўзимиз баракотли қилган (Шом) қишлоқ-шаҳарларининг орасида кўриниб турадиган (яъни, бир-бирига яқин) қишлоқларни барпо қилиб (қўйган) ва улар орасида юришни ҳам белгилаб - бир маромга солиб (уларга): «Бу (қишлоқларда) кечалари ҳам, кундузлари ҳам тинч-омон юраверинглар», (деган эдик).
Ушбу ва қуйидаги оятларда сўз яна ўша Сабаъ қабиласи ҳақида бўлиб, юқорида уларнинг масканлари Оллоҳ таолонинг Лутфу Карами ёғилиб турган баракотли макон бўлгани, аммо улар Яратганнинг шундай улуғ неъматига шукр қилмаганлари ва Унинг элчи-пайғамбарларига итоат этмаганлари учун хушҳаво шаҳарларидан ва ҳосилдор боғу бўстонларидан маҳрум бўлганлари зикр қилингач, энди ушбу оятларда уларнинг масканлари бўлган Яман диёри билан Оллоҳ таоло баракотли қилиб қўйган муқаддас замин - Шоми шариф ўртасини боғлаб турадиган масофа ҳам аввал Ҳақ таоло томонидан тинч, бехатар йўл қилиниб, икки томони-да то манзилга етгунча бир-бирига туташ қишлоқлар бино қилиб қўйилгани, саёҳат ёки тижорат учун йўлга чиққан йўловчилар қўрқмасликлари ва толиқиб қолмасликлари учун Яратганнинг Ўзи ушбу йўлда кечаси-ю кундузи бир маромдаги қатновни таъминлаб қўйгани ва ҳар ярим кунлик масофада бир қишлоқ бўлгани учун эрталаб йўлга чиққан одам пешинда бир қишлоққа етиб, еб-ичиб, дам олиб, кейин қоронғу тушгунича навбатдаги қишлоққа бориб тунаб, шу зайлда ҳеч қандай сафар машаққатларини чекмай, йўлга озиқ-овқат ғамлаб овора бўлмай, йўл кечаси-ю кундузи гавжум, серқатнов бўлгани учун душманлардан, қароқчилардан ва йиртқич ҳайвонлардан қўрқмай кўзлаган манзилларига эмин-эркин етиб борадиган бўлганлари ҳақида хабар берилди.
Аммо Сабаъ қабиласи Оллоҳ таолонинг бу Марҳамитага ҳам нонкўрлик қилдилар -
19. Бас, улар (бу неъматларга ҳам ношукурлик қилиб): «Парвардигоро, сафарларимиз орасидаги (масофани) йироқ қилгин», дейишиб, ўзларига зулм қилган эдилар, Биз уларни (одамлар гапириб юрадиган) чўпчак-ҳикояларга айлантириб қўйдик ва бўлак-бўлак қилиб ҳар томонга тирқиратиб юбордик. Албатта бунда (балоларга) сабр қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчи ҳар бир инсон учун оят-ибратлар бордир.
Яъни, у бадбахт қавмга сафар-саёҳатларидаги бундай қулайликлар ҳам ёқмади. Улар худди яшаган масканларида ато этилган ноз-неъматларга нонкўрлик қилганларидек, сафарларида яратиб берилган енгилликларга ҳам куфрони неъмат қилдилар ва бу нонкўрлик-ношукрликлари билан фақат ўз жонларига жабр қилдилар, холос. Дарҳақиқат, Сабаъ қабиласининг Яратганга дуо қилиб сўраган нарсалари ақлли инсонлар сўрайдиган нарса эмасдир. Уларнинг сўзлари худди Бани Исроил қавмининг Мусо алайҳис-саломга: “Роббингга айт, биз доимо самодан ёғилиб турган бир хил таом - бедана гўшти ва ширинликлардан зерикдик, У бизга саримсоқ, пиёз каби нарсаларни берсин”, деганларига ўхшайди: “Эсланг: «Эй Мусо, биз бир хил таомга ҳеч қаноат қила олмаяпмиз. Парвардигорингга дуо қил, бизга Ерда униб-ўсадиган сабзавотлардан, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзга ўхшаган ўсимликлардан чиқариб берсин», деганингизда, у: «Яхши нарсани паст нарсага алмаштиришни истайсизларми? Шаҳарга тушсангизлар сўраган нарсаларингиз турибди-ку?», деди. (Бу ношукрликлари сабаб), уларга хорлик ва мискинлик ёзиб қўйилди ва улар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлдилар”. (Бақара сураси, 61-оят).
Худди шунга ўхшаб Сабаъ қабиласи ҳам бахтли, бекаму кўст ҳаёт кечиришдан зерикдилар, шаҳарларида ва сафарларида яратиб берилган қулайликлар уларни хурсанд қилиш ўрнига малол кела бошлади ва: “Пар-вардигор, Ямандан Шомга қиладиган сафарларимизда сафар қилгандек бўлмаяпмиз. Ҳар қадамда бир қишлоқ келавериб зериктиряпти. Шунинг учун Сен сафарларимиз ўртасидаги масофани узоқроқ қилиб қўйгин, йўлда чўлу саҳроларни босиб ўтайлик, сафар учун от-уловларимизни жиҳозлайлик, озиқ-овқатларимизни тайёрлайлик. Сафарларимиз қанча узоқ ва машаққатли бўлса, бизларга шунчалик ёқимли бўлади ва қайтиб келганимиздан кейин бошқаларга мақтаниб юрсак арзийдиган бўлади”, дейишиб, ўз жонларига жабр қилдилар ва Ҳақ таоло уларни кейинги авлодлар учун ҳамма гапириб юрадиган, қандай ақлсиз қабила экан улар деб устларидан куладиган, неъматга ношукрлик қилганлар ундан маҳрум бўлиш-лари аниқ экан деб бошқалар ибрат оладиган бир сўз - зарбул-масалга айлантириб қўйди ва бир масканда яшаган бир қабилани дунёнинг ҳар тарафига тирқиратиб-бўлиб юбордй. “Албатта бунда (балоларга) сабр қилгувчи, (неъматларга) шукр қилгувчи ҳар бир инсон учун оят-ибратлар бордир”.
20. Дарҳақиқат, иблис уларнинг устида («Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) ўйини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар, магар бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйин-сунмадилар).
Яъни, иблис алайҳил-лаънанинг Одам ва унинг зурриётини йўлдан оздириш ҳақидаги ўй-хаёли Сабаъ қабиласидаги ношукур-нонкўр кимсалар устида рўёбга чиқди - амалга ошди. У қабиладаги ширк ва исён ботқоғига ботган кимсаларнинг ҳаммаси лаънатланган иблис кўрсатган залолат йўлига эргашиб кетдилар ва оқибат-натижада шаҳарлари сув остида қолиб вайроналарга айланди, боғ-бўстонлари юлғунзорларга, сафар-саёҳатларида юрадиган обод, соя-салқин йўллари дашту сахроларга айланди ва ўзлари эса кейинги авлодлари орасида “мунча ҳам ақлсиз, нодон ва нонкўр бўлган экан бу Сабаъ қабиласи”, деб гапириб юриладиган чўпчак-афсоналарга айланиб қолдилар!
21. Ҳолбуки, (иблис) учун улар устида ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқ, магар (унинг васваса қилиши) Биз Охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учундир. (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Оллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотлар эса унинг васвасасига алданмайдилар. Парвардигорингиз барча нарсанинг устида Кузатиб тургувчидир.
Айни мазмундаги оят Ал-Исро сурасида ҳам келган эди: “Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устида эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир. Парвардигорингнинг Ўзи етарли Вакил -Сақловчидир”. (Ал-Исро сураси, 65-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло иблис алайҳил-лаънанинг айтган сўзларига жавобан, чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга қуллик қиламан деган бандаларини иблиснинг қўлига бериб қўймаслигини, яъни, ҳеч қачон иблис уларга ҳукмрон бўлиб Тўғри Йўлдан оздира олмаслигини, магар ўз ихтиёри билан унга эргашган адашган кимсаларгина шайтоннинг қуллари бўлиб қолишларини таъкидлайди.
Албатта, ояти каримадаги иблис учун мўминлар устида хукмронлик йўқ, деган жумлани иблис уларни адаштириш учун васваса қила олмайди деб тушунилмаслиги лозим. Балки иш тамоман аксинчадир. Алий каррамаллоҳу важҳаху айтади: “Биз мусулмонларнинг намозимиз билан аҳли китоб - яҳудий, насронийларнинг ибодатлари ўртасида фарқ шайтоннинг васваса қилишидир. Кофирлар шайтон йўлига кириб кофир бўлганлари учун у уларнинг амалларига аралашмайди, балки қачон биров кофир бўлса, шайтон унга: “Энди мен сендан бўшадим, яъни, сени васваса қилишимга ҳожат қолмади, усиз ҳам сен энди меникисан”, деб, кофир қилаётган ибодатларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ эканини билгани сабабли уни бўш қўяди. Аммо мўмин эса, Оллоҳ таоло буюрган намоз ибодатини адо қилишга киришар экан, шайтоннинг хоҳишига тескари иш қилаётгани учун у жон-жаҳди билан мўминга қарши жангга киришади -унинг хаёлини бўлиб васваса қила бошлайди (шунинг учун ҳам намоз ўқиладиган жой меҳроб, яъни шайтон билан жанг қиладиган жой деб аталади). Ана ўша мўминлар ҳақида Оллоҳ таоло “Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир”, деди. (“Танвийрул-азҳон ” тафсиридан).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлида собитқадам бўлган мўминлар чинакам бахтиёр инсонлардир, чунки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларни: “Менинг бандаларим”, деб шарафлайди ва ҳеч қачон шайтон улардан ғолиб бўла олмаслигини таъкидлайди. Аммо ўз ихтиёрлари билан Тўғри Йўлни тарк этиб иблис ва унинг малайлари чизиб берган ботил йўлларга кириб кетган кимсалар эса - “У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлингувчидир”. (Ҳижр сураси, 43-44-оятлар).
22. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига) айтинг: «Сизлар Оллоҳдан ўзга (илоҳлар деб) гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва Ерда Оллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Оллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир (яъни, Оллоҳ таоло ҳеч қандай шерикка муҳтож бўлмаган Ёлғиз Маъбуди Барҳақдир)”.
Юқоридаги оятларда Довуд ва Сулаймон алайҳимас-салом каби Оллоҳ таолонинг шукр қилгувчи бандаларига берилган неъматлар ҳамда Сабаъ қабиласи каби нонкўр кимсалар Оллоҳ таоло ато этган неъматларга но-шукурлик қилганлари боис қандай оғир аҳволга гирифтор бўлганлари зикр қилиб ўтилгач, энди ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Макка мушрикларига ва Ер юзидаги жамийки мушрик-кофир кимсаларга гўё шундай савол қилишни буюради: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Оллоҳдан ўзга нарса ва кимсаларга ибодат қиладиган мушрикларга айтинг: “Қани сизлар Оллоҳни кўйиб сиғинаётган жонли-ю жонсиз бут-санамларингизга дуо-илтижо қилингларчи, улар ижобат қилармиканлар, камбағаллик, касаллик, қаҳатчилик каби бошларингизга тушган меҳнат-машаққатларни аритишларини сўрангларчи, ўша бутларингиз мушкилларингизни осон қила олармиканлар, ёки бошларингизга тушган балоларни бошқа ёққа буриб юбора олармиканлар?! Аниқки, улар ҳатто ўзларига ҳам бирон фойда ёки зиён етказишга қодир эмаслар, демак, ўзгаларга ҳам бирон фойда ёки зиён етказа олмасликлари аниқдир. Чунки “Улар на осмонларда ва на Ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва Ерда Оллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Оллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир (яъни, Оллоҳ таоло ҳеч қандай шерикка муҳтож бўлмаган Ёлғиз Маъбуди Барҳақдир)”.
23. (Оллоҳ) ҳузуридаги шафоат фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина фойда берур (яъни, ана ўша зотларгина Қиёмат Кунида шафоатга - кўллашга эришурлар ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди (яъни, шафоатга ҳақиқатан изн бердими)?», дедилар. (Шунда фаришталар) «Ҳақни (айтди, яъни, ҳақиқатан шафоатга изн берди), У Юксак ва Буюк Зотдир», дедилар.
Демак, Қиёмат Кунида, жамийки жонзот Оллоҳтаоло ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланган Соатда, У Куннинг даҳшатларидан жонлар халқумга тиқилиб қолган вақтда, ҳар бир инсон ниҳоят даражада қўлловга муҳтож бўлиб қолган пайтида на Ер-у, на кўкдаги бирон кимса Оллоҳнинг Изни - Рухсатисиз бировни қўллай олмайди, шафоат қила олмайди. “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) Изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Нажм сураси, 26-оят).
Жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам хабар берадилар: У зоти бобаракот Арш остига келиб, бошларини саждага қўйиб, Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, ҳушомадлар қилиб, аввал-бошда шафоатдан сўз очмай, саждадан бош кўтармасдан тураверар эканлар, йиғлайверар эканлар. Сўнгра нидо келар эканки: “Бошингни кўтаргин, сўзлагин тингланур, сўрагин берилур, кўллагин қўлловинг - шафоатинг қабул қилинур”. Шундагина муборак бошларини саждадан кўтариб: “Умматим, умматимнинг гуноҳидан ўтгин, Парвардигор”, деб сўрар эканлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар”, деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, деб марҳамат қилдилар.
Ояти карима мушрикларнинг Оллоҳ таоло шаънига буҳтон қилишлари, Унинг оятларини ёлғон дейишларидан бошқа яна бир жиноятлари ҳақида хабар беради: мушриклар гарчи Яратгувчи - Холиқ Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзи эканини тан олсалар-да, - “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган», дерлар”. (Зухруф сураси, 9-оят) - Ўша Танҳо Маъбуди Барҳақнинг Ўзига тоат-ибодат қилиш ўрнига уларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар. Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутлари-ни тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз кўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг шафоатчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрик кимсаларнинг аҳволи шудир. Аммо ояти карима мазмунини теранроқ англасак, унда зикр қилинган ширк аломатлари айрим ўзларини мусулмон санаб юрган кишиларда ҳам топилиб қолишини кўриб афсусланамиз. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида: бу замонда кўп одамлар ўтиб кетган улуғларнинг мақбараларини зиёрат қилар эканлар, у қабрларни тавоф қилиб, қабр эгаларидан ҳожатларини раво қилишларини сўрашлари ва шундай қилсак албатта улар Охиратда Оллоҳ таоло хузурида бизларни шафоат қиладилар деб эътиқод қилишлари ҳам Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробардир”, дейилади.
24. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: «Ким сизларга осмонлардан ва Ердан ризқу рўз берур?» Айтинг: «Оллоҳ (ризқ берур). Шак-шубҳасиз, ё биз ёки сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўша на осмонларда ва на Ерда зарра вазничалик нарсага эга бўлмаган жонсиз бут-санамларга сиғинади-ган ва уларни Оллоҳ таолонинг шериклари деб даъво қиладиган мушрик кимсалардан сўранг: Айтингларчи, осмондан сизларга ва барча жонли-жонсиз мавжудотга ризқ бўладиган ёмғирни ким ёғдиради ва у сабабли Ердан сизларга ва барча жонзотга ризқ бўладиган дон-дун, мева-чева ва ўт-ўланларни ким чиқаради? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?! “Агар (Оллоҳ) Ўзи ато этадиган ризқни ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ким ризқ беради?!” (Мулк сураси, 21-оятдан). Ёки сиғиниб-чўқинаётган мана шу жонсиз бутларингиз сизларга бирон нарса бера оладими?! Бас, агар улар: “Билмаймиз”, дейдиган бўлсалар, Сиз: “Осмонлардан ва Ердан сизларга ризқ ато этадиган Зот Оллоҳ таолодир”, деб айтинг. Аммо агар улар Сизнинг саволингизга “Оллоҳ”, деб жавоб берадиган бўлсалар, у ҳолда ибодат қилинишга лойиқ бўлган Зот ҳам-Ёлғиз Оллоҳ таоло эканлигини, улар сиғинаётган бутлари ҳеч нарса эмас эканлигини ўзлари эътироф этган бўладилар.
“Шак-шубҳасиз, ё биз ёки сизлар (яъни, икки тоифадан бири) аниқ ҳидоят устида ёки очиқ залолатдадир”.
Яъни аниқ маълум бўладики, биз - мўминлар, бизларга осмонлардан ва Ердан ризқ ато этгувчи Танҳо Оллоҳга ибодат қилганимиз сабабли Тўғри Йўл устидадирмиз, сиз - мушриклар эса, ҳеч кимга ҳеч нарса бера олмайдиган жонсиз ҳайкалларга сиғинганларингиз учун залолатдадирсизлар.
25. Айтинг: «Сизлар биз қилган гуноҳ тўғрисида сўралмайсизлар ва биз сизлар қилаётган амаллар тўғрисида сўралмаймиз».
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар улар Сизни ёлғончи қилсалар, у ҳолда айтинг: «Менинг қилган амалим ўзим учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир. Сизлар менинг қилган амалим (учун жавобгар бўлиш)дан озодсизлар, мен эса сизлар қилаётган амалларингиз (учун жавобгар бўлиш)дан озодман”. (Юнус сураси, 41-оят).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар мушриклар иймон келтириш ўрнига Сизни ёлғончи қилишда давом этаверадиган бўлсалар, у ҳолда уларга: “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўминларга жаннат хушхабарини бериш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.
Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман”, деб айтиб қўйинг.
Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас”. (Анъом сураси, 164-оятдан).
“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракати-гина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Нажм сураси, 38-41-оятлар).
