Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
[1]. Осмонлар ёрилганида,
Биз юқорида бу олдин берилган саволнинг жавобидир, деб айтиб ўтган эдик. Жавоб зикр қилинган вақтда савол очиқ баён этилмаган эди. Чунки [изаа](қачонки, вақтда, агарда.) калимаси [матаа](қачон? қайси вақтда?) калимасига жавобдир. Шундай экан, уларнинг саволлари жавобнинг охирида зикр қилинган нарса - яъни «(ҳар бир) жон (дунёда) қилиб ўтган ва қолдирган (барча) нарса-ларни (амалларини) билур!»(Шу суранинг 5-ояти.) ояти бўлиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўёки «Жон (дунёда) қилиб ўтган ва қолдирган (барча) нарсаларни (амалларини) качон билур?» деб сўралганларида, ана шу «Осмонлар ёрилганида...» ояти охиригача (4-оятигача) нозил бўлди.
Сўнгра бу ўринда Аллоҳ таоло «ёрилиш, дарз кетиш, узи-лиш» маъносидаги [ал-инфитор] калимасини, бошка ўринда - яъни [ва футиҳатис самаау фа каанат абваабан](Яъни «Осмон ҳам очилиб, (фаришталар учун) дарвозаларга айланиб қолур». (Набаъ сураси, 19-оят).) оятида эса [ал-фатҳу] калимасини зикр қилди. Яна бир ўринда: [ва изас самаау фурижат](Яъни «Осмон (қобиғи) очилгач». (Мурсалот сураси, 9-оят)..) ва: [изас самааун шаққот](Яъни «Осмонлар ёрилганда». (Иншиқоқ сураси, 1-оят)..) деган.
Ана шулардан келиб чиқиб айрим муфассир олимлар: «Осмоннинг ёрилиши унинг эшиклари очилишидир», деганлар. Яна айримлари эса унинг ёрилишини ўзимизга таниш ҳолат, яъни нарсаларнинг ёрилишидек ёрилади, деб изохдаганлар.(Бу гапни Суддий розияллоҳу анҳудан Ибн Мунзир ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 533-бет.) Бу ҳақиқатга яқинрокдир. Чунки (биз шарҳлаётган) ушбу оят қўрқитиб қўйиш, даҳшатга солиш мақомида келган. Осмон эшикларининг очилишида эса, ҳеч қандай қўрқитиш йўқ. Қўрқитиш унинг ўз-ўзидан ёрилиб кетишидадир, холос. Қолаверса, берилган савол амаллар билан қачон рўбарў бўлиш ва жонлар уларни қачон билиши ҳақидадир. Бундан келиб чиқадики, савол қиёмат қачонлиги ҳақида берилган.
Осмонларнинг ёрилиши, юлдузларнинг ҳар томонга сочилиб кетиши, денгизлар қўшилиб, тўсиқларнинг очилиб кетиши, тоғларнинг ўз жойларидан жилдирилиши ва Ернинг теп-текис қилиб қўйилишининг зикр қилинишида қиёматда содир бўладиган ҳолатлар ва аломатларнинг васфи бор бўлиб, уларда қиёмат воқе бўладиган вақтга ҳеч бир ишора йўқдир. Чунки қиёмат воқе бўлишининг аниқ вақтидан воқиф бўлишда қўрқи-тиш ҳам, даҳшатга солиб қўйиш ҳам мавжуд эмас. Қиёматнинг белгиларини зикр қилишда эса қўрқитиш бор ва у ўша кундаги энг қаттиқ ва кучли қўрқув бўлиб, кучли ва саботли нарсалар, яъни тоғлар, осмонлар ва Ер ҳам ўша куни ўз-ўзича туролмай қолади. Балки қиёматнинг таъсири уларга ҳам ўз кучини кўрсатганидан тоғлар титилган юнг каби бўлиб қолиб, тўзиб кетув-чи қум тепаларига айланиб қолади. Осмон ёрилади. Ер эса теп-текис бўлиб қолади. Шундай экан, заиф ва ҳақир бўлган инсон у кунга қандай бардош бера олсин?! Уз Раббиларига итоаткор бўлгани ҳолда осмонлар, ерлар ва тоғлар у куннинг қўрқинчи ва даҳшатлари олдида бардош бера олмасдан, узилиб кетар экан, ожиз ва кучсиз одам боласи ўз Раббига қилган кўп итоатсизлиги ва ифлос амаллари билан уларга қандай бардош қилсин?! Демак, Аллоҳ таоло бандалар қиёмат кунидан қўрқиб, ваҳимага тушиб, у кун учун ҳозирлик кўрсинлар, деган мақсадда уларга бу ҳолатларни эслатиб қўймоқда. Уша кунда содир бўладиган ҳолатлар ана шу мақсадда - яна ҳам Аллоҳ билувчироқ - зикр қилинди-ю, унинг воқе бўлиш вақти баён қилинмади.
Шунинг учун ҳам инсон умрининг ниҳояси очиқ-ойдин айтиб қўйилмаган. Бундан мақсад, у ҳар доим ўзига тўсатдан ўлим келишидан қўрқиб, ваҳимага тушиб яшаши ва оқибатда унинг учун енг шимариб, ўз ҳозирлигини кўришидир. Агар унга қачон ўлиши аниқ айтиб қўйилганида, шунга суянган ҳолда у бехавотир яшар, ўша вақт яқин келгунига қадар ҳозирлик кўришни тарк қилар, умри поёнига етадиган вақт яқин келганида эса, ўлими учун тайёргарлик кўрган бўлар эди.
Сўнгра Аллоҳ таоло қиёматда содир бўладиган ҳолатларни кўп ўринларда зикр қилиб ўтган ва Қуръонда бу нарсани кетма-кетликда маънодош сўзлар билан амалга оширган. Бу ишда иккита маъно бор бўлиши мумкин.
Биринчиси, қалблар вақти-вақти билан ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам баъзи қалблар бир воқеадан илк мартадаёқ юм-шамайди. Бунинг учун унга ўша воқеани вақти-вақти билан такрор-такрор айтиб, эслатиб туриш лозим бўлади. Ана шундан сўнг у эрийди. Бинобарин, қайта тирилиш ва қиёматнинг қайта-қайта зикр қилинишида огоҳлантиришни маромига етказиб кўйиш бор. Қиёмат куни ўзини оқловчиларнинг баҳоналарини узил-кесил рад қилиш бор.
