loader

088. Ғошия сураси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)

[1]. (Эй Муҳаммад!) Сизга (даҳшати билан) қоплаб олувчининг (қиёматнинг) қиссаси дарҳақиқат (етиб) келди.
Айтишларича, бу оятнинг маъноси: «Сизга қоплаб олувчининг қиссаси, дарҳақиқат, етиб келди», - деганидир. Ана : шунда бу қисса (Пайғамбар алайҳиссаломга) олдин етиб келган ёки «қоплаб олувчининг қиссаси» у зотга мана шу суранинг ўзи билан етиб келган бўлиб чиқади. Сўнгра бу оятларда оқибати мақтовли бўлган ишларга тарғиб қилинмоқда, оқибати ёмон бўлган ишлардан огоҳлантирилмоқда, яхши оқибат инсоннинг касби ва меҳнатига боғлиқ эканлиги, шунингдек, ёмон оқибатга ҳам инсон ўзининг қилган амали ҳамда меҳнати билан етиши баён қилинмоқда.
Бу оятда зикр қилинган [ал-ғошияту] сўзининг таъвили ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Бинобарин, [ал-ғошияту] - уларни қоплаб олувчи оловдир. Бунга мисол «Улар учун устиларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур» ояти, шунингдек, «Юзларини оловўраб олур»(Зумар сураси, 16-оят.) оятидир, деган гаплар бор.
Муфассирлардан баъзилари шундай дейдилар: [ал-ғошияту] - қиёматдир. Чунки у каттаю кичик, яхшию ёмон, бахтлию бахтсиз инсонларнинг барчасини ўраб олади».(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 572-бет.) Бу таъвил ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки Аллоҳ таоло аввал ғошияни (қоплаб олувчи қиёматни) зикр қилди. Сўнгра: «У кунда (баъзи) юзлар сўлғин, меҳнат-машаққат чекувчидир», яна: «(Бошқа бир) юзлар эса у кунда (неъматлардан) мамнун»,(Шу суранинг 8-ояти.) - деган сўзлари билан ғошиядан кейин жазо (ва мукофот)ни зикр қилди.

[2]. У кунда (баъзи) юзлар сўлғин,
Яъни хўрлангандир. Аллоҳ таолонинг юзни алоҳида тилга олишининг сабаби шуки, хафалик ва хурсандчилик қалбга ўр-нашиб қоладиган бўлса, унинг таъсири юзда намоён бўлади. Демак, (бу оятда) юзнинг зикр қилиниши билан уларнинг ни-ҳоятда хўрланган ҳолатда бўлишлари васф қилинмоқда.

[3]. меҳнат-машаққат чекувчидир.
Баъзи муфассирлар: «Бу оят Аллоҳнинг кофир бандалари ҳақида айтилган, яъни улар дунё ва охиратда меҳнат ва машаққат ичида абадий қоладилар», - деганлар.
У юзларнинг меҳнат ва машаққати дўзахда бўлиши ҳам мум-кин. Яъни улар дунёда амал қилмадилар, балки Аллоҳ таолога итоат қилишдан кибр қилдилар. Шунинг учун (Аллоҳ таоло) у юзларни охиратда иссиқ оловнинг ичидаги занжир ва кишанлар билан олишиш орқали меҳнат қиладиган ва машаққат чекадиган қилиб қўйди.
Еки у юзлар бу дунёда гуноҳ ишларни қилдилар ва охиратда машаққат чекдилар. Демак, бу оятда уларнинг амаллари ва жазолари баён қилинмоқда.

[4]. (Улар) қизиган дўзахда куйгайлар,
Яъни иссиқ дўзахда куйгайлар. Аллоҳ таоло уни яратилган кунидан бошлаб, ундан ичиладиган кунга қадар қиздириб қўйгандир.

[5]. қайноқ булоқ (суви)дан ичирилгай.
Бир таъвилда айтилишича, (бу оятда сифат бўлиб келган) [ал-аани] калимаси энг юқори даражага етган иссиқликдир, ҳатто ундан ҳам кучлироқ ҳеч бир иссиқлик йўкдир»,(Бу гапни Суддий раҳматуллоҳи алайхдан Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 573-бет.) дейилган.