26. Айтинг: «Парвардигоримиз (Қиёмат Кунида) ўртамизни жамлар, сўнгра орамизни очар (яъни, ҳақиқат - адолат билан ҳукм қилур). Унинг Ўзи (адолат билан) Очгувчи ва (ким ҳақ, ким ноҳақ эканини) Бил-гувчидир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушрик-кофир кимсаларга яна шуни ҳам айтиб кўйингки, Эртага Қиёмат Кунида Парвардигоримиз ҳисоб-китоб учун барча инсонларни, жумладан сиз билан бизни ҳам маҳшаргоҳга тўплайди ва кейин, ҳар биримизнинг кимлигимиз, ҳаёти дунёда қандай амаллар қилганимиз аниқ-равшан бўлганидан сўнг ораларимизни очиб, мўмин бандаларини кофир-мушриклардан ажратиб, Ҳақ Йўлда ҳаёт кечирган мўминларни жаннатга, ботил йўлларда умрларини зое қилган кофирларни эса жаҳаннамга ҳукм қилади. Ёлғиз Унинг Ўзигина барча яширин сир-асрорларни Очгувчи ва ҳамма нарсани Билгувчи Зотдир.
27. Айтинг: («Эй мушриклар), сизлар менга (ўзларингизча Оллоҳга) қўшиб олган бутларингизни (ҳақиқатан, У Зотнинг шериклари экани-ни) кўрсатингизчи?! Йўқ, (бу гумонларингиз хатодир). Балки (Ёлғиз) Оллоҳнинг Ўзигина Қудрат ва Ҳикмат Эгасидир.
Яъни, эй, ўзлари ясаб олган бут-санамларни Оллоҳ таолонинг шерик-лари деб даъво қилаётган кимсалар, сизлар менга ана ўша “илоҳларингиз” бирон-бир нарсани яратганини ёки бирон кимсага ризқ берганини кўрсатингларчи?! Йўқ, ҳеч қачон кўрсата олмайсизлар. Чунки у жонсиз бутлар ҳеч нарса ярата олмайдилар, ҳеч кимга ризқ бера олмайдилар. Балки Танҳо Қудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлган Оллоҳ таолонинг Ўзигина йўқдан бор қилгувчи ва барчага ризқ-рўз бергувчидир. Бас, ибодат қилинишга лойиқ Маъбуди Барҳақ ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Унга ҳеч ким ва хеч нарса шерик бўла олмас!
28. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга - (мўминларга жаннатга киришлари ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи Элчи қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотни фақат араб миллатига эмас, балки жамийки инсонларга Элчи қилиб юборганини таъкидлайди. Бу хусусда хадиси шарифда ҳам айтилган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоху анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Пайғамбар (яъни, мендан аввал юборилган ҳар бир пайғамбар) фақат ўзининг қавмига юборилар эди, мен бўлсам барча инсонларга юборилдим”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий, Муслим ва Багавий ривоят қилганлар).
Оят давомида Жаноби Ҳақ сўнгги Элчисининг зиммасидаги вазифани баён қилади. Яъни, у зоти бобаракот мўминларга жаннат ҳушхабарини элтгувчи, кофирларни эса дўзах азобидан огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида элчи қилиб юборилганлари ва дўзах эгалари бўлган кофирларнинг иймон келтирмасликларига у зот жавобгар эмасликлари айтилади.
Пайғамбар алайҳис-салом ўзларининг огоҳлантиргувчи эканликларини кўп таъкидлар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Сафо баландлигига кўтарилдилар-да, Қурайшнинг яқин-йироқ маҳаллаларини чорладилар. Улар тўпланишгач: “Эй Қурайш жамоаси, айтинглар-чи, агар мен сизларга “эртага тонг пайтида душман қўшини устингизга бостириб келади”, деб хабар берсам менга ишонасизларми?” деган эдилар, улар: “Биз сени бирон марта ёлғон сўзлаганингни билмаймиз”, деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбар алай-ҳиссалом: “Ундай бўлса, билиб олинглар, мен қаттиқ азоб жуда яқин экани ҳақида сизларни огоҳлантирмоқдаман”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
29. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган Қиёмат) қачон бўлади?, дейдилар.
Яъни, Макка мушриклари ҳам, ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам шундай дейдилар. Улар Ҳақ Йўлга - Нажот Йўлига даъват қилган Пайғамбар алайҳис-саломга ва у зотнинг издошлари бўлган мўминларга: “Ҳадеб бизни Оллоҳнинг азоби тушади, деб, Қиёмат келади, деб қўрқитасизлар. Қани агар мана шу сўзларингиз рост бўлса, ўша айтган азобларингиз қачон тушишини, Қиёмат қачон келишини айтиб беринг-чи?” дейдилар. Улар бу сўзларни қачон азоб тушишини, Қиёмат қачон келишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишонмаганликлари учун ва Пайғамбар сололлоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулиш учун айтадилар.
30. Айтинг: «Сизлар учун шундай бир Куннинг ваъдаси бордирки, сизлар ундан бирон соатни кетга ҳам сура олмайсизлар, илгари ҳам қила олмайсизлар».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва салламга, демак, у зотнинг барча умматларига ҳам юқоридаги оятда зикр қилинган саволни берадиган динсиз кимсаларга қандай жавоб қилиш кераклигини таълим беради.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиздан ва бошқа мўминлардан: “Агар сўзларингиз рост бўлса, ўша сизлар ваъда қилаётган азоб қачон бошимизга тушишини айтиб берингларчи?” деб сўраётган ва сизларни масхара қилиб устингиздан кулаётган жоҳил мушрикларга айтинг: “Бу менинг қўлимдаги иш эмасдир. Мен ўзим учун бирон фойда ёки зиён етказишга эга эмасман-у, қандай қилиб сизларга қачон азоб тушишини белгилай оламан? Барча иш Ёлғиз Оллоҳнинг Хоҳиш-Ихтиёридадир. Демак, фақат хоҳлаган соатда - ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилган ва умр бўйи ўз куфр ва исёнларида оёқ тираб туриб олган иймонсиз кимсалар устига - Унинг азоби тушиши аниқдир.
Ҳар бир динсиз қавм учун Оллоҳ таоло томонидан уларнинг устига тушадиган азоб муддати аниқ белгилаб қўйилгандир. Қачон ажаллари етиб, ҳалок бўладиган муддатлари келганида, улар ўз ҳалокатларини бир нафас ҳам ортга сура олмайдилар, шунингдек, Оллоҳ томонидан белгиланган ажал муддатларини ўз хоҳишларига қараб бирон соат тезлата олмайдилар. Бас, сизлар ҳам, эй мушриклар, шошилмай қўя қолинглар, эртами кечми сизлар учун белгиланган вақт ҳам келади ва сизларга ваъда қилинган азобга албатта гирифтор бўласизлар”.
31. Кофир бўлган кимсалар: «Биз бу Куръонга ҳам, ундан олдинги нарсаларга (яъни, Таврот, Инжил каби Китобларга) ҳам ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида тургизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. (У Кунда) ожиз-нотавон саналган (яъни, эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни,ўз пешволарига): «Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўмин бўлур эдик», десалар;
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида айтилишича, Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиш учун аҳли китоблардан сизларнинг китобларингиз Таврот ва Инжилда Муҳаммад ҳақида бирон сўз келганми? деб сўраганларида улар ҳақиқатдан ҳам ўзларининг китобларида охир замон пайғамбарининг сифатлари баён қилингани ва мазкур сифатлар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламда бор эканлигини айтадилар. Шунда мушриклар уларнинг сўзларидан ғазабланиб: “Биз Муҳаммад келтирган Қуръонга ҳам, сизларнинг Таврот, Инжилларингизга ҳам ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, дейдилар.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у золим кимсаларни (Қиёмат Кунида) Парвардигорлари ҳузурида тургизиб қўйилиб, бир-бирларига гап қайтараётганларини кўрсангиз эди. (У Кунда) ожиз-нотавон саналган (яъни, эргашувчи бўлган) кимсалар, мутакаббир кимсаларга (яъни, ўз пешволарига): «Агар сизлар бўлмаганингизда, бизлар шак-шубҳасиз, мўмин бўлур эдик», десалар;
Ушбу жумлада мушрик-кофирларнинг золим кимсалар деб аталишига сабаб, уларнинг Ҳақни ноҳақ дейишлари билан, яъни, Ҳақ Қуръоннинг Каломуллоҳ эканлигини инкор қилишлари билан ўзларига зулм қилганларидир. Ояти каримада хабар берилишича, бундай золим кимсалар Қиёмат Кунида, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амаллари бирма-бир ҳисоб-китоб қилинадиган Кунда жуда шармандали ҳолга тушадилар: кечагина ораларидан қил ҳам ўтмайдиган яқин дўстлар У Кунда энг ашаддий душманларга айланиб, бир-бирларига маломат тошларини ота бошлайдилар. Ҳаётлик пайтларида доҳийлари айтган ботил сўзларни байроқ қилиб кўтариб юрган бечоралар, уларнинг васвасаларига учиб йўлдан озган гумроҳлар энди кўзлари очилиб уларга: “Биз сизларнинг касофатингиздан бугун жаҳаннам ёқасига келиб қолдик. Агар сизлар бўлмаганингизда ва бизларни Ҳақ Йўлдан тўсмаганингизда эди, бизлар албатта мўмин бўлган ва Тўғри Йўлда ҳаёт кечирган бўлар эдик”, десалар, уларга жавобан -
32. Мутакаббир кимсалар у ожиз-нотавон кимсаларга: «Сизларга ҳидоят келганидан сунг биз сизларни (ундан) тўсдикми? Йўқ, ўзларингиз жиноят қилгувчи бўлдингизлар», дерлар.