Иккинчиси, одамлар ҳали исломга янги кирган ва ислом уларнинг қалбларидан эндигина жой олган эди. Шунинг учун ҳам уларга панду насиҳатни такрорлаб туришда уларнинг ақлларини (куфрга қарши) эмлаш, Аллоҳ таоло: «Оятлари уларга тиловат қилинганида - имонлари зиёда бўладиган»,(Анфол сураси, 2-оят.) деб айтганидек, дилларини Аллоҳ таоло уларга инъом этган имонга ва оламлар Парвардигорининг Расулига ёрдам беришга мойил қилиш бор.
[2]. юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида,
Юлдузлар халойиқларнинг манфаатлари учун яратилган бўлиб, улардан манфаат оладиганларга юлдузларнинг кераги бўлмай қолгани ва уларнинг боқий қолишларида ҳеч бир маъно қолмагани учун ҳам улар ҳар томонга сочилиб кетиши мумкин. Ёки юлдузлар осмон учун зийнат қилиб яратилган бўлиб, у ёрилиб кетганидан сўнг ҳеч бир зийнатга эҳтиёж қолмагани учун ҳам улар ҳар томонга сочилиб кетиши мумкин.
[3]. денгизлар қўшилиб тўсиқлар очилганида,
Баъзилар бундай деган: «Яъни денгизларнинг суви битта уммон қилиб қўшиб қўйилади. Сўнг унда сувлар тўпланиб қолган ўша уммон қуриб қолади. Бу ҳолат Ер у сувларни шимиб олгани учун содир бўлади ёки (айрим ривоятларда) Ер унинг устида қарор топгани айтилган ўша балиқнинг ёхуд ҳўкизнинг қорнига солиб қўйилади. Сўнгра Аллоҳ таоло ернинг ҳамма жойини унда ҳеч бир эгрилик ва чуқурлик қолмайдиган даражада теп-текис қилиб қўяди. Денгизлар (ўрни) Аллоҳ таоло истаган нарса билан - ёки тоғлар ёки бошқалар билан зичлаб тўлдирилади».
Яна айрим муфассирлар: «Аксинча, барча денгизларнинг суви битта жой ва битта денгизга жамланмасдан, ҳар бир денгизнинг суви ўз ўрнига сингиб кетади», деганлар.
Яна айрим муфассирлар эса: «Аксинча, уларнинг сувлари бир-бирлари билан бирикиб кетиб, у билан ер аҳлига азоб бе-риладиган бир оловга айланади. Аллоҳ таолонинг «Денгизлар куйдирилганида»(Таквир сураси, 6-оят.) ва: «ва тўлцинланган денгиз биланки»,(Тур сураси, 52-оят.) деган сўзлари ҳам худди шу маънодадир», деганлар. Уларнинг қайси бири бўлишини Аллоҳнинг ўзи билгувчирокдир.
[4]. қабрлар ағдарилганида (яъни қиёмат қойим бўлганида)
Яъни қабр ичидагилар тирилтирилганида, қабрлар ўз ичларида бўлганларни улоқтириб ташлаганида.
[5]. (ҳар бир) жон (дунёда) қилиб ўтган ва қолдирган (барча) нарсаларни (амалларини) билур!
Яъни ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган дастлабки амалдан бошлаб энг охирги қилган амалига қадарини билади. Қилган ишларидан ҳеч бири унга махфий қолмайди.
Муфассирлар орасида: «(Ҳар бир жон ўзи) олдинга сурган яхши ва кейинга қолдирган ёмон амалини ўша куни тезда би-либ олажак», - деб таъвил қилганлари ҳам бор.(Бу гапни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 557-бет. Икрима, Қатода ва Ибн Мунзир ҳам шу гапни айтган.)
Яна айрим муфассирлар шундай деб маъно берганлар: «(Ҳар бир) жон ўзи қилиб ўтган амалини, яъни ўзи нима амал қилганини ва қолдирган нарсасини, яъни ўзидан кейин қолдириб кетган ва ундан кейингилар ҳам унга амал қилган йўлини билади».(Бу гапни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Ибн Муборак «Зуҳд» китобида, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Абу Ҳотим ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 533-534 бетлар. Ибн Аббос ва Ато ҳам шундай гапни айтган.)
Муфассирлар зикр қилиб ўтган ушбу тафсирлар биз юқорида айтиб ўтган жумлалар - «ҳар бир жон ўзи қилиб ўтган дастлабки амалдан бошлаб энг охирги қилган амалига қадарини билади» деган таъвилнинг умумий маъносига дохил бўлиб кетади.
[6]. Эй инсон! Карамли Парвардигорингга нисбатан (ибодат қилма деб) сени алдаб қўйган нарса нима?!
(Оятдаги:) [би Роббика] [ъан Роббика] маъносида бўлиши эҳтимоли бор. Бинобарин, бу оятнинг таъвили: «Карамли Парвардигорингга нисбатан сени қайси нарса алдаб қўйдики, Унга алданиб қолдинг?» - бўлади. Инсоннинг ўз Рабби борасида алданиб қолиши Унга тоат ибодат қилишдан юз ўгиришидир. Қуръони Каримда [ъан] ҳарфи ўрнида [ал-бааъу] ҳарфи ишлатиладиган ўринлар ҳам бор. Аллоҳ таоло: [ъайнан яшробу биҳаа ъибаадуллоҳи](«Аллоҳнинг бандалари (жаннатда) ичадиган (бу) чашмани (ўзлари хохдаган жойдан) чиқариб (оқизиб) олурлар». (Инсон сураси, 6-оят).) деган.
Унинг маъноси: «Аллоҳнинг бандалари у чашмадан ичадилар», - деган мазмундадир. Ундан оғиз билан ичадилар ёки чашма улар учун бир идишга айлантириб қўйилади, деган маънода эмасдир.
Сўнгра Аллоҳ таолога алданиб қолган кишининг жавоби: «Карамли Парвардигорингга нисбатан (ибодат қилма деб) сени алдаб қўйган нарса нима?!» - оятидадир. У ҳам бўлса шуки, Аллоҳнинг карами инсонни маъсият қилишга чорлади. Чунки У бандаси гуноҳ қилган вақтида уни азоб билан ушламади. Унинг бандани афв этиши ёки қилган гуноҳининг жазосини кейинга (охиратга) суриши уни Аллоҳ таолога алданиб қолишга ундади. Чунки у ҳозиргидек доим афв этиламан, деган хаёлга бориб, яна гуноҳга қўл ураверди. Агар банда гуноҳ қилган заҳотиёқ унга азоб тушганида гуноҳга яқин йўламаган ва унга қўл урмаган бўлар эди. Бинобарин, банданинг (бу саволга) жавоби қуйидагичадир: «Мени ғафлатда қолиш ва алданишга ундаган нарса - Сенинг караминг ёки менинг аҳмоқлигимдир». Зотан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ана шу [я айюҳал инсаану маа ғоррока би Роббикал карим] оятини тиловат қилганларида: «Аҳмоқлик. Эй Раббим!»(Саид ибн Мансур, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мунзир раҳматуллоҳи алайҳим ривояти. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 534-бет.) дер эдилар.