[6]. Улар учун таом бўлмас, бўлганда ҳам фақат заҳарли гиёхдан бўлиб,

[7]. (у) семиртирмайди ҳам, очлиқдан ҳам халос этмайди.
Юқоридаги оятда келган    [аз-зорийъ] хусусида ҳар хил фикрлар мавжуд.
Баъзи муфассирлар Аллоҳ таоло (дўзах аҳлининг таомини) [аз-зорийъ] деб номлади. Чунки улар ундан едирилган вақтларида дод-вой солиб, ундан тазаррулар қиладилар, деганлар.
Баъзи муфассирлар [аз-зорийъ]ни Аллоҳ таоло уни ўз бандаларига ошкор қилмаган азоб турларидан бири деб ҳисоблаганлар.
Яна айрим муфассирлар шундай деганлар: [аз-зо-рийъ] арабларда маълум бир ўсимликнинг исми бўлиб, у ҳўллик вақтида туя ва чорва ҳайвонлари уни ейди. У қуриб қов-жираб қолганида эса ўта бадбўйлиги ҳамда устидаги тиканлари кўплиги боис ҳайвонлар ундан ўзини олиб қочади ва емай қўяди. Араблар уни баҳор фаслида «ё[шибриқ] деб, қуриб қовжираб қолганида эса [зорийъ] деб атайдилар. Ана шу ўсимлик бу дунёда ҳайвонни семиртиради ва уни очликдан халос этади. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўзининг: «(у) семиртирмайди ҳам, очлиқдан ҳам халос этмайди» деган сўзи билан унинг семиртирадиган ва очликдан халос этадиган жиҳатини йўққа чиқарди ҳамда уни бор йўғи бадбўй бир ўсимлик қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг: «Улар тикансиз бутазорларда, тизилган бананзорлардадир»,(Воқиъа сураси, 28-29-оятлар.) деган сўзи кабидир. Бу дунёда сидр деб тиканли дарахтга айтилади. Охиратда эса у тикансиз қилиб яратилади. Аллоҳ таоло жаннатнинг хамрини васф қилиб: «У(май)лардан уларнинг бошлари уам огримас, маст ҳам бўлмаслар»,(Воқиъа сураси, 19-оят.) деган. Дунёдаги хамр бошни оғритади ва маст ҳам қилади. Шу сабабли Аллоҳ таоло (жаннатдаги) хамрдан бу офатларни кетказиб, ичувчилар учун уни ёқимли ва лаззатли ичимлик қилиб қўйди. Худди шу сингари [аз-зорийъ]дан ҳам у сабабли ҳосил бўладиган семиртириш ва очликдан халос этишни кетказиб, уни бор-йўғи бадбўй қилиб қўйди. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!

[8]. (Бошқа бир) юзлар эса у кунда (неъматлардан) мамнун,

[9]. (дунёда қилган) саъй-ҳаракатларидан розидир.
Яъни улар дунёда қилиб ўтган солиҳ амалларининг оқибатини кўриб мамнун, дунёда қилган саъй-ҳаракатлари учун берил-ган мукофотларга рози бўлади. Аллоҳ таоло қиёмат куни бандаларнинг юзларида дунёда қилиб ўтган ишларининг асарларини кўрсатиб қўяди. Ким Аллоҳга итоат қилса, қиёмат куни итоат қилганлик нишонасини унинг юзида кўрсатиб қўяди. Ким Унга осий бўлса, унинг асарини юзида кўрсатиб қўяди ва у ана шуниси билан танилиб туради.

[10]. (Улар) олий жаннатдадирлар.
Бу оят икки хил талқин қилинади: биринчиси, жаннатнинг қадри олий ва шаъни улуғ бўлишидир. Шунда [ъалия-тин] калимаси жаннат учун сифат бўлади. Бинобарин, жаннатнинг олийлик билан васф қилиниши мана шу жиҳатдандир. Иккинчиси, жаннатнинг даражалари ва макони олий бўлишидир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!

