Маккада нозил бўлган. 6 оятдан иборат.
Ушбу сураи каримага ҳам унинг бирини оятидаги «Кофирун» сўзи ном бўлиб қолгандир. «Кофирун»–«кофирлар» деганидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу сурада «Эй кофирлар!», деб мурожаат қилишни амр қилганидир.
«Кофирун» сураси Маккий суралардан бўлиб, уни тавҳид, ширкдан покланиш сураси, деб ҳам васф қилинади.
Ривоятларда келишича, бир гуруҳ Қурайш кофирлари Пайғамбаримизга:
«Келишайлик, биз сенинг динингга эргашайлик, сен ҳам бизнинг динга эргаш, биз сенинг илоҳингга бир йил ибодат қиламиз. Сен бизнинг илоҳимизга бир йил ибодат қиласан», дейишди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ сақласин: мен У зотга ҳеч ширк келтирмайман», дедилар. Кофирлар:
«Бизнинг баъзи бутларимизни тавоф қилгин (сиғин), биз сенинг илоҳингга ибодат қиламиз», деганларида ушбу сура нозил бўлган экан.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Айт: «Эй кофирлар...
Аллоҳ таоло ушбу сурада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга «Айт!» деб хитоб қилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, Аллоҳ нима деган бўлса шуни, ҳатто «айт» деганини ҳам такрорламоқдалар. Шундан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шанлари қанчалик улуғ бўлса ҳам, Қуръони Каримнинг бирор ҳарфига ҳам дахллари йўқлиги келиб чиқади.
Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки даврида, мусулмонлар оз ва заиф бўлган пайтда, кофирлар қувватли ва кучли, мусулмонларга зулм ўтказиб турган бир пайтда, Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирларга, «Эй кофирлар!», деб мурожаат қилишни амр қилмоқда. Бу тасарруф кофирларнинг жаҳлларини чиқариши аниқ, улар ёмонлик қилиши ҳам аниқ, лекин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бу ишни қилишга амр этиш эҳтиётсизлик эмасми? Йўқ, эҳтиётсизлик эмас. Балки, мўъжизадир. Яъни, у зот Аллоҳ томонидан қўрилган эканликларининг, ҳеч ким зарар етказа олмаслигининг далилидир.
Ушбу сураи карима нозил бўлганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромга бордилар. Қурайш зодагонлари тўпланиб ўтиришган жойга бориб, уларга сурани қироат қилиб бердилар. Ана шундан кейин кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва саҳобаларга озор беришни янада кучайтирдилар.
2. Мен сиз ибодат қилган нарсаларга ибодат қилмасман.
Яъни, эй кофирлар, мен сиз ибодат қилаётган буту санамларга ибодат қилмайман.
3. Ва сизлар ҳам мен ибодат қиладиган нарсага ибодат қилувчимассиз.
4. Ва мен сиз ибодат қилган нарсага ибодат қилувчимасман.
5. Ва сиз ҳам мен ибодат қиладиган расага ибодат қилувчимассиз.
Сураи каримадаги ибодат лафзининг такрорланиши таъкид учун, дейди баъзи уламоларимиз. Бошқалари эса аввалгиси, ҳозирги ибодат, кейингиси келажакдаги ибодатни билдиради, дерлар.
6. Сизга ўз динингиз, Менга ўз диним.
Бу сурада Ислом эълон қилган ақида эркинлиги ўз аксини топган. 1400 йил аввал эълон қилинган бу ҳуррият оёқ ости қилинганда, инсоният улкан зарарлар тортди.
Имом Табароний Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда «Кофируун» сураси Қуръоннинг тўртдан бирига тенг келади, дейилган.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса, Пайғамбар алайҳиссалом шу сурани ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни Каъбанинг тавофидан кейиинги ўқиладиган икки ракъат намозда ўқиганлари айтилади.
Абу Ҳурайра розиайллоҳу анҳу ривоятларида эса, Бомдоднинг икки ракаат суннатида худди шу икки сурани тиловат қилганликлари айтилади.
Ҳорис ибн Жабала розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ё Аллоҳнинг Расули, менга ухлашдан олдин ўқийдиган бирор нарса ўргатиб қўйинг», деб илтимос қилибдилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Кечаси жойингга ётсанг, «Қул яа айюҳал кафируун» сурасини ўқигин, чунки у ширкдан сақлайди», деган эканлар.