Ёки «Карамли Парвардигорингга нисбатан (ибодат қилма деб) сени алдаб қўйган нарса нима?!» оятининг таъвили «(Мушриклар) бирор фаҳш иш крлсалар: «Ота-боболаримизни шу (одат) узра топганмиз, уни бизга Аллоҳ (Узи) буюрган», -дейдилар»(Аъроф сураси, 28-оят.) оятига асосан қуйидагича бўлиши мумкин: «Қайси нарса сени алдаб қўйдики, «Мени ота-боболаримга эргашишга Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган, деб Унга қарши даъво қилдинг ёки фаҳш ишларга қўл урганингда «Менга бу ишни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган», деб Унга қарши шоҳидлик бердинг?! Ахир сенга Элчи юборган эмасмидим?! Ахир сенга нимага буюрилганинг ва нимадан қайтарилганингни баён қилиб бериши учун китоблар нозил қилган эмасмидим?!»
Ривоятларда келишича, бу оят Калада ибн Усайд ҳақида нозил бўлган. Яъни у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни урган вақтида Аллоҳ таоло уни жазоламаган. Бу хабарни эшитган Ҳамзанинг ҳамияти қўзғаб, исломни қабул қилади. Шундан сўнг Калада яна бир марта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни уришга қасд қилганида «Эй инсон! (сен Аллоҳнинг Расулига қўл узатган вақтингда У сени ҳалок қилмагани учун) Карамли Парвардигорингга нисбатан сени алдаб қўйган нарса нима?!» ояти нозил бўлади. Аммо бу оят Калада ҳақида бўлган тақдирда ҳам бу хитобнинг маъноси барча одамлар учун бирдек дахлдордир. Яна ҳам Аллоҳ билувчироҳдир!
[7]. У сени яратиб, сўнг (барча аъзоларингни) тиклаб, сўш (қоматингни) рост қилиб қўйган Зот-ку!
Аллоҳ таоло бу гапни айтиш билан инсон шукр қилиши учун унга берган неъматларини танитмоқда. Шунингдек, бандалар Аллоҳдан қўрқсинлар ва Унга қарши чиқишдан эҳтиёт бўлсинлар учун Узининг қуввати ва мутлақ ҳукмронлигини зикр қиляпти. Зеро, У башариятнинг ақли етмайдиган ва ҳукми ўтмайдиган ўша учта зулматнинг(Муаллиф бу гапи билан ушбу оятга ишора қилаётган бўлса, ажаб эмас: «У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур». (Зумар сураси, 6-оят).) ичида инсонни яратишга қодирдир.
Яна инсонлар ўзларининг бекордан-бекорга яратилмаганликларини билсинлар учун Узининг ҳикмати ва илмини ҳам зикр қиляпти. Чунки ҳикмати ва илми халойиқлар билмайдиган жиҳатдан инсонни ўша учта зулматнинг ичида яратишига қодир Зот уни бекордан-бекорга яратган бўлиши мумкин эмас. Аксинча, У инсонларни баъзи ишларга буюриш, баъзи ишлардан қайтариш, уларга пайғамбарлар юбориш ва у пайғамбарларга китоблар нозил қилиш учун яратди. Шундай экан, улар ана шу айтилганларга эргашишлари лозим бўлади. Агар улардан юз ўгирадиган ва уларга эргашишни тарк қиладиган бўлсалар, Аллоҳ уларни иқобга олади.
Инсон аъзоларининг мутаносиб қилиб тикланиш жиҳатлари ҳақида «У яратган ва мутаносиб қилган Зотдир»(Аъло сураси, 2-оят.) оятининг таъвилида У инсонни ҳикмат тақозосидан келиб чиқиб ёки инсоннинг манфаатларига ярайдиган қилиб ёхуд Яратувчини танишга далолат қиладиган жиҳат билан ёки унга икки қўл, икки оёқ, қулоқ ва кўзни яратиш билан мутаносиб қилиб яратганини зикр қилиб ўтамиз.
Оятдаги [фаъадалака] калимаси - «Сени мутаносиб қилиб қўйди» маъносидадир. Мутаносиб қилиб яратиш жиҳати шундаки, Аллоҳ таоло инсоннинг икки қўлини баробар қилиб яратди. Бирини узун, бошқасини калта қилиб яратмади. Шунингдек, унинг икки оёғини ҳам худди шундай мутаносиб қилиб яратди.
[фаъадалака] лафзи ташдидсиз ва [фа ъадда-лака] деб ташдид билан қироат қилинган.
Абу Убайд: «Ташдидсиз [фаъадалака]нинг маъноси «сени эгиб қўйди», деганидир. Аммо бунинг ташдидсиз зикр қилинишида кўп ҳам ҳикмат йўқ. Мен уни ташдид билан ўқишни ихтиёр қиламан», деган.
Гап Абу Убайд айтганидек (яъни унинг ташдидсиз зикр қили-нишида ҳам ҳикмат йўқ) эмас. Аксинча, унинг (ташдидсиз) зикр қилинишида ундан бошқаси (ташдид билан)да зикр қилинган ажойиботлар бордир. Зеро, [ъадалака] калимаси «сени бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўзгартирди» маъносидадир. Унинг (ҳолатини) ўзгартиришнинг маъноси, яна ҳам Аллоҳ билувчироқ, инсон аслида, отанинг пуштикамаридаги ҳақир сув эди. Бас, Аллоҳ ўша сувни онанинг бачадонига ўтказди. Сўнгра уни нутфага, сўнг алақа (лахта қон)га, сўнг музғо (бир тишлам эт)га, сўнгра барча аъзолари мутаносиб бўлган бир яралмиш этиб, вужудга келтиргунича (унинг ҳолатини) ўзгартириб турди.