[11]. У жойда беҳуда сўз эшитмаслар.
Яъни сўкиниш ва кишининг гуноҳкор бўлишига сабаб бўладиган ҳар қандай бемаъни сўзни эшитмаслар. Балки улар Аллоҳ таоло: «Биз (жаннатдаги) сўриларда биродар бўлиб, бир-бирларига юзма-юз ўтирганларнинг дилларидаги гина (ва адоватлар) ни чиқариб ташлагаймиз»,(Ҳижр сураси, 47-оят.) - деб сифатлагани каби бўлурлар.
Инсонни бошқа бир инсонни сўкишга ундайдиган омил ўз қалбида яшириб юрган нафрат ёки ўрталарида пайдо бўлган хусумат ёхуд мастлик сабабли ақлига етадиган нуқсон ёки шунга ўхшаш нарсалардир. Аллоҳ таоло охиратнинг шаробида бу каби иллатларнинг йўқлигини баён қилиб: «У(май)лардан уларнинг бошлари ҳам огримас, маст ҳам бўлмаслар»,(Воқиъа сураси, 19-оят.) - деган. Жаннат аҳлининг дилларидаги ғиллу ғашликларни чиқариб ташлаган. Шунинг учун (жаннатда) аҳмоқона иш-ларнинг барча омиллари йўқ қилингани боис жаннатда беҳуда сўзлар эшитилмайди.

[12]. У жойда оқар булоқ бордир.
Яъни жаннатнинг булоқлари кўзга ташланиб туради ва улар жаннатнинг юзасидан оқади. Жаннатнинг булоқлари бир қисми ернинг юзасидан, яна бир қисми эса канал ва қудуқнинг сувлари каби унинг тагидан оқадиган дунё сувларига ўхшамайди.

[13]. У жойда баланд сўрилар,
Баъзи муфассирлар шундай деганлар: «Яъни бир-биридан баланд сўрилар, улар Аллоҳ хоҳлаганича кўтарилиб туради. Агар Аллоҳ таолонинг дўсти ўтириш учун сўрининг олдига келса, сўри унга эгилади. У жойлашиб олганидан сўнг, сўри Аллоҳ таоло хоҳлаган жойгача кўтарилади».(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган.)
Яна айрим муфассирлар айтади: «Бу оятдаги «баланд» калимасининг маъноси шуки, аслида улар (бу дунёдаги сўрилар) ўз эгалари наздида қадри баланд қилиб яратилган. Шунинг учун ҳам уларнинг бу дунёда уларга бўлган рағбатлари ва уларни афзал билишлари асосида охиратда ҳам сўрилар бўлиши ваъда қилинган. Инсонлар бу дунёда биз айтиб ўтган икки жиҳатни хоҳлайдилар. Охиратдаги ваъда ҳам шунга қараб берилган.
Шунингдек, қадаҳлар, тизиб қўйилган ёстиқлар ва тўшалган гиламлар бўлишини ҳам истайдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларга охиратда шуларга ўхшаш нарсалар берилишини ваъда қилган. У бошқа бир оятда: «Шунингдек, (улар) баланд тўшалган кўрпачалар (усти)дадирлар»(Воқиъа сураси, 34-оят.) деган. Кўрпачаларнинг баландлиги биз сўрилар ҳақида айтиб ўтган икки жиҳатга кўра бўлади. Инсонларнинг бу дунёда баланд кўрпачалар устида ўтиришга бўлган истакларига асосан уларга охиратда ҳам шундай нарсалар берилиши ваъда қилинган.

[14]. қўйилган қадаҳлар,
[ал-аквабу] - дастаси йўқ кўзалардир. Уша қадаҳлар бу дунёдаги ҳумлар сингари дастасиз эканлиги билан катта-катта бўлгани учун    [мавзуъату] калимаси уларнинг
сифати бўлиши мумкин. Ёки жаннат аҳли қўлларини узатиб, у қадаҳларни кўтарай десалар, дасталари йўқ бўлиши ва у ерда бу қадаҳларни улар хоҳлаган жойга олиб бориб берадиган хизматкорлар ва ёш йигитлар бўлишига ишора бўлиши мумкин.

