Маккада нозил бўлган бу сура бир юз саксон икки оятдир.
Иймон-эътиқод ва ундан етадиган фойдалар, куфру-исён ва унинг зиёнлари ҳақида сўзловчи ушбу сурайи карима аввалида Оллоҳ таолонинг Амру Фармонига мудом мунтазир бўлиб турадиган зотлар ҳақида зикр қилинади.
Сўнгра жинлар тўғрисида сўз юритилиб, айрим нодон кимсаларнинг «Жинларнинг Оллоҳга яқинлиги бор», деган афсоналари кескин рад этилади.
Ушбу сурада Охират ҳаёти - жаннат аҳли мушарраф бўлган бахт-саодат, дўзахилар дучор этилган азоб-укубат ҳақидаги жуда жонли лавҳалар мазкурдир.
Шунингдек, бу сурада ҳам Оллоҳ таолонинг бир неча пайғамбарларининг қиссалари баён қилинади ва уларнинг барчалари «чиройли амал қилгувчи» бандалар бўлганликлари уқтирилади. Хусусан Ибро-ҳим алайҳис-салом Оллоҳ таоло томонидан ўз ўғиллари Исмоилни қурбон қилишга буюрилиши ва уларнинг ҳар иккиси Яратганнинг Амрига қулоқ қоқмай итоат этган чоғларида, Оллоҳ таоло жаннатдан бир қўчқор тушириб, Исмоил алайҳис-салом ўрнига ўшани сўйишга буюргани хусусидаги хабар билан иймон ва имтиҳон ҳақида ибратли мисол келтирилади.
Қуръони Каримдаги бир неча сураларни Оллоҳ Ўзи яратган айрим махлуқоти номига қасам билан бошлайди. Ушбу сура ҳам Яратганнинг барча буйруқларини дарҳол адо этиш учун саф тортиб турадиган нурдан яралган малоикалари номига қасам билан бошлангани сабабли у «Вас-саффот - Саф тортиб тургувчиларга қасам», деб аталгандир.
Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан
1-2-3-4. (Оллоҳ Йўлида туну кун) саф тортиб тургувчиларга, (Оллоҳнинг бандаларини гуноҳ йўлларидан) мудом тўсгувчиларга, (Оллоҳнинг) Эслатмасини - Қуръонни доимо тиловат қилгувчиларга қасамки, ҳеч шак-шубҳасиз, сизларнинг Илоҳингиз Танҳо Илоҳдир.
Сурайи карима аввалида Ҳақ таоло Нурдан яратган махлуқоти бўлмиш малоикалари номи билан қасамёд қилиб, жамийки инсонларга хитобан таъкид билан Ёлғиз Ўзи уларнинг Танҳо Илоҳи эканини айтади. Ушбу оятлар Макка мушрикларининг: “Муҳаммад шунча илоҳларни битта илоҳга айлантириб олибдими?!” деган сўзларига қарши айтилган Илоҳий раддиядир. (“Маолимут-танзийл”тафсиридан).
Уларда малоикаларнинг уч сифати - малоикалар кеча-ю кундуз камарбаста бўлиб, Оллоҳ таоло қандай вазифа буюрса дарҳол адо этиш учун саф тортиб туришлари, мудом одамларни хайрли амаллар қилишга илҳомлантириб, гуноҳ-маъсиятларга қадам босишдан тийиб туришлари ва ҳар доим Оллоҳ таолонинг Зикри - эслатмаси бўлмиш Қуръон оятларини тиловат қилишлари ҳақида хабар берилади.
Малоикаларнинг саф тортиб туришлари қандай бўлиши хусусида мана бу ҳадиси шарифда баён қилинган: Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга: “Сизлар ҳам намозларингизда малоикалар Парвардигорингиз ҳузурида сафланганлари каби сафланмайсизларми?” дедилар. Биз: “Малоикалар Парвардигор ҳузурида қандай сафланадилар?” деб сўраган эдик, у зоти бобаракот айтдилар: Улар аввалги сафларни тугаллаб, сўнг кейинги сафларни бошлайдилар ва сафда жипс ҳолда турадилар”. (Муслим, АбуДовуд ва Насоий ривоят ҳилганлар).
5. (У Зот) осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги бор нарсаларнинг Парвардигоридир. (У Зот) бор кунчиқар жойларнинг (ва бор кунботар жойларнинг) Парвардигоридир.
Яъни, Ер-у осмонлардаги ой-у юлдузлар, денгиз-дарёлар, тоғу тошлар, дов-дарахтлар, инсоният, ҳайвонот ва наботот ҳамда Ер-у осмон ўртасидаги ҳаво, қушлар ва фазодаги барча жонли-жонсиз нарсалар - буларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида оламлар бўлиб, уларни йўқдан бор қилгувчи Холиқи ва Танҳо Парвардигори - тарбия қилгувчи Эгаси Оллоҳтаолодир.
У Зот кунчиқардан кунботаргача мавжуд бўлган барча-барча мамла-катларнинг Танҳо Эгасидир.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг: “Оллоҳим, мен Сендан Оллоҳ деган Исминг билан сўрайман, Сен Битта-ю Биттасан, Танҳосан, Бениёзсан (яъни, ҳамма Сенга муҳтож-у Сен ҳеч кимга ва ҳеч нарсага муҳтож эмассан), Сен туғмаган ва туғилмаган, бирон кимса Унга тенг бўлмаган Зотдирсан,” деб дуо қилаётганини эшитдилар ва: “У Оллоҳ таолодан Унинг энг Улуғ Исми билан сўради, бу Исм билан сўралганида У Зот албатта ижобат қилади”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. “Танвийрул-азҳон”тафсиридан).
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ оятдаги «Воҳид - Танҳо» калимасини тафсир қилиб: «Оллоҳ ҳеч қачон бўлинмайдиган ва кўпаймайдиган Якка Ягона Зотдир», дейди. («Танвийрул-азҳон»дан).
6-7. Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни юлдузлар билан зеб-зийнатладик. Ва (уни) ҳар бир итоатсиз шайтондан - жиндан сақладик.
Яъни, Ердагиларга энг яқин бўлган қуйи осмонда кўриниб турадиган юлдузларнинг бир неча вазифалари бордир. Биринчидан улар Яратган томонидан само тоқига илиб қўйилган саноқсиз ва бири биридан гўзал қандиллар бўлса, иккинчидан бу юлдузлар Оллоҳ таоло малоикаларига буюрган Амр-Фармонларини ўғирлаб олмоқчи бўлган итоатсиз жин-шайтонларга отилиб, Ҳақ таолонинг ваҳийсини шайтонлардан ҳимоя қилиб турадиган қўриқчилардир.
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада яна ҳам очиқроқ айтилган: «Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз». (Мулк сураси, 5-оят).
8-9-10. У (жин)лар энг юксак мавжудотларни (яъни, фаришталарнинг сўзларини) ҳаргиз эшита олмаслар ва (ўша жинларни) ҳайдаш учун уларга ҳар томондан (юлдузлар) отилур. Улар учун (Охиратда) доимий азоб бордир. Магар бирон марта (бирон сўзни) илиб олган (жин) бўлса, уни ҳам учар юлдуз қувиб етар (ва ҳалок этар).
Замин инсонларнинг макони, осмон эса малоикаларнинг ошёнидир. Бу фаришталар «Оллоҳнинг аскарлари» саналиб, Оллоҳтаоло Ўзининг Ердаги бандалари хусусидаги Ҳукм-Фармонларини адо қилишни ана ўша фаришталар зиммасига юклагандир. Энди оламда учинчи бир тоифа - жинлар тоифаси ҳам борки, улардан айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб, Ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар. Мазкур оятларда уқтирилиши-ча, осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай шайтон-жинларга отилган ўқлардир.
Уммул-мўминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Албатта, фаришталар булутлар ичига тушиб, осмонда ҳукм қилинган иш ҳақида бир-бирларига зикр қилганларида, жинлар уларнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиб, Ердаги коҳинларга етказадилар. Бас, у коҳинлар жинлардан эшитганларига ўзларидан юзта ёлғонни кўшиб сўзлайдилар”. (Бухорий ривояти).
Жинлардан Қуръонга иймон келтирганлари ўзларининг илгари қилган қилмишлари ҳақида айтган сўзлари Қуръони Каримда зикр қилингандир: “Албатта бизлар (фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитиб олиш учун) осмонга тақилган эдик, унинг кучли қўриқчи (фаришта) лар ва (ўғри жинларга отилгувчи учар) юлдузлар билан тўла эканлигини кўрдик. Албатта бизлар (илгари осмондан айрим) жойларга (фа-ришталарнинг сўзларини ўғринча) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом Пайғамбар қилиб юборилганларидан кейин) эса, ким (яъни, қайси жин ўғринча) эшитар бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни кўрар. Албатта бизлар Ердаги кишиларга (Оллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғрилик - яхшиликни ирода қилганми, билмасмиз”. (Жин сураси, 8-10-оятлар).
Мазкур оятлардан маълум бўладики, Муҳаммад алайҳис-салом Пайғамбар қилиб юборилишларидан илгари, жоҳилият даврида жинлар осмон хабарларини ўғирлаб, айрим коҳин-фолбинларга етказиш билан машғул бўлар эканлар. Аммо Ислом дини келиб, Қуръон нозил бўла бошлагач эса, жинлар учун осмоннинг барча йўллари беркилган ва юқоридаги оятда жинларнинг ўзлари эътироф этганларидек, улар Оллоҳ Ердаги бандалари бўлмиш инсонларга нимани, яъни, яхшилик ё ёмонликни ирода қилишидан мутлақо бехабардирлар. Бас, жинлардан паноҳ тилаш ёки улардан нажот кутиш нодонликдан ўзга нарса эмасдир. Паноҳ ҳам, нажот ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидангина сўралиши лозим. Қуръон ушбу оятлари билан мўмин-мусулмонларни ҳар қандай ваҳму гумондан халос этади.
11. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қайта тирилишни инкор қиладиган кимсалардан) сўрангчи, улар(ни) яратиш қийинроқмикан ёки Биз яратган зотларними?! (яъни, фаришталар ва Еру осмондаги барча мавжудотни яратиш одамзотни яратишдан оғирроқ эмасми?!) Зотан, Биз уларни (яъни, инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳис-саломни) ёпишқоқ бир лойдан яратганмиз.
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада инсониятни қандай яратганини зикр қилиб, одамзотнинг асли ердан - мана шу ҳақир, оёқости тупроқдан қорилган лойдан эканини таъкидлайди: Гарчи Оллоҳ таоло биринчи инсон - Одам алайҳис-саломни тупроқдан, унинг авлодларини эса нутфадан - бир томчи сувдан яратган бўлсада, ояти каримада барча инсонларни тупроқдан яратганини айтади. Уламолар бу сўзни икки хил тафсир қилганлар. Биринчиси, барча инсонлар Одамдан тарқалгани, Одам эса тупроқдан яралгани учун инсон зоти тупроқдан яралган ҳисобланади, деган тафсир бўлса, иккинчиси, инсоннинг асли бўлган нутфа ердан униб чиққан нарсалар истеъмолидан ҳосил бўлгани эътибори билан ҳар бир инсон ердан - тупроқдан яралган ҳисобланади, деб тафсир қилинади.
Ҳар ҳолда ушбу иборадан одамзотнинг асли бошқа бирон жонивор эмаслиги маълум бўлганидек, инсонни жонсиз тупроқдан яратган Зот унга жон ва гўзал сурат бергани каби у вафот қилганидан кейин жонсиз жасадини қайта тирилтиришга ҳам Қодир экани маълум бўлади.
Зотан, мушрик-кофир кимсаларнинг ўзлари ҳам эътироф этиб турган-ларидек, Ер-у осмонлар ва уларда мавжуд бўлган бор жонли-жонсиз махлуқотни Оллоҳ таоло яратгандир, бинобарин, у буюк сайёралар, тоғу сахролар ва баҳайбат жонзотлар олдида жисман жуда кичкина бўлган инсон-ларни қайтадан яратиб уларга жон ато этиш У Зот учун жуда осон иш эканлиги ҳеч бахс талаб қилмайдиган очиқ ҳақиқатдир.
12. Йўқ, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (уларнинг қайта тирилишини инкор қилаётганларидан) таажжубдасиз, улар эса, (Сизнинг Охират ҳаёти ҳақидаги сўзларингизни) масхара қилиб кулмоқдалар!
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни тинглаган ҳар бир инсон Ҳақ Каломуллоҳ эканига иймон келтиради, унинг оятларида берилган хабарларни сўзсиз тасдиқлайди деб ўйлаганлари учун динсиз кимсалар Қуръонни эшитган вақтларида иймон келтириш ўрнига масхара қилиб кулганларини кўриб, қайта тирилиши ҳақ эканлиги ҳақида хабар берган оятларни инкор этаётганларини эшитиб тамоман лолу ҳайрон бўлиб қолган эдилар. Шунинг учун Ҳақ таоло ушбу оятларда Ўз Элчисига хитоб қилиб, тақдирларига бадбахтлик ёзиб қўйилган мушрик-кофир кимсаларнинг масхарабозликларидан ҳайрон бўлмасликни буюради ва бирин-кетин уларнинг кирдикорларини очиб беради.
13. Уларга (Қуръон оятлари билан) панд-насиҳат қилинса, панд-насиҳатни олмаслар.
Яъни, у бадбахт қавмнинг белгиларидан бири шуки, қачон уларга Қуръон оятлари тиловат қилиниб Ҳақ Йўл кўрсатилса, ўлганларидан кейин албатта қайта тирилишлари далил-исботлари билан айтилса, улар Яратганнинг Илоҳий панд-насиҳатларини қабул қилиш ўрнига ҳаддан ортиқ нодон ва бефаросат бўлганлари сабабли уни инкор этадилар ва бу Эслатмани уларга етказган Элчи устидан масхара қилиб куладилар!
14-15-16-17. Ва қачон (Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканлигингизга далолат қиладиган) оят-мўъжиза кўрсалар, (дарҳол иймон келтириш ўрнига) янада зиёдароқ масхара қилурлар. Ва: «Бу фақат очиқ-равшан сеҳрку. Бизлар ўлиб тупроқ ва суякларга айланиб кетган чоғимизда ростдан ҳам яна қайта тирилгувчи эканмизми?! Аввал (ўтиб кетган) ота-боболаримиз ҳам-а?!» дерлар.
Яъни, қачонки мушрик-кофир кмсалар Қиёмат кунида қайта тири-лиш ҳақ эканлиги баён қилинган оятларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитиб-билиб туриб у оятларга ишонмаганлари-дан кейин энди уларга Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига далолат қиладиган бир оят-мъжиза кўрсатилди. Ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳумо: “Бу мўъжиза осмондаги тўлин ойнинг иккига бўлиниши эди”, дейдилар. (“Маолимут-танзил’’тафсиридан). Дарҳақиқат, Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломга: “Эй Муҳаммад, агар сенинг “Мен Оллоҳнинг Пайғамбариман”, деган сўзинг рост бўлса, ана у ойни иккига бўлиб бергин”, дейишганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолога дуо қилиб сўрадилар ва ой ўртасидан иккига бўлиниб, осмонда иккита ой пайдо бўлди. Ҳамма-нинг кўз олдида содир бўлган бу Илоҳий мўъжизага нафақат малоикалар, балки Маккадан бир ойлик масофа нарида келаётган карвондаги тижоратчи савдогарлар ҳам гувоҳ бўлишди ва Маккага етиб келганларидан кейин шаҳарликлардан бундан роппа-роса бир ой олдин фалон куни кечаси ой иккига бўлинди, сизлар ҳам кўрдингизми?” деб сўради-лар. Аммо ушбу тарихий ҳодисанинг - ҳеч мисли кўрилмаган Илоҳий мўъжизанинг тирик гувоҳлари бўлган Макка аҳли эса: “Ҳа, бу очиқдан-очиқ сеҳр - кўзбўямачиликку”, деб Пайғамбар алайҳис-саломнингусти-дан яна баттар кулиб масхара қила бошладилар. Кофирларнинг энг кўп масхара қиладиган нарсалари қайта тирилиш масаласидир. Ҳамма за-монлардаги динсиз-иймонсиз кимсаларнинг айтадиган сўзлари шу: “Қиёмат Кунида ҳамма яна қайтади тирилади деган гап очиқ сафсата! Ахир бизлар ўлиб, чириб тупроққа айланиб кетганимиздан кейин ким бизни қайта тирилтира олади?! Айниқса бизлардан олдинги асрларда ўтган ва бутунлай йўқ бўлиб ном-нишонлари ҳам қолмаган олис-олис замонлардаги ота-боболаримизни ким қайтадан топиб-тўплаб қайта-дан тирилтира олар экан?!”
18-19-20. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга) айтинг: «Ҳа! Хору зор бўлиб бўйинларингиз эгилган ҳолда (албатта қайта тирилур-сизлар)». У (яъни, қайта тирилиш) фақатгина (фаришта Исрофилнинг сури билан чалинган) бир қичқириқдир холос, бас, баногоҳ улар (қайта тирилиб, «кунларини») кўрурлар. Ва «Эй, ўлим бўлсин бизларга! Бу Жазо - Қиёмат Кунику!», деб қолурлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча қайта тирилишни инкор этгувчиларга айтинг: “Ҳа, тупроқ-қумга айланиб йўқ бўлиб кетганларингиздан кейин ҳам Қиёмат қойим бўлган Кунда Оллоҳ таолонинг Қудратини ўз кўзларингиз билан кўриб бўйинларингиз эгилган, хор-зор бўлган ҳолларингизда албатта қайтадан тирилурсизлар!”
Ушбу оятларда зикр қилинган қайта тирилиш ва Қиёмат Кунининг бениҳоя даҳшатли манзараси Намл сурасида ҳам баён қилинган: «Сур чалинадиган, бас, Оллоҳ хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот даҳшатга тушиб, барча У Зот (ҳузурига) бўйни эгилган ҳолда келган Кунни (эсланг)!» (Намл сураси, 87-оят).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз кофир-мушрик кимсаларга сур чалинадиган Кунни зикр қилинг, эслатинг! У Кун келганида Оллоҳ таолонинг муқарраб малоикаларидан бўлмиш Исрофил алайҳис-салом У Зотнинг Амри билан зиммасидаги вазифани бажаришга киришади минг-минг йиллар давомида буйруқни кутиб, қўлида тутиб турган беқиёс баҳайбат сурни чалади ва шу онда Оллоҳ таолонинг бир неча яқин фаришталаридан бошқа Ер-у осмонлардаги барча жонзот даҳшатдан тош қотиб, Ер-у осмонларда бирон тирик жон қолмайди! Сўнгра, ҳадиси шарифда хабар берилишича, орадан қирқ йил ўтганидан кейин сур ик-кинчи бор чалинади-да, жамийки ўликлар қайта тириладилар ва ҳисоб-китоб қилиниш учун хор-у забун ҳолларида Ҳақ таоло хузурига чиқиб келадилар! Шак-шубҳасиз содир бўладиган бу даҳшатли ҳодисалар ҳақида бошқа оятларда ҳам қайта-қайта ваъда қилинади, хабарлар бери-лади: “Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар”. (Зумар сураси, 68-оят). “(Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир”. (Ёсин сураси, 51-52 оятлар).