Ёки инсонни соғлик-саломатлик ҳолатидан хасталик ҳолатига, хасталик ҳолатидан тузалиш ҳолатига ўзгартириб турди, деган маънода бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда Аллоҳ таолонинг буни зикр қилишида аввалги оятда бўлгани каби Ўз неъматини, қудрати ва ҳикматини танитиб қўйиш бор бўлади. Бинобарин, бу оятда энг катта фойдалар мавжуд.
[8]. У сени Ўзи қайси суратни хоҳлаган бўлса (ўша суратда) таркиб топтирди-ку!
Баъзи муфассирлар бу ердаги [ма] ҳарфини (ўзидан кейинги жумлани олдингиси билан боғлайдиган) ортиқча боғловчи деб ҳисоблаганлар. Унинг маъноси: «У қайси суратни хоҳлаган бўлса, сени ўша суратда таркиб топтирди-ку!» дегани бўлади.
Баъзи муфассирлар бу ердаги [ма] ҳарфини [алла-зий] (қайсики) маъносида деб ҳисоблаганлар.
Сўнгра Аллоҳ таолонинг [шааъа роккабака] деган сўзи (таркиб топтиришдан) олдинги вақтларнинг ифодаси бўлиши эҳтимоли бор. У ҳам бўлса шуки, Аллоҳ таоло сени ҳайвонлар ва бошқа нарсаларнинг суратида эмас, балки ҳозирги суратингда таркиб топтиришни хоҳлади. У ҳолда Аллоҳ таолонинг буни зикр қилишида унинг шукрини қилсинлар деган мақсадда Ўзининг неъматлари ва атоларини эслатиб қўйиш бор. Эслатиб қўйишнинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло инсонни у рози бўладиган бир суратда яратдики, бу суратдан бошқа жавҳарлар кўринишида бўлишни орзу ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло инсонни яхшиликлар ва ёмонликларни, донишмандлик ва жоҳилликни биладиган, фойда билан зарарни фарқлай оладиган бир суратда яратди. У инсонни шундай бир суратда яратдики, Ўзи «Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва Ердаги нарсаларни беминнат хизматкор цилиб кўйди»(Луқмон сураси, 20-оят.) ва«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам крлиб ҳўйдик ва уларни курукригу денгизда (уловла) кўтардик»(Исро сураси, 70-оят.) деб айтганидек, осмонлар ва ерларни ҳамда ҳайвонларни унинг беминнат хизматкори қилиб қўйди. Уни бошқаларнинг хизматида қилиб қўймади. Демак, бу оятда бандалар Аллоҳга шукр қилсинлар ва Унга ҳамд айтсинлар деган мақсадда уларга Уз неъматларини эслатиб қўйиш борлиги ўз тасдиғини топди.
(Аллоҳ таолонинг [шааъа роккабака] деган сўзи) инсонни ҳозирги ҳолатида ҳам унинг ўзи жирканч деб ҳисоблайдиган суратлар ичидан Узи хоҳлаган бир суратда таркиб топтириш ва гунохдарга қўл урган жойида уни маймун ёки чўчқага айлантириб қўйиш ҳақида айтилган янги гап бўлиши ҳам мумкин. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг бу оятни зикр қилишида Ўзининг куч-қудратини эслатиб қўйиш бор бўлади. Токи одамлар Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис этсинлар ва Ундан қўрқиб, Унга осийлик қилишни тарк қилсинлар ҳамда Унга итоат қилишга шошилсинлар.
[9]. Йўқ! Балки сизлар жазо (куни)ни ёлғон дерсизлар.
Агар сиз бу оятдаги: [каллаа] калимасини танбеҳ бериш ва тийиб туриш маъносига йўядиган бўлсангиз, бу жумла ўзи-дан олдинги оятга ҳам, ўзидан кейинги оятга ҳам атф қилиниши (боғланиши) мумкин бўлади.
Шунингдек, уни [ҳаққон] маъносидаги қасамга йўйиб маъно берсангиз ҳам, юқоридаги ҳар икки ишга атф қилиш албатта тўғри бўлади.
Мазкур оятдаги: [бид-дийн] сўзидан ҳақ дин - ислом дини ирода қилинган бўлиши эҳтимоли бор. Аслида «дин» калимаси мутлақ (ҳеч қандай қайдларсиз) ишлатилганда ундан ҳақ дин, яъни ислом дини ирода қилинган бўлади.
Шунингдек, мутлақ ҳолда ишлатилган «Китоб» калимаси ҳам Аллоҳ таолонинг Китобидир.
Мазкур оятдаги: [бид-дийн] сўзидан қайта тирилиш
ва жазо куни ирода қилинган бўлиши ҳам жоиздир. (Қайта тирилиш ва жазо куни) биз юқорида айтиб ўтганимиздек, инсонлар ўзлари қилган амалларига яраша жазо олишлари учун ҳам [явмуд-дийн] деб номланди. Бундаги ҳикмат шуки, яна Аллоҳ билувчироқ, инсонлар Аллоҳ таолонинг ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси эканини эътироф этганлар. Уларнинг қиёмат кунини ёлғонга чиқаришлари эса, Унинг ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси эмас, балки нодонларнинг энг нодони деган хулосага олиб келади. Чунки бу дунёнинг охири фонийлик ва ҳалокатга юз тутишдир. Шунинг учун ҳам улар қайта тирилишни ёлғонга чиқарар эканлар, ўзларини фақат ҳалок бўлиш ва фонийликка юз тутиш учунгина йўкдан бор қилинганларини даъво қилган бўлиб чиқадилар. Зеро, ким бир бинони бунёд этса-ю, уни бунёд этишдан мақсади фақат уни бузиш ва вайрон қилиш бўладиган бўлса, демак, у бекордан бекорга иш қилувчи нодон экан. Бинобарин, инсонлар ҳам қайта тирилишни ёлғонга чиқаришлари билан Яратувчи зотнинг Ҳакимлигини инкор қилиш, Уни нодонликка чиқаришгагина эришган бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксакдир. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг «Биз осмону ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни беҳуда яратганимиз йўқ. Бу куфр келтирганларнинг гумонидир. Бас, куфр келтирганлар учун дўзах-(азоби)дан вой бўлсин!»(Сод сураси, 27-оят.) - деган сўзи сингаридир. Ваҳоланки, уларнинг ҳеч бирлари Ер ва осмон беҳудага яратилган деган хулосага олиб келадиган қилиб қайта тирилиш ва жазо кунини инкор этмас эдилар. Ана шунга асосан уларнинг қайта тирилишни инкор қилишлари Аллоҳ таолонинг ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси экани ҳақидаги гапни йўққа чиқариб, биз зикр қилиб ўтганимиздек, Уни нодонга чиқаришга олиб келади. Аллоҳ булар тавсиф этаётган сифатлардан пок ва аълодир.