[15]. тизиб қўйилган ёстиқлар
Баъзи тафсирларда айтилишича, бу оятдаги [нама-ариқу] - гиламларнинг устига тизиб қўйилган ёстиқлардир. Дунёдаги ёстиқлар ҳам шу сингари тизиб қўйилади. Шунинг учун ҳам бан-даларни охиратдаги шунга ўхшаш нарсаларга таргиб қилиняпти.

[16]. ва тўшалган гиламлар бордир.

[17]. Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига,

[18]. осмонларнинг қандай кўтариб қўйилганига,

[19]. тоғларнинг қандай тикланганига

[20]. ва Ернинг қандай ёйиб - текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!
Бу оятда ҳайвонлар орасидан туя, шунингдек, осмон, тоғлар ва Ер ҳам алоҳида зикр қилинмокда. Буларнинг алоҳида тилга олиниши икки сабабнинг бири учун бўлади:
Биринчиси, туя маккаликларнинг энг муҳим ҳайвонларидан бири бўлган. Улар туя билан сафар килар ва ўзларига керак бўлган юкларни ташир эдилар. Бундан ташқари, Макка шаҳри ҳам тоғларнинг орасида жойлашгани учун тоғлар уларни ўраб турган. Осмон уларнинг тепаларида ва Ер эса остиларида бўлган. Шу сабабдан улар ибрат олишлари ва тафаккур қилишлари учун бу нарсалар алоҳида тилга олинмоқда.
Иккинчиси, эҳтимол, бошқа бир сабаби бордир. У ҳам бўлса шуки, барча ҳайвонларда топиладиган манфаатлар туяда мужассамдир. Чунки ҳайвонларнинг бели, елини, жуни, гўшти ва наслидан фойдаланилади. Бу манфаатларнинг барчаси туяда ҳам бор. Бинобарин, туя ҳайвонлардан олинадиган манфаатлар ва улар билан боғлиқ яхшиликларнинг асоси сингари бўлиб қолди. Шунингдек, улардан олинадиган катта-катта манфаатлар ва улар билан боғлиқ яхшиликларнинг барчаси осмонга боғлиқдир. Зеро, осмон уларнинг ризқлари учун манба қилиб қўйилди. Озуқаларнинг пишиб-етилишига сабаб бўладиган қуёш ҳам осмондадир. Унинг юлдузлардан иборат бўлган зийнатлар билан безатиб қўйилганини кўрасиз. Демак, у ҳам ана шу манфаатларнинг манбаи кабидир. Шунингдек, Ер ҳам манфаатлар борасида асосий манба сингаридир. Чунки халойиқларнинг бошпанаси ундадир. Уларнинг озиқ-овқатлари ва ризқлари унда ўлчовли қилиб белгилаб қўйилган. Одамлар ундан либос тайёрлайдиган нарса ҳам Ердан униб чиқади. Сўнгра тоғлар билан Ер ўз жойида мустаҳкам туради. Агар тоғлар бўлмаганида, Ер ўз аҳли билан бирга тебраниб кетарди. Биз санаб ўтган ана шу жиҳатлар туфайли бу нарсалар алоҳида тилга олиб ўтилди.