Термизий Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қандай ҳузур-ҳаловатда яшайман, ҳолбуки сур соҳиби (Исрофил алайҳис-салом) сурни оғзига яқинлаштириб, бош-у қулоғи билан қачон сурни чалиш буюрилишига кулоқ солиб кутиб турибди”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда бизга нима қилишимизни буюрасиз”, деган эдилар, у зот: “Бизга Оллоҳнинг Ўзи Етарлидир. У нақадар яхши Вакилдир”, деб айтинглар”дедилар.
21. Мана шу сизлар ёлғон деб ўтган (Ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир.
Муфассирлар ушбу ояти карима Қиёмат Кунида ўзларига қайтадан ўлим тилаб дод-вой қилиб ётган кофирларга малоикалар берадиган жавоб дейдилар. Улар кофир-мушрик кимсаларга қараб: “Ҳа, мана шу сизлар бир умр ёлғон деб ўтган Қиёмат Кунидир. Бу Кунда энди барча одамлар ўртасида сўнгги Ҳақ Ҳукм қилинади - яхши билан ёмоннинг, ҳақ билан ботилнинг, мўмин билан кофирнинг ўртаси бутунлай ажратилади ва улар икки гуруҳга бўлиниб, яхшилар, яъни, мўминлар жаннатга, ёмонлар, яъни, кофир ва мунофиқлар дўзахга хукм қилинади, дейдилар”.
22-23-24. (Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсаларни ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда Оллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини йиғингларда, уларнинг барчаларини дўзах йўлига бошланглар. (Аммо то Менинг Фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар.
Ушбу Фармони билан Ҳақ таоло малоикаларга ҳаёти дунёда куфр йўлини тутиб ўз жонларига жабр қилиб ўтган золимларни-кофирларни ва уларга эргашган ҳамтовоқ бўлган кимсаларни ҳамда уларнинг Оллоҳ таолони қўйиб сиғинган бутларини - ҳар учала тоифани маҳшаргоҳга тўплаб, уларга дўзах йўлини кўрсатиб қўйишини буюради. Бас, барча осий-кофир кимсалар уларнинг йўлдан озишларига сабаб бўлган ҳамтовоқ шайтонлари билан бирга, шунингдек, зинокорлар ўзларининг зинокор шериклари билан, ўғрилар ўғрилар билан, судхўрлар судхўрлар билан, порахўрлар порахўрлар билан... тўп-тўп бўлишиб маҳшаргоҳга йиғиладилар ва Оллоҳтаолонинг Амри билан дўзахга ташланмасдан, ҳар бири ҳаё-ти дунёда қилиб ўтган қилмишларидан сўроқ-савол қилиниш учун жаҳаннам ёқасида малоикалар томонидан тўхтатиб туриладилар ва ана ўша жойда ваъда қилинган Қиёматдаги ҳисоб-китоб бошланади. Улардан ҳаёти дунёда тутган ботил эътиқодлари, сўзлаган ёлғонлари, қилган гуноҳлари тўғрисида бирма-бир сўралади.
Қиёмат Кунида бўладиган сўроқ-савол ҳақида ҳадиси шарифда ҳам хабар берилди: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Кунида токи Парвардигори ҳузурида бешта нарсадан сўралмагунича ҳеч бир банданинг қадами ердан узилмайди - жойидан жила олмайди: у албатта бутун умри ҳақида уни нима (яъни, қандай амаллар) билан ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан топгани ва нимага ишлатгани ҳамда билган илмига қандай амал қилгани ҳақида сўралади”, дедилар. (Терлшзий ривояти).
25. (У Кунда кофирларга дейилар): «Нега бир-бирларингизга ёрдам бермаяпсизлар?!»
Осий-кофир кимсаларга Қиёмат Кунида мазкур савол берилшига сабаб, улар ҳаёти дунёда “биз доимо бир-биримизга ёрдам қўлини чўзувчимиз, бизлар ғолиблармиз, ҳеч ким бизни енга олмайди”, деб мақтанар эдилар. Шунинг учун ҳам Қиёматда уларга киноя билан “Мана Бугун сизлар дўзах чоҳининг ёқасида турибсизлар, мангу азобга гирифтор қилинишларингиз аниқ бўлиб, бир-бирингизнинг кўмагингизга бениҳоя муҳтожсизлар, бас, нега бир-бирингизга ҳеч ёрдам берай демаяпсизлар?!” деб сўраладилар.
26. Йўқ, улар бу Кунда (ҳеч нарса қила олмаслар, балки фақат Бизнинг Ҳукмимизга) бўйсунгувчидирлар.
Чунки Бугун уларнинг бўйинлари эгилиб қолган, ўта ожиз махлуқлар эканликлари юзага чиқиб, барча ҳийла-найранг эшиклари бекилиб, би-ровларни эмас ўзларини ҳам Оллоҳнинг азобидан қутқаришга ҳеч қандай чора топа олмасдан тамомила таслим бўлишдан бошқа чоралари қолма-ган. Энди улар бўйинлари эгилганича қачон жаҳаннамга ташланишларини кутиб турадилар, холос.
27-28-29-30-31-32. Ва уларнинг бировлари бировларига боқиб савол-жавоб қилурлар. (Эргашувчилар ўзларини йўлдан урган пешвола-рига): «Ҳақиқатан, сизлар бизга ўнг томондан (яъни, бизлар ишониб яхшилик кутадиган томондан) келар эдингизлар», деганларида; (Пеш-волар) айтдилар: «Йўқ, сизлар ўзларингиз мўмин эмас эдингизлар. (Ахир) бизлар учун сизларнинг устингизда бирон салтанат - ҳукм-ронлик йўқ эди-ку! Йўқ, сизлар ўзларингиз ҳаддан ошгувчи қавм эдинглар. Мана энди бизларга (яъни, ҳаммамизга) Парвардигоримизнинг Сўзи - азоби ҳақ бўлди. Шак-шубҳасиз, бизлар (уни) тотгувчидирмиз. Чунки бизлар ўзимиз йўлдан озгувчи бўлганимиз сабабли сизларни ҳам йўлдан урдик».
Яъни, эргашувчилар ҳаёти дунёда уларни Ҳақ Диндан тўсиб йўлдан оздирган пешволари билан бир-бирларини айблаб талашиб-тортиша бошлайдилар. Улар айтадилар: “Эй, бизни жаҳаннам ёқасига келиб қолишимизга сабабчи бўлган доҳийларимиз, сизлар ҳаёти дунёда бизларга доимо ўнг томондан келар эдингизлар!” Муфассирлар ояти каримада зикр қилинган “ямин - ўнг томон” иборасини уч хил тафсирини баён қилганлар. Биринчи тафсир, ўнгдан мурод, куч-қувватдир. Яъни, “сизлар ҳаёти дунёда бизга куч-қувват билан хукмронлик қилиб, ўзларингизнинг залолат йўлингизга юришга мажбур қилгансизлар, бас, сизларнинг зулму ситамларингиз сабабли бизлар динсизлик йўлига кириб, дўзах аҳлидан бўлиб қолдик”.
Иккинчи тафсир: “ямин” дин маъносида келган, яъни, сизлар, эй доҳийлар, бизларга доимо дин томонидан келиб, уни хурофот эскилик сар-қити, деб бизларни диндан чиқаргансизлар. Учинчи тафсирда эса, “ямин” ўнг томон маъносида эканлиги айтилади, яъни, эргашувчилар пешволарига: “Сизлар ҳаёти дунёда доимо бизлар яхшилик, хайр-барака кутадиган ўнг томонимиздан келиб, “сизларни биз ҳамма яхшиликларга, ҳақиқий бахт-саодатга эриштирамиз”, деб алдадинглар ва биз сизлар-нинг ёлғонларингизга ишониб мана дўзах ёқасига келиб қолдик”, деди-лар. Албатта, доҳийлари, яъни, ҳаёти дунёда инсонларни Тўғри Йўлдан оздирган, одамлар орасидан чиққан шайтонлар ҳам қараб турмадилар, балки ҳамма айбни уларга эргашиб йўлдан озган кимсаларга ағдардилар. Улар ўзларига эргашган кимсаларга: “Йўқ, сизлар бизни айблашларингиз мутлақо асоссиздир. Сизлар ўзи асли мўмин бўлмаганларингиз учун дў-зах азобига ҳукм қилиндингизлар. Агар ҳақиқий мўмин бўлганларингизда ҳеч қачон биз сизларни йўлдан оздира олмас эдик. Ахир бизлар сиз-ларнинг устингизда хукмрон эмас эдик-ку?! Қалбларингиздаги иймонни суғуриб олишга кучимиз етмасдику?! Йўқ, сизларнинг ўзингиз, ўз ихтиёрингиз билан туғённи танлаб олгансизлар. Бас, сизлар ҳам бизлар ҳам мангу азобга мустаҳиқ бўлганимиз учун ҳаммамизга - адашганларга ҳам, адаштирганларга ҳам Парвардигоримизнинг: “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман”, (Сажда сураси 13-оят) деган Сўзи ҳақ бўлди. Энди ҳаммамиз мана шу бизларга ваъда қилинган мангу азобни тотгувчидирмиз. Тўғри, биз сизларни йўлдан оздир-дик, залолат йўлига даъват қилдик ва сизлар ҳам биз қилган иғвога учиб, ўз ихтиёрларингиз билан бизга эргашдингизлар. Демак, сизлар ҳам, биз-лар ҳам, ҳаммамиз баб-баробар йўлдан озгувчи бўлдик”, дедилар.
33. Бас, албатта улар (яъни, Оллоҳ Йўлидан озган кимсалар ва уларни йўлдан урган пешволари) ўша Кунда азобда шерик бўлгувчидирлар.
Чунки улар йўлдан озишда ҳам шерик эдилар. Демак, дўзах ўтида азобланишда ҳам шерик бўлишлари, мангу оловда биргалиқца ёнишлари айни Адолатдир.
34. Албатта, Биз жиноятчи кимсаларни мана шундай (азобга дучор) қилурмиз.
Яъни, Биз улардан биронтасини ажратмасдан, пешво доҳийларини ҳам, уларга эргашиб йўлдан озган ва куфр йўлини тутган кимсаларни ҳам баробар дўзах азобига гирифтор қилурмиз. Ояти каримада мушрик-ко-фир кимсалар жиноятчилар деб аталганидан маълум бўладики, дунёдаги энг мудҳиш жиноят Оллоҳ таолога иймон келтирмаслик, яъни, кофирлик-дир ва Унга ширк келтириш, яъни, мушрикликдир.
35-36. Чунки уларга: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва «Ҳали бизлар бир девона шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?», дер эдилар.
Яъни, улар тавҳидга - “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигини тан олишга ва турли бут-санамларни “булар ҳам бизнинг илоҳларимиз» деб ширк келтиришни бас қилишликка чақирилсалар, бўйинсунмасдан кибр-ҳаво қиладилар ва “бизлар бир девона шоирнинг сўзи билан ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган илоҳларимиздан воз кечар эканмизми, ҳаргиз “ла илаҳа иллаллоҳ” демаймиз”, дейдилар ва бу сўзларининг аввалгиси билан Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигини инкор қиладилар, иккинчиси билан, яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни “бир девона шоир” деб аташлари билан Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканлигини инкор қиладилар ва бу ботил эътиқодлари билан Оллоҳ таолонинг ҳузурида ўзларининг энг ашаддий жи-ноятчи эканликларини исботлайдилар, бинобарин, Охират диёрида бу мудҳиш жиноятлари учун энг ашаддий жазога - дўзах азобига гирифтор қилинадилар.
37. Йўқ, (Муҳаммад алайҳис-салом асло бир девона шоир эмасдир, балки) у Ҳақ (Дин)ни олиб келди ва (ўзидан аввал ўтган) барча пай-ғамбарларни тасдиқ этди.
Ояти каримда Ҳақ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилади ва у зот асло мушрик-кофир кимсалар даъво қилганларидек “бир девона шоир” эмас, балки Оллоҳнинг ҳақ Пайғамбари эканлигини, Ҳақ Динни келтирганини айтиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган “ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси янги бир ҳодиса эмас, балки илгари ўтган барча элчи-пайғамбарлар ҳам келтирган калима эканлигини таъкидлайди. Демак, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни тавҳидга, яъни, Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга даъват этишда ўзларидан илгари ўтган элчи-пайғамбарларнинг давомчиси ва ростлагувчиси эканлар.
38-39. (Эй жиноятчи кимсалар), сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, аламли азобни тотгувчидирсизлар. Сизлар фақат қилиб ўтган жиноятларингизнинг жазосини олурсизлар.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло юқоридаги оятларда мазкур бўлган жиноят-чиларга хитоб қилади ва сизлар ширк келтирганларингиз, Оллоҳнинг Элчисини ёлғончи қилганларингиз ва кибр-ҳаво қилганларингиз учун албатта ҳеч қачон тугамайдиган, тўхтамайдиган жаҳаннам оловида ҳеч ким чидай олмайдиган аламли азобни абадул-абад тотгувчидирсизлар. Албатта сизлар гирифтор бўладиган аламли азоб қилмишларингиз учун берилган энг адолатли жазо бўлиб, унда ҳеч қандай зулм йўқдир. Чунки сизлар ҳаёти дунёда нимани эккан бўлсангизлар, Охиратда ўшанинг ҳосилини оласизлар, деб қаттиқ огоҳлантиради. Зотан, “Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас”.
Дарҳақиқат, Ҳақтаолонинг қилган ҳар бир иши Ҳикмат ва Адолатдир, У бирон кимсага заррача зулм қилмас. Мана бу оятлар ҳам ушбу жумланинг тасдиқидир: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 47-оят).
40-41-42-43-44. Магар Оллоҳнинг (куфру ширқцан) халос қилин-ган покиза бандалари бордирки, ана улар учун маълум ризқ - (ҳар турли) мевалар бўлур. Ва улар ноз-неъмат боғларида, сўрилар усти-да, бир-бирларига рўбарў бўлиб ўтирган ҳолларида иззат-икром кўргувчидирл ар.
Юқоридаги оятларда кофир-мушриклар топадиган оқибат ва олади-ган ҳақли жазо зикр қилингач, энди ушбу ва қуйидаги оятларда мўминларга Охират диёрида ато этиладиган улуғ ризқ - жаннат неъматлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Аввало Ҳақ таоло мўмин бандаларини куфр ва ширкдан халос қилинган покиза бандаларим, деб шарафлайди ва покиза бандалар учун Охират диёрида жаннат боғларида покиза ризқ тайёрлаб қўйилгани ҳақида хабар берилади. Чунки покиза инсонлар ҳаёти дунёда ҳам ҳалқумларини ҳаром ва шубҳали луқмалар билан булға-май, фақат ҳалол ризқ истаганлар, демак, улар Охиратда ҳам маълум покиза Ризқ билан ризқланишга дунёдалик пайтларидан тайёрланиб ҳаёт кечирганлар. Шунинг учун Меҳрибон Парвардигорлари улар учун Ўз ҳузурида бениҳоя лазиз, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган жаннатий ризқ-у рўзни белгилаб, ҳозирлаб қўйгандир.
“У жойда улар учун эрта-ю кеч ризқлари ҳозирдир”.
Муфассирлар айтадилар: “Ояти каримадаги “эрта-ю кеч” деб белги-ланган вақтлар ҳаёти дунёдаги эрталаб ва кечқурун дегани эмас, балки ҳамма вақт деган маънодадир. Чунки жаннатда мутлақо кечқурун-қорон-ғулик йўқдир. Жаннат аҳли абадул-абад нур ичидадирлар. Фақат мўътадил инсонлар ҳаёти дунёда кунда икки маҳал - эрталаб ва кечки пайт таомланишга одатланганлари боис мазкур икки вақт зикр қилинди. Магар очкўз нафс бандаларигина эрта демасдан, кеч демасдан тинимсиз еяверадилар”.
Ўрганаётганимиз оятларда хабар берилишича, мўминларга иймон ва солиҳ амаллари учун Охиратда ато этиладиган мукофот - жаннат ва унинг меваларидир, у жойдаги мангу роҳат-фароғатдир. Аҳли жаннат-нинг таоми жаннат меваларидир. Улар кўнгиллари қандай мевани тиласа ўша мева улар учун ҳозир-у нозирдир. Улар бу меваларни қорин тўйдириш учун эмас, балки, лаззатланиш, роҳатланиш учун хоҳлаган вақтлари-да тановул қиладилар. Чунки жаннатда мутлақо очлик азоби, қорин тўйдириш ғами бўлмайди. У жойда жаннат аҳлининг барчаси доимий иззат-икромли меҳмондир. У жойда ҳеч ким бир-бирига тескари қарамайди, бир-бирини ёмон кўрмайди, аксинча барчалари бир-бирларига меҳр-муҳаббатли бўлиб, махсус безалган сўриларда бир-бирларига боқиб, жаннат меваларидан тановул қилиб, жаннат шаробларидан ичиб суҳбатлашиб ўтирадилар.
45-46-47. Уларнинг устида оқар чашмадан ичгувчилар учун камоли лаззат бўлган оппоқ (шароб) косалари айлантириб турилурки, у (шароб)да маст қилгувчи - ақлдан оздиргувчи нарса бўлмас ва улар ундан бемажол бўлмаслар.
Юқорида жаннат аҳлининг таоми ҳақида айтилгач, энди уларнинг шароблари-ичимликлари ҳақида сўз боради ва жаннат шароби аҳли жаннатга ҳамма вақт уларнинг хизматида турган ғуломлар томонидан тинимсиз оқиб ётган шароб дарёсидан олиниб май косаларда айлантириб турилиши ҳақида хабар берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: «Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифа-ти (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар, мусаффо асалдан бўлган дарёлар бордир». (Муҳаммад сураси, 15-оят).
«Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб - қўлма-қўл қилиб ичурларки, у (шароб)да (яъни, уни ичганлари сабабли) на беҳуда-сергаплик ва на гуноҳ бўлар. Уларнинг устида гўё (садаф ичида) яширинган гавҳардек (покиза ва хушсурат) ғуломлар айланиб (хиз-матга ҳозир бўлиб) турур». (Тур сураси, 23-24-оятлар).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Жаннат шаробининг ранги сутдан ҳам оқ бўлади”, дейди. (“Тафсийри Қуртубий”дан). Шунингдек, жаннат шароби мутлақо дунёдаги маст қилгувчи ичкиликлар каби нопок, қўланса ва ичган кимсани ақлдан оздирадиган бўлмай, оппоқ, мусаффо, аҳли жаннатга фақат лаззат ва роҳат бахш этувчи, маст қилмайдиган, бошдан хушни олмайдиган ва ичувчини мадорини кетказмайдиган бениҳоя хуштаъм покиза ичимликдир.