[10]. Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор.
Улар ўзларининг устиларидаги (барча сўзлари ва ишларини) ёдлаб турадиган фаришталар борлигини билмас эдилар. Чунки уларни инсонлар кўрмас, улар ҳақидаги билимни эса фақатгина (пайғамбарлар олиб келган) хабарлар орқали олиш мумкин эди. Булар эса ўша хабарларни қабул қилмас, уларга ишонмас эдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло уларга «сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор», деб хабар бермоқда. Чунки уларни (ана шу фаришталар ҳақида билмасликка) ундаган нарса бу масалада чуқур ўйламаганлари ва фикр юритмаганларидир. Бинобарин, бу сўзда Аллоҳнинг кофирларни мулзам қиладиган ҳужжати бор. Шу ҳужжатни билмасликлари уларнинг ўзларини оқлашларига сабаб бўла олмайди. Чунки уларни ўз устиларида турган ёдлаб борувчи фаришталарни билмасликка ундаган нарса ўзларига инсоф қилмаганларидир. Йўқса, улар ўзларига инсоф қилганларида эди, уларнинг ана шу инсоф қилишлари уларни ҳақиқатни англаб етишга, ўз зиммаларида лозим бўлган ишларни билиб олишга эриштирган бўлар эди.
Қолаверса, биз юқорида айтиб ўтдикки, киши ўзининг тепасида уни кузатиб, қилган ишлари ва айтган сўзларини ёдлаб борадиган бирор киши бор бўлса, бу ҳолат уни ўзини назорат қилишга етаклайди. Оқибатда эса жазоланишига сабаб бўладиган ишларга қўл уришдан ўзини тийиб туради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло биз улардан ҳаё қилишимиз, уларни ранжитадиган ишларни қилмаслигимиз учун устимизда айтган сўзларимиз ва қилган ишларимизни ёдда тутиб борадиган фаришталар борлигини эслатиб, бизга танбеҳ бермокда. Улар билан улуғ зотларга муомала қилган каби муомалада бўлишимиз учун Аллоҳ таоло уларни: «(Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир», - дея улуғлик билан васф қилмоқда. Улуғ зотларнинг ҳурматини жойига қўйишимиз, уларга қарши чиқмаслигимиз ҳамда уларни ранжитадиган ишларга яқин йўламаслигимиз уларга муомала қилиш турларидан ҳисобланади.
[11]. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир.
Бу оятда [кироман] сўзининг зикр қилинишида бошқа бир фойда ҳам бор. Яъни улар Аллоҳ таолонинг наздида улуг ёзувчи зотлардир. Аллоҳ таолонинг наздида улуғ бўлган зот - бу тақво эгасидир. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг таҳводорингиздир»,(Ҳужурот сураси, 13-оят.) - деган. Бу ерда фаришталарнинг бирор нарсани қўшиб ёки камайтириб ёзмасликларига ишора бор. Жаброил алайҳиссаломни қувватли ва омонатдорлик билан васф қилишдаги фойдани зикр қилиб ўтганимиздек, улар инсонлар қилган амалларининг миқдорини ёзиб борадилар, холос.
[12]. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар.
Бу оятни икки хил тушуниш мумкин:
Биринчиси, Аллоҳ таоло уларга билдириб қўйгани туфайли устимиздаги ёзувчи фаришталар биз қилаётган ишларни бажаришимиздан олдин биладилар. Аллоҳ таолонинг бу нарсани уларга билдириб қўйиши уларнинг елкаларидаги ҳужжат бўлади ва улар ёзадиган нарса эса бир имтиҳон бўлиб, фаришталар у билан имтиҳон қилинадилар. Чунки Аллоҳ таоло айрим фаришталарга амалларни ёзиб бориш вазифасини, яна айримларига эса ёмғир ёғдириш вазифасини топшириб қўйган ва ҳоказо.
Иккинчиси, улар сиз бир ишни қилаётган вақтингизда шу амалингизнинг яхши ёки ёмон тарафларини билурлар. Негаки, яхши амалнинг ўзига хос белгилари бўлиб, фаришталар улар орқали амал эгасининг яхши амал қилмоқчи эканини билиб оладилар. Шунингдек, ёмон амалнинг ҳам ўзига хос белгилари бўлиб, фаришталар улар орқали уни ҳам билурлар.
Аллоҳ таоло кўриб-билиб, кузатиб турганини ҳис қилиб яшашни тарк қилишда мусулмонларнинг ҳар хил баҳоналар билан ўзларини оқлашлари қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчи кимсаларнинг ўзларини оқлашларидан камрокдир. Чунки мусулмонлар ўз елкаларида қилган амалларини ёдда тутиб, ёзиб борадиган фаришталар борлигини биладилар. Аммо шунга қарамасдан (ёмон амаллар) қиладилар, елкаларидаги фаришталарга улуғ зотларга муомала қилгандек муомала қилмайдилар. Ҳушёрлик ва мулоҳазалиликни тарк қиладилар. Кофирлар эса ўз елкаларида шундай фаришталар борлигини инкор этадилар. Ана шундай аҳволда бўлган кишининг бу каби ишларга эътиборсиз бўлишлари ақлга тўғри келмайдиган иш эмас.
[13]. Албатта, яхшилар (мўминлар) неъмат (жаннат)дадирлар.
[14]. Фожирлар (кофирлар) эса дўзахдадирлар.
Дарҳақиқат, яхши инсон - ўзидан сўралган нарсани сўрагув-чига берган кишидир. Ундан сўралган нарса эса Аллоҳ таоло: «Юзларингизни Машриқ ва Магриб томонларига буришингиз (ибодат цилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга... ва айнанўшалар тақводордирлар»(Бақара сураси, 177-оят.) оятида санаб ўтган ишлардир, деб айтиб ўтган эдик.(Бақара сураси 177-оятининг тафсирида айтиб ўтилган гапларга ишора қилинмокда.)
Ушбу оятда эса бизнинг: [ал-бирру] калимаси [ат-тақваа] калимасисиз зикр қилинса, тақводан ирода қилинган маънони тақозо қилади, деган гапимизга далолат бор. Чунки Аллоҳ таоло яхшилик бу - Аллоҳ таолога, охират кунига имон келтиришдир, деб хабар берган. Кейин эса ана шуларнинг ўртасини ўзида мужассам қилган кишини «тақводор» деб зикр қилган.