Сўнгра мазкур оятдаги [афала янзуруна] иборасини икки хил талқин қилиш мумкин. Биринчиси, «Қарасинлар!» деган буйруқ оҳангида. Иккинчиси, уларга иштибоҳли бўлган бир нарса туфайли олдин сўраган саволларига жавобан, агар улар мана шу нарсаларга боққанларида эди, уларнинг бу бо-қишлари ва улар ҳақидаги тафаккурлари улардан чалкашликни йўқ қилган ва ўзларидаги иштибоҳни кетказган бўлар эди, деган маънода ана шу: «Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига боқмайдиларми?...» оятлари нозил бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг шундай дегани ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло жаннатнинг неъматларидан зикр қилганларини зикр қилиб бўлгач, қурайшликлар ажабланиб қолдилар ва: «Эй Муҳаммад! Сен айтаётган гапинг ҳақлигини исботлаб бир оят келтир», - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло: «Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига боқмайдиларми?» -оятини нозил қилди».(«Танвирул миқбаас мин тафсири Ибн Аббос», 646-бет.)
Кейин осмоннинг кўтариб қўйилганига назар солиш, кўриниб турганидек, унинг ҳеч бир устунсиз яратиб қўйилгани ҳақида тафаккур қилиш, туянинг яратилиши, тоғларнинг мустаҳкам қилиб ўрнатиб қўйилиши ва ернинг текис қилиб қўйилганига назар солиш ва эътибор қилиш қайта тирилиш бор деган хулосага олиб келадиган ва Аллоҳ таолони ягона деб билишга ва Унинг пайғамбарлар юбориши ҳакдир дея эътиқод қилишга чорлайдиган ишлардандир. Бунинг боиси шуки, кофирларни қайта тирилишни инкор қилишга ундаган омил - бу уларнинг барча нарсаларни ўзларининг қудратлари билан ўлчаганларидир. Зеро, ўликларни тирилтириш уларнинг имкониятларидан ташқарида бўлгани боис улар бу ишга етадиган куч-қудрат мавжуд эмас, деб ҳисоблар эдилар. Шундай экан, улар осмонлар ва Ернинг яратилишига назар солиб, тафаккур юритганларида эди, Аллоҳнинг куч-қудрати бандаларнинг куч-қудратлари билан ўлчанмаслигини билиб олган бўлар эдилар. Негаки, осмонлар бўшликда ҳеч бир устунсиз кўтарилган ҳолда яратилган ва барқарор қилиб қўйилган. Шунингдек, улар ўз ўринларидан тушиб ҳам, кўтарилиб ҳам кетмайди. Агар бирор киши бир патни ҳавода пастга тушмай-диган ва тепага кўтарилиб кетмайдиган қилиб барқарор ҳолда жойлаштиришни хоҳласа, бунга қодир бўлмайди. Демак, бу оятда Аллоҳ таолонинг қудрати бирор нарсадан фойдаланилмаган зотий қудрат эканлигини билдириб қўйиш бордир.
Шунингдек, бандалар кўриб турган тоғлар қанчалар улкан, баланд ва салобатли бўлиши билан бирга, сувлар ва қалин дарахтлар билан шундай безатиб қўйилганки, агар бандалар бу ҳакда тафаккур қилиб, сувнинг қаердан тўпланишини, қандай қилиб булоқ бўлиб оқишини ва дарахтлар тошларнинг орасидан қандай қилиб ўсиб чиқишини билиш учун бор куч-қувватларини сарфласалар ҳам, уни била олмаган бўлар эдилар. Ана шунда улар Аллоҳ таолонинг илми иҳота қилинадиган илм эмаслигини билган бўлар эдилар. Бинобарин, буларнинг зикр қилиниши билан Аллоҳга ҳеч бир нарса махфий эмаслиги ва ҳеч нарса Уни ожиз қолдирмаслиги, балки бутун олам Унинг тадбири