Яъни, доҳийлари сизлар бизни йўлдан оздиргансизлар, акс ҳолда бизлар албатта мўмин бўлар эдик, деб даъво қилаётган тобеларининг сўзларини инкор қилиб: “Биз сизларни Тўғри Йўлдан тўсган эмасмиз, бизга тобе бўлинглар деб мажбурлаган эмасмиз, балки сизларнинг ўзингиз куфр ва ширкларингизда қайсарлик билан оёқ тираб туриб олгансизлар-ку! Бас, биз эмас, сизларнинг ўзингиз жиноятчидирсизлар, энди қилган ўша жиноятларингизга яраша жазоларингизни олаверасизлар”, дедилар.
33. Ожиз-нотавон саналган кимсалар эса мутакаббир кимсаларга: «Йўқ, кеча-ю кундуз қилган макр-ҳийла(ларингиз бизларни мўмин бўлишдан тўсган эди). Ўшанда сизлар (ўз макрларингиз билан) бизларни Оллоҳга кофир бўлишга ва У Зотга (ўзгаларни) тенг-шерик қилишга зўрлар эдингизлар», дедилар. Азобни (ўз кўзлари билан) кўрган вақтларида улар (яъни, пешволар ҳам, эргашганлар ҳам) ичларида надомат қилдилар ва Биз кофир бўлган кимсаларнинг бўйинларига кишанлар солдик. Уларга фақат ўзлари (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган қилмишларининг жазоси берилур.
Яъни, бечора тобелар уларни йўлдан озишларига сабаб бўлган доҳийларўзларини оқламоқчи бўлаётганларини кўриб, дедилар: “Йўқ! Бизларни иймон йўлидан тўсган нарса сизларнинг кеча-ю кундуз қилган макр-ҳийлаларингиз бўлган! Сизлар доимо бизларни куфр ва исёнга буюрар эдингиз, Оллоҳ таолога ширк келтиришга, турли нарсаларни Унга тенглаштириб, уларга ҳам Оллоҳга ибодат қилгандек сиғинишга чақирар эдингизлар!”
Шундай қилиб, дўзах азобини ўз кўзлари билан кўрган вақтларида ва Оллоҳ таоло кофирларнинг бўйинларига кишанлар солиб жаҳаннам қаърига улоқтиришга буюрган вақтида Тўғри Йўлдан озган мушрик-кофир кимсалар ҳам, уларни йўлдан оздирган пешволари ҳам ич-ичларидан афсус-надоматлар қилиб қолурлар!
Лекин У Кунда қилган дод-фарёдларининг, афсус-надоматларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Чунки уларнинг ҳар бири - одамларни Тўғри Йўлдан озишларига сабаб бўлган доҳийлари ҳам, улар кўрсатган залолат йўлларига кўрлар каби эргашиб кетаверган бечора-беақл тобелари ҳам фақат ўз қилмишларига яраша жазога гирифтор қилинадилар ва ҳеч кимга ҳеч қандай зулм қилинмайди. Зотан, “Парвардигорингиз бандаларига зулм қилгувчи эмасдир”. (Фуссилат сураси, 46-оят).
34. Биз бирон-бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) юборган бўлсак, албатта у жойнинг боёнлари «Аниқки, биз сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар.
Ояти карима мазмунини бизга мана бу оят тафсир қилиб беради: ‘Қачон Биз бирон шаҳарни ҳалок қилишни ирода қилсак, унинг боёнларини (Биз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюрганмиз, бас, улар итоатсизлик қилишгач, у (шаҳар аҳолиси)нинг устига Сўз (азоб тушиши) ҳақ - муқаррар бўлгандир. Сўнг Биз уни қириб, вайро-нага айлантирганмиз”. (Ал-Исро сураси, 16-оят).
Ояти карима бойлик, давлатмандлик баъзи бир кимсаларнинг Оллоҳ таолога берган бу неъмати учун шукроналар айтиш, янада яхшироқ ибодат қилиш ўрнига У Зотга итоатсизлик ва ношукурлик қилишларига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Шунинг учун кўпинча бирон қишлоқ-шаҳарга Оллоҳ таолонинг ғазаб ва азоби тушишига ҳам ўша жойдаги боён ва зодагонларнинг фисқу фужурлари, ҳадларидан ошишлари сабаб бўлар экан. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар”. (Алак, сураси 6-7-оятлар).
Ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий бериш учун нозил қилинган бўлиб, гўё Ҳақ таоло у зотга: “эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингизнинг катталари Сизни ёлғончи қилаётганларидан, Сиз келтирган Ҳидоят Йўлига юрмаётганларидан маҳзун бўлманг, чунки ўтган асрларда ўтган қавмлардаги ҳамма бой-зодагонлар ҳам худди шундай бўлганлар - ўзларига юборилган пайғамбар-ларга иймон келтирмаганлар, Оллоҳ буюрган Динни қабул қилмаганлар”, деяётгандек.
35. Яна улар: «Бизларнинг мол-дунё ва болаларимиз - (иймон келтирганлардан кўра) кўпроқ, (бинобарин бизлар Оллоҳ наздида улар-дан обрўлироқмиз ва) бизлар азоблангувчи эмасдирмиз», дедилар.
Яъни, кофир-мушрик кимсаларнинг боёнлари фақир-мискин мўминларга мақтаниб: “Бизнинг мол-давлатимиз ҳам, уруғ-авлодларимиз ҳам сизларникидан кўпроқдир. Агар Оллоҳ биз ушлаган диндан ва биз қилаётган ишлардан рози бўлмаганида бизга бундай мол ва авлодларни бермаган бўлар эди. Ҳеч шубҳа йўқки, бизларга ҳаёти дунёда шунча мол-дунё ва фарзандлар ато этган Оллоҳ Охиратда ҳам бизни ҳеч қачон азоб-уқубатга гирифтор қилмас”, дедилар. Чунки улар бениҳоят жоҳилликлари сабабли уларга синов учун берилган молу давлатни Оллоҳ таоло уларни яхши кўришлигининг исботи деб билишар эди. Шунинг учун Ҳақ таоло иш мутлақо улар ўйлагандек эмаслигини уқтириб қўйишни Ўз Элчисига буюрди:
36. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Албатта Парвардигорим Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Лекин кўп одамлар (буни) билмаслар».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло жамийки мавжудотнинг ризқи рўзи Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, бинобарин, кимга кенг, кимга танг ризқ бериш ҳам Унинг Ихтиёридаги иш эканини яна бир бор таъкидлайди. Жаноби Ҳақ Ўзининг Танҳо Раззоқ - ризқ Бергувчи эканини бошқа бир оятда шундай баён қилган: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини мўл - кенг қилса, айримларининг ризқини тор-танг қилади ва инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандасининг ризқини - синов-имтиҳон учун -тангу тор қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир.
“Албатта У бандаларидан Хабардор ва (уларни) Кўриб тургувчи бўлган Зотдир”.
Яъни, Оллоҳ таоло бандаларининг яширган сирларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам жуда яхши кўриб билиб туради. Албатта, У бандаларининг ўзларига махфий бўлган манфаатларини ҳам Билгувчидир.
Ҳадиси Қудсийда келади: “Албатта Мен мўмин бандаларимдан кимнинг иймони бой-бадавлатлик билан яхши, салоҳиятли бўлишини билурман. Агар Мен уни фақир, камбағал қилиб қўйсам, камбағаллик уни бузади. Мўмин бандаларимдан яна шундай кишилар ҳам борки, унинг иймони фақирлик камбағаллик билан салоҳиятли бўлади. Агар Мен уни бой, бадавлат қилиб қўйсам, бойлик уни бузади. Албатта Мен бандаларимнинг дилларини билганим учун уларнинг ишини Ўзим тадбир қилурман. Албатта Мен Билгувчидирман, Хабардордирман”. (Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган. “Баҳрул улувм”китобидан).
Демак, бой қилгувчи ҳам, камбағал қилгувчи ҳам, ризқни кенг қилгувчи ҳам, танг қилгувчи ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Агар У ҳаммани бой қилиб қўйганида, улар ҳадларидан ошиб туғёнга тушган бўлур эдилар, агар ҳаммани фақир, камбағал қилиб қўйганида, улар қоринлари ғамида ибодат қилишни унутиб, ҳалокатга дучор бўлар эдилар.
Термизий “Зуҳд” китобида ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: “Етти нарса келиб қолишидан илгари амалларингизни қилиб қолишга шошилинглар. Сизлар фақат унутдириб юборгувчи камбағалликни ёки туғёнга туширгувчи бойликни ёки роҳатингизни бузгувчи касалликни ёки ақлни ўтмаслаштириб қўйгувчи қариликни ёки лаззатларни кесиб қўйгувчи ўлимни ёки ғойибдаги энг ёмон кутилгувчи бўлган дажжолни ёки энг балолик, энг аччиқ Кун бўлмиш Қиёмат Соатини кутмоқдасизлар холос”.