Мўътазилийлар ўзларининг гуноҳи кабира қилган киши дўзахда абадий қолади, деган қарашларига: «Фожирлар эса дў-захдадирлар. Улар унда жазо кунида куйгайлар. Ундан (дўзахдан) гойиб бўлувчи (қутулувчи) эмасдирлар»(Шу суранинг 14-17-оятлари.) оятларини далил-ҳужжат қилиб келтирадилар. Чунки гуноҳи кабира қилган одам фожирдир. Аллоҳ таоло: «Фожирлар эса дўзахдадирлар», - деб сифатлаб қўйган. Шундай экан, у дўзахдан ғойиб бўлмайди(яъни қутулмайди), дейдилар. Яна: «(Гуноҳи кабира қилган) ана шу фожир «балки Аллоҳга, охират кунига...» оятида санаб ўтилган шартларни бажармас экан, «Албатта, яхшилар (мўминлар жаннат) неъматлари ичрадирлар»(Мутоффифин сураси, 22-оят.) оятига дохил бўлмайди», деб даъво қиладилар.
Биздаги асл қоида шуки, ваъданинг муқобилида тилга олиб ўтилган ҳар қандай таҳдид (ваъид) қиёмат кунини инкор этув-чилар ҳақидадир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг «Йўқ! Албатта, фожирларнинг (кофирларнинг) номаи аъмоллари «Сижжин»да бўлур... У кунда инкор этувчилар уолига вой!»(Мутоффифин сураси, 7-10-оятлар.) оятларида («фожирлар»ни) баён қилаётиб, уларни «инкор этувчилар» деб зикр қилганидир.
Аллоҳ таоло яна шундай деган: «Юзларини ўт куйдиргач, улар у ерда бадбашара бўлиб қолувчидирлар. (Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат қилинганида, сизлар уларни ёлгонга йўйган эмасмидингиз?!» (дейилганида)».(Муъминун сураси, 104-105-оятлар.) Шундай экан, гуноҳи кабира қилган киши дўзахда абадий қолади деб қатъий ҳукм қилиш жоиз бўлмайди. Аксинча, улар тўғрисида ҳукм чиқаришда сукут сақланади деб айтиш лозим бўлади.
Сўнгра Аллоҳ таоло дўзах аҳли учун қиёмат кунида ўзларига хос аломат-белгилар яратиб қўйганки, улар ўша белгилар орқали танилиб турадилар ва уларнинг дўзах ахдидан эканликлари очиқ-ойдин намоён бўлади. Аммо саодат аҳлларида бу белгилардан бирортасини ҳам яратиб қўймаган.
Уша белгилардан биринчиси, Аллоҳ таолонинг «Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (циёматни) эсланг»,(Оли Имрон сураси, 106-оят.) - деган оятига биноан дўзах аҳлларининг юзлари қорайишидир. Иккинчи белгиси, номаи аъмолларининг чап ёки орқа томонларидан берилишидир. Жаннат аҳлининг номаи аъмоллари уларнинг ўнг тарафларидан берилади. Учинчи белгиси эса уларнинг амал тарозулари енгил келиши ва ҳақ эгалари (мўминлар)нинг тарозулари оғир келишидир. Демак, ана шулар бадбахтларнинг аломат-белгиларидир.
Аллоҳ таоло юзларнинг қорайишини зикр қилган ўринда унга (дўзах аҳлларининг қиёмат кунини) инкор қилишларини ҳам қўшиб зикр қилган. Бунинг далили ушбу оятдир: «юзи ҳорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): «Имон келтиргандан кейиняна куфрга ҳайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг энди!»(Оли Имрон сураси, 106-оят.)
Номаи аъмоллари чап ёки орқа томонларидан берилиши зикр қилинган ўринларда эса: «Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солингиз! Чунки у (дунёдалик пайтида) Улуг Аллоҳга имон келтирмас эди»,(Ал-Ҳаққо сураси, 32-33-оятлар.) - деган.
Бошқа оятда: «Аммо кимнинг номаи аъмоли орҳа томонидан берилса... ўзини ҳеч ҳачон (Парвардигор ҳузурига) ҳайтмасман деб ўйлар эди. Йўқ!»(Иншиқоқ сураси, 10-15-оятлар.) деган.
Аллоҳ таоло амал тарозуси енгил келадиганларни зикр қилар экан, шундай дейди: (Уларга): «Сизларга менинг оятларим тиловат ҳилинганида, сизлар уларни ёлгонга йўйган эмасмидингиз?!» (дейилганида)».(Муъминун сураси, 104-105-оятлар.)
Аллоҳ таоло бахтсиз инсонларнинг мана шу белгиларидан бирортасини зикр қилаётиб, қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчилардан бошқасини зикр қилмади. Бинобарин, шу нарса ўз тасдиғини топдики, ҳеч бир қайдларсиз келган тахдид қиёмат кунини ёлғонга чиқарувчилар ҳақидадир, бошқалар ҳақида эмас. Шунинг учун ҳам иқобга олиниши лозим деб ҳисоблаш ва дўзахда абадий қолади, деб ҳукм қилишда гуноҳи кабира қилган мўмин-ларни қайта тирилишни инкор қилувчиларга шерик қилишимиз мумкин эмас. Аксинча, уларнинг ҳолатлари борасида сукут сақлаш, уларнинг ишларини кейинга қолдириш вожибдир.
Иккинчидан, Аллоҳ таоло (Қуръони Каримда) Ўзига имон келтириш зикр қилинган ўринларда мўминларнинг энг паст
даражаларини зикр қилади ва унинг эвазига жаннатни ваъда қилиб: «Аллоҳга ва Унинг пайгамбарларига имон келтирган зотлар - ана ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқларнинг ўзидирлар»,(Ҳадид сураси, 19-оят.) - дейди. Бошқа бир ўринда: «(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган магфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг найгамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!»(Ҳадид сураси, 21-оят.) - дейди. Яна бир оятда эса: «Аллоҳ ва пайгамбарларига имон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб кўймаган зотларга эса...»,(Нисо сураси, 152-оят.) - дейди. Биз ўқиб ўтган мазкур оятларда Аллоҳ таоло мўминларнинг энг паст даражаларини зикр қилмоқда. Булардан бошқа ўринларда эса мўминларнинг энг олий даражаларини зикр қилиб ўтади ва унинг эвазига жаннатни ваъда қилиб шундай дейди: «Фаҳат имон келтирган ва яхши амаллар ҳилган, бир-бирларига Ҳаҳ (йўли) ни тавсия этган...».(Аср сураси, 3-оят.) Яна: «... балки Аллоҳга ва охират кунига... ишонганларгина яхши кишилардир».(Бақара сураси, 177-оят.)