Ушбу оятларда жаннат аҳлининг ичадиган шароблари зикр қилингач, энди уларнинг жаннатдаги жуфти ҳалолларининг айрим сифатлари баён қилинади -
48-49. Яна уларнинг олдиларида кўзларини (бегоналарга қарашдан) тийгувчи, гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (бировнинг қўли тегмаган) оҳу кўзлар бордир.
Яъни, аҳли жаннат ҳузурида шундай ифаттли жуфтлар бўлурки, улар оҳу кўзлари билан ўз жуфти ҳалолларидан бошқа бировга боқмайдилар, яъни, ҳеч қачон ҳеч қандай бевафолик қилмайдилар. Улар гўё пўстлоғи ичида ҳам яна бир қават парда билан ўраниб-яширинган тухумлар каби оппоқ, беғубор оҳу кўз ҳурлар бўлиб, фақат ўзларининг жаннати жуфти ҳалолларини кутиб ҳар қандай бегона кўзлардан пардада сақланганлари сабабли уларга бирон бегона қўл теккан эмасдир. Жаннат манзараси ва ундаги ҳурлар тавсифи яна бошқа оятларда ҳам такрор-такрор зикр қи-линади: «Яна (улар учун) худди (садаф ичида) яшириб қўйилган гавҳар мисол оҳу кўз ҳурлар бордир. (Бу) улар (ҳаёти дунёда) қилиб ўтган амалларининг мукофотидир. Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар)». (Воҳеа сураси, 22-26-оятлар).
50. Бас, улар (яъни, аҳли жаннат) бировлари-бировларига боқиб савол-жавоб қилурлар.
Яъни, жаннат аҳли соя-салқин боғларда, сўриларда ястанган ҳоллари-да олдиларидан тинимсиз оқиб турган шароб дарёсидан покиза ва хушбўй шароблардан ичиб роҳатланиб ўтирар эканлар, бир-бирларига боқиб ҳаёти дунёда ўтган кунлари, бошларидан ўтказган ибратли воқеа-ҳодисалар ҳақида суҳбатлар қурадилар, савол-жавоблар қиладиларки, бу ҳам жаннатда кўриладиган роҳат-фароғатлардан бир бўлагидир.
51-52-53. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бир сўзлагувчи сўзлади: «Менинг бир яқин дўстим бор эди. У (менга): «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этгувчилар-данмисан? Ростдан ҳам бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда (яна қайта тирилтирилиб) жазолангувчимизми?!», дер эди.
Жаннатдаги биродарларига сўзлагувчи мазкур мўмин ва унинг ҳаёти дунёдаги иймонсиз яқини ҳақида Каҳф сурасининг 32-оятидан 44-оятигача ҳикоя қилинган ва алақадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди. Мавзу ойдинроқ бўлиши учун бу ўринда ўша тафсиримиздан аввалини келти-риб ўтамиз: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларга икки киши (ҳақидаги) масални келтиринг! Улардан бири учун Биз икки узумзор боғ қилиб, иккисини ҳам хурмо дарахтлари билан ўраган ва у икки (боғ) ўртасини экинзор қилган эдик». (Каҳф сураси, 32-оят).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга - ҳузурингиздан мискин-бечора мўминларни ҳайдашингизни талаб қилаётган бой-бадавлат мушрикларга ҳам, фақирлик машаққатини чекаётган мўминларга ҳам -бани Исроил қавмида ўтган икки оға-инини мисол қилиб келтиринг: Биз улардан бирига мол-давлат бериб бой қилиб қўйган эдик, иккинчиси эса, мискин-бечора эди.
“Улардан бири учун Биз икки узумзор бог қилиб, иккисини ҳам хурмо дарахтлари билан ўраган ва ўрталарини экинзор қилган эдик”.
Ушбу ояти карима билан бу улуғ сурадаги яна бир ибратли қисса баёни бошланади. Аксари тафсир китобларида ушбу оятлар нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай бир ривоят келтирилади: Икки оға-инига оталаридан саккиз минг тилло мерос қолган эди, улардан ҳар бирига тўрт минг тиллодан тегди. У қариндошлардан бири кофир, иккинчиси мўмин эди. Динсиз кимса қўлидаги тўрт минг тиллодан минг тиллосига катта ер сотиб олди. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, фалончи мингтиллога ер сотиб олди, мен эса,Ўзингдан минг тиллога жаннатдан ер сотиб олмоқчиман”, деб минг тиллони Оллоҳ Йўлида садақа қилиб юборди. Сўнгра динсиз кимса минг тиллога катта қаср бино қилдирди. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, фалончи мингтиллога қаср қурдирди, мен эса, Ўзингдан минг тиллога жаннатдан бир ҳовли сотиб олмоқчиман”, деб бу минг тиллони ҳам садақа қилди. Сўнгра динсиз кимса бир гўзал аёлга уйланиб, унга минг тилло сарфлади. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, мен Ўзингга илтижо қилиб, жаннат аёлларидан бир аёлга совчи бўлмоқчиман”, деб яна минг тиллони садақа қилиб юборди. Сўнгра динсиз кимса минг тиллога қул, чўрилар ва турли матолар сотиб олди. Соҳиби бўлса: “Оллоҳим, мен Ўзингдан минг тиллога жаннатдаги мато ва ходимлардан сотиб олмоқчиман”, деб сўнгги минг тиллони ҳам садақа қилди. Сўнгра унга қаттиқ муҳтожлик етди. Шунда ўзича: “Қориндошим-нинг олдига борсам, шояд бирон яхшилик қилар”, дедида, у ўтадиган йўлга чиқиб кутиб ўтирди. Кўп ўтмай ўша динсиз кимса атрофини ўраб олган одамлари билан ўтиб қолди ва уни таниб тўхтаб: “Фалончимисан?” деди. У: “Ҳа”, деган эди, “Сенга нима бўлди?” деб сўради. У айтди: “Менга сендан кейин муҳтожлик етди, шунингучун бирон яхшилик қилармикан-сан, деб олдингга келган эдим”. Динсиз кимса: “Молу мулкинг нима бўл-ди, ахир иккимиз бор молни тенг иккига бўлиб олган эдикку?” деган эди, у бўлган воқеани айтиб берди. Шунда динсиз кимса: “Шунча нарсани садақа қилиб юборасанми?! Йўқол, сенга ҳеч нарса бермайман!” деб қориндошини ҳайдаб юборди. Ана ўша оға-инилар ўртасида ҳаёти дунёда бўлиб ўтган можаролар ҳақида ушбу оятларда ҳикоя қилинади. Уларнинг вақти қазолари етиб дунёдан ўтганларидан кейин бўладиган воқеалар тўғрисида эса, Саффот сурасининг 51-оятидан бошлаб ҳикоя қилинади. Шундай қилиб, мазкур икки биродардан бири мўмин-мусулмон бўлгани шарофа-тидан Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришиб жаннат аҳлидан бўлади ва жаннатдаги дўстларига ҳаёти дунёдалик пайтида Охират диёри ҳақ эканлигига ишонмасдан қайта тирилишни инкор қиладиган бир яқини дўзах азобига гирифтор қилинганини ҳикоя қилади.
54. (Сўзлагувчи ҳаёти дунёда Охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганини) кўришни истайсизларми?», деди.
Яъни, мазкур мўмин жаннатдаги биродарларига: “Агар хоҳласангиз-лар ўша дўзахининг у жойдаги аҳволини бирга кўрайлик, деган эди, улар уни сен биздан яхшироқ танийсан, ўзинг қарай қолгин”, дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Жаннатда жаннат аҳли дўзаҳцагиларнинг аҳволини кўришлари учун қўйилган туйнук бордир.” (“Дуррул-Мансур” тафсиридан).
55-56-57. Бас, унинг ўзи қараб уни дўзахнинг қоқ ўртасида кўр-гач, деди: «Оллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат, сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни, Ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен ҳам (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилингувчилардан бўлур эдим».
Яъни, у ўша туйнукдан дўзахга боқиб, биродарини дўзахнинг қоқ ўртасида ловуллаб ёнаётганини кўргач, у кофирга сарзаниш билан: “Сен мени ҳам йўлдан оздириб, Қиёмат, қайта тирилиш йўқ нарсалар, деб иғво қилиб, ўзинг билан бирга дўзахга гирифтор қилишингга оз қолибдику! Агар Парвардигоримнинг Фазлу Раҳмати бўлмаганида, Унинг Ўзи мени залолатдан асраб, Тўғри Йўлга ҳидоят қилмаганида албатта мен ҳам сен билан бирга дўзах азобига дучор бўлар эканманку!” деди ва Ҳақ таолога жаннат аҳлидан қилгани учун ҳамду санолар айтди.
58-59-60. «Бизлар (яъни, жаннат аҳли худди ҳаёти дунёда бизга ваъда қилинганидек ростдан ҳам), биринчи ўлимимиздан бошқа ўлгувчи эмасмизми?! Бизлар (ростдан ҳам) азоблангувчи эмас эканмизми? Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган мангу неъматлар) буюк сао-датдир».
Яъни, қачонки у дўзах аҳлидан бўлган дўстига айтадиганларини ай-тиб бўлгач, аҳли жаннат биродарларига шодлик ва ҳайрат билан хитоб қилиб: “Ҳақиқатан ҳам бизлар учун у ўша ҳаёти дунёда содир бўлган ўлимимиздан бошқа ўлим йўқми?! Энди биз абадул-абад Оллоҳ таоло бизга инъом этган жаннат боғларида, ноз-неъматлар устида мангу яшаймизми?! Ҳеч қачон кофирлар гирифтор бўладиган дўзах азоби билан азоб-лангувчи эмасмизми?!
Ахир бу иш, яъни, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган жаннат неъматлари ичида мангу ҳаёт кечириш ҳеч шак-шубҳасиз тавсиф ҳам, тасаввуф ҳам қилиб бўлмайдиган энг улуғ бахт саодатку!” деди (“Фатҳул-Қодийр” тафсиридан).
61. Бас, амал қилгувчилар мана шундай (мангу бахт-саодат) учун амал қилсинлар!
Яъни, амал қилгувчи инсонлар дунёдаги ҳаётлари давомида куч-қув-ватларини, илму салоҳиятларини дунёнинг ўткинчи ва кўпинча алам-мусибатлар билан аралаш ҳолда келадиган ҳою-ҳавасларга сарфламасдан юқоридаги оятларда (40-60-оятларда) зикр қилинган буюк мақом-мартабаларга эришиш учун, жаннатдаги мангу ноз-неъматларга етиш учун имкониятлари борича жидду жаҳд билан амал-ҳаракат қилсинлар!
62-63. Ўша яхшироқ зиёфатми ёки Заққум дарахтими? Ҳақиқа-тан, Биз уни (яъни, Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна-алдов қилиб қўйдик.
Яъни, юқорида мазкур бўлган жаннат неъматлари, у жойдаги аҳли жаннат учун ҳозирлаб қўйилган Илоҳий зиёфат ва мангу роҳат-фароғат яхши-роқми ёки жаҳаннамдаги кофирлар учун тайёрлаб кўйилган ўта қабиҳ ва бениҳоя аччиқ-заҳар заққум дарахти яхшироқ “зиёфат”ми?! Ақли расо одам анаўша зиёфатлардан қай бирини танлайди?! Ояти каримада жаҳаннам қаъридаги кофирлар насибаси бўлган заққумни ҳам “зиёфат” деб номланишида ўткир истеҳзо ва динсиз кимсалар устидан кулиш бордир.
Дўзахда Заққум дарахти бўлиши ҳақида сўзланганида кофирлар «Дўзахда қандай қилиб дарахт ўссин, ахир дўзахнинг ўти уни куйдириб юбормайдими?», деганлар. Юқоридаги оятда кофирлар Оллоҳ таолонинг Қудратига шак келтирганлари учун у дарахт тўғрисида зикр қилинганида, ақллари бовар қилмай фитна-алдовга дучор бўлишлари уқтирилди.
64-65. Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг бутоқлари(даги мевалари хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло дўзах аҳли учун тайёрлаб қўйилган “зиёфат” - заққум дарахтининг асли ўзи дўзах жинсидан бўлиб, оловнинг қаъридан чиқиши, шу сабабдан у ўтда куймаслигини айтади ва унинг шохлари-даги мевалари худди шайтонларнинг бошларидек бениҳоя қўрқинчли бадбашара бўлиши ҳақида хабар беради. Айрим муфассирлар айтишларича, оятдаги шайтонлардан мурод, ниҳоят даражада даҳшатли кўп бошли илонлардир. Арабларда шундай истилоҳ бор: улар катта, қўрқинчли илон кўриб қолсалар мен шайтонни кўрдим, дейдилар.
66. Бас, албатта улар (яъни, дўзахилар) ана ўша заққумдан ейишиб, қоринларини тўлдиргувчидирлар.
Яъни, дўзах аҳли бениҳоя очликдан силлалари қуриб, ейдиган ҳеч нарса топа олмагач, албатта, хоҳласалар-хоҳламасалар мажбуран ана ўша заққум дарахтининг худди шайтонларнинг бошларига ўхшаган бадбуруш ва бадбўй меваларидан ейдилар ва оч қоринларини бошқа ҳеч нарса сиғмайдиган қилиб тўлдирадилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ояти каримани ўқиб, дедилар: “Оллоҳдан ҳақиқий кўрқиш билан кўрқинглар, (яъни, бир умр тақво билан поки-за ҳаёт кечириб дўзах аҳлидан бўлиб қолишдан сақланинглар), чунки агар фаразан дўзахдаги заққумдан бир томчиси дунёдаги барча денгиз-дарёларга томгудек бўлса, бутун Ер аҳлининг ҳаётини бузиб ҳалок қилган бўлар эди. Бас, ейдиган таоми фақат заққум бўлган кимсанинг ҳоли қандай бўлур?!” (“Тафсири Мушшр”дан. Термизий ривояти).
67. Сўнгра албатта улар учун (Заққум меваларининг) устига қайноқ сувдан аралаштирилур (яъни, уларга мажбуран қайнаётган сув ичирилур).
Яъни, дўзахиларнинг азоби фақат ўша заҳар заққумни ейишнинг ўзи билан битмайди, балки уларга энди мана бу қайноқ сувни ичасизлар, деб амр қилинур ва қоринларида заҳар заққум билан қайнаб турган сув аралашмаси ҳосил бўлурки, у сувнинг қайноқлигидан уларнинг ичаклари куйиб, бўлак-бўлакларга бўлиниб кетур. Дўзахилар учун тайёрлаб кўйилган “зиёфат” мана шудир!
68. Сўнгра албатта уларнинг яна қайтадан дўзахга қайтишлари бордир. (Яъни, қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур).
Ҳаётларини куфру исён билан ўтказадиган динсиз кимсаларнинг топадиган оқибатлари мана шудир! У бахтсиз кимсалар билан Оллоҳдан қўрқадиган тақво аҳли ўртасидаги фарқ нақадар катта эканлиги, у икки тоифанинг топадиган оқибатлари ўртасида Ер билан осмонча фарқ борлиги ҳақида мана бу ояти каримада аниқ баён қилинади: «Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда ай-нимаган сувдан бўлган дарёлар, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар, мусаффо асалдан бўлган дарё-лар бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад сураси, 15-оят). “Кофирлар мустаҳиқ бўлган жазо ҳақида мана бу оятларда ҳам хабар берилади: «Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жа-ҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!» (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру нифоқ билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.
69-70. Албатта улар (яъни, Макка мушриклари) ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар. Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар.
Яъни, Макка мушрикларининг, балки жамийки мушрик-кофир кимсаларнинг дўзах азобига дучор бўлишларига сабаб, улар ота-боболарини залолат ботқоғига ботган ҳолда топдилар ва ҳеч ўйлаб кўрмасдан, бирон далил-ҳужжат ҳам талаб қилмасдан ана ўша Оллоҳ таолога мушрик бўлган, Унинг элчи-пайғамбарларига иймон келтирмаган, аксинча ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларга сиғиниб-чўқинаётган ота-боболари ортидан кўр-кўрона эргашиб кетавердилар, бас, улар ҳам худди динсиз ота-боболари каби Охиратдаги жаҳаннам азобига мустаҳиқ бўлдилар!
71-72-73-74. Дарвоқеъ, улардан аввал ўтганларнинг ҳам жуда кўплари йўлдан озган эдилар. Ҳолбуки, Биз уларга (яъни, ўша аввал ўтганларга ҳам) огоҳлантиргувчи (пайғамбар)ларни юборган эдик. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), огоҳлантирилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринг! Магар Оллоҳнинг (куфру ширкдан) халос қилинган покиза бандаларигина (дўзах азобидан нажот топдилар).
Яъни, аввал ўтган умматларнинг аксари қисми ҳам худди Макка муш-риклари каби залолатдаги мушриклар эдилар, турли сохта илоҳларга сиғинар эдилар. Лекин Меҳрибон Оллоҳ уларни ўз ҳолларига ташлаб қўймади, балки Ўз томонидан элчи-пайғамбарларни юбориб, уларни қайта-қайта огоҳлантирди. Пайғамбарлар уларга Оллоҳтаолонинг азоби бениҳоя қаттиқ эканлигини айтдилар, У Зот кофирлардан албатта интиқом олишини, агар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмайдиагн бўлсалар, ҳаммалари ҳалок қилинишлари аниқ эканлигини айтиб қаттиқ огоҳлантирдилар. Аммо ўша аввал ўтган умматларнинг кўплари Оллоҳнинг элчиларига қулоқ солмадилар, огоҳлантирувчиларнинг сўзларини қулоқларига олмадилар, балки аксинча уларни нажот йўлига чақирган пайғамбарларни ёлғончи қилдилар, уларга ҳеч чидаб бўлмайдиган озор-азийятлар етказдилар. Ҳатто айрим элчи-пайғамбарларни ўлдириб юбордилар ва бу жиноятлари учун Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб, ҳаммалари қирилиб битдилар. Фақатгина уларнинг орасидаги Оллоҳ таоло тавфиқ ва ҳидоят ато этиб, азобидан халос қилган кишиларгина Оллоҳнинг элчиларига иймон келтириб нажот топдилар.
Мазкур оятларда Макка мушрикларининг иймон-Исломга келмаганидан бениҳоят ғамгин бўлиб қолган Муҳаммад алайҳис-саломга таскин-тасаллий бўлсин учун улардан илгари ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб ҳалокатга дучор бўлган қавмлар ўтгани ҳақида хабар берилди. Қуйидаги оятларда эса Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига аввалги пайғамбарлардан етти кишининг қиссаларини мўжаз (қисқача) баён қилади.