Бас, оқилнинг иши Оллоҳ таолонинг Амрига таслим бўлмоқ, Унинг Ҳукмига рози бўлмоқ, тор-танг вақтда сабр қилмоқ, кенг-мўлчиликда шукр қилмоқ ва имкони борича инфоқ-эҳсон қилмоқдир. (“Танвийрул азҳон” китобидан).
“Агар Оллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Хабардор ва Кўриб тургув-чидир”. (Шўро сураси, 27-оят).
37. Молу дунёларингиз ҳам, болаларингиз ҳам сизларни Бизнинг даргоҳимизга яқин қилгувчи эмасдир. Фақат иймон келтирган ва яхши амал қилган зотлар - ана ўшалар учунгина қилган амаллари сабабли неча баробар мукофот бўлур ва улар (жаннатдаги) хоналар -манзилларда мангу омонликда бўлурлар.
Ушбу ояти карима гарчи Макка мушриклари ҳақида нозил қилинган бўлса-да, барча замонлардаги мол-дунёлари ва уруғ-аймоқлари билан мағрур бўлиб: “Оллоҳга яқин бўлганимиз, У бизни яхши кўргани учун бизларга мана шундай молу давлат ва уруғ-авлодларни берган демак, у ҳеч қачон бизни азобга гирифтор қилмайди”, деб даъво қиладиган жоҳил-кофир кимсаларга қарши Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло Унга яқин бўлиш, яъни, Унинг Раҳмат ва Ризосига эришишнинг йўли битта эканлиги - ким Ҳақ Динга иймон келтирса ва Оллоҳ таоло буюрган солиҳ амалларни қилса, фақат ана ўша инсонларгина иймон ва солиҳ амаллари билан У Зотга яқин бўлишлари ва қилган ҳар бир амал-ибодатлари учун Яратган томонидан неча-неча марта (ўн мартадан етти юз мартагача) зиёда қилиб бериладиган ажр-мукофотларга эришишлари ҳамда абадул-абад жаннатлардаги қароргоҳларида тинч-омон бўлишлари ҳақида хабар беради.
Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришиш бахтига муваффақ бўлган мўминларга жаннатларда тайёрлаб қўйилган хос хонаю қасрлар ҳақида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Албатта жаннат аҳли ўзаро бирлари бирларидан юксак мақомларда бўлганлари сабабли ўзларидан юқоридаги хоналарнинг - қасрларнинг эгаларини худди сизлар уфқнинг шарқ ё ғарбидан ўтгувчи ёруғ юлдузларни кўрганларингиз каби кўрурлар”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у қасрлар пайғамбарларнинг манзилларику, улардан бошқалар бундай даражага ета олмайди-ларку”, дейишган эди, айтдилар: “Йўқ, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у қасрларнинг эгалари Оллоҳ таолога иймон келтирган ва Унинг элчи-пайғамбарларини тасдиқ этган кишилардир!” (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, жаннатда шундай хоналар борки, уларнинг ичидан сирти, сиртидан ичи кўриниб туради”, дедилар.
Шунда бир аъробий (саҳройи араб) туриб: “Улар кимларники, ё Расулуллоҳ?” деган эди, айтдилар: “У хоналар пок-тўғри сўзни сўзлаган, муҳтожларни таомлантирган, рўза тутишда бардавом бўлган ва тунда, одамлар уйқудалик пайтларида бедор бўлиб, Оллоҳ учун намоз ўқиган киши-ларникидир”. (Термизий ривояти, “Тафсири Қуртубий”дан).
38. Бизнинг оятларимизга (қарши) елиб-югуриб енгмоқчи бўл-диган кимсалар - улар азобга ҳозир қилингувчидирлар.
Яъни, Бизнинг оятларимизни ёлғон деб ноҳаққа чиқаришга, Дин таълимотини рад этишга уринган, одамларни Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга иймон келтиришдан тўсмоқчи бўлган ва ўзларича Бизни ожиз қолдириб, Ҳукмимиздан қутулиб кетишни ўйлаб хомтама бўлиб юрган кофир-золим кимсалар эса, шак-шубҳасиз, тинимсиз ловуллаб ёниб турадиган дўзахнинг мангу эгаларидир - ҳеч қачон ундан қутулиб чиқа олмаслар. Ундай бадбахт кимсалар ҳақида бошқа бир оятда шундай хабар берилган: “Кофир бўлган ва (одамларни) Оллоҳ Йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз”. (Наҳл сураси, 88-оят).
Юқоридаги оятларда Тўғри Йўлга юрмаган ва Ҳақ Динни қабул қил-маган кофир-мушрик кимсалар Қиёмат Кунида гирифтор бўладиган азоб-укубатлар зикр қилингач, энди ушбу ояти каримада ўзи кофир бўл-ганидан ташқари бошқаларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан тўсган кимсаларни Охират диёрида қандай жазо кутаётгани ҳақида хабар берилади. Ҳақ таоло аниқ ва қатъий огохдантирадики, кимда-ким Оллоҳ ва Унинг Элчи-си Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга кофир бўлса ва бу мудҳиш жинояти устига ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан - Дини Исломдан тўсиш билан иккинчи мудҳиш жиноятни ҳам қиладиган бўлса, ундай кимсалар Ер юзида бузғунчилик қилганлари учун Қиёмат Кунида албатта икки баробар азобга гирифтор қилинадилар. Оллоҳ таоло у жи-ноятчи кофирларга азобни қай тарзда зиёда қилиши мана бу ҳадиси ша-рифдан аён бўлади: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта дўзах аҳли унинг иссиғига чидай олмай дўзахдаги саёзроқ жойга интиладилар. Бас, ўша жойга етишганида, уларни худди қора хачирлар каби улкан чаёнлар ва гўё узун бўйинли баҳайбат туялардек илонлар кутиб олиб, аёвсиз чақа бошлайдилар. Мана шу уларга азоб устига азобнинг зиёда қилиниши-дир!” (Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилганлар. “Тафсири Мунийр”дан).
39. Айтинг: «Албатта Парвардигорим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, (Оллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У энг яхши Ризқ бергувчидир.
Ушбу ояти карима тафсирида қатор ҳадислар ворид бўлган: Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло: “Инфоқ-эҳсон қилгин, Мен ҳам сенга инфоқ қилурман”, деди”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).
Яна Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда албатта икки фаришта ерга тушиб, улардан бири: “Оллоҳим, инфоқ қилгувчига (қилган инфоқ-эҳсонининг) ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчи фаришта: “Оллоҳим, бахиллик қилгувчининг молини йўқ қилгин”, деб дуо қиладилар”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Садақа молни камайтирмайди; Оллоҳтаоло бандага у бировларни афв қилиб кечириб юборгани сари албатта иззатни - ғолибликни зиёда қилаверади; қай бир банда Оллоҳучун тавозуъ қилса - ҳокисор бўлса, албатта Оллоҳ таоло уни кўтаради - обрў-мартабасини баланд қилади”. (Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).
40-41. (Эсланг, Оллоҳ) уларнинг (яъни, мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сунгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?», дейдиган Кунда; (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг Дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар.
Ушбу оятлар мазмунидаги оятлар Фурқон сурасида ҳам келган ва ала-қадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди: “(Оллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни) ҳам, улар Оллоҳни қўйиб ибодат қиладиган нарсаларни ҳам тўплаб (у бутларга): «Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнинг ўзлари (Тўғри) Йўлдан оздиларми?», дейдиган Кунда; Улар дерлар: «Эй Пок Парвардигор, бизлар учун Сендан ўзга бирон дўст тутиш жоиз бўлган эмасдир (бас, қандай қилиб ўзгаларни бизга бандалик қилиб сиғинишга мажбурлаб йўлдан оздирайлик)?! Лекин Сен уларни ва ота-боболарини (узоқ умр ва мўл-кўл ризқу рўз билан шундай) фойдалантирдингки, ҳатто улар (Сени) эслашни ҳам унутдилар ва ҳалок бўлгувчи қавм бўлиб қолдилар”. (Фурқон сураси, 17-18-оятлар).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло жамийки халойиқ бир буюк майдонга - маҳ-шаргоҳга тўпланадиган Қиёмат Кунидан бир лавҳани - ҳаёти дунёда Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга нарса ва кимсаларга сиғиниб ўтган мушрик ким-салар ва уларнинг маъбудлари рўбарў қилинганларида бўладиган савол-жавобни зикр қилади. Ояти карима очиқ ва равшан далолат қилишича, ўша Кунда Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсалар ўзлари учун илоҳ қилиб олган малоикалардан, Ийсо ва Узайр алайҳимас-саломдан, бут-санамлардан, уларни тилга киритиб, шунингдек, фиръавн каби ўзларини илоҳ деб эълон қилган подшоҳлардан: “Менинг анави бандаларимни сизлар йўлдан оздирдингизларми ёки уларнингўзлари (Тўғри) Йўлдан оздиларми?” деб сўрайди.