Шундай экан, Аллоҳ таоло буларнинг барчасини имоннинг шарти қилиб белгилаш йўли билан эмас, балки муболаға йўли билан зикр қилган бўлиши мумкиндир. Бинобарин, бошқа оятларда зикр қилиб ўтилганига кўра, имоннинг энг паст даражаси учун ҳам жаннат(га киритиш ҳақидаги) ваъда вожиб бўлади, деб ҳукм қилиш лозим бўлади.
(Жаннатга киришнинг) барча шартлари Аллоҳ ва Расулига имон келтириш зикр қилинган ўринларда мазмунан айтиб ўтилган бўлиши, сўзни қисқа қилиш юзасидан уларнинг айримлари зикр қилинган бўлиши ҳам мумкин. Хабарингиз бор, Аллоҳ таоло баъзи ўринларда куфрни зикр қилади ва унинг учун дўзах билан таҳдид қилади. Яна баъзи ўринларда эса куфрни бошқа бир сабаблар билан бирга зикр қилади ва унинг ортидан дўзах билан таҳдид қилиб шундай дейди: «Аллоҳнинг оятларини инкор крладиган, пайгамбарларни ноҳацўлдирадиган...».(Оли Имрон сураси, 21 -оят.) Бошқа бир ўринда шундай дейди: «Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўкргувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик».(Муддассир сураси, 43-44 оятлар.)
Сўнгра куфр билан бирга зикр қилинган гунохдарнинг барчаси (дўзахда абадий қолиш учун) шартга айланмади. Балки айнан куфрнинг ўзи билан чекланиб қолган кишилар ҳақида ҳам улар дўзахда абадий қоладилар, деб ҳукм қилиш вожиб бўлди. Шу билан ўз тасдиғини топдики, муболағани зикр қилишда уни шарт қилиб қўйишга ҳеч қандай далолат йўқдир. Аксинча, муболаға бўлмаса ҳам (дўзахда абадий қолиш ҳақидаги) таҳдид вожиб ҳисобланиши ҳам жоиздир. Худди ана шулар туфайли ҳам гуноҳи кабира қилганлар ҳақида улар дўзахда абадий қоладилар, деб ҳам, улар жаннатга киришлари вожиб ҳисобланади, деб ҳам қатъий ҳукм қилинмади. Балки уларнинг оқибатлари ҳақидаги ҳукм кейинга қолдирилди (яъни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилинди).
[15]. Улар унда жазо кунида куйгайлар.
[16]. Ундан (дўзахдан) ғойиб бўлувчи (қутулувчи) эмасдирлар.
Баъзи муфассирлар: «Бу оятни дўзах ахдига ҳам, жаннат аҳлига ҳам буриб таъвил қилинади. Бинобарин, жаннат аҳли жаннатдан ғойиб бўлмайдилар. Дўзах ахди ҳам дўзахдан ғойиб бўлмайдилар (қутулмайдилар)», - деганлар.
Яна баъзилари эса: «Бу оят билан айнан дўзах аҳлининг дўзахдан қутулмасликлари ирода қилинган», - деганлар.
Баъзи одамлар дўзах аҳлининг дўзахда, жаннат аҳлининг жаннатда абадий қолишларини инкор этадилар ва шундай фикрларни илгари сурадилар: «Агар жаннат неъматлари ҳам битмас-туганмас, охират азоби ҳам сўнгсиз-ниҳоясиз бўладиган бўлса, Аллоҳ таолонинг Аввал ва Охир деган сифатлари Ундан кўтарилади. Чунки жаннат ва дўзах боқий қолгани эътиборидан Аллоҳ таолонинг Ўзигина Охир бўлиб қолмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ: «Аввал ҳам, охир ҳам... Унинг Узидир»,(Ҳадид сураси, 3-оят.) деган. Шундай бўлгач, Аллоҳ таолони Охир деб сифатлаш тўғри бўлиши учун ҳам жаннат ва дўзахнинг ниҳояси бўлиши лозим. Чунки жаннат ва дўзахни уларнинг ниҳояси бор, деб сифатланмайдиган бўлса, Аллоҳ таолонинг илми уларнинг ниҳоясини қамраб олмаган (яъни У бехабар) бўлиб чиқади. Натижада, уларнинг ниҳояси Аллоҳнинг илмидан ташқарида қолган бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло барча нарсаларни Ўз илми билан қамраб олгувчи, уларнинг ибтидоларини ҳам, ниҳояларини ҳам билгувчи Зотдир. Бинобарин, жаннат ва дўзахнинг ниҳояси бор, улар йўқ бўлиб кетади деб ҳукм қилиш лозим. Токи Аллоҳнинг илми бу иккисини ҳам қамраб олсин. Чунки жаннат аҳли бу мукофотга ўз амаллари сабабли, дўзах аҳли эса бу азобга ўз гуноҳлари сабабли сазовор бўлганлар. Шундай экан, улар қилган гуноҳларнинг ниҳояси ва жаннат аҳллари қилган яхшиликларнинг ҳам ниҳояси бор эканми, худди шу сингари улар оладиган жазонинг ҳам ниҳояси бўлиши лозим бўлади».
Биздаги асл қоида шуки, бирор мазҳабга эътиқод қилган ҳар бир киши ҳаёти давомида доимий тарзда ўша мазҳаб асосида ибодат қилиши учун унга эътиқод қилади. (Қачонлардир) уни тарк қилиш учун эмас. Қолаверса, (дўзахдаги) азоб куфрнинг жазоси қилиб белгиланган, савоб эса кишининг ҳалокатига сабаб бўладиган ишлардан сақланганлик учун мукофот қилиб белгиланган. Бунинг далили қуйидаги ояти карималардир: «Ва кофирлар учун тайёрлаб кўйилган дўзахдан қурқингиз!»(Оли Имрон сураси, 131-оят.) Яна: «Ва Парвардигорингиз томонидан бўлгувчи магфиратга ҳамда тацводорлар учун тайёрлаб қўйилган (эни осмонлар ва ер баро-барида бўлган) жаннатга шошилингиз!»(Оли Имрон сураси, 133-оят.)