остида бўлиб, У бандаларига Ўзи истаган ишни қилиши ва Узи истаганидек ҳукм чиқариши, мана шу нарсаларни яратишга қодир бўлган Зот жазо (ва мукофот) учун инсонларни қайта тирилтириш ва ҳаётга қайтаришга албатта, қодир экани хабар қилинмокда. Мана шу нарсаларнинг яратилишида инсонларни Аллоҳ таолонинг ягоналигига чақирадиган далиллар бордир. Чунки Аллоҳ таоло Ернинг манфаатларини осмоннинг манфаатларига боғлаб қўйди. Зеро, ёмғир осмондан Ерга майда-майда томчи бўлиб тушади. Ер эса инсонлар ва уларнинг чорва ҳайвонлари учун ризқ бўладиган турли хил ўсимликларни ундириб чиқаради. Шундай экан, осмоннинг мудаббири(Мудаббир: ишларни ўз ҳикматига кўра юритувчи, ўз хоҳиши ва яхши оқибатига кўра тасарруф этувчи Зот. Ал-Мудаббир - Аллоҳ таолонинг энг гўзал исмларидан биридир. «Ал-Қомус», 12-бет.) Ернинг мудаббиридан бошқа бўлганида, албатта, осмоннинг манфаатларини ернинг мудаббири яратган махлуқотлардан тўсиб қўйган бўлар эди. Бинобарин, инсонлар бу нарсалар ҳақида тафаккур қиладиган бўлсалар, улардаги шубҳалар кўтарилиб кетган бўлар ва пировардида, Аллоҳга қўшиб бошқа бирор илоҳга илтижо қилмаган ва «(Шунча) илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?!»(«(Шунча) илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса!». (Сод сураси, 5-оят).) - демаган бўлар эдилар.
Биз (юқорида): «Бу оятда Унинг пайғамбарлар юбориши ҳакдир дея эътиқод қилишга чорлайдиган ишлар бор», - дедик. Боиси шуки, улар ўзларига биз кўрсатиб ўтган неъматлар инъом қилингани сабабли улардан шукр қилишлари талаб қилиниши лозим бўлади, аммо унга ишора қилинганидек, ҳар бир нарсага нима билан шукр қилиш кераклиги билинмайди. Бундан келиб чиқадики, инсонларни ана шу ишлардан хабардор қиладиган пайғамбар бўлиши лозим.
Агар: «Қандай қилиб инсонлар бу нарсаларнинг қандай яратилганига назар солишга буюрилганлар, ҳолбуки, уларнинг қан-дай яратилганини билиш учун умрларининг охирига қадар назар солган тақдирларида ҳам, ўша жиҳатларни била олмайдилар-ку?» - дейиладиган бўлса, бунинг жавоби шуки, агар улар буни ақл билан билса бўладиган бандаларнинг феълларига қараб ўлчар эканлар, ўша жиҳатни идрок қилиб ва тушуниб етган тақдирларида ҳам, бу нарсаларга назар солиш улардаги бу чалкашликии кетказмайди. Зеро, ўша идрокнинг уларнинг Тасаввурларийдн юқорига кўтарилиши ва ундан чиқиб кетиши - ана шу нарсагина уларга бу чалкашликни ёритиб беради ва улардаги шубҳани бартараф қилади, агар улар шу идрок туфайли бу нарса қудрати бандаларнинг қудрати билан ўлчанмайдиган Зотнинг қудрати билан пайдо бўлганини, У Зот барча томонлардан бандаларга ўхшамаслигини билиб оладиган бўлсалар. Аллоҳ тавфиҳ берувчидир.