Шунда мушриклар илоҳ қилиб олган кимсалар ва нарсаларнинг барчаси бир овоздан: “Эй Пок Парвардигор, биз учун ҳеч бир ҳолда Сендан ўзга бирон нарса ёки кимсани дўст тутиш дуруст бўлган эмас-ку, демак, бошқа бирон кимса учун ҳам Сендан ўзгага сиғиниш-ибодат қилиш жоиз эмасдир. Бас, биз уларни ҳеч қачон бизларга ибодат қилинглар, деб даъ-ват қилган эмасмиз, бу ишни уларнинг ўзлари бизнинг амримизсиз ва розилигимизсиз қилдилар, биз уларнинг ўзларидан ҳам, келтирган ширкларидан ҳам безормиз. Чунки биз Сендан ўзга бирон Дўсти Мададкор йўқ, деб эътиқод қилиб туриб қандай қилиб бошқаларни ширк келтиришга чақирамиз. Йўқ асло ундай қилмаганмиз, лекин Сен Ўзинг уларга ва ота-боболарига шундай неъматларни ато этдингки, улар ноз-неъмат ва роҳат-фароғатга ботиб қолдилар, натижада Сен элчиларинг орқали нозил қилган Тўғри Йўлни бутунлай унутиб кўйдилар ва аста-секин ҳалок бўлгувчи қавмга айланиб қолдилар”, деб жавоб беришади.
Ўрганаётганимиз оятларда жуда кўп инсонлар малъун иблис ва унинг уруғидан тарқаган жинларга сиғинишлари, малоикаларга сиғинишлари эса, ана ўша жинларнинг: “малоикалар Оллоҳнинг қизлари, ким малоикаларга сиғинса, малоикалар уларни Оллоҳнинг олдида шафоат қиладилар”, деган васвасаларига ишонганликларидан эканлиги айтилади.
42. Энди Бу Кунда бировингиз бировингизга фойда ҳам, зиён ҳам етказишга қодир бўлмас ва Биз золим бўлган кимсаларга: «Сизлар ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз», дермиз.
Яъни, эй мушрик-кофир кимсалар, Бу Кунда - Рўзи Қиёматда энди сизлардан ҳеч ким бир-бирига ёрдам бера олмайди, яъни, Оллоҳ таолога шерик деб билиб сиғинган бут-санамларингиз сизларни шафоат қила олмайдилар ёки улар сизларга бирон зиён етказишга ҳам қодир эмаслар. Балки Ёлғиз Молики ёвмиддин - жазо Кунининг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолонингЎзи сизларнинг жазойингизни беради “ва Биз золим бўлган ким-саларга: “Сизлар ёлғон деган дўзах азобини тотиб кўрингиз”, дермиз.
Бу бениҳоя оғир сўзларни дўзах аҳлига дўзах посбонлари бўлган фа-ришталар айтадилар ва бундан дўзахилар у жойда ҳам чидаб бўлмас азоб билан, ҳам кўтариб бўлмайдиган оғир сўзлар билан хўрланишлари ва ҳаёти дунёда қилган зулмларига - Ёлғиз Ҳақ таолога ибодат қилиб Ҳақ Йўлга юриш ўрнига ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-ҳайкалларга сиғиниб ўтганларига яраша жазоларини олишлари маълум бўлади.
43. Қачон уларга Бизнинг аниқ-равшан бўлган оятларимиз тиловат қилинса, улар: «Бу, (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом ҳеч ким эмас), фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган бутлардан тўсмоқчи бўлган бир кимсадир», дерлар ва «Бу (яъни, Қуръон) эса фа-қат тўқиб олинган бўҳтондир», дерлар. Яна кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат - Куръон келган вақтида у ҳақда «Бу фақат очиқдан-очиқ сеҳр», дедилар.
Яъни, қачонки мушрик кимсаларга Оллоҳ таолонинг ҳеч қандай ше-риги йўқлигини, Ёлғиз У Маъбуди Барҳақ эканини ва Унинг элчи - пайғамбарлари ҳақ ва ростгўй инсонлар эканликларини очиқ-равшан баён қилиб берадиган Қуръон оятлари ўқиб берилса, ушбу Ҳақ Сўзни қабул қилиш ўрнига уларнинг юзларида норозилик ва инкор аломатлари зоҳир бўлади, қалблари ғазабга тўлади, ҳатто уларга Оллоҳ таолонинг оятларини - Илоҳий ҳужжатларни ўқиб-етказаётган кишиларни тўсиб-тўхтатиш учун тиллари ва кўллари билан ҳамла қилмоқчи бўладилар.
Бу уларнинг қалблари жаҳолат, саркашлик ва куфр билан тўлиб тошганининг белгисидир. Улар бамисоли кўзи очилиб қолишидан кўрққан кўр каби қалбларига иймон нури кириб қолишидан кўрқадилар, бедаво дард-га йўлиққан ва тузалишни истамайдиган бемор каби ҳеч қандай муолажани қабул қилмайдилар. Балки, аксинча мушрик кимсалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилиб: “Бу, (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом ҳеч ким эмас), фақат сизларни ота-боболарингиз ибодат қилиб ўтган бутлардан тўсмоқчи бўлган бир кимсадир», дерлар ва «Бу (яъни, Қуръон) эса фақат тўқиб олинган бўҳтондир», дерлар. Яна кофир бўлган кимсалар уларга Ҳақиқат - Қуръон келган вақтида у ҳақда «Бу фақат очиқдан-очиқ сеҳр», дедилар”.
44. Ҳолбуки, (илгари) Биз уларга ўқиб-ўрганадиган Китоблар ато этган эмасмиз ва уларга Сиздан аввал бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам юборган эмасмиз.
Яъни, у мушрик кимсалар бундай сўзларни қандай асос билан сўзламоқдалар?! Қандай ҳужжат билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилмоқдалар, Қуръони Карим оятларини “тўқиб олинган бўхтон, очиқдан-очиқ сеҳр”, демоқдалар?!
Ахир Биз уларга мана шу Қуръонни нозил қилишдан илгари бирон-бир китоб туширмаган эдикку ва Сиздан (яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан) аввал уларга бирон-бир огоҳлантиргувчи пайғамбар юбормаган эдикку! Ахир улар эмасмиди, “агар бизга ҳам бирон огоҳлантиргувчи пайғамбар келганида эди, албатта биз бошқа умматлардан ҳидоят топгувчироқ бўлар эдик”, деб қасамлар ичадиган! “(Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишла-ри ҳақида Оллоҳга жон-жаҳдлари билан қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, (бу) уларни янада (Ҳидоятдан) узоқлаштирди, холос”. (Фотир сураси, 42-оят).
45. Улардан илгари (ўтган) кимсалар ҳам (ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларни) ёлғончи қилган эдилар - Хрлбуки, (Макка муш-риклари) Биз уларга ато этган неъматларнинг ўндан бирига ҳам ет-ганлари йўқ.- Бас, ўшалар Менинг пайғамбарларимни ёлғончи қилганларидан сўнг, Менинг инкорим қандай бўлган эди?!
Яъни, мушриклар Қуръон оятларини тушунишга ҳаракат қилмасдан ва ундаги ҳикматлар ҳақида тадаббур-тафаккур қилмасдан туриб, бу Улуғ Каломнинг мағзи-моҳиятини англамасдан, билмасдан туриб, шошма-шо-шарлик билан уни “ёлғон” дедилар. Агар улар ақлли, фаросатли кишилар бўлганларида аввало Қуръонни шошмасдан ўрганишлари, унда келтирил-ган ҳужжат-далилларни, берилган хабарларни адолат ва инсоф билан фикр-мулоҳаза қилиб кўришлари ва шундан кейингина уни рост ёки ёл-ғон деб ҳукм чиқаришлари керак эди. Аммо кофир кимсалар бундай қил-мадилар. Улар Қуръони Азимни, назми-лафзи жиҳатидан ҳам, маъно-мазмуни жиҳатидан ҳам, ғайб олами ҳақида берган хабарлари жиҳатидан ҳам, барча-барча жиҳатдан мўъжиз - барча одамларни ожиз қолдиргувчи Азиз Китобни ҳеч ўйламасдан “ёлғон” дейишга шошдилар. Ахир улар Қуръон назмидаги беназир буюкликни, фасоҳат ва балоғатни, бирор кимса унинг бир сурасига ўхшаган сўзни айта олмаслигини кўриб-билиб, хоҳласалар-хоҳламасалар тан олиб турар эдиларку! Ахир улар Қуръон маъносидаги беқиёс теранликка, унинг ҳар бир калимаси остида тенгсиз, бутун бир китобга сиғмайдиган чуқур маънолар мужассам эканига гувоҳ эдиларку! Ахир улар Қуръонда берилган ғайб ҳақидаги хабарлар рўёбга чиқадими-йўқми деб бироз кутсалар ва шунга қараб ҳукм чиқарсалар бўлар эдику?! Йўқ, кофир кимсалар бундай қилмадилар-да, ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, фақат Қуръон уларнинг ва ота-боболарининг мудҳиш хато-ларини кўрсатгани учун - улар сиғинаётган бут-санамлар ҳеч қандай илоҳ эмаслигини, Ёлғиз Илоҳ Оллоҳ субҳонаху ва таоло эканлигини очиқ айтгани учун Қуръонни “ёлғон” дедилар. Бу ишлари билан улар ўзлари-нинг ҳақиқий жоҳил, нодон ва ақлсиз кимсалар эканликларини кўрсатди-лар. Аммо улар ўз жонларига жабр қилган золимларнинг биринчиси эмас эдилар. Илгари ҳам уларга ўхшаган золимлар, Ҳақиқатни тан олмасдан “ёлғон” деган кофирлар ўтган ва қилмишларига яраша оқибат-жазога ду-чор қилинган эдилар: “Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан уш-ладик. Бас, уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида даҳшатли қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) ким-салар ҳам бордир, улар орасида Биз Ерга ютдириб юборган кимса-лар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар”. (Анкабут сараси, 40-оят ). “Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввалги (ўз пай-ғамбарларини ёлғончи қилиб иймонсиз кетган) кимсаларнинг оқибат-лари қандай бўлганини (улар қандай қисматга йўлиқишганини) кўрса-лар бўлмайдими?! Ҳолбуки, улар (Макка мушрикларидан) кўра кўпроқ ҳамда куч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган (молу дунёлари ҳам, куч-кувватлари ҳам) асқотгани йўқ”. (Ғофир сураси, 82-оят ).
46. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: «Мен сиз-ларга фақат биргина нарсани - Оллоҳ учун жуфт-жуфт ва ёлгиз-ёлғиз ҳолингизда туриб, сўнгра (Муҳаммад алайҳис-салом ва у келтирган Китоб ҳақида) тафаккур қилишингизни панд-насиҳат қилурман. Соҳибингизда (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломда) ҳеч қандай жинни-лик йўқдир. У фақат қаттиқ азоб олдидан сизларга (юборилган) бир огоҳлантиргувчи (Пайғамбардир), холос».
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчисининг тили билан у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини инкор этаётган ва ҳали сеҳргар, ҳали мажнун деб тухматлар қилаётган Макка мушрикларига буюрадики, сизлар тўп-тўп бўлиб олиб Муҳаммад алайҳис-салом ва унга нозил бўлаётган оят-лар ҳақида билиб-билмай ҳар-хил уйдирмалар тўқийвермасдан икки киши-икки киши бўлиб, ёки ёлғиз-ёлғиз ҳолларингизда туринглар-да, қуруқ баҳс-мунозара қилиш учун эмас, Оллоҳ ризоси учун холис бир тафаккур қилиб кўринглар-чи, сизлар у кишидан (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломдан) бир марта бўлса ҳам ёлғон сўзлаганини эшитганми-сизлар ёки унинг сеҳргарлик қилганйни кўрганмисизлар ёхуд унда жу-нун аломатларини сезганмисизлар? Ахир сизлар унинг бирон кимсага шогирд тушиб илм ўрганмагинини, китоб ўқий олмаслигини жуда яхши биласизларку! Бовужуд, сизлар ҳаммаларингиз тўпланган ҳолларингиз-да ҳам у келтирган бирон сурага ўхшаган нарсани келтира олмасликли-рингиз ҳам ўзларингизга маълумку! Шуларнинг ҳаммасидан унинг ростгўй инсон ва ҳақ Пайғамбар эканлиги очиқ-ойдин кўриниб туриб-дику! Бас, нима сабабдан Ҳақ Сўзни ва Ҳақ Пайғамбарни тан олмасдан, унга иймон келтирмасдан қайсарлик қилмоқдасизлар?! “Соҳибингизда ҳеч қандай жиннилик йўқдир. У фақат (Охиратда бошингизга туши-ши муқаррар бўлган) азоб олдидан сизларга юбрилган бир огоҳлан-тиргувчи Пайгамбардир, холос”,
Икки шайх (Бухорий ва Муслим) Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилдилар. У деди: “Қачонки “Ва яқин қариндош-уруғларингиз-ни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!” ояти нозил бўлгач, Пай-ғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам Сафо баландлигига кўтарилдилар-да: “Эй бани Феҳр, эй бани Адий”, деб Қурайш қабиласидан бўлган уруғ-ларини чақира бошладилар ва улар тўплангач: “Айтинглар-чи, агар мен сизларга “анави водийда отлиқ лашкарлар бор, улар сизларнинг устин-гизга бостириб келмоқчилар”, деб хабар берсам, менга ишонасизларми?” деган эдилар, тўпланганлар: “Биз сенинг бирон марта ёлғон гапирганинг-ни билмаймиз”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва сал-лам: “Билингларки, мен сизлар учун қаттиқ азоб олдидаги огоҳлантир-гувчидирман”, дедилар.
Бу сўзларни эшитган Абу Лаҳаб: “Қуриб кетгур, бизларни мана шуни айтиш учун тўпладингми?!” деган эдики, “Абу лаҳабнинг қўли қуригай - ҳалок бўлгай! (Аниқки), у қуриди - ҳалок бўлди!” (Масад сураси, 1-оят) ояти нозил бўлди”. (“Ал-Мук,татаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
47. Айтинг: «Мен сизлардан сўраган бор ажру-мукофот ўзларин-гизга бўлсин (яъни, мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим Ёлғиз Оллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага Гувоҳдир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрик-кофир кимсаларга ай-тинг: “Мен зиммамдаги элчилик вазифамни адо этишда - сизларга Оллоҳ таолонинг Каломини, Ҳақ Динини етказишда бу меҳнатим учун сизлар-дан ҳеч қандай ҳақ талаб қилган эмасман. Агар фаразан сизлардан бирон-бир нарса сўраган бўлсам, ўша нарса ўзларингизники бўла қолсин. Мен фақат Ҳақ таоло ҳузуридаги ажр-мукофотга сазовор бўлиш учунгина сизларни Ҳақ Йўлига даъват этмоқдаман, холос. Унинг Ўзи ҳар бир нарса устида Гувоҳдир.
Унинг назаридан ҳеч бир иш, жумладан, менинг сизларга қилаётган холис, беминнат даъватларим ҳам пинҳон эмасдир. Бас. У албатта барча-барчани қилган яхши ёки ёмон амалига яраша мукофотлар ёки жазосини берар.
48. Айтинг: «Албатта Парвардигорим Ҳақ - Қуръонни (ботил -жаҳолат устига) отур. (У) ғайбларни аниқ Билгувчидир».
Ушбу ояти кариманинг энг яхши тафсири Анбиё сурасида келган мана бу оятдир: “Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан Покдирмиз), Биз Ҳақ-Куръонни ботил-ёлғоннинг устига отурмиз, бас, (Ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлгувчидир. Сизлар учун эса, (эй муш-риклар, Оллоҳни «Хотини, боласи бор», деб нолойиқ сифатлар билан) си-фатлаганларингиз сабабли вайл - дўзах бўлур”. (Анбиё сураси, 18-оят).
Яъни, йўқ, Бизнинг ишимиз хотин ва фарзанд тутиб, улар билан ўйин-кулги, вақтичоғлик қилиш эмасдир, балки Бизнинг ишимиз жиддийликни беҳуда-ботил ўйин-кулги устидан ғолиб қилишдир, Ҳақиқат билан ботил-ёлғонни эзиб йўқ қилишдир. Шунинг учун Биз сизларнинг: “Оллоҳнинг хотини бор, боласи бор”, деб келтираётган ширкларингиз - ботил сўзла-рингиз устига Ўзимизнинг ҳар қандай айбдан, жумладан, хотин ва фар-занд тутиш, улар билан вақтичоғлик қилиш нуқсонидан ҳам пок эканли-гимиз хусусидаги Ҳақ Ҳужжатни отурмиз, бас, у гумонларингиз Ҳақиқатга қарши тура олмай парча-парча бўлиб кетар - йўқ бўлар. Аммо сизлар учун ҳар қандай айбу нуқсондан Пок бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони ноло-йиқ сифатлар билан сифатлаганларингиз сабабли вайл - дўзах бўлур.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Вайл жаҳаннам қаъридаги бир олов водийсидир”.
“(У) ғайбларни аниқ Билгувчидир”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло ғайб оламларини - ҳеч бир инсон кўра ол-майдиган, эшита олмайдиган, умуман ҳис қила олмайдиган ва ақл-фаро-сати билан идрок эта олмайдиган нарсаларни ҳам жуда яхши Билгувчи-дир. Бас, Унинг Илоҳий назаридан ҳеч бир нарса ёки воқеа-ҳодиса яши-рин эмасдир.
49. Айтинг: «Ҳақ - Қуръон келди (ва ботил - динсизлик йўқ бўлди. Энди) ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизлик-ни) қайтара ҳам олмас».