Жаннат ва дўзахдан ҳар бири ўз аҳлининг қилган эътиқодлари учун жазо экани, эътиқод доимийлик учун экани ўз тасдиғини топган экан, худди шу сингари унинг жазоси ҳам абадий ва доимий бўлади, завол топмайди ҳам, тугамайди ҳам.
Иккинчидан, неъмат берилган кишилар ўзларига берилган неъматларнинг завол топишини билсалар, ғам-ғуссага тушиб қоладилар. Улардан лаззатланиш ўрнига алам чекадилар. Берилган соф неъматлари булғанади. Агар ҳолат ана шунақа бўладиган бўлса, уларга берилган неъматлар тўкис бўлмай қолади. Дўзах аҳли дўзах азобидан халос бўлишларини эсга оладиган бўлсалар, ундан (шу эслашларидан) лаззат ҳиссини туядилар, тортаётган азоблари ҳам енгиллашади. Шундай экан, жаннат аҳлига берилган неъматлар ва дўзах аҳлига берилган азоблар тўкис бўлиши учун ҳам улар абадий қоладилар, деб ҳукм қилиш вожибдир.
Юқорида ўтган «Аллоҳ таолонинг «Охир» деган васфи Ундан кўтарилади», деб айтилган гапга жавоб шуки, Аллоҳ таоло авваллик ҳамда охирлик васфларига ўз зоти билан муносиб бўлган, бошқаси сабабидан эмас. Ундан бошқалар эса ўзидан бошқаси туфайли аввалга ва охирга айланади. Қолаверса, ҳамма нарсанинг аввали ва охири бор. Шундай бўлса-да, бу нарса ундаги авваллик ва охирликни йўққа чиқармайди.
«Агар улар (яъни жаннат аҳли жаннатда ва дўзах аҳли дўзахда) абадий қоладилар, деб ҳукм қилиш вожиб бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло барча нарсаларни ўз илми билан қамраб олиш васфи билан сифатланмай қолади», деган гапга биз шундай деймиз: «Ниҳояси йўқ нарса ҳақидаги илм - уни ниҳоясиз деб билишдир. Ниҳояси йўқ нарсани унинг ниҳояси бор деб билиш илмни эмас, илмсизликни келтириб чиқаради».
Юқоридаги гапнинг учинчи бўлагида айтилганларга жавоб юқорида айтиб ўтганимиз, яъни киши мазҳабга доимийлик юзасидан эътиқод қилади, шу сингари у эътиқоднинг жазоси ҳам абадийлашади, ниҳоясига етмайди, деган гапимиздир.
[17]. (Эй Муҳаммад!) Жазо куни нима эканини Сизга не ҳам англатур?!
[18]. Сўнгра (яна) жазо куни нима эканини Сизга не ҳам англатур?!
Бу оят ҳақида баъзи муфассирлар: «Албатта, Сиз (жазо куни нима эканини) билмас эдингиз. Бас, Сизга уни Аллоҳ таоло билдирди». «Билмайдиган нарсангизни Аллоҳ таоло Сизга билдириб қўйди», - деганлар.
Яна айримлари эса: «Аллоҳ таоло бу гапни ўша кунни улуғлаш ва ундан қўрқитиб қўйиш мақсадида такрорламоқда», - деганлар.(Бу гапни Қатода раҳматуллоҳи алайхдан Ибн Жарир ривоят қилган. Ибн Жарир. «Жомиъул баён ан таъвили ойил Қуръон», 36-жилд, 573-бет. Қатода раҳ-матуллоҳи алайхдан яна Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Мунзир ҳам ривоят қилган. Суютий. «Ад-дур ал-мансур», 6-жилд, 535-бет.)
[19]. У кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жон учун бирор нарса қилишга (ёрдамга) эга бўлмас! У куни барча иш Аллоҳга (ҳавола қилинувчи) дир.
Агар бир киши: «Аллоҳ таоло қандай қилиб: «У кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жон учун бирор нарса қилишга (ёрдамга) эга бўлмас!» - демоқда. Ҳолбуки, ўша кун - унда шафоатлар жорий бўладиган кун бўлгани боис пайғамбарлар кўплаб халойиқларни шафоат қиладилар ва уларнинг шафоатлари қабул қилинади. Агар шундай бўлса, бу дегани ҳеч бир жон бошқа бир жон учун бирор нарсага эга бўлиш деганику?» дейдиган бўлса, (бу оятни тушунишда) мушкуллик пайдо бўлади. Аммо бу оятни уч хил кўринишда таъвил қилиш мумкин.
Биринчиси, ҳаётнинг оғир кунларида бир-бирларига ёрдамчи бўлишлари учун кофирлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлганлар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «У кунда ҳеч бир жон (бошқа) бир жон учун бирор нарса қилишга (ёрдамга) эга бўлмас!» - демокда.
У яна шундай деган: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-огайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни кўйиб, бутларни ушладинглар. Ҳали қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзахдир. (У жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир».(Анкабут сураси, 25-оят.)
Иккинчиси, Аллоҳ таоло: «Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон Зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур»,(Набаъ сураси, 38-оят.) - деб қўйганидек, қиёмат кунида ҳеч бир жон бошқа бир жон учун бирор нарсага эга бўлмайди. Фақат унга изн берилганидан кейингина эга бўлади. Ҳолбуки, бу дунёда ҳеч кимдан изн сўрамай туриб ҳам шафоатчилик қилса бўлиши мумкин.
Учинчиси, бу оятнинг маъноси шундай бўлиши мумкин: ҳар бир жон ўзи бирор нарсага эга бўлмаслиги, фақат (Аллоҳ таоло тарафидан) эгалик қилиб қўйилганидан кейингина эга бўлиши унга ўша кунда аниқ ва равшан бўлади.
«У куни барча иш Аллоҳга (уавола қилинувчи)дир». Яъни қиёмат куни иш борасида Аллоҳ таолога қарши борилмайди, ишлар ҳамма вақт Аллоҳ таолонинг ҳукмида бўлади. Бироқ бу дунёда золимлар Унга қарши чиқадилар.
Еки «Укуни барчаиш Аллоҳга (хавола ҳилинувчи)дир», яъни ҳар кимга ўша кунги (қиёмат кунидаги) ва ўша кундан олдинги барча иш Аллоҳ таолога ҳавола қилиниши ўша куни ойдинла-шади. Мадад сўралгувчи Зот ёлгиз Аллоҳдир!