[21]. Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз.

[22]. Уларнинг устидан зў-равонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз.

[23]. Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса,

[24]. у ҳолда, (Сиз эмас, балки) Аллоҳ уни (қиёматда) энг катта азоб билан азоблагай.
«Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз» оятида - яна Аллоҳ билувчироқдир - Аллоҳ таоло Узининг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирлар у зотга бирор озор-азият берадиган ва менсимаслик қиладиган бўлсалар, бу қилмишлари сабаб уларни жазоламаслик ҳақида берилган буйруқ бор бўлиб, у зотга: «Аллоҳ таолони эслатинг! Уларга Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларини эслатинг! Уларга пайғамбарларни ёлғонга чиқарган кишиларнинг қандай ҳалок бўлганлигини, уларни тасдиқлаган ва ишларини улуғ санаган кишиларнинг қандай нажот топганлигини эслатинг! Уларга қаҳр қилманг ва қилмишларига қараб, уларни жазоламанг. Бу ишни Аллоҳ таолога топшириб қўйинг!» - демокда.
Айрим муфассирлар [ласта ъалайҳим би мусойтир] оятида келган [мусойтир] лафзи «зўравонлик билан ҳукм юргизувчи»(Бу гапни Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳцан Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Ибн Зайд ҳам шу гапни айтган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жуз, 575-бет.) маъносидадир, деганлар. Яна айримлари эса унга «Сиз (уларни имон келтиришга) зўрловчи эмассиз»,(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир, Ибн Мунзир, Ибн Абу Ҳотим ва Ибн Мардавайҳ ривоят қилган. Юқоридаги манба.) деган маънони беришган.
Агар ундан мурод биринчи талқин бўлса, демак, унинг насх бўлган эҳтимоли бор оятлардан биридир. Уларга қарши уруш қилиш, уларни асирга олиш ва жизя беришга мажбурлашга изн берилиш билан уларнинг устиларидан ҳукмрон қилиб қўйилган бўлишлари ҳам мумкин. Шунинг учун бу оят «Бароат» (Тавба) сураси нозил бўлишидан олдин нозил бўлган», деган гаплар айтилган.
Агар бу оят Мужоҳиддан ривоят қилинганидек(Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан тафсири ойил Қуръон», 30-жуз, 207-бет; Ибн Касир. «Тафсирул Қуръонил азим», 8-жуз, 410-бет.) «Сиз (уларни имон келтиришга) зўрловчи эмассиз», деб таъвил қилинадиган бўлса, бу талқин(га асосан бу оят) унга насх келмаган оятлардан бири бўлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг уларни (имон келтиришга) зўрловчи инсон бўлиб қолишлари мумкин эмас. «Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса» ояти (ўзидан олдинги оятдан) истисно эмас. Бироқ бу оятнинг маъноси: «Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса, у ҳолда, (Сиз эмас, балки) Аллоҳ уни (қиёматда) энг катта азоб билан азоблагай», дегани бўлади. Яъни ким Аллоҳга итоат қилишдан юз ўгириб, Унинг ягоналиги, китоблари ва пайғамбарларига кофир бўлса, Аллоҳ уни катта азоб билан азоблайди.
[ласта ъалайҳим би мусойтир] оятида келган    [мусойтир] лафзи «қилич ва куч билан ҳамда улар учун хорлик ҳисобланмиш жизя олиш билан ҳукм юргизувчи» деган маънода қилинган таъвилга кўра, «Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса, ояти (олдинги оятдан) истиснодир. Яъни ким Аллоҳ таолога итоат қилишдан юз ўгириб, Унинг ягоналигига кофир бўлса, бас, Сиз қилич билан, асир олиш ва жизя тўлатиш билан уларнинг устиларига ҳукмрон қилиб қўйилажаксиз.
«Илло, кимки (бу эслатмадан) юз ўгириб, кофир бўлса» ояти «юз ўгирса ва юз ўгиришни бас қилмаса, Сиз уларнинг устиларидан уларга ҳукм ўтказадиган зот бўласиз. Ёки эслатма бериш вақтида юз ўгириб кетадиган бўлса, Сиз унинг устидан ғалаба қозонажаксиз. Нажот Аллоҳдандир.
Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун Аллоҳ таолога итоат қилишдан юз ўгириб, Унга кофир бўлган кимсалар устидан бериладиган ғалабанинг башорати бордир. Яна бу оятда Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизалари бор, чунки у зот бу гапни ўзлари кучсиз ва тарафдорлари оз бўлган вақтда айтганлар. Иш Аллоҳ таоло айтганидек бўлди ҳам. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга икки ойлик юриш масофасида душманнинг қалбига қўрқинч солиб қўйиш билан ёрдам берди. Яна у киши бу нарсаларни Аллоҳ таоло билдиргани сабабли билганликлари маълум бўлиши учун у зотга кўплаб фатҳлар берилди.

[25]. Зеро, қайтишлари ёлғиз Ўзимизгадир!
Яъни улар фақатгина Бизнинг ҳузуримизга қайтадилар.

[26]. Сўнгра уларни (қиёмат куни) ҳисоб-китоб қилиш ҳам фақат Бизнинг зиммамиздадир.
Яъни уларни ҳикматга кўра ҳисоб-китоб қиламиз. Агар ҳикмат уларни ҳисоб-китоб қилишни ва азоблашни тақозо қиладиган бўлса, Аллоҳ таолога уларни ҳисоб-китоб қилиш лозим бўлади. Чунки ҳисоб-китобни тарк қилиш ҳикматни тарк қилиш бўлади. Ҳикматни тарк қилиш эса бемаъниликдир. Аллоҳ таоло бундай сифатдан пок ва олийдир. Нажот ва ёрдам фақат Аллоҳдандир.

Орқага Олдинга