75. Дарҳақиқат, Нуҳ (қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга нидо-илтижо қилди. Бас, (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз
Нуҳ алайҳис-саломнинг Оллоҳ таолога қилган нидоси -дуоси мана бу оятларда зикр қилинган: «Улардан (Макка кофирларидан) илгари Нуҳнинг қавми ҳам (уни) ёлғончи қилган эди.- Улар Бизнинг бандамиз (Нуҳ)ни ёлғончи қилишиб: «(У) бир мажнун», дедилар ва у (ўз пайғамбарлик вазифасини адо этишдан) тўсиб қўйилди. Шунда у Парвардигорига: «Мен (у кофир қавмимдан) мағлубдирман. Ўзинг ёрдам қилгин», деб дуо-илтижо қилган эди». (Қамар сураси, 9-10-оятлар). «Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар. Парвардигорим, Ўзинг мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират қилгин, золим кимсалар-га эса фақат ҳалокатни зиёда қилгин!» (Нуҳ сураси, 26-28-оятлар).
76-77. - Биз унга ва унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан (яъни, сувга ғарқ бўлишдан) нажот бердик. Ва унинг зурриётини (то Қиёмат) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик.
Нуҳ алайҳис-саломнинг аҳли, яъни унга иймон келтирган кишилар ҳаммаси бўлиб саксон киши эди. (“Тафсири Куртубий”дан). Ҳақ таоло ўша мўмин бандалирини жуда катта балодан - бутун Ер юзини босган тўфон балосида ғарқ бўлиб кетишдан халос қилди ва ўша тарихий ҳодисадан кейин Ерда фақат Нуҳнинг авлод-зурриётигина яшаб қолди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, қачонки Нуҳ алайҳи-салом ва унинг аҳли - тобеълари минган нажот кемаси қуруқ ерга келиб тўхтагач, ундан тушган эркаг-у аёлларнинг барчалари вафот этган, фақат Нуҳнинг уч ўғли Сом, Хом, Ёфас ва уларнинг аёлларигина ҳаёт қолганлар. Бас, шундан кейин Ер юзига тарқалган барча инсонлар Нуҳ алайҳис-саломнинг авлод зурриётларидир. Шунингучун ҳам Нуҳ инсониятнинг Одам алайҳи-саломдан кейинги иккинчи отаси ҳисобланади. (“Тафсийри Бағавайи”дан).
78-79. Ва Биз кейинги (авлод)лар орасида (Нуҳ) устида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Барча оламларда Нуҳга салом (айтилур, яъни, то Қиёмат унинг шаънига фақат мақтов-олқишлар айтилур).
Яъни, Биз Нуҳ алайҳи-саломдан кейин дунёга келадиган барча пай-ғамбар ва барча инсонлар орасида - улар қайси дин вакиллари бўлишларидан қатъий назар - Нуҳ ҳақида энг чиройли мақтов олқишлар қолдирдикки, ҳамма одамлар қачон Нуҳнинг номини зикр қилсалар “алайҳи-салом - унга саломлар бўлсин” деб Нуҳга саломлар айтадилар, уни иккинчи отамиз деб шарафлайдилар ва бу гўзал анъана то Қиёмат давом этади. Чунки Ҳақ таоло Нуҳ алайҳис-салом устида бутун оламларда мақтовлар қолдиргандир.
80. Албатта, Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
Яъни, Биз бандаларимиздан ким бизга чиройли ибодат қилса - гарчи ҳаёти дунёда Бизни кўришга қодир бўлмасада, худди кўриб тургандек ўзининг бандалик вазифаларини мукаммал суратда адо этса, ана шундай фазилат соҳибларининг барчасини Биз худди Нуҳ алайҳи-саломни муко-фотлагандек мукофотлаймиз, яъни, халқ орасида уларнинг яхши номларини қолдирамиз, ҳамманинг олқиш-мақтовларига сазовор қиламиз.
81-82. Зотан, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир. Сўнгра бошқаларни (яъни, Нуҳни ёлғончи қилган кимсаларни) ғарқ қилиб юбордик.
Яъни, Нуҳ алайҳис-саломнинг тўфон балосидан омон қолишига ва ўзидан кейин келадиган барча одамларнинг олқиш-мақтовларига, дуо-ю саломларига сазовор бўлишига сабаб, у Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларидан эди. Бас, маълум бўладики, инсонни дунёдаги бахтсизликдан ва Охират азобидан қутқарадиган, одамлар орасида яхши ном қолдиришига сабаб бўладиган нарса - унинг Оллоҳ таолога сидқидилдан иймон келти-риши ва Ёлғиз Унинг Ўзига чин ихлос билан ибодат қилишидир. Демак, Оллоҳ таолога бўлган иймон ва Унга итоат қилиш ҳар бир инсон учун энг юксак мартаба, энг улуғ мақомдир, бошқача айтганда, гўё нажот кемаси-дир. Аммо бошқалар, яъни, Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирмаганлар эса, шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчи - ҳалок бўлгувчилар-дир. Улар албатта ё Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми каби сувга ёки дунё ва унинг сон-саноқсиз фитналарига ёхуд бошқа бало офатларга ғарқ қилинишлари аниқдир. Меҳрибон Парвардигоримиз ана ўша бошқалардан бўлиб қолишдан барчаларимизга паноҳ бергай, Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларидан бўлиш бахтини барчаларимизга насиб этгай!
83. Шак-шубхдсиз, Иброҳим ҳам (Нуҳ)нинг гуруҳидандир.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом ҳам Нуҳ алайҳис-саломнинг динидаги, унинг йўлидаги кишилардан эди. Ушбу тафсир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. Нуҳ ва Иброҳим алайҳимас-саломнинг ўрталарида Худ ва Солиҳ пайғамбарлар ўтганлар. Гарчи Нуҳ алайҳис-салом билан Иброҳим алайҳис-салом орасида икки минг олти юз қирқ йил ўтган бўлса-да, Ҳақ таоло гўё у икки пайғамбар бирин-кетин дунёга келгандек Иброҳим Нуҳнинг издоши эди деб хабар беришидан аён бўладики, мўминлар қайси замон ва қай маконда яшамасинлар, гўё бир жамоатдирлар.
84. Эсланг, у Парвардигорига тоза дил билан келди.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло томонидан Ўзининг халили ва пайғамбари бўлмиш Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом ҳақида айтил-ган энг улуғ мақтов ва буюк гувоҳликдир.
Жаноби Ҳақнинг Ўзи Иброҳим алайҳис-саломнинг қалби тоза қалб эканига, у қалбда ширк, шубҳа, риёкорлик каби иллатлардан асар ҳам йўқлигига гувоҳлик бермоқда! У Парвардигорига саломат қалб билан, демакки, бутун вужуди тоза ҳолда келгани ҳақида хабар бермоқда! Зотан, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон баданида бир тишлам гўшт бор, агар у соғ - тоза бўлса, бутун бадан соғ бўлади, агар у бузуқ бўлса, бутун бадан бузилади. Огоҳ бўилнгларки, у қалбдир”, деб марҳамат қилганлар.
85-86-87. Эсланг, у отаси ва қавмига деган эди: «Нималарга ибодат қилмоқдасизлар-а?! Оллоҳни қўйиб, сохта «илоҳлар»(га сиғиниш)ни истайсизларми?! Бас, сизлар барча оламларнинг Парвардигори ҳақида (яъни, У Зот сизларнинг мушриклигингиз учун берадиган жазоси ҳақида) ҳеч ўйладингизми?!»
Ушбу ва қуйидаги оятларда Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳақиқатан ҳам тоза дил, самимий қалб соҳиби эканлигини кўрсатувчи жуда ибратли мисоллар зикр қилинади. Ўшанда у - ўсмир йигитча бутпарастлик қон-қонларига сингиб кетган қавмига, ўзининг отаси Озарга ва қавм-қариндошларига қараб: “Нега сизлар эртадан кечгача мана бу жонсиз ҳайкал-ларга чўқиниб умрларингизни ўтказмоқдасизлар! Уларнинг қандайдир кароматлари борми? Айтингларчи, бу ишларингизнинг тўғри эканлигига бирон ҳужжатларингиз борми ўзи?” деб сўраганида, улар қилаётган иш-ларининг ҳақлигига албатта ҳеч қандай ҳужжат кўрсата олмайдилар ва бу ишни зарур деб ҳам билмайдилар, балки у жоҳил қавмнинг жавоби: “Ахир биз ота-боболаримизнинг барчалари мана шу бут-ҳайкалларга сиғиниб келганларини кўрганмизку, шунинг ўзи етарли далил эмасми?!” дейиш-лари бўлди. Албатта, Иброҳим алайҳис-саломга у ҳайкалларнинг оддий тош ва ёғочлардан ясалгани жуда яхши маълум эди, чунки унинг отаси Озар ёғочдан бутлар ясайдиган уста эди. Демак, у фақат қавмининг кўзлари очилармикан деб юқоридаги саволларни берган эди.
88-89. Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: «Аниқки, мен касалман», деди.
«Тафсири Бағавий»да Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, ўша даврда кишилар ўртасида юлдузларга қараб фол очиш - мунажжимлик жуда кенг ёйилган экан. Шунинг учун Иброҳим алайҳис-салом мушрикларнинг байрамини нишонлаш учун ҳайитгоҳга чиқиб ке-таётган қавмидан ажралиб қолиш мақсадида, гўё юлдузларга қараб билиб олгандек уларга: «Мен вабога йўлиқар эканман», деди. Бу сўзни эшитгач, вабо юқишидан қўрққан қавм...
90-91-92-93. Дарҳол ундан юз ўгирган ҳолларида кетдилар. Бас, (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги таомларни) емайсизларми? Сизларга нима бўлди, сўзламаяпсизлар?!», деди. Сўнг уларга яқин келиб ўнг қўли(даги болта) билан урди.
Суддий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у мушрик қавмнинг ҳар йили бир марта нишонлайдиган ҳайит байрамлари бўлиб, улар ҳайитгоҳларидан қайтишларида етмишта бут қатор тизиб қўйилган бут-хоналарига кириб, уларга сажда қилишгач, уй-уйларига тарқалар эдилар. Бас, қачонки ўша ҳайит куни етиб келганида Иброҳимнинг отаси Озар “Зора худоларимиз ҳақидаги хато фикрлари ўзгарса”, деб унга: “Эй Иброҳим, сен ҳам бизлар билан бирга ҳайитгоҳимизга чиқсанг, ал-батта динимиз сенга ёқиб қолади”, деди ва уни ҳам ўзлари билан олиб кетишди. Ярим йўлга етганларида Иброҳим ўзини ерга ташлаб: “Тобим қочди, оёғим оғриб қолди”, деб ўтириб олди. Қавм эса тўхтамасдан йўлида давом этди. Уларнинг охирги қаторларида кетаётган қари-қартанг ва чўлоқ-оқсоқлари ҳам ўтиб борар эканлар, ортда қолаётган Иброҳим алайҳис-саломнинг: “Оллоҳга қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) жўнаб кетганларингиздан кейин бутларингизга қарши албатта бир ҳийла ўйлаб топурман”, деяётганини эшитдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳис-салом бутлар ўрнатиб қўйилган ҳашаматли қасрга қайтиб борди. Бутхона тўрида жуда катта бир бут ҳайкали кириладиган дарвозага қаратиб ўрнатилган, унинг икки ёнига бир оз кичикроқ бутлар, улардан қуйироқда яна кичикроқлари қўйилган бўлиб, шу тариқа то бутхона дарвозасигача етмиш икки бут ўрнатиб қўйилган эди. Улар-нинг айримлари олтиндан, айримлари кумушдан, баъзилари темир, мис, тош ва ёғочлардан ясалган, энг катта бутнинг кўзларига эса, кеча-кундуз ёниб турадиган икки ёқут ўрнатилган бўлиб, гўё у бутхона дар-возасидан кириб келган ҳар бир одамга қараб турар эди. Мушриклар ҳар бир бутнинг олдига турли таомлар қўйишиб: “Ҳайитгоҳдан қайтгу-нимизча илоҳларимиз таомларимизни табаррук қилиб беришсин, кейин бизлар еймиз”, дейишиб байрамларига кетишган эди. Қачонки Иброҳим бутхонага кириб келиб, бутларни ва жонсиз ҳайкалларнинг олдиларига тузаб қўйилган турли таомларни кўргач, уларга қараб истеҳзо билан: “Қани, олдиларингиздаги таомлардан емайсизларми?” деди. Бутлардан садо чиқмагач, “Сизларга нима бўлди, емаяпсизлар?” деди. Бутлардан садо чиқмагач, “Сизларга нима бўлди, сўзламаяпсизлар?” дедида, қўлидаги болта билан уларни бир четдан уриб-синдира бошлади ва қачонки энг катта бутга навбат келганида, унга тегмади-да, қўлидаги болтани ўша бутнинг бўйнига илиб қўйиб бутхонадан чиқиб кетди. Иброҳим алйҳис-саломнинг хаёлида “Мушриклар ҳайитгоҳларидан қайтиб келганларида бутларнинг синдириб ташланганликларини кўришгач, шояд ўша энг катта бутларига мурожаат қилишиб, ундан бу ишни ким қилганини айтиб беришини сўрашар”, деган ўй бўлгани учун унга тегмаган эди.
94-95-96. Бас, (қавми бу воқеадан хабар топишиб, ғазабланган ҳолла-рида) унинг олдига шоша-пиша келишгач, у деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?! Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни ҳам Оллоҳ яратганку?!»
Ушбу оятларни Анбиё сурасидаги мана бу оятлар тафсир қилиб беради: «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у ўз жонига жабр қилгувчилардандир», дедилар.
Яъни, у бутпарастлар қаҳр-ғазабга тўлган ҳолларида: “Ким экан ўша, бизнинг бутларимизни йиқитиб-синдириб ҳақорат қилган?! Ким бўлса ҳам, илоҳларимизга қўл кўтаргани учун албатта оғир азоб-уқубатга дучор қилинади! Шак-шубҳасиз, у ўзининг жонига жабр қилибди!” деб дағдаға қилдилар. Шунда бутпарастлардан Иброҳим алайҳис-саломнинг: “Оллоҳга қасамки, сизлар (ҳайитгоҳларингизга) жўнаб кетганларингиздан кейин бутларингизга қарши албатта бир ҳийла ўйлаб топурман”, деган сўзларини эшитиб қолган кимсалар -
«Айтдилар: “Биз бир йигитнинг (Худоларимизни) айблаётганини эшитгандик, уни Иброҳим дейиларди».
Яъни,улар: “Биз илоҳларимиз ҳақида нораво сўзлар сўзлаб юрадиган бир йигитни эшитгандик. Унинг отини Иброҳим дейишар эди. Бизнинг гумонимизча бу ишни ана ўша йигит қилган бўлса керак”, дедилар. Бас, бу сўз мамлакат подшоҳи золим Намруд ва қавм зодагонлари кулоғига етиб боргач -
«Улар: “Бас, уни одамлар кўз ўнгларида олиб келингиз! Токи улар ҳам гувоҳ бўлсинлар”, дейишди».
Намруд ва қавм катталарининг: “Иброҳимни одамларга кўрсатиб, очиқ-ошкора олиб келинглар, ҳамма бу воқеага гувоҳ бўлсин”, деган сўзларидан кўзлаган мақсадлари, Иброҳимнинг оладиган жазоси бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши учун эди. Токи бундан кейин ҳеч ким бутларга қўл кўтаришга журъат қила олмасин, деб золим подшоҳ ва унинг аъёнлари бу ишни ҳамма кўришини истаган эдилар. Шуниннгдек, улар ҳамма одамларнинг гувоҳлигида Иброҳимнинг гуноҳини бўйнига қўймоқчи ва ўзларининг нақадар адолатли ҳукмдор эканликларини ҳамма одамларга кўрсатиб мақтанмоқчи бўлган эдилар. Лекин Оллоҳ таолонинг Буюк Ҳикматини кўрингки, мана шу можаро қавмдаги ҳамма одамларнинг гувоҳлигида бўлишини Иброҳим алайҳис-салом ҳам истар эди. Токи барча халойиқ жамланган жойда уларнинг нақадар жоҳил ва нодон қавм эканлик-ларини, яъни, обидларига ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўзларини ҳам ҳеч кимдан ҳимоя қила олмайдиган жонсиз бутларга дуо-илтижо қилиб сиғиниб юришлари қанчалар катта нодонлик, ақлсизлик эканини исботлаб бериши учун Иброҳим алайҳис-салом ҳам бу можарони ҳамманинг кўз ўнгида бўлишини истар эди.
Шундай қилиб -
«(Иброҳимни олиб келишгач, ҳамманинг кўз ўнгида ундан): «Биз-нинг илоҳларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?», деб сўраган эдилар, у айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси - мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира оладиган бўлсалар (айтиб берсинлар)». (Анбиё сураси, 59-63-оятлар).
Яъни, қачонки Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом уларнинг олдида ҳозир бўлгач, подшоҳ Намруд ва унинг аъёнлари ҳаммманинг гувоҳлиги-да унинг айбини бўйнига қўйиш учун: “Эй Иброҳим, бизнинг илоҳлари-мизни сен синдирдингми?” деб сўрашган эди, у: “Йўқ, бу ишни уларнинг энг каттаси - мана бу болта ушлаб турган ҳайкал қилди, сабаби, одамлар худди унга сиғинганлари каби ана у майда ҳайкалчаларга ҳам сиғинаёт-ганларидан ғазабланган эди. Агар сизлар, бу сўзларимга ишонмайдиган бўлсангизлар, ўзингиз анави пачоқланган ҳайкаллардан сўраб кўринглар, агар сўзлай олсалар, менинг сўзларимни тасдиқлайдилар”, деб жавоб қилди.
Тафсир китобларида айтилишича, Иброҳим алайҳис-саломнинг бу сўзларни айтишдан мақсади, у мушрик қавм: “Илоҳларимиз сўзлай олмайдиларку, ана у катта илоҳимиз ҳам қўйилган жойидан қимирлай олмайдику, бас, у қандай қилиб кичик илоҳларимизни уриб-синдиради?!” дейишлари эди. Шунда у: “Бас, бу ҳолда, сизлар нима учун қимирлай олмайдиган, сўзлай олмайдиган ва ўзларини ҳимоя қила олмайдиган бу ҳайкалларга сиғиниб, улардан ҳожатларингизни сўрайсизлар?!” демоқчи бўлган эди.
97-98. Улар (бир-бирларига) дедилар: Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бинолар қуриб уни ўша оловга ташланглар». Бас, улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар, Биз уларнинг ўзларини тубан-мағлуб қилдик.