Юқоридаги ояти каримада Ҳақ таоло Ҳақ - Қуръонни жаҳолат устига отиши ҳақида келгуси замон феъли билан хабар бергач, ушбу оятда мазкур Ҳақиқат келгани, энди Ҳақ Дини Ислом, Ҳақ Каломуллоҳ ва Тавҳид -Танҳо Оллоҳга ибодат қилиш Ер юзига тарқалиши ва барча диллардан ғолиб бўлиши аниқ эканлиги ҳақида, энди Ҳақ таоло бошқа ботил динларни албатта мағлуб қилиб, улар аста-секинлик билан ўчиб-унутилиб кетишлари ва ҳеч қачон қайтадан куч олиб аввалги шаън-шавкатларини тиклай олмасликлари ҳақида хушхабар беради.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розяллҳу анхудан ривоят қилинди: “Макка Фатҳ қилинган кунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам шаҳарга кирганларида Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. Бас, қўлла-ридаги асолари билан у бутларни бирин-кетин уриб, йиқитар эканлар, “Ҳақиқат келди ва ботил йўқ бўлди: “Ҳақиқат келди (ва ботил йўқ бўлди. Энди) ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизлик-ни) қайтара ҳам олмас”, (Сабаъ сураси, 49-оят) дер эдилар. Бас, барча бут-тар йиқитилиб, юз тубан ҳолда ерга ташланди, фақат Хузоа қабиласининг Каъба устига тикланган, мисдан ясалган бутигина қолди. Шунда Пай-ғамбар алайҳис-салом: “Эй Алий, уни Каъба устидан улоқтиргин”, деди-лар. Бас, Алий розияллоҳу анҳу Каъба устига чиқиб, у бутни ерга ташлаб синдириб юборди. (“Танвийрул-азҳон”тафсиридан).
50. Айтинг: «Агар мен (Ҳақ Йўлдан) озсам - адашсам, бас, фақат ўзимнинг зиёнимга адашурман ва агар (Тўғри Йўлга) ҳидоят топсам, у ҳолда фақат Парвардигорим менга ваҳий қилаётган (Қуръон) са-бабли (ҳидояттопурман). Шак-шубҳасиз, У Эшитгувчидир, Яқиндир».
Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни маломат қилиб: “Эй Муҳаммад, сен ота-боболарингнинг динини тарк этганинг сабабли йўл-дан оздинг”, дейишар эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига таълим бериб, буюради: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизни “йўлдан оздинг” деб айб-лаётган ўша мушрикларга айтинг: “Агар мен сизлар даъво қилаётганин-гиздек йўлдан озган-адашган бўлсам, бунинг зиёни фақат ўзимга тегур, аммо мен ҳидоят Йўлини топган бўлсам, - шундай эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳам йўқдир - бунинг сабаби, Парвардигорим менга ваҳий қилиб юбораётган Қуръон оятларидирки, ким Оллоҳтаоло нозил қилган оятлар-га қулоқ солиб, итоат этса, албатта Тўғри Йўлни топар. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Ҳақ таоло ҳамма нарсани, жумладан, сизларни сўзларингизни ҳам, менинг айтганларимни ҳам Эшитгувчидир, жуда Яқин Зотдир, айт-ган сўзларимиз учун албатта жазолагувчидир.
51. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз (мушрик-кофирларни) даҳшатга тушиб, қочгани жой топа олмай қолган ва яқин бир ма-кондан (дўзахга ташлаш учун) тутиб кетилган пайтларида кўрганин-гизда эди!
Ушбу ояти каримадан бошлаб сура ниҳоясигача сўз Қиёмат Кунида кофирларнинг бошларига тушиши муқаррар бўлган азоб-уқубат ва улар-нинг вақт ўтганидан кейин қиладиган беҳуда афсус-надоматлари ҳақида боради. Ояти каримада хабар берилишича, У Кунда дунёдаги ҳаётларини динсизлик билан ўтказган кимсаларнинг барча-барчаси тўсатдан, ўта қўрқинчли суратда қабрларидан чиқарилиб, ловуллаб ёнаётган дўзахнинг ёнгинасида қатор қилиб тизиб қўйилганларида бениҳоя даҳшатга тушиб, Оллоҳ таолонинг азобидан қочиб қутулгани бирон жой топа олмай қола-дилар ва жазо фаришталари улардан ҳар бирининг пешоналаридан ту-тиб, жуда яқин жойдаги дўзахга улоқтирадилар!
52. (Ўша Кунда) улар: «(Қуръонга ва Муҳаммад алайҳис-саломга) иймон келтирдик», дедилар. (Улар агар ҳаёти дунёда иймон келтир-ганларида қабул қилинган бўлур эди, аммо энди) йироқ бир макондан (Охират диёридан туриб иймон ва тавба-тазарруъга) қўллари қандоқ етсин?!
Яъни, кофир кимсалар Оллоҳ таоло улар учун тайёрлаб қўйган азобни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейингина “иймон келтирдик - Қуръон Каломуллоҳ эканига, Муҳаммад алайҳис-салом ҳақ Пай-ғамбар эканига ишондик”, дедилар. Аммо уларга ҳаёти дунёда иймон келтириш буюрилган эди, иймон келтирмасдан кофир ҳолларида дунё-дан ўтдилар ва энди мўмин-мусулмон бўлиш, қилган гуноҳларига тав-ба-тазарруъ қилиш маконидан жуда-жуда олислаб кетдилар. Бас, бу жойда - тавба эшиклари ёпилган, барча қилмишларига адолатли жазо оладиган Қиёмат Кунида қандоқ қилиб ҳаёти дунёда қўлларидан чи-қарган иймон келтириш ва тавба-тазарруъ қилиш саодатига эриша олсинлар?! Йўқ, энди уларнинг қўллари жуда қисқа, афсус-надоматла-ри мутлақо бефойдадир!
53. Ҳолбуки, улар илгари (ҳаёти дунёда) унга кофир бўлган эди-лар! Ҳолбуки, улар йироқ бир макондан гайбга (Охиратга тош) отар эдилар!
Яъни, қандоқ қилиб улар Охиратда иймон эгалари бўлсинлар, ҳолбуки дунёдаги ҳаётларида Ҳақ Динга кофир бўлган, ҳақ Пайғамбарни ёлғончи қилган ҳолда ўтган бўлсалар, узоқ жойдан туриб ғайбга тош отиб, яъни, ҳеч қандай далил-ҳужжатга эга бўлмай туриб худди қоронғуга қараб тош отгандай Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга туҳмат тошларини отиб у зотни гоҳо шоир десалар, гоҳо коҳин-фолбин деб, бир сеҳргар де-салар, бир мажнун деб, Қуръонни эса, ҳали сеҳр, ҳали шеър, ҳали тўқилган ёлғон деб, Охират ҳақида бўлса, ҳеч қандай қайта тирилиш йўқ, жаннат, дўзах деган нарсалар қуруқ сафсата, ҳеч қандай ҳисоб-китоб, сўроқ-савол бўлмайди, биз ҳеч қандай азобга гирифтор бўлмаймиз деб ўтган бўлса-лар?! Энди, вақт ўтганидан кейин келтирган иймонлари қандоқ қабул бўлсин?!
54. (Йўқ, энди) худди улардан илгари (ўтган) ҳаммаслакларига қи-лингани каби улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, тавба-нинг ва иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди, Зеро, улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида то ўлгунлари-ча) шак-шубҳа остида эдилар.
Йўқ, бу Кун энди динсиз кимсалар қанчалар ялиниб-ёлвормасинлар, дуо-илтижолар қилмасинлар, қабул қилинмас! Бутун умрларини иймон-эътиқодсиз, турли хурофот ва шубҳа-гумонлар билан совуриб юборганла-ри сабабли бу Кун улар ўзлари истайдиган барча нарсадан - тавба қилиб иймон келтиришдан ҳам, қайтадан дунёга келиб солиҳ амаллар қилиш-дан ҳам, олдиларида турган дўзах азобидан қочиб қутулишдан ҳам тўсиб қўйилдилар!
Бас, Ҳақ таоло уларга: “Мана энди ҳаёти дунёда кофир бўлиб ўтганин-гиз сабабли азобни тотиб кўрингиз!”, дейди.
Яъни, “Энди қиладиган надомат ва тавбаларингизнинг, иқрор-у, эъти-рофларингизнинг, ичадиган қасамларингизнинг заррача фойдаси йўқ, энди сизлар учун фақат азобни тотмоқ - бирон лаҳза тўхтамайдиган ман-гу азобда азобланмоқ бор, холос!” деб Танҳо Ҳоким Ўзининг ҳеч қачон ўзгармайдиган Илоҳий Ҳукмини эълон қилади.
Кофир, мушрик ва мунофиқ кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволла-рини ўта жонли ва таъсирли тарзда тасвирлаб берган мазкур оятлар ҳар бир ақлли инсон учун ҳали тавба эшиклари ёпилмасдан туриб Ҳақ таоло-га иймон келтириб, солиҳ амаллар қилиш учун шошилиш кераклигини уқтиргувчи Илоҳий Даъватдир.
Оллоҳ таоло ушбу сатрларни ўқиётган ҳар бир китобхонни - барчамизни бутун ҳаётимизни чин мўмин-мусулмон ҳолда ўтказиб, Қиёмат Кунида, Яратганнинг даргоҳида юзларимиз ёруғ бўлишини насиб этсин.
Алҳамдулиллоҳ, Ҳақ таолонинг мадади билан Сабаъ сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.