Яъни, золим подшоҳ Намруд бошлиқ мушриклар бир-бирларига: “Агар синдирилган илоҳларингиз учун интиқом олмоқчи, уларга ёрдам бермоқ-чи бўлсангизлар, Иброҳим илоҳларингизни ҳақорат қилгани ва уларни уриб-синдирганининг жазосига уни ёқиб юборинглар”, дедилар. Зотан, барча замонлардаги золим подшоҳларнинг қўлларидан келадиган иш шудир. Уларнинг сўзлари хато, йўллари нотўғри экани исботлаб берилса, раҳмат айтиб ўзларини ўнглаб олиш ўрнига зулм-зўравонлик қилишга ўтадилар. Шундай қилиб мушрик қавмнинг ҳаммаси Иброҳим алайҳис-саломни оловда куйдириб ўлдиришга иттифоқ қилдилар. Чунки бундан қаттиқроқ азоб-уқубат йўқлигини яхши билар эдилар. Улар аввало Иброҳимни (ўшанда у ўн олти яшар йигитча эди) баландлиги олтмиш газ (тахминан қирқ икки метр) бўлган девор билан ўралган қамоқхонага қамаб қўйдилар. Сўнгра уни ёқиш учун ҳаммалари ўтин жамлай бошладилар. Чунки уларнинг барчалари синдирилган “илоҳлари” учун Иброҳимдан ўч олишга иштирок этиб, “савоб”га эга бўлмоқчи эдилар. Ҳатто ўлим тўшагида ётган кимса ҳам ўзининг номидан ўтин сотиб олиб, Иброҳимни ёқиш учун тўпланаётган ғарамга олиб бориб қўшишларини васият қилар эди. Агар бирон аёл касал бўлиб қолса, “илоҳларим менга шифо берсалар, ал-батта Иброҳим учун ўтин тўплайман”, деб назр қилар эди. Шундай қилиб, бир ой давомида жуда баланд ўтин ғарами тўплангач, уни тинмасдан етти кеча-кундуз ёқдилар. Гуриллаб ёнган оловнинг иссиғи шу қадар баланд эдики, осмони фалақца учиб юрган қуш унинг устидан ўтса, қанотлари куйиб, ёниб кетар эди. Шундан кейин у золимлар яқинига йўлаб бўлмайдиган бу оловга Иброҳимни қандай қилиб ташлашни билмай бошлари қотди. Шунда иблис алайҳил-лаънаҳ кекса бир нажжор-дурадгор суратида келиб уларнинг мушкилларини осон қилди - уларга манжаниқ (тош отадиган қурол) ясаб берди. Мушриклар манжаниқни баланд бир тепалик устига олиб чиқиб ўрнатдилар, сўнгра кишанланган-боғланган Иброҳимни олиб келиб унга кўйдилар. Бу мудҳиш ҳолни кўриб осмон, Ер, малоикалар, яъни, инсу-жиндан бўлак барча махлуқот фарёд солиб йиғладиларки, “Ё Парвардигоро, Халилинг Иброҳим оловга отилмоқда, ҳолбуки, бу кунда Сенинг Ерингда Сенга ибодат қиладиган ундан ўзга бирон кимса йўқку! Бас, Сен бизларга изн бергин, унга ёрдам қилайлик”. Оллоҳ азза ва жалла айтди: “Албатта у Менинг Халилим, Менинг ундан ўзга Халилим йўқ ва Мен унинг Ёлғиз Илоҳиман, унинг учун Мендан ўзга илоҳ йўқдир. Бас, агар у сизлардан ёрдам сўрайдиган бўлса, ким бўлса ҳам унга ёрдам қилсин, Мен бунга изн берурман. Аммо агар унингўзи Мендан ўзгадан ёрдам сўрамайдиган бўлса, у ҳолда уни Менинг Ўзимга қўйиб беринглар, Мен унинг Дўстиман, бас, уни яхшироқ Билгувчиман”. Бас, қачонки Иброҳимни оловга отмоқчи бўлганларида, унинг олдига сувнинг ҳазинабони бўлган малак келдида, “Эй Иброҳим, агар хоҳласанг мен у оловни бир зумда ўчирурман”, деди, шамоллар ҳазинабони бўлган малак келиб: “Агар хоҳласанг, оловни бир лаҳзада ҳавога учирурман”, деди. Шунда Иброҳим айтди: “Менинг сизларга ҳожатим йўқ. Менга ОллоҳнингЎзи Етарлидир, У зот энг яхши ишончли Вакилдир”. (Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривояти).
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Иброҳим, мушриклар уни оловга отиш учун боғлаб манжаниққа қўйган пайтларида Оллоҳтаолага илтижо қилди: “Эй Пок Парвардигор, ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ўзинг Бордирсан, барча оламларнинг Эгаси Ўзингдирсан, ҳамду сано Сеникидир, мулку давлат Сеникидир, Сенга бирон шерик йўқдир”. Сўнгра уни манжаниқдан оловга отдилар ва ўша лаҳзада ҳавода унинг ёнига Жаброил алайҳис-салом келиб: “Эй Иброҳим, менга бирон ҳожатинг борми?” деган эди, у: “Сенга (яъни, Оллоҳдан ўзга бирон кимсага) ҳожатим йўқ”, деб жавоб берди. Шунда Жаброил: “У ҳолда Парвардигорингдан сўрагин”, деган эди, Иброҳим: “Парвардигорим Ўзи аҳволимдан етарли Огоҳдир”, деди. Шу онда Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” деб амр қилди-ю, ўша заҳоти гуриллаб ёнаётган оловнинг ёруғи қолди ва иссиғи йўқолди. Унинг тафтидан Ибро-ҳимнинг боғланган арқони ёниб битди-ю, унингўзига бирон зиён етмади.
Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бас, малоикалар Иброҳимнинг икки қўлтиғидан ушлаб оҳиста Ерга тушириб ўтқизиб қўйдилар”. Иброҳим ўша жойда - олов устида етти кун қолди. У айтди: “Мен ўша олов устида ўтказган кунларимдан неъматлироқ бўлган кунни билмайман”. Чунки Меҳрибон Оллоҳу оловни Иброҳим учун гулбоғга айлантириб қўйган ва борлиқдаги жамийки нарсага соя солгувчи соя фариштасини айни Иброҳимнинг суратига киритиб, унга ошно қилиб қўйган эди. Шунда Жаброил алайҳис-салом кўкдан тушиб айтди: “Эй Иброҳим, Роббинг Оллоҳ таоло: “Олов Менинг севикли бандаларимга зиён етказа олмаслигини билмаганмидинг?” демоқда”.
Иброҳим алайҳис-саломни оловда куйдириб, кулини кўкка совурмоқчи бўлган Намруд ўзининг осмонўпар қасридан кузатиб турар экан, гуриллаб ёнаётган бениҳоя катта ўтин ғарамининг ўртасида бир гулзор пайдо бўлганини ва Иброҳим у гулзорда худди ўзига ўхшаган хушсурат бир йигит билан ҳамсуҳбат бўлиб ўтирганини кўрди-ю, лол қолиб: “Эй Иброҳим, ҳақиқатан ҳам сенинг Роббинг жуда зўр экан. Қасам ичиб айта-манки, мен унинг учун тўрт минг сигирни қурбонлик қилиб сўяман”, деди ва шундан кейин қайтиб Иброҳим алайҳис-саломга қаршилик қилишга журъат эта олмади. (“Тафсири Қуртубий”, “Тафсири Бағавий” “Танвирул-азҳон” ва бошҳа тпафсир китобларидан таржима қилинди).
99-100-101. (Иброҳим ўт ичидан эсон-омон чиқди) ва деди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган тараф)га кетгувчидирман. Унинг Ўзи мени (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилур. Парвардигорим, Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя этгин». Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик.
Ўша соатда Ер юзида Иброҳим алайҳис-саломга иймон келтирган Лут ва Иброҳимнинг аёли - амакисининг қизи Сорадан бошқа бирон мўмин йўқ эди! Шу боисдан Оллоҳ таолонинг улуғ элчиси ва Халили Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом шунча даъватни эшитиб, шундай улуғ мўъжи-заларни кўриб туриб ҳам Ҳақ таолога иймон келтирмаган динсиз ва ақлсиз қавм орасида бир кун ҳам қолишни истамаслигини изҳор қилиб, Лут ва Сорага: “Энди мен албатта Парвардигорим буюрган томонга ҳижрат қилиб чиқиб кетурман. Албатта Унинг Ўзи мени ҳар қандай душмандан ҳимоя қиладиган Буюк Қудрат Соҳибидир, қиладиган ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Доно Зотдир”, деди. Бас, Иброҳим алайҳис-салом ўзи билан Лут ва Сорани олиб, Шоми шарифга ҳижрат қилди. У дастлаб Ҳорон юртига келиб, сўнгра у жойдан Мисрга борди, кейин у ердан ҳам чиқиб Фаластин заминига, яъни, келажак йиллар ва асрларда минглаб пайғамбарларнинг киндик қонлари тўкилган ватанлари бўлмиш Шоми шарифга бориб, у муборак ўлкани ўзи учун ватан қилди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Аксари муфассир уламолар ушбу оятларда зикр қилинадиган - Иброҳим алайҳис-саломга Парвардигор томонидан ҳадя этилган ҳалим ўғилдан мурод, Исмоил алайҳис-салом эканлигини айтадилар. Ояти каримада яна туғилажак фарзанд гўдаклик чоғида ҳалок бўлмасдан соғ-омон ҳалим ўғлон бўлиб ўсиб улғайиши ҳам башорат қилинади. Чунки чақалоқ “ҳалим - кўнгли юмшоқ” деб сифатланмайди.
102. Бас, қачонки у (бола катта бўлиб, отаси Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўгилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншооллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан».
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қи-линишича, Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари кўрадиган барча тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳис-салом тушида берилган фармоннингўзи биланоқ ўғли Исмоил алайҳис-саломни қурбон қилишга чоғланди ва ўғли ҳам (ўшанда у эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган экан) тўла розилик билан Оллоҳнинг Амрига бўйинсунди.
Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: “Иброҳим алайҳис-салом пайдар-пай уч кеча уйқусида ўғли Исмоилни Оллоҳ йўлида курбонлик қилаётганини кўрди ва бу Оллоҳ таолонинг Амри эканлигини аниқ билгач: «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншооллоҳ, мени сабр қил-гувчилардан топурсан». (“Тафсийри Бағавий”дан). Яна ўша тафсирда Му-ҳаммаб ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, қачонки, Исмоил алайҳис-салом ўн икки-ўн учга чиқиб балоғат ёшига яқинлашга-нида отаси Иброҳим алаҳис-салоту вас-саломнинг ёнида юриб у билан бирга Оллоҳ таолога ибодат қиладиган бўлди. Ўша кунларнинг бирида Иброҳим алайҳис-салом тушида ғойибдан бир овоз: “Оллоҳ таоло сенга мана шу ўғлингни Унинг Йўлида қурбон қилишни буюради”, дейди. Шундан ўша кеча “лайлатут-тарвия - туш кўрилган кеча”, деб аталади. Бу қур-бон ҳайитининг арафаси бўлган кундан бир кун олдин, халқ орасида “ёлғон арафа” деб аталиб қолган кун эди. Ўша куни Иброҳим алайҳис-салом эртадан кечгача: “Кўрган тушим Оллоҳдан бўлдими ёки шайтонданми?” деб ўйланиб юради. Энди қачонки иккинчи кеча ҳам худди ўша тушни қайта кўргач, тонг отганида кўрган туши Оллоҳ таолодан эканлигини таниди - аниқ билди. Шу боисдан ўша кун арафа - таниш куни, яъни, Иброҳим алайҳис-салом кўрган тушини Оллоҳдан эканлигини таниган-билган кун деб, ўша туш кўрилган макон эса арафот - таниш жойлар деб аталиб қолди ва Жаноби Ҳақ то Қиёматга қадар ҳаж қилиш учун келган бандала-рига ана ўша табаррук маконда арафа кунида тўпланиб, дуо-илтижолар қилишни буюрди.
Айтадиларки, Исмоил Забийҳуллоҳ алайҳис-салом ўзининг Оллоҳ Йўлида Қурбон қилинишини билгач, отаси Иброҳим Халийлуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломга: “Отажон, мени қурбон қилар экансиз, юзимни ерга қаратиб пешонам билан ётқизинг, акс ҳолда кўзингиз юзимга тушганида менга раҳмингиз келиб, оталик меҳрингиз Сизни Оллоҳнинг Амрини адо этишдан тўсиб кўяди, мен ҳам кўлингиздаги пичоқни кўриб бесабирлик қилиб қўяманми деб кўрқаман”, деди.
103-104-105. Бас, қачонки уларнинг иккиси ҳам (Оллоҳнинг ваҳийсига) таслим бўлиб, (Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун эндигина) пешонаси билан (Ерга) ётқизган ҳам эдики; Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг». Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз.
Иброҳим алайҳис-салом Исмоилни унинг ўзи айтганидай юзини ерга қаратиб ётқизиб қўл-оёғларини боғлаётганида у деди: “Отажон, қўл-оёқларимни қимирлай олмайдиган қилиб қаттиқроқ боғланг ва кийимларингизни менга тегмайдиган қилиб йиғиштириб олинг, токи уларга қоним сачраб, ажрим нуқсонли бўлмасин ва у қонларни онам кўриб ғамгин бўлмасин. Пичоғингизни ўткирлаб олинг ва менга енгилроқ бўлиши учун уни бўғзимга тортганингизда қаттиқ тортинг, осонроқ жон берай. Онамнинг олдига қайтиб борганингизда мендан салом айтинг ва агар хоҳласангиз, кўйлагимни онамга беринг, зора унингучун мен томонимдан бир оз таскин-тасаллий бўлса. Бас, Иброҳим алайҳис-салом унга: Ўғлим, сен Оллоҳнинг Амрини адо этишимда менга мунча яхши ёрдамчи бўлдинг”, деганича ўғлининг айтганини қилиб, йиғлаган кўйи унинг қўл-оёқларини маҳкамроқ боғлади. Ўғли ҳам унсиз йиғлар эди. Сўнгра у пичоқни олиб Исмоилнинг бўғзига тортган эди, пичоқ ўтмади. Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳ таоло Исмоилнинг томоғини кўзга кўринмас юпқа мис билан ўраб қўйган эди”, Кейин пичоқ яна ва яна тортилса ҳам Исмоил-нинг бўғзига ўтмасдан қайтиб кетаверди. Шунда ғойибдан: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг”, деган нидо келди.
Абу-Туфайл Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилди: “Қачонки Иброҳим алайҳис-саломга ўғлини Оллоҳ йўлида Қурбоник қилиш буюрилганида, ана шу ҳаж маросимлари адо этиладиган жойнинг ўзида (Мино адирларида) унинг йўлини шайтон тўсмоқчи бўлди, лекин Иброҳим алайҳис-салом ундан ўзиб ўтиб кетди, сўнгра жамротул-ақабага (биринчи шайтонга тош отиладиган жой) етганида, яна шайтон унга кўндаланг бўлганида, Иброҳим унга қараб еттита майда тошни отган эди, кўздан йўқолди. Кейин Жамротул-вустода (ўртадаги шайтонга тош отиладиган жой) яна йўлини тўсмоқчи бўлганида Иброҳим унга яна еттита майда тош отди, бас, у яна йўқ бўлди, сўнгра Жамротул-куброда (катта, яъни, сўнгги шайтонга тош отиладиган жой) шайтон яна Иброҳимга етиб олиб унинг йўлини тўсмоқчи бўлганида Иброҳим алайҳис-салом унга яна еттита майда тошни отганидан кейин у малъун бутунлай кўздан йўқолди ва Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амрини адо этиш учун йўл олди”. (“Тафсири Табарий”, “Тафсири Ибн Касийр ва “Дуррул-Мансур” тафсирларидан таржима қилинди).
Ояти карима ниҳоясида Ҳақ таоло: “Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”, жумласи билан Унинг Амрига сидқидилдан чиройли итоат қиладиган бандаларини мана шундай чиройли мукофотлашини, яъни, ҳали улар ўзларига буюрилган амални адо этишга улгурмасларидан туриб уларга шу амални адо этганларида оладиган ажр-мукофотларини нақд қилиб беришини таъкидлайди.
106. Албатта бу (яъни, Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир, холос.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган Илоҳий имтиҳон ҳақида ва Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом нафақат мазкур имтиҳондан, балки Ҳақ таолонинг бошқа жуда кўп имтиҳонларидан ҳам шараф билан ўтгани тўғрисида Бақара сурасининг 124-ояти ва унинг тафсирида хабар берилади: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Иброҳимни Парвардигори бир неча Сўзлар билан имтиҳон қилганида уларни бенуқсон ҳолда адо этди. Шунда (Оллоҳ таоло): «Албатта Мен сени одамларга имом - пешво қилгувчидирман», деди. «Зурриётимни ҳам-а?», деб сўради у. (Оллоҳ таоло) айтди: «Менинг бу аҳдим (сенинг зурриётинг орасидаги) золим кимсаларга етмайди».
Ояти каримада зикр қилинган “Сўзлар”дан мурод Оллоҳ таолонинг Буйруқ ва Тақиқларидир. Улар айнан қайси амаллар экани ҳақида турли ривоятлар бор. “Тафсири Насафий”да зикр қилинишича, улар ўн амал бўлиб, беши бошда, беши бадандадир. Бошдагилари: сочининг ўртасидан фарқ очиш, мўйловини қисқартириш, мисвок тутиш, оғизни чайқаш ва бурунни чайқаш бўлса, бадандагилари: хатна қилдириш, тирноқларни олиш, қўлтиқ ости тукларини юлиш, киндик остини тозалаш, истинжо -сув билан остни ювиш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича эса, улар ўттиз амалдир. “Маҳосинут-Таъвил” тафсирида айтилишича, у “Сўзлар”нинг маъноси аввало Иброҳим алайҳис-саломнинг Исломга, яъни, Оллоҳ таолога тўла бўйсунишга буюрилиши. “Эсланг, Парвардигори унга: «Бўйинсун!», деганида у дарҳол: «Бутун оламлар Эгасига бўйинсундим», деди”. (Бақара сураси, 131-оят). Бас, у зоти бобаракот дар-ҳол бўйинсунди, иккинчиси, унинг ҳижратга буюрилиши бўлиб, буйруқ бўлиши билан Оллоҳ Йўлида ҳижрат қилиб, ватанларини ташлаб чиқиб Шомга йўл олди. Учинчиси, олов билан имтиҳон қилинишидирки, оловга ташланган чоғида ҳам сабр қилди, синовдан ўтди, тўртинчиси, кекса ёшида хатнага буюрилди ва бу фармонни ҳам бажарди, сабр қил-ди, бешинчиси, ўз фарзандини сўйиб қурбон қилишга буюрилди ва бу буйруқни ҳам бажарди, Оллоҳ таолога бўйинсунди. Хуллас Ҳақ таоло Халилим деб шарафлаган бу буюк зот Яратган Дин йўлида нима қилишни буюрган бўлса, ўша амалларнинг барчасини беками-кўст бажарди, Оллоҳнинг имтиҳонидан шараф билан ўтди. Шунда Жаноби Ҳақу зотни ўзидан кейин келадиган барча одамларга имом - йўлбош-чи қилишини айтди. Дарҳақиқат, Иброҳимдан кейин юборилган ҳар бир пайғамбарга Иброҳимнинг динига эргашиш буюрилди. “Биз (Иброҳимга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда пайғамбарликни ҳам, (барча самовий) Китобларни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик ва унга шу дунёда ҳам ажри-мукофотини бердик, албатта у Охиратда ҳам солиҳ зотлардандир”. (Анкабут сураси, 27-оят).
107. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сў-йишни - қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни, катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик).
“Маолимут-танзийл” тафсирида айтилади: “Иброҳим алайҳис-салом ўғли Исмоилни қурбонлик қилиш ҳаракатида экан, бир шарпани сезиб қараган эди, баногоҳ рўбарўсида фаришта Жаброил алайҳис-салом ва унинг ёнида бир шохдор ола қўчқор турганини кўрди. Жаброил деди: “Мана бу ўғлингнинг ўрнига юборилган қурбонликдир. Энди сен ўғлинг ўрнига уни курбонлик қил!” Бас, Жаброил “Оллоҳу акбар”, деб такбир айтди ва унга қўшилиб қўчқор ҳам, Иброҳимнинг ўғли ҳам такбир айтди ва Иброҳим қўчқорни ушлаб, Минодаги қурбонликлар сўйиладиган жойга олиб бориб уни сўйди”.
Аксари муфассирлар ўша қўчқор жаннат боғларида қирқ йил ўтлаган эди дейдилар.
Саид ибн Жубайр розияллоху анху ва бошқалардан ривоят қилинишича, Ҳобил қурбонлик қилган қўчқор жаннатга кўтарилиб кетади ва орадан неча минг йиллар ўтгач, Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом ўғли Исмоилни Оллоҳ Йўлида қурбонлик қилмоқчи бўлганида Оллоҳнинг Амри билан жаннатдан - ўтлаб юрган жойидан Ерга Исмоилнинг ўрнига эваз бўлиб курбонлик қилиниш учун қайта туширилади.
108-109-110-111. Ва Биз кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай! Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
Иброҳим Халилуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни шарафлаган ушбу оятлар суранинг Нуҳ алайҳис-саломни шарафлаган 78-79-80-81-оятларнинг айни такрори бўлиб, ўз ўрнида ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди.
112-113. Яна Биз унга пайғамбар (ва) солиҳ бандалардан (бўлғу-си) Исҳоқнинг хушхабарини бердик. Ва (Исмоилга) ҳам, Исҳоққа ҳам (дину дунёларида) баракот бердик. Уларнинг авлод-зурриётлари орасида чиройли амал қилгувчи ҳам, ўз жонига очиқ жабр қилгувчи ҳам бўлгур.
“Тафсири Мунийр”да: ушбу оятларда Ҳақ таоло томонидан Иброҳим алайҳис-саломга келажакда солиҳ пайғамбарлардан бўлғувси фарзанд Исҳоқ ҳақида хушхабар берилиши ва бу хабар Оллоҳ Йўлида қурбонлик қилинишга буюрилган ўғил ҳақидаги қиссадан кейин берилиши курболик қилишга буюрилган бола Исҳоқ эмас, Исмоил бўлганини билдирувчи яна бир далилдир, дейилади. Муфассир уламолардан Муфаззал раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу фикрни тасдиқлаб, “Саҳиҳ гап шуки, Забийхуллоҳ - Оллоҳ Йўлида курбонлик қилинишга буюрилгувчи Исмоил алайҳис-салом эди», дейди. Шунингдек, мазкур тарихни ривоят қилгувчи барча уламолар Исмоил алайҳис-салом Исҳоқ алайҳис-саломдан ўн уч ёшга катта бўлгани ҳақида ҳамфикрдирлар. Оят давомида Жаноби Ҳақ Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг икки фарзанди - Имоил ва Исҳоқнинг умру ризқларига ҳам, авлодларига ҳам баракотлар ато этганини сўзлаб, лекин ҳар иккисининг авлод-зурриётлари ичида яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам бўлиши ҳақида огоҳлантиради ва бу билан ёмонларга уларнинг пайғамбар авлод-лари эканлиги ҳеч қандай фойда бермаслигини таъкидлайди. Демак, Яхуд ва насронийларга уларнинг Исҳоқ алайҳис-саломнинг авлодларидан эканликлари, арабларга эса Исмоил алайҳис-саломнинг авлодларидан эканликлари асқотмас. Балки улардан ким чиройли амал қилгувчи мўмин-мусулмон бўлса, қилган амалларига яраша ажр-мукофотларга сазовор бўладилар, ким ўз жонига жабр қилиб куфр-исён йўлини танласа, қилган қилмишларига яраша Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлади.
114-115. Дарҳақиқат, Биз Мусо ва Ҳорунга (пайғамбарлик) инъом қилдик. Ва у иккисига ҳамда уларнинг қавмига улуғ ғамдан нажот бердик. Юқоридаги оятларда Ҳақ таолонинг Иброҳим алайҳис-саломнинг ўғиллари Исмоил ва Исҳоқ алайҳимас-саломларга ато этган неъматлари, хусусан улардан бирига Қурбонлик қилинишидан нажот бергани ва унинг ўрнига қурбонлик учун жаннатдан бир катта қўчқор туширгани зикр қилингач, ушбу оятларда энди Яратганнинг Исҳоқ алайҳис-саломнинг авлодларидан бўлган Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга берган неъматлари - уларни Ўзининг элчиларидан қилиб танлагани ҳамда у икки пайғамбар ва уларнинг қавми бўлган бани Исроил қабиласига улуғ ғамдан Фиръавн ва унинг қавми бўлган қибтийлар азобидан нажот бергани, Фиръавн ва қавмини денгизга ғарқ қилиб бани Исроилни ҳалокатдан қутқаргани зикр қилинади.
116. Ва уларни Ўзимиз қўлладик, бас, улар (Фиръавн ва унинг одамлари устидан) ғолиб бўлдилар.
Яъни, Мусо Ҳорун ва уларнинг қавми бўлмиш бани Исроил бизнинг мададимиз билан золим Фиръавн асоратидан қутулиб, унинг устидан ғалаба қозондилар, хору ҳақирликдан халос бўлиб, ер-мулк, мол давлат эгаларига айландилар.
117. Ва Биз у иккисига равшан Китоб -Таврот ато этдик.
Яъни, Фиръавн зулмидан халос қилинганларидан кейин Биз Мусо ва Ҳорунга дунё ва Охират ишларини очиқ-равшан кўрсатиб берадиган бир улуғ Китоб - Тавротни ато этдик.
Дарҳақиқат, Таврот Оллоҳ таоло томонидан Мусо алайҳис-саломга туширилган ҳолида, унга бани Исроил қавми ўзгартиришлар киритишларидан, у Илоҳий Китобдаги ўзларига ёқмаган айрим оятларни олиб таш-лашларидан ва ўзларининг сўзларини “бу ҳам Оллоҳнинг сўзи”, деб у Китобга қўшиб олишларидан илгари худди ояти каримада зикр қилинганидек улуғ сифатларга эга бўлган буюк Эслатма эди. Бу ҳақда мана бу оятда ҳам хабар берилган: «Қасамки, Биз Мусо ва Ҳорунга (Ҳақ билан ботилни) ажратгувчи (Таврот)ни тақволи кишилар учун зиё ва эслатма бўлган ҳолида ато этдик». (Анбиё сураси, 48-оят).
118. Ҳамда у иккисини Тўғри Йўлга ҳидоят қилдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг элчилари Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломни тўғри Йўлга Ҳидоят қилганини ва улар ўзларига нозил қилинган Таврот Китобининг кўрсатмаларига амал қилиб, қавмларини Ҳақ Йўлга, яъни, Дини Исломга даъват қилганларини таъкидлайди.
119-120-121-122. Ва Биз кейинги (авлод)лар орасида (Мусо ва Ҳо-рун) ҳақида (гўзал мақтовлар - олқишлар) қолдирдик. Мусо ва Ҳорунга салом бўлгай! Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шун-дай мукофотлармиз. Албатта уларнинг иккиси ҳам Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
Ушбу оятлар юқорида тафсир қилиб ўтилди. Фақат бу ўринда сўз Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳақларида боради.
123. Илёс ҳам шак-шубҳасиз, элчи-пайғамбарлардандир.
Муфассирлар Илёс алайҳис-салом Ҳорун алайҳис-саломнинг набира-ларидан бўлиб, у ҳам бани Исроил қавмига юборилган элчи пайғамбарлардан бири эди, дейдилар. Илёс пайғамбар билан бутпарасат қавми ўртасида бўлиб ўтган можаро қуйидаги оятларда зикр қилинади.
124-125-126. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: «(Оллоҳдан) қўрқмай-сизларми?! Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота боболарингизнинг ҳам Парвардигорини - энг Гўзал Яратгувчи Оллоҳни тарк қилурмисизлар?!»
Яъни, Илёс алайҳис-салом ҳам ўзининг қавму қариндошлари худди ундан илгари юборилган элчи-пайғамбарлар ўзларининг бутпараст қавм-ларига айтган гапларини айтди: “Эй қавмим, нега сизлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига ўзларингиз ясаб олган бутларга сиғинмоқдасизлар?! Ахир Оллоҳтаолонинг азобидан қўрқмайсизларми?! Сизлар Баълга (ўзлари ясаб олган бутлари) сиғиниб, ибодат қилинишга лойиқ бўлган Ёлғиз Маъбуди Барҳақ Оллоҳтаолога ибодат қилишни тарк этасизларми?! Ахир сизларни йўқдан бор қилган, суратларингизни гўзал қилиб яратиб, ўзиниг сон-саноқсиз неъматлари билан тарбият қилган энг гўзал яратгувчингиз Оллоҳку?! Нега сизлар ана ўша энг гўзал Ҳолиққа ибодат қилмайсизлар-да, қўлларидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз жонсиз бутларга сиғиниб-чўқинасизлар?!”
127-128. Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилдилар. Энди албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилингувчидирлар. Магар Оллоҳнинг (куфру ширкдан) халос қилинган покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар).
Яъни, Илёс алайҳис-саломнинг қавми унинг даъватларига қулоқ ҳам солмадилар, аксинча уни ёлғончига чиқардилар ва Оллоҳ таолонинг эл-чисини ёлғончи қилганлари, унга иймон келтирмаганлари сабабли Қиёмат Кунидаги азобга ҳозирланувчи ва қилмишларига яраша дўзах жазоси билан жазолангувчи бўлдилар, магар қавмдаги Илёс алайҳис-саломга итоат этган ва чин ихлос билан Танҳо Оллоҳга ибодат қилган зотларгина Оллоҳнинг азобидан нажот топдилар ва қилиб ўтган солиҳ амаллари учун гўзал ажр-мукофотларга эга бўлдилар.
129-130-131-132. Ва Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Илёсга салом бўлгай! Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир.
Ушбу оятлар ҳам юқорида тафсир қилиб ўтилди. Фақат бу ўринда сўз Илёс алайҳис-салом ҳақида боради.
133-134-135-136. Лут ҳам шак-шубҳасиз, элчи-пайғамбарлардандир. Эсланг, Биз унга ҳам, унинг барча аҳли-тобеъларига ҳам нажот берган эдик. Магар (азобда) қолгувчилардан бўлган бир кам-пирга (яъни, Лутнинг кофир қавм томонида бўлган хотинига нажот бермадик). Сўнгра бошқаларни (яъни, Лутни ёлғончи қилганларни) ҳалок қилдик.
Лут алайҳис-салом Иброҳим алайҳис-саломнинг огаси Ҳороннинг ўғли бўлиб, Иброҳим алайҳис-салом кофирлар томонидан оловга таш-ланганида ёнмасдан, бирон жойи лат ҳам емасдан соғ-омон чиққанини кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканни билиб, биринчи бўлиб иймон келтиради. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай хабар берилади: “Бас, Лут унга (Яъни, Иброҳим алайҳис-саломга) иймон келтирди. (Иброҳим) айтди: “Албатта мен Парвардигорим (буюрган томон)га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта Унинг Ўзигина Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Ан-кабут сураси, 26-оят).
Иброҳим алайҳис-саломнинг бу сўзларини эшитгач, Лут ҳам у билан бирга ҳижрат қилади, у билан икки дарё оралиғида, сўнгра Мисрда, сўнгра Шом шаҳарларида бирга бўлиб, Урдуннинг шарқида жойлашган Саддум деган шаҳарда туриб қолади. Оллоҳтаоло Лут алайҳис-саломга ваҳий юбориб, уни ўша шаҳар аҳлига элчи қилади.
Саддум аҳолиси ўта бадхулқ кимсалар бўлиб, одамлар олдида ҳеч уял-масдан, ҳаё қилмасдан ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган бузуқликларни қилишар - эркаклар аёлларга уйланиб оила қуриш ўрнига эркаклар билан бесоқолбозлик қилишар, савдогарларнинг йўлини тўсиб, молларини талон-тарож қилиш ва қароқчилик билан шуғулланишар эди.
Лут алайҳис-салом уларни бундай бузуқ ишлардан қайтариб панд-на-сиҳатлар қилади, Оллоҳнинг балоси бошларига тушиб қолиши мумкин-лигини, қилаётган бу жиноятлари исроф - чегарадан чиқиш эканини ай-тиб уларни қайта-қайта огоҳлантиради, аммо улар пайғамбарнинг сўзларига парво ҳам қилмай ўз бузуқчиликларини давом эттираверадилар, ҳатто Лут уларга насиҳат қилишини тўхтатмагач, у бузуқ қавм бир уни ва тобеъларини шаҳардан ҳайдаб чиқариш билан, бир тошбўрон қилиб ўлдириш билан қўрқитиб таҳдид қила бошлайдилар. Бу ҳакда бошқа оятда шундай дейилади: «Улар дедилар: «Қасамки, агар (бу сўзларингдан) тўхтамасанг эй Лут, албатта сургун қилингувчилардан бўлурсан». (Шуаро сураси, 167-оят).
Яъни, Саддум аҳли - шаҳватнинг қулига айланиб, бузуқлик ботқоғига ботиб бўлган бу қавм Лут алайҳис-саломнинг холис панд-насиҳатларидан мутлақо таъсирланмадилар - бузуқликларидан қайтмадилар, балки аксинча, уларни покликка, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилган зотни ва унга иймон келтирган инсонларни: “Булар ҳаддан ташқари покиза одамлар эканми?”, деб масхара қилдилар ва бундай покиза, диндор одамлар билан бир шаҳарда туришни ҳам истамасликларини айтишиб, - (эътибор қилайлик, уларнинг нопок ва жирканч кирдикорлари, айтаётган сўзлари ҳозирги замондаги - мелодий йигирма биринчи аср-даги ўзлари учун динсизликни “дин”, ахлоқсизликни “ахлоқ” қилиб олган жамиятлардаги кимсаларнинг аҳволларига нақадар ўхшаш), - Лут пайғамбарни ва унга тобеъ бўлган оз сонли мўминларни шаҳардан ҳайдаб чиқармоқчи бўлдилар.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Лут алайҳис-салом қавмидаги кофирларни ҳалок қилиб, мўминларга нажот бергани ҳақида хабар берар экан, ҳар бир кўнгил кўзи кўр бўлмаган, кўрганидан ибратли хулоса чиқаришга қодир бўлган инсонни осий-жиноятчи қавмнинг оқибати қандай бўлганини кўришга буюради, лўттибозлик - эркак эркак билан жинсий алоқада бўлиши - шу дунёнинг ўзидаёқ Оллоҳ таолонинг интиқомига дучор қиладиган энг оғир жиноят экани тўғрисида қатъий огоҳлантиради.
Лут алайҳис-салом у қавмда ўттиз йил туриб, уларни бундай нопокликни тарк этиб, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилди, аммо улар ўзлари учун холис насиҳатгўй бўлган пайғамбарнинг сўзига қулоқ солмай, оқибатда қирилиб кетдилар.
Лўттибозлик нақадар жирканч ва мудҳиш жиноят эканлиги ҳақида ҳадиси шарифда ҳам кўп огоҳлантиришлар бор: Байҳақий ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу адайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло халқидан етти тоифасини етти осмон устида туриб лаънатлади. У етти тои-фадан олтитасини бир мартадан лаънатлади, бир тоифани эса уч марта лаънатлаб: “Ким Лут қавми қилган ишни қилса, у малъундир, малъундир, малъундир”, деди”.
137-138. (Эй Макка аҳли), аниқки, сизлар эрта-ю кеч уларнинг ус-тидан ўтиб турурсизлар. Ахир ақл юргизмайсизларми (яъни, Лутнинг қавми бошига тушган ҳалокат сизларнинг ҳам бошингизга тушиб қолишидан қўрқмайсизларми)?!
Ушбу икки оят мазмунидаги оятлар бошқа бир сурада ҳам келади: «Дарвоқеъ, у (шаҳар) муқим - доимий йўл устидадир (яъни, доим ўша вайрон бўлган шаҳар ёнидан ўтадилар-ку, нега унинг нима сабабдан вай-рон қилингани ҳақида тафаккур қилмайдилар)?! Албатта бунда мўминлар учун оят-ибрат бордир». (Ҳижр сураси, 76-77-оятлар).
Яъни, Саддум - Лут алайҳис-салом маскан тутган ва кейин унинг қав-ми қилган жиноят сабабли Оллоҳтаолонинг азоби тушиб бутунлай вайронага айланган ўша Саддум шаҳри у жойдан ўтувчи мусофир-йўловчилар кўзидан панада эмас, балки Ҳижоздан Шом мамлакатига кетишда очиқ йўл устида ҳаммага кўриниб турибди. Унинг вайроналари то шу кунларгача ҳам ибратли осори атиқа сифатида етиб келгандир. Аммо бундан фақат Оллоҳ ва Унинг элчиларига иймон келтирган мўминларгина ибрат оладилар - бу култепалар Оллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарлари учун кофир қавмдан олган интиқоми эканини идрок қиладилар. Иймонсиз кимсалар эса, буларнинг ҳаммасини тасодифга ёки табиат ҳодисаларига йўйиб ғаф-латда ўтиб кетаверадилар.
Ушбу оятлар баччабозлик энг ёмон бузуқлик эканига Илоҳий далилдир.
139-140-141-142. Юнус ҳам шак-шубҳасиз, элчи-пайғамбарлардандир. Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб Парвардигорининг изнисиз қишлоғидан чиқиб, одамлар билан) тўла бўлган кемага қараб қочган эди. Бас, у (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар). Бас, уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди.
“Тафсири Табарий”, “Дуррул-Мансур”, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” ва яна бошқа тафсир китобларида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Саид ибн Жубайр ва Ваҳб розияллоҳу анҳум ва бошқалардан ривоят қилинишича, Юнус алайҳис-салом ва ва унинг қавми қиссаси қуйидагичадир: Бу қавм Ироқ мамлакати, Мавсил минтақасининг Найнаво қишлоғида яшайдиган мушрик-жоҳил бир қавм эди. Оллоҳ таоло уларга Юнус алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Юнус у қавмни Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтиришга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка даъват қилди. Аммо улар Оллоҳнинг пайғабарига итоат қилиш ўрнига уни ёлғончи қилдилар. Бир неча йил (айрим ривоятларга қараганда тўққиз йил) қилган даъвати бесамар кетгач, қавмдошларининг иймон келтиришларидан умиди узилган Юнус алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан уч кун ўтганидан кейин эрта тонгда уларга Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида хабар берди ва ўзи учин-чи кун ярим тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Эрта тонгда уйғонган қишлоқ аҳли бутун осмонни қоп-қора булут қоплаб, ҳатто уйларининг томи ҳам кўринмай қолганига гувоҳ бўлишгач, бир-бирларига қараб: “Юнус бирон марта ёлғон сўзлаганини билмаймиз. Қарангларчи, у ўз уйида тунадимикан. Агар уйида бўлса, демак, ҳеч гап йўқ. Аммо агар уйида тунамаган бўлса, у ҳолда тонг саҳарлаб бутун борлиқни қоплаб олган бу қора булут Оллоҳнинг азоби эканини билинглар”, дейишди. Юнусни ҳеч қаердан топа олмаганларидан кейин, унинг айтган сўзлари ҳақ эканини аниқ билдилар ва Оллоҳ дилларига тавба-тазарруъ қилиш кераклигини солиб, бутун қишлоқ - эркак, аёл, болалар, ҳатто чорва ҳайвонларигача олиб, ибодат чоғида киядиган дағал матодан тикилган кийимларини кийиб бир баландликка чиқдилар ҳамда чин ихлос билан Оллоҳ таолога иймон келтириб, дуо-илтижо қила бошладилар. Улар оналарни чақалоқларидан ажратиб қўйдилар, чорва ҳайвонлари ҳам оналари бошқа, болалари бош-қа қилиб бўлиб қўйилган эди. Шунинг учун улар бир-бирларига интилиб дод-вой солар, катталар ҳам дод-фарёд қилиб йиғлаб Оллоҳ азза ва жаллага илтижо қилар ва: “Юнус келтирган Ҳақ Динга иймон келтирдик. Ё Оллоҳ, албатта бизларнинг гуноҳимиз жуда каттадир, аммо Сен барча нарсадан Буюкроқдирсан. Ўзинг бизга биз лойиқ бўлган азобни эмас, Ўзинг Эга бўлган Мағфиратни ато этгин”, дер эдилар. Бас, Парвардигор уларга раҳм қилиб, дуоларини мустажоб этди ва бошларига тушаёзган азобни уларнинг устидан кўтарди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анудан ривоят қилинишича, бу воқеа ошуро - муҳаррам ойинингўнинчи куни бўлган эди. (“Тафсири Куртубий”).
Ўша куни Юнус алайҳис-салом ўз қишлоғидан чиқиб кетиб, бир четда қавми устига тушадиган азоб-ҳалокатга кўз тикиб турди, аммо ҳеч нарсани кўрмади. Шунда у: “Мен қавмимга ваъда қилган азоб тушмадику. Энди уларнинг олдига қайтиб борсам, “берган хабаринг ёлғон экан”, деб мени ўлдирадилар”, дедида, денгиз томонга қараб кетди. Соҳилга етиб бориб, бир кемага одамлар чиқаётганини кўрди. Кема эгалари Юнусни таниб қолдилар ва ҳақ олмасдан уни кемага чиқариб олдилар. Кема йўлга тушиб, денгизнинг ўртасига етиб борганида на олдинга ва на орқага юрмай таққа тўхтаб қолди. Кема аҳли: “Кемамизга бир бало бўлди”, дейишиб, нима қилишларини билмай турган эдилар, Юнус: “Унга нима бўлганини мен биламан. Кемадагилар орасида жуда катта гуноҳ қилган кимса бор”, деди. Улар: “Ким ўша?” деб сўраган эдилар, Юнус: “Ўша гуноҳкор кимса, Эгасидан қочган қул мендирман. Сизлар мени денгизга улоқтириб юборинглар, кемаларингиз юради”, деди. Кемадагилар: “Сени ҳеч қандай сабабсиз денгизга ташлаб юбора олмаймиз”, дейишди. Шунда Юнус уларга кемадан улоқтиришга лойиқ кимсани аниқлаш учун кемадагилар ўртаси-да қуръа - чек ташлашни, қуръа кимга чиқса ана ўша кимсани денгизга ташлаб юборишни таклиф қилди. Уч марта қуръа ташладилар ва ҳар са-фар қуръа Юнусга қарши чиқди. Шундан кейин ноилож уни денгизга ташлаб юбордилар ва кема жойидан жилди. Кема остида эса Парвардиго-рининг Амрини кутиб оғзини очиб турган ҳут - наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборди.
143-144-145-146. Энди агар у (Оллоҳга доимо) дуо-тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тирилади-ган Кунларигача (яъни, Қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик. Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.
Шаъбий айтади: “Ҳут Юнусни ошуро куни чошгоҳ пайтида ютиб юборди ва ўша куни асрдан кейин, қуёш ботишга яқинлашиб қолганида соғ-саломат ҳолида денгиз соҳилига чиқариб ташлади”. Бу ошуро куни-нинг фазилатли кун эканидандир. Чунки худди шу куни Оллоҳ таоло Юнус алайҳис-саломнинг қавмидан азобни кетказди. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).
Эсласак, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ва уларнинг қавми бани Исроил золим Фиръавн балосидан нажот топган кун ҳам ошуро куни эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича эса, Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида қирқ кун қолиб кетган. (“Маолимут-танзил тафсири”дан).
Юнус пайғамбар қиссаси бошқа сураларда ҳам зикр қилингандир: “Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)!” (Анбиё сураси, 87-оят).
Зуннун, яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантиргани-да ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғма-ган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.
“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.” (Анбиё сураси, 88-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Парвардигорингизнинг Хукмига (яъни, У Зот кофирларга муҳлат бериб қўйганига, Ислом Дини дарҳол ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, у (ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди. Агар унга Парвардигори томонидан бўлган Неъмат-Марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолда улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди). Сўнг Парвардигори уни (яна пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди”. (Қалам сураси, 48-50-оятлар).
Ўрганаётганимиз ояти каримада Юнус алайҳис-саломнинг қоронғу зулматларда туриб дуо қилгани зикр қилинди. Бу ўринда зулматлар кўплик шаклида келгани сабабини Абдуллоҳ ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳум шундай тафсир қиладилар: “Дарҳақиқат, Юнус Парвардигорга дуо қилган ўша соатда учта зулмат - қоронғу кеча зулмати, денгиз қаъридаги зулмат ва балиқ қорнидаги зулмат жамланган эди”. Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Юнусни ютиб юборган балиққа: “Сен унинг бир тукига ҳам озор бермагин. Чунки Мен сенинг қорнингни унингучун зиндон қилдим, аммо уни сенга таом қилиб берганим йўқ”, деб ваҳий юборади.
Саид ибн Абул-Ҳасандан ривоят қилинди: “Наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборганида у ўлим келди шекилли деб ўйлади ва оёқларини чўзганича ётиб қолди, сўнгра ўлмаганини билгач, ўрнидан туриб ўз одати бўйича намоз ўқий бошлади ва дуо асносида: “Парвардигоро, мен Сен учун шундай жойни масжид қилиб олдимки, бу жойда мендан бошқа бирон кимса намоз ўқиган эмас”, деди.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ҳам Юнус алайҳис-саломни шарафлайди: “Ҳазрати Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Сизлар мени Юнус ибн Маттодан афзал деб билманглар”. Абул-Маоний Жувайний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадиснинг маъноси, мен, дейдилар Пайғамбар алайҳис-салом, меърож кечасида самога кўтарилиб, жаннатдаги Сидратул-мунтаҳо дарахти олдида турганимда Оллоҳ таолога денгиз қаъридаги балиқ қорнида турган Юнусдан яқинроқ эмас эдим”. Яъни, Оллоҳ субҳонаху ва таолонинг макони бирон бир тараф эмас, балки У Зот барча тараф - маконларда ва ҳамма замонларда баробар Ҳозир ва Нозир - Бор ва Кўриб тургувчидир”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ояти каримада мазкур бўлган дуо шарофати ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: Абу Довуд Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нун - балиқ Соҳиби (яъни, Юнус алайҳис-салом) балиқ қорнида туриб: “Ҳеч илоҳ йўқ, магар Сенинг Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим”, деб қилган дуосини мусулмон киши қандай нарса тўғрисида айтиб дуо қилса, ҳеч шак-шубҳасиз ўша сўраган дуоси мустажоб бўлади”. (Ушбу ҳадиси шарифни Термизий, Насоий ва бошқалар ҳам ривоят қилганлар).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоху анҳудан қилинган яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ла илаҳа илло анта - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Сенинг Ўзинг бордирсан” калимаси Оллоҳ таолонинг Исми Аъзами - энг Улуғ Исмидирки, Унга ушбу калима билан дуо қилинса, албатта ижобат қилади, сўралса, албатта ато этади”, деб марҳамат қилганлар. (“Танвийрул-азҳон”тафсиридан).
Уламолар “Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик”, ояти тафсирида денгиз соҳилига гўё янги туғилган чақалоқдек заиф ҳолида ташланган Юнуф алайҳис-саломга соябон бўлиши учун бир лаҳзада унинг устида қовоқ ўсимлиги ўсиб, палак ёзиши албатта беҳикмат эмас дейдилар. Чунки қовокнинг бир қанча фойдали хусусиятлари бордир: у жуда тез ўсиб палак ёзадиган ўсимлик, катта-катта ва юмшоқ барглари яхши соябон, унга чивин яқин йўламайди, меваси эса ўта фойдали ва шифобахш озуқа бўлиб, хомлигича ҳам, пишириб ҳам истеъмол қилинаверади, унинг пўстлоғи ҳам, данаги ҳам шифобахшдир. Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва сал-лам ҳам қовоқни суйиб истеъмол қилар эдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
147-148. (Балиқ қорнидан эсон-омон чиққач), Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) элчи қилиб юбордик. Бас, улар (Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни, ажаллари битгунча ҳаёт неъматидан) баҳраманд этдик.
Яъни, Оллоҳ таоло Юнус алайҳис-саломни Найнаво қишлоғига - у қочиб чиқиб кетган қишлоққа қайтариб, ўша жойдаги саноқлари юз минг, балки ундандан кўпроқ бўлган одамларга элчи қилиб юборди, бас, Юнус уларни яна қайтадан Оллоҳ таолонинг динига даъват қилган эди, қишлоқ аҳлининг ҳаммаси Юнусдаги пайғамбарлик аломатларини ва у тортган азоб-уқубат изларини кўргач иймон келтирдилар. Бас, Ҳақ таоло уларнинг барчаларини то ажаллари етиб, умрлари битгунича ҳаёт неъматларидан баҳраманд қилди.У қавм ҳақида Оллоҳтаоло бошқа бир оятида ҳам хабар берган: «Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок қилинмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёда шарманда бўлиш азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни, ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик». (Юнус сураси, 98-оят).
149-150-151-152-153-154-155-156-157. Энди, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка кофирларидан) сўрангчи, қизлар (яъни, уларнинг гу-монича, фаришталар Оллоҳнинг қизлари эмиш) Парвардигорингизни-ки-ю, ўғиллар уларники эканми?! Ёки Биз фаришталарни қиз қилиб яратдиг-у, улар гувоҳ бўлдиларми?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғон-чиликлари туфайли «Оллоҳнинг боласи бор», дерлар. Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Оллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эсҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Оллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?!Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтирингларчи?!
Юқоридаги оятларда Макка мушрикларининг куфру-исёнларидан озор-азийят чекаётган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бўлиши учун аввал ўтган қавмларнинг хабарлари зикр қилингач, ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбарига хитоб қилиб, мушриклардан улар қандай ақлий ёки нақлий далил-ҳужжат билан “Оллоҳнинг боласи бор” “фаришталар Оллоҳнинг қизлари” деб даъво қилаётганларини сўрашни буюради ва бу билан ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган ҳолда Оллоҳ таоло шаънига мутлақо муносиб бўлмаган қуруқ даъволарини қиладиган кимсалар жаҳолатнинг чекига етган нодон ва ақлсиз махлуқлар эканлиги таъкидланади. Ушбу ўта муҳим мавзу хусусида бошқа сураларда ҳам айтилган ва биз уларни ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтганмиз. Қуйида ана ўша оятларнинг айримларини келтирамиз: «Улар: («Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», дейишиб), у «қизлар»ни Оллоҳники қилишади - У Зот (бу бўҳтондан) Покдир - ўзларининг кўнгиллари тусаган нарсани (яъни, ўғилларни) эса ўзлариники (қилиб олишди). (Наҳл сураси, 57-оят).
Муфассирлар ушбу оят араб қабилаларидан Хузоъа ва Кинона ҳақида нозил бўлганини айтадилар.
У икки қабиладаги мушрик кимсалар: “Фаришталар Оллоҳнинг қизлари”, дейишар эди. Фаришталар ҳам худди аёллар каби инсонлар кўзидан панада бўлганлари учун мушриклар ўзларича уларни қизлар деб ҳукм чиқаришиб, кейин ўша “қизлар”ни Оллоҳники дейишларига сабаб, улар ўзлари қиз фарзандли бўлишни ёмон кўришларидан эди. (Бу ҳақда қуйидаги оятларда сўз боради). Шунинг учун улар гўё қизлар Оллоҳ таолоники-ю ўғил болалар ўзларини эканини айтиб, жаҳолатни қарангки, ўзлари мана шу сафсаталарига ишонар ҳам эдилар. Албатта, Танҳо ва тенги йўқ Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло мушрик кимсаларнинг бундай туҳматларидан - фарзанд тутиш айбидан Покдир. Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам такрор-такрор айтилган: “Улар (мушриклар Оллоҳ) учун Ўз бандаларидан (ай-римларини яъни, фаришталарни) жузъ - бўлак қилдилар! (Оллоҳнинг бандалари бўлган фаришталарни «У Зотнинг қизлари яъни, Унинг бир жузъи», дедилар. Чунки фарзанд отанинг жузъидир). Дарҳақиқат, инсон очиқ-ойдин кўрнамак-ношукурдир! Балки (Оллоҳ) Ўзи яратадиган нарсалардан қизларни олиб қолиб, сизларга ўғилларни танлаб бергандир?! Қачон уларнинг биронтасига, ўзи Раҳмон учун мисол қилган нарса (яъни, қиз кўргани) ҳақида хушхабар берилса, ғазабга тўлган ҳолда юзи қорайиб кетар. «Ҳали зеб-зийнат ичида ўстирилади-ган, (ҳеч қандай) жанжал-мунозарада (ўз мақсадини) очиқ-равшан баён қилиб бера олмайдиган (ожиз нотавон қиз болами)?!» (Ҳолбуки,) ўзлари Раҳмоннинг бандалари бўлмиш фаришталарни «Қизлар» дедилар! Ё улар (Оллоҳ фаришталарни) яратишига гувоҳ бўлганмидилар?! Уларнинг бу «гувоҳ»ликлари албатта (номаи аъмолларига) ёзи-лур ва улар (Қиёмат Кунида) сўроққа тутилурлар!” (Зухруф сураси, 15-19-оятлар).
“(Эй мушриклар), балки қизлар У Зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?!” (Ват-тур сураси, 39-оят).
Яъни, сизлар «Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир ҳужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно»ликларингиздан ўзларингиз ёмон кўрадиган ва орланадиган қизларни Оллоҳники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, Пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир!
Қачон уларнинг биронтасига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг (яъни, қиз кўришнинг) «ёмон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар (бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни, ноҳақ) хукм чиқарурлар. (Наҳл сураси, 58-59-оятлар).
158-159-160. (Мушриклар, Оллоҳ) билан жинлар (яъни, фаришталар) ўртасида насаб (яъни, ота-болалик бор, деб даъво) қилдилар. Ҳолбуки, жинлар-фаришталар (мушрикларнинг Қиёмат Кунида Оллоҳ азобига) ҳозир қилингувчи эканликларини аниқ билар эдилар. Оллоҳ улар-нинг («Оллоҳнинг боласи бор», деган) сифатларидан Покдир. Магар Оллоҳнинг покиза бандаларигина (мудом Оллоҳни У Зотга нолойиқ бўлган сифатлардан поктутарлар).
Аксари муфассирлар ушбу оятда зикр қилинган “жинлар” лафзидан мурод фаришталардир. Жинлар каби кўзга кўринмаганлари учун мушрик араблар фаришталарни ҳам жинлар деяверардилар, деб тафсир қилганлар. Мушрикларнинг даъволарича гўё Оллоҳ таоло жинларга уйланган-у, кейин ўша насл-насабдан фаришталар - Оллоҳнинг қизлари дунёга келган эмиш. Албатта Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларнинг ўзларича тўқиб олган бундай сифатларидан Покдир. Ояти карима гувоҳлик беришича, Оллоҳ таоло нурдан яратган бегуноҳ мавжудот бўлмиш фаришталар албатта, мушрикларнинг даъволари қуруқ бўҳгондан ўзга нарса эмаслигини ва ўша бўҳтончилар шак-шубҳасиз, дўзах азобига ҳозир қилингувчи ва у жойда абадул-абад азоблангувчи эканликларини жуда яхши билар, бунга иймонлари комил эди. Шунинг учун ҳам улар Оллоҳ таолонинг мушриклар даъво қилаётган, У Зотнинг Илоҳий шаънига мутлақо нолойиқ бўлган сифатлардан - оила, фарзандга муҳтожлик сифатларидан мутлақо Пок Зот эканлигини айтар эдилар. Магар, ҳақиқат шуки, инсонлар ичида ҳам фақат Оллоҳ таолонинг азобидан халос қилинган покиза бандаларигина У Зотни нолойиқ сифатлар билан сифатлаш каби мудҳиш жиноят - оғир гуноҳлардан пок-тозадирлар ва мушрик-кофир кимсалар каби дўзах азобига ҳозир бўлгувчи эмасдирлар.
161-162-163. (Эй Макка аҳли), шак-шубҳа йўқки, сизлар ҳам, сиғи-наётган бутларингиз ҳам (Оллоҳ)га қарши (бирон кимсани) фитнага солгувчи - адаштира олгувчи эмасдирсизлар. Магар (Оллоҳнинг тақ-дири азалийсида) дўзахга киргувчи бўлган кимсаларнигина (адашти-ра олурсизлар).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиб, улар айтаётган ноҳақ-нолойиқ сўзлари билан, сиғинаётган бут-санамлари билан, қилаётган турли-туман фитналари билан бирон кишини йўлдан оздиришга қодир эмасликларини, магар Оллоҳ таолонинг Қазо ва Қадарида - Лавҳул-Маҳфузда албатта дўзах аҳлидан бўлиши ёзиб қўйилган, яъни, ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмайдиган, Ҳақ Сўзга қулоқ солмайдиган бадбахт кимсаларнигина фитнага солишлари мумкин эканлигини таъкидлайди. Бундай фитна аҳлининг, ким қаёққа ҳайдаса пода-пода бўлиб кетаверадиган ақлсиз кимасалрнинг айрим сифатлари мана бу ояти каримада жуда аниқ баён қилиб берлиган: «Қасамки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англамайдилар, кўзлари бор-у кўрмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳм-ликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир». (Аъроф сураси, 179-оят).
Бас, маълум бўлдики, дунёга келадиган жинлар-у инсонларнинг кўплари Охиратда дўзахга тушар эканлар.
Оят давомида Ҳақ таоло бунинг сабабини баён қилади: “Уларнинг диллари бор-у англамайдилар. Кўзлари бор-у кўрмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар”. Яъни, уларнинг қалблари бор, аммо у қалблар қаттиқ ва касал, яъни, бузуқ бўлгани сабабли Ҳақиқатни англамайди-лар, Ҳақ сўзни тушунмайдилар, барча яхшиликлар Оллоҳ таоло буюрган ишларда ва барча ёмонликлар Оллоҳ таоло қайтарган ишларда эканини билмайдилар. Уларнинг қарашлари ўта юзаки. “Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар”. (Рум сураси, 7-оят). Улар савоб ҳақида ўйламайдилар, азобдан кўрқмайдилар.
Демак, улар ақлли мавжудот бўлган ҳолларида ақлсиз махлуқот каби яшайдилар.
Уларнинг кўзлари бор, аммо кўрган нарсаларидан ибрат олмайдилар, Оллоҳ таолонинг оятларига ибрат кўзи билан назар солмайдилар - Ҳақ Йўлни кўрмайдилар.
Уларнинг қулоқлари ҳам бор, аммо улар беҳуда-ёлғон-кераксиз-фойдасиз сўзларни жон қулоқлари билан эшитганлари ҳолда ўзлари учун энг керакли-нажотбаҳш Сўзни - Оллоҳ ва Расулининг Сўзини эшитмайдилар, яъни, эшитишни истамайдилар ёки эшитсалар ҳам, эшитмагандек яшайдилар. Демак, бундай кимсаларнинг ақлсиз - бор ғами фақат ейиш, ичиш ва шаҳвоний нафсини қондириш бўлган ҳайвонлардан ҳеч қандай фарқлари йўқдир, балки улар Тўғри Йўлни топа олмасликда ўша чорва ҳайвонларидан ҳам бадтарроқдирлар. Чунки чорва ҳайвонлари ўз эгаларига бўйсунадилар, улар эса ўз Эгаларига Яратган Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ таолога бўйинсунмайдилар, чорва ҳайвонлари ўзлари учун фойдали ишни қилиб, зарарли ишлардан узоқ бўладилар, улар эса ўзлари учун дунё ва Охиратда фақат фойда келтирадиган Ҳақ Йўлга юриш ўрнига қайсарлик ва жоҳиллик билан ўзлари учун ҳар икки дунёда фақат зиён келтирадиган куфр - залолат йўллари-да адашиб-улоқиб юраверадилар.
Бас, ҳақиқий ғофил-нодон ва ақлсиз махлуқлар чорва ҳайвонлари эмас, балки ана ўша динсиз кимсалардирки, бу ғафлатлари билан улар албатта жаннат роҳатларига эмас, жаҳаннам азоб-уқубатига лойиқдирлар.
164-165-166. (Фаришталар дедилар): «Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир мақом бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Оллоҳнинг амрини адо этурмиз). Дарҳақиқат, бизлар (Оллоҳнинг ҳузурида) саф тортиб тургувчилардирмиз. Дарҳақиқат, бизлар (Оллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) - тасбеҳ айтгувчилар-дирмиз».
Мушрикларнинг: “Фаришталар Оллоҳнинг қизлари”, деб уларни ило-ҳийлаштиришларига қарши раддия бўлиб нозил қилинган ушбу оятларда Ҳақ таоло малоикалар тилидан ҳикоя қилади. Улар айтадилар: “Бизлар Оллоҳнинг қизлари эмас, Унинг итоаткор қулларидирмиз. Бизлардан ҳар бир фариштанинг осмонларда ўз ибодат қиладиган ўрни, билим-маърифатдан ўзига хос бўлган мақоми ва зиммасига юкланган ўз вазифаси бор. Ҳар биримиз ўша ўзимиз учун буюрилган мақомда кеча-ю кундуз Оллоҳга ибодат қиламиз, мунтазам сафларга тизилган ҳолимизда яратганга саждалар қиламиз, намозларимизда Парвардигоримизнинг ҳар қандай айб-нуқсондан, жумладан, мушрик кимсалар даъво қилганидек, биз - фаришталарни қиз қилиб олиш нуқсонидан ҳам Пок Зот эканлигин эътироф этиб, Унга тасбеҳлар айтамиз.”
Оятлар тафсирида қатор ҳадислар ворид бўлгандир: Оиша розияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуйи осмондан бирон бир ўрин бўш эмас, магар у жойда бир фаришта сажда қилгувчи ёки қиёмда тургувчидир”, дедилар.” (Ибн Мурдавайҳ Анас розияллоҳу анҳудан ри-воят қилган).
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Осмон ингради, унинг инграши тўғридир. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, осмонда тўрт панжа сиққудек бўш жой йўқдир, магар бўлса, ўша жойда бир фаришта Оллоҳ таолога сажда қилиб бошини қўйиб турибти”. (Термизий ривояти).
“Саҳиҳи Муслим”да Жобир ибн Самра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у айтди: “Масжидда эканмиз, олдимизга Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва: “Сизлар ҳам малоикалар Парвардигор ҳузурида сафланганларидек сафланмайсизларми?” дедилар. Биз: “Ё Расулуллоҳ, малоикалар Парвардигор ҳузурида қандай сафланадилар?” деган эдик, айтдилар: «Улар аввалги сафларни тўлдириб, сўнгра кейинги сафларга ўтадилар ва сафда жипс ҳолда турадилар”.
Яна “Саҳиҳи Муслим”да Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилин-ди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Биз мусулмонларнинг бошқалардан учта фазлимиз-фазилатимиз бор: бизнинг сафларимиз малоикаларнинг сафларига ўхшайди, Ернинг ҳамма жойи биз учун масжиддир ва унинг тупроғи бизни тоза қилгувчидир, (яъни, сув топил-маган ёки уни ишлатиш имкони бўлмаган жойда тупроқ билан таяммум қилиш таҳорат ҳукмида бўлдаи)”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
167-168-169-170. Дарвоқеъ, (Макка аҳли Қуръон нозил бўлишидан илгари): «Агар бизнинг олдимизда ҳам аввалгилар(нинг Китоблари) дан бирон эслатма - китоб бўлса эди, албатта Оллоҳнинг покиза бандалари бўлур эдик», дер эдилар. Энди (Қуръон нозил бўлгач) эса, унга кофир бўлдилар. Бас, яқинда (бу куфрларининг оқибати нима бўлишини) билиб олурлар.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло яна Макка мушриклари ҳақида сўзлайди. Аммо мазмун эътибори билан бу Илоҳий хитоб барча инсонларга қаратилгандир. Чунки Макка мушриклари кўрсатадиган баҳонани барча жоҳил кимсалар рўкач қилишлари мумкин. Маккаликлар Ҳақ Йўлга даъват қилинганларида: “Осмондан Китоб нозил қилиниши бизлардан аввалги яҳудий ва насронийларга хосдир. Бизларга бўлса ҳеч қандай китоб тушмаган ва бизлар улар ўқиб-ўрганган Китобларининг мазмунидан бехабармиз. Чунки биз уларнинг тилларини билмайдиган омий - саводсиз миллатмиз. Шунингучун ота-боболаримиздан қолган урф-одатларимизга амал қилиб юраверамиз”, дер эдилар.
Яна бошқа вақтларда эса: “Агар яҳудий ва насронийларга тушган китоб бизга тушганида, албатта биз Тўғри Йўлни улардан кўра маҳкамроқ ушлаган бўлар эдик. Чунки бизнинг ақл-фаросатимиз уларникидан ўткирроқ, иродамиз кучлироқ”, деб мақтанар эдилар.
Уларнинг айтадиган бу каби сўзлари ҳақида Ҳақ таоло бошқа бир оятида шундай хабар берган: “(Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари ҳақида Оллоҳга жон-жаҳдлари билан қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, (бу) уларни янада (Ҳидоятдан) узоқлаштирди, холос.” (Фотир сураси, 42-оят).
Мана бу оятлар ҳам айни мазмундадир: «Сизлар «Фақат биздан аввалги икки тоифага (яъни, яҳудий ва насронийларгагина) Китоб нозил бўлган, биз эса уларнинг дарсларини ўрганишдан ғофилмиз», демасликларингиз учун ёки: «Агар бизга китоб нозил қилинганида улардан тўғрироқ йўлда бўлур эдик», демасликларингиз учун (сизларга бу Қуръонни нозил қилдик). Мана сизларга Парвардигорингиздан Ҳужжат, Ҳидоят ва Раҳмат келди. Бас, Оллоҳнинг оятларини ёлғон деган ва улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Яқинда оятларимиздан юз ўгирган кимсаларни юз ўгирувчи бўлганлари сабабли энг ёмон азоб билан жазолагаймиз». (Анъом сураси, 156-157-оятлар).
Ўрганаётганимиз ушбу оятларда Ҳақ таоло мушрикларнинг турли узр ва баҳоналарига чек қўйиш учун уларга Ўз томонидан улар тушунадиган араб тилида ақида, ибодат ва Шариат қонунларини тўла қамраб олган, дунё ва Охират ҳаёти ҳақида сўраладиган ҳар қандай саволга аниқ жавоб берадиган бир Илоҳий Ҳужжат юборганини, агар улар мана шу Ҳужжатни маҳкам ушлаб, Унинг Кўрсатмаларига амал қилсалар, бу дунёда Ҳидоят Тўғри Йўл устида бўлишларини, Охиратда эса Яратганнинг Раҳматига эришишларини айтади.
Аммо кимда-ким Оллоҳ таолонинг оят-мўжизаларини ўз ичига олган Қуръонни ёлғон дейдиган бўлса, Унинг Каломуллоҳ эканига иймон келтирмайдиган бўлса ва ўзи ҳам у оятлардан юз ўгириб, ўзгаларни ҳам Қуръон кўрсатмаларига амал қилишдан тўсадиган бўлса, у ҳолда бундай кимсадан кўра золимроқ, яъни, Ҳақиқатга қарши турадиганроқ ва Ҳақ Йўлдан адашганроқ ҳеч ким йўқ эканини ва яқинда улар бу куфру исёнларининг оқибати нима бўлишини, қандай азоб-уқубатларга гирифтор бў-лишларини айтиб қаттиқ огоҳлантиради.
171-172-173. Аниқки, Бизнинг элчи-пайғамбар қилиб юборган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангув-чилардир ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар», деган Сўзимиз ўтган -собит бўлгандир.
Ушбу оятларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга иймон келтирган мўминлар албатта мушрик-кофирлар устидан ғолиб бўлишларига ҳамда дунё ва Охиратда нажот топишларига очиқ ишорат бор. Оятда зикр қилинган “Сўзимиз”дан мурод, Мужодала сурасидаги мана бу ояти каримадир: «Оллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): «Шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Оллоҳ Кучли, Қудратлидир». (Мужодала сураси, 21-оят). Яна бошқа бир ояти каримада ҳам Ҳақ таоло: “Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлди”, деб, Оллоҳ таолога чин ихлос билан иймон келтириш ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш дунё ва Охиратда ғалаба қозонишнинг энг ишончли кафолати эканлигини айтади. Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам аниқ хабар берилаган: «Эй мўминлар, агар сизлар Оллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни, Унинг Йўлида жиҳод қилсангизлар), У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур.» (Муҳаммад сураси, 7-оят). «Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз». (Ғофир сураси, 51-оят). Демак, Холиққа суянган ва Унинг элчиларига итоат этган инсонлар албатта махлуқларга ишонган ва уларнинг кўрсатмаларига амал қиладиган кимсалар устидан ҳар икки дунёда ғолиб бўлишлари аниқдир.
174-175. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз улардан (яъни, Макка кофирларидан маълум) бир вақтгача юз ўгиринг! Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар ҳам (албатта куфрлари-нинг оқибатини) кўражаклар!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, мана энди, ғалаба шак-шубҳасиз, Сиз ва тобеъларингиз бўлган мўминлар томонида эканлигини билганингиздан кейин Макка кофирларидан озгина муддат - уларнинг айримлари қатл қилиниб, айримлари асир олингунларича юз ўгиринг ва улар бераётган озор-азийятларга сабр қилиб турингда, сўнг кофирларнинг бошларига қандай кўргуликлар тушганини бир кўринг. Бас, улар ҳам тез кунларда албатта кўрадиганларини кўрадилар ва ўша афсус надоматлар ҳеч қандай фойда бермайдиган соатда кўзлари ярқ этиб очилиб, нақадар гумроҳ ва нодон бўлганларини жуда яхши билиб оладилар!
176-177. Ҳали улар Бизнинг азобимизни шоштирмоқдамилар?! Бас, қачон (Бизнинг азобимиз) уларнинг ҳовлиларига (яъни, устларига) тушганида ўша огоҳлантирилган кимсаларнинг кунлари жуда ёмон бўлур!
Юқоридаги оятлар нозил бўлганида Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулдилар ва “ўша сен бизларни қўрқитаётган кун қачон келади? Тезроқ келтир уни”, дедилар. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди.
Бу қандай жаҳолатки, пайғамбарга итоат этиш билан Оллоҳтаолонинг Раҳматига сазовор бўлишга ҳаракат қилиш ўрнига ундан агар чин пайғамбар бўлса, уларга Оллоҳнинг азобини туширишини, яъни, ҳалокатни талаб қилишса! Аммо не ажабки, пешонасига бадбахтлик битилган қавмлар учун бундай инсоний мантиққа мутлақо тўғри келмайдиган сўзларни айтиш - роҳатни эмас, азобни талаб қилиш оддий ҳол экан! Улар дин ва иймон билан инсоний ҳаёт кечиришдан куфр ва исён билан ҳайвонлардек кун ўтказишни ва охир-оқибатда Оллоҳ таолонинг азобига дучор бў-лишни афзал билар эканлар! Лекин бундан ҳам ажабланарли нарса, у жоҳил кимсалар уларни Оллоҳ таолонинг Раҳматига, Ҳақ Динга даъват қилган элчиларга аввал: “Бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, Ол-лоҳнинг азобини) келтиргинчи”, (Аъроф сураси, 70-оят), “Устимизга осмондан бир парчасини ташлаб юбор!” (Шуаро сураси, 187-оят), дейдилар-да, сўнгра ўша ўзлари сўраган азоб кутилмаганда бошларига тушганида эса, “Бизларга (бир оз) муҳлат берилармикан, албатта иймон келтирган бўлур эдик”, дейишдан ҳам уялмайдилар!
Ҳақ таоло ана ўша қанча огоҳлантирилсалар-да кўзлари очилмасдан, иймон келтирмасдан ғафлат уйқусида ётган ғафлат бандаларини ушбу оятларда “Кўзларингизни очинглар, Оллоҳнинг Элчисига итоат этинглар, акс ҳолда, устингизга Бизнинг азобимиз тушган Кунда аҳволларингиз жуда ёмон бўлади”, деб яна бир марта огоҳлантиради.
178-179. Сиз улардан (маълум) бир вақтгача юз ўгиринг! Ва уларни (яқинда мағлуб бўлганларида) кўринг! Бас, яқинда улар ҳам (албат-та куфрларининг оқибатини) кўражаклар!
Ушбу оятлар 174-175-оятларнингтаъкид ва такроридир, тафсир қилиб ўтилди.
180. Иззат (яъни, ғалаба ва Қудрат) Эгаси бўлмиш Парвардигорин-гиз улар айтаётган сифатлардан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом ва эй мўминлар, барчаларингиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога - тенгсиз Куч-Қудрат эгаси бўлган Парвардигорингизга “Субҳаналлоҳ” деб тасбеҳ айтинг, зотан мушриклар сифатлайдиган ҳар қандай айбу нуқсондан Пок, ҳеч қандай шериги ва тенги бўлмаган Танҳо Роббул-Иззатдир. “Ким Иззат - куч-қудрат истайдиган бўлса, бас, барча Куч-Кудрат Оллоҳникидир”. (Фотир сураси, 10-оят).
181. (Барча) элчи-пайғамбарларга (Оллоҳтаоло томонидан) салом бўлгай!
Оллоҳ таолонинг барча элчиларига - Ҳақ таоло зиммаларига юклаган рисолат - элчилик вазифаларини омонатдорлик билан адо этиб, Яратган нозил қилган Ваҳийни ўз умматларига тўла-тўкис етказган, омонатга хиёнат қилмаган барча пайғамбарларга дунё ва Охиратда салом - омонлик бўлгай. Уларнинг биринчиси Одам алайҳис-салом, сўнггиси эса Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламдирлар. Уларнинг барчаларига салом ва салавотлар бўлгай. Зотан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Қачон сизлар менга салом айтсангиз, барча элчи-пайғамбарларга ҳам салом ай-тингиз. Зотан мен ана ўша элчилардан бир элчиман,” деб марҳамат қилган-лар. (Табарий Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилган. “Тафсири Куртубий”дан).
Ушбу ояти карима Оллоҳтаолонинг барча элчи-пайғамбарларига Қиёмат Кунининг даҳшатларидан омон бўлишлари ҳақида берилган Илоҳий башоратдир.
182. Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир!
Яъни, бутун оламларнинг Танҳо Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога ато этган сон-саноқсиз неъматлари учун ва хусусан инсонларни Ҳақ Йўлга етаклайдиган элчи-пайғамбарларни юбориб, икки дунё саодати бўлмиш Ислом Динига ҳидоят қилгани учун Оллоҳ Роббул-оламийнга чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Сурайи карима хотимасида келган ушбу уч гўзал оят, Ҳақ таоло томонидан биз бандаларига буюрилган бир Илоҳий таълимдирки, қиладиган ҳар бир амалимизнинг хотимасида мана шу оятларни тиловат қилишимиз ўзимиз учун дунё ва Охиратда фойдалидир. Бу ҳақда муборак ҳадисларда ҳам айтилган: Абу Саид Худрий розияллоҳу анху айтади: “Мен бир-икки марта эмас, жуда кўп марта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг охирида ёки бирон мажлисдан тураётганларида ушбу уч оятни ўқиганларини эшитганман”.
Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллол-лоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимни Қиёмат Кунида энг комил-тўла ўлчовда ажр-мукофот олиш хурсанд қилса, ўтириш сўнгида, ўрнидан турмоқчи бўлганида айтсин: “Субҳана Роббика Робил-иззати амма ясифувн, ва саламун алал-мурсалийн вал-ҳамду лиллаҳи Роббил-аламийн”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Алҳамдулиллаҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан “Вас-саффот ” сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.
Орқага